Антон Чехов. Ўқитувчи (ҳикоя)

«Биродарон Куликин мануфактураси» ҳисобидан очилган фабрика мактабининг ўқитувчиси Федор Лукич Сисоев тантанали зиёфатга боришга тайёрланмоқда. Фабрика дирекцияси ҳар йили имтиҳон тугагандан кейин зиёфат берар ва унда: халқ мактаблари инспектори, имтиҳон вақтида ҳозир бўлганлар ва фабрика маъмурияти қатнашар эди. Бу зиёфат, расмий равишда бўлса-да, ҳар доим узоқ давом этар, қувончли ва лаззатли бўлар; бунда катта-кичик баравар, фақат ўзларининг ҳалол меҳнатларини тилга олар, ўқитувчилар тўйгунча ер, ичар, овозлари бўғилгунча вайсар ва фабрика посёлкасини бошларига кўтариб ашула айтиб, бир-бирларини чўлпиллатиб ўпиб, уйларига ярим кечада қайтишар эди. Сисоев фабрика мактабида ишлагандан бери бундай зиёфатлардан ўн учтасини ўтказган эди.
Энди у ўн тўртинчи зиёфатга тайёрланар экан, мумкин қадар яхшироқ ясанишга ва ўзига оро беришга тиришар эди. У яп-янги қора костюмини супургича билан роса бир соат тозалади, мода сорочкасини кийиш учун ҳам ойнанинг олдида худди шунча вақт турди; сорочканинг тугма боғларидан запонка ўтмай қийнади, бу ҳол унинг ҳаяжон билан шикоят қилишига, хотинига дўқ уришига ва таъна қилишига сабаб бўлди. Унинг атрофида парвона бўлиб юрган бечора хотиннинг тинка-мадори қуриб кетди. Пиравардида унинг ўзи ҳам ҳолдан тойди. Хотини тозалаб қўйилган ботинкасини ошхонадан келтириб берганида кийишга мадори етмади, ётишга ва сув ичишга тўғри келди.
— Мадоринг қуриб қолипти! — деб уҳ тортди хотини, — шу зиёфатга бормай қўя қолсанг бўлар эди.
— Маслаҳат бермасанг ҳам бўларди! — деб жаҳл билан унинг гапини кесди ўқитувчи.
Сўнгги имтиҳонлардан жуда норози бўлганидан кайфи бузуқ эди. Бу имтиҳонлар яхши ўтган; ҳамма юқори синф болалари шаҳодатнома ва мукофот олган; фабрика бошлиқлари ҳам, ҳукумат бошлиқлари ҳам муваффақиятлардан рози, аммо ўқитувчининг кўнгли тўлмаган эди. Ҳар доим бирорта хато қилмай ёзадиган ўқувчи Бабкин, имтиҳон диктантида учта хато қилган, ўқувчи Сергеевнинг юраги така-пука булганидан 17 ни 13 га кўпайтиролмаган; ёш ва тажрибасиз инспектор диктант учун қийин мақолани танлаган, инспекторнинг сўрови билан диктант ўтказишга қўшни мактабдан келган ўқитувчи Ляпунов «ўртоқларча иш тутмаган» мақолани ўқиб берар экан, сўзларни қандай ёзилса шундай ўқимай чайналиб ўқиган эди.
Ўқитувчи хотинининг ёрдами билан ботинкасини кийди ва ойнада ўзини бир кўздан кечириб, қўлига сер бутоқ хассасини олдида-да, зиёфатга жўнади. Зиёфат бўлаётган жой — фабрика директорининг эшиги олдида бироз кўнгилсизлик рўй берди. Уни қаттиқ йўтал тутиб қолди. Йўталнинг зарбидан бошидаги фуражкаси тушиб, қўлидан ҳассаси чиқиб кетди, унинг йўталини эшитиб, директорнинг уйидан ўқитувчилар ва мактаблар инспектори югуриб чиққанда, у терга ботиб пастки пиллапояда ўтирар эди.
— Фёдор Лукич, сизмидингиз? — деди инспектор ҳайрон бўлиб. — Сиз… келдингизми?..
— Келсам нима бўпти?
