Антон Чехов. Крижовник (ҳикоя)

Эрта тонгдаёқ бутун осмонни қора булут қоплаб олди. Дала юзини кўпдан бери қора булут босиб ёмғир ёғай-ёғай деб турган рутубатли кунлардагидек ҳаво паст, ҳамма ёқ жимжит ва кўнгилсиз эди. Ветеринария врачи Иван Иванич билан гимназия муаллими Буркинлар юра-юра чарчади ва уларга даланинг поёни йўққа ўхшаб кетди. Уларнинг йўлида узоқдан Мироносицкий қишлоғининг шамол тегирмони элас-элас кўринади, ўнг томонда тизма тепалар чўзилиб кетган ва қишлоқдан анча нарида кўринмай қоларди. Бу тепаликлар дарёнинг қирғоғи бўлиб, у томонда ўтлоқлар, кўм-кўк толлар, қўрғонлар борлигини, тепалардан бирининг устига чиқиб қаралса, нариёғида ҳам шундай кенг далалар, телеграф ва узоқдан ўрмалаб кетаётган қуртга ўхшаш поездлар, агар ҳаво очиқ бўлса, ундан ҳатто шаҳар ҳам кўринишини буларнинг иккови ҳам билар эди. Ҳаво тинч, бутун табиат ювош ва ўйчан бўлиб кўринган шу пайтда Иван Иванич билан Буркинга далалар жуда ҳам ёқиб кетди ва уларнинг иккови ҳам, бу мамлакатнинг қандай улуғ ва қандай гўзал эканлигини ўйлаб кетишди.
— Ўтган сафар, биз оқсоқол Прокофийнинг саройида ўтирганимизда, — деди Буркин, — сиз бир воқеани гапирмоқчи бўлган эдингиз.
— Ҳа, ўшанда мен ўз укам тўғрисида гапирмоқчи эдим.
Иван Иванич гапини бошлаш учун чуқур нафас олди-да, тамаки тутатди, шу чоқда, ёмғир ёға бошлади. Бирпасдан кейин ёмғир қаттиқ қуйиб юборди ва унинг қачон тинишини билиб бўлмас эди. Иван Иванич билан Буркин ўйланиб туриб қолишди; итлар ивиб кетган ва думларини қисиб, жовдираб турар эди.
— Бирор жойга беркинишимиз керак. — деди Буркин. — Юринг, Алехинникига борамиз. Уники яқин.
— Майли, борамиз.
Улар бурилишди ва то йўлга чиққунча гоҳ тўғрига юриб, гоҳ ўнгга ва гоҳ сўлга бурилиб, буғдойпоядан боришар эди. Тез орада тераклар, боғ, сўнгра омборларнинг қизил томлари кўринди; дарё ялтираб турар, тегирмони, чўмилиш жойи бор кенг бир ҳовуз кўринди. Бу жой Алехин турадиган Софьино қишлоғи эди.
Тегирмон ёмғир товушини босиб кетган, тўғон титраб турар эди. Араванинг ёнида ивиган отлар бошларини қуйи солиб, бошларига қоп ёпинган одамлар у ёқ бу ёққа ўтиб турарди. Ҳаво нам, ерлар лой, ҳамма ёқ бесаранжом ва ҳовузнинг кўриниши ёқимсиз ва даҳшатли эди. Иван Иванич ва Буркин ивиб, шилта бўлиб кетган, баданлари жунжуккан, лойдан оёқларини зўрға кўтарар эди; улар тўғондан ўтиб, хўжайиннинг омбори томон кўтарилишди, икковлари ҳам бир-бирлари билан аразлашган кишидай ғиқ этмас эди.
Омборларнинг бирида совуриш машинаси шувулларди.
Омборнинг эшиги очиқ, ундан чанг бурқсаб чиқарди. Остонада Алехиннинг ўзи тикка турарди. У қирқ ёшларда бўлиб, новча, тўладан келган, узун сочли эди, у помешчикдан кўра кўпроқ профессорга ёки рассомга ўхшарди. Унинг эгнида, кўпдан бери ювилмаган оқ кўйлак, устидан чилвир боғлаган, шим ўрнига иштон кийган, этикларининг юзи чангга ботган ва похол илашган, бурун ва кўзлари чангдан қорайиб кетган эди. У Иван Иванич билан Буркинни таниди ва жуда ҳам хурсанд бўлиб кеггандай кўринди.
