Бир неча кундирки, уйқуда ҳаловат йўқ. Қаттиқ ишлайвериб асабни бузган кўринаман: ўринга кирсам, уйқу босади-ю, аммо кўз қурғур ҳеч илинмайди.
Бўлмади, охири докторга боришга тўғри келди.
— Бир кунда неча соат ишлайсан? — деб сўради у.
— Ўн олти-йигирма соатдан.
— Унақа бўлса толиқибсан, — деди-да, кейин сўради: — Нега энди мунча кўп ишламасанг?
Докторни боплаб сўкиб бермоқчи бўлдиму, лекин ўзимни қайтардим. Рост-да, ахир, шу ҳам гап бўлдими? Нима, бунчалик кўп ишлаётган бўлсам, сабаби бордир…
Доктор асаб билан уйқу учун дори-дармон ёзиб берди. Аммо лекин, ҳеч қайсисидан фойда кўрмадим. Жойимга ётиб, энди ухлайман деб турганимда, уч ойдан бери тўланмаган уйнинг ижара ҳақи лоп этиб эсимга тушиб қолса бўладими? Энди бу ёғи нима бўлиши ўзингизга маълумдир.
Ётган жойимда ҳисоб-китобга тушиб кетаман. Уч юз эллик лира… Шундан йигирма бешни олиб ташла… Хўп, олдин нолдан бешни олиш керак… Нолга бешдан бирни олиб берамиз, ўн бўлади. Ўндан бешни олсак беш қолади… Тўртдан иккини олсак икки қолади… Учнинг ўзи тушади… уч юз йигирма беш қоларкан… Шунга тўқсон олтини қўшиш керак. Бешга олтини қўшсак, ўн бир бўлади. Бири дилда…
Миямда рақамлар чувалашиб кетавергач, ётган жонимдан ирғиб тураман… Қўлга қалам-қоғоз олиб ҳисоблай бошлайман. Ишни битиргач, ухлатадиган хап доридан яна бир марта отиб оламан. Мудроқ келди дегунча, югуриб бориб ўринга кираман. Энди кўз илинай деб турганда миямга бир фикр келиб қолди: «Борди-ю, ойига 10 лирадан тугиб борсам, бир йилда қанча бўларкан?» Лаънати шу ижара пули жуда қонимга ташна қилиб юборди-да… Бу дунё деганидан бошпанасиз ўтадиганга ўхшаймиз.
Шу ҳафта ичида нари борса беш соат ухлагандирман. Бедорликнинг тўртинчи куни мажолсизликдан ўрнимдан туролмай қолдим. Кўз толиқиб, зора ухлаб қолсам деган умидда қўлга газета олдим.
Газетанинг биринчи бетида босилган шу хабарга тўсатдан кўзим тушиб ҳолди: «Тақсимда, иморатсиз қуруқ ер тўрт миллион лирага сотилди».
Тўрт миллион лира-я… Ернинг сатҳи 1624 квадрат метр экан. Тўрт миллионни 1624 га тақсимлай бошладим. Ўзим турмушда нўноқроқ одам бўлсам ҳам ҳисобни яхши кўраман. Бундоқ чамалаб чиқсам, ҳалиги ернинг бир квадрат метри 2500 лирага тушибди.
— Ажабо, — ўйлаб кетдим ўзимча, — шу жойни мен сотиб олмоқчи бўлсам қандоқ бўларди… Пули қанчайди? Ҳа, тўрт миллион лира. Бир ойлик маошим қанча ўзи? Беш юз лира.
— Ухлай қолсанг-чи энди! — деб хотиним ялина бошлайди.
— Йўқол, кўрмаяпсанми нима қилаётганимни! — дея жеркиб бердим уни.
— Хўш, ойлигим беш юз лира экан… Қани, овқатдан сиқиштириб борсам, бир ойда қанча йиғишим мумкин? Ҳеч иложи бўлмаяпти-ку… Тўхта-чи… Майли, бир амаллаб ойига 100 лирадан тугиб борсам, бир йилда 1200 лира бўларкан. Ўн йилда 12000 лира, юз йилда эса 120 000 лира… Минг йил умр кўрсаму, тишнинг кирини сўриб юриш эвазига ҳар ойда юз лирадан олиб қўяверсам, бир миллион икки юз минг лира пул тўпларканман. Барибир бу ҳам камлик қилади, Нима бўлса ҳам ўша ерни сотиб олишга қарор қилдим.
Ҳисобни болаликдан севаман. Лицейда ўқиб юрган пайтларимда ҳам миямда ҳамиша рақамларни уриштириб юрардим. Ўшанда йўлда тўхтамай, овқат ҳам емай тинимсиз югураверсам, ойга, қуёшга, Марсга неча миллион йилда етиб боришим мумкинлигини ҳисоблаб чиққанман. Энди бундоқ ўйлаб қарасам, мен учун қуёшгача пиёда юриб бориш, бояги жойни сотиб олишдан осон тушар экан.
Тонг ёришган бўлса ҳам ҳисоб ҳали тугагани йўқ. Ўша ерни сотиб олиш учун уч минг йил яшасам ҳам озлик қилар экан. Бу гал хомчўтни бошқача қилиб кўрдим. Хўш, борди-ю, оладиган беш юз лира маошимнинг ҳаммасини тугиб қўяверсам-чи?
Буни ҳам чамалаб кўрдим. Маълум бўлишича, мақсадга етиш учун яна роппа-роса 666 йил яшаб, 666 йил муттасил ишлашим керак экан. Буниси ҳам тўғри келмайди. Хап доридан устма-уст иккитасини ютиб олдимда, ўринга ётдим. Эс-ҳушим ўша сотилган жойда бўлгани учун барибир ухлаёлмадим. Яна туриб кетдим… Бир кунда 16 соат ўрнига 24 соат ишлаб, ойликни минг лирага етказсаму, унинг бир тийинига ҳам тегмай асраб қўяверсам нима бўларкин? Шундаям яна 33 йил умр кўришим шарт экан.
Энди қизчам ялинишга тушди:
— Дадажон, ухлай қолинг! Пича ухланг!
— Йўқол! — уни ҳам ҳайдаб солдим.
Шу жойни сотиб олмагунимча кўзимга уйқу келмайди энди. Бу гал хомчўтни тескари солдим. Хўш, ўша ерни сотиб олиш учун бир ойда қанча пул топишим ва шундан қанчасини тугиб қўйишим керак? Ў-ў-ў, бир ойда 2 минг лирадан йиғиб юрсам ҳам 167 йил ишлашим керак экан. Э, қуриб кетсин!.. Ҳеч иложи бўлмаяпти-ку!
«Тўхта, тўхта, — дилимда ўйлайман ўзимча, — ахир шу жойни сотиб олган ҳам сенга ўхшаган одам-ку. Мунча пулни у қаёқдан олдийкин?»
— Доридан яна ичиб оласанми? — деди хотиним ялингансимон.
Яна дори ичдим. Ичим ҳам бинойидай дорихонанинг ўзи бўлиб қолди.
— Сенга нима бўлди, жоним, ухласанг-чи, ахир!
— Йўқол ҳамманг, кўзимга кўринма!
Хўш, тўрт миллион лирани қуртдай санаб берган одам бунча пулни қаердан олди экан? Шу таҳир ерга бели оғримай тўрт миллион лира берганига қараганда, ёнида яна тўрт миллион пули қолган бўлиши керак. Саккиз миллион лира-я! Айтишга осон. Бу одам нима ишда ишларкин ўзи? Агар у моянахўр бўладиган бўлса, энг катта амалдор ҳам бир ойда кўпи билан 1500 лира пул олади. Бунақа одам тўрт миллион лира топиш учун 276 йил тер тўкиб ишлаши керак. Шунда ҳам у моянасининг бир қурушиниям сарфламаслиги лозим-а.
Қуриб кетсин-э, ўйлайвериб миям тарс ёрилиб кетай деди. Ҳалиги одам врачга ўхшайди. Докторлар кўп пул топишади. Улар бир марта кўриш учун бемордан ўттиз лирадан пул олишади.
— Тонг отиб кетди, бир оз мизғиб олсанг-чи.
— Бошимни қотирма, дедим-ку сенларга!
Агар у бир кунда ўнтадан касал кўрадиган бўлса, уч юз лира ишлайди. Демак, бир ойда 9000 лира… Шунинг 6 мингини тугиб борса… Ўша ерни сотиб олиш учун доктор 67 йил бемор кўриши керак! Демак, ерни сотиб олган киши врач ҳам бўлиши мумкин эмас… Борди-ю, савдогарчилик қилса-ю, ҳар ойда ўрта ҳисоб билан 10 мингдан топса-чи… Бу ҳам ақлга сиғмайдиган нарса.
— Беш кундан бери мижжа қоқмайсан-а. Бирпас чўзилгин, балки кўзинг илинар.
Ёстиққа бош қўйиб, кўзимни юмаман. Қани энди уйқу келса… Топдим! Топдим! Ундай одамнинг исловатхонаси бўлиши керак. Қўлинг ўргилсин бешта жонон унинг сармояси бўлади. Жононларнинг ҳар қайсиси кунига 100 лирадан ишлаб берса борми, беш карра юз — беш юз. Ўттиз карра беш юз — ойига ўн беш минг лира деган сўз. Ижара ҳақи, майда-чуйда харажатлар чегириб ташланса, чўнтагида ўн минг лира қолади. Йилига 120 минг лира бўлади. Ўттиз йилда эса… Минг лаънат-э, исловатхона очсам ҳам ерни сотиб олишга қурбим етмас экан!
Қани, яширинча четдан мол келтириб сотсам-чи… Бу фикр ўзимга ҳам ёқиб тушди, ўрнимдан ирғиб туриб ҳисоблаб чиқувдим, униси ҳам хомроқ чиқиб қолди.
Шу пайт калламга тўсатдан бир фикр келди. Чўнтакларимни ковлаштирган эдим, ўн икки ярим лира пул чиқди.
— Сенларда қанча пул бор?
Хотинимдан беш, болалардан икки лира пул топилди. Ҳаммасиии санаб кўрсам, ўн тўққиз ярим лира бўлибди… Ернинг ҳаммасини сотиб олиш шарт эмас-ку, пулимга яраша оламан қўяман-да. Бир квадрат метр жой 2500 лира туради, демак, бизга тўғри келмайди. Бир квадрат дециметри эса 25 лира. Бунисига ҳам қурбим етмайди. Бир квадрат сантиметрига 25 қуруш тўлаш керак. Хўш, ёнимда ўн тўққиз ярим лира пулим бор. Демак, бу пулга 78 квадрат сантиметр ер сотиб олишим мумкин. Соатга қарадим: эрталабга яна икки соат вақт бор. Барвақт туриб ўша жойга бораман-да, шундай дейман:
— Қани, шу ердан менга 78 квадрат сантиметр ер ўлчаб беринг!
Уйдагилар атрофимда парвона:
— Ёта қол энди… Пича мизғиб олгин!
Етмиш саккиз квадрат сантиметр ер! Абадий уйқуга кетиш учун шу саҳнга чўзилиб ётсам ҳам, барибир сиғмайман, бошқа биров ётган мангу истироҳат манзилидан оёғим чиқиб қолади…
Сотиб оладиган еримнинг устида қаққайиб туришимдан бошқа чора йўқ.
— Сенларга ер йўқ, — дедим хотиним билан болаларга, — сенларга ер йўқ… Бу дунёда мен якка ўзим тик туришим мумкин бўлган бир парча ер топдим. Қани, йўқолинглар. Сенлар ҳам ўз ғамларингни ўзларинг е!
— Уйқудан қолиб жинни бўпти бу, — дея ваҳима ичида уйдагилар тумтарақай қочишди.
Сизларга ҳам маслаҳатим шу. Тўрт миллион лирани қандай топишни сиз ҳам бир ўйлаб кўринг-да, ёнингиздаги бор пулга неча квадрат сантиметр ер сотиб олишингизни ҳисоблаб чиқинг. Шундан кейин устма-уст хап дори ютаверасиз. Сўнгра эса… жиннихонанинг 8-бўлимида, албатта учрашамиз. Кираверишдаги ўрин каминалариники бўлади.
Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси