Антон Чехов. Ғилоф бандаси (ҳикоя)

Кеч қолган овчилар тунаш учун Мироносицкое қишлоғининг бир четидаги оқсоқол Прокофийнинг саройига тушдилар. Улар икки киши бўлиб, биттаси ветеринария врачи Иван Иванич, иккинчиси эса гимназия муаллими Буркин эди. Иван Иваничнинг қўшалоқ ва қизиққина бир фамилияси бўлиб, ўзига ярашмаган бу фамилия Чимша-Гималайский эди. Шунинг учун қам уни бутун губернада оти ва отасининг номи билан аташарди. У шаҳарга яқин бир жойда от заводида яшар ва тоза ҳавода нафас олмоқ учун овга чиққан эди. Гимназия муаллими Буркин бўлса, ҳар ёз граф П.ларникида меҳмон бўлар ва кўпдан бери бу ернинг ўз кишиси бўлиб кетган эди.
Улар кечаси ухламай чиқдилар. Новча, ориқ ва узун мўйловли чол — Иван Иванич ташқарида, эшик олдида, ой ёруғида ўтириб трубка чекар, Буркин бўлса, ичкарида пичан устида ётар ва қоронғида кўринмас эди!
Турли воқиаларни гапирдилар. Сўз орасида, оқсоқолнинг хотини Мавранинг бақувват ва эсликкина хотин экани, бутун умрида ўз қишлоғидан ташқарига чиқмагани, ҳеч қачон шаҳарни ҳам, темир йўлни ҳам кўрмагани, сўнгги ўн йил ичида печь олдидан силжимасдан кечаларигина кўчага чиқишини ҳам сўзладилар.
— Бунинг ҳайрон қоладиган нимаси бор! — деди Буркин. — Бу дунёда табиатлари бир хил бўлган ва қисқичбақа ёки шиллиқ қурт каби бекиниб, ўз пўстлари ичига кириб ётишни севган кишилар оз эмас. Балки бу бир атавизм ҳодисасидир, яъни одам болаларининг катта боболари ҳали ижтимоий ҳайвон бўлмаган ва якка ўзи ўз инида яшаган замонларга қайтишдир; балки одам боласининг характеридаги турли-туманликнинг бир кўриниши шудир — ким билади дейсиз? Мен табиатшунос эмасман ва бу хил масалаларга аралашиш менинг ишим эмас, мен фақат шуни айтмоқчиманки, Мавра сингари кишиларнинг учраши сийрак ҳодиса эмас. Узоқдан изламайлик, мана, икки ойча илгари шаҳримизда, грек тили муаллими Беликов деган бир ўртоғим ўлди. Сиз унинг тўғрисида эшитган чиқарсиз, албатта. У одам шу билан танилган эдики, доим, ҳатто об-ҳаво жуда яхши пайтда ҳам, калиш кийиб, соявон тутиб ва албатта иссиқ пахтали пальто кийиб юрарди. Унинг соябони ҳам ғилофда, соати ҳам кул ранг чарм ғилофда, қалам очиш учун ёнидан қаламтарошини олганда, қаламтарошнинг ҳам қинда эканини кўрардингиз; юзи ҳам ғилофга тушгандай кўринарди; чунки у, ҳамма вақт ёқасини баланд кўтариб, юзини ёқаси билан бекитарди. У қора кўзойнак тақар ва фуфайка кияр, қулоғига пахта тиқиб юрар ва извошга тушганида соябонни кўтариб қўйишни буюрарди. Хуллас, бу кишида ўзини бир ғилоф ичига олиш, ўзининг ёлғизлигини таъминлайдиган ва ташқи таъсирлардан қўрийдиган бир ғилоф яратиш йўлида доимий ва бўшашмас бир ҳаракат борлиги сезилиб турарди. Воқелик унинг ғашини келтирар, қўрқитар ва доим ташвишга соларди; у ўзининг юраксизлигини, ҳозирги ҳолга бўлган нафратини оқлаш учун бўлса керак, ҳамиша ўтган замонни ва ҳеч бир содир бўлмаган нарсаларни мақтарди. Унинг ўқитадиган қадимги тиллари ҳам, тўғрисини айтганда, унга ҳозирги ҳаётдан бекиниш учун калиш ва соябон вазифасини ўтарди.
У тотли бир ифода билан:
— О, грек тили нақадар оҳангдор ва чиройли! — дер ва гўё ўз сўзларининг ростлигини исбот этмоқ учун, кўзларини сузиб, бармоқларини кўтариб туриб: — Антропос! — деб қўярди.
Беликов фикрларини ҳам ғилоф ичига яширишга тиришарди. У, бирон нарсани манъ қилиб ёзилган фармойишлар ва газета мақолаларинигина очиқ англарди. Фармойишда мактаб болаларига кечаси соат тўққиздан сўнг кўчага чиқиш манъ этилган бўлса, ёки биронта мақолада жисмоний севги тақиқланган бўлса, бу нарса унга оппа-очиқ ва равшан англашилиб турарди; манъ қилинганми — бўлди. Ижозатда эса унинг учун доим шубҳали, чала айтилган ва чучмал бир нарса яшириниб ётарди. Шаҳарда театр тўгараги, ёки қироатхона, ё бўлмаса буфет очишга рухсат берилcа, у бошини тебратиб туриб астагина:
— Бу, албатта, шундайку-я, бу — яхши иш, лекин орқасидан бир фалокат чиқмасин! — дерди.
Қай хилда бўлмасин қоидаларнинг бузилиши, уларга риоя қилинмаслиги ва улардан бўйиy товлашлар, гарчи унга алоқаси бўлмаса ҳам, уни ташвишга соларди. Агар ўртоқларидан бирортаси ибодатга кечикиб қолса, ёки гимназия талабаларининг бирор шўхликлари ё бўлмаса бемаҳалда бирор офицер билан бирор мураббиянинг бирга юрганини эшитиб қолса, ҳадеб хавотирланар, бир фалокат чиқмасин тағин деяверарди. Педагогика совети йиғилишларида эса, ўзининг ортиқча эҳтиёткорлиги, бадгумонлиги ва ғилофли мулоҳазалари билан тинкамизни қуритарди. Мана, ўғил ва қизлар гимназияларида ёшлар ўзларини яхши тута олмайдилар, синфларни бошларига кўтариб шовқин-сурон қиладилар, оҳ, иш қилиб бошлиқлар қулоғига етмаса яхши эди; иш қилиб бир фалокат чиқмасинда; агар иккинчи синфдан Петров, тўртинчи синфдан Игоров ҳайдалса жуда яхши бўлар эди, деган гапларни айтаверарди. Нима бўлар эди дерсиз? У ўзининг оҳ-воҳлари, қайғу-ҳасратлари, сассиқ кўзанга ўхшаш кичкинагина рангсиз юзидаги қора кўзойнаги билан ҳаммамизни босиб турарди. Биз эса унга ён бериб, Петров ва Егоровларнинг одоб дарси бўйича баҳоларини пасайтириб, ўзларини бир уйга қамаб қўяр эдик; ахир бориб Петровни ҳам, Егоровни ҳам ҳайдадик. Унинг қизиқ бир одати бор эди, яъни бизнинг уйларимизга кўп қатнар эди. Ўқитувчиларникидан бириникига келарди-да, жимгина ўтирарди, гўё яширинча алланарсани пойларди. Шу ҳолда, индамасдан бир-икки соат ўтириб кетарди. Бу нарсани унинг ўзи «дўстлар билан яхши муносабатда бўлмоқ» деб атарди. Бизнинг билишимизча, бизникига келиб кетиш, унинг учун анча оғир эди, лекин бу нарсани ўзининг ўртоқлик вазифаси, деб ҳисоблар эди. Биз, ўқитувчилар ундан қўрқар эдик; ҳатто директорнинг ўзи ҳам қўрқарди. Бизнинг ўқитувчиларимиз — фикр эгаси, ор-номусли, Тургенев ва Шчедрин каби ёзувчиларнинг асарларини ўқиб тарбияланган кишилар бўлса-да, унга тоб беролмадилар. Бошидан соябони ва оёғидан калиши тушмайдиган шу одам гимназиямизни ўн беш йил мобайнида ўз қўлида маҳкам тутиб келди. Ёлғиз гимназиянигина эмас, бутун бир шаҳарни!
Бизнинг хонимларимиз, унинг сезиб қолишидан қўрқиб шанба оқшомлари оилавий томошалар қилмас, ҳатто руҳонийлар ҳам унинг олдида баҳузур овқатланишдан ва карта ўйнашдан тортинадилар. Беликов сингари одамлар таъсири остида сўнги ўн-ўн беш йил ичида бизнинг шаҳримизда ҳар нарсадан чўчийдиган бўлиб қолишди. Дадилроқ гапиришдан, хат бериб, хат олишдан, ошначилик қилишдан, китоб ўқишдан, камбағалларга ёрдам беришдан, одамларга савод ўргатишдан қўрқиб қолишди…
Иван Иванич алланима демоқчи бўлиб, йўталди, тамакисини чекиб туриб, ойга қаради-да, кейин дона-дона қилиб гапирди:
— Фикр эгалари бўлган ор-номусли, Шчедринни, Тургенев ва Боклларни ўқиган кишилар ҳам шувга бўйин эгиб, чидабдилар-ку… шунақа бўлади-да…
Буркин давом этди:
— Беликов мен турган бинода бир қаватда яшар, эшиги эшигим тўғрисида эди. Биз тез-тез кўришиб турардик, мен унинг турмушини билардим. Уйда ҳам ўша аҳволда эди: ўша чопон, ўша дарпарда, ўша илгаклар, ўша турли-туман тақиқлар, чеклашлар ва «оҳ, бир фалокат чиқиб қолмасин тағин!» — деган ваҳималар. Ёвғон овқат зарарли, ёғли овқат эса бўлмайди, чунки Беликов овқат тўғрисида дин амрига бўйин эгмайди, дейдилар. Шунинг учун у сариёғда қовурилган балиқ ер эдики, бу дин амрига ҳам тўғри, қашшоқ овқати ҳам эмас. Одамлар бадгумон бўлмасинлар деб хотин кишидан хизматчи сақламас эди. Балки бир замонлар бир офицернинг хизматида бўлиб, наридан-бери қозон қайнатишни ўрганган Афанасий номли олтмиш яшар, пияниста ва телбароқ бир чолни ошпаз қилиб олган эди. Бу Афанасий ҳар вақт, икки қўлини қўлтиғига тиқиб, дераза олдида турар ва доим қаттиқ оҳ тортиб:
— Шу замонда уларнинг уруғи тозаям кўпайган-да, — дерди.
Беликовнинг ётоқхонаси, кичкинагина яшикка ўхшаган бўлиб, кроватига парда тутилган эди. У бошини буркаб ухларди; ҳолбуки ҳаво жуда иссиқ, дим ёпиқ эшикни шамол тақиллатар, печкадан гуруллаган овоз чиқар, ошхона томондан ваҳимали садолар келиб турарди. Уни кўрпага бурканиб ётган жойда ҳам ваҳима босарди. У бир фалокат чиқмаса яхши эди — Афанасий мени сўйиб қўймасин, ўғрилар уриб кетмасин деб ваҳима қилар ва тун бўйи қўрқинчли тушлар кўриб чиқарди. Эрталаб гимназияга бирга келаётганимизда ранги ўчган, қовоғи солиқ бўларди; шу қадар обод ва одам кўп гимназия унга қўрқинчли туюлгани, бутун борлигини сескантиргани, бутун вужуди билан ёлғизликни севган бу кишига мен билан, бир тоифа киши билан, бирга бориш ҳам малол келгани яққол сезилиб турарди. У ўзининг шу бадқовоқлигига маъно беришга уриниб:
— Бизнинг синфларда шовқин-сурон катта, бу сира ярашмайдиган ҳол, — дерди.
Мана шу грек тили муаллими, шу ғилоф бандаси, мен сизга айтсам, бир кун сал бўлмаса уйланай девди.
Иван Иванич тезгина сарой томонга қараб олди-да:
— Ҳазилдир! — деди.
— Йўқ, ишонинг, бу ғалати гап-у, лекин уйланишига сал қолгани аниқ. Бизга хохоллардан Михаил Савич Коваленко деган бир одамни тарих ва география муаллими қилиб тайинлаган эдилар. У Варенька деган опаси билан бирга келган эди. У ўзи ёш, новча, қорачадан келган бир киши бўлиб, қўллари йўғон, гапирганда ҳам йўғон овоз билан гапириши юзидан ҳам билиниб турар, ҳақиқатан ҳам унинг овози хумдан чиққандай «гум-гум» қилиб чиқарди… Опаси эса, кўп ҳам ёш эмас, ўттизларга бориб қолган, у ҳам новча, қадди-қомати келишган, қора қошли, қизил юзли, қисқаси шакардаккина бўлиб, шўх, ўйноқи, ҳамма вақт малорус ашулаларини айтиб, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юрар эди. Сал нарсага ҳам овози борича хохолаб кулар эди. Коваленколар билан бизлар биринчи марта директорникида, туғилган куни шарафига берилган зиёфатда тузукроқ танишганимиз хотиримда. Ҳатто зиёфатларга ҳам вазифаси юзасидан борувчи, қовоғи солиқ, ғоят кўнгилсиз ўқитувчилар орасида, бирданига тўлқинлар мавжида янги Афродита пайдо бўлди. Икки қўлини белига қўйиб, хохолаб кулиб, ашула айтди, ўйнади… У «Шамол эсади» деган малорус ашуласини жуда берилиб айтди, сўнгра романслар куйлади, ундан кейин яна қўшиқлар айтиб берди, қисқаси бизнинг ҳаммамизни, ҳатто Беликовни ҳам ўзига мафтун қилди.
Беликов унинг олдига бориб ўтирди-да, ширин бир кулиш билан:
— Малорус тили майинлиги ва ёқимли эшитилиши билан қадимги грек тилини эслатади, — деди.
Бу сўз қизга ёқиб тушди, шундан сўнг у кўнглидан чиқариб ва ишонадиган қилиб Беликовга Гадяч уездида ўз қўрғони борлигини, у қўрғонда онаси яшашини ва у ерда мева-чева, қовун-тарвузлар ва ошқовоқлар беҳисоб кўплигини сўзлаб берди. Хохоллар ошқовоқни ковоқ, қовоқни эса шинка деб айтишларини, помидор ва бақлажон солиб «ниҳоятда ширин, ниҳоят даражада мазали» шўрвалар пиширишларини ҳам гапирди.
Биз индамасдан қулоқ солиб ўтиравердик. Сўнгра бирданига ҳаммамизнинг миямизга бир фикр келди.
Директорнинг хотини менинг қулоғимга секингина:
— Икковининг бошини қўшиб қўйсак яхши бўлар эди, — деди.
Шу вақтда ҳаммамиз негадир Беликовнинг хотинсиз эканини эсладик ва ҳозиргача буни пайқамасдан, унинг ҳаётидаги шу муҳим ҳолатни бутунлай назаримиздан четда қолдириб келганимиз ўзимизга ҳам ғалати туюлди. Умуман бу одам хотин кишига қандай қарайди, бу одам шу муҳим ва зарур масалани ўзи учун қандай ҳал қилади? Илгари биз бу масалага ҳеч бир қизиқмас, ҳар қандай об-ҳавода оёғидан калишини ечмайдиган, парда тутиб ухлайдиган бу одамнинг сева олиши мумкинлигини биз ҳаёлимизга ҳам келтирмаган эдик.
