“ҲАЁТ ИСМЛАР ДАВРИДАН БОШЛАНАЖАК”
Андре Моруанинг асарларини ўқиган одам борки, сўз санъатининг қудрати, унинг сеҳр-жодуси, камалакдек товланувчи жилолари, ижодга хос ногаҳоний содир бўлиб турувчи ҳодисалари, ижодий лабораторияда юз берувчи махфий, ҳатто санъаткорнинг ўзи учун кутилмаган ва номаълум синоатларни, улар заминидаги ҳикматни ёш авлодга ҳикоя қилиб беришларини, бу назокатли ва серқирра ижодкорнинг асарларини ўқишни маслаҳат кўришларини жуда-жуда истаган бўлардим. Айниқса, Бальзак, Гюго, Жорж Санд, Вольтер, Марсель Пруст каби дунё адабиётини “забардаст елкаларига олган” даҳо ижодкорлар ҳаёти ва ижоди қаламга олинган, романлаштирилган биографиялари ҳақиқий адабиёт қандай бўлиши кераклигини тушуниб олишларига ёрдам берган бўларди. Бу эса ижодкорнинг истиқбол йўлларини ёритувчи машъал вазифасини бажаради.
Аслида, Андре Моруа “Муҳаббатнинг ёлғонлиги” (1928), “Оила давраси” (1932) каби психологик романлари, “Хотиралар” китоби (1970 йилда нашр этилган) билан ўқувчилар тилига тушган. Аммо унинг номини барибир бадиий асар қаторига қўйилувчи, Шелли, Байрон, Бальзак, Тургенев, Жорж Санд, Гюго, ҳақидаги бадиалари танитди. Хусусан, эътиборингизга ҳавола этилаётган Марсель Пруст ҳақидаги бадиаси ҳам унинг ана шу сирадаги асарларидан.
ХХ аср модернизми дарғаларидан саналган Марсель Пруст фалсафаси, маълум маънода, “чинакам ҳаёт реал ҳаёт ортига яширинган санъат дунёсидагина мавжуд бўлади”, деган қарашга таянади. Унингча, “Ягона ва ҳақиқий ҳаёт – адабиётдир”. Адибнинг “Йўқотилган вақтни излаб” эпопеяси “Сванлар тарафида”, “Гулдек юз очган қизлар соясида”, “Германтлар томон”, “Содом ва Гоморра”, “Асира”, “Қочоқ қиз”, “Қўлга киритилган вақт” туркум романларидан иборат. Дунё адабиётшунослигида Пруст ижодига оид кўплаб тадқиқотлар амалга оширилган. Афсуски, бизда Пруст номи тор доирадаги адабиётшунослар орасидагина тилга олинади. Пруст ижодини ўрганиш, романларини она тилимизга таржима қилиш учун мазкур бадиа туртки берса, ажабмас.
Андре Моруа ўз бадиасида Прустдан “Ҳаёт исмлар давридан бошланади” деган ғалати иқтибос келтиради. Пруст вақтни исмлар орқали англашга ҳаракат қилади. Биз эса, янги бир адабий янгиланишни Пруст номи орқали тутишга уринамиз.
Таржимондан
Муқаддима
XX аср бошларида яшаб ўтган ёзувчилар ораларидан айнан кимга санъат оламига, хусусан, адабиётга файласуфона ғоялар, ўз даври алломалари сўз хазинасини олиб кириш, замона романчилигини янги ўзанга буриб юбориш бахти насиб этганини эшитиб, ёқаларини ушлаб қолган бўлсалар ажаб эмас. Улар зиёлилар қатламига номаълум, кенг китобхонлар оммасига нотаниш бу касалманд йигитчани, гарчи у оқсуяклар жамоасига мансуб зиёли бўлса-да, буюк асарлар яратиб, жаҳон романчилигини юксак чўққиларга олиб чиқишга ноқобил, дея ҳисоблаган бўлсалар керак. Узоқ давом этган ва Бальзак ижодига билдирилган Сент-Бёв қарашларини ёдга солувчи янглиш фикрлар “Йўқотилган вақтни излаб” роман-достони биринчи жилди босилиб чиққандан сўнг ҳам ҳукмрон эдики, бу ҳол мунаққидлардан хулоса чиқаришда шошилмасликни, нақадар эҳтиёткор бўлишни талаб қиларди.
Марсель Пруст 1871 йили Парижда, номдор тиббиёт профессори Андриан Пруст оиласида тўнғич ўғил бўлиб туғилган, келиб чиқиши яҳудий хонадонига мансуб бўлган онаси, афтидан, ўқимишли, раҳмдил ва нозикфаҳм эди. Бу назокатли аёл фарзанди Марсел қалбида бутун умр комила, фозила аёл тимсоли бўлиб қолди. Ҳар қандай ёлғондан ҳазар қилиш, инсофлилик, энг асосийси, ўта кўнгилчанлик каби инсоний туйғулар Марселга онасидан мерос ўтади. Андре Берж эски альбомдан бир пайтлар ёшлар ўртасида расм бўлган савол-жавоб варақасини топганди; ўша йиллари қизлар ёш-ёш йигитчаларни кутилмаган саволлар билан бошини қотиришни яхши кўришарди, шуларга жавоб берганида Пруст ўн тўрт ёшга кирган эди.
– Бахтсизлик нимадан иборат, деб ўйлайсиз?
– Онамдан жудо бўлишдан.
– Сиз учун энг катта даҳшат?
– Яхшилик билан чин муҳаббат инъом этадиган шодликни билмайдиган кимсалар, – деб жавоб берган экан ўшанда Марсель.
“Муҳаббат инъом этган шод-хуррамликни ҳис қилмаганлардан” у умрининг охирига қадар ҳазар қилиб ўтди. Поктийнат, беозор инсонлар дилини бехосдан ранжитиб қўйишдан доим қўрқиб яшади. Унинг яқин дўстларидан бири Рейнальдо Ан иттифоқо Прустнинг қаҳвахонадан чиқиб кетишаётганда қандай қилиб чойчақа берганини эслайди: ўзига хизмат кўрсатган официант билан ҳисоб-китоб қилиб бўлгач, бир чеккада хаёл суриб ўтирган бошқа официантга кўзи тушиб қолади-ю, гарчи ҳеч қандай фойдаси тегмаган бўлса-да, ёнига бориб бекордан-бекорга, ҳеч бир лузумсиз чойчақа ўрнида унга анча-мунча пул узатади ва дўстига бу меҳрибончилигини қуйидагича изоҳлайди: “Ҳолидан ҳеч ким хабар олмаётганига эзилаётгандир?!”
Ниҳоят, кўчага чиқиб, энди машинага ўтиришаётганда, у бирдан яна ресторанга қайтади: “Хаёл билан бўлиб, официант билан хайрлашмабмиз-а, индамай кетавериш инсофданми?”