— Сиз, азизим, уйда ўтирсангиз бўлар эди. Бугун сизнинг тобингиз қочган…
— Кеча қандай бўлсам бугун ҳам ўшандайман. Агар менинг келишим сизга ёқмаса, у вақтда қайтиб кетишим мумкин.
— Вой, нега ундай дейсиз Фёдор Лукич? Бундай гапнинг нима кераги бор? Ёлвориб сўраймиз, марҳамат қилинг! Ахир бу зиёфатга сабаб биз эмас, сиз-ку! Сизнинг келишингиз жуда қувончли, марҳамат қилинг!
Фабрика директорининг уйида зиёфат учун ҳамма нарса муҳайё эди. Немисларнинг арзон баҳо расмлари билан безатилган, гул ва лок ҳидлари келиб турган ошхонада овқат учун каттароқ ва закуска учун кичикроқ стол қуйилган эди.
Деразага тутилган парда ораларидан иссиқ туш пайтидаги ёруғлик сал-пал ўтиб турар эди… Хонанинг ғирашира ёруғлиги, парда юзидаги Швейцария манзаралари, арзон баҳо гуллар, тарелкаларга юпқа тўғраб қўйилган колбаса — бачкана ва бироз чиройлик кўринар, буларнинг ҳаммаси юмалоққина қоринли, кўзлари сузук, хушмуомала уй эгаси — немиснинг худди ўзига ўхшар эди. Адольф Андреич Бруни (хўжайинни шундай деб атар эдилар) закуска столининг атрофида питирлаб юрар, рюмкаларга қуяр, тарелкаларга овқат солар ва ўтирганларнинг кўнглини олиш, кулдириш, иш қилиб, ўзининг меҳмондўстлигини кўрсатишга тиришар эди. У ўтирганларнинг елкасига қоқар, кўзларига боқар, қиқирлар, қўлларини бир-бирига ишқар, хуллас, яхши итдай эркаланар эди.
— Фёдор Лукич, кимни кўряпман! — деб, узук-узук овоз билан гап бошлади у, Сисоевни кўриб, — Бизни жуда хурсанд қилдингиз! Нотоб бўлишингизга қарамасдан келдингиз!.. Жаноблар, севинчли хабар: Фёдор Лукич келдилар!
Закуска столининг атрофига педагоглар тўпланишиб овқат емоқда эдилар. Сисоев хўмрайди; ўртоқлари уни кутиб турмасдан ейиш-ичишга бошлаганлари ёқмади. У, булар орасидан, имтиҳонда диктант ўқиб берган ўша Ляпуновни топди ва унга яқин келиб, деди:
— Ошначилик бунақа бўлмайди! Ҳа-а! Инсофли одам бундай диктовка қилмайди.
— Эй, худо-ей, сиз ҳали ҳам ўшани гапиряпсизми? — деди Ляпунов ва афтини буриштирди. — Наҳотки бу гап кўнглингизга урмаган бўлса?
— Ҳа, ҳали ҳам ўшани! Бабкин ҳеч қачон хато қилмаган эди! Нима учун шундай диктовка қилганингизни биламан. Сиз менинг ўқувчиларимнинг йиқилишини ва ўз мактабингиз меникидан яхши бўлиб чиқишини истар эдингиз. Мен ҳаммасини биламан!..
— Нега ҳа деб менга тирғилаверасиз? — деди Ляпунов жеркиб. — Ҳадеб менга осилаверасизми?
— Бўлди-да энди, жаноблар, — деб гапга аралашди инспектор, юзини йиғламсирагандай қилиб. — Арзимаган нарсага қизишишнинг нима кераги бор. Учта хатоми… Сира ҳам хатосизми… бари бир эмасми?
— Йўқ, бари бир эмас. Бабкин ҳеч қачон хато қилмаған эди!
— Осилаверади! — деди Ляпунов, — жаҳл билан тўнғиллаб. — Касаллиги билан ҳамманинг жонига тегади. Сизнинг касаллигингизга қараб ўтирмайман, отахон.
— Касаллигим билан ишингиз бўлмасин! — деб қичқирди жаҳл билан Сисоев. — Ишингиз нима? Топиб олган тапларинг: касал! касал! касал!.. Сизларнинг ҳамдард бўлишингиз менга керак эмас! Мени касал деган сўзни қаерданам топиб олдинглар? Имтиҳонга қадар касал эдим, бу рост, энди соппа-соғман, фақат бедармонман холос.
