Қ А Т Н А Ш У В Ч И Л А Р:
Э л е н е А л в и н г х о н и м — капитан ва камергер Алвингнинг беваси.
О с в а л ь д А л в и н г — унинг ўғли, рассом.
П а с т о р М а н д е р с.
Д у р а д г о р Э н г с т р а н.
Р е г и н а Э н г с т р а н — Алвинг хоним уйида яшовчи қиз.
Воқеа Ғарбий Норвегиядаги улкан кўрфаз соҳилида жойлашган Алвинг хонимнинг чорбоғида ўтади.
БИРИНЧИ КЎРИНИШ
Боққа қараган бағри кенг хона: чап деворда бир, ўнг деворда икки эшик. Хона ўртасида атрофига стуллар қўйилган давра стол. Стол устида китоб, журнал ва газеталар. Олдинда дераза, унинг ёнида диван ва аёллар иш столи. Хона ичкариси мўъжаз ойнабанд гулшан. Гулшан деворининг ўнгида боққа чиқадиган эшик. Ойнабанд девордан эзиб ёғаётган ёмғирда сўник манзара кўзга чалинади.
Боғ эшиги олдида дурадгор Энгстран кўринади. Чап оёғи ногирон. Этигининг тагчарми устидан қалин ёғоч капаки қоқилган. Қўлида бўш лейка кўтариб олган Регина унинг йўлини тўсди.
Ре г и н а (овозини пасайтириб). Сизга нима керак? Турган жойингизда тек туринг. Ҳаммаёғингиз шалаббо.
Э н г с т р а н. Худонинг об-раҳмати бу, қизим.
Р е г и н а. Худомас, шайтон юборган, шайтонники!
Э н г с т р а н. Ё парвардигор, нималар деяётибсан, Регина? (Каловланиб бир неча қадам олдинга юради.) Мана, мен сенга нима демоқчи эдим…
Р е г и н а. Қадамингизни бунақа тўқиллатиб қўйманг! Тепада бойвачча ухлаётибди.
Э н г с т р а н. Ухлаётибди? Куппа-кундузи-я?
Р е г и н а. Бунинг сизга дахли йўқ.
Э н г с т р а н. Мен кеча кечқурун айш-ишрат қилдим…
Р е г и н а. Ишонса бўлади.
Э н г с т р а н. Ҳа-да. Инсоннинг мўрт жойи шунда, қизим…
Р е г и н а. Нима ҳам дейиш мумкин?
Э н г с т р а н. Биласанми, дунёда одамни йўлдан урадиган нарсалар кўп!.. Лекин шундай бўлса ҳам, мен шу бугун соат беш яримда тангрим буюргандай ўрнимдан “дик” этиб туриб, ишга тушиб кетдим.
Р е г и н а. Ҳа, бўпти. Қани, тезроқ жўнанг. Сиз билан бунда “борди-келди” қилгим йўқ.
Э н г с т р а н. Нима қилгинг йўқ?
Р е г и н а. Бирор киши сизни бунда кўрмаса, дейман. Қани, йўлингиздан қолманг, туёғингизни шиқиллатинг.
Э н г с т р а н (яна унга яқинлашиб). Ҳа, йўқ, сен билан масалани ҳал қилмасдан туриб, кетиб бўпман! Тушдан кейин, билдингми, шу ердан пастликда мактабдан олган ишни битириб, кечаси уйга жўнайман, шаҳарга, пароходда…
Р е г и н а (кесатиб). Оқ йўл!
Э н г с т р а н. Барака топ, қизим! Эртага бу уйнинг эшиги очилади, демак, ичкиликсиз иш битмаслиги аниқ. Тағин, Якоб Энгстран ҳақида уни бирор киши кайф-сафога муккасидан кетган, деб гапириб юрмасин.
Р е г и н а. Аҳ-ҳа!
Э н г с т р а н. Ҳа, инчунун, эрта бу ёққа озмунча серсавлат жаноблар келадими, тумонат одам йиғилади. Пастор Мандерснинг ҳам шаҳардан келишини кутадилар.
Р е г и н а. У шу бугун етиб келади.
Э н г с т р а н. Ҳа, балли! Жин урсин, менинг ҳақимда у ҳалигидай, майда-чуйда гап қилишини хоҳламайман. Тушундингми?
Р е г и н а. Бундоқ денг.
Э н г с т р а н. Нима?
Р е г и н а (тик қараб). Бу нимаси, пастор Мандерсга тағин қанақа тихирлик қилмоқчисиз?
Э н г с т р а н. Тсс… тсс… эсингни едингми? Нега пастор Мандерсга тихирлик қиларканман! Бўлмаган гап, пастор Мандерс менга яхшилик қилса қилдики, ёмонлиги йўқ. Демак, шундай экан, мен шу кеча уйга жўнайман. Бу важдан сенга келгандим.
Р е г и н а. Менга қолса, бу ердан қанча тез жўнасангиз, шунча яхши.
Э н г с т р а н. Ҳа-да. Сени ҳам ўзим билан олиб кетмоқчиман, Регина.
Р е г и н а (ҳанг-манг бўлиб). Мени? Нималар деяпсиз?
Э н г с т р а н. Сени уйга олиб кетмоқчиман, деяётибман.
Р е г и н а (жирканиш билан). Асло! Ҳеч қачон!
Э н г с т р а н. Мана кўрамиз.
Р е г и н а. Ҳа, ишончингиз комил бўлсин, кўрсак кўраверамиз. Мен шу камергер хоним қўлида катта бўлдим… Бу уй — ўз уйим, ўлан тўшагимдай бўлиб қолди. Сиз билан бирга нега кетарканман? Ўша уйгами? Туф!..
Э н г с т р а н. Жин урсин сени! Ўз отангга қарши қўл кўтараётганингни биласанми, қизи тушмагур?!
Р е г и н а (унга қарамасдан, тўнғиллайди). Ўзингиз неча марта айтгансиз, мен сизга қиз бўлиб қаёққа бордим…
Э н г с т р а н. Э-эй! Буни эслаб нима қиласан?
Р е г и н а. Неча бор мени сўккансиз, ҳақоратлагансиз…
Э н г с т р а н. Йўқ, бўлмаган гап, бундай ҳақоратомуз сўзларни ҳеч қачон айтмаганман!
Р е г и н а. Сиз нималар деганингизни биламан-ку, ахир!
Э н г с т р а н. Ҳа, бундай гаплар фақатгина ўшанда… Мастлигимда бўлган бўлиши мумкин… Ҳм! Эҳ, дунёда бундай қилғилиқ билан суяги қотганлар тўлиб-тошиб ётибди-ку, Регина!
Р е г и н а (энсаси қотиб). Бас!
Э н г с т р а н. Онанг ҳам бир вақтлар ана шундай билганидан қолмаган. Ўшанда уни у-бу қилиб йўлга солиш керак бўлиб қолган. Димоғидан қурт ёғиларди. (Масхаралаб.) “Қўйиб юбор, Энгстран! Бас қил! Мен роппа-роса уч йил Русенволлда, Камергер Алвинг хонадонида юмушда бўлганман”. (Заҳарханда билан.) Ўзинг кечир, эй худованди карим, бу ерда юмуш қилиб юрганда капитан камергер лавозимига тайинланганлигини бир нафас бўлса ҳам эсидан чиқаришни истамасди.
Р е г и н а. Шўрлик онам… Сиз уни қора ерга тиқдингиз.
Э н г с т р а н (каловланиб). Ундоқ бўлса ҳам, бундоқ бўлса ҳам, барибир мен айбдор!
Р е г и н а (ўгирилиб, аста-секин). Бас!.. Яна бу оёққа бало борми?..
Э н г с т р а н. Нималар деяётибсан, қизим?
Р е г и н а. Pied de motion!1
Э н г с т р а н. Бу нимаси, инглизчасига олаётибсанми?
Р е г и н а. Ҳа.
Э н г с т р а н. Ҳа-да. Сени бу ерда ўргатиш керак бўлса, ҳамма нарсага ўргатишган. Мана энди кунимизга ҳам яраб қолади, Регина.
Р е г и н а (бироз жим туриб). Мен сизга шаҳарда нимага керак бўлиб қолдим?
Э н г с т р а н. Отангнинг ёлғиз фарзанди бўлсанг-у, тағин ундан “сизга нимага керак бўлиб қолдим”, деб сўраб ўтирсанг, тавба? Мен сўққабош бечора эмасманми?
Р е г и н а. Қўйинг! Вайсашни бас қилинг! Мени сиз у ерда бошингизга урасизми?
Э н г с т р а н. Нима десам экан, мен бир иш қилмоқчи бўлиб юрибман, теша тегмаган бир нарсани ўйлаб қўйдим.
Р е г и н а (жеркиб). Сиз ўйлаган ишингизнинг қачон уддасидан чиққансиз?
Э н г с т р а н. Бу гал кўрасан, Регина! Жин урсин мени!
Р е г и н а (ер тепиниб). Жинга бало борми, тилингизни тийинг!
Э н г с т р а н. Тсс… тсс… сен жуда ҳақсан, қизим, жуда… Мана мен сенга нима демоқчи эдим: янги қуриб битказилган бу етимхонада ишлаб, унча-мунча орттирганим бор.
Р е г и н а. Орттирган бўлсангиз орттиргандирсиз! Ундай бўлса, айшингизни суриб юраверинг!
Э н г с т р а н. Уни бу ерда нимага ҳам сарф қилаолардинг, увол кетади.
Р е г и н а. Бу билан нима демоқчисиз?
Э н г с т р а н. Ана ўша пулга сердаромад бир нарса қилмоқчиман. Ҳа-да, денгизчиларга қовоқхона маъносида бир нарса олмоқчиман.
Р е г и н а. Тупурдим ўша қовоқхонангизга!
Э н г с т р а н. Ажойиб бир жой бўлади, тушундингми? Мастрослар учун чўчқахонага ўхшаган унақа-мунақа жой деб ўйлама! Жин урсин, ундай эмас! Капитан, штурман, қолаверса, ман-ман деган жаноблар учун, тушундингми?!
Р е г и н а. Демак у ерда мен…
Э н г с т р а н. Сенми? Унаганингда кошкийди. Фақатгина кўрк бўлиб турардинг, холос, тушундингми? Ҳеч қанақа қора ишни, худо ҳақи, сенга рўпара қилмасдим, қизим! Қандай хоҳласанг, шундай яшайверардинг.
Р е г и н а. Тушунарлик!
Э н г с т р а н. Хотин кишисиз, барибир, иш битмайди. Бу нарса, худо ҳаққи, аён. Оқшом меҳмонларнинг оз-моз бўлса ҳам кўнглини олиш, хурсанд қилиш керак-ку, ахир… Хўш, бунда музика, рақс, ўйин-кулги ва ҳоказо. Шуни эсингдан чиқармаки, денгизчилар — кўп иш кўрган кишилар. Денгизни ўз уйларидай қилиб олганлар… (Унга янада яқинлашиб.) нодон бўлма, қўй, ўз йўлингни ўзинг тўсма, Регина! Сен бу ерда нима барака топасан? Кошки, сенинг мулла бўлишингга бойвучча ойим қилган сарфдан бирор наф бўлса? Эшитдим, сен бунда, янги етимхонада чурвақалар кетидан юришинг лозим эмиш. Наҳотки, буни сен ўзингга эп кўрсанг? Уч пулга қиммат болалар учун ўзингни ўтга-чўққа урсанг!
Р е г и н а. Йўқ! Кошкийди, мен ўйлагандай бўлса, унда… Эҳтимол мен ўйлагандай ҳам бўлиб чиқар. Ажаб эмас, шундай бўлса ҳам…
Э н г с т р а н. Нима бўлиши мумкин?
Р е г и н а. Бу сизнинг ишингиз эмас, ташвишланманг… Хўш, жамғарган пулингиз кўпми?
Э н г с т р а н. Ҳа, етти юз-саккиз юз кронга етиб қолади.
Р е г и н а. Чакки эмас.
Э н г с т р а н. Ишни бошлашга етади, қизим!
Р е г и н а. Менга ўшандан бир оз чегириб бериш кўнглингизда борми?
Э н г с т р а н. Йўғ-эй! Рост гапни айтсам, буни ҳеч ўйламаганман.
Р е г и н а. Бирор марта бўлса ҳам, менга кўйлакли газмол юборишни ўйламадингизми?
Э н г с т р а н. Мен билан шаҳарга бирга кетсанг, ҳаммаси бўлади, кўйлак деганинг қўш-қўш…
Р е г и н а. Хоҳлаганимда, сизсиз бир ўзим ҳам бораверардим.
Э н г с т р а н. Йўқ, отанг паноҳида йўлга чиқсанг, адашмайсан, Регина. Энди, билсанг, Кичик Гавана кўчасида яхшигина бир уй менинг қўлимга кирай деб турибди. Нақд пул ҳам унча керак эмас. Ана ўша уйни денгизчилар учун бир жой қилиб қўйсанг, қани…
Р е г и н а. Билсангиз, сизнинг уйингизда тургим йўқ. У ерда нима ҳам қиламан. Туёғингизни шиқиллатинг!
Э н г с т р а н. Меникида узоқ ўтириб қолмайсан! Ҳамма гап шунда. Икки йилда жуда соҳибжамол бўлиб етилдинг. Ўз ишингни билиб қилсанг борми…
Р е г и н а. Нима дедингиз?
Э н г с т р а н. Унча кўп ҳам вақт ўтмасдан, қарабсанки, аллақандай штурманни ёки бўлмаса, бирор капитанни тузоғингга илинтирасан…
Р е г и н а. Унақасига тобим йўқ. Денгизчилар табиатида ҳеч қандай savoiv vivre йўқ!1
Э н г с т р а н. Нима дединг?
Р е г и н а. Денгизчиларни яхши биламан, дедим. Улар билан турмуш қуриб барака топмайди ҳеч ким.
Э н г с т р а н. Уларга турмушга чиқмасанг, чиқма. Бусиз ҳам ишинг беш бўлади. (Овозини пасайтириб, жиддий ҳолда.) Ҳов, эсингдами, ўз кемасида келган инглиз… Уч юз долларни индамасдан ташлаб кетди-я… Хўш, унинг бошини айлантирган ўша қиз сендан чиройлимиди?
Р е г и н а (унга ўшқириб). Йўқолинг кўзимдан!
Э н г с т р а н (тисарилиб). Ҳа, нима, юмма таламоқчимисан?
Р е г и н а. Ҳа! Яна онам руҳини безовта қилсангиз, унда ўзингиздан кўринг, тарсаки тортиб юбораман! Кўзимдан йўқолинг, деяётибман, йўқолинг! (Уни боққа қараган эшикка чекинтиради.) Эшикни қаттиқ ёпманг тағин! Бойвачча…
Э н г с т р а н. Биламан, ухлаётибди. Бойвачча атрофида гирдикапалак бўлишинг бежиз эмас! (Овозини пастлаб.) Эҳ-ҳа!.. Ҳали бирор иш бўлиб қолгани йўқми, ишқилиб…
Р е г и н а. Туёғингизни шиқиллатиб қолинг тезда! Айниб кетдингиз. Эзма чол!.. Ҳой, у ёқдан юрманг. У ёқдан пастор келаётибди. Энди орқадаги зинадан чиқиб кетинг!
Э н г с т р а н (ўнгга юриб). Хўп, майли. Сен у билан гаплашиб ҳам кўр. У сенга болалар ўз отаси билан қандай муомала қилишлари кераклигини ўргатиб қўяди… Инчунун, мен сенинг ҳарҳолда, отанг бўламан-ку… Черков китобида ёзиғлик, исботлаб бераман. (Регина унга очиб турган бошқа бир эшик томон юради ва чиқиб кетиши билан, дарров эшик қулфланади.)
Регина бирпасда ўзини ойнага солади, рўмол билан елпинади, бўйнидаги галстукни тузатиб қўяди. Кейин гуллар олдида ўралашади. Боққа қараган эшикдан балконга пастор Мандарс киради, эгнида пальто, қўлида зонтик, елкасида йўл сумкаси ҳам бор.
П а с т о р М а н д е р с. Салом, ойпошша Энгстран!
Р е г и н а (ўгирилиб, ҳайратомуз севинч билан қарайди). Салом-алайкум, пастор жаноблари! Пароход етиб келдими?
П а с т о р М а н д е р с. Ҳозиргина. (Хона ичига киради.) Аммо, шу кунларда об-ҳаво ўлгудай бемаза бўлаётибди-да…
Р е г и н а (унинг ортидан юриб). Қишлоқ хўжалик соҳибларига жуда қулай об-ҳаво, Пастор жаноблари!
П а с т о р М а н д е р с. Тўғри-тўғри, сиз, албатта, ҳақсиз. Биз шаҳарликлар бу ҳақида кам ўйлаймиз. (Устидаги пальтони ечмоқчи бўлади.)
Р е г и н а. Рухсат этинг, ёрдам берайин… ана шундай. Эҳ, жиққа ҳўл-а! Ҳозир олиб бориб ташқарига илиб қўяман. Зонтикни ҳам… Уни очиб қўйган дуруст, тезда қурийди. (Нарсаларни кўтариб, ўнг томондаги бошқа эшикка боради.)
Пастор Мандерс елкасидан йўл сумкасини олади ва уни шляпаси билан стул устига қўяди. Регина қайтиб кирди.
П а с т о р М а н д е р с. Бошпананинг садағаси кетсанг арзийди… Хўш, қалай турибсизлар бу ерда? Ўйлайманки, ҳамма нарса жойида?
Р е г и н а. Ҳа, шундай. Ташаккур!
П а с т о р М а н д е р с. Эртаги тантана муносабати билан жуда уриниб қолгандирсиз?!
Р е г и н а. Ҳа, иш кўп.
П а с т о р М а н д е р с. Алвинг хоним уйда бўлсалар керак, деган умиддаман.
Р е г и н а. Бўлмасам-чи, ё парвардигор!.. Юқори қаватда бойваччага шоколад тайёрлаяптилар.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, айтгандай, мен пристанда эшитишимга қараганда Освальд келганмиш-а?
Р е г и н а. Келганига уч кун бўлди. Биз эса бугун келади, деб кутувдик.
П а с т о р М а н д е р с. Бало-қазодан холи деган умиддаман.
Р е г и н а. Ҳа, ташаккур сизга, ёмон эмас. Фақат йўл азоби гўр азоби дегандай, қаттиқ чарчаган. Париждан тўғри ҳеч қаерда тўхтамай келган. Бутун масофани, адашмасам, бир поездда босиб ўтган. Ҳозир оз-моз мизғиб олгани ётди, шунинг учун секинроқ гаплашсак ҳам ёмон бўлмайди.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, ҳа, оҳистароқ гаплашамиз.
Р е г и н а (оромкурсини столга яқин суриб). Марҳамат, пастор жаноблари, ўзингизга қулай қилиб, бемалол ўтираверинг.
Пастор ўтиради, Регина унинг оёғи тагига курсича қўяди.
Мана бундай бўлса, янада қулайроқдир, пастор жаноблари?
П а с т о р М а н д е р с. Ташаккур, ташаккур. Жуда соз! (Унга қарайди.) Сизга айтсам, ойпошша Энгстран, наздимда, охирги марта кўрганимдан анча улғайгансиз.
Р е г и н а. Наҳотки? Алвинг хонимнинг айтишича, анча тўлишган эмишман.
П а с т о р М а н д е р с. Тўлишган эмишсиз?.. Ҳа, ҳа… унча-мунча… меъёрида.
Озгина жимлик.
Р е г и н а. Бойвучча ойимга айтайми?
П а с т о р М а н д е р с. Йўқ, раҳмат, шошиладиган иш йўқ, жон болам. Қани, менга айтинг-чи, азизим Регина, бу ерда дадангизнинг туриш-турмиши қалай?
Р е г и н а. Ташаккур, пастор жаноблари, ёмон эмас.
П а с т о р М а н д е р с. Сўнгги марта шаҳарда бўлганда у менинг олдимга келган эди.
Р е г и н а. Шундайми? Пастор жаноблари билан гаплашиш имкониятига эга бўлса, ҳамиша хурсанд отажоним.
П а с т о р М а н д е р с. Сиз ҳам, албатта, бу ерда ундан тез-тез хабар олиб турсангиз керак?
Р е г и н а. Менми? Ҳа, вақт бўлса, хабар олиб тураман…
П а с т о р М а н д е р с. Сизнинг дадангиз ойпошша Энгстран, шахс сифатида нуқсондан холи эмас, ҳарҳолда маънавий ёрдамга муҳтож.
Р е г и н а. Ҳа, дарвоқе, шундай.
П а с т о р М а н д е р с. Унга, эндиликда, кимдир ўз ёнида бўлиши, кимгадир меҳру муҳаббат қўйиши, кимгадир сиғиниши керак бўлиб қолди. Мен билан у сўнгги марта учрашганда мана шу гапларни айтиб кўнглини ёзди.
Р е г и н а. Менга ҳам шунга ўхшаш бир гапни айтган эди. Билмадим, Алвинг хоним нима деркин, кетишимга ижозат берармикан… Айниқса, ҳозир янги етимхона ташвиши бошланиши олдида… Мен ҳам уни ташлаб кетгим йўқ, чунки ҳамиша менга яхшилик қилган.
П а с т о р М а н д е р с. Аммо фарзандлик бурчингиз ҳам бор… Лекин, авваламбор, бека ойингизнинг ижозатини олишингиз шарт.
Р е г и н а. Ҳарҳолда, менинг ёшимдаги бир қизчага ёлғиз қўл эркаклик уйнинг рўзғорини тебратиш қалай бўларкин?
П а с т о р М а н д е р с. Нима дедингиз? Оппоқ қизим, бу ердаги гап сизнинг ўз отангиз ҳақида бораётибди-ку!
Р е г и н а. Шундай бўлганда ҳам… Ҳарҳолда… йўқ, борди-ю, яхшигина бир уйга, чиндан ҳам дуруст, ўзини билган одам қўлига борганимда…
П а с т о р М а н д е р с. Хўш, азизим Регина…
Р е г и н а. … Унга меҳр қўйиб, ҳурмат қилганимда, қизи ўрнига қиз бўлганимда…
П а с т о р М а н д е р с. Хўш-хўш, жон болам…
Р е г и н а. … Унда жон-жон деб шаҳарга қайтардим. Бунда кишининг юраги сиқилади, ёлғизлик… Пастор жанобларининг ўзлари билдилар-ку, ёлғизликни. Шуни ҳам айтишга журъат қилоламанки, ишни бўлса боплайман, жонини киритаман. Пастор жаноблари мен боп жойни билмайдиларми?
П а с т о р М а н д е р с. Менми? Йўқ, худо ҳаққи, билмайман.
Р е г и н а. Эҳ, муҳтарам пастор жаноблари… Шундай жой чиқиб қолса, мени эсда тутишингизни илтимос қилардим…
П а с т о р М а н д е р с (ўрнидан туради). Жуда соз, жуда соз, ойпошша Энгстран.
Р е г и н а. … Чунки, менга…
П а с т о р М а н д е р с. Умрингиз узоқ бўлгур, сиз менга Алвинг хонимни чақириб беролмайсизми?
Р е г и н а. Ҳозир келади, пастор жаноблари!
П а с т о р М а н д е р с (чап томонга юриб, айвонга бориб тўхтайди ва қўлини орқасига қилиб, боққа қарайди. Яна столга яқинлашади ва китоблардан бирини олиб, сарлавҳасини кўздан кечиради, ҳеч нарса англолмайди ва бошқасини олиб кўради). Ҳимм! Шундай денг!
А л в и н г х о н и м чап ёндаги эшикдан чиқади, унинг орқасидан Регина пайдо
бўлади ва ўша хона ичидан ўтиб, ўнг томондаги биринчи эшикка кириб кетади.
А л в и н г х о н и м (Пасторга қўл узатиб). Хуш келибсиз, Пастор жаноблари!