“Инсофданми…” Бу калом унинг ҳавас қилгулик сўз бойлиги билан бирга одамгарчилигининг ҳам зийнати эди. Башарти кимгадир меҳр кўрсатиш, кимнингдир кўнглини олиб, хурсанд қилиш лозим бўлиб қолса, у ўша кимсани ҳайратга солиб, ҳатто, таъбир жоиз бўлса, довдиратиб, хижолатга қўйиб, беминнат саховат кўрсатар – улар тушида ҳам кўрмаган совға-саломдан ташқари пулга ҳам эга бўлар эдилар. Нима учун у шундай қиларди? Бу саховатпешалик қайси манбалардан озиқланарди? Сирасини айтганда, одамларнинг таъбини тирриқ қилиб қўйишдан, кўнглини чўктиришдан хавфсираш, мушарраф инсоний туйғуларга бегона бўлиб қолиш ва унга эришолмасликдан чўчиш, муҳтож ва касалмандларни аяш, уларга меҳр кўрсатиш билан бирга, у табиатидаги ўзгалар дардини теранроқ ва афзалроқ тасаввур қила олиш фазилати туфайли ларзага тушаётган ўз юрагига бироз бўлса-да, таскин бериш умиди ила яшарди.
Турган гап, бу туғма таъсирчанлик бедаво дарди туфайли янаям кучайиб кетарди – Пруст ҳали тўққиз ёшидаёқ оғир касалликка чалинган эди. Унинг нафаси сиқар, шунақа пайтларда бағоят қийналар, азоб чекар, фақат онасининг беқиёс меҳрибонлиги жонига оро кирарди.
ХIХ асрнинг 80-йилларида ўзига тўқ буржуа хонадонида туғилиб ўсган парижлик боланинг ҳаёти қандай ўтганлигини тасаввур қилиш қийин эмас: кекса тарбиячи билан хушманзара Елисей хиёбонларида сайр қилишлари, йиллар ўтгач, кейинчалик асарларида “гулдек очилган қизлар” тимсолига айланажак барно қизчалар билан учрашишлари, бирга ўйнаганлари, баъзан Акация хиёбонида усти очиқ, бежиримгина файтунда сайрга чиққан болакайнинг ўта назокатли ҳамда кўркам қиёфали Сванни кўриб ҳайратланишлари…
Марсель Пруст таътилни Шартрдан унча узоқ бўлмаган, отасининг қариндошлари – бобоси, тоғалари, холаси яшайдиган Илья ҳудудида ўтказар эди. Бос билан Першнинг илҳомбахш кўриниши унинг ўша оламга машҳур китобида Комбре манзаралари сифатида тасвирланади. Худди ана шу мафтункор ва хушманзара ҳудуд орқали йўловчилар “Сванлар тараф”га ёки “Германтлар томон”га йўл олиши мумкин эди.
Пруст Париждаги талайгина ёзувчилар етишиб чиққан Кондорс лицейида ўқиди; у таълим олган синф алоҳида таҳсинга сазовор эди. Онаси томонидан мумтоз адабиётга муҳаббат руҳи билан тарбияланган бениҳоя қобилиятли бола ўша пайтдаёқ кўзи тушган буюмлар, одамлар, умуман, борлиқни сўзлар орқали тасвирлаш майл-иштиёқини ҳис қиларди: “…дафъатан қайсидир ҳовли-боғ, тошдан акси қайтаётган қуёш нури, йўл четида бош кўтарган номаълум гиёҳларнинг намхуш бўйлари таъсирида тўхтаб қолардим ва юрагим бу оламнинг қанчалар нафис, гўзал, маъсум яралганидан дукурлаб уриб кетарди, навқирон дарахтни бемажол ушлаб қолардим – бу ҳаммаси эмас – бокира табиатнинг зоҳирий мунавварлиги ортида бошқа, яширин бир жоду бордек ва у тинимсиз ўз бағрига чорлаётгандек туюларди…”
Табиийки, бола бу тахлит ғалати талаб-эҳтиёж нимадан огоҳ қилаётганини ҳали билмасди; бироқ кунлардан бир кун мана шундай манзаралардан бири – водийнинг ичкари қисмидаги учта минора тобора олислаб бораётган йўловчининг ҳаракатига монанд равишда бошқа томонга бурилиб, бир-биридан нарироқ кетиб, бир-бирига қўшилиб, бир-бирининг ортига яшириниб олаётганини қоғозда ифодаламоқчи бўлди-ю бир саҳифа ёзгач (келгусида ҳали кўп бунақа нарсаларни ҳис қилади), ҳаётда ўхшаши йўқ, ҳеч нимага тенглаштириб бўлмайдиган сурурни ҳис қилди – бу фақатгина ҳақиқий ёзувчига насиб этажак, ижодгина бахш этажак сеҳр эди. “Бу саҳифа, – дея ёзган эди у, – Мартенвиль гумбазларида яширин сир-асрор васвасасидан мени тамомила халос қилган эдики, азбаройи худо, баралла бақириб юборгудай бўлгандим. Бамисли мен бир товуқману ҳозиргина ичимдан тухум думалаб тушгандек эди”.
Бу орада у лицейда фалсафа фанларидан таълим ола бошлади. Ҳар бир ўқимишли французнинг ҳаётида бу жуда муҳим ҳодиса саналади. Мана шу ҳал қилувчи йили Прустга худо фалсафа илмини сув қилиб ичиб юборган ажойиб муаллим – Дарлюни рўпара қилди ва шу тариқа унинг кўнглида ҳикматлар чашмаси бўлган фалсафага сўнмас меҳр-муҳаббат сақланиб қолди. Кейинчалик у ўз замонасида ном қозонган Бергсон фалсафасининг асосий жиҳатларини роман орқали акс эттиради.
Марсель Пруст ўз ҳаётини қандай давом эттирмоқчи бўлди? Ўзининг Даниэль Галеви, Роберт де Флер, Фернанд Грего каби дўстлари ҳамда бир қанча лицейдошлари билан биргаликда “Пир” номли адабий журнал чиқара бошлайди. Ота эса фарзандининг Савдо палатасида таълим олишини хоҳларди; Прустнинг ўзи буни унчалик хуш кўрмасди; у ижод қилишни ва зодагонлар ичида бўлишни истарди. Вой-вой, унинг оқсуяклар даврасида юришга бўлган ишқибозлигини таъна қилишлари-чи! Адабий давраларда у қуруқ олифта ва оқсуяклар вакили сифатида ном қозонади. Лекин шунчалар жирканиб ҳукм чиқарганларнинг қайси бири жамиятдаги мавқеи ёинки вафотидан кейинги шуҳрати билан унга тенглаша олади дейсиз? Ҳеч ким! Ҳолбуки, ҳаётдаги турли доира вакиллари унинг асарларида акс этган ва маҳорат билан тасвирланган турфа давраларга мансуб одамларга нисбатан анча-мунча бошқача – тубанроқ ва гапиришга ҳам арзимайдиган эди.
