Антон Чехов. Анюта (ҳикоя)

Мебель билан жиҳозланган «Лисабон» меҳмонхонасининг энг арзон номерларидан бирида учинчи курс студенти медик Степан Клочков хонанинг у бурчагидан бу бурчагига юриб, дарсини зўр бериб ёдларди. Тинмай жон-жаҳди билан жоврайверганидан томоқлари қақраб, пешонасини тер босган эди.
Совуқдан ойнасининг четларига гул тушиб қолган дераза тагида у билан бир уйда турувчи, йигирма бешларга кирган миттигина, озғин, қорачадан келган, ранги-рўйи ўчган, қуралай кўзлари ювошгина Анюта табуреткада ўтирарди. У букчайиб, эркаклар кўйлаги ёқасига қизил ип билан гул тикарди. Иш шошилинч эди. Коридордаги соат икки марта хириллаб занг урди, ҳамон номер ичи йиғиштирилмаган эди. Тузатиб қўйилмаган одеяллар, бетартиб ётган ёстиқлар, сочилиб ётган китоб ҳамда кўйлаклар, катта тос тўла мағзавада сузиб юрган папирос найчалари, полнинг ифлослиги — ҳаммаси, атайлаб бир жойга тўдалаб қўйилганга, аралаш-қуралаш қилиб, ғижимлаб ташланганга ўхшарди…
— Ўнг ўпка уч қисмдан ташкил топган… — деб ёдларди Клочков, — Чегаралари! Юқори қисми кўкрак қафасининг олдинги томонида бўлиб, 4-5 қовурғага етади, ёнбош сиртида эса 4 қовурғага қадар етади… Орқа томонда spina scapulaeга қадар…
Клочков, ҳозиргина ўқиганини тасаввур қилмоқчи булиб, бошини кўтариб шипга тикилади. Аниқ бир тасазвур ололмагач, жилеткаси устидан ўзининг юқори қовурғаларини пайпаслаб кўради.
— Бу қовурғалар худди роялнинг клавишларига ўхшайди, — дейди у. — Ҳисобдан адашмаслик учун уларга кўникмоқ керак. Яхшилаб билиб оламан десам скелетга хам тирик одамга ҳам қараб мутолаа қилишим лозим… қани, Анюта, бери кел-чи, мен қовурғаларингни бир пайпаслаб кўрай!
Анюта тикиб ўтирган ишини йиғиштириб, кофточкасини ечади-да, қаддини ростлаб туради. Клочков унинг рўпарасига ўтириб, қовоғини солади ва Анютанинг қовурғаларини санайди.
— Ҳм… Биринчи қовурға қўлга илинмаяпти… у ўмров суяги орқасида бўлса керак… Мана бу иккинчи қовурға… Хўш, демак… Мана бу учинчи қовурға деилик… Бу тўртинчи… Ҳм… Хўш, демак… Нега мунча жунжаясан?
— Бармоқларингиз совуқ экан!
— Кел, қани… ўлиб қолмассан, кўп қимирлайверма! Демак, бу учинчи қовурға-ю, бу тўртинчиси. Кўринишдан озғинга ўхшайсан-у, лекин қовурғаларингни топиб бўлмайди-я! Бу иккинчи… Бу учинчиси… йўқ, бу ҳолда саноқдан адашиб, ҳаммасини чалкаштириб юбориш ҳеч гап эмас. Кейин аниқ тасаввур ҳам қилиб бўлмайди… Чизиб ё белги қўйиб олиш керак… Ҳалиги ёзадиган кўмирим қаёқда?
Клочков қўлига кўмир олиб, қовурғалар жойлашганига қараб Анютанинг кўкрагига бир неча ёндош чизиқлар чизди.
— Жуда соз. Мана энди кафтдагидек кўз олдимда… Хўш, энди бармоқ билан уриб кўрсам ҳам бўлади. Қани, ўрнингдан тур-чи!
Анюта ўрнидан туриб, иягини юқори кўтаради. Клочков бармоқлари билан унинг қовурғаларини уриб кўради, у, бу машғулотга шундай берилиб кетадики, совуқдан Анютанинг лаблари, бурни, бармоқлари кўкариб бораётганини ҳам сезмайди. Анюта бўлса қалтирар ва медик қалтираётганимни кўриб қолмасин, деб ташвиш тортарди. Кўриб қолса кўмир билан чизмайди ва қовурғаларга уриб кўрмайди, шу сабабли имтиҳонини яхши топширолмайди, деб ўйларди.
