Антон Чехов. Ғалати одам (ҳикоя)

Кечаси соат бирлар чамаси. Қари қиз — акушерка Марья Петровна Кошкинанинг эшиги олдида бошига цилиндр ва устига капюшонли шинель кийган баланд бўйли бир жаноб тўхтайди. Кузнинг қоронғи кечасида унинг на юзи, на қўлларини кўриб бўлмас, аммо йўталиб қўйишидан ва қўнғироқ ипини силтаб тортишидаи унинг ёши улуғ, туппа-тузук, басавлат одам эканлиги билиниб туради. Учинчи қўнғироқдан кейин эшик очилади ва Марья Петровнанинг ўзи кўринади. У оқ юбка устидан елкасига эркаклар пальтосини ташлаб олган. Унинг қўлидаги яшил қалпоқли кичкина чироқ шуъласида уйқули, сепкил тошган юзи, томирлари билиниб турган бўйни ва бошига кийиб олган чепец остидан чиқиб турган сийрак сариқ сочлари яшил тусда кўринади.
— Акушеркани кўрсам бўладими? — деб сўрайди жаноб.
— Мен акушерка бўламан, нима ишингиз бор эди?
Жаноб даҳлизга киради. Шунда Марья Петровна баланд бўйли, қадди-қомати келишган, ёши ўтиб қолган бўлса-да ҳали чиройли, жиддий юзли, бароқ бакенбардли кишини кўради.
— Мен коллежский асессор Кирьяков бўламан, — дейди у. — Сизни хотиним олдига боришингизни сўраб келган эдим. Лекин, ўтинаман, тезроқ бўлинг.
— Хўп бўлади, — деб кўнади акушерка — Ҳозир кийиниб чиқаман, сиз, малол келмаса, мени залда кутиб турсангиз.
Қирьяков шинелини ечиб, залга киради. Лампанинг яшил хира шуъласи ямоқ тушган оқ жилдли арзон мебелга, кўримсиз гулларга, печак гул чирмашиб ўсган поячаларга тушади. Геран гул ва карболка ҳиди анқийди. Девор соат худди бегона кишидан уялгандек қўрқа-писа чиқиллайди.
— Тайёрман! — дейди беш минутдан кейин кийниб, ювиниб ва тетик бўлиб залга чиққан Марья Петровна. Юринг, кетдик!
— Дарвоқи, тезроқ бориш керак… — дейди Кирьяков. — Айтгандай, сўраганнинг айби йўқ: хизмат ҳақингизда неча пул оласиз?
— Тўғрисини айтсам, билмайман… — дейди тортинчоқлик билан жилмайиб Марья Петровна. — Қанча берсангиз ҳам майли…
— Йўқ, бунақа гапни мен ёмон кўраман, — дейди Кирьяков, тек турганича акушеркага совуқ назар ташлаб. — Шарт пулдан яхши — ҳисобли дўст ажралмас. Сизнинг ҳақингиз менга, менинг ҳақим сизга керак эмас. Кейинчалик майда-чуйда гап чиқмаслиги учун аввалдан келишиб қўйганимиз маъқул.
— Тўғрисини айтсам, билмайман… Аниқ баҳоси йўқ.
— Ўзим меҳнаткаш одамман, шунинг учун бошқалар меҳнатини қадрлашга одатланганман. Адолатсизликни ёмон кўраман. Агар мен сизга кам тўлаб қўйсам ёки сиз мендан ортиқча ҳақ талаб қилсангиз, менинг учун, барибир, яхши бўлмайди. Шунинг учун сиздан хизмат ҳақингизни аниқ айтишингизни талаб қиламан.
— Ахир, хизмат ҳақи ҳам ҳар хил бўлади-да!
— Ҳм!.. Иккиланаётганингиз сабабини билолмаяпман. Шунинг учун яхшиси нархини ўзим белгилаб қўя қолай. Сизга икки сўм беришим мумкин.
— Йўғ-э, нима деяпсиз!.. — дейди Марья Петровна қизариб ва орқага тисарилиб. — Ҳатто мен номус қиламан… Икки сўм олгандан кўра, яхшиси, текинга хизмат қиламан. Майли, беш сўм берақолинг…
— Икки сўмдан бир тийин ҳам ортиқ беролмайман. Менга сизнинг ҳақингиз керак эмас, лекин ортиқча тўлаш ниятим ҳам йўқ.
