Гимназиянинг еттинчи синф ўқувчиси Егор Зиберов Петя Удодовга илтифот билан қўл беради. Кулранг костюм кийган, сеп-семиз ва анор юзли, тор пешонали, ёши ўн иккига борган ўғилча Петя таъзим қилади ва шкафдан дафтарларини олади. Дарс бошланади.
Удодовнинг отаси билан келишилган шартга мувофиқ, Зиберов ҳар куни Петяни икки соат ўқитиши, бунинг учун ойига олти сўм олиши керак. У Петяни гимназиянинг иккинчи синфига тайёрлайди. Ўтган йили эса, уни биринчи синфга тайёрлаган, аммо Петя йиқилган эди.
— Қани… — деб бошлайди Зиберов, папиросини чекиб. — Сизга тўртинчи турланиш берилган эди. Fructusни турланг-чи!
Петя турлай бошлайди.
— Яна ўрганмабсиз-ку! — дейди ўрнидан туриб Зиберов. Сизга тўртинчи турланишни олтинчи марта беришим, сиз ҳали ҳам билолмайсиз! Ахир, сиз дарсларни қачон тайёрлайсиз?
— Тағин ўрганмаптими? — деган товуш эшитилди ва йўталиб, хонага губерна секретарлигидан бўшаган Удодовнинг отаси кирди. — Янами? Нимага сен ўрганмадинг? Эҳ сен, чўчқа, чўчқа! Ишонасизми, Егор Алексеич? Буни мен кеча ҳам калтаклаганман!
Удодов чуқур нафас олиб, ўғлининг ёнига ўтиради ва эскириб кетган Кюнерга қарайди. Зиберов Петядан отасининг олдида имтиҳон олади. Аҳмоқ отаси ўз ўғлининг аҳмоқлигини билиб қўйсин! Гимназист қизишиб имтиҳон олади, кичкинтой, анор юзли эси паст болани ёмон кўради, ундан нафратланади, уни уришга ҳам тайёр. Ўғилча унинг саволларига ўринли жавоб қайтарганда унга алам қилади. — Петя шундай қилиб унинг жонига тегади!
— Сиз, ҳали, иккинчи турланишни ҳам билмайсиз! Сиз биринчисини ҳам билмайсиз! Сизнинг ўқишингиз шунақа! Қани, сиз менга айтиб беринг, meus filiusнинг бош келишиги қайси бўлади?
— Meus filiusники meus filus бўлади… бу бўлади…
Петя шипга узоқ вақт қараб туради, лабларини анчагача қимирлатади-ю, аммо жавоб бермайди.
— Deaнинг жўналиш келишикдаги кўплиги қайси.
— Deabus… filiabus — дейди Петя дона-дона қилиб.
Кекса Удодов эса, маъқуллаб калласини силкитади. Боланинг ўринли жавоб беришини кутмаган гимназистга алам қилади.
— Жўналиш келишигидаги abusда яна қандай от бор? — деб сўрайди у.
Маълум бўладики, жўналишдаги abusда «anima» — жон ҳам бор экан, бу Кюнерда йўқ экан.
— Лотин тили чиройли тил! — дейди Удодов. Алон… трон… бонус… антропос… Қандай донолик! Буларнинг ҳаммасини билиш керак! — дейди у чуқур нафас олиб.
«Ишлашга халақит беради, ҳайвон… — деб ўйлайди Зиберов. — Пешонангга келиб олиб назорат қилади. Контроллик қилишига тоқатим йўқ!» — Қани-чи, деб Петяга мурожаат этади. — Лотин тилидан янги дарсга ҳам шуни олинг. Энди арифметикадан ўтамиз… Доскачани олинг. Янаги вазифа нима?
Петя доскачага тупуриб, енги билан артади. Ўқитувчи ҳисоб китобини олади ва айтиб беради:
— «Савдогар 540 сўмга 138 газ қора ва кўк мовут сотиб олади. Агар кўкининг бир гази 5 сўм, қорасиники 3 сўмдан бўлса, ҳар иккисидан неча газдан олган булади?». Вазифани қайтариб айтинг.
