Эрнест Хемингуэй. Енгилмас (ҳикоя)

Мануэль Гарсиа зиналар оша Мигель Ретананинг хонасига чиқди. Жомадонини полга қўйиб, эшикни тақиллатди. Садо бўлмади. Лекин Мануэль йўлакда турганча сезди: хонада кимдир бор. Буни эшик ортида туриб фаҳмлади.

– Ретана, – деди у вужуди қулоққа айланиб.

Жимжит.

“У ҳарҳолда шу ерда”, деб ўйлади Мануэль.

– Ретана! – деди у яна ва эшикни қаттиқроқ урди.

– Кимсан? – деган овоз келди ичкаридан.

– Мен, Маноломан, – деди Мануэль.

– Нима дейсан? –  деб сўради овоз эгаси.

– Менга иш керак, – деди Мануэль.

Ичкарида нимадир бир неча марта ширқиллаб буралди ва эшик очилди. Мануэль жомадонини кўтариб ичкарилади.

Хона тўридаги стол ортида паканагина бир одамча ўтирарди. Тепасида Мадрид устахонасида ясалган буқа тулуми; деворларга қасноққа солинган суратлар ва буқа жангига чорловчи афишалар осилган.

Пакана ўтирган кўйи Мануэлни кузатарди.

– Сени ўлдиришган деб юрардим, – деди у.

Мануэль бармоғининг кўзи билан столни тақиллатди: худо асрасин! Пакана ундан кўз узай демасди.

– Бу йил ҳисобидан неча марта майдонга тушдинг? – деб сўради Ретана.

– Бир марта, – деб жавоб қилди Мануэль.

– Фақат ўшандами? – деб сўради пакана.

– Ҳа, ўшанда.

– Газетада кўзим тушгандай бўлувди, – деди Ретана. У курсига ястанганча Мануэлдан кўз узмасди.

Мануэль тулумга қаради. Олдин уни кўп кўрган. Ҳар гал кўзи тушганида тулумга кўнглида аллақандай яқинлик сезади. Тўққиз йилча бурун мана шу буқа матадорликда анча-мунча умид уйғотиб келаётган укасининг ҳаётига зомин бўлган эди. Ўша кун ҳозиргидек Мануэлнинг эсида… Буқа калласи қотирилган эман тахтачадаги мис лавҳа ялтираб турибди. Ёзувни ўқишга тиши ўтмади, лекин укасининг хотирасига битилганини тахмин қилди. Ҳа, бечора иниси бўладиган бола эди.

Лавҳачага эса бундай сўзлар битилган: “Герцог Верагуа ганадериясига[1] мансуб “Марипоса” лақабли ушбу буқа етти бедовни тилка-пора қилган ва новильеро[2] Гарсиа Антонионинг ҳаётига зомин бўлган. 1909 йил 27 апрель”.

Мануэлнинг тулумга тикилиб қолганини сезган Ретана:

– Якшанба куни бўладиган жангга герцог шундай буқаларини жўнатибдики, кўрган дод деб юборади, – деди. – Ҳаммаси – буқамисан буқа! Қаҳвахонадаги гапларни эшитгандирсан?

– Йўқ, – деб жавоб берди Мануэль. – Мен ҳозиргина келдим.

– Ҳа-а, – деди Ретана. – Лаш-лушингни ҳам ортмоқлаб олибсан.

У курси суянчиғига ўзини ташлаганча каттакон стол оша Мануэлни кузатарди.

– Ўтир, – деди Ретана. – Шляпангни еч.

Мануэль ўтирди, шляпасини олгач, юзи бутунлай ўзгариб кетди. Бошининг тос тепасида ўрилган кокили рангпар юзида беўхшов солланиб турарди.

– Мазанг йўққа ўхшайди, – деди Ретана.

– Касалхонадан чиқиб келяпман, – дея ростига кўчди Мануэль.

– Оёғингни кесиб ташланган деб эшитгандай бўлувдим.

– Йўғ-э! – деди Мануэль. – Худо ўзи асради.

Ретана сал эгилиб стол устидаги сигарет солинган ёғоч қутичани Мануэль томон сурди.

– Ол, – деди.

– Раҳмат.

Мануэль сигарета олиб тутатди.

– Ўзинг-чи? – деди у ёниб турган гугурт чўпини Ретанага тутар экан.

– Йўқ, – деб қўл силтади Ретана. – Чекмайман.

У Мануэлнинг чекишини зимдан томоша қиларди.

– Нега бошқа бирон иш топа қолмайсан? – деб сўради Ретана.

– Бошқа ишни газагимга дори қиламанми?! – деди Мануэль. – Мен матадорман.

– Матадор қавмининг уруғи қуриганига анча бўлди, – деди Ретана.

– Мен матадорман, – деди Мануэль.

– Бу ерда ўтириб кўкракка уриш осон.

Мануэль кулиб қўйди.

Ретана ундан кўзини узмасди.

– Хўп десанг, сени оқшомда чиқаришим мумкин, –  деб таклиф қилди Ретана.

– Қачон? – деб сўради Мануэль.

– Эртага.

– Бировларнинг соясида юришга тоқатим йўқ, – деди Мануэль. – Матадор деганнинг ҳаммаси шундай ҳалок бўлади. Сальвадор айнан шундай ҳалок бўлган.

У бармоғининг кўзи билан столни тақиллатди.

– Бошқа иложим йўқ, –  деди Ретана.

– Кейинги ҳафта кундузи чиқарсанг-чи? – деди Мануэль.

– Одам йиғолмайсан, – деди Ретана. – Мухлислар фақат Литра, Рубито ва Ля Торрани сўрайди. Ҳозир шуларнинг ошиғи олчи.

– Менинг ҳам мухлисларим бор, – деди умид билан Мануэль.

– Қўйсанг-чи. Кимнинг кўзи учиб турибди, сени аллақачон унутишган.

– Ўзимни кўрсатаман, – деди Мануэль.

– Таклифим – келгуси оқшом масхарабозлардан кейин чиқ, – деди Ретана. – Эрнандес билан бирга икки ёш буқани тинчитасан.

– Кимнинг буқаси? – деб сўради Мануэль.

– Қайдам. Қўрада қолгани-да. Ветеринар кундузги жангга қўймаганидан биронтаси чиқиб қолар.

– Бировнинг соясида юришни жиним суймайди.

– Начора, – деди Ретана.

У олдидаги қоғозларга эгилди. Бу, гап тамом дегани бўлиб, бурунги кечмишларни эслатган Мануэлга бир лаҳзалик ачиниш Ретанани энди тарк этганди. У Чавесни Мануэлга алмаштириши қийин эмас, қайтага бирмунча арзонга тушади. Бироқ бундан ҳам камхаржроғини топиши мумкин. Шундай бўлса-да, у Мануэлга ёрдам бергиси келди. Майли, эртага майдонга чиқа қолсин. Буни энди ўзи ҳал қилади.

– Қанча берасан ўзи? – деб сўради Мануэль. У Ретананинг таклифини рад қиламан деган ўй билан ҳали-ҳамон ўзига таскин бермоқда, лекин кўнмай иложи йўқлигини сезиб турар эди.

– Икки юз эллик песета, –  деб жавоб қилди Ретана. У беш юз бермоқчи эди, бироқ лабини жуфтлаши билан беихтиёр “икки юз эллик” чиқиб кетди.

– Виляльтага етти минг берасан, – деди Мануэль.

– Сен Виляльта эмассан-да! – деди Ретана.

– Биламан, –  деди Мануэль.

– У одам йиға олади, Маноло, – деб изоҳлаган бўлди Ретана.

– Тўғри, – деди Мануэль ўрнидан туриб. – Уч юз бер, Ретана.

– Майли, – дея кўнган Ретана стол тортмасидан бир варақ қоғоз олди.

– Эллигини ҳозир олсам бўладими? – деб сўради Мануэль.

– Марҳамат, – деди Ретана. У ҳамёнидан эллик песеталик чиқариб столга қўйди.

Мануэль пулни олиб чўнтагига тиқди.

– Куадрильяни[3] нима қиламиз? – деб сўради.

– Оқшомлари ишлайдиган йигитларим бор. Бинойи болалар.

– Пикадорлар-чи?[4]

– Пикадорларга ишониш қийинроқ, – деб тан олди Ретана.

– Менга ақалли битта яхши пикадор керак, – деди Мануэль.

– Ўзинг изла, – деди Ретана. – Топу ёлла.

– Фақат берган пулинг ҳисобидан эмас, – деб эътироз билдирди Мануэль. – Ордона қолсин, олган арзимас песетамдан пикадорнинг ҳақини беролмайман-ку.

Ретана жавоб қилмади, фақат стол ортидан Мануэлга тикилди.

– Ўзинг биласан, менга ҳеч бўлмаганда битта яхши пикадор керак, – дея такрор арзи ҳол қилди Мануэль.

Ретана миқ этмас, Мануэлга гўё узоқ-узоқлардан қараб турар эди.

– Бу ишимиз хом, – деди Мануэль.

Ретана курси суянчиғига гавдасини ташлаганча ҳамон унга разм солар, хаёли олисларда кезиб юрганга ўхшар эди.

– Ўзимизнинг пикадорлар бор, – деди у.

– Биламан, – деди Мануэль, – сенинг пикадорларингни яхши биламан.

Ретананинг юзидаги бир тук ҳам қимирламади. Мануэль гапни чўзиш фойдасизлигини тушунди.

– Менга қолса, жанг ҳалол бўлсин, – деди секин Мануэль. – Ўртага чиққанимда токи ҳўкизга яқинлашиб борай. Бор-йўғи битта яхши пикадор бўлса бас.

У хаёли бошқа жойларда кезиб юрган одамга гапирмоқда эди.

– Яна бирон нарса керак бўлса, – деди Ретана, –  ўзинг топ. Бизнинг куадрилья ёрдам беради. Ўзинг топган пикадорларни олиб келавер. Неча киши бўлсаям. Масхарабозлар ўйини ўну ўттизда тугайди.

– Начора, – деди Мануэль. – Бошқа илож йўқ. Тўғрими?

– Ҳа, – деди Ретана.

– Омон бўл, – деди Мануэль.

– Мени ўша ердан топасан, – деди Ретана.

