Дамасо уйига қайтганида хўрозлар энди қичқира бошлаган, бўйида етти ойлик гумонаси бўлган хотини Ана уни тўшакда кийимларини ҳам ечмасдан кутиб ўтирар эди. Чироқ хира тортиб қолган. Дамасо англадики, хотини уни туни билан кутган, кўзлари тўрт бўлиб, зор-интизор кутган, ҳатто эшикдан кириб келганига қарамай ҳамон кутаётир. Эри унга хотиржам нигоҳ ташлаган бўлди, лекин аёл оғиз очмай, Дамасо кўтариб келган алвон матоли тугунчага ҳадик билан тикилиб қолди. Йиғлаб юбормаслик учун лабларини тишлади, титраб кетди. Дамасо лом-мим демай унинг карсонига жаҳд билан икки қўллаб ёпишди. Эридан келаётган қўланса ичкилик ҳиди димоқни куйдирай дерди.
Ана эри уни оғушига олиб кўтаргунича жим турди, сўнг бутун вужуди билан унинг кўксига бош қўйиб, йўл-йўл чизиқли қирмизи кўйлагига юзини босганича ўкириб юборди. Ўзига келиб, нафасини ростлагунича эрини қўйиб юбормасдан, қаттиқ қучоқлаб тураверди.
– Ўтирганимча кўзим кетиб қопти, – деди у ҳамон ҳиқиллар экан. – Қарасам, тушимда бехосдан эшик очилди-ю, сени қип-қизил қонга бўялган ҳолда ичкарига улоқтириб юборишди.
Дамасо хотинининг қўлларини жимгина бўшатди-да, каравотнинг боя ўтирган жойига ўтқазди ва тугунчани олдига ташлаб, қовуғини бўшатиш учун ҳожатхона томон юрди. Тугунчани ечган аёлнинг кўзи урилавериб қавариб кетган иккита оқ, битта қизил бильярд соққасига тушди.
Дамасо қайтиб келганида у соққаларга лолу ҳайрон тикилиб ўтирарди.
– Буларни бошингга урасанми? – деб сўради аёл.
Эри бепарво елка учирди:
– Бильярд ўйнайман.
Дамасо соққаларни яна алвон матога ўраб, қўлбола омбур, чўнтакбоп фонарь ва пичоқ билан бирга сандиқ тубига яширди. Ечинмасдан ўрнига чўзилган Ана девор томон ўгирилиб олди. Дамасо фақат шимини ечди. Тўшакка чўзилиб, тамаки тутатар экан, тонголди товушлари ва шовқинидан ўзи қўл урган ишнинг қандайдир излари-ю оқибатини илғашга уринди. Иттифоқо хотини ухламаётганини сезиб қолди.
– Нималарни ўйлаб ётибсан?
– Ҳеч нарсани, – деди аёл.
Фиғони кўкка ўрлаган Дамасонинг нафаси одатдагидан ҳам пастроққа тушиб кетди. Сигаретини охирги марта тортиб, қолдиғини тупроғи чиқиб ётган полда эзғилаб ўчирди.
– Бошқа ҳеч вақо йўқ экан, – деди у хўрсиниб. – Бир соат санғиганим қолди.
– Отиб ташлашмаганига шукр қилсанг-чи, – деди Ана.
Дамасо сесканиб кетди.
– Нафасингни ел учирсин! – Дамасо тўнғиллар экан, ўзича “туф-туф” деб қўйди, сигарет ва гугурт излаб, ерни пайпаслай бошлади.
– Одам ҳам шунчалар овсар бўладими! – деди аёл. – Жилла қурса, менинг мижжа қоқмай кутиб ўтиришимни ўйласанг бўларди. Ҳар гал кўчада тиқ этган товуш эшитилса, кимдир сенинг мурдангни олиб келаётгандай бўлиб, ич-этимни еб ўтираман, – Ана чуқур хўрсинди. – Бор-йўғи падар лаънати шу учта соққани деб. Илоё, шу соққа-ю шарлари бошидан қолсин!
– Ғаладонида йигирма беш сентаводан бошқа ҳемири ҳам йўқ экан.
– Йўқ бўлса, шарни бошингга урармидинг?
– Қуруқ қўл билан чиқиб кетишга бўйним ёр бермади, – деди Дамасо. – Уйга сўппайиб қайтиб келолмасдим-ку, ахир!
– Бошқа бирор нарса олсанг бўларди.
– Қўлга илинадиган нарса бўлмаса, нима қилай…
– Бильярдхонада-я?
– Четдан қараганда шундай кўринади, – деди Дамасо. – Ичига кириб, дурустроқ разм солсанг, қўлга илинадиган ҳеч вақо йўқлигига амин бўласан.
Ана индамади. Дамасо хотини қоронғида кўзини очиб ётганича арзигулик бирор буюмни хаёлан излаб топишга уринаётганини тасаввур қилди.
– Балки ростдан ҳам шундайдир… – деди аёл.
Дамасо яна тамаки тутатди. Уни секин-аста сархушлик тарк этиб, вужудидаги карахтлик ўрнини ҳушёрлик эгаллай бошлади.
– Бильярдхонада мушук бор экан, – деди у. – Ка-аттакон оқ мушук.
Ана эри томонга ўгирилиб, қаппайган қорнини Дамасонинг қорнига тиради ва оёғини тиззалари орасига тиқди. Аёлдан пиёз ҳиди анқирди.
– Жон-понинг чиқиб кетгандир?
– Кимнинг? Менингми?
– Яна кимнинг бўларди? – деди Ана. – Эшитишимча, қуёнюрак эркаклар ҳам бўларкан.
Дамасо хотини кулимсираганини сезди, ўзи ҳам жилмайди.
– Жуда унчалик эмасдир, – деб жавоб қилди у. – Лекин иштонимни ҳўллаб қўйишимга сал қолди.
Хотини уни ўпмоқчи бўлган эди, раъйини қайтармади, лекин ўзи лабини чўзмади. Сўнг қўл урган ишининг бор хавфу хатарини тўла англаган, бироқ таассуфдан мутлақо йироқ бир ҳолатда, гўё саёҳатдан қайтган сайёҳ каби бошидан ўтганларни аёлига батафсил сўзлаб берди.
Хотини узоқ жим қолди.
– Шу қилмишинг жуда аҳмоқона иш бўлди, – деди Ана.
– Энг муҳими – ишни бошлаб олиш, – деди Дамасо. – Индаллосини айтганда, ўйинбошига унчалик ёмон эмас.
* * *
Дамасо уйғонганида, кун аллақачон қиёмдан оққан, қуёш осмондан аёвсиз олов пуркаб турар, Ана эшик-орада куймаланиб юрарди. Дамасо бошини жўмракнинг тагига тиқиб, ҳуши бутунлай жойига келмагунича сувдан чиқармай турди. Улар кир қуритиш учун мўлжаллаб тортилган симлар билан йўлакларга бўлинган умумий ҳовлидаги бир-бирига ўхшаш каталакдай хоналардан бирида яшайди. Бошқаларидан тунука билан тўсиб қўйилган хонанинг кираверишида тамадди тайёрланадиган ҳамда дазмол қизитиладиган печь, емакка ва дазмол босишга мўлжалланган стол турарди. Эри келаётганини кўрган Ана дазмолланган ичкийимларни олиб, қаҳва тайёрлаш учун столнинг четидан жой очди, печдаги дазмолни пастга тушириб қўйди. У Дамасодан кўра кўркамроқ, териси ғоят оқ, ҳаётда ўзига ишонган одамларники каби ҳаракатлари енгил жувон эди.
Боши гангиб турган Дамасо бирдан хотини ўзига нимадир демоқчи бўлиб, кўзи билан имлаётганини сезиб қолди. Ҳовлидан келаётган овозлар ҳам эътиборини тортди.
– Каллаи саҳардан ҳамманинг оғзида шу гап, – деб шивирлади у эрига қаҳвани узатар экан. – Эркаклар аллақачон ўша ёққа гум бўлишди.
Ҳовлига кўз ташлаган Дамасо эркаклар ҳам, болалар ҳам қаергадир ғойиб бўлганига ишонч ҳосил қилди. Қаҳвани шошилмай ҳўплар экан, кир ёйишга чиққан аёлларнинг гапига қулоқ солди. Сўнг тамаки тутатди ва ошхонадан чиқди.
– Тереса! – деб чақирди у.
Аёллардан бири – нам кўйлаги баданига ёпишиб қолган қиз бўй кўрсатди.
– Кўзингга қара… – деб шипшиди Ана.
– Нима гап? – сўради Дамасо ёнига келган қиздан.
– Кимдир бильярдхонага кириб, ҳамма нарсани ўмариб кетибди, – деди қиз.
У шундай чулдирай бошладики, гўё воқеанинг бутун майда-чуйдасигача воқифдек. Ўйинхонадан буюмларнинг бирма-бир олиб чиқилгани-ю охирида бильярд столини судраб кетилганигача айтди. Қиз шундай комил ишонч билан гапирар эдики, Дамасога айнан шундай бўлгандай туюлиб кетди.
– Аҳмоқлик ҳам эви билан-да! – деди у Ананинг олдига қайтиб келгач.
Ана ниманидир секин хиргойи қилишга тушди. Дамасо ичидаги хавотирни босиш учун столни деворга янада яқинроқ суриб қўйди. Уч ой бурун, у йигирмага тўлганида, шу пайтгача катта меҳр билан парваришлаб келаётган ингичкагина мўйлабчаси унинг чечакдан чўтир тортган юзига бироз мардонаворлик бағишлаган эди. Ўша пайтдан Дамасо ўзини балоғатга етган эркак чоғлай бошлади. Лекин бу тонг, ўтган тундаги воқеаларни эслаб боши ёрилай деб турганида, ўзини қўярга жой тополмай қолди.
Дазмоллашни тугатган Ана ичкийимларни тенг икки уюмга бўлиб тахлади ва кетмоққа шайланди.
– Тезроқ қайтиб кел, – деди Дамасо.
– Хўп.
Дамасо унинг изидан хонага кирди.
– Мана бу катакгулли кўйлагинг, – деди аёл. – Йўл-йўл чизиқли кўйлакда кўчага чиқмай турганинг маъқул. – Дамасонинг мушукникидек беғубор қийиқ кўзларига тикилганича изоҳ берди: – Билмаймиз-ку, эҳтимол, сенга бирор одамнинг кўзи тушгандир.
Дамасо тер босган кафтини шимига ишқалади.
– Ҳеч ким кўргани йўқ.
– Қайдам… – деб такрорлади ичкийимларнинг ҳар икки тахлами тагига ҳам навбати билан қўл югуртирар экан Ана. – Ҳозирча кўчага чиқмай турганинг маъқул. Аввал мен ўша ёққа бориб, бироз айланиб келай. Ўзимни шунчаки юргандай кўрсатаман.
Нима бўлганини шаҳарчада ҳеч ким аниқ билмасди. Ана воқеа тафсилотини ҳар кимдан ҳар хил йўсинда эшитди. Ювилган ичкийимларни эгаларига тарқатиб чиққач, шанбадаги одатига кўра бозорга эмас, майдон сари йўл олди.
Бильярдхона олдида кутганидан кўра одам камроқ эди. Бодом соясида бир неча киши гангур-гунгур суҳбатлашиб турар, тушлик қилаётган рангдор рўмолли суриялик тужжорларнинг брезент айвонлар тагидаги дўкончалари ҳам офтобда мудраётгандек туюларди. Меҳмонхона айвонидаги тебранма оромкурсида бир одам қўл-оёғини икки томонга керганча, оғзини катта очиб ухлаб ётарди. Чошгоҳдаги жазирама ҳаммани ҳолдан тойдирган.
Ана бильярдхонадан бироз наридан ўтаётиб эшик олдидаги сайҳонликда бир неча киши турганини кўрди ва Дамасонинг гапини эслади. Яъни, бильярдхонанинг орқа эшиги борлигини ҳамма билади, лекин эшик сайҳонликка қарагани фақат кунда-шунда мижозларгагина маълум. Бир дақиқадан сўнг аёл қорнини қўллари билан бекитганча одамлар орасида бузилган эшикка қараб турарди. Осма қулф бутун, лекин зулфиннинг биттаси суғуриб олинган эди. Ана ёлғиз одамнинг бесамар меҳнати ҳақида бироз ўйга толгач, Дамасони ачиниш билан эслади.
– Бу кимнинг иши? – деб сўради у ҳеч кимга қарамасдан.
– Кимлиги номаълум, – деди биров. – Узунқулоқ гапларга қараганда, қандайдир мусофирнинг иши эмиш.
– Бошқа ким ҳам қиларди, – деди Ананинг ортида турган аёл. – Бизнинг шаҳримизда ўғри йўқ. Ҳамма бир-бирини яхши билади.
Ана аёлга ўгирилди ва жилмайганча деди:
– Тўғри айтасиз.
Унинг ҳаммаёғидан тер қуйилмоқда эди. Ёнида бўйнини чуқур ажин босиб, мункиллаб қолган бир чол турарди.
– Кўп нарса ўмаришибдими?
– Икки юз песо билан бильярд соққаларини олишибди, – деб жавоб қилди чол Анага ҳайрон қоларли даражада синчковлик билан разм солар экан. – Энди кўзимизни очиб ухлаймиз, шекилли.
Ана тескари ўгирилди.
– Тўғри айтасиз, – деди у яна.
Ана бошига рўмолини ташлади ва нари кетди. Назарида, чол унинг ортидан кузатиб қолгандай бўлди.
Сайҳонликдаги тўда гўё бузилган эшик ортида – бильярдхонада ўлик ётгандай чорак соатча жим турди. Сўнг одамлар жунбишга келди ва тўда майдон сари жилди.
Бильярдхона хўжайини алькальд , терговчи ва икки полициячи билан эшик олдида турарди. Калтабақай, коптокдек думалоқ, каттакон қорни шимини ёриб юборай деб турган бу одамнинг қаншаридаги кўзойнак болалар ясайдиган ўйинчоққа ўхшаб кетарди. Юриш-туришидан иззат-нафси оёқости қилинган одамнинг иддаоси шундоқ сезилиб турибди.
Бекорчилар тўдаси бильярдхона хўжайинини ўраб олди. Ана деворга суянганича унинг гапларига қулоқ солиб турди. Санқилар сийраклашгач, жазирамадан боши ғовлаганча уйи томон юрди ва бўлган воқеани ҳамон қизғин муҳокама қилаётган қўшниларнинг ёнидан ўтиб, хонасига кирди.
Каравотда ағнаб ётган Дамасо қайта-қайта ҳайратланиб ўйлар эдики, тонггача уни мижжа қоқмай кутиб ўтирган Ана наҳотки бирор марта ҳам чекмаган бўлса. Хонага илжайганча кириб келиб, бошидаги тердан жиққа ҳўл бўлиб кетган рўмолини ечаётган Анани кўриб, у энди тутатган сигаретини тупроғи чиқиб, сигарет қолдиқларига тўлиб кетган полда эзғилаб ташлади. Бутун вужуди қулоққа айланиб сўради:
– Хўш?
Ана каравот ёнига тиз чўқди.
– Сен нафақат ўғри, ҳатто ёлғончи ҳам экансан-ку.
– Бу нимаси?
– Сен менга стол тортмасида ҳеч вақо йўқ экан, дегандинг.
Дамасо қошларини учирди.
– Ҳа, ҳеч вақо йўқ эди.
– Икки юз песо бор экан-ку, – деди Ана.
– Ёлғон! – Дамасо ҳайқириб юборди, туриб ўтирди ва яна шивирлашга тушди: – Бор-йўғи йигирма сентаводан бўлак ҳемири ҳам йўқ эди.
Ана ишонди.
– Қари туллак! – Дамасо қўлларини мушт қилди. – Башарасини тескари қилиб қўйиш керак.
Ана ёйилиб кулди.
– Аҳмоқлик қилма.
Дамасо ҳам чидолмай, хохолаб кулди. У соқолини олиб бўлгунича хотини кўчада кўрган-билганларини айтиб берди.
– Полиция мусофирни излаётган эмиш. Айтишларича, бу ерга пайшанба куни келган мусофир кеча оқшом билан эшик олдида гирдикапалак бўлиб юрган. Миш-мишларга қараганда, уни ҳали топишганича йўқ.
Дамасо ўзи бирор марта ҳам дуч келмаган нотаниш одамни тасаввур қилишга уриниб кўрди, ҳатто юз берган ҳодисанинг айбдори ростдан ҳам ўша мусофирдай туюлиб кетди.
– Балки у жуфтакни ростлаб қолгандир, – деди Ана.
Дамасонинг ювиниб-тараниши учун одатдагидай уч соат вақт кетди. Аввал мўйлабига эринмасдан оро берди. Сўнг ҳовлидаги фавворада катта завқ ва иштиёқ билан ювинди. Уларнинг илк учрашувидан бери бу завқни ҳеч ким ва ҳеч нарса сўндира олгани йўқ. Ювиниб-тараниш жараёнини Ана бошдан адоғигача меҳр билан томоша қилди. Катакгулли қизил кўйлакдаги Дамасо уйдан чиқиш олдидан ойнага қараётганини кўрган Ананинг назарида ўзи анча кексайиб, ислиқиси чиқиб қолгандек туюлди. Дамасо бир силкинди ва унинг қаршисида жангга тайёр уста боксчининг шай ҳолатига кирди. Ана унинг қўлидан тутди.
– Пулинг борми ўзи?
– Мен бойваччаман-ку, – кулиб жавоб қилди эри. – Ахир, икки юз песом бор.
Ана девор томонга бурилиб, этагидан найча қилиб ўралган пулни олди ва бир песони суғуриб, эрига узатди:
– Ма, ол, Хорхе Негрете .