— Соғайган бўлсангиз, худога шукур! — деди дин дарси берувчи Николай ҳазрат, жигарранг олифта ридо кийган, шимини этигининг устидан тушириб олган ёш руҳоний. — Хурсанд бўлиш керак, сиз бўлса аччиғланасиз, ҳоказо ва ҳоказо…
Сиз ҳам яхшисиз, — деб унинг гапини бўлди Сисоев — Савол деган тўғри ва аниқ бўлиши керак эди. Сиз бўлса, нуқул жумбоқ бердингиз. Бундай қилиш ярамайди!
Уни кўплашиб, бир илож қилиб тинчлантиришди ва столга ўтқазишди. У нима ичишни узоқ вақт танлади ва ярим рюмка яшил тусли настойкани афтини буриштириб ичди, сўнгра бир бўлак пирогни ўз томонига тортиб олдида, унинг ичидаги тухум ва пиёзларни битта-битта териб ташлади. Биринчи тишлашидаёқ пирог унга тузи пастдек туйилди, тузлагач, аччиғланиб пирогни нари суриб қўйди, чунки пирог шўр бўлиб қолган эди.
Овқат вақтида Сисоевни инспектор билан Брунининг ўртасига ўтқазишди. Биринчи ейилгандан кейин одат бўйича, қадаҳ кўтариш бошланди.
— Мактабимизнинг, бу ерда ҳозир бўлмаган васийлари, — деб гап бошлади инспектор, — Даниил Петровичга ва… ҳам… ҳамда… ларга миннатдорлик изҳор қилишни шарафли бурчим деб ҳисоблайман.
— Иван Петровичга ҳам, — деб эслатди Бруни.
— Мактабдан маблағини аямаган Иван Петрович Куликинларга ҳам. Энди шу қадаҳни уларнинг соғлиги учун кўтаришингизни сўрайман…
— Мен ўз томонимдан, — деди Бруни, ўрнидан дик этиб туриб, — халқ мактаблари инспектори муҳтарам Павел Геннадиевич Надоровнинг соғлиги учуи қадаҳ кўтаришларингизни таклиф этаман.
Стуллар сурилди, юзлар кулимсиради ва рюмкаларни одатдаги уриштириш бошланиб кетди. Учинчи қадаҳда ҳар қачон Сисоев гапирар эди. Бу сафар ҳам у ўрнидан туриб гапира кетди. У юзини жиддий қиёфага киритди ва бир йўталиб олгач, аввало гапга уста эмаслигини ва гапириш учун тайёрланмаганини арз этди. Сўнгра у ўзининг тўрт йиллик иш даврида кўп иғволар, чуқур қазишлар ва ҳаттоки, унинг устидан чақимчиликлар бўлганини ва душманлари ҳамда чақимчилар кимлар эканини билишини айтди ва бу ердаги «баъзи кишиларнинг иштаҳасини бўғишидан қўрқиб», уларнинг номини айтмаслигини билдирди. Иғволарга қарамай, Куликин мактаби «маъновий жиҳатдангина эмас, моддий жиҳатдан ҳам» бутун ўлкада биринчи ўринни эгаллади.
