Ҳайнрих Бёлл. Мен оддий немисман (Нобель маърузаси)

Генрих Бёлл Нобель мукофотини топшириш маросимида. 1972 йил

Қирол ҳазрати олийлари, хонимлар ва жаноблар! Германияга ташрифингиз давомида биз униб-ўсган, яшаётган фонийлик қатламларига маърифатли нигоҳ ташлашга мушарраф бўлдингиз. Бу замин ҳаловат нелигин сира билмади. Рейн бўйидаги кўпларнинг орзуманди бўлмиш бу замин не-не ҳукмдорларни кўрмади, қанчадан-қанча — мустамлакачилик, маҳаллий, ҳудудий, диний, жаҳон урушларидан омон чиқмади, дейсиз. Қандайин қирғинлар, сургунларни бошидан ўтказмади-я…

Сирасини айтганда, «d» ҳарфидан қониқмаганлар, унинг ўрнига «t» ҳарфини маъқул кўрганлар «Teutsche»ни[1] намойиш этишди. Зўравонлик, вайронгарчилик, дарду изтироб ва тушунмовчилик — мана шулар ўткинчи дунёдан замонавий омонат дунёга қадам қўяётган одамнинг йўлида ётади.

На вайроналар, на кўчкилар, на Шарққа ва на Ғарбга силжиш фаровонликдан сўнг кутиш мумкин бўлган натижа — тинчликни бермади, бундан кўриниб турибдики, қандай бўлсак, шундайлигимизча, ўзлигимизча қолишимизга: кимларнингдир назарида ўта ғарбона, бошқаларнинг назарида эса етарлича ғарбона эмаслигимизга имкон беришмади.

Ҳали-ҳамон «Teutsche»ни намойиш этишга мойил немислар орасида гўёки «ғарблик» ва «немисча» бирикмалари миллатнинг гумроҳлиги, деган шубҳа-гумонга борадиганлар учраб туради. Аслида шубҳа-гумонга ўрин йўқ; агар бу ўлканинг юраги бўлса, у Рейн оқадиган ерда жойлашгандир.

Болалигимда мактабда уруш барча ҳодисаларнинг онаси, деган ёмон гап эшитгандим; бир вақтнинг ўзида ҳам мактабда, ҳам черковда эшитгандимки, мўмин-қобиллар, маъсумлар, хуллас, зўравонликни рад этувчилар заминнинг меросхўрлари бўлиб қолади. Умрининг сўнгига қадар инсоният кимларгадир само ва заминни, яна бошқа бировга эса самонигина ваъда қиладиган ўта мудҳиш зиддиятдан қутулолмайди. Урушдан икки қўлини бурнига тиқиб қайтган миллионлаб одамлар сингари мен учун ҳам бу олис йўл бўлди, ўша миллионлардан такрор ва такрор ёзишга иштиёқ туфайлигина ажралиб турдим. Ўша иштиёқ мени шу ергача олиб келди. Агар камина узоқ вақт дарбадарликда, қувғиндан ажалга чап бериб, юрагида харсангтош билан эсон-омон юртига қайтиб келган йигитни писанд қилмай унга ўгирилиб қарамасам, бу ерда турганимга сира-сира ишонмайин.

Мен учун Тинчлик — на хотира ва на мол-давлат, у шунчаки сўз; Республика ҳам — ажнабий сўз эмас, яксон қилинган хотиралардир. Ёт-бегоналик занжирларини узиб халоскорга айланган чет эллик ёзувчиларга шу ердан туриб миннатдорчилик билдиришим керак. Қолаверса, немис дўстларим ва танқидчиларга қайта-қайта мададлари учун мени тетикликдан маҳрум қилмоқчи бўлганларга-да ташаккур айтмоқчийдим, негаки кўп нарса урушсиз ҳал бўлса-да, аммо, менинг назаримда, қарама-қаршиликсиз амалга ошмайди.

Йигирма етти йил. Бу нафақат муаллиф, балки унинг ватандошлари учун ҳам узоқ муддат… Шу ерда туриб, ички ҳаяжон билан бир замонлар бемаъни тасаввурларга кўра немис ҳисобланмаган немис ўтмишдошларимни эслайман. Мўъжиза туфайли ўлимдан омон қолиб, Сельма Лагерлёф қутқариб олган Нелли Закс, бадарға қилинган ва фуқароликдан мосуво этилган Томас Манн, ўз юртидан бош олиб кетган Герман Гессе.

Мен дунёга келишимдан беш йил, бундан олтмиш йил илгари бу ерда Германияда вафот этган адабиёт бўйича сўнгги немис лауреати — Герҳарт Гауптман турганди. У умрининг сўнгги йилларини, агар баъзи бир вазиятларни ҳисобга олмасак, Германияда, ўзининг жойи бўлмаган Германияда ўтказди. Камина эса у ёки бу эмас, оддий немисман; шахсимни исботлайдиган ҳужжат эса, бу ўзим ёзадиган тилдир. Бундан кўксим фахрга тўлиб қувонаман. Швеция академиясига, Аъло Ҳазратларига ва Швецияга нафақат каминага, балки ўз фикримни ифода этадиган тилга ҳамда мен фуқароси бўлган мамлакатга кўрсатган ҳурмат-эътибори учун миннатдорчилик билдираман.

1972 йил 10 декабрь.

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси

________________________

[1] «Teutsche» — «Deutsche» — бу ерда ёзувчи немис миллатчиларининг қадим замонларда «d» ўрнига «t» ишлатилган деган даъволарини назарда тутмоқда.