Галина Долгая. Ёрқўрғон осмонидаги лочин (ҳикоя)

1370 йил

…Лочин қадим шаҳар вайроналари узра безовта айланади. Қуёш чексиз саҳрога қонли шафақ тасмаси билан ҳошия тортганча уфқ ортига аста йиқила бошлайди. Яна бир лаҳза ўтса бас, ҳақиқат ўз тасдиғини топадиган, кун ва тун, нур ва зулмат ўртасидаги зиддият кўринадиган фурсат келади.

Лочин нур билан видолашган каби чинқирди-ю, пастга – қадим шаҳарни ўз қаърига яширган адир устига ташланди…

Нимиддин уйқудан кўз очди. Қўрқувдан юраги гурсиллаб урарди. Ҳар куни тушига лочин киради, асодаги ўрнини тарк этган лочин. Ҳар сафар шамолнинг қулоғи тагида ҳуштак чалишини ҳис қилганча уйғониб кетади.

Лочин уни яна Ёрқўрғонга[1] – қадим Нахшаб[2] пойтахтига етаклаб келди. Бу шаҳарда унинг болалиги ўтган, турли замонларда бу ерга қайтиб, тағин жўнаб кетган. Жўнаркан, ўн йиллаб жаҳон кезар, ўзини Нурли сувлар тимсоли дея ном олган бу шаҳар билан боғлаб турган ришталарни унутишга тиришиб, ҳеч бир ерда одам умридан ортиқ фурсатга тўхтамасди.

У энди оила ҳам қурмасди, чунки жудоликлардан чарчаган эди. Айрилиқ юки абадийлик инъом этган туморнинг юкидан ҳам оғир эди. Хотинлари, болалари, набиралари вақт ўтиб, оддий одамларнинг қисматига ёзилгандек, кексайиб, фоний дунёни ташлаб кетишарди. Лекин Нимиддин оддий одамлар тоифасидан эмас, мангулик тумори – боқий ҳаёт ичимлигини аралаштириб берадиган қурбақанинг қўриқчиси эди. Бу туморни онасининг қистови билан қўлга олди-ю, бир умрга боғланди-қолди, оғир кечаётган узундан-узоқ ҳаёти давомида бир кун ҳам бу тумордан айрилгани йўқ.

Қурбақа – кўчманчиларнинг Буюк худоси Тангрининг ҳадяси бўлиб, болалигида унга саломатлиги ва ҳаётини қайтариб берган, эвазига эса меҳр-муҳаббат ва дўстлик бахтини олиб, уни ёлғизлик ва чорасиз ҳасрат гирдобига ташлаган эди.

Нимиддин боқийлик туморидан қутулолмагани баробарида ўн аср аввал сарой деворига ўзи яшириб, устидан суваб ташлаган қимматли тошни ҳам ололмаётган эди. Оддий тош эмас эди у! Онаси маликанинг чўриси эди, у онасидан Никшапайя ҳукмдорларига тегишли бўлган ўша тош таърифини эшитганди. Шунақа бўлдики, орадан ярим аср ўтгач, Нимиддин тасодифан подшоҳ Хуфарннинг вориси ва хиёнаткор ўртасида бўлиб ўтган жангга гувоҳ бўлиб қолди, ўшанда ҳукмдорнинг бармоғидаги узукнинг кўзи сачраб чиқиб кетди-ю, Нимиддиннинг – сарой меҳробхонаси деворини таъмирлаётган оддийгина ғишт терувчи устанинг оёқлари тагига тушди! Барини бир лаҳза, кун ва тун, нур ва зулмат ўртасидаги, ҳақиқат қарор топадиган ўша фурсат каби қисқа бир лаҳза ҳал қилди! Уста тушунарсиз ҳаяжон ичра тошни қўлига олди-ю, уни ғишт орасига тиқиб, ёриқни суваб ташлади. Ўшанда у кейинроқ, бир-иккита авлод дунёга келиб-кетгач, уни сарой аҳли таний олмайдиган бўлиб қолгач, саройга қайтиб, тошни олишни хаёл қилган эди. Аммо ўйлаганидан ҳам кўпроқ фурсат ўтди, бир-икки эмас, ўнлаб авлодлар бу дунёга келиб-кетди!

Нимиддин неча марталаб саройга киришга уринди, бироқ ҳар сафар, бирда гуллаб-яшнаган, бирда вайрон бўлиб, кимсасиз бўлиб қолган, қум ва лой босган шаҳарга келганда унга нимадир ё кимдир халал берар, тош ўз ўрнида – ғишт терувчи уста Нимиддингагина маълум бўлган жойда қолаверарди.

Нимиддин батамом уйғонди. Шамол кучайди. Ҳадемай тонг отади! Шунгача кетиш керак, сарбонга нима учун Тупроқ адирда қолаётганини тушунтириб ўтирмаслик учун жўнаш зарур. Бухородан Нахшабнинг янги пойтахти – Қарши йўлида тилсиз ёдгорлик бўлиб турган ўша қадим шаҳарни энди Тупроқ адир деб аташади. Бу нечанчи пойтахт ўзи? Учинчими? Тўртинчими? Нимиддин юзини буриштирди. Негадир хотираси панд бера бошлади. Бир умуман эслолмайдиган қандайдир манзаралар хотирасига қалқиб чиқади, бир одамлар Ярқираган дарё қирғоғида нечанчи бор шаҳар бунёд этганларини ҳисоблай олмайди. Э-ҳе… Қурбақа қанчалар қудратли бўлмасин, йиллар ўз ишини қилавераркан! Йиллар… йиллар эмас, асрлар! Нурли сувлар тимсоли дея ном олган шаҳар кўчаларида ялангоёқ югуриб юрган пайтларидан бери қанча сувлар оқиб кетди, қонли уфқ ортига қанчалаб кунлар қулади ахир!

У дарёни ҳамон Ярқираган[3] деб атайди! Одамлар турли замонларда унга ҳар хил номлар беришди. Кексалар ўтмишга жўнаб, ўша ерда йўқ бўлиб кетишди, агар кимдир уларни ҳукмдорларга йўлланган мактубларда ёки солномаларда ёдга олмаса, номлари ҳам унутилиб кетади. Дум, Навтака, Каҳкашон… Лекин эсини танибдики, бу дарёнинг суви ҳамиша қуёшда ялтирайди ёки ойнинг сирли ёғдуси остида ярқираб ётади. Ярқираган! Ёруғ! Муқаддас!

Бир вақтлар, унинг навқиронлик йиллари одамлар Нурли сувлар илоҳаси, сахий Ардви Суру Анахитага – ҳосилдорлик маъбудасига, қадим шаҳар ҳомийсига ишонишарди. У Биришим маъбудаси ибодатхонасига ўз хазинасини яшириб, ўлими олдидан уни топишни васият қилган эди. Энди одамлар ягона илоҳга – Оллоҳга эътиқод қиладилар, Нурли илоҳа эса парча-парча бўлганча меҳроб олдида, қават-қават тупроқ остида кўмилиб ётибди. Лекин одамлар барибир уни ёдлашади, ер уйғонганда, далаларда навқирон майсалар кўкарганда, табиат кун ва тунни тенглаштирганда, унинг исмини айтишмаса ҳам, ўзини улуғлашади. Одамлар ҳаётида ва урф-одатларида кўп нарсалар ўзгариб кетди, аммо уларни табиатдан узиб бўлмади, табиатнинг қонунларини ўзгартириб бўлмади!

Атроф бўзарди, кун ёриша бошлади. Нимиддин ўрнидан туриб, белбоғини ечди, елкаларини кўтарди. Очиқ кўксига салқин шамол кириб, курагини музлатди. Тўни этакларини тўғрилаб, белбоғини маҳкамроқ танғиди. Оппоқ сочлари пешонасига буралиб тушиб, бўйнини қитиқлади. Нимиддин қоракўл қалпоғини қулоғигача бостириб кийди. Дуруст! Шамол ҳам чикора! Шолчани ўраб, боғлади-да, орқалади, асосини қўлига олиб, уйқудан бош кўтараётган карвонга ўгирилиб қараб қўйди-да, шарққа, қизараётган уфққа томон юриб кетди.

Ёрқўрғоннинг баланд адирлари узоқдан қорайиб кўринарди. У ерда бирон ким яшармикин? Деворлари тагида қўй боқармикин? Ёки қадим шаҳар сукунат ичра, одамлар ташвишларидан йироқ, ухлаётганмикин? Кўксида юраги тўхтаб қолгандек бўлди. Мана у, деярли ёнгинасида, шарпаси кўриниб қолди, унинг болалиги ўтган шаҳар, илк хотираларини уйғотган шаҳар.

Ўпирилиб тушган деворга тирмашиб чиқди-ю, қотиб қолди. Тушида кўрган лочин боис уйғонган хавотир яна дилини чулғади. Кўнгли бу куннинг аҳамияти ўзгача бўлишини сезди шекилли, нотинч эди. Нимиддин пастга тушди, кейин тепаликка кўтарилди, унинг ёнбағирларидан чиқиб бораркан, чориқларининг таги саройнинг кўзга кўринмас, лекин унинг хотирасида яшаётган, тупроқ остида ётган деворларига тегаётганини ҳис қилди.

Атроф ёришди. Олам устига қуёшнинг гирди сузиб чиқди. Нимиддин ўпирилган жойни айланиб ўтиб, у саройнинг қайси ерида ҳосил бўлганини чамалади, кейин тахт турган катта танобийга олиб борадиган туйнукни тахминлаб, ўша жойга сакради.

Одамлар ташландиқ шаҳарни тинч қўйишмабди. Кўриниб турибди, ерни кавлаб ташлашибди, демак, ҳукмдорларнинг бойликларини излашган. Асрлардан асрларгача шу аҳвол! Унга эса атиги биттагина, бош бармоғининг тирноғича келадиган тош керак. Кичкинагина, лекин қудрати улкан! Ривоят қилишларича, бу тош қадимги юнонлар Зевс деб атаган даҳшатли Қуёш маъбудининг хотини, Ер илоҳасининг қони ва сутидан яралган экан. Гера деб аташади у илоҳани. Унинг ўлмас тани Никшапайяни кўп асрлар давомида асраб келди. Аммо янги илоҳнинг қудрати йўлида учраган нарсани супуриб ташлайдиган бўрон каби ўзигача бўлган бор муқаддас нарсаларни йўқ қилиб ташлади. Нурли сувлар тимсоли шу тахлит ҳалокатга учради. Уни замин неъматлари билан тўйдириб турадиган сут дарёси шу тариқа қуриб битди. Агар ўша тошни топиб, уни муносиб гардишга жойлаб, инсон тафти билан иситса, шу тариқа қадимги худолар унутилмагани, уларнинг ҳомийлигига муҳтож эканликлари исбот қилинса-чи?..

Нимиддин ердан бир поғона юқори турган супача томонга ўтди. Бу ерда ҳукмдорнинг тахти турарди! Бу жойда, шу хонада тожга эгалик учун бўлган жангларни кўрган! Нимиддин чириган шифтга хавотирланиб қараганча ярим вайрона устунни айланиб ўтди. Устун ортида меҳробга кириш жойи бор эди. Асо ва йўлхалтасини ерга ташлаб, тўнини ечди, деворни пайпаслади. Қўллари тешик ичига кириб кетди. Хавотир нафасини бўғиб қўйди. Аммо бурунги жаҳди уйғониб, сергаклигини сустлаштирди. Туйнукдан ошиб ўтди. Тешикдан оқиб кирган кулранг ёғду деворни рўй-рост кўрсатди. Мана у, ўзи қурган девор. Биринчи, иккинчи қатор… Қўллари лойсувоқни пайпаслайди, ғиштлар қаторини санайди, мана шу ерда бўлиши керак… шу ерда!

Яктаги тердан оғирлашиб кетди, оғзи қуриди. Лабини ялаб, жиққа ҳўл сочларини орқага қайирди, пичоғини олиб, ғиштлар орасини қиртишлай кетди. Чуқурроқ, чуқурроқ… ишқилиб, тошга зиён етиб қолмасин! Сувоқ парчалари кўчиб, оёғи остига тушди. Пичоқни четга ташлади. Нимиддин фақат бир қўли билангина қотган сувоқларни кўчира оларди. Иккинчи қўли болалигида иссиқ темир тегиб куйганидан фақат ерга тиралиб туришгагина ярарди. Аммо Нимиддин шу қўлини ҳам эпчиллик билан ишлата биларди, сувоқ парчаларини соғлом қўли тагига суриб берарди. Лекин уларнинг биронтаси ҳам кучли қўлларга енгилмади. Нимиддин пичоқнинг сопи билан сувоқ парчаларидан бирига эҳтиётлик билан уриб кўрди. Қотиб кетган сувоқ ўжарлик қилиб турди-ю, аста майдаланди. Тош йўқ эди. Сабрсизликдан қўллари қалтираса-да, бирин-кетин сувоқ парчаларини майдалаб борди, ниҳоят, бирида чўзинчоқ, икка томони япалоқ тош кўринди. Нимиддин девордан нарироққа сурилиб, оёқларини узатиб ўтириб олди, тошга туфлади, яктаги этаги билан артиб, ёруққа тутиб кўрди. Қидирганини топганига ишончи комил бўлгач, қўлларини тушириб, кўзларини юмди.

Топди! Кўп йиллар ўйларини банд қилиб келган нарсани топди! Ўша ақиқ тошни топди, тош ўртасидан ўтган сут рангидаги тасма уни иккита катта-кичик бўлакка бўлиб турарди. Силлиқ тарашланган юзасида қадимги уста моҳирона ўйиб ишлаган, болалик чоғи онасидан кўп таърифини эшитган, яшираётган пайти бирров кўзи тушган тасвир. Серсоқол, яғриндор, бошига айланасифат қалпоқ кийган яланғоч эркак ўнг қўлида баланд асони тутиб турибди, асо устига эса лочин қўнган! Лочин ўз ўрнига қайтиб келди! Энди Нимиддин хотиржам, юксакдан, осмондан қулашдан қўрқмасдан, тушунарсиз ҳисдан хавотир олмасдан ухласа бўлади.

Ташқарида шитирлаш эшитилди. Нимиддин қулоғини динг қилди. Жимлик. Тошга назар ташлади. Зевс оёқ учига турди. Мана, мана ҳозир лочинга айланиб, учиб кетади. Бу унга берилган ишора! Тошни яшириб, тезроқ, шифт босиб тушмасидан аввал бу собиқ саройдан кетиш керак.

Ташқари чиққач, тоза ҳавода чуқур сўлиш олди, танасига осойишталик ва қониқиш ҳисси югурди. Туйнукда кимса йўқ. Фақат абжир калтакесак девор синиғида серрайганча юм-юмалоқ кўзларини чақчайтириб, ер остидан чиқиб келган одамни кузатади. Нимиддин тошни яктаги ёқасидаги баҳя остига яширди. Ҳатто тинтисалар ҳам топилмайди. У аллақачон тошни қаерга яширишни ўйлаб, аввалдан баҳя чокини сўтиб қўйган. Кейин тикиб олади. Ундан кейин эса… Кейин нима бўлади?..

Тепадан шувиллаб қуруқ тупроқ тушди. Болакай пастга қаради-ю, шу заҳоти ғойиб бўлди. Нимиддин шошиб тўнига ўранди, қалпоғини бостирди, лаш-лушларини йиғди-ю, асосини кўндаланг ушлаб, туйнукнинг қия деворидан юқорига ўрлади. Уни сезиб қолишибди, изига тушишибди! Болакай, турган гап, ёлғиз эмас. Майли, балки кекса чолни хафа қилишмас.

Нимиддин кутганидек, юқорида уни кутиб туришарди. Болакай ғойиб бўлган, икки йигит унга тешиб юборгудек бўлиб қараб туришарди.

– Ассалому алайкум, ота! – улардан бири салом берди. Ер остидан чол чиқиб келишини кутмаган, шекилли, овозида ҳайронлик сезиларди. – Адашиб қолдингизми дейман. Бу ерда йўл йўқ.

Нимиддин атайлаб кучлироқ ҳарсиллаганча йигитнинг кўзларига чарчоқ тўла кўзларини тикди. Йигит нигоҳини олиб қочмади, фақат кўзлари қисилди, холос. Кўриниб турибди, у – шу ерларнинг хўжаси! Лекин кексага ҳурмат кўрсатиши шарт, болаларни гўдаклигидан шунга ўргатишади.

– Тўғри топдинг, ўғлим, адашиб қолдим, – соқолини силкитганча жавоб қилди Нимиддин ва ерга чўкаркан, янада оғирроқ сўлиш олди. – Қоронғида йўлни кўрмабман, қарасам, тоғларга дуч келибман-да! Бир пайт чуқурга йиқилиб тушдим… уҳ… зўрға чиқиб олдим. Йўлчига сув берсанг, девдим… Мешинг тўла шекилли…

Йигит белбоғидаги думалоқ чарм идишни олиб, тиқинни чиқарди. Нимиддин мешни ташналик билан оғзига келтирди-да, бошини орқага ташлади. Сув ичаркан, озғин томоғидаги кекиртак олмаси ҳар ютумда у ёқ-бу ёққа бориб-келар, қултиллаган овоз бу ўлик шаҳар сукунатида ҳатто кўлдаги бақаларга ҳам эшитилаётгандек эди.

– Раҳмат, ўғлим! – ҳўл лабларини кафтига артиб, Нимиддин мешни қайтариб берди. – Энди мени йўлгача кузатиб қўйсанг, йўқса, яна адашиб кетаман. Қаршига кетяпман, – қўшиб қўйди у ва инқиллаганча ўрнидан турди.

Зимдан атрофга назар ташлади. Бу йигитлар билан яна кимдир келганмикин? Ҳеч ким йўқ, шекилли… Мана, катта дарвозадан эшак минган бир киши кириб келяпти. Олисроқда, кимлигини билиб бўлмайди. Фақат эгнидаги йўл-йўл чопони-ю, бошидаги салласи кўзга чалинади, ўзи эшак миниб олибди-ю, яна худди асо тутган одамдек қўлидаги таёғи билан ерга таяниб юрибди. Ғалати чол экан. Жуда илдам келяпти – ошиқяпти! Кўриниб турибдики, улар томонга йўл тутган.

Йигитча ҳам ғалати чавандозни кўриб, шошиб қолди. Чол унга таниш экан-да!

– Юринг, ота, пастга тушириб қўямиз.

У бош ирғаб шеригини чақирди, икковлашиб Нимиддиннинг қўлтиғидан олишди-да, тепаликдан пастга туша бошлашди.

– Чойдан олинг, меҳмон! – Ёрқўрғон ортига яширинган қишлоқ оқсоқоли буғи чиқиб турган пиёлани узатди.

Ҳар оҳангга солиб сайраб турган бедана ҳам жим қолди. Ҳатто қушча ҳам билади: кексалар сўзлашганда кичиклар овоз чиқармаслиги шарт!

Нимиддин ўша, эшак миниб келган чол билан бирга озода ҳовлида, дастурхон атрофида ўтирарди. Нимиддин бунақанги эътибор учун ҳайрон эди. Ахир у кўринишидан бошпанасиз бир дайдига ўхшаса, уни бу ерга чорлашдан мурод не? Лекин ички бир сезги билан бу ҳовлига таклиф этилиши ниманингдир муқаддимаси эканлигини англаб турарди.

– Олисдан келяпсизми? – оқсоқол ҳам гапни узоқдан бошлади.

– Карвон билан Бухородан келаётиб эдим, – чой ҳўплаётиб жавоб қилди Нимиддин.

Оқсоқол тушунган каби бош ирғади. Қўли билан енгилгина ишора қилган эди, ҳовлида зоғ ҳам қолмади. Ҳамма гўёки ўз иши билан ҳар ёққа тарқади, Нимиддин тушундики, чол бир ишора қилса бас, керакли одам дарров ҳозир бўлади.

– Кўриб турибман, оддий одамга ўхшамайсиз… – бунақанги муқаддима кейинги суҳбат ҳам жўн бўлмаслигидан дарак берарди.

Нимиддин пиёлани қўйиб, чолнинг кўзларига тик қаради. Оқсоқолнинг оппоқ соқоллари остида лаблари айёрона табассумга ёйилгани кўринди, бароқ қошлари тагига яширинган кўзлари эса жиддийлигича қолаверди, нигоҳида қизиқсиниш акс этди. “Ўзини тутишни билади, – ўйлади Нимиддин. – Бу ҳам жўн кишилардан эмас!”

– Мен ҳам кўриб турибман, эътиборли киши экансиз, – жавоб қилди у ҳурмат юзасидан овозини пасайтириб. – Тўғрисини айтаверинг, менда юмушингиз борми? Балки мени ким биландир адаштиргандирсиз?

Чол янада кенгроқ илжайди. Йўқ, адаштиргани йўқ! Ким билан гаплашаётганини билади. Қанақа одам ўзи у? Нимиддинни қизиқсиниш ҳисси қамраб олди. У ақиқ тошни ҳам бир зумга унутди, лекин чол дарров эсига солди:

– Анчадан бери кутамиз сизни! Фақат сиз биласиз бу сирни!

Нимиддинни тер босди. У ёпишқоқ томчилар кураклари устидан секин ўрмалай бошлаганини, кафти ҳўлланиб қолганини сезди. Чол меҳмонидаги ўзгаришни сезиб, уни тинчитишга шошилди.

– Биздан чўчиманг, – у сўзни нимадан бошлашни билмай, хаёлини жамлашга урингандек бироз сукут сақлади. – Юртимизда анчадан бери куч-қудрат тимсоли бўлган бир тош ҳақида ривоятлар юради. Айтишларича, у еримизни босқинчилардан асраган эмиш, анави шаҳарнинг сўнгги шаҳзодаси эса, – чол боши билан Ёрқўрғон томонга ишора қилди. – Душман уни омон қўймаслигини билгач, ўша тош билан бирга ғойиб бўлганмиш. Балки шундайдир. Илло менга ғойибдан, тушимда Оллоҳдан бир хабар келиб, ақиқ тош, сиз, ўз шон-шуҳрати томон келаётган бир инсон ҳақида сўз эшитдим. Шундай бир кун келадики, менга аён бўлган бу йигит нималарга қодир эканини англаб етади, шунда Мовароуннаҳрда унга тенг келадигани қолмайди.

Чол жимиб қолди. Аммо шу айтилганларнинг ўзи кишини ўйлантириш учун етарли эди. Ахир тош терувчи устанинг сирини ҳеч ким билмас эди! Нимиддин ҳеч кимга, ҳеч қачон сир айтмаган, ҳатто ишора ҳам бермаган. Чол алдамаётгани аниқ… Хазина ва бундан минг йил аввал шу хазинани яширган ўлмас одам – Нимиддин ҳақидаги бор гапни бу чолга фаришталар етказдимикин? Тахт турган танобийга ҳам йўл очиб қўйишибди… Ақиқ тош қаерга яширилганини билишарканми? Лекин ўзлари излашмабди, уни кутишибди!

Ўтган йиллар давомида Нимиддин кўпни кўриб, кўпни англаб етган эди. Қари билганни пари билмайди, дейишгани бежиз эмас! Ҳатто оддий бир инсоннинг ҳаёти давомида улар шунчалик қийинчиликларни енгиб ўтишади, ҳаёт сабоқларини шу қадар кўп олишадики, уларни бирон нима билан ҳайратга сололмайди киши. Ўнларча авлод умрини бошидан кечирган инсон ҳақида нима дейиш мумкин?! Лекин, барибир, Нимиддин ҳайрон қолди, у бунақанги учрашувни кутмаганди. Ўзини қандай тутишни, нималар дейишни ўйлаб кўрмаганди. Бироқ ундан иқрор кутаётган, унинг Яратган амрига бўйсунишини кутаётган бу чолга қараб, Нимиддин тушундики, керакли тўхтамга унинг ўзи келади. Хазинасини ҳеч ким зўрлик билан тортиб олмайди, булар бунақанги одамлар эмас! У ақиқ тошини олиб кетиши, уни тағин яшириб, яширганда ҳам ҳеч ким тополмайдиган қилиб беркитиб кетиши мумкин. Аммо бунинг нима ҳожати бор? Аждодларнинг сирли тоши унга нима қилиб берарди? Тошни у нима қилади? Ахир ўз юртини босқинчилардан қўриқлайдиган подшоҳ бўлмаса… У оддийгина уста, унга шу кичиккина тош ҳам оғирлик қиляпти, ҳолбуки, бу тош – ақиқдан ясалган қурбақа – саломатлик ва боқийлик тимсоли унга тегишли, Нимиддин унинг вориси, бироқ бу ҳадяни нима қилишни ҳам билмаяпти.

Бирдан хаёлига мана шу чолдан маслаҳат сўрасам-чи, деган фикр келди. Балки чол билар: боқийлик кимга оддий ҳаётдан кўра муҳимроқ? Балки Зевснинг тоши билан бирга Тангри ҳадясини ҳам бериб юборсамикин? Икки худонинг қудрати учинчи бир худога бўлган эътиқод билан бирлашса, улкан қудратга айланмайдими? Бу тош худо назари тушган ўша одамни нималарга муяссар этиши мумкин? Нимиддин умр бўйи қурбақани нима қилишни, уни кимга беришни билмай, боши қотиб ўтди. Берди ҳам! Кейин қайтариб олишга тўғри келди…

Уй эгаси унинг хаёлларини тўзитиб юборди:

– Нега индамайсиз, меҳмон? Ўйга толиб қолдингиз?

– Ўйга толдим… – Нимиддин гўё шубҳа-гумонларини итқитиб ташлаётгандек, бошини силкиди, кейин тетик овозда деди: – Мен ҳақимда бор гапни билар экансиз, ғойибдан хабарлар оларкансиз, эътироз қилмоққа ҳаддим сиғадими?! Аммо… менинг бир шартим… тағин саволим бор эди.

Чол пиёлага чой қуяркан, қисқагина жавоб қилди:

– Сўранг! Билсам, айтаман.

Худди ҳозир, шу пайтнинг ўзида унинг келажагини ҳал қиладиган лаҳза келгандек туюлди. Лекин Нимиддин бирдан қўрқиб кетди. Нимадан? Ажалдан эмас, йўқ! У ёвуз одам боқий умрга етишиб, илоҳлар қудратига эга бўлишини тасаввур қилиб кўрди. У ҳолда одамларнинг ҳоли нима кечади? Ким ҳукмдор бўлса, элнинг қисматини шу одам белгилайди! Чол айтаётган одам ёвуз киши бўлса-чи? Нимиддин эса унга боқийлик рамзини ҳадя қилса?

– Ақиқ тошга эгалик қилиш пешонасига ёзилган одам ким? Сиз уни биласизми?

Чол соқолини титди.

– Унинг исми Темур, барлос уруғидан бўлмиш Муҳаммад Тарағайнинг ўғли. Эл орасида Темурнинг жасурлиги, унинг ҳарб ишидаги салоҳияти ҳақида овозалар юради. Мен уни кўрмаганман. Шу боис ортиқ бирон нима дейишим мушкул. Аммо мен Оллоҳ иродасини адо этмоғим шарт! Агар Яратган эгам шавкатли саркардалар ичидан Темурни танлаган бўлса, унинг иродаси шу! Агар қудратли тошга эгалик қилиш унинг пешонасига битилган бўлса, ақиқ унга насиб қилади. Сиз ақиқни унга топширмаган тақдирингизда ҳам тош бошқа бир йўл билан, барибир, унинг қўлига тушади.

Нимиддин чолнинг шошилмай, чертиб-чертиб айтган ҳар бир сўзига индамай қулоқ солди. Нима ҳам дерди, қудрат тошини унга беради! Аммо қурбақа ҳақида лом-мим демайди. Боқийлик рамзининг бошқа бир қўлга ўтишига вақт етмаганга ўхшайди. Бу муҳтарам кишига алоҳида ишоратлар бўлмаган шекилли, йўқса, билдирарди-я… Нимиддин ҳам шу ишоратларга қараб, бўйнидаги омонатдан қутулиб қўя қоларди…

– Дуруст, тошни бераман, тақсир. Менинг унга муҳтожлигим йўқ. Аммо шартим шуки, сиз менга таърифлаган ўша саркардани бир кўрмоқчиман.

Чол розилик маъносида бош ирғади.

– Дам ола туринг, бундаги барча нарса сизга мунтазир. Анави ўғлон сизга янги кийим-бош олиб келади. Оқшом Қаршига жўнаймиз. Темур Барлос ўша ерга келиши керак. Мен шаҳар доруғасига хабар жўнатганман. Улар бизни кутиб олишади.

Чол ўрнидан туриб, ҳассасини қўлига олди, эшагига минди ва ҳассасини ерга тираганча, дарвозадан ташқарига чиқди.

Улар кун адоғида, шаҳарга элтадиган йўлда учрашишди. Чоллар юзлаб отларнинг туёғи остидан чиққан чанг булут каби юқорига кўтарилганини олисданоқ кўришди, демак, қўшин келяпти! Олдинроқ жўнатилган йигитча қўшин илғори ортида, тўриқ отда аслзода жангчи келаётганини, ёнида оппоқ чакмон кийган нуроний кекса борлигини хабар қилди. Сал нарида бошқа донгдор жангчилар, барчадан олдинда яловбардор келяпти, деди у, яловга учта доира – ўтмиш, бугунги кун ва келажакни, куч, адолат ва садоқатни бирлаштирган қадимий белги – Темур рамзи туширилган.

Чоллар йўл четига терилишди. Уларнинг оппоқ – муқаддаслик ва софлик рангидаги тўнларини сезмаслик мумкин эмас эди. Темурнинг пири Мир Саид Барака улар томонга қўлларини чўзди-да, Темурга нимадир деди. Қўшин тўхтади. Чоллар томонга вакил жўнатилди.

– Амирга айт, биз унга Оллоҳ томонидан буюрилган ҳадяни олиб келдик, – овозида титроқ билан деди чол.

Нимиддин шу ерда турганини, далда бермоқчи эканини билдириш учун чолнинг тирсагидан тутиб суяди. Чол ўгирилмасдан, бош ирғади.

Вакил отини ортга қараб йўрттириб кеди, сал ўтмай, берироқ келишга ишора қилди.

Чоллар қўшин томонга қараб кетишди. Нимиддин амирнинг дилини хира қилмаслик учун майиб қўлини яширди, кўк бахмалга ўралган ақиқни эса иккинчи қўлида маҳкам сиқиб ушлади.

Мир Саид Баракага яқинлашгач, чол эгилиб таъзим қилди. Атрофдаги ҳамма сукут сақлар, фақат отларгина тезроқ қўним топиш умидида бетоқат ер тепинар, пишқирар эди.

Мир Саид Барака жилов тортиб, отини бир қадам орқага чекинишга мажбур қилди. Чол ва Нимиддин Амир Темурнинг олдига келиб қолишди. Саркарданинг қисилган кўзларидан бирон-бир ифодани уқиб олиш қийин эди, лекин йўлидан кексаларнинг чиққани, шаксиз, уни қизиқтирганди. Яқиндагина уч нафар қария Мир Саид Барака билан биргаликда унга ҳукмронлик нишонларини топширган, оқ фотиҳа беришган эди. Манави оқсоқоллар нима мақсадда келишган экан?

– Улуғ ва муҳтарам амир! – дея сўз бошлади Нимиддиннинг ҳамроҳи. – Йўлларингиз ойдин, бемашаққат, умрингиз музаффарият ва шон-шуҳратга тўла бўлсин!

Амир Темур сўзлагувчининг айтганларини тингларкан, унга синчковлик билан разм соларди. Лекин чол амирнинг кўзларига қарашга ботинмас, тавозе билан ерга боқиб турарди.

– …рўёмда фаришта намоён бўлиб, Яратган эгамнинг иродасини етказмиш…

Чол ақиқ тош ҳақида сўз очиши биан Нимиддин олдинга чиқди. У ушбу лаҳзанинг муҳимлигини англаб Амир Темурга ўзгача эҳтиром ҳисси билан тикилар, унга бўлган қизиқишини яширмас эди. Аммо саркарданинг қараши оғир эди. Бу инсонда қандайдир илоҳий қудрат сезиларди, ҳатто салгина ноқулай ҳаракат, биргина ўйламай айтилган сўз унинг ғазабини қўзғайдигандек, кучини ўзига ёқмаган кимсага қарши ташлайдигандек туюларди. Унинг нигоҳи гўё “Ўйлаб гапир, алдашга уринма” дея огоҳлантираётгандек эди. Лекин Нимиддин амирнинг қарашига дош берди. Бироқ кейинги қадамида қоқилиб кетди-ю, йиқилмаслик учун майиб қўлини чўзиб, ерга тиралмоқчи бўлди. Амир Темур эса қаддини тиклади, лабларида истеҳзо ўйнагандек кўринди. Аммо Нимиддин айтиши керак бўлган сўзларини, барибир, айта олди.

– Амир, худолар ҳадясини қабул этинг. Улар бу тошни ўз ҳукми остидаги ерларни муҳофаза этишларида ҳукмдорларга ёрдам бўлсин учун яратмишлар, – дея бахмал ўрамни узатди.

– Худолар дедингизми? – Темурнинг овозида норозилик оҳанги сезилди.

– Бу тош қадим замонларда, ҳали одамлар Оллоҳни танимаган даврларда юртимизни ёғийлардан асраган. У узоқ йиллар Ёрқўрғон вайроналари остида, бу ерлар халқларини ўз ҳукми остида бирлаштиришга қодир шоҳ дунёга келишини кутиб ётди. Оқсоқолга ғойибдан келган хабар ўша одам сиз эканлигингизни тасдиқ этади. Бизнинг вазифамиз тошни сизга етказишдир.

Нимиддинга Темур гўё шу билан воқеага ортиқ қизиқиш кўрсатмагандек туюлди. Амир бош силкиди, атрофидаги жангчилардан бири Нимиддиннинг қўлидаги ўрамни олиб, қўйнига тиқди. Қўшин қўзғалди. Чоллар йўл четига чиқишди. Улар сўнгги арава ўтиб кетгунга қадар қуюқ тўзон орасида туришди. Охири оқсоқол ҳолдан тойиб ерга чўкди. Ёрдамга етиб келган йигитлар уни суяб эшагига миндиришиб, уйига олиб кетишди.

