Масита қудуқ ёнидаги ариқда юз-қўлини ювиб олди. Арқонда илиниб турган сочиқни олиб, баданини арта бошлади. Қишлоқ сув қуйгандек жим-жит. Барча ширин уйқуда. Қудуқ ёнига экилган дарахтларнинг барглари тонги шабадада липиллаб ўйнарди. Хўрозларнинг қичқириғи ва қушларнинг сайраши тобора авжга чиққан. Масита нангка ва саво дарахтлари орасидан олисларга боқди – осмон қизара бошлаган эди. Уйи томон йўл олди. Бир нечта қадам босиб, таққа тўхтади. Қудуқ томон келаётган эркак кишига кўзи тушди. Қудуқдан уйигача юз метрча масофа бор. Бу бехосият ер йигирма йилдан бери, худди нимадир содир бўладигандек, доим Маситанинг қалбига ғулғула солиб келади.
Аёлнинг юраги тез-тез уриб, яқинлашиб келаётган эркакни кутди. Агар манави эркак ўзига ташланиб қолгудай бўлса, Масита қичқириб ёрдам сўрайди! Бир қичқирса, тамом– бутун қишлоқ чопиб келади!
– Ойи, ишингизни тугатдингизми? – деган ўғлининг овози эшитилди. Масита энди енгил нафас ола бошлади. Овоз аниқ эшитилди. Бу Жали эди. Унинг ёлғиз ўғли.
– Ҳа, – жавоб берди у.
Жали ҳам чўмилишга келаётган экан. Масита аста-секинлик билан уйи томон одимлай бошлади.
– Эй, Худо, қишлоғимизни ўз паноҳингда асра, – дея илтижо қилди у. Жануб томон учиб кетаётган самолётлар гулдурашини эшитди. Юқорига қараб, уларни гўё учиб ўтаётган турналарга ўхшатди. Қушлари Сингапур томон учаётганди.
– Уруш ҳали-бери тугамаса, эримни ўзинг паноҳингда асра! – дея Масита дуосини давом эттирди. – Эримга муносиб хотин бўлишимни, уруш қийинчиликларини бирга енгиб ўтиб, ҳар доим мустаҳкам ва бахтли оила бўлиб қолишимизни ўзингдан сўрайман.
Самолётлар узоқлашиб, осмондаги шовқин пасая бошлади. Уйига кетаётиб, Масита тўсатдан яна нотаниш кимсага дуч келди. У қичқирмоқчи бўлди, бироқ ҳалиги эркак унинг оғзини кафти билан маҳкам ёпди. Бу – урушдан қайтган эри Будин эди.
Уйга етиб келган Масита кўзадаги сув билан оёқларини яхшилаб ювди. Кўзани ерга қўйиб, қуёш чиқаётган томонга тикилди. Қуёш аста-секин чарақлаб, кунни ёрита бошлади. Масита зинадан чиқиб, ётоқхонага йўл олди.
– Қудуқ ёнида ким бор? – сўради эри.
– Жали.
Будин жимгина хотинига тикилди. У деразани очиб юборган эди, қуёш нури зулматни ҳайдаб, хонани ёритиб юборди.
Масита ошхонада Суми ва Салмининг нонушта тайёрлаётганини кўрди. Улар шундай тез гаплашардиларки, Масита уларнинг нима ҳақда гаплашаётганини тушунмади. “Қизнинг бўйи етиб қолди, – ўйлади Масита. Яқинда совчи кела бошлайди, сўнг турмушга чиқишади. Эрлари номаълум ёқларга олиб кетишади. Ота-оналари билан тез-тез кўриша олишадими? Узоқда бўлганларида касал бўлиб қолсак, нима бўлади? Ким бизга ғамхўрлик қилиб, холимиздан хабар олади?” – ўйлади Масита.
Масита уст-бошини алмаштирди, сўнг ойна олдига ўтириб, сочларини тарай бошлади.
– Масита, ўғиллик бўлишни хоҳлайман, – гап бошлади Будин.
–Ўғил? Нега энди қиз эмас? – деди эрига Масита.
– Ҳозир уруш пайти. Уруш қачон тугаши номаълум. Худо сақласин агар бизга бирон гап бўлса, ўғил бола қизга қараганда оилани яхшироқ бошқаради. У ватанини, ҳеч бўлмаганда қишлоғимизни ҳимоя қилади.
Будин хотинига нега бунчалик кўп гапирганини ўзи ҳам тушунмади. Чунки у хотинидан ҳеч нарсани яширмай, дилидаги бор гапни очиқ-ойдин айтмоқда эди.
– Уруш ҳақида бошқа гапирманг. Қўрқиб кетаяпман, – деди Масита. Будиннинг оғушига кириб, қўрқувини яширишга уринди. Эрининг қўйнида у ўзини бутунлай хотиржам ва урушдан ҳимоялангандек ҳис этди.
* * *
– Мен фарзанд кутяпман, азизим.
– Нима? – Будин чўчиб тушди. Елкасидан сочиқни олиб, ойна ёнида ўтирган хотинига яқинлашди. – Шундай ҳазил қилмасам, турмас эдингиз.
– Яна фарзанд кутяпсанми, Масита?
– Йўғ-э. Ҳазиллашдим, сизни уйғотиш жуда қийин. Қудуқ ёнига боринг. Кеч бўлиб қолди. Жали чўмилиб бўлди, чамамда.
– Ҳазилингни яхши кўраман-да, Масита. Сен билан бирга бўлсам, сира зерикмайман, – деди Будин. У эгилиб хотинини ўпди-да, хонадан чиқиб кетди.
Масита ўрнидан туриб, каровот устига ёпинчиқни ёпди. Учта ёстиқни олиб, дераза рахига қўйди.
Суми билан Салми ошхонада куймаланишарди. Масита Сумининг бодринг тўғраётиб, Салмига “чой қайнаб кетди!” деб бақирганини эшитди. Улар бирдан жим бўлиб қолишди, Жали келган, деб ўйлади она. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, уларнинг суҳбати яна жонланиб кетди, ора-чора Жалининг ҳам овози эшитилиб турарди. “Опа-сингиллар акаси билан нақадар ахил”, ўйлади Масита. – Ораларидаги меҳр туйғуси янада ошсин-да.
– Дадажон, ўғлингизни биздан кўра кўпроқ яхши кўрасиз, – дея ўпкаланди Суми.
– У биздан оқ бўлгани учунми? – дея Салми ҳам гапга суқилди.
– Эҳ, яна шу гапми! – Будин қизларини койий бошлади. – Нега энди Жалига яхши, сизларга эса ёмон муносабатда бўлишим керак? Жали ҳам, сизлар ҳам суюкли фарзандларимизсиз, онангиз билан сизларни бирдек яхши кўрамиз. Эшитяпсизми? Бирдек! Қандай қилиб сизларни бир-бирингиздан ажратиш мумкин?
Масита ҳам эрининг гапини маъқуллаб калласини лиқиллатиб қўйди. Суми ҳам, Салми ҳам отасининг гапига жилмайдилар. Суми бу мавзуда кўп гап очарди, Масита эса бундан хафа бўларди.
– Дада, кечиринг. Ростдан ҳам Жали терисининг ранги бизникидан бошқачароқ-да.
– Етар! Бас! – Будин қизларни уришди. – Суми, сен, албатта баҳсда енгиб чиқишим шарт деб ўйлайсан, шундайми? – Ахир у ўғил бола-ку, терисининг ранги сизларникидан фарқ қилиши мумкин эмасми? Кўряпсанми, бунинг ажабланадиган жойи йўқ…
* * *
Уйда жимлик ҳукмрон эди. Масита ошхонада бошқа товуш эшитмади. Ҳойнахой, улар бирон-бир жумбоқ устида бош қотираётгандирлар.
Будин чўмилиб уйга қайтиб келганида:
– Чўмилиб келдингизми? – сўради хотини.
– Ҳа.
Масита ўрнидан туриб, жавон эшигини очди, у ердан Будиннинг майкаси, оқ кўйлаги ва қора шимини олиб, каравот устига қўйди.
– Кийимларингизни каравот устига қўйдим, кийиниб чиқинг, сизни дастурхон атрофида кутяпмиз.
Будин маъқул дегандай калласини қимрлатиб қўйди. Масита эшикни қия ёпиб, хонадан чиқиб кетди. Таомнинг ёқимли хиди димоғни қитиқларди.
Масита ошхона томон юрди. Унинг қулоғига фарзандларининг овози эшитилиб турарди.Жалининг овози ҳаммадан баланд чиқмоқда.Унинг жарангдор овози бир воқеани эслатиб юборди.Ўшанда Жали ялинганнамо гапирганди: – “Ойи, мени кечиринг, сизга ҳақиқатни айтишим керак…”
Маситанинг ҳаёлига нелар келмаганди ўшанда.
– “Гапир, болам нега қалтираяпсан? Оналар фарзандларига ёмонликни раво кўрмайди. Дардингга ҳар доим қулоқ тутганман, тўғрими?
– Нима дейишни билмаяпман. Менга ёрдам бера оласизми?
– Нима бўлди ўзи? Кеч бўлмасдан барини сўзла, ўғлим.
– Ойи, мен… Хатижани…
– Ахир, қандай қилиб?!.. – эси оғаёзди Маситанинг. Кўзларига ёш олиб, нима дейишни билмай ўғлига қараб қолди. Ҳамма гапни эшитди. Кўз ёшларини артиб, Хатижанинг онасини ахтариб кетди. Ёнига бориб, воқеани очиқ-ойдин сўзлаб берди, кечирим сўраб, ялиниб-ёлворди. Фақат шу иш қўлидан келарди, холос.
Бахтига Хатижанинг онаси тўпалон кўтармади. Ўзини босди, чунки бу хабар ёйилса, оила шаънига ўчмас доғ тушди, деяверинг. У Парвардигорга илтижо қила бошлади.
Бу машъум воқеадан сўнг бир неча ой ўтди. Жали сири очилмаганлигига хурсанд эди. Масита Хатижага нисбатан ўғлининг кўнглида нима борлигини суриштира бошлади. Агар у қизни хўрлаган бўлса, бунинг учун жавоб бериши шарт. Қизлар ҳар доим ўз номусини покиза сақлаши лозим. Тегиниб қўйган йигит энди қизни хурмат қилиши, унинг ор-номусини асраши керак. Масита ҳар гал бу ҳақда оғиз очганида, Жали ўзини олиб қочар ёки гапни бошқа мавзуга буришга ҳаракат қиларди.
– “Нима ҳақда гапиряпсан?” – сўради Масита ундан бир куни.
– Романдаги воқеаларни айтяпман, ойи. Айтинг-чи, нима учун менга фақат севги ҳақидаги романлар ёқади?
– Шундай дегин.
Бу – денгизчи ҳақида, тўғрироғи, денгизчи бўлишни ёшлигидан орзу қилган ва фақат денгиз ҳақида ўйлайдиган бир бола ҳақидаги роман. У яшайдиган бандаргоҳ гуллаб-яшнаб, кун сайин кенгайиб борарди. Бандаргоҳга кўплаб кемалар қатнайди. Бир куни: “Нега мен бу ерда ўтирибман? Денгизнинг у ёғида нималар бор экан?” – деб ўйлаб қолади. Кейин денгизчи бўлиб, дунёни кезишга тушади. У борган ҳар бандаргоҳда жуда кўп чиройли қизларни учратади. Портлардаги юзлаб қизлар… Топиб кўринг-чи, қайси бирини танлаган экан?
– Балки у бирорта чет эллик қизга уйлангандир? – Масита тахмин қилиб сўради.
– Йўқ, тополмадингиз!
– Майли. Ўзинг айта қол.
– Ўзи яшайдиган кичик бандаргоҳда бир қизни учратиб қолади. Қиз ёш, қувноқ, кўзлари эса жуда чиройли. У қизни чин дилдан севиб қолади. Кейин яхшилаб ўйлаб кўриб, саёҳат қилишдан воз кечиб, уйига қайтиб келади. Қиз ҳам унга кўнгил қўйган эди.
– Ким?
– Албатта, ҳалиги қиз-да. Йигит кетиб қолганидан сўнг, қиз уни соғина бошлайди. Портга келиб қолмасмикин, деб қиз тез-тез у ерга бориб турарди. Ниҳоят, қиз орзиқиб кутган кун етиб келади. Йигит қиз билан учрашиш учун уйига қайтади. Қиз йигитни портда кўриб қолади. Улар бир-бирига тикилиб, ён-атрофдаги одамларга ҳам эътибор бермай, йиғлаб юборишади. Ниҳоят, улар узоқ соғинчдан сўнг турмуш қуришади.
* * *
– Ойи, нонушта тайёр бўлди, – ошхонадан онасини чақирди Суми. Шунда Масита ўзига келди. Бир неча дақиқадан сўнг эри Маситага қараб:
– Масита, нонушта тайёр бўлибди, – деди.
– Сиз бораверинг, – деди Масита эрига. – Қудуқ олдида бир нарса эсимдан чиқиб қолибди.
Она қудуқ томон кетаётиб, Сумининг Жали устидан кулаётгани ва Жалининг ўз ишлари билан мақтанаётганини эшитди. Жали эса “ҳаммаларинг мен билан фахрланишларинг керак” – деб уқтирарди.
Масита ва Будин ўғлининг иқтидорли эканлигини яхши билишарди. Ўқитувчиларининг унга бўлган эътибори, мақтови, чет элга ўқишга юборишлари кераклиги ҳақидаги тавсиялари, албатта, ота-онани севинтиради-да. Жали Суми ва Салмига умуман ўхшамайди, деб қўйишарди улар.
Ота Жалини чет элга юборишга астойдил ҳаракат қилди. Аммо пул тўлаш муаммосини ечишнинг иложини тополмади. Масита бу ишлар эрини ҳам, ўғлини ҳам хафа қилганини яхши биларди. Отаси ўғлини овутишга ҳаракат қилиб: Худо хоҳласа, бир кун келиб орзуларимиз албатта рўёбга чиқади, – деб далда берарди.
Қудуқ ёнидаги дарахт япроғи узилиб сувга тушди. Масита юқорига қаради – сувга тушган нангка дарахтининг барги экан. Наҳотки бу Жали туғилганидан сўнг экилган ўша дарахт бўлса? Суми туғилганидан сўнг эккан саво дарахти-чи? Ҳозир у ҳам баланд бўлиб кетган. Салмига ҳомиладор бўлиб юрган кезлари, унинг хом меваларини еганлари эсида. “Менга унинг аччиқроқ таъми ёқади. Пишган вақтида улар қушларга ем бўлади”, дерди Масита Будинга.
Масита туш кўрибди… уларнинг қулоғига самолётларнинг гумбурлаши эшитилармиш. Юқорига қараганида, осмон узра жануб томон учиб ўтаётган юзлаб самолётларга кўзи тушди. Самолётлар кумушранг-оқ турналарга ўхшаб учарди. Қаттиқ товушдан қулоғини беркитиб олди, бир маҳал ортидан бир эркак келиб, қучоқлаб олди. Масита шу ҳолатда қанча турганини билмайди…
– Қўйиб юборинг мени, – қичқирармиш Масита тушида.
– Сенга нима бўлди, Масита? – хотинини туртди эри.
Масита Будинга ёпишиб олди. Суми ва Салми уларни кузатиб турганини кўриб эридан ўзини олиб қочди, чуқур нафас олди-да, самолётлар учадиган томонга қаради. У ерда учишга шайланаётган самолётга кўзи тушди.
– Ойи, хавотир олманг, ҳаммаси яхши бўлади, – Салми уни юпатишга тушди. Жали учувчи бўлиш учун ўқишга кирмоқчи. Албатта учувчи бўлади. Ахир Токио биздан унчалик узоқ эмас-ку.
Масита кўз ёшларини артиб:
– Ҳа, Жали Токиода беш йил ўқиши керак, бу айни ҳақиқат, энди бунга кўникишим лозим, – деди ўйланиб.
Суми онасининг қўлини ушлаб олган, Салми эса унинг сочини силарди. Будиннинг чап қўли хотинининг белида эди. Ҳавога кўтарилган самолётдан ҳеч ким кўз узмасди. Самолёт шимол томонга учиб, тобора узоқлашиб борарди. Охир-оқибат бутунлай кўздан ғойиб бўлди.
Масита кафтини очаркан, пичирлаб дуо ўқий бошлади:
“Худойим, ўғлим олис юртга кетди, Марҳаматинг билан бахтли оила яратдим. Ҳадемай беш йил ўтиб, ўғлим қайтиб келади. Ўша пайтларга етгунча менга куч-қувват ато эт. Омин”.
Рус тилидан Аброр Умаров таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 8-сон