Бир томондан, зодагонлар жамияти Прустнинг кўзларини қамаштириб ҳам қўйган эди, унинг худбинлиги жамиятдаги барча табақаларнинг тенглигини, ҳатто тикувчининг қироличадан кам бўлмаслигини тан олмасди, дея хулоса чиқариш, Пруст асарларини наридан-бери, юзаки ўқиганликни ва тушунмаганликни билдиради. Чунки Пруст бу оқсуяклар жамиятини деб ҳеч қачон ўзидан кетмаган, инсоний фазилатларини йўқотмаганди; шак-шубҳасиз, у ерда ҳам унинг ўзига яраша хушмуомалалиги, ҳайратомуз назокати, шунингдек, очиқкўнгиллиги тўла намоён бўлганди; шунга кўра, бошқа ҳар қандай одамлар муҳитида бўлганидек, киборлар жамиятида ҳам ҳурмат-эҳтиромга муносиб кишилар учрайди; аммо, тўғри, зоҳирий назокат ортида, кўпинча, ҳаддан ортиқ киноя, истеҳзо яширинган бўлади, бироқ бунинг Прустга мутлоқо алоқаси йўқ! У аллақандай Шарлюснинг бузуқлиги ёки герцогиня Германтскаянинг худбинлигига ўз меҳнати билан кун кўрувчи майда мулкдорлар доирасига мансуб, онаси мисол (асарда унинг бувисига ўхшаган) аёлларнинг ҳайратомуз меҳрибончилигини, Франсуага ўхшаган қизнинг, қайсидир соддадил ҳайкалтарош черков пештоқида тасвирлаган Сент-Андре-де-Шандик французларининг, яъниким Франция халқи деб аталадиган кишиларнинг гўзал хулқ-одоби, инсонийлигини қарши қўйишдан ҳеч қачон чекинмаган. Шунга қарамай, айтиш лозимки, унинг кузатув майдони зодагонлар жамияти эди ва бу даврага бўлган эҳтиёжини у доимо сезиб турарди.
Прустни унинг ёшликдаги дўстлари кўзи билан кўришни истаганлар Мон Пьер-Кэн томонидан тасвир этилганича кўз олдига келтиришлари лозим. “Чарақлаган қўнғир кўзлари маъноли, қарашлари ниҳоятда майин, овози хиёл бўғиқ; нозик дид билан кийиниши, сербар ипак қадама кўкраги, камзулининг тугма қадаладиган илмоғига қистирилган атиргул ёки орхидея шохчаси, чеккалари ясси, текис цилиндри – у, кўпинча, шундай қиёфада бўларди. Кейинчалик, хасталик хуружи сабаб яқин ёр-биродарлари истаганча кийинишига изн бериб қўйишганидан қишда ҳам, ёзда ҳам устидан тушмайдиган жун пальтода, у доим совуқдан изиллаётгандек юрарди, салонларда тез-тез пайдо бўлиб қоларди”.
Пруст 1896 йили, йигирма беш яшарлигида ўзининг биринчи китоби – “Таскинбахш кунлар”ни нашр эттирди. Муваффақиятсиз чиққан бу китобнинг кўриниши унча-мунча нарсанинг фарқига борадиган, нозикфаҳм ўқувчи ихлосини қайтарарди. Пруст муқовани Мадлен Лемор чизган суратлар безаб туришини, сўзбошини Анатоль Франс ёзишини, китобдан ўрин олган асарларни бир-биридан Рейнальдо Ананинг мусиқаларини эслатувчи сермаъно, хаёлга чорловчи манзаралар ажратиб туришини хоҳлаган эди. Безаклар, ҳашам, донғи кетган санъаткорларнинг ажиб номлари ҳам ушбу китобнинг ўқишли, таъсирчан ва жиддий чиқишини таъминлай олмади. Бироқ биронта номдор мунаққид бу китобнинг камчиликлари орасида қимматбаҳо марварид доналаридек ёрқин, эсда қоларли, дурдона тасвирларни кўра олганда эди, афкор омманинг башорат қилиши учун шунинг ўзи етарли бўларди.
“Таскинбахш кунлар”ни жиддий ўқиган ўқувчи бўлғусида “Йўқотилган вақтни излаб” романидек асарни ёза олгувчи Марсель Пруст даҳосига хос фазилатлар: юксак бадиий маҳорат ва гўзал ҳикоя қилиш санъатини пайқаган бўларди. “Таскинбахш кунлар”да ҳақиқатга тўғри келмайдиган бир ҳикоя бор, унда қаҳрамон йигит ўлими олдидан ўзи узоқ йиллар давомида севган ёшгина маликадан жилла қурса бир кун бирга бўлишни илтимос қилади; малика буни рад этади, ёлғиз ўзини яхши кўрувчи бу бадбин аёл ўлим тўшагида ётган севиклисига висол онларини раво кўрмайди. Худди шундай вазиятни бошқа новеллада ҳам учратамиз – жон бераётган Сван герцогиня Германскаяга ўз дардларини тўкиб солаётганда, герцогиня унинг қайғусига ортиқча эътибор бермай, тушлик қилгани олиймақом хонадонлардан бирига таклиф этилганини айтиб, равона бўлади.
“Таскинбахш кунлар” тўпламида “Гуноҳкор қиз” ҳикояси бор, унда қаҳрамон ўзи сезмаган ҳолда онасининг ўлимига (унинг юраги хаста эди) сабабчи бўлади – у таниш йигитининг бағрига кириб, ўпич бераётганда, боёқиш онаси манзарани кўзгу орқали кўриб қолади. Бошқа бир ҳикояда Вентей хоним онасини қаттиқ ранжитади, яна бирида хотираларини ҳикоя қилиб бераётган йигит (ёки Прустнинг айни ўзи) иродасизлиги ва танбаллиги билан бувисининг кўнглига озор етказади.
Ҳар бир ёзувчи ижодининг дастлабки босқичида бундай рўёбга чиқмаган “дардлар” бўлади, бирон жўяли мавзу улар юрагидан ўрин эгалладими, тамом, қобилиятларини айни йўналишда намоён қилишнинг ҳадисини олганлари учун шу “танбурни чалишга” бўлган ҳаваслари сўнмайди ва натижада, ана шу танбур наволари айнан шу муаллифни яхши кўриб қолишимизга бизни мажбур этади. Шунинг учун ҳам айрим адиблар доимий равишда битта-ю битта китобни қайта-қайта ёзаётгандек туюлади; шу сабабли Флобер ҳар бир романида ўзининг тузатиб бўлмайдиган романтиклигини жиловламоқчи бўлаверади; шу туфайли Стендаль ёшгина Бейлни уч марта қайта-қайта Жьюлен Сорель, Фабрицио дель Донга ва Льюсен Левен исмли образларда акс эттираверади, шу тариқа Пруст йигирма беш ёшида яратган “Таскинбахш кунлар”даги серқирра оҳангларни “Йўқотилган вақтни излаб”да беқиёс симфонияга айлантиришга жаҳд қилаверади, тугалланмагани учун тириклигида дунё юзини кўрмаган “Жон Сантей” романида ижодининг ўша бош мавзусини ривожлантиришга уринаверади.
Бироқ ўша кезлари у ҳаётга тамоман муккасидан кетганди, ҳаётни тўлақонли акс эттириши учун муайян масофа ундан узоқлашиши даркор эди. Унинг ўзи шундай тушунтиради: “Ўз ҳаётингга кўз югуртириб чиққанингдан кейингина буюк ижодкор бўлишинг мумкин”. Бу ҳаёт фавқулодда аҳамиятли ё қизиқарлими, муаллиф теран ақл-идрокка эгами ёки йўқ, фарқсиз, асосийси, учувчилар таъбири билан айтганда, “узилиб кетиш” керак эди. Пруст “узоқлашиши” учун юз берган ҳодисалар ва реал ҳаётдан “узилиши” зарур эди.