— Мана энди ҳамма нарса равшан, — дейди Клочков қовурғаларни уриб кўришдан тўхтаб. Сен чизган чизиқларни ўчирмай, шундай ўтир. Унгача мен яна озгина ёдлаб олай.
Медик яна у ёқдан бу ёққа юриб ёдлайди. Анюта кўкрагидаги қора чизиқлар билан бўялган одамдай, совуқдан жунжайиб ўтирарди ва ўйларди. У умуман кам гапирар, ҳамиша жим ўтирар ва доим ўйларди…
Анюта мебель билан жиҳозланган бир неча уйдан-уйга кўчиб юриб, олти-етти йил ичида, Клочковга ўхшаган беш кишини кўрди. Ҳозир уларнинг ҳаммаси ўқишларини тамом қилиб, одам қаторига кирган. Маълумки, ҳар қандай одам қаторига кирганлар сингари улар Анютани аллақачон унутиб юборганлар. Улардан бири Парижда яшайди, иккитаси докторлик қилади, тўртинчиси рассом, бешинчиси, айтишларига қараганда, ҳатто профессор эмиш. Олтинчиси мана шу Клочковнинг ўзи… Тез орада бу ҳам ўқишини тамомлайди-да, одам қаторига киради… Ҳеч шубҳасиз, унинг келажаги порлоқ, ҳатто катта одам бўлиб чиқса ажаб эмас, лекин, ҳозир аҳволи жуда ёмон: Клочковнинг папироси ҳам, чойи ҳам йўқ, ширинликдан атиги тўрт чақмоқ қанди қолган. Нима бўлса ҳам тикаётган ишни тезда тугатиб, кўйлакни буюртма берган кишига топшириш ва ундан олган 25 тийинга ҳам чой, ҳам табак сотиб олиш зарур.
Шу чоқ эшик орқасидан:
— Кирсам майлими? — деган овоз эшитилди.
Анюта шошилиб, тивит рўмолини елкасига ташлади. Рассом Фетисов кирди.
— Мен олдингизга илтимос билан келдим, — деди у Клочковга ва пешонасига тушиб турган сочлари остидан ўқрайиб қаради. — Бир илтифот қилиб, бу гўзал қизни менга икки соатга бериб турсангиз, расм солаётган эдим, кўз ўнгимда қиз турмагани учун чиқмаяпти.
— Майли, марҳамат! — деб розилик берди Клочков, — Анюта борақол.
— У ерда нималарни кўрмадим! — деди Анюта оҳистагина.
— Қўй, етар! Бу киши арзимас бир иш учун эмас, санъат учун илтимос қиляпти. Қўлингдан келса, ёрдам бермай нима қиласан?
Анюта кийина бошлади.
— Қанақа сурат соляпсиз? — деб сўради Клочков.
— Психея деган. Мазмуни жуда ажойиб, лекин, сал чиқмай турипти; бир қанча қизларга қараб ишлашга тўғри келяпти. Кеча оёқлари кўкариб кетган бир қизга қараб ишладим. Мен ундан нима учун оёқларинг кўкариб кетган, деб сўрасам, пайпоғим айнийди, деб жавоб қилди. Сиз, ҳали ҳам ёдлаб ётибсизми? Бахтли одамсиз, сабр-тоқатингиз бор.
— Медицина шундай нарсаки, ёдламай асло илож йўқ.
— Ҳм Клочков, мени кечиринг, лекин, чўчқадай хаёт кечирар экансиз! Шу ҳам турмуш бўлди-ю!
— Бу нима деганингиз? Бошқача илож йўқ… Отамдан ҳар ойда ўн икки сўм олиб тураман. Бу пулга ҳаёт кечириш осонми?
— Шундай-ку… — деди рассом ва жирканиб юзини буриштирди, — ҳар қалай тузукроқ яшаса бўлади-ю… Ўқимишли одам албатта нафосатли бўлиши керак. Тўғри эмасми, а? Сизникидаги ифлосликни ақл бовар қилмайди! Ўрин йиғиштирилмаган, мағзава, ахлат… Тарелкада кечаги бўтқа қотиб ётипти… Тьфу!
