Эдгар Аллан По. Вақт ўроғи (ҳикоя)

Нега бунча қайғурасиз,
Эй, ноёб гўзал!
Ж. Мильтон. Қомус

Ажойиб, фусункор шаҳар Эдинани сайр этишга чиққанимда оромли, фараҳбахш оқшом тушаётган эди. Кўчалар гавжум, ҳар ёнда ғала-ғовур, одамлар бир-бирига туртиниб-суртиниб, қаёққадир ошиқишади. Хотин-халаж бақириб-чақиришади. Болалар қийқиришади. Чўчқалар чийиллаб, хуриллашади. Аравалар ғижирлайди. Ҳўкизлар бўкиришади. Сигирлар мўърашади. Отлар кишнашади. Мушуклар миёвлашади. Итлар қувалашиб ўйнашади. Эвоҳ, мен эсам ўйнаёлмайман. Бундан жуда маъюсландим. Ҳа, ҳаёт ўзи шунақа. Даҳо ва шоиртаъб одам қалби, айниқса даҳо қалби, ниҳоятда ҳавасни келтирувчи, кўнгилни суст кеткизувчи, йўқ, дилни шайдо қилувчи, мафтункор, ҳаётбахш гўзалликдан (ўқувчи мени афв этсин), оламдаги энг эзгу ҳусну малоҳатдан таъсирланаверадиган бўлади; шоир қалби тинимсиз, доимий, узоқ давом этувчи, аччиқ, изтиробли, ташвишли, мусаффо, илоҳий, самовий, кўтаринки, ҳа, инсонни кўкларга кўтарувчи ва поклантирувчи нафосат қудратини ҳис қилиб яшашга маҳкум этилган. Шоир қалбида бот-бот энг ширин хотиралар ғужғон ўйнайди. Аммо узр, гапга маҳлиё бўлиб кетдим. Такрор айтаманки, доҳиёна, шоирона қалбда энг арзимас нарса ҳам бир олам хотиралар уйғота олади. Итлар ўйноқлашарди, мен эса бунга қурбим етмасди! Улар қувнашарди — мен эса йиғлардим. Улар яйрашарди — мен эсам аччиқ-аччиқ йиғлардим. Ҳаяжонли манзара! Бу манзара маърифатли ўқувчига, албатта, маълум ва машҳур Чой-Ич-Сан ёзган дурдона хитойча романни учинчи жилдида тасвирланган бутун олам уйғунлиги ҳақидаги гўзал сатрларни эслатиши турган гап.
Шаҳарни ёлғиз томоша қилиб юрган пайтимда, иккита жуда ювош ва жуда садоқатли ҳамроҳим бор эди. Бири — ширингина бароқ кучугим Диана эди. У бирам ажойиб, бирам ажойиб эдики! Биттаю битта кўзининг устини бир тутам юнг қоплаган, бўйнига нозик қилиб ҳаворанг шойи бант боғланган. Буйи беш дюймдан ошмас, бутун жуссасидан боши каттароқ эди; кесилган, калта думи уни жуда ширин, жуда беозор, худди бегуноҳ ранжитилган ёш боладай қилиб кўрсатарди.
Занжи қулим Помпей, садоқатли Помпейни айтмайсизми? Уни қандай унутиб бўлади? Ҳа, мен Помпейнинг қўлига оғирлигимни ташлаб борардим. Унинг бўйи уч фут (аниқликни яхши кўраман), ёши етмишда; эҳтимол саксондадир? У маймоқ ва жуссадор эди. Оғзи шалпанг қулоғига етарди. Аммо тишлари оппоқ дурдай, чақчайган кўзининг оқи ярқираб туради. Табиат унга бўйин ато этмаган, тўпиғи билан оёғининг учи қўшилиб кетгандай кўринади (ҳабашларнинг оёғи одатда шунақа бўлади). Эгни-боши жуда одми. Тўққиз дюймли бўйинбоғу мовут пальто — бор-йўқ кийими шу эди. Илгари бу пальто қадди-қомати келишган жаноб Пулберманники эди. Жуда ажойиб пальто эди-да ўзиям! Бичимини айтмайсизми! Ҳайтовур уни яп-янги десаям бўларди. Ифлосланмасин деб Помпей пальтосининг барини сал кўтариб юрарди.
Биз учовлон эдик. Иккитамиз кимлигимизни юқорида тавсиф этдим. Учинчи зот эса — каминанинг ўзи, яъни Рухия Зенобия хоним эдилар. Баъзи ҳасадгўйлар мени Рухия Жанубия деб аташади. Қоматимга бир қараган одам ўзини йўқотиб қўяди. Ўша куни эгнимга алвонранг атлас кўйлак билан мовий, ҳарир арабий қабо кийган эдим. Алвон кўйлагим яшил тўқа-илгаклар ва етти жойида норинжранг гулли нафис кашта билан безалганди. Хуллас, учинчи шахс — камина эдим. Демак, бароқ итим бор эди. Помпей бор эди. Ўзим эса учинчи одам эдим. Хуллас, биз учовлон эдик. Ахир қасос маъбудалари ҳам даставвал учта экан — Мельти, Нимми ва Хетти — Тафаккур, Хотира ва Умр эгови бўлган экан.
Алқисса, камина назокатли занжи қулимнинг қўлига салгина суянганимча ҳозир ҳувиллаб қолган Эдина шаҳрининг у пайт гавжум бўлган кўчаларини сайр қилиб юрардим, итим Диана менга яқинлашишга журъат қилмай, одоб сақлаганича орқамдан соядай эргашарди. Тўсатдан рўпарамда баланд жоме черкови кўринди. У жуда маҳобатли, қадимий, қуббасининг найзаси кўкка санчилган. Шу пайт ғалати, телба бир истак вужудимни чулғаб олди. Қазои тақдирим сари бунчалар шошмасам? Бош айланадиган даражадаги баландликка чиқиб, ўша ердан маҳобатли шаҳарни томоша қилиш истаги кўнглимни эгаллаб олди. Қаср дарвозаси очиқ, гўё мени ичкарига таклиф қилаётгандай туюларди. Шу тобда тақдирим ҳал бўлаётганди. Гумбазлар остидаги қоронғи, совуқ гўшага қадам қўйдим. Мабодо, халоскор фаришталар борлиги рост эрса, менинг фариштам қаерларда юрганикин? Ахир у мени бу йўлдан асраб қолмасмиди? Мабодо! Нақадар қисқа, лекин машъум сўзсан! Сенинг ҳарфларингда олам-олам сирлар, маънолар, шубҳа, гумон ва номаълумлик яширинган! Ҳа, гумбазлар остидаги қоронғи гўшага қадам қўйдим! Норинжранг кўйлагим этагини ҳеч нарсага тегизмай, авайлаб тутганча пештоқ остидан ўтиб, қаср остонасида туриб қолдим. Айтишларича, уммон сувлари остидё ҳайбатли Наҳри Қулзум ҳеч нарсага халал бермай, ҳатто ҳўл бўлмай оқар экан.
Айланма зиналарнинг охири кўринмасди. Айланма! Ҳа, зиналар айланар ва кўтарилар, айланар ва кўтарилар, айланар ва кўтарилар эди… Шу пайт менинг ҳамда содиқ занжи қулим Помпейнинг хаёлимизга ғалати бир гумон келиб қолди: бу адоқсиз зиналарнинг адоғига етмай туриб, тасодифан ёки қасддан сўнгги қисми олиб ташланган бўлса-я? Нафасни ростлаш учун бир зум тўхтадим… Худди шу пайт ғаройиб бир воқеа юз бердики, у ҳам ахлоқий, ҳам фалсафий маънода муҳим аҳамиятга молик бўлгани учун бу ҳақда индамай ўтолмайман. Диана итимнинг хатти-ҳаракатлари менга ғалати кўринди (йўқ, янглишаётганим йўқ, чунки мен бир неча лаҳза итимнинг қилиқларини диққат билан кузатиб турган эдим-да). Ҳа, итимнинг хатти-ҳаракати мени ташвишга солиб қўйди (такрор айтаман, мен янглишаётганим йўқ). Худди шундай — Диана бу ерда каламуш борлигини сезган эди! Мен бу гумонимни дарров Помпейга айтган эдим, у ҳам фикримга қўшилди. Хуллас, бу ерда каламуш борлиги сезилди — буни Диана сезиб қолди.
Ё, қудратингдан! Шу лаҳзаларда қанчалик ҳаяжонланганимни айтиш қийин. Эвоҳ! Мақталган, улуғланган инсон ақл-заковати оёғимиз остидаги шу кичкина шарпани сезишга ҳам етмайди-ю, бунга итнинг ақли етибди-я. Доҳиёна, шоирона қалб эгаси бўлган менинг ақлим шу кучукнинг ақличалик эмас экан-да! Айтишларича, Пруссия райҳони баъзи одамлар учун жуда хушбўй, баъзи одамлар учун эса мутлақо бўйсиз бўлар экан.
Ниҳоят зиналарнинг охири кўринди; сўнгги майдончага етишга уч-тўрт зина қолган эди. Биз яна олға юрдик ва охирига етишимизга атиги бир қадам қолди. Бир қадам! Кичкинагина бир қадам-а! Ҳаётнинг буюк пиллапоясида бир қадам босишимиз бизга нақадар улуғ бахт-саодат ёки қайғу-кулфат келтириши мумкин! Шу чоғ ўзимни ўйладим, Помпейни ўйладим, бошимиз узра оқ соя ташлаган сирли ва англаб бўлмас тақдир қанотини ўйладим. Помпейни ўйлар эканман, унга меҳрим товланиб кетди. Одамни йўлдан оздирган ва бундан кейин ҳам оздирадиган жуда кўп сохта қадамларни ўйладим, ўзимни тийишга, эҳтиёт бўлишга аҳд қилдим. Қўлимни Помпейнинг қўлидан секин ажратволдим ва унинг ёрдамисиз ўзим сўнгги зинага қадам босиб, қўнғироқхонага кўтарилдим. Бироқ итим ҳам лип этиб ёнимга чиқди. Помпей орқада қолди. Зинапоянинг юқорисида туриб, унга далда бердим. У менга қўлини чўзди ва бахтга қарши пальтосининг барини қўйиб юборди. Эвоҳ, тақдир бизни таъқиб қилишини қўймади. Помпей рўдапо пальтосининг ерга тушган этагини билмасдан босиб олди ва қоқилиб, олдига мункиб кетди. Қулаётиб, боши билан менинг сийнамга урилди, оғирлиги билан мени ҳам қўнғироқхонанинг зах ва ифлос полига ағнатиб юборди. Лекин мен шу заҳоти ундан ўчимни олдим. Занжининг қалин, жингалак сочларини иккала қўлим билан чангаллабг юлиб ташладим, бу қаттиқ жингалак сочларни тутамлаб-тутамлаб узиб- узиб олдим-у, жирканиб отиб юбордим. Соч тутамлари қўнғироқ арқонларига ёпишиб, осилиб қолди. Помпей ўрнидан турди ва чурқ этиб оғиз очмади. У фақат кўзларини катта очганча менга аянчли боқар экан, оғир хўрсиниб қўйди. Ё раббий, бундай хўрсинишни умрим бино бўлиб кўрмагандим, шунинг учун у кўнглимни жимирлатиб, ўртаб юборди. Анови осилган сочлар, юнгларни айтмайсизми? Бу соч тутамларига бўйим етганидайди, уларни афсус ёшларим билан ҳўллардим. Лекин, эвоҳ, уларга энди етиб бўлмасди. Мана шу соч тутамлари қўнғироқ арқонлари билан чайқалар экан, назаримда худди жонлидай туюларди, бу сочлар ғазабдан тикка бўлгандай эди. Айтишларича, Ява оролида ўсадиган Хаппи денди Флое Аерис ўсимлиги жуда чиройли гуллар экан ва томири билан юлиб олинганидан кейин ҳам сўлимас экан. Ўша ердаги аҳоли бу ўсимликни шифтга осиб қўяр ва бир неча йилгача унинг бўйидан лаззат олишар экан.