Мануэль жомадонини олиб ташқарилади.

– Эшикни қаттиқроқ ёпиб кет! – деб ҳайқирди Ретана.

Мануэль ортига бурилди. Ретана столга ўмган ташлаганча қоғозларига шўнғиган эди. Мануэль эшикни зич ёпгач, қулфнинг ширқ этгани эшитилди.

У зинадан пастга тушиб, йўлакдан қуёш батамом забтига олган кўчага чиқди. Жазирама, қуёшнинг оппоқ бинолардаги жилваси кўзни қамаштиради. У қия кўчанинг соя томонига ўтиб, Пуэрта-дель-Соль томон юрди. Соя қуюқ ва оқар сувнинг бўйидагидек салқин. Бироқ кўндаланг кўчаларни кесиб ўтаётганда юзга жазирама тафти беаёв урилди. Учраган одамлар орасида биронта таниши кўринмади.

Пуэрта-дель-Солга етай деганда қаҳвахонага кирди.

Девор тагидаги столлар атрофида ўтирган бир неча мижозни айтмаса, қаҳвахона деярли бўм-бўш. Давра тиккан тўрт мижоз қимор ўйин билан банд. Қолганлари деворга суянганча тамаки бурқситиб ўтирибди. Олдиларида бўш қадаҳ ва қаҳваси ичилган финжонлар. Мануэль узун толордан ўтиб, орқа тарафдаги ҳужрага кирди. Бурчакда стол бошида ўтирган одам пинакка кетган. Мануэль бўш стол четига чўкди.

Мулозим кириб, Мануэлнинг тепасига келди.

– Мабодо Суритога кўзингиз тушмадими? – деб сўради ундан ­Мануэль.

– Эрталаб кўргандек бўлувдим, – деди официант. – Энди бешлар атрофида келади.

– Менга сутли қаҳва билан бир қултум коньяк беринг, – деди Мануэль.

Мулозим чап қўлида бир шиша коньяк, қаҳва қуйиладиган каттакон бордоқ ва қадаҳ қўйилган патнис билан қайтди. Патнисни қўлида бир айлантириб ҳаммасини бирйўла столга қўйди. Унинг ортидан келган болакай дастаси узун чиройли қаҳвадондан бордоққа қаҳва ва сут қуйди.

Мануэль шляпасини ечди ва мулозим унинг матадорча кокилини кўрди. Официант қаҳва тўла бордоқ ёнидаги қадаҳчага коньяк қуяр экан, болакайга кўз қисиб қўйди. Бола Мануэлнинг рангпар юзига ажабланиб тикилди.

– Худо хоҳласа, майдонга чиқар экансиз-да? – деб сўради шишани ёпаркан официант.

– Ҳа, – деди Мануэль. – Эртага.

Шишани сонига тираб турган мулозимнинг мижоз олдидан кетгиси йўқдек эди.

– Масхарабозлар биланми? – деб сўради у. Бола ишшайганча юзини бурди.

– Йўқ, кейин.

– Мен Чавес билан Эрнандес чиқади деб ўйлабман, – деди официант.

– Йўқ. Мен билан яна бирови.

– Ким? Чавесми ё Эрнандесми?

– Эрнандес бўлса керак.

– Чавесга нима бўлган?

– Яраланган.

– Ким айтди?

– Ретана.

– Ҳой, Луис! – деб бақирди у қўшни хонага қараб. – Чавес яраланибди.

Мануэль оққанд қоғозини очиб, иккала чақмоғини ҳам бордоққа ташлади. Қаҳвага аралаштириб, ҳўплади. Ширин ва қайноқ қаҳва оч қорнига ҳузур бағишлади. Сўнг коньякни ичди.

– Яна битта қуйинг, – деди у официантга.

Мулозим қопқоқни очиб, тақсимчага сачратганча қадаҳни лиммо-лим қилди. Дастурхон теграсида иккинчи официант пайдо бўлди. Бола кетди.

– Нима, Чавес қаттиқ жароҳат олибдими? – деб сўради иккинчи мулозим.

– Билмадим, – деди Мануэль. – Ретана очиғини айтмади.

– Ретана деганинг ҳаммага тупурган, – деб гапга қўшилди новча официант. Мануэль унинг келганини пайқамабди. Энди пайдо бўлди, шекилли.

– Бизда шунақа: Ретана қўлласа, омадинг юришгани, – деди новча официант. – Қўлламаса, мозорга бориб ўзингга қабр қазавер.

– Тўғри, – деб қўшимча қилди иккинчи официант. – Тўппа-тўғри.

– Нотўғри деб ҳам кўр-чи, – деди новча мулозим. – Мен унинг қанақа махлуқ эканини жуда яхши биламан.

– Виляльтани қандай қўллаганини кўринг, – деди биринчи официант.

– Фақат ўшаними, – деди новчаси. – Mapсьяла Лаланд-чи! Насиональ-чи!

– Тўғри, тўғри, –  деб тасдиқлади пакана официант.

Мулозимлар Мануэлнинг столи ёнида қизғин гапга тушиб кетган, у эса жим ўтирарди. Мануэль иккинчи қадаҳни ҳам бўшатди. Хизматчилар гўё Мануэлни унутган эди.

– Ҳаммаси бир сурув молга ўхшайди, – деб давом этди новча. – Иккинчи Насиональни ҳам кўрганмисизлар?

– Мен кўрганман, – деди биринчи официант. – Ўтган ҳафта.

– Жирафанинг қуйиб қўйган ўзи, – деди паканаси.

– Айтдим-ку, – деди новча официант. – Ҳаммаси Ретананинг арзандалари.

–   Менга қаранглар, яна бир қултум коньяк беринглар, – деди Мануэль.

Мулозимлар гап талашар экан, у тақсимчага тўкилган коньякни қадаҳга қуйди-да ичиб юборди.

Биринчи официант Мануэлга қарамасдан қадаҳни тўлдирди. Учала мулозим гап сотганча хонани тарк этди.

Нариги бурчакдаги одам ҳар нафас олганда енгил хуррак отганча ҳамон бошини деворга суяб ухларди.

Мануэль коньякни сипқорди. Уни ҳам уйқу элита бошлаган эди. Кўчага чиқадиган пайт эмас, қуёш олов пуркаб турибди. Чиқиб ҳам нима қиларди? Суритони топиш керак. У келгунча бир оз мизғиб олиш мумкин. Мануэль стол тагидаги жомадонини оёғи билан туртиб, жойида турганига ишонч ҳосил қилди. Энгашиб уни яқинроғига сургач, бошини столга қўйдию пинакка кетди.

***

Уйғонганида рўпарасида бир одам ўтирарди. Барваста, кенг юзли, ҳиндулардек буғдойранг, миқти одам. Унинг бу ерда ўтирганига анча бўлди. Қўли билан официантга, бизни безовта қилма, деб ишора этгач, столга бошини қўйиб ухлаётган Мануэлга унда-бунда кўз қирини ташлаганча газета мутолаасига берилди. Лабларини минг азобда жуфтлаб, ҳижжалаб ўқиркан, нафасини ростлаш учун газетадан нигоҳини узиб, ухлаётган одамга қараб соябони кенг қора шляпасини пешонасига туширганча қилт этмай савлат тўкиб ўтирарди.

Мануэль бошини кўтариб унга қаради.

– Бормисан, Сурито? – деди у.

– Ўзинг қалайсан, болакай? – деди миқти одам.

– Кўзим кетиб қопти. – Мануэль мушти билан пешонасини артди.

– Ҳа, ухлаётган экансан.

– Ишлар қалай?

– Дуруст. Ўзингдан сўрасак?

– Бирнави.

Жим қолдилар. Пикадор Сурито Мануэлнинг қони қочган юзларига разм солди. Мануэль пикадорнинг газетани чўнтагига солиш учун тахлаётган бақувват қўлларига қаради.

– Бир илтимосим бор, Манос, – деди Мануэль.

“Маносдурос” Суритонинг лақаби эди. Ҳар гал бу сўзни эшитганида Сурито ўзининг гурзидек қўлларини кўз олдига келтиради. Ҳозир ҳам хижолат тортгандай қўлларини стол устига қўйди.

– Кел, олдин озгина ичайлик, – деди у.

– Майли, – деди Мануэль.

Официант уларнинг ёнига келди, сўнг чиқиб кетди ва яна қайтиб кирди. Кетар чоғи стол атрофида ўтирган Мануэль билан Суритога бурилиб қаради.

– Нима гаплар, Маноло? – деди Сурито қадаҳни столга қўйиб.

– Эртага кечқурун иккаламиз бирга иш қилсак дегандим. Майлими?   – деб сўради Мануэль Суритога тикилар экан.

– Йў-ўқ, – деди Сурито. – Иш-пишни аллақачон йиғиштирганман. Бизнинг бозор ўтиб бўлди.

Мануэль олдидаги қадаҳга қаради. У шундай жавобни кутган эди. Кутганидек бўлиб чиқди. Начора.

– Кўнглингга олма, Маноло, лекин мен аллақачон ўйиндан чиққанман. – Сурито ўзининг қўлига қаради.

– Начора, – деди Мануэль.

– Шартим кетиб, партим қолди, – деди Сурито.

– Айтдим-қўйдим-да, – деди Мануэль.

– Томоша эртага кечқурунми?

– Ҳа. Мен ишончли пикадор бўлса, эплайман деб ўйлаган эдим.

– Қанча беришмоқчи?

– Уч юз песета.

– Менинг ўзим бундан кўпроқ оламан-ку.

– Биламан, – деди Мануэль. – Сендан илтимос қилишгаям ҳаддим сиғмайди.

– Шу ҳунарингни ташласанг бўларди, – деди Сурито. – Колетангга[5] қайчи уриш вақти келмадими, Маноло?

– Билмадим, – деди Мануэль.

– Сен мендан сал ёшроқсан, холос, – деди Сурито.

– Қайдам, – деди Мануэль. – Ташлашга қурбим етмаяпти. Имкон берилса бўлгани. Менга бошқаси керакмас. Даврага чиқмасам яшаёлмайман, Манос!

– Йўқ, яшайсан.

– Йўқ, қўлимдан келмайди. Қанча уриндим.

– Биламан, осонмас. Лекин бу юришнинг охири вой. Ҳамма нарсанинг вақти-соати бор ахир!

– Курашни ташлаш қўлимдан келмаяпти. Иннайкейин, сўнгги пайтда тобим ҳам жойида.

Сурито унинг рафторига қаради.

– Сени касалхонага олиб кетишган эди.

– Лекин унгача отдай эдим.

Сурито индамади. Тақсимчасига сачраган коняькни қадаҳига қуйди.

– Газеталар ўша курашни кўз кўриб қулоқ эшитмаган деб таърифлаган эди, – деди Мануэль.

Сурито лом-мим демай унга қараб қолди.

– Биласан-ку, соғлиғим жойида бўлса, аямай ташлашаман, – деди Мануэль.

– Ёшинг ўтиб қолди, – деди пикадор.

– Қўйсанг-чи, – деди Мануэль. – Сен мендан ўн ёш каттасан.

– Менинг йўриғим бошқа.

– Ҳали жуда қартайиб қолганимча йўқ, – деди Мануэль.

Улар жим қолишди. Мануэль пикадорнинг юзидан кўз узмасди.

– Ўшанда менинг куч-ғайратим жойида эди. Сен, афсуски, томошага келмадинг, Манос, – деди ўпкаланиб Мануэль.

– Сени майдонда кўргани юрагим бетламайди, – деди Сурито. – Асабларим дош бермайди.

– Охирги жангларимни кўрмадинг-да.

– Лекин аввалгиларини кўрганман.

Сурито Мануэлнинг нигоҳидан кўзларини олиб қочар экан, унга қаради.

– Мени десанг, шу ҳунарингни ташла, Маноло.

– Ҳеч иложим йўқ, – деди Мануэль. – Ишон, менинг ҳозир тобим жойида.

Сурито олдинга энгашиб, қўлларини столга қўйди.

– Майли, эртага сен билан ишлаганим бўлсин. Аммо жанг ўхшамаса, ташлайсан. Хўпми? Шунга розимисан?

– Розиман.

Сурито енгил нафас олиб, ўзини курси суянчиғига ташлади.

– Бу ҳунарни йиғиштириш вақти келди, – деди у. – Майнавозчиликдан наф йўқ. Колетангга қайчи ур.

– Йўқ, – деди Мануэль. – Насиб этса, ҳали ўзимни кўрсатаман.

Сурито ўрнидан турди. Тортишув уни чарчатган эди.

– Ташлайдиган вақтинг келди, – деди у яна. – Кокилингни ўзим қайчилайман.

– Йўқ, бундай қилолмайсан, – деди Мануэль. – Кўзинг қиймайди.

Сурито официантни чақирди.

– Кетдик, – деди Сурито. – Меникига борамиз.

Мануэль стол остидан жомадонини олди. Оғзи қулоғида эди. Сурито унинг пикадори бўлади. Бу дунёда Суритодан зўр пикадор борми! Қолгани ҳолва.

– Кетдик бизникига, бирга тушлик қиламиз, – деди Сурито.

***

Мануэль патио де кавальосда[6] турганча масхарабозлар ўйини тугашини кутди. Сурито унинг ёнида. Сайисхона қоронғи. Майдонга очиладиган бесўнақай дарвозалар ёпиқ. Тепадан гоҳ сокин кулги, гоҳ деворларни ларзага келтируви қаҳқаҳа эшитилади. Сўнг жимлик чўкади. Мануэль отхона ҳидини яхши кўрарди. Арена томондан яна қаҳқаҳа, сўнг чапак, гуррос қарсаклар овози келиб турибди.

– Сен масхарабозларни ҳеч кўрганмисан? – деб сўради қоронғиликда Мануэлнинг ёнида ғоят баҳайбат кўринган Сурито.

– Йўқ, – деди Мануэль.

– Кулавериб ичагинг узилади, – деди Сурито ва ўзича жилмайиб қўйди.

Зич ёпилган икки табақали баланд дарвоза очилгач, Мануэль ёйсимон фонарларнинг ёрқин нурларига чўмган арена ва юқорилаб кетган қоронғи амфитеатрни кўрди; майдончанинг четида томошабинларга таъзим бажо келтирганча дайдилар кийимидаги икки одам югуриб юрар, улар ортидан эса заррин уқали либос кийган учинчи киши қум устига ташланган шляпа ва ҳассаларни йиғиб олар ва қайтариб яна қоронғилик сари отар эди.

Патиода электр чироқ ёнди.

– Сен шерикларингни йиққунингча мен бориб ўзимга от танлаб тураман, – деди Сурито.

Унинг ортидан маҳв этилган буқани олиб чиқиб кетиш учун арена томон йўл олган қўшхачирли арава ғилдирагининг ғийқиллагани эшитилди.

Масхарабозлар чиқишини тўсиқлар ўртасида ва биринчи қатор йўлагида томоша қилган куадрилья аъзолари гап сотганча патиога кирди ва фонус остида тўхтади. Кумуш аралаш заррин либосли хушрўй йигитча Мануэлнинг олдига келди.

– Мен Эрнандесман, – деди жилмайганча ва қўлини узатди.

Мануэль кўришди.

– Бугун бизни ҳақиқий филлар томошаси кутмоқда, – деди йигитча димоғчоқлик билан.

– Ҳа, – деб бош ирғади Мануэль. – Жониворлар филдан қолишмайди. Шохи ҳам ҳазилакам эмас.

– Чекингизга тушганлари янаям даҳшатли, – деди йигитча.

– Ҳечқиси йўқ, – деди Мануэль. – Буқа қанча катта бўлса, авомнинг ошиғи шунча олчи – кўпроқ гўшт тегади.

– Бу кимнинг гапи? – деб ўсмоқчилади Эрнандес.

– Эскидан қолган гап, – деди Мануэль. – Куадрильянгни сафла. Ёрдамчиларимни бир қур кўришим керак.

– Йигитларнинг гули йиғилган, – деди Эрнандес.

Унинг кайфи чоқ. Учинчи марта майдонга чиқиши. Шунга қарамай Мадридда мухлис орттириб улгурган. Йигитча бир неча дақиқадан сўнг жанг бошланишидан ҳаяжонда.

– Пикадорлар қани? – деб сўради Мануэль.

– От танлашяпти. Энг сара арғумоқ кимга тушишини талашиб, ёқавайрон бўлишаётир, – деб тиржайиб қўйди Эрнандес.

Хачирлар қарсиллаган қамчи ва қўнғироқлар садоси остида чопганча дарвозадан чиқиб кетди. Жон таслим қилган буқанинг ортидан қум шудгор бўлиб қолди.

Ҳўкизни олиб чиқиб кетишгач, ҳамма саҳна сари саф тортди.

Олдинда – Мануэль билан Эрнандес. Уларнинг ортида – оғир плашни билагига ташлаб олган куадрилья аъзолари. Охирида – тулпор минган тўрт пикадор, нимқоронғи сайисхонада осмонга қаратилган найзаларининг пўлат учлари ялтирайди.

– Ретанани айтаман, одам ҳам шунча қурумсоқ бўладими, чироқнинг хиралигидан отларниям тузук-қуруқ кўролмайсан киши, – деди пикадорлардан бири.

– Қирчанғиларини кўрсатишдан ўзига наф йўқлигини яхши билади, – деб жавоб қилди бошқаси.

– Остимдаги манави рамақижон аранг оёқда турганини айтмайсанми, – деди биринчи пикадор.

– Нима бўлганда ҳам от-да.

– Отга ўхшамай кетсин.

Улар қоронғида қоқсуяк отлар устида ўтирганча жаврашарди.

Суритодан садо йўқ. Унинг якка-ёлғиз, ишонган бедови бор. Уни майдонда синаб кўришга улгурган, жиловга ҳам, ниқташга ҳам бўйни бўш. Сурито отининг ўнг кўзидаги боғични ечиб, қулоқлари калласига тортиб боғланган чилвирини кесиб ташлади. Оёқлари ҳам, ўзи ҳам бақувват, дуруст тулпор эди. Суритога шунинг ўзи етарли. Бундай отда жанг охиригача бемалол туриб берса бўлади. У қалин жабдуқ солинган эгарда ўтирганча хира фонус остида майдонга чиқишни кутар экан, бўлажак жангни бошдан охиригача хаёлидан ўтказди. Икки ёнидаги пикадорларнинг ҳамон чакаги ўчмас, бироқ уларнинг гапи Суритонинг қулоғига кирмас эди.

Иккала матадор плашини чап қўлида ушлаганча ўз куадрильяси билан саф бошида ёнма-ён турарди. Мануэлнинг фикр-ёди ортидаги уч йигитчада. Учаласи ҳам Эрнандес каби мадридлик, ўн тўққиз ёшга тўлиб-тўлмаган. Улардан бири – оғир-вазмин, қорамағиз лўли Мануэлга маъқул бўлди. Ортига ўгирилди.

– Отинг нима? – деб сўради лўлидан.

– Фуентес, – деб жавоб қилди лўли.

– Яхши исм, – деди Мануэль.

Лўли оппоқ тишларини кўрсатиб кулди.

– Ҳўкиз чиқиши билан йўриғингга сол-да, бир оз чоптир, – деди Мануэль.

– Хўп бўлади, – деди лўли ва жиддий тортиб, майдонда қиладиган ҳаракатларини кўз олдига келтиришга уринди.

– Бошланяпти, – деди Мануэль Эрнандесга.

– Унда олға!

Қоматлари ғоз, тебранишлари мусиқа оҳангига мос, ўнг қўлларини силкитганча сап-сариқ қумни бир-бир босиб ёйсимон фонуслар остида майдонга чиқдилар; уларнинг ортидан куадрилья жилди, сўнг чавандоз пикадорлар, ҳаммадан кейин мулозимлару шалдираган аравасини тортган хачирлар. Майдончани айланиб ўтар экан, оломон Эрнандесни чапаклар билан олқишлади. Улар мусиқа оҳангига тебранганча, нигоҳлари олдинда – мағрур юриб борардилар.

Президентга таъзим бажо келтирилгач, тантанали юриш иштирокчилари ўз жойини эгаллади. Матадорлар тўсиқ ёнига келиб, зил-замбил ридоларини енгил плашга алмаштирдилар. Хачирлар майдонни тарк этди. Пикадорлар отини енгил йўрттирганча аренани айланиб чиққач, иккитаси ортига – дарвоза томонга йўл олди. Мулозимлар қумни текислашга тушди.