 

1377 йил

Совуқ шамол чодир этагини тортқилайди. Темур ёстиқларга суяниб, оёғини кўрпага ўраб ўтиради. Иссиқлик танини яйратар, аммо дилидан ранж кетмас эди. Қамариддинни қачондан бери таъқиб этади! У эса тутқич бермай, Темур қаламравидаги ерларни, салтанат шаҳарларини талайди!

Амир Темур кўрпани очиб ташлаб, шарбат солинган пиёлага қўлини узатди. Ташқаридан жангчиларнинг гуриллаб кулгани эшитилди. Кулаётган бўлсалар, жуда яхши! Жангчилар савашдан кейин дуруст истироҳат олмоқлари лозим. Ўрнидан турди.

Зийрак мулозим чодирдаги шитирлаш товушни дарҳол илғаб, ичкарига шўнғиди, Соҳибқироннинг мақсадини англаб, тўнини олиб берди.

Қамариддин тор-мор келтирилган дарадан зах билан бирга билинар-билинмас тутун иси келарди. Ўлаксахўрлар тунги базмни бошлаб юборишган эди. Ҳаёт шу! Бу дунёда сен кимнидир енгмасанг, у сени мағлуб этади! Шунинг учун Амир Темур Мўғулистон ҳукмдорининг сурбетона ҳужумларидан хабар етиши биланоқ оёққа қалқир эди. Чунки нафақат Қамариддин, ҳатто бошқалар ҳам билиб қўйсинлар, қилмишлари жазосиз қолмайди. Бу ерларнинг ҳукмдори – Амир Темур! Шоқолларга ким ем бўлишини у ҳал қилади!

Қўналға машъала ва гулханлар шуъласидан ёруғ эди. Ҳар бир гулхан атрофида жангчилар давра қуриб ўтиришарди. Яқинидаги даврада бегона одам кўринди. Мўйсафид… нималарнидир ҳикоя қиляпти. Жангчилар берилиб тинглашяпти.

Темур билинар-билинмас бош силкиди, мулозим чопқиллаб ёнига келди.

– Ким у?

– Бир дарвеш. Искандар ҳақида ҳикоялар айтади.

Амир Темур қошларини кўтариб қўйди. Халқ ичида улуғ саркардалар ҳақида кўплаб ривоятлар, афсоналар юради. Кун келиб, у ҳақида ҳам ривоятлар тўқиб, гулханлар атрофида ҳикоя қилишса, ажаб эмас.

– Чақирайми? – шивирлаб сўради мулозим.

– Йўқ. Ўзим бораман.

У гулханга яқинлашиб, жангчилар кўрмасин учун панароқ жойда тўхтади. Қулоқ солди. Мўйсафид қайсидир бир шаҳар қамали ҳақида сўзларди. Шаҳар… Нурли Сувлар тимсоли? Бу қандай шаҳар?

– Искандар Зулқарнайн шаҳар деворлари тагида бир ҳафта турди, икки ҳафта турди. Ҳеч ким унга шаҳар дарвозаларини очмади, ҳеч ким асир тушмади. У дарҳол ғалаба қозонишни истаган эди, ахир енгилмас саркарданинг шуҳрати унинг ўзидан олдинда юрарди! Лекин бу сафар бунақа бўлмади. Тошнинг қудрати кўп асрлардан бери шаҳарни ҳимоя қилиб келарди, ҳатто Искандар ҳам қамални ташлаб, қуруқ қўл билан қайтишга мажбур бўлди!

Кимдир гулхан ёнига Соҳибқирон келганини пайқаб қолиб, ўрнидан сапчиб турди. Унинг ортидан гулхан атрофидаги бошқа жангчилар ҳам қўзғалишди. Амир Темур даврага яқинлашди, дарвеш ҳам турди. Бу саркарда душманлари дилида уйғотадиган қўрқув афсонавий юнон ҳукмдориникидан кам эмас эди.

– Кимсан, дарвеш? – сўради Амир Темур, кўзларини ундан яширмаган бу дадил кимсага боқаркан.

Жангчилар ҳурмат юзасидан нари кетишди.

– Исмим Нимиддин. Иссиқкўлга кетаётган эдим, дарадаги жанг тугашини кутиб қолдим, – жавоб берди мўйсафид, Амир Темур эса дарвеш у қадар кекса эмаслигини пайқади.

Амир гулхан ёнидаги бўхчага ўтирди, дарвешга бош силкиди. Нимиддин унинг рўпарасига ўтирди.

– Қайси шаҳар ҳақида ҳикоя қилаётган эдинг? Мен бунақа кент тўғрисида эшитмаган эканман.

– Сиз уни кўргансиз. Нурли Сувлар тимсоли шаҳридан каттагина тепалик қолган, Қарши ёнида, халқ уни Ёрқўрғон деб атайди.

Соҳибқироннинг хотирасида яқин ўтмиш жонланди. Ботаётган қуёш нурлари остида оппоқ тўн кийган иккита кекса турибди, уларнинг бири тушида аён бўлган башорат ҳақида сўзлайди, иккинчиси, қўли майиб бўлгани эса бахмал матога ўралган мўъжизакор тошни узатади.

– Эсладим, – Амир Темур таёғи билан гулханни кавлади. Аланга тили қизғиш япроқ мисол юқорига сакради. – Қўлингни кўрсат-чи. – Нимиддин енгини шимарди. Қисилган бармоқлар куйган билак тепасида титради. – Қаерда куйдириб олдинг?

– Болалигимда. Темирчига шогирд тушган эдим. Шамширнинг қайноқ тиғи қўлимга ўралиб қолган. Аранг тирик қолганман…

Темур “тушундим”, дегандек лабларини қимтиди. Кейин ифтихор ила:

– Менинг жароҳатларим жангларда олинган, – деди.

Нимиддин эҳтиром ила бош эгди. Жим қолишди. Эркаклар баданларидаги чандиқларини айтиб мақтанмайдилар, лекин танларига жароҳат етказган воқеаларни ҳамиша эслайдилар. Уларнинг тани ҳаёт лавҳаларини гўё солнома каби асрайди, бу жароҳатларнинг баъзиларидан янги давр ҳисоби бошланади.

Темур суҳбат мавзусига қайтди:

– Жангчиларимга ҳикоя қилаётганинг ўша оқсоқолнинг тушида аён бўлган тош ҳақида эмасми?

– Ҳақ рост, ўша – қудрат тоши ҳақида. Тош сизга маъқул келмади шекилли, қўлингизда кўрмаяпман уни.

– Тош Самарқандда. Бибихонимнинг бармоғида. Уйни аёл сақлайди-ку, ахир! – Темур дарвешга айёрона кулимсираб боқди.

– Тўғри! – дея маъқуллади Нимиддин. – Қудрат тоши муҳофаза учун хизмат қилади. Тош шавкатли Самарқандни, у билан бирга бутун Мовароуннаҳрни сақласин! – шавқ билан гапирди у.

Темур сукути билан розилик билдирди. Бегона худонинг тасвири унда дуруст таассурот қолдирмади. Муҳофаза?.. Унинг режалари катта, салтанатни кенгайтириш, қудратини юксалтиришни кўзларди. Ўз қаламравидаги ерларни Қамариддинга ўхшаганлардан қанақадир бир тошнинг ёрдамисиз ҳам ҳимоя қила олади. Аммо барибир, қизиқиши устун келди.

– Тошнинг тарихини айтиб бер-чи, менга.

Нимиддин яна Зевснинг ишқий саргузаштлари ҳақидаги ҳикоясини бошлади.

– Юнонларнинг олий худоси – Зевс ерлик аёлдан ўғил кўрди. Унга Геракл дея исм берди. Онанинг кўз ёриши қийин кечганидан, ўғилчасини эмизолмади. Шунинг учун худоларнинг бири – Гермес чақалоқни Зевснинг хотини Герага олиб келиб берди. Гермес маъбудага бола кимнинг ўғли эканлигини айтмади, Гера эса гўдакнинг чиройлилигини кўриб, унга маҳлиё бўлди-ю, кўкрак тутди. Геракл қорни тўйгандан кейин Герани тишлаб олди. Шунақанги тишладики, маъбуданинг кўкрагидан сут билан бирга қон отилиб чиқди. Томчилар ерга тушиб, тошларга айланди. Мана шу тошлардан бирига заргар Зевснинг тасвирини туширган. Мен сизга худди шу тошни олиб келган эдим.

Амир Темур ҳайрон бўлди.

– Тошда аёл кишининг қудрати мужассам эканми?

– Шундоқ бўлиб чиқяпти, онҳазрат, – деди Нимиддин. – Лекин у аёл кимсан – маъбуда! Қадим юнонлар маъбудаларининг энг қудратлиси.

Суҳбат поёнига етди. Жангчилар гулханлар ёнига чўзила бошлашди, гулхан шуълалари милтиллаганча тунги шитир-шитирларга қулоқ солаётган соқчиларни ёритарди.

– Кеч бўлди! – Амир Темур ўрнидан турди, шу заҳоти унинг ортида иккита жангчи пайдо бўлди. – Иссиқкўлга жўнайман, де? – сўради унинг қўзғалганини кўриб, ўрнидан турган дарвешдан.

– Ҳа, онҳазрат.

– Жангчиларим ёнида истироҳат қил, эртага эса йўлларимиз айрилади.

– Омонликда ўтсин кунларингиз, – деди Нимиддин, саркарданинг тобора узоқлашиб бораётган гавдасига боқиб.

Амир Темур кетиб бораркан, унинг олдида ҳозирча туманларга бурканган буюк келажак ётарди.

 

1405 йил

Панжаранинг ўйма нақшлари орасидан тонгги беқарор нурлар тўкилади. Сароймулк хоним тун бўйи мижжа қоқмади. Атиги бир ойгина олдин унинг рутбаси мустаҳкам эди, бир оннинг ўзида улуғворлиги худди бошидан рўмоли тушгандек учди-ю, кетди. Эри ҳаётлиги вақтида интиҳо унинг эсига келмаган, деб айтиб бўлмасди, йўқ. Ўйлаган эди! Амир Темурга дилидаги хавотирларини баён этганди. У эса ҳатто мен бўлмасам ҳам хафа қилишга бировнинг ҳадди сиғмайди, дея маликага таскин берганди. Болалари, набиралари ҳамиша қалқон бўладилар, ахир уларнинг тарбияси гўдаклигидан шу маликанинг қўлида. Яратган ҳузурига йўл олар экан, Амир Темур аркони давлатга ўзининг сўнгги иродасини сўзсиз адо этишларини, салтанатни сақлаб қолиш, тахт вориси – набираси Пирмуҳаммад Жаҳонгирни қўллаб-қувватлашларини тайинлаган, улар Соҳибқирон васиятини бажаришга онт ичган эдилар. Лекин бунақа бўлмади. Қайғули дамларда Пирмуҳаммад олисда бўлиб қолди, Халил Султон эса яқин! Хоинлик айнан шу набирадан келади, ўзининг таг-зоти паст хотинининг гапи билан Мовароуннаҳрни қўлга олади, бобосининг тахтига ўтиради, Бибихонимни эса фақат ҳарамга бошчиликни Шодимулкка топширинг, дейиш учунгина эслайди, деб ким ўйлабди?!

Ҳаммаси ўзгариб кетди! Сароймулк хоним бунақасини кутмаган эди. Темурнинг янги ҳукмдор томонга ўтган беклари ўз хўжаларининг амри билан худди оч шоқоллардек ҳарамга ташланишди! Бир вақтлар ўз ҳукмдорлари уларнинг бошидан зар сочган эди, энди эса улар канизакларни тақсимлаб олишди, хазинани талон-торож қилишди. Энди гал маликаларга келяпти! У қариб қолди. Кўнгил овлашга ярамайди. Тўкал хоним эса бошқа гап. Эндигина ўн саккизга кирди…

Бибихонимни тинч яшашга ҳам қўйишмаса керак. Шодимулк фитна тўрини тўқияпти. Сароймулк хоним чўриларнинг шивирлашларидан, атрофидагиларнинг бир ачиниб, бир очкўзларча қарашларидан хатар яқинлигини сезяпти. Нима ҳам десин, у кетмоққа тайёр! Аммо ўз қадрини ерга урдирмайди! Яратган эгам пешонасига нимани ёзган бўлса, шуни итоат билан қабул қилади!

Сароймулк хоним қарсак урди. Жаранглатиб! Ҳукмона! Хос хонага чўри югуриб кириб, маликанинг олдида тиз чўкди.

– Алимбекни чорла, фақат ўзгаларга товшингни чиқарма, унга айт, хуфя йўлаклар билан келсин.

Чўри англадим, деган каби бош силкиб, ғойиб бўлди. Сароймулк хоним ўрнидан турди. Оқ оралаган сочларини энсасига йиғиб, эгнига парча мунсагини ташлади, севимли тақинчоқлари солинган қутини олди. Қутини очиб қаради-ю, юзига табассум югурди. Ҳар бир узук, ҳар бир безак эрини ёдига соларди! Соҳибқирон унга жаҳоннинг энг гўзал жавоҳирларини келтирган эди! Мана улар, кўз олдида! Унинг олдида яна… Сароймулк хоним дарча ёнидаги хонтахтага тўкилган нур дастаси остида ярақлаётган тошларни эркалагандек, бармоқлари билан силади. Тошлардан бири маликанинг эътиборини тортди. Лаъллар орасида бирмунча сўник кўринадиган бу тош камтарона кумуш узукка қўйилган эди. Бибихоним Амир Темур узукни бераётиб, уни Қарши чоллари ҳадя этишди, деганини эслади. Айтишларича, бу тош қадим маъбуданинг сути ва қонидан пайдо бўлганмиш, у асрлар бўйи Қарши ёнидаги эски шаҳарни босқинчилардан асраб келганмиш. Энди эса у Самарқандни ҳимоя қилсин, дейишибди.

Сароймулк хоним изиллаб юборай деди! Бўғзидан инграш отилиб чиқди, кўзларидан ёш тўкилди. Самарқанд! Уни бегоналар забт этмади! Ўз набираси босиб олди! Бегона маъбуданинг қудрати хиёнат олдида ожиз экан шекилли, адолат тантанаси, бурчни адо этиш мажбурияти кабиларга унинг ҳукми ўтмас экан!

– Маҳди улё, – орқасида эшитилган шивирлаш йиғисини ютишга мажбур қилди.

Сароймулк хоним кўзидаги ёшларни артиб ташлади.

– Бери келинг, – буюрди у овоз эгасини таниб. – Кўряпсизми? – у ўгирилиб қаради. Тепасида тўгарак соқол ўраган ориқ юз кўринди. – Ўтиринг. – Алимбек тиз чўкди. – Бу менинг хазинам. Олинг. Қаршига яширинча олиб боринг. У ерда жиянимнинг ҳовлиси бор. Сизни қарши олганга қутини беринг, мендан ҳадя эканини айтинг. Ҳар ҳолда, бегонага кетмасин…

– Билмадим, маҳди улё, Самарқанддан буни олиб чиқа оламанми?

Алимбекнинг иккиланиши Бибихонимга ёқмади. У кескин ўрнидан туриб, хўмрайиб боқди.

– Сиз бир уриниб кўринг! Уринишларингиз зое бўлмаслиги учун мана бу узукни олинг.

Сароймулк хоним қутидан катта зумрад кўзли гўзал олтин узукни чиқарди. Алимбекнинг кўзлари қинидай чиқай деди. Бунақанги ҳадянинг баҳоси йўқ эди!

– Олинг! Қолганларини эса айтилган жойга элтиб беринг!

– Элтаман, маҳди улё, – бу сафар ишонч билан ваъда берди у.

– Борақолинг, менинг бошқа юмушларим ҳам бор!

Алимбек чиқиб кетди.

Сароймулк хоним чўриларини чақирди, мовий ипак кўйлагини, қимматбаҳо тошлар қадалган парча мунсагини келтиришларини буюрди. Шоҳона тиллақош маликанинг вақт ҳукми остида кумуш рангга кирган пешона сочлари устига қўнди, олтинранг нозик тўр боши ва елкаларини ёпди.

Ҳамма вақт улуғвор бўлиб қол, ҳатто оғир дамларда ҳам! Ҳамма сенинг улуғворлигинг олдида тиз чўксин! Ҳеч ким хон қизини, Соҳибқирон эъзозлаган маликани камситишга журъат этолмайди!

Алимбек отини аямай йўл босди. У айланма йўлни танлади – Бухоро орқали жўнади. Самарқанддан Қаршига тўғри йўл ҳам бор эди, у Зарафшон тоғи этаги ёнидан ўтиб, чўл бўйлаб кетарди. Қаршидан йўл Балхга, ундан у ёғи – Қандаҳорга, Пирмуҳаммад қароргоҳига олиб борарди. Бобосининг тахтига даъвогарлар қаршилик кўрсатишидан хавфсираб, Халил Султон Самарқандга олиб келувчи йўлларни қўриқлашни буюрган эди. Жануб томонга шошилаётган ҳар бир чавандоз шубҳа уйғотиши, курагидан ўқ ейиши турган гап эди.

Бухорога етмасдан, Алимбек Қарши томонга бурилди. Қадимдан маълум бўлган бу йўл Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган карвон йўли тармоқларидан бири эди. Бу ерда савдо аҳли ичига аралашиб кетиш осон, киши эътиборини тортмай кўзлаган манзилга етиб олиш мумкин эди.

Алимбек чарчади, оти ҳам зўрға оёқда турарди. Отини алмаштириши керак, йўқса, йўлда йиқилиб қолади.

– Ҳой, от беринг, емак келтиринг!

Ҳокимона овоз карвонсаройнинг бошқа меҳмонлари эътиборини тортди. Улардан бири, кўринишидан чопар шекилли, яқин келди.

– Алимбек? – деди у бошдан-оёқ чангга беланган ориққина кишини таниб-танимай.

Алимбек айниқса ҳозир бирон танишига дуч келишни истамасди. Унга буюрилган муҳим вазифа бор, бу ҳақда оғиз очиб бўлмайди, демак, қувлик қилишга тўғри келади.

У чопарни таниди, ёшлик пайтлари биргаликда Амир Темур хизматида бўлишганди.

– Қосим?

Қосим табиатан хушфеъл одам эди, оғзи қулоғига етгудек ишшайди:

– Танидинг-а!

Иккови босиқлик билан қучоқлашиб, бир-бирларининг елкаларига қоқиб қўйишди. Хизматкор патнис кўтариб келди.

– Шошиб турибман, укам, кўриб турибсан, – Алимбек ўтирмасданоқ ёғли қўй гўштини қўлига олиб, имо билан Қосимга таомдан татишга таклиф қилди. – Анчадан бери йўлдамисан?

Қосим нонни чайнаб ютгач, жавоб қилди:

– Саройдан чиққанимга уч кун бўлди.

Алимбек ҳам шунча кун аввал йўлга чиққанини эслади. Нимадир уни сергаклантирди. Хизматдагилар орасида савол бериш одат эмасди. Шундай бўлса-да, чидолмади, гапни узоқдан бошлади:

– Замон нозик… йўл бўлсин?

Қосим бошини солинтирди. Еростидан атрофга назар ташлади.

– Шунақа ишлар… – шивирлади у. – Маҳди улё оламдан ўтдилар…

Алимбекнинг оғзидаги бўғзига тиқилаёзди.

– Қай бири? – унинг саволи ғалати эшитилди, чунки фақат Бибихонимнигина шу сўз билан аташга ўрганиб қолган эдилар. – Ўзларими?

Қосим бош силкиди, кейин қўшимча қилди:

– Қариндошларига хабар етказдим, энди Мирзо Улуғбек ҳузурига кетяпман.

Алимбек тушундим, дегандек лабларини қимтиди. От етаклаб келишди. Арғумоқ елишга шошаётгандек, бетоқат ер тепинарди.

Чопар билан хайрлашиб, Алимбек отига сакраб минди-ю, чоптириб кетди.

Маҳди улё юртига бир фарсаҳ йўл қолганда Алимбек жиловни тортди. От довдираб, орқа оёқларида тикка турди. Жониворнинг юраги ерга тегиб-тегмай елаётган оёқларига қонни жадал ҳайдаб берар, зўриқиб, қинидай чиққудай бўлиб урарди. Лекин чавандоз маликасининг ўлими хабаридан кейин миясини ишғол қилаётган ўйларни бир ёқли қилиши, бунинг учун тин олиши зарур эди. У отидан сакраб тушиб, жиловидан тортиб, бир чеккага – Қарши йўлида худди водийни қўриқлаётган улкан мавжудот каби қўнқайган юксак адир томонга етаклади.

Қуёш уфққа бота бошлаган, узун соялар олдинга ўрмалаб, бир ягона, шаклсиз, ғаройиб кўланкаларга айланар, бир иккига ажралар эди. Адир олдида бир вақтлар шаҳарнинг муҳофаза девори бўлган тупроқ кўтарма сақланиб қолганди.

Алимбек кўтармадаги ўпирилган жойдан ошиб, тепаликни айланиб ўтди-да, унинг соясига ўтириб, отини қўйиб юборди. Атроф кимсасиз. Сукунат. Фақат баҳорда уйғонган қўнғизларнинг ғивирлашию, тўқай қушларининг аҳён-аҳёндаги ҳиқиллашлари жимликни бузади. Алимбек қўлларини боши остига қўйиб, эндигина бўй бера бошлаган майса устига чўзилди. Осмонда лочин чарх урар, қанотларини кенг ёйганча ўлжа изларди.

Ўлжа! Чопарнинг қўйнида салтанатнинг энг қудратли аёли берган хазина ётарди! Ҳеч ким, маликадан ва чопардан бошқа ҳеч ким сўнгги бу буйруқни билмасди. Энди малика йўқ. Унинг умри эса олдинда! Саройга қайтиш хавфли. Ҳамма унинг Бибихоним хизматида бўлганини билади. Уни сўроқ қилишади. Ўлдиришмаса ҳам, бор-йўғини тортиб олишади! Кетиш керак! Олисларга! Бунақанги хазина билан бойиб кетиши, қайтиб ҳеч кимга хизмат қилмаслиги мумкин. Лекин… маҳди улёнинг назари ҳатто нариги дунёдан ҳам уни таъқиб қилаётганга, юрагига ботаётганга ўхшарди. Йўқ, у маликанинг сўнгги иродасини бажармай кетолмайди! Кейин қандай яшайди? Ор-номус – унинг ҳаётида мудом олдинга ўринда турган!

Алимбек қўйнидан ўрамни чиқарди. Уни тиззаларига ёйди. Тошларнинг жилоси кўзларини қамаштирди. Виждон овози тошларнинг ярақлаши остида йўқ бўлиб кетди. У узуклардан бирини қўлига олди, кейин иккинчисини ушлади. Ёруққа солиб кўрди. Қимматбаҳо тошлар бирам ярқирадики! Олтин безаклар залвори остида қўллари толиб кетди!

Тепадан майда тошлар тўкилди. Алимбек сапчиб туриб, атрофга аланглади. Тепада, ботаётган қуёш нурлари остида иккита болакайнинг боши кўринди. Болалар шу заҳоти ғойиб бўлишди, чопарнинг қулоғига узоқлашиб бораётган кулги товуши чалинди. Ўрам тушиб кетди-ю, маликанинг хазинаси тупроқ устига сочилиб, сийрак буталар тагигача думалаб кетди. Алимбек титраганча тақинчоқларни йиғишга тушди. У тақинчоқлар нечталигини, қанчаси қўлидалигини, яна нечтаси адирнинг тобора қорайиб бораётган кўланкаси остида яшириниб қолганини билмас эди. Алимбек йўқотганларини топиш илинжида ҳамон қалтираганча ерни пайпасларди. Қуёш уфқ ортига думалади, тун ўз зулмати билан атрофни чулғаб олишига саноқли лаҳзалар қолди. Алимбек ўрнидан турди, нафасини ростлади. Йўқ, у тақинчоқларнинг ҳаммасини маликанинг қариндошларига элтиб беради! Маҳди улё тортиқ қилган узукнинг ўзи етарли унга! Вақти келиб, сотади-да, тушган пулига хотиржам тирикчилик қилади!

Маликанинг чопари ўрамни қўйнига яширди, отини тутиб, минди-да, маъбудлар ҳадяси – қон рангидаги, ўртасидан сут тасмаси ўтган тош ўрнатилган кумуш узукни қадим сарой вайроналари остонасига ташлаб, Ёрқўрғондан чиқиб кетди.

 

1980 йил

У кутишдан чарчади. Яшашдан эса беҳад толиқди. Унинг ҳаёти асрларга қадар чўзилиб кетди, аммо вақт барибир, уни ерга томон тортаверди. Боқийлик йўқ! Фақат узоқ, жуда узоқ умр бор! Ниҳоят, у ҳам қариди. Ҳеч ким ундан ёшингиз нечада, деб сўрамайди. Уни парвариш қилишади, едириб-ичиришади, ҳурматини жойига қўйишади. У – кекса! Лекин узоқ, жуда узоқ вақт давомида навқирон бўлиб келди! Энди у Нурли сувлар тимсоли шаҳрининг деворлари ёнига умрбодга жойлашди, умрининг неча йили қолган бўлса, барини шу ерда ўтказади!

Бир вақтлар ҳаёт қайнаган шаҳар аллақачон йўқ бўлган. Энди ҳаёт чор-атрофда қайнайди. Қадим шаҳар деворлари ортида сукунат ҳукм суради. Фақат кўлдаги бақалар вақиллашади, ўрдаклар ўз жўжаларини одамлардан ёки йиртқичлардан ҳимоя қилиб қамишларни шитирлатишади.

