Кичкинагина Н. шаҳридаги ғазнага қарашли сариқ уйда ҳар куни уезд бошқармаси, судлар ҳайъати, деҳқонлар ташкилоти, овқатланиш идораси, ҳарбийлар ва бошқа бир мунча муассасалар навбатма-навбат мажлис ўтказиб туришади. Кузнинг булутли кунларидан бирида, округ судининг сайёр ҳайъати шу уйда иш кўрмоқда эди. Бу сариқ уй ҳақида маҳаллий маъмурлардан бири ғалати гап тўқиган:
Юстиция шу уйда, полиция шу уйда, милиция шу уйда — ҳамма балохўр шу уйда.
«Қўйчивон кўп бўлса, қўй ҳаром ўлади» деган мақолнинг тўғрилигини қарангки, бу уй хўжайинларининг кўплигидан бутунлай қаровсиз қолиб кетган. Четдан кириб келган одам унинг ҳунуклигини, совуқлигини кўриб «бу албатта казарма бўлса керак» деб ўйлайди. На ташқарисида ва на ичкарисида кишига ёқадиган бирон жойи йўқ. Баҳорнинг энг кўркам ва ёруғ кунларида ҳам бу уй худди бир хунук соя босгандай бўлиб тура беради. Ойдин кечалари эса, атрофдаги дарахт ва уйлар жимгина мудрашиб, ҳамма ёқ ёппасига уйқуга кетади-ю, лекин бу уй ухламайди. Ёлғиз шу уй, бесўнақай бир харсанг сингари, умумий манзарага ярашмайди, худди ўз қилмишлари эсига тушиб оғир хаёлга чўмган бир жиноятчидай бўзрайганича бедор туради. Ичкариси худди бир саройхона, жуда ҳам кўримсиз. Қизиқ нарса: уйларида салгина чанг ёки исга кўзлари тушса, ғовға кўтарадиган олифта прокурорлар, аъзолар, бошлиқлар — бу ердаги вентиляциянинг ғириллашига, шамнинг сассиқ ҳидига, тер босиб кетган деворларнинг кирига негадир индамай чидаб ўтира беради.
Округ судининг мажлиси соат тўққиздан ўтганда очилди. Дарҳол сўроққа киришилишидан аллақандай бир шошқалоқлик борлиги сезилиб туради. Кўриладиган ишлар бири иккинчисига уланиб, шу қадар тезлатиб юборилдики, қайсиси бошланиб, қайсиси тамом бўлганини, мазмуни нимадан иборат эканини — ҳар қандай доно ҳам муфассал англолмай қолди. Хилма-хил одамлар, кирди-чиқдилар, кўнгилсиз воқиалар, сўзланган нутқлар, саволу жавоб, ҳақиқат ва ёлғонлар — ҳаммаси тошган дарё сингари кўз ўнгида аралаш-қуралаш ўта беради. Соат иккигача талайгина иш кўрилди. Икки кишини маҳбуслар ротасига юборишга ҳукм қилинди, битта мўътабар зот ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, турмага юборилди, бир киши оқланди, бир киши қайтадан терговга қолдирилди… Худди соат иккида раислик қилувчи: «Ўз хотинини ўлдиришда айбланувчи деҳқон Николай Харламовнинг иши кўрилади» деб эълон қилди. Суд ҳайъати илгаригисича қолди, фақат оқловчи ўрнида бошқа бир шахс пайдо бўлди. Бу одам соқоли олинган, ялтироқ жез тугмалик камзул кийган, суд хизматига кандидат — ёшгина бир йигит эди.
— Судланувчини олиб кирилсин! — деб буюрди раис.
Лекин судланувчи аллақачоноқ тайёр бўлиб, қора курси томон келмоқда эди. Бу одам эллик беш ёшлар чамасида новча, тўладан келган, тепа сочлари тўкилиб, юзларини тук босиб кетган, малла соқол, хунуккина бир мужик эди. Пастаккина ва нимжон милтиқли солдат уни ҳайдаб келарди.