Мануэль Ретананинг дастёрларидан бири узатган жомдаги сувни ичди. Дастёрлар Мануэлга ёрдам бериб, шамшир узатиб туриши лозим.

Эрнандес ўз ёрдамчиси билан гаплашиб олгач, Мануэлнинг ёнига келди.

– Сени хушнуд қарши олишди, укам, – деди Мануэль.

– Мени яхши кўришади, – деб мамнун жилмайди Эрнандес.

– Бошланиши бинойими? – деб сўради Мануэль Ретананинг дастёридан.

– Байрамлардагидек тантанавор, – деб жавоб қилди у. – Гап йўқ. Иккалангизнинг чиқишингиз Хоселито билан Бельмонтеникидан ҳеч қолишмайди.

Эгарда залворли ҳайкалдек қотиб ўтирган Сурито улар ёнидан от суриб ўтди. Тулпорининг бошини буқа чиқиб келадиган қўра томонга бурди. Ёйсимон фонуслар ёруғида майдон ғалати кўринади. У жазирама қуёш тиғида катта пул эвазига ишлашга ўрганган. Фонуслар ёруғидаги бу ғалва эса унга ёқмаётган эди. Тезроқ бошлана қолсайди.

Мануэль унинг ёнига келди.

– Бўш келма, Манос, – деди у. – Кўзининг ўтини шундай олки, менинг жиғимга теголмасин.

– Олганим бўлсин, укажон. – Сурито қум устига тупурди. – Ҳали кўрасан, олдингда рақсга тушиб кетади.

– Боплаб адабини бер, Манос, – деди Мануэль.

– Кўнглинг тўқ бўлсин, – деди Сурито. – Яна нимани кутяпмиз?

– Ана, қораси кўринди, – деди Мануэль.

Оёқларини узангига қаттиқ тираган Сурито отининг биқинини чарм карсонпўшли тиззалари билан маҳкам қисган кўйи чап қўли билан жиловни ушлаб,  ўнгида узун найзани тутганча, кўзларини фонар ёруғидан яшириш учун соябони кенг шляпасини қошигача тушириб, олис қўранинг эшигига тикилиб турарди. Бедовнинг қулоқлари динг тортди. Сурито чап қўли билан унинг ёлини силади.

Қўранинг қизил эшиги ланг очилди ва Сурито майдоннинг нариги бурчидаги кимсасиз узун йўлакка бир зум тикилиб қолди. Кейин буқа йўлакдан ёйсимон фонуслар ёруғида майдонга отилиб чиқаркан, бирдан сирпаниб кетиб, тўртала оёғида аранг тираниб тўхтади. Зимистон молхонадан қутулганига қувонган буқа кенг керилган бурнидан чиқаётган пишқириқни ҳисобга олмаганда, секин-аста шаталоқ ота кетди.

***

Биринчи қаторда бетон тўсиқ устидаги дафтарига ўмган ташлаганча “Эль Эральдо”нинг жамоатчи мухбири ҳафсаласиз ва пала-партиш ёзишга тушди: “Негро деган буқа, туси қора, рақами 42, жуда сузонғичлиги кўриниб турибди, соатига 90 миль тезликда югуриб чиқди…”

Тўсиққа тирсагини қўйганча ҳўкизни кузатиб турган Мануэль қўлини силтади ва лўли плашини судраганча олдинга қараб югурди. Ўйноқлаб бораётган буқа кескин бурилдию калласини ерга эгиб, думини гажак қилганча алвон плашга ташланди. Лўли қочиб-писиб ҳаракат қиларди. Унга кўзи тушган буқа плашни унутиб одамга ташланди. Лўли қизил тўсиққача югуриб бориб, ундан сакраб ўтди. Жониворнинг шохлари ёғоч тўсиққа урилди. Ёғочни алам билан сузар экан, тўсиқ қаттиқ тарақлаб кетди.

“Эль Эральдо“ мухбири тамаки тутатиб, гугурт чўпини майдонга отди ва дафтарига қўл узатди: “Йирик шохлари серпул мухлисларнинг ҳам инжиқ кўнглини овлайдиган даражада бақувват Негро матадорлар ўз мулкига дахл қилмоқчи бўлаётганини сезди”.

Буқа шохи билан тўсиққа бориб урилганда Мануэль оёқости бўлиб кетган қумлоққа чиқди. Кўзининг қири билан чап томонда – тўсиқнинг ёнгинасида ярим ҳалқача нарида оқ тулпор минган Суритони кўрди. Мануэль плашнинг қатларини икки қўли билан ушлаганча  олдига ёйди ва буқани чорлашга тушди: “Қани, кел! Кел, жонивор!” Буқа ортига бурилди ва гўё тўсиққа таяниб сакрагандай плашга ташланди; Мануэль ёнига бир қадам қўйди ва буқанинг шундоққина шохлари олдида плашни силкитганча атрофида гир айлантирди. Плаш бир айланиб олгач, Мануэль матони кўксига босганча ҳўкизнинг қаршисида турди. Буқа яна ташланган эди, тағин бир айлантириб олди. Ҳар айлантирганда оломон хайрихоҳлик билан ҳайқирарди.

У плашни шамол шиширган елкан каби ўйнатиб, буқани тўрт марта гир айлантирди ва ҳар гал уни ўзига янгидан ташланишга мажбур қилди. Бешинчи бурилишдан кейин плашнинг дастасини сонига босиб, эпчиллик билан шундай айлантирдики, мато раққосанинг этагидек гумбаз шаклига кирди ва ҳўкиз арқонлаб қўйилгандай матадорнинг атрофидан гир югуриб ўтди;  кейин Мануэль бақувват оёқлари қумда собит турган оқ тулпордаги Сурито билан буқани бақамти қолдириб, ўзи чекинди; от буқга қаради, қулоқлари динг бўлиб, лаблари тит­ради; Сурито шляпасини кўзигача тушириб отини олдинга ниқтади, унинг ярим букилган ўнг тирсаги остидан пўлат тиғи буқага хезланган узун найза кўриниб турарди.

“Эль Эральдо” мухбири сигаретини тортганча буқани кузатар экан, яна ёзишга тушди: “Ўз ишининг устаси Маноло бир қур анча мақбул, эпчил ҳаракатлар кўрсатиб Бельмонте услубида ўйин намойиш қилгач, соҳа билимдонларининг олқишларига сазовор бўлди ва томоша навбати чавандозлар от сурадиган майдончага кўчди”.

Эгарда ўтирган Сурито буқа билан найзанинг учи ўртасидаги масофани чамалар эди. Ҳўкиз нафасини ростлаб олгач, тулпорнинг тўшини мўлжаллаб ҳамлага ўтди. Отнинг абжағини чиқармоққа шайланиб калласини ерга эгган маҳал Сурито тиғи ўткир найзасини буқанинг кураклари устида дўмпайиб турган сергўшт пайига санчди. Бор кучи билан найза дастасини босиб, отини орқа оёғида турғизар экан, жониворни жон-жаҳди билан ўнгга сурди. Буқа бир зум орқага тисарилди. От бутун гавдаси титраганча олд оёқларини даст кўтарди, буқа думи билан унинг ўмровини савалашдан тўхтаб, Эрнандес ёйган плаш томон ташланди.

Эрнандес ёнлаб қочар экан, буқани плаш ортидан иккинчи пикадор томонга бошлади. Плашни бир силкиб, буқани иккинчи чавандознинг шундоқ олдида тўхтатди ва ўзи ортга чекинди. Отни кўрган ҳўкиз энди суворийга ташланди. Пикадорнинг найзаси ҳўкизнинг елкасидан сирғалиб ўтди ва буқа шохи билан отни озод кўтарганда эгардан учиб кетишига сал қолган чавандоз ўнг оёғини узангидан чиқариб, ўзини арғумоғининг панасига олди ва гавдасини чапга ташлади. Шох устида типирчилаётган ва қорни ёрилган тулпор гурсиллаб ерга ағдарилгач, ҳўкиз уни аёвсиз сузишга тушди. Пикадор эса этиги билан типирчилаётган тулпорига таяниб четроққа сурилгач, ўзини нари олиб кетишлари ва қутқаришларини кутиб ҳолсиз ётарди.

Мануэль ағдарилган бедов устига чиқиб олиб шохига эрк бераётган ҳўкизга халал бергиси келмади; шошадиган жойи йўқ, ерга чалпакдек тушган пикадорнинг юраги ваҳимадан ёрилмаса ҳам бўлади; бир ҳисобда асабийлашгани ҳам дуруст, бундай кўргилик ношудроқ пикадорга яхши сабоқ. Кейинги гал эгарда сал хаёлини йиғиб, маҳкамроқ ўтиради. Пикадорингдан ўргилдим! Шундайларга кунинг қолмасин. Тўсиқдан икки одим берида бедовида шай турган Суритога қаради.

– Ма, жонивор, ма! Тумор! – деб ҳайқирди Мануэль буқани ўзига қаратиш учун ва плашни қўллари билан кенг ёйиб унга кўз-кўз қилди. Ҳўкиз отни ташлаб, плашга қараб хезланди. Мануэль плашни кенг ёйганча четга қараб югурди, бехосдан тўхтаб, кескин бурилди ва буқани Суритога рўбарў қилиб қўйди.

“Росинантнинг ўлими учун Негро тавбасига таяниши керак, Эрнандес билан Манол шу мақсадда нафис усулларини ишга солди, – деб ёзарди “Эль Эральдо” мухбири. У пўлат тиғ ҳамласига чап берар экан, отларга унчалик ҳам тоби йўқлигини яна бир бор кўрсатиб қўйди. Устаси фаранг Сурито найзани қўлида чўпдай ўйнатиб, хусусан, суэртэни[7] қиёмига етказиб бажарди ва ўз маҳоратини намойиш қилди”.

– Балли! Балли! – деб бақирди унинг ёнида ўтирган киши. Ҳайқириқни оломон илиб олди ва томошагоҳ гувиллаб кетди. Ёнидаги одам мухбирнинг елкасига қоқди. Мухбир дафтаридан кўзини узди ва шундоққина пастда узангига оёғини тираганча отининг боши узра энгашиб буқанинг сергўшт сағрисига найза санчаётган Суритони кўрди. У қўлтиғидан бор бўйи билан қия чиқиб турган найзанинг қарийб пойнагидан ушлаганча, бутун кучини билагига бериб ҳўкизни тўхтатишга ҳаракат қилар, жонивор эса жон-жаҳди билан отга хезланар, гавдасини бутунлай олдинга ташлаган Сурито ҳўкизни жойига михлаб қўйган кўйи бедови хатардан холи бўлгунча уни секин-аста четга олмоқда эди. Тулпори шохнинг таҳдидидан халос бўлиши биланоқ ҳўкизни исканжадан бўшатди ва жонивор қочишга тушди. Найзанинг уч қиррали тиғи буқанинг икки кураги ўртасидаги бўртиқни тилкалаб ташлади; Эрнандеснинг қаршисида пайдо бўлган буқа энди плашга ташланди ва йигитча уни майдон ўртасига бошлаб кетди.

Сурито бедовини силаб-сийпалаб тинчлантирар экан, фонуслар ёруғи ва оломоннинг қийқириқлари остида Эрнандес силкитган матога буқа қандай ташланаётганига кўзи тушди.

– Кўрдингми? – деб сўради Сурито Мануэлдан.

– Қойил, – дея жавоб қилди Мануэль.

– Адабини бердим, – деди Сурито. – Ана, томоша қил.

Буқа тумшуғида силкиниб турган плашга ташланар экан, бехосдан чўккалаб қолди ва жон ҳолатда яна сапчиб оёққа турди, шунда Мануэль ва Сурито бутун майдон оша ҳўкизнинг қоп-қора курагидан тирқираётган қуюқ ва ялтироқ қонни кўрди.

– Адабини бердим, – деди яна Сурито.

– Яхши буқа экан, жонивор, – деди Мануэль.

– Яна бир урсам, ўлдириб қўяқолардим.

– Энди учинчи давра бошланади, – деди Мануэль.

– Ана, қара, томоша қил, – деди яна Сурито.

– Энди менинг галим, – деди Мануэль ва майдоннинг яна бир пикадор пайдо бўлган нариги бурчига қараб югурди. Хизматчилар отнинг жиловидан ушлаб, оёқларига қамчи туширар экан, буқага яқинроқ олиб боришга ҳаракат қилар, буқа эса туёқлари билан ерни омонат тирнаганча калласини қуйи солиб турарди.

Сурито жиловни бўшатди ва бедови жойидан қўзғалди. Яқинроқ бориб жангни хўмрайганча томоша қила бошлади.

Ниҳоят, буқа олдинга ташланди, хизматчилар ўзини тўсиққа томон урди, пикадор нишонга теккиза олмади ва ҳўкиз отнинг қорнидан илиб сағринига ташлади.

Сурито икир-чикиригача назаридан қочирмай кузатиб турибди: мана, қизил камзулли хизматчилар югуриб келиб пикадорни судраб кетишди. Пикадор оёққа қалқди. Оғзидан боди кириб-шоди чиққанча қўлларини силкитишга тушди. Мануэль билан Эрнандес қўлларида плаш, шай туришибди. Баҳайбат қора буқа эса елкасига отни ортмоқлаган. Бедовнинг оёқлари шалвираб, жилови буқанинг шохига ўралиб қолган. Қора буқа елкасидаги отдан қутулмоқ пайида гандираклар, гоҳ калласини баланд силтаб, гоҳ ерга ташлар эди. Ниҳоят, юкни сағринидан итқитган ҳўкиз Мануэль ёзган плашга ташланди.

Мануэль буқанинг шашти сусайиб қолганини сезди. Жонивор ҳолдан тойиб борар, бутун гавдасидан қора қон сизиб турар эди.

Мануэль плашни яна унинг тумшуғига тутди. Ҳозир ташланади. Қутуриб кетган, қинидан чиқай деб турган кўзларини матодан узмайди. Мануэль четга чекиниб, қўлини баланд кўтарди ва вероника услубини қўллаш учун плашни буқанинг нақ тумшуғи олдига ёйди.

Энди у яна ҳўкизнинг рўпарасида турарди. Ҳа, калласини сал эгди. Пастроқ бўлгани дуруст. Бу айнан Суритонинг иши.

Мануэль яна плашни силкитди; ҳозир ташланади; ёнига бир қадам ташлаб, яна бир бор вероника усулини қўллади. “Шохини ваҳимали кериб туришини қаранг, – деган ўй хаёлидан ўтди Мануэлнинг. – Бас, энди у сергак тортди. Энди пайт пойлайди. Кўзини узмаяпти. Лекин мен ҳам бўш келмайман”.

У буқанинг тумшуғи олдида плашни силкитди; ҳозир ташланади; Мануэль ёнига бир қадам қўйди ва шартта ортига бурилди. Буқа шундоққина ёнгинасидан ўтди. Бунчалик яқин йўлатмаслик керак.

Плашнинг ҳўкиз баданини силаб ўтган жойи қон тегиб ҳўл бўлди.

Ҳечқиси йўқ, яна бир марта, охирги марта!

Мануэль буқага юзланиб бешинчи бор унинг тумшуғига плаш ёзди. Ҳўкиз руҳсиз кўзларини ундан узмай шох керганча пайт пойларди.

– О-ол! – деб ҳайқирди Мануэль. – Ташланмайсанми!

Ортига эгилиб плашни силкитди. Ҳозир ташланади. У ортига чекиниб тағин плашни силкитди ва буқа матонинг изидан чопганча унинг атрофини бир айланиб тўхтади, кейин эс-ҳушидан айрилгандай жойида қаққайиб қолди. Мануэль плашни ўнг қўлига йиғиб, ҳўкиз адои тамом бўлганини кўрсатиш учун унинг тумшуғи олдида силкитди ва нари кетди.

Ҳеч ким уни олқишламади.

Мануэль қумни бир-бир босганча тўсиқ томон юрди. Бу пайтда Сурито майдонни тарк этган эди. Мануэль буқани ўйнатаётган кезда хизматкорларни майдонга чорлаган бурғу овози янгради. Лекин бу садо унинг шуурига элас-элас етиб борди. Хизматкорлар ўлдирилган икки отнинг устига брезент ёпиб, атрофидаги қумга қипиқ сепмоқда эди.

Мануэль сув ичиш учун тўсиққа яқинлашди. Хизматчи унга оғир сопол кўзачани тутди.

Новча лўли Фуентес илгакли тиғлари ингичка, қизил чўплари жуфтланган бандерильяни[8] ушлаганча шай турарди. У Мануэлга қаради.

– Бошлайвер! – деди Мануэль.

Лўли майдонга қараб югурди. Мануэль кўзани қўйиб юзини қўлрўмол билан артди ва лўли томонга бурилди.

“Эль Эральдо” мухбири оёқлари ўртасида турган илиқ шампан шишасини олиш учун эгилди ва бир қултум ичгач, битигини тугатди: “Қариб-қартайиб қолган Манолонинг отамзамон қолипида кўрсатган бир қур ҳунари томошабинларда рағбат уйғотмади, кейин дастурнинг навбатдаги саҳнаси бошланди”.

Буқа ҳамон бўм-бўш майдончада қотиб турибди. Новча, ҳали раъйи қайтмаган Фуентес  ҳўкизга қараб дадил бораётир. Бағрини кенг очган, ҳар икки қўлида бармоқларининг учи билан ушлаган ингичка ўткир тиғли қизил чўп. Фуентес тобора яқинлашиб бормоқда эди. Унинг ортида, сал четроқда эса куадрильянинг плаш кўтарган бошқа аъзоси. Буқа Фуентесни кўриб ўзига келди.

Жониворнинг кўзлари қаршисидаги лўлини ютиб юборай дерди. Йигит қаддини ростлаб, ҳўкизга қараб нимадир деб ҳайқирди. Бандерильяларни ўйнатди ва ялтираган пўлат тутқичлар буқани ўзига жалб қилди.

Буқа думини гажак қилиб олдинга отилди.

У кўзларини бақрайтирганча тўппа-тўғри Фуентесга ташланди. Фуентес бандерильяларини олдинга чўзиб кўкрагини керганча қилт этмай турарди. Ҳўкиз сузиш учун калласини туширган маҳал йигит елкасини орқароққа ташлади, қўллари боши узра қовушиб бандерильяларни қиялатди ва рақибига қарата отди. Фуентес найзаларни буқанинг курагига санчарди; йигит ҳўкиз шохидан хийла берида, диккайиб турган чўпларга таянганча, оёқларини маҳкам ёзиб ёнбошига сезилар-сезилмас эгилар экан, ҳамлаларга чап берарди.

– Балли! – дея ҳайқирди оломон.

Жазавага тушган буқа сувда сакраётган балиқдек ўйноқлади. У ҳар сакраганида елкасига қадалган найзаларнинг қизил дасталари ликиллаб кетарди.

Мануэль тўсиқ олдида турганча эътибор берди: буқа сузар экан, ўнг шохини олдинга чўзаётир.

– Унга айт, энди ўнг томонидан санчсин, – деди у Фуентесга бир жуфт янги бандерилья олиб бориб бериш учун югуриб кетаётган дастёрга.

Мануэлнинг елкасига кимдир оғир қўлини қўйди.

– Ишлар қалай, биродар? – деди Сурито.

Мануэль тилдан қолгандек буқанинг ҳаракатларини жим кузатар эди.

Сурито тўсиққа икки тирсагини қўйиб бутун гавдаси билан унга суянди. Мануэль у томон бурилди.

– Бугун завқинг баланд, – деди Сурито.

Мануэль бош чайқади. Кейинги даврагача унинг қиладиган иши қолмаган эди. Лўли бандерильяларни қийиб ташлаяпти. Буқани навбатдаги даврагача яхши тайёрлашади. Асов буқа. Ҳозиргача ўтгани – майда-чуйда. Муҳими, энг охирида шамширни уриш, ишнинг ҳал бўлгани – шу. У ҳаяжондан анча йироқда, ҳатто бу ҳақда ўйлаётгани ҳам йўқ. Бироқ кўнгли ғаш. У тўсиқ олдида буқани кузатар, хаёлан кейинги даврага тайёргарлик кўриб, мулетни[9] қандай ишга солиш, ҳўкизни ҳолдан тойдириб, попугини пасайтириб қўйишни ўйлар эди.

Лўли яна буқа томон юрди. Қадамлари шахдам, балга тушаётган раққосдек мағрур; бандерильяларнинг қизил чўплари унинг одим отишига мос тебранади. Ўзига келган буқа энди ундан кўзини узмай пайт пойлаётир. Эҳтимол, яқинроқ келишини ва бир ҳамлада уни ерга итқитиб биқинига шох тиқишни мўлжаллаётгандир.

Фуентес яқинлашиб келгач, ҳўкиз унга ташланди. Буқа бошини эгиши билан йигит товонлаганча ортига югурди; кейин бирдан тўхтаб, қўлларини чўзганча оёғининг учида яна олдинга юрди ва ўша заҳоти қутурган махлуқнинг шохларига чап бераркан, бандерильяларни унинг кураклари ўртасидаги ўркачдек бақувват этига санчди.

Оломон уни қарсакларга кўмиб ташлади.

– Бу болани энди оқшомги томошалардан олишади, – деди Ретананинг дастёри Суритога қараб.

– Қадам олиши дуруст, – деди Сурито.

– Э-е, қаранг, қаранг!

Фуентес майдонда тўсиққа орқа ўгириб турарди. Унинг ортида – тўсиқнинг нариги томонида ҳўкизни чалғитиш учун икки дастёр қўлида плаш билан шай.

Буқа тилини осилтириб биқинини авайлаганча лўлини кузатади. Энди қочиб қутулиб бўпсан, деб ўйлайди у. Фуентес бир ҳамлада етса бўладиган қизил тахта тўсиқ ёнида турибди. Буқа уни кўз узмай таъқиб қилаётир.

Лўли қаддини ростлади ва бандерильяларнинг тиғини олдинга, қўлларини эса ортига олди. У буқани жангга чорлади. Депсинди. Буқа шошилмасди. Балки яксон қилишни чамалаётгандир. Тиғ санчишлари жонга тегди.

Фуентес буқага яқинроқ борди. Қаддини ростлади. Яна забонсиз рақибини жангга чорлади. Оломон орасидан кимдир огоҳлантиргандек ҳайқирди.

– Оббо, жуда яқин борди, – деди Сурито.

– Қаранг, қаранг, – деди Ретананинг дастёри.

Фуентес қаддини ғоз тутиб буқанинг жиғига тегиш учун найзаларни ўйнатди, кейин турган жойида баланд сакради. Лўли сакраши билан буқа думини гажак қилиб унга ташланди. Фуентес оёқ учида оҳиста ерга тушди, ҳўкизнинг ўнг шохига чап бергач, қўлларини даст кўтариб, бандерильяларни бор кучи билан унинг сағрисига аямай санча бошлади.

Плаш осилган тахтани тақиллатаётганлар ҳўкизни чалғитди ва у жон аччиғида тўсиқни шохлади.

Лўли оломоннинг гулдурос қарсаклари остида тўсиқ бўйлаб елиб кетди. Камзули этаги йиртилган – буқанинг шохи тилиб ўтган эди. Фуентес томошабинларга йиртиқни кўрсатиб қувонч билан жилмаярди. У майдонни айланиб чиқди. Суритонинг ёнидан шодликдан кўзлари порлаганча камзули йиртиғини кўрсатиб ўтди. Сурито эса кулимсираб қўйди.

Охирги икки найзани кимдир, бошқа биров санчди. Кимлигига ҳеч ким эътибор бермади.

Хизматчи ёғоч дастани қизил мато –  мулетнинг даста жойига тиқди ва тўсиқ оша Мануэлга узатди. Чарм ғилофни очиб шамширни олди ва қинидан чиқармасдан Мануэлга берди. Мануэль қизил сопли шамшир, қинни олиб ёнига осди.

У Суритога қаради. Кекса пикадор Мануэль қора терга тушиб кетганини кўрди.

– Энди сен унинг суробини тўғрилайсан, ошна, – деди Сурито. Мануэль тасдиқ ишорасини қилди.

– Ғайрати зўр, – деди Сурито.

– Шашти баланд, – деб тасдиқлади хизматчи.

Мануэль бош ирғаб қўйди.

Бурғучи тепадан – шифтга етай деган жойдан туриб бурғусини чалганча сўнгги даврага чорлади. Мануэль майдоннинг нариги бурчига  – президент ўтирадиган қоронғи айвон томон юриб кетди.

Биринчи қаторда ўтирган “Эль Эральдо”нинг жамоатчи мухбири илиқ шампан виносидан ютоқиб ҳўплади. У жангнинг бутун тафсилотини майда-чуйдасигача ёзиб ўтиришим шарт эмас, деган қарорга келган эди. Таҳририятга боргач, ҳисобот ёзса ҳам бўлади. Шунга шунча ваҳимами? Бор-йўғи оқшомги жанг бўлса. Мабодо бирон нарсани кўздан қочирса, тонгги газеталардан топиш мумкин. У шампандан яна бир қултум ичди. Ўн иккида “Максим”да учрашуви бор. Аслини олганда, матадор деганлари ким бўпти ўзи? Оғзидан она сути кетмаган болакайлар, ялқовлар. Ўтакетган танбаллар. У ёндафтарини чўнтагига тиқиб майдон кунжагида ёлғиз тураркан, амфитеатрнинг кўзга ташланмайдиган ложаларидан бирига қарата шляпасини силкитиб салом йўллаётган Мануэлни кўрди. Майдон ўртасида буқа бамайлихотир турарди.

– Сеньор, буқани сизга ва дунёдаги энг маърифатли ва олижаноб халқ – Мадрид аҳлига бағишлайман, – деди Мануэль. Бу умумқабул қилган гаплар эди. Ҳаммасини айтди. Жанг кечқурун бўлаётгани учун сал қисқароқ қилиши ҳам мумкин эди.

У қоронғиликка қараб таъзим бажо этгач, шляпасини елкасига тушириб мулетни чап, шамширни ўнг қўлида ушлаганча буқа томон юрди.

Мануэль яқинлашиб бормоқда эди. Новвос унга қаради, кўзлари тасрайган. Мануэль бандерильялар ҳўкизнинг чап курагида осилиб тургани, Суритонинг найзаси қолдирган ярадан ҳамон ялтираган қон сизаётганини пайқади. У буқанинг оёқларига разм солди. Чап қўлида мулет, ўнг қўлида шамшир билан юриб бораркан, буқанинг оёқларидан нигоҳини узмасди. Ҳўкиз оёқларини кенг керганича хотиржам турарди.

Мануэль буқанинг оёқларидан кўз узмай яқинлашиб бораверди. Ҳаммаси жойида. У уддасидан чиқади. Ҳайвонни калла эгишга мажбур қилиш керак. Шундай қилса, шохи оша қўл чўзиш ва уни маҳв этиш мумкин. У шамширни қандай санчиш, рақибини қандай ўлдириш ҳақида ўйламаяпти. Ҳозир, шу тобда нима қилиш лозимлигини хаёлидан ўтказмоқда. Қалтис тус олаётган вазият кўнглига барибир ғулғула солаётган эди. Буқанинг оёқларидан кўз узмай бир-бир босиб борар экан, ҳўкизнинг кўзларини, нам тумшуғини ва хезланган кенг шохларини кўрди. Ҳўкиз кўзларининг гардишида оқ ҳалқачалар пайдо бўлган, Мануэлдан кўз узмай, рангпар ва пакана бу одамнинг гали келганини сезиб турар эди.

Мануэль буқанинг қаршисида тўхтади. Шамшир тиғини мулетга тиқиб чап қўлига олар ва алвон матони елкандек ёяр экан, ҳўкизнинг бир шохи синганини пайқади. Синган шохда қип-қизил қон изларини кўрди. Иккинчи шохи жайранинг найзасидек ўткир эди. Мулетни тарангроқ тортди. Буларни ўзича қайд этиб борар экан, у буқанинг оёқларини назаридан қочирмасди. Ҳўкиз Мануэлга бақрайиб турибди.

Пайт пойлаяпти, деб ўйлади Мануэль. Нафас ростлаяпти. Оромини бузиб калласини қуйи туширишга мажбур қилиш керак. Муҳими шу. Сурито уни бош эгишга мажбур қилди, лекин буқа яна калласини кўтариб олди. Мен уни чопишга мажбур қилсам, ярасидан қон отилади ва калласини пастга туширади.

Мануэль олдида ёйилган қип-қизил матони шамшир билан таранг тортганча рақибини чорлади.

Новвос унга қаради.

Мануэль ғашга тегадиган ғоз юриш қилди ва таранг тортилган алвон матони силкитди.

Буқа матога тикилди. Мато ёйсимон фонус ёруғида янада қизариб, ялтираб кўринади.

Ҳўкизнинг оёқлари ҳаракатга тушди.

Бошланди. Ана! Буқа ташланганда ўзини четга олган Мануэль шундай кўтардики, мато новвоснинг шохлари, кенг сағринидан – калласидан думигача сирпаниб ўтди. Ҳукиз фақат ҳавони сузди. Мануэль жойидан жилмади.

Мато остидан ўтган буқа мушукдек эшилиб тезда ортига бурилди ва Мануэлнинг қаршисида тик қотди.

У яна ҳужумга шайланмоқда эди. Бесўнақай лапанглашидан асар ҳам қолмаган. Мануэль унинг қоп-қора сағринидан оёғига қон томчилаётганини кўрди. У алвон матодан шамширини чиқариб ўнг қўлига олди. Мато тутган чап қўлини туширганча, сўл томонига эгилиб буқани чорлади. Буқа алвон матодан кўз узмай яқин келди. Бу бошқа гап, деб ўйлади Мануэль. О-ол!

Буқа ўзини отди. Мануэль ўнг томонига эгилиб оёғини жуфтлади ва ёйсимон фонуслар ёруғида ялтираб кетган шамшири ва танаси билан ярим айлана ясаб, матони ҳўкизнинг калласи узра сермади.

