Антон Чехов. Уч опа-сингил (драма)

УЧ ОПА-СИНГИЛ

Тўрт пардали драма

ҚАТНАШУВЧИЛАР:
Прозоров Андрей Сергеевич.
Наталья Ивановна. Аввал қаллиғи, кейин хотини.
Ольга. Унинг синглиси.
Маша. Унинг синглиси.
Ирина. Унинг синглиси.
Кулигин Федор Ильич. Гимназия ўқитувчиси, Машанинг эри.
Тузенбах Николай Львович. Барон, поручик.
Солений Василий Васильевич. Штабс-капитан.
Чебутикин Иван Романович. Ҳарбий доктор.
Федотик Алексей Петрович. Подпоручик.
Фера понт. Земство идорасиншг қоровули, чол.
Анфиса. Энага, 80 ёшлардаги кампир.

Воқеа губерна шаҳрида бўлиб ўтади.

БИРИНЧИ ПАРДА

Прозоровлар уйи. Колоннали меҳмонхона, колонналар ортидан кенг зал кўринади. Туш вақти: ташқарида қуёш чарақлаб турибди, кишининг баҳри-дили очилади. Залда нонушта учун стол тузатилмоқда. Ольга қизлар гимназиясининг ўқитувчилари киядиган кўк форма кўйлак кийган, у ҳамма вақт, юрганда ҳам, турганда ҳам ўқувчиларнинг дафтарларини тузатади; Маша қора кийимда, шляпасини тиззасига қўйганча китоб ўқиб ўтирибди; Ирина оқ кийимда, хаёл сурганича тик турибди.

Ольга. Отамиз бундан роса бир йил бурун, худди шу куни, бешинчи майда, сенинг именинанг куни вафот этган эди, Ирина. Ҳаво жуда совуқ, қор ёғиб турган эди. Мен бошимизга тушган бу мусибатга чидолмасман, деб ўйловдим, сен ҳам ҳушингдан кетиб, худди мурдадек ётардинг. Орадан атиги бир йил ўтди-ю, гўё ҳеч нарса бўлмагандай, энди биз буни осонгина эслаяпмиз, мана сен оҳ кийиб олдинг, юзларинг эса кулиб турибди.

Соат ўн иккига занг уради.

Ўшанда ҳам соат худди шундай занг урган эди.

Пауза.

Ҳали ҳам эсимда, отамизни музика билан олиб боришди, гўристонда эса милтиқ отишди. У генерал эди, бригадага қўмондонлик қилар эди, шундоқ бўлса ҳамки, кўмишга кам одам борди. Лекин ўша куни ёмғир ёғиб турувди. Қор аралаш қаттиқ ёмғир ёғиб турувди.

Ирина. Буни эслашнинг нима ҳожати бор?

Колонналар ортида, залдаги стол ёнида барон Тузенбах, Чебутикин ва Солений кўринади.

Ольга. Бугун ҳаво илиқ, деразаларни ланг очиб қўйса ҳам бўлади, лекин қайинлар эса ҳали япроқ ёзганича йўқ. Бундан ўн бир йил бурун отам бригадага тайинлангач, бизни олиб Москвадан чиқиб келди, ҳали-ҳали эсимда, май ойининг бошлари эди, ўша вақтда Москвада ҳамма нарса қийғос гуллаган, ҳаво илиқ, борлиқ қуёш нурига ғарқ бўлган эди. Орадан ўн бир йил ўтиб кетибти-ю, мен ҳаммасини, худди кечагина бўлгандай хотирланман. Ё тавба! Бугун эрталаб уйғонсам, олам чарақлаб турибди, баҳор гуркураб турибди, кўнглимда севинчларим тўлиб-тошди, юрагим юртимизни қўмсаб, орзиқиб кетди. Чебутикин. Бўлмаган гап!
Тузенбах. Албатта, беҳуда гап.

Маша китобга қараб ўй сурганича бир куйни оҳиста ҳуштак қилиб чалади.

Ольга. Чалма, Маша. Бу нима қилиқ!

Пауза.

Ҳар куни гимназияда бўлганим, кейин кечгача дарс берганим учунми, доим бошим оғрийди, хаёлимга аллақандай фикрлар келади, худди қариб қолганга ўхшайман. Чиндан ҳам, мана шу тўрт йил ичида, гимназияда хизмат қила бошлаганимдан бери кундан-кунга кучим, ёшлигим томчима-томчи адо бўлаётганини сезмоқдаман. Юрагимда фақат биттагина орзу аланга олиб зўраймоқда…
Ирина. Москвага кетиш орзуси. Уйни сотиб, бу ердаги ҳамма нарсани бир ёқли қилиб Москвага кетсанг…
Ольга. Ҳа! Тезроқ Москвага кетсам.

Чебутикин билан Тузенбах кулади.

Ирина. Акам, профессор бўлар, у барибир бу ерда турмайди. Ҳамма гап фақат бечора Машага қараб қолди!
Ольга. Маша ҳар йил ёзда Москвага бориб туради.

Маша оҳиста ҳуштак чалиб куйлайди.

Ирина. Худо хоҳласа, ҳаммаси бўлади. (Деразага қараб.) Бугун ҳаво жуда яхши. Дилим бирам равшанки, сабабини ўзим ҳам билмайман! Эрталаб уйғониб, бугун именинам эканини эсладим-у, юрагимда бирдан қувонч пайдо бўлди, ойим ҳаётлигидаги болалик чоқларим эсимга тушди. Хаёлимга бирам ажойиб ўйлар, бирам ажойиб ўйлар келдики!..
Ольга. Бугун гулдек очилибсан, ниҳоятда чиройли кўринасан. Маша ҳам чиройли. Андрей ҳам чиройли бўлар эди-ю, лекин жуда семириб кетди, семизлик унга ярашмайди. Мен эса қаридим, жуда озиб кетдим, бу балки гимназияда қизларга ҳадеб аччиғланаверганимдан бўлса керак. Бугун мана бўшман, уйдаман, бошим ҳам оғримаяпти, ўзимни кечагига қараганда ёшроқ сезяпман. Мен йигирма саккизга кирдим, бироқ… Ҳаммаси яхши, ҳаммаси худодан, агар мен эрга тегиб, куни бўйи уйда ўтирсам, бу жуда яхши бўлар эди чоғимда.

Тўлиқ ўқиш