Биз яна ярашдик ва Эдина шаҳрини яхшироқ томоша қилиш учун тузукроқ тешик-ёриқ қидира бошладик. Бу ерда дераза, равоқ йўқ эди. Қоронғи хонага полдан етти фут баландликдаги, тахминан бир фут келадиган тўртбурчак туйнукдан бир тутам нур, ёруғлик кириб турарди. Аммо чинакам даҳо куч-ғайрати нималарга қодир эмас дейсиз? Мен ана шу баланд туйнукка етишга аҳд қилдим. Туйнук остида соат механизмининг жуда кўп парраклари, тишли ғилдираклари ва бошқа сирли қисмлари жойлашганди, туйнук ташқарисида эса мана шу механизмдан борган узун темир ўқ, кўриниб турарди. Паррак, ғилдираклар билан девор ўртасига одам аранг сиғар эди — лекин мен ўжарлик билан яна ўша истагимда собит туриб олдим. Помпейни ёнимга чақирдим.
— Анови туйнукни кўряпсанми, Помпей? Мен ўша ердан қарагим келяпти. Шу туйнук тагига келиб тургин. Мана бу ерга. Қўлингни чўз, анави ерга ўтиб олай. Яхши, энди нариги қўлингни узатсанг, елкангга чиқиб туриб оламан-да, томоша қилавераман.
Занжи қулим барча истакларимни бажо келтирди. Унинг елкасида яхшилаб ўрнашиб олгач, бояги туйнукдан бемалол бошимни чиқариб, ташқарига қарашга имкон туғилди. Кўз ўнгимда ажойиб манзара намоён бўлди. Ниҳоятда ажойиб томоша эди бу. Фақат Диана итимга жойингда тек тур, деб ёлғондакам пўписа қилиб қўйдим. Помпейни эса аяб, елкангни эзвормаяпманми, дея тасалли бердим, энди сенга ҳар доим яхши гапираман, деб кўнглини кўтардим. Шу тариқа қўлимга бир оз илтифот кўрсатиб, туйнук нарёғидаги ажойиб манзарани шавқ билан томоша қила бошладим.
Гапни майдалаб ўтирмай. Эдинбург шаҳрини таърифламай қўяқолай. Ҳаммангиз Эдинбургда, қадимги Эдинада бўлгандирсиз. Мен фақат ўз бошимга қандай кулфат орттирганимни лўнда қилиб айтиб қўяқолай. Шаҳарнинг қаёқдан қаёққача чўзилганини, қандай ерда жойлашганлигини, умумий қиёфасини мароқ билан кўздан кечиргач, ўзим турган ибодатхона биносини, унинг қўнғироқхона минорасининг нозик архитектурасини ҳам кўришга улгурдим. Аён бўлишича, мен бошимни чиқазиб турган туйнук улкан соатнинг кафтгирида жойлашган экан ва у пастдан қараганда гўё француз чўнтак соатидагига ўхшаш, калит солиб бурайдиган тешикчадай кўринса керак, деб ўйладим. Шубҳасиз, бу туйнук зарур бўлиб қолганида соатсоз уста қўлини ташқарига чиқариб, соат милини тўғрилаб қўйиш учун қилинган, деган фикрга келдим. Соат милларининг нақадар катта- лиги мени ҳайрон қолдирди. Чўзиқроқ милининг узунлиги камида тўққиз фут, кенглиги энг катта жойида тўққиз дюйм келарди. Кўринишдан бу миллар қаттиқ пўлатдан ясалган ва четлари қилич дамидай юпқа эди. Мана шунга ўхшаш тафсилотларни билиб олгач, яна қуйида ястанган шаҳарнинг улуғвор манзарасини кузатиб, мушоҳада қила бошладим.
