Дино Буццати. Тухум (ҳикоя)

Халқаро Бинафша Хоч ташкилоти ўн икки ёшгача бўлган болалар учун қиролликнинг ёзги саройи қошидаги боғда “пасха тухумини овлаш” бўйича катта байрам шодиёнаси ташкил этди. Чипта нархи – йигирма минг лир.
Тухумлар пичанлар ғарамига яшириб қўйилади.
Қоидага кўра, болакай топиб олган барча тухумлар унга қарашли бўлади. Бу тухумлар ҳар хил шакл ва турда – шоколадли, металли, картонли бўлиб, ҳар бирининг ичига ажойиб совға солинган.
Хизматкор Жилда Созо бу хусусда хўжайини Дзернаттанинг уйида эшитиб қолди. Синора Дзернатта, гарчи бу унга саксон мингга тушса-да, ўзининг тўртала боласини байрамга олиб боришга жазм қилиб турган экан.
Жуссаси жиккаккина, йигирма беш ёшлардаги аёл, тўғри, гўзал эмас, лекин ҳунук ҳам эмас, шўх ва гулгун юзли, табиатан хушфеъл, аммо бир қадар одамови бўлган Жилда Созо ҳам ўзининг тўрт яшар қизчасини хурсанд қилмоқчи бўлди. Қизалоқ ёқимтой, яхшику-я, бироқ, афсуски, ота меҳрисиз ўсяпти-да.
Узоқ кутилган кун келди: кичкинагина Антонелла яп-янги палточа, бежиримгина шляпачада зодагонларнинг болаларидан ҳечам фарқ қилмасди.
Жилданинг ўзи аслзода хоним бўла олмасди, чунки киши кўргилик кийими йўқ эди. Шунга қарамасдан, бу мушкул вазиятдан чиқиш йўлини топди – бошига ярқироқ бир ниқоб кийиб олди: қарабсизки, оқбилак бўлмаса-да, ҳар қалай, зодагонлар хонадонининг Женева ёхуд Невшателда таҳсил кўриб диплом олиб келган махсус тарбиячиси бўлди-қолди!
Жилда белгиланган вақтда қизчаси билан қироллик боғининг дарвозаси олдига келиб тўхтади-да, гўё бекасини қидираётган тарбиячидек атрофга аланглаб қарай бошлади. Шу аснода машиналар бирин-кетин келиб тўхтаб, улардан “тухум ови”да қатнишишга шошаётган болакайлар тушаверишди. Синора Дзернатта ўз боласи билан келиб қолган эди, Жилда кўриб қолмасин деб ўзини панага олди.
Наҳотки барча уринишлари беҳуда бўлса? У тиқилинч ва тўполонда чиптасиз ўтиб кетишни мўлжал қилган эди, бироқ ҳадеганда қулай вазият кела қолмасди.
“Ов” соат учда бошланади. Бештакам учда ҳукумат машинаси келиб тўхтади: ундан Римдан келган қандайдир вазирнинг хотини икки боласи билан тушиб келди. Халқаро Бинафша Хоч ташкилотининг президенти, маслаҳатчилари-ю масъул ходималари муҳтарама меҳмонни кутиб олишга шошилдилар. Ана шунда, ниҳоят, Жилда муштоқлик билан кутган қулай вазият туғилиб қолди.
Шундай қилиб, тарбиячи ниқобини кийган хизматкор боғнинг ичкарисига кириб олди-да, йўл-йўлакай қизчасига тегишли панд-насиҳатларни берди: ўзингни йўқотма, ўзингдан каттароқ ва абжирроқ болалар олдида бўш келма…
Сайхонлиг-у ўтлоқзорларга катта-кичик ғарамлар уйиб ташланган эди. Битта ғарамнинг баландлиги ҳатто камида уч метрча келарди – ким билсин, унинг тагида қандай тухум яшириб қўйилган, эҳтимол ҳеч нима йўқдир.
Сигнал овози эшитилиб, старт йўналиши олдидаги тасма кесилди. Болалар мисли кўрилмаган бир шиддат билан “ов”га отилдилар.
Кичкинтой Антонелла бу бой болакайларнинг олдида довдираб қолди. У бир ғарамдан иккинчисига қараб югурар, аммо қўлини ғарам ичига тиқишга журъат қилолмасди. Бошқалар эса, бу вақтда каттакон шаколадранг, қип-қизил, оппоқ, муҳими – сеҳрли совғаларни бағрига олган тухумларни кўксига босган кўйи оналари томон елдек учардилар.
Мана, ниҳоят, Антонелла ҳам бир ғарамга оҳиста қўл суқиб, қандайдир қаттиқ ва силлиқ бир нимани туйди: афтидан, тухум анча баҳайбат эди. Суюнганидан ўзини йўқотиб, “Топдим! Топдим!” дея қичқириб юборди-да, тухумни чиқариб олмоқчи бўлди. Лекин шу пайт бир болакай ашаддий регбистдек чаққон ташланди-да, тухумни кўкси билан қоплади. Сўнг Антонелла унинг каттакон пасха тухумини қўлида тутган кўйи югурганича ўзидан узоқлашаётганини, югура туриб ортига бурилиб қараганини, ҳатто тилини чиқариб уни масхара қилганини кўрди.
Қанчалик олғир-а бу болакайлар. Соат учда ўйин бошланган эди, орадан ўн беш дақиқа ўтиб-ўтмай жамики тухумлар ўз эгаларини топди. Фақатгина Жилданинг қизчаси қуруқ қўл билан атрофга аланглаб қарар, онаси кийган сохта ниқобни қидирарди. Унинг кўзлари жиққа ёшга тўлган, лекин ўзини йиғидан тийишга жон-жаҳди билан уринарди: бу болакайларнинг олдида ҳўнграб йиғлаш катта шармандалик бўлиб туюларди унга.
Шу пайт етти ёшлардаги қандайдир тилларанг сочли қизалоқ ажойиб пасха тухумларини нақ бир қучоқ қилиб кўтариб ўтаверди. Мана буни ўлжа дейдилар!
Антонелла унга ҳавас билан тикилиб қолди.
– Нима бўлди, сен ҳеч нима топмадингми? – меҳрибонлик билан сўради ўша қизалоқ.
– Ҳа, ҳеч нима.
– Истасанг, мендан биттасини олишинг мумкин.
– Ростданми? – суюниб кетди Антонелла. – Қайси бирини олай?
– Кичикроғини ола қол.
– Шунисини олсам майлими?
– Майли, ола қол.
– Раҳмат! – Қизчанинг кўзлари қувончдан порлаб кетди.
– Сенинг исминг нима?
– Инятсия, – деди тилласоч қизалоқ.
Шу пайт новчагина аёл, афтидан, Инятсиянинг онаси келиб уларнинг суҳбатига қўшилди.
– Нега тухумингни бу қизчага бердинг?
– Мен берганим йўқ, унинг ўзи олди, – пўнғиллади Инятсия: болалар баъзан тушунарсиз маккорликка жазм қилишади.
– Ёлғон! – қичқирди Антонелла. – Унинг ўзи берди-ку!
Бу қалин қоғоздан бежирим қилиб ясалган чиройли тухум бўлиб, ҳойнаҳой қутига ўхшаб очилар эди-да, ичидан қандайдир ўйинчоқми-қўғирчоқ чиқарди.
Можарони кўриб, Бинафша Хоч ташкилотининг оппоқ кийинган эллик ёшлардаги ходимаси уларнинг олдига келди.
– Нима бўлди, жажжи қизалоқларим? – сўради у кулиб туриб. Бироқ унинг кулгиси қандайдир муздан ҳам совуқроқ эди. – Сизлар нимадандир норозимисизлар?
– Йўқ-йўқ, ҳаммаси жойида, – жавоб қилди Инятсиянинг онаси. – Фақат манови маймунча, билмадим, кимнинг қизи экан, менинг қизчамнинг қўлидан тухумини тортиб олибди. Арзимас нарса! Ҳар қалай, мен учун! Майли, ола қолсин шу! Юр, кетдик, Инятсия! – Шундай деб она қизини етаклаб кетди.
Лекин масъул ходима можаро тўла ечимини топди деб ҳисобламади.
– Сен у қизнинг тухумини тортиб олганмидинг? – сўради у Антонелладан.
– Йўқ, унинг ўзи менга берувди.
– Наҳотки? Сенинг отинг нима ўзи?
– Антонелла.
– Антонелла, фамилиянг-чи?
– Антонелла Созо.
– Онанг қаэрда?
Шу пайт Антонелла онасини кўриб қолди. У бор-йўғи бир неча қадам нарида нима бўлаётганини жимгина кузатиб турарди.
– Ана, менинг онам, – деб кўрсатди қизча.
– Шу аёлми? – сўради масъул ходима.
– Ҳа.
– У мураббия эмасми?
Жилда уларга яқинлашди.
– Бу менинг қизим.
Ходима унга ҳайрон бўлиб бошидан оёғигача разм солиб қаради.
– Мени кечирасиз, синора, сизнинг чиптангиз борми ўзи? Қани, марҳамат қилиб кўрсатинг-чи!
– Менинг чиптам йўқ, – Антонелланинг ёнида туриб жавоб қилди Жилда.
– Чиптангизни йўқотиб қўйдингизми?
– Йўқ, менда чипта аслида йўқ эди.
– Демак, сиз чиптасиз ўтган экансиз-да, а? Бу бутунлай бошқа гап! Бундай тақдирда, қизча, тухумни қайтаришга тўғри келади. – Шундай дея тухумни Антонелланинг қўлидан юлиб олди. – Сизларга уят эмасми? – танбеҳ берди яна. – Қани, марҳамат қилиб тезда боғни бўшатиб қўйинг-чи!
Қизча тошдек қотиб қолди. Унинг кўзларига шунақанги ғам-ғусса чўкдики, бош устидаги осмон ҳам кутилмаганда қорайиб кетгандек бўлди.
Масъул ходима тухумни қўлида кўтарган кўйи мағрур одимлаб узоқлашар экан, Жилданинг ғазаби қаттиқ жунбушга келди. У қалбида йиғилиб қолган таҳқир, хўрлик, пучга чиққан умид билан саробга айланган истакни ортиқ жиловлашга мутлақо қодир эмас эди энди. Натижада у алифбонинг “г”, “б”, “с”, “ш” ва бошқа ҳарфлари билан бошланувчи жамики қўпол сўзларни аёлнинг ортидан пешма-пеш юборди.
Атрофга олий табақага мансуб зодагон аёллар билан уларнинг ажойиб пасха тухумларини кўтариб олган болалари дарров йиғилдилар. Айримлар Жилданинг бақиришларини эшитиб, қўрққанларидан қочиб қолдилар. Бошқалари ғазаб билан сўз қотдилар:
– Қандай шармандалик! Жанжалга бало борми!
Болаларнинг олдида-я! У аёлни шу заҳоти ҳибсга олиш керак!
– Кет! Йўқол! Агар полициянинг қўлига тушишни истамасанг, тезроқ йўқол бу ердан, ярамас! – таҳдид қилди масъул ходима.
Антонелла шунақанги ғам-алам билан йиғладики, бу йиғи тошни ҳам эритиб юборгудек эди. Жилданинг бўлса, ҳуши ўзида эмас эди: ғазаб, уят, нафрат, қаҳрдан кучига куч қўшилган эди гўё.
– Ўзингиз уялмайсизми? Шу бечора кичкинтойнинг тухумини тортиб олишдан сиз уялишингиз керак эди, сиз! Ҳа, мен эмас, сиз уялинг, пасткаш!
Икки полициячи югуриб келиб, Жилданинг қўлидан тутишди.
Жилда баттар жазавага тушиб қичқирди:
– Қўйворинг, менга қўл теккизманг! Аблаҳлар!
Улар аёлнинг қўлларини қайириб дарвоза томонга судрадилар.
– Биз билан бўлимга борасан! Қамоққа тиқиш керак буни! Ҳокимият вакилларини ҳақорат қилишнинг оқибати қандай бўлишини билиб қўйсин!
Бақувват эркаклар шу жиккаккина, нимжонгина аёлни базўр тутиб туришар эди.
– Йўқ! Йўқ дедимми, йўқ! – қичқирди у. – Қани менинг қизим?! Қўйворинглар мени, аблаҳлар!
– Ойи! Ойижон!
Антонелла унинг этагига ёпишди. Қизалоқ титраб-қақшаб ҳиқиллаб йиғлар экан, тўполонда уни у ёқдан бу ёққа силташарди.
Жилдани энди ўнтача одам – эркак ва аёллар босишга уринишарди.
– Бу аёл ақлдан озибди! Тийдириш кўйлаги керак!
Қамоққа тиқиш керак буни!
Бир зумда полициянинг усти ёпиқ машинаси етиб келди-да, унинг орқа эшиги очилди. Машинага тиқиш учун Жилдани кўтардилар. Бинафша Хочнинг масъул ходимаси Антонелланинг қўлчаларидан маҳкам ушлаб турди.
– Сен мен билан кетасан! Мен уни – сенинг онангни ҳали шунақанги тавбасига таянтирайки!..
Ҳеч ким ноҳақликни кўриб-билиб, жонидан-қонидан ўтказиб турган одам ғайритабиий куч-қудратга эга бўлиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмасди.
– Охирги марта огоҳлантираман: яхшиликча қўйворинг! – қичқирди Жилда, уни машинага зўрлаб тиқмоқчи бўлаётганларида. – Қўйворинг дедим, йўқса ўлдираман!
– Бўлди, бас! Олиб кетинг уни тезроқ! Ҳе, ўл бу кунингдан!.. – қизчани ўзининг олдида базўр ушлаб турар экан, қичқирди ходима.
– Ҳали шунақами! У ҳолда биринчи бўлиб сен ўл, минг лаънат сенга! – жон-жаҳди билан юлқинар экан, қичқирди Жилда.
– Э Худо! – оқбилак ойимча оҳ деб йиқилди-да, шу заҳотиёқ жон таслим қилди.
– Менинг қўлимни ушлаб турганинг учун энди навбат сенга! Кейин навбат сенга! – хитоб қилди хизматкор.
Аёлни ўраб турган одамлар тўдаси ўз-ўзидан ёйилди. Полициячилардан бири машинадан ташқарига ағдарилиб тушди-ю жон асари йўқ ҳолда ётиб қолди.
Жилда яна бир сўз айтар-айтмас иккинчиси ҳам унинг ортидан йиқилди.
Атрофдаги ҳамма томошаталаблар даҳшатдан донг қотиб қолдилар. Энди Жилда унга яқинлашишга журъат қилолмаётган оломон орасида якка ўзи турарди.
Она Антонелланинг қўлидан тутиб шаҳд билан олға интилди.
– Қани, йўлни бўшат ҳамманг!
Ҳеч ким унга яқин келишга журъат қилолмагач, ўз-ўзидан йўл бўшаб қолди. Бироқ полициячилар йигирма метрча орқадан унга эргашдилар. Сиренанинг чийиллашидан қўрққан томошабинлар турли томонга қоча бошладилар: қўшимча куч – тез ёрдам, ўт ўчириш, полиция машиналари олдинма-кетин етиб келган эди. Қўлга олиш ҳаракатига раҳбарликни полиция бошлиғининг ўринбосари ўз зиммасига олди. У буйруқ берди:
– Брандспойтларни тайёрланг! Кўзни ёшлатувчи газ!
Жилда қўрқув нималигини унутган эди, ортига шаҳд билан бурилиб қаради:
– Қани, мард бўлсанг олдимга кел!
Инсоний шаъни топтаб-таҳқирланган она кўксида бўйсинмас бир илоҳий куч қайнаб-тошмоқда эди.
Қуролланган полициячилар ҳалқаси уни тобора қуршовга олиб келаверди. Таҳдидли хитоб янгради:
– Қўлингни кўтар, эй бадбахт! Огоҳлантирувчи ўқ товушлари ҳам эшитилди.
– Сенлар ҳали ёлғиз ўзимни эмас, қизим ни ҳам ўлдирмоқчимисанлар! – қичқирди Жилда. – Йўлимдан қоч ҳамманг!
Шундай дея у ўз йўлида дадил давом этди. Аёл ҳеч кимга бармоғини ҳам теккизмаса-да, “олдинги сафда келаётган” олти нафар полициячи бараварига ер тишлади.
Шундай қилиб, у уйига етиб олди. Бу шаҳар чеккасидаги атрофи ёввойи ўт-ўланлар билан қопланган улкан ва кўримсиз бир иншоот эди. Полициячилар уйни қуршовга олишди.
Полиция бошлиғи қўлида овоз кучайтиргич билан олдинроққа чиқди: барча уй эгаларига беш дақиқа ичида бинони бўшатиб қўйиш таклиф қилинди. Исёнкор аёлга эса, жиддий кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида қизчасини ўз ихтиёри билан топшириш тавсия этилди.
Жилда юқори қаватдаги деразадан бошини чиқариб тушунарсиз тарзда нималардир деб қичқирди. Қуршовга олувчилар ҳалқаси бир зумда баайни кўзга кўринмас тўсиққа дуч келгандек таққа тўхтади-қолди.
– Қаёққа? Сафлар мустаҳкамлансин! – буйруқ янгради.
Лекин ҳаттоки офицерлар ҳам қоқила-сурина ортларига чекиндилар.
Бутун бинода Жилда билан қизчасидан бошқа ҳеч ким қолмади. Афтидан, аёл қизчасига егулик тайёрлаётган эди, сабаби мўридан ингичкагина тутун чиқиб тепага ўрлай бошлади.
Атрофга аста-секин қоронғулик чўкмоқда эди. Бино теграсига эса, Еттинчи моторлаштирилган полкнинг зирҳли машиналари тизилиштириб қўйилди. Жилда яна ойнадан қараб нимадир деб қичқирди. Оғир зирҳли машиналардан биттаси турган жойида сапчиб, нимагадир тўнкарилди-қолди. Ундан кейин иккинчиси, учинчиси, тўртинчиси… Қандайдир сирли куч уларни баайни енгилгина ўйинчоқлардек чор тарафга отиб бошлади. Улар бориб тушган жойларида ялпайиб, бир уюм темир-терсакка айланаверди.
Фавқулодда қамал ҳолати эълон қилиниб, БМТнинг махсус қўшини чақирилди. Атроф-жавонибдаги бутун бир туман аҳолиси бошқа жойга кўчирилди. Тонг саҳарда бомбардимон бошланди.
Жилда билан Антонелла айвонга чиқиб, бу қизиқ томошани бамайлихотир кузата бошладилар. Нима учунлиги номаълум, биронта бомба уйнинг устига келиб тушгани йўқ. Уларнинг ҳаммаси нишонга уч юзми-тўрт юз метр қолганида ҳавода портлаб кетмоқда эди. Кейин Жилда ётоқхонага қайтиб кирди, чунки қизчаси кучли портлаш товушидан қўрқиб йиғлай бошлаган эди.
Уларни тинкасини қуритиш йўли билан қўлга олишга қарор қилишди. Сув таъминотини тўсиб қўйишди. Лекин, барибир, ҳар куни эрталаб ва кечқурун мўридан ўша-ўша тутун чиқаверди – демак, Жилда қизчасига егулик пиширмоқда эди.
Генералиссимуслар ҳужумни соат Х га белгилашди. Айни шу соатда, худди қиёмат қойим бўландек, бир неча чақиримлик жойда ер зир титради. Бронетанк кучлари биргаликда аниқ йўналтирилган ҳужум бошладилар.
Жилда тағин деразадан бошини чиқарди.
– Бўлди-да энди! – қичқирди у. – Мени тинчимга қўясизларми-йўқми?
Қандайдир бир кўзга кўринмас қудратли куч танк сафларини бузиб ташлади: ажал юкланган темир-пўлат мастодонтлар (қадимда яшаган баҳайбат филсимон ҳайвонлар) нимагадир қарс-қурс қилиб парчаланмоқда ва ишдан чиққан маъданлар қабристонига айланмоқда эди.
БМТ Бош Котиби оқ байроқни баланд кўтариб олдинга чиқди. Жилда қўл ишораси билан унинг уйга ки-ришига ижозат берди.
БМТ Бош Котиби хизматкор билан тинчлик битими тузиш юзасидан музокара юритиш умидида келган эди: мамлакат ўлар аҳволда турибди. Халқ безовта-беҳаловат. Қуролли Кучлар буткул ҳолдан тойган. Аҳволни қандай ўнглаш керак энди?..
Жилда меҳмонни қаҳва билан сийлади. Шундан кейин шартини айтди:
– Мен қизалоғим учун пасха тухумини хоҳлайман. Уйнинг йўлак бошига ўнта юк машинаси келиб
тўхтади. Улардан турли катталикдаги мислсиз даражада гўзал тухумлар туширилди-да, таклиф қилинди: мана, қизалоқ марҳамат қилиб танлаб олаверсин! Улардан биттаси ҳатто диаметри ўттиз беш сантиметрлик соф тилла тухум бўлиб, усти қимматбаҳо тошлар билан безатилган эди.
Антонелла ўша масъул ходима ўзининг қўлидан тортиб олган тухумга айнан ўхшайдиган, рангли қоғоздан ясалган кичкинтойгина бир тухумни танлаб олди.

Рус тилидан Отаули таржимаси