Эрнест Сетон-Томпсон. Бинго (ҳикоя)

I

Бу воқеа 1882 йилнинг ноябрь ойи бошларида, Манитобага қиш кириб қолганда бўлди. Мен курсига ёйилиб, кулбамизнинг яккаю ягона деразасидан кўринаётган даштни, оғилхонамизни томоша қилиб ўтирардим.
Шунда, бир нимага кўзим тушиб, хаёлим бирдан бўлинди, улкан бир жонивор дашт бўйлаб қочиб, бизнинг оғилхонага йўл олди, изидан бир майдагина, ола-була жонивор қувиб келди.
— Бўри! — дедим ўзимга-ўзим, сўнг милтиқни олиб, итга ёрдам бергани югурдим.
Аммо мен боргунимча бўри билан ит оғилхонадан чиқиб қочди. Бўри қорда бир оз югуриб, тўхтади, ўзини ҳимоя қилишга шайланди. Қўшнимизнинг насл-насаби шотланд лайча ити бўрини айланиб чопиб, ҳамла учун қулай вазият пойлади.
Мен бўрини олисдан икки бор нишонга олдим, аммо ҳар икковидаям хато кетдим. Бўри билан ит яна дашт оралаб қувлашиб кетди. Ит бўрига ҳар яқинлашганда, аввало унинг қуймичига ёпишди, ҳар сафар бўрининг ўткир тишларидан қочиб қутулишга улгурди. Бўри ўзини ҳимоя қилиб, дашт бўйлаб кўзига қарамай қочди. Ит уни одам бор жойга қараб қувди, бўри эса мақсадсиз орқасига қараб қочди, шарқ тарафда қорайиб кўринаётган ўрмонларни мўлжаллаб чопди. Улар гоҳ олишиб, гоҳ қувишиб, бир милча йўл босди, ниҳоят, мен уларга етиб олдим, ит менга ишониб узил-кесил ҳамлага ўтди.
Бир неча дақиқа ўтди. Икки жонивор олатасир олишиб, ажрашди, шунда ерда чалқанча ётган бўрига, унинг томоғидан ғиппа тишлаб турган итга кўзим тушди. Мен учун бўрининг бошини нишонга олишдан бошқа иш қолмади.
Қўшнимизнинг бу ғаройиб лайчаси бўрининг жони узилганини билгач, унга қайрилиб қарамадиям. У қорда ликиллаб, эгасининг тўрт милча наридаги фермасига йўл олди.
Лайча ноёб ит эди, у мен бормасам ҳам бир ўзи бўрининг корини қиларди. У ўзидан қудратли бўрини енгди. Кейин билсам, бу унинг ҳаётидаги биринчи воқеа эмас экан.
Мен унинг довюраклигига қойил бўлдим, уни қанча пулга бўлсаям сотиб олишга аҳд қилдим. Аммо қўшним рози бўлмади:
— Йўқ, бўлмайди, яхшиси кучугимни сотиб ола қолинг?
Шундай қилиб, Фрэнк лақабли бу итни сотиб ололмадим, ўрнига бир кучукни истар-истамай сотиб олдим. Шундай зўр итнинг зурриёти бўлмиш бу кучук бир юмалоқ жунга ўхшарди, у кучукдан кўра айиқ боласига келбат берар эди. Аммо унинг Фрэнкникидай оласи бор эди. Тумшуғи атрофидаги олалар унинг Фрэнкдай ит бўлиб етилишига умид туғдирарди.
Энди кучукка от қўйишим қолди. Бу осон. Мен уни Бинго деб атадим.