— Ихтиёр сизда, аммо мен икки сўмга бормайман.
— Аммо қонунга мувофиқ бош тортишга ҳаққингиз йўқ.
— Майли, истасангиз текинга бораман.
— Текинга боришингизни истамайман. Ҳар қандай меҳнатга ҳам ҳақ тўланиши керак. Ўзим меҳнаткаш одамман ва тушунаман.
— Мен икки сўмга боролмайман… — дейди мулойимлик билан Марья Петровна. — Истасангиз текинга…
— Ундай бўлса афсуски, сизни бекорга безовта қилибман, кечиришингизни сўрайман.
— Ростини айтсам, сиз… — дейди акушерка Кирьяковни даҳлизга кузата туриб — Агар хўп десангиз, майли уч сўмга бораман.
Кирьяков қовоғини солади ва полга қаттиқ тикилган ҳолда роса икки минут ўйлайди, кейин қатъий равишда «йўқ» дейди ва кўчага чиқади. Ҳайрон бўлиб, уялиб қолган акушерка унинг орқасидан эшикни беркитиб олади ва ётоқхонасига киради.
«Чиройли, басавлат одам-ку, лекин жуда ғалати-я, менга нима…» деб ўйлайди у, ўрнига ётаркан.
Аммо орадан ярим соат ўтар-ўтмас, яна қўнғироқ чалинади; у ўрнидан туради ва даҳлизда яиа ўша Кирьяковни кўради.
— Бу қанақа тартибсизлик! — дейди Қирьяков — На аптекадагилар, на миршаблар, на қоровуллар, биронга одам акушеркаларнинг адресини билмайди-я. Тавба, шундай қилиб мен сизнинг шартингизга кўнишга мажбур бўлиб қолдим. Мен сизга уч сўм бераман, аммо… шуни айтиб қўяйки, мен хизматкор ёллаганимда ва умуман бировнинг хизматидан фойдаланганимда аввал шартлашиб қўяман, яъни ҳақ тўлаш вақтида: яна бироз қўшинг, чой пули беринг ва ҳакоза деган сўзлар бўлмасин. Ҳар ким ўз ҳақини олиши керак.
Марья Петровна у билан оз вақт гаплашган бўлса-да, лекин у дарров жонига текканини, унинг бир қолипдаги сўзлари қалбига оғир тош бўлиб чўкаётганини ҳис қилади. Акушерка кийинади ва у билан бирга кўчага чиқади. Ҳаво тинч, аммо совуқ ва шундай булутлики, фонарь чироқлари аранг кўринади. Оёқ ости чилп-чилп лой… Акушерка атрофга қарайди, бироқ извош кўринмайди…
— Узоқ эмас, шекилли? — деб сўрарди у.
— Узоқ эмас, — деб бўғиқ овоз билан жавоб беради Кирьяков.
Улар биринчи кўчани, иккинчисини, учинчисини босиб ўтишади… Кирьяков қадам ташларкан, ҳатто унинг юришида ҳам жиддийлик ва басавлатлик аломатлари билиниб туради.
— Ҳаво мунча ҳам ёмон айнимаса-я! — дейди унга акушерка.
Аммо у сиполик билан индамайди ва калоши едирилиб кетмаслиги учун кучининг борича текис тош йўлдан юришга тиришади. Ниҳоят, узоқ йўл юргандан кейин акушерка бир уйнинг даҳлизига киради; бу ердан катта, яхшигина жиҳозланган зал кўриниб туради. Хоналарда, ҳатто туғадиган хотин ётган ётоқхонада ҳам биронта бошқа киши йўқ… Одатда туғадиган жойда ҳамма вақт беҳисоб кўп бўладиган қариндош-уруғлар ва кампирлар бу ерда кўринмайди. Фақат юзидан бемаънилик ва қўрқоқлик акс этиб турган ошпаз аёл оёғи куйган товуқдек у ёқдан бу ёққа зир югуради. Қаттиқ инграш овозлари эшитилади.
Орадан уч соат ўтади. Марья Петровна туғадиган хотиннинг кроватига ўтириб, алланималар деб шивирлайди. Ҳа демай иккала аёл ҳам бир-бири билан дурустгина танишиб олишади, ҳар тўғрида гаплашишади, оҳ-воҳ қилишади…
— Гапириш сизга мумкин эмас! — денди акушерка ташвишланиб, ўзи эса уст-устига савол бераверади.
Мана эшик очилади ва секин, сиполик билан ётоқхонага Кирьяковнинг ўзи кириб келади. У стулга ўтиради ва бакенбардини силайди. Жимлик чўкади… Марья Петровна унинг чиройли, аммо ёғочдек ҳиссиз юзига қўрқиб назар ташлайди ва унинг гап бошлашини кутиб туради. Аммо у ҳамон жим ўтиради ва алланималар тўғрисида хаёл суради. Юраги қисилиб кетган акушерка ўзи сўз бошлашга тиришади ва одатда бола туғилган жойда гапириладиган ибораларни такрорлайди:
— Мана энди, худога шукур, бу дунёда битта одам кўпайди!
— Ҳа, албатта яхши, — дейди Кирьяков, юзининг ёғочдек ҳиссиз ифодасини сақлаб, — шуниси ҳам борки, иккинчи томондан қараганда, ортиқча боланг бўлиши учун ортиқча пулнинг ҳам бўлиши керак. Бола қорни тўқ ва усти боши бутун бўлиб туғилмайди.
Кўзи ёриган хотиннинг юзида, бу дунёга ҳеч кимдан рухсатсиз ёки беҳудага бола туққандек, иймаииш акс этади. Кирьяков уҳ тортиб ўрнидан туради ва сиполик билан уйдан чиқиб кетади.
— Эрингиз жуда ғалати-яю… — дейди акушерка туққан хотинга. — Шундай сипоки, кулмайди ҳам.
Туққан хотин эрининг ҳамма вақт шундай эканлигини сўзлайди. У виждонли, адолатли, ақлли, тежаб-тергайдиган одам, аммо буларнинг ҳаммаси шундай ғалати даражадаки, ҳатто ҳар қандай одамни ҳам диққи нафас қилиб юборади. Қариндош-уруғлари ундан безиб кетишди, хизматкорнинг кетиб қолганига бир ойдан кўпроқ бўлди, таниш-билишлари, дўстлари йўқ. Хотин бола-чақалари босган ҳар қадами учун ҳамма вақт қўрқув остида яшайди. У уришмайди, қичқирмайди. Унинг фазилатлари камчиликларига қараганда анча кўпроқ, аммо у уйдан чиқиб кетган вақтда ҳамма ўзини соғлом ва енгил ҳис қилади. Нима учун бундай эканини туққан хотиннинг ўзи ҳам тушуна олмайди.
Тоғораларни яхшилаб тозалаш ва уларни омборга олиб бориб қўйиш керак, — дейди Кирьяков яна ётоқхонага кириб. — Мана бу шишаларни ҳам беркитиб қўйинглар: керак бўлади.
Унинг гаплари содда ва одатдаги гаплар бўлса-да, лекин акушерка негадир эсанкираб қолганини сезади. У, бу одамдан қўрқиб қолади ва ҳар сафар унинг оёқ товушини эшитганда чўчиб тушади. У эрталаб уйига кетишга тараддудланиб турган пайтда, Кирьяковнинг кичик ўғли ошхонада чой ичиб ўтирганини кўради. Унинг рангги оппоқ, сочи олинган гимназист эди. Кирьяков ўғлининг қаршисида туриб, ўзининг салмоқли ва бир хил оҳангдаги овози билан гапиради:
— Сен овқат ейишни биласан, ишлашни ҳам билишинг керак. Мана сен ҳозир ютиб юбординг, аммо эҳтимол шу бир ютум овқатнинг пулга келишини ўйламагандирсан, пул эса меҳнат билан топилади. Сен овқат егин, аммо ўйлагин…
Акушерка боланинг бепарво юзига назар ташлайди ва унга ҳаво оғирлашиб кетаётгандек, яна бироздан кейин бу ғалати одамнинг шу ерда туришига чидолмай деворлар ҳам қулаб тушадигандек бўлиб туйилади. Қўрққанидан эсанкираган Марья Петровна бу одамга нисбатан қалбида кучли нафрат уйғонган ҳолда тугунларини олади ва шошганича кўчага чиқади.
Ярим йўлга келганда у ўзининг уч сўм меҳнат ҳақини олишни унутганини эслайди, аммо бироз тўхтаб ва ўйлаб туриб, қўлини силтайди-да, йўлида давом этади.

К. Пўлатов таржимаси