— Бу тўғри, — деди медик ва уялиб кетди. — Бугун Анютанинг йиғиштиришга қўли тегмади. Ҳамма вақт иш билан банд бўлди.
Рассом билан Анюта чиқиб кетишгач, Клочков диванга бориб ётди ва дарсини ёдлашга тушди. Кейин ухлаб қолди. Бир соатдан сўнг уйғониб, бошини муштлари устига қуйиб, ғамгинлик билан ўйлади. Унинг эсига рассомнинг ўқимишли одам, албатта, нафосатли бўлиши керак, деган сўзи келди, лекин ўзининг турмуши чиндан ҳам ёқимсиз, киши нафратланадиган тарзда туйилди. У, порлоқ истиқболига назар ташлади-ю, ўз кабинетида касалларни қабул қилаётганини, кенг емакхонада латофатли ажойиб хотини билан чой ичаётганини тасаввур этди. Шу топда тос тўла мағзава, унда сузиб юрган папирос найчалари кўзига бениҳоят жирканч бўлиб кўринди. Анюта эса хунук, бефаросат, расво туйилди… Ҳозирнинг ўзидаёқ у билан ажралишга жазм қилди.
Анюта рассом олдидан қайтиб келиб, пўстинини ечаётган эди, Клочков ўрнидан туриб, унга жиддий вазиятда:
— Гап бундоқ, азизим… — деди, — Манави ерга ўтириб, сўзимни эшит! Биз ажралишимиз керак. Қисқаси, ортиқ мен сен билан яшашни истамайман.
Анюта рассом олдидан ғоят чарчаб, мадори қуриб қайтди. Рассом қаршисида узоқ фурсат тик тургандан юзлари сўлиб, ияги ингичка тортиб кетган эди. Клочковнинг гапига Анюта бир нима демади, фақат лаблари пирпираб кетди.
— Ўзинг ҳам биласан, қачон бўлмасин, барибир, ажралишамиз, — деди медик. — Сен яхши, кўнгилчан ақлли одамсан, шунинг учун тушунасан…
Анюта пўстинини қайтиб кийди, индамай ишини қоғозга ўради, ип билан игналарини йиғиштирди; тўрт бўлак қанд ўралган қоғозни дераза токчасидан топиб, столга, китоблар ёнига қўйди.
— Бу қанд… Сизники… — деди у секингина ва кўз ёшларини яшириш учун юзини четга бурди.
— Хўш, нега йиғлайсан? — деб сўради Клочков.
У хижолат тортиб, у ёқдан бу ёққа ўтди.
— Ўзинг ҳам ғалатисан-да… — деди у. — Бизнинг ажралишимиз кераклигини яхши биласан! Умр бўйи бирга яшамаймиз-ку!
Анюта тугунчаларини олиб, хайрлашмоқ учун энди Клочков томон ўгирилган эди, қизга унинг раҳми келиб кетди.
«Яна бирон ҳафта яшай қолсинми? — деб кўнглидан ўтказди Клочков. Рост, ке майли, яна бир ҳафта яшай қолсин, ҳафта ўтгач, энди кетақол дейман».
Шундан кейин ўзининг бўшанглигидан жаҳли чиқиб, Клочков қизга қараб ўдағайлади:
— Ҳа, нега серрайиб турибсан! Кетмоқчи бўлсанг, кет, бўлмаса пўстинингни еч-да, қолавер! Қол!
Анюта индамай, секингина, пўстинини ечди, секингина бурнини қоқди, бир хўрсиниб, ўзининг доимий ўтирадиган жойига — дераза ёнида турган табуретка томон юрди.
Студент дарсликни қўлига олиб, уйнинг у бурчидан бу бурчагига яна юра бошлади.
— Ўнг ўпка уч қисмдан ташкил топган… — деб Клочков яна ёдлашга тушди, — Юқори қисм кўкрак қафасининг олдинги томонида бўлиб, 4-5 қовурғага етади.
Коридорда кимдир овозининг борича:
— Григорий, самовар! — деб бақирди.

С. Абдуқаҳҳоров таржимаси