— Келинглар, жаноблар, уйга марҳамат, — деди кулумсираб у. — Мен ҳозир, дарров кираман.
Алехиннинг уйи икки қабатли каттакон бино эди. Алехин пастда, пештоқли деразалари кичкина икки хонада турарди. Бу уйда бир вақтлар приказчиклар турган бўлиб, ичидаги нарсалар соддагина эди. Бу ердан жавдари буғдой нонининг, паст ароқ ва от абзалларининг ҳиди келарди. Юқоридаги ясоғлиқ меҳмонхонада у кам турар, фақат меҳмонлар келгандагина бўлар эди. Иван Иванич билан буркинни чиройли бир чўри хотин кутиб олди, у шу қадар чиройли эдики, уни кўриш билан улар тўхташди ва бир-бирларига қараб қолишди.
Алехин буларнинг кетидан даҳлизга кираётиб:
— Келганларингиз учун жуда ҳам хурсанд бўлдим, жаноблар, — деди. Мен ҳеч кутмаган эдим! Пелагея, — деб чақирди чўрини у, — меҳмонларга бошқа уст-бош беринг, кийимларини алмаштириб олсинлар. Дарвоқе, мен ҳам кийимимни алмаштириб олсам бўлар экан. Аммо олдин бориб чўмилиб келишим керак, баҳордан бери чўмилганим йўқ. Жаноблар, бориб чўмилиб келмаймизми? Унгача бу ерни ростлаб қўяди.
Гўзал, малоҳатли Пелагея чойшаб ва совун олиб келди. Алехин меҳмонларни бошлаб, чўмиладиган жойга кетди.
— Анчадан бери чўмилганим ҳам йўқ, — деди ечинаётиб у. — Кўряпсизларми, чўмиладиган жойим яхши, буни отам қурдирган эди, лекин чўмилишга қўл тегмайди.
У зинапояга ўтириб, узун сочларини ва бўйнини совунлади, унинг олдидаги сув жигар ранг бўлиб кетди.
— Ҳа, шундайга ўхшайди… — деди Иван Иванич, ҳайрон бўлгандек унинг бошига қараб.
Алехин хижолат тортиб:
— Мен хийла вақтдан бери ювинганим йўқ… — деб такрорлади ва яна совун суртди. Унинг ёнидаги сув бамисоли сиёҳ — тўқ кўк бўлиб кетди.
Иван Иванич ташқарига чиқиб, ўзини сувга ташлади. У ёмғир остида кенг-кенг қулоч отиб сузиб кетди, сувлар тўлқинланди ва тўлқиндан оқ нилуфар гуллар чайқалиб турар эди. У сувнинг ўртасигача сузиб бориб, шўнғиб кетди ва бир дақиқадан кейин бошқа жойдан чиқди-да, нарироққа сузиб борди, сувнинг остига етмоқчи бўлиб яна шўнғиди. «Ё раббий… — деб такрорлади у роҳатланиб, — ё раббий…» У тегирмонгача сузиб борди, унда мужиклар билан алланималар тўғрисида гаплашиб, яна орқага қайтди ва сувнинг ўртасига келиб, юзини ёмғирга қилиб ётди. Буркин билан Алехин кийинишиб, қайтиш тараддудига тушдилар. Иван Иванич эса ҳамон сузиб ва шўнғиб юриб:
— Ё раббий… — дерди. — Ё раббий, ўзинг раҳм қил, — дерди.
— Бўлди энди! — деди Буркин унга.