Улар қора курсига етай деб қолганида, арзимаган бир ҳодиса рўй берди: солдат бехосдан қоқилиб кетиб, қўлидан милтиғи чиқиб кетди ва дарҳол ушлаб олди, бироқ, милтиқ қўндоғи тиззасига ёмон тегди. Залдагилар астагина кулиб юборишди. Тиззаси оғриганиданми, ёки қўполлигидан уялибми — солдат қип-қизил шалғом бўлиб кетди.
Судланувчидан одатдаги саволлар сўралди. Суд ҳайъатининг номлари айтилди, гувоҳлар бирма-бир чақирилиб қасамёд қилганларидан сўнг айбномани ўқишга киришилди. Айбномани кўкраги чўккан, ранги ўчган, юзига пластир ёпиштирилган, озғинлигидан устидаги формаси кенг келиб қолган секретарь ўқиди. У йўғон овоз билан кўкракка бемалол бўлсин дегандай қаттиқ ҳам эмас, секин ҳам эмас, дьякончасига бир хилда қироат қилар эди; суд столининг орқасидаги вентиляция бетиним ғириллаб, унинг овозига жўр бўлмоқда. Иккиси қўшилиб залдагиларни аллалайдиган, кайф берадиган ғалати бир овоз ҳосил қилмоқда эди.
Раис ўрта яшар, узоқни кўролмайдиган бир одам бўлиб, афтидан, жуда ҳам чарчаган кўринади. У, худди қуёшдан кўзини эҳтиёт қилган одамдай қўлини пешонасига тираб, креслода қотган-у қолган. Вентиляция билан секретарнинг ғинғиллаши остида хаёли қочиб, алланималарни ўйларди. Секретарь иккинчи бетга ўтиш олдидан нафасини ростлаб олмоқ учун қитдай тўхтаган эдики, у бирдаимга чўчиб тушди ва кўзларини бақрайтиб, залдагиларга қараб чиққандан сўнг, ёнидаги суд аъзосининг қулоғига шивирлади:
— Матвей Петрович? Сиз Демьяновникига тушдингизми?
— Ҳа, Демьяновникига, — деди бу ҳам чўчиб тушиб.
— Келаси сафар мен ҳам ўшаникига тушмасам бўлмайди. Типяковники одам тушадиган жой эмас экан. Тонг отгунча қий-чув, тўполон! Тақир-туқур, болалари йиғлайди. Йўталишларини айтинг… Бир дам ҳаловат йўқ.
Прокурор муовини эса, тилла кўзойнак таққан, олипта қилиб соқол қўйган, семизгина қорача йигит бўлиб, муштини жағига тираб, ҳайкал сингари қимир этмай Байроннинг «Каин»ини ўқирди. Кўзи билан китобни еб қўядигандай тикилиб олган, юзида ҳайронлик, қошлари борган сари чимирилади. Аҳён-аҳёнда у, китобдан кўзини олар, чалқасига креслога суянар ва шу аҳволда номаълум томонга тикилиб турарди-да, яна ўқишга тушиб кетарди. Оқловчи бўлса, қаламнинг тескари томони билан стол чизар ва бошини қийшайтириб, ўйлар эди… Ўзи ёшгина йигит бўлиб, башарасига разм солиб қаралса, йил бўйи ҳар кун бир жойга бора бериб, бир хил одам ва бир хил деворни кўра бериб жонига теккан мактаб боласи ёки идора хизматчисининг юзидаги зерикиш аломатларидан бошқа нарса кўринмас эди. Оқлаш нутқида нималарни гапириш керак бўлади, деб у ҳеч ташвишланмасди. Шунга ҳам бош қотириб ўтирсинми? Ўзи маълум нарса бўлса… Бошлиқларнинг буйруғига мувофиқ қилиб тузилган оқлаш нутқини наридан-бери суд ҳайъатига айтади-ю қўяди-да! Бу нутқнинг на алангаси бўлади, на тутуни; номига «оқловчи гапирди» деса бўлгани. Қадимдан расм-одат шу. Яхшиси, шу ёмғир-у лойгарчиликда бир амаллаб станцияга чиқиб олишни ўйлаш керак, у ёғи поезд билан шаҳарга етиб олиш қийин эмас. Шаҳарда, албатта, яна бирон янги уездга бориб, янги нутқ сўзлаш учун буйруқ олади… Аҳвол шу! Зерикмасинми?