П а с т о р М а н д е р с. Ассалому-алайкум, Алвинг хоним! Мана, мен ваъдага вафо қилиб турибман.
А л в и н г х о н и м. Сиз ҳамиша ҳамма ишни ўз вақтида қиласиз.
П а с т о р М а н д е р с. Аммо-лекин, ишонинг, йўлга чиқишим осон бўлмади. Бир ёнда худонинг хоҳиши билан тузилган мана бу комиссия, бир ёнда правление — мен қатнашаётган…
А л в и н г х о н и м. Ўз вақтида келишингизнинг ўзи сизнинг олижаноблигингиз! Энди, сиз билан биз ўз ишимизни тушки овқатгача битиришимиз мумкин. Хўш, чемадонингиз қаерда?
П а с т о р М а н д е р с (шошилиб). Мен нарсаларимни агентликда қолдириб келдим. Ўша ерда тунайман.
А л в и н г х о н и м (мийиғида кулиб). Меникида тунашга бу гал ҳам журъат этолмабсиз-да?
П а с т о р М а н д е р с. Йўқ-йўқ, Алвинг хоним. Жуда миннатдорман. Лекин ҳар галгидай ўша жойда ётганим маъқул. У ер ҳам қулай, ҳам пристанга яқин.
А л в и н г х о н и м. Майли, ихтиёрингиз. Менинг наздимда, умуман, сиз билан менга ўхшаган ёшини яшаб, ошини ошаган кишиларга барибир.
П а с т о р М а н д е р с. Эҳ, ҳазилингиз бор бўлсин! Ҳа-да, бугун бунчалик хушчақчақ эканлигингиз тушунарли. Бирламчи, эртага маросим, иккиламчи, Освальдни уйингизга олиб келиб олганлигингиз!
А л в и н г х о н и м. Ҳа, дарвоқе, қандай бахт! Ахир, ўз уйида у икки йилдан зиёд бўлмайди-ку. Энди эса бутун қиш мавсумини мен билан бирга ўтказмоқчи.
П а с т о р М а н д е р с. Шундайми! Ҳа-да, бу ниҳоятда фарзандга хос меҳрибонлик. Бинобарин, Римда ёки Парижда яшаш бу ерда яшашдан кўра анча-мунча кўнгилли бўлса керак.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, тўғри, лекин бу ерда онаси бор. Эҳ, менинг сухсур болагинам, онаизорининг меҳрибони…
П а с т о р М а н д е р с. Борди-ю, жудолик, санъат каби машғулотлар ундаги табиий ҳис-туйғуларни сўндирса, жуда ачинарли бўларди, албатта.
А л в и н г х о н и м. Нима ҳам дейиш мумкин! Бу масалада ундан ташвишланмаса ҳам бўлади. Шуниси қизиқки, сиз уни кўриб танийсизми, йўқми? У ҳали бу ерга тушади, ҳозир юқорида, диванда дам олаётибди… Ўтирсангиз-чи, марҳамат, муҳтарам Пастор.
П а с т о р М а н д е р с. Ташаккур сизга. Демак, ҳозирданоқ ишга киришаверамизми?
А л в и н г х о н и м. Худди шундай. (Столга яқин ўтиради.)
П а с т о р М а н д е р с. Жуда соз. Мана шундай қилиб… (Сумкаси қўйилган стулга боради ва ундан қоғозлар солинган жилдни олади. Столнинг бир томонига ўлтириб, қоғозларни қўйишга жой мўлжаллайди.) Авваламбор… (Тутоқиб.) Хўш, айтинг-чи, ушбу китоблар қандай қилиб бу ерга келиб қолди?
А л в и н г х о н и м. Бу китобларми? Бу, мен ўқиётган китоблар.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳали, сиз шунақа нарсаларни ўқийсизми?
А л в и н г х о н и м. Ҳа, шундай, ўқийман.
П а с т о р М а н д е р с. Бундай китобларни ўқиб ақлингизга ақл ёки бахтингизга бахт қўшилаётганини пайқаётибсизми?
А л в и н г х о н и м. Ўзимни хотиржамдай сезаётибман.
П а с т о р М а н д е р с. Қизиқ. Жуда қизиқ, қандай қилиб?..
А л в и н г х о н и м. Ҳа, мен бу китоблардан хаёлимга келган жуда кўп саволларга жавоб топаётибман. Шуниси қизиқки, пастор Мандерс, аслини олганда, бу китобларда ортиқча гап йўқ. Кўпчилик ҳам шундай деб ўйлайди, лекин ўзига ҳисоб бермайди ёки шунақалигини тан олмайди.
П а с т о р М а н д е р с. Ё оллоҳ! Қандай қилиб, сиз бундай китобларга кўпчилик ишонади деб, жиддий ўйлай оласиз?..
А л в и н г х о н и м. Ҳа, жиддий ўйлаганда қандоқ!
П а с т о р М а н д е р с. Лекин, бизда эмас-да? Бу ерда эмас, албатта!
А л в и н г х о н и м. Йўқ, нега бундай дейсиз? Бизда ҳам худди шундай.
П а с т о р М а н д е р с. Майли, тан оламан!..
А л в и н г х о н и м. Хўш, аслида сизнинг бундай китобларга қандай эътирозингиз бор?
П а с т о р М а н д е р с. Эътироз… Сиз мени бунақанги асарлар билан шуғулланмаслигимни биласиз-ку, ахир.
А л в и н г х о н и м. Яъни сиз, ўзингиз қоралаётган китоблар билан таниш ҳам эмассиз?
П а с т о р М а н д е р с. Бундай рисолаларни рад этиш учун ўқиганларим етарлик.
А л в и н г х о н и м. Ўзингизнинг шахсий мулоҳазаларингиз-чи?
П а с т о р М а н д е р с. Муҳтарам Алвинг хоним! Турмуш жараёнида кўп масалалар муҳокама қилинганда ўзгаларнинг фикри билан ҳисоблашишга тўғри келади. Бу дунёнинг иши шундай, бир қараганда, шундай эканлиги ҳам ёмон эмас. Акс ҳолда жамиятнинг ҳоли не кечарди.
А л в и н г х о н и м. Ҳа-да. Дарвоқе, сиз ҳақсиз.
П а с т о р М а н д е р с. Мана шу билан бирга, бундай китоблар кишини ўзига жалб этиши мумкинлигини инкор қилмоқчи эмасман. Шунингдек, бу масалада, яъни шу куннинг сизда уйғотган замонавийлик анъанаси, яъни зикр этилишича, ўз ўғлингизни узоқ муддатга йўллаган мислсиз жамиятдаги тафаккур ила танишиш учун бўлган иштиёқингизда ҳеч қандай қусур кўрмайман. Лекин…
А л в и н г х о н и м. Лекин?..
П а с т о р М а н д е р с (овозини секинлатиб). Лекин бундай нарсалар ҳақида гапирилмайди, Алвинг хоним. Ўзинг тўрт девор ичида ўқиган, ўзинг фикр қилган гапни биров ёки жамоат билишининг сира-сира ҳожати йўқ.
А л в и н г х о н и м. Албатта. Мен ҳам шундай фикрдаман.
П а с т о р М а н д е р с. Диний масалаларга бутунлай бошқача муносабатда бўлган вақтингизда бу етимхонани қуришга, барпо этишга киришганлигингизни энди қандай баҳолашингиз ҳақида бир ўйлаб кўринг. Мен эса ўз навбатида буни қадрлайман, албатта.
А л в и н г х о н и м. Ҳа-да, фикрингизга тўла-тўкис қўшиламан. Аммо етимхона ҳақида биз…
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, биз етимхона важидан учрашдик. Шундай қилиб, бу масалада ҳушёр бўлинг, муҳтарама Алвинг хоним, энди ўз ишларимизга ўтайлик. (Жилдни очиб, ичидан қоғозларни олади.) Мана, кўрдингизми?
А л в и н г х о н и м. Ҳужжатларми?
П а с т о р М а н д е р с. Ҳаммаси шу ерда. Иш битди. Ишончингиз комил бўлсинки, бу ишларни ўз вақтида бажариш ҳазилакам иш бўлмади. Бундай қарорларни қабул қилиш жараёнида ҳукмдор доиралар ҳаддан ташқари инжиқлик қиладилар. Мана энди ҳаммаси жойида. (Қоғозларни варақлайди). Мана бу тикиб қўйилган акт Русенволл мулкига қарашли Сульвик чорбоғини назар-ниёз қилганлигингиз тўғрисида, — бинобарин, янгидан қурилган муҳташам мактаб биноси, муаллим ва қоровуллар учун қурилган уй. Мана бу қарор эса, маблағ таъсислаш ва янги етимхонанинг қонун-қоидасини тасдиқлаш ҳақида, кўрдингизми? (Ўқийди.) “Капитан Алвинг хотирасига қурилган болалар уйининг қонун-қоидаси”.
А л в и н г х о н и м (қоғозга узоқ тикилиб қолади). Ниҳоят, шундай бўлди!
П а с т о р М а н д е р с. Мен камергер эмас, капитан унвонини маъқул кўрдим. Ҳар ҳолда капитан улуғсифат.
А л в и н г х о н и м. Ҳа-да, сизга маъқули бизга ҳам маъқул.
П а с т о р М а н д е р с. Мана, жамғарма учун омонат кассанинг дафтарчаси. Бундаги йиғилган процентлар етимхона харажатларини қоплайди.
А л в и н г х о н и м. Ташаккур. Лекин, барака топкур, буни ўзингизда сақлайверинг, шу қулай.
П а с т о р М а н д е р с. Жуда соз. Фикримча, ҳозирча пулни омонат кассада сақлаб турамиз. Бундан тушадиган даромад унча кўп эмас, бор-йўғи тўрт процент, бу ҳам омонатни ярим йилга қўйиш шарти билан. Борди-ю, кейинчалик шу пулни каттароқ даромад келтирадиган қарзга бериш имкони туғилиб қолса, ўз-ўзидан маълумки, пул қўлга кириши билан яна муфассалроқ гаплашиб оламиз.
А л в и н г х о н и м. Жуда тўғри. Муҳтарам Пастер Мандерс, сиз бу ишларни мендан яхшироқ биласиз.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳарҳолда бу ишдан воқиф бўлиб тураман. Лекин, яна бир масала борки, уни сиз билан ҳал қилиб олишимиз керак.
А л в и н г х о н и м. Қандай масала?
П а с т о р М а н д е р с. Янги бинони кафолатга топшириш керакми, йўқми?
А л в и н г х о н и м. Шак-шубҳасиз.
П а с т о р М а н д е р с. Тўхтанг, сабр қилинг, бу масалани яхшироқ ўйлаб кўрайлик.
А л в и н г х о н и м. Мен ҳамма нарсани кафолатга топшираман: қурилишни ҳам, мол-мулкни ҳам, дон-дунни ҳам, сигир-бузоқни ҳам…
П а с т о р М а н д е р с. Тўғри, бу ҳаммаси сизнинг шахсий мулкингиз. Мен ҳам шундай қиламан. Ўз-ўзидан маълум. Лекин бу ердаги гап бошқа. Бу етимхонанинг ўз олдига қўйган мақсади ниҳоятда олий, муқаддас…
А л в и н г х о н и м. Шундай бўлганда ҳам…
П а с т о р М а н д е р с. Шахсан мен, бундай тадбир-чорани қувватлайман, бинобарин, ҳар қандай тасодифлардан холи бўламиз.
А л в и н г х о н и м. Менга ҳам шундай туюлади.
П а с т о р М а н д е р с. … Лекин бу ер аҳли бу масалага қандай қараркин? Сиз уларни мендан яхшироқ биласиз.
А л в и н г х о н и м. Ҳм… бу ерликлар…
П а с т о р М а н д е р с. Бу ер аҳли ичидаги анча-мунча баобрў кишилар ушбу ишни қоралашмасмикинлар?
А л в и н г х о н и м. Сиз эътиборли, баобрў кишилар деганингизда кимларни назарда тутаяпсиз?
П а с т о р М а н д е р с. Мен шундай кишиларни назарда тутаётибманки, ўз мансаб ва лавозимларига кўра дахлсиз ва таъсирчан бўлганликлари туфайли улар билан ҳисоблашмасликка илож йўқ.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, шундай деб ўйлайдиган кишилардан бир нечта топилади, агар…
П а с т о р М а н д е р с. Мана кўрдингизми! Шаҳримизда бундайлар кўп. Муқаддас ишга муккасидан кетганларни кўз олдингизга келтиринг. Бу йўлга биз қўйган қадам одамлар назарида қалбимиздан имкон қочгандай, эзгуликдан ихлосимиз қайтгандай кўринади.
А л в и н г х о н и м. Сиз, ахир, муҳтарам Пастор жаноблари, биласиз-ку…
П а с т о р М а н д е р с. Мен-ку, биламан, биламан. Шундай бўлишига имоним комил, лекин эл оғзига элак тутолмайсиз. Бундай бўлар-бўлмас гаплар муқаддас ишга халал етказиши мумкин…
А л в и н г х о н и м. Ҳа. Бундай бўлса, унда…
П а с т о р М а н д е р с. Шунингдек, мен ўзимни ноқулай аҳволга тушиб қолишлигимни эътиборга олмасдан иложи йўқ. Шаҳардаги мансабдор доиралар бу етимхона тақдири билан жуда қизиқишаётибди. У қисман шаҳар эҳтиёжига хизмат қилиши кераклиги туфайли қашшоқлар масаласи бирмунча енгиллашади. Лекин мен сизга маслаҳатгўй бўлганлигим ва ишнинг амалий томонлари билан шуғулланганлигим важидан энди черков ихлосмандларининг хуружидан ўзини эҳтиёт қилишим лозим…
А л в и н г х о н и м. Ҳа, бундай хавф-хатардан ўзингизни сақлашингиз керак.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳали, машҳур газета ва журналлардан, шак-шубҳасиз, бошимга ёғиладиган ҳужум тошларини ҳисобга олмаганда…
А л в и н г х о н и м. Бас, етар, муҳтарам пастор Мандерс. Шу фикрнинг ўзи ҳамма ишни ҳал қилади.
П а с т о р М а н д е р с. Демак, сиз кафолатга топширишни истамайсиз.
А л в и н г х о н и м. Йўқ. Бундан воз кечамиз.
П а с т о р М а н д е р с (стулга суяниб). Борди-ю, бирорта бахтсизлик юз берса-чи? Буни билиб бўладими? Зарарни сиз қоплайсизми?
А л в и н г х о н и м. Йўқ, очиғини айтганда, буни бўйнимга ололмайман.
П а с т о р М а н д е р с. Алвинг хоним, бундай ҳолда, билсангиз, зиммамизга шундай масъулиятни олаётибмизки, одамни ўйлашга мажбур этади.
А л в и н г х о н и м. Сизнингча, бошқача йўл тутишимиз мумкинми?
П а с т о р М а н д е р с. Йўқ, ҳамма гап шундаки, иложимиз йўқ. Биз ўз ҳақимизда бўлар-бўлмас гапларга йўл қўймаслигимиз ва дуогўйларнинг нафратига қолмаслигимиз лозим.
А л в и н г х о н и м. Ҳар ҳолда, сизга, пастор бўлганлигингиз учун ҳам, бундай қилиш ҳеч тўғри келмайди.
П а с т о р М а н д е р с. Менга ҳам бундай муассасани Тангри таоло ихтиёрига ҳавола қилишдан бошқа чорам йўқдай кўринади.
А л в и н г х о н и м. Тангрига илтижо қиламиз.
П а с т о р М а н д е р с. Демак, шундай қолдирамиз.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, шак-шубҳасиз.
П а с т о р М а н д е р с. Жуда соз. Майли, сиз айтганча бўлсин! (Ёзади.) Шундай қилиб, кафолатга топширилмайди.
А л в и н г х о н и м. Қизиқ, жуда қизиқ, келиб-келиб шу бугун гапирдингиз-а…
П а с т о р М а н д е р с. Мен бир неча марта бу ҳақда сиз билан гаплашмоқчи бўлган эдим.
А л в и н г х о н и м. Куни-кеча бу уйнинг ўт олишига сал қолди.
П а с т о р М а н д е р с. Нима дедингиз?
А л в и н г х о н и м. Умуман олганда, ҳеч гапмас, ёнган нарса ҳаммаси бўлиб, дурадгордан қолган пайраҳалар.
П а с т о р М а н д е р с. Энгстран ишлаган жойдан ўт чиқдими?
А л в и н г х о н и м. Айтишларича, у ўт-оловга жуда бепарво эмиш.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, унинг калласи минг хил ўй, минг хил айш-ишрат билан банд. Худога шукурким, ҳарҳолда, энди эшитишимга қараганда, у турмушини ўнглаб олмоқчига ўхшайди.
А л в и н г х о н и м. Шундайми? Кимдан эшитдингиз?
П а с т о р М а н д е р с. Унинг ўзи айтди. Бунинг устига, заҳматкаш.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, ичмаганда…
П а с т о р М а н д е р с. Эҳ, бу қилмиш-қидирмиш! Лекин унинг айтишича, вақт-бевақт ичишига ногирон оёғи сабабмиш. Сўнгги марта шаҳарга тушганида мени ҳайратда қолдирди, бу ердан унга иш топиб берганлигимдан, Регинани тез-тез кўриб туриш имкониятига эга бўлганлигидан менга чин кўнгилдан миннатдорчилик билдирди.
А л в и н г х о н и м. У билан, менимча, тез-тез кўришмаса керак.
П а с т о р М а н д е р с. Қандай бўлди, у кунда учрашамиз деганди-ку.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, балки, шундайдир.
П а с т о р М а н д е р с. У, кимдир ёнида ҳамиша бўлиши кераклигини, ёмон йўлдан қайтариб туриши лозимлигини яхши билади. Бу — Якоб Энгстраннинг энг дуруст фазилати. Шўрлик нотавон, ўз қилмишидан ўзи пушаймон. Сўнгги марта учрашганимда, менга очиғини айтди… Қулоқ солинг, Алвинг хоним, у Регинани ўз ёнида бўлишини чин кўнгилдан истаса…
А л в и н г х о н и м (ўрнидан “дик” туриб). Регинани!
П а с т о р М а н д е р с. … Сиз қаршилик кўрсатмаслигингиз керак.
А л в и н г х о н и м. Йўқ, қаршилик кўрсатганда қандоқ! Ҳа, бундан ташқари… Регина етимхонадан иш олади.
П а с т о р М а н д е р с. Лекин, ўйлаб кўринг, ҳарҳолда, у қизга ота-ку.
А л в и н г х о н и м. Эй, мен унинг қанақа ота бўлганлигини яхши биламан. Ҳа, уни отаси ёнига юбормаслик учун қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан.
П а с т о р М а н д е р с (ўрнидан туриб). Аммо, Алвинг хоним, кўп ташвишланаверманг. Дарвоқе, сиз дурадгор Энгстранга бунчалик муносабатда бўлишингизнинг ўзи кишини ачинтиради. Ҳатто, сиз қўрқиб кетгандай ҳам бўлдингиз…
А л в и н г х о н и м (хотиржамлик билан). Билмайман, қандай бўлмасин Регинани мен ўз уйимга, ўз ихтиёримга олганман, энди у ҳеч қаёққа кетмайди. (Қулоқ солиб.) Тсс… бас, муҳтарам пастор Мандерс, бу ҳақда бошқа гаплашмаймиз. (Хурсандчиликдан кулиб.) Эшитаётибсизми? Освальд зинапоядан тушиб келаётибди. Энди фақат у билан шуғулланамиз.
О с в а л ь д А л в и н г устида енгил пальто, қўлида шляпа, узун ёғоч трубкани
чеккан ҳолда чап эшикдан кириб келади.
О с в а л ь д (эшик олдида тўхтаб). Авф этасиз, мен идорада бўлсангиз керак деб ўйлабман. (Яқинлашиб.) Салом-алайкум, пастор жаноблари.
П а с т о р М а н д е р с (ҳайратланиб). Воажабо!.. Таажжуб!
А л в и н г х о н и м. Ҳа, энди бунга нима дейсиз?
П а с т о р М а н д е р с. Буни қаранг-а… Наҳотки, рост бўлса?..
О с в а л ь д. Ҳа, шундай, пастор жаноблари, сизнинг ҳузурингизда ўша адашган ўғил.
П а с т о р М а н д е р с. Лекин, менинг навқирон азиз дўстим…
О с в а л ь д. Ўз уйига қайтган, деб қўшиб ҳам қўяйлик.
А л в и н г х о н и м. Освальднинг рассом бўлишлигига сиз қаршилик кўрсатган кунларга ишора қилаётибди.
П а с т о р М а н д е р с. Анча-мунча нарсага инсон кўзи шубҳа билан қараши мумкин, аммо кейинчалик… (Освальднинг қўлини қисади.) Офарин, офарин! Лекин, азиз Освальд… Сизга шу хилда мурожаат қилсам, кўнглингизга келмайдими?
О с в а л ь д. Бошқача бўлиши ҳам мумкинми?
П а с т о р М а н д е р с. Жуда соз. Шундай қилиб, азизим Освальд, сизга айтсам, рассомлар табақасини ўз-ўзидан таҳқирлаяпти, деб ўйламанг. Менимча, бу доирадаги кишиларнинг кўпчилиги ўз қалбларини покиза тутишлари мумкин.
О с в а л ь д. Шундай деб умид қиламиз.
А л в и н г х о н и м (мамнунлик билан). Мен ҳам тани, ҳам дили поклигича қолган бир кишини биламан. Унга назар ташланг, пастор Мандерс!
О с в а л ь д (хона ичида юриб). Қўйинг, ойи, бу гапларни!
П а с т о р М а н д е р с. Ҳақиқатан, буни инкор этиб бўлмайди. Бунинг устига сиз шуҳрат топаётибсиз. Газеталар тез-тез номингизни мамнуният билан тилга олиб турганликларини биламиз. Лекин, кейинги пайтда жимиб қолгандай.
О с в а л ь д (гул ёнида туриб). Сўнгги кунларда унчалик кўп ишлолмадим.
А л в и н г х о н и м. Санъаткорга дам керак.
П а с т о р М а н д е р с. Тасаввур қила оламан. Ҳарқалай, катта иш қилиш учун ҳозирлик кўриш, шайланиш лозим.
О с в а л ь д. Ҳа… Ойи, қачон овқатланамиз?
А л в и н г х о н и м. Ярим соатдан кейин. Иштаҳаси, худога шукур, ёмон эмас.
П а с т о р М а н д е р с. Чекиши ҳам.
О с в а л ь д. Мен юқорида отамдан қолган трубкани топиб олдим, мана энди…
П а с т о р М а н д е р с. Мана масала қаерда!
А л в и н г х о н и м. Нима дедингиз?
П а с т о р М а н д е р с. Освальд трубкани чекиб, бу ерга кирганида унинг отаси кўз олдимда тирик тургандай бўлди.
О с в а л ь д. Чинданми?
А л в и н г х о н и м. Бундай дейишга қандай журъат этдингиз? Освальд менинг ўзгинам-ку.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, аммо унинг мийиғидаги тахлар, лабларининг аллақаерлари отасининг худди ўзгинаси, икки томчи сувдай. Айниқса, чекаётганда.
А л в и н г х о н и м. Менга ундай кўринмайди. Аксинча, Освальд мийиғидаги тахлар пасторларнинг мийиғини эслатади.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа. Шундай. Дарвоқе, ҳамкасбларим орасида мийиғи шу хилдагилар кўп.
А л в и н г х о н и м. Трубкангни қўй, болагинам, бу ерда чекилса туролмайман.
О с в а л ь д (итоаткорона). Жоним билан. Шунчаки, тортиб кўраётган эдим, болаликда бир чекканимни эслаб…
А л в и н г х о н и м. Сенми?
О с в а л ь д. Ҳа. Мен ҳали унда болакай эдим. Бир оқшом отам хонасига кирганим эсимда. У жуда хушчақчақ кўринарди…
А л в и н г х о н и м. Эй, у довур сенинг ёдингда йўқ.