Паса натурале – ўйиннинг ибтидоси тугагач, Мануэль паса де печо – давомини бошлади ва лоларанг матони кўтарди. Қилт этмай турди, ҳўкиз алвон матонинг тагидан Мануэлга тирғалиб ўтди. Мануэль найзаларнинг шарақа-шуруқ қилаётган дасталаридан ўзини олиб қочар экан, бошини орқасига ташлаб қолди. Буқанинг ловуллаган қора гавдаси унинг кўкрагига тегиб ўтди.

Падари қусур! Бунчалик яқин йўлатмаслик керак, деб ўйлади Мануэль. Тўсиқ ортидан майдонга сакраб тушган Сурито лўлига шоша-пиша нималардир деди. Йигитча плашни олиб Мануэль томон югурди. Шляпасини бостириб кийган Сурито майдон четида туриб Мануэлдан кўз узмасди.

Мануэль – мато тутган чап қўли пастда – яна буқа қаршисида турарди. Калласини хам қилган ҳўкизнинг кўзлари матода.

– Шу ўйинни Бельмонте кўрсатганда, ҳамманинг оғзи очилиб қоларди, –  деди Ретананинг дастёри.

Сурито жавоб қилмади. У майдон ўртасида турган Мануэлни жим кузатмоқда эди.

– Хўжайин бу бечорани қай гўрдан топди экан? – деб сўради Ретананинг дастёри.

– Касалхонадан, – деди Сурито.

– Хиёл ўтсин, яна ўша ёққа равона бўлади, – деди Ретананинг дастёри.

Сурито унга юзланди.

– Ҳе, нафасингни ел олсин сенинг! – деди у ёғоч тўсиққа ишора қилиб: уриб қўй.

– Ҳазиллашдим-ку.

– Тавба қилдим, де!

Ретананинг дастёри эгилиб бармоғининг кўзи билан тўсиқни уч марта тақиллатди. Тавба қилди.

– Тилингни тий, бола, – деди Сурито.

Майдон ўртасида – ёйсимон фонуслар остидаги буқа қаршисида Мануэль бир оёғида тиззалаб турарди; у матони икки қўллаб кўтарди, буқа думини гажак қилиб унга отилди.

Мануэль шохдан ўзини олиб қочди ва буқа яна ҳужумга ўтганда мато билан ярим айлана бурилди. Жонивор тиззалаб қолди.

– Матадормисан матадор экан, – деди Ретананинг дастёри.

– Ол-а, – деди Сурито.

Мануэль матони чап, шамширни ўнг қўлида ушлаб қаддини ростлади. Қоронғи амфитеатр томондан эшитилаётган чапаклар учун миннатдорлик билдирди.

Новвос оёққа туриб калласини қуйи солганча кутарди.

Сурито жамоадаги бошқа икки йигитчага нимадир деган эди, улар ҳам майдон ўртасига югуриб бориб Мануэлнинг орқасида плаш ёйиб турди. Энди унинг ортида тўрт киши бор. Мануэль майдонга мулет билан чиққанидан бери Эрнандес унинг ёнида. Новча, қомати расо Фуентес плашни кўкрагига босган кўйи жангни паришон кузатаётир. Яна икки йигит югуриб келганда Эрнандес уларга жой кўрсатди – бирига ўнгдан, иккинчисига сўлдан. Буқанинг қаршисида Мануэлнинг ёлғиз ўзи турибди.

У йигитчаларга нарироқ кет деб ишора қилди. Улар секин-аста чекинар экан, Мануэлнинг рангидан қони қочиб, юзини қалин тер босганини кўришди.

Нима бало, булар нари кет деганни тушунмайдими? Жойида тошдай қотиб, шай турган ҳўкизнинг плаш билан жиғига тегиши нимаси! Бундан кўра, оёқ остида ўралашишмаса дуруст эди. Шундоқ ҳам бўлари бўп турибди.

Буқа оёқларини кериб, алвондан кўз узмай қотиб турарди. Мануэль мулетни чап қўлига ўради. Ҳўкиз Мануэлдан кўз узай демасди. Калласи эгилган, лекин янаям қуйироқ туширса бўларди.

Мануэль матони силкитиб унинг ғашига тегишга уринди. Буқа қилт этмади, кўзлари матога қадалган.

Тош қотдингми, деб ўйлади Мануэль. Чатаноғи керилган. Тайёр. Ҳолинг хароб.

Бундай кезларда Мануэлнинг хаёлига ҳар хил ўйлар келади. Баъзида қандайдир жумла, қайсидир сўзни эслаёлмай юраги ғашланади. Ўксинади. Унинг фаҳми ва тажрибаси ғайриихтиёрий равишда иш берса, мияси зарур сўзни қидириб ғимирлаб қолади. У буқа зотини беш қўлидай билади, бундан ташвиш чекмаса ҳам бўлади. Оломон ундан нимани кутаётган бўлса, ўша ҳунарни кўрсатишга тайёр. У ҳамма нарсани кузатиб турар, гавдаси эса зарур ҳаракатларни ғайриихтиёрий бажарарди. Мабодо, хаёлига эрк берса, ҳалок бўлиши тайин.

Шу тобда ҳўкиз қаршисида турар экан, у туйқусдан кўп нарсани англаб етгандек эди. Мана қўш шох: бири синган, иккинчиси текис ва ўткир. Чап шох томонга алвон матони шундай тушириш керакки, буқа унга қараб ташлансин. Шунда шартта ҳужумга ўтиб, шохлари оша энгашиб шамширни ҳўкизнинг кураклари ўртасига, гарданига беш песоли тангадек йўғонликдаги дастасигача тиқиши керак. У буни уддалаши ва буқанинг жон талвасасидаги ҳамласига чап бериб қаддини ростлаши даркор. У буларнинг ҳаммасини бажариши шартлигини биларди, бироқ хаёлида фақат икки сўз айланарди: “Corto у derecho”.[10]

Шартта ва дадил, деб ўйлади у мулетни ўрар экан. Шартта ва дадил – матодан шамширни чиқарди. У синган чап шох тўғрисига турди-да мулетни қўлига шундай ташладики, ўнг қўлида кўзига яқин ушлаган шамшир билан қўшилиб хоч шаклини олди. Оёғининг учида туриб буқанинг кураклари ўртасидаги энг баланд нуқтани мўлжаллади.

Ҳўкизга бехосдан ва дадил ташланди.

Зарба! Ва у ҳавода учаётганини сезди. Сакраб ташланаётганида шамшир дастасига куч берди, лекин қуроли қўлидан учиб кетди. Юзтубан йиқилди, ҳўкиз унга ташланди. Мануэль ётганча оёғи билан буқанинг тумшуғига тепмоқчи бўларди. Типирчилаганча тепинар, қутуриб кетган буқа эса қозиқдек шохларини унга санчмоқчи бўлиб қумнинг тўс-тўполонини чиқарар эди. Мануэль копток ўйнатаётган жонглёр каби ҳўкизнинг тумшуғига тепиб, уни ўзидан нари ҳайдамоққа уринарди.

Мануэль енгил эпкин келганини сезди – буқани чалғитиш учун плаш ёйилди ва у бир сакрашда Мануэль устидан ўтиб даф бўлди. Ҳўкиз унинг устидан ўтаётганда бирдан қоронғи тушгандай бўлди. Шохлагани ҳам сезилмади.

Мануэль туриб мулетини ердан олди. Фуентес унга шамшир узатди. Куракка текканида шамшир букилиб қолган эди. Мануэль уни тиззасига қўйиб тўғрилади ва отнинг лоши ёнида турган буқага қараб югурди. Камзулининг шохга илинган қўлтиғи титилиб кетган эди.

– Уни бу ердан силжит! – деб қичқирди у лўлига. Ўлган отнинг қон ҳидини сезган ҳўкиз брезентга шох урарди. Фуентес тутган плашга қараб ташланганда буқанинг синган шохида брезент осилиб турарди. Оломон ўртасида кулги кўтарилди. Эрнандес унинг орқасидан етиб бориб, брезентнинг четидан бир тортиб, шохдан айириб олди. Буқа брезентга қараб бурилмоқчи бўлди-ю, лекин ҳадиксирагандай бехосдан тўхтаб қолди. Мануэль қўлида алвон мато ва шамшири билан ҳўкиз томон юрди. Яқинлашиб мулетни ўйнатди. Буқа қимирламади.

Мануэль шамширини хезлаб, унга ёни билан турди. Ўлик каби қотиб қолган ҳўкизнинг ҳамлага мадори қолмагандай эди.

Мануэль оёғининг учида туриб пўлат тиғини хезлаганча буқага ташланди.

Яна зарба. Рақиби Мануэлни ортига улоқтириб юборди ва у қумга қапишиб қолди. Бу гал оёқлари билан ҳимояланиб бўлмас, буқа унинг нақд тепасида турарди. Мануэль бошини қўллари орасига олиб қимирламай ётар, буқа уни бор кучи билан сузмоқчи бўларди. Елкасига, қумга кўмилган юзига шохларини санчмоққа уринарди. Мануэль буқанинг шохи бўшашган қўллари орасидан ўтиб қумга санчилганини сезди. Буқа унинг белини эзиб юборди. Юзи қумга кириб кетди. Ҳўкиз унинг шохига илинган енгини йиртиб итқитиб юборди. Плашлар шитирлагандай бўлди ва ҳўкиз Мануэлни ташлаб, нари кетди.

Мануэль ўрнидан туриб мулетни ва шамширини топди. Дамига бош бармоғини юбориб янгисини олиш учун тўсиқ сари югурди.

Хизматчи унга тўсиқ ортидан шамшир узатди.

– Юзингизни артиб олинг, – деди у.

Мануэль яна буқа томонга қараб чопар экан, дастрўмолчаси билан юзидаги қонни артиб ташлади. Сурито кўринмай қолган эди. Қаерда экан?

Куадрилья плашни шай тутганча буқанинг олдидан чекинди. Ҳужумлар ҳолдан тойдирган ҳўкиз яна бор гавдасини оёғига ташлаб қимир этмай қолган эди.

Мануэль чап қўлида алвон мато билан буқа томон юрди. Тўхтаб мулетни ҳўкизга қаратиб силкитди. Сўқим қилт этмади. Мануэль матони унинг тумшуғи олдида чапдан ўнгга, ўнгдан чапга қарата ўйнатди. Буқа кўзини матодан узмай, ҳар силкинганда ола-кула қилар, лекин ташланай демасди. Мануэлни кутарди.

Мануэль тараддудда қолди. Начора, шамширни ишга солиш керак. Шартта ва дадил. У ҳўкизга яқинроқ бориб шамширини мулетга яширди ва ҳамлага ўтди. Шамширни санчар экан, шохга чап бериш учун  гавдасини сўлга ташлади. Буқа унинг ёнидан ўтиб кетди, шамшир қўлидан учиб ёйсимон фонуслар ёруғида бир ялт этдию қум устига қизил дастаси билан тескари тушди.

Мануэль югуриб бориб уни қўлига олди. Қийшайиб кетган экан, тиззасига қўйиб тўғрилади.

Яна жойида қотиб турган буқа томонга чопар экан, плашни шайлаб турган Эрнандес ёнидан ўтди.

– Фақат устихони қолди, – деди Эрнандес ачиниш билан.

Мануэль бош ирғаб қўйди. Юзини артиб, қонга беланган рўмолчасини чўнтагига яширди.

Бунинг туришини қаранг. Тўсиқнинг ёнгинасида. Лаънати! Балки бу падари қусурнинг ростдан ҳам фақат устихони қолгандир? Балки шамшир кирадиган жойгинасига бало доригандир? Падарингга минг лаънат! Анойингни топибсан, Мануэль сенга ҳали кимлигини кўрсатиб қўяди!

Мануэль алвон матони ёйди, аммо ҳўкиз қимирламади. Мулетни унинг тумшуғи олдида силкитди. Беҳуда.

У матони қатлаб шамширини қинидан суғурди ва буқага ташланди. Шамширни санчиб бор кучи билан дастасидан босди. Шамшир букилиб кетди, кейин баландга отилиб оломон орасига тушди. Шамшир қўлидан чиқиб кетгач, Мануэль буқанинг ўткир шохларига чап бериб қолишга улгурди.

Қоронғиликдан отилган дастлабки ўриндиқ тагликлари унга тегмади. Кейинги тагликлар унинг оломонга юзланган, қонга ботган бетига урилди. “Сочқи”лар шитоб ёғилиб қумга келиб туша бошлади. Биринчи қаторда ўтирганлардан кимдир унга шампан шишасини ирғитди. Бутилка Мануэлнинг оёғига тегди. У қоронғиликка тикилганча тек қотди. Сўнг ҳавода нимадир шувиллаб келиб ёнгинасига тушди. Шамшири экан. Мануэль энгашиб уни олди. Тиззасига қўйиб тўғрилади ва оломонга қарата силкитди.

– Миннатдорман, – деди у. – Ҳаммангиздан миннатдорман.

Эҳ, ярамаслар! Ярамаслар-а! Ноинсоф пасткашлар! У тагликни тепиб юбордию буқа томон чопди.

Ана, ҳеч нарсани кўрмагандай қаққайиб турибди. Каллангни оламан сенинг, дарранда!

Мануэль мулетни буқанинг қоп-қора тумшуғи олдида ўйнатди.

Яна беҳуда.

Ёқмадими? Дуруст. Яқинроқ бориб мато ўрнатилган дастанинг ўткир учи билан ҳўкизнинг терчилаган тумшуғига туртди.

Буқага жон кирди. Мануэль ортга тисарилди, лекин тагликка қоқилиб кетди. Йиқилар экан, баданига, қовурғалари остига ўткир тиғ санчилганини сезди. Икки қўли билан шохга ёпишди. Шох кирган биқинини маҳкам босганча орқасига судралиб кетди. Буқа уни улоқтириб юборди ва Мануэль қум устига учиб тушиб ўликдек қимирламай қолди. Бахтига энди ҳўкиз унга тегмай нари кетди.

У йўталганча, эзилган ва тамом бўлган бир алфозда жойидан турди. Ярамаслар!

– Шамшир беринглар! – деб ҳайқирди у. – Мато қани?

Фуентес мулет билан шамшир олиб келди. Эрнандес уни бир қўли билан қучди.

– Энди лазаретга борақолинг, – деди у. – Телбалик қилманг.

– Нари тур, – деди Мануэль. – Тошингни тер, уқдингми!

У буқа томон отилди. Эрнандес елкасини қисди. Мануэль ҳўкиз олдига югуриб борди.

Мана ўша бесўнақай, яна тўрт оёғини кериб турибди.

Каллангни олмасамми сен ярамаснинг! Мануэль шамширини мулетдан суғуриб мўлжални олдию буқага ташланди. У шамширнинг дами охиригача, сопигача кирганини сезди. Беш панжаси ҳам шамшир санчилган ярага кириб кетди. У буқанинг устида туриб қолди, қўллари ҳўкизнинг иссиқ қонидан қизиб кетган эди.

Кейин буқа уни ҳам тортиб ёнбошига ағдарила бошлади. Мануэль қумга шитоб билан тушиб бир қадам орқага чекинди ва ҳўкизнинг йиқилишини – тўрт оёғи осмонга чўзилиб чалқанча қулашини кузатиб турди.

Мануэль буқа қони куйдираётган қўлларини кўкка кўтарди.

Кўриб қўйинглар, ярамаслар! У гапирмоқчи бўлди, аммо бостириб келган йўтал йўл бермади. Қандайдир қайноқ бир нарса нафасини қисарди. У кўзлари билан мулетни изларди. Бориб президентни олқишлаш керак… Башараси қурсин! У қумга ўтириб ҳўкизга тикилди. Тўрт оёғи ҳам осмондан бўлиб, йўғон тили осилиб қолибди. Қорнидан, оёқларининг жуни сийракроқ жойидан нимадир ўрмалаб борарди. Буқа ўлган. Баттар бўлсин! Бари баттар бўлсин! Мануэль турмоқчи бўлган эди, аммо йўтал тутди. Яна қумлоққа ўтириб қолди. Кимдир келиб суяб турғизди.

Уни лазарет томон олиб кетишди – қумлоқдан югуриб, хачирлар қўшилган арава ўтиб кетгунича дарвоза олдида кутиб туришди. Кейин қоронғи йўлак бўйлаб юришди. Сўнг ҳансираганча зиналардан кўтариб чиқишди.

Оқ халатли врач билан икки санитар уни кутиб турган экан. Жарроҳлик столига ётқизишди. Эгнидаги кўйлагига қайчи уришди. Мануэль ўзини жуда-жуда беҳол сезди. Кўксини нимадир оловдек куйдирмоқда эди. Йўтал тутди, лабига нимадир босишди. Ҳамма питир-питирга тушган.

Электр чироғи кўзларини тешай дейди. Мануэль қароғини юмди.

У зина томондан оғир-вазмин қадам товушларини эшитди. Сўнг қулоғи битди. Сўнг олис-олислардан ғала-ғовур келди. Оломон. Начора, иккинчи буқани кимдир, бошқа одам ўлдиради энди. Кўйлагини бутунлай нимталаб ташлашди. Врач унга қараб кулимсиради. Буниси эса Ретана.

– Салом, Ретана, – деди Мануэль. Лекин овозини ўзи ҳам эшитмади.

Ретана унга қараб илжайди ва нимадир деди. Мануэль эшитмади.

Стол ёнида турган Сурито энгашганча врачнинг ишини кузатарди. У пикадор либосида, лекин шляпаси йўқ.

Сурито унга алланима деди, Мануэль англамади.

Сурито Ретана билан гаплашаётган эди. Санитарлардан бири жилмайиб қўйди ва Ретанага қайчи узатди. Ретана қайчини Суритога берди. Сурито Мануэлга сўз қотди. У эшитмади.

Жарроҳлик столи эмиш! Нима, биринчи марта ётишими бундай столда? Мануэлнинг жони қаттиқ, ўлмайди. Ажали етган бўлса, руҳоний чақиришарди.

Сурито қайчини кўрсатиб, имо қилди. Ҳа, гап бу ёқда экан-да! Уни кокилидан жудо қилишмоқчи. Колитасини қиймалашмоқчи.

У жарроҳлик столида ётган жойидан туриб ўтирди. Ранги ўчиб кетган врач ўзини орқага олди. Мануэль кимдир елкасидан суяганини сезди.

– Шу ишдан тийил, Манос, – деди Мануэль.  Дафъатан Суритонинг овозини аниқ-тиниқ эшитди.

– Ўзингни бос, – деди Сурито. – Бунга қўлим бормайди. Ҳазиллашдим.

– Тобим жойида эди, – деди Мануэль. – Шунчаки омадим келмади. Бор-йўғи омадим келмади.

Мануэль чалқанча ётди. Юзига нимадир ёпишди. Таниш ҳолат. Одатдаги ҳид. У чуқур-чуқур нафас оларди. Ҳолдан тойди. Жуда-жуда ҳолдан тойди. Кейин юзидаги латтани олишди.

– Тобим жойида эди, – деди заиф овозда Мануэль. – Тобим жуда жойида эди.

Ретана Суритога қаради ва эшик томон юрди.

– Мен унинг ёнида бўламан, – деди Сурито.

Ретана елка учириб қўйди.

Мануэль кўзини очиб Суритога қаради.

– Ўзинг айт, Манос, тобим жойида эди-я, тўғрими? – деди у Суритога умид билан тикилар экан.

– Жойида бўлганда қандоқ, – деди Сурито. – Отдек эдинг.

Санитар унинг юзига ниқоб ёпди ва ҳансираётган Мануэлнинг димоғига таниш ҳид урилди. Ноқулай аҳволда қолган Сурито стол ёнида серрайиб турарди.

1927 йил

Қулман Очилов таржимаси

      “Тафаккур” журнали, 2020 йил 4-сон.

[1] Ганадерия (испанча) – буқа боқиладиган ферма.

[2] Новильеро – буқа билан жанг қиладиган матадор.

[3] Куадрилья – буқа жангида матадорга ёрдамлашувчилар жамоаси.

[4] * Пикадор – найза билан буқани жангга ундовчи чавандоз.

[5] Колета – матадор кокили.

[6] Патио де кавальос – ички ҳовли.

[7] Суэртэ – жанг усулларидан бири, омад деган маъноси ҳам бор.

[8] Бандерилья – илмоқли найза.

[9] Мулет – буқани чалғитиш учун ишлатиладиган мато.

[10] “Corto y derecho” – шартта ва дадил.