Судланувчи ваҳима босганиданми, қўрққаниданми, олдин ранги ўчиб, ҳадеб енги ичига йўтала берди. Лекин бир оздан сўнг суд залидаги жимжитлик, бир хиллик ва эснашлар унга ҳам таъсир қилди шекилли, тинчиди. Энди у, судьяларнинг мундирларига, прокурор ва оқловчининг башараларига эҳтиром билан анқайиб бир бошдан қараб чиқди. У турмада ётган чоғида судни кута бериб қанчалик хуноб бўлса ҳам, энди бу ердаги шароитни, суднинг боришини кўриб, жуда ҳам хотиржам бўлиб олди. Бошига «одам ўлдирувчи» деган оғир туҳмат тушгандан бери у суд бўлишидан ёмон қўрқар эди. Бекорга ваҳима қилиб юрган экан!.. Мана, бирон кишининг башарасида ҳеч қандай ғазаб ёки нафрат борлигини сезмади, ёки: «Жазосини бериш керак» деган бирон гап ҳам бўлмади, ёки бирон инсон: «бечорага жабр бўлибди» ҳам демади, лоақал, суд қилувчилардан биронтаси «бу ким?» деб, унга тузукроқ қарамади ҳам… Бировнинг биров билан иши йўқдай… Деразанинг хиралиги, девордаги доғ ва кирлар, секретарнинг қироати, прокурорнинг қиёфаси — иш қилиб, бу ердаги тамомий нарсанинг расмиятчилик руҳи билан заҳарланганлиги, тошдай қотиб қолганлиги кўриниб турарди. Гўё қотил ҳам оддий бир расмият буюми-ю, уни биров юргизиб қўйган аллақандай жонсиз машина суд қилмоқда эди…
Мужикнинг кўнгли тўқ, баҳузур ўтирибди, бечора билмайдики, бу ердагилар турли-туман драма ва трагедияларни кўра бериб, юраги тош бўлгаб кетган. Касалхонадагилар ўликка қандай бепарво бўлса, булар ҳам айбдорнинг тақдирига шунчалик бепарво. Бечора мужик ёмон аҳволга тушганини, тақдири хавф остида қолганини, сабаби ана шу бепарволик эканини қайдан билсин? Борди-ю у жимгина ўтира бермасдан, ўрнидан туриб, зор йиғлаб ялинса, раҳм-у шафқат тиласа, астойдил тавба-тазарру қилса, жон талвасасида дод-вой кўтарса, нафи бўлармикин? Бари бир ҳеч фойдаси йўқ: бу фаросатсиз одамларга заррача таъсир этмайди, ахир, тошга ёмғир кор қиладими?
Секретарь айбномани ўқиб бўлгач раис, негадир, столни силади ва анчагача айбдорга тикилиб турди; ниҳоят, тили ҳаракатга келиб сўроқ бошлади:
— Айбланувчи, сиз тўққизинчи июнь кечқурун ўз хотинингизни ўлдирганлигингизга иқрор бўласизми?
Харламов этакларини йиғиштириб ўрнидан тураркан:
— Йўқ, ўлдирганим йўқ, иқрор эмасман, — деб жавоб берди.
Шундан кейин суд шошилинч равишда гувоҳларни сўрашга киришди. Икки хотин, бешта мужик ва дастлаб тергов қилган миршаб сўроқ қилинди. Ҳаммаси ҳам пиёда юриб чарчаган, лойга ботган, гувоҳлар ҳужрасида ўтира бериб роса хуноб бўлган одамлар эди. Ҳаммасининг жавоби бир хил. Буларнинг кўрсатишича, Харламов ўз кампири билан эл қатори «тузук» яшар экан. Маст бўлмаса, сира ҳам урмас экан. 9 июнь куни қуёш ботгандан сўнг даҳлиздан кампирнинг ўлиги топилибди; боши мажақланган, ёнида қонга буланган болта ётган экан. Эри Николайга воқеани билдирайлик деб шунча қидиришса ҳам топиша олмабди: уйда ҳам, кўчада ҳам йўқ эмиш. Қишлоқда ахтарилмаган жой қолмабди: қўни-қўшниларникими, қовоқхонами — иш қилиб, ҳамма ёқни қараб чиқишибди — йўқ. Осмонга учганми, ерга кирганми, ҳеч ким билмайди, ғойиб бўлибди. Орадан икки кун ўтгач, ўзидан-ўзи конторага кириб келибди: ранги ўчган, усти-боши йиртилган, дағ-дағ титрайди, холос. Дарҳол ушлашади ва оёқ-қўлини боғлаб қамаб қўйишади.