Директорнинг хотини ҳалиги фикрни изоҳ қилди:
— Бу одам аллақачонлар қирқдан ошган, хотин бўлса ўттизда, менинг фикримча хотин йўқ демас.
Бизнинг вилоятда одамлар зерикканларида нималар қилмайдилар, қандай кераксиз ва бўлмағур ишлар билан шуғулланмайдилар! Бунинг сабаби шуки, керакли иш бутунлай қилинмайди. Бўлмаса хотин олиб умр кечиришини тасаввур қилиш мумкин бўлмаган ана шу Беликовни уйлантиришимизнинг нима кераги бор эди? Директор хотини, инспектор хотини ва бошқа бутун гимназия хонимлари, худди, бирдан ҳаёт маъносини билгандек жонланиб, ҳатто чеҳралари ҳам очилиб кетди. Директор хотини театрда бир ложани сотиб олди, бир вақт қарасак унинг ложасида қўлида ғалати бир елпиғич, юзи гулдек очилиб, кулиб-яйраб Варенька, унинг ёнида эса, уйдан омбир билан суғуриб келтирилгандай, кичкинагина, бужмайган Беликов ўтирарди. Бир кун мен зиёфат бермоқчи бўлдим, хонимларнинг ҳаммаси Беликов билан Варенькани чақиришимни талаб қилдилар. Хуллас, иш юришиб кетди. Маълум бўлдики, Варенька ҳам эрга тегишга рози экан. Унинг укасиникида туриши унча ҳам қувончли эмас, куни билан уришиб, койишар эканлар. Мана бир кўриниш: кўчадан узун бўйли ва йўғон гавдали, баҳайбат Коваленко ўтиб боради, устида гуллик кўйлак, шапкасининг остидан чиқиб турган сочлари пешонасига тушиб туради; бир қўлида даста китоб, яна бир қўлида йўғон сербутоқ таёқ. Кетида опаси боради, унинг қўлида ҳам бир даста китоб.
Опаси овозини баланд қўйиб, укаси билан гап талашади:
— Сен, Михайлик, буни ўқиган эмассан. Мен сенга айтаман, онд ичиб айтаманки, бу китобни қўлингга ҳам олган эмассан.
Коваленко таёғини ерга уриб, чулдираб:
— Мен дейманки, ўқиганман! — деди.
— Ё худойим-э! Ё худойим-э! Нега жаҳлинг чиқади, Минчик! Биз сен билан муҳим масала устида гаплашаётирмиз-ку.
— Мен сенга дейманки, ўқиганман, ўқиганман! — деди Коваленко яна ҳам баттар чулдираб.
Уйда эса бегона одам келгудай бўлса, дарров уриш бошланади. Бу хил турмуш жонга тегиб, кўнгли рўзғор тусаб қолган шекилли, бунинг устига ёш масаласини ҳам эътиборга олиш керак, энди эр танлайдиган вақт ўтган, ҳозир кимга бўлса ҳам, ҳатто грек тили муаллимига ҳам тегмай илож йўқ. Зотан кўп қизларимиз учун шу топда кимга тегишнинг аҳамияти йўқ, эр бўлса бас. Ҳар қалай Варенька бизнинг Беликовга очиқ майл кўрсата бошлади.
Беликов-чи? У Коваленконикига ҳам бизникига қатнагани сингари келиб турарди. Уникида ҳам индамасдан ўтирарди. У индамай ўтирар, Варенька бўлса, унга «Шамол эсади»ни айтиб берар, ё бўлмаса, ўзининг қора кўзлари билан Беликовга ўйчан қарар, ёки бирданига:
— Ха-ха-ха, — деб куларди.
Муҳаббат ишларида, айниқса уйланишда, ишонтиришнинг роли катта. Ҳамма ўртоқлар ва барча хонимлар — ҳаммамиз бир бўлиб, Беликовга унинг уйланмоғи лозимлигини, унинг ҳаётида уйланмоқдан бошқа бирор муҳим нарса қолмаганини айтиб, ишонтиришга киришдик, ҳаммамиз бирдан уни табрикладик, энг жиддий қиёфа билан унга ҳар турли бемаъни гапларни айтдик, чунончи уйланиш жуда муҳим деган гапларни қилдик; бунинг устига Варенька ҳам чакки эмас, кишининг ҳаваси келадиган сулув қиз эди; улуғ мартабали статский советникнинг қизи бўлиб, ўз ҳовли-жойи бор эди, ҳаммадан муҳими Беликовга меҳрибонлик билан ва чин кўнгилдан қараган бирдан-бир хотин эди. Мана шу сабаблар туфайли унинг боши айланди ва у энди дарҳақиқат уйланмасам бўлмас экан, деган хулосага келди.
— Мана энди унинг калиш билан соябонини ташлатиш мумкин бўлади, — деб қўйди Иван Иванич.