Уйга қайтиб келишди. Юқоридаги каттагина меҳмонхонанинг чироғи ёқилганда Буркин ҳам, Иван Иванич ҳам, шойи халат ва туфли кийиб, креслода ўтирар, Алехин эса, ювинган, таранган, янги кийимларини кийган ҳолда меҳмонхонанинг ичида юрар, афтидан, у иссиқдан, тозаликдан, қуруқ кўйлак ва енгилгина оёқ кийимидан ҳузур қиларди. Гўзал Пелагея гилам устидан оҳиста қадам босиб ва мулойимгина кулумсираб, патнисда чой ва мураббо олиб келганида Иван Иванич ҳикоясини бошлади. Унинг гапларини Буркин билан Алехингина эмас, олтин рамка ичидан тикилиб қараб турган кекса ва ёш хонимлар, ҳарбийлар ҳам тинглаётганга ўхшар эди.
— Биз икки оға-инимиз, — деб гап бошлади у, — мен Иван Иванич ва мендан икки ёш кичкина Николай Иванич иккимиз. Мен илмнинг кетидан кетдим-да, ветеринар врач бўлдим, Николай эса ўн тўққиз ёшидан давлат палатасига ишга кирди. Бизнинг отамиз Чимша-Гималайский кантонистлардан эди, аммо, офицерлик даражасини олгандан кейин вафот этди ва ундан бизга дворянлик насаби ҳамда бир оз ер-мулк мерос қолди. Отам ўлгандан кейин унинг қарзлари бадалига ер-мулк қўлдан кетди, аммо, бир амаллаб биз ёшликни кенг далада ўтказдик. Биз ҳам деҳқон болалари каби, кеча-кундуз далада, ўрмонда бўлар, отларни пойлар, дарахт пўстлоғини шилар, балиқ овлар ва шунга ўхшаш ишларни қилар эдик… Биласизларки, умрида бирор марта ёрш балиғини ушлаб олган ёки куз кунларида майналарнинг учиб юришини, уларнинг ҳаво очиқ ва совуқ кунларда қишлоқнинг устида тўдалашиб учиб ўтишини кўрган кишини шаҳарлик демаса бўлади, у далани қўмсаб туради. Укам давлат палатасида зерикиб кун кечирарди. Йиллар ўтар, у ҳамон бир жойда ўтирар, доим бир хил хатларни ёзар ва доим бир тўғрида ўйлар: қандай қилиб бўлса-да, қишлоқда яшашни хаёл қилар эди. Унинг зерикиши бора-бора маълум хоҳишга, бирор дарё ёки кўлнинг бўйидан ўзига кичкина қўрғон сотиб олиш орзусига айламади.
У яхши, хушфеъл одам эди. Мен уни яхши кўрар эдим, аммо унинг умр бўйи ўз қўрғонида қамалиб ўтириш истагига қўшилмас эдим. Одатда, одамга фақат уч газ ер керак деб айтилади. Аммо уч газ ер одам учун эмас, ўлик учун керак-ку, шунингдек ҳозир ҳам, агар бизнинг зиёлиларимиз ер-сув қилишга ва қўрғон қуришга интилсалар яхши бўлур эди деб ҳам айтадилар. Аммо бу қўрғон ҳам уч газ ерга тенг-ку, ахир! Шаҳардан, курашдан, тирикчилик ғаму ғуссасидан қочиб, ўз қўрғонида яшириниб умр кечириш — умр эмас, худбинлик, дангасалик, бир турли монахлик, монахлик бўлганда ҳам номардликдир. Кишига уч газ ер эмас, қўрғон ҳам эмас, ўз озод руҳининг ҳамма ҳислат ва фазилатларини эркин кўрсатиш учун бутун курраи арз, бутун табиат олами керак.
Укам Николай канцелярияда ишлаб ўтирганида, сабзавотлар эктирсам, ўзим етиштирган сабзавот шўрвасини маза қилиб ичсам, унинг ёқимли ҳиди бутун ҳовлини тутиб кетса, кўм-кўк ўтларнинг устида ўтириб овқатлансам, сояда ётиб ухласам, дарвоза ёнидаги харракда ўтириб, анча вақтгача далани ва ўрмонни томоша қилсам, деб ўйлар эди. Қишлоқ хўжалигига доир китобларни ва календарларда бериладиган маслаҳатларни яхши кўрар ва севиб ўқиб, руҳий озиқ олар эди; у газета ўқишни ҳам яхши кўрарди, аммо газеталардан фақат, қўрғони, дарёси, боғи, тегирмони, суви оқиб чиқиб кетадиган ҳовузи бор фалон десятина экин ер ва яйлов сотилади дейилган эълонларнигина ўқир эди. Унинг калласини боғдаги йўллар, гуллар, мевалар, чуғурчуқ уялари, ҳовузда ўйноқлаб юрган товонбалиқлар ва шунга ўхшаган нарсалар айлантириб ётар эди. У қайси эълонни ўқир экан, хаёлида бошқа нарса пайдо бўлар эди, аммо буларнинг ҳар бирининг ичида, негадир, крижовник ҳам бўлар эди. Крижовниги бўлмаган биронта қўрғонни, биронта яхши жойни у тасаввур ҳам қилолмас эди.