Бир қатор шарт-шароитлар, шу билан бирга, юксак истеъдодни кўнгилдан сезиш муқаррар ўзининг таъсирини ўтказади. Аввалига кўксов касали зўрайди, кўп ўтмай мутлақо очиқ ҳавода юролмайдиган бўлиб қолди. Нафақат дарахт ва гуллар, ҳатто битта-яримта дўсти келтирган гиёҳларнинг енгилгина ҳидидан ҳам нафаси қисиб, энтикиб қоларди. У анча вақтгача ёзни денгиз бўйида, Трувилада ўтказиб юрди, аммо охир-оқибат бундай сафарлардан буткул воз кечишга тўғри келди.
Шу вақт ичида у ҳаёти ва ижодига жуда катта таъсир этган кашфиёт қилди: гап Рескин ҳақида бормоқда. Пруст унинг иккита китоби – “Амьен Библияси” ҳамда “Сезам ва Лилия”ни таржима қилиб, сўзбошилар ёзиб, изоҳлари билан чоп эттирди. Бу икки ёзувчининг ижодида умумий уйғунлик кўп эди: болалигида иккови ҳам қадрдонларининг ғамхўрлиги ва жонкуярлиги остида тарбия топган, иккови ҳам бойлик, ҳашам, енгил ҳаёт ичида улғайган эди. Бу ҳаётнинг ёмон томони шунда эдики, кундалик оғир турмушдан узилиб ўсиш хавфи туғиларди, бироқ яхши томони ҳам бор эди, яъни нафосат оламини севгувчи одамга ҳар хил дағал, қўпол, кераксиз нарсалардан сақланишда ёрдам берар, гўзал хулқ соҳибига айланишида муҳим роль ўйнар, шу тарзда нозикликларни тезда илғай олиш қобилиятини ўстирарди. Пруст санъатни тушунишни айнан Рескиндан – ҳаттоки Рескиндан ҳам аълороқ даражада ўрганди. Амьен ҳамда Руан ибодатхоналарига бот-бот бориб, зиёрат қилишда ҳам Рескиндан ибрат олди. Рескин Пруст учун жонсиз тошларга баайни жон бахш этиб берди… Бошқа саёҳат қилишга чоғи келмай қолганда ҳам Пруст, Рескиннинг архитектурага оид ғоялари тажассуми бўлган – “нураб бораётган, лекин ҳамон маҳобатли ва нурафшон” Венецияга саёҳат қилгани ўзида куч топа билди.
Биз буюк ижодкорлар шарофати билан борлиқни ихтиро қиламиз. Рескин Пруст учун шундай воситачи-адиблардан бири эди, у айниқса борлиқни тасаввур қилишда куч бериши билан ардоқли. Рескиндан у гуллаётган буталар, булутлар ва тўлқинларни кўз билан эмас, дилдан томоша қилишни, уларнинг замиридаги пинҳоний нафис эврилишларни ҳис қилишни, ижод қилаётганда уларни бамисли Гольбейн ҳамда япон мусаввирларининг айрим суратлари каби диққат билан тасвирлашни ўрганди. Мана шу важдан Франциядаги Прустнинг издошлари айни чоғда Рескиннинг ҳам издошлари ҳисобланади. Мамлакатда кенг кўламда расм бўлган ёзиш йўли – воқеа ва ҳодисалардан кўра кўнгилнинг энг нозик майлларини тасвирлаш, ҳаттоки гулбаргларни чанглантираётган боларилар оёқчаларига ёпишган гулшираси қандай ҳиссиётлар қўзғаётганини изчил тасвирлай олиш мактаби пайдо бўлишига, Прустнинг нафис роман-достонларидек асарларнинг дунёга келишига, бир дона уруғнинг нохос ҳосилдор тупроққа тушгани каби, Рескиннинг ижоди таъсир кўрсатгани тадқиқотчиларнинг хаёлларига ҳам келмагандир.
1903 йили Прустнинг отаси вафот этди, 1905 йили эса онасидан жудо бўлди. У ўз заковати ва салоҳиятига ишонч кўзларини тиккан онасининг орзу-умидларини тириклигида амалга ошира олмагани учун виждон азобида қолган ва шу важдан хонанишин ҳаёт кечира бошлаганмиди ёки дарди зўрайиб кетганмиди ўшанда? Ким билади дейсиз? Эҳтимол, тасаввурда деярли яратиб бўлинган асарни ёзишда туғён ураётган пинҳоний эҳтиёжлари юзага чиқиш иштиёқида тинч қўймагандир?! Касаллиги ва виждон қийноқлари бир баҳона. Бироқ бирон нима дейиш қийин. Нима бўлган тақдирда ҳам, дўстлари биз учун, келажак авлодлар учун гард юқтирмай асраб қўйган хотираларида афсонага айланган Пруст ҳаёти айнан ўша лаҳзалардан бошланади.
Энди у деворлари пўкак билан қопланган, кўча шовқин-сурони ҳамда хиёбондаги каштанларнинг сезилар-сезилмас дардчил ҳиди ичкарига кирмасин учун доимий равишда тақа-тақ ёпилган деразалар ортида яшарди; димиққан хонадаги уфунат ва нафасни бўғувчи тер ҳидидан бўғилиб, кийинишдан аввал олов ёлқинида исиниб ўтирар, эгнидаги пахталиги ўқ ёмғирида ҳамма ери илма-тешик бўлиб кетган байроққа ўхшаб қолганди… Мана шу пайтларда Пруст деярли ўрнидан турмай йигирмадан зиёд дафтарни тўлдиради… Ёлғиз кечаси, фақатгина ёзаётган романи учун зарур бўлиб қолган бирон-бир деталь топилиб қолармикан, деган умидда ташқарига чиқарди. Кўпинча “Риц” ресторани унинг штаб-квартирасига айланар, ўша ерда у мижозларнинг гурунглари, гап-сўзларини официантлар билан метрдотелдан сўраб-суриштирарди. Агар аниқроқ тасвирлаш учун болалигидан хотирасида ўрнашиб қолган дўлана гулларини кўрмоқчи бўлса, ҳаммаёғи берк машинада шаҳар ташқарисига равона бўларди.
1910–1922 йиллар оралиғида у “Йўқотилган вақтни излаб” романини мана шу тариқа ёзди. Пруст ажойиб асар битаётганини ҳис қиларди. Буни сезмаслиги ҳам мумкин эмасди. Флобер, Бальзак ҳамда Сен-Симонларга тақлидан ёзаётган асари туфайли уларнинг ижодини нақадар чуқур идрок этишини, ўз навбатида француз адабиётида яна бир бемисл ҳайкал ўрнатаётганини билмаслиги, сезмаслиги мумкинмиди? Бироқ қандай қилиб оммани мажбур қилсин бу асарни ўқишга? Пруст адабиёт оламида ҳали ҳеч қандай мавқега эга эмасди, ўзига яраша номи бор эди-ю, лекин бу унга салбий таъсир кўрсатарди.