— Кўрингки, шундай қилиш мумкин бўлмади. У Вареньканинг суратини ўз столи устига қўйиб, тез-тез меникига келиб Варенькадан, оила ҳаётидан хамда уйланишнинг муҳимлигидан гапирар эди; тез-тез Коваленконикига ҳам қатнаб турарди, лекин бу билан туриш-турмуши ҳеч бир ўзгармади. Аксинча уйланишга жазм қилиш унга ёмон таъсир қилиб, озиб-тўзиб кетди ва ўз ғилофига яна баттарроқ кириб олгандек бўлди.
Бир куни у ғайри табиий бир кулиш билан:
— Варвара Саввишна менга ёқади, ҳар бир кишига уйланмоқ кераклигини биламан, лекин… бу ишлар бирданига бўлиб қолди. Ўйлаб кўриш керак-да, — деб қолди.
— Нимасини ўйлайсиз? — дедим унга. — Уйланинг, вассалом.
— Йўқ, уйланиш ҳазил эмас, бўйнингга тушадиган вазифаларни, жавобгарликларни олдин тарозига солиб хўп ўлчаб кўрмоқ керакки… орқасидан бир балоси чиқмасин. Бу нарса мени шу қадар ташвишга соладики, кечалари ухламай чиқаман. Гапнинг ростини айтсам, мен қўрқаман ҳам: укаси билан икковининг фикру хаёллари бошқачароқ, уларнинг фикр юргизишлари, билсангиз бир оз ғалати ва характерлари ҳам жуда ўткир. Уйланиб қўйиб бирор ҳодисага илашиб қоласан киши.
Шундай қилиб у, уйланиш ҳаракатида бўлмади, директор хотинини ва ҳамма хонимларимизни хижолат қилиб, тўйни кейинга сураверди; ҳадеб бўйнига тушадиган вазифа ва жавобгарликларни тарозига соларди, иккинчи томондан эса, ҳар кун деярли Варенька билан бирга сайр қилишарди. Эҳтимол бу нарсани ўз мавқеига муносиб деб ўйлагандир. Сўнгра баъзан меникига келиб, оила ҳаёти тўғрисида гаплашиб ўтирарди. Эҳтимол, бориб-бориб, у тўй ҳаракатига тушар — бизнинг орамизда бекорчилик ва зерикишдан бўлиб турадиган минглаб кераксиз ва номаъқул уйланишлардан биттаси рўй берар эди, лекин бу орада катта бир жанжал — Kolossalischer Scandal чиқиб қолди! Шуни айтиш керакки, Вареньканинг укаси Коваленко биринчи танишган кундан бошлаб Беликовни ёмон кўриб қолган ва уни кўрса жаҳли чиқарди.
У бир куни елкасини қисиб, бизга шундай деди:
— Тушуна олмайман, сира тушуна олмайман, бу чақимчи ва бу хунук башарани сиз қандай ҳазм қила оласиз? Э, афандилар, сиз бу ерда қандай яшай оласизлар! Муҳитингиз — нафасни бўғувчи ва сассиқ бир муҳит. Сиз ҳам педагоглар-у, муаллимлармисиз? Сиз — амал бандаларисиз, сизнинг мактабингиз билим манбаи эмас, молфурушлар дўкони. Миршабларнинг будкаси каби ҳар тарафдан сассиқ ҳид чиқади. Йўқ, биродарлар, сизнинг ёнингизда кўп тура олмайман, яқинда ўз қўрғонимга қайтиб бориб, қисқичбақа овлаб, хохол болаларини ўқитиб юраман. Кетаман мен, сиз бу ерда ўша мунофиқ махлуқингиз билан ётаверинг!
У гоҳ йўғон, гоҳ ингичка товуш билан ичаги узилгудек бўлиб кулар ва таажжуб билан:
— Нима қилиб ўтиради меникида? Унга нима керак? Бақрайиб ўтираверади, — дерди.
У ҳатто Беликовга «текинхўр ўргимчак» деган ном қўйиб олган эди. Албатта, биз опаси Вареньканинг шу «ўргимчак»ка тегиш истагини сездирмасликка тиришар эдик. Бир кун директоримизнинг хотини унга опасини шундай бамаъни ва ҳамма ҳурмат қиладиган Беликов сингари одамга бериш маъқул бўлар деган мазмунда шама қилган эди, у қовоғини солиб:
— Бу менинг ишим эмас, опам хоҳласа, заҳарли илонга тегсин, бировларнинг ишларига аралашишни ёмон кўраман, — дебди.
Энди бу ёғини эшитинг, бир ҳазилкаш одам ҳажвий расм солибди, оёғида калиш, шимининг почаси қайтарилган, бошида соявон — Беликов келмоқда; у Варенькани қўлтиқлаб олган; расм тагида «ошиқ антропос» деган ёзув бор. Бу кўриниш жуда усталик билан солинган. Рассом, бу расм устида бир неча кун ишлаган бўлса керакки, ўғил ва қизлар гимназияларининг ҳамма муаллимларига, семинария муаллимларига, маъмурларга, ҳаммага ана шу расмдан бир нусхада тегди. Беликовнинг ўзига ҳам тегди. Бу расм унга жуда қаттиқ таъсир қилди.
Биринчи май — якшанба куни эди, биз гимназия муаллимлари билан ўқувчилар, гимназия олдида тўпланишиб, ҳаммамиз шаҳардан ташқарига, ўрмонга пиёда бормоқчи бўлдик. Шунда Беликов икковимиз уйдан биргалашиб чиқдик, у кўкариб кетган, қовоғидан қор ёғилар эди.
