Азиз Несин. Масхарабоз (ҳикоя)

Бемор докторга ўз дардини тўкибди:
— Докторбей, тобим йўқ. Ҳаётдан завқ ололмаяпман. Изтиробларимни унутолмай қийналяпман. Иштаҳам йўқ. Томоғимдан қил ўтмайди. Кўз олдимдан оч-яланғоч инсонлар кетмайдиган бўлди. Тонггача ухлолмай улар билан бирга совқотиб чиқаман. Жиноят ҳақидаги хабарларни ўқиганда ўша жиноятда менинг ҳам айбим йўқмикан, деб ўйга толаман. Қотил тутган пичоқнинг сопи қўлимни куйдураётгандек бўлаверади. Отилган ҳар бир ўқ менинг қалбимга санчилгандек азобланаман. Жамиятдаги барча айб, жиноят ва гуноҳларни ортмоқлаб кетаётгандек ҳис қиламан. Кулишни тамоман унутиб юбордим. Докторбей, менга ёрдам бермасангиз ҳолим хароб — дея шикоят қилибди.
Доктор беморни текширгандан сўнг, елкасига қўлини қўйиб дераза олдига олиб борибди. Пардани тортиб бармоғи билан кўча бетидаги афишани кўрсатибди. Унда сирк масхарабозининг расми бор экан. Доктор ўша масхарабозга ишора қилиб:
— Азизим, — дебди. — Анави масхарабозни кўряпсизми? Ҳар куни оқшомда ажойиб томошалар кўрсатмоқда. Сизга тавсиям, ўша томошага боринг, барча изтиробларингизни унутасиз, маза қилиб кулиб дам оласиз. Дилингиз яйрайди. Касалликдан ҳам асар қолмайди.
Бемор бошини эгибди ва чуқур бир уҳ тортгандан кейин дебди:
— Докторбей, ўша масхарабоз, менман!

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси