– Бу сен кетадиган поездми?
– Ҳа, мен кетадиган поезд.
Перроннинг чирк босиб кетган бостирмаси остида қўзғалишини кутиб турган паровоз гўё қутурган буқадек кишини ваҳимага соларди.
– Сен шу поездда кетасанми? – деб сўрашди мендан.
Паровоздан шовқин билан чиқаётган буғ одамни даҳшатга соларди.
– Ҳа, шу поездда кетаман, – дея жавоб бердим мен.
– Қаерга кетяпсан?
Мен борар манзилимни айтдим. Авваллари дўстларим билан бўлган суҳбатда сўрашганда ҳам бу манзилнинг номини айтмаган эдим. Ҳойнаҳой, бу камтарлигимдан бўлса керак. Негадир шу манзилнинг номи одамларнинг қизиқишини уйғотади. Унинг номини ёзишга ҳозир ҳам журъатим етмайди.
Ўша пайтда менга, худди сурбетга қарагандек ғазаб билан, кимдир тентакка қарагандай шубҳа билан, кимдир хомхаёл билан яшовчи одамга қарагандек ачиниш билан менга қарарди. Кимдир устимдан куларди. Мен вагонга сакраб чиқдим, ойнани очиб ташқаридан танишларимни қидира бошладим. Аммо биронта таниш чеҳра кўрингани йўқ.
– Қани, учар поездим, йўлга туш. Вақтни йўқотмайлик, шамолдек ел! Ҳурматли машинист, кўмирни аямай ёқ! Учар аждарингизга қамчи босинг!
Ўрнидан қўзғалган паровознинг пишқирган овози эшитилди. Вагонлар аста-секин ўрнидан силжиди, бостирма устунлари бирин-кетин ортда қола бошлади. Сўнг уйлар ва яна уйлар, фабрикалар, томлар, уйлар, яна уйлар, кўриниб турган завод мўрилари, дарвозалар ва яна уйлар, дарахтлар, томорқалар, яна уйлар, яйловлар, далалар, осмонда сузиб юрган паға-паға булутлар бирин-сирин кўзга ташланиб орқада қоларди. Қани, олға машинист! Бор кучинг билан тезликни ошир!
Ё тавба, биз қандай учиб борар эдик-а! Бу тезликда биринчи рақамли станцияга, сўнгра иккинчисига, учинчи, тўртинчи ва бешинчисига етиб бориш ҳеч гап эмас, деб ўйлардим. Мамнун ҳолда таш-қаридаги телеграф симларининнг дам пасайиб бориши, сўнгра яна кўтарилиб пастга тушишини томоша қилиб кетардим. Поезднинг тезлиги борган сари ошиб борарди. Рўпарамда қизил духобали ўриндиқда икки жаноб ўтирарди, афтидан уларнинг поездда кўп юрганликлари кўриниб турарди; улар негадир дам-бадам соатларига қараб қўярдилар ва бошларини чайқаганча минғирлаб, нимадандир норози бўлиб сўзлашардилар.
Аслида тортинчоқ бўлсам-да, шу тобда журъат этиб:
– Узр, саволим ўринсиз бўлса-да, жаноблар, айтинг-чи, сизлар нимадан норозисизлар? – деб сўрадим.
– Ҳа, жуда аҳволимиз танг, – деди ёши каттароқ жаноб. – Чунки, поезд имиллаб юряпти. Ҳа, имиллаб… Шу юришда давом этсак, манзилимизга кечикиб борамиз, биродар.
Мен уларнинг гапига қўшилмасам-да, лекин ўйланиб қолдим. Одамларнинг кўнглини олиш қийин; ахир биз тушган поезд ўзининг қувватига яраша шитоб билан кетяпти-ку. У йўлбарс каби бақувват, ахир. Шу вақтгача бошқа поездлар юролмаган катта тезликда бораяпти-ку, ахир. Эҳ, норози йўловчилар-эй.