Профессионал адиблар бу “дилетант”нинг туриш-турмушига ола қарашарди, ахир, у бадавлат – сарбаст эди, шу сабабли ноҳақлик билан қуруқ олифта ёки худбин шахс, дея хулоса чиқаришарди.
У қўлёзмасини “Нувель Ревю Франсез” нашриётига топширади. Бироқ рад жавобини олади. Орадан бир қанча вақт ўтгач, романнинг “Сванлар тарафида” номли биринчи жилдини Бернар Грассе нашриётида ўз ҳисобидан чоп эттиради. Китоб у қадар муваффақият қозонмайди. Бунинг устига кўп ўтмай уруш бошланиб, нашр ишлари тўхтаб қолади, шу важдан асарнинг иккинчи китоби 1919 йилга келиб, бу сафар ўша “Нувель Ревю Франсез”да босилиб чиқади.
Марсель Прустни “кашф этиш” шарафи Леон Додега тааллуқлидир. Унинг шарофати билан Марсель Пруст 1919 йили кўпдан-кўп адибларга шуҳрат келтирган Гонкур мукофотига сазовор бўлади. Энди унинг номи нафақат Францияда, балки Англия, АҚШ, Германияда ҳам шуҳрат қозонади, асарлари эълон қилинган кунлариданоқ ўзига муносиб китобхонлар аудиториясига эга бўлди. Шунинг учун Марсель Пруст англо-сакс адабиётини доимий равишда қадрларди. “Ажабо, – деб ёзади у 1910 йил санаси билан қайд этилган мактубларидан бирида, – қандай адабий оқим вакили бўлишидан қатъий назар, Англия ва Америка адабиётичалик – Жорж Элиотдан Томас Хардигача, Стивенсондан Эмерсонгача бўлсин – менга кучли таъсир кўрсатганини билмайман. Итальянлар тугул, французлар ҳам аксар ҳолларда ортиқча эътиборимни қозонолмасди. Бироқ “Флосседаги тегирмон” асаридан икки саҳифа ўқишимни биламан, тамом таъсирланганимдан кўзимга ёш келарди. Дарҳақиқат, Рескин бу асарни тилга олишни ҳам истамасди, лекин мен ҳайратланишдан ўзимни тиёлмасдим…”
Дастлабки жилдлариданоқ муаллифнинг француз адабиётида яна бир адибгина эмас, балки адабиёт тараққиётига бутунлай янги тўлқин олиб кираётган ижодкор экани афкор оммага ошкор бўлганди.
Бундай эътирофга у 1919 йили сазовор бўлганди. 1922 йили эса у дунёдан кўз юмди. Демак, кенг китобхонлар оммаси томонидан тан олинганда унинг умри поёнига етиб қолганди; буни унинг ўзи сезар ва муттасил равишда дарди ҳамда паймонаси тўлиб бораётгани ҳақида гапирарди! Унинг ҳасратига ишонишмас, ёр-дўстлари кулиб қўйишарди, ўзини ёлғондакам касалга солади, дея ҳисоблашарди. У эса кўрпа-тўшак қилиб ётган кўйи ижод қилишдан тўхтамас, тинмай ёзар, янаям мукаммал бўлиши учун асарини қайта-қайта таҳрир қилар, янги-янги боблар билан тўлдирар, бойитар, кўнгли тўлмаган саҳифалар, ҳатто боблардан воз кечар, натижада мусаҳҳиҳларнинг нусхаси худди унинг пахталик нимчаси каби жулдур байроққа ўхшаб қоларди. У оғир касаллигига қарамасдан, темир интизом ҳамда уйқу дорилар воситасида оромини чеклар, китобни тугатишга умрим етармикан, деган қора хаёлда дилтанг, асабий аҳволда бош кўтармай ёзар, ўзига ўзи жабр қиларди. Тахминан ўшандай чоғларда у Поль Моранга: “Менинг сизга узундан-узоқ хат ёзишим аслида нодонлик, чунки шундай уринишларим боис ажал комига тушиб бормоқдаман”, – деб ёзганди.
Эҳтимол, ўзини бунчалар қийнамаганда, яна бир неча йиллар яшаган бўлармиди. Бироқ у зотилжамга чалинди, шифокорлар маслаҳати, кўрсатмаларига риоя қилмади ва дунёдан кўз юмди. Шундан бир неча кун аввал, энг охирги дафтарнинг сўнгги саҳифасига “тамом” деган сўзни ёзиб қўйгани унинг кўп нарсаларни олдиндан сезганлигининг далолатидир.
Пруст ҳаётининг сўнгги соатлари ҳақида эслашганда, кўпинча бир жудаям ғаройиб ҳикояни ёдга олишади: унинг тасаввури яратган атоқли ёзувчи Берготнинг ўлим тўшагида ётгани баён қилинган саҳифани оғзаки таҳрир қилиш асносида қўшимча қилган ўринлари диққатга сазовор. У гўё билмаган кишидек: “Мен китобнинг мана шу қисмини ўлимимдан олдин тузатаман”, – деганди ўшанда. Дарҳақиқат, сўзининг устидан чиқиб, шундай қилишга уриниб кўрганиданми, ўлими олдидаги энг сўнгги калимаси ўша қаҳрамони Берготнинг исми бўлди. Берготнинг ўлими тасвири қуйидагича тугайди: “Унинг жони узилди. Оламдан ўтдими у? Буни ким айта олади? Рост, арвоҳлар орқали майитлар билан мулоқотга киришувчиларнинг тажрибаси баайни диний ақидалар каби инсон руҳининг тириклиги давом этишини далиллаб беришга қодир эмас. Фақатгина айтиш мумкинки, бизнинг турмушимизда жамики юз бераётган ҳодисалар аввалги ҳаётимизда қандай бўлган – худди шундайлигича такрорланади; демак, ушбу заминдаги ҳаётимизда эзгулик қилиш бизнинг бурчимиз, ўзгалар дардига малҳам бўлишга ва одамларга ёмонлик қилмасликка мажбурмиз, дея ўзимизни-ўзимиз қийноққа солиб юришдан фойда йўқ, ҳатто даҳрий ижодкор одамзоднинг биологик ўлимидан кейинги аҳволи – қурт-қумурсқаларга ем бўлиши, чириши, шундай пайтда сарғиш деворнинг ўпирилиб тушган парчаси ҳеч нарсани сезмагандек, одам боласининг жасади бирон нимани билмаслигини бот-бот тушунтириши шарт эмас. Ҳолбуки, бу дунёдаги нарсаларга куйиниш, сиқилиш, афсус чекиш, ғазабланиш мутлақо ножоиз. Ўзини оқлашга важ-корсонлар қидириш тентакликнинг ўзгинаси. Чунки буларнинг ҳаммаси ўзга дунёда содир бўлган, бу дунёга тааллуқли муаммо бўлганда бошқа гап эди, ўша ерда нимаики юз берган, тамом, уни бу ҳаётда тузатишнинг иложи йўқ, бу дунёни биз қачонки тарк этамиз, мана шу заминда туғилиш учун… Бундан чиқди, Бергот вафоти абадий эмас, деб ўйлашда жон бор…
Уни дафн этишди, бироқ ўша куни кечаси, чароғон витриналардаги иккиталаб, учталаб тахлаб қўйилган китоблари қанотларини баралла керган фаришталардек бедор туришарди…”
Мазкур саҳифа беқиёс гўзал ёзилганди; асар руҳиятига алоҳида жон бахш этиш учун, келинг, унинг навобахш оҳангини эътиборимиз, мафтунлигимиз ила мунаввар қилайлик-да, “Йўқотилган вақтни излаб” деган ном остида чоп этилган улкан ва нодир осориатиқадек мўъжизани алқайлик. Бундан буён Марсель Пруст ҳақида эмас, унинг асари хусусида гапирайлик. Унинг ҳаётидан фақатгина ижодига тааллуқли, ёзганларини тушунишга ёрдам берадиган нарсаларга: болалигидаёқ туғён ура бошлаган ва келгусида ушбу ҳис-туйғуларни саралашга йўл очиб берган энг нозик ва сезилмас, ранг-баранг эҳтирос мавжларига, онасига нисбатан кўнглида мудом барқ уриб келган меҳр-муҳаббат туфайли камол топган раҳмдиллик, ҳатто, таъбир жоиз бўлса, мунисликка, баъзан ўшал мушарраф ва беминнат аёл – онасининг кўнглини етарлича қувонтиролмаган виждон қийноқларига, ижодкорнинг рихлатга чекинишига бемалол сабабчи бўла оладиган хасталикка ва ниҳоят, болалигидаёқ пайдо бўлган мураккаб ва ўткинчи таассуротларини бадиий инъикос этиш истагини қондиришга бўлган беасов ҳамда жўшқин интилишларига аҳамият қилайлик. Ҳеч қачон ёзувчи истеъдоди бунчалар мукаммал ва тўлалигича намоён бўлмаган; ҳеч қачон ёзувчи ўзининг ҳаётини ижодга бунчалик нисор қилмаган эди.