Мана ўша лочин, ўлжа излаб, осмонда чарх уряпти! Лекин Нимиддин бошқа нарсани ҳам билади! Ёрқўрғон осмонидаги бу лочин оддий қушлардан эмас! У – қўриқчи! У бу заминни босқинчилардан сақлаяпти. Унинг парвози куч-қудрат тоши шу ерда – Ёрқўрғонда эканлигини билдиради!

Бундан анча асрлар илгари Нимиддиннинг ўзи ақиқ тошни Соҳибқиронга ҳадя қилди. Амир Темур бегона худолар қудратини рад этди, лекин тошни ўз ҳарамининг бош маликаси – Сароймулк хонимга топширди. Бибихоним уни таққанмикин? Буни ҳеч қачон билиб бўлмайди. Амир Темурда буюк қудрат тимсоли бўлган узук бор, деган миш-мишлар бутун ер юзи бўйлаб ўрмалаб юрди. 1941 йилда бу узукни ҳатто Соҳибқироннинг гўридан ҳам излашди. Бу билан ҳам чекланишмади! Сароймулк хоним мақбарасини ҳам очишди. Топишолмади. Ўшанда Нимиддин хазина изловчиларга ишчи бўлиб ёлланди. Ўзи кўрди. Ўзи эшитди. Тошни топишолмади. Қаерда у? Лочин эса Ёрқўрғон узра парвоз қиляпти! Уни чорлаяпти! Доимгидек!

Нимиддин қазишмалар олиб борилаётган жойга отланди. Бугун ҳамма шаҳристон деб атаётган ўша жойда неча йиллардан бери археологлар ишлашади. 1973 йилда Биришим хазинасини топишди. Ўзи бориб, кўрди. Юраги бирам исён кўтардики! Агар Тангри ҳадяси бўлмаганда, юраги ёрилиб кетарди! Хотиралар юкидан нафаси қисилиб, кўзлари худди ёш боланикидек ёшланиб борарди. Бу туморларга Биришимнинг қўли теккан! Унинг кўксига осилган ақиқ қурбақага ўхшаб кетадиган манави туморда эса Паланга қўлларининг тафти қолган! У ўзини асраб олган ота-онасини, болалигида ҳаётини сақлаб қолган кекса Ёрқинни ҳеч қачон унутмайди.

Яна кўнгли бузиляпти. Бу қариликдан нишона. Аммо ўлишга ҳали эрта! Куч-қудрат тошини топиш керак, мана шунда ўлса ҳам бўлаверади. Қазишмалар бўлаётган жойга борсамикан? Лочин негадир борган сари пастлаб учяпти. Бирон нарсани кўрдимикин?

Археолог одатдагидек қуруқ тупроқни кўздан кечириб, уларни эзғилаб кўради. Тупроқ майдаланиб, чангга айланиб тўкилади. Гарчи шу чангнинг ўзи тарих бўлса-да, аммо ҳеч нима демайди. Бироқ унинг орасида яшириниб ётган нарсалар… Ёрқўрғондан олинган навбатдаги кесак майдаланиб кетди-ю, бармоқлари орасида чанг босган тош қолди. Археолог тошни кафтига қўйиб, чўткаси билан тозалади. Катталиги тирноқдай келадиган қизғиш ақиқ устида сут рангидаги кўндаланг чизиқ кўринди. Археолог тошни ҳўллаб кўрди, қараса, бу оддий тош эмас, устига тасвир ишланган қимматбаҳо ёдгорлик! Ақиқнинг текис юзасида устанинг моҳир қўли билан ўйилган тасвир: яғриндор эркак бир қўлида асо ушлаб турибди, асо устига эса лочин қўнган…

– Топдингларми?

Археолог кутилмаган овоздан чўчиб кетди. Бу чол ҳамиша ҳозиру нозир! Доим нимадир топсалар, ердан чиққандай пайдо бўлади.

– Топдик! Сиз нимани кўрмоқчи эдингиз, отахон?

Нимиддин ўтириб, нафас ростлади. Тепаликка тез чиққанидан нафаси тиқилиб қолибди, йигит эмас, ахир, йиллар ўз ҳукмини билдиради-да.

– Мен лочин қўнган асони кўрмоқчи эдим, – жавоб қилди кейин аччиқланиб. Нимани кўрмоқчи, кимнинг нима иши бор? Савол беришдими, хушмуомала бўлиб жавоб қайтар, тамом!

Археолог анграйиб қолди. У эндигина тошдаги асо, асога қўниб турган қандайдир қуш тасвирини пайқади.

– Кўзингиз ўткир экан, отахон! Худди лочинникидек! – ҳазиллашди у.

– Қаёқда… – чол қўл силтади, лекин шу заҳоти тетиклашиб: – Бер-чи, бир кўрай, – деди. – Қўрқма, йўқотиб қўймайман.

У кексаларга хос қақроқ қўлини узатди, ақиқ тош кафтига тушди. Нимиддин жилмайди. Топишди! Яна адирнинг қоқ тепасида! Қандай қилиб у ёққа тушиб қолибди? Балки сарой йўлкаларини тозалаётганда тупроққа қўшиб тепага отиб юборишганмикин? Нимиддин бирдан ташвишга тушиб қолди. Нега энди фақат тош топилди. Ахир узук бўлиши керак эди-ку!

– Тошнинг ўзини топдиларингми? Ёки у узукнинг кўзидамиди? – сўради у ўзини диққат билан кузатаётган археологдан, кўзлари эса атрофда изғий кетди – ақиқнинг гардиши қайда экан?

– Фақат тошни топдик, отахон. Мен ҳам ҳайрон бўляпман. Балки тушиб қолгандир…

– Тушган, тушган, – тўнғиллади ол. – Эҳтиёт бўлиб кавлаш керак эди!

Археолог кулиб юборди.

– Узр, отахон, энди бу ёғига эҳтиёткор бўламиз. Хафа бўлманг! Ахир узукни ҳакка тумшуғига илиб кетган бўлиши ҳам мумкин-ку, тепаликка опчиқиб, тошни чўқилаб, туширворган. Ким билади, нималар бўлганийкин?!

Ҳа… ким билади… Бу тошнинг бошидан яна нима кунлар ўтганийкин, ким билади?! Ишқилиб, энди яхши қўлларга тушсин…

– Нима қиласизлар буни?

Археолог тошни олиб, бўз халтачага солди.

– Музейга топширамиз! Қаёққа ҳам оборардик?

Музейга… Одамларга туморнинг кераги бўлмай қолди. Улар туморларга ишонишмайди. Ҳатто Амир Темур ҳам ишонмади… Музейга топшириш увол. Ойна остида чанг босиб ётади. Лочин ҳам учмай қўяди… Агар бўйнидаги туморини – ақиқ қурбақани ечиб берса, уни ҳам музейга топширишади! У ерда тумор кучини йўқотади. Туморлар инсон уларни ўз тафти билан иситгандагина яшайдилар. Тафт бўлмаса, куч ҳам бўлмайди.

Нимиддин ўрнидан турди. Ёнига болакай югургилаб келди. Уни Нимиддин узундан-узун умрини кечираётган уйнинг бекаси жўнатибди.

– Бобо, овқатланиб олинг, ойим чақиряпти!

Чол болакайнинг бошини силади.

– Юрақол, юрақол.

Бирам яхши болаки бу! Бирам меҳрибон! Ҳали кичкина-да, катта бўлсин, кўп савоб ишлар қилади у. Осмондаги лочин ҳуштак чалгандек товуш чиқарди. Нимиддин ўйланиб қолди. Унга ишора эмасмикин бу? Ва бир қарорга келди!

– Шошма, мен сенга бир нима ҳадя қиламан.

У қўйнидан узун тасма чиқариб, муқаддас тумор – ақиқ қурбақани олди. Бир дам кафтида тутиб турди. Лочин ҳақ! Вақт етди, энди туморнинг эгаси ўзгариши керак! Болани асра, илойим умри узун бўлиб, шодлик ичра ўтсин…

Ёрқўрғон осмонида булутлар сузарди. Оппоқ, момиқ! Шамол уларни ҳайдар, улар эса тиришиб, тўдаланишар, кейин эса парча-пурча бўлиб, ҳар ёққа тарқашар эди. Лочиннинг ўткир чинқириғи видолашув бўлиб янгради. Нимиддин бошини кўтариб қаради. Боши узра парвоз қиляпти. Учавер энди! Сен озодсан! Худди мендек…

Рус тилидан Рисолат Ҳайдарова таржимаси

“Шарқ юллдузи” журналининг 2019 йил 10-сонида босилган

_________________

[1] Ёрқўрғон – Қарши яқинидаги, қадимий шаҳар вайроналари қолган адирнинг номи.

[2] Нахшаб – Жанубий Суғд вилояти, қадимги номи – Никшапайя.

[3] Ярқираган дарё – Қашқадарё.