* * *
Оқшом Дамасо майдондаги улфатлари олдига борди. Атроф-жавонибдаги қишлоқлардан бозорга келган одамлар шундоққина пишириқ дўконлари ва лотерея сотиладиган столлар орасидан жой топган. Қош қорайиб улгурмасидан ҳар қадамда уларнинг хурраги эшитиларди. Дамасонинг улфатлари, чамаси, бильярдхонадаги ўғриликдан ҳам кўра, мазкур муассаса ёпилиб қолганлиги боис бейсбол чемпионатига оид эшиттиришни радиодан тинглаш имкониятидан маҳрум бўлишганидан кўпроқ ташвишда. Улар чемпионат ҳақида ўзаро баҳслашиб, талашиб-тортишганча, ҳатто нима намойиш қилинаётганини сўраб-суриштирмасдан, кинога қандай кирганларини билмай қолишди.
Кантинфлас иштирок этган фильм экан. Балконнинг олдинги қаторида ўтирган Дамасо тинимсиз хохолаб кулар, кўнглида заррача ғашлик сезмас эди. Назарида, дилини хира қиладиган барча ғам-ташвишлар ортда қолган. Ажойиб жавзо оқшоми, фильм қаҳрамонларининг мулоқоти орасида проекторнинг тириллашигина эшитилади, ёмғир майдалаб ёғаётгандек, очиқ кинотеатр устида юлдузлар оғир сукутга чўмгандек.
Дафъатан экрандаги тасвир хиралашиб, залнинг тўрида ғала-ғовур кўтарилди. Ярқ этиб чироқ ёнди. Қўлга тушдим, деб ўйлаган Дамасонинг назарида ҳамма ўзига ўгирилиб қараётгандай туюлиб кетди. Ирғиб турмоқчи бўлди. Лекин қараса, ҳамма ўтирган жойида қотиб қолган. Полициячи қўлига ўраб олган каттакон мис тўқали камар билан кимнидир ғазаб устида ураётган эди. Саваланаётган кимса барваста ҳабаш экан. Аёлларнинг дод-войи эшитилди. Бироқ полициячининг овози уларнинг айюҳанносини босиб кетди:
– Итдан тарқаган! Итвачча!
Қочиб қутулмоқчи бўлган ҳабаш ўриндиқлар орасига думалаб кетди. Ниҳоят, уни яна қўлга олишди. Боя тўқасини ишга солган полициячи тутқуннинг қўлини орқасига бураб боғлади ва учаласи уни уриб-суриб эшик томон судради. Бу шунчалик тез содир бўлдики, Дамасо нима воқеа юз берганини ҳабаш ёнидан ўтганидагина англади. Ҳабашнинг эгнидаги кўйлаги йиртилган, юз-кўзини чанг, тер ва қон босган эди. У ҳўнграганича бир сўзни тинимсиз такрорларди:
– Қотиллар! Қотиллар!
Чироқ ўчиб, яна фильм намойиши давом этди.
Нафаси ичига тушиб кетган Дамасо энди тинимсиз сигарет тутатар, экрандаги воқеалар эса шуурига узуқ-юлуқ, чала-чулпа етиб борар эди. Яна чироқ ёнди. Томошабинлар ваҳима босгандек атрофига олазарак қарашга тушди.
– Боплади! – деди кимдир ҳайратини яширолмай.
– Кантинфласга гап йўқ, – деди Дамасо гап эгасига қарамасдан.
Оломон уни эшик олдига суриб олиб бориб қўйди. Пишириқ сотувчи хотинлар оғир идишларини кўтарганча уйига тарқала бошлади. Соат ўн бирдан ошган бўлса-да, кўча тўла одам. Ҳабашни қандай қўлга олишганини билиш иштиёқида ҳамма томошабинларнинг кинодан чиқишини кутар эди.
Бу гал Дамасо хонасига шунчалик ими-жимида кириб олдики, кўзи илинган Ана унинг шарпасини сезганида шифтга тикилиб ётган эри аллақачон иккинчи сигаретини чекиб тугатаётган эди.
– Овқат плитанинг устида, – деди аёл.
– Қорним тўқ, – жавоб қилди Дамасо.
Ана хўрсинди.
– Туш кўрибман, – деди уйқусираганча. – Нора мумдан болакайларнинг ҳайкалчаларини ясаётган эмиш.
Шу гапни айтди-ю, беихтиёр мизғий бошлаганини англади ва хижолат бўлгандек кўзини уқалаганча Дамасо томонга ағдарилди.
– Мусофирни қўлга олишди, – деди аёл.
Дамасо бироз сукут қилди.
– Ким айтди?
– Кинода қўлга олишибди, – деди Ана. – Ҳозир ҳамма ўша ёққа кетди.
Шундай қилиб, Ана кинотеатрда бўлган воқеани ҳақиқатдан жуда йироқ қилиб сўзлаб берди. Дамасо унинг гапларини тўғрилаб ўтирмади.
– Шўрлик… – хўрсинди Ана.
– Бу нима деганинг? – жаҳли чиқди Дамасонинг. – Сенингча, унинг ўрнига мени ҳибсга олишлари керакмиди?
Ана эрининг феъл-атворини яхши биларди. Шунинг учун жавоб беришни лозим топмади. Хўрозлар қичқира бошлагунча тамаки чекишдан тўхтамаган йигитнинг оғир-оғир ҳансирашларига қулоқ солиб ётди. Кейин эри ўрнидан туриб, қоронғи хонада илғаш қийин бўлган қандайдир ишга пайпасланганча киришганини сезди. Каравотнинг тагини кавлаганини (бу чорак соатдан ҳам кўпроқ давом этди), кейин ечинганини, ҳамма юмушни қоронғида, иложи борича сездирмасдан бажаришга уринганини билиб ётди. Бу пайтда хотини халақит бермаслик учун ўзини ухлаганга солиб ётганини Дамасо хаёлига ҳам келтирмас эди. Аёл кўнглининг туб-тубида нимадир ғимирлагандай бўлди. У эри кинодан келганини энди англади ва нима учун шарларни каравот тагига кўмганини ҳам тушунди.
Бильярдхона душанба куни очилди. Очилди-ю, дарҳол текин томошага суяги йўқ, кунда-шунда шинавандаларга тўлди. Бильярд столининг устига ташлаб қўйилган каттакон бинафшаранг мато муассасага мотам руҳини бағишлаб турарди. Деворга эълон осилган: “Шар йўқлиги сабабли бильярдхона ишламайди”. Келганлар ёзувни ҳеч бир ҳайрату ҳаяжонсиз ўқир эди. Айримлар эса унинг олдида узоқ туриб қолар ва ажабланарли бир қайсарлик билан қайта-қайта ўқирди.
Дамасо бильярдхонага биринчилардан бўлиб кирди. Умрининг анча-мунча қисмини ишқибозлар ўриндиғида шинавандалик билан ўтказган йигит эшик очилиши билан яна ўзини бильярдхонага урди. Энг қийини, номига бўлса-да, кўнгил сўраш эди. Дамасо пештахта оша муассаса хўжайинининг елкасига қоқар экан, деди:
– Шундай ҳам кўнгилсизлик бўладими, дон Роке!
Дон Роке оғир хўрсиниб, аччиқ кулар экан, бошини ирғади.
– Начора… – деди ва мижозларнинг кўнглини овлашда давом этди.
Пештахта олдидаги курсилардан бирига чиқиб ўтирган Дамасо бинафшаранг кафан остидаги столнинг кўланкасидан кўзини узолмай қолди.
– Мўъжизанинг ўзи! – деди у.
– Гапирманг, – деди унинг ёнидаги курсида ўтирган киши. – Айни Пасха арафасида шу ишни қилишганини айтмайсизми!
Қарийб барча мижозлар уй-уйига тарқалгач, Дамасо мусиқали автоматнинг туйнугига танга ташлаб, таблодаги рўйхатда эслаб қолгани – мексикача балладани қўйди. Бу пайтда дон Роке стол-стулларни залнинг тўрига ташиётган эди.
– Нега бундай қиляпсиз? – сўради Дамасо.
– Қартага жой ҳозирлаяпман. Шар олиб келгунларича одамларни нима биландир овунтириб туришим керак-ку.
Икки қўлига ҳам стул кўтарганча кўзи ожиздек авайлаб қадам ташлаётган бу одам яқинда хотинидан ажраб, сўққабош бўлиб қолганга ўхшарди.
– Шарларни қачон олиб келишади ўзи? – деб сўради Дамасо.
– Худо хоҳласа, бир ойдан нарига ўтмас.
– Унгача эскиларини топишади, – деди Дамасо.
Дон Роке қатор турган столларга мамнун назар ташлади.
– Топишолмайди, – деди енги билан пешонасини артар экан. – Занжига шанба кунидан бери овқат беришгани йўқ. Шарларни қаерга гумдон қилганини айтмаяпти. – У Дамасога тер босган ойна оша қаради. – Уларни дарёга ташлаб юборган бўлса керак.
Дамасо лабини тишлади.
– Икки юз песо-чи?
– Пул ҳам йўқ, – жавоб қилди дон Роке. – Занжининг чўнтагидан бор-йўғи ўттиз песо чиқибди.
Улар беихтиёр бир-бирига термилиб қолишди. Бу термилиш нега икки ҳамтовоқнинг бир-бирига ўқрайиб қарашига ўхшаб кетганини Дамасо изоҳлаб беролмаган бўлар эди. Кеч кириб қолганда кирхонада турган Ана эрининг уйга не алфозда қайтаётганини кўрди: у моҳир боксчилардек сакрар ва кўзга кўринмас рақибига тинимсиз зарба берар эди. Аёл унинг ортидан хонага кирди.
– Ҳаммаси жойида, – деди Дамасо. – Чол эски шарлардан умидини узиб, янгиларига буюртма берибди. Умид қиламизки, чол уларни ололмайди.
– Занжи нима бўпти?
– Ваҳимага ўрин йўқ, – елкасини учирганча жавоб берди Дамасо. – Ёнидан шар чиқмаса, қўйиб юбормай нима ҳам қилишарди.
Кечки овқатдан сўнг Ана билан Дамасо кўча эшиги олдида қўшнилари билан кинохона динамигининг уни ўчгунча гаплашиб ўтиришди. Ухлаш учун тўшакка чўзилганларида Дамасонинг димоғи чоғ эди.
– Бу дунёдаги энг қулинг ўргилсин ишни ўйлаб топдим, – деди у.
Ана сездики, Дамасо ўзи билан баҳам кўрмоқчи бўлаётган фикрини тун бўйи миясида пишитиб чиққан.
– Шаҳарчамизни киши билмас секин айланиб чиқаман-да, биридаги шарларни ўмариб, бошқасига пуллайман. Бильярдхона деганинг ҳар қадамда.
– Айланганинг бурнингдан булоқ бўлиб чиқмасин тағин, итдай қилиб отиб ташлашади.
– Ваҳимангни қара-ю: отиб ташлашармиш, – деди у. – Унақаси фақат кинода бўлади.
Қувонч тўла режаларидан масрур Дамасо хона ўртасида турарди. Ана эса сиртдан қараганда бефарқ, аслида эрининг гапларини кўнглида катта хавотир билан эшитганча ечина бошлади.
– Мана шунча костюм сотиб оламан, – Дамасо қулочини кенг ёзиб, тасаввуридаги шкафни – икки девор оралиғини кўрсатди. – Мана бу ердан ҳув анави ергача. Яна эллик жуфт пойабзалим ҳам бўлади.
– Худо йўлингни берсин, – деди хотини.
Дамасо унга ёвқараш қилди.
– Менинг ишларим билан сира қизиқмайсан.
– Куракда турмайдиган режаларингдан қўрқаман, – деди Ана. Сўнг чироқни ўчириб, девор томонга ўтиб ётди ва алам билан гапини давом эттирди: – Сен ўттизга кирганингда, мен қирқ еттидан ошаман.
– Жиннилардек гапирма, – деди Дамасо.
У гугурт излаб чўнтагига қўл тиқди.
– Ўшанда сен ҳам бировларнинг кўйлак-иштонини ювишдан қутуласан, – деб қўшиб қўйди йигит бўшашиброқ.
Ана унга гугурт чақиб узатди ва олов ўчгунича алангага қараб турди. Куйиб кулга айлангач, чўпни четга отиб юборди. Орзуманд йигит тўшакка чўзилди ва яна гап халтасини очди:
– Бильярд соққасини нимадан ясашларини биласанми?
Ана индамади.
– Филнинг тишидан, – деди у. – Шунинг учун уни топиш амримаҳол. Бу ерга олиб келгунча камида бир ой ўтади. Тушундингми?
– Ухла, – унинг гапини бўлди Ана. – Бешда туришим керак.
Дамасо ўзининг табиий ҳолатига қайтди. Одатда кун қиёмга келгунча тўшакда чекиб ётаверади. Кейин эса кўчага чиқиш олдидан ўзига қараган киши бўлади. Оқшомлари бильярдхонада радиодан бейсбол бўйича чемпионатга оид эшиттиришни тинглайди. Унинг қойилмақом яна бир қобилияти – миясида фикр қанчалик тез туғилса, шунчалик тез унутилади.
– Пулинг борми? – деб сўради у шанба куни Анадан.
– Ўн бир песогина, – деди хотини ва кейин оҳиста қўшиб қўйди: – Ижара ҳақини тўлашимиз керак.
– Сенга айтадиган бир гапим бор.
– Хўш?
– Ўша пулни менга бериб тур.
– Уй эгасига беришим керак.
– Кейин берасан.
Ана норози бош чайқади. Дамасо унинг қўлидан маҳкам ушлади-ю, иккаласи ҳозиргина нонушта қилиб бўлган стол ёнидан турғизмай қўйди.
– Бор-йўғи икки-уч кунга, – деди у мулойимлик билан аёлнинг қўлини силар экан. – Шарларни сотган куним, пулга кўмилиб қоламиз.
Ана кўнмади.
Оқшом кинодаги танаффус пайтида улфатлари билан гапхона қилиш чоғида ҳам қўлини хотинининг елкасидан олмади. Фильмни номига томоша қилган бўлдилар. Алалоқибат Дамасонинг сабри тугади:
– Бермасанг, тортиб оламан, – деди у.
Аёли елкасини учирди.
– Ё кўчада дуч келган одамни бўғиб ўлдираман, – деб дўқ урди Дамасо Анани кинодан чиқаётган оломон томон итарар экан. – Кейин қотиллигим учун қамашади.
Ана ўзича жилмайиб қўйди. Лекин яна сир бой бермади.
Иккаласи тун бўйи жанжаллашиб чиқишди. Эрталаб эса Дамасо зўр иддао ва таҳдид билан тез кийинди-да, Ананинг ёнидан ўтар экан, тўнғиллади:
– Кутиб ўтирма. Энди бу ерни елкамнинг чуқури кўрсин.
Ана вужудини жунбишга келтирган титроқни босолмади.
– Оқ йўл! – деб ҳайқирди унинг ортидан.
Эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетган Дамасо узундан-узоқ, маъно-мазмунсиз якшанбага қадам қўйди. Бозордаги кўзни ўйнатувчи тўкинлик, саккиз соатга чўзилган ибодатдан сўнг черковдан болаларини етаклаб чиққан аёлларнинг ялтир-юлтир кийимлари майдонга хуррамлик бағишлаб турган бўлса-да, ҳавони рутубатли жазирама ўз забтига олиб улгурган.
Дамасо кунни бильярдхонада ўтказди. Эрталаб бир-икки бекорчи қартани эрмак қилиб ўтирган бўлса, тушликка яқин одам сал кўпайгандай туюлди. Аммо эрмакхонадан файз кетгани шундоққина кўриниб турарди. Фақат кечқурун, бейсбол чемпионатидан эшиттириш бошланганидан сўнггина бильярдхонани аввалги қайноқ ҳаётни эслатувчи гавжумлик эгаллади.
Бильярдхона ёпилгач, Дамасо қонга ботгандек кўринган қандайдир майдонда нима қиларини, қаерга борарини билмай тентираб юрганини сезиб қолди. У соҳил бўйлаб чўзилиб кетган кўча охирига, қувноқ мусиқа садоси келаётган томонга юрди. Дамасо ранги унниқиб кетган қоғоз гуллар билан безатилган кенг ва бўм-бўш рақс зали, залнинг тўрида, ёғоч саҳнада эса кичик оркестрга дуч келди. Ҳаводаги лаббўёқ ҳиди димоқни куйдирай дерди.
У баланд пештахта ёнига бориб ўтирди. Мусиқа тингач, оркестрда ликопчада куй чалган машшоқ йигитча рақс тушаётганларни оралаб пул йиғиб чиқди. Қандайдир қиз ҳамроҳини ташлаб, Дамасонинг олдига келди:
– Ишлар қалай, Хорхе Негрете?
Дамасо уни ёнига ўтқазди. Қулоғига чиннигул қистириб, юзига қалин упа суртиб олган майхоначи саҳнада ашула айтаётгандек баланд овозда сўради:
– Нима ичадилар?
Қиз Дамасога қаради:
– Нима ичамиз?
– Заҳар.
– Мен тўлайман.
– Гап пулда эмас, – деди Дамасо. – Қорним оч.
– Бечорагинам! – деди майхоначи. – Кўзларига қаранг, кўзларига!
Улар залнинг тўридаги ошхона томонга ўтдилар. Хушбичимлигига қараганда қиз ҳали анча ёш. Лекин юзига қалин суртилган қирмизи ранг, упа ва ялтираган лаббўёғи унинг асл ёшини яшириб турарди. Дамасо овқатланиб бўлгач, оромга кетган ҳайвонларнинг пишиллаши эшитилиб турган қоронғи ётоқхонанинг охиридаги қизнинг хонасига кирдилар. Каравотда парчагулли латтага ўралган чақалоқ ётарди. Қиз латтани ёғоч яшикка тўшаб, чақалоқни яна унга ўради ва яшикни полга қўйди.
– Чақалоқни сичқонлар еб қўйиши мумкин, – деди Дамасо.
– Сичқонлар чақалоқ емайди, – деди қиз.
Қиз қизил кўйлагини анча очиқ-сочиқ, йирик сариқ гулли кўйлагига алмаштирди.
– Чақалоқнинг отаси ким? – деб сўради Дамасо.
– Мен қайдан биламан, – деди қиз ва эшик олдига боргач, қўшиб қўйди: – Ҳозир келаман.
Дамасо унинг эшикни ташқаридан қулфлаганини эшитди. Кийимларини стулга илиб, каравотга чўзилди ва босиб-босиб чекди. Тўшак ташқаридан эшитилаётган куйга мос тебранар эди. У кўзи илинганини сезмай қолди. Уйғонганида мусиқа тинган, хона янада кенгайиб кетгандек туюларди. Қиз каравот ёнида ечинмоқда эди.
– Соат неча бўлди?
– Тўртга яқинлашиб қолди. Бола йиғламадими?
– Йиғламади, шекилли, – жавоб берди Дамасо.
Қиз Дамасонинг ёнига чўзилди ва мастона кўзларини йигитдан узмай, унинг кўйлак тугмаларини еча бошлади. Дамасо унинг бўкиб ичганини сезди. Чироқни ўчирмоқчи бўлган эди:
– Қўявер, – деди қиз. – Кўзларингни томоша қилгим келяпти. Кўзларинг жонни олади.
Тонгга яқин хона наҳорги товушларга тўлиб кетди. Гўдак йиғлади. Қиз уни тўшакка олиб, лабига кўкрагини тутди. Оғзини очмасдан уч қатор шеърни такрор ва такрор ғўлдираб, алла қилиб айтган бўлди. Сўнг ҳаммалари яна донг қотиб ухлаб қолишди. Соат еттига яқин қиз уйғониб, хонани тарк этганини Дамасо сезмади. Қиз кўчадан энди чақалоқсиз қайтиб келди.
– Ҳамма соҳилга қараб кетяпти, – деди у.
Дамасо ўзини бор-йўғи бир соатгина ухлагандай ҳис қилиб, ҳорғин турган эди.
– Нега?
– Бильярдхонани ўмарган занжини томоша қилгани, – деб жавоб берди қиз. – Уни бугун жўнатишар экан.
Дамасо тамаки тутатди.
– Бечорагина, – деб хўрсинди қиз.
– Нега бечора бўларкан? – деб ўшқирди Дамасо. – Ҳеч ким уни итвачча бўлсин деб мажбур қилмаган.
Қиз бошини эгганча ўйланиб қолди, сўнг овозини пасайтириб деди:
– Ўғриликни у қилмаган.
– Бу гапни сенга ким айтди?
– Мен аниқ биламан. Бильярдхонани тунашган тунда занжи Глориянинг уйида эди. Эртасига ҳам кун бўйи, кечгача ўша ерда бўлган. Кейин кинодан келганлар уни ҳибсга олишди, деб айтишди.
– Глория полицияга шуларни айтиши мумкинми?
– Занжининг ўзи аллақачон шундай деб айтган. Алькальд келиб, Глориянинг хонасини остин-устун қилиб ташлади. Ўғрининг ҳамтовоғи сифатида сени ҳам қаматаман, деб дўқ-пўписа қилди. Сўнг ҳаммаси йигирма песо билан босди-босди бўлди.
Дамасо саккизга яқин тўшакдан турди.
– Қолақол, – деди қиз, – тушликда товуқ сўяман.
Дамасо қўлидаги тароққа илашган сочларни қоқиб, тароқни шимининг орқа чўнтагига тиқди.
– Иложим йўқ, – деди.
У қизнинг қўлидан тутиб, ўзига қаратди. Олхўридек катта-катта кўзлари ғоят маъсум боқувчи қиз ювиниб-таранганидан кейин жуда норасида бўлиб кўринар эди. У Дамасони бағрига босиб, яна такрорлади:
– Қолақо-ол.
– Бутунлайми?
Юзига сал қон югурган қиз йигитни оғушидан қўйиб юборди.
– Ёлғончи.
* * *
Ана эрталабдан ўзини жуда ҳорғин ҳис қиларди. Лекин ҳаммани қамраб олган ҳаяжон унга ҳам юқди. Мижозларидан ювиладиган ичкийимларни одатдагидан эртароқ йиғиб олиб, ҳабашни қандай жўнатишларини томоша қилиш учун соҳил томон юрди. Бандаргоҳдаги сузишга тайёр кемалар олдини бетоқат одамларнинг ғала-ғовури босиб кетган. Дамасо ҳам шу ерда эди.
Ана кўрсаткич бармоғи билан унинг биқинига туртди.
– Сен бу ерда нима қилиб юрибсан? – деб сўради чўчиб тушган Дамасо.
– Сен билан хайрлашгани келдим.
Дамасо мойчироқ осилган симёғочни тақиллатди.
– Ҳа, тилгинангга чечак чиқсин сенинг! – деди.
Сигарет тутатиб, бўш қутисини дарёга отди. Ана этагидан янги қути чиқариб, унинг кўйлаги чўнтагига солиб қўйди. Йигит ноилож илжайди.
– Жиннисан демаганмидим, – деди у.
– Ҳа-ҳа-ҳа! – кулди Ана.
Тез орада ҳабашнинг қораси кўринди. Унинг қўли орқасига қайрилиб, чилвир билан боғланган ва чилвирнинг учини полициячи ушлаб олган эди. Маҳбусни майдоннинг ўртасидан олиб ўтишди. Икки ёнида – милтиқ кўтарган яна икки полициячи. Яримяланғоч ҳабашнинг пастки лаби ёрилган, қовоғи боксчиларники каби шишиб кетган. У ўзига тикилиб турган оломоннинг олдидан жабрдийда қиёфасида мағрур юриб ўтди. Бильярдхона ёнида воқеанинг икки иштирокчисини томоша қилиш учун йиғилган бекорчилар айниқса кўпроқ эди. Муассаса хўжайини эшик олдида надомат билан бош чайқаганча ҳабашга жим қараб турарди. Одамлар маҳбусни ғазаб билан кузатмоқда эди.
Кема жойидан қўзғалди. Ҳабашни палуба орқали олиб ўтишиб, қорамой тўла цистернага қўл-оёғидан боғлаб қўйишди. Дарё ўртасига етиб, ўз йўлига тушиб олган кема охирги марта жом чалганида ҳабашнинг елкаси ялтираб кетди.
– Бечора, – деб шивирлади Ана.
– Аблаҳлар, – деди унинг ёнида турган бир бекорчи. – Бундай офтобнинг тиғига одам боласи дош бера оладими?
Дамасо қараса, гапирган қандайдир хўппа семиз аёл экан. Йигит оломон орасидан майдон сари ёриб ўта бошлади.
– Тилинг кесилсин сенинг! – деб шивирлади Ананинг ёнига келиб. – Бутун майдонни бошингга кўтариб бақиришинг қолди.
Ана Дамасонинг изидан бильярдхонагача эргашиб борди.
– Кийимларингни алмаштириб олсанг бўларди, – деди у Дамасога кетиш олдидан. – Худди гадойга ўхшаб қолибсан.
Кема кўздан йўқолгач, кўпчилик ғала-ғовур билан ўзини бильярдхонага урди. Ҳамманинг кўнглини олишга уринаётган дон Роке столлар орасида пилдираб юрарди. Дамасо унинг яқинроқ келишини кутди.
– Ёрдамлашиб юборайми?
Дон Роке унинг олдига бошига стакан кийдирилган беш-олти шиша пиво қўйди.
– Раҳмат, болам.
Дамасо шишаларни столларга тарқатиб, янги буюртма қабул қилди. Мижозлар тушликка тарқалгунича пиво тўла шишаларни тарқатиб, бўшини йиғиш билан банд бўлди. Тонгда хонасига қайтганида, Ана унинг кайфи тароқлигини сезди. Эрининг қўлини олиб, қорнига қўйди.
– Силаб кўр, – деди у. – Сезяпсанми?
Дамасо ҳаракат аломатини сезмади.
– Қимирлаяпти, – деб гапида давом этди аёл. – Тун бўйи оёқчалари билан тепиниб чиқди.
Лекин эрнинг бу гапларни эшитишга рағбати сезилмади. Ўз ўй-хаёллари билан банд Дамасо эртаси куни каллаи саҳарда уйдан чиқиб кетди ва тун оққандан кейингина қайтиб келди. Ҳафта шундай ўтди. У тўшакда ағнаб ётишу тамаки тутатиш билан уйда вақт ўтказган камдан-кам пайтларда ҳам гаплашишдан ўзини олиб қочарди. Ана унга пойи патак бўлишни яна кучайтирди. Иккаласи бирга яшай бошлаган дастлабки пайтларда ҳам Дамасо баъзан шундай тундлашар, ҳали эрининг феъл-атворини яхши билмаган хотин унинг асабини бузарди. Шунда Дамасо уни тўшакка ётқизиб, устига миниб олар ва қора қонига ботириб саваларди.
Энди аёл аламини ичига ютишни ўрганган. У кечанинг ўзидаёқ чироқ олдига бир қути сигарет қўйди. Биладики, Дамасо очликка ҳам, чанқоққа ҳам чидаши мумкин, лекин тамакисиз яшай олмайди. Шундай қилиб, Дамасо бир оқшом, июннинг иккинчи ярми эди, уйга эртароқ келди. Аёл ўйладики, эри бунчалик эрта қайтдими, демак, ичкиликка эртароқ тўйиб олган. Кўнглига хавотир оралади. Жим тамадди қилдилар. Ётганларида хаёли ғоят паришон, саросимага тушган Дамасо бирдан тилга кирди:
– Кетмоқчиман.
– Қаёққа?
– Қаёққа бўлса ҳам фарқи йўқ.
Ана хонага бошдан-оёқ кўз югиртириб чиқди. Журнал муқоваларидан ўзи кесиб, ўзи ёпиштирган ва бутун деворни безаб турган киноактёрларнинг рангли суратлари унниқиб, йиртилиб кетибди. Аёл ўзининг оғушида ором олиб, ушбу суратларни томоша қилган ва рангларидан ҳайратга туша-туша уларни хотирасига муҳрлаб кетган эркакларнинг саноғини ҳам унутган эди.
– Мен ёқмай қолдимми? – деб сўради Ана.
– Гап сенда эмас, – деди Дамасо. – Шаҳарда…
– Шаҳримизга нима бўпти? Кўп қатори бир жой-да.
– Шарларни сотиб бўлмаяпти.
– Шарни унут, – деди Ана. – Худо менга қувват бериб, кир-чир чайиб турсам, сени бунақа хор қилиб қўймайман. – Сўнг бирпас сукут сақлагач, яна деди: – Бу касофат иш қаердан ҳам каллангга келди, ҳеч ақлим етмайди.
Дамасо сигаретини охиригача чекди ва жавоб қилди:
– Хамирдан қил суғургандай осон иш эди. Шу пайтгача нега бошқа одамнинг хаёлига келмаганига ҳайронман.
– Пул масаласида ҳақсан, – эрининг гапига қўшилди Ана. – Лекин келиб-келиб шар ўғирлаш учун таваккал қиладиган сендақа нодон бўлмаса керак.
– Бошида калта ўйлаган эканман, – деди Дамасо. – Шарларни пештахта ортидаги қутида кўрганимда хаёлим бузилган эди. Шунча меҳнат қилиб, қуруқ қўл билан кетаманми, деб ўйладим.
– Шўринг қурсин, – деди Ана.
Дамасо енгил тортди.
– Янги шар жўнатишмаяпти, – деди у. – Айтишларича, нархи қимматлашган эмиш. Дон Роке ҳам энди шар сотиб олишдан фойда йўқ, дейди.
У яна сигарет тутатди. Гапираётганида дили қандайдир оғир дарддан фориғ бўлаётганини сезди.
Дамасо дон Роке бильярд столини сотишга қарор қилганини айтди. Стол энди ҳеч нарсага арзимайди. Тажрибасиз ўйинчиларнинг уриниб-суриниши билан мовут қопламаси илма-тешик бўлиб, ямоқ тушмаган жойи қолмаган. Янги стол олмаса бўлмайди. Бильярд соққасини суриб соч-соқоли оқарган мижозларни эса ҳозирча бейсбол чемпионати билан овунтириб туришдан ўзга чора йўқ.
– Шундай қилиб, – деди Дамасо, – истасак-истамасак, ҳаммага панд бердик.
– Сариқ чақалик ҳам фойда кўрмадик, – қўшимча қилди Ана.
– Кейинги ҳафтада чемпионат ҳам тугайди, – деди Дамасо.
– Буниси ҳали ҳолва, – деди Ана. – Ҳаммасидан ҳабаш масаласи ўтиб тушди.
Аёл аввалгидек Дамасонинг кўксига бошини қўйиб ётар ва эрининг хаёлидан нималар ўтаётганини сезгандек бўлар эди. Эри сигаретини чекиб тугатишини кутиб турди. Сўнг қўрқа-писа сўз қотди:
– Дамасо.
– Нима?
– Жойига қўйиш керак.
Дамасо яна сигарет тутатди.
– Неча кундан бери ўзим ҳам шуни ўйлаб юрибман, – деди у. – Фақат қандай олиб бориб қўйишни билмаяпман.
Улар аввалига шарларни гавжумроқ жойга ташлаб кетмоқчи бўлишди. Яна Ана ўйладики, бу йўл бильярдхона муаммосини бир ёқли қилгани билан, ҳабашнинг мушкулини енгиллатиши қийин. Полиция айбни тутқуннинг зиммасидан соқит қилмагани ҳолда шарларнинг топилганини ҳар хил талқин этиши мумкин. Бильярд соққаларини топиб олган одам эса уларни бошқага пуллаш илинжида эгасига бермаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас.
– Бир ишга қўл ургандан кейин уни охирига етказиш керак, – деб гапига якун ясади аёл.
Шарларни кўмилган жойидан ковлаб олишди. Ана уларни газетага шундай боплаб ўрадики, тугундаги шакл-шамойили кўзга ташланмайдиган бўлди. Сўнг сандиққа солиб қўйди.
– Энди қулай пайтни пойлаймиз, – деди у.
Аммо икки ҳафта ўтса ҳам ўша фурсат келавермади.
Ўн иккинчи августнинг кеч оқшомида, ўғриликдан сўнг роппа-роса икки ой ўтгач, бильярдхонага келган Дамасо дон Рокени баланд пештахта ортида кўрди. У пальма япроғидан тўқилган елпиғич билан пашша қўриб ўтирарди. Радионинг уни ўчган, бу сокинликда чолнинг ёлғизлиги янада яққолроқ сезиларди.
– Хўш, мен сенга айтганимдай бўлдими? – деб ҳайқирди дон Роке тахмини тўғри чиққанидан қувонгандай. – Ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди!
Дамасо мусиқали автоматнинг туйнугига чақа ташлади. Кучли шовқин, лип-лип ўчиб ёнаётган ранг-баранг чироқлар шуъласи, назарида, Дамасонинг бильярдхонага бўлган садоқати-ю меҳрини намойиш этиб турарди. Фақат дон Роке буни тушунмаётган эди, чамаси. Дамасо унинг ёнига ўтириб, чолга ишониш қийин бўлган пойинтар-сойинтар гаплар билан таскин берган бўлди. Дон Роке унинг гапларини елпиғични силкиб ўтириб, лоқайд тинглади.
– Начора, – деди у. – Бейсбол чемпионати бир умр давом этмайди.
– Лекин шарлар топилиши мумкин.
– Топилмайди.
– Ҳабаш уларни еб-ютиб юбормагандир, ахир.
– Полициянинг изламаган жойи қолмади, – деди дон Роке асабга тегадиган бир ишонч билан. – Ҳабаш шарларни дарёга ташлаган.
– Бирдан мўъжиза юз берса-ю, шарлар топилиб қолса-чи?
– Хомтама бўлма, ўғлим, – жавоб берди дон Роке. – Ишлар пачава. Нима, сен мўъжизага ишонасанми?
– Баъзан.
Дамасо бильярдхонани тарк этганида одамлар ҳали кинодан чиқмаган эди. Қулоқни қоматга келтирувчи гаплар садоси уйқуга кетган шаҳар узра гоҳ ўчиб, гоҳ яна эшитилар, ҳозирча очиқ турган эшиклар ҳам ҳали-ҳозир ёпилиб қоладигандек туюларди. Кинотеатр атрофида бироз айланиб юрган Дамасо рақсхона томон юрди.
Залда ягона мижоз қолган. Машшоқлар ёлғиз ўзи икки аёл билан рақс тушаётган ўша одам шарафига соз чалмоқда эди. Девор бўйлаб саф бўлиб ўтирган аёллар эса қандайдир муҳим хабарни кутаётганга ўхшарди. Дамасо столга ўтириб, майхоначига пиво олиб кел, деб ишора қилди. Шишанинг бўғзига оғзини қўйиб пиво ичар экан, фақат нафасини ростлаш учунгина бир лаҳза тўхтар ва бир йўла икки аёл билан рақсга тушаётган эркакни шиша орқали тинмай кузатар эди. Аёлларнинг иккаласи ҳам эркакдан барвастароқ.
Тун оққанда кинодан чиққан аёллар, сўнг уларнинг изидан илакишган эркаклар пайдо бўлди. Орасида Дамасонинг янги жазмани ҳам бор экан. Унинг столига келиб ўтирди.
Йигит қизга қайрилиб ҳам қарамади. Аллақачон беш шиша пивони сипқорган азамат ҳамон рақс тушаётган эркакдан кўзларини узолмас эди. Энди бир йўла уч аёл билан гириллаб айланаётган раққос эса ёнидаги ожизаларга заррача эътибор бермас, ўз оёқларининг муқомига маҳлиё бўлиб кетган эди. Эркак бахтлига ўхшаб кўринарди, лекин оёқ-қўлидан ташқари думи ҳам бўлса, у ўзини янада бахтлироқ ҳис қилиши сезилиб турарди.
– Бу нусха менга ёқмаяпти, – деди Дамасо.
– Ёқмаётган бўлса, қарама, – деб маслаҳат берди қиз.
Қиз майхоначидан озроқ ичимлик сўради. Рақс майдончаси эркагу аёл жуфтлиги билан тўлди. Лекин уч хоним билан рақс тушаётган эркак залда ҳамон ўзини ҳокиму мутлақ ҳис қилмоқда эди. Қайсидир бир ҳаракат асносида унинг нигоҳи Дамасонинг нигоҳига тўқнашди. Эркак оёғини янада чаққонроқ жилпанглатар экан, қуённикидек майда тишларини кўрсатиб тиржайди. Дамасо унга киприк қоқмай тикилиб турди. Ниҳоят раққоснинг бардоши тугаб, тиржайишдан тўхтади ва юзини тескари бурди.
– Ўргилдим сендақа улфати жондан, – деди Дамасо.
– Ростдан ҳам улфат одамга ўхшайди, – деди қиз. – Қачон келса, барча тужжорларга ўхшаб, ўзининг ҳисобидан мусиқа қўйдиради.
Дамасо қизга ёвқараш қилди.
– Унда сен ҳам бор, пинжига кира қол, – деди у. – Уч нонхўрнинг ёнидан тўртинчисига ҳам жой топилади.
Қиз индамади, лекин қўлидаги ичимликни майдалаб ҳўплар экан, рақс майдончасига қараб ўгирилиб олди. Устидаги оҳори кетган сариқ кўйлакда у ғоят маъсума кўринар эди.
Улар рақс тушгани туришди. Дамасонинг ҳамон қовоқ-тумшуғидан қор ёғар эди.
– Очимдан ўлай деяпман, – деди қиз ва унинг билагидан ушлаб, пештахта томон етаклади. – Сен ҳам бирор нарса еб олишинг керак.
Улфати жон ўзининг уч аёли билан уларнинг қаршисидан чиқди.
– Менга қаранг!.. – деди Дамасо.
Эркак тиржайди, лекин қадамини секинлатмади. Дамасо қизнинг қўлини силтаб ташлаб, раққосга кўндаланг бўлди.
– Менга сизнинг тишингиз ёқмаяпти!
Эркакнинг ранги ўчди, лекин тиржайиб тураверди.
– Ўзимга ҳам ёқмайди, – деди у.
Қиз тўхтатишга улгурмади, Дамасо эркакнинг башарасига яхшилаб мушт туширди ва рақиби майдончанинг ўртасида ўтириб қолди. Атрофдагилардан ҳеч ким орага тушмади. Уч аёл уларни ажратиш учун айюҳаннос солганча, Дамасога ёпиша кетганида қиз жазманини залнинг тўрига суриб бориб қўйган эди. Юзининг пачағи чиқиб, дабдала бўлаёзган эркак зўрға оёққа турди ва маймунга ўхшаб бир сакради-да, залнинг ўртасига бориб қичқирди:
– Чал созингни!
Соат иккига яқин емакхона қарийб бўшаб қолди. Жазман тополмаган аёллар тамадди қилишга киришди. Ҳаво иссиқ эди. Қиз ликопчада қовурилган гўшт, ловия аралаш гуруч олиб келиб, столга ўтирди ва қошиқ билан ейишга тутинди. Дамасо унга бақрайиб қараб қолди. Қиз унга бир қошиқ гуруч узатди.
– Оғзингни оч.
Дамасо иягини кекирдагига тортиб, бош чайқади.
– Бу – хотинларнинг овқати, – деди. – Эркаклар емайди.
Ўрнидан турар экан, қўли билан столга суяниб қолди. Ниҳоят мувозанатини аранг сақлаб, қаддини тиклаганида, қаршисида қўлини чалиштириб турган майхоначини кўрди.
– Сиздан тўққизу саксон, – деди майхоначи.
Дамасо уни четга сурди:
– Ҳезалакларга тоқатим йўқ.
Унинг қўлидан ушлаб, қайирмоқчи бўлган майхоначининг бирдан қизга кўзи тушди ва бўшашди. Сўнг ноилож тўнғиллади:
– Нималарни бой берганингни кейин биласан, сен бола!
Дамасо майхонадан чайқала-чайқала чиқди. Ойнинг акси ўйнаб турган дарёнинг кумушранг мавжлари унинг шуурига ҳушёрлик нурларини сочмоқчи бўлар, лекин улгурмас, ўша заҳотиёқ кўздан йўқолар эди. Шаҳарчанинг нариги четидаги хонасининг эшигига етганида Дамасо бутун йўлни уйқули кўзлари билан босиб ўтганининг исботи учун гаров боғлашга ҳам тайёр эди. У бошини қаттиқ силкитди. Хаёлида пайдо бўлган безовта, лекин ўта кучли бир туйғу шу дақиқадан бошлаб Дамасони ҳар бир қадамни ғоят эҳтиёткорлик билан, ўйлаб босишга ундар эди. У эшикни секингина, ғийқиллатмасдан, сассиз очди.
Уйғониб кетган Ананинг сандиқ титкилаётган Дамасога кўзи тушди. У чўнтак фонарининг ёруғидан юз ўгириб, деворга қараб ётар экан, Дамасо ҳали ечинмаганини сезди. Иттифоқо ҳушёр тортди-ю, ирғиб туриб тўшакка ўтирди. Тугунча билан чўнтак фонарини ушлаган Дамасо сандиқ ёнида турарди. У бармоғини лабларига босди: жим! Ана тўшакдан сакраб тушди.
– Жинни бўлдингми! – деб шивирлади ва югуриб бориб лўкидонни суриб, эшикни бекитди.
Дамасо фонарь, пичоқ ва ўткир тиғли эговни чўнтагига тиқиб, тугунчани қўлтиғига қистирди-да, тўғри аёлга қараб юрди. Ана эшикни гавдаси билан тўсди.
– Тирик эканман, сени бу ердан чиқармайман, – деди паст овозда.
Дамасо уни итариб ташламоқчи бўлди.
– Қоч! – деб хириллади йигит.
Ана эшик кесакисига икки қўли билан ёпишди. Улар бир-бирига киприк қоқмай бақрайиб қолди.
– Сен эш-шаксан, – деб шивирлади Ана. – Худо сенга чиройли кўз ато қилиб, ақлдан қисган.
Дамасо унинг сочига чангал солиб, қўлини қайирди ва ерга эгди. Тишларини ғижирлатди:
– Қоч дедим!
Ана бўйинтуруқ солинган ҳўкиздай ола-кула кўзларини тепага тикди. Шу топда ўзига ўзи ҳар қандай оғриққа дош бера оладигандай, эридан ҳам кучлироқдай туюлиб кетди. Аммо эри унинг қўлини тобора қаттиқроқ қайирмоқда эди. Охири аёлнинг бардоши тугаб, кўзларида ёш ғилтиллади.
– Болани нобуд қиласан, – деди у.
Йигит аёлни даст кўтариб, каравотга олиб бориб ташлади. Қўллари бўшаши билан хотин ўзини эрининг елкасига отди ва қаттиқ қучоқлаб олди. Иккаласи ҳам тўшакка қулади. Иккаласи ҳам ҳансирарди.
– Ҳозир бақираман, – деб шивирлади эрининг қулоғига Ана. – Қилт этсанг, бақираман.
Жон аччиғида хириллаётган Дамасо аёлнинг тиззасига шар тўла тугунча билан туширди. Ана инграб юборди ва оёқларини олиб қочди. Лекин ўша лаҳзанинг ўзида уни яна маҳкам қучоқлаб олиб, гапига кўндиришга урина бошлади.
– Худо ҳаққи, эртага ўзим олиб бораман, – деди Ана. – Мен ҳомиладорман, қамашмайди.
Дамасо аёлнинг бағридан юлқиниб чиқди.
– Сени ҳамма кўради, – деди Ана. – Бугун ёруғ, ой тўлган кеча. Сен, аҳмоқ, ҳатто шуни ҳам билмайсан.
Эшик лўкидонини суриб юбормаслиги учун эрини бор кучи билан ушлашга, қайтаришга ҳаракат қилди. Сўнг кўзларини юмиб, унинг юзлари-ю бўйнига тинимсиз мушт тушира кетди. Чидай олмай ҳайқириб ҳам юборди:
– Сен ҳайвонсан, ҳайвон!
Дамасо ўзини ҳимоя қилишга уринди. Буни кўрган аёл Дамасонинг қўлидаги сўлоқмондай оғир ёғоч лўкидонни юлиб олиб, йигитнинг бошига қаратиб сермади. Дамасо чап бериб қолди. Зарба унинг елкасига тушди. Суяк шишадек қирсиллаб кетди.
– Қанжиқ! – қичқириб юборди эр.
Шовқин солмаслик лозимлигини ҳам унутган Дамасо Ананинг қулоқ-чаккасига қулочкашлаб мушт туширди ва аёлнинг қаттиқ чинқирганини ҳамда гавдаси деворга бориб гурсиллаб урилганини эшитди. Лекин у томонга бурилиб ҳам қарамади. Хонани тарк этди. Эшик очиқ қолди.
Оғриқнинг кучидан сулайиб қолган Ана полда ётганча қорнида қандайдир кўргилик бошланишини кутди. Девор ортидан кимнингдир қабрдан чиқаётгандай бўғиқ овози эшитилди. У ўкириб юбормаслик учун лабини тишлади. Кейин оёққа турди ва кийинди. Бу сафар ҳам, Дамасо шарларни ўмариш учун кетган галдаги каби, эри ўзи амалга оширмоқчи бўлаётган режа хомхаёл эканини билгани ҳолда, хотинининг додлаб ялиниб-ёлворишидан, уни йўлдан қайтариш учун ортидан югуриб чиқишидан боумид эшик ортида кутиб турганини аёл хаёлига ҳам келтирмади. Ана ўша хатосини яна такрорлади: эрини қувиб етиш учун ортидан чопиш ўрнига, оёғига пойабзалини кийиб, каравотга ўтирди ва уни яна кута бошлади.
Дамасо эшик ёпилганидан кейин энди ортига қайта олмаслигини англади. Кўчанинг охирига етгунича акиллаган итлар уни кузатиб келгандек бўлди. Сўнг хаёлий сукунат бошланди. У маст уйқуда ётган осуда шаҳарда ўзининг нотаниш ва ваҳимали туюлаётган қадам товушларидан қутулмоқчи бўлгандек кўприк оша илдам кетиб борарди. Бильярдхонанинг омонатгина эшиги олдидаги харобага етмагунича эҳтиёткорликни унутди.
Бу гал фонарни ёқишга ҳожат қолмади. Эшик Дамасо ўтган сафар зулфинини суғуриб олган жойидан маҳкамлаб қўйилган, қолгани эскича эди. У қулфни четга суриб, ўнг қўли билан ўткир тиғли эговни иккинчи зулфиннинг тагидан тиқди ва оҳиста ишқалашга киришди. Ниҳоят чириган ёғоч бўлаклари қумдай уваланиб тушди. Ёғоч дош беролмади.
Осилиб қолган эшикни очиш олдидан ғишт полга ишқаланиб товуш чиқармаслиги учун уни бир энликча кўтарган бўлди. Салгина очди. Пойабзалини ечиб, тугунчага қўшиб ичкарига итарди. Сўнг ичини ой сутдай ёритиб турган бинога чўқина-чўқина кирди.
Аввал бўш шиша ва қутилар қалашиб ётган қоронғи йўлакдан ўтди. Кейин мусиқа тинглаш хонасининг ойнаванд деразасидан тушиб турган бир тутам ой нурида бильярд столи, ундан сўнг – эшиги Дамасо томонга тескари қилиб қўйилган шкафлар, охирида – асосий кириш жойининг ичкарисида – устма-уст қалаштириб ташланган стол-стулларга кўзи тушди. Шу дамгача диққат-эътиборини бир жойга йиғиш учун бутун куч ва иродасини сарфлаб келган Дамасонинг вужудини ғалати бир жоду эгаллаб олди.
Энди у ғишт полнинг бўртиқларига парво ҳам қилмасди. Эшикка пойабзалини тираб қўйиб, ой ёритиб турган йўлакни кесиб ўтди ва пештахта ортидан шарлар турадиган қутини излаб топиш учун фонарини ёқди. У эҳтиёткорликни унутган эди. Фонарь нурларини чапга йўналтириб, чанг босган шиша ғарами, қора мой теккан кўйлакка ўралган иккита пихли йиғма нарвон, сўнг шарлар турадиган қутини кўрди. Қути Дамасо ўтган гал қаерда қолдириб кетган бўлса, ўша жойда турарди. Фонарь нури яна ҳаракатга келди ва энди Дамасонинг кўзи мушукка тушди.
Жонивор чироқ нурида унга ҳайрон тикилиб қолган эди. Дамасо чироқни унга тўғрилаб турар экан, кундузи бильярдхонада ҳеч қачон мушукка кўзи тушмаганини енгил сесканиш билан эслади. У фонарь тутган қўлини мушукка яқинроқ олиб бориб, “Пишт!” деди. Бироқ жонивор пинагини ҳам бузмади. Шунда Дамасонинг шуурида сассиз бир ғалаён юз берди ва мушук хаёлидан буткул кўтарилди. Нима бўлганини англаганида чироқ аллақачон қўлидан тушган, ўзи эса шар ўралган тугунчани кўксига қаттиқ босганча титраб турарди. Бильярдхона ёришиб кетган эди.
– Ў-ў!
У дон Рокенинг овозини таниди. Йигит елкасини тоғдек эзиб турган даҳшатли ҳорғинликдан нафаси ичига тушиб, секин қаддини кўтарди. Фақат калта иштон кийган, қўлида темир хода, чироқ ёруғидан эсхонаси чиқиб кетган дон Роке ичкаридан Дамасо томонга яқинлашиб келар эди. Боя Дамасо устидан босиб ўтган шишалар ва бўш қутилар ортида тўр беланчак осиқлик турарди. Ўтган гал тўр беланчак ҳам йўқ эди.
Улар ўртасидаги масофа ўн қадамча қолганида дон Роке бир силкиниб олди ва мудофаага ҳозирланди. Дамасо тугунча ушлаган қўлини ортига яширди. Дон Роке қовоқларини учирди, таниб олмоқчи ва урмоқчи бўлгандек кўзойнаксиз шапкўр кўзлари билан унга бошдан-оёқ синовчан разм солди.
– Э-э, бола, – деди ҳайратга тушиб. – Бу сенмисан?
Дамасога бир умр чўзилган қандайдир дардли ўйин ниҳоясига етгандек туюлди. Дон Роке темир ходасини тушириб, ҳайратдан оғзини очганча унинг ёнига келди. Кўзойнаги ва ясама жағи бўлмаса, чол хотин кишига ўхшаб қолар экан.
– Сен бу ерда нима қилиб юрибсан?
– Ҳеч нарса, – деди Дамасо секин гавдасини ўнглар экан.
– Қўлингдаги нима? – деб сўради дон Роке.
Дамасо ортига тисарилди.
– Ҳеч нарса, – деб такрорлади.
Дон Роке қизариб кетди ва титрай бошлади.
– Қўлингдаги нима деяпман?! – деб қичқирди у темир ходани силкитиб, олға юрар экан.
Дамасо унга тугунчани узатди. Дон Роке, ҳали-ҳамон ҳушёрлигини йўқотмасдан, чап қўли билан тугунчани олди ва пайпаслаб кўрди. Кўрди-ю, гап нимадалигини тушунди.
– Наҳотки?! – деди.
У шу қадар қаттиқ ҳайратга тушган эдики, темир ходани пештахта устига қўйиб, қоғозларни очар экан, Дамасони бутунлай унутганга ўхшарди. Миқ этмасдан шарларга кўз югуртириб чиқди.
– Анчадан бери жойига қўймоқчи бўлиб юргандим, – деди Дамасо.
– Бунга шубҳам йўқ, – садо берди дон Роке.
Дамасо мурдадай оқариб кетди. Кайфи бутунлай тарқаб, оғзида фақат тупроқ таъмигина қолди. Вужудини эса ёлғизлигу ночорлик туйғуси қамраб олди.
– Мўъжизани қаранг, – деди дон Роке шарларни қайтадан қоғозга ўрар экан. – Шу даражада нодонсан, деб ўйламаган эканман.
Бошини кўтарганида чолнинг қиёфаси тамоман ўзгача тусга кирганди.
– Хўш, икки юз песо қани?
– Қутида ҳеч вақо йўқ эди, – деди Дамасо.
Дон Роке лабларини тишлаганча унга ўйчан тикилиб қолди ва бирдан оғзининг таноби қочди.
– Ҳеч вақо йўқ эди де? – деб бир неча бор такрорлади. Сўнг темир ходани яна қўлига олиб, ҳайқирди: – Буни энди алькальдга айтасан!
Дамасо тер босган кафтини шимига артди.
– Ўзингиз биласиз-ку, ҳеч нарса йўқ эди.
Дон Роке ҳамон тиржайиб турарди.
– Қутида икки юз песо бор эди, – деди у. – Ўша пулни топмагунингча терингни шилиб олишади. Итвачча бўлганинг учун эмас, нодон бўлганинг учун шилишади.
Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 11-сон.