Азиз Несин. Ўзинг айбдорсан (ҳажвия)

Ишдан ҳайдалганингда дунё кўзингга қоронғу кўринади.Ҳаммасидан қийини қизиқувчан дўстлар ва таниш-билишларга нима сабабдан ҳайдалганингни тушунтиришдир.
Йўқ-йўқ, мен бу гал бошимга тушган ғурбатларни гапирмоқчи эмасман.
Одатда биронтаси ёрдам қўлини чўзармикин ёки сал енгил тортармиканман деб дўстларга дардимни айтаман.Бунга жавобан эса улар мени искангжага олиб сўроқ қилишади, сабабларини ковлаштиришади, оқибатда барча кўнгилсизликларнинг айбдори ўзим бўлиб қолавераман.Мен ундоқ қилмаганимда, бундоқ йўл тутганимда хўжайин менга тегмас эмиш.Хуллас,қо-
вун туширибманми – демак ўзим айбдорман!
-Ўзинг айбдорсан!- дея ҳукм чиқаришади ва шу асно юзларида мамнун бир ифода пайдо бўлади.
Кунлардан бир куни ўз ёғимга ўзим қоврилиб, кўчада хаёл сурганча кетаётган эдим.Тўсатдан кимдир елкамдан ушлаб қолди.Қайрилиб қарасам – Усмон Камол…У ёнимда шахдам келаётган эди.Башарамдаги тушкунликни кўриши ҳамон кўзларини пастга тушириб, бошқа қиёфага кирди.
-Мен… тушунаман…- деди у маънодор қилиб.
Демак, у менинг ишдан ҳайдалганимни билади.Энди ундан қутулиб
бўпсан.Ҳозироқ ҳаммасига ёлғиз ўзим айбдор эканимни исботлаш учун пашшадан фил ясай бошлайди.
Сохта хайрихоҳлик қиёфасидаги яширолмаётган қувноқ ифодага монанд эмас эди.Мен гўё унинг « Тушунаман» деганини англамагандек сўрадим:
– Нима бўлди? Бошингга бирон мушкулот тушдими?
– Менга жин ҳам ургани йўқ, аммо эшитишимча, сен яна ишсиз эмишсан…- деди у.
– Ҳечқиси йўқ,- дедим дадил, бу мавзуда мижғовлашгим келмай.
– Қанақасига ҳечқиси йўқ бўларкан,азизим…- У кўча ўртасида турволиб,таъкидларди: «Эҳ-эҳ!» – Қаҳвахонага кирайлик, биттадан қаҳва ичамиз ва сен бу воқеа қандай бўлганини сўзлаб берасан…- дея таклиф қилди.
– Айтишга арзирли нарсанинг ўзи йўқ,- дедим.
-Қанақасига йўқ бўларкан! Башарангга қара – кимга ўхшаб қолдинг!Кетдик, кетдик!Дардингни айтсанг енгил тортасан.
– Гўё шу билан бир нима ўзгарадигандек…
– Сен мени ҳафа қиляпсан…Ахир мен сенга дўст эмасманми?
Биз қаҳвахонага кирдик.
– Хўш,қани айтчи энди, нима бўлди ўзи?…-қаҳвани хўплай бошлашимиз билан у қистовга олди.
– Хўжайин мени ишдан ҳайдаб юборди…
– Нима учун?
– Мен қаёқдан билай.Ўзидан сўра…
– Сен ишдан кеч қолармидинг?- сўроқ бошланди.
– Йўқ, мен ҳамиша ишга ўз вақтида келардим.
– Топшириқларни бажармасмидинг?
– Йў-ўқ…У ишимдан рози эди.
– Эҳтимол, хўжайинингнинг иши юришмай қолгандир?- дўстим худди бошқотирма ечаётгандек тусмолларди.
– Аксинча, унинг омади чопиб турганди.
У қўлларини жағига тираб, ўйланиб қолди:
– Эҳтимол унга гап қайтаргандирсан?
– Йўқ…Мен ҳамиша хўжайин нима деса хўп деб турганман.
Камол бетоқат бўлиб, тирноқларини ғажий бошлади:
– Яхши! Сен маошинг оширилишини сўраганмидинг?
– Йўқ…
– У ҳақда бирон нима дегандирсан,эҳтимол, нохайрихоҳ…
– Э йўғ-э, барака топгур!
Шу зайлда яна узоқ сўроққа тутилдим.
– Ё оллоҳ, ё оллоҳ!.. Нима учун у сени ишдан ҳайдаб юбордийкин?Эҳтимол, сен унинг юзига ҳам худди ҳозир менга қарагандай сурбетлик билан қарагандирсан?
– Билмадим… Қарасам қарагандирман.
– А-ҳа.Мана гап қаерда! Мен айтдим-а бир сабаби бор деб. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ одамни ишдан ҳайдамайдилар. Ўзингдан бошқа ҳеч ким айбдор эмас.Худди сени еб қўйгудек бақрайиб тикилиб турадиган одам кимга ҳам ёқарди? Тўғрисини айтсам, сен ўзинг айбдорсан!
Шундай дея у енгил тортди…
Дўстим билан беҳолгина хайрлашиб, қаҳвахонадан чиқдим.Хўжайин ишдан ҳайдаганда ҳам кўнглим бунчалик ғаш тортмаганди.
Мен автобус бекатига бордим.
-Биз эшитган узун-қулоқ гаплар тўғрими?- автобус ичкарисига киришим ҳамон қулоғимга шу гап чалинди.Орқа ўриндиқда бошқа бир танишим ўтирарди.
– Тўғри…
-Афсус…Хўш, нима учун?
-Билмадим.
Ғаройиб жиноят устида бош қотираётган полициячи мисол гап қотди:
– Воҳ, воҳ! Сабабсиз одамни ишдан ҳайдашмайди, бир балоси бордирки…
– Ҳар ҳолда…
– Эҳтимол, сен ҳақингда маълумот етказишгандир…
– Йўғ-э…
– Балки ўрнингга бошқа – муносиброқ одам топгандир.
– У ҳамиша ишимдан рози эди.
– Балки у камроқ маошга ҳам рози бўладиган одам топгандир?
– Бунақасини топиб бўпти!
– Ундай бўлса нега сени ишдан бўшатди? Эҳтимол сен у билан муомалани йўлга қўёлмагандирсан?
– Қанақасига қўёлмаганман?Оддийгина муомала қилганман…
– Воҳ, мана энди ҳаммаси равшан.
– Нимаси равшан экан?
– Ҳаммаси равшан…Ахир хўжайин билан оддий муомала қилиб бўларканми?Асло мумкин эмас…Сен унга сенлаб гапиргансан, у эса бундан хафа бўлган…
– Э йўқ, оғайни…Ўзи хўжайиннинг башарасини ойда бир марта кўрардим.Кўрганимда эса у мен билан гаплашмасди ҳам…
-Ҳаммаси тушунарли…Сен беҳуда гапларинг билан унинг бошини қотиргансан, бундан хўжайиннинг энсаси қотган.Албатта, хўжайин ҳақ.Сен ўзинг айбдорсан…
Шундан кейин унинг ҳам кўнгли жойига тушди.
Биринчи бекатдаёқ автобусдан тушдим.Кўнглим шу қадар хижил эдики,кимгадир дардимни айтмасам бўлмасди.Мен эски дўстимнинг уйига бордим.
– Мени ишдан бўшатишди,- дедим унга остонадан ҳатлабоқ,- аммо сендан жуда ҳам илтимос қиламан – мендан ҳеч нарса сўрама ва сабабини ҳам суриштирма…
Менинг гапларимдан кейин у баттар қизиқиб қолди:
– Демак, муҳим сабаби бор экан-да…
– Худо ҳаққи сўрама…
– Сен уни байрамлар билан табриклаб турармидинг? Уйига бориб йўқлармидинг?
Мен ҳеч қачон хўжайиннинг уйига бормагандим, аммо дўстимни чалғитиш учун дедим:
– Албатта…Ҳар байрамда, ҳар янги йилди, ҳамиша, ҳар бир қулай фурсатда…
-Ҳаммаси тушунарли..Ҳадеб бораверсанг…
-Йўқ, мен унақа… тез-тез бормасдим…
У бошқалар каби мени саволларга кўмиб ташлади.
-Қизиқ, сен унинг асабига тегмасмидинг?
– Аксинча…У мени ёқтирарди.
– Унда яна нима бўлиши мумкин? Ақлим бовар қилмаяпти…
Тоқатим тоқ бўлди ва хонада ҳовлиқиб юра бошладим.
– Туфлинг ғарчиллаяптику!..- дўстим ногоҳ хитоб қилди.