О с в а л ь д. Жуда яхши эслайман. У мени тиззасига ўтқазиб, трубка чекарди. Чек, ўғлим, яхшилаб чек, деди. Мен жон-жаҳдим билан тортдим, токи рангимдан қон қочиб, манглайимни тер босганча. Шунда у қаҳ-қаҳ уриб кулди.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳмм… таажжуб…
А л в и н г х о н и м. Эҳ, буни Освальд тушида кўрган.
О с в а л ь д. Йўқ, ойи, тушим эмас, эсингиздан чиқдими, кейин келиб, мени болалар хонасига олиб кетдингиз. У ерда мазам қочди, сиз йиғладингиз… Отам бундай қилиқларни тез-тез қилиб турармиди?
П а с т о р М а н д е р с. У ёшлигида жуда шўх бўлган…
О с в а л ь д. Шундай бўлса ҳам, умрида анча иш қилиб кетган экан-да. Бири-биридан фойдали ишлар. Аслида кўп ҳам яшамаган.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, сиз чинакам зўр фаолиятли ва баобрў номга вориссиз, азизим Освальд! Алвинг! Умид қиламизки, унинг руҳи сизни қўллаб-қувватлайди…
О с в а л ь д. Шундай бўлиши эҳтимол эди. Шундай бўлиши керак эди.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳарқалай, отангиз хотирасини шарафлаш куни уйга қайтиб, жуда ажойиб иш қилгансиз.
О с в а л ь д. Отам учун бундан кўра арзимас бирор нарса қилишим мумкинми?
А л в и н г х о н и м. Ҳаммасидан муҳими менга, бу ерда — ёнимда узоқроқ туришга розилик берганлигидир!
П а с т о р М а н д е р с. Бу ерда қишлаб қоласиз деб эшитдим.
О с в а л ь д. Менинг бунда қанча бўлишим аниқ эмас, пастор жаноблари… Эҳ, уйингда бўлиш қандоқ яхши!
А л в и н г х о н и м (хурсанд бўлиб). Ҳа, ростдан ҳам шундайми?
П а с т о р М а н д е р с (қувватлагандай қараб). Сиз ўз ошиёнингиздан жуда эрта қанот қоқдингиз, азизим Освальд!
О с в а л ь д. Ҳа, баъзан наздимда ҳаддан зиёд эрта кўринади.
А л в и н г х о н и м. Буни қаранг! Бақувват, соғлом бола учун бу керак. Айниқса, ёлғиз ўғилга. Бундай болани ота-она қанотида асрашнинг ҳожати йўқ. Боқибеғам бўлиб ўсади.
П а с т о р М а н д е р с. Бу ҳали ҳал бўлмаган масала, Алвинг хоним. Ота-она уйи бола учун ҳамиша энг яхши истиқомат жойи бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
О с в а л ь д. Пастор фикрига қўшиламан.
П а с т о р М а н д е р с. Мана, ўғлингизни олайлик. Олдида гапирсак, ҳечқиси йўқ… Хўш, ўз уйидан кетиш унга не фойда берди? У ҳозир йигирма олти-йигирма еттига бориб қолган бўлса ҳам, ҳалигача уй-жой нималигини билмайди.
О с в а л ь д. Авф этасиз, пастор жаноблари, бу масалада адашаётибсиз.
П а с т о р М а н д е р с. Шундайми? Мен сизни деярли рассомлар доирасида бўлгансиз деб ўйлагандим.
О с в а л ь д. Ҳа, шундай.
П а с т о р М а н д е р с. Айниқса ёшлар даврасида.
О с в а л ь д. Бу ҳам тўғри.
П а с т о р М а н д е р с. Фикримча, уларнинг на уйланишга, на уй-жой қилишга қурби етади?!
О с в а л ь д. Тўғри, пастор жаноблари, кўпчилигининг уйланиш имконияти йўқ.
П а с т о р М а н д е р с. Мен ҳам шуни айтаётибман-да…
О с в а л ь д. Лекин бу нарса уларга уй-жой қилишга ҳеч қандай халақит бермайди. Баъзи бирларининг эса шинамгина уй-жойлари ҳам бор.
Алвинг хоним суҳбатни диққат-эътибор билан кузатаркан,
бошини чайқаб қўяди.
П а с т о р М а н д е р с. Мен бўйдоқларга уй-жой ҳақида гапираётганим йўқ. Уй-жой деганимда оила, хотин, бола-чақани назарда тутаяпман.
О с в а л ь д. Тўғри, бошқача қилиб айтганда, ўз бола-чақаси билан ёки бола-чақасининг онаси билан туради.
П а с т о р М а н д е р с (қўл силтаб қалтирайди). Эй, худованди карим!
О с в а л ь д. Нима бўпти?
П а с т о р М а н д е р с. Ўз бола-чақасининг онаси билан яшармиш!
О с в а л ь д. Сизнинг фикрингизча, ўз болаларининг онасидан воз кечиши керакми?
П а с т о р М а н д е р с. Демак, сиз қонунсиз муносабат ҳақида гапираётибсиз? Яъни “ҳаром” никоҳ тўғрисида?
О с в а л ь д. Эр-хотиннинг бундай туриш-турмушида ҳаромликни сезганим йўқ.
П а с т о р М а н д е р с. Лекин, наҳотки эркак ёки хотин шундай туриш-турмушга рози бўлса, ҳамманинг кўз ўнгида?
О с в а л ь д. Уларнинг нима ҳам иложи бор? Шўрлик ёш рассом, қашшоқ қиз… Уйланишга пул керак. Бошқа нима ҳам қила олардилар?
П а с т о р М а н д е р с. Нима ҳам қила олардилар, дейсизми? Мана мен сизга, жаноб Алвинг, нима қилишлари кераклигини айтиб бераман. Аввал-бошдан ўзларини бир-бировларидан олис тутишлари лозим, мана, масала қаерда!
О с в а л ь д. Сиз бундай ваъз-насиҳатлар билан ошиқ-маъшуқ қалбларни тўхтатолмайсиз.
А л в и н г х о н и м. Тўхтатолмаслигингиз турган гап.
П а с т о р М а н д е р с (давом этиб). Ҳайронман, қандай қилиб, бундай шармандаликка ҳокими мутлоқ чидайди?! Бунинг устига, очиқдан-очиқ йўл қўйиб қўйишган. (Алвинг хоним ҳузурида тўхтаб.) Мана, кўрдингизми, ўғлингиз ҳақида бекордан-бекорга ташвишланмаган эканман-а? Ахлоқсизлик шунчалик яланғоч кўринган, ҳатто одат тусига кириб кетган бундай доираларда…
О с в а л ь д. Рухсат этинг, пастор жаноблари сизга айтсам, мен ҳар якшанба икки-уч шундай “қинғир” оилаларда бўлганман.
П а с т о р М а н д е р с. Яна якшанба кунлари-я!
О с в а л ь д. Бўлмаса қайси куни? Аммо у оилаларда ахлоқсизлик у ёқда турсин, ҳатто бир оғиз ҳам номаъқул гап эшитганим йўқ. Биласизми, мен рассомларнинг қайси доираларида ахлоқсизликнинг гувоҳи бўлдим?
П а с т о р М а н д е р с. Йўқ, худога шукур, билмайман.
О с в а л ь д. Сизга шу нарсани айтишга журъат эта оламан. Бундай ахлоқсизликни биз рассомларга ҳурмат билдириб, ғариб қовоқхоналаримизга бирор серсавлат ҳамшаҳарларимиздан, тимсол бўла оладиган эрлардан, оилабоши оталардан келишганда кўрганман. Ана ўшанда хўп эшитганмиз! Бу жаноблар бизга шундай гапларни айтиб беришганки, етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган.
П а с т о р М а н д е р с. Нима деяпсиз? Сиз ўша серсавлат ҳамшаҳарларимизни шунақа кишилар деб…
О с в а л ь д. Сиз чет элларга бориб келган ўша одамлардан у ёқларда ахлоқсизлик авж олиб кетаётганлигини эшитмаганмисиз?
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, энди…
А л в и н г х о н и м. Мен ҳам эшитганман.
О с в а л ь д. Эшитган бўлсангиз, бемалол ишонаверинг. Уларнинг ичида учига чиққанлари ҳам бор. (Бошини ушлаб.) Эҳ! Яна шундай гаплардан кейин, гўзал, мунаввар, эркин ҳаёт юзига лой чаплаш мумкинми!
А л в и н г х о н и м. Бунчалик ҳаяжонланма, Освальд, сенга мумкин эмас.
О с в а л ь д. Сиз ҳақсиз. Мумкин эмас… Бу ҳаммаси лаънати чарчаш оқибати, биласан. Мен кетдим, овқатгача бир айланиб келаман. Авф этинг, пастор жаноблари, мендан хафа бўлманг, бирдан тутоқиб кетдим. (Ўнгдаги иккинчи эшикдан чиқиб кетади.)
А л в и н г х о н и м. Шўрлик болагинам!..
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, нима деса ҳам бўлади. Мана масала қаерга бориб етган!
Алвинг хоним унга тикилиб қолади. Дам олдинга, дам орқага юради.
— У ўзини адашган ўғил деб атади. Шундай, эвоҳ! Эвоҳ!
Алвинг хоним аввалгидай жимгина унга тикилади.
— Хўш, сиз бу гапга нима дейсиз?
А л в и н г х о н и м. Освальднинг ҳамма гапи тўғри.
П а с т о р М а н д е р с (тўхтаб). Тўғри! Тўғри!.. Шундай фикрда бўлатуриб, ҳақми?
А л в и н г х о н и м. Танҳолигимда мен ҳам шундай фикрга келганман, пастор жаноблари, лекин бундай мавзуларга ёндошишга журъат этолмаган эдим. Мана, энди, ўғлим мен учун гапиришга ҳақли.
П а с т о р М а н д е р с. Аҳволингизга ачинса бўлади, Алвинг хоним. Энди, сизни жиддий огоҳлантириб қўйишим керак. Эндиликда мени ҳузурингиздаги маслаҳатгўй ва ишончли кишигина эмас, сизнинг ва эрингизнинг эски дўсти ҳам эмас, балки ўз умрингизнинг энг даҳшатли ҳақиқатларида туриб берган маънавий отангиз, деб билгайсиз.
А л в и н г х о н и м. Хўш, маънавий отам менга нима демоқчи эканлар?
П а с т о р М а н д е р с. Авваламбор, хотирангизга равшанлик киритмоқчиман. Ҳозир энг қулай пайт. Эртага эрингиз ўлганига ўн йил бўлади, марҳум хотирасига обида қўйилади. Мен халойиқ олдида чиқиб гапираман… Бугунги сўзимни ўзингизгагина бағишлайман.
А л в и н г х о н и м. Яхши, пастор жаноблари, гапираверинг.
П а с т о р М а н д е р с. Эсингиздами, никоҳ тўйингиздан кейин бир йил ўтар-ўтмас, жар ёқасига бориб қолдингиз? Уй-жой, оилангизни ташлаб, эрингиздан қочиб кетдингиз… Шундай, Алвинг хоним, қочиб кетгансиз, ҳа, қочгансиз, унинг ёлборишларига қарамасдан қайтишдан воз кечгансиз!
А л в и н г х о н и м. Эрга теккан йилим нечоғлик бахтиқаро бўлганлигим ёдингиздан кўтарилдими?
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, ана шу-да, бу дунёда бахтга ҳирс қўйишнинг ўзи исёнкор руҳ билан суғорилган! Биз, одамлар, бахт даъво қилишга қандай ҳаққимиз бор? Йўқ, Алвинг хоним, биз ўз бурчимизни адо этишимиз керак. Шунингдек, сизнинг бурчингиз — бир умрга ўзингиз танлаган ва Тангри таоло бошингизни қовуштирган кишига ҳамиша вафодор бўлмоқни тақозо этарди.
А л в и н г х о н и м. Сиз, Алвинг, ўша вақтларда нечоғлик айш-ишратга берилганлигингизни билармидингиз?
П а с т о р М а н д е р с. У ҳақида шундай гаплар бўлганлигидан хабарим бор. Агар ўша гап-сўзларга ишониш керак бўлса, мен унинг ёшлигидаги хулқ-атворини ҳаммадан кўра кўпроқ қоралайман. Лекин, хотин киши ўз эрига қозиликка қўйилмаган. Сизнинг вазифангиз парвардигорнинг иродаси билан зиммангизга юкланган бурчни бўйин товламай адо этишдан бошқа гап эмас эди. Сиз эса фиғонингиз фалакка чиқиб, ушбу бурчни тарк этдингиз, тойган кишига суянчиқ бўлиш ўрнига, уни ташлаб кетдингиз, шундай қилиб, ўз шаънингизга гап тегиздингиз, ўзгаларнинг шаънини ҳам булғашингизга сал қолди.
А л в и н г х о н и м. Ўзгаларни? Ўзгани демоқчисиз?
П а с т о р М а н д е р с. Менинг уйимдан ўзингизга паноҳ излаганингиз ниҳоятда бемаънилик бўлган.
А л в и н г х о н и м. Маънавий отамизнинг уйидан-а? Оиламизнинг дўстиникидан қидирганим-а?
П а с т о р М а н д е р с. Шунинг учун тангрига шукур қилингки, иродам шунчалик мустаҳкам экан… Сизни бузуқ ниятларингиздан халос этиб, Тангри таолонинг қудрати ила тўғри йўлга солиб, ўз уйингизга, ўз эрингизга қайтара олдим.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, пастор Мандерс, бу, шак-шубҳасиз, сизнинг хизматингиз.
П а с т о р М а н д е р с. Мен бу масалада худованди каримнинг ихтиёридаги бир бандаи мўминман, холос. Ўзингиз ўйлаб кўринг, нимаики қилган бўлсам, бари сизнинг шаънингизга, келажак умрингизга фойдали бўлмадими? Айтганларим келмадими? Алвинг адашган йўлидан юз ўгирмадими, тавбасига таянмадими? Хуллас, ўшандан кейин то умрининг охиригача сиз билан ўтган кунлари тинч-тотув ва меҳру муҳаббатли бўлмадими? Ўз юртининг саховатли кишиси бўлиб танилмадими, сизни ўз корхоналарининг ҳаммасида ўзига кўмакдош билиб, номингизни улуғламадими? Мақтаса мақтагудай ишбилармон кўмакчи — ҳа, бу менга маълум, Алвинг хоним. Мен бунинг учун тасанно дейишим керак. Мана, энди мен умрингизда иккинчи марта рўй бериб турган хатоликнинг гувоҳи бўлиб турибман.
А л в и н г х о н и м. Бу билан нима демоқчисиз?
П а с т о р М а н д е р с. Бир вақт жуфти ҳалолликдан бош тортгандай, кейинчалик оналик бурчингиздан ҳам юз ўгирдингиз.
А л в и н г х о н и м. Нима-нима?..
П а с т о р М а н д е р с. Сиз ўз иродангизнинг машъум руҳига ҳамиша қул бўлиб келдингиз, ҳамиша бебош, қонун-қоидасиз ҳаётга хайрихоҳлик кўрсатдингиз. Сиз бурчга ҳамиша сабру тоқатсизлик билан қарадингиз. Ҳеч нарсадан андиша қилмай, виждонингиз олдида хижолат чекмай, зиммангиздаги юкни кўтариш-кўтармаслик худди ўзингизга боғлиқ бўлгандай уни елкангиздан ирғитиб ташламоқчи бўлдингиз. Сизга жуфти ҳалоллик бурчи малол келиб қолганлигидан ундан қўл силтадингиз, оналик бурчи оғирлик қилгандай ўз ўғлингизни бегона кишилар ихтиёрига топширдингиз.
А л в и н г х о н и м. Тўғри, шундай қилганман.
П а с т о р М а н д е р с. Шунинг учун ҳам ўз ўғлингизга бегона бўлиб қолгансиз.
А л в и н г х о н и м. Йўқ, йўқ, ундай эмас.
П а с т о р М а н д е р с. Шундай. Шундай ҳам бўлиши керак эди. Сиз уни қандай топдингиз? Ўзингиз ўйлаб кўринг, Алвинг хоним, сиз эрингиз олдида, дарҳақиқат, гуноҳкорсиз, унинг хотирасига обида қўйиш билан гуноҳингизга иқрор бўлаётибсиз. Ўғлингиз олдидаги гуноҳларингизни ҳам тан олинг. Балки, уни ҳали ҳаққи ҳалол йўлга қайтаришга вақт бордир. Бу масалада ўзингиз бош қотириб, уни қолган-қутган хатолардан сақлаб қолинг. Ҳа-да, (кўрсатгич бармоғини кўтариб). Худо ҳаққи, осий волидасиз, Алвинг хоним! Сизга буни айтиб қўйишни бурчим деб биламан.
Сукунат.
А л в и н г х о н и м (секин-аста, ўзини тутиб олиб). Шундай қилиб, ҳозир кўнглингиздаги гапларни айтиб олдингиз, эртага эрим хотирасига бағишлаб халойиқ олдида ваъз сўзлайсиз. Мен эса эртага гапирмайман. Аммо, эндиликда, мен ҳам сиз билан худди сиз мен билан гаплашгандай гаплашиб олмоқчиман.
П а с т о р М а н д е р с. Ўз-ўзидан маълумки, ўзингизни оқламоқчи бўласиз…
А л в и н г х о н и м. Йўқ. Ундай эмас, бор гапни айтмоқчиман, холос.
П а с т о р М а н д е р с. Хўш?
А л в и н г х о н и м. Сиз ҳозир айтган ҳамма гапларингизни, яъни айтишингизча, мени эгри йўлдан тўғри йўлга солганингиздан кейинги эрим ҳақида, бизнинг турмушимиз ҳақида айтган гапларингизни… ўз кўзингиз билан кўрганингиз йўқ. Ўшандан кейин сиз бизнинг дўстимиз ва ҳамиша азиз меҳмонимиз бўлатуриб, хонадонимизга келмай қўйдингиз.
П а с т о р М а н д е р с. Шу гаплардан кейиноқ сизлар шаҳардан кўчиб кетдингизлар-да.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, лекин сиз ҳали эрим кўзи тириклигида бу жойимизга бирор марта бўлса ҳам келганингиз йўқ. Сизнинг келишингизга зиммангизга олган мана шу ишлар — етимхона қурилиши сабаб бўлди.
П а с т о р М а н д е р с (секин, ҳадиксираб). Элена… Борди-ю, гина қилаётган бўлсангиз, илтимос қилардимки, баъзи бир ҳолларни эътиборга…
А л в и н г х о н и м. … Лавозимингизни, унвонингизни олишимни… Ҳа. Бунинг устига мен ўз эримни ташлаб қочган хотин эдим. Бундай тентак хотинлардан иложи борича нарироқ туриш керак эди-да, ахир.
П а с т о р М а н д е р с. Азизим… Алвинг хоним, сиз ҳаддан ташқари муболаға қилиб юбордингиз…
А л в и н г х о н и м. Ҳа, шундай бўлса, бўла қолсин, айтмоқчи бўлган гапим шуки, менинг оилавий ҳаётим ҳақида, ўйламай-нетмай, кўча-кўйдаги гапларга ишониб фикр юритаётибсиз.
П а с т о р М а н д е р с. Борди-ю, шундай бўлса, нима бўпти?
А л в и н г х о н и м. Мен сизга ҳозир бўлган гапни айтиб бераман, Мандерс. Буни сизнинг ўзингизга, ёлғиз ўзингизга қачондир айтиб бериш учун онт ичганман.
П а с т о р М а н д е р с. Хўш, бўлган гап нимадан иборат экан?
А л в и н г х о н и м. Шундан иборатки, эрим бу дунёда қанчалик расво бўлган бўлса, у дунёга ҳам ўшандай кетди.
П а с т о р М а н д е р с (стул суянчиғини ушлаб туриб). Нималар деяпсиз?
А л в и н г х о н и м. Ўн тўққиз йил турмуш қилганимиздан кейин ҳам, сиз бизни никоҳлашингиздан аввал қандай бузуқбош ёки ўз эҳтиросларининг қули бўлган бўлса, худди шундайлигича ўлиб кетди.
П а с т о р М а н д е р с. Демак, сиз ёшлик хатоларини, баъзи бир йўлдан тойишларини… Боринг-чи, айш-ишратларини бузуқбошлик демоқчи бўласизми!
А л в и н г х о н и м. Хонадонимиз врачи шундай деб атарди.
П а с т о р М а н д е р с. Сизни ҳеч тушунолмаяпман.
А л в и н г х о н и м. Тушунишнинг ҳожати ҳам йўқ.
П а с т о р М а н д е р с. Бошим қотди. Демак, сизнинг эр-хотинлигингиз, бир ёстиққа бош қўйиб, кўрган узоқ умрингиз жаҳаннамнинг, хаспўшлаган жаҳаннамнинг ўзгинаси экан-да?
А л в и н г х о н и м. Худди шундай. Энди сизга маълум.
П а с т о р М а н д е р с. Бунга… бунга тезда кўникишим қийин. Ҳазм қилолмайман… Наҳотки, шундай бўлиши мумкин?.. Қандай қилиб, эл кўзидан яшириниб қолди экан?..
А л в и н г х о н и м. Ошкор бўлмаслиги учун мен кечаю кундуз тинмасдан курашдим. Освальд туғилганда Алвинг бироз юввош тортгандай бўлди. Бу кўпга бормади. Мен эса ўғлимнинг отаси ким ва қанақалигини ҳеч ким, ҳеч қачон билмаслиги учун янада баттарроқ курашдим. Бунинг устига, эримнинг ёқимтойлигини, ҳаммага ёқишлигини билардингиз-ку, у ҳақда ёмон фикрда бўлиш кимнинг хаёлига келибди? У шундай одамлардан эдики, қандай номаъқулчилик қилса ҳам, халойиқ олдида боягидай ўз обрўсида қолаверарди. Мана энди Мандерс, бу ёғини ҳам билиб қўйинг… Охири шундай бўлдики, иш разилликка бориб етди.
П а с т о р М а н д е р с. Илгаригиси ҳолва бўлиб қолди денг?
А л в и н г х о н и м. Аввал бошда бунга унчалик эътибор бермадим. Ҳолбуки, кўча-кўйда мендан яшириб қилиб юрган ишларини жуда яхши билардим. Бундай шармандалик уйимизга кириб келганда…
П а с т о р М а н д е р с. Нима, нима? Шу ерда дейсизми?
А л в и н г х о н и м. Ҳа, худди шу жойда, ўз уйимизда. Ана унда (бармоғи билан ўнг қўлдаги биринчи эшикни кўрсатиб). Емакхонада бу гапдан биринчи хабар топдим. Нима бўлди-ю, мен ўша томонга ўтдим, лекин эшикни зич ёпмаган эканман. Бир вақт, қулоқ солсам, уй чўримиз чорбоғдан айвонга чиқиб гулларга сув сепаётибди…
П а с т о р М а н д е р с. Хўш, хўш?
А л в и н г х о н и м. Кўп фурсат ўтмасдан Алвинг кирди ва унга шивирлаб алланималар деди-да, бирдан… (Асабий кулиб.) Оҳ, бу эшитган сўзларим ҳамон қулоғимда аллақандай янграйди, эсласам, қалтираб кетаман, ақл бовар қилмайди ҳам!.. Менинг чўрим унга пичирлаб: “Қўйиб юборинг, жаноб камергер, қўйиб юборинг!” деганини ўз қулоғим билан эшитганман.
П а с т о р М а н д е р с. Қандай ярашмаган, бемаънилик! Лекин бу гапларнинг ҳаммаси бемаъниликдан бўлак нарса эмас, Алвинг хоним. Ҳа, ишонаверинг!
А л в и н г х о н и м. Нимага ишонишим кераклигини билиб олдим. Камергер ўша қиздан шундай нарса орттирдики… Кейинчалик бу муносабат кўрсатадиганини кўрсатди, пастор Мандерс.
