Азиз Несин. Адабиёт мухлиси (ҳикоя)

Уйимизнинг иккинчи қаватига янги қўшни кўчиб келди. Унинг нарсаларини нақ бир ҳафта ташишди. Бу ҳозирги замон уйлари эскиларига ўхшамаслигини ўзингиз яхши биласиз. Янги уйлардаги одамлар шундоққина биқинида ким яшаётганлигини ҳам билишмайди. Мисол учун, шундоққина бизга қўшни хонадонда исловотхона очиб қўйган бир малла хотин яшаган экан. Бу нарса полиция аралашиб, газеталарда овоза бўлгандан кейингина маълум бўлди.
Мен янги қўшнилардан ҳеч кимни танимасдим.Бир куни йўлакда мен билан бир киши жуда сертакаллуф салом-алик қилди. Мен унинг саломига жавоб бериб, жўнамоқчи бўлиб турганимда гапга тутиб қолди.
— Камина — Мўмин Акрам Озанер, — дея ўзини таништирди. — Мен айнан сизнинг тепангиздаги қаватда яшайман. Бирон кун оқшомда ташриф буюришингизни сўрайман. Сиз билан танишганимдан бағоят мамнунман.
Шу тариқа Мўминбей билан йўл-йўлакай танишиб қолдик.
Оқшомда унинг хизматкори келди:
— Бей-афанди уйларига ташриф буюрмоғингизни сўраяптилар.
— Кечиргайсиз, бугун бандман, меҳмонларим бор.
Ўша кундан эътиборан Мўминбей ҳар куни канда қилмай мени меҳмонга таклиф қиларди. Албатта, бориб қўйсам ҳам бўларди, аммо унда унинг ўзини ҳам меҳмонга чорлашим лозим эди. Уйимизда эса тўртта маймоқ стулчадан бошқа ҳеч вақо йўқ. Бегона одам олдида хижолат бўлгим келмасди. Ҳар оқшом унинг хизматкори келиб, хўжайини астойдил меҳмонга таклиф қилаётганини айтиб кетарди. Ахийри мабодо бормайдиган бўлсам, судраб бўлса-да, мени уйига олиб кетадигандек туюлди…
Бир куни кечки таомдан сўнг ўша қўшнимникига кириб бордим. Худди кўргазмага қўйилгандек замонавий маиший жиҳозлар ҳақида гапириб ўтирмайман. Совуткич, чангюткич, радиола, кирювиш машинаси, тезпиширар товалар уйини безаб турарди.
Мўминбей мени ўз хонасига таклиф этди. Кирдиму ҳангу манг бўлиб қолдим — ердан шифтгача деворлардаги токчаларда лиқ тўла китоблар тахланиб қўйилганди. «Демак, у ҳақда мен нотўғри фикрга борган эканман-да!». Мен Мўминбейни шунчаки омади чопган бойвачча бўлса керак деб ўйлагандим.
— Зиёли одамларга ихлосим баланд,- деди у.
Гап-сўзлари андак дағалроқ эди. «Хўш, нима бўпти!..»
— Нима иш қиласиз?
— Бир идорада ишлайман, — деди у.
Мўминбей шеърларидан ўқиб берди.
— Қалай экан? — деб сўради.
— Зўр!..
У яна ўқишда давом этди. Кейин шеъриятдан ҳикояларга ўтди.
— Ҳикояларим яхшироқ чиққан, — деди у.
Кейин пъесаларини ўқишга ўтди. Кўнглим айний бошлади. Уни бу машғулотдан чалғитиш учун китоб токчаларига қўл чўздим:
— Қанча йиллардан буён адабиёт билан шуғуллансам ҳам бунчалик бой кутубхонага эга бўлолмадим.
— Токчалардаги бу китобларнинг ҳаммаси – совға! — дея мақтанди Мўминбей.
— Шунақами?..Ким совға қилган?
— Ҳамма ёзувчилар, муаллифлар билан танишман… Улар мени ҳурмат қилишади, асарлари чиққанда ҳамиша туҳфа этишади.
Мен ҳайратдан лол қолдим.
— Сиз Фалих Рифқи билан танишмисиз? — деб сўради у.
— Унинг номини эшитганман, — дея жавоб қилдим.
У токчадан китобни олиб кўрсатди:
— Мана унинг совғаси…
Мен китобни қўлимга олдим. Бу Фалих Рифқининг «Зайтунзор» деган китоби эди.
— Менга нима деб ёзганини ўқиб кўринг.
Китобнинг зарварағида шундай ёзув битилганди: «Менинг оғам, ҳурматли жаноб Мўмин Акромга дўстлигимиздан хотира сифатида тақдим этаман. Фалих Рифқи…».
Фалих Рифқининг «дўстлигимиздан хотира сифатида» деб ёзиши… Тағин ким билади дейсиз!..
— Мана бу Рашод Нуридан хотира…
«Чолиқуши»… Мўминбейга эҳтиром ила… Рашод Нури».
— Мен савдо билан шуғулланаман, бу ёзувчиларнинг ҳаммаси менинг дўстларим.
У менга яна бир китобни узатди:
— Бу Рушен Ашрафбейнинг совғаси…
Китобдаги дастхатни унинг ўзи ўқиб берди:
«Менинг оғам Мўминбейга чуқур ҳурмат-эҳтиром ила… Рушен Ашраф».
Ёқуб Қадрийнинг «Бегона»си… Холид Эдиннинг «Юрак изтироби»… Ҳаммасига дастхат битилган. Гоҳо токчаларда кўримсизгина китоблар ҳам учраб қолар, лекин уларда ҳам дастхатлар бор эди.
Китобларни титкилаётиб мен ногоҳ ўзимнинг романимни кўриб қолдим. Ўшанда мен асарларимни тахаллус билан чоп эттирардим.Китобимнинг зарварағини очиб кўрсам, у ерда ҳам дастхат бор экан: «Муҳтарам Мўминбей афандига… Эҳтиром ила Ҳасан Якто».
Ёазабим жунбушга келди.
— Сиз Ҳасан Якто билан танишмисиз? — деб сўрадим.
— Агар мен у билан таниш бўлмаганимда китоби шу ерда турармиди?.. У кечагина шу ерда бўлганди.
Мен ўрнимдан қўзғолдим.
— Эртага сизни уйимда кутаман!.. — дедим хайрлашаётиб.
— Безовта қиларканман-да!.. — дея жавоб қилди.
Дарҳақиқат, келгуси оқшомда у мени ростдан ҳам «безовта қилди». Мен бу нусханинг андак танобини тортиб қўйиш учун бир шумликни ўйлаб қўйдим. Қаҳва ичиб бўлганимиздан кейин мен унга шундай дедим:
— Менинг китобларим сизникичалик кўп эмас, аммо дастхат битилганлари ҳам бор.
— Жуда яхши-да… Қандай китоблар экан?
Мен токчадан Аҳмад Вофиқ пошонинг1 Мольердан қилган таржимасини олиб, Мўминбейга узатдим.
— Қани ўқиб кўринг-чи, Аҳмад Вофиқ пошо менга нима деб ёзган экан?
У китобдаги дастхатни ўқиди:
— «Қимматли ўғлим Ҳасанбейга… Аҳмад Вофиқ».
— Бу Аҳмад Вофиқ пошо дегани учинчи ҳарбий қисмда қўмондон бўлмаган-миди? — сўраб қолди меҳмон.
Жавоб ўрнига мен Наим 1 қаламига мансуб бўлган тарих китобини олдим. Мен унинг қовун тушириб қўйганини ўзи ҳам пайқаб, уялса керак деб ўйладим.
— Буни қаранг, Наим менга қандай дастхат битган: «Камтарона асаримни ихлосим рамзи сифатида тақдим этаман. Ҳурмат-эҳтиром ила сизнинг қулингиз Наим».
Мен Мўминбейнинг қиёфасидаги ўзгаришни кузата бошладим. У жимгина китобларни томоша қиларди. «Ҳарқалай, қандай бемаъни иш қилиб қўйганини англаб етгандир» деб ўйладим-у ўзим ҳам шу асно хижолат чекдим.
— Бу Наим деганингиз қаҳвани хориждан олиб келиб сотиш билан шуғулланмасмиди? — ногоҳ сўраб қолди у.
Мен серрайиб туриб қолдим. Агар шу тобда оғиз очолганимда эди бу нусханинг ҳолига маймунлар йиғларди.
— Сизда машҳур шахсларнинг асарлари йўқми?..
Мен китоблар орасига қўл узатиб, «Фауст»ни олдим.
— Мана Гёте! — дедим. — Унинг дастхатига қаранг: «Менинг Ҳасанжонимга».
— Муаллифини ким дедингиз? — деб сўради.
— Гёте… Гёте… Гёте… — дея бир неча бор такрорладим. — Э, дарвоқе, эсладим, бу йигит бир вақтлар «Дож» автомобилини сотиш бўйича агент бўлган.
Қотиллар содир этилган жиноятлари ҳақида ҳикоя қиларкан, энг даҳшатли жойига келганда шундай дейишади: «У ёғини эслолмайман». Мен ҳам кейин нима бўлганини эслолмайман.
Мен полиция маҳкамасида Шекспир томлигини ушлаганча ўзимга келдим. Мўминбейнинг афт-ангори мўматалоқ бўлиб кетганди.
— Мен бу безори устидан арз қиламан, — деди у мен томонга ишора қилиб.
— Нима гап ўзи? Ораларингдан қандай оламушук ўтди? — полиция комиссари менга мурожаат қилди.
Мен Шекспирнинг портрети акс этган китобни узатдим.
— Ким бўлди бу соқолли кимса? — деб сўради комиссар.
— Шекспир!..
— А-ҳа!.. Демак, хорижий?..
— Англиялик!..
— Нима иш қилади?
— Шоир…
— Қаерда яшайди? Қачон, нима мақсадда сиз у одам билан танишгансиз?
Мен Мўминбейга ўгирилдим.
— Мени ушла, маҳкамроқ ушла!.. — деб илтимос қилдим:
Комиссар иккита полициячига ишора қилди.
— Буларни сиёсий полицияга олиб бор, биз бунақа ишлар билан шуғуллан-маймиз.

Русчадан Шодмон Отабек таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2007 йил, 9-сон