– Ҳа, ғарчиллайди!- дея тан олдим.
– Қачондан буён?
– Сотиб олганимдан буён,беш ойдан бери кияман, ҳамма вақт ғарчиллайди.
– Сен шуни кийиб ишга ҳам боргандирсан?
– Ҳа.
– Воҳ, воҳ… Мен айтдим-а,ишдан бекорга ҳайдашмайди деб.
– Сен мени нима учун ишдан ҳайдашгани сабабини топдингми?- деб сўрадим.
Дўстим ўриндиққа қулай ясланиб олгач, иддаосини бошлади:
– Эртадан кечгача туфлининг ғарчиллаганига қайси ахмоқ тоқат қиларди! Хўжайининг ҳақ!..Мана, оғайничалиш, айбинг қаерда…
– Тўппа-тўғри, айб менда… –ж аҳл билан қичқирдим,- айбдорман, айбдорман! Аммо бошимга кулфат тушган куни олдингга буни эшитиш учун келмовдим.
Мен эшикни қарсиллатиб ёпдиму чиқиб кетдим.
Оқшомда паромга чиқиб, Кадикўйга жўнарканман, хаёлимдан ҳамон ўша мажоро кетмасди.
– Намунча узоқ ўйланиб қолдинг?- деб сўради бир нотаниш.- Би-рон кўнгилсизлик бўлдими?
– Йўқ, ҳечқиси йўқ…
– Юзингдан кўриниб турибди, табинг тирриқ.Айтавер, балки ёрдамим тегиб қолар.
– Хўжайин мени ишдан ҳайдаб юборди…
– Нима учун?
– Билмайман.
– Балки бирон айб қилгандирсан?
– Менинг туфлим ғарчиллайди…Бундан хўжайиннинг асаби бузилади.
– Азизим, ахир шугина учун ишдан бўшатишмайди.Бу ерда бошқа бир гап бўлса керак.
– Мен хўжайиннинг башарасига синчков тикилардим, бу унга ёқмасди…
– Буниям тўқиб чиқаряпсан.
– Мен у билан камдан кам гаплашардим.
– Арзимайдиган гап.
Мен нотаниш одамнинг юзига қараб туриб кулиб юбордим.
– Э-ҳа, сен ҳойнаҳой хўжайиннинг юзига қараб туриб ҳам худди шундай масхараомуз кулгандирсан-да?
-Ҳа, ҳа, айнан шундай – масхара қилувдим.Ва оқибат хўжайин мени ишдан ҳайдаворди.Айбдор ўзимман.Энди тушунгандирсан?Кўнглинг жойига тушдими?
Мен шартта қайрилиб, жўнаб қолдим.
Нохуш кунни шу зайлда ўтказиб, уйга қайтдим. Кечки таомдан кейин Иброҳим келиб қолди. У жуда тажанг эди.Ўн кун олдин уни ишдан бўшатишганди.
– Воҳ, воҳ-воҳ…- Нима учун бўшатишди ?- деб сўрадим.
– Билмадим…Хўш, ўзингни нега ҳайдашди?
– Билмадим…
– Албатта,сабаби бор.
– Сени ҳам бекорга бўшатишмагандир…Ишга тез-тез бормасмидинг?
– Сен касаллигинг ҳақида маълумотнома бермаганмидинг?..
Биз бир-биримизни сўроққа тута бошладик.Суҳбат давомида Иброҳим тез-тез аксириб,йўталар,рўмолча билан бурнини артар эди.
– Сен, Иброҳим, ҳойнаҳой тумов бўлиб қолгансан?- деб сўрадим.
– Мен эскидан шунақаман. Сурункали тумов…
Мен ўрнимдан сакраб турдим ва қўлларимни ёйиб:
-Мана энди тушунарли – нега сени ишдан ҳайдашгани!..- дедим. — Айбдорни қидириб ўтирма, айбдор ўзингсан…
Иброҳим ҳангу манг бўлиб, менга қараб қолди.
– Сен мана шунақа қилиб доимо бурнингни рўмолчада артиб юрасан,боёқиш хўжайинга бу ёқармиди?..Албатта сени ишдан ҳайдаш керак эди? Шундай эмасми?
Мен енгил тортиб қолдим.Ҳатто хурсанд ҳам бўлдим.Худди янгидан ишга киргандай.

Шодмон Отабек таржимаси