— Қандай ёмон, ёвуз одамлар бор дунёда! — деб нолиди у ва шу заҳоти лаблари пирпираб кетди.
Унга ҳатто раҳмим келди. Кетаётсак, ёнимиздан бирданига велосипед минган Коваленко ўтиб қолди. Унинг кетидан велосипед минган Варенька борарди, у қизарган, энтиккан, лекин қувноқ, хушчақчақ эди.
— Биз сиздан олдинроқ бориб турамиз! Шундай яхши, шундай соз ҳавоки, асти қўяверинг! — деб қичқирди Варенька.
Шундай деб иккаласи ҳам кўздан ғойиб бўлди. Бизнинг Беликов башараси кўкдан оққа айланди ва ўзи қотиб қолди. Тўхтаб менга қаради.
— Менга қаранг, бу нима гап ўзи? — деб сўради у мендан. — Эҳтимол кўзимга шундоқ кўринаётгандир? Йўқса, гимназия муаллимларига ва аёл кишига велосипед миниб юриш ярашадими?
— Ярашмаслиги ҳам борми? — дедим. — Қўяверинг, миниб роҳат қилсинлар.
Менинг бепарво гапирганимга ҳайрон бўлиб:
— Нечук бундай бўлсин? — деб қичқирди. — Бу нима деганингиз?
У шу қадар эсанкираб қолган эдики, ўрмонга боришдан воз кечиб, уйга қайтиб кетди.
Эртаси, кун бўйи тажанглик билан қўлларини ишқаб ва сесканиб юрди, унинг афтидан мазаси кетганлиги билиниб турарди. Умрида — ҳаётида биринчи ўша куни дарсни ҳам ташлаб кетди. Обед ҳам қилмади. Кеч киргач, ёз ҳавосидек илиқ ҳаво бўлишига қарамасдан иссиққина кийиниб Коваленколарникига қараб кетди. Варенька уйда йўқ эди, укаси билан учрашиб қолди.
— Марҳамат, ўтиринг! — деди Коваленко, совуқ бир овоз билан ва қовоғини солди, юзларидан эндигина уйқудан тургани кўринарди. Кундузги обеддан сўнг ухлаб, эндигина турган бўлса керакки, кайфи жойида эмас эди.
Беликов индамасдан ўн минутча ўтирди ва шундан сўнг гап бошлади:
— Мен сизнинг ёнингизга юрагимни бир оз бўшатай деб келдим. Мен жуда ёмон, жуда қаттиқ мусибат тортаётирман. Аллақандай бир ҳазилкаш одам, мени ҳамда бизнинг икковимизга жуда яқин бўлган бир муҳтарам хонимни кулги қилиб сурат чизибди. Бу ишда менинг ҳеч бир айбим йўқлигига сизни ишонтирмоқни ўз бурчим деб биламан. Бу хилда ҳазилнинг рўй бериши учун менинг томонимдан ҳеч қандай сабаб содир бўлган эмас, аксинча, мен ўзимни ҳамма вақт одобли бир одамдек тутаман.
Коваленко қовоғини солиб, индамасдан ўтирди. Беликов яна бир оз жим қолгач, оҳиста ва қайғули овоз билан сўзида давом этди:
— Мен сизга яна баъзи бир сўзларни айтмоқчи эдим. Мен кўпдан бери хизмат қиламан, сиз бўлсангиз хизматни яқиндагина бошлагансиз, шунинг учун, ўзингиздан катта ўртоғингиз сифатида сизни огоҳлантириб қўйишни ўз бурчим деб билдим. Чунончи сиз велосипед мнниб юрар экансиз, ҳолбуки, бу ёшларнинг тарбиячиси бўлган бир киши учун бутунлай келишмайдиган қилиқ.
— Нега ахир! — деб сўради Коваленко йўғон овоз билан.
— Айтиб ўтиришга ҳожат ҳам борми, Михаил Саввич, ўзи равшан эмасми?! Муаллим велосипед миниб юргандан кейин, ўқувчи нималарни қилмайди? Ўқувчилар одамнинг бошига чиқиб юрадиган бўладилар! Модомики, расмий фармойиш билан рухсат этилмаган экан, ярамайди. Кеча менинг жони-поним чиқиб кетди. Опангиз велосипед миниб кетаётганини кўриб, кўзларим тиниб кетди, аёл кишининг ёки қиз боланинг велосипед миниши жуда ҳам хунук!
— Сиз нима демоқчисиз?
— Мен фақат сизни огоҳлантириб қўймоқчиман, Михаил Саввич. Сиз ёшсиз, сизнинг истиқболингиз ҳали олдинда, сизга жуда ҳам эҳтиёт бўлмоқ керак, ҳолбуки, сиз шу даражада бепарвосизки, асти қўяверинг! Сиз гул тикилган кўйлаклар кийиб, кўча-кўйда ҳамма вақт аллақандай китоблар кўтариб юрасиз, энди мана — велосипед минишни ҳам чиқардингиз. Опангиз билан велосипедда сайр қилиб юрганингизни директор билиб қолса, нозирнинг қулоғига ҳам етади… Бундан яхши иш чиқадими?
— Опам билан велосипедда сайр қилиб юришимизнинг ҳеч кимга даҳли йўқ! — деди Коваленко ва қизариб кетди. — Менинг уй ишимга ва оила масалаларимизга аралашадиган одамни мен моховга ошна қилиб қўяман.
Беликовнинг ранги ўчиб, ўрнидан турди.
— Сиз мен билан шу йўсинда гаплашадиган бўлсангиз, мен суҳбатни давом эттира олмайман! — деди у. — Сиздан ўтннаманки, менинг ҳузуримда бошлиқлар хусусида бу хил сўзларни ҳеч гапирманг. Сиз ҳукумат маъмурларига ҳурмат билан қарашингиз керак.
Коваленко Беликовга жаҳл билан қараб туриб:
— Ҳукумат маъмурлари тўғрисида нима ёмон гап гапирдим? — деб сўради. — Ўтинаман, мени тинч қўйинг. Мен виждонли бир одамман ва сиздек жаноб билан гаплашишни хоҳламайман. Мен чақимчиларни ёмон кўраман.
Беликов тажанг бўлиб гангиди ва юзларида даҳшат аломатлари бўлгани ҳолда, шошилиб кийина бошлади. У, бу хил дағал гапларни умрида биринчи эшитиши эди.
Даҳлиздан зинанинг айвончасига чиқаркан:
— Нима десангиз деяверинг, — деди у, — сизга шунигина айтиб қўймоғим керак: эҳтимол бизнинг суҳбатимизни бирорта одам эшитгандир, бунинг натижасида бизнинг сўзларимизга бошқа хил маъно бермасликлари учун ҳамда бирор бало чиқиб қолмаслиги учун мен суҳбатимизнинг мазмунини… энг муҳим нуқталарини директор жанобларига маълум қилмоғим лозим. Бу менинг вазифам.
— Маълум қиламан? Бор, маълумотингни беравер!
Коваленко унинг ёқасидан ушлаб пастга итариб юборди, у калишларини тапирлатиб зинадан қуйига думалаб кетди. Зина баланд ва тик эди, лекин у, саломат тушиб олди; ўрнидан туриб, кўзойнагининг бутунлигини билмоқчи бўлиб, бурнини ушлаб кўрди. У зинадан пастга думалаб тушаётган пайтда иккита хоним билан бирга Варенька кириб келди. Улар пастда туриб томоша қилардилар. Беликов учун ҳаммадан ёмони ҳам шу эди. Бўйни остида қолиши, икки оёғидан ажралиши — бу хилда масхара бўлишдан яхшироқ эди. Энди бу гап бутун шаҳарга тарқалади, директорнинг, нозирнинг қулоғига бориб етади. Оҳ, бир бало чиқмасин-да! Янги ҳажвий расмлар ясалади ва бутун иш оқибатида хизматдан истеъфо бериб чиқишга буюрашади…
У ўрнидан турган эдики, Варенька таниди ва унинг одам куладиган юзига, ғижимламган пальтосига ва калишларига қараб, ишнинг аслидан бехабар, у қоқилиб йиқилгандир, деб ўйлаб, ўзини тўхтата олмасдан, бутун бинони бошига кўтариб кула бошлади:
— Ха-ха-ха!
Шу қаҳ-қаҳа билан ҳамма иш тамом бўлди; уйланиш ҳам, Беликовнинг дунёда яшаши ҳам, Вареньканинг нима деганини эшита олмади ва ҳеч нарсани кўрмай қолди. Уйига қайтгандан сўнг, энг аввал стол устидаги портретни олиб қўйди, сўнгра ётоғига кириб ётганича ўрнидан қайтиб турмади.
Уч кўндан сўнг менинг олдимга Афанасий келиб, хўжайинимнинг аҳволи оғир, доктор чақиртирсаммикин, деб сўради. Мен Беликовни кўргани бордим. У парда орқасида кўрпага ўраниб ётаверди; бир нарса сўрасанг ё — «ҳа» ё «йўқ» деб жавоб берарди, бошқа ҳеч нарса демасди. У ётади, унинг ёнида хафа, қовоғи солигаган Афанасий юради ва оғир-оғир уҳ тортади; оғзидан эса худди бочкадан чиққандай бурқсаб ароқ ҳиди келади.
Бир ойдан сўнг Беликов ўлди. Уни ҳаммамиз, яъни икки гимназия билан семинария биргалашиб кўмдик. Энди тобутда ётаркан, юз ифодаси юмшоқ, ёқимли ва ҳатто бир даражада қувноқ бўлиб, гўё ахир келиб ҳеч қачон ичидан чиқмайдиган ғилофга тушгани учун севингандек эди. Чиндан ҳам мақсадига етган эди! Худди уни ҳурматлагандай — кўмиш куни ҳаво айниб, ёмғир ёққан ва ҳаммамиз калиш кийиб, соябон ушлаб чиққан эдик. Кўмиш маросимига Варенька ҳам иштирок қилди ва ўликни гўрга туширилар экан, қаттиққина йиғлади. Шундан мен пайқадимки, хохол аёллари ё қаҳ-қаҳа отиб кулар, ё қаттиқ йиғлар эканлар, ўрта бир кайфият уларда бўлмас экан.