— Ҳамма жойда, — деди у, — муаллимлар икки юз, уч юздан маош олади, мен бўлсам, беш юз сўм оламан, бунинг устига менинг квартирам янгидан ремонт қилиб берилди, ҳаттоки фабрика ҳисобидан мебеллар ҳам олиб берилди. Бу йил эса, уйимнинг деворларига гулли янги қоғозлар ёпиштирилди…
Ўқитувчи гапини яна чўзиб, ўқувчиларни ёзув ашёлари билан земство ва давлат мактабларига қараганда яхши таъминланганини айтди. Унинг фикрича, бунинг учун, мактаб, ўзи чет элда яшовчи ва мактабнинг борлигини зўрға билувчи фабрика эгасидан эмас, чиқиб келиши жиҳатидан немис ва лютеран мазҳабига мансуб бўлишига қарамай, рус қалбли кишидан миннатдор эмиш. Сисоев тўхталиб-тўхталиб узоқ сўзлади ва дабдабали гапиришга уринди, шунинг учун нутқи чўзилиб кетди ва ёқимсиз чиқди. У ўзининг аллақандай душманлари борлигини қайта-қайта эслатди, киноя билан гапиришга тиришди, такрор гапирди, йўталди, бармоқларини жуда хунук қимирлатди. Ниҳоят у толиқди, терлаб кетди ва гўё ўз ичида гапиргандай секин дам олиб, дам олиб сўзлади ва ўз нутқининг пиравардини у қадар силлиқ қилиб тушира олмади:
— Шундай қилиб, мен Бруни учун, яъни ҳозир орамизда ўтирган… Адольф Андреич учун ичишингизни таклиф қиламан, умуман… ва тушунарли…
Сисоев гапини тугатганда, ҳамма енгил нафас олди, гўё дим ҳавога совуқ сув пуркалгандай бўлди. Бу кўнгилсизликни, афтидан, фақат Бруни сезмади. Иржайиб, сузук кўзларини катта очиб, немис ихлос билан Сисоевнинг қўлини силкитди ва яна итга ўхшаб эркаланди.
— О, миннатдорман сиздан! — деди у, о товушига босим бериб ва чап қўлини кўкрагига қўйиб. — Сиз менинг қандай киши эканимни тушунганингиз учун жуда ҳам севиндим! Мен чин қалбдан сизга энг яхши тилаклар тилайман! Аммо сизга айтмоқчиманки, менинг аҳамиятимни орттириб юбордингиз. Мактабимизнинг гуллаб яшнашига фақат сиз сабаб бўлдингиз, энг ҳурматли дўстим, Федор Лукич! Сиз бўлмаганингизда бошқа мактаблардан заррача фарқ қилмас эди! Сиз: немис хушомадгўйлик қиляпти, кўнгилни кўтариш учун гапиряпти деб ўйламанг! Ха-ха! йўқ, жонгинам, Фёдор Лукич, мен оқ кўнгил одамман, ҳеч қачон хушомадгўйлик қилмайман. Биз сизга йилига беш юз сўм тўлар эканмиз, демак, сиз биз учун қимматли кишисиз-да. Шундай эмасми? Жаноблар, мен ҳақиқатни гапиряпман, а? Бошқа кишига бунча тўламас эдик… Афв этинг, мактабнинг яхши бўлиши — фабриканинг шарафи!
— Менинг самимий гапим шуки, сизнинг мактабингиз ҳақиқатан ҳам ҳар қанча мақтаса арзийди, — деди инспектор. — Тағин сиз бу гапларни қуруқ мақташ деб ўйламанг. Ҳар ҳолда мен умримда бундай мактабни кўрганим йўқ. Мен имтиҳон вақтида кўриб, ҳайрон бўлиб ўтирдим… Ажойиб болалар-а! Кўп нарса билишади ва дадил жавоб беришади. Яна улар қандайдир бошқача, юрак олдирмаган, очиқ кўнгил… Сизни ҳам севишлари кўриниб туради, Фёдор Лукич. Педагоглик суяк-суягингизга сингиб кетган. Сиз, туғма ўқитувчи бўлсангиз керак. Сиз туғма истеъдодга, кўп йиллик тажрибага эгасиз ва меҳнатсеварсиз… Киши жуда ҳайрон қоладики, сиз касаллик орқасида камқувват бўлсангиз ҳам, сизда шу қадар қувват, ишнинг кўзини билишлик бор… Бу, биласизми, сабот ва ирода намунасидир! Биров мактаб кенгашларидан бирида сизни ўз ишининг шоири… деб тўғри айтган. Чиндан ҳам шоирсиз!
Зиёфатда ўтирганларнинг ҳаммаси, бир ёқадан бош чиқариб, Сисоевнинг таланти ҳар қанча мақталса арзишини айтдилар. Баайни тўғон бузилиб кетгандай: самимий, тантанали нутқлар жўш урди, мақсад ва маром билан ҳушёрлик вақтида гапирганда киши бундай қилмас эди. Сисоевнинг нутқи ҳам, унинг жуда ёмон характери ҳам, афт-ангори ҳам тамоман унутилди. Ҳамма гапира бошлади, ҳатто тортиниб жим ўтирган, инспекторга фақат «жаноби олийлари» деб турадиган фақир, эзилган, янги ёш ўқитувчилар ҳам гапира бошлади. Равшандирки, Сисоев ўз аҳллари орасида ажойиб бир шахс экан.
У ўн тўрт йиллик иш даврида муваффақиятларга ва мақтовларга ўрганиб қолганидан, ўзини қадрлаётганларнинг ҳаяжонли ғовур-ғувурини бепарволик билан тинглади. Унинг ўрнига мақтовларга Бруни гердаяр эди. Немис ҳар сўзни илиб олар, иржаяр, чапак чалар ва уялинқираб қизарар, гўё ўқитувчи эмас, ўзи мақталаётгандай эди.
— Офарин, офарин! — деб қичқирар эди у, — Тўғри! Сиз менинг дилимдагини топдингиз!.. Аъло!..
У ўқитувчини гўё ўзининг ҳузур-ҳаловатига шерик қилиш учун унинг кўзларига қарар эди. Ниҳоят, у чидай олмай, ўрнидан ирғиб турди-да, ҳамма товушни ўзининг чийиллаган овози билан босиб, қичқирди:
— Жаноблар! Менга гапиришга рухсат этинг! Жимм! Сизларнинг ҳамма гапларингизга мен фақат бир нарса дея оламан: фабрика маъмурияти Фёдор Лукичдан қарздор қолмайди…
Ҳамма жим бўлди. Сисоев кўзини немиснинг пушти ранг юзига тикди.
— Биз кишининг қадрига ета оламиз, — деб давом этди Бруни, юзини жиддий тусга киритиб, овозини пасайтириб, — ҳамма гапларингиз учун мен сизларга шуни айтишим керакки… Фёдор Лукичнинг оиласи таъмин этилади ва бунинг учун бир ой илгари банкка маблағ қўйилган.
Сисоев нима учун унинг оиласи таъмин этилади-ю ўзи эмас эканига ҳайратда қолиб, немисга, ўз ўртоқларига савол назари билан қаради ва ҳамманинг тикилиб туришида ўзи ёмон кўрган хайрихоҳликни ва ачинишликни эмас, қандайдир бошқача, қандайдир юмшоқ, майин ва шу билан бирга ўта кетган ёвуз, даҳшатли ҳақиқатга ўхшаш ҳолатни ўқидики, бу унинг бутун вужудини совутиб юборди ва қалбини ғазабга тўлдирди. Унинг афти бўзариб ва қийшайиб тўсатдан ўрнидан турди-да, бошини чангаллади. У бир пас шу ҳолда ваҳима босиб, бир нуқтага тикилиб қолди, гўё, Бруни айтган яқин ажални кўз ўнгида кўрди, сўнгра ўтирди-да, йиғлаб юборди.
— Бас!.. Нима бўлди сизга?.. — деган ҳаяжонли овозларни эшитди у. — Сув! Сув ичинг!
Озгина вақт ўтди, ўқитувчи ҳам тинчланди, аммо зиёфатдагиларнинг кайфи бузилди. Зиёфат маъюслик билан, ўтган йиллардагидан анча илгари тугади.
Уйига қайтиб келгач, Сисоев аввало ойнага қаради.
«Мен у ерда бекорга йиғладим! — деб ўйлади у, ўзининг атрофи қорайган кўзларига ва сўлиб қолган юзларига қараб. — Бугун ранг-рўйим кечагидан анча яхши. Менинг касалим камқонлик ва меъда катари, йўталим эса, меъда касалидан».
У шундай деб ўзига далда бергач, секин ечинди ва қора костюмини супургича билан узоқ вақт тозалади, кейин уни яхшилаб тахлаб, комодга солиб, қулфлаб қўйди. Сўнгра у болаларнинг дафтарлари турган столнинг ёнига келди ва Бабкиннинг дафтарини танлаб олиб, боланинг чиройли хатига маҳлиё бўлиб ўтирди…
У ўз ўқувчиларининг диктантларини кўриб ўтирган вақтда эса, ёндаги хонада земство врачи ўтирар ва унинг хотинига, бир ҳафтача умри қолган касал кишини зиёфатга юбормаслик керак эди, деб шивирлар эди.

С. Иброҳимов таржимаси