— Судланувчи, — деб раис Харламовга мурожаат қилди, — кампир ўлгандан кейин икки кунгача қаерда бўлганингизни судга айтиб бера оласизми?
— Далада эдим… Оч-у наҳор юра бердим.
— Сиз ўлдирмаган бўлсангиз, нима учун қочиб юрдингиз?
— Қўрқиб кетдим… Суд қилиб кесиб юборишидан қўрқдим.. .
— Шундайми?.. Яхши, ўтиринг!
Пиравордида кампирнинг ўлигини ёриб кўрган уезд врачи сўралди. У, ўликни ёрган вақтида тузган протоколдан эсида қолган жойларини ва эрталаб судга келаётиб, йўлда ўзича тўқиган уйдирмаларни гапириб берди. Раис врачнинг лаб қимирлатишини, охори кетмаган янги қора костюмини, олифта галстугини ҳавас билан томоша қилади ва ўз-ўзидан мияси қургурга бекорчи бир фикр келади: «Энди ҳаммага калта камзул расм бўлибди: уники нима сабабдан узун? Нима учун калта эмас, аксинча узун тикдирибди?»
Раиснинг орқа томонидан астагина этик ғарчи эшитилди. Прокурор муовини алладандай бир қоғозни олмоқ учун стол ёшига келди.
— Михаил Владимирович, — деб раис қулоғига шивирлайди у. — Шу Корейский терговни расво қилибди. Укасини сўроқ қилмабди, оқсоқолни сўроқ қилмабди, уйни тасвир қилибди-ю ундан нималигини тушуниб бўлмайди.
— Нима қилайлик… Иложимиз йўқ! — деб уҳ тортди раис креслога суяниб. — Ўзи одам эмас, латтага ўхшайди…
— Айтмоқчи, — деб яна шивирлайди прокурор муовини, — яхшилаб қараб чиқинг — залдагилар орасида бир одам бор: олдинги қаторда ўтирибди, ўнг томондан икки кишидан кейингиси… Актёрга ўхшаган одам-чи!.. Шу ернинг энг пулдор кузири. Беш юз минг сўмча нақд пули бор.
— Ростданми? Ҳеч пулдор одамга ўхшамайди-ку!.. Танаффус эълон қилсак, қалай бўларкан, азизим?
— Тамом қила қолайлик, кейин бира-тўла дам олармиз…
— Майли бўлмаса… Хўш? — Раис врачга тикилди. — Демак, сиз ўша заҳотиёқ ўлган деб тасдиқлайсиз-да?
— Ҳа, мия моддаларига анчагина зарар етганлиги сабабидан…
Врач гапини тамомлагач, раис прокурор билан оқловчи оралиғидаги бўшлиққа мурожаат қилиб:
— Саволларингиз йўқми? — деди.
Прокурор кўзини «Каин»дан узмасдан «йўқ» дегандай бош чайқади; оқловчи эса, тўсатдан қўзғалди ва йўталиб олиб сўради:
— Айтингчи, доктор, жароҳатнинг катта-кичиклигига қараб, жиноятчининг руҳий ҳолатини аниқлаш мумкин бўладими? Яъни, мен демоқчиманки, болта урилган жойни текшириш натижасида: айбдор руҳи, хасталикка дучор экан, деган хулосага келиш учун асос борми?
Раис уйқусираган бепарво кўзларини оқловчига тикди, Прокурор «Каин» ўқишни тўхтатиб, раисга қараб қўйди. Фақат боқдилар-у қўйдилар. Юзларида на табассум, на қизиқиш ва на ҳайронлик аломати кўринмасди.
— Ҳар ҳолда, — деб дудуқланиб қолди врач, — агар биз жиноятчининг… Э-э-э… зарбининг кучини ҳисобга оладиган бўлсак… Аслида… Кечирасиз, саволингизга яхши тушуна олмадим…
Оқловчи берган саволига жавоб олмади, унга бу жавобнинг кераги ҳам йўқ эди. Шу савол жимжитлик таъсири остидами, зерикиш натижасидами, вентиляциянинг тинимсиз ғириллашиданми, негадир, ўзидан-ўзи миясига келиб қолганини билар эди-ю, лекин бирданига оғзидан чиқиб кетганини пайқамай қолган эди.
Врачга рухсат берилди. Энди суд далил учун келтирилган буюмларни кўришга киришди. Энг аввал, енгига қон тегиб, қоп-қора доғ бўлиб қолган камзул кўздан кечирилди. Бу доғнинг қаёқдан пайдо бўлганини сўралганда, Харламов шундай жавоб берди.
— Кампирим ўлмасдан уч кун бурун Пеньков отидан қон олаётган экан… Мен ҳам бориб қолиб эдим, қарашиб юбордим… Ҳа… ўшанда юққан эди…
— Бироқ Пеньков ҳозиргина: «қон олаётган вақтимда менга қарашгани эсимда йўқ» деб кўрсатди-ку?
— Билмадим.
— Ўтиринг!
Кампирни уриб ўлдирилган болтага назар солинди.
— Бу болта меники эмас, — деб юборди Харламов.
— Бўлмаса кимники?
— Билмадим… Менда болта йўқ…
— Деҳқон одам бир кун ҳам болтасиз туролмайди. Қўшнингиз Иван Тимофеич билан чана тузатган экансизлар. У болта сизники эканини тасдиқлайди.
— Билмадим, — дейди яна Харламов ва қўлларини олға чўзиб, панжаларини ёйиб юборади.
— Худо ҳақи гапим рост! Яратган ўзи кўриб турибди! Пешонамга болта битганини билмайман. Дуруст, худди шунақа битта болтам бўларди, сал кичикроқ… Ўғлим Прохор йўқотиб қўйган. Ҳарбий хизматга олинишидан икки йил аввал ўтин кесиб келаман деб, йўлда ўртоқлари билан ичишиб қолган экан. Ўшанда йўқотиб келган…
— Яхши, ўтиринг!
Харламов нима деса суд ишонмайди, оғзига ургандай қилиб «ўтиринг!» дейди, холос. Бу нарсадан унинг жони чиқиб, хафа бўлди, шекилли, кўзлари жовдираб, юзлари қизариб кетди, бўйнини чўзиб олиб:
— Худо урсин, рост! — деб ёлворади. — Ишонмасангиз ўғлим Прохордан сўранг. Прошка, болтани нима қилгансан? — деб бирданига ғазаб билан бурилиб, соқчи солдатдан сўрайди. — Болта қани?
Бу шундай бир оғир дақиқа эдики, ҳамма одам бирданига энкайиб, пусиб олгандай жим бўлиб қолди… Суд залида нечта одам бўлса, ҳаммасининг миясида энг мудҳиш, шу қадар расво бир тасодиф бўладими деган бир фикр чақмоқ каби ялт этиб кетди. Бирон киши солдатнинг юзига боққани журъат эта олмасди. Ҳеч кимнинг бундай фикрга ишонгиси йўқ, ҳамма: «ғалат эшитгандирман» деб ўйлашси келарди.
— Судланувчи! Соқчи билан гаплашиш мумкин эмас, — деб раис дарҳол аралашди.
Соқчи солдатнинг юзига ҳеч ким ботиниб қаролмади. Суд пристави секингина ўрнидан турди-да, оёқ учида оҳиста-оҳиста юриб залдан чиқиб кетди. Ярим минут ўтгач, этиклик одамнинг тап-туп юриб келаётгани эшитилди ва сўнгра, соқчи алмашганлиги маълум бўлди. Залда пайдо бўлган ваҳима, ниқобдор сингари дарҳол ғойиб бўлди.
Ҳамма ўзига келиб, бсишини кўтарди ва орада ҳеч қандай ҳодиса юз бермагандай ҳар ким ўз ишига киришди…
О. Шарапов таржимаси