— Қишлоқ ҳаётининг ўз шукуҳи бўлади, — дерди, баъзан у. — Болохонада чойни пуфлаб ичиб ўтирасан, ҳовузда ўрдакчаларинг сузиб юради, ажойиб ҳидлар димоғингга уриб туради ва… ва крижовниклар кўкариб ётади, — дерди.
У ўз мулкининг режасини чизар ва унинг режаси ҳар сафар бир хилда чиқаверар эди: а) хўжайинлар турадиган уй, в) хизматкорлар турадиган уй, с) полиз, б) крижовник. У хасислик билан кун ўтказар: тўйиб овқат емас, тўйиб ичмас, худди гадойга ўхшаб кийинар, топган пулини банкка қўяверарди. Жудаям қизғончиқ бўлиб кетган эди. Мен унинг аҳволига ачинардим. Уни-буни олиб берардим, байрамларда нарсалар юборардим, аммо у мен юборган нарсаларни ҳам яширар экан. Шунақа бўлар экан, яъни одам бирор муддаога қасд билан киришса, уни ҳеч қайтариб бўлмас экан.
Йиллар ўтди, уни бошқа губернага ишга кўчиришди, ёши эса қирқдан ҳам ошди, аммо у ҳамон газеталардаги эълонларни ўқир ва пул тўплар эди. Кейин, уйланди деб эшитдим. Унинг мақсади ҳамон ўша, крижовникли қўрғон сотиб олиш эди, у ёши катта, хунук бир тул хотинга уйланган, уни яхши кўрганидан эмас, пули борлиги учун уйланган эди. Укам бу хотин билан ҳам хасисликда рўзғор кечирди, уни ярим оч аҳволда тутди, унинг пулларини эса, банкка обориб ўз пулига қўшиб қўйди. Бу хотин илгари почтмейстерга теккан, уникида пирог ейиш, наливка ичишга одатланиб қолган экан, иккинчи эриникида эса, қора нонга ҳам қорни тўймайдиган бўлди. Тирикчилик шу аҳволга тушиб қолгач, хотин озиб-тўзиб кетди ва уч йилдан кейин жонини жабборга топширди. Укам эса, хотинининг ўлганига ўзи сабабчи эканини мутлақо ўйламас эди. Пул деган нарса, арақ сингари, одамни жинни қилиб қўяди. Бизнинг шаҳримизда бир савдогар бор эди. У жон бериш олдида бир тарелка асал олиб келишни буюрган-да, бошқаларга қолиб кетмасин деб, ўзининг ҳамма пулларини ва ютуқли билетларини асалга қўшиб еб қўйган. Бир вақт мен вокзалда подага қараб турган эдим. Шу пайтда битта жаллопнинг оёғини паровоз кесиб кетди. Биз уни касалхонага олиб кетаётган эдик, қон оқяпти, аҳволи қўрқинчли, аммо у ҳадеб оёғимни топиб келинглар дер ва безовталанар эди: билсакки, унинг қирқилган оёғидаги этигининг ичида йигирма сўм пули бор экан, у шу пулининг йўқолишидан хавотир экан.
— Сиз бошқа ҳикояга ўтиб кетдингиз, — деди Буркин.
Иван Иванич бирпас ўйланиб тургач:
— Хотини ўлгач, — деб гапини давом эттирди, — укам ўзига мулк ахтаришга тушди. Танлаб-танлаб тозига учрайсан дегандай, укам Николай ҳам, кўнглидагидек жой тополмади. У қарзни комиссионер орқали перевод қилиш шарти билан, хўжайин турадиган, хизматкорлар турадиган уйлари, парки бор бир юз ўн икки десятина мулкни сотиб олди, аммо унда мевали боғ ҳам, крижовник ҳам, ўрдаклари сузиб юрган ҳовуз ҳам йўқ эди; мулкнинг ёнидан дарё оқар, унинг суви кофе тусида эди, чунки мулкнинг бир томонида ғишт заводи, иккинчи томонида эса, суяк куйдирадиган завод бор эди. Лекин бизнинг Николай Иванич унчаям хафа бўлмади; у йигирма туп крижовник олдириб келиб кўчат қилди ва помешчикларча ҳаёт кечирди.
Ўтган йил мен уни кўргани бордим. Мен уни бориб кўрай, қайси аҳволда экан, деб ўйладим. Укам хатларида ўзининг имениесини: «Чумбароклова Пустошь, Гималайское тож» деб атар эди. Мен «Гималайское тож»га тушдан кейин етиб бордим. Ҳаво иссиқ эди, ҳамма жойда ариқлар, деворлар, қатор ўтқазилган арчалар, — қовлига қаёқдан киришни, отни қаерга боғлашни билиб бўлмайди. Уйга томон борар эдим, қаршимдан семиз, чўчқага ўхшаган малла ит чиқди. У қургиси келса-да, эриниб турар эди. Ошхонадан ялангоёқ, семиз, бу ҳам чўчқага ўхшаш, ошпаз хотин чиқиб келди-да, хўжайин овқатдан кейин дам оляпти деди. Укамнинг олдига кирдим, у ўринда ўтирар, тиззасига адиёл ёпиб олган эди; у қариб, семириб, салқиб қолган; юзлари, бурни ва лаблари сўлжайиб, чўчқадай хуриллаб юборадиганга ўхшаб ўтирар эди.
Биз қучоқлашиб кўришдик, шодликдан ҳамда бир замонлар иккимиз ҳам ёш эдик, энди кексайиб, ўлишимиз ҳам яқин қолди деган қайғули фикр билан йиғлашиб олдик, у кийинди-да, мулкини кўрсатиш учун мени бошлаб кетди.
— Қани айт-чи, бу ерда қандай ҳаёт кечиряпсан! — деб сўрадим.
— Тузук, худога шуқур, яхши ҳаёт кечиряпман.
У энди аввалги тортинчоқ, бечора — чиновник эмас, ҳақикий помешчик, хўжайин эди. У бу ерда туришга КУникиб, бу ернинг паст-баландига ўрганиб кетган эди; овқатни кўп ерди, ҳаммомга тушиб турарди, семириб кетган, одамлар билан ва иккала завод билан ҳам судлашиб олган эди, мужиклар уни «жаноби олийлари» демаса жуда ҳам хафа бўлар эди. Ўз жони учун жиддий, помешчиклардай кайғурар, яхши ишларни соддагина қилмай, савлат тўкиб, тантана билан қилар эди. Аммо бу қанақа яхши ишлар денг? У мужикларни ҳар қандай касалдан сода ва канакунжут ёғи билан даволар ва ўзининг туғилган кунида эса, қишлоқнинг ўртасида шукрона ибодат ўтказар, сўнгра ярим челак ароқ хайр қиларди; у шундай қилиш керак деб ўйлар эди. Эҳ, бу ярим челак нималар қилмайди, дейсиз! Бугун бу семиз помешчик МУЖИКларнинг мол-отлари ўзининг экинига тушгани учун уларни қишлоқ оқсоқолининг олдига судраб боради. Эртасига, тантанали кунда эса, уларга ярим челак ароқ хайр қилади, улар эса буни ичиб олиб ура, деб қичқиришади ва унинг оёғига бош уришади. Агар турмуш яхшиланиб кетса, тўқчилик ва мўлчплик бўлса, рус кишисининг димоғи шишиб, жуда без бўлиб кетади. Бир вақтлар давлат палатасида ишлаганида ўз шахсий нуқтаи назарига эга бўлишдан қўрққан Николай Иванич, эндиликда фақат ҳақиқатни гапирадиган, гапирганда ҳам худди министрдек: «Илм олиш зарур, аммо халқнинг илм олиши учун ҳали вақт бор», «тан жазоси умуман зарарли, аммо баъзи ҳолатларда жуда керак ва фойдали» дейдиган бўлиб қолган.
— Мен халқни ва у билан муносабат қилишни биламан, — деди у. — Мени халқ яхши кўради. Мен бармоғимни қимирлатиб қўйсам борми, халқ менинг ҳамма айтганимни қилади.
Билсангиз, бу гапларнинг ҳаммаси ёқимтойгина жилмайиб туриб айтилган эди. «Биз дворянлар», «мен дворянин…» деган иборани йигирма марта такрорлади; чамамда у бизнивг бобомиз мужик, отамиз солдат бўлганини билмай қолганга ўхшарди. Ҳатто бизнинг Чимша-Гималайский деган фамилиямиз келишмаган фамилия бўлса-да, энди унга келишган, донгдор ва жуда ёқимли туюлиб қолибди.
Аммо гап унда эмас, менинг ўзимда. Мен унинг қўрғонида бир неча соатгина бўлган вақтимда ўзимда қандай ўзгариш бўлганини сизларга гапириб бермоқчиман. Кечқурун биз чой ичаётганимизда ошпаз хотин столга тўла бир тарелка крижовник олиб келиб қўйди. Буни укам сотиб олган эмас, ўзи эктирган крижовникнинг, экилгандан бери энди биринчи бор терилган меваси эди. Николай Иванич кулимсиради ва бир минутча крижовникка қараб, кўзидан ёш оқизиб жим турди, унинг ўпкаси тўлиб кетганидан гапиролмас эди, — кейин битта крижовникни оғзига ташлади ва яхши кўрган ўйинчоғини олиб хурсанд бўлган гўдакдай, менга шодланиб қаради ва:
— Қандай ширин-а! — деди.
У крижовникни иштаҳа билан ер ва бирдай. — Эҳ, қандай ширин-а! Сен ҳам еб кўргин! — деяр эди.
Крижовник ҳали қаттиқ ва нордон бўлса ҳам, Пушкин айтгандай: «бизга мингта ҳақиқатдан кўра, руҳимизни кўтарувчи алдов қийматлироқдир». Мен юрагидаги умид-орзуларига, муроду мақсадига етган, ўз тақдиридан, ўзидан рози бўлган бахтиёр кишини кўрган эдим. Мен киши бахти ҳақида фикр юритганимда, фикрим негадир аллақандай ғамгинлик билан аралашиб кетар эди, энди эса, шундай бахтиёр кишини кўриб турар эканман, мен умидсизликка ўхшаш оғир ҳисга чўмиб кетдим. Айниқса кечаси оғир бўлди. Менга укам ётадиган уйнинг ёнидаги хонага жой солиб беришди; тунда укамнинг ухламагани, ўрнидан туриб крижовник солинган лаган олдига боргани ва крижовникни бир доналаб олиб, еб келиши менга эшитилиб турар эди. Дунёда турмушдан рози, бахтли кишилар қандай кўп эканлигини фаҳмладим! Бу қандай кўпчилик! Сиз бу ҳаётга бир қаранг-да: кучлилар беорлигини ва бекор ётишини, кучсизларнинг нодонлигини ва ҳайвонсифатлигини, ҳамма жойда ҳаддан ташқари фақирлик, торлик, айниш, мастлик, икки юзламачилик, ёлғончиликни кўрасиз… Ҳолбуки, ҳамма уйларда ва кўчаларда жимжитлик, хотиржамлик; шаҳарнинг эллик минг аҳолисидан бирор киши ҳам қичқирмайди, қаттиқ ғазабланиб гапирмайди. Биз бозорга озиқ-овқат учун кетаётганларни, кундузи овқат еб, кечалари ухлаб, беҳуда гаплар гапирувчиларни, уйланиб, қариб, ўлганларини беғамлик билан гўристонга олпб борувчиларни кўрамиз, лекин биз азобланувчиларни, турмушдаги қўрқинчли ва аллақаерларда парда орқасида ўтадиган нарсаларни кўрмаймиз ва эшитмаймиз. Ҳамма жим, тинч ва ёлғиз бир тилсиз статистикагина: фалонча киши ақлдан озди, шунча челак ичилди, тўйиб овқат емасликдан фалонча бола ўлди… деб норозилик билдиради. Афтидан, шунақа тартиб керакка ўхшайди? Афтидан, бахтсизлар оғирликни жимгина кўтариб келгани учун бахтлилар фароғатда яшайди, бундай жимлик бўлмаганда бахт ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Ҳамма ғафлатда. Ҳар бир рози, бахтли кишининг эшигининг орқасида болға кўтариб бирон киши турсаю, доим унинг эшигини қоқиб, бахтсиз кишилар ҳам борлигини, у қанчалик бахтли бўлмасин, турмуш эртами, кечми унга дўқ уражагини, касаллик, фақирлик, жудолик ларзага келтиришини ва ҳозирда бахтли кишилар бошқаларни кўрмаётгани ва эшитмаётгани каби уларни ҳам ҳеч ким кўрмаслигини ва эшитмаслигини эсига солиб турса. Аммо болға кўтариб турадиган киши йўқ, бахтли киши ўз ҳолича кун кечирмоқда, уни тирикчилик ташвишлари шамол терак учини қимирлатиб қўйгани сингари сал-пал безовта қилади ва ҳамма ёқ хотиржамликдай кўринади.
Иван Иванич, ўрнидан турар экан:
— Менинг ҳам қандай хурсанд ва бахтли киши эканлигим ўзимга ўша кеча равшан бўлди, — деб гапни давом эттирди. — Мен ҳам обед маҳалда ва ов қилиб юрганда яшаш, эътиқод қилиш ва халқни идора этиш йўлларини ўргатар эдим. Мен ҳам илм одамнинг кўзини очади, билим олиш зарур, аммо оддий кишилар учун саводли бўлишгина кифоя дер эдим. Мен, озодлик — бахт-саодат, ҳавосиз яшаш мумкин бўлмаганидек, озодликсиз ҳам яшаб бўлмайди, аммо кутиб туриш керак деярдим. Ана шундай деярдим, энди эса: нима учун? — деб сўради. Иван Иванич жаҳл билан Буркинга назар ташлаб. — Нима учун кутиш керак? — Мен сиздан сўраяпман. Қандай мулоҳазалар билан? Менга, ҳар қандай идея бирданига эмас, секин-аста, вақти келганда амалга оширилади, деб айтадилар. Аммо кимлар шундай дейди? Бунинг ҳаққоний гап эканига далил борми? Сиз табиий тартибни, ҳодисаларнинг қонунийлигини далил қилиб келтирасиз, аммо мен, тирик, фикр юритувчи бир киши бўлсам-у, жарнинг тепасига бориб, унинг ўзи қачон тўлишини, ёки лой тушиб қачон тўлишини кутиб турсам, ҳолбуки, унинг устидан сакраб ёки кўприк солиб ўтиб кетишим мумкин, бу тартиб ва қонуният бўлдими? Яна, нима учун кутиш керак? Улай-ўлай деб турганингда кут эмиш, ҳолбуки кишига яшаш керак, киши яшашни истайди!
Ўшанда мен укамникидан эрта билан барвақт жўнаб кетган эдим, шундан бери шаҳарга боришга тоқатим йўқ. Жимжитлик ва хотиржамлик мени эзади. Мен деразага қарашга қўрқаман, негаки, менинг учун энди, столнинг атрофида ўтириб чой ичаётган бахтли оилани кўришдан кўра даҳшатлироқ томоша йўқ. Мен энди қариб қолдим. Курашга ярамайман, мен ҳатто нафрат билдиришга хам лаёқатли эмасман. Мен фақат ичимдан эзиламан, ғижинаман. Менга алам қилади, кечалари фикрга чўмиб кетиб бошим ёнади, ухлаёлмайман… Эҳ, агар ёш бўлсам эди!