П а с т о р М а н д е р с (ҳуши учиб). Ҳамма иш шу уйда бўлди денг! Шу уйда!
А л в и н г х о н и м. Мен бу уйда кўп нарсага чидадим. Уни оқшомлари, кечалари ҳам, шу уйда олиб қолиш учун улфатчилик қилдим, юқорида ётиб олиб ичган кунлари унга шерик бўлдим… У билан ўлтирардим, уриштириб ичардим, пойма-пой гапларига, алжирашларига қулоқ солардим, кейин ўрнига олиб бориб ётқизиш учун муштлашишимизга сал қоларди…
П а с т о р М а н д е р с (ҳангу-манг бўлиб). Сиз шуларнинг ҳаммасига чидармидингиз, ҳаммасига-я!
А л в и н г х о н и м. Биргина ўғлим туфайли ҳаммасига чидардим. Аммо, охирги марта оёғости қилганда ўз чўрим билан… Мен ўз-ўзимга қасамёд қилдимки, бу ишга энди барҳам бериш керак! Шундай қилиб ҳукми олийни ўз қўлимга олдим, уйда айтгани-айтган, дегани-деган бека бўлиб қолдим, унинг ўзига ҳам, бошқаларга ҳам сўзим ўтарди… Энди менинг қўлимда унга қарши қурол пайдо бўлди, ғиринг деёлмас эди. Мана ўшандай бир пайтда Освальдни жўнатдим. У етти ёшга қадам қўйиб, унча-мунча нарсани пайқайдиган, ҳамма болаларга ўхшаш савол берадиган бўлиб қолган эди. Мен бунга чидолмадим, Мандерс. Менинг наздимда, бола бу уйда нафас олганда ҳаво билан бирга микробларни ҳам қўшиб ютаётгандай кўринарди. Мана, нима учун мен уни жўнатиб юбордим. Энди сиз ҳам, менга отасининг кўзи тириклигида ўз уйининг остонасини бир марта бўлса ҳам босмаганлигини тушунгандирсиз. Мен чеккан бу азобларни ҳеч ким билмайди.
П а с т о р М а н д е р с. Худо ҳаққи, жуда кўп азоб-уқубат чеккансиз!
А л в и н г х о н и м. Агар юмуш билан банд бўлмаганимда бунга бардош беролмасдим. Ҳа, журъат билан айтоламанки, меҳнат қилдим. Мана, бу ер майдонларини кенгайтирилганлиги, яхшиланганлиги, парвариш топганлиги, фойдали янги қўлланмаларни жорий этилганлиги туфайли Алвингни мақтаб, кўкларга кўтардилар, ўйлайсизки, унинг бунга ғайрат-шижоати етармиди? Худонинг берган куни у диванга чўзилиб, эски-туски адрас-тақвимларни варақларди! Йўқ, энди мен сизга ҳамма гапни айтиб бераман. Унинг иши ўнгидан келган кунлари бундай шароитни унга мен ўзим яратиб берганман, жинниси тутиб, яна ичиб расвои радди маърака бўлган кезлари бутун оғирликни ўз елкамга олганман, у бўлса тарала бедод!..
П а с т о р М а н д е р с. Ҳали сиз шундай кишига ҳайкал қўймоқчимисиз?
А л в и н г х о н и м. Менинг нопок виждоним ана шуни даъват қилаётибди.
П а с т о р М а н д е р с. Нопок… бу қандай бўлди?
А л в и н г х о н и м. Менга ҳеч қачон ҳақиқат юзага чиқмасдан иложи йўқдай туюларди. Шундай қилиб, мана бу етимхона ҳамма гап-сўзларни шак-шубҳаларнинг устини хаспўшлайдигандай туюларди.
П а с т о р М а н д е р с. Сиз, албатта, ўз ҳисоб-китобингизда адашганингиз йўқ.
А л в и н г х о н и м. Менда бунга яна бошқа сабаб бор эди. Лекин менинг ўғлим Освальд ўз отасининг бирор нарсасига меросхўр бўлишини хоҳламадим.
П а с т о р М а н д е р с. Алвингнинг пулига-я?
А л в и н г х о н и м. Ҳа. Мен ҳар йили бу етимхона учун даромаднинг бир қисмини йиғиб бордим, токи лейтенант Алвинг уйлангунгача унинг қўлида қанча пул бўлган бўлса, шунча бўлди.
П а с т о р М а н д е р с. Гапларингизни тушуниб турибман.
А л в и н г х о н и м. Менга қанча пул сарфлаган бўлса, шунча пул тўпладим. Мен бу пулнинг Освальдга ўтишини сира истамайман. Менинг ўғлим керак бўлган бутун дов-дастакни мендан қабул қилиб олиши керак.
Освальд Алвинг ўнг томондаги эшикдан киради, на бошида шляпа,
на эгнида пальто бор. Алвинг хоним унга юзма-юз боради.
Дарров қайтиб келдингми, болагинам?
О с в а л ь д. Иложи йўқ. Сайр этиб бўлмайди, ёмғир шаррос қуяётибди. Эшитишимча, ҳозир дастурхонга ўтиришимиз керак, шундайми? Кўнгилдаги иш!
Р е г и н а (қўлида пакет билан емакхонадан чиқиб келади). Бу мактуб сизга, бека ойим. (Узатади.)
А л в и н г х о н и м (пасторга қарайди). Эҳтимол, эртанги бўладиган маросим очилишига дебочадир.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳимм…
Р е г и н а. Дастурхон тайёр.
А л в и н г х о н и м. Жуда соз. Ҳозир борамиз. Мен фақат бир нарсани истардим… (пакетни очади).
Р е г и н а (Освальддан). Кўнгиллари қизил ёки оқ портвейнни тусайдими, жаноб Алвинг?
О с в а л ь д. Уни ҳам, буни ҳам, ойпошша Энгстран.
Р е г и н а. Bien!1 хўп бўлади жаноб Алвинг. (Емакхонага кириб кетади.)
О с в а л ь д. Шишаларни очишга ёрдамлашиш керак… (Унинг ортидан боради, эшикни қаттиқ ёпмайди.)
А л в и н г х о н и м (пакетни очиб). Ҳа, шундай деб ўйлаган эдим. Эртанги маросимга дебоча, пастор Мандерс.
П а с т о р М а н д е р с (қўлларини қовуштириб). Эртага нутқ сўзлашга менда журъат етармикин?
А л в и н г х о н и м. Қандай бўлмасин, бир амаллайсиз-да!
П а с т о р М а н д е р с (емакхонадагилар эшитмаслиги учун секин гапиради). Ҳа, кишиларнинг юрагига ўт ёқмаслик керак-ку, ахир!
А л в и н г х о н и м (овозини пастлаб, қатьият билан). Ҳа, шундай. Аммо бундан кейин тамом-вассалом. Узоқ чўзилган азоб-уқубатли комедия тугайди. Эрта ўтиб индинга мен учун марҳум йўқ, гўёки ҳеч қачон бу уйда у яшамагандай. Бу ерда фақат менинг ўғлим ўз онаси билан қолади, холос.
Емакхонада шовқин-сурон кўтарилади, стул ағанагани эшитилади ва
Регинанинг кескин шивирлаши қулоққа урилади.
“Освальд! Эсингни едингми? Қўйиб юбор мени!” (Алвинг хоним қалтираб кетади.) Нима! (Қия очиқ қолган эшикдан эсдан оққандай қарайди.)
Емакхонадан аввал Освальднинг йўтал товуши келади, сўнг аллақандай қўшиқни хиргойи қилгани ва ниҳоят шишаларнинг оғзини очганлиги эшитилади.
П а с т о р М а н д е р с (жирканиб). Бу қандай бемаънилик? Қандай гап бу, Алвинг хоним?
А л в и н г х о н и м (хириллаб). Арвоҳлар! Айвондаги ошиқ-маъшуқлар… У дунё келгиндилари…
П а с т о р М а н д е р с. Нималар деяётибсиз? Регина? Демак, у?…
А л в и н г х о н и м. Ҳа, шундай, қани кетдик. Туя кўрдингми — йўқ!.. (Пасторнинг қўлидан ушлаб, алдам-қалдам оёқ босиб, у билан емакхонага кириб кетадилар).
П а р д а.
ИККИНЧИ КЎРИНИШ
Ўша хона. Ташқарида ҳамон қуюқ туман қоплаган манзара. П а с т о р М а н д е р с билан А л в и н г х о н и м емакхонадан чиқиб келишади.
А л в и н г х о н и м (остонага етар-етмас). Ош бўлсин, жаноб пастор. (Ошхона томонга ўгирилиб.) Освальд, сен биз билан бирга юрмайсанми?
О с в а л ь д (емакхонада туриб). Йўқ, таклифларингиз учун ташаккур, пича айланиб келсам, деб турибман.
А л в и н г х о н и м. Бора қол, бора қол. Ёмғир ҳам тўхтади. (Емакхонанинг эшигини ёпиб, даҳлиз эшигига яқинлашади.) Регина!
Р е г и н а (киравериш хонадан туриб). Лаббай?
А л в и н г х о н и м. Дазмоллайдиган хонага бориб, гулчамбарлар тайёрлашга ёрдамлашиб юбор.
Р е г и н а. Хўп бўлади, бека ойим.
Алвинг хоним Регинанинг чиқиб кетганлигига қаноат ҳосил қилгач,
эшикни ёпиб орқага қайтади.
П а с т о р М а н д е р с. Бу ердаги гап ўғлингизга эшитилмас-а?
А л в и н г х о н и м. Йўқ, эшик ёпиб қўйилса, эшитилмайди. Дарвоқе, у ҳозир чиқиб кетади.
П а с т о р М а н д е р с. Мен ҳамон ўзимга кела олмаяпман. Таомларингиз қанчалик лаззатли бўлмасин, томоғимдан ўтмаганига ҳайронман.
А л в и н г х о н и м (ҳаяжонини босиш учун у ёқдан-бу ёққа юриб). Мен ҳам гангиб қолдим. Энди нима қиламиз?
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, нима қилиш керак? Ростини айтсам, ақлим бовар қилмаяпти. Бунақа ишларда менинг ҳеч қанақа тажрибам йўқ.
А л в и н г х о н и м. Мен аминманки, ҳали масала ишкал бўлишга етганича йўқ.
П а с т о р М а н д е р с. Йўқ, худо асрасин! Аммо, ҳар қалай, ножўя ишнинг бошлангани аниқ.
А л в и н г х о н и м. Хотирингиз жам бўлсин, бу Освальднинг шунчаки шўхлигидан бўлак нарса эмас.
П а с т о р М а н д е р с. Такрор айтаман, бунақа ишларга менинг ақлим етмайди, шундай бўлса ҳам назаримда…
А л в и н г х о н и м. Регинани бу ердан узоқлаштириш керак, албатта. Буни иложи борича тезроқ амалга ошириш керак. Бу ўз-ўзидан маълум…
П а с т о р М а н д е р с. Бошқа иложи йўқ.
А л в и н г х о н и м. Лекин, қаёққа? Ахир биз уни…
П а с т о р М а н д е р с. Қаёққа бўларди? Уйига, отасининг олдига.
А л в и н г х о н и м. Қаёққа дедингиз?
П а с т о р М а н д е р с. Отасиникига… Дарвоқе, Энгстран унинг… Ё парвардигор, наҳотки, бу тўғри бўлса? Ҳарқалай, сиз янглишмаяпсизми?
А л в и н г х о н и м. Афсуски, мен ҳеч нарсада янглишганим йўқ. Иоханна ҳаммасини тан олди. Алвинг ҳам иқрор бўлди. Шундан кейин бу ишни ими-жимида бостириб юборишдан бошқа чора қолмади.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, дарвоқе, бошқа нима ҳам қилиб бўларди?
А л в и н г х о н и м. Чўримизни, яъни Иоханнани ўша заҳотиёқ жўнатиб юбордик. Ҳеч кимга оғиз очмайсан, деб мўмайгина пул ҳам бердик. Қолганини ўзи эплаштирибди: шаҳарга бориб, дурадгор Энгстран билан эски ошначилигини тиклабди. Ўзининг тузуккина маблағ орттирганлигини маълум қилиб, гўё бу ерга ёзда кемада келган аллақандай муҳожир ҳақида латифа тўқиган бўлса керак. Шундан кейин улар тезликда никоҳдан ўтишган. Айтгандек, уларни сиз ўзингиз никоҳлагансиз-ку.
П а с т о р М а н д е р с. Буни қандай баҳолаш керак… Энгстран, никоҳ ўқиб қўйсангиз, деб ялиниб келганда унинг қанчалик хафа кўрингани, келин билан қилиб қўйган енгилтакликлари учун ўкиниб тавба-тазарру этгани… ҳануз кўз олдимда.
А л в и н г х о н и м. Айбни ўз бўйнига олишга тўғри келган-да.
П а с т о р М а н д е р с. Муғамбирлик ҳам эви билан-да! Яна менинг ҳузуримда-я! Якоб Энгстрандан буни ҳеч қачон кутмаган эдим. Унинг шунақа таъзирини берайки! Билиб қўйсин!.. Бунақа ахлоқсизлик… Пул учун-а!.. Жувоннинг ёнида қанча пул бўлган?
А л в и н г х о н и м. Уч юз специй-даллер.
П а с т о р М а н д е р с. Буни қаранг-а, аллақандай уч юз даллер учун ярамас бир хотинни ўз никоҳига олиш!
А л в и н г х о н и м. Мен ҳақимда нима дейсиз? Ахир мен ҳам шунақа тубан эркакнинг никоҳига ўтганман-ку.
П а с т о р М а н д е р с. Худо асрасин! Нималар деяпсиз?! Тубан эркак билан дейсизми?..
А л в и н г х о н и м. Ёки, сизнингча, мен Алвинг билан никоҳ тожини кийганимда унинг гуноҳи Иоханнаникидан камроқ бўлганми?
П а с т о р М а н д е р с. Буларнинг ўртасида таққослаб бўлмайдиган тафовут бор…
А л в и н г х о н и м. Йўқ, бунчаликмас. Тўғрироғи, фарқи фақат нархида эди. Арзимаган уч юз даллер ва бир умрга етгулик бойлик.
П а с т о р М а н д е р с. Йўқ, бу мутлақо бир-бирига қовушмайдиган нарсалар. Ахир, сиз ўз қалбингиз амрига ва яқин кишиларингиз маслаҳатига бўйсунгансиз.
А л в и н г х о н и м (унга қарамасдан). Сиз қалб амри, деб айтган нарса ўша пайтда мени қаёққа чорлаганини англагандирсиз, деб ўйлаган эдим.
П а с т о р М а н д е р с (совуққонлик билан). Агар бирор нарсани фаҳмламаганимда борми, эрингизнинг ҳар куни меҳмони бўлмаган бўлардим.
А л в и н г х о н и м. Ҳарқалай, шу нарса шубҳасизки, ўша пайтда мен ўзим билан яхшироқ кенгашиб кўрмаганман.
П а с т о р М а н д е р с. Лекин яқин кишиларингиз: онангиз ва иккала холангиз билан маслаҳатлашгансиз, шундай бўлиши ҳам керак эди.
А л в и н г х о н и м. Бу тўғри. Улар учовлашиб мен учун қарор қилишган. Бунақа таклифни рад этиш — бориб турган бефаросатликнинг ўзгинаси, деган фикрга тез ва осонгина кўниб қўя қолишганига ҳеч ақлим бовар қилмайди. Бу ажойиб никоҳ-қовушувининг оқибати нима бўлганлигини онам гўридан чиқиб бир кўрса эди!
П а с т о р М а н д е р с. Оқибат нима бўлишлигини ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмайди. Ҳарқалай сизларнинг никоҳларингиз қонуний тартибда бўлганлиги шубҳасиз.
А л в и н г х о н и м (дераза олдига бориб). Ҳа, бу қонун ва тартиб! Ер юзидаги барча бахтсизликларнинг сабабчиси ҳам шу қонун ва шу тартиб бўлса керак, деган фикр тез-тез хаёлимга келадиган бўлиб қолди.
П а с т о р М а н д е р с. Алвинг хоним, осийлик қиляпсиз.
А л в и н г х о н и м. Эҳтимол. Лекин одамнинг қўл-оёқларини ипсиз боғлаб қўядиган бу шартли нарсалар билан ортиқча ҳисоблаша олмайман. Мен озодлик истайман.
П а с т о р М а н д е р с. Бу билан нима демоқчисиз?
А л в и н г х о н и м (дераза раҳини чертиб). Алвингнинг қандай ҳаёт кечирганлигига парда ёпмаслигим керак эди. Аммо ўша вақтда мен ҳадиксираш туфайли бошқача йўл тутмаганман. Айтгандек, ўзимнинг шахсий мулоҳазаларим туфайли шундай қилганман. Шунақа қўрқоқ эдим.
П а с т о р М а н д е р с. Қўрқоқ эдим дейсизми?
А л в и н г х о н и м. Унинг қилмишлари одамларнинг қулоғига етса, улар мени айблашарди. “Бечора! Хотини шунақа бўлгандан кейин аламидан маишатга берилган-да! Ахир, хотини уни бир марта ташлаб кетган-ку!” дейишлари турган гап эди.
П а с т о р М а н д е р с. Шундай дейишга маълум даражада ҳақлари ҳам бор эди-да.
А л в и н г х о н и м (унга тик қараб). Агар мен ҳадиксирамаганимда Освальдни ёнимга чақириб олардим-да, “Ўғлим, қулоғингга қуйиб ол, сенинг отанг бузуқбош бўлиб ўтган” деган бўлар эдим…
П а с т о р М а н д е р с. Ё тавба…
А л в и н г х о н и м. … Сўнг унга, ҳозир сизга гапирганимдек, ҳаммасини бирма-бир айтиб берган бўлардим.
П а с т о р М а н д е р с. Хоним, бу гапларингиздан жаҳлим чиқиши мумкин.
А л в и н г х о н и м. Биламан, биламан. Бу фикрлар менинг ўзимни ҳам ғазаблантиради. (Дераза олдидан нари кетиб.) Мен мана шунақа қўрқоқман.
П а с т о р М а н д е р с. Демак, сиз бурчингиз, вазифангиз бўлган нарсани қўрқоқлик деб атаяпсиз! Болалар ўз ота-оналарини яхши кўришлари, ҳурмат қилишлари лозимлигини унутиб қўйдингизми?
А л в и н г х о н и м. Баҳслашиб ўтирмайлик. Ўзимизга шундай бир савол берайлик: Освальд камергер Алвингни яхши кўриши ва ҳурмат қилиши керакми?
П а с т о р М а н д е р с. Наҳотки, оналик қалбингиз ўғлингизнинг отасига бўлган меҳр ва эътиқодини барбод этишни даъват қилса?
А л в и н г х о н и м. Ҳақиқат-чи, уни нима қиласиз?
П а с т о р М а н д е р с. Эътиқод-чи?
А л в и н г х о н и м. Эътиқод, эътиқод! Агар, мен бунақа қўрқоқ бўлмаганимда…
П а с т о р М а н д е р с. Алвинг хоним, эътиқод ва эзгуликни рад этманг. Бу оғир мусибатларга олиб келиши мумкин. Айниқса, гап Освальд ҳақида кетаётган бир пайтда бундай қилишингиз ярамайди. Аммо шуни айтишим мумкинки, Освальднинг назарида, отаси — унинг учун ибрат.
А л в и н г х о н и м. Бу масалада ҳақсиз.
П а с т о р М а н д е р с. Унинг хаёлидаги бундай тасаввурни ўзингиз яратгансиз ҳамда мактубларингиз билан тобора мустаҳкамлаб боргансиз.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, мен бурч ва ҳар хил мулоҳазалар андишасига борганман. Шунинг учун ҳам ўғлимга ёлғон гапирганман, бир умр алдаб келганман. Оҳ, нақадар қўрқоқлик, нақадар қўрқоқлик.
П а с т о р М а н д е р с. Сиз ўғлингиз қалбида эзгу хаёл яратгансиз, Алвинг хоним… Бунинг аҳамиятини камситманг…
А л в и н г х о н и м. Ҳим, ким билсин, аслини олганда бу яхшими, йўқми?!! Лекин ҳар қандай бўлганда ҳам Регина билан ўғлимнинг ўртасида бирон нарсанинг бўлишига сира йўл қўймайман. Бечора қизни бахтсиз қилдирмаслигим лозим.
П а с т о р М а н д е р с. Йўқ, худо асрасин! Бу даҳшат бўлур эди!
А л в и н г х о н и м. Агар у бунга жиддий қараётганлигини, Регина билан бахтиёр бўлишлигини билсам…
П а с т о р М а н д е р с. Нима? Қандай қилиб?
А л в и н г х о н и м. Лекин бунинг бўлиши амри маҳол. Афсуски, Регина унақа эмас.
П а с т о р М а н д е р с. Борди-ю… Нима демоқчи эдингиз?
А л в и н г х о н и м. Агар бунақа аянчли қўрқоқ бўлмаганимда ўғлимга, Регинага уйлан ёки ўз турмушларингни қандай хоҳласанглар шундай қураверинглар, фақат ёлғону хиёнат аралашмасин, деган бўлардим.
П а с т о р М а н д е р с. Ё тавба!.. Уларни қонуний никоҳлаш! Ахир бу, қулоқ эшитмаган бир даҳшат-ку!..
А л в и н г х о н и м. Қулоқ эшитмаган дедингизми? Пастор Мандерс, ўзингиз яхшилаб бир ўйлаб кўринг-чи, атрофимизда ана шундай бир-бирига яқин қариндош бўлган эр-хотинлар озми?
П а с т о р М а н д е р с. Мен сизни сира тушунмаяпман.
А л в и н г х о н и м. Тушунаяпсиз ҳам дейлик.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, албатта, сиз содир бўлиши мумкин бўлган ҳолларни назарда тутаяпсиз, яъни… Тўғри, бахтга қарши оилавий турмуш ҳамиша ҳам ўзининг софлиги билан ажралиб турмайди. Лекин сиз ишора қилаётган ҳодисалар ҳақида ҳеч кимга ҳеч нарса маълум эмас, ҳар қалай аниқ бир нарса билишмайди. Ҳозирги ҳолда эса, аксинча… Сиз она бўла туриб ўғлингизнинг…
А л в и н г х о н и м. Мен-ку буни истамайман. Бундай бўлишига сира йўл қўйгим йўқ! Ҳеч қачон! Ахир, мен шу ҳақида қайғуряпман-ку.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа-ҳа, ўзингиз айтгандек, қўрқоқлигингиз учун. Борди-ю, қўрқоқлик қилмасангиз-чи?.. Ё раббий, ўта қабиҳ бир никоҳ бўлур эди!
А л в и н г х о н и м. Ахир ҳаммамиз ҳам, айтишларига қараганда, ана шунақа никоҳ оқибатида яралганмиз-ку, оламда бунақа тартибни ким ўрнатган ўзи, пастор Мандерс?
П а с т о р М а н д е р с. Бунақа масалаларни сиз билан муҳокама қилиб ўтирмаймиз. Сиздаги руҳ бу ҳақда фикр юритишга ожизлик қилади. Лекин, бу сиздаги қўрқоқликнинггина аломати, деб қандай айта оласиз?..
А л в и н г х о н и м. Бу ҳақда мен мана қандай фикрдаман: менинг вужудимда арвоҳнамо бир нарса мавжудки, мен ундан ҳеч қутула олмаяпман. Шунинг учун ҳам қўрқоқман.
П а с т о р М а н д е р с. Сиз уни нима деб атадингиз?