Иқрор бўлмоғим керакки, Беликов сингари одамларни кўмиш кўп завқли бир ишдир. Гўристондан қайтаётганимизда чеҳраларимиз очиқ эмас ва бетакаллуф эди, ҳалиги завқ, яъни болалик вақтимизда, катталар бир жойга кетиб, уйда ёлғиз ўзимиз қолгач, боғчага чиқиб бир неча соат эркин-эркин чопишган вақтимиздаги каби ҳисларни ҳеч ким изҳор қилишни истамас эди. Оҳ, эркинлик, эркинлик! У насиб бўлиши тўғрисидаги заиф бир умид, ҳатто бир шама ҳам қалбга мадад беради. Шундай эмасми!
Биз гўристондан кайфимиз чоғ бўлиб қайтдик. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, турмуш яна ўз изига тушиб олди: яна ўша фармойиш билан манъ қилинмаган, лекин тамоман рухсат ҳам берилмаган маънисиз ҳаёт бошландн: ҳаммаси аслича қолди. Чиндан ҳам Беликовни кўмдик, лекин унга ўхшаган ғилоф бандалари яна қанча бор, яна қанча бўлажак!
— Гап шунда-да! — деди Иван Иванич ва трубкасини тортди.
— Бунақалардан яна қанчаси пайдо бўлади! — деб таъкидлади Буркин.
Гимназия муаллими ташқарига чиқди. Бу паст бўйли, семиз, бошида бир туки йўқ, узун қора соқоли белига етаёзган одам эди, у билан бирга иккита ит ҳам чиқди.
У осмонга қараб туриб:
— Ойни айтинг, ойни! — деди.
Ярим кеча бўлиб қолган эди. Ўнг томонда бутун қишлоқ кўринар, унинг узун кўчаси беш чақиримларга чўзилиб кетган, ҳамма ёқда жимлик, чуқур уйқуга толган: на бир ҳаракат сезилар, на бир товуш эшитилар, ҳатто табиатда бу қадар жимлик бўлишига одамнинг ишонгиси келмас эди. Ойдин кечада, содда уйлари, ғарамлари, уйқуга толган мажнун толлари билан қишлоқнинг кенг кўчасини кўрганда, кишининг кўнгли ҳам таскин топади, одамнинг кўнгли тун пардасида меҳнатдан, ташвишдан ва қайғу-ҳасратлардан бекиниб олгач, ўзининг бу жимлигида жуда ювош, мунгли ва гўзал бўлади; юлдузлар ҳам унга меҳрибонлик билан қарагандай, ер юзида ортиқ ёвузлик деган нарса қолмасдан, ҳамма саодатга тўйгандай туюлади. Қишлоқнинг чап томони дала уфқларгача чўзилган, бу ойдин далада ҳам на бир ҳаракат кўринади ва на бир садо эшитилади.
— Гап шунда-да! — деб такрор қилди, Иван Иванич. — Биз шаҳарда — дим ҳавода ва тиқилинчда яшашимиз, кераксиз қоғозлар ёзиб, карта ўйнашларимиз — булар ҳам бир ғилоф эмасми? Бутун умримизни дангаса ва такасалтанг одамлар, эси паст ва ўйиндан бошқани билмайдиган аёллар ўртасида ўтказишимиз, бўлар-бўлмас афсоналар гапириб, эшитишимиз, бу ҳам бир ғилоф эмасми? Агар хоҳласангиз яна битта жуда ибратли воқиани айтиб бераман.
— Йўқ, энди ухлаш керак, — деди Буркин. — Эртага қолсин!
Иккаласи ҳам саройга кириб, пичан устига ётди. Иккови ҳам ўраниб ётиб, энди кўзлари уйқуга кетган ҳам эдики, бирданига оёқ товуши келди… Сарой ёнида аллаким юрар эди! Бир оз юради-да, тўхтайди, бир оз ўтгач, яна юра бошлайди… Итлар ҳуради.
— Бу юрган Мавра, — деди Буркин.
Оёқ товуши тинди.
Иван Иванич нариги ёнбошига айланиб ётиб:
— Ёлғон гапирганларни эшитиб ва кўриб туриш, — деб ғўлдиради, — шу ёлғонга чидаганим учун сени аҳмоқ деганларини эшитиш, озор ва ҳақоратларга бардош қилиш, номусли ва эркин одамлар томонида бўлганингни очиқ айтишга ботина олмаслигинг, ўзинг ҳам ёлғон гапириб, ёлғондан кулиб туришинг, бутун бу ҳолларнинг бир бурда нон, иссиққина бир жой, бир чақага арзимайдиган аллақандай амал учун бўлиши, чидаб бўлмайдиган ҳол; йўқ, бундан сўнг бу хилда яшаш мумкин эмас!
— Сиз энди, Иван Иванич, бошқа мақомга тушдингиз — деди муаллим. — Қўйинг энди, ухлайлик.
Ўн минутдан сўнг Буркин қаттиқ уйқуга кетди. Иван Иванич бўлса ҳадеб у ёнбошидан бу ёнбошига ағнаб, уҳ тортарди. Сўнгра ўрнидан туриб яна ташқарига чиқди ва эшик олдига ўтириб, тамаки чекди.

И. Раззоқов таржимаси