Иван Иванич ҳаяжонланиб у бурчакдан бу бурчакка юрар ва:
— Агар ёш бўлсам эди! — деган сўзни такрорларди.
У бирдан Алехиннинг ёнига борди-да, унинг гоҳ бу қўлини гоҳ у қўлини сиқа бошлади.
— Павел Константинич! — деб гапирди у, ялинган оҳангда. — Хотиржам бўлиб қолманг, ғафлатга берилманг! Ҳали ёшсиз, кучингиз бор, дадилсиз, тинмай яхшилик қилинг! Бахт деган нарсанинг ўзи йўқ ва унинг бўлиши ҳам керак эмас, агар турмушда маъно ва мақсад бўлса, у бизнинг бахтимизда эмас, балки бошқа маъқулроқ ва буюкроқ ишла бўлади. Яхшилик қилинг!
Иван Иванич бу илтимосни ўзи учун сўраётган кишидай ачинарли, ғарибона кулимсираш билан гапирди.
Сўнгра бу уч киши меҳмонхонанинг ҳар бурчагида индашмасдан креслода ўтиришди. Иван Иваничнинг ҳикояси Буркинни ҳам, Алехинни ҳам қаноатлантирмади. Ғира-шира тирикдек бўлиб кўринган олтин рамкалардаги генераллар ва хонимлар қараб турган бир вақтда аллақандай крижовникхўр бечора-чиновник тўғрисида айтилган ҳикояни эшитиш зерикарли эди. Бундагилар негадир, гўзал кишилар, хотинлар ҳақида гапирилишини ва улар ҳақидаги ҳикояларни тинглашни истардилар. Булар ўтирган меҳмонхонадаги ҳамма нарса — жилдли қандил ҳам, креслолар ҳам, оёқ остидаги гиламлар ҳам, рамкалардан қараб турган кишиларнинг ўзлари, бир вақтларда шу жойда юрганларини ва ўтириб чой ичганларини айтиб турар, энди эса, бу ерда гўзал Пелагеянинг товушсиз йўрғаси эса — ҳар қандай ҳикоядан яхши эди.
Алехиннинг жуда ҳам уйқуси келган эди; у хўжалик ташвиши билан эрталаб соат иккидан ошганда турган эди, ҳозир эса унинг кўзлари юмилиб кетаётган бўлса ҳам, меҳмонлар унинг йўқлигида бирон қизиқ гапларни гаплашиб қўйишидан хавотир олиб, кетмай ўтирар эди. Иван Иваничнинг ҳозиргина айтганлари оқилона, ҳаққоний гаплармиди, буни Алехин тушунмас эди; меҳмонлар ёрма, пичан, қораёғ ҳақида эмас, унинг ҳаётига алоқаси бўлмаган алланималар тўғрисида гапирдилар, бундан у хурсанд эди ва меҳмонларнинг гапни яна давом эттиришларини истарди…
Буркин ўрнидан турар экан:
— Энди ухлаш керак, — деди. — Яхши туш кўриб ётинг.
Алехин узр сўраб пастдаги ўз хонасига тушиб кетди, меҳмонлар юқорида қолишди. Уларнинг икковига каттагина хонага жой солиб беришди. Бу хонада ўйма нақшлар билан безатилган иккита эски ёғоч кровать бор эди. Бурчакда эса, фил суягидан ясалган оёқ-қўллари михланган Исо сурати турарди; биз учун гўзал Пелагея солиб берган кенг, муздаккина ўринлардан, тоза кўрпа-ёстиқ, чойшабнинг ёқимли ҳиди келиб турар эди.
Иван Иванич ғинг этмасдан ечинди-да, ётди.
— Худоё, биз осий қулларингни ўзинг кечир! — деди у ва бошигача бурканиб олди.
Унинг, стол устида ётган трубкачасидан тамаки куюндисининг ўткир ҳиди чиқиб турар эди. Букрин эса, узоқ вақт ухламади. Унинг бу ўткир ҳид қаердан келаётганига сира ҳам ақли етмасди.
Ёмғир тун бўйи деразани тиқирлатиб чиқди.

С. Иброҳимов таржимаси