А л в и н г х о н и м. Арвоҳнамо бир нарса. Ҳали емакхонада Регина билан Освальднинг гапларини эшитганимда, — наздимда нариги дунёдан чиқиб келганлар тургандек бўлиб туюлди. Лекин, ҳаммамиз ҳам ўша ёқдан чиқиб келганмиз, деб ўйлашга ҳам тайёрман, пастор Мандерс. Ота-оналаримиздан мерос қолган одатларгина эмас, балки аллақачон ўз аҳамиятини йўқотган, лекин ҳамон яшаб келаётган эски тушунчалар, ақидалар ва бошқа шу сингари нарсаларнинг таъсири ҳам бизда кучли. Буларнинг ҳаммаси эндиликда вужудимизда яшамаётган бўлса-да, лекин шунақа қаттиқ ўрнашиб олганки, улардан қутулиб бўлмайди. Қўлимга газета олдимми, бас, ўша гўрдан чиқиб келганлар сатрлар орасидан менга кўринаверади. Ҳа, бутун мамлакатни ана шунақа арвоҳлар босиб кетган бўлса керак. Улар худди денгиз остидаги қумдек беҳисоб… Биз эса нотавон қўрқоқлар, ёруғликдан қўрқамиз!..
П а с т о р М а н д е р с. Мана, бу ўқиган китобларингизнинг оқибати!.. Ажойиб самара! Эҳ, ўша жин ургур талвасали, эркин фикрли қиссаю баёнлар!
А л в и н г х о н и м. Сиз янглишяпсиз, муҳтарам пастор. Менда фикр уйғотган ўзингизсиз… Сизга шон-шарафлар бўлсин.
П а с т о р М а н д е р с. Менга?!
А л в и н г х о н и м. Ҳа, сиз айтган бурч ва мажбуриятга мени бўйсунишга мажбур қилган ўзингизсиз. Бутун вужудим қақшаб қаршилик кўрсатган нарсаларни кўкларга кўтариб мақтаган сизсиз. Мана, ниҳоят сизнинг таълимингизни таҳлил қила бошладим. Мен фақат битта тугунни ечмоқчи бўлган эдим. Лекин ўша тугунни ечишим ҳамон ҳаммаси чок-чокидан сўкилиб кетди. Унинг шунчаки йўрмалаб қўйилган чок эканлигини шундагина билдим.
П а с т о р М а н д е р с (ҳаяжонланиб, секин). Наҳотки, бутун умримни бахшида қилганим бу оғир кураш натижасида эришган ютуқларим шу бўлса…
А л в и н г х о н и м. Буни, яхшиси, ўзингизнинг энг аянчли мағлубиятингиз, деб қўя қолинг.
П а с т о р М а н д е р с. Бу менинг ҳаётимдаги энг улкан ғалаба эди, Элена. Ўз устимдан ўзимнинг ғалаба қилишим эди бу.
А л в и н г х о н и м. Бу иккимизга қарши қаратилган жиноят эди.
П а с т о р М а н д е р с. Жиноят! “Мана мен, ихтиёрингдаман!” дея телбаларча қичқириб ҳузуримга кириб келганингизда, қонуний эрингизга қайтинг, деганим жиноятмиди? Наҳотки, бу жиноят бўлса?
А л в и н г х о н и м. Ҳа, менга шундай туюлади.
П а с т о р М а н д е р с. Биз бир-биримизни тушунмаяпмиз.
А л в и н г х о н и м. Ҳарқалай, тушунмайдиган бўлиб қолдик.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳеч қачон… ҳеч қачон, ҳатто, ўзимнинг энг сирли хаёлларимда ҳам сизга дўстимнинг рафиқасидан бўлак муносабатда бўлмаганман.
А л в и н г х о н и м. Ростдан-а?
П а с т о р М а н д е р с. Элена!..
А л в и н г х о н и м. Одам осонгина эсидан чиқарар экан.
П а с т о р М а н д е р с. Мен эмас. Мен ҳамиша қандоқ бўлган бўлсам, ҳозир ҳам ўшанинг ўзиман.
А л в и н г х о н и м (гап оҳангини ўзгартириб). Ҳа-ҳа-ҳа, ўтмиш ҳақида бошқа гаплашмаймиз. Ҳозир сиз ўз комиссия ва мажлисларингизга бутун бошингиз билан шўнғиб кетгансиз, мен эса бу ерда нималардир деб алжиб ўлтирибман, у дунё бу дунё арвоҳлари билан курашмоқдаман.
П а с т о р М а н д е р с. Бу дунёдагиларидан қутулишингизда сизга кўмаклашаман. Сиздан эшитган даҳшатли хабарлардан кейин, тажрибасиз бир қизни сизнинг уйингизда қолдиришга виждоним йўл қўймайди.
А л в и н г х о н и м. Уни бирон ерга жойлаштириб қўйганимиз маъқул бўлмасмикин? Яъни бирон яхши кишига эрга берсак.
П а с т о р М а н д е р с. Шак-шубҳасиз. Ўйлайманки, бу тадбир унинг учун ҳар томонлама айни муддао бўлур эди. Регина айни шунақа ёшдаки… Тўғрироғи, мен бунақа ишлардан мутлақо бехабарман, лекин…
А л в и н г х о н и м. Регина эрта етилди.
П а с т о р М а н д е р с. Шунақами? Эсимда, уни конфирмацияга тайёрлаган вақтимдаёқ балоғатга етиб қолган эди. Лекин ҳозирча уни уйига, отасининг назорати остига юбориб туриш керак… Ҳа, айтгандек, Энгстран унинг… Наҳот, у мени шунчалар алдаса!
Эшик тақиллайди.
А л в и н г х о н и м. Ким бўлди экан? Кираверинг!
Э н г с т р а н (ясанган-тусанган ҳолда, эшик олдида пайдо бўлади). Авф этгайсиз, лекин…
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа-ҳа! Ҳим!
А л в и н г х о н и м. Э, бу сизми, Энгстран?
Э н г с т р а н. Бу ёқда хизматкорлардан ҳеч ким йўқ экан, шунинг учун ҳам эшигингизни тақиллатишга журъат этдим.
А л в и н г х о н и м. Қани-қани, кираверинг. Менда ишингиз бормиди?
Э н г с т р а н (кира туриб). Йўқ, миннатдорман. Пастор жанобларига бир оғиз сўзим бор, холос.
П а с т о р М а н д е р с (у ёқ-бу ёққа юриб). Ҳм, шунақами? Мен билан гаплашмоқчимисиз? А?
Э н г с т р а н. Ҳа, сиз билан гаплашишни жуда истардим.
П а с т о р М а н д е р с (унинг олдига бориб тўхтайди). Хўш, нима гапингиз бор эди, қулоғим сизда.
Э н г с т р а н. Мен сизга айтсам, пастор жаноблари, ҳозир бизда у ёқда ҳисоб-китоб қилиняпти… Сиздан ғоят миннатдормиз, бека ойим!.. Мен сизга айтсам, биз ҳаммасини тугалладик. Мен сизга айтсам, энди бизлар, — ахир биз ҳаммамиз жуда яхши ишладик, — энди бизлар хайрлашиш олдидан биргаликда тоат-ибодат қилиб олсак, деган эдик.
П а с т о р М а н д е р с. Тоат-ибодат? Етимхонадами?
Э н г с т р а н. Ёки, пастор жаноблари, бу унчалик маъқул эмасми?
П а с т о р М а н д е р с. Йўқ, нега, мумкин, албатта, аммо… ҳмм…
Э н г с т р а н. Мен ўзим бу ерда кечқурунлари тоат-ибодат ҳақида суҳбатлар ўтказиб турган эдим…
П а с т о р М а н д е р с. Шунақами?
Э н г с т р а н. Ҳа, баъзи-баъзида… Ҳалиги, руҳни саломат асраш йўсинида деганларидек. Фақат мен оддий кишиман, билимсизман, — э, худо, ўзинг мадад бергайсан, — оми киши бўлсам ҳам, ҳар қалай йўлини қилиб турдим… Мен сизга айтсам, энди пастор жаноблари ўзлари шу ерда эканлар, энди…
П а с т о р М а н д е р с. Биласизми, Энгстран, аввал сизга битта савол беришим керак. Шундай ибодатга тайёрмисиз? Виждонингиз соф ва саломатми?
Э н г с т р а н. Эҳ худо, гуноҳкор бандангни ўзинг асра! Виждон ҳақида гапиришга йўл бўлсин бизга, пастор жаноблари!
П а с т о р М а н д е р с. Йўқ, худди шу виждон ҳақида гапиришингизга тўғри келади. Қани, нима жавоб берасиз?
Э н г с т р а н. Энди, виждон дегани, ҳалиги, албатта бегуноҳ эмас.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳарқалай иқрор бўляпсиз! Хўш, Регина ҳақидаги гапларга нима дейсиз? Менга ҳаммасини рўйирост айтиб берасиз деган умиддаман.
А л в и н г х о н и м (шошилинч). Пастор Мандерс!
П а с т о р М а н д е р с (тинчлантирувчи оҳангда). Менга қўйиб беринг!
Э н г с т р а н. Регина ҳақида? Ё ҳазратим Исо! Ўтакамни ёрдингиз-ку! (Алвинг хонимга қараб.) Унга бирор нарса бўлгани йўқми, ишқилиб?
П а с т о р М а н д е р с. Умид қиламизки, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Регина сизга ким бўлади, деб сўраяпман. Сизни унинг отаси дейишади… Хўш?
Э н г с т р а н (ишончсизлик билан). Ҳа… ҳм… марҳум Иоҳанна билан бизнинг қандай топишганлигимиз пастор жанобларига маълумми?
П а с т о р М а н д е р с. Энди ҳеч қанақа чап беришлар кетмайди! Бор гапни айтаверинг! Марҳум хотинингиз бу ердан кетишдан олдин Алвинг хонимга барча гуноҳларига иқрор бўлган.
Э н г с т р а н. Эҳ… Демак?
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, сиз фош қилдингиз, Энгстран.
Э н г с т р а н. У эса қасам ичиб, ўзини лаънатлаган эди…
П а с т о р М а н д е р с. Лаънатлаган эди?
Э н г с т р а н. Йўқ, у фақат бутун вужуди билан қасам ичган эди.
П а с т о р М а н д е р с. Демак, шунча йиллар мобайнида сиз мендан ҳақиқатни яшириб келгансиз? Сизга сўзсиз ишониб келган мендек бир одамдан яширгансиз!
Э н г с т р а н. Ҳа, шунақа бўлди, энди илож қанча.
П а с т о р М а н д е р с. Мен бунга лойиқманми, Энгстран? Ахир мен сизни яхши сўз билан ҳам, иш билан ҳам доим имкониятим борича қўллаб-қувватлаб келмаганмидим? Жавоб беринг. Шундайми?
Э н г с т р а н. Бу гапингиз ҳақ. Агар пастор Мандерс бўлмаганида аҳволим бир эмас, бир неча марта жуда танг келган бўларди.
П а с т о р М а н д е р с. Сизнинг миннатдорчилигингиз шу бўлдими? Черков китобига нолойиқ бўлган никоҳни қайд қилишга мени мажбур қилибсиз-а! Шунча йиллар мобайнида асл ҳақиқатни мендан яшириб келиш! Сизнинг бу қилмишингизни кечириб бўлмайди, Энгстран, бундан буён бизнинг ўртамизда ҳеч қанақа муносабатнинг бўлиши мумкин эмас!
Э н г с т р а н (уҳ тортиб). Ҳа, албатта, шундай бўладиганга ўхшайди.
П а с т о р М а н д е р с. Ёки ўзингизни оқлаш учун бирон гап айта оласизми?
Э н г с т р а н. Ахир Иоханнанинг сизни ҳузурингизга бориб, ўз айбига иқрор бўлиши-ю, ўзини ўзи шарманда қилишининг нима кераги бор эди? Тасаввур қилиб кўринг-а, жаноб пастор… Марҳум Иоханна каби сизнинг бошингизга ҳам шунақа иш тушган бўлса…
П а с т о р М а н д е р с. Менинг бошимга!
Э н г с т р а н. Ё ҳазрати Исо! Худди шунақа деяётганим йўқ! Мен демоқчиманки, агар пасторнинг бошига ҳам шунақа, ҳалиги одамларнинг кўзига бадном қилиб кўрсатадиган бирон кулфат тушса… Биз оддий фуқаролар бечора аёлни унчалик қоралаб таҳқирлашни лозим топмаймиз.
П а с т о р М а н д е р с. Мен уни таҳқирлаётганим йўқ. Мен сизга таъна қиляпман.
Э н г с т р а н. Пастор жанобларига битта савол беришга ижозат бўлармикин.
П а с т о р М а н д е р с. Сўрайверинг.
Э н г с т р а н. Инсон йиқилган кишини турғазиб қўйиши лозимми?
П а с т о р М а н д е р с. Албатта.
Э н г с т р а н. Инсон бировга сўз берса, ўз сўзида туриши лозимми?
П а с т о р М а н д е р с. Албатта, лекин…
Э н г с т р а н. Иоханнани ўша инглиз, балки америкалик ёки русдир ким аниқлаб ўтирибди дейсиз, — хуллас, ўша одам туфайли шаҳарга кетишга мажбур бўлган. Бечора дастлаб мени менсимай юрди, бир неча марта рад этди. Қадди-қомати келишган кишини орзу қилган бўлса керак-да. Мен эса бир оёғим майиб. Жаноб пасторнинг хабарлари бор: бир марта денгизчилар маишат қиладиган, ҳалидақанги, айш-ишратхонага кириб, насиҳат қилиб, уларни тўғри йўлга солмоқчи бўлганимда…
А л в и н г х о н и м (дераза олдида турганича). Ҳм…
П а с т о р М а н д е р с. Биламан, Энгстран. У безорилар сизни зинадан улоқтириб юборишган. Бу ҳақда гапириб берган эдингиз. Майиблик сизни улуғлайди, холос.
Э н г с т р а н. Мен-ку, бу билан ўзимни улуғламоқчи эмасман, пастор жаноблари, мен шуни айтмоқчиманки, Иоханна ҳузуримга келиб, юм-юм йиғлаб, ҳаммасига иқрор бўлди. Айтишим лозимки, бечорага жуда раҳмим келди.
П а с т о р М а н д е р с. Наҳот шунақа бўлган бўлса, Энгстран? Хўш, кейин нима бўлди?
Э н г с т р а н. Мен унга дедим: у америкалигинг айшини суриб қаерларда юрганини худо билсин. Сен эса, Иоханна, шарманда бўлибсан, ўзингни йўқотиб қўйибсан. Лекин, Якоб Энгстран имони мустаҳкамлардан, дедим. Мен сизга айтсам, у билан масал тилида гаплашдим-да, жаноб пастор.
П а с т о р М а н д е р с. Тушуняпман. Давом этинг, гапираверинг.
Э н г с т р а н. Шундай қилиб, мен уни турғазиб қўйдим ва одамлар Иоханнанинг аллақандай муҳожирлар билан ўралашиб юрганлигини билмай қўя қолсин, деб у билан қонуний никоҳдан ўтдим. Бўлган гап шу.
П а с т о р М а н д е р с. Бу маънода сиз жуда улуғвор иш тутгансиз. Фақат бу ишингиз учун пул олишга рози бўлганлигингизнигина маъқуллай олмайман…
Э н г с т р а н. Пул? Мен-а? Йўқ, бир мири ҳам олган эмасман.
П а с т о р М а н д е р с (Алвинг хонимга савол назари билан қараб). Лекин айтишларига қараганда…
Э н г с т р а н. Ҳа, айтгандек, шошманг, эсладим. Ростдан ҳам Иоханнанинг бирмунча пули бўлган экан. Аммо, мен бу пуллар ҳақида эшитишни ҳам истамаганман. Мен, бу жирканч олтинлар… ёки қоғоз пуллар — қанақалигини билмайман… Ҳарқалай буни тамагирлик, юз берган гуноҳ ҳақи, дедим. Биз бу пулларни ўша америкаликнинг башарасига отмоқчи эдик, жаноб пастор, лекин у даф бўлган, денгиз оша ғойиб бўлган эди.
П а с т о р М а н д е р с. Бунга ишончингиз комилми, менинг мўмин-қобил Энгстраним?
Э н г с т р а н. Бўлмасам-чи! Шундан кейин биз Иоханна билан бу пулларни Регинанинг тарбиясига сарфламоқчи бўлдик. Шундай қилдик ҳам. Бир мирини ҳам бошқа нарсага сарфлаганимиз йўқ.
П а с т о р М а н д е р с. Мана бу бошқа гап.
Э н г с т р а н. Аслида ана шунақа бўлган, жаноб пастор. Яна шуни айтишим лозимки, мен Регинага ҳақиқий оталик қилдим, — қурбим келганича, албатта… Ахир, мен кўнгилчан одамман.
П а с т о р М а н д е р с. Тушунарли, азизим Энгстран…
Э н г с т р а н. Лекин, яна шуни айтишга журъат этаманки, қизалоқни меҳр билан тарбияладим, марҳума Иоханна билан яхши, тотув яшадим, уни муқаддас китобларда айтилганидек, ўзимга бўйсундириб, измимдан чиқармадим, тўғри йўлдан бошладим. Аммо пасторнинг ҳузурига бориб, мана, мен ҳам ҳаётимда битта хайрли иш қилдим, деб мақтаниш бирон марта хаёлимга ҳам келган эмас. Йўқ, Якоб Энгстран бир иш қиладиган бўлса, уни овоза қилиб ўтирмайди. Дарвоқе, Якоб Энгстраннинг савобли ишлари унчалик кўп ҳам эмас. Пасторнинг ҳузурига борганингда эса у билан ўз гуноҳларинг ҳақида гаплашасан. Хуллас, ҳали айтганимдек, виждоним гуноҳлардан холи эмас.
П а с т о р М а н д е р с. Қўлингизни беринг, Якоб Энгстран.
Э н г с т р а н. Ё ҳазрати Исо, жаноб Пастор?..
П а с т о р М а н д е р с. Изоҳ учун ҳожат йўқ. (Энгстраннинг қўлини қаттиқ қисиб.) Мана бундоқ!
Э н г с т р а н. Энди пастор жанобларидан кечирим сўрасам…
П а с т о р М а н д е р с. Сизми? Аксинча, мен сиздан кечирим сўрашим керак…
Э н г с т р а н. Йўғ-е, худо асрасин!
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа-ҳа, шундай. Чин кўнгилдан кечирим сўрайман. Сизни ноҳақ қоралаганим учун авф этинг. Сизга бўлган ҳурматимни ва ғоят афсусланганлигимни изҳор этмоқ учун бирон қулай фурсат бўлиб қолишини Тангри таоладан тилайман.
Э н г с т р а н. Жаноб пастор, ростдан ҳам менга бирон яхшилик қилиш ниятидамилар?
П а с т о р М а н д е р с. Бажонидил.
Э н г с т р а н. Бўлмаса, айни муддао. Мен бу ерда ишлаб топган ҳалол пулларим эвазига шаҳарда денгизчилар учун кичик бир бошпана ташкил этишни кўнглимга тугиб қўйган эдим.
А л в и н г х о н и м. Шунақами?
Э н г с т р а н. Ҳа, мен сизга айтсам, мусофирхонага ўхшаган бир нарса. Денгизчи қирғоққа чиқдими, бас, у бечорани йўлдан оздирадиган, васвасага соладиган қанчадан-қанча ярамас эрмак кутиб туради. Менинг мусофирхонамда эса, у ўз отасининг уйидагидек назорат остида бўларди.
П а с т о р М а н д е р с. Бу ҳақда сиз нима дейсиз, Алвинг хоним?
Э н г с т р а н. Тўғри, бу ишни кўнгилдагидек йўлга қўйиш учун фақат маблағам ҳали жуда оз, лекин худонинг карами кенг! Агар ўзингизнинг нажот қўлингизни чўзсангиз эди…
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа-ҳа, бу ҳақда ҳали гаплашамиз, атрофлича фикр юритиб кўрамиз. Режангиз менга ғоят маъқул. Энди сизга ижозат, бориб, лозим бўлган нарсаларни ҳозирлаб қўйинг, шамларни ёқинг, токи тантанали бўлсин. Суҳбатлашиб, биргаликда тоат-ибодат қиламиз, азизим Энгстран. Ишончим комилки, энди сиз тоат-ибодат учун айни муносиб ҳолатдасиз.
Э н г с т р а н. Мен ҳам худди шундай фикрдаман. Хайр, бека ойим, саломат бўлинг. Илтимос, Регинани эҳтиёт қилинг. (Кўз ёшларини артиб.) Марҳума Иоханнанинг қизи бўлса ҳам, ўзимнинг қизимдек бағримга босиб қолганман. Ҳа, шунақа бўлар экан. (Таъзим қилиб чиқиб кетади.)
П а с т о р М а н д е р с. Хўш, нима дейсиз, Алвинг хоним? Бу иш батамом бошқача бўлиб чиқди-ку.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, ҳақиқатан ҳам.
П а с т о р М а н д е р с. Кўряпсизми, яқин кишингиз ҳақида жуда эҳтиёт бўлиб фикр юритиш керак экан. Лекин киши ўз хатосига иқрор бўлиши ҳам қувончли. Нима дейсиз?
А л в и н г х о н и м. Мен сизга айтсам, Мандерс, соқолингиз кўксингизга тушса ҳам болакайлигингизча қолгансиз.
П а с т о р М а н д е р с. Мен-а?
А л в и н г х о н и м (қўлларини унинг кафтига қўйиб). Яна демоқчиманки, сизни астойдил қучгим келяпти.
П а с т о р М а н д е р с (орқага чекиниб). Йўқ-йўқ, худо хайрингизни берсин… бунақа истаклар…
А л в и н г х о н и м (жилмайиб). Йўқ, қўрқманг.
П а с т о р М а н д е р с (стол олдига бориб). Биламан, баъзан ҳаддан ташқари очилиб кетишингиз бор. Энди мен, авваламбор, ҳамма қоғозларни йиғиштириб, сумкага солиб қўйишим керак. (Қоғозларни йиғиштира бошлайди). Мана бундоқ. Энди, ҳозирча хайр. Освальд қайтгач, кўз-қулоқ бўлиб туринг. Ҳали яна бир кириб кетаман. (Шляпасини олиб, олдинги хонага ўтади).
А л в и н г х о н и м (хўрсиниб қўяди, дераза олдига бориб, ташқарига қарайди, хонадаги у-бу нарсаларни йиғиштирган бўлади, сўнг емакхонанинг эшигини очиб, у ерга кирмоқчи бўлади, аммо тушкун бир овозда қичқириб, остонада тўхтаб қолади). Освальд, сен ҳали ҳам шу ердамисан?
О с в а л ь д (емакхонадан). Сигара чекаяпман.
А л в и н г х о н и м. Мен сени аллақачон сайр қилгани чиқиб кетгансан, дебман.
О с в а л ь д. Шунақа об-ҳавода-я?
Стаканларнинг жиринглагани эшитилади. Алвинг хоним эшикни очиқ
қолдиради-да, қўлига иш олиб диванга ўтиради.
О с в а л ь д (емакхонадан). Ҳозир чиқиб кетган пастор Мандерс эдими?
А л в и н г х о н и м. Ҳа, етимхонага кетди.
О с в а л ь д. Ҳм…
Яна стаканнинг графинга урилиб жиринглагани эшитилади.
А л в и н г х о н и м (емакхона томонга ташвишли назар ташлаб). Жон болам, Освальд, бу ликерни кўп ичаверма, эҳтиёт бўл. Жуда ўткир.
О с в а л ь д. Бунақа намгарчиликда ўткир бўлгани маъқул.
А л в и н г х о н и м. Яхшиси, бу ёққа ёнимга чиқмайсанми?
О с в а л ь д. У ерда чекиб бўлмайди-да.
А л в и н г х о н и м. Билсанг, сигара мумкин.
О с в а л ь д. Ундай бўлса, ҳозир чиқаман. Бир қултум ичиб олай… Мана, бўлди. (Қўлида сигараси билан киради ва эшикни беркитиб қўяди. Қисқа пауза.) Пастор қани?
А л в и н г х о н и м. Ҳозир айтдим-ку, етимхонага чиқиб кетди, деб.
О с в а л ь д. Ҳа, айтгандай.
А л в и н г х о н и м. Освальд, дастурхон олдида кўп ўтирмаганинг маъқул.
О с в а л ь д. Ўтиргим келса-чи? (Онасини эркалаб, сочларини силайди.) Уйга қайтгач, ойигинамнинг дастурхонида ўтириб олиб, мазали таомларни роҳат қилиб ейиш — менга нақадар ҳузурлигини билсангиз эди!
А л в и н г х о н и м. Азизим, ўзимнинг болагинам!
О с в а л ь д (сигара чекиб, бир мунча асабийлашган ҳолда хонада у ёқдан-бу ёққа юради). Бу ерда бошқа нима ҳам қилиш мумкин? Ишлаш мумкин эмас…
А л в и н г х о н и м. Мумкинмасми?
О с в а л ь д. Ҳавонинг қовоғи осилиб турган пайтда-я? Офтоб кун бўйи бир марта ҳам кўринмади. (У ёқдан-бу ёққа юриб.) Бунақа бекорчи бўлиб ўтиришдан ёмон нарса йўқ!
А л в и н г х о н и м. Назаримда, уйга қайтишни эртароқ ҳал қилганга ўхшайсан.
О с в а л ь д. Йўқ, ойи, шундай қилиш керак эди.
А л в и н г х о н и м. Сени бундай ҳолатда кўргандан кўра… бу учрашув бахтидан воз кечишга минг марта розийдим…
О с в а л ь д (унинг олдида тўхтаб). Ойи, айтинг-чи, мени бу ерда кўриш сизга чиндан ҳам катта бахтми?
А л в и н г х о н и м. Мен учун бу бахтгина эмас!
О с в а л ь д (газетани ғижимлаб). Менинг назаримда эса, мен бу дунёда борманми, йўқманми — сиз учун барибирдек.
А л в и н г х о н и м. Онангга шунақа дегани қандай журъат этдинг, Освальд?
О с в а л ь д. Ахир илгарилари менсиз ҳам яхшигина яшаб келгансиз-ку.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, бу гапинг тўғри.
Жим бўлиб қолишади. Аста-секин қоронғулик туша бошлайди. Освальд у
ёқдан-бу ёққа юришда давом этади. Сигарани эса қўйиб қўяди.
О с в а л ь д (онасининг олдида тўхтаб). Ойи, ёнингизга, диванга ўтирсам, майлими?
А л в и н г х о н и м (ёнидан жой бериб). Ўтирақол, кел, ўтир, болагинам.
О с в а л ь д (ўтириб). Ойи, мен сизга бир нарса айтмоқчиман.
А л в и н г х о н и м (хавотирланиб). Хўш? Хўш?
О с в а л ь д (бўшлиққа тикилиб). Бу дардимни ортиқ ичимда сақлай олмайман.
А л в и н г х о н и м. Нима экан? Сенга нима бўлди ўзи?
О с в а л ь д (ҳаяжон билан). Бу ҳақда сизга ёзишга ҳеч журъат қила олмадим, келганимдан кейин эса…
А л в и н г х о н и м (унинг қўлидан тутиб). Освальд, нима гап ўзи?
О с в а л ь д. Кеча ҳам, бугун ҳам бу фикрни нарига суришга, эътибор бермасликка ҳаракат қилиб кўрдим. Лекин ҳеч иложи бўлмади.
А л в и н г х о н и м (ўрнидан туриб). Энди ҳаммасини айтиб беришинг керак, Освальд!
О с в а л ь д (онасини яна диванга тортиб). Йўқ, ўтиринг, ўтиринг, айтишга ҳаракат қилиб кўраман… Ҳозиргина йўлда чарчаганимдан шикоят қилган эдим…
А л в и н г х о н и м. Ҳа. Хўш, нима бўпти?
О с в а л ь д. Лекин бунинг учунмас. Оддий чарчаш эмас.
А л в и н г х о н и м (ўрнидан туриб кетгудек бўлиб). Бетобмасмисан, ишқилиб, Освальд?
О с в а л ь д (онасини яна ёнига тортиб). Ойи, ўтиринг ва мен айтган гапларга ўзингизни босиб, вазминлик билан қулоқ солинг. Мен умуман касал деган маънодаги касаллардан эмасман. (Қўлларини бошининг орқасига кўтариб, бармоқларини эзғилаб). Ойи, мен барбод бўлганман, руҳан синганман… Мен энди ишга ярамайман, ойи, ҳеч қачон тушуняпсизми?! (Қўллари билан юзини беркитиб, бошини онасининг тиззасига қўйиб, ҳўнграб юборади.)
А л в и н г х о н и м (ранги оқариб, қалтираб). Освальд! Менга қара. Йўқ, йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас.
О с в а л ь д (онасига умидсизлик билан боқади). Энди ҳеч қачон ишга ярамайман. Ҳеч қачон!.. Ҳеч қачон!.. Тирик мурда бўлиб қоламан! Ойи, бунақа даҳшатни тасаввур қила оласизми?
А л в и н г х о н и м. Бахтсиз болагинам! Қаёқдан келиб қола қолди бу даҳшат?
О с в а л ь д (қаддини тиклаб ўтиради). Бунга менинг ҳам ҳеч ақлим етмаяпти. Мен ҳеч қачон ортиқча бемаъниликларга йўл қўйган эмасман. Ҳар қанақа маънода ҳам. Хаёлингизга ҳеч нарса келмасин, ойи. Ҳеч қачон бунақа қилган эмасман.
А л в и н г х о н и м. Бунақа деб ўйлаётганим йўқ, Освальд.
О с в а л ь д. Шундай бўлса ҳам, бошимга мудҳиш бир бахтсизлик тушиб қолди.
А л в и н г х о н и м. Бу ўтиб кетади, менинг азиз, ардоқли ўғилгинам. Бу шунчаки чарчаганлигингдан, ўзга нарса эмас. Менга ишон.
О с в а л ь д (ғамгин). Дастлаб ўзим ҳам шунақа деб ўйлаган эдим. Лекин, бу батамом бошқа нарса экан.
А л в и н г х о н и м. Бир бошдан ҳаммасини гапириб бер, ҳамма-ҳаммасини.
О с в а л ь д. Ўзим ҳам шундай қилмоқчиман.
А л в и н г х о н и м. Буни сен қачон сеза бошладинг?
О с в а л ь д. Бу ерга охирги марта келиб кетганимдан сўнг, Парижга боргач. Дастлаб бошим, айниқса миям қаттиқ оғрий бошлади. Гўё бошимга темир чамбарак кийдириб, уни орқадан кимдир қисаётгандек бўларди.
А л в и н г х о н и м. Кейин-чи?
О с в а л ь д. Аввал оддий бош оғриқ деб ўйладим.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, ҳа…
О с в а л ь д. Лекин тезда бу батамом бошқа нарса эканлигини сеза бошлади. Энди мутлақо ишлай олмайдиган бўлиб қолдим. Янги катта сувратни бошламоқчи эдим. Лекин қаёқда дейсан, бутун қобилиятларим менга чап бера бошлади, гўё бутун куч-қудратим тугагандек, фикрларимни ҳам бир ерга жамлай олмадим… ҳамма нарса калламда аралаш-қуралаш бўлиб кетаверди. Оҳ, бу ўта даҳшатли бир ҳолат эди! Ниҳоят докторга одам юбордим. Нималигини шундан кейин билдим.
А л в и н г х о н и м. Яъни?
О с в а л ь д. Энг зўр маҳаллий докторлардан бири эди у. Мен унга ўзимни қандай ҳис қилаётганлигимни батафсил гапириб бердим. Сўнг у менга қатор саволлар берди. Бу саволлар дастлаб менга гўё мутлақо аҳамияти йўқдек туюлди. Нима мақсадда бунақа қиляпти — тушунмасдим.
А л в и н г х о н и м. Хўш?
О с в а л ь д. Ниҳоят у, сизни туғилмасингиздан олдинроқ қурт ея бошлаган, деди. Ҳа, у менга худди шунақа деди: “Ver moulu”
А л в и н г х о н и м. Бу билан нима демоқчи бўлган?
О с в а л ь д. Мен ҳам тушунмадим ва аниқроқ қилиб айтишни илтимос қилдим. Ана шундан кейин у қари сурбет айтдики… (Муштум¬ларини тугиб.) О!..
А л в и н г х о н и м. Нима деди?
О с в а л ь д. “Оталарнинг гуноҳи болаларга тушади!” деди.
А л в и н г х о н и м (секин ўрнидан туради). Оталарнинг гуноҳи…
О с в а л ь д. Унинг юзига тарсаки уриб юборишимга сал қолди.
А л в и н г х о н и м (бир чеккага бориб). Оталарнинг гуноҳи…
О с в а л ь д (ҳорғин жилмайиб). Ҳа, шунақа дейди-я! Мен, албатта, уни бу ҳақда ҳатто гап бўлиши ҳам мумкин эмас, дея ишонтиришга ҳаракат қилдим. У таслим бўлди, деб ўйлайсизми? Йўқ, ўз гапида туриб олди. Фақат сизнинг хатларингизни кўрсатиб, отамга доир ёзганларингизни таржима қилиб берганимдан кейингина…
А л в и н г х о н и м. Хўш?
О с в а л ь д. Ана шундан кейингина, янглишибман, дея тан олишга мажбур бўлди. Сўнг асл ҳақиқатни, ақлим бовар қилмайдиган ҳақиқатни билиб олдим. Ўртоқларим билан биргаликда унақа, қувноқ, беғам ҳаёт кечирмаслигим керак экан. Бунақа ҳаёт мен учун ярамас экан, жисмоний жиҳатдан жуда заиф эканман. Шундай қилиб, ўзим айбдорман!
А л в и н г х о н и м. Освальд! Йўқ! Бунга ишонма!
О с в а л ь д. Бошқача изоҳнинг бўлиши мумкин эмас, деди у. Мана шуниси даҳшат. Енгилтаклигинг туфайли ўз-ўзингни қайтариб бўлмайдиган даражада бир умрга хароб қилсанг. Барча режаларинггу, ўз олдингга қўйган мақсадинг… Булар ҳақида ҳатто ўйлай ҳам олмасанг — чунки ўйлашга қодир бўлмасанг! О, қани эди, бўлиб ўтган ҳамма нарсаларни, ҳатто изини ҳам қолдирмасдан, ўчириб ташлаб, қайтадан яшаш мумкин бўлса! (Ўзини диванга юзтубан ташлайди).
Алвинг хоним бармоқларини эзғилаб, ўзи билан ўзи курашиб, хонада сўзсиз у ёқдан-бу ёққа юради. Бироздан кейин Освальд тирсакларига таяниб
қаддини кўтаради, онасига қарайди.
Бу насл туфайли бўлганда ҳам алам қилмасди, чунки бошқа иложим йўқ эди. Ахир бу!.. Бунақа бемаъни, шармандаларча енгилтаклик билан ўз бахтингни, ўз саломатлигингни хароб қилиш, бутун келажагингни, бутун умрингни барбод этиш!..
А л в и н г х о н и м. Йўқ, йўқ, азиз ўғилгинам, ёлғизим! Бу мумкин эмас! (Унга эргашиб.) Аҳволинг, ўзинг ўйлагандек, иложсиз эмас.
О с в а л ь д. Ахир сиз билмайсиз… (Ўрнидан сапчиб туриб.) Яна бунинг устига, сизнинг бошингизга шунча ғам-ташвиш орттириш! Неча бор, сиз менга аслида унчалик муҳтож эмассиз, деган истак ва умидга борган эдим.
А л в и н г х о н и м. Мен-а! Освальд? Ахир сен менинг ягона ўғлимсан-ку… менинг ягона бойлигим, қувончим… Бу дунёда фақат сени деб яшаб келяпман-ку!..
О с в а л ь д (онасининг қўлларини ушлаб ўпа бошлайди). Ҳа-ҳа, мен буни кўриб турибман. Бу мен учун яна-да оғир. Энди баридан бохабарсиз. Энди бу ҳақда бугун бошқа гаплашмаймиз. Бу ҳақда узоқ ўйлай олмайман… (Бир чеккага бориб.) Ойи, ичадиган бирон нарса беринг менга.
А л в и н г х о н и м. Ичадиган нарса? Нима истайсан?
О с в а л ь д. Барибир. Муздаккина пунш топиб бера оласизми?
А л в и н г х о н и м. Бунинг нимаси, Освальд?
О с в а л ь д. Ойи, тортишманг. Илтимос, ахир бутун вужудимни кемираётган бу ўйларни нима биландир босишим керак-ку. (Ойнаванд айвонга чиқиб.) Яна устига-устак, зулмат!
Алвинг хоним хизматкорини чорлайдиган қўнғироқнинг ипини тортади.
Мана бу бетиним ёмғир. Бу ҳафталаб, ойлаб давом этиши мумкин. Қуёш нуридан дарак йўқ. Неча марта келиб-кетган бўлсам, ақалли бирон марта қуёш чиққанини кўрганим йўқ.
А л в и н г х о н и м. Освальд… сен мени ташлаб кетмоқчимисан?
О с в а л ь д. Ҳм… (Ўзини зўрға босиб олиб.) Мен ҳеч нарса ҳақида ўйлаётганим йўқ. Ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмайман. (Ўзича.) Васийлик қилишни вақтинча тўхтатиб туришга тўғри келди.
Р е г и н а (емакхонадан чиқатуриб). Чақирдингизми, бек ойим?
А л в и н г х о н и м. Ҳа, бу ерга чироқ олиб кир!
Р е г и н а. Ҳозир. Ёқиб қўйганман. (Чиқиб кетади.)
А л в и н г х о н и м (Освальдга яқинлашиб). Освальд, мендан ҳеч нарсани яширма.
О с в а л ь д. Ойи, ҳалиям яшираётганим йўқ. (Стол ёнига бориб.) Етарлича гапириб бердим назаримда.
Регина ёқилган чироқни олиб кириб, стол устига қўяди.
А л в и н г х о н и м. Регина, бизга ярим шишагина шампань шаробидан олиб кириб бергин.
Р е г и н а. Хўп бўлади, бей ойим. (Чиқиб кетади.)
О с в а л ь д (онасининг бошини қучиб). Бу бошқа гап. Онам мени чанқатиб қўймаслигини билардим.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, менинг азиз, бечора болагинам. Ахир сенга бирор нарсани рад эта олармидим?
О с в а л ь д (жонланиб). Шу гапингиз ростми, ойи? Жиддий гапиряпсизми?
А л в и н г х о н и м. Ўзинг нимани сўраяпсан?
О с в а л ь д. Менга, ҳеч нарсани рад эта олмайман, дедингиз-ку.
А л в и н г х о н и м. Азизим Освальд, ахир…
О с в а л ь д. Жим!
Р е г и н а (баркашда ярим шиша шампань шароби билан иккита қадаҳ олиб кириб, столга қўяди). Очайми?
О с в а л ь д. Йўқ, раҳмат, мен ўзим.
Р е г и н а чиқиб кетади.
А л в и н г х о н и м (стол ёнига ўтириб). Сенга ҳеч нарсани рад этолмаслигим ҳақида сўраганингда нимани назарда тутган эдинг?
О с в а л ь д (шишани оча туриб). Аввал бир-икки қадаҳ ичиб олайлик. (Шишанинг пўкаги пақиллаб отилади. Бир қадаҳга тўлдиради, иккинчисига қуймоқчи бўлади.)
А л в и н г х о н и м (қадаҳни қўли билан тўсиб). Йўқ, менга керак эмас.
О с в а л ь д. Ундай бўлса, мен ўзимга яна қуйиб олай. (Қадаҳдагини ичиб тамомлаб, қайта қуяди, уни охиригача ичади, сўнг стол олдига ўтиради).
А л в и н г х о н и м (тоқатсизланиб). Хўш?
О с в а л ь д (онасига қарамасдан). Биласизми, емакхонада ўтирганимизда пастор ҳам, сиз ҳам жуда ғалати… ҳалиги… индамасликка сўз берган одамларга ўхшаб кўриндингизлар.
А л в и н г х о н и м. Сен буни пайқадингми?
О с в а л ь д (қисқа паузадан сўнг). Ҳа… Ҳм… Айтинг-чи, Регина сизга ёқадими?
А л в и н г х о н и м. Менгами?
О с в а л ь д. Ҳа. Ажойиб қиз, тўғрими?
А л в и н г х о н и м. Жон болам, сен уни менчалик билмайсан…
О с в а л ь д. Нима демоқчисиз?
А л в и н г х о н и м. Регина, афсуски, ўз ота-онасиникида узоқ вақт яшаган. Мен уни вақтлироқ олиб келсам бўларкан.
О с в а л ь д. Ҳа, лекин у дилбар қиз, шундайми? (Ўзига шампань шароби қуяди.)
А л в и н г х о н и м. Регинанинг анча-мунча нуқсонлари бор, каттагина нуқсонлари…
О с в а л ь д. Нима бўпти? (Ичади.)
А л в и н г х о н и м. Шундай бўлса-да, уни яхши кўраман. Унинг учун жавоб бераман. Унинг бошига бирон кулфат тушишини сира-сира истамайман.
О с в а л ь д (ўрнидан сапчиб туриб). Ойи, менинг халоскорим — биргина Регина!
А л в и н г х о н и м (ўрнидан туриб). Қайси маънода?
О с в а л ь д. Бу азобларга якка ўзим бардош бера олмайман, бунга қодир эмасман!
А л в и н г х о н и м. Онанг-чи? Онанг ёрдам бера олмайдими?
О с в а л ь д. Ўзим ҳам дастлаб шунақа деб ўйлаган эдим. Шунинг учун ҳам ёнингизга қайтиб келдим. Лекин бўлмаяпти, мумкин эмас. Сезиб турибман — мен бу ерда бардош беролмайман.
А л в и н г х о н и м. Освальд!
О с в а л ь д. Ойи, менга бошқача ҳаёт керак. Шунинг учун ҳам ҳузурингиздан кетишим лозим. Мен учун азоб чекишингизни истамайман.
А л в и н г х о н и м. Бахтсиз болагинам! О! Ақалли бунақа бетоб пайтингда…
О с в а л ь д. Биргина бу касаллик бўлса кошки эди, ёнингизда қолар эдим. Ахир сиз менинг бу дунёдаги ягона дўстимсиз.
А л в и н г х о н и м. Рост айтасан, Освальд!
О с в а л ь д (хонада нотинч кезиб). Бу азоблар — виждон қийноғи, афсуслар… ва ҳалиги чексиз, даҳшатли ваҳима… Бу тоқат қилиб бўлмайдиган даҳшат…
А л в и н г х о н и м (ўғлининг орқасидан юриб). Даҳшат? Қанақа даҳшат? Нималар деяпсан?
О с в а л ь д. Сўраб ўтирманг. Ўзим ҳам билмайман. Изоҳлаб бера олмайман.
Алвинг хоним ўнг томонга бориб қўнғироқни чалади.
Нима қилмоқчисиз?
А л в и н г х о н и м. Ўғлимнинг қувнаб-яйрашини истайман. Ўзининг нохуш ўйлари билан алаҳсирамасин, дейман. (Эшикдан кириб келган Регинага.) Яна шампань шаробидан келтир. Бутун шишасини келтир.
Р е г и н а чиқиб кетади.
О с в а л ь д. Ойи!
А л в и н г х о н и м. Бизни бу ерда, қишлоқда яшашни билмайдилар, деб ўйлайсизми?
О с в а л ь д. Регина ростакам зебо эмасми? Қадди-қоматига қаранг! Оёғининг тагидан ўт чақнайди-я…
А л в и н г х о н и м (стол ёнига ўтиб). Ўтир, Освальд, осойишта гаплашиб олайлик.
О с в а л ь д (стол ёнига ўтириб). Ойи, сиз менинг Регина олдида гуноҳкор эканлигимни билмайсиз, шекилли? Энди ана шу гуноҳимни ювишим керак.
А л в и н г х о н и м. Сен?
О с в а л ь д. Ёки ўйламай иш тутганлигим десаммикин. Умуман, ҳеч қанақа айбли ишмас. Уйга охирги марта келганимда…
А л в и н г х о н и м. Шунақами?
О с в а л ь д. У Париж тўғрисида сўрайвергач, у-бу ҳақда гапириб берган эдим. Бир марта “Парижда бўлишни истармидинг?” деб сўраб қолдим.
А л в и н г х о н и м. Хўш?
О с в а л ь д. У ҳаяжонланиб кетиб, албатта, жуда-жуда истар эдим, деди. Мен эса, бир вақти келиб сени Парижга олиб бораман, деган маънода ваъда қилганим эсимда.
А л в и н г х о н и м. Кейин-чи?
О с в а л ь д. Кейин, албатта, бу ваъдамни мутлақо унутиб юбордим. Бу ерга келганимнинг учинчи куни эса ундан, менинг бу ерга узоқ муддатга келганимдан хурсандмисан, деб сўрадим.
А л в и н г х о н и м. Хўш?
О с в а л ь д. У менга бир ғалати қилиб қараб олди-да, “Менинг Парижга боришим нима бўлади?” деб сўраб қолса бўладими.
А л в и н г х о н и м. Парижга бориш!
О с в а л ь д. Уни қистоққа олиб сўраганимдан кейингина билдимки, у ўша гапимни жиддий деб тушунган ва мен ҳақимда орзу-хаёл қиладиган бўлиб қолган. Ҳатто французча гаплашишни ҳам ўргана бошлабди…
А л в и н г х о н и м. Мана нима учун экан…
О с в а л ь д. Ойи, мен бу ажойиб, гўзал, дуркун қизга илгари негадир эътибор бермаган эканман, гўё менга қучоғини очишга ҳозирдек, қаршимда турган бу қизни кўрдим-у…
А л в и н г х о н и м. Освальд!
О с в а л ь д. … сенинг халоскоринг шу, дея ўз-ўзимга хитоб қилдим. Чунки мен унда бир олам ҳаётбахш қувноқликни кўра олдим.
А л в и н г х о н и м (ҳайратланиб). Ҳаётбахш қувноқлик!.. Балки ростдан ҳам халоскоримиз шудир?
Р е г и н а (бир шиша шампань шароби кўтариб киради). Ҳаяллаб қолганим учун авф этасизлар: ертўлага тушишга тўғри келди. (Шишани столга қўяди.)
О с в а л ь д. Яна битта қадаҳ ҳам келтир.
Р е г и н а (унга ҳайратланиб қараб). Бу ерда бека ойимга ҳам қадаҳ бор-ку, жаноб Алвинг.
О с в а л ь д. Ҳа, ўзинг учун ҳам олиб кел, Регина.
Регина сесканиб тушади ва қўрқиб Алвинг хонимга қарайди.
Қани?
Р е г и н а (секин, тутилиб). Бекойимга манзур бўлармикан?
А л в и н г х о н и м. Қадаҳ олиб кел, Регина.
Р е г и н а емакхонага чиқиб кетади.
О с в а л ь д (унинг орқасидан қараб туриб). Унинг юришларига эътибор бердингизми? Қанақа ўктам ва шўх қадам ташлайди!
А л в и н г х о н и м. Бу гап ҳеч қачон бўлмайди, Освальд!
О с в а л ь д. Бу ҳал бўлган. Ўзингиз кўриб турибсиз-ку. Баҳслашишнинг ҳожати йўқ.
Бўш қадаҳ кўтариб Р е г и н а қайтиб киради.
Ўтир, Регина.
Регина савол назари билан Алвинг хонимга қарайди.
А л в и н г х о н и м. Ўтир.
Регина бўш қадаҳни қўлида тутганича емакхонага чиқадиган эшик
ёнидаги стулга ўтиради.
Шундай қилиб Освальд, ҳаётбахш қувноқлик ҳақида нима демоқчи эдинг?
О с в а л ь д. Ҳа, ҳаёт шодиёнаси, ойи, — уни бу ерда бизникилар деярли билишмайди. Бу ерда мен уни негадир ҳеч қачон сезмайман.