Поезд тез юрганидан темир йўлнинг икки ёнидаги далалар лип-лип этиб ортда қолмоқда эди. Назаримда биринчи станцияга поезд мўлжалдан аввалроқ етиб келганди. Соатга қарагач, биз жадвал бўйича аниқ юраётганимизга ишонч ҳосил қилдим. Режага кўра. Бу ерда мен муҳим масала бўйича, муҳандис Моффин билан учрашишим керак. Вагондан тушгач, келишувга биноан мени Моффин кутиб турган қаҳвахона томон ошиқдим. У энди тушлик қилиб бўлган экан.
Мен муҳандис Моффин билан саломлашгач, унинг ёнига ўтирдим, лекин у келишувимиз ҳақида лом-мим демай, гўё вақтимиз кўпдек, об-ҳаво ва майда-чуйда арзимас нарсалар ҳақида гапирарди. Орадан ўн дақиқа ўтди (поезднинг жўнашига бор-йўғи етти дақиқа қолганди), ниҳоят у чарм сумкасидан керакли қоғозларни чиқарди. Шу орада безовталаниб, соатга қараётганимни сезиб қолди.
– Йигитча, афтидан шошяпсиз шекилли, – деди кесатиб. – Очиғини айтсам, шошириб турганлар менга ёқмайди…
– Сиз мутлақо ҳақсиз, жаноб муҳандис, – эътироз билдиришга журъат этдим мен, – лекин бир неча дақиқадан сўнг, поездим жўнаб кетади ва…
– Ундай бўлса, – деди у шоша-пиша ҳужжатларни йиғиштирар экан, – кечирасиз, мен жуда афсусдаман, бу иш ҳақида бошқа сафар, сизнинг вақтингиз бемалолроқ бўлган пайтда гаплашармиз, азиз биродар, – дея жойидан қўзғалди.
– Кечирасиз, – дея ғўлдирадим мен, – айб менда эмас, биласизми, бу поезд…
– Буни менга аҳамияти йўқ, ҳа, аҳамияти йўқ, – деди у ва бир сўзлик эканлигини намойиш этаркан, кулимсираб қўйди.
Ўрнидан силжиган вагоннинг зинасига зўрға чиқиб олдим. “Нимаям қилардим! – дедим ўзимга-ўзим. – Майли, учрашувни кейинги сафарга қолдирсак-қолдирибмиз-да. Муҳими, йўлдан адашмасак бўлгани”.
Биз далаларни ортда қолдириб борардик. Телеграф симлари дам юқорига кўтарилиб, дам пастга тушиб борарди, бепоён яйловлар бўйлаб кета бошладик. Уйлар тобора камроқ кўзга ташланарди, чунки биз шимол томон кетмоқда эдик. Маълум бўлишича, бу ерларда одамлар кам яшардилар, ҳа, бу ерлар овлоқ жойлар эди.
Аввалги ҳамроҳларим жойларида кўринмадилар. Мен жойлашган купеда юзидан нур ёғилиб турган роҳиб ўтирарди. У тинмай йўталарди. Ойна ортидан эса яна яйловлар, ўрмонлар, ботқоқликлар бирин-сирин ўтиб боарди. Бекорчиликдан соатимга қараб қўйдим. Йўталиб турган протестант роҳиби ҳам соатига қараб қўйди-да, бошини чайқади. Бу сафар мен ундан нега бошини чайқаганини сўраб ўтирмадим, чунки сабаби беш қўлдек равшан. Соат ўн олтию ўттиз беш дақиқа ўтганини кўрсатиб турарди. Демак, ўн беш дақиқа аввал биз иккинчи станцияга етиб келишимиз керак эди, ваҳоланки, станция узоқдан ҳам кўзга ташланмас эди.
Иккинчи станцияда мени севгилим Розанна кутиб олиши керак эди. Поезд манзилга етиб келганда, кутиб турган одамлар кўп эди. Улар орасида Розанна кўринмасди. Поездимиз ярим соатга кечикиб келганди. Мен станцияга сакраб тушдим ва вокзал биносидан ўтиб, вокзал олди майдонига югуриб чиқдим. Шу онда хиёбон бўйлаб кетаётган Розаннани кўриб қолдим: у бошини қуйи солганча тобора мендан узоқлашиб кетмоқда эди.
– Розанна! Розанна! – дея қичқирдим овозим борича.