II

Шундай қилиб, Бинго қишнинг охирини бизнинг кулбамизда қишлади. Такасалтанг, хомсемиз, аҳмоқона ҳаёт кечирди. Ҳаминқадар семириб, кун сайин бесўнақай бўлиб қолди. У ҳатто мушукдан узоқроқ юриш кераклигини ҳам ўйлаб кўрмади. Унинг мушук билан дўст тутинишга уриниши, турган гап, мушукка ёқмади, оқибат, уларни бир неча бор таёқ билан ажратиб қўйишга тўғри келди.
Шунда Бинго ҳаётга жуда эрта мустақил қадам қўйди: кулбани тарк этиб, саройга бориб яшашга аҳд қилди.
Баҳор келгач, мен Бингонинг тарбияси билан жиддий шуғуллана бошладим. Кўп тер тўкдим, Бинго эса кўп қийналди. У ҳадемай менинг амримга биноан даштда ўтлаб юрган қари сариқ молимизни қидириб топиб келадиган бўлди.
Кўп ўтмай, бу иш Бингога ёқиб қолди, у зўр иштиёқ билан молимизни уйга ҳайдаб келадиган бўлди. Имо қилишим билан хушчақчақ ҳуриб, даштга қараб чопди, ердан баланд-баланд сакраб, молимизнинг қаерда ўтлаётганини излади. Хиёл ўтмай молимизни олдига солиб, лўкиллатиб ҳайдаб келди. Молимиз пишқириб, ҳарсиллаб, оғилхона бурчагидаги жойига жойлашгандан кейингина Бингонинг кўнгли тинчиди.
У молни ҳайдаб келишга ҳаддан зиёд берилиб кетмаганда эди, биз уни ўз ҳолига қўйиб қўярдик, лекин у энди Донни лақабли бу молни бизнинг амримизсиз ҳам олдига солиб келадиган бўлди. Охир-оқибат шу даражага бориб етдики, у мол бечорани бир-икки мартаямгина эмас, кунига ўн икки марталаб ҳайдаб келадиган бўлди. Шунчаки югургиси келса ё бекорчи бўлса, ёки хаёли оғса ҳам тўғри даштга қараб югуриб, хиёл ўтмай бечора молимизни олдига солиб келаверди.
Аввал-аввал Бингонинг бу иши фойдалидай туюлди, чунки мол уйдан олислаб кетмай, шу яқинда юради. Кейин-кейин итнинг иши молнинг жонига тегди. Мол ориқлаб, кам сут бера бошлади. Капалаги учиб, теваракка олазарак боқиб, итнинг қачон пайдо бўлишини пойлайдиган бўлди. Эрталаблари оғилдан чиқмай, қўрққанидан даштга ўтлагани боролмайдиган бўлиб қолди.
Бинго ҳаддидан ошиб кетди. Уни йўлидан қайтаришлар самарасиз бўлди, оқибатда уни зўрлаб тийиб қўйишга тўғри келди. У Доннини бошқа қувишга юраги бетламади, лекин молни соғаётганларида оғил оғзида узала тушиб, унга тикилиб ётди.
Ёз келиб, майда чивинлар кўпайиб қолди, улар турли-туман нарсаларни булғаб бошлади. Яна тағин молни соғаётганда унга айланиб, тинчлик бермади, оқибатда мол думини силкий бериб, соғдиргани қўймади.
Молни соғувчи Фред укам мол думини ликиллатмасликнинг йўлини ўйлаб топди. У молнинг думига ғишт боғлаб қўйди, у энди думини силжитмаслигига амин бўлиб, соғишда давом этди. Биз унинг бу ишига ишонқирамай қарадик.
Ишонмаганимизчаям бор экан, кутилмаганда чивинлар айланаётган ердан тарс этган товуш билан сўкиниш эшитилди. Мол бамайлихотир кавш қайтараверди, Фред эса ўрнидан сапчиб туриб, аччиқ билан унга курсини отмоқчи бўлди. Аччиғланмай бўладими ахир, мол думини силкиб, ғишт билан Фреднинг қулоқ-чаккасига солди! Қараб турганларнинг заҳарханда кулгиси эса уни баттар эзди.
Бинго ғала-ғовурни эшитиб, жанжалга аралашишни ўзининг бурчи деб билди-да, молга нариги тарафдан ҳамла қилди. Босди-босди бўлгунча сут ерга тўкилиб, пақир билан скамейка синиб бўлди, мол билан ит эса таёқ остида қолди.
Бечора Бинго нима айб қилганини билолмай ҳайрон бўлди. Ўзи-ку, кўпдан буён молни ёмон кўриб юрарди, энди эса ҳатто унинг оғили эшигига ҳам қарагиси келмай, отхонада ётадиган бўлди.
Мол менинг молим, от эса акамники эди, Бинго оғилни тарк этиб, отхонага кўчиб ўтди, айни вақтда мендан ҳам юз ўгирган бўлди. Шундай қилиб Бинго билан бўлган ошначилигимизга путур етди, аммо у бирор кори ҳол бўлса акамнинг эмас, менинг олдимга келадиган бўлди. Шунда у ҳам, мен ҳам инсон билан ит орасидаги яқинлик фақат нариги дунёдагина барҳам ейиши мумкинлигини англадик.
Бинго яна бир марта подачилик қилди. Бу шу йилнинг кузида Карберри ярмаркасида бўлди. Ярмаркада молларни белгиланган маълум бир жойга ҳайдаб бориш бўйича итлар билан тозилар мусобақаси ўтказилди, ғолиб учун икки доллар қўйилди.
Бир ўртоғимнинг ҳа-ҳаси билан Бингони мусобақадошлар рўйхатига ёздирдим, мусобақа бўладиган куни молни қишлоқ ортидаги даштга ҳайдаб юбордим. Мусобақа бошланганда Бингога мол ўтлаётган тарафни кўрсатиб амр қилдим:
— Бор, молни ҳайдаб кел!
Турган гап, Бинго молни мусобақа ҳакамлари олдига ҳайдаб боришини истадим.
Жониворлар нима қилишни сиз билан биздан яхши билади. Бингонинг жон-жаҳди билан чопиб келаётганини кўрган қари Донни ундан фақат оғилхонага бориб қутулиши мумкин эканини тушунди, Бингонинг яккаю ягона мақсади эса молни иложи борича тезроқ оғилга қамаш бўлди. Бинго худди буғуни қуваётган бўри мисол, молни дашт бўйлаб тўғри оғилга қаратиб қувди, кўп ўтмай кўздан ғойиб бўлди. Мусобақа ҳакамлари на итни, на молни бошқа қайтиб кўрмади. Соврин Бингонинг яккаю ягона рақиби бўлмиш бир тозида кетди.

III

Эрта кўкламдан бошлаб Бингони тарбия қилдим, ҳадемай унинг ўзи менга ақл бўла бошлади.
Бундан икки милча нарида, бизнинг кулбамиз билан Карберри қишлоғи ўртасида фермамизнинг чегарасини кўрсатувчи симёғоч бор. Бу узун, йўғон симёғоч олисдан ҳам кўринадиган кичкина дўнгликка ўрнатилган.
Кунлар ўтиб, шу нарсани сездимки, Бинго бу симёғочни аввал яхшилаб кузатмасдан туриб унинг ёнидан ўтмас экан. Яна бир неча кундан сўнг бу симёғоч олдига чиябўрилар билан қўшниларимизнинг итлари ҳам келиб-кетишини билиб олдим.
Мен неча бор бу симёғоч билан Бингони сирли юришлари боисини билиб олиш учун узун дурбин орқали симёғочни кузатдим.
Билсам, бу симёғоч жониворларнинг ўзаро келишувига биноан адреслар столи вазифасини ўтар экан. Жониворлар ўзларининг ҳид билиш қобилиятлари туфайли яқинда бу ерга қайси биродарлари келиб-кетганини билиб оларкан. Ерга қор тушганда яна ҳам кўп нарсаларни билиб олдим. Бу симёғоч ўлкадаги адреслар столи вазифасини бажарадиган белгиларнинг фақатгина биттаси экан, холос.
Бундай адреслар столи вилоятда жуда кўп экан. Адреслар столи бир-биридан маълум бир масофада жойлашган бўлиб, ҳар бири кўзга тез ташланадиган жисмлардан танланган. Масалан, ё симёғоч, ё катта тошлар. Мен янаям эътибор билан кузатиб, бутун бошли алоқа ўрнатиш тармоқлари борлигини билиб олдим.
Ҳар бир ит ё бўри йўлида учраган адреслар столида тўхтаб, бу ерда яқинда ким бўлганини билиб олади. Бу одат бирор клуб аъзоси шаҳарга қайтиб келиб, унинг йўқлигида клубга кимлар келиб-кетганини билиб олиш учун йўқламалар дафтарини кўздан кечиришига ўхшарди.
Мен Бингонинг симёғоч олдига келиб, теваракни ҳидлаб кузатганини кўрдим. У ҳурпайиб ҳурди, кўзлари ёниб, орқа оёқлари билан ер тирнади. Сўнг кетига хўмрайиб қараб-қараб кетди. Унинг бу қараши маъносини инсоният тилига таржима қилсак, мана бундай бўлади:
«Ғр-р-р, ҳап! Яна ўша Маккарти сассиқ кўппак келибди-да! Ҳап, бу кеча мен унинг кунини кўрсатаман, ҳап-ҳап!»
Бошқа бир куни симёғочни айланиб ҳидлаб, кутилмаганда ғазаби тошди, чиябўрининг изидан жўнади. Кейин билсам, ўшанда Бинго ўзига-ўзи шундай деган экан:
«Бу шимолдан келаётган чиябўри изи, ундан анқиётган ҳид ҳаром ўлган молнинг ҳиди… Тўғрими? Поллуартнинг Бриндл деган қари моли ҳаром ўлибди-да? Буни текшириб кўриш керак…»
У баъзан думини ликиллатиб, симёғочни айланиб чопди, яна қайтиб келди, Брендондан қайтган укаси Билл кўрсин учун изларини кўзга янада аниқ кўринадиган қилиб қолдирди. У ўйлагандек, бир оқшом укаси Билл келиб қолди, ака-ука дийдор кўришганларини нишонлаш учун адирга бориб, бир от ўлаксасини топиб, баҳам кўрдилар.
Шундай вақтлар ҳам бўлдики, Бинго симёғоч олдига келиб, қалбини ларзага солувчи янгиликлар устидан чиқди. Шунда навбатдаги ахборотлар белгисига югуриб, бундан ҳам янгироқ маълумотлар олиш учун шошилди.
Гоҳида симёғочни жиддий эътибор билан кузатиб, ўзича шундай дегандай бўлди: «Бу нима? Бу ким бўлиши мумкин?..»
Симёғочни айланиб, ўзича ўйлади: «Адашмасам, у билан бултур ёзда сувдан сузиб ўтаётганимизда кўришган эдим, шекилли?»
Бир куни эрталаб Бинго симёғоч олдига келганда жунлари ҳурпайиб, думи кўтарилиб, қалтирай бошлади, кўнгли айниб, ўзини ҳаддан зиёд ёмон ҳис қилди. Изни қувишдан кечиб, тўғри ўз маконига йўл олди. Ярим соатча вақт ўтди ҳамки, ўзига келолмади: Яғрин жунлари тикрайиб, кўзлари даҳшат, нафрат билан ёнди.
Мен Бингонинг феъл-атворини, мурод-мақсадини яхшилаб билиб олдим, Бингонинг қўрқув аралаш, «Ғр-р-р! Ҳап!» — деб ириллагани уларнинг тилида «ўрмон бўриси», дегани экан.
Мен Бингодан ана шуларни билиб олдим. Шундан кейин Бинго совуқ ётоғидан чиқиб, керишиб, сержун елкаларига қўнган қорларни силкиниб тўкиб, панжалари билан «тап-тап-тап» ер тепиниб, қоронғилик сари йўл оларди, шунда ўзимга-ўзим айтардим:
«Ҳа, қари кўппак-е! Отхонада ётгинг келмай, қаёққа бораётганингни биламан! Нимага тунлари айни бир вақтда теваракни айланишингни, ўлжа қидириб, қачон, қаёққа бориш кераклигини бунчалик яхши билишингни энди англаб етдим!»