А л в и н г х о н и м. Йўқ-йўқ, назаримда мен уни тушуна бошладим… энди…
О с в а л ь д. Ҳаёт шодиёнаси ва меҳнат шодиёнаси. Умуман олганда буларнинг маъноси бор. Лекин бу ердагилар буни ҳам билишмайди.
А л в и н г х о н и м. Гапинг тўғрига ўхшайди, Освальд. Хўш, гапир, гапиравер. Юрагингга тугиб қўйганларингни яхшилаб айтиб ол.
О с в а л ь д. Бу ерда одамларни меҳнатга гуноҳлари учун жазо ва қусур сифатида, ҳаётга эса ғам-ғуссалардан иборат қисмат сифатида қарашга ўргатишади. Ҳаётдан қанчалик тез халос бўлсанг, шунчалик яхши.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, алам қисмати. Ҳар қандай йўл билан бўлса-да, уни ана шундай қисматга айлантиришга ҳаракат қиламиз.
О с в а л ь д. У ёқда эса одамлар буни мутлақо тан олишмайди, билишни ҳам истамайдилар. Бу хилдаги панд-насиҳатларга энди ҳеч ким ишонмайди. У ердагилар ҳаётдан завқ олишади. Яшашни, умр кечиришни роҳат-фароғат деб билишади. Ойи, эътибор берганмисиз, мен чизган сувратларнинг ҳаммаси мана шу мавзуда. Ҳаммаси ҳаёт шодиёнаси ҳақида ҳикоя қилади. Уларда ёруғлик, офтоб ва байрам кайфияти — ҳамда қувноқ, бахтиёр кишилар сиймоси. Шу сабабдан ҳам бу ерда қолиш мен учун даҳшат.
А л в и н г х о н и м. Даҳшат? Бу ерда нимадан қўрқасан?
О с в а л ь д. Вужудимда бор нарсаларнинг ҳаммаси бу ерда бемаъниликка айланади, деб қўрқаман.
А л в и н г х о н и м (унга тик қараб). Шунақа бўлиши мумкин деб ўйлайсанми?
О с в а л ь д. Ишончим комил бунга. Агар бу ерда у ёқдагидек ҳаёт кечирадиган бўлсам, бу бошқача ҳаёт бўлади.
А л в и н г х о н и м (диққат ва ҳаяжон билан тинглаб туриб, ҳайратланган бир ҳолатда, чуқур ўйга ботади). Мана, буларнинг ҳаммаси қаердан келиб чиққан экан. Энди тушундим.
О с в а л ь д. Нимани тушундинг?
А л в и н г х о н и м. Ҳаётимда биринчи марта тушуняпман, ақлим пешланди. Гапириб ҳам беришим мумкин.
О с в а л ь д (ўрнидан туриб). Ойи, мен сизни тушунмаяпман.
Р е г и н а (у ҳам ўрнидан туриб). Мен чиқиб турсаммикин?
А л в и н г х о н и м. Йўқ, ўтиравер. Энди мен гапиришим мумкин. Энди, ўғлим, ҳаммасини билиб оласан. Сўнг хоҳлаганингни танлаб олавер!.. Освальд, Регина…
О с в а л ь д. Тсс!.. Пастор!..
П а с т о р М а н д е р с (киради). Мана, сидқидилдан мириқиб суҳбатлашиб олдик.
О с в а л ь д. Бизлар ҳам.
П а с т о р М а н д е р с. Денгизчиларга мусофирхона ташкил этишда Энгстранга қарашиш керак. Регина ёрдамлашгани уникига кўчиб борсин.
Р е г и н а. Йўқ, афу этасиз, жаноб пастор.
П а с т о р М а н д е р с (Регинани эндигина пайқаб). Нима?.. Бу ерда ўтиргани нимаси, яна қўлида қадаҳ билан!
Р е г и н а (қадаҳни столга қўйиб). Пардон!
О с в а л ь д. Регина мен билан бирга кетяпти, пастор жаноблари!
П а с т о р М а н д е р с. Кетяпти! Сиз билан бирга-я?
О с в а л ь д. Ҳа, хотиним сифатида — агар буни истаса.
П а с т о р М а н д е р с. Ё парвардигор, ахир бу…
Р е г и н а. Бу менинг иродам билан бўлаётгани йўқ, жаноб пастор.
О с в а л ь д. Ёки бу ерда қолади, агар мен қоладиган бўлсам.
Р е г и н а (беихтиёр). Бу ерда?
П а с т о р М а н д е р с. Ўз қулоқларимга ишонмаяпман, Алвинг хоним!
А л в и н г х о н и м. Униси ҳам, буниси ҳам бўлмайди. Энди бутун ҳақиқатни айтиб беришим мумкин.
П а с т о р М а н д е р с. Наҳот, сиз… йўқ, йўқ, йўқ!
А л в и н г х о н и м. Ҳа! Шундай қиламан, шундай қилишни истайман. Бундан эътиқодга ҳеч қандай путур етмайди.
О с в а л ь д. Ойи, сизлар мендан нимани яширяпсизлар?
Р е г и н а (ташқарига қулоқ солиб). Бека ойим! Эшитяпсизми? Одамлар қичқиришяпти! (Ойнаванд айвонга бориб, деразадан ташқарига қарайди).
О с в а л ь д (чап томондаги дераза ёнига бориб). Нима бўпти? Бу шуъла қаёқдан келяпти?
Р е г и н а (қичқириб). Етимхона ёняпти!
А л в и н г х о н и м (дераза томонга чопиб). Ёняпти?!
П а с т о р М а н д е р с. Ёняпти? Мумкин эмас! Мен ҳозиргина ўша ёқдан келдим-ку.
О с в а л ь д. Шляпам қани? Майли, керак эмас… Дадамнинг етимхонаси!.. (Айвондан боққа тушиб кетади.)
А л в и н г х о н и м. Рўмолимни бер, Регина! Бутун бинони аланга олибди!..
П а с т о р М а н д е р с. Даҳшат!.. Алвинг хоним, бу низо ва фитналар уйи устидан қасос демоқдир!
А л в и н г х о н и м. Ҳа, ҳа, албатта. Юр, Регина. (Регина билан чиқиб кетади.)
П а с т о р М а н д е р с (афсусланиб, кафтларини бир-бирига уриб). Кафолатга ҳам берилмаган эди! (Уларнинг орқасидан шошиб чиқиб кетади.)
П а р д а.
УЧИНЧИ КЎРИНИШ
Аввалги хона. Ҳамма эшиклар очиқ. Чироқ стол устида ёнганча турибди. Ташқарида зулмат, фақат чап томонда узоқдан сўнаётган ўт шуъласи яллиғланади.
А л в и н г х о н и м бошига рўмол ташлаган ҳолда айвондан боққа қараб туради.
Р е г и н а ҳам рўмол ўраган, ундан сал нарироқда…
А л в и н г х о н и м. Ҳаммаси ёниб, кул бўлди. Адойи тамом бўлди.
Р е г и н а. Ҳали тагхонадаги нарсалар ёниб бўлганича йўқ.
А л в и н г х о н и м. Освальд келмаётибди. Унинг у ерда турганидан энди фойда йўқ.
Р е г и н а. Шляпасини олиб бориб берайми?
А л в и н г х о н и м. Ҳали у бошялангми?
Р е г и н а (даҳлизни кўрсатиб). Ана, шляпаси осиғлиқ турибди.
А л в и н г х о н и м. Бўлар иш бўлди. У энди келиб қолади. Мен бориб қарай-чи. (Айвондан чиқиб кетади.)
П а с т о р М а н д е р с. (Даҳлиздан киради.) Алвинг хоним бу ерда йўқмилар?
Р е г и н а. Ҳозиргина боққа чиқиб кетдилар.
П а с т о р М а н д е р с. Мен бундай даҳшатли кечани умримда кўрмаганман.
Р е г и н а. Ҳа, шундай! Бахтсизлик бўлганда ҳам жуда даҳшат, жаноб пастор.
П а с т о р М а н д е р с. Эҳ, нимасини айтасан. Буни хаёл қилишнинг ўзи бир даҳшат!
Р е г и н а. Қандай қилиб бу воқеа рўй берди экан-а?
П а с т о р М а н д е р с. Буни сиз мендан сўраманг, ойпошша Энгстран. Мен буни қаердан билай? Сиз ўзингиз ҳам?.. Бунинг устига, отангиз бўлса…
Р е г и н а. Ҳа, отамга нима бўпти?
П а с т о р М а н д е р с. У мени расво қилди.
Э н г с т р а н (даҳлиздан киради). Пастор жаноблари…
П а с т о р М а н д е р с (чўчиб, унга қарайди). Бунда ҳам орқамдан юрибсизми?
Э н г с т р а н. Худо мени олсин, буни қаранг-а!.. Ўзинг мададкор бўл, Исо пайғамбар! Шунчалик наҳс босди, пастор жаноблари.
П а с т о р М а н д е р с (бир олдинга, бир орқага юриб). Эвоҳ! Эвоҳ!
Р е г и н а. Нима бўлди ўзи?
Э н г с т р а н. Бунинг ҳаммаси бизнинг қилган тоат-ибодатимиз эвазига. (Қизига шивирлаб.) Энди, сен билан менинг бошимга ҳумо қуши қўнади, қизим. (Эшиттириб.) Мен туфайли, пастор жаноблари, бундай кулфатлар юз беришига боис бўлдилар.
П а с т о р М а н д е р с. Худо сақласин, Энгстран…
Э н г с т р а н. Ундай бўлса, пастор жанобларидан бошқа ким шам ёқиб, бу ерда юрган?
П а с т о р М а н д е р с (тўхтаб). Шу гапларни сиз айтаётибсизми? Мен, эса, дарвоқе, қўлимда шам бормиди-йўқмиди, билмайман.
Э н г с т р а н. Мен ҳозир кўз олдимга келтирсам: пастор жаноблари шамни қўлларига олиб, унинг учидаги қурумларни бармоқлари билан уқалаб, пайрахалар устига ташлаганлар.
П а с т о р М а н д е р с. Буни сиз ўз кўзингиз билан кўрдингизми?
Э н г с т р а н. Ҳа, ўз кўзим билан…
П а с т о р М а н д е р с. Тушунолмадим. Менда бундай одат — шам қурумларини бармоқларим билан олиб ташлаш одатим йўқ.
Э н г с т р а н. Яна қандай денг, жуда бефарқ олиб ташладингиз, гапнинг очиғи, иш бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди, пастор жаноблари, шундайми?
П а с т о р М а н д е р с (ҳаяжондан одимлайди). Буни сўрамай ҳам қўяқолинг!
Э н г с т р а н (кетидан юриб). Пастор жаноблари, кафолатга қўйганмиди?
П а с т о р М а н д е р с (юришда давом этиб). Йўқ, йўқ, йўқ, — сизга айтдим-ку, ахир!
Э н г с т р а н (унинг орқасидан юриб). Авваламбор, кафолатга қўймагансиз. Сўнг ўзингиз ўт қўйгансиз. Ё парвардигор! Бахтсизликни қаранг!
П а с т о р М а н д е р с (пешонасидаги терни артиб). Ҳа, буни тан оламан.
Э н г с т р а н. Бутун бир шаҳар, бутун бир теварак-атроф баҳраманд бўлиши учун умид кўзини тикиб турган ана шундай эзгу бир бинонинг бошига кулфат тоши ёғилганини қаранг-а! Газеталар пастор жанобларини авф этолмайди.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, шундай! Раҳму шафқат қилишмайди. Ўзим ҳам ана шу ҳақда ўйлаб турибмаан. Бу ҳаммасидан ошиб тушди. Бунинг олдида найранглар, панд беришлар — ҳамма-ҳаммаси ҳеч гап бўлмасдан қолди. Ўйласам, юрагим орқамга тортади.
А л в и н г х о н и м (боғдан чиқиб). Освальдни у ердан олиб кетиб бўлмайди. Ўчиришга ҳамон кўмаклашаётибди.
П а с т о р М а н д е р с. Эй, бу сизмисиз, Алвинг хоним?
А л в и н г х о н и м. Мана энди сиз, пастор Мандерс, тантанали нутқдан ҳам қутулиб қолдингиз.
П а с т о р М а н д е р с. Эҳ, мен бўлсам қандай хушнудлик билан…
А л в и н г х о н и м (овозини пастлаб). Бундай воқеани юз бергани яхшиликка, албатта. Бу бинода савоб иш бўлишидан, бўлмаси кўп эди.
П а с т о р М а н д е р с. Сиз шундай деб ўйлайсизми?
А л в и н г х о н и м. Сиз-чи?
П а с т о р М а н д е р с. Ҳарҳолда бу ўтакетган бахтсизлик.
А л в и н г х о н и м. Бунга, майли, очиқдан-очиқ иш нуқтаи назаридан қарайлик. Энгстран, сизнинг пасторда гапингиз борми?
Э н г с т р а н (даҳлиз эшиги олдида туриб). Худди шундай!
А л в и н г х о н и м. Бирпас ўтиратуринг.
Э н г с т р а н. Ташаккур, туратураман.
А л в и н г х о н и м (пасторга). Сиз, эҳтимол, параходда кетарсиз.
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, бу бир соатдан сўнг жўнайди.
А л в и н г х о н и м. Сиздан илтимос, ҳамма хат-патларни ўзингиз билиб олиб кетинг. Бу масалани бундан кейин эшитишни ҳам истамайман, энди, бошқа ташвишларим ҳам бор.
П а с т о р М а н д е р с. Алвинг хоним…
А л в и н г х о н и м. Кейинчалик сизга тўла-тўкис ишончнома ёзиб юбораман. Ўзингиз хоҳлаганча, бу масалани ҳал қилаверинг.
П а с т о р М а н д е р с. Чин кўнгилдан бу нарсани ўз зиммамга олишга тайёрман. Аввалги савдои мероснинг вазифаси энди, эвоҳ, ўзгариши керак, албатта!
А л в и н г х о н и м. Ўз-ўзидан аён бу.
П а с т о р М а н д е р с. Мен ҳозирча шундай қилмоқчиман. Сульвик чорбоғи шу ердаги жамоа ихтиёрига ўтади. Ер, ҳарҳолда, бир нарса деган гап. Эҳтимол, бунга бўлмаса, бошқа бирор нарсага яраб қолади. Омонат кассага қўйилган сармоя фоизи ҳисобига шаҳарга нафи тегадиган биронта муассасани сақлаб туриш яхши бўлар деган фикрдаман.
А л в и н г х о н и м. Сиз нимани истасангиз, шундай қилаверинг, менга барибир.
Э н г с т р а н. Денгизчилар учун мўлжалланган қўналғамни эсингиздан чақирманг, пастор жаноблари!
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, ҳа, бу яхши фикр. Лекин яна ўйлаб кўриш керак.
Э н г с т р а н. Ўйлашнинг нима ҳожати бор… Ё Исо пайғамбар!
П а с т о р М а н д е р с (энтикиб). Ҳайҳот! Ҳали бу ишлар билан яна қанча вақт банд бўламан, ким билсин. Балки, афкор омма фикри мени бу хатти-ҳаракатдан воз кечишимга мажбур этиши мумкин. Ҳамма нарса ёнғиннинг келиб чиқиши юзасидан олиб бориладиган тергов натижаларига боғлиқ.
А л в и н г х о н и м. Нималар деяётибсиз?
П а с т о р М а н д е р с. Натижани олдиндан билиш қийин.
Э н г с т р а н (яқинлашиб). Бу гап қандай бўлди? Якоб Энгстраннинг ўзи шу ерда эканлиги етмайдими?
П а с т о р М а н д е р с. Ҳа, ҳа, аммо…
Э н г с т р а н (овозини пастлаб). Якоб Энгстран унақанги одамлардан эмас, бошига кулфат тушганда ошнасини сотиб кетадиган…
П а с т о р М а н д е р с. Аммо, азизим, қандай қилиб…
Э н г с т р а н. Якоб Энгстран, айтганча, худди фариштанинг ўзгинаси…
П а с т о р М а н д е р с. Йўқ-йўқ. Менга, ростини айтсам, бундай гаплар ортиқча.
Э н г с т р а н. Йўқ, модомики, шундай экан, айтганим бўлиши керак. Мен бир одамни биламан, у ўзига дахли йўқ айбни бўйнига олгач…
П а с т о р М а н д е р с (унинг қўлини қисиб). Якоб! Сиз ноёб кишисиз. Шунинг учун ҳам сизга бошпанангиз масаласида ёрдам берилади. Менга ишонишингиз мумкин.
Энгстран миннатдорчилик изҳор этмоқчи бўлди-ю, аммо ҳаяжондан
ўзини босолмайди.
(Сумкасини елкасига ташлаб.) Қани, йўлга тушдик.
Э н г с т р а н (емакхона эшиги олдида Регинага аста-секин). Мен билан бирга кетавер, қизалоқ. Еганинг олдингда, емаганинг кетингда бўлади.
Р е г и н а (бошини қимирлатиб). Мерси1 (Олдинги хонага чиқади ва пасторнинг пальтосини келтириб беради).
П а с т о р М а н д е р с. Яхши қолинг, Алвинг хоним. Бу хонадонда тартиб ва қонуният барқ уриши учун худо ёр бўлсин!
А л в и н г х о н и м. Хуш кўрдик, Мандерс. (Айвонга ўтиб, боғдан чиқиб келаётган Освальд олдига боради.)
Э н г с т р а н (пасторга пальтони кийдиришда Регинага ёрдам бера туриб). Хайр, қизим, бошингга бирор иш тушса, Якоб Энгстранни қаердан топишинг мумкинлигини унутма. (Шивирлайди.) Кичик Гавана… тсс!! (Алвинг хонимга ва Освальдга мурожаат қилиб.) Дарбадар денгизчилар мўлжалланган қўналғани “Камергер Алвинг уйи” деб атаймиз. Ҳаммаси мен ўйлаганча бўлади, айниқса, марҳум камергер номига муносиб бўлишига кафилман.
П а с т о р М а н д е р с (эшик олдида). Тсс! Тсс!.. Қани, юринг муҳтарам Энгстран, хайр, хайр! (Энгстран билан даҳлизга чиқиб кетадилар.)
О с в а л ь д (столга яқинлашиб). У қайси уй ҳақида гапираётибди?
А л в и н г х о н и м. Пастор билан ҳамкорликда қуриши керак бўлган аллақандай қўналға тўғрисида.
О с в а л ь д. Унга ҳам ўт тушади, бу ердагига ўхшаб…
А л в и н г х о н и м. Бу гап бошингга қаердан келди?
О с в а л ь д. Ҳаммаси ёниб битади. Дадам ҳақида ҳеч қандай хотира қолмайди. Мен ҳам бунда куйиб кул бўламан.
Регина ҳайрат билан унга қарайди.
А л в и н г х о н и м. Освальд, шўрлик болам! Сен у ерда бунчалик узоқ қолмаслигинг керак эди.
О с в а л ь д (стол ёнига ўтириб). Дарвоқе, шундай.
А л в и н г х о н и м. Қани, менга қара, юзларингни артиб қўяй. Терлаб кетибсан. (Унинг юзларини ўз дастрўмолчаси билан артади.)
О с в а л ь д (лоқайд қараб). Раҳмат, ойи.
А л в и н г х о н и м. Толиққансан, Освальд, бир ухлаб олмайсанми?
О с в а л ь д (безовталаниб). Йўқ-йўқ… уйқу қаёқда дейсиз? Мен ҳеч қачон ухламайман. Фақат хаёл қиламан, холос. (Дўнғиллаб.) Ухлайдиган вақт ҳам келади.
А л в и н г х о н и м (ташвишланиб, унга қарайди). Ҳа, сен чиндан ҳам бетобсан, азизим.
Р е г и н а (изтироб чекиб). Жаноб Алвинг бетобми?
О с в а л ь д (асабийлашиб). Ҳамма эшикларни ёпинг. Бу ўлимдан баттар даҳшат!
А л в и н г х о н и м. Эшикларни ёпа қол, Регина.
Регина эшикларни ёпади ва олдинги хона эшиги қаршисида тўхтайди. Алвинг хоним устидаги рўмолни олиб итқитади, Регина ҳам шундай қилади. Алвинг хоним стулни суриб, Освальд ёнига ўтиради.
Мана, мен ёнингда, сен билан ўтираман…
О с в а л ь д. Ҳа, ўтир. Регина ҳам шу ерда бўлсин. Регина ҳамиша мен билан бирга бўлса кошкийди. Сен, менга ёрдам қўлингни узатасанми, Регина? Шундайми?
Р е г и н а. Мен бу гапларингизни тушунолмаяпман.
А л в и н г х о н и м. Ёрдам қўлингни?
О с в а л ь д. Ҳа, зурурият пайдо бўлса…
А л в и н г х о н и м. Освальд, сенинг онанг бор-ку. У сенга кўмакдош.
О с в а л ь д. Сизми? (Кулимсираб.) Йўқ, ойи, бундай ёрдамни сиз уддалай олмайсиз. (Заҳарханда билан.) Сиз! Ҳа-ҳа! (Унга жиддий қарайди.) Гапнинг лўндасини айтганда, дарҳақиқат, ҳаммадан ҳам сизга яқин бўлишим керак эди. (Қизишиб.) Нега сен мен билан “сен”лашиб гаплашмайсан, Регина? Нега, мени Освальд деб айтиб қўяқолмайсан?
Р е г и н а (секин-аста). Мен билмайман, бу бека ойимга маъқул тушадими, йўқми?
А л в и н г х о н и м. Сабр қил, ҳадемай сенга уни шундай аташликка ижозат ҳам тегади. Қани, ёнимизга ўтир-чи.
Регина тортиниб, ҳадиксираб, столнинг нариги томонида ўтиради.
Мана, шундай, шўрлик, азоб-уқубатда қолган болам. Дардингга шерикман, уни юрак-бағрингдан суғуриб олай…
О с в а л ь д. Сизми, ойи?
А л в и н г х о н и м. Мен сени жамики, виждон азобларидан, тавба-тазаррулардан, таъна-ташвишлардан холи этмоқчиман…
О с в а л ь д. Сиз ўзингизни бунга қодир деб ўйлайсизми?
А л в и н г х о н и м. Ҳа, энди қўлимдан келади, Освальд. Мана сен ҳаёт хушнудлиги ҳақида сўйлаб, менинг умримда юз берган, менга тамом бошқача кўринган, қоронғулик чулғаган уфқларни ёритиб юбординг.
О с в а л ь д (бошини қимирлатиб). Ҳеч нарса англолмаяпман.
А л в и н г х о н и м. Сен дадангни, ҳали у ёш лейтенант бўлиб юрган вақтларда кўрганингда эди! Унинг қалбида қувонч қулф урарди.
О с в а л ь д. Биламан.
А л в и н г х о н и м. Унга бир боқишнинг ўзи кифоя эди — киши кўнгли яйраб кетарди. Бунинг устига, танасига сиғмас куч, бениҳоя ғайрат.
О с в а л ь д. Хўш, хўш?..
А л в и н г х о н и м. Мана шундай хушчақчақ болакай — ҳа, дарҳақиқат, ўша вақтда худди болага ўхшарди, — кичкинагина ушбу шаҳарчада телбаи бенаводай ўзини ҳис этиб, ҳеч қандай қувноқлик кўрмади, кўргани фақат ишрат бўлди, холос. Ҳеч қандай жиддий бурч, ҳаётида бир мақсад бўлмади, бўлгани зиммасидаги ҳарбий хизмат! Ҳеч қандай иш бўлмадики, уни жон дили билан адо этса бўлгани, билгани бир “иш!”. Унинг ёнида яшаш маъносини, шукуҳини англай олишга қобил бирорта ўртоғи ҳам бўлмади, борлари фақат бемаъни, шиша улфатлари!
О с в а л ь д. Ойи?..
А л в и н г х о н и м. Шундай қилиб, бўлар иш бўлди!
О с в а л ь д. Нима бўлиши керак эди?
А л в и н г х о н и м. Сен ўзинг ҳали кечқурун шу ерда қолсанг, нима бўлишини менга айтдинг-ку.
