Антон Чехов. Сартарошхонада (ҳикоя)

Тонг пайти. Ҳали соат етти ҳам бўлмаган, аммо Макар Кузьмич Блесткиннинг сартарошхонаси очиқ. Сартарош йигирма учларга кирган, юз-қўллари кир, устивоши ислиқи, аммо олифта кийинган йигит — сартарошхонани йиғиштирмоқда. Йиғиштирадиган нарса ҳам йўқ-ку, шундай бўлса ҳам, сартарош терлаб пишиб кетган. Сартарошхонанинг баъзи ерини латта билан артади, баъзи еридаги кирни тирноғи билан тирнаб кўчиради, деворнинг бир ерида қандала кўриб қолса, латта билан уриб туширади.
Сартарошхонанинг ичи тор, энсиз, ифлос. Ёғоч деворларга ранг-баранг қоғозлар ёпиштирилган, бу қоғозлар худди ямшикнинг терлаб, айниб кетган кўйлагига ўхшайди. Ойналари хира, тер босган икки кичик дераза ўртасида юпқа ва қийшиқ, ғижирлайдиган эшикча, эшикча тепасида захликдан кўкариб кетган қўнғироқча; қўнғироққа ҳечким тегмаса ҳам жиринглайверади. Деворлардан бирига осилган ойнага бир қаранг: башарангиз ўзидан ўзи қийшайиб ҳарёнга тиртайиб кетади. Шу ойна олдида соч-соқол олинади. Макар Кузьмичнинг ўзига ўхшаган кир ва ёғ босиб кетган столи устида ҳар нарса топилади, бунда тароқ, қайчи, устара, сочни ялтиратадиган бир тийинлик мой, яна бир тийинлик упа, бир талай сув қўшидган атир ва бошқа бало-баттарлар териб қўйилган. Аслини суриштирганда, бутун устахонанинг ўзи ҳам беш мирига арзимайди.
Эшик тепасидаги қўнғироқ жиринглайди, сартарошхонага пўстин ва пийма кийган қарироқ бир киши киради; унинг боши, бўйни хотинларнинг шол рўмоли билан ўрилган.
Бу киши Эраст Иванич Ягодов, Макар Кузьмичнинг отахони . Бир вақтлар Эраст Иванич консерваторияда қоровуллик қиларди, энди Красний пруд ёнидан жой олиб, слесарлик қилади.
— Макарушка, яхшимисан, қўзим, — деди Эраст Иванич сартарошхонани йиғиштириш билан овора бўлган Макар Кузьмичга.
Улар ўпишиб кўришадилар. Ягодов бошидан рўмолини ечиб чўқинади, кейин ўтиради.
— Йўлни айтмайсанми, йўлни! Бай-бай-бай! Бир узоқки, асти қўявер! — дейди, йўтала-йўтала. — Красний пруддан Калуга дарвозасига етиб келиш ҳазил гапми?
— Тинч-омонмисизлар?
— Бироз мазам йўқроқ, ука. Иситма бўлиб ётдим. — Йўғе, худо сақласин! Иситма!
— Ҳа, иситма. Бир ой ётдим, нари бориб, бери келдим. Ўлишимга сал қолди. Энди сочим тўкилаяпти. Доктор сочингни олдириб ташла дейди. Янги ўсган соч бақувват бўлади дейди. Ўйлаб-ўйлаб Макарга бориб келақолай дедим. Бегонанинг олдига боргандан кўра ўзимникига борай дедим. Сочни ҳам боплаб олиб қўяди, пул ҳам олмайди дедим. Узоқликка узоқ-ку, аммо узоқ бўлса нима қипти? Сайр қилганим қолади.
— Марҳамат, бажонудил! Қани, буёққа ўтиринг! Макар Кузьмич икки товонини бир-бирига уриштириб, курсига таклиф қилади. Ягодов курсига ўтириб, ойнага қарайди, ойнада афтини кўриб, хурсанд бўлиб кетади: лаблари худди қалмоқ лабига ўхшар, бурни эса тўмтоқ ва япалоқ бўлиб қолган, кўзлари пешонасига чиқиб кетган эди. Макар Кузьмич усти сапсариқ доғ босиб кетган оқ чойшабни мижозининг елкасига ёзиб, қайчини чиқирлата-бошлади.
— Топ-тоза қилиб қирсам дейман! — дейди у.
— Топ-тоза қилиб қиравер! Худди татарнинг бошига, тарвузга ўхшасин. Соч қалин ўсади.
— Холам тинч-омонмилар?
— Ёмон эмас, юрипти. Қайси куни майорнинг хотини туққан эди, бориб доялик қилди. Бир сўм ишлаб келди.
— Ҳа-ҳа. Бир сўм денг. Қулоғингизни ушлаб туринг.
— Ушлаб турибман… Кесиб олма, эҳтиёт бўл. Вой, бунақа оғритма-да. Сочимни юлиб олаяпсан.
— Зарари йўқ. Бизнинг ишда бусиз бўлмайди. Анна Эрастовна қалайлар?
— Қизимизми? Ёмон эмас, ўйнаб-кулиб юрипти. Ўтган ҳафта сешанба куни, Шейкинга унашдик. Нега бормадинг?
Қайчининг чиқирлаши бирдан тўхтайди. Макар Кузьмичнинг иккала қўли пастга осилиб тушади.
— Кимни унашдик дедингиз? — деб сўрайди, юраги ҳовлиқиб.
— Аннани-да, кимни бўларди!
— Бу қандоғ бўлди? Кимга унашдингиз?
— Прокофий Петрович Шейкин деган одамга. Холаси Златоуст кўчасида бир бойникида хизматчи экан. Жуда яхши аёл. Ҳаммамизга ёқди, ҳаммамиз хурсандмиз, худога шукур. Бир ҳафтадан кейин тўй, боргин, ўйнаб келасан.
— Ийе, буниси қандоғ бўлди, Эраст Иванич? — дейди ранги оқариб кетган, ажабланган Макар Кузьмич ва кифтини учиради. — Буниси қандоғ бўлди? Йў-ўқ, бундай бўлиши сира мумкин эмас. Ахир, Анна Эрастовна… ахир, мен… менинг у кишига муҳаббатим бор эди… менинг ниятим бор эди ахир… Бу қандоғ бўлди энди?
— Шундоқ бўлди-да, қандоғ бўларди! Унашдик, қўйдик. Ёмон одам эмас.
Макар Кузьмичнинг юзидан совуқ тер чиқиб кетди. Қайчини стол устига қўяди-да, мушти билан зўр бериб бурнини ишқалайди.
— Ахир, менинг ниятим бор эди… — дейди у, — бунинг сира бўлиши мумкин эмас, Эраст Иванич! Мен… мен Анна Эрастовнани яхши кўраман, чин юракдан таклиф этганман… Холам ҳам рози бўлган эдилар. Мен сизни ўз отамдай ҳурмат қилардим… ҳамиша сочингизни текинга олиб келганман. Мендан сира ёмонлик кўрганингиз йўқ, отам ўлганларида ҳам бизнинг диванни ва ўн сўм пулимизни олган эдингиз, ҳалигача бермай юрибсиз. Эсингиздами?
— Нега эсимда бўлмасин? Эсимда! Аммо, ўзинг айт: ссн ҳам куёв бўлаоласанми, Макар? Куёвлик ниманг бор? На пулинг бор, на номинг; касбинг ҳам бир пулга арзимайди…
— Шейкин бадавлат эканми?
— Шейкин артелда ишлайди. Бир ярим минг сўм пулини кўпайсин деб ижарага бериб қўйипти. Буёғини ҳам ўйлагин-да, ука! Энди бўлар иш бўлди, Макарушка. Бошқа қиз қидирасан энди ўзингга, Макарушка. Қиз қуриб кетган йўқдир… Ҳа, олмайсанми сочни! Нега туриб қолдинг?
Макар Кузьмич индамай қаққайиб тураверади, кейин чўнтагидан дастрўмол олиб, йиғлайди.
— Ҳе, ука, қўй, йиғлама! — деб овунтиради уни Эраст Иванич. — Қўй, йиғлама! Хотинларга ўхшаб йиғлаш уят бўлади! Олдин сочимни олиб бўл, кейин қанча йиғласанг майли. Ол қайчингни!
Макар Қузьмич қўлига қайчини олиб бир он қайчига тикилиб қарайди, кейин қайчи қўлидан тушиб кетади, қўллари дир-дир титрайди.
— Йўқ, ололмайман! — дейди у. — Ҳозир ҳеч ололмайман, мадорим йўқ! Мен бечора, шўрпешона эканман! У ҳам шўрпешона экан! Бир-биримизни яхши кўриб келган бўлсак, бир-биримизга ваъдалашган бўлсаг-у, иккимизни бир-биримиздан жудо қилибсиз, бераҳм одам экансиз, юрагингиз тош экан. Кетинг, Эраст Иванич! Сизни кўрарга кўзим йўқ!
— Бўлмаса эртага келарман, Макарушка. Қолганини эртага олиб қўярсан.
— Майли.
— Унгача ўзингни босиб ол, мен эртага барвақтроқ келаман.
Эраст Иванич сочининг ярми олинганидан худди сургун қилинган жиноятчига ўхшайди. Бундай калла билан юриш ярамайди, аммо на чора? Бошини ва бўйнини шол-рўмол билан ўрайди-да, сартарошхонадан чиқади. Макар Кузьмич ёлғиз ўзи қолиб, ўз ҳолича секин-секин йиғлаб ўтиради.
Эртаси куни эрталаб яна Эраст Иванич келади.
— Хизмат? — деб сўрайди Макар Кузьмич, совуққина қилиб.
— Қолганини ҳам олиб қўй, Макарушка. Сочимнинг ярми қолган эди.
— Пулини олдин чўзиб қўясиз. Текинга соч олинмайди.
Эраст Иванич ғинг демасдан чиқиб кетади, ҳанузгача сочларининг ярми калта, ярми узун. Пул бериб олдирай деса пулни кўзи қиймайди, шунинг учун бошининг қирилган томонидан соч ўзи ўсиб чиқишини кутади, тўйни ҳам шу аҳволда ўтказди.

О. Раҳимий таржимаси