Ҳар бир ишнинг ўз «нега»си бор.
Йўқ, ўхшамади. Ҳикояни илмийроқ гаплар билан бошлаган маъқул. Айтайлик, мана бундай: «Ҳар қандай шароитда ҳам одамнинг кўнгли хотиржам тортиши керак».
Тўғриси, буниси ҳам ўхшамади.
Эътиборга молик гап айтиш учун аввало киши-нинг ўзи буюк бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам ҳар бир ҳикоямни абадийлаштиришга арзийдиган жумла билан бошлайман. Лекин ҳеч ким менинг жумламга ҳам, ўзимга ҳам аҳамият бермайди. Буюк деган номга мушарраф бўлганларнинг барчаси муҳим гаплар айтади, деб ўйлайсизми?
Бир буюк одам: «Ёзда иссиқ бўлади», деб айтган эди. Нақадар пурмаъно сўзлар, нақадар доно фикр! Инсоният асрлар давомида излаган ҳақиқатни у уч оғиз сўз билан ифодаласа-я! Бошқа бир буюк инсон ўлаётиб, охирги дақиқаларда шундай деган экан: «Эшикларни ланг очинг!» Шу бир оғиз жумлада қанчалар буюк ҳақиқат яширинган! Қаранг, у «Эшикларни ланг очинг!» деган. Бу сўзлар билан авлодларга йўл кўрсатган. «Эшикларни ланг очинг!» Бу нима дегани? Мулоҳаза қилиб кўринг, қанчалар буюк сўзлар. Бу икки оғиз сўзнинг маъносини очиш учун том-том китоб ёзса ҳам камлик қилади. Ахир у айтган-ки… Умуман, у нима деган ўзи? «Эй, одамлар! Эшакка ўхшаб, оғилхоналарда беркиниб ётманглар. Эшикларни очинглар ва уйларинг билим зиёсига тўлсин!» Йўқ, у бундай демаган! «Эшикларни очинг! Кўзларингизни каттароқ очиб, дунёга қаранглар. Қалбингизни зулматдан қутқаринг!»
Аслида, буюк одам ҳам ҳаммага ўхшаган оддий одам, у ҳам омонатини Яратганга топшираётиб, нафаси қайтиб энтикади. Балки бўғилишдан қутилиш учун «Эшикни очинглар!» дегандир. Бор-йўғи шу. Нариги дунёга равона бўлганимда, яъни ўлимимдан кейин, аввало, Гётени қидириб топаман ва: «Айтишларича, ўлимингиздан олдин: «Пардани очинглар, яна бироз ёруғлик тушсин!» деб айтган экансиз. Бу буюк сўзларнинг маъноси нима?» деб сўрайман. Аниқ биламанки, Гёте шундай жавоб беради:
– Мен-а? Мен «Яна бироз ёруғлик тушсин», дебманми? Шунчаки ўшанда кўзим хиралашганди. Балки бу гапни атрофимда кимлар борлигини кўриш учун айтгандирман?..
* * *
…Йўлда кетиб бораётгандим. Қайсидир уйнинг эшигидан бир мушук юракни эзадиган даражада фарёд солиб отилиб чиқди. Кейин у думини хода қилганча айюҳаннос солиб, кўздан ғойиб бўлди. Мана шу мушук мени ўйга толишга мажбур қилди. Нега у қаттиқ чинқирганча уйдан отилиб чиқди? Ҳар бир ишнинг ўз «нега»си бўлади. Хўш, мушук нега отилиб чиқди? Айнан мана шу воқеани сизга баён қилмоқчи эдим. Лекин кўриб турганингиздек, усул тополмай қийналяпман. Демократик усулни қўллаб, пастдан юқорига қараб гапирайми ёки шарқона анъаналарга содиқ қолиб, тепадан пастга қараб бошласамми? Яъни, мушукдан бошлаб, вазиргача чиқсамми ёки вазирдан мушукка тушсамми? Яхшиси, ўзимизнинг анъаналардан қолмай.
Мушук воқеаси, яъни уни қандай калтаклашгани ва у эшикдан отилиб чиққани ҳақидаги воқеа шундай бўлганди: ҳамма газеталар — айнан барчаси бирваракайига бир вазирга ҳужум қилишди. Албатта, бундан вазир қаттиқ таъсирланди. Ранжиганидан нима қилишни билмай қолди. Ҳар доим чорасиз қолганда унинг кўнгли хира бўларди. У маслаҳатчисини чақирди. Вазир ундан нима ҳақидадир сўради. Маслаҳатчи жавоб берди. У яна алланималар ҳақида сўради. Маслаҳатчи бу саволга ҳам жавоб берди. Лекин вазир барибир кўнгил жароҳатига малҳам топа олмасди. Ахир «Ҳар қандай вазиятда ҳам одамнинг кўнгли хотиржам тортиши керак» эмасми? Вазир яна маслаҳатчисига савол берди. Маслаҳатчи бу ишни қандай бажарганини гапириб берди. Йўқ, бу ишни бошқачароқ бажариш керак эди.
– Бундай қилиш нотўғри!..
– Мумкин!
– Мумкин эмас!
– Йўқ, мумкин!
– Йўқ, мумкин эмас!
Вазир ниҳоят кўнглидагини тўкиб солганидан хурсанд бўлди! У ходимини яхшилаб таъзирини бергач, тинчланди. «Нима бўлганда ҳам одамнинг кўнгли таскин топиши керак!» Энди маслаҳатчи қандай қилиб кўнглига таскин берсин? Истеъфога чиқсинми? Йўқ. Нега энди ишдан бўшаши керак?
У бош бошқарувчига бир савол билан мурожаат этди. Бош бошқарувчи жавоб берди. У бош бошқарувчига бошқа савол берди. Бош бошқарувчи бу саволга ҳам жавоб берди. У яна савол берди. Наригиси яна жавоб берди. Жавоб беришга-ку, берди, лекин иш бошқача бўлиши керак эди-да.
У котибни чақирди.
– Ёз, – деб буюрди. Маслаҳатчи гапирди, котиб ёзди. Аста-секин маслаҳатчи тинчланди. Агар тинчимаганида ёрилиб кетган бўларди. Унда маслаҳатчининг оиласи хотиржамлиги ва мувозанатидан айрилган бўларди. Ҳаммаси яхши-ю, лекин энди бош бошқарувчи нима қилсин? Маслаҳатчи ёздирганларини ҳазм қилиш осонми? У тугмачани босди:
– Инспектор Алибейни чақиринг!
– Алибей ўн кундан буён хизмат сафарида
– Унда Валибейни чақиринг!
Инспектор Валибей келди:
– Хизматингизга тайёрман, бейафанди!
– Ҳалиги иш нима бўлди?
– Бажарилди, бейафанди!
– Наригиси-чи?
– Унисини ҳам бажарганмиз.
– Қандай қилиб бажаргансиз?
– Шундай, шундай қилиб бажардик, бейафанди!
– Ахир бундай қилиб бажариш нотўғри. Ким сизга «шундай, шундай» қилинг, деди? Бу ишни мана бундай, бундай қилиб бажариш керак эди! Ё Аллоҳ, ё тавба! – Бош бошқарувчи роса жавради. Оҳ, ҳаёт яхши-да. Кўнглини бўшатмаганида, бундай енгил тортмаган бўларди. Энди инспектор шўрлик нима қилсин? Ичига ютсинми? Йўқ, бу ишда сабр ёрдам беролмайди.
– Жаноб бошқарувчи!
– Нима?
– Нима, деганингиз нимаси? Бугун эрталаб сизга нима дегандим?
– Бугун эрталаб? Ҳеч нима демагандингиз.
– Қанақасига? Бўлиши мумкин эмас.
– Бугун эрталаб сизни кўрганим ҳам йўқ-ку.
– Унда кеча эрталаб айтганман.
– Кеча эрталаб сизнинг тобингиз йўқ эди.
– Демак, ўтган куни эрталаб айтганман!..
– Ҳа-а, нимадир дегандай бўлувдингиз…
– Айнан нима деганман?
– Аниқ эсимда йўқ…
– Агар айтган бўлсам, нега шу пайтгача топшириғим бажарилмаган? Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Тушунарлими, бўлмайди! Таъқиқлайман, қатъиян ман қиламан!..
Бошқарувчининг афти буришди. Нима бўлганда ҳам одам кўнглини бўшатиши керак.
– Менга ўринбосарни чақиринг!
– Эшитаман? – Бошқарувчининг ўринбосари келди. Бошқарувчи ундан сўради:
– «Д» белгили ахборотнома тўлдирилганми?
– Тўлдирилган, афандим.
– Тўлиқ тўлдирилганми?
– Ҳа, тўлиқ.
– Варақлари тикилганми? – “Уф, ҳамма нарсани нега тўлиқ бажаради-а?” – Керакли жойга жўнатилганми?
– Жўнатилган.
“Бир оз кечикишса, нима қиларкан?”
– Қачон жўнатдингиз?
– Кеча.
– Нима-а-а? Кеча?! Бу қандай совуққонлик? Бу қандай иш услуби бўлди? Ҳеч ким жон куйдириб ишламайди. Ишлаш керак! Ишлаш! Тушундингизми?!
Оҳ, одам кўнглини бўшатса, қанчалар маза қилади-я. Бошқарувчи ўринбосари бўлим бошлиғининг хонасига кирди. У жаҳлдан ёрилай деб турарди.
– Бу нима?
– Бу ҳисобот бўлимига жўнатиладиган ҳужжатлар.
– Хў-ўш, хў-ўш! Тушунарли. Шундоқ ҳам интизомсизлик бўладими?! Энди эса…
Бошқарувчи ўринбосари чиққач, бўлим бошлиғи ҳам портлади ва столни муштлаб қичқирди:
– Қани Ҳасанбей?
– Қайси Ҳасанбей? Иккинчи бошқармадаги Ҳасанбейми ёки нусха чиқарадиган Ҳасанбейми? Яна рўйхат бўлимида ҳам Ҳасанбей бор. Балки котибиятдаги Ҳасанбей керакдир?
– Қўлингизга тушган Ҳасанбейни ёнимга судраб келинг… Тўғрироғи, ҳалиги… котибиятдаги Ҳасанбейни!
– Афандим, у тушликка кетган.
– Унда сенинг исминг нима?
– Ҳусайн.
– Ҳусайнми-Мусайнми, менга фарқи йўқ. Ҳамма бекорчилар йиғилиб олгансанлар!..
У ҳам ўн дақиқалар бақир-чақир қилгач, тинчиди. Бутунлай тинчигач, ишхонадан чиқди.
Амалдор Ҳусайнбей аламидан хизматчиларига танбеҳ беришни бошлади:
– Ойналар нега хира? Ия, шифтда ўргимчак уя қурибдими? Столлар чанг, пол расво. Тоқат қилиб бўлмайди! Тоқат қилолмайман! Тушундингми, фалончи? Сендан сўраяпман!
Шундан кейин Ҳусайнбей ҳам елкасидан тоғ қулагандек енгил тортиб, ишхонадан чиқди. Дарғазаб бўлган хизматчи аламини сочиш учун дарвозабонни қидирди. Лекин дарвозабон аллақачон уйига кетиб бўлган экан. Нима қилиш керак? Нима бўлганда ҳам одамнинг кўнгли ҳаловат топиши керак. У трамвайга ўтирди.
– Оёғимни босдинг! Ёғоч оёғингни қўйишдан олдин кўзингга қарасанг бўлмайдими?
Йўловчи эътибор бермади. Шу пайт назоратчи келди:
– Чипта олинг!
– Кўрмаяпсанми тиқилинчлигини! Битта қўлим қисилган, иккинчиси сиқилган… Шу аҳволда ҳамёнимни қандай оламан? Тушаётганимда тўлайман!
– Бу мумкин эмас.
– Мумкин.
– Йўқ, мумкин эмас!
Бақир-чақир. Хизматчи ҳар ҳолда кимга заҳрини сочишнинг йўлини топди.
Охирги рейсдан сўнг назоратчи уйига қайтди. Хотини уни ошхонада табассум билан кутиб олди: – Нега куйдирилган калладек ишшаясан? Эринг нима аҳволда-ю!..
У хотинини боплаб дўппослади. Кейин хотиржам тортиб, столга ўтирди-да, овқатини паққос туширди. Назоратчининг хотини аламидан йиғлаб олди. Шу пайт оёғи остида мушук ўралашиб юрганини кўрди. У қўлидаги оташкурак билан мушукнинг қоқ белига икки марта яхшилаб туширди! Мушук шўрлик даҳшатли оғриқдан айюҳаннос солганча кўчага қараб отилди. Шундан кейин назоратчининг хотини эрининг пинжига тиқилди. Ҳақиқий муҳаббат кўз ёшлардан кейин туғилади. Иккаласи ҳам тинчланди.
«Ҳар бир ишнинг ўз «нега»си бор. Агар газеталар вазирга ёпишмаганда бу шўрлик мушук фарёд солганча кўчага отилармиди?»
Одамлар ҳар ҳолда кўнгилларини хотиржам қилишнинг йўлини топишади. Лекин мушуклар… Ана шу мушук ёнгинамдан худди метеор каби шувиллаб учиб ўтди. Лекин қандай қилиб кўнглини тинчитгани менга қоронғу…
Туркчадан Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи таржимаси