Бир неча дақиқадан кейин Помпейнинг овози томошанинг белига тепди. У ортиқ бардош беролмаслигини айтйб, марҳамат қилиб, пастга тушсангиз яхши бўларди, дея ялина бошлади. Унинг бу талаби аҳмоқона эканлигини эринмай тушунтирдим. У ғудурлаб жавоб берди, аммо гапимни унчалик уқмас эди. Охири ғазабланиб, юзига шартта «аҳмоқсан» дедим. «Игнорамусга йўл қўйиб, тиланчилик қиляпсан, сенинг тушунчаларинг барчаси «инсоммари явис», сўзларинг эса «аниманимажмуа»дан бошқа нарса эмас, деб жеркиб бердим. Шундан сўнг занжи қулим қаноат ҳосил қилди шекилли, жимиб қолди, мен томошани давом эттирдим.
Даҳанаки жангимиздан кейин ярим соатча ўтгач, оёғим остидаги мафтункор манзарага маҳлиё бўлиб турганимда, бўйнимнинг орқасига совуқ бир нарса келиб текканидан сесканиб кетдим. Қанчалик қўрққанимни айтмай қўя қолай. Ҳарҳолда оёғим остида содиқ занжи қулим Помпей турганлигини, хонанинг нариги бурчида Диана итим фармонимга мунтазир бўлиб, диккайиб ўтирганини билардим. Бўйнимга теккан совуқ нарса нима бўлиши мумкин? Эвоҳ! Тез орада бунинг нима эканлигини билдим. Бир оз қайрилиб, минора соатнинг минутларини кўрсатадиган, баҳайбат қиличга ўхшаган ярқироқ мили циферблат атрофида силжиб келиб бўйнимга етиб қолганлигини кўриб, даҳшатга тушдим. Ўзимни орқага ташладим — лекин вақт ўтган эди. Бошим аллақачон даҳшатли қопқонга тушиб қолган ва бу қопқон тобора қисилиб, ажалдай тезлашиб келарди. Мана шу лаҳзаларда қўрқувдан музлаб қолганимни тасаввур этиш қийин. Чиқмаган жондан умид, деб, қўлимни юқорига тираб, маҳобатли пўлат тасмани кўтариб, бошимни чиқариб олишга жон-жаҳдим билан уриниб кўрдим. Лекин бу пўлат тасмани кўтаришга уриниш бутун қасрни кўтаришга уриниш билан тенг эди. Пўлат шамшир тобора яқинроқ, янада яқинроқ, тағин ҳам яқинроқ кела бошлади. Занжи қулим Помпейни ёрдамга чақирдим. Аммо у: «Бекам, мени қари овсар деб, гадойлик қиляпсан, деб хафа қилдингиз», деди. Жоним борича қичқириб, Дианани чорладим. Аммо у «ўзингиз бурчакда қимирламай ўтир» дедингиз-ку, дегандай, вовуллаб қўйди. Хуллас, йўлдошларимдан мадад кутиш беҳуда эди.
Шу орада оғир, маҳобатли ва даҳшатли Вақт Ўроғи ўзининг тўхтовсиз ҳаракатини давом эттираверди (бу классик иборанинг мана шундай том маъно касб этишини энди сездим). Ўроқ тобора пастга туша бошлади. Унинг дами ўткир қирраси бўйнимга бир дюймча кириб борди ва менинг хаёлларим айқаш-уйқаш бўлиб, ҳушим оға бошлади. Энди ўзимни гоҳ Филадельфияда, доктор Пулберман ҳузурида, гоҳ жаноб Блеквуд қошида қимматли маслаҳатлар олаётган ҳолатда кўра бошладим. Сўнгра бирдан бахтиёр кунларим хаёлимда жонланди. У замонлар бутун олам менга саҳро эмас, чаманзор эди, занжи қулим Помпей ҳам ҳозиргидай тошбағир эмас, беозор эди.
