Фридрих Нитше. Мактублар

Базель, Франц Овербекга[1]

Каннобно, Бадиа вилласи, 1887 йил 14 апрель

Муҳтарам дўстим,

Учинчи апрелдан буён шу ерда, Лаго-Мажордаман, пуллар вақтида етиб келди, ҳамма пулни юбормаганинг ҳам мамнун этди, чунки ҳатто айни паллада ҳам ёзни қаерда ўтказишимни аниқ билмайман. Кўҳна Зильс-Марияни, қолаверса, Ниццани ҳам ҳар қанча оғир бўлмасин унутишга тўғри келади. Бу ҳар икки жойда ҳам мен учун сув ва ҳаводай зарур ёлғизлик, хилватнишинлик, ҳар қандай монеликлардан холилик, фароғатли осойишталик етишмайди, ҳолбуки, айни шундай шароитсиз муаммолар қаърига шўнғий олмайман (чунки, сендан яширадиган сирим йўқ, мен фавқулодда теран шахсман ва айни теран фикр-мулоҳазаларсиз ҳаёт зарбаларига бардош бера олмайман). <…> Назаримда, одамларга нисбатан ўта сертакаллуф, бағрикенгман, қолаверса: қаерда яшамайин, одамлар мени ўз доиралари ва юмушларига шу даражада жалб қиладиларки, пировард-натижада улардан қандай қилиб ҳимоялансам экан, деб бошим қотади. Айни мулоҳазалар, дейлик, Мюнхень[2] масаласида таваккалчилик қилишдан мени тийиб турибди. Мазкур шаҳарда шоду хуррамликлар гирдоби йўлимга мунтазир ҳамда менга сув ва ҳаводай зарур шарт-шароитларга ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўладиган ёхуд уларни таъминлаш йўлида жонбозлик қиладиган зоти шариф йўқ. Ўзингга нисбатан талабчан қатъиятлилик билан муносабатда бўлаётганингни ошкора намойиш қилиш одамларнинг ўта ғашига тегади, чунки ўзлари бундай даражага юксала олмаган. <…> Назаримда, токи кўнглимни англамас эканлар, қолаверса, башарти мўлжалларим ва тахминларим панд бермаса, 1901 йилгача бу борада бирон-бир ўзгариш бўлиши даргумон. Ўзимга оид мулоҳазаларимни баён этсам, мени телба, дея овоза қилишларига ишончим комил. Қисматимнинг мавҳумлигини эътибордан соқит қилмаган ҳолда, «инсонпарварлигим»ни намоён этаман: аксинча, барча қадрдон дўстларим менга нисбатан тўнини тексари кийиб олади ва ҳаммасининг ихлосини қайтараман.

Муҳим ишим шу бўлдики, аввалги асарларимни таҳрир қилдим ва янги матнини тайёрладим. Башарти яқин вақт ичида куним битса – дунёдан бош олиб кетиш истагим кучайиб бораётганини яширмоқчи эмасман, – ҳар ҳолда, нимадир қолади: бу ўзига хос маданият маҳзани бўлиб, маълум давр мобайнида муайян қимматга эга бўлиши шубҳасиз. (Ўтган қиш мавсумида Европа адабиётини кўздан кечирдим ва эътироф эта оламанки, фалсафий нуқтаи назаримни дадиллик билан ўзига хос йўналиш деса бўлади – бу шу даражадаки, мен ўзимни бир неча минг йилликлар вориси деб биламан. Тафаккурим ва жисму жоним қанчалар даҳшатли муаммолар узра чарх уриб айланаётгани, қандай муаммолар доирасига боғланганим борасида замонавий Европа тирноқча ҳам тасаввурга эга эмас – ва мен билан биргаликда ҳалокат яқинлашаётир, унинг номини биламан, лекин ошкор қилмайман.) <…>

 

Базель, Карл Шпиттелерга[3]

Зильс-Мария, 1887 йил 17 сентябрь

Марҳаматли жаноб,

сафар тадоригини кўраётганим боис Сизнинг мақолангизга оид мухтасар фикр билдирмоқчиман.

Таҳририятлар ва нашриётлар Сизни ғазаблантиради – бу, авф этасиз-у, мени Сизга бироз қарши қилиб қўяди! Оммавий хашаки асарлар ёзадиганларнинг нафис адабиётга бефарқ муносабати учун халқни руҳлантирадиган асар яратувчилар жавобгар эмас. Бундай бефарқлик қаршисида уларнинг «ваҳимага тушишларининг» ҳам, «сотқинлик кўчасига» киришларининг ҳам ҳожати йўқ.

Бундай ҳолатни устунлик афзаллик аломати деб билиш зарур (ўз тажрибамдан келиб чиқяпман) ва барчасидан қатъи назар тишни тишга босиб, бардош бериш керак. Кўп кулган охири йиғлайди, деб бежиз айтишмаган.

Ниҳоят – иқтидорим эвазига хонлардай давру даврон сураман, деган хомхаёлга берилмаслик керак (фавқулодда салоҳият соҳиблари бундан истисно, албатта).

Самимий тилаклар билан

камтарин қулингиз проф. доктор Нитше. <…>

 

Наумбург, Франциска Нитшега

1887 йил 18 октябрь, Венеция

Меҳрибон онажон,

мактубингизни таваллудим куни олдим, сизни мамнун этадиган иш билан банд эдим: жанубий америкалик Лама[4]га хат ёзаётгандим. Фақат сиздан самимий тилаклар билдирилган мактуб олдим, бу кейинги пайтда қўлга киритган «мустақиллигим» хусусида бинойидек таассурот пайдо қилади – файласуф учун хилватнишинлик, узлат сув ва ҳаводай зарур, ахир. Олмонларнинг менга оид мулоҳазаларини[5] не чоғлик самимий хушнудлик билан Сизга баён қилганим эътиборингизни тортган бўлса керак,– улар билан танишиш мени ҳақиқатдан ҳам қувонтирди, чунки одамзот феъл-атворини бинойидек биламан, бинобарин эллик йилдан кейин менга оид мулоҳазалар шу даражада ўзгарадики, сизнинг ўғлингизнинг исми шарифи шону шуҳратга бурканади. Ҳолбуки, айни хусусиятлар боис ҳозирга қадар майна қилиб, шаънимга маломат тошларини ёғдириб келаётирлар. Эсимни танибманки, моҳиятан теран ва ҳамдардлик билан йўғрилган бир оғиз калима эшитганим йўқ, – пешонам шундай қора экан ва бундан ҳеч қачон шикоят қилмаганман… Сизни хотиржам қилиш учун бир гап айтаман: зиддиятли ҳолатим аслида насронийликка муносабатим билан боғлиқ бўлса керак, деб тахмин қилаётган бўлсангиз керак. Асло! Сизнинг ўғлингиз бу қадар «мўмин-қобил» эмас, муҳтарам ғанимларим ҳам «қўй оғзидан чўп олмаган» хокисорлар эмас. Сизга ҳавола қилинган мулоҳазалар барча-барчаси ва алоҳида ҳар биттаси черковдан ташқари доиралардан келиб чиққан: булар илоҳиятшунослар фикр-мулоҳазалари эмас. Деярли ҳар битта шундай танқид (уларнинг аксарияти бинойидек билимдон танқидчилар ва олимларнинг фикрлари) негизида ўзларини шубҳа-гумондан соқит қилишга уриниш сезилади, менинг асарларим гўё аллақандай хавф-хатар манбаи сифатида талқин қилинади, шу боис мени «черков каламушлари ва қабристон қузғунлари» хомталаш қилишларини истайдилар. Мен билан боғлиқ антогонизм ўта радикал хусусиятга эга, шунинг учун ҳам исталган диний масала ва диний конфессиялар билан боғлиқ нозикликларга жиддий диққат-эътибор беришнинг ҳожати йўқ.

Ортиқча батафсил чекиниш учун маъзур тутинг, лекин: ниҳоятда зукко олимлар менга нисбатан ҳалигача янглиш фикр билдирганларини қайд этар эканман, бундан англашиладики, қария Пиндер[6] улардан бирор-бир аҳамиятли жиҳати билан фарқ қилмайди. Барчасидан ёлғиз ўзлаштиргани шуки, унинг ва менинг нуқтаи назаримиз – бир-бирига ўхшамайди ва бундан афсусланишини қайд этади.