II. Ғайришуурий хотира
Ушбу асар нима ҳақда, ўзи? Кимки “Йўқотилган вақтни излаб” романини: “У ўтакетган таъсирчан боланинг кўрган-кечирганлари, унинг ҳаёт ва одамларни, ўртоқлари билан қон-қариндошларини қай йўсин яқиндан билиб борганлари, Жильберто, Альбертино исмли қизларни севгани ҳамда Сен-Лунинг Жильберта Сванга уйланиши-ю жаноб Шарлюснинг ғаройиб ишқий саргузаштларидан иборат”, деб тушунтирса, катта хато қилган бўлади. Шу тахлит маълумотларни қанча кўп йиғсангиз, Прустнинг бошқа ёзувчилардан ажралиб турувчи ўзига хосликларини аниқлашингиз шунчалар қийинлашади. Мана шу ҳолатни тадқиқ этган испаниялик танқидчи Ортега-и-Гассет шундай таҳсинга сазовор хулосалар чиқарадики, одамнинг ақлини шошириб қўяди. Бу баайни “Моненинг асарларини тушунтириб берсангиз”, деган сўроққа “Моне ибодатхоналар, Сена дарёсининг манзаралари ҳамда сувда ўсадиган нилуфарларни чизадиган рассом эди”, дея жавоб қайтаришдек гап. Сўнгра сиз яна бир нималарни тушунтирган бўлардингизу лекин Моне санъатининг табиати ҳақида сўзламай, “Сислей ҳам Сена дарёсини турли-туман кўринишларда чизган, Коро ҳам бутхоналарни талайгина сувратларида акс эттирган”, дер эдингиз. Моне ўзи инкишоф этган сюжетлари билан эмас – уларни мусаввир тасодифан топган – балки табиатни ўзига хос йўсинда ҳис этиши билан бошқалардан ажралиб туради. Ўз фикрини асосли тушунтириб бериш учун Ортега-и-Гассет ибратомуз латифани мисол келтиради. “Бир кутубхонага, – деб ҳикоя қилади у, – ёшгина букур йигит ташриф буюрибди, у ҳар куни келиб, луғат сўрар экан. Кутубхоначи ундан сўрабди: “Қайси луғатни?” “Фарқи йўқ, – деб жавоб қилибди букур, – мен уни тагимга қўяман, холос”. Бундай жавоб Монега ҳам, Прустга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Агар сиз улардан: “Қанақа сюжетга мурожаат қилмоқчисиз?.. Ёки қайси арбобни (сиймони) чизишни хоҳлардингиз?” – деб сўранг, уларнинг ҳар бири: “Фарқи йўқ, ҳар қандай сюжет ва сиймо менинг ўзлигимда қолишим учун хизмат қилади”, – деб жавоб беришган бўларди.
Башарти Моне – табиатни ўзига хос равишда ҳис қилишдан иборат бўлса, Пруст – энг аввало, ўтмишни ўзига хос равишда қайта тиклашдир.
Бундан чиқди, ўтмишни жонлантиришнинг турли йўллари бор экан-да? Бўлмасам-чи! Аввало ўтмишни ақл-идрок ёрдамида жонлантириш мумкин, бугунги кун орқали бугунги кунни тайёрлаган ўтмишни тиклашга ҳаракат қилиш керак. (Мана шу лаҳзани тайёрлаб келган ўтмишни ҳозирги замон орқали тиклашга уриниб, ақл-идрок ёрдамида ўтган кунларни тиклаш мумкин). Дейлик, мана шу лаҳзаларда Пруст ҳақидаги тадқиқотни ўқияпман. Мабодо, нима сабабдан бу билан машғулман, деб ўзимга савол берсам, Бульон ўрмонида нонушта қилиб ўтирган чоғимизда Прингстон дорилфунуни ректори замондошларимиз бўлган атоқли французлар ҳақида қатор маърузалар ўқишни маслаҳат бергани ёдимга тушади. Ким билади, озгина зўр бериш билан мен ўша лаҳзалардаги Бульон ўрмони, нонушта вақтида кимлар иштирок этгани ва секин-аста ақлни ишга солиб, ўша дамларда нималар бўлганини имкон борича ё аниқ, ё мавҳум тарзда кўз олдимга келтира оламан.
Биз ўтган кунларимизни ҳужжатлар кўмагида хотирамизда тиклашга ҳаракат қилишимиз ҳам мумкин. Масалан, мен Пруст давридаги Парижни кўз олдимга келтирмоқчи бўлсам, Прустнинг ёзганларини ўқиб чиқаман; уни яқиндан билган, таниган одамлардан сўраб-суриштираман, ўша даврда яратилган бошқа китобларни варақлайман, хуллас, аср бошидаги Парижнинг умумий кўринишига ўхшайдими-йўқми, ишқилиб, кўз олдимга келтиришга муяссар бўламан. Прустнинг фикрича, хотирада бундай тиклаш усули бадиий асар яратишда ярамайди. Хаёлда тиклаш орқалигина ўтмишни жонлантириб бўлмайди. Ўтмишни ғайришуурий хотирлаш орқали тиклаш лозим.