Аммо севгилим анча узоқлашиб кетганди. Тавба, у ҳатто бирон маротаба бўлса-да, ортига ўгирилиб қарагани йўқ. Ўзингиз инсоф юзасидан айтинг-чи, мен унинг кетидан югуришим, поездимдан қолиб кетишим ва умуман, ҳаммасидан воз кечишим мумкинмиди?
Розанна ёлғизоёқ йўлдан кетиб бораркан, охири кўзга кўринмай қолди. Мен эсам, яна бир учрашувдан маҳрум бўлганимни англаб, тарвузим қўлтиғимдан тушганча, поездим томон қайтиб келдим. Мана энди шимолнинг пасттекисликлари бўйлаб, одамлар тақдир деб атаган ҳаёт ичига шўнғиб кетиб борардим. Муҳаббат деганлари шуми, ахир?
Йўлда давом этардик. Кунлар кетидан кунлар ўтиб борарди, темир йўл бўйлаб тортилган телеграф симлари асабга тегувчи рақсга тушишда давом этардилар. Негадир ғилдиракларининг гумбирлашида аввалги шижоат сезилмасди. Негадир узоқдан кўринаётган дарахтлар, чўчиган қуёнлар каби кўз ўнгимиздан зумда ўтмай, маъюс ҳолда биз томон судралиб келаётгандек кўринарди.
Учинчи станцияга чамаси йигирма кишилар атрофида одам йиғилган эди. Улар орасида мени кутиб олиши керак бўлган қўмита одами кўрнмасди. Перронга тушгач, уни суриштира кетдим. “Мабодо, сиз бу ерда қўмитадан оркестр ва байроқлар билан кутиб олишга келган хонимлар ва жанобларни кўрмадингизми?” – дея сўрай бошладим.
– Ҳа, ҳа, улар келишган эди. Узоқ вақт кутишди ҳам. Сўнг кутиш бефойда, деб ҳаммалари тарқаб кетишди.
– Қачон?
– Уч-тўрт ой аввал, – дедилар кулиб.
Шу тобда паравознинг қўзғалишини билдирувчи ҳуштак овози эшитилди.
Поезд ўрнидан жилди. Қани, олға, дадилроқ! Гарчи бизнинг тезюрар поездимиз иложи борича тез юришга ҳаракат қилса-да, бироқ аввалгидек шитоб билан юролмаётган эди. Ким билади дейсиз, кўмир сифатсизми? Ё ҳаво етишмаяптими? Ё совуқ халақит беряптими? Балки машинист чарчагандир. Ортдаги кенгликлар гўё жарликдай туюларди: унга қараган одамнинг боши айланарди.
Тўртинчи станцияда мени онажоним кутиб олиши керак. Поезд тўхтади, перрондаги харракда ҳеч ким кўринмас эди. Эринмай қор ёғмоқда.
Мен бошимни деразадан иложи борича чиқариб, атрофни кўздан кечира бошладим. Ҳафсалам пир бўлиб энди ойнани ёпмоқчи бўлиб турганимда, онажоним мени кутиш залида пойлаб ўтирганини кўриб қолдим. Онажоним шолрўмолга ўралиб харракнинг бир бурчагида мудраганча ғужанак бўлиб ўтирарди. Ё тавба, мунис онажоним кичрайиб кетибди-я!
Поезддан сакраб тушдим-у, онажонимнинг истиқболига югурдим. Қучганимда, қоқсуяк бўлиб қолганини ҳис этдим ва совуқдан дилдираётганини сездим.
– Онажон, узоқ вақт кутиб қолдингизми?
– Йўқ, йўқ, ўғлим, – деди у суюнганча жилмайиб. – Бор-йўғи тўрт йилдан буён кутаман сени.
Онам сўзларкан, кўзимга тик қарамас, гўё ниманидир қидираётгандай ерга қаради.
– Ойижон, нимани қидиряпсиз?
– Ҳеч нарсани. Жомадонларинг қани? Уларни перронда қолдирдингми?
– Улар поездда, – дедим мен.
– Поездда? – онанинг юзида умидсизлик пайдо бўлди. – Сен уларни ўзинг билан олиб тушмадингми?
– Биласизми, менга… – онажонимга қандай қилиб тушунтиришни билолмасдим.