Парагвайга оид хабарлар ҳақиқатдан ҳам қувонарли, бироқ аксилсемит куёвим[7] яқинига илгаригидек мутлақо йўламоқчи эмасман. Иккимизнинг мулоҳазаларимиз бир-бирига ўхшамайди, бундан пушаймон эмасман.

Сафар жомадоним тайёр бўлай деб қолди; индин кечки пайт ёки эрталаб йўлга тушаман. Кўзим панд бераётганини айтмаганда, саломатлигим умуман чакки эмас. Менинг манзилим бундан буён Ницца. <…>

 

Асуньсон, Элизабет Фёрстерга

Ницца, 1887 йил декабрь охири

(қоралама)

Жаноб доктор Фёрстер аксилсемит ҳаракат билан алоқасини ҳали-ҳануз узмаганини батафсил исботлаб беришди. Эндиликда бу вазифани лейпциглик олифта тўнка (хотирам панд бермаса, Фрицш) зиммасига олган: қатъий қаршилигимга қарамасдан ҳалигача аксилсемит хат-хабарларни узлуксиз юборди (ҳаётимда бундан жирканч нарса ўқимаганман). Ўшандан буён сенга аввалгидек меҳр ва ҳаяжон билан муносабатда бўлишга қийналаман, ҳолбуки, оқибатли қариндошлик ришталари бизларни узоқ вақт боғлаганди, иккаламиз ўртамиздаги ихтилоф шу асно бемаъни тарзда аста-секин намоён бўлди. Ёки дунёда нима учун яшаётганимдан тамомила бехабармисан?

Менинг мулоҳазаларимга қарши фикрлар жамулжами билан танишмоқчимисан? Уларнинг барча-барчасини турмуш ўртоғингнинг «Парсифалга оид мулоҳазалар»идан топасан; улар билан танишиш асносида хаёлимга даҳшатли фикр келди. Сен менинг хасталигимдан ҳам, аччиқдан-аччиқ ва ҳайратомуз тажрибамдан ҳам ҳеч вақони уқа олмагансан – мен барчадан азиз билиб, эъзозлаган кимса қиёфасини ҳазар қиларли даражада ўзгартиргану мен дунёда ҳаддан ташқари нафратланадиган ҳолатга тушган – ахлоқий ва насроний муқаддас қадриятларни найрангбозлик воситасига айлантирган. Эндиликда аҳвол шу даражага етдики, иблисона аксилсемит сифатида қораламасликлари учун бор куч-қувватим билан ҳимояланишим зарур; бу туғишган синглимнинг, собиқ синглимнинг, эндиликда эса Видеманнинг ҳам тасаввур қилиш мумкин бўлган ёвуз хатоликларга туртки берганининг оқибати. Аксилсемит хат-хабарларда ҳатто З<ардушт> исмига ҳам кўзим тушгач, сабр-бардошим тугади – энди мен турмуш ўртоғингнинг фирқасига қарши мустаҳкам ҳимояланишга ўтдим. Лаънати аксилсемит қовоқбошлар муқаддас қадриятларимга қўлининг учини ҳам тегиза олмайди!!

Турмушга чиқишинг биз учун қимматга тушди – эндиликда номимиз мазкур ҳаракат билан бирга тилга олиняпти, шу боис бошимга не савдолар тушмади! Кейинги олти йил мобайнида нима қилиш ва нима қилмаслик кераклигини тамомила унутдинг…

Ф<айласуф> сифатида давримга нисбатан қандай мавқеда эканим борасида сени бирон-бир мулоҳазага эга, деб ҳеч қачон умид қилмаганман. Камина бундан буён опа-сингилларим ҳақида бамисоли Шопенгауэр сингари хулосага келганман: уларнинг мутлақо кераги йўқ, турган-битгани бош оғриғи.

Маъсум хомхаёллардан қутулганим кейинги ўн йилнинг якуни эканидан ҳузурланаяпман; гўё қандай аҳволда эканимни кимдир биладигандай. Йиллар мобайнида ўлимнинг совуқ нафасини туйиб яшадим, бунинг боисини бирор-бир кимса ҳатто тасаввур ҳам қила олмайди. <…> Эндиликда қадам-бақадам мазкур ҳақиқатни англаб етяпман (мен ҳақимда ҳеч ким ҳеч вақо билмайди), ва бунинг яхши жиҳати шундаки, буни тушуниб етганимдан эътиборан ўзимни эркинроқ, ҳар бир одамга нисбатан хайрихоҳ сезяпман.

Ҳозир шундай аҳволдаманки, илгари ҳам айни ҳолатга ўзимни «ҳукм қилинган» ҳисоблардим (истайманки, бундан буён қариндош-уруғларим мени тинч қўйсинлар), боз устига, айни ҳолатда менинг мақомимнинг, муаммоларимнинг, масалани янгича талқин қилишимнинг бутун моҳияти намоён бўлди.

 

Венеция, Генрих Кёзелицга[8]

Ницца, 1888 йил 1 феврал

Муҳтарам дўстим,

мазкур бутун давр мобайнида Сиз менга жуда яқин бўлдингиз! Гоҳ ҳуд, гоҳ беҳуд хаёлимдан қандай фикрлар кечмади, барча-барчасида Сизнинг тимсолингиз йўлчи юлдуздай порлади. Бунга қойилмақом баҳона ҳам бор эди: Ниццада лотереянинг сўнгги ўйини, – бош ютуқ менга насиб этади, дея камида ярим соат мобайнида ўзимни саробий хаёллар билан мамнун этдим. Мазкур ярим миллион сармоя билан талай хайрли ишларни уддаласа бўларди; йўқ деганда, ҳар иккимиз турмушнинг бемаънилигига ўта киноя билан, тамомила бўлак мавқе-мақомдан назар ташлаган бўлардик. Дарҳақиқат, Сиз билан биз уддалаётган вазифаларни рўёбга чиқариш учун, уларни рисолагидек амалга ошириш учун, моҳиятан, фақат ва фақат киноя зарур (бинобарин, ярим миллион – киноя нархи; заминий мантиқ ҳосиласи шу).

Саломатлик, сармоя, ҳурмат-эҳтиром, меҳру оқибат, муҳофаза тақчил даҳри дунда вайсоқи фожианависларга айланмаганимиз, – бу ҳозирги ҳолатимизнинг чинакам парадокси, муаммоси. Менинг кўнглим сурункали яраланадиган ҳолга тушган, шу боис унумли фойдаланишга уринаман – лекин кўзланган натижа ҳамиша ҳам насиб қилавермайди, бу, моҳиятан, шафқатсизлик эксцесси. Бунинг далили – менинг сўнгги асарим. Бироқ барчасидан қатъи назар ҳамма-ҳаммасига покиза руҳшунос сифатида бардош бераман ва заррача ҳам аҳлоқан қораламайман; менинг ҳолатимдек радикал аҳволда умргузаронлик қилиш қанчалар ибратли-а! Мен фақат айни паллада мозийни идрок қиляпман, тарихн – сўнгги ойлардаги сингари – ҳеч қачон бу қадар теран тушунмаганман. <…>

 

Берн, Йозеф Виктор Видманга[9]

Ницца, Pension de Geneve,1888 йил 4 феврал

Қимматли жаноб доктор,

жаноб Шпиттелер асарларимни таҳлил қилганидан жуда мамнун бўлдим. Жуда ақлли! Бундай замон донишмандидан дакки-дашном эшитишнинг ҳам ўзгача гашти бор! Маълум сабабларга кўра, деярли шакл масалалари билан чекланган: тафаккур негизидаги амалиёт моҳияти, эҳтирос, ҳалокат, манглайда битилгани, мақсад сари интилиш унинг шунчаки эътиборидан четда қолган – бундай муносабатни жону таним билан маъқуллашимни таърифлашга ожизман, бу борада ўзига хос delicatezza[10] – назокатли андиша бор. Шошма-шошарлик билан чиқарилган юзаки мулоҳазалар ҳам истаганча топилади. Асарларимни биринчи марта ўқиб чиққани (аксарият қисмини эса ўқимагани) яққол кўзга ташланади. Айни шу боис турли китоблар шакли билан улар яратилган даврлар ўртасидаги келтирилган фарқ хусусидаги қатъиятли нозик кузатишлар янада ҳайратлантиради. «Эзгулик ва ёвузликдан холи тарафда» асарим ҳисобга олинмаганидан жуда афсусландим: оқибатда кейинроқ чоп этилган «Памфлет»[11] асарим ҳақида мулоҳаза юритиш учун зарур заминга эга бўла олмаган.