Ғайришуурий хотирлаш қандай содир бўлади? Бевосита сезиш ва қайсидир хотираларнинг ўхшашлиги орқали. Прустнинг ҳикоя қилишича, Комбре бутунлай эсидан чиқиб кетган кезлар, қиш кунларининг бирида онаси унинг совуқдан дилдираётганини сезиб, иссиқ чой дамлаб беради ва уларникида “мадлен” деб ном қўйишган бисквитли ширинликдан ҳам келтиришларини сўрайди. Пруст ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмасдан чақмоққанддай “мадлен” бўлакчаси солинган чойдан ҳўплайди ва ўша заҳоти бир тишлам ширинлик билан бир ҳўплам чой таъмини туйиб, бу кутилмаган ва тушунтириб бўлмас даражадаги тотли лаззатдан энтикиб кетади, мана шу тотли ҳузурланиш туфайли у ҳаётнинг қайғу-ҳасратларини орқага ташлайди, деярли унутади, умрнинг қисқалиги ҳақиқатдан йироқ нарса бўлиб туюлади.
Ниманинг эвазига бундай хуррамлик туйғуси юрагида барқ урди? Бунга сабаб чойнинг таъми билан ширинлик мазаси эканини фаҳмлайди, бироқ бу поёни йўқ сабабларнинг бири, холос. Унда яна нима? У чойдан яна бир ҳўплагандан кейингина ўзига бунчалик таъсир этган маза аллазамонлар Комбреда, якшанба куни эрталаб бирров саломлашгани кирганида Леони хола чойга солиб берган “мадлен” бўлакчасининг таъми эканини секин-секин англай бошлайди. Унинг ўтмиш хотирасини бугун, шунча вақт ўтгандан кейин тўла-тўкис, аниқ жонлантириб бораётган сезгиси, бир пайтлар Комбреда нима бўлиб ўтганини онгли равишда хотирлаш хусусиятидан кўра муфассалроқ ва ёрқинроқ жонлантиради.
Нима сабабдан хотирани тиклашнинг бу усули шунчалик таъсирчан? Чунки, одатда, кучли таассуротлар билан боғланмаган ўткинчи хотиралар тўғридан-тўғри ҳиссиётдан озиқланади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Пруст ижодининг асосида ғайришуурий хотиралар воситасида ўтмишни жонлантириш ётади.
III. Қўлга киритилган вақт
Ўтмишни шу тариқа жонлантириш орқали Марсель (асар қаҳрамони)нинг кўз олдидан нималар ўтади? Биринчи навбатда (энг аввало) бувиси, онаси, Леони хола (жуда меъёрида ва маҳорат билан тасвирланган комик образ) ҳамда бир неча хизматкор аёллар истиқомат қиладиган Комбредаги ҳовли-жой гавдаланади. Оқшом чоғлари қўшниларидан бири – жаноб Сван ота-онасини кўргани тез-тез уларникига чиқиб туради; ул жаноб хонимсиз бир ўзи ташриф буюради. Келиб боғҳовли эшигини очади, остона ҳатлаб ўтиши биланоқ қўнғироқча жиринглайди. Уларнинг уйини гир айлана ўраб турган манзара боланинг тасаввурида “икки” тарафга бўлинади: жаноб Сваннинг уйи жойлашган қисми – “Сванлар томон”, иккинчиси – Германт қўрғони қад ростлаган “Германтлар томон”. Германтлар Марселга одамови ҳамда яқинига йўлаб бўлмайдиган кимсалардек туюлади; уларни Женевьево Брантской авлодлари дейишади; бу хонадон вакиллари қандайдир ғаройиб кишиларга ўхшайди. Хуллас, ҳаёт исмлар давридан бошланади. Германтлар – фақатгина ном; Сван билан Сван хоним ҳам, шунингдек, уларнинг қизи Жильберто ҳам – ҳаммалари ёлғиз исмлардан иборат.
Бирин-сирин бу номлар ортида тирик одамлар борлиги маълум бўлиб боради. Уларнинг туриш-турмуши билан яқиндан танишганингиз сари, Германтлардан сезиларли даражада кўнглингиз қолади, уларнинг баркамол обрў-эътиборига путур етгандек бўлади. Кейинчалик бола кўриниши қандайдир ранг-баранг шиша синиқларидан ишланган авлиёларга монанд герцогиня Германтскаянинг Париждаги уйида яшайди; хонимнинг ҳар куни сайрга чиқишини кузатади; бу аёлнинг эри билан қирпичоқ бўлишларини кўради, унинг қанчалар гумроҳ ҳамда ақли калта бўлса, шунчалик худбин ва бағритошлигини тушуниб етади. Бир сўз билан айтганда, болалигида бағоят кўркам ва бенуқсон бўлиб туюлган бу эркаклар ва аёлларнинг номлари ортида ниҳоятда оддий, қолаверса, тайин-тахсирсиз реаллик яширин эканидан бохабар бўлади. Тасаввуридаги шоирона ҳаёт ҳеч қачон воқе бўлмайди, балки у мавжуд борлиқни хаёлот дунёсидан ажратиб турадиган масофада бўлади.
Севги бобида ҳам шундай. Маълумки, бизнинг тасаввуримиздаги хилқат биз умр ришталарини тоабад боғламоқчи бўлаётган хилқатга мутлақо ўхшамайди, бир-биридан ер билан осмонча фарқ қилади. Сван тасаввуридаги, яъни хаёлидаги Одеттага уйланади ва пировардида, ўзи ёқтирмаган, ўзининг тенги бўлмаган Сван хонимнинг доирасига тушиб қолади. Асар қаҳрамони Марсель биринчи учрашуви чоғида беодоб, деярли тасқара бўлиб туюлган Альбертинони севиб қолади; у ҳам бу туйғуни тўла тушуниб бўлмаслигини, умуман, ўзга тирик жонни, жисми, ҳаёти, орзу-ҳаваслари бошқа бир одамни ўзингники қилиб олишнинг сира иложи йўқлигини англаб етади ёки шундай хулосага келади. У қизни тўрт девор ичида сақламоқчи, уни асирага айлантирмоқчи бўлади. Мана шунга мажбур қилиш орқали уни итоат этишга, уни бутунлай ўзига қарам қилиб олишга эришаман, деб ўйлайди; бироқ бу рўёбга чиқмайдиган орзудан бошқа нарса эмас. Бу хомхаёл, борлиқ-оламга ўхшаб, “севги-муҳаббат“ ҳам ёлғондан бошқа нарса эмас.
Болалигидан хотира бўлиб қолган, иккаласи ҳам бир хилда қудратли ва сирли бўлиб туюлган “Сванлар тараф” ҳамда “Германтлар томон”ни у синчиклаб ўрганади, мулоҳаза қилиб кўрганида диққат-эътиборини жалб этишга арзигулик бирон нима тополмайди. Назарида, иккала тарафдаги хонадонни ўтиб бўлмас тафовутлар чоҳи ажратиб туради. Мана сизга керак бўлса, унинг тасаввуридаги тафовутларни бамисли бирлаштириб турувчи ришталар юзага келади – икки тарафдаги қўшнилари қуда бўлишади. Сваннинг қизи Жильберта Германтлардан бири – Сен-Луга турмушга чиқади. Бундан чиқди, бу хонадонларни бир-бирига қарши қўйишнинг ўзи аввалдан ёлғон экан. Ўзингиз фикр қилиб кўринг, табиати, турмуш тарзи билан мутлақо тўғри келмайдиган оилалар қанақасига қуда-андачилик қилишлари мумкин?! Чок-чокидан сўкилган воқеликдан маълум бўлишича, бундай деб ўйлаб юришганлари ҳам хато, ёлғон бўлиб чиқади.
Лекин китобнинг охирида Марсель, худди бир маҳаллар, кичкина “мадлен” бўлакчасини еб ҳис қилгандагига монанд яна аллақандай “сигнал” – ижодий уйғониш онларида, диний уйғониш лаҳзаларидаги фароғат ҳиссига ўхшаган ишорат туяди. Германтларникига кираётганда, остонадан ўтар-ўтмас ерга устма-уст ташлаб қўйилган иккита плитага қоқилади, қаддини ростлаб, бошқасига, хиёл энсизроқ ва яхши тарашланмаган тошга оёғини қўяди, ана шу лаҳзада, дафъатан, шу ерга келгунча миясини банд этган ғамгин хаёллар, бир замонлар “мадлен” таъмини бахш этган қувонч бағрида эриб кетгандек бўлади.
“Мен“мадлен”дан лаззатланаётган дамларда эзилиб, изтиробли ўй-хаёллар исканжасида тўлғонишларим эрталабки дарё устини қоплаган туман янглиғ кўнглимдан кўтарилди… Мен ложувард осмонга тўйиб-тўйиб тикилар, бир оёғим юқорироқ тошда, иккинчи оёғим ўша, нисбатан юқорироқдагида эди, шу ҳаракатимни такрорлаганимда ярқираган нур кўзларимга урилди-ю, олам-олам қувончнинг бир шодаси юрагимни аста қамраб олаётганини ҳис қила бошладим… Германтларникида бўлиб ўтган нонуштани унутиб, ўша ҳиссиётлар манбаини хаёлимда жонлантириб, кўзларимни юмдим… Бамисли жилвадор ва сезилмас хаёлот шундай дерди: “Агар қурбинг етар бўлса, мени учиб кетаётганимда ушлаб ол ва мен сенга бераётган бахт ҳақидаги топишмоққа жавоб топишга уриниб кўр”. Мен ўша заҳоти тушундим: бу жумбоқ Венеция ҳақида эди. Ҳар қанча уринмай, бу менга ҳеч нарса бермади, тузукроқ эслолмадим ҳам. Аммо бу бир замонлар авлиё Марк мақбарасидаги нотекис тоштахталар устида кечирган лаҳзаларимни, кўнглимда ўша кундан қолган барча таассуротларимни жонлантириб юборди”.
Яна ўша Бевосита Сезиш ҳамда Ўтмиш хотираларининг бирикуви эвазига Пруст ижодкорга ноил қилинган руҳий шодликни туяди. Бир дақиқа ўтар-ўтмас, у қўлини ювишга чоғланганда ва унга сочиқ беришганда, бармоқлари ва кафти дағал сочиққа тегиб, беихтиёр денгиз ёдига тушади. Нега ва нима учун? Чунки бундан ўттиз-қирқ йил аввал денгиз бўйидаги меҳмонхона сочиғи шундайин дағал эди. Бу кашфиёт биринчи сафардаги “мадлен” воқеасига монанд эди. Ёзувчи яна бир марта вақтнинг аллақайси бир парчасини “қўлга киритган”, ушлаб олган, қайд этганди. У реалликнинг ичига, аниқроқ айтганда, ягона реаллик бўлган санъат ўзанига тушади. У ўзининг битта вазифаси қолганини ҳис қилади, яъни ана шу хилдаги ҳиссиётни ахтаришга – йўқотилган вақтни излашга умрини бағишлайди. Биз яшаб келаётган ҳаётнинг заррача қиймати йўқ, у бор-йўғи йўқотилган вақт, холос. “Агар бирон нима ҳақиқатан ушлаб олинган ва англанган экан, у фақатгина мангулик нуқтаи назаридангина мавжуд, бошқача айтганда, санъатдан бошқа нарса эмас”. Хотиралар кўмагида йўқотилган таассуротларни тиклаш, камолотга етган инсон ёдидек поёни ҳамда чегараси йўқ тушунчаларни тадқиқ қилиш ва улар асосида санъат асари яратиш – у ўз олдига мана шундай вазифаларни қўйган эди… “Мен Комбредаги боғда қўнғироқчалар жарангини эшитганимга жудаям кўп йиллар ўтган бўлса-да, худди кеча эшитгандекман, мана шулар орасидаги вақт шу чоққача мен тушунолмай келган ва бундайлигини билмаган чексиз даврлар уммонидаги аллақандай ўлчов вазифасини бажарарди. Бунчалик чегарасиз вақтни тасаввур қила бошлаганимнинг ўзидаёқ бошим айланиб кетарди, шу билан бирга, менинг шуурим ёки руҳиятимдагина эмас, балки бутун жону жаҳонимнинг номаълум иқлимларига довур – замон эгаллаб ётгандек бўларди…”
Роман қандай бошланган бўлса, худди шундай – Замон ёки Вақт ғояси билан тугайди.
Пруст романларини яна бир карра ўқиган одам, айрим мунаққидларнинг “бу асарда аниқ режа, тартиб йўқ”, деган фикрларидан ёқа ушлайди. Бу фикр бутунлай нотўғри: чунки асар – ҳаддан ташқари серкўлам, серқирра, йирик роман-достон, бамисли симфонияга ўхшаб яратилган. Ҳеч шубҳа йўқки, Вагнер санъати ўша даврнинг жамики ижодкорларига ўз таъсирини ўтказган. Эҳтимол,“Йўқотилган вақтни излаб” симфониядан кўра кўпроқ Вагнер операсига ўхшаш қурилгандир.
Саёз фикрли, мушоҳадаси тор китобхонни моҳирона ва бенуқсон яратилган, таъбир жоиз бўлса, роман архитектурасидаги хотираларнинг тикланиши мантиқийликда эмас, балки гўё тушда содир бўлаётгандек тартибда – хотираларнинг тасодифий боғланиши ва ўтмишни ғайришуурий жонлантириш йўлида яратилгани янглиштириб қўяр.
IV. Идрокнинг нисбийлиги
У лаёқати етганча ўз фидойилигини санъатга бахшида этди, ўзини-ўзи англаш даражасида юксалган, жиддий ва талабчан санъат эса ҳайратланарли тарзда имон-эътиқодни эслатади. Берготнинг ўлими ҳақидаги эпизодни ҳикоя қилаётганда, сарғиш деворнинг бир парчасини зўр ғайрат билан акс эттирганда Вермерга ўхшаган санъаткорнинг ҳаддан ташқари камолотга эришганлигини кўз олдига келтиради; қандайдир фаввора ёки дўлана бутасини тасвирлаш ёинки “мадлен” бўлакчаси билан боғлиқ сир-асрорни баён қилиб бериш учун Прустнинг аниқ сўзлар топишдаги матонат ва сабр-тоқат билан изланиши худди шу тарзда намоён бўлади. Ёзувчининг ижод йўлида мана шундай топинишларнинг шоҳиди бўлган Рейнальдо Ан ҳикоясини келтириш билан бадиҳани тугатиб, бу инсоннинг ижодий қуввати беҳад чексиз ва табаррