Артуро Алапе. Олов (ҳикоя)

…Ўша тутун кўз олдимга келади: у аввалига жажжи ҳалқалар ҳосил қилиб, бир зум ўтгач, буралиб-буралиб юқорига ўрларди, сўнг туйнукдан сиқилиб чиқаётгани учунми, ёйилиб борарди-да, ўқтин-ўқтин тўхтаб, узоқ-узоқларга укпар, ҳарир булутлар каби таралиб кетарди ва секин-аста осмон бағрига сингиб кўздан ғойиб бўларди, биз эса ҳар куни дарё тарафдан эсаётган шабаданинг “кароматлари” ҳақида бир-биримизга тушунтиришга ўтардик ва шу тариқа тутунни истар-истамас унутардик-да, кундалик юмушларимизга тутинардик. “Тутун бизни тарк этди, одамлар ташлаб кетгани мисол”, дерди шундай пайтларда қадрдоним ва мўйловини бураб қўярди. “Уни аёз булутлари ямламай ютди, бамисли ўпқон”, дея жавоб қилардим мен ҳазилим ўхшаса-ўхшамаса. “Ғам ема, куйинма, жоним, яна келар булут ҳам, қиш ҳам… Тутун эса одамлар каби, қайтади бир кун”, давом эттирарди қадрдоним. Узун сочларимни тараётиб “мушоира”га нуқта қўярдим: “Эрмак ҳам тугади, мунгли куй янглиғ…”
Вақт алламаҳал бўлиб қолди.
Ранчо тун оғушида биз билан ором оларди, пойдевор ортидаги тошўчоқдан тутаб ёнаётган оловнинг алангаси бирдан биланглаб кўтарилиб қоларди-ю, юз-кўзимизни ёритарди, у тун бўйи ўчмасди, нафсиламрини айтганда, бу олов чин маънода тинч-тотув оиланинг ҳаёт манбаи эди… Марселнинг озғин елкаларига кўзим тушганда, беихтиёр мана шулар ёдимга келади: у нари борса, беш яшар, ердан ярим метр кўтарилаётган зах ҳавода совуқ еб ғужанак бўлиб олган; азбаройи исиниш учун ўзини қучоқлаган кўйи дарахтда ўтирибди, чангалзор орасидаги сайҳонликдан синчков нигоҳини узмайди, бугун унинг соқчилик қилиш навбати – қуйида эса ғалати ишлар содир бўлиши мумкин.
– Ухламаяпсанми, қизим?
– Ухлаётганим йўқ, ойижон.
– Ухлаб қолма яна, бирдан келиб қолишса, тутиб олишади. Юзингни муздек сувда ювиб ол, уйқуни қочиради. Мен қараб тураман.
– Уйқум келмаяпти, ойижон.
– Хўп, яхши. Фақат ҳушёр бўл, қизим. Бирон нарса сезсанг, дарров менга хабар қил.
– Хўп бўлади, ойижон.
Воқеа мана бундай бўлганди: қишлоғимиздаги одамларни ишонтиришганди, шунга қарамай, биз кўп нарсаларга шубҳа билан қарар эдик, кунлардан бир куни бошлиқларимиз қайта-қайта таъкидлаган ҳодиса юз берди-ю, кўзимиз очилди. Ҳаммаси тўсатдан бошланди. Аввал булутлар барқ уриб чақнади, улар ҳар доимгидек эмас, балки осмондан тушгани каби ёрқин мана шу чақмоқ янглиғ ярақлаган ўткир шуъла ерга тушиб, оламни бошига кўтаргудек қўшиғини бошлади: ба-ба-а-ах – дарахт пўстлоғи ўйилиб тушди, ба-ба-а-ах – панжарага осилган чойшаб илма-тешик бўлиб қолди, ба-ба-а-ах – томнинг бир тарафи майда-майда бўлиб синиб тушди; жонҳолатда ерга ётиб олган одамлар инграб юборишди; бўғиқ гумбурлаган товушдан бошлар ғувиллай бошлади – худди томлар узра момақалдироқ гумбурлагандек бўлди, ўзиям бунақа гумбурлаш шу чоққача қишлоғимизда юз бермаганди.
– Қочинглар, бўлмаса қутурган “арилар” чақиб олади!
– Яширининглар!
– Эрим-чи? Бошқа оилалар қани? Қўни-қўшнилар қаерда?
Улар осмон жазавасига йўлиққан эдилар. Ўшандан кейин мен анча ҳушёр бўлиб қолдим – тиқ этса аланглайман.
– Анови ерда қанақадир шовқин бўляпти, ойи. Одамлар, шекилли.
– Қўрқма, қизим, ёввойи чўчқалар юрибди у ерда, емиш қидириб.
Узун тўзғиган сочларим елкаларимдан беозоргина тушиб, белимгача ёйилади, қорнимда гумонам бор; пешонамга ёзилгани бўлади, хонадонимдаги удумлар ҳам шуни талаб этади. Мен ғорнинг тор оғзидан бир амаллаб ўтаман, лекин ичкариси хийла кенг, анча қулай, бехавотир – бунақасини топиш қийин биз томонларда. Уни чангалзорлар билан тошлоқ сайҳонлик орасидан қидириб топганмиз, шифти баланд, тупроқ ерга новдалардан тўқилган бўйра солинган, бундай баландликда ундан бошқа ҳеч нима ўсмайди.
Баъзида ўзимга-ўзим: “Қизларим билан қанақа қилиб қочишга улгурдим?” – деб савол бераман ва таажжубланаман, дарҳақиқат, қандай қилиб? Бироздан сўнг жавобини излаб топаман: “Бу ажал момақалдироғи ранчога бостириб кирди-да, қайтиб чиқмади, у ўзига юкланган қирғинбарот вазифасини адо этиб бўлгунча тўхтамади, ваҳшат ўтини сочаверди, ўтакамизни ёрди, қочгани жой тополмадик, жон ҳовучлаб турганимда қадрдоним бирдан қичқириб қолди: “Сусана! Сусана, қизларни олиб тоққа қочинглар, эшитяпсанми, тоққа, биронта ғорга кириб беркининглар… Эманзорга бориб ўтлоқ орқали ўтиб кетинглар…” Қўрққанимиздан шу ўтлоқ йўлни топа олмадик, чунки йўл ёқалаб кета-кетган эманзор, маймунжонзорлар, чирмовуқ буталари эди. Марианнани опичлаб олганман, қизлар эса ёнимда боришарди; тепаликка тирмашиб чиқар эканмиз, чуқурга тушиб кетмаслик учун ерни тирноқларимиз билан тимдалаб кўрардик, мен эсам қизларни огоҳлантирардим: “Жон қизларим, кўзингизга қаранг, эҳтиёт бўлинглар, йиқилиб тушманг, орқада қолиб кетмай, менинг ортимдан юринглар…” Ўша куни бирам қийналгандик, бирам қийналгандик, додлаб юборишимга оз қолганди. Очлик ва ташналигимизни эса мевалар билан қондирардик.
– Ойижон, ойижон, Эстелла айтяпти, қанақадир одамлар келаётганмиш.
– Секин! Нима бўлди? Бир нима сездингми?
– Аскарларга ўхшайди.
– Ўзинг кўрдингми?
– Ҳа, уч киши…
– Бориб қизларга айт, шовқин солмай жим ўтиришсин, агар Марианна йиғлаб қолса, оғзини ёпинглар. Мен шу ерда бўламан. Уларнинг қадам товуши ғорда эшитилмайди. Босилган новдалар билан япроқларни авайлаб тиклаб қўямиз.
– Улар кўпчилик!
Улар бамисли шарпадек сирғалиб, товуш чиқармай, ҳавони искай-искай, атрофга аланглаб келишарди.
– Эй, Худойим-ей, биз томонни кўрсатишяпти.
Улар ғордан қуюқ ўсган чирмовуқ билан буталар ва тиканлар ажратиб турган сайҳонликни кўздан кечиришмоқда эди.
Хайрият, бу томонга қарамай ўтиб кетишди.
Қуюқ дарахт барглари оралаб бу ташландиқ ранчога иссиқ ҳаво уфурар, олачалпоқ ҳовли саҳнида соялар ўйнарди. Уй ҳувиллаб ютаман дерди, бута ўсиб, чакалакзор бўлиб кетган, эшиклар, дераза ромлари ва деворларни ис қоплаган – анчадан буён одамзод яшамаслигининг аломати эди бу. Мен қизларим билан бананлардан қирқиб, маниок кавлаб оламиз-да, келган йўлимиз билан ортимизга қайтамиз, йўлакай изларимизни йўқотишга уринамиз, бу томонларга биров келгани билинмаслиги керак, акс ҳолда бизни топиб олишади.
Ғор ҳаддан ташқари тинч, қанотлари ранг-баранг тўтиқушлар қийқиргани ҳам, ўрмон кабутарларининг дилкаш ғувиллашлари ҳам, яқин атрофдан оқиб ўтгувчи анҳорнинг шарқирагани, кийикларнинг енгилгина одимлари, меваларни карсиллатиб чайнаётган маймунларнинг шовқини, ўйноқи балиқларнинг сувни шалоплатишлари, тонг қуёшининг уйқули баданларни қитиқлашлари, соқчиликдан қайтиб келаётган Флоринданинг ҳорғин табассуми ҳам, қўйинг-чи, барчаси бу масканда ҳукм сураётган ҳаловатли осойишталикни бузолмас эди… Бу ердаги сукунат шунчалик оромбахш ва таъсирчанлигидан қизим гапиришни ҳам истамайди, юлдузларга хаёлчан термилишни ҳам хоҳламайди, беихтиёр тин олгиси келади, кўзлари юмилиб-юмилиб кетади, мен Марианнанинг бошини оҳиста силайман, бошқа қизларимга зимдан назар соламан ва тортинибгина дўппайиб, ўзидан огоҳ қила бошлаган қорнимни силай бошлайман ҳамда ғор туйнугига ишора қиламан, бироқ ўзим у тарафга назар ташламайман, чунки биламан, қарасам, ваҳима, хавотирдан қизларимнинг ҳам юрагига ғулғула солиб қўяман, ундан кўра ширин хаёллар оғушига ғарқ бўламан… Қадрдоним ўнг қўлини шамга узатади ва бармоқлари билан унинг пилигини эзиб ўчиради, бармоқлари куймайди ҳам, сўнг елкалари ва тирсаги билан менинг бағримга суқилади, бақувват билаклари кўксимга ботади, ошиқмасдан, эҳтиросга берилмай тугмаларимни еча бошлайди, менинг кийимларим ер билан битта бўлиб ётади, худди мени биринчи бор кўраётган одамдек тикилиб қолади у, кўзларида олис юлдузларнинг ёрқин нури чақнайди; ўша кечаси мен яна ҳомиладор бўлиб қолгандим, бешинчи марта бўйимда бўлиб қолишига қарамай юрагим тугул бутун жисму жонимда бир фароғат туяман. Унинг ички ҳароратдан ёнаётган қайноқ бадани тафтини сезаман, кўзларим оҳиста юмилади, у қулоқларимга ўтли шивирлайди, мен ўзимни эшитмаганга оламан. Эркалайди, шивирлайди, чуқур хўрсинади: “Сусана… – дейди, – менга қара, чарос кўзларингга бир боқай”. Мен унинг азамат кўксига бошимни қўяман, бироздан сўнг у жиғимга тегади… Сўнг ёнаётган қип-қизил иккита тарашани устма-уст қўяди-да, чалқанча тушиб ётади. Эркалаётган эрининг дағал иякларига шунчалик ўрганиб кетарканки аёл… унинг эркалашларидан ҳолим қолмайди, вужудимда бир мойиллик кучаяди, у менинг бутун жисму жонимни эгаллайди… Мана оқибати – у ёнимда йўқ энди… Уруш бошлангандан бери ёлғизман… Яна қизларим билан ёлғиз ўзим қолдим, ким билсин, уни яна кўраманми-йўқми, юлдузлар эса ҳамон қадимгидек ёрқин нур сочяпти.
– Чўғларга пуфланглар, тез, ўчиб қолмасин яна, кулини қоқиб туширинглар. Ўт олмагунча пуфлайверинглар. Қип-қизил чўғ бўлиб туриши керак. Қуруқ шох-шаббалардан ташланг! Йўғон ўтинлар гулхан ёнида турсин. Флоринда, бугун сен навбатчисан, эшитдингми гапимни?
