Буни бизга ўқитувчимиз гапириб берган.
Ўша ўқитувчимизнинг бир қариндоши биринчи жаҳон уруши йилларида армияда офитсер бўлиб хизмат қилган экан. Ўша одам кунлардан бирида чўлда кетаётиб қизиқ бир воқеанинг гувоҳи бўлибди. Типратикан билан йўғон бир илон «жанг» қилишаётган бўлиб, ҳужум қилаётган томон асосан типратикон бўлиб, у нуқул ҳамла қилар, ҳар ҳамла қилганида ўткир тиканларини илоннинг танасига санчиб оларкан. Ҳон четроққа ўрмалаб қочмоқчи бўлса, югуриб олдидан чиқар, яна найзасини суқиб-суқиб олавераркан. Охири илон шу даражада абгор бўлибдики, қимирлашгаям ҳоли қолмабди. Типратикан яна ҳужумга шайланиб турганини кўриб, офитсер қўлидаги таёғи билан уни бир-икки марта туширибди. Типратикан тил тортмай ўлибди, таёқ ҳам қарс этиб синибди. Офитсер йўл-йўлакай синган таёғини ўйнаб, ўзи турган чодирга етиб олибди. Орадан анча вақт ўтгач, ташқари чиқиб қараса, бояги йўғон илон чодирнинг остонасида тасмадек чўзилиб ўлиб ётганмиш. Устида синган таёқ бўлаги.
Ўқитувчимиз шу воқеани айтиб бергач, бизга бундай деган эди:
— Танаси илма-тешик бўлиб кетан бир илоннинг яхшиликка яхшилик қайтариш ниятида шунча йўл босиб, таёқнинг синган учини судраб келиши аслида ақл борвар қилмайдиган нарса. Лекин бу бўлган воқеа. Қолаверса, буни ибратли тасодиф деса ҳам бўлади.
Турк тилидан Миад Ҳакимов таржимаси