Петя вазифани қайтаради ва шу ондаёқ, ҳеч сўз айтмасдан, 540 ни 138 га бўла бошлайди.
— Нима учун бундай қиляпсиз? Тўхтанг! Айтгандай, шунақа… давом эттиринг. Қолдиқ чиқяптими? Қолдиқ бўлмаслиги керак. Беринг-чи, мен бўлиб кўрай!
Зиберов бўлади, 3 қолдиқ билан чиқади ва шошилиб ўчириб юборади.
«Таажжуб… деб ўйлайди у, сочларини ҳурпайтириб ва қизариб. — Буни қандай қилса чиқади? Ҳим!… Бу масала ноаниқ тенгламага алоқадор экан, арифметикага сира алоқаси йўқ… »
Ўқитувчи жавобларни қараган эди, 75 ва 63 эканини кўрди.
«Ҳимм!… қизиқ… 5 билан 3 ни қўшиш керак сўнгра эса, 540 ни 8 га бўлиш керак. Шундаймикин? Йўқ бундаи эмас».
— Ҳал қилинг-чи! — дейди у, Петяга.
— Ҳа, нимага ўйланасан? Масала енгилгина-ку! — дейди Удодов Петяга, — Эҳ, сен тентак иним! Ўзингиз ҳал қилиб бера қолинг унга, Егор Алексеич.
Егор Алексеич қўлига грифелни олади ва чиқара бошлайди. У дудуғланади, қизаради, рангги ўчади.
— Очиғини айтганда, бу алгебрага доир масаладир, дейди у — Уни икс ва игрэк билан ҳал қилиб бўлади. Аммо шундай ҳал қилса ҳам бўлади. Мен мана бўлдим… тушуняпсизми? Энди мана олиб ташлаш керак… тушуняпсизми? Ёки мана қандай… Бу масалани менга эртага ўзингиз ҳал қилиб келинг… Ў0йлаб кўринг…
Петя ичи қоралик билан илжаяди. Удодов ҳам илжаяди. Ўқитувчининг довдираб қолганини уларнинг иккаласи ҳам тушунади. Еттинчи синф ўқувчиси ундан бадтар ўсал бўлади, ўрнидан туриб, у бурчакдан бу бурчакка юради.
— Алгебрасиз ҳам ҳал қилиш мумкин, — дейди Удодов, қулини чўтга чўзиб ва чуқур нафас олиб. — Мана қаранг…
У чўтни шақиллатади ва 75 ҳамда 63 чиқаради, ҳақиқатан ҳам, шундай чиқиши керак эди.
Мана… бизнингча, билимсизларнинг ҳисобича шундай бўлади.
Ўқитувчи жуда ҳам ноқулай аҳволда қолади. У юраги така-пука бўлиб соатига қарайдики, дарснинг тугашига ҳали бир соату чорак вақт бор — бу жуда ҳам узоқ вақт!
— Энди диктант ёзамиз.
Диктантдан сўнг география, ундан кейин — дин дарси, ундан сўнг рус тили, ҳўҳ-ҳў, бу дунёда жуда фан куп! Мана, энди, икки соатлик дарс ҳам тугаяпти. Зиберов шапкасини олади, Петяга илтифот билан қўл беради ва Удодов билан хайрлашади.
— Бугун менга бироз пул бера олмайсизми? — деб сўрайди чўчиб. — Эртага ўқиш учун пул тўлашим керак эди. Сиз менга олти ой учун тўлашингиз керак.
— Мен? Эҳ, ҳа ҳа… — деб ғўлдирайди Удодов, Зиберовга қарамасдан. — Жоним билан! Фақат ҳозир пулим йўқ, мен сизга бир ҳафтадан кейин… ёки икки ҳафтадан кейин…
Зиберов рози бўлади ва, оғир, лой босган калошини кийиб, бошқа жойда дарс бергани жўнайди.
С. Иброҳимов таржимаси