Америкада “Олти бармоқлилар жамияти”, “47-размердан катта пойафзал киядиган эркаклар уюшмаси”, “Кунора хотинларидан калтак ейдиган эрлар клуби” ва ҳакозолар борлигини рўзномалардан ўқиганмиз. Хўш, улардан қаеримиз кам? Улардан ортда қолмаслик учун бизда “Ойга учадиганлар жамияти”тузилган. Менга мос келадигани айни ана шу жамият. Чунки мен Париж ёки Нью-Йорк у ёқда турсин, ҳатто Анқара билан Измирга боролмайман. Фақат трамвайда Шинкли-Саркадди йўналиши бўйича сайр қилишим мумкин. Узоқ сафарга қурбим етмагандан кейин ойга учаман-да! Шунинг учун “Ойга учадиганлар жамияти”га ёзилдим.
Ёрқин келажак ва ойга бўладиган бўлажак парвозим ҳақида ширин хаёллар билан уйга келдим. Ана шу кайфият билан тўйиб овқатланиб, қоринни михлагач, печка ёнига чўзилганча пинакка кетиб, туш кўрибман. Тушимда ичим сомон тутунига тўлиб, худди ипини узган гулдор шардай кўкка кўтарилаётганмишман.
—Учавер, шоввоз, учавер! ..
Шундай деб ўзимни руҳлантириб, юксалгандан юксалиб, аввалига ўтиннинг, кейин чайқов бозорининг нархидан баландлаб кетибман. Димоғим чоғ, қандайдир оҳангсиз, сўзсиз қўшиқни хиргойи қилармишман.
Анча баландга кўтарилгач, ичимдаги тутун бадандаги тешикларидан вишиллаб чиқа бошлади. Ҳалокат! Шундай баландликдан ерга қулашнинг оқибати нима бўлади? Бунинг даҳшатини амал чўққисида боши айланиб, пастга қулаганлар яхши билишади. қарзлар ташвиши, тўйиб-тўймасдан ейилган сифатсиз тоамлардан терим шунчалик юпқариб кетибди-ки, бир жойдаги тешикни кафтим билан беркитсам бошқа жойдан янги тешик пайдо бўлади… Ичимдаги тутун тобора камайиб, йиқилишим аниқ бўлгач, жон-жаҳдим билан:
—Ёрда-а-а-а-м беринглар!—деб бақира бошладим.
—Тишингни тишингга қўй, ойгача оз қолди,—деди қандайдир овоз.
—Тишни-тишга қўйиш мумкин, лекин баданим илма-тешик бўп кетди, ҳаммасини беркитолмайман, ёрдам бермасаларинг ерга қулаб тушаман!
—Ойдан гапиряпмиз…Сизга ёрдам бериш учун икки қоп кема тутунидан жўнатяпмиз!
Ҳайрият, вақтида етиб келган ана шу икки қоп тутун билан ерга қуламасдан ойга етиб олдим. У ерда мени худди ўзимизга ўхшаган одамлар ўраб:
—Ким бўласиз?—деб сўрашди.
—Раҳмат сизларга, ёрдаминглар билан ойга етиб олдим…
Мени қандайдир нарасага ўтқазишди. Кўз очиб юмгунча ўзимни катта шаҳарда кўрдим. Мезбонлар мени пештоқига “Ой университети” деб ёзилган улкан бино ичига олиб киришди. Атрофдаги шунча мўъжизаю, сирли нарсаларни кўриб, савол беролмасликнинг азоби ёмон бўларкан. Саволга оғиз жуфтлашинг билан:
—Саволни ерда берасан, бу ер—Ой! Бемаъни саволларингни эштишга вақтимиз йўқ!—деб гапиргани қўйишмайди.
Мезбонлар мени ярим доира, яъни амфитеатр шаклида қурилган, кенглиги футбол ўйингоҳидай келадиган маърузахонага бошлаб киришди. Маърузахонада, худди бизда футбол бўйича жаҳон биринчилигини кўришга тўпланган ишқибозларча келадиган томошабин билан лиқ тўлган эди. Фақат булар “Теп!”, “Айланиб ўтмайсанми, галварс!” деб бақириб-чақиришмасдан, жимгина ўтиришарди. Мени томошабинлар қаршисидаги баланд саҳнага ўрнатилган минбарга чиқаришди. Минбар ёнида, профессор ридосидаги киши томошабинларга мени кўрсатиб деди:
— Мана ҳозир, сиз, ўтган лекциямда айтиб ўтганим—ерлик жонзотлардан бирини кўриб турибсиз. Ернинг қандай пайдо бўлганлигини яна бир бор эслатиб ўтаман. Ердаги жонзотлар “Ой ердан ажралиб чиққан”,—деб ўйлашади. Аслида эса, бунинг акси бўлган. Эллик минг нур йил муқаддам ойда телба, девона ва жиннилар ҳаддан ташқари кўпайиб кетган эди. Биз жуда кўп жиннихоналар қурдик, лекин улар ҳам тўлиб кетган. Жинниларнинг жиннилиги кундан-кун кучайиб, улар қутура бошлаган. Энг ачинарлиси, улар болаларни йўлдан уриб, ақлли одамларимизни ҳам телабага айлантира бошлаганлар. Жиннилар учун баланд тоғ чўққилари-ю, олис саҳроларда алоҳида лагерлар ташкил этиш билан ҳам муаммо ҳал бўмаган. Алал оқибат, уларни Ойдан алоҳида ҳудудга бадарға қилиш керак, деган қарорга келинган. Алоҳида ҳудуд учун ойнинг кўримсиз бир парчаси ажратиб олиниб, коинотдаги бир тупканинг тагида Алоҳида майдон яратилган. Алоҳида майдонга Ойдаги барча телбалар кўчирилган. Ўшандан кейин улар билан алоқа узилган эди…
Шу пайтгача жим ўтирган тингловчилар ўринларидан сакраб туриб, муштларини силкиб:“Микроб!”, “Микроб!”—деб хайқира бошлашди. Профессор қўлларини кўтариб, “Тинчланинг” деган ишора билан маърузасини давом эттирди.
— Ойни телбалардан тозалаш тадбирида янглишиб, алоҳитда майдонга анча-мунча ақли расолар ҳам ҳам бадарға қилинган экан. Ана ўша соғлом одамлардан бугун у томонда ҳам янги, соғлом авлод пайдо бўлганлиги маълум. Лекин, афсуски, телбалар орасида уларнинг ҳаёти ғоятда оғир кечмоқда…
Ғала-ғовур тобора авжига чиқиб, профессорнинг гапи эшитилмай қолди. Томошабинларнинг кўпчилиги ўринларидан сапчиб туриб, мен томон қўлларини бигиз қилишганича: “Осилсин!”, “Ўлдирилсин!”, “Микроб бартараф этилсин!”—деб бақира бошлашди. Кейин, худди денгизда бўрон тургандай, оломон гувиллаб, оёққа қалқиб, ҳамма нарса айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Олдинги қатордагилар менга ташланишди. Кимнингдир қўли халқумимга ёпишди. Бўғилиб, хириллай бошладим. Кимдир елкамдан тутиб, силкита бошлади.
—Дада, хуррак отяпсиз!…
Овоздан чўчиб уйғониб кетдим. Кўзимни очсам, тепамда қизим турибди. Печка ёнига чўзилганимча, қотиб ухлаган эканман. Атрофга аланглаб, қўрқиб сўрадим:
—Ў-ўҳ, ер жойидами, қизим?!..
Русчадан М.Исломқулов таржимаси