Дулат Исабеков. Бонапартнинг уйланиши (2 пардали комедия)

Қатнашувчилар

БОНАПАРТ
АВҒОНБЕК
ИСПАНЭЛИ
АБДАШИМ – Бонапартнинг отаси
УЛТУҒАН – Бонапартнинг онаси
ЧАПАЙ – Бонапартнинг укаси
РОЛЛАН
РЭТ
БЕКТУР – ВИКТОР
ТОШПЎЛАТ
ОММАВИЙ САҲНА ИШТИРОКЧИЛАРИ

Воқеа шу кунларда бўлиб ўтади.

Парда олди

Ёқимли куй эшитилиб, парда олдида Чапай пайдо бўлади.
ЧАПАЙ (у ёқдан бу ёққа юриб). Ура! Бонапарт акам келинчак олиб келадиган бўлди. Барчангизни тўйга таклиф қиламиз. Албатта келингизлар. Қувончимизга шерик бўлингизлар.

Нур сўнади.

БИРИНЧИ ПАРДА

Биринчи кўриниш

Саҳнанинг икки томонидан эркак-аёл аралаш катта-кичик ёшдаги одамлар чиқиб, ўртада тўпланишади, аёллар юзларини чимдиб, ўзаро дув-дув гап қилишади:
– Бутун уруғимизни уятга қолдирадиган бўлди!
– Уят ҳам гапми, шарманда бўлдик!
– Энди одамларнинг юзига қандай қараймиз!
– Шармандаликлар ҳали олдинда!
– Ҳа, номусдан ўладиган бўлдик!
– Бу кунимиздан ўлганимиз яхши!
– Қуда томон эшитиб қолса, “томоша”нинг каттаси ўшанда бўлади!

Испанэли билан Авғонбекдан бошқа ҳамма кетади,
Чапай пайдо бўлади.

ЧАПАЙ (у ёқдан-бу ёққа юриб).Ура! Бонапарт акам келинчак олиб келадиган бўлди. Барчангизни тўйга таклиф қиламиз. Албатта, келингизлар. Қувончимизга шерик бўлингизлар.
ИСПАНЭЛИ. Хой, бола, отинг нима эди?
ЧАПАЙ. Чапай.
ИСПАНЭЛИ. Сенлар ростдан ҳам тўйга тайёргарлик кўряпсанларми?
ЧАПАЙ. Ҳа-да. Сизинг уйингизга ҳам таклифнома бериб келдим.
АВҒОНБЕК. Шунақа, де. Бизнинг уйга ҳам олиб бордингми?
ЧАПАЙ. Йўқ. Улгурмаяпман. Мана таклифномангиз. (Таклифномани унинг қўлига тутади.)
ИСПАНЭЛИ. Отанг уйдами?
ЧАПАЙ. Мен чиқиб кетаётганимда уйда эди.
АВҒОНБЕК. Бўлмаса сен бундай қил. Чопқиллаганингча уйга бор. Отанг билан онанг ҳеч қаёққа кетмай турсин. Биз ҳозир борамиз.Ўта зарур иш бор.
ЧАПАЙ. Испанэли амаки, тинчликми, нима бўлди?
ИСПАНЭЛИ. Боргач айтамиз. Сен тезроқ уйингга бор.
ЧАПАЙ. Таклифномаларни тарқатиб юрган эдим…
АВҒОНБЕК. Бор, дегандан кейин бор-да. Қанақа бемаза боласан! Айтганни қил. Таклиф қоғозларингни кейин хам тарқатасан… Тарқатиш лозим бўлса.
Ч а п а й чопиб кетади.
Нур сўнади.

Иккинчи кўриниш

Бонапартларнинг уйи. И с п а н э л и, А в ғ о н б е к, Р э т о қ с о қ о л, А б – д а ш и м ва У л т у ғ а н ўтиришибди.

РЭТ. Қани,бошланглар. Ана у икковини чақиринглар, кирсин бу ёққа.

А б д а ш и м билан У л т у ғ о н киришади. Айбдор кишилардек, бошлари қуйи эгилган,ғамғин,унсиз келиб бир чеккага ўтиришади.

РЭТ. Ҳой, бефаросат лапашанглар, бир ойдан кейин уйланадиган болаларингнинг суннат қилинмаганлиги ростми?
АБДАШИМ. Қилинмаган бўлса…энди…
РЭТ. Суннат қилинмагани ростми-йўқми, минғилламай шуни айт!
АБДАШИМ. Рост бўлса ростдир. Ким текшириб ўтирибди.
РЭТ. Ҳў, бефаросат! Айтиб турган гапига қаранглар. Пирурған!
ИСПАНЭЛИ. Ҳой, Абдашим, бор-йўғи олти болангнинг қайси бири суннат қилинган-у, қайси қилинмаган – шуни билмайдиган нима жин урди сени!
АБДАШИМ. Иш, иш деб… фурсат бўлмай… кейинчалик эсдан чиқиб кетибди.
АВҒОНБЕК. Иш биргина сен эмас, ҳаммамизнинг бошимизда бор. Бу ерда ўтирганларнинг биронтаси беиш юргани йўқ.
ИСПАНЭЛИ. Мана бу Рэт оқсоқолнинг ўн бир ўғли, йигирма уч набираси бор. Шуларнинг биронтасини суннат қилдириш эсдан чиқмаган.Тўғрими, оқсоқол?
РЭТ. Бундан Худо асрасин.
ИСПАНЭЛИ. Олти бола, деб, Худо берган олти фарзандни, кўп, деб юрган бу ношукурга қаранглар. Рэт оқсоқол совхознинг олти юз қўйини боқиб юрган пайтларида совлиқларнинг қайси қочган-у, қайси бири қочмай қолган – барини беш бармоғидек биларди. Тўғрими, оқсоқол?
РЭТ. Албатта.
ИСПАНЭЛИ. Ана, эшитдингми? Олти юз совлиқ! Сен бўлсанг олти болангга бош бўлолмай юрибсан.
АБДАШИМ. Энди… Совлиқ… Одам мол эмас-ку.
АВҒОНБЕК. Вот именно, одам мол эмас. Сен эса молсан! Молсанлар!
УЛТУҒАН. Мен ҳамми?
АВҒОНБЕК. Ҳа,сен ҳам. Икковингда ҳам ўзларингни оқлай оладиган важларинг йўқ.
УЛТУҒАН. Хой, қайнижон, Президентимиз ўз қўли билан топширган олтин медални олиб келанимда дастурхон тепасида ўтириб икковимизни кўкларга кўтариб ардоқлаган, олтин янгам, асл оғам, деб мақтаган эдинг-ку. Ўшандан бери нима ўзгара қолди?
АВҒОНБЕК (ҳовуридан тушиб). Айтсам айтгандурман. Қотиб қолган фикр йўқ.Бугунги гаплардан кейин фикр ўзгармай қолармиди.
ИСПАНЭЛИ. Вой, товба-а, булар ўз айбларини бўйинларига олиш ўрнига бизга давогарлик қилмоқчи, шекилли.
АВҒОНБЕК. Шуни айт-а. Болаларингга эгалик қилмай шунча йилдан бери нима иш битириб юрибсанлар?
АБДАШИМ. Нега бунақа дейсан? Улар ўз ҳолича ўсаётганлари йўқ-ку.
ИСПАНЭЛИ. Бунақа қилиб ўстирганларинг бор бўлсин. Бир болангни суннат қилдирмаганлигини нега эсларингдан чиқариб қўйдинглар? Менга шуни айт-чи.
АБДАШИМ. Ўзларинг биласанлар, болалар энди ўса бошлаганда перес­тройка бошланиб кетди.
ИСПАНЭЛИ. Перестройкага қадар нима иш битирдиларинг?
АБДАШИМ. Унга қадар атеизм авжида эди. Болани суннат қилдириш – эскилик қолдиғи, деб муллаларга қирғин келтирган, суннат қилдирилган бола комсомолга қабул қилинмасин, деб жар солган ўзларинг эмасми! Рэт оқсоқол, сиз айтақолинг, шундай бўлгани ростми?
РЭТ. Э-э, нимасини айтасан, талай совдалар бўлиб ўтди-ку. Энди Худонинг ўзи юзини тескари қилсин.
УЛТУҒАН. Юқоридан топшириқ бўлди, деб ҳаммани бесарамжон қилиб келган ўзларингда айб кўп. Юқоридан бизга айтишади, биз сенларга айтамиз, деб ташаббус кўрсатавергандан кўра, ота-боболаримиздан мерос қолган удумларни асраб қолишга ҳаракат қилсаларинг бўлмасмиди?
АВҒОНБЕК. Мен ҳам шундай фикрдаман. Атеизмнинг қиличидан қон томиб турган пайтларда ҳам динга мустаҳкам бўлган кишилар мусулмон йўлидан тоймаган. Райком секретари Есентойнинг ўзи учта ўғлини ярим кечада яшириқча Рэт оқсоқолникига олиб келиб, суннат қилдириб кетган экан. Шу ростми, оқсоқол?
РЭТ. Ҳа, шунақаси ҳам бўлган.
УЛТУҒАН. Эшитишимизча, ўша Есентойнинг ўзини ҳам болалик чоғида мана шу отамиз суннат қилган экан.
ИСПАНЭЛИ. Бас қил, бунақа беадаб нарсани гапирма!
АВҒОНБЕК (кулиб). Ў-ў, отамиз зўр, ҳатто райкомникини ҳам кўрибди!..
ИСПАНЭЛИ. Бекорчи гапларни тўхтатинглар. Хой, Абдашим, ўша кофир боланг қаёқда?
АБДАШИМ. Тилингни тий! Мусулмонни кофир дема!
ИСПАНЭЛИ. Суннат қилинмаган бўлса, нима деймиз?..Чақир уни. Ўз оғзидан эшитайлик.
ОВОЗЛАР:
– Бонапартни чақиринглар!
– Бонапарт бу ёққа келсин!
ИСПАНЭЛИ. Бонапартмиш! Ёмон итнинг отини Бўрибосар қўяди, дейишади. Бошқа от топилмагандек, мишиқи болаларингга Бонапарт деб от қўйганларингга бало борми!
УЛТУҒАН. Вой-бў, шу болам туғилганда унга Бонапарт деб от қўйган ўзларинг эмасми. Франсуз деган эл бор экан, уларнинг ҳам, бизга ўхшаб, ботирлари кўп экан. Ўша мамлакатга бориб қолсанг, Қўнгрот, Ноймон, Арағон деган фамилиялар ҳар қадамда учраб турар экан. Улар бизни ҳурмат қилиб, авлодларимиз номларини фамилия қилиб олаётган экан, нега биз фарзандларимизни уларнинг исми билан атамаслигимиз керак? Ўз миллатинг билан ўралашиб қолиш яхши эмас, деб туриб олгансанлар.
ИСПАНЭЛИ. Замон шунақа эди-да, янгажон. Менинг отимни ҳам ота-онам Испанэли деб қўйишибди. Мана бунинг оти эса – Авғонбек. Бунга нима дейсанлар?
УЛТУҒАН. Учинчи ўғлимга Хошимин деган от қўйган эдиларинг, пас­порт олиш чоғида югуриб-елиб юриб аранг Қўйшиман деб ўзгартириб олдим. Бутун дунёдаги аллақачон вафот қилиб кетишган доҳийлару казо-казолалар ҳозир бизнинг қишлоғимизда юришибди. Чапай дейсизми, Шорс дейсизми… Бу Бонапартимиз қаёқда қолди?
ОВОЗ. Мана, келди.

Б о н а п а р т киради.

АВҒОНБЕК. Мартабали Бонапарт Абдашим ўғли, мана, рўпараларингизда турибди.
ИСПАНЭЛИ. Ҳой, чақирганда нега тезда кела қолмайсан? Шунча одамни куттириб қўйиб, қаёқда юрибсан?
БОНАПАРТ. Коммунизмнинг оддий-техника базасини яратяпмиз.
ОВОЗЛАР: – Нима деди? – Бу бола нима деб алжираяпти?!
БОНАПАРТ. Ишда юрибман, деганим-ку.
АВҒОНБЕК. Шунақа дегин? Коммунизмнинг оддий-техника базаси сенга қараб қолган бўлса, Худо урган экан!
АВҒОНБЕК. Ҳой, довдир, коммунизм деганинг аллақачон марҳум бўлиб кетмаганмиди? Сен нима деб валдираб турибсан! Эсинг жойидами ўзи?
БОНАПАРТ. Ахир бизга шунақа тарбия берган ўзларнгиз-ку. Буни тезда унутиб бўлармиди.
АВҒОНБЕК. Хўш, нима иш қилаётган эдиларинг?
БОНАПАРТ. Олдинги куни Рузвелтнинг жарга ағнаб кетган тракторини тортиб чиқара олмаяпмиз.

Қўлида газета ушлаган Б е к т у р киради.

БЕКТУР. (ҳеч кимга эътибор бермаган ҳолда). Рузвелт! Черчилль! Бонапарт! Шорс! Ўз болаларига маънили бир исм қўя олмаган содда қозоғим-эй!.. Испанэли, Эронбек! Ироқбек! Ҳа-ҳа-ҳа! (Чиқиб кетади.)
ИСПАНЭЛИ. Бу йигит нима қилиб юрибди?
АВҒОНБЕК. Уни ҳеч ким чақирмаган эди-ку, қаёқдан келиб қолди?.. Нега кирди-ю, нега чиқиб кетди?
АБДАШИМ. Танимадиларингми? Ўзимизнинг Бектур-ку. Қишлоғимизнинг шоири.. Бечора бола… Қурилиш цехида туппа-тузук ғишт терувчи уста бўлиб ишлаб юрарди, ўтган йили томдан бошига нимадир тушиб, шикастланди-ю, кейин бирдан шоир бўлди-қолди. Энди юриши мана бу…
ИСПАНЭЛИ. Хўп. Энди бошқа гап-сўзларни қўйиб турайлик. Хўш, Бонапарт мирза, уйланишга тайёрмисан?
БОНАПАРТ. Тайёрман.
АВҒОНБЕК. Номаъқулнинг нонини ебсан! Тайёр эмассан.
БОНАПАРТ. Бунинг учун қандай тайёргарлик керак? Эсим жойида, ўн икки мучам соғ. Қалинмолининг ҳам ярмисини бериб қўйган бўлсаларингиз. У қизни бир-икки марта кўрганман. Менга маъқул, у ҳам мени унатиб турибди. Яна нима керак?
ИСПАНЭЛИ. Бунинг, яна нима керак, дейишига қаранглар. Керак бўлганда қандай!
БОНАПАРТ. Масалан?
ИСПАНЭЛИ. Масалан, дейди-я! Масалан… Ҳой, Авғонбек, нима керак­лигини бунга ўзинг айтақол. Сен унча-мунча нарсага уялмайсан-ку.
АВҒОНБЕК. Бўлмаса,гапни чўзмайлик-да, тўғрисини айтиб қўя қолайлик. Биз қуда тушиб, тўйга ҳозирлик кўряпмиз. Сен эса… Сен ҳали ҳам суннат қилдирмаган экансан. Шу ростми?
БОНАПАРТ. Мен қаёқдан билай?
ИСПАНЭЛИ. Ҳой, гумроҳ, буни сендан бошқа ким билиши керак? Мен билишим керакми?
БОНАПАРТ. Ота-онам…
АВҒОНБЕК. Уҳ! Бунинг айтиб турган гапига қаранглар! Ота-онасимиш! Отанг билан онанг ҳеч балони билмайди. Миялари айниб қолган уларнинг.
АБДАШИМ. Ҳой, Авғонбек! Оғиз ўзимники, деб тўғри келган нарсани гапираверасанми! Сизлар ақлли-ю, бизлар аҳмоқ бўлиб қолдикми-а!
АВҒОНБЕК. Ўз болангга ўзинг бош бўлолмай юрганингдан кейин, бошқа нима ҳам деймиз.
УЛТУҒАН. Ҳой, қайним! Орамизда ўтирган мўйсафид отамиз олдида одоб сақлаб индамай қўяқолай десам, бизни одам сафидан чиқариб юбординг, миялари айниб қолган, деб ҳақорат қиляпсан! Худога шукур, олти ўғил, уч қизни дунёга келтирдим. Сизлар – хотининг икковларинг мажлис сайин: “Президентимизинг қазоқ халқининг сонини йигирма миллионга етказиш тўғрисидаги даъватини амалга оширайлик!” деб жар соласанлар. Айтишни сенлар айтасанлар-у, туғишни биз туғяпмиз. Миямиз айниган бўлса айнигандир, лекин, сенларга ўхшаб лавозим талашиб юриб ёлғиз бола билан қолганимиз йўқ.
ИСПАНЭЛИ. Бопладингиз, янга. (А в ғ о н б е к к а). Ажаб бўлди, сенга шу керак эди! Бундан кейин эр-хотин икковинг митингларда нутқ сўзлашни қўйиб, гапдан амалий ишга ўтарсанлар. (Кулади.)
РЭТ. Ортиқча гапларни бас қилинглар! Асосий масалага ўтинглар.
АВҒОНБЕК. Тўғри, асосий масалага ўтайлик. (Б о н а п а р т га ўгирилиб). Демак, суннат қилинган-қилинмаганингни ўзинг ҳам билмайсан. Ў-ў, нодон! Буни билиш учун донишманд бўлиш керак эканми?
ИСПАНЭЛИ. Ҳой, Авғонбек, ҳалитдан бери ғиди-биди қилиб ўтиргандан кўра ташқарига чиқиб кела қолмаймизми?
АВҒОНБЕК. Тўғри айтасан. Шу пайтгача хаёлимизга келмаганига ҳайронман. Қани, Бонапарт! Тур ўрнингдан, олдимизга туш! Ўзимиз кўрайлик-чи.

А в ғ о н б е к билан И с п а н э л и Б о н а п а р т ни бошлаб чиқиб кетишади.