Кунлар мана шу тахлит ўтади. Қачон маниок билан банан тозалаймиз, деб кутасан, сувга ким боради, оби ёвғон пишириш керак гулханда… Қисқаси, ҳар биримизга иш топилади…
Қачондан буён тоғдамиз, эсимдан ҳам чиқиб кетди… Қанча бўлди келганимизга? Ёзиб борай десам қалам-қоғоз йўқ, тақвим қаёқда! Ҳозир Херемиас қаёқдайкан? Дўстлари билан биргадир-да! Икки ойдан ошди… Бир-бирига ўхшаш тунлар, кунлар ўтди… Йўқ, уч ой бўлди, шекилли… Қачон келаркан Херемиас? Тоғ оша юрганида мен ҳақимда ўйлаяптимикан?! Яна безовталик хуруж қилаяпти.
Аланганинг ўйноқи қизғиш тиллари кўтарилиб, қоп-қоронғи ғор деворларини ёритишидан енгил тортаман ва узоқ томоша қиламан, ана шунда кулранг тош деворларда сояларимиз пайдо бўлади, менинг соям ортимдан эргашади, нима қилсам, у ҳаракатларимни такрорлайди; мана мен тураяпман – қора кўланка ҳам чўзилиб оёқларимдан узилиб чиқади, бошини кўтаради, қўллари ҳаракатга келади ва тош девордан кўтарила бошлайди, сўнгра индамай бориб ўтиради ёки ётади, кичкинагина бўлиб, ғужанак бўлиб олади, унга қарасам, баҳри дилим очилади, кўп нарсаларни унутаман.
– Эстелла, сенга етволаман!
– Флоринда, олдинга ўтиб кетма! Манови қушни кўряпсанми, бечора ярадор экан. Кўряпсанми, сингилжон, сендан олдин кўрувдим.
– Қаноти яраланса, ростдан узоққа учолмайдими?
Тонг ёришди. Қизларнинг шўхлиги тутди. Уларга қараб туриб ўзимга-ўзим: “Катта бўлишганда уларнинг соялари ҳам катта аёлларникига ўхшаб қолишини кўриш насиб этармикан менга?” дедим. Улар тезроқ улғайишни исташади. Марсела нуқул: “Ойижон, катта бўлсам сизга ёрдам бераман”, дегани-деган. Кўйлакчаларида улар бирдан ҳуркиб учиб кетган ниначига ўхшайдилар: “Улар ҳаётда ҳали ҳеч нарсани билмайдилар”, деб ўйлайман ичимда.
– Эҳтиёт бўл, синглим, арининг уяси у, кўрмадингми?! Сочига кириб олган ариларнинг кўплигини! Ўлдинг энди! Ваҳ-ҳа-ҳа! Кўзи шишиб кетди, ваҳ-ҳа-ҳа!
– Ойижон, Флоринда масхара қиляпти мени.
Қуёш заволга юз тутди.
– Бўлди энди, қизлар, ухланглар! Бориб ётинглар! Ўйин-кулгини йиғиштиринглар, қўй шу қўшиғингни, Флоринда, қачон қарама: “Деразамдан боқаман ва интизор кутаман сени”миш. Топиб олганинг шу-я! Кап-катта бўлиб қолдинглар энди, ўрнингизни ҳўл қилиб қўймассиз, уят бўлади, ё Худойим-ей, қаердан келаяпти бу момақалдироқнинг гумбурлаши, ўзинг мадад бер. Тўрт нафар қиз ўзларига ўта меҳрибон оналарининг ёнида бир-бирларининг пинжига суқилишиб исиниб ўтиришарди, ҳам олов тафти, ҳам она меҳрининг ҳарорати – бундан ортиқ яна нима керак одамга?! Уларни уйқудан уйғотишга сира кўзим қиймайди, қанақа қилиб уйғотай? Болалар жуда-жуда гўзал тушлар кўради дейишади, ширин туш кўраётган болани уйғотишга кимнинг кўзи қияди, лекин уйғотиш шарт… Ҳамон эсимда, мен ҳам болалигимда бир туш кўргандим, ўшанда уйга масрур, бошимда гулчамбар билан кириб келаётганмишман, тушимда ранчонинг ҳовлисида елиб-югуриб юрганмишман, бирдан дарахтларда улкан гуллар пайдо бўлганмиш, япроқлари ҳам гулбарглари тагида кўмилиб кетганмиш, шунда Сельва бутунлай бошқа тусга кирибди, мен бўлсам, дарахтларга гулларнинг номини қўйиб чиқибман: анови картошкагул дарахти, манови гунафша дарахти, ановиниси атиргул дарахти, мана шу дарахтгуллар гулчангли сарғиш кўзлари билан менга боқармиш, лекин… гулханнинг қайноқ тафти қизчаларни тонг отар-отмас уйғотиб юборади ва туш тамом… нонушта ҳозирлаб тез-тез еб олиш, сўнг тушликка бирон нима тайёрлаб қўйгач, тутундан ному нишон қолмасин учун оловни ўчириш керак. Ана шундан кейингина гали билан навбатчилик қилиш бошланади.
– Ойижон, дадам ўртоқлари билан келадиларми? – деб сўради Флоринда; у озғин, нозиккина. – Келишади-а!
– Кўнглинг тўқ бўлсин, қизим, албатта келишади, мени айтди дерсан, даданг бирга келади улар билан.
– Тез келишадими?
– Ҳа, тез келишади, лекин вақтини аниқ айтиб беролмайман… Кутилмаган пайтда келиб қолишлари мумкин.
Биз у билан жуда яқинлашиб кетгандик, у: “Турмуш қурмаймизми, Сусана? – дея таклиф қилди. – Ота-онам кексайиб қолишган, ранчода яшашади, менгаям ҳовли-жой ажратиб беришган, бирга яшасак, ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда…”
– Бошқа гулханлар ҳам мана шунақа қип-қизил бўлиши керак, пуфланг­лар, қизлар, бир нарсани унутманг, бизнинг гугуртимиз ҳам, шамимиз ҳам йўқ, агар яхшилаб ўт олдирмасак чўғлар кул босиб ўчиб қолса, овқат ҳам қилолмаймиз. Шунинг учун пуфланг, ширинтойларим, пуфланг!..
Тун кўзларимиздан бедорлик тўрларини олиб ташлади. Кечки мусаффо ҳаво бирдан юракларни ҳаприқтириб юборди ва зум ўтмай алланечук хотиржамлик бахш этди. Мен сукунатга қулоқ тутаман: тунги товушлардан ёлғизлик ёмон.
– Ойи, ойижон, самолёт, самолётлар…
– Эстелла, кўзингни оч! Кўзингни оч деяпман! Тушингга нима кирди, қизим?
У ғарқ-ғарқ терга ботган эди, алаҳсираши тўхтамасди. Мажбур бўламан кафтим билан унинг оғзини ёпишга. У кўзини очади.
– Ойижон, мен уларни кўрдим – самолётларни. Самолётлар қушларга ўхшаб дадам билан ўртоқларининг ортидан учиб юришганди.
Унинг кўзлари катта-катта очилганди. Бу кўзларда қўрқув қотиб қолганди. У ўпкаси тўлиб йиғлар, кўз ёшлари ҳамма ёғимни ҳўл қилиб юборганди.
– Тинчлан, қизим, ўзингни бос. Онанг ёнингда, эшитяпсанми?
Гулхан ўртасида каттакон ғўла ётарди, гоҳ-гоҳ чирсиллаб митти учқунлар атрофга сочиларди.
– Ойижон, одамлар келишяпти. Марсела айтди, одамлар келишаётганмиш…
– Жим-м, Марсела! Ким бўлдийкан булар?
– Бизникилар бўлса керак, ойи. Мен уларнинг қадам товушини эшит­япман, овозларидан танияпман.
– Жим бўлсанг-чи! Сабр қилиб тур! Олти ойдан бери тоғда яшаяпсану, жим ўтиришни ўрганмадинг-а, қизим!
Чўғ устини қайноқ кул босади, ғор оғзини қоронғилик қоплайди: бизнинг гулхан энди ёнмаса керак…

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 7-сон