Асарларим мураккаблиги шундаки, меъёрий эмас, аксинча, камдан-кам учрайдиган ва янги руҳият ҳолатлари уларда устунлик қилади. Айни шундай қайд қилинмаган ва аксарият қайд этиш даргумон руҳий ҳолатларни акс эттиришга уринаман, назаримда, бу – менинг кашфиётим. «Халоскор услуб кучи» менга тамомила бегона, бунга, агар янглишмасам, жаноб Шпиттелер ишонади. Адиб ўз асарини яратиш устида бош қотирар экан, даставвал ўзига хос услуб яратиш хусусида бош қотирмайдими? Менимча, агар адибнинг дастлабки режалари ўзгарса, айни тарзда услубни ҳам тубдан ўзгартириш зарур. Мен, масалан, «Эзгулик ва ёвузликдан холи тарафда» асаримни яратишда шундай йўл тутганман, унинг услуби аввалги асарларимдан фарқ қилади: тамомила бошқа масалага урғу берганман. «Памфлет»да ҳам шундай йўл тутганман: «Эзгулик ва ёвузликдан холи тарафда» асаримга хос бетарафлик ва суст илгарилаш ўрнини Alltgro feroce ва эҳтиросли nue, crue, verte[12] эгаллайди. Жаноб Шпиттелер бизни ишонтиришга ҳар қанча зўр бермасин, жаноб Ницце аксарият даражада артист экани эҳтимолдан холи эмас…

Камоли эҳтиром ва самимий қутловлар билан

Сизнинг Нитше.

 

Базель, Карл Шпиттелерга,

Ницца, 1888 йил 10 февраль,

(Pension de Geneve)

Қимматли жаноб,

«Бунд»нинг янги йил иловасини кўрган бўлсангиз керак. Мазкур илова учун «Бунд»нинг беназир муҳарририга ўз-ўзидан маълумки, киноядан холи бўлмаган миннатдорчилигимни аллақачон изҳор этдим.

Жаноб Шпиттелер – жуда назокатли ва зиёли шахс, лекин айни ҳолатда, менимча, феъл-атворига бегона мавзуга қўл урди. У эстетика масалаларидан бўлак ҳеч вақони кўрмайди ва ҳеч қандай мавзуда гап очмайди: менинг муаммоларим, жумладан камина ҳақида ҳам, деярли ҳеч қандай гап йўқ. Мени таърифлайдиган бирорта ҳам банд тилга олинмаган. Ниҳоят, шаклларга оид мулоҳазаларда ҳам мақтовлар керагидан ортиқ бўлгани ҳолда хатоликлар ва шошма-шошарлик билан билдирилган фикрлар истаганча топилади. Масалан, <…> «ҳикматларни жуда қийналиб ёзади» (мен галварс эса, бани башар пайдо бўлганидан буён мағзи тўқ ҳикматомуз иборалар ёзиш борасида каминанинг олдига тушадигани йўқ деган фикрда эдим: «Зардўшт таваллоси» – бунинг исботи). Ниҳоят, менинг памфлетим услуби ҳам жаноб Шпиттелернинг эътирофича, баркамолликдан олис: мен гўё хаёлимга нимаки келса, ҳатто ўйлаб ҳам кўрмасдан ёзаверар эмишман. Бу, таъбир жоиз бўлса, қуруқ туҳмат (бошқача таърифлаб бўлмайди, ахир); мен дунёда мавжуд учта муаммо ҳақида қизиққонлик ва жасорат билан мулоҳаза юритганман, булар айнан каминанинг маҳрига тушган мавзулар бўлиб, айни ҳолатларда олий тартиб-интизом талаб қилганидек, на бирон-бир кимсани ва на ўзимни аяган эмасман; боз устига – мазкур барча жиҳатлардан янги мавзулар учун янги лисоний услуб топганман – тингловчим эса аввалгидек услубдан ўзга ҳеч вақони эшитмайди, услубимни яроқсизга чиқаргани камдай, Нитшедан бинойидек адиб чиқади, деган умидларим оқланмайдиган кўринади, дея надомат чекади. Наҳотки мен аллақандай «сафтабоз ёзғувчи»га ўхшасам? Чамаси, мазкур жаноб учун «Зардўшт таваллоси» ҳам аҳамиятсиз иборалар яратиш йўлидаги қойилмақом машқдан бўлак ҳеч нарса эмас. <…>

Сўнгги масала: «Эзгулик ва ёвузликдан холи тарафда» асарим ҳақида нима учун бир оғиз ҳам гап йўқ. Бу китоб тақиқлангани менга яхши маълум, лекин бундан қатъи назар мазкур асар воситасида мени файласуф сифатида кашф қилса бўлади. <…>

Камина, сиз, қимматли жаноб олдида бурчдорман, ва умид қиламанки, бундан буён ҳам лутфу марҳаматингизни дариғ тутмагайсиз,

Фридрих Нитше.

 

Қоҳира, Рихард фон Зайдлицга,

Ницца, 1888 йил 12 февраль,

(Pension de Geneve)

Қимматли дўстим,

кейинги пайтда деярли ҳеч ким билан суҳбатлашмаяпман, бунинг боиси «мағрурона сукут сақлаш» эмас, аксинча изтироб чекаётган кимсанинг сабр-тоқатга йўғрилган сукунати бўлиб, айни аламзада азобу изтиробларини кўз-кўз қилишдан андиша билан йўғрилган. Хасталанган йиртқич ғордан бошпана топади – файласуф la bete[13] шундай йўл тутади. Дўстона ҳамдардликка зорман. ҳозир ёлғизман, якка-ёлғиз барча-барчасига қарши бешафқат пинҳоний кураш олиб бордим (бу курашимнинг шиори – «Жамики қадриятларни қайтадан баҳолаш»), бунга ҳали ҳозиргача ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлдилар, лекин шу асно ўзим аллақандай ғорга – сир-синоатга, ҳатто астойдил бел боғлаганда ҳам топиб бўлмайдиган мавҳумиятга айландим. Бироқ айни мавҳумиятни топишга, кашф этишга ҳеч ким жазм этмаяпти… Учаламиз[14] аро айтганда, мен даврнинг буюк файласуфи, эҳтимол, икки минг йиллик миёнасидаги бирмунча йирик мақомга эга сиймо бўлишим ҳам мумкин. Бундай фавқулодда ҳолат учун мунтазам товон тўлаш талаб қилинади – ёлғизлигим тобора кучайиб, тобора совуқлашиб, бир четга чиқариб қўймоқда. Қимматли немис биродарларимиз-чи!.. 45 ёшга кирганимга ва тахминан ўн бешта китоб чоп эттирганимга қарамасдан Германияда лоақал биронта китобим муҳокамасига оид атиги биронта ҳам уриниш қилингани йўқ. Ҳозир «эксцентрик», «патологик», «психиатрик» сингари атамалар билан қуролланиб олишган. Менинг шаънимга аламзада таъна тошлари ва бўхтонлар ёғдириляпти; илмий ва ноилмий журналларда тизгинсиз ғанимлик руҳи ҳукмрон – ҳаммасидан алам қиладиган жойи шундаки, бунга эътироз билдирадиган мард топилмаяти. Устимдан кетма-кет мағзава ағдарилаётганига ҳеч ким парво ҳам қилмаяпти. Йиллар мобайнида шу аҳвол – на бирон-бир таскин-тасалли, на инсонийликдан ном-нишон, на бир пайса меҳр-оқибат!

Ниццада шу вазиятда кун кечиришга мажбурман. <…> Бу гўша тонгининг нафосатини таърифлашга ожизман; бундан ҳам гўзал қишни кўрмаганман. Ниццанинг камалакдай ранг-бўёқлари-чи! Уларни сенга юбормоқчиман. Барча бўёқлар ёрқин нуқра билан йўғрилган, – нафис, беназир, асосий ранг-тусларнинг бўртиб кўзга ташланиши кўзатилмайди. Алиссо билан Ницца оралиғидаги мазкур бир энлик соҳил – ранг-туслар, наботот олами ва қуруқ ҳаво туфайли Африкани эслатади: бундай манзара Европанинг бошқа жойида йўқ.

Ҳозир Сену Сенинг муҳтарама жуфти ҳалолинг билан гомерона-феакия осмони остида жон деб суҳбат қурган бўлардим… Бироқ феъл-атворимга жануб ҳавоси тўғри келмайди (орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай кўнглим шимолий, нисбатан оддий манзараларни тусай бошлайди). Қачон яна Мюнхенга келасан, яна бир марта менга ёзиб юбор ва мазкур дилгирлик билан йўғрилган мактубимни маъзур тутгайсан.