IV

1884 йил кузида де Винтон фермасининг кулбаси михлаб ташлангач, Бинго бошқа жойга кўчди. У энди менинг қўшним ҳам ўртоғим бўлмиш Гордон Райтнинг отхонасида яшай бошлади.
Бинго ўзининг янги маконида биринчи қишни ўтказди, шу вақт мобайнида хўжайиннинг уйига деярли қадам босмади. Фақат бир фалокат бундан мустасно. Ўшанда милтиқнинг гумбурлаган товуши Бингонинг юрагини ёриб юборди. У паноҳ излаб, хўжайинининг уйига қочиб киришга мажбур бўлди.
Бинго доим отхонада тунади, совуқ қаҳрига олган тунлариям отхонадан бери келмади. У тамоман эркин, озодликда яшашни истади.
У тунлари олис-олисларда айланиб юрадиган, бўлди. Кўпчилик уни таниб қолди. Бундан, анча узоқда яшайдиган фермерлар Гордон чолни учратиб, агар унинг ити кечалари яна шундай изғийверса, унда, уни сочма ўқ билан отажакларини айтди. Фермерлар айтганини қилдиям. Шундан буён Бинго милтиқни кўрса ўтакаси ёриладиган бўлиб қолди.
Олис Петрелда яшовчи бир киши улкан ўрмон бўрисини кўрганини, у қиш кечаларидан бирида бир чиябўрини тилка-пора қилиб ташлаганини айтиб берди. У гапида иккиланиб, ўша ўрмон бўриси эмас, Райтнинг ити бўлиши керак, деди.
Қаерда совуқдан ҳаром ўлган ҳўкиз ё отнинг ўлаксаси бўлса, Бинго ўша ерда ҳозиру нозир бўлди, чиябўриларни ҳайдаб юбориб, ўлжани ўзи пок-покиза туширди.
У баъзан узоқ қўшниларимизнинг итлари билан уришгани борадиган бўлди. Бингонинг юриш-туриши қанчалик хавф-хатар остида бўлмасин, биз унинг эсон-омон юришига ишончимиз комил эди.
Бир киши учта боласи бор чиябўрини кўрганини, болалари онасидан кўра улкан, қора туслилигини, тумшуқлари ола эканини айтиб қолди. Дарҳақиқат, мартнинг охирлари чана билан кетаётиб, кутилмаганда шу чиябўрига дуч келдик. Чиябўри сойдан отилиб чиқиб, қоча бошлади. Бизнинг изимиздан қадамма-қадам чопиб келаётган Бинго чиябўрини қувиб кетди. Чиябўрининг югуришига қараганда, у таъқибдан унчалик ҳам ҳайиқаётганга ўхшамасди. Хиёл ўтмай Бинго унга етиб олди, ҳеч қандай олишув содир бўлмади. Аксинча, Бинго у билан дўстона ёнма-ён чопиб, унинг тумшуғини ялади.
Биз ҳайрон бўлиб, Бингони чиябўрига олқишладик. Бизнинг қичқириқларимиз чиябўрини қўрқитиб юборди, у қадамини тезлатди. Бинго яна унга етиб олиб, у билан дўстона искашди.
— Бу она бўри-ку! У она бўрига зиён бермайди! — гап нимадалигини билиб қичқирдим мен.
Охир-оқибат Бингони зўрлаб олиб кетишга тўғри келди.
Шу воқеадан кейин чиябўрилардан балога қолдик, улар ҳафталаб бизга тинчлик бермади, товуқларимизни ўғирлаб қочди, бизнинг йўғимизда деразадан мўралаб, болаларни қўрқитди.
Бинго уйни қўриқлагиси келмай, чиябўриларга эрк бериб қўйди. Ниҳоят, чиябўрини ўлдиришди, Бинго бундан қаттиқ ғазабланди. Чиябўрини ўлдирган Оливерга нисбатан ўзича уруш эълон қилди.

V

Инсон билан ит дўстлиги ажаб, кўнгилни тобловчи иш!
Бутлер олис шимолдаги бир ҳиндулар қабиласи ҳақида гапириб берди. Айтишича, иккита қабила ички низолар оқибатида бир-бирини йўқ қилибди. Жанжал бир қабилага мансуб ҳиндунинг итини иккинчи қабилага тааллуқли қўшниси ўлдириб қўйганидан бошланибди. Бизда ҳам итлар туфайли ички низолар, ҳатто уриш-жанжаллар бўлиб туради, лекин биз: «Эгасини иззат қилган — итиниям иззат қилади», деган қадимги таомилга амал қиламиз.
Қўшниларимиздан бирининг Тан лақабли ажойиб бир тозиси бор эди. Қўшнимиз уни оламдаги энг яхши, энг ажойиб ит деб билар эди. Мен қўшнимизни ҳурмат қилардим, шу боисдан итиниям иззат қилардим. Бир куни шу Тан оғир яраланиб, уйига зўрға эмаклаб келди, остонадаёқ зорланиб ингиллай бошлади. Қўшнимиз қаттиқ қайғуриб, агар Тан ўлиб қолса, унинг учун қасос олишга тайёр эканини билдирди. Мен қўшнимизга ҳамдардлик билдириб, ўша золимни қидириб топишга тушдим, унинг боши учун ширинкома атадим. Кўп ўтмай, жануб тарафимизда яшовчи ҳар уч одамнинг биттаси бу разил ишда иштирок этганини аниқладим. Биз уларга даъво қилдик, аблаҳларни бечора Таннинг машъум ўлими учун жавобгарликка тортмоқчи бўлдик.
Бироқ фавқулодда бир ҳодиса содир бўлиб, менинг даъволаримни бутунлай чиппакка чиқариб юборди, мен учун тозининг ўлими кечириб бўлмайдиган разиллик эмас, балки босди-босди қилиб юборса бўладиган шунчаки бир жиноятдек туюлди.
Гордон Райтнинг фермаси жануб тарафга чўзилиб кетган эди. Мен бир куни қотилни излаб шу ёқларга бориб қолдим. Гордоннинг укаси нима мақсадда юрганимни пайқаб, мени четга тортди, теваракка ғамгин аланглаб, дардли овозда деди:
— Танни Бинго ўлдирди…
Шу бидан югуриб-елишларимни бас қилдим, шу дақиқадан эътиборан, адлиячиларни чалғитишга уриндим.
Мен Бингони аллақачон қўшнимизнинг ихтиёрига бериб юборган эдим, лекин у билан ҳалиям дўстона алоқамиз бор эди, энди дўстлигимизни яна бир бор амалда кўрсатишга тўғри келиб қолди.
Кекса Гордон билан Оливер қалин ошна эдилар. Улар қиш ўрталаригача биргалашиб ўрмон кесдилар. Кейин Оливернинг қари оти ўлиб қолди, у от ўлигини судраб, даштга олиб бориб ташлади, унга бўриларга мўлжалланган заҳар сепиб қўйди.
Бечора бизнинг Бингомиз! У бўриларча яшашни истарди, оқибатда уям бўриларнинг кунини кўриб, ҳаёти доим хавф-хатар остида кечарди. Бинго ҳам бўрилар каби от ўлигини яхши кўрарди. У шу кечаси ҳам Райтнинг Керли лақабли ити билан от егани жўнади.
От теварагидаги базми жамшид ниҳоясига етди, заҳар ўз кучини кўрсатиб, улар йўлда оғу таъсирида бўлганича бўлишиб, маконларига зўрға етиб келди. Керли эгаси Гордоннинг оёқлари остига ўзини ташлаб, азоб-уқубатда жон берди.
Эгасини иззат қилган — итиниям иззат қилади!
Турли хил ўз-ўзини оқлашлар, фалокатга йўйишлар фойда бермади. Бингонинг Оливерга нисбатан бўлган эски нафрати янада олов олди. Райт билан Оливернинг ҳамкорликда ўрмон кесиш ишлари барҳам еди, ўрталаридаги ошначилик иплари узилди. Керли ўлими туфайли ҳали-ҳамон давом этиб келаётган икки қарама-қарши гуруҳ пайдо бўлди.
Бинго бир неча, ой деганда оғу заҳридан фориғ бўлди. Биз у энди бурунги довюрак, қудратли Бинго бўлолмайди, деган қайғуда эдик. Аммо у баҳор келиши билан яна куч-қувватга тўла бошлади.

VI

Ҳаётимдаги баъзи бир ўзгаришлар Манитобадан олис-олисларга кетиб қолишимни тақозо этди. 1886 йилда яна қайтиб келсам, Бинго ҳалиям Райтнинг уйида юрган экан. Мен икки йиллаб бу ерда бўлмадим. Бинго мени эсидан чиқариб юборган бўлса ҳам керак, деб ўйлаган эдим. Йўқ, ундай эмас экан. У қиш бошида икки кунлаб ғойиб бўлиб кетиб, учинчи куни йўғон қозиқли бўри қопқонни судраб келди. Қопқонга тушган оёғини совуқ олиб, тошдай қотиб қолган эди. Уни қопқондан халос этишга ҳеч кимнинг юраги бетламади, чунки ким олдига яқин борса ириллайверди. Шунда мен унга яқинлашиб, бир қўлим билан оёғини, бир қўлим билан қопқонни ушладим. У менинг қўлимга оғиз солди.
— Бинго, мени танимаяпсанми?
У дарров қўлимни қўйиб юборди. Қопқонни оёғидан олаётганимда кўп ингиллади, аммо қаршилик қилмади. У мени кўпдан буён кўрмаган бўлса-да, аммо мени ўз эгаси деб билди. Гарчи уни бировлар ихтиёрига бериб юборган бўлсам-да, мен ҳам уни ўзимнинг итим деб билдим.
Гарчи Бинго истамаса-да, барибир уни уйга олиб киришди, ичкарида оёғига ёпишган музлар эриб тушди. У бутун қиш давомида оқсаб юрди, совуқ олган иккита бармоғи қуриб, узилиб тушди. Кунлар исиши билан у яна куч-қудратга тўлди.

VII

Мен ўша қишда қопқон билан жуда кўп бўри, тулки тутдим. Баҳор келгандаям қопқонларни йиғиб олмадим, чунки йиртқичларни йўқ қилаётганим учун пул олар эдим.
Кеннеди текислиги қопқон қўйишга қулай ер, чунки ундан одам юрмайди. Текислик қуюқ, зич ўрмонлар орасида жойлашган. Мен у ерда овда бўлиб кўп мўйна топганман.
Апрель охирларида шу текисликка йўл олдим.
Маълумки, бўри қопқон пишиқ темирдан ясалади. Бўри қопқонда иккита пружина бўлиб, ҳар бирининг кучи юз фунтга баравар келади. Ҳар бир кўринмас тузоқ теварагига тўрттадан қопқон қўйилиб, қозиққа яхшилаб боғлаб ташланади. Шундан сўнг устидан қум сепиб, яхшилаб бекитиб қўйилади.
Қопқонларимнинг бирига чиябўри илиниб қолди. Мен уни таёқ билан бир уриб ўлдириб, ўлигини четга отиб юбордим. Яна қопқон қўя бошладим.
Ҳадемай қопқон тайёр бўлди. Қопқонни бурайдиган бурагични отим турган тарафга отиб юбордим, шундай ёнимдаги майда қумларга кўзим тушиб, уни кафтларим билан сидириб олмоқчи бўлдим.
Қандай аҳмоқона хаёлга борибман-а! Қандай тентакларча довдирлик қилибман-а! Бу майда қумлар остида қопқон бор экан, мен қопқонга тушиб қолдим!
Хайрият, шакастланмадим, чунки бу қопқоннинг тиши йўқ эди. Аммо қалин ов қўлқопим ғижим бўлди, қўлим темир исканжасида озор чекди.
Парво қилмадим, ўнг оёғимни бурагичга узатдим. Оёғимни иложи борича чўзиб узатиб, учи билан бурагични илиб олмоқчи бўлдим. Бурагичга бир вақтнинг ўзида ҳам оёқ узатиб, ҳам қараб бўлмас эди. Шу сабабли қарамай, оёғим учи бурагичга тегишини кутиб узатавердим.
Аввал уринишларим самара бермади. Оёғимни қанча узатмайин, бурагичга етказа олмадим. Оёғимни уёқ-буёққа силкидим, фойдаси бўлмади. Ўнг оёғимни узатиб, силкийвериб, чап оёғимни эсдан чиқариб қўйибман. Чап оёғимни учинчи қопқон шиқ этиб ўз исканжасига олмагунича уни ўйламабман.
Ҳолим хароб бўлганини ҳадеганда тушунавермадим, сўнг, қопқондан қутулиб кетолмаслигим аниқ эканини англаб етдим. Қопқонлардан қутулиб кетиш уёқда турсин, уларни ҳатто ўрнидан қимирлата олмадим. Ерда узала тушиб ётавердим.
Энди ҳолим нима кечади? Кун илиқ, музлаб қолишдан қўрқмасам ҳам бўлади. Лекин шундай ётавераманми? Кеннеди текислигига қишда дарахт кесувчилар келиб кетишини айтмаса, бошқа вақт ҳеч ким келмайди. Бунинг устига, менинг қаёққа кетганимни ҳеч ким билмайди, демак, қопқондан чиқолмасам мен ё бўриларга ем бўламан, ё очимдан ўламан!
Шундай ётавердим, қуёш қизариб, ботқоқликдаги қарағай буталари ортига оғиб кетди. Бир-икки қадам наридаги дўнгликда бир тўрғай оқшом қўшиғини куйлади. Қайси бир оқшом кулбамиз эшиги олдида ҳам тўрғайлар худди шундай ашула айтиб эди. Қўлимда оғриқ турди, аъзойи баданим совуқ қотди, шундай бўлса-да, қушларнинг қулоқлари устидаги узун, тарам патларини томоша қилиб ётдим. Кейин, хаёлим оқшомлари Райтнинг уйида бўладиган дастурхонга кетди. Ўзимча, ҳозир улар ё кечки овқатга чўчқа гўшти қовуряпти, ё аллақачон стол атрофида ўтирибди, деган хаёлга бордим. Отимнинг югани ерга осилиб, мени уйга олиб кетиш учун кутиб тураверди. У менинг бунчалик узоқ қолиб кетишим сабабини билолмади, овоз бериб чақирсам, ўтдан бошини кўтариб, менга анграйиб, ҳайрон бўлиб қараб тураверди.
У уйга борса яхши бўларди! Ёнига оғиб қолган эгарни кўрганлар менинг бир фалокатга йўлиққанимни биларди. Кейин излаб келишиб, мени олиб кетарди. Аммо у менга содиқ қолиб, мени соатлаб кутди, мен эсам очимдан ўладиган бўлиб қолдим.
Шунда мен кекса бўри овловчи Жирунинг ҳалокатини эсладим.
Қари овчининг ўртоқлари унинг суякларини келгуси баҳорда оёғи айиқ қопқонга қисилган ҳолда топиб олган эдилар. Мен, борди-ю, оламдан ўтсам, ўртоқларим суякларимни қайси кийимларимдан билиб олишини ўйлай бошладим…
Хаёлимга фавқулодда фикр келди: қопқонга тушган бўри мана шунақа азобларни бошидан кечирар экан-да! Уларни қанчалар қийнабман! Мана энди яратганнинг ўзи менгаям кўрсатди…
Аста-аста тун чўка бошлади. Қаердадир чиябўри увиллади. От қулоқларини динг қилиб, менинг олдимга келиб, бошини эгиб турди. Бўрилар бири қўйиб бири увиллади. Улар шу яқин бир жойга йиғилаётганини сездим. Нима қилишимни билмай, чўзилганимча ётавердим. Бўрилар ҳозир буёққа келиб, мени тилка-пора қилиб ташласа жуда яхши бўларди, дея ўйладим ўзимча.
Бўриларнинг бир-бирини чорлаб увиллашини узоқ эшитиб ётдим, сўнг уларнинг қоронғиликдаги қора шарпаларига кўзим тушди. Бўриларни энг аввал от кўрди, пишқириб, уларни бир оз нари кетишга мажбур қилди. Бироқ бўрилар яна қайтиб келиб, узоқдан атрофимни ўраб олди. Бир ботирроғи ҳали мен четга отиб юборган чиябўри жасади олдига келиб, уни тортқилаб кўрди. Мен бўрига бақирдим, у ғингшиб, нари кетди. Яна қайтиб келиб, бир оз тимискиланиб турди, ниҳоят, жасадни судраб олиб кетди. Бўри бўрини еди.
Кейин улар менга яқинроқ келиб, теварагимни ўраб ўтирди. Энг довюраги милтиғимни искаб, унга тушган тупроқларни сидириб ташлади. Мен унга бўш турган оёғимни силкиб, бақирдим, бўри нари кетди, индамаётганимни билиб янада ботирроқ бўлди, ҳатто тўғридан-тўғри юзимга тикилиб ириллади. Буни кўрган бошқалариям дадил бўлиб, ириллади, янада яқинимга кела бошлади. Мен энди ўлдим, тилка-пора бўлдим, деб ўйладим. Шунда бирдан зим-зиё тун бағридан бошқа бир улкан, қоп-қора бўри увиллаб пайдо бўлди.
Бўрилар тумтарақай бўлиб қочди, биттасини янги келган улкан бўри ушлаб олиб, шу дақиқадаёқ жонсиз жасадга айлантирди. Шундан сўнг бу қўрқинчли йиртқич… Уҳ, қандай даҳшат… бу йиртқич менга ташланди… Қарасам, ўзимнинг Бингом майин жунли ёнлари билан менга суйкаляпти, совуқда қотган юзимни ялаяпти…
— Бинго… Бинго! Эски қадрдоним… бор, бурагични олиб кел!
У югуриб бориб, милтиқни судраб келди.
— Йўқ, Бинго… бурагични деяпман!
У яна чопиб кетиб, бу сафар камаримни олиб келди. Ниҳоят, бурагични ҳам топиб келди, айтганимни топиб келганини кўриб, қувончидан думини ликиллатди.
Бўш қўлимни узатиб, жуда қийинчилик билан қопқон винтини бурадим. Қопқон очилиб, қўлим озод бўлди, бир дақиқалардан кейин ўзим ҳам бутунлай озод бўлдим. Бинго отни олдига солиб келди. Бир оз ҳаракат қилгач, қоним юриша бошлади, сўнг отга миндим. Йўлда аввал аста-аста юрдик, кейин чопдик. Бинго олдинда бор овози билан тантанали ҳуриб, бизнинг келаётганимизни маълум қилиб юра бошлади. Уйга келиб эшитсам, жонивор Бинго шу оқшом кўп безовта бўлибди. Ириллаб, ўрмон йўлидан кўзини узмабди. Қоронғи тушгач эса, уни қанчалик ушламасинлар, барибир қўлдан қочиб чиқиб, қоронғиликда кўздан ғойиб бўлибди.
Менинг содиқ Бингогинам! У кучуклигида шундаям бир ажабтовур эди! Бир қарасанг туппа-тузук эди, яна бир қарасанг, сенга қиё ҳам боқмасди. У умрининг охиригача шундай бўлиб қолди.
Умрининг охиригача бўриларча ҳаёт кечирди, бўрилар одатига амал қилиб, қишда нобуд бўлган отларни қидириб топди. Худди шу одати унинг бошига етди. У заҳарланган от ўлигини топиб олиб, уни бўриларча очкўзлик билан еди. Сўнг ўлим азобида қийналиб, Райтникига эмас, йўқ, менинг кулбам остонасига келди.
Эртаси куни уйга қайтиб келиб, Бингонинг қор устида узалиб ётган жасадини кўрдим. У умрининг сўнгги дақиқасигача менинг итим бўлиб қолди, ўлим азобида мендан мадад сўради. Афсус, кеч бўлган эди.

Тоғай Мурод таржимаси