ЧАПАЙ. Ота, Бонапарт акам уйланмайдиган бўлдими?
АБДАШИМ. Шошмай тур, ўғлим. Ташқарига чиқиб кетишган амакиларинг нима деб киришаркин, ҳамма нарса шунга боғлиқ.
ЧАПАЙ. Ота, Бонапарт акам уйланақолсин. Қишлоғимизнинг ярмисига таклиф қоғозини тарқатиб қўйганман. Уларга нима деймиз!
АБДАШИМ. Сабр қил, болам, сабр қил.
ЧАПАЙ. Бонапарт акамнинг қаллиғини мен ҳам кўрганман. Жудаям чиройли қиз экан. Бу йилги “Туман маликаси” танловида биринчи ўринни олган экан.
АБДАШИМ. Унда, бизни Худо урди, деявер!
ЧАПАЙ. Нега?
АБДАШИМ. Гўзалликда биринчи ўринни олиб ўтирган қиз бундай хабарни эшитса, обдон юзи қора бўламиз-ку.
УЛТУҒАН. Биринчиликни олган бўлса, нима бўлибди, осмондан тушмаган-ку! Уни ўтган йили бир тўйда мен ҳам кўрганман…Унақа кўкларга кўтариб мақтайдиган қомати ҳам йўқ, қозоқнинг қадимги қорапучиқ қизи. Эл оғзида, бу номни қизига тадбиркор отаси дунё сочиб сотиб олиб берган, деган гап юрибди.
ЧАПАЙ. Ёлғон! Одамлар хасад қилганларидан шунақа дейишади. Жуда чиройли қиз.
УЛТУҒАН. Ҳа, майли, чиройли бўлса чиройлидир. Менинг ўғлимнинг ҳам ҳеч кимдан кам жойи йўқ.

А в ғ о н б е к билан И с п а н э л и киришади.

АВҒОНБЕК. Рост экан.
ИСПАНЭЛИ. Ҳа, суннат қилдирилмаган экан.
РЭТ. Йигитнинг ўзи қани?
АВҒОНБЕК. Ўша қизга уйланмайдиган бўлсам, ўзимни осиб қўяқоламан, деб ишига кетди.
АБДАШИМ. Бу нима дегани?!
УЛТУҒАН. Хотини қурсин, боламдан айрилиб қоламанми! (Чопиб чиқиб кетади).
ИСПАНЭЛИ. Ҳозирга қадар билмаган нарсамизни нимага ҳам бугун билақолдик!
АБДАШИМ. Нимани айтяпсан?
ИСПАНЭЛИ. Эсанкираб қолган одамдек, “нимани” дейсан-а! Кун бўйи нима тўғрисида бош қотиряпмиз. Ана у болангни дардини айтяпман.
АВҒОНБЕК. Эсларингиздан чиқиб кетган экан, индамай юравермайсизларми. Келиб-келиб айни уйланадиган кунларида эсларингизга кела қолдими.
АБДАШИМ. Бу гапни бошлаган ўзларинг-ку! Бизларга жонларинг ачийдиган чин дўст бўлсаларинг, илгари қаёқда эдиларинг? Сенларга ишнинг битгани эмас, битмагани маъқул. Дув-дув гап тарқалса – бас.
ИСПАНЭЛИ. Об-бў, у яна бизга даво қила бошлади-ку. Мен сенинг ўрнингда бўлсам даво қилиш эмас, ернинг тагига кириб кетган бўлардим, билдингми? Айбингни бўйнингга олиб, индамай ўтиришнинг ўрнига юзимизга чанг соласан! Биздан бўлмаса-да, мана бу оқсоқолдан уялсанг бўларди!
АБДАШИМ. Авлодимизнинг каттаси бўла туриб, билмаганимизни билдириб ўргатмаган бу кишида ҳам айб бор.
АВҒОНБЕК. Вой,номард-эй!
ИСПАНЭЛИ. Сен энди бизни қўйиб, оқсоқолга ёпишмоқчимисан?! Тилингни тий, гуноҳга ботма!
АБДАШИМ. Гуноҳга ботадиган шариатни бузганим йўқ.
ИСПАНЭЛИ. Шариатни бузмаганинг шуми, ёшинг элликдан ошган бўлса-да, ҳали Қуръон ўқишни билмайсан.
АБДАШИМ. Гўё сен ўзинг қойил қилиб юргандек. Мачитга таҳорат олмай кирасан-у.
ИСПАНЭЛИ. Сен таҳорат олган-олмаганлигимга қараб турадиган қўлимдаги обдаста эдингми? Чин мусулмон экансан, нега болангни мусулмон йўлига солишга чаманг келмади?!
АВҒОНБЕК. Ҳой, сен икковларинга нима бўлди, бекордан-бекорга ғиди-биди қилиб қолдиларинг?! Бефойда жанжални бас қилинглар!
АБДАШИМ. Бемаъни жанжални бошлаган ўзларинг эмасми? У дединглар, бу дединглар, мияси айниган, дединглар.
ИСПАНЭЛИ. Ўзинг намоз ўқимасанг, болангни суннат қилдирмаган бўлсанг, еганинг колбаса, ичганинг ароқ бўлса, кофир бўлмай ким бўлдинг!
АБДАШИМ. Ҳой, Испанэли, одамнинг тилини қичитиб, айтмоқчи бўлмаган гапимни айттирасан. Копир, копир дейсан. Темир йўлнинг нариги томонида яшайдиган ўрислар оиласи бор, биласанлар. Уларнинг суннат-пуннатинг билан, намоз-помозинг билан ишлари йўқ. Шундай бўлса-да, бинойидай яшаб келишяпти. Болалари эса полопондай суйимли. Қизларининг сулувлигини айтмайсанми…
РЭТ (унинг гапни бўлиб). Ҳой, нодон, нималар деб валдираяпсан?! Биров сендан, кимнинг дўзахга тушиши-ю, кимнинг жаннатга киришини, ким чиройли-ю, ким алвасти эканлигини сўраб ўтирибдими?
АБДАШИМ. Энди, сўрамаса айтмаймизми? Совхоз бекор бўлгунга қадар рабочкомнинг раиси, парторг бўлиб, ҳаммага йўл-йўриқ кўрсатиб юрган атеистлар партия бекор қилиниши билан бирдан художўй бўлиб қолганларига нима дейсизлар?
РЭТ. Бўлди. Бусиз ҳам гап кўпайиб кетди. Хўш, энди нима қиламиз, деган ўйдасизлар?
Сукут.

ИСПАНЭЛИ. Келинчакни олиб келишга атиги бир ой қолганда нима қилиш мумкин? Ҳозирга қадар қандай юрган бўлса, шундай юраверсин. Уни текшираётган ҳеч ким йўқ. Атеизмдан ҳам бирон нишона қолиши керак-ку.
РЭТ. Пичинг қилмасдан бўладиган гапни айт.
АВҒОНБЕК. Гапнинг тўғриси шуки, Бонапартни тез фурсатда суннат қилиш керак. Иложи бўлса бугундан қолдирмаганимиз маъқул.
АБДАШИМ. Бугун? Бонапартнинг ўзи бунга кўнмаса нима қиламиз?
АВҒОНБЕК. Кўнади. Кўндирасан.
АБДАШИМ. Ҳой, алдаб-сулдаб ётқизиб қўядиган ёш бола эмас-ку.
АВҒОНБЕК. Қўл-оёғини боғлаб, домланинг олдига олиб келиб ётқизиш – сенинг мажбуриятинг.
АБДАШИМ. Бир ой… Бир ой давомида, Худо ўзи асрасин-у, тузалмаса нима бўлади?
АВҒОНБЕК. Тузалмай жин урибдими! Ўз вақтида биз ҳам уч кундан ортиқ ётган эмасмиз-ку.
АБДАШИМ. Бу, энди, ўша вақтда эди, унда ёш эдик…
ИСПАНЭЛИ. Хой, ортиқча гапни қўйиб туринглар. Нари борса, ўн кун. Ўн беш кун, ҳам деяйлик. Ўн беш кунда у эмас, операсия қилиб уланган қўл ҳам битиб кетади.

Ниманидир эслаб, илжайиб турган А в ғ о н б е к
шарақлаб кулади.

РЭТ. Ҳой, сенга нима бўлди, эсинг жойидами ўзи?
АВҒОНБЕК. Уят бўладиган бўлди-да.
РЭТ. Кимдан?
АВҒОНБЕК (кулишда давом этиб). Ке… Келиндан. Никоҳ кунига қадар батамом битиб, яхши бўлиб кетса-ку нур устига аъло нур…
РЭТ. Аҳмоқ каллага бемаза фикр келади, дейдилар. Қиқирлашингни бас қил! Уруғимиз шанига доғ тушмасин десак, шу бугундан ишга киришайлик. Овулга ўтов тикилсин. Тушга қадар болангни мусулмон қилиш керак.
БАРЧА: – Тўғри айтасан.
– Маъқул.
– Абдашим, қани, чақир болангни.
АБДАШИМ. Унга ишидан рухсат берақолармикин…
ИСПАНЭЛИ. Ҳой, боланг бирон ишни қойил қилиб юрибди, дейсанми. Жарга қулаган тракторни ўзимизоқ чиқариб берайлик.
АБДАШИМ. Унда маъқул. Келишдик.

Яна қўлида газета ушлаган Б е к т у р-В и к т о р пайдо бўлади.

БЕКТУР. Тошпўлат тадбиркор ўтган ҳафтада уч кунга чўзилган йиғилишнинг қарорига биноан овулни обод қилиш учун нималар лозимлигини Глобанинг шахсан ўзи билан маслаҳатлашиш учун ўзимиз тўплаб берган пул билан Австрияга жўнаб кетди. (Чиқиб кетади.)
Ҳамма ҳайрон.

АВҒОНБЕК. Бояқиш боланинг миясига оғир захм етган экан-да.
ИСПАНЭЛИ. Менингча, бу бола ҳам суннат қилинмаган.

Ҳовлиқиб У л т у ғ а н киради.

УЛТУҒАН. Ўғлимиз бу ўртада йўқ. Бунақа шарманда бўлганимдан сувга чўкиб ўлганим яхши, деб дарё томонга кетаётганини кўришган экан!
ИСПАНЭЛИ. Ким кўрибди?
УЛТУҒАН. Черчилл кўрган экан.
ИСПАНЭЛИ. Ў-ўй, сенларнинг Черчилларинг ҳам, Рузвелтларинг ҳам бор бўлсин. Авғонбек, кетдик. Бонапартни тезда топиб, бу ерга келтирайлик. Абдашим, сенлар овулнинг ўртасига ўтов ўрнатаверинглар. Рэт оқсоқол, сиз устарангизни қайрайверинг.
РЭТ. Менинг устарам ҳамиша қайроғли.
ИСПАНЭЛИ. Илло, биродарлар, Бонапартни суннат қилганимизни ўзимиздан ўзга бирон кимса билмаслиги керак.
УЛТУҒАН. Иш жойидан сўраб келган одамларга нима деймиз?
ИСПАНЭЛИ. Касал бўлиб қолди, дейсизлар.
АБДАШИМ. Қанақа касал?
АВҒОНБЕК. Шу ҳам гап бўлди-ю. Ҳозир нима кўп касалларнинг тури кўп. Грип, денглар, спид, денглар. Шунда тирик жон уйларингизга яқинлашмайди.
АБДАШИМ. Ҳой, тилингга чечак чиққур, нафасинг бунча совуқ! Ўчир овозингни!
АВҒОНБЕК. Абдашим, бунақа қулай вазиятдан сен ҳам фойдаланиб қолсанг бўлармиди. Ўғлингга қўшиб сени ҳам ётқизайлик. Ўйлаб кўр.
АБДАШИМ. Вой, муттаҳам, энди мени масхара қилмоқчимисанлар!

А в ғ о н б е к билан И с п а н э л и хохолаб кулиб чиқиб кетишади.

Нур сўнади.

Учинчи кўриниш

Ўтов – кигиз уйнинг ичи. Б о н а п а р т тўшакда ётибди. А в ғ о н б е к билан И с п а н э л и киради.

АВҒОНБЕК. Қалайсан?

Б о н а п а р т жавоб бермайди.

АВҒОНБЕК. Мен сендан, қалайсан, деб сўраяпман. Жавоб берсанг-чи!

Б о н а п а р т яна жавоб бермайди.

ИСПАНЭЛИ. Қалайсан, ҳой, итвачча?!
БОНАПАРТ. Ётибмиз-ку.
АВҒОНБЕК. Ётганингни кўриб турибмиз. Ўзинг қалайсан?
БОНАПАРТ. Нима қалайи бор? Ётибман.
ИСПАНЭЛИ. Бундоқ, яхши бўлаётганингни ўзинг сезяпсанми?
БОНАПАРТ. Қайдам.
АВҒОНБЕК. Ҳой, ётганингга икки ҳафта бўлди, қайдаминг нимаси.
БОНАПАРТ. Бундан бошқа нима дейишим керак?
ИСПАНЭЛИ. Бу боланинг соғайиш нияти йўқ, шекилли. Ҳой, гумроҳ, қаллиғингни олиб келишга икки ҳафта қолди, холос. Сенинг ётишинг эса бу!
АВҒОНБЕК. Бонапарт, бунақа сулайиб ётавермасдан, бундоқ оёққа туришга ҳаракат қилсанг-чи, йигит кишисан, ахир.
БОНАПАРТ. Ҳаракат қилганимда нима қилишим керак?
ИСПАНЭЛИ. Калима келтир, арвоҳларга сиғин.
БОНАПАРТ. Сиғиниб ётибмиз-ку.
АВҒОНБЕК. Астойдил сиғин. Чин ният билан тила тилагингни.
БОНАПАРТ. Уят ишларга арвоҳларни аралаштиришнинг нима кераги бор.
ИСПАНЭЛИ. Бу гапинг тўғри.
АВҒОНБЕК. Топган важига қаранглар. Балки ишдан қочиб ётгандирсан? Бўлмаса ҳозирга қадар соғайиб кетмаслигинг мумин эмас.
ИСПАНЭЛИ. Тўғри айтдинг. Салқин уй, юмшоқ тўшак, тайёр овқат… Яхшиси, тузалган-тузалмаганлигини ўз кўзимиз билан кўрайлик.
АВҒОНБЕК. Қандай қилиб?
ИСПАНЭЛИ. Ҳой, шунга ҳам ақлинг етмайдими? Ма, мана бу чойшабни ёзиб ушлаб тур. Мен ўзим текшириб кўраман.

А в ғ о н б е к чойшабни қулочлаб ушлаб туради. И с п а н э л и
чойшаб ортига ўтади.У л т у ғ а н киради.

УЛТУҒАН. Вой-эй, булар нима қилишяпти?!
ИСПАНЭЛИ. (чойшаб ортидан чиқиб). Ҳали тузалмабди! Бизнинг авлодга тортганида аллақачон битиб кетарди. Бунинг териси тоғаларига тортганга ўхшайди.
УЛТУҒАН. Ҳой, қайним, унинг тоғаларида ниманг бор? Тоғаларига тортганида уч кунда отдай чопқиллаб кетган бўларди. Ўз камчилигини ўзгаларга ёпиштирадиган содда қозоғим-эй.
ИСПАНЭЛИ. Вой, янга, сиз қачон кира қолдингиз?
УЛТУҒАН. Сенинг айтадиган гапинг менинг қачон келишимга боғлиқмиди? Худога шукур, тоғаларининг тухуми тоза. Айтишларича, ўз вақтида сенинг ўзинг ҳам ярим ойдан ортиғроқ тўшакдан турмагансан. Нуқсон ўзларингда. Бизнинг ота-боболаримизнинг бари ботир кишилар бўлишган. Бўриқбой бобомиз қолмоқларга қарши жангда бир қўли жароҳатланиб, иккинчи қўли билан юзга яқин жангчини бир ўзи қириб ташлаган экан.
ИСПАНЭЛИ. Адирбек бобомиз эса ёлғиз ўзи қолмиқнинг икки юздан ортиқ аскарини ер тишлатган.
БОНАПАРТ. Ғаройиб! Қозоқларнинг икки ботир бобоси қолмиқларнинг беш юз аскарини қириб ташлайверадиган бўлса, қандай қилиб уч юз йил давомида уларга қарам бўлиб келганмиз?!
АВҒОНБЕК. Ўзи тўшакдан тура олмай ётибди-ю, айтган гапига қаранг-лар! Сенинг тезда тузалмай ётганинг ҳам мана шу қирчанғи феълинг туфайли.
БОНАПАРТ. Менинг феълимнинг бунга нима алоқаси бор? Афсонани гапирмай, тўғрисини айтинглар, дедим-да.
ИСПАНЭЛИ. Рост-ёлғон билан ишинг бўлмасин. Сен аввало тезроқ соғайиб, оёққа туриб кетишни ўйла.
БОНАПАРТ. Ўйлай, ўйламай, бундан наф йўқ.
ИСПАНЭЛИ. Наф бўлмаса мана шунақа чўзилиб ётавер. Бу ётишинг бўлажак келиннинг қулоғига етиб борса… У бечора орланиб, ўлиб қўя қолади.
БОНАПАРТ. Бўлмаса, нима қил дейсизлар?.. Бунақа шарманда бўлгандан кўра бўйнимга тош осиб, сувга чўкиб кетмоқчи эдим. Икковингиз отда қувиб бориб, қўл-оёқларимни боғлаб суннатга ётқиздингизлар. Яхши ният билан қилинмаган ишнинг оқибати шунақа бўлади.
ИСПАНЭЛИ. Бу обдон файласуф бўлибди-ю, а! Лекин, айтиб қўяй, бу ётишингда бир йилда ҳам тузалмайсан. Бонапартмиш! Ёмон итнинг отини Бўрибосар қўяди, дейишади.
УЛТУҒАН. Ҳой, оғзиларингга келганини айтиб, ўғлимни ҳақорат қилаверманглар!
ИСПАНЭЛИ (хиринглаб кулади). Бечора франсузлар Бонапартларининг қай аҳволда ётганини келиб кўришса эди… Ха-ха-ха!

Ташқаридан овозлар эшитилади.

ОВОЗЛАР: – Ҳаммаларингиз клубга тўпланингизлар!
– Қишлоқ ҳокимини сайлаймиз!
– Биронта одам қолмасин!
– Келажагимиз ўз қўлимизда!
– Ёппасига сайловга!
АВҒОНБЕК. Бундан атиги ярим йил олдин ҳоким сайлаган эдик-ку, яна нима бўлиб қолди?
ИСПАНЭЛИ. Кафтдек қишлоғимизда олтита партия бор. Шулардан бири бўлмаса иккинчиси йиғилиш ўтказиб туради. Ҳар қайси партия ўз вакилини номзодликка тавсия қилади. Бўлаётган иш шу.
УЛТУҒАН. Лекин биронта ҳоким қўним топмаяпти. Беш йилда олти марта ҳоким ўзгарди. Элдан барака кетиб боряпти.
АВҒОНБЕК. Айб ҳокимларнинг ўзларида. Оддий фуқаро бўлиб орамизда юрганларида адолат учун ёқа йиртишарди. Мансабга эга бўлишлари билан олдинги ҳокимдан қолган-қутганини емиришга киришади.
ИСПАНЭЛИ. Олтига бўлинган овулнинг қайси бирига ён босишни билмайсан киши. Демократия деган бир бало пайдо бўлди-ю, одамлар иш қилишни қўйди. Қилт этса кўчага чиқиб, идора олдида тўпланиш одат бўлиб қолди.
БОНАПАРТ. Буларнинг бари вақтинча. Бари ўтиб кетади, ҳамма нарса жой-жойига тушади.
ИСПАНЭЛИ. Ҳой, маҳмадона! Бу дейман, икки ҳафтадан бери газета ўқиб ётиб сиёсатчи бўлиб қолибсанми? Бундай бўладиган бўлса, яна бир ой ёт. Лозим бўлса, икки ой, майли, уч ой ҳам деяйлик. Шундан сўнг “Бонапарт” деган партия уюштириб, ҳокимликка сайланишга ҳаракат қил. Яна бир гап: ҳокимлик лавозимини эгаллаш ниятинг бўлса, хотин олиб нима қиласан?!
УЛТУҒАН. Ҳой, бир-бирларингни камситиб, ғижиллашавермасдан, одоб билан гаплашсаларинг оғизларинг қийшайиб қоладими! Менинг боламнинг бошқалардан кам жойи бор эканми? Ўссин, улғайсин, кимлигини ана ўшанда кўрсатади. (Б о н а п а р т нинг бошини силайди…)
АВҒОНБЕК. Гапингиз тўғри, янга. Бонапарт ҳали ёш. Эндигина суннат қилдирдик… (Кулишади).
УЛТУҒАН. Ҳа, кулинглар, кулинглар. Сенларга кулги керак. Мени айтди, дерсанлар, бир кун келиб ҳаммангга катта бошлиқ бўлади. Бизнинг авлодимиздан беш бўлис, икки бий ва бир улуғ султон чиққан.
АВҒОНБЕК. Шунақа мартабали авлоднинг фарзанди бўла туриб қандай қилиб “Белорус” трактори ҳайдаб юрган Абдашим оғамизга турмушга чиққансиз?
УЛТУҒАН. Келиб чиқиши камбағал оилалардан бўлган одамларга турмушга чиқиш мартаба бўлган пайтлар эди-да. Биронта қозоқ, бойнинг боласиман, деб ҳужжат тўлдирган эмас. Боболаримдан тортиб бутун аждодим ғирт камбағал бўлган, деб ёзишган. Бугун қарасанг, гадо бўлган ҳеч ким йўқ, барининг таги бой, бўлис, бий, ботир, хон!
АВҒОНБЕК. Шулардан бири ўзингиз, янгажон!
ИСПАНЭЛИ. Ҳой, йиғилишга борамизми, бормаймизми?
АВҒОНБЕК. Бормасак бўлмайди. Гуруҳ-гуруҳга уюшган одамлар қўлидан иш келмайдиган қаёқдаги бир кимсани сайлаб юборишлари ҳеч гапмас. Айтгандек, Абдашим оға қаёқда?
УЛТУҒАН. Ҳалигина клубга кетган эди.
ИСПАНЭЛИ. Сайлов бўлса кекирдагини чўзиб овоз бермай қолмайди. Шундай қилиб юриб ўғлини суннат қилдиришни ҳам унутган. Қани, кеттик. (Бонапартга). Биз келгунга қадар газета ўқиб миянгни ачитавермай, арвоҳларга сиғиниб ёт. Беш бўлис, икки бий, бир улуғ султоннинг хосияти тегиб қолар.
УЛТУҒАН. Худо сенларга қирчанғи тилдан бошқа нарса бермаган. Куйдиргилар! Даб бўлинглар! (Қўлига супурги олиб,улар сари интилади).

И с п а н э л и билан А в ғ о н б е к қочиб чиқиб кетишади.

Нур сўнади.

Тўртинчи кўриниш

Учинчи кўринишдаги саҳна. Р э т, И с п а н э л и, А в ғ о н б е к, А б д а ш и м, У л – т у ғ а н ўтиришибди. Б о н а п а р т ҳамон тўшакда ётибди. Бошқа кишилар ҳам бўлиши мумкин. Уларни аташ шартмас.

ИСПАНЭЛИ. Масала мураккаблашиб боряпти, оқсоқол. Қудаларникига боришга ўн кун қолди, холос. Бонапартнинг ётиши эса – бу, ҳали-бери тузаладиган эмас.
РЭТ. Ўтган сафар айтганларимни ишладиларингми?
АБДАШИМ. Барини бажо келтирдик, оқсоқол. Мачитнинг имоми уч марта келиб, дам солиб кетди. Ёш мулла ҳам келиб, Қуръон ўқиб кетди. Бундан беш кун олдин оқ товуқ сўйиб, қонладик, қора қўй сўйиб, гўштини бева-бечораларга тарқатдик. Авлиёнинг қабрига олиб бориб, бир кеча тунадик. Туннинг ярмида қабр устида уч марта милтиқ отдик. Кун сайин дастурхон ёзиб, Қуръон ўқитамиз, у қиламиз-бу қиламиз, деб тўйга атаб қўйган дунёмизни совуряпмиз.
УЛТУҒАН. Бунинг устига ҳозирги домлалар ҳам бизнесмен бўлиб кетишган, мўмай пул бермасанг, уйингга қадам босишмайди.

Р э т унга ўқрайиб қараб қўяди.
АБДАШИМ. Лекин бизнинг отамиз унақа эмас.
АВҒОНБЕК. Докторга ҳам бир карра кўрсатиб олсак бўлармиди…
УЛТУҒАН. Қишлоқда биронта тузукроқ шифокор қолмади-ку. Касалхона аллақачон ёпилган. Биргина фельдшер бор. Лекин у ҳеч балони билмайди.
АВҒОНБЕК. Ролланни айтяпсанми? У одам доктори эмас,мол доктори, деган гап тарқалибди. Шу гап рост бўлса керак-ов, укол қилганда нинани қулочкашлаб уради-ку…
ИСПАНЭЛИ. Ўтган сафарги йиғилишда “Таваккал” партиясининг аъзолари уни боплаб “савала”шди-ку.
АВҒОНБЕК. “Худога шукур” партиясининг фаоллари ўзларининг номзоди ҳоким этиб сайланса, биринчи навбатда касалхонани тиклаймиз, деб одамларни лақиллатишди-ку.
УЛТУҒАН. Бу гапларни қўйиб туринглар. Бари қуруқ сафсата. Ҳоким бўлиб сайлангунча – қоп-қоп ваъда. Бесамар ваъдалардан одамлар тўйган.
АБДАШИМ. Айтгандек, ҳали доктордан гап чиқди-ку… Қайси куни нима қиларимни билмай шошганимдан маслаҳат сўрагани ўша фельдшерларингга борган эдим. “Болангни кимга кестирган бўлсанг, ўшанга бор! – деб бақириб берди. – Менга кестирганларингда аллақачон яхши бўлиб кетарди. Баринг нодонсанлар!” деб ҳайдаб чиқарди.
АВҒОНБЕК. Э-э, бу турқи турганда, даволаб ўтирмайди, шартта таг-туги билан кесиб ташлай қолади. (Ҳиринглаб кулади.)

И с п а н э л и унга жўр бўлади. А б д а ш и м билан У л т у ғ а н ҳам
уларга қўшилиб кулишади.

РЭТ. Ўринсиз ҳиринглашни бас қилинглар! Шу ҳам кулгили бўлди-ю!
ИСПАНЭЛИ. Оқсоқол, ҳазил гап кулиш учун чиқарилган, дейишади. Олиб қочди бир гапга кулсак-кулибмиз-да. Бунинг учун бизни гуноҳкор қилманг. Шу йигит суннат қилдирилганидан бери, дўст бўлгач, шу ерда ўралашиб юрибмиз. Бу Абдашимга ҳам малол келаётгани йўқ. Аммо, Хизр ота қаҳрига олдими, қилинаётган эмларнинг биронтасидан наф бўлмаяпти. Балонинг бари экологиядан. Иқлим айниган, демоқчиман.
РЭТ. Ният бузилган,ният!
АБДАШИМ. Ҳаромлик қилиш ниятим бўлмаган, бировнинг бир қатим ипини берухсат олмаганман. Қайси феълим туфайли бу кўйга тушганимга ўзим ҳам ҳайронман.
РЭТ. Бунга биргина сен эмас, шу ўтирганларнинг бари сабабчи. Ҳамманг айбдорсан! Бутун қишлоғинг билан бирга! Айтадиган гапларинг ёлғон бўлса, Қуръон ўқиладиган дастурхонларингда ҳаром сув билан ҳаром таом қатор турса, “увол”, “савоб” деган сўзлар унутилган бўлса, арвоҳ ҳақида оғиз очмайдиган имонсизлар кўпайиб кетаётган бўлса, ўзи билмай билганларнинг гапига кирмайдиган “доно”лар орамизда юрган бўлса, отани ўғил, онани қиз кўзга илмайдиган замон бўлса – ер юзини каср ва касофатлар қоплайди-да! Бошқа нима бўларди?! Завол! Завол! Худонинг бизга берган бир жавоби бу! (Ўрнидан туриб,чиқиб кетади.)

Узоқ сукут.

ИСПАНЭЛИ. Хўш,энди нима қиламиз?
АВҒОНБЕК. Нима қиламиз, деганинг нимаси?
ИСПАНЭЛИ. Яна нима амал бор, деганим-ку. Келинни олиб келишга ўн кунгина қолди.
АВҒОНБЕК. Ўн кун ўтгунга қадар ҳеч бўлмаганда машинага ўтириб бориб келишга яраб қолар
ИСПАНЭЛИ. Борди-ю, ярамаса-чи?
АВҒОНБЕК. Унда куёв бола бўлиб ўзинг борасан.
ИСПАНЭЛИ. Нима деяпсан?! Эсинг жойидами? Мен қандай қилиб бораман?
АВҒОНБЕК. Яхшилаб ювинтирамиз, соқол-мўйловингни силлиқ қилиб қирдирамиз, кўркам қилиб кийинтирамиз.
ИСПАНЭЛИ. Таниб қолишса нима қиламан?
АВҒОНБЕК. Танишмайди. Тунда бориб, тунда қайтамиз. Бахтимизга, у қишлокда электр чироғи йўқ, симларини ўғирлаб кетишган.
ИСПАНЭЛИ. Ҳой, сен ростдан айтяпсанми? Қизнинг янгалари, куёвтўра келди, деб ўртага олишади, чўнтакларимни кавлашади, дастурхон ёзишади. Бировни биров кўрмайдиган тим қоронғида ўтирмасак керак.
АВҒОНБЕК. Сен одамларнинг юзига қарама, бошингни эгиб ўтир, гапир-ма, кулма. Умуман овозингни чиқара кўрма. Жимгина ўтиравер.
ИСПАНЭЛИ. Куёвболамиз жинни экан, деб ўйлашсинми? Яхшиси, ўзинг бор.Сен мендан уч ёш кичиксан. Қадди-қоматинг ҳам Бонапартга ўхшаш.
АВҒОНБЕК. Йўқ-йўқ, бўлмайди.
ИСПАНЭЛИ. Нега бўлмас экан?
АВҒОНБЕК. Биринчи хотиним ўша қишлоқдан. Иккинчи хотинимнинг туғишганлари ҳам ўша ерда яшашади. Так что, улар мени етти қирнинг ортидан ҳам таниб олишади.
ИСПАНЭЛИ. Уҳ-ҳ, сенинг хотин олмаган жойинг қолмади-я!
АВҒОНБЕК. Ўзинг битта хотин билан қаноатланиб қолган одамдек гапирасан-а!
ИСПАНЭЛИ. Хап, мана бола роса бошимизни қотирди-ку!

Яна газета кўтарган Б е к т у р-В и к т о р киради.

БЕКТУР (ўзича гапиради). Қозоғистон чегарасидан 70-80 чақирим нарида Хитойнинг Лобнор деган полигонида қуввати 55 килотоннали ядро қуроли портлатилиб, иккинчи марта синов ўтказилибди. Лекин Қозоғистон ҳукумати ҳам, “Семей Невада” ташкилоти ҳам бунга ўз муносабатларини билдиришмабди. (Чиқиб кетади.)
АВҒОНБЕК (унинг орқасидан). Йўқол-э! Нима қиларимизни билмай гарангсиб ўтирганимизда сеники ортиқча бўлди-ку!
ИСПАНЭЛИ. Бу бечорани даволатиш керак. Бонапартни уйлантириб олгач, у билан шуғулланмасак бўлмайди, шекилли.
АВҒОНБЕК. Хўш,нима қиламиз? Бир кунлик куёв бўлиб борасанми?
ИСПАНЭЛИ. Бундан ўн йил олдин айни келинчакни олиб келадиган куни маст бўлиб, ҳушёрхонага тушиб қолган Тозақулнинг қайлиғини олиб келиб берган эдим. Яна менга юкланадими бунақа иш?
АВҒОНБЕК. Энди… тажрибанг бор… ўрганиб қолгансан, дегандек…
ИСПАНЭЛИ. Шунда мен бу қишлоқдаги навбатчи куёв йигит бўлиб қоламанми? Йўқ, мени куёв деганга ҳеч ким ишонмайди. Ўлдирсаларинг ҳам бормайман, гап тамом!
АВҒОНБЕК. Шошма. Аввал Бонапартни яна бир кўриб келайлик. Шу вақтга қадар ўрнидан туролмай ётган бўлиши мумкин эмас.
ИСПАНЭЛИ. Борсак бора қолайлик. Юр. (Чиқиб кетишади.)

Нур сўнади.

П а р д а .

ИККИНЧИ ПАРДА

Тўртинчи кўриниш

Ўтовнинг ичи. Б о н а п а р т тўшакда газета ўқиб ётибди.
А в ғ о н б е к билан И с п а н э л и киришади.

ИСПАНЭЛИ. Ҳали ҳам шу кўйда ётибсанми, номард!

Б о н а п а р т жавоб бермайди.

АВҒОНБЕК. Бу бизни кўзга ҳам илмаяпти-ку! Ҳой, виждонсиз, ҳеч бўлмаса саломлашсанг-чи!

Б о н а п а р т ун чиқармай ётаверади.

ИСПАНЭЛИ. Агар шу ҳафтада туришга чаманг келмаса,мартабали император жаноблари, икковимиздан биримиз бориб, келинчагингни олиб келиб берамиз. Бунга нима дейсан?

Б о н а п а р т жавоб бермайди.

АВҒОНБЕК. Ҳаммани ташвишга солиб қўйиб, бемалол талтайиб ётишига қара бунинг. (У л т у ғ а н кириб,унинг гапларига қулоқ солиб туради.) Менингча, бу жонини койитмасликка ўрганиб, обдон ялқов бўлиб қолган. Тоғалари уйқучи эди.
УЛТУҒАН. Ёлғон. Тоғалари қуш уйқу бўлишган. Кечга қадар бездек бўлиб ётишдан зерикмайдиган ўзларинг.
ИСПАНЭЛИ. Вой, тавба, одамнинг оғзини пойлаб турасизми, нима бало. Қачон кела қолдингиз? Абдашим оға қаёқда?
УЛТУҒАН. У йиғилишга илашиб қолиб, чиқолмай ўтирибди.
АВҒОНБЕК. Йиғилишга илашгани нимаси?
УЛТУҒАН. Оғаларинг, ҳоким бўламан, деб ўзини овозга солиб ўтирибди.
ИСПАНЭЛИ. Ҳоким бўлмоқчи, дейсизми?!
УЛТУҒАН. Ҳа. Нимасига ҳайрон бўласанлар? Нима, Абдашимнинг кимдан кам жойи бор?
ИСПАНЭЛИ. Уни камситаётганимиз йўқ, ўз қариндошимиз. Ҳар қалай… етти синфлик билими бор, холос…
УЛТУҒОН. Раҳбар бўлиш учун билимнинг ҳожати йўқ. Ўтган замонларда бий-бўлислар сенларга ўхшаб институт, техникомни тамомламаёқ элни бошқариб келишган.
ИСПАНЭЛИ. Унда замон бошқача бўлган. Вой, товба… Ҳали биз қайтиб кетаётганимизда орқамиздан чиқиб келаётган эди, шекилли?
АВҒОНБЕК. Бизга ҳам, биринг бўлим бошлиғи, биринг рабочком бўлгансанлар, сенлар ҳам ўз номзодларингни сайловга қўйинглар, дейишди. Бизнинг ўз тирикчилигимиз бор, деб унамадик.
ИСПАНЭЛИ. Боласининг ётиши бу, у эса ҳокимликка давогар бўлиб, талашиб ётибди! Вой, Худонинг қудрати, одамларга нима бўляпти ўзи? Қўлларидан келадими-келмайдими, буни ўйламас экан.
УЛТУҒАН. Ўтган ҳафтада Бонапартга икки марта дам солиб, уч минг тангани уриб кетган ёш домла бор-ку, ана ўша ҳам ҳокимликка давогар эмиш.
АВҒОНБЕК. Астафируллоҳ…
УЛТУҒАН. Оғаларинг, овоз етмай қолиши мумкин, икковини тезда айтиб кел, деб мени сенларга жўнатди.
АВҒОНБЕК. Хўш, навбатчи куёв, нима дейсан, борамизми?
ИСПАНЭЛИ. Аввал мана бу масалани ҳал қилиб олайлик, кейин кўрамиз.
АВҒОНБЕК. Нимасини кўрамиз, бормаймиз, вассалом. Ўзлари кимни маъқул топса, ўшани сайлайверсинлар. Барибир ораларида ҳокимликка лойиғи йўқ экан.
УЛТУҒАН. Шундай қилиб, ўз қариндошларингни ўзларинг этагидан тортаверинглар!
ИСПАНЭЛИ. Ҳой, янга, гапирса, гапирди, дейсиз, Абдашимнинг ҳокимликка нима алоқаси бор? Ўз ташвишимиз ўзимизга етмайдими? Ўғлининг ётиши мана бу! Ҳатто одам билан сўзлашувдан қолди. Яхшиси, тез бориб ўзини чақириб келинг. Муҳим иш бор.
УЛТУҒАН (Б о н а п а р т нинг бошини силаб). Ўзим айланай боламдан! Ҳозир мазали шўрва пишириб бераман. (Чиқиб кетади.)
ИСПАНЭЛИ. Ҳой, газетангни қўйиб тур-чи. (Унинг қўлидаги газетани тортиб олади.) Эси пас одамдек, бу ётишинг нимаси-а? Бир нима десанг-чи.
БОНАПАРТ. Нима дейман? Барини ўзларингиз айтяпсизлар-у.
АВҒОНБЕК (кўрпа тагидан шиша олиб). Ҳей, мана бу шиша бу ерда нима қилиб ётибди?
БОНАПАРТ. Сув-ку…
АВҒОНБЕК. Сув бўлса нимага қўйнингга солиб ётибсан? (Шишанинг тиқинини очиб, ичиб кўради, яна ичади,сўнг тилининг учи билан мазасини татиб кўриб) Ҳой, ароқ-ку бунинг! Нима бало, ароқ ичиб ётибсанми, жин ургур?!
БОНАПАРТ. Тунов куни, тез соғаясан, деб йигитлар қолдириб кетишган эди.
ИСПАНЭЛИ. Вой, муттаҳам-эй! Оғзидан бурқиб ароқ ҳиди келиб турибди!
БОНАПАРТ. Ҳа, энди, бекорчи бўлиб ётгандан кейин…
АВҒОНБЕК. Бу қалайча газета ўқиғич бўлиб қолди, десам, гап бу ёқда экан-да. Ароқ ҳиди бурқиб турган оғзини газета билан беркитиб ётар экан.Бу туришингда бир йилда ҳам тузалмайсан, билдингми, бир йилда ҳам! (Ароқдан бир-икки қултум ютади.) Одам ароқ деганни қўйинга солиб ётадими! Кир ювадиган сувдай иссиб кетибди!
ИСПАНЭЛИ. Ростдан ароқ эканми? Қани? (У ҳам ароқдан бир неча қултим ичади.) Эрталабдан кечга қадар маст бўлиб ётадиган бўлсанг соғайиб кетишинг қийин. Алкаш!
АВҒОНБЕК. Отанг клубда ўз дарди билан юрган бўлса. Сенинг ётишинг бу! (Яна ароқдан бир-икки ҳўплайди.)
ИСПАНЭЛИ. Рэт оқсоқол ғирт авлиё, бир нарсани сезган экан. Ҳаром овқат бор ерга паришта йўламайди, деган эди. (А в ғ о н б е к нинг қўлидан шишани олиб, яна бир-икки хўплайди.)
АВҒОНБЕК. (Б о н а п а р т г а). Ароқни ким олиб келиб бера қолди?
БОНАПАРТ. Черчилл билан Рузвелт.
АВҒОНБЕК. Ҳа, ароқхўр ҳамтовоқларинг ўшалар-да.
БОНАПАРТ. Ўзларингиз-чи?
ИСПАНЭЛИ. Рост айтасан, барча айб ўзимизда. “Балиқ бошидан…” деганларидек,..Энди барини ўзимиздан бошлашимизга тўғри келади… Ўзимиздан! Ҳай, бу ёғи бир гап бўлар… Авғонбек, кел, яхшиси қўшиқ айтайлик. Бўлмаса юрагим нақ тарс ёрилади. (Қўшиқ айта бошлайди.)

Чапай киради. Қўшиқ тўхтайди.

ЧАПАЙ. Авғонбек амаки, бир соатдан кейин телеэкранда Кашпировс­кийнинг сеанси бошланар экан. Бутун қишлоқ шунга ҳозирлик кўряпти. Клубдаги йиғилиш ҳам эртага қолдирилибди.
ИСПАНЭЛИ. Ҳоким бўламан, деб ҳовлиқиб юрган отанг қаерда?
ЧАПАЙ. Улар ҳам шу ерга келяпти. Тайёргарлик кўраверишсин, деб мени юборишди.
АВҒОНБЕК. Тайёрлансак тайёрланайлик, биздан нима кетди… Олтинчи марта турмушга чиқаётган аёл: “Бу бош нималарни кўрмаган бош”, деган экан.
ИСПАНЭЛИ. Телевизорни шу ерга олиб келиш керак. Бонапарт ҳам тиласин тилагини.
АВҒОНБЕК. Бу ерда телевизор уланадиган розетка йўқ. Катта хонага чиқамиз.
ИСПАНЭЛИ. Бонапарт, қаддингни кўтар. Кашпировский деган тилсимчига сажда қиламиз. Сен баҳона биз ҳам унча-мунча дардимизга шифо топсак, ажабмас. Авғонбек, сен Бонапарт мирзанинг бир қўлтиғидан кўтар. Ў-ў, баднафс, шишани бўшатибсан-ку!

Нур сўнади.

Бешинчи кўриниш

Катта хона. А в ғ о н б е к, И с п а н э л и ва Б о н а п а р т рўпараларида турган телевизорга қараб ўтиришибди. Телевизорнинг экрани томошабинларга кўринмайди. Ўша томондан таралаётган майин куй товуши секинлашиб, К а ш-
п и р о в с к и й нинг овози эшитилади.

КАШПИРОВСКИЙНИНГ ОВОЗИ. “Мен касалликларнинг номини атмайман. Менинг гапларимдаги тилсим қудратининг ўзи касалликларни қидириб топади. Одамнинг аъзоларида бизга маълум бўлмаган алоҳида қувват бор. Мен таналарингиздаги ана шу қувватни уйғотаман. Уйғонган қувват эса одамнинг вужудидаги барча касалликларни топиб, уларга қарши ўзи курашади. Сеанс чоғида сизлар ҳеч нарсани ўйламангизлар, касалликларингизни унутсаларингиз ҳам бўлади. Сеанснинг қуввати бу ҳолатда дардни ўзи қидириб топади. Мен тўғримда нима ўйласаларингиз ўйлайверингизлар. Мен буни кўнглимга олмайман. Мен сизларга фақат эзгулик тилайман. Сизлар ҳозир мудраб уйқуга кета бошлайсизлар”.
А в ғ о н б е к билан И с п а н э л и, К а ш п и р о в с к и йнинг гаплари таъсиридами ёки ҳали ичилган ароқнинг кайфиданми, бошлари қуйи эгилиб, мудрай бошлайди.
КАШПИРОВСКИЙНИНГ ОВОЗИ. “Мен буйруқ бераман: бир, икки, уч, тўрт…”
АВҒОНБЕК (бошини кўтариб, Б о н а п а р т га). Қалай, таъсир қиляптими?
БОНАПАРТ. Билмадим.
ИСПАНЭЛИ. Бу дунёдан ҳеч нарса билмай ўтиб кетасан, шекилли. Ўзинг билмасанг, сен учун мен билишим керакми?
АВҒОНБЕК. Обдон ўраниб олибсан-ку. Очиб ётсанг-чи!
ИСПАНЭЛИ. Уялма. Буткул эркаклар ўтирибмиз-ку. Кашпировский кўрсин…Ҳа, балли, шунақа кўрсатиб ёт.
КАШПИРОВСКИЙНИНГ ОВОЗИ. “Ҳар қандай касалликда ҳам ишониш зарур. Астойдил ишонсаларингиз, мен айтадиган шифобахш сўзлар ҳатто минглаган чақиримлардан таъсир қила олади. Бу – ишонч кучи, қувват кучи. Мен сизларга ишонаман. Мен сизларни ҳурмат қиламан. Мен сизларнинг саломатликларингизни ўйлаб, тун бўйи мижжа қоқмай чиқаман. Сезиб турибман, таналарингиз бўшашиб, уйқу элта бошлади. Кўзларингизни юмингизлар. Ухлангизлар. Хаёлга чўмиб, мовий осмонда парвоз этингизлар… Энди уйғота бошлайман. Ўнга қадар санайман. Бир, икки, уч, тўрт…”
АВҒОНБЕК. Бонапарт, ўзгариш борми?

Б о н а п а р т жавоб бермайди.

(Испанэлига) Бу хуруллаб ухлаб ётибди-ку. Юр, жойига олиб чиқиб ётқизайлик.
ИСПАНЭЛИ. Гумроҳ!.. Отаси ҳам ухлаб қолибди. Ҳой, Абаке, сеанс тамом бўлди, бошингни кўтар.
АБДАШИМ (уйқу аралаш ғулдираб). “Таваккал” партияси залдан ҳайдаб чиқарилсин! Долой!
ИСПАНЭЛИ (ҳиринглаб кулиб). Ҳой, нодон, сиёсатга аралашиб нима қиласан!

У л т у ғ а н киради.

УЛТУҒАН. Қалай, шифо топадиган чамаси борми?
АВҒОНБЕК. Бўлади, янга, бўлади. Инимиз пихиллаб ухлаб қолди-ку. Худо шу йўсинда шифо берса ажабмас. Шифо топиш учун шиша керак, янгажон, шиша!
УЛТУҒОН. Балойи нафс! Ичиб олган кўринасизлар. У заҳарликни қаёқдан ола қолдиларинг?
АВҒОНБЕК. Худо шифо берсин, деган тилак билан бир-икки қултум ютган эдик. Биз буларни олиб чиқиб, ётқизиб киргунимизча дастурхон ёзиб қўярсиз. Катта тўйни бошлайверайлик.
УЛТУҒАН. Бу хонадоннинг дастурхони йиғилганини қачон кўргансанлар! Ана у аёллар ўтиришган уйда ҳамма нарса тайёр.
ИСПАНЭЛИ. Барака топинг, янга. Зотингиз асл-да. Ёмон уруғдан казо-казо зотлар чиқармиди!

И с п а н э л и билан А в ғ о н б е к Б о н а п а р т билан А б д а ш и м ни суяб эшик томон юришади.

АБДАШИМ. Яшасин “Худога шукур” партияси!
АВҒОНБЕК. Ҳа, яшасин, яшайверсин!

Чиқиб кетишади.

Нур сўнади.

Бешинчи кўриниш

Оммавий саҳна. Бу кўриниш қаерда кечаётганлиги номаълум. Буни билиш шарт ҳам эмас. Одамларнинг ғола-ғовури эшитилади.

ОВОЗЛАР: – Халойиқ, тинчланингизлар!
– Австрияга кетган Тошпўлат омон-эсон қайтиб келди. У ҳозир бизнинг эртанги кунимиз қандай бўлишлигини айтиб беради.
– Неча йилардан бери кутяпмиз. Умуман, қишлоғимизнинг келажаги борми-йўқми?
– Кутиб олингизлар, Глоба билан маслаҳатлашиб қайтган Тошпўлат қаршиларингизда турибди.
– Баракалло!
– Саломат бўл, Тошпўлат!
– Хўш, келажагимиз қандай экан?
ТОШПЎЛАТ. Келажагимиз ажойиб, зўр. Турмушимиз фаровон, бой-бадавлат ҳаёт кечирар эканмиз.
ОВОЗЛАР: – Айтганинг келсин!
– Оғзингга мой!
– Хўш, бунинг учун биз нима қилишимиз керак экан? Глоба нима маслаҳат берди?
ТОШПЎЛАТ. Меҳнат қилиш керак, деди.
ОВОЗЛАР: – Нима-а?
– Нима жавоб қилди дединг?
– Такрорла-чи.
ТОШПЎЛАТ. Меҳнат қилиш керак, деди.
ОВОЗЛАР: – Ў, номард!
– Ў, бефаросат!
– Бола-чақанинг насибасидан айириб пул йиғиб, дунёнинг бир чеккасига жўнатганимизда, билиб келганинг шу бўлдими?!
– Меҳнат қилиш кераклигини Глобасиз ҳам биламиз.
– Йиғиб берган пулларимизни қайтариб берсин!
– Айтиб турган гапига қаранглар бунинг! Ў-ў, муттаҳам!
– Қишлоқдан ҳайдаш керак уни!
– Чўл-далага олиб бориб ташланглар!

Тошпўлат қочади, ғазабга келган одамлар уни қувлаб чиқиб кетишади. А в ғ о н б е к, И с п а н э л и, А б д а ш и м, У л т у ғ а н ёлғиз қолишади.

АБДАШИМ. Дунё телба-тескари бўлиб кетдими, дейман! Барака қолмади-ку!
АВҒОНБЕК. Йўқ ҳамма нарса қадимгидек. Ўзимиз сабабчимиз барига, ўзимиз айбдормиз.
ИСПАНЭЛИ. Ҳалиги Тошпўлат Глобага бордими-йўқми, гап бунда эмас. Ўзи ичидан чиқариб айтган бўлса ҳам, гапида жон бор.
УЛТУҒАН. Йиғилишларинг ҳам, Глобаларинг ҳам бор бўлсин. Ана у боламнинг аҳволи қалай?
Роллан кириб келади.

ИСПАНЭЛИ. Роллан?! Ҳой, кечаси нима қилиб адашиб юрибсан?
УЛТУҒАН. Кел. Саломатмисан?
РОЛЛАН. Мени мол доктори деб юрган қайси биринг?
ИСПАНЭЛИ. Худо асрасин. Бунақа деб нимамиз бор?
АВҒОНБЕК. Шунақа деган бўлсак, оғзимиз қийшайиб қолсин.
АБДАШИМ. Тилимиз кесилсин.
РОЛЛАН. Гап бундоқ, бировни ёмонламай, орқаваротдан ғийбат қилмай, ҳар ким ўз ишини қиладиган бўлсин! Акс ҳолда мана бу шприс билан ҳаммангизга укол қилиб, қотириб ташлайман! Тушинарлими?
ОВОЗЛАР:
– Албатта.
– Тушунмай ўлибмизми.
РОЛЛАН. Суннат тўғрисида гапирадиган бўлсам, жароҳатга микроб тушган. Буни менгина эмас, оддий мол доктори ҳам билади. Гапнинг қисқаси, Бонапартларинг батамом соғайиб кетди. Уч кун сурункасига кечаси келиб, даволадим. (Эшик томонга ўгирилиб), Бонапарт! Кир, ота-онанг билан қариндошларингга кўрин.

Эгнига оқ халат кийган Бонапарт киради.

УЛТУҒАН. Ўнгимми, тушимми?! Доктор қайним, минг раҳмат сенга. Энди биз билан бирга ўтириб тамадди қил.
РОЛЛАН. Раҳмат. Ҳозир вақтим йўқ, борадиган жойларим бор. Бошқа сафар келарман.
АБДАШИМ. Хоҳласанг, биз билан бирга қудаликка юр.
РОЛЛАН. Ҳа, айтгандек, нохуш бўлса-да, айтай. Бўлажак қудаларингиз, бизни алдашибди, деб қаттиқ хафа бўлишибди ва номусга чидай олмай Сирдарёнинг нариги томонига кўчиб кетишибди.
АБДАШИМ. Кўчгани нимаси?
УЛТУҒАН. Эл-юртга обдон масхара бўлибмиз-да.
АБДАШИМ. Одамларга нима деймиз энди?
УЛТУҒАН. Ярмисини бериб қўйган қалин молимиз нима бўлади?
РОЛЛАН. Қиз, бунақа шарманда бўлганимдан сувга чўкиб ўлганим яхши, деб дарёга чопиб кетаётган чоғида аранг ушлашиб, уйга олиб келиб қамаб қўйишибди.
УЛТУҒАН. У бечора ҳам бизнинг боламизнинг аҳволига тушган экан-да.
АВҒОНБЕК. Бу икковининг тақдири бир деган гап. Бундай одамларнинг бир-бирига муҳаббати боқий бўлади.
АБДАШИМ. Ёпирай, энди нима қиламиз?
РОЛЛАН. Бориб, қуллуқ қилиб, тиз чўкиб, узр сўрангизлар. Балки кечиришар.
АБДАШИМ. Шундан бошқа иложимиз ҳам йўқ.
РОЛЛАН. Мен борай. Сизларга омад тилайман. (Чиқиб кетади)

Қолганлар Б о н а п а р т ни ўртага олишади.

АВҒОНБЕК. Қани, у ёқ-бу ёққа юр-чи.

Бонапарт у ёқдан бу ёққа юради.

ИСПАНЭЛИ. Сакраб кўр-чи.

Б о н а п а р т курсига чиқиб, ерга сакрайди.

АВҒОНБЕК. Баракалла. Шунча кун бекор ётмабсан… Куёв бўлиб боришингга энди ишонч ҳосил қилгандирсан.
ИСПАНЭЛИ. Уф-ф! Худога шукур-эй.
АВҒОНБЕК. Эртага икковимиз икки отга миниб, бий далага бориб, пойга қилиб қайтамиз. Нима дейсан?
БОНАПАРТ. Сиз нима десангиз – шу.
АБДАШИМ. Эртанги йиғилиш нима бўлади?
ИСПАНЭЛИ. Йиғилишингни қўй, яхшиси, Рэт оқсоқол учовимиз қишлоқдан қочиб кетган қудаларимизнинг оёғига бош уриб, кечирим сўрагани борамиз.
УЛТУҒАН. Унда яна совға-салом тайёрлашимиз керак бўлади.
ИСПАЭЛИ. Албатта.

Яна Б е к т у р – В и к т о р пайдо бўлади.

БЕКТУР. Американинг Балтимор шаҳар суди қозоқ қизи Галия Асановани, одам ўлдиришда иштирок этган, деган қалбаки айбнома билан умрбод қамоққа ҳукм қилибди. Қозоғистонликлар қизимизни ҳимоя қилиш у ёқда турсин, суд жараёнига мутлақо аралашмаган. Марказдаги юқори ташкилотлару зиёлиларимиз вакиллари ҳам бу ҳақда лом-мим демай қолаверган… Кўзингни оч, қозоғим! Уйғон, қозоғим! (Чиқиб кетади.)
ИСПАНЭЛИ. Бошимиз ғовлаб, гарангсиб турганимизда, бу Бектур-Виктор яна қаёдан келиб қолди?!
АВҒОНБЕК. “Уйғон, қозоқ!” дейди-я! Нима, ухлаб ётган эканмизми!
АБДАШИМ. Менинг ўйимча, жўн одаммас у. Эл оралаб юрган Хизр бўлиши ҳам мумкин.
АВҒОНБЕК. Топган гапингизни қаранг-у, бунақа замонда Хизр нима қилсин. Улар аллақачон безиб кетишган.
ир нима қилсин. Улар аллақачон безиб кетишган.
АБДАШИМ. Ҳар қалай одам ўйланиб қолар экан-да.
ИСПАНЭЛИ. Ҳозир бошқа нарса ҳақида ўйлаш керак. Шундай қилиб, эртага йўлга чиқадиган бўлдикми?
АБДАШИМ. Ҳозиргина шунга келишдик-ку.
АВҒОНБЕК. Хўш, Бонапарт Абдашим ўғли! Хотин олишга тайёрмисан?
БОНАПАРТ. Ўша қизними?
АВҒОНБЕК. Ўша қизними, дегани нимаси! Нима сен учун ўшами, бошқами – бари бирми?
БОНАПАРТ. Йўқ, албатта.
АВҒОНБЕК. Бўлмаса нимага сўраяпсан?! Бўпти. Энди эртанги кунга ҳозирлик кўрайлик.

Нур сўнади.

Парда олди

Ёқимли куй эшитилиб, парда ортидан Ч а п а й чиқиб келади..

ЧАПАЙ (у ёқдан-бу ёққа юриб). Ура! Бонапарт акам келинчак олиб келадиган бўлди! Барчангизни тўйга таклиф қиламиз. Албатта келингизлар! Қувончимизга шерик бўлингизлар!

Нур сўниб, парда тушади.

Т а м о м

Қозоқ тилидан Муҳаммад Хайруллаев таржимаси

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 10-сон