Соат мурватларининг чиқиллаши кўнглимга хуш ёқа бошлади. Ҳа, хуш ёқа бошлади, чунки ҳозирги ҳолатимдан сармаст эдим, ҳар қандай арзимас нарсалар ҳам энди менга ҳузур, ором берарди. Соатнинг тинимсиз чиқ-чиқ, чиқ-чиқ қилиши қулоғимга худди мафтункор мусиқадай эшитилар, ҳатто бу товушлар доктор Оллаподнинг ваъзларини эслатарди. Циферблатдаги йирик рақамларни айтмайсизми? Улар кўзимга ниҳоятда ақлли, доно кўринарди. Рақамлар мазурка рақсига туша кетди, менга айниқса V рақамининг рақси жуда хуш ёқди. У шубҳасиз, аъло тарбия олган кўринарди. Унда заррача тўпорилик, заррача такаббурлик йўқ эди. У ўзининг ўткир учида чир айланиб, бирам ажойиб пируэтлар қилар эдики! Назаримда у рақсга тушавериб чарчаган кўринди, унга курси таклиф қилмоқчи бўлдим, аммо бу ишни уддалолмаслигимга, чорасиз аҳволда эканлигимга ақлим етди. Ҳа, чиндан чорасиз аҳволда эдим! Соат ўқи бўйнимга энди икки дюймча ботган эди. Оғриғига чидаб бўлмасди. Тезроқ ўлишимни тилардим, даҳшатли оғриқ ичида беихтиёр шоир Мигель де Сервантеснинг испанча икки мисра шеъри хаёлимга келди.
Аммо олдинда мени бундан ҳам даҳшатли азоблар кутарди, бу азобларга асаблари пўлат одам ҳам чидаш беролмасди. Соат ўқи босими билан кўзларим чаноғидан чиқа бошлади. Кўзсиз одам қандай яшаёлади, деб ўйлаб улгурмасимдан бир кўзимнинг қорачиғи отилиб чиқиб, қўнғироқхона томининг нишаб жойидан пилдираб думалаганича, сарой пештоқи томининг тарновига тушиб қолди. Кўзсиз қолганимдан кўра унинг олифтагарчилик билан менга ҳаёсизларча тикилиб тургани алам қилар эди. У шундоқ ёнгинамда, тарнов ичида ётар экан, ўзига бино қўйгани ҳам жирканчли, ҳам кулгили эди. Дунёда бирорта кўзнинг мана бундай пирпирашини ва энг қизиғи, кўз қисишини кўрмаганман.
Кўзимнинг ўзини бундай аҳмоқона тутиши, ошкора беодоблиги ва разил кўрнамақлигидан ташқари, мени яна бошқа бир нарса қийнарди. Бир бошга мансуб икки кўз ҳамиша бир хил ҳаракат қилгани учун, ораси узоқлигига қарамай, ҳозир ҳам уларнинг ҳаракати айнан бир-бирини такрорларди. Шу туфайли, мен истасам-истамасам анови қаршимда турган разилнинг ҳаракатларига мослаб соғ кўзимни пирпиратар ва қисар эдим. Кўп ўтмай бу азобдан қутулдим, иккинчи кўзим ҳам отилиб чиқди. У, худди қелишиб олгандай, шеригининг ёнига тушди. Иккаласи бир бўлиб тарновдан думалаб кетишди.
Соат ўроғи бўйнимга энди тўрт дюймча ботган ва у охирги бир парча этни узиши қолган эди. Мен ўзимни бахтиёр сезардим, чунки бир неча дақиқадан сўнг азобларимга чек қўйилишини билардим. Бу энтикишим тўғри чиқди. Соат роппа-роса олтидан йигирма беш дақиқа ўтганида минут ўқи ўзининг даҳшатли йўлида шунчалик силжидики, бўйнимнинг қолган қисми ҳам узилиб кетди. Менга шунчалар қаттиқ азоб берган бошим гавдамдан бутунлай ажралди. Даставвал у қўнғироқхона деворидан думалаб, тарновда бир лаҳза тўхтаб қолди-да, сўнг сакраб-сакраб кўчанинг ўртасига тушди.
Очиғини айта қолай, энди менинг ҳиссиётларим ниҳоятда ғалати, сирли ва тушуниксиз тус олди. Энди онгим гоҳ бу ёқда, гоҳ у ёқда бўлиб қолди. Бошим ўзича «Мен — Рухия Зенобияман» деб ҳис қилар, сал ўтмай, гавдам: «Йўқ, менинг шахсим шу ерда» деб ишонар эди. Мана шу муаммони ҳал этишни ўйлаб, чўнтагимни тимирскилаб тамакидонимни олдим ва унинг бир чимдимини одатдагидай ишлатмоқчи эдим, бўлмади, шу заҳоти қандай аҳволдалигимни сездим ва тамакидонни бошим томонга отиб юбордим; бошим тамакининг тўкилганини мазза қилиб ҳидлади ва гўё мамнун бўлгандай жилмайиб қўйди. Шундан сўнг у менга қарата нималардир гапира бошлади, қулоғим ўзимда эмаслиги учун яхши англамасдим. Аммо шуни ҳис қилдимки, у менинг шу аҳволда ҳам яшашга йнтилаётГанимдан ажабланаётган экан. Хуллас, у Ариостодан қуйидаги шеърий парчани айтди:

Муҳораба қизир, паҳлавон
Жанг қиларди берганда ҳам жон.

Шундай деб, у мени қизиқ устида ўлгани ҳам эсидан чиқиб, жангни давом эттирган паҳлавонга ўхшатди. Энди менинг баланд ўрнимдан тушиб кетишимга ҳеч ким халал бермасди. Шундай ҳам қилдим. Ие, Помпейнинг менга кўзи тушиб, ғаройиб нарсани кўргандай эси оғиб қолди. У ҳайратдан оғзи очилиб, кўзларини чирт юмиб олди, худди киприклари билан ёнғоқ чақмоқчидай эди. Сўнг пальтосини ҳам улоқтириб, зинапоя томонга отилди ва ғойиб бўлди. Мен унинг ортидан оташин мисралар билан:
— Эндрью О легетон, мени ташлаб кетишга қандай кўнглинг борди? — деганимча қолавердим, сўнг бир кўзли овунчоғим, пахмоқ Диана тарафга ўгирилдим. Эвоҳ! Қандай даҳшат! Наҳотки ҳозиргина уясига ғизиллаб кириб кетган каламуш бўлса? Анови сочилиб ётган суяклар наҳотки менинг овунчоғим, бароқ итимники бўлса? Ё раббий! Нималарни кўряпман? Анови бурчакда маъюс назокат билан одоб сақлаб ўтирган жонзот наҳотки арзанда кучугимнинг арвоҳи бўлса? Бас, тўхтанг! О, самовий зотлар, у Шиллер руҳида, немисча тилга кирди:

Унт штабби дак, зо штабби дун,
Дук зи! Дук зи!

Эвоҳ! Нақадар ҳаққоний эди бу сўзлар!

Майли, кел эй, ажал, келавер,
Менга ҳузур бағишлар ўлим.—
Оёқларинг, оёқларинг, азиз оёқларинг остида.

Нафис вужуд! У ҳам мени деб жонидан кечибти. Кучугимдан айрилдим, занжи қулимдан айрилдим, бошгинамдан айрилдим, энди бу дунёда бахти қаро Рухия Зенобияга нима ҳам қолди? Эвоҳ, ҳечлик! Бари тугади.

Рус тилидан Маҳкам Маҳмудов таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 8-сон.