Садоқатли дўстинг Нитше.

Ажабо! Сен меҳмонга келиб қоларсан дея уч кун кўз тутдим. Мюнхендан меҳмонлар келиши кутилаётганди, улар кимлар эканини айтмоқчи эмасдим. Ёнимдаги столда икки жойни бўшатишди – мана, сенга керак бўлса! Булар уччига чиққан қиморбозлар ва монткарлистлар экан, афсуски уларни жиним суймайди…

 

Венеция, Рихард фон Зайдлицга

Турин, 1888 йил 7 апрель

Қимматли дўстим,

мактубингизни олиб, тилла топгандай қувондим! Бу ерда мени дастлаб Сизнинг қутловингиз кутиб олди, Ниццада ҳам насиб этган сўнгги қутловни Сиздан олгандим. Қанчалар қувончли, дилкаш муждалар-а! Квартетингиз аллақандай каллиграфик дурдона сифатида рўпарангизда ҳозиру нозирлигидан бошим осмонга етди, бинобарин унинг шарофати билан Сиз эндиликда мазкур фасли замҳарирни ҳам шарафлай оласиз. Ўз қўлинг билан яратган асарларинг токи кафолат ўрнига ўтар экан, беихтиёр ижодкор диди юксалади. Хусусан, шу асно дуч келган кимсанинг кўнглини топиш истагидан халос бўласан: ўта жиддий эканингни улар сезади. Ўз асарларини эъзозловчи ижодкор ҳаддан ташқари жиддий, бамаъни, мулоҳазагўй бўлади…

Қадрли дўстим, Сизга мактуб ёзиш учун фавқулодда қизғин саёҳатнинг дастлабки осойишталигидан фойдаланяпман, балки бу осойишталик менга бироз бўлса-да хотиржамлик ва барқарорлик бахш этар, чунки шу пайтгача жуда безовта эдим. Бу қадар ноқулай шароитларда ҳеч қачон саёҳат қилмаганман. Душанбадан шанбагача шу қадар бемаъни савдоларга дуч келганимга ақл бовар қилмайди! Ҳаммаси бошдан бошланди: икки кун тобим қочиб ётиб қолдим, қаерда денг? Сампьердаренда. Мени у ерга боради деган нияти бор бўлса керак, деб ўйламанг. Ёлғиз жомадоним кўзланган манзил – Туринга етиб борди; қолган барча нарсалар, хусусан қўлимдаги юк ва каминаи камтарин бошимиз оққан томонга кетаверибмиз. Йўлкиранинг қимматлигини айтмайсизми! Бойлик орттириш учун мендай қашшоқнинг сўнгги сариқ чақаларини ҳам шилиб олишди! Бундан буён ёлғиз сафар қилишга ҳақиқатдан ҳам ярамайман; бундай саёҳатлар ҳаддан ташқари ҳаяжонлантиради, шу боис нимагаки қўл урмай, кутилган натижага эриша олмайман. Бу ерда ҳам аввалига шундай бўлди. Сурункасига бир неча кун ухлай олмадим, боисини англай олмай бошим қотди. Сиз билан яна учрашганимизда Савонда содир бўлган воқеани сўзлаб бераман, шу воқеа асосида ажойиб фельетон ёзса бўлади. Лекин мен бечорани тинкамни қуритиб, бетоб қилиб қўйди.

Генуя бўйлаб ёрқин хотиралар оралаб соя каби кездим. У ерда мен илгари, беш ёҳуд олти йил муқаддам менга жуда манзур бўлган жойлар эндиликда яна ҳам мафтун этди – улар беқиёс гуллаган олийжаноблик ва Ривьера ваъда қилаётган барча нарсаларга нисбатан ғоят гўзал бўлиб туюлди. Декаданслик йилларида мазкур ғамбода шаҳарни манглайимга битгани учун тақдирдан миннатдорман – башарти улардан халос бўла олсам, бу ҳар гал ўзингни ўзинг енгиш билан баробар, ироданг яна кенгликларга талпинади, натижада ниҳоят журъатсизлик иллатидан қутуласан. Генуяда дарвешона ҳаёт кечирганим учун жуда-жуда мамнунман.

Бироқ Турин! Қадрли дўстим, шу ўринда мен Сизни муборакбод этаман! Сиз айни кўнглимдагини таклиф қилдингиз! Бу эндиликда менга ҳақиқатдан ҳам зарур шаҳар! Дастлабки лаҳзадан бунга имон келтирдим: бу жойда дастлабки кунлар нақадар даҳшатли кечганидан қатъи назар <…>

 

Данциг, Карл Фуксга

Турин, 1888 йил 14 апрель

Муҳтарам, қимматли жаноб доктор,

бу ерда, Ниццада бўлганидек, столда рўпарамда Сизнинг портретингиз турибди: Сиз билан ҳасратлашиш иштиёқим қанчалар кучли эканини билсангиз эди? Ниҳоят, Сизга мактуб битишга киришдим. Макон ичра бундай бемаъни тарқоқликнинг (бу, файласуфлар айтгандек, айни улар томонидан кашф этилган) нима кераги бор, дея ўзимга савол бераман, бу бир-бирига бирон фикр айтадиган саноқли сиймолар орасидаги айрилиқ макони.

Туринда бўлганмисиз? Мен севадиган ягона шаҳар. Осойишта, бир оз тантанавор. Нигоҳлар учун ҳам, пойи қадам учун ҳам роҳати жон (кафтдай текис кўчалар ҳамда сариқ ва қизил-қўнғир гул-чечаклар барча-барчаси яхлитлик касб этган). Афсунгар XVIII аср мўъжизаси. Муҳташам қасрлар қалбга улуғворлик бахш этади, – ренессанс даврига оид бирорта ҳам қалъа йўқ. Шаҳар марказидан Альп тоғларининг қорли чўққилари чорлайди! Кўчалар чўққиларга бошлаб борадигандай! Ҳаво қуруқ, жуда-жуда тиниқ. Шаҳар кундуз оғушида шунча гўзал қиёфа касб этиши етти ухлаб тушимга кирмаган.

Эллик одим нарида – маҳобатли визави палаццо Кариньяно (1670). Яна эллик одимда эса – Кариньяна театри, бу кошонада «Кармен» маҳорат билан саҳнага қўйилмоқда. Баъзан кўчалар қўйнида ярим соатлаб юксак равоқлар пойида одимлайсан. Мазкур шаҳри азимда ҳаммаси кенг ва эмин-эркин, айниқса майдонлар, бинобарин шаҳар марказида ўзингни эркин қушдай сезасан.

Дарду ҳасратим ва фалсафам билан дўкон-дастгоҳимни айни шу шаҳри азимга келтирдим. То июнгача жазирама ташвишини тортмайман. Шаҳар биқинида қад ростлаган азим тоғлар куч-қувват бахш этади, ҳатто аллақандай мақсадлар сари сафарбарликка чорлайди. Ниҳоят, навбатда, кўҳна ёзги қароргоҳим – Зимльс-Мария: Юқори Энгадин, ҳаёт долғаларидан олис, ғайриоддий қадрдон она табиат қучоғи… Шундан сўнг бир ой Венецияда – мен учун нурафшон маскан, бугунги кунда ақлга сиғмайдиган мусиқаларни айни камина учун яратадиган ягона бастакорнинг қароргоҳи (ёҳуд, таъбир жоиз бўлса, қамоғи) – қонун-қоидаларга мос баркамол эркинлиги ила самимий, қуёшли шаҳарда бўламан.

Қаердадир ўқидим-а, Германиянинг фақат саноқли шаҳарларида Шопенгауэр юбилейи[15] нишонланганмиш. Данциг тилга олинган. Шу заҳоти Сизни ўйладим.

Буларнинг барчасидан нақадар олисдаман! Янада йироқлашиб бораётгандайман! Шунчалар ҳам осудалик бўладими! Қаёққа назар ташламайин бирор-бир таниш чеҳра учрамайди. Синглим Жанубий Америкада. Мактублар ҳам камайиб боряпти. Ҳолбуки, қариб-чуриб қолганим йўқ!! Шунчаки файласуфман! Шунчаки мулоҳазагўй! Шунчаки ўзини ўзи аёвсиз фош қилувчи!