О с в а л ь д. Сиз айтмоқчисизки, менинг дадам…
А л в и н г х о н и м. Сенинг дадангдай ҳаддан ташқари хушчақчақ киши учун бу ерда бундан бўлак йўл ҳам йўқ эди. Мен эса унинг хонадонига на нур, на сурур келтиролмадим.
О с в а л ь д. Сиз ҳам?
А л в и н г х о н и м. Менинг қулоғимга болалигимдан бурч ва вазифаларни ўташ ҳақидаги панд-насиҳатлар қуйилган эди, холос. Мен эса ўша ўгитлардан нарига ўтолганим йўқ. Биз учрашганимизда унинг ва менинг зиммамдаги бурч-вазифалар ҳақида гаплашардик… Айтишга ҳам қўрқаман — уйимиз отанг кўзига бало бўлиб кўринадиган бўлиб қолган эди. Освальд, бунга мен айблиман.
О с в а л ь д. Нега сиз бу ҳақда бир оғиз ҳам хатингизда ёзмагансиз?
А л в и н г х о н и м. Умримда ҳеч қачон бундай нарсани кўрмаганимдан бу ҳақда сен билан, унинг ўғли билан дардлашишга журъат этолмадим.
О с в а л ь д. Сиз бундай аҳволга қайси кўз билан қарадингиз?
А л в и н г х о н и м (аста-секин). Мен бир нарсани кўриб турардим — даданг ҳали сен дунёга келмаган кунлардаёқ ҳалокатга юз ўгирган эди…
О с в а л ь д (бўғиқ овоз билан). Нима дедингиз. (Ўрнидан туради ва дераза ёнига боради.)
А л в и н г х о н и м. Яна бир фикр бошимдан кетмас эди, очиғини айтсам, Регина менга худди ўз фарзандимдай яқин бўлиб қолганди.
О с в а л ь д (дарҳол унга қарайди). Регина?
Р е г и н а (сакраб туриб). Мен?..
А л в и н г х о н и м. Ҳа, энди икковингиз ҳам буни биласиз.
О с в а л ь д. Регина!
Р е г и н а (ўзи-ўзига). Демак, ойим ҳалигидай экан-да.
А л в и н г х о н и м. Сенинг ойинг анча-мунча яхши хотин эди, Регина.
Р е г и н а. Ҳарҳолда ҳалигидақалардан экан-да. Мен ҳеч қачон бундай деб ўйламагандим. Лекин… Ҳа, майли… Бека ойим, менга ҳозирнинг ўзида жўнаб кетишга ижозат беринг.
А л в и н г х о н и м. Жиддий гапираётибсанми, Регина?
Р е г и н а. Ҳа-ҳа, ёлғони ҳам борми?
А л в и н г х о н и м. Масала ҳал, кетишинг мумкин, аммо…
О с в а л ь д (Регинага яқинлашади). Жўнаб кетасанми? Сен ўз уйингдасан-ку.
Р е г и н а. Мерси, жаноб Алвинг… Ҳа, энди мен сизни Освальд деб атасам бўлади. Лекин мен ўйлагандай бўлиб чиқмади.
А л в и н г х о н и м. Регина, мен сен билан очиқ гаплашолмадим…
Р е г и н а. Энди бу ҳақда оғиз очишнинг ўзи айб! Бунинг устига Освальд бетоб… Эндиликда бизнинг орамизда бирор жиддий иш бўлиши мумкинми? Йўқ, мен қишлоқ жойда қолиб кетолмайман, ёшлигимнинг эса бир кунини ҳам хаста ёнида ўтказиб, жувонмарг қилишни хоҳламайман.
О с в а л ь д. Ҳатто шундай яқин бир киши билан ҳам ўтказишни истамайсанми?
Р е г и н а. Йўқ энди, ўзингиз билишингиз керак. Бечора қизга ёшлик ғанимат. Бир кўз очиб-юмгунча ўтади-кетади, бошингда сочинг, оғзингда тишинг қолмаганини билмайсан? Сиз айтган қувноқлик менда ҳам бор, бека ойим!
А л в и н г х о н и м. Ҳа, эвоҳ!.. Ўзингни майиб қилма, Регина!
Р е г и н а. Ҳарқалай тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди. Освальд дадасининг йўлидан кетган бўлса, мен ойимнинг йўлидан… Сўрашга рухсат этинг, бека ойим, пастор бу гаплардан хабардорми?
А л в и н г х о н и м. Пастор Мандерс ҳаммасини билади.
Р е г и н а (рўмолини аста-секин елкасига ташлаб). Мен нарсаларимни тезроқ йиғиштиришим керак бўлиб қолди, йўқса пороходга улгуролмайман. Пастор бу масалада дуруст одам, у билан тил топса бўлади. Менинг назаримда худо урган дурадгор сингари менга ҳам харом пуллардан манфаатдор бўлишга тўғри келади.
А л в и н г х о н и м. Илоҳим, ишинг ўнгидан келсин!
Р е г и н а (унга тикилиб). Гап бунақанги экан, бека ойим, мени баобрў кишилар қизидай тарбия этганингизда ҳаққингиз кетмасди. Буниси менга кўпроқ ярашарди. (Бошини кўтариб.) Энди ҳаммасига тупуриш керак! (Оғзи очилмаган шишага тегиб ўтиб.) Дарвоқе, ҳали менга мўътабар жаноблар билан шампань ичишга ҳам тўғри келади.
А л в и н г х о н и м. Ўз уйингга қайтиш учун зарурат туғилса, Регина, бемалол келавер.
Р е г и н а. Йўқ, таъзим ила ташаккур! Пастор Мандерс менга ғамхўрлик қилса керак. Лекин ундан рўшнолик кўрмасам, энди мен учун эшиги очиқ уй борлигини биламан.
А л в и н г х о н и м. Қайси уй ҳақида гапираётибсан?
Р е г и н а. Камергер Алвинг меҳмонхонаси ҳақида.
А л в и н г х о н и м. Регина, кўриб турибманки, сен ҳалокатга учрайсан.
Р е г и н а. Бўлганча бўлди! Adieu! (таъзим ила олдинги хонага ўтиб, ундан чиқиб кетади.)
О с в а л ь д (деразадан қараб). Кетди!
А л в и н г х о н и м. Шундай!
О с в а л ь д (дўнғиллаб). Жуда ёмон бўлди.
А л в и н г х о н и м (унга яқинлашиб, ҳар икки қўлини унинг елкасига қўйиб). Освальд, азизим, бу воқеа сени ларзага солиб қўйди, шекилли?
О с в а л ь д (унга ўгирилиб қараб). Отам ҳақидаги гапларми?
А л в и н г х о н и м. Ҳа, сенинг ўша бахтсиз отанг ҳақидаги гаплар. Сенинг қалбингни ларзага солиб қўйганидан қўрқаман.
О с в а л ь д. Нега бундай ўйлаяпсиз? Шак-шубҳасиз, бу мени гаранг қилиб қўйди. Лекин, бундоқ қараганда, мен учун аҳамияти йўқ.
А л в и н г х о н и м (қўлини елкадан олиб). Дадангнинг шунчалик бадбахтлиги сен учун аҳамиятсизми?
О с в а л ь д. Шубҳасиз, мен унга ачинаман, худди бошқаларга ачинганимдек, аммо…
А л в и н г х о н и м. Шугинами? Ахир ўз отанг-ку!
О с в а л ь д (асабийлашиб). Эҳ, отам… отам! Мен уни сира-сира билмаганман-ку. Фақат унинг марҳамати туфайли бир кун ўхчиганим эсимда бор, холос.
А л в и н г х о н и м. Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи даҳшат. Наҳотки, бола ўз отасига меҳр-муҳаббат қўймаса?
О с в а л ь д. Борди-ю, у ўз отасига миннатдорчилик билдириш учун арзигулик баҳона тополмаса-чи? Ҳатто у ўз отасини билмаса-чи. Ёки сен, дарҳақиқат, эски урф-одатларга ортиқ итоаткормисан, сен шунчалик билимдон, маърифатли бўлатуриб?
А л в и н г х о н и м. Буни сен фақат биргина урф-одат деб биласанми!
О с в а л ь д. Сенинг ўзинг яхши англашинг керак, ойи. Булар ҳаммаси шунчаки оғиздан-оғизга кўчиб юрган гаплар… Бу ҳам ўша олди-қочдиларнинг бири, зотан, кейинчалик…
А л в и н г х о н и м (дарғазаб). Арвоҳ бўлиб кўринади.
О с в а л ь д. Ҳа, арвоҳ десанг дея қол, майли!
А л в и н г х о н и м (тўсатдан). Освальд… Шундай қилиб, сен мени яхши кўрмайсанми?
О с в а л ь д. Сизни, ҳарҳолда биламан…
А л в и н г х о н и м. Ҳа, биласан, шунинг ўзи кифоями?
О с в а л ь д. Сиз мени юракдан севишингизни биламан, бунинг учун, албатта, сизга қуллуқ қилишим керак. Бунинг устига, бетоб кунларимда менга бениҳоя нафингиз тегиши мумкин.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, шундай Освальд. Тўғрими? Мен сенга ёпишган дардга “офарин” айтишга тайёрманки, зотан у сени менга келтириб берди. Эндиликда кўриб турибманки, сен ҳали меники бўлганингча йўқ, сени забт этишим керак.
О с в а л ь д (изтироб чекиб). Ҳа, ҳа, шундай, булар ҳаммаси гап! Сиз менинг хасталигимни унутманг, ойи. Ўзим ҳақимда ўйлашим керак, ўзгалар ҳақида узоқ ўйлашга қурбим етмайди.
А л в и н г х о н и м (ҳазин товуш билан). Мен ҳаммасига розиман, ҳаммасига чидайман, Освальд.
О с в а л ь д. Хафа бўлманг, ойи!
А л в и н г х о н и м. Ҳа, шундай, болагинам, сен ҳақсан (унга яқинлашиб). Ҳарҳолда мен таъна тошларидан ва виждон азобларидан холи қилолдимми?
О с в а л ь д. Ҳа, лекин даҳшат юкидан ким холи қилади?
А л в и н г х о н и м. Даҳшат?
О с в а л ь д (хонада юриб). Регинанинг илтимос қилишига тўғри келади.
А л в и н г х о н и м. Англолмайман. Қандай боғлиқлик бор даҳшат билан Регина ўртасида?
О с в а л ь д. Жуда кеч, энди, ойи.
А л в и н г х о н и м. Эрта тонг. (Деразадан айвонга қарайди.) Уфқларда тонг отаётир. Ҳаво ҳам очиқ бўлади, Освальд, ҳадемай қуёш кўрасан.
О с в а л ь д. Бениҳоя хурсандман. Эҳе, ҳали менинг ҳаётимда аллақандай хуррамлик юз бериши мумкин. — Яшасанг арзийди…
А л в и н г х о н и м. Яшаганда қандай!
О с в а л ь д. Борди-ю, мен ишга яроқсиз бўлсам ҳам…
А л в и н г х о н и м. Эҳ, ҳали яна тез кунда ишга яраб қоласан, азиз болагинам. Энди сен қалбингни қиймалаб ётган бутун машаққат ва шубҳаларни итқитиб ташладинг.
О с в а л ь д. Ҳа, дуруст, сен мени бўлмағур бу гаплардан халос этдинг. Энди яна бир нарсадан қутулолсам кошкийди. (Диванга бориб ўтиради.) Келинг, ойи, дардлашайлик.
А л в и н г х о н и м. Кела қол, кел! (Диванга оромкурсини суриб, Освальдга яқин ўтиради.)
О с в а л ь д. Бу орада қуёш ҳам кўтарилади… Сизга ҳамма нарса аён бўлади. Мен эса бу даҳшатдан қутуламан!
А л в и н г х о н и м. Нима дединг? Нима аён бўлди?
О с в а л ь д (унинг гапига қулоқ солмасдан). Сиз ўзингиз кечқурун айтдингиз-ку, ойи, мен сиздан ниманики, илтимос қилмай, рад этмайсиз.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, шундай деганман.
О с в а л ь д. Ўз гапингизда турасизми?
А л в и н г х о н и м. Сен менга ишонаверсанг бўлади, азизим, ёлғизим! Кўриб турибсан-ку, биргина сен учун бу дунёда яшаётибман.
О с в а л ь д. Ҳа, шундай, қулоқ сол… Ойи, сизнинг руҳан бақувват эканлигингизни биламан. Фақат илтимос, менинг оғзимдан чиққан гапларни эшитганингизда, жойингиздан қўзғалмасдан ўтиришингиз шарт.
А л в и н г х о н и м. Бу нима деганинг бўлди? Аллақандай мудҳишликнинг ҳиди келаётибди-ку?
О с в а л ь д. Бақирманг. Эшитдингизми? Мен билан бу ҳақда бамайлихотир, тинчгина гаплашишга сўз берасизми? Ваъдангизнинг устидан чиқасизми, ойи?
А л в и н г х о н и м. Ҳа, ҳа. Қани, гапир, сўзим — сўз!
О с в а л ь д. Билсангиз эди, тинкам қуриди, ҳали ишга ярайманми, йўқми, бу ҳақда ўйлашнинг ҳам ҳожати йўқ, дард унда эмас.
А л в и н г х о н и м. Ҳа, бўлмаса, дард нимада?
О с в а л ь д. Бу дард менга суяк суриб ўтган… (Қўли билан пешонасини кўрсатиб, эшитилар-эшитилмас). Мана, бу ерга жойлашиб олган.
А л в и н г х о н и м (тилдан қолгудай бўлиб). Освальд!.. Йўқ, йўқ!
О с в а л ь д. Бақирманг, шовқинни кўтаролмайман. Ҳа, мана шу ерга жойлашиб олган, пайт пойлаётибди. Кези келса, ташқарига ёриб чиқиши ҳам ҳеч гапмас!
А л в и н г х о н и м. Оҳ, қандай даҳшат!
О с в а л ь д. Фақат ўзингизни босинг! Мана, менинг аҳволим қандай…
А л в и н г х о н и м (ўрнидан сакраб туриб). Йўқ, бу ёлғон, Освальд! Ишон¬¬майман, бундай бўлиши мумкин эмас. Йўқ, йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас!
О с в а л ь д. Менда бундай тутқаноқ бир марта юз берди-ю, зудлик билан ўтиб кетди. Аммо бунинг нима эканлигини билганимда, бошимдан оёғимгача даҳшат босди — мудҳиш, тоқат қилиб бўлмайдиган даҳшат! Ўша даҳшат мени қувиб солди, сизнинг ҳузурингизга.
А л в и н г х о н и м. Демак, шундай, даҳшат!..
О с в а л ь д. Ҳа, буни айтиш қийин, мудҳиш! Эҳ кошкийди, бу шунчаки жонингни олиб қўяқоладиган дард бўлса… Мен ўлимдан қўрқмайман, ҳолбуки, яна жон-жон деб яшагим келса ҳам…
А л в и н г х о н и м. Ҳа, шундай, Освальд, ҳали сен яшайсан!
О с в а л ь д. Эндиликда бу шундай жирканч! Яна ношуд бир болакай аҳволига тушиш, ўз овқатингни ўзинг ейолмасанг… йўқ, бу — айтишга осон!
А л в и н г х о н и м. Болани она парвариш қилади.
О с в а л ь д (ирғиб). Йўқ, бундай бўлиши сира мумкин эмас. Худди она шундай бўлишини истайман. Мен бундай йўсинда узоқ яшашимни кўз олдимга келтиролмайман — қариб кетаман, оқармаган туким қолмайди. Бу вақт ичида сиз ҳам ўлиб кетишингиз ҳеч гапмас! (Онасининг оромкурсидаги қўлига ўтириб.) Доктор бу дарднинг оқибати ўлим эканини айтди-ку. У бу касалликнинг миянинг суйилишидай бир нарса деди… ёки шунга ўхшаш бошқа нарса. (Кўнгилсиз табассум билан.) Номи ёмон эмас, менимча, эшитишга чиройли. Менинг назаримда, ўшандай пайтда тўққизил бахмалдан тикилган дарпардани силагим келади, ҳа, шундай…
А л в и н г х о н и м (ўрнидан ирғиб туриб). Освальд!
О с в а л ь д (сакраб туради, хонанинг у ёғидан-бу ёғига юриб). Бунинг устига сиз мендан Регинани ҳам тортиб олдингиз. У менинг ёнимда бўлганида, дардимга дармон бўларди.
А л в и н г х о н и м (унга яқинлашиб). Бу билан сен нима демоқчисан, азизим? Шу ёруғ дунёда сенга мен раво кўрмаган бирор кўмак борми?
О с в а л ь д. Мен бу тутқаноқ дардидан бир марта омон қолганимда, доктор яна шу тутқаноқ такрорланса, такрорланиши ҳам мумкин, унда бор умидни узавериш керак, деди.
А л в и н г х о н и м. Наҳотки, шунчалик бағри тош экан!
О с в а л ь д. Ундан мен ўзим нима қилишим кераклигини сўрадим… (муғамбирона кулимсираб). Ҳа, шундай! (Ички чўнтагидан бир қутича олиб). Кўрдингизми, ойи?
А л в и н г х о н и м. Нима, нима бу?
О с в а л ь д. Кучала.
А л в и н г х о н и м (кўзлари чақчайиб, унга қарайди). Освальд, болагинам…
О с в а л ь д. Мен ўн икки отимлик йиғдим…
А л в и н г х о н и м (қўлидан тортиб олмоқчи бўлиб). Бер буни менга, Освальд!
О с в а л ь д. Ҳали вақт бор, ойи. (Ёнига солиб қўяди.)
А л в и н г х о н и м. Мен бу даҳшатни енголмайман.
О с в а л ь д. Енгиш керак. Агар Регина бу ерда менинг ёнимда бўлганда, мен унга дардимни айтардим… хуллас, сўнгги хизматини мендан аямаслигини илтимос қилардим: у эса йўқ демас эди, бунга ишончим комил.
А л в и н г х о н и м. Асло!
О с в а л ь д. Мана бу даҳшат мени — оёқ-қўлимни чамбарчас боғлаб олганлигини бир бурда гўдакдай ҳеч нарсага ярамасдан ётганимни, мендан қўлни ювиб қўлтиққа урилганлигини, мени ҳалокат кутаётганини кўрганида…
А л в и н г х о н и м. Регина ҳеч қачон сен ўйлаган ишни қилмаган бўларди!
О с в а л ь д. Регина буни қиларди. У ҳамма нарсани бирпасда осонликча ҳал қиларди. Аммо тез орада менга ўхшаган бундай хаста билан муомалада бўлиш жонига тегарди, албатта.
А л в и н г х о н и м. Худога шукурки, у бу ерда эмас.
О с в а л ь д. Демак, энди сиз ўзингиз, ойи, бу хизматни ўташингизга тўғри келади.
А л в и н г х о н и м (қаттиқ бақириб). Мен?
О с в а л ь д. Сиз бўлмасангиз, бу ишни ким қилади?
А л в и н г х о н и м. Мен! Сенинг онанг!
О с в а л ь д. Ҳа, худди шундай!
А л в и н г х о н и м. Мен, сени туққан, сени ҳаётга йўллаган ўз онанг?!
О с в а л ь д. Мен сиздан ҳаёт ҳақида ҳеч нарса сўраганим йўқ! Сиз менга қанақанги ҳаёт бердингиз? Менга бундай ҳаёт керак эмас! Қайтариб олинг!
А л в и н г х о н и м. Ёрдам беринг, ёрдам! (Ташқарига қочиб чиқади.)
О с в а л ь д (уни қувлаб). Мендан қочманг, қаёққа борасиз?
А л в и н г х о н и м (ташқарида). Сенга доктор олиб келиш учун, Освальд. Қўйиб юбор мени.
О с в а л ь д (ўша жойда). Қўйиб юбормайман. Бу ерга ҳеч ким ҳам кирмайди. (Қулфнинг шиқирлаган товуши эшитилади.)
А л в и н г х о н и м (орқасига қайтиб). Освальд!.. Освальд! Болагинам.
О с в а л ь д (унинг ортидан). Агар кўксингизда уриб турган қалб — она қалби бўлса, мен чекаётган азоб-уқубатлар — нақадар чидаб бўлмайдиган даҳшат эканлигини кўра олсангиз, кошкийди?..
А л в и н г х о н и м (бир нафас сукутдан кейин, қатъий). Мана сенга менинг қўлларим.
О с в а л ь д. Розимисиз?..
А л в и н г х о н и м . Ниҳоятда, сенга нафи бўлса агар. Аммо бу нарса бўлмайди. Йўқ, йўқ, асло! Бўлиши мумкин эмас!
О с в а л ь д. Умид қиламиз. Иложи борича, бирга яшаб, биргаликда узоқ умр кўришга тиришамиз. Раҳмат, ойи. (Алвинг хоним диванга яқин сурилган оромкурсига ўтиради.)
Кун ёришади, чироқ эса стол устида ҳамон ёниқ турибди.
А л в и н г х о н и м (аста-секин Освальдга яқинлашиб). Энди тинчидингми?
О с в а л ь д. Ҳа.
А л в и н г х о н и м (унга энгашиб). Сен бутун бир даҳшатни ўзинг ўз тасаввурингда яратдинг, холос, Освальд. Бунинг ҳаммаси фақат бир хаёл. Сен ҳаяжон нималигини билмадинг. Аммо энди дам оласан ўз уйингда, ўз онанг бағрида, нотавон болам. Кўнглинг нимани тусаса, худди болалигингдагидек ўша нарса муҳайё бўлади. Мана, кўрдингми, тутқаноқ ўтди-кетди. Кўрдингми, ҳаммаси осонгина ўтди. Эҳ, кошки, мен буни билган бўлсам!.. Ана, Освальд, қара, нақадар ажойиб кун ёришаётибди. Мунаввар офтоб. Энди сен ўз юртингни ҳақиқий нур қўйнида кўрасан. (Стол ёнига бориб, чироқни ўчиради.)
Қуёш кўтарилади. Музлик ва қоя чўққилари ложувард осмон тубида эрталабки қуёшнинг заррин шуълаларидан ярқирайди.
О с в а л ь д (айвонга тескари қаратиб қўйилган оромкурсида қимир этмасдан ўтиради ва бирдан гапиради). Ойи, менга қуёшни олиб беринг.
А л в и н г х о н и м (стол ёнида, эси оғиб). Нималар деяётибсан?
О с в а л ь д (нафаси чиқмасдан такрорлайди). Қуёшни… Қуёшни…
А л в и н г х о н и м (унга ташланиб). Освальд, сенга нима бўлди?
Освальд оромкурсига бутунлай ташланади, бадани, қўл-оёқлари бўшашади, юзлари бемаъно, сўниқ нигоҳи узоқларга тикилганча қотиб қолди.
(Даҳшатдан қалтираб.) Нима бўлди? (Бақириб.) Освальд! Сенга нима бўлди? (Оёқлари остига ташланади ва уни силкитади). Освальд! Освальд! Менга қара! Мени танимаётибсанми?
О с в а л ь д (илгаригидек нафаси чиқмасдан). Қуёшни… Қуёш…
А л в и н г х о н и м (дарғазаб ўрнидан туради. Сочларини юлиб, бақиради). Бундай даҳшатни енгишга қурбим етмайди! (Қўрқинчдан оқарган юзларини суртиб, шивирлайди.) Қурбим етмайди! Асло! (Бирдан.) Бояги нарса унинг қаерида? (Типирчиланиб, унинг кўкрагини титкилайди.) Мана у! (Бир неча қадам тисарилади ва қичқиради.) Йўқ! Йўқ!.. Ҳа, шундай!.. Йўқ! Йўқ! (Ўғлидан икки қадам нарида туриб, қўллари билан сочини юлади ва даҳшатдан ҳангу манг унга тикилади.)
О с в а л ь д (ўтирган жойида қимирламасдан такрорлайди). Қуёш… Қуёш…
П а р д а.
Тамом.
Русчадан Рамз Бобожон таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 10-сон