– Ҳозир кетаман демоқчимисан, ўғлим. Ҳатто бир кунга ҳам қолмайсанми?
Онажоним жим бўлиб қолди, қўрқув аралаш менга тикилиб турарди.
Мен хўрсиндим.
– Эҳ, майли! Поезд кетаверсин! Ҳозир югуриб бориб жомадонларимни олиб тушаман. Ойижон, сиз билан қолишга қарор қилдим. Ахир сиз менинг келишимни тўрт йилдан буён кутасиз-а!
Бу гапларни эшитган онажонимнинг суюнганидан юзига қон югурди: у жуда хурсанд эди, юзида жилмайиш пайдо бўлди.
– Йўқ, йўқ, жомадонингни олиб тушма. Сен мени тушунмадинг, ўғлим, – ёлворди у. – Мен ҳазиллашдим, тўғри, сен бу овлоқ жойда қололмайсан. Мени ўйлама, ўғлим. Мени деб умрингни бу ерларда ўтказмаслигинг керак. Агар сен ҳозироқ кетсанг, ҳаммаси яхши бўлади. Иккиланиб ўтирма. Бу сенинг бурчинг… Мен фақат бир нарсани – сени кўришни ният қилгандим, холос. Мана, ниҳоят, ниятимга етдим, биз кўришдик. Энди менга бошқа ҳеч нарса керак эмас, ўғлим!
– Ташкачи, ҳой, ташкачи, – дея қичқирдим мен. Юк ташувчи бир зумда рўпарамда пайдо бўлди. – Учта жомадонни поезддан тушириш керак!
– Бунга мен рухсат бермайман! – такрорлади онам. – Бундай имконият сенда бошқа бўлмайди. Ёшсан, ўғлим, ўз йўлингдан қолмаслигинг керак! Қани, тезроқ вагонга чиқиб ол! Бўлақол ўғлим, бўлақол! – онажоним ўзини кулишга мажбур этиб мени вагон сари итарарди. – Худо хайрингни берсин, шошил ўғлим, эшиклар ҳозир ёпилади.
Мен бахти қаро, худбин ўғил гарангсиб, қандай қилиб поездга чиқиб олганимни билмай қолдим. Ойнадан бошимни чиқарганча, онажонимга қўл силкитиб хайрлаша бошладим.
Поезд ўрнидан қўзғалди. Тез орада онам ортда қолди. У тобора кўзимга кичрайиб кўриниб борарди. Мунис онажоним ғамгин боққанча, ёғаётган қор остида перронда ёлғиз ўзи турарди. Сўнг, борган сари онамнинг жуссаси кичрайиб, ниҳоят, бир нуқтага айланди-ю, тез орада кўздан ғойиб бўлди. Алвидо, онажон!
Йиллар-ла ўлчанадиган кечикиш билан биз шошгандан-шошамиз. Аммо қаерга?
Кеч кира бошлади. Совуб қолган вагонларда деярли ҳеч ким қолмаганди. У ер-бу ерда қоронғи купеларнинг бурчакларида сабрли нотаниш йўловчиларни учратиш мумкин эди, холос: совқотаётган бўлсалар-да, нолимасдилар.
Биз қаерга кетаяпмиз? Сўнгги станцияга ҳали қанча бор? Биз у ерга етиб бора оламизми? Туғилиб ўсган жойлардан, ўзинг ёқтирган одамлардан шу даражада шошиб жўнаб кетиш шартмиди? Сигареталаримни қаерга қўйдим экан-а? Эҳ-а, улар камзулимнинг чўнтагида-ку! Орқага йўл йўқ, бу аниқ!
Қани, машинист, поездингнинг тезлигини ошир! Афт-ангоринг қандай экан сени? Исминг нима? Сени танимайман, ҳеч қачон кўрган ҳам эмасман. Агар сен менга ёрдам бермасанг, ҳолимга вой! Машинист, бардам бўл, ўтхонага охирги кўмирларни ташла, илтимос, бу шалдироқ арава яна аввалги паровоздек учиб юрсин-да, тим қоронғуликни ёриб, кириб борсин! Худо ҳаққи, бўшашма машинист, ухлаб қолма. Балки биз кўзлаган манзилимизга эртага етиб борармиз.
Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 6-сон.