Кутилмаган янгилик: ҳозиргина Даниядан юборилган газетани олдим. Маълум бўлишича, Копенгаген университетида «om den tueske filosof Friedrich Nietsche»[16] туркум оммавий маърузалар ўқилаётган экан. Маърузачи – приват-доцент доктор Георг Брандес. <…>

Венеция, Генрих Кёзелицга

Турин, 1888 йил 31 май

<…> Айни кезларда француз тилига таржима қилинган Ману қонунлари жилди қўлимга тушиб қолди. Мазкур манбаа Ҳиндистонда тайёрланган ва ҳинд олимлари ҳамда олий рутбали илоҳиёт пешволари томонидан батафсил келишилган. Ведаларга ва касталарга асосланувчи мазкур қадимий муқаддас ахлоқий қомус тўла-тўкис орийлар томонидан яратилган, – бошдан-оёқ диний руҳ билан йўғрилганидан қатъи назар пессимистик кайфиятдан холи, – дин билан боғлиқ тасаввурларимни кутилмаган тарзда бойитди. Назаримда, буюк этник қонунчилик ҳужжатларидан бизларгача етиб келган қолган барчаси тақлид ва ҳатто карикатурадай… ҳатто Афлотун ҳам барча асосий жиҳатлари билан яхшигина таълим-тарбия олган брахманга ўхшайди. Шу нуқтаи назардан яҳудийлар чандала ирқини эслатади. Улар ўз ҳукмронлари қўли остида шундай қоидаларни ўзлаштирадиларки, айни қоидалар воситасида муқаддаслик ҳокимиятни эгаллайди ва улусни уюштиради… Чамаси, хитойликлар ҳам айни мазкур мумтоз қадимий қонун китоби таъсири туфайли Конфуций ва Лао-цзи таълимотини яратган. Ўрта асрларга хос тартиб-тузумлар эса қадимги ҳинд-орийлар жамияти таянган барча тасаввурларни кўр-кўрона тиклашга ҳайратомуз уринишдай туюлади. Лекин ирқларнинг таназзули боис уларга пессимистик хусусият бахш этилган.

Яҳудийлар, афтидан, бу борада ҳам шунчаки «воситачи» вазифасини бажарган – улар ҳеч вақо кашф қилмаган. <…>

 

Эвансвилл (Индиана) Карл Корнцга

Зильс-Мария, Юқори Энгадин,

1888 йил 21 июнь (Швейцария)

<…> Назаримда, айни бой психологик тажрибаси, хатарли ва яланғоч самимиятдан тап тортмаслиги туфайли асарларим ҳақиқатдан ҳам беназирдай туюлади. Турли қиёфалар касб этиш ва санъаткорона маҳорат кўрсатиш борасида ҳам камтарлик қилмаганман. Немис тили билан азалий муҳаббат, сирли қондошлик, теран эҳтиром бир тану бир жон айлайди. Айни тилда ёзилган деярли барча бошқа китобларни ўқимаслик учун мазкур асослар етарли. <…>

 

Базель, Франц Овербекга

Зильс, Энгадин, 1888 йил 4 июль

<…> Туринни тарк этганимдан буён ҳолим танг. Узлуксиз бошим оғрийди, кўнглим айнийди; сурункали хасталиклар хуруж қилаётир, асабий ҳолсизланганим оқибатида бирон-бир ишга ярамаяпман. Ваҳимали хаёллардан деярли қутула олмаяпман. Тўғрироғи, умумий ҳолатим аниқ, афсуски ижобий жиҳатдан эмас. Нафақат саломатлик панд бераётир, аксига соғайиш иштиёқи ҳам йўқ: адойи тамом бўлгандайман. Камида ўн йиллик бой беришлар ўрнини тўлдириш даргумон – боз устига ҳеч вақо харид қилмасдан шахсий «заҳирам» ҳисобига кун кечирдим. Бу тарзда қашшоқлашиш шубҳасиз. Танамизда йўқотишлар ўрнини тўлдириб бўлмайди, физиология масалаларига оид мулоҳазаларни инглиз Гальтондан[17] ўзлаштирганман. Қулай шарт-шароитда фавқулодда эҳтиёткорлик ва омилкорлик эвазига омонат мувозанатга эриша оламан; лекин, мазкур қулай шарт-шароит бўлмаса, ҳар қандай фавқулодда эҳтиёткорлик ҳам, омилкорлик ҳам наф бермайди. Туринда шундай қулай шарт-шароитлар бор эди, Зельсда эса, афсуски, анқонинг уруғи. Бу ерда тунд ва безовта қишга дуч келдим, Базелдаги кўнгилсиз февраль ҳавосидай салбий таъсир қиляпти. Об-ҳаво таъсирига бундай ҳаддан ташқари боғлиқлик, албатта, яхшилик аломати эмас: бу умумий дармонсизликдан далолат, айни шу камина дучор бўлган балойи офат ҳисобланади. Бош оғриғию ва бошқа хасталиклару ёхуд бу даражадаги симптом оқибатлар, холос. Базелда бошимдан кечган энг оғир даврда ва Базелдан кейин ҳам айни мушкулотлардан қутула олмадим, фақат (ёки битта фарқи шундаки) у кезларда тамомила ғафлатда эдим, шу боис шифокорларга турли хасталикларни аниқлашларига рухсат бердим, бу эса ўлганнинг устига тепган билан баробар бўлди. Очиғини айтганда, менинг бошим ҳам, меъдам ҳам хаста эмас, бироқ асабий ҳолдан тойиш оқибатида (қисман отамдан мерос қолган – отам ҳаётий куч-қувватнинг умумий етишмаслиги, қисман эса орттирилган хасталиклар оқибатида вафот этган) барча кўринишдаги хасталиклар юзага чиқаётир. Ўша кезларда мижозимга тўғри келадиган ягона даволаш усули Вайра-Митчеллнинг америкача усули бўлиб, унга кўра қувват бахш этадиган ноёб укол қилишдан иборат эди (бунда яшаш жойи, ён-атрофдаги кишилар, қизиқишларни ҳам тубдан ўзгартириш талаб қилинарди). Амалда эса ғафлатда қолиб, бунинг аксини танлабман: тамомила ҳолдан тойиш оқибатида Генуяда нима учун завол топмаганимга ҳали ҳам ақлим бовар қилмайди.

 

Базель, Франц Овербекка

Зильс-Мария, 1888 йил 20 июлдан кўп ўтмасдан

қоралама

Қимматли дўстим,

сенга мухтасар мактуб йўллаяпман, лекин бу гапларнинг ҳаммаси фақат иккаламизга тегишли бўлиб, ўртамизда сир бўлиб қолгани маъқул. Бутун борлиғимни тоғ каби эзиб турган фурсат чексиз, бироқ унинг манбаи Сен ва бошқа дўстларим қидираётган жойда эмас. Буни тушунтиришим қийин. Бироқ «Зардўшт таваллоси»ни эълон қилганимдан буён ўзимни қайта-қайта ярадор қилинаётган йиртқичдай сезаяпман. Бирон-бир муносабат, бирон-бир акс-садонинг йўқлиги аҳволимни тобора танглаштираётир. Бу китоб четга чиқиб қолди, демоқчиманки – барча китобларга нисбатан ёлғизлатиб қўйилди, шу боис ҳам унинг муаллифи сифатида ўзимни қўйгани жой тополмаяпман. Ёлғизлигим ва яккалаб қўйилганим учун юрагим ёриладиган даражага келиб қолдим; бошқа жиҳатдан, ҳеч ким бирон-бир фикр билдирмаганию ҳали-ҳамон камина етиб келмаганини ҳам жуда яхши англайман… Хулосам шуки: барҳаёт асар яратганинг учун ҳалокатга юз тутишинг ҳеч гап эмас, – чунки айни ишни уддалаганинг учун ҳар дақиқа айни жонинг билан товон тўлашинг зарур. Бу феъл-атворга ҳам, дидга ҳам, саломатликка ҳам путур етказади. Ҳолбуки, мазкур асардаги лоақал олти сатрнинг моҳиятини англаш ва ботинан ҳис этиш – назаримда, ҳар қандай бандаи осийни ҳатто етти ухлаб тушига кирмаган юксакликларга олиб чиқа олади. Бироқ мазкур асарнинг бутун ранг-баранг оламини – ҳали-ҳануз кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ўта залворли оламни жамики теранликлари ва кенгликлари билан юракда олиб юриш, кейин эса уларнинг юкидан ҳалос бўлиш учун ким биландир дардлашишга чоғланганда тошдан ҳам қаттиқ ёлғизликка рўбарў бўлиш – бундай чорасизликни душманимга ҳам раво кўрмаган бўлардим.

Мазкур кечинмаларнинг исканжасидан нажот топиш мақсадида бутун маҳоратимни ишга солаяпман. Кейинги асарларимни шу мақсадда ёздим: шу пайт-гача ёзган асарларимга нисбатан уларда эҳтирос кучлироқ. Эҳтирос дардни енгиллаштиради. Бу наф келтираяпти, дардларимни унутиш имконини бераяпти… Бундан ташқари, маълум маънода актёрлик салоҳиятим ҳам йўқ эмас, ўзимни овутиш учун хаёлимда турли сиймолар яратаман. Жумладан, айримлари қайсарликлари билан таскин беради. Ҳозир мусиқа мавзусидаги памфлет[18] чоп этилади: уни бир ўқигандаёқ қанчалик хуш кайфият билан ёзилгани сезилади: шоду хуррамлик ҳам дардни енгиллаштиради. Мана шундай асарларни яратиш асносида кайфиятим ҳамиша кўтаринки бўлади.

Кифоя қиладиган даражада таъсир кўрсатадиган кўнгилхушликларни топиш тобора қийинлашаяпти. Ўқтин-ўқтин юрагим шундай сиқиладики, асти қўяверасан.

 

Энгадин, Нейвевиль Зильс,

Карл Шпиттелерга,

1888 йил 25 июль,

Сизнинг саволингизга жавобан айтмоқчиманки, Германия матбуоти билан муносабатимни қандай таърифлашга ҳам ҳайронман. Матбуот менинг қай хислатимдан чўчийди, тушуна олмайман. Мен обрўйи тушиб кетишидан хадиксирамайдиган саноқли кишилар тоифасиданман: бундайлар ўта хатарли зирва ҳисобланади. Аслида эса бинойидек қадр-қимматим бор ва китобхонларим доираси тобора кенгаймоқда. Европанинг энг мустақил ақл-идроки соҳиби бўлиш – ҳаммага ҳам насиб этавермайди. ҳар бир шаҳарда, ҳатто Балтиморда ҳам мухлисларим тўгараги бор. Миллат ўзини ўзи узлуксиз кўкларга кўтариш билан машғул паллада Германия “таълим тизими”га ҳужум уюштирганим мени иззат-ҳурмат қилишларини узул-кесил кафолатлаш йўлида мен қилган жуда муҳим иш бўлди.

Тан олмасдан ўзга иложим йўқ: мендан ҳайиқишлари ҳикматдан холи эмас, чунки бундай муносабат исталган лаҳзада эъзоз-эҳтиромга айланиши ҳеч гап эмас. ҳалигача шахсий душман орттирмаганим билан фахрлансам арзийди.

“Жамият диққат-эътиборини қозониш йўлидаги дастлабки қадам – дуэл”, дейди Стендаль. Буни билмаган ҳолда шундай қилган эканман. <…>

Мете фон Салис ауф Маршлинсга

Зильс-Мария, 1888 йил 7 сентябрь

<…> Кейинги пайтларда жуда қунт билан ишладим – шу даражада жонбозлик қилдимки, “ёзни беҳуда ўтказганимга оид” олдинги мактубда ёзган фикрларимдан воз кечмоқчиман. Шунчалик серғайрат бўлишим ҳатто ўзимнинг ҳам хаёлимга келмаган… Тўғри, бунинг оқибатида ҳаётимда тартибсизлик юзага келди. “Илҳом париси”нинг даъвати билан кечаси, соат иккилар атрофида бир неча марта уйғониб, пишиб етилган мулоҳазаларимни қоғозга туширдим. Кейин уй соҳиби, жаноб Дуришнинг эшикни эҳтиёткорлик билан очгани эшитилади ва ташқарига чиқади – тоғ кийиги овлаш мақсадида. Эҳтимол, менинг саъй-ҳаракатларим ҳам тоғ кийиги овлашдай иш бўлгандир…

Учинчи сентябрь ажойиб кун бўлди-да! Эрталаб “Барча қадриятларни қайта баҳолаш” асаримга муқадимма ёздим, ҳозиргача бунақа мағрурона муқаддима ёзилмаган. Шундан сўнг кўчага чиқиб, биласанми, нимага кўзим тушди? Энгадинда бундай гўзал кунни кўрмагандим. Бутун борлиқ шабнамга чайиб олингандай, кўл ва осмон ложувард, ҳаво ҳам чиннидай тоза – ақл бовар қилмайди… Табиат гўзаллиги қошида бошқалар ҳам ҳайратга тушди. Этакларигача оппоқ қорга бурканган тоғлар табиат гўзаллигига ўзгача чирой бахш этганди.

<…> 15 сентябрда Туринга йўл оламан. Дунёда ягона ҳурфикрли китоб – “Барча қадриятларни қайта баҳолаш” асаримни нашрга бериш масаласини ке-йинги йилларда ҳал қиламан. Бунга оид қарор етилиши зарур! Дастлабки китоб, дейлик, “Антихрист” деб номланади.

 

Бухвальд, Генрих Кёзелицга

Турин, 1888 йил 27 сентябрь

<…> Сафар оғир кечди, сабр-тоқатим яна бир марта жиддий синовдан ўтди: фақат ярим кечада Миланга етиб олдим. Комода сув босган жойдан тўсин ташлаб қилинган энсизгина кўприкдан кечаси, машъалалар ёруғида жонимизни ҳовучлаб, минг азоб билан ўтдик! Бундай машаққатли йўлни мендай шабкўр учун атайлаб тайёрлаб қўйишгандай! Ломбардиянинг дим ва бадбўй ҳавоси тамомила ҳолдан тойдирди, аранг Туринга келдим. Йўл давомида тортган азобларим беҳуда кетмади. Олтин куз фасли оғушидаги Турин шаҳри мени бағрини кенг очиб кутиб олди. <…>

Базель, Франц Овербекга

Турин, 1888 йил 18 октябрь

Қимматли дўстим,

кеча Сенинг мактубини ушлаган ҳолда Турин атрофларида одатдагидек сайр қилдим. Беғубор октябрь ҳавоси оғушида яйрадим. Деярли По дарёси бўйлаб узанган ажойиб ўрмон сўқмоғида салкам бир соатча сайр қилдим – мазкур ўрмонда ҳали куз нафаси унча сезилмайди. Ҳозир дунёдаги энг олийжаноб инсонман ҳамда фақат ва фақат ижобий маънода айни куз фаслига хос кайфиятдаман: тўкин ҳосил йиғадиган фурсатим етиб келди. Ҳамма-ҳаммаси осонлик билан қўлга кираяпти… Дастлабки “Барча қадриятларни қайта баҳолаш” асарим нашр қилиш учун тайёр, – бу хушхабарни сенга етказишдан қанчалар мамнун эканимни баён этишга ожизман. Жами тўрт китоб бўлади – ҳаммаси алоҳида-алоҳида чоп этилади. Бу гал, устомон замбаракчи сингари ўз тўпларимни намойиш қиламан: менинг замбаракларим зарбаларидан инсоният тарихи тенг иккига бўлиниб кетади, деган хавотирдаман. Олдинги мактубимда тилга олинган асаримни яқинда тугаллайман… “Инсонийлик, ўта инсонийлик”дан сен йўллаган парча айни мавридида келди-да, уни асарим матнига киритдим. Бу асар ошкора уруш очишдан иборат, ҳатто акс-садоси тоғлардан ҳам эшитилади. Унда немисларга қарши ялпи ҳужумга ўтганман: “киноялардан” шикоят қилишингга ҳеч бир ҳожат йўқ. Бу шу даражада масъулиятсиз ирқки, маданиятга қарши оламшумул барча жиноятларни содир этган, тарихнинг барча ҳал қилувчи паллаларида ҳамиша аллақандай бемаъниликлар маҳлиёси бўлган (Англия ва Францияда илмий мушоҳада юритиш услуби минг машаққат билан қўлга киритилган бир паллада – Уйғониш даврида реформацияга зўр берган, Кант фалсафаси билан майдонга чиққан; Европани сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан бир бутун қилиш борада ягона қудратга эга Наполеон пайдо бўлганда “халоскорлик урушлари” байроғини кўтарган), – ҳозир эса, қадриятлар ҳақидаги буюк масалалар биринчи марта кун тартибидан жой олган паллада, мазкур миллатнинг фикри-зикри “рейх” билан банд, бу партикуляризм ва маданий атомизмни кескинлаштиришдан бўлак ҳеч вақо эмас. Бундай муҳим тарихий фурсат ҳеч қачон бўлмаган, лекин буни ким қадрлайди? Бугун биз шоҳиди бўлиб турган тушунмовчилик жуда-жуда табиий ҳол: шу пайтгача кузатилмаган маънавий эҳтирос юксаклиги ва эркинлиги инсониятнинг олий муаммосига ёпишиб олган ва унинг тақдирига нисбатан ҳукм чиқаришни талаб қилаётган бир пайтда, – айни шундай паллада ялпи пасткашлик ва жоҳиллик яққол намоён бўлиши керак. Менга нисбатан душманлик аломатлари ҳозирча заррача ҳам кўзга ташланмаяпти: хуллас тарафдорлар ҳам, қаршилар ҳам йўқ…

<…> Навбатдаги уч йил мобайнида жуда катта миқдордаги босмахона сарф-харажатларини қоплаш учун ҳозир имкон борича тежамкор бўлишим керак… 20 ноябргача шу ерда қолишни мўлжаллаяпман… Кейин Ниццага йўл олмоқчиман. <…>

 

Рим, Мальвида фон Мейзенбугга

Турин, 1888 йил 20 октябрь

Муҳтарама қадрдоним,

сизни безовта қилаётганим учун маъзур тутасиз, бу энг охиргиси. Аста-секин барча билан муносабатларимга деярли барҳам бердим. Ҳафсалам пир бўлгани бежиз эмас: мени бор ҳолимча эмас, балки ўзгача бир шахс сифатида талқин қилаяптилар. Ниҳоят, навбат Сизга келди. Йиллар мобайнида асарларимни Сизга тақдим этиб келаяпман – ниҳоят сабр косангиз тўлиб, ҳаққоний равишда соддадиллик билан: “Бу асарлардаги ҳар бир калима мени даҳшатга солади” деб ваҳима қилармикансиз деган умиддаман. Шундай қилсангиз, тўғри йўл тутган бўлардингиз. Чунки Сиз “идеалист”лар сирасига кирасиз, мен эса идеализмни ҳис-туйғуларга чирмашиб олган диёнатсизлик, мавжуд воқеликни тан олмасликка интилиш деб биламан; асарларимдаги ҳар бир калимаю ибора идеализмга нафрат билан йўғрилган. Бутун инсоният тарихида мазкур интеллектуал тубанликдан ортиқ инсофсизлик бўлмаган; “идеал олам”ни ўйлаб топишлари натижасида жамики воқеликлар қиммати сариқ чақага ҳам арзимайдиган бўлиб қолди… Менинг вазифам Сиз учун тушунарсизми? “Барча қадриятларни қайта баҳолаш” деганда нимани назарда тутаётганим ҳам мавҳуммиҳ Фазилатли кишиларни Зардўшт нима учун ўта хатарли тоифа ҳисоблайди? У нима учун ахлоқ-обод қоидаларини чиппакка чиқариши керак? Зардўштнинг: “Раҳмдил ва тақводорларни ер билан яксон қилинг!” деган даъватини Сиз унутдингизми?

Менинг “Ало одам” атамамни Сиз яна ўзингизча бузиб талқин қилдингиз, бу “марҳаматингиз” учун Сизни ҳеч қачон кечирмайман. Айни пайтда асарларимнинг ҳар бир жиддий мухлиси билиши керак: мен нафратланмайдиган инсоний тоифа – мозийдаги меҳрибон сиймоларнинг тамомила акси, Исои Масиҳга нисбатан Чезар Борджиага юз бора яқин. Ҳузуримда Микеланджело исмини ва Вагнер сингари тубан кимсанинг исмини оғзингиздан бол томиб тилга олар экансиз, Сизни ҳам, ўзимни ҳам туйғуларимга ҳаққоний баҳо бериш масъулиятидан холи қиламан. Уларнинг ҳар бирига нисбатан бутун ҳаётингиз давомида сохта тушунчаларни шакллантиргансиз. Айни Сизга ишонганлари учун менинг ҳаётимда ҳам талай кўнгилсизликлар рўй бермоқда, – чунки Сизнинг мулоҳазаларингиз ҳеч қандай асосга эга эмас. Ниҳоят, Вагнер қаердаю, Ницце қай маконда эканини ҳам унутиб қўйдингиз!.. Ҳар қандай андишали шахс сифатида бундан ўн йил муқаддам Вагнердан нафрат билан юз ўгирганим боисини Сиз ҳали ҳамон англай олганингиз йўқ. Вагнер мусиқаси ўлати қандай тарқалаётгани, созандаларни қай асно йўлдан оздираётганини барча софдил мусиқашунослар каби кузатишим моҳияти ҳам, таассуфки, Сизга аён эмас. <…> менинг бирорта каломимни, бирон бир қадамимни Сиз ҳеч қачон англамагансиз: қўлимдан нима ҳам келарди, лекин мазкур аҳволга ойдинлик киритиш зарур – “Вагнер ҳодисаси” айни шу нуқтаи назардан менга жуда қўл келди.

Фридрих Нитше.

 

Венеция, Генрих Кёзелицга

Турин, 1888 йил 30 октябрь

Қимматли дўстим,

ҳозиргина кўзгуга қарадим – ҳеч қачон шу асно рисоладагидай бўлмаганман. Кайфиятим аъло, қоматим расо – нақд ўн ёш яшаргандайман. Не бахтки, Туринни қароргоҳ сифатида танлаганимдан буён ўзимга муносабатим ижобий томонга кескин ўзгарди: жумладан, қўли гул чевар ҳузурига ташриф буюраман, яъни ҳамма жойда мени мартабали ажнабий сифатида эъзозлашларига алоҳида эътибор бераман. Ишонасанми, бу ишни қойиллатаяпман! <…> Ниццага нисбатан Турин шунчалар хушманзараки, рангпар Ривьера ялангликлари эсимга тушгани сайин у кўнгилсиз жойларда узоқ қолиб кетганим алам қилади… Бу ерда эса табиий баркамоллик ва нурафшон офтоб ром айлайди: заъфарон боғлар зарҳал юритилгандай кўзни қамаштиради, осмон ложувард ва кўм-кўк дарё, норасида нафасидай беғубор ҳаво – баайни Клод Лоррен[19] мўйқалами билан яратилган мўъжиза!

Об-ҳаво шу қадар ажойибки, қимматли асар яратиш учун ҳеч қандай монелик йўқдай. Туғилган кунимда навбатдаги янги асар ёза бошладим, ўйлайманки, барчага манзур бўлади, дарвоқе, унинг учун аллақачон салмоқли бўнак олдим. Номланиши “Еcce Homo”, ёки “Ўзликни англаш асрори”. Мазкур асарда шахсиятим ва асарларим ҳақида дадил фикр юритилади; шу асно нафақат омма олдида ўзлигимни намоён қилмоқчиман, ўзлигимни ҳайратланарли шахсий қайта баҳолашдан олдин эркин матбуот тўғрисидаги немисларга хос тасаввур нималарга гирифтор қилиши мумкинлигини синаб кўрмоқчиман. “Қайта баҳолаш”нинг дастлабки китоби қонуний ва асосли равишда зудлик билан мусодара қилинади, деган гумоним бор. “Еcce Homo” воситасида мустаҳкам негиз тайёрламоқчиман, бу оқилона тасаввур доирасида бошқаларга нисбатан мен учун алоҳида имтиёзлар яратилишини таъминлаган бўларди. Дарвоқе, ўзим ҳақимда тасаввур қилиш мумкин бўлган психологик “муғомбирлик” ва ҳушёрлик билан мулоҳаза юритяпман – одамлар олдида пайғамбарона, даҳшатангез ва ахлоқий қўриқчи мақомига даъво қилиш менга йўл бўлсин. Китоб шу нуқтаи назардан ҳам наф келтириши мумкин: мени айни зиддим билан чалкаштиришга монелик қилса, ажаб эмас. <…>

Элизабет Фёрстерга

Турин, 1888 йил ноябрь ўрталари

(қоралама)

Қимматли синглим!

Мактубингни олдим, бир неча марта ўқигач, Сен билан видолашишим зарур деган жиддий хулосага келдим. Тақдирим ҳал бўлган айни паллада Сенинг менга нисбатан айтилган ҳар бир калиманг юз баробар оғир таъсир қилади: қандай сиймо ва қандай қисмат соҳиби билан яқин қариндош эканингни Сен заррача ҳам тасаввур қила олмайсан, ҳолбуки, айни менинг тимсолимда минг йиллик жумбоқлар ечим топди, гапнинг индаллосини айтганда, инсоният истиқболи ихтиёримда… Мен яшаётган муҳит тамомила бегона бўлгани боис айнан Сен салкам менга қарама-қарши томон қочишга мажбур эканингни тушунаман, албатта. Фақат битта ҳолат кўнглимга таскин беради: Сен ўз наздингда ҳаётингни тўғри изга солдинг, қисматинг кимлар биландир боғлиқ, Сен кимгадир кўнгил бергансан ва кимдир Сени севади, имкониятларинг ва куч-қувватинг етадиган вазифаларни уддалаш зиммангга юклатилган; ниҳоят, бу масалани четлаб ўтмоқчи эмасман, айни зиммангдаги вазифа Сени мендан олисларга улоқтирди, шу боис айни паллада бошимга тушиши эҳтимолдан холи бўлмаган дастлабки кўнгилсизликлар Сенга ҳеч қандай зиён-заҳмат етказмайди. Сенинг манфаатинг йўлида айни шуни хоҳлайман; мен ҳозир эълон қиладиган асарларга дўстона, ҳатто айни ҳолатда қалтис қизиқувчанлик билан муносабатда бўлмасликни ва ўқимасликни Сендан ўтинаман. Улар кўнглингни ҳаддан ташқари қолдириши ҳеч гап эмас… Шу нуқтаи назардан Вагнер ҳақидаги асаримни Сенга беҳуда юборганимдан афсусланаман…

Мамнуният билан айта оламанки, кайфиятим аъло, умрим мобайнида бу қадар қатъиятли ва сабр-тоқатли бўлмаганман; қай бир ишга қўл урмай қанча мураккаб бўлмасин, осон ҳал бўлаётир. Зиммамга юкланган вазифа – қисматим амри, менга ато этилган саодатни айни ҳозир теран англаяпман. Мен шундай харсанг-қоялар билан юзма-юз келаяпманки, улар билан олишув исталган ўзга банда учун ҳалокатли бўларди…Илло, мен уддалашим зарур вазифа – ҳар жиҳатдан даҳшатли: мен айрим кимсагагина қарши эмас, балки бутун инсониятга ўта даҳшатли айб тақаяпман: ва қандай ҳукм чиқарилишидан қатъи назар – менинг фойдамгами ёки менга қаршими, – ҳар иккала ҳолатда ҳам сон-саноқсиз кўнгилсизликлару кулфатлар менинг номим билан боғлиқ бўлади… Шу боис мактубимни шафқатсизлик сифатида эмас, балки олдиндаги кулфатлар миқёсини камайтирадиган чинакам инсонийлик сифатида қабул қилишни Сендан чил дилдан ўтинаман.

 

Сенинг оғанг

Дрезден, Фердинанд Авенариусга

Турин, 1888 йил 10 декабрь

<…> Танқид қилганингиз учун Сиздан чин дилдан мамнунман… ўзингиз билмаган ҳолда кўнгилга хушёқадиган фикрларни билдирибсиз. Зиммамга ҳайратомуз вазифа юкланган – барча қадриятларга қайтадан баҳо беришим керак; баайни башарият қисматини елкамга олганман, ва бу борада масхарабоз, ҳажвчи ёки, Сиз таърифлагандек “фельетончи”, дарвоқе бу хислатим “Вагнер билан бўлган ҳолат” асаримда намоён бўлган, сифатида ҳам фаолият юрита олсам, булар нақадар салоҳиятли эканимни яна бир бор исботлайди. Ниҳоятда теран ақл айни пайтда маълум маънода юзакироқ бўлиши керак – бу, эътиборингиз учун, камина фалсафасининг қоидаси. <…>

 

Байройт, Козима Вагнерга

Турин, 1889 йил 3 январь

Менинг севиклим, қиролича Ариаднага,

одам эканим хурофотдан бошқа ҳеч вақо эмас. Лекин одамлар орасида бир неча марта яшаганман ва уларнинг қисмати менга аён. Ҳиндлар орасида Будда, Юнонистонда – Дионис бўлганман, Александр ва Цезарь сиймосида ҳам яшаганман, Шекспир устози лорд Бэкон тимсолида ҳам умргузаронлик қилганман. Ниҳоят, Вольтер ва Наполеон, балки Рихард Вагнер ҳам бўлганман… Бу гал Заминни тўйхонадай безатувчи музаффар Дионис сифатида келажакман… Етарли фурсатим бор деб айтолмайман… Шу жойда эканимдан Самовот яйрамоқда… Ҳа-я, мени чормихга ҳам тортишган…

Чормихга тортилган.

Рус тилидан Абдуҳамид Пардаев таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 5-сон.

————————–

[1] Франц Овербек (1837-1905) – илоҳиётшунос, черков тарихчиси, Нитшенинг қадрдон дўсти.

[2] “Менга йирик кутубхонага эга шаҳар зарур”, дея изоҳлайди Нитше.

[3] Карл Шпиттелер (1845-1924) – швейцариялик адиб, Нобель мукофоти соҳиби (1919). Мазкур мактуб йўлланиши арафасида Нитше ҳақида танқидий мақола эълон қилган.

[4] Лама – файласуфнинг синглиси Элизабет Фёрстер-Нитшени болалигида эркалаб шундай чақиришган (кутилмаганда пайғамбарона башорат бўлган, чунки ламалар Жанубий Америкада бор бўлиб, Элизабет 1886 йилда эри билан шу мамлакатга жўнаб кетганди).

[5] Нитше 1887 йил 10 октябрда ёзган эди: «Сўнгги китобим хусусида олмон журналларида мужмаллик ва ёқтирмаслик билан йўғрилган аллаҳандай мудҳиш буламиқни эслатадиган фикрларга кўзим тушди. Китобим гоҳ «бемаъни сафсата»га, гоҳ «иблисона маккорлик» намунасига айланади, гоҳ эса улар боис бошимни танамдан жудо қилишса ҳам кам экани шама қилинади – баъзан эса «юнкер асилзодалар файласуфи» сифатида алқайдилар, баъзан эса иккинчи Эдмунт фон Хаген дея овоза қилиб, асабимга тегишади, баъзан XIX аср Фаусти тариқасида ҳамдардлик билан қарашади, баъзида «бомба» ва «газанда» ёрлиқларини ёпиштириб, бир четга суриб қўйишади. Камина хусусида шундай «билимларга» эга бўлишлари учун уларга қарийб ўн беш йил керак бўлди; ҳолбуки дастлабки асарим – «Трагедиянинг яралиши»ни бир оз бўлса-да англаганларида, у ҳолда ўшандаёқ мендан Азоззилдан қўрқандек қўрқувга тушишиб, аллақачон юз ўгиришар эди. Бироқ у кезларда аслиятим ҳарир парда ортида пинҳон бўлгани боис олмон гўрсўхталари мени ҳам гўё ўзларининг гумашталари сифатида эъзозлар эди».

[6] Вильгельм Пиндер (1844-1928) – Нитшенинг болалик дўсти.

[7] Бернхард Фёстер (1845-1889) – Нитшенинг куёви, Парагвайда немис колониясининг «Нузва Эрманиа» асосчиси.

[8] Генрих Кёзелиц (1854-1918) – бастакор, Нитшенинг дўсти ва шогирди.

[9] Йозеф Виктор Видман – Швейцариядаги «Беревр бунд» журнали муҳаррири.

[10] Деликатлилик (итал.)

[11] «Ахлоқ генеологияси хусусида»

[12] Яланғоч, қўпол, кескин (франц.)

[13] Жонивор (франц.)

[14] «Учаламиз» деганда барон фон Зейдлицнинг хотини Ирен назарда тутилган бўлиши мумкин, лекин «Зардўшт таваллоси» руҳида, мазкур номани битаётган ёки пинҳоний Нитше деган маънода бўлиши ҳам мумкин.

[15] Таваллудининг 100 йиллиги.

[16] «Немис файласуфи Фридрих Нитше ҳақида» (дат.)

[17] Фрэнсис Гальтон (1812-1911) – инглиз сайёҳи ва адиби, евгеника асосчиси, Лондондаги Антропология институти президенти.

[18] «Вегнер билан бўлган ҳодиса»

[19] Клод Лоррен (1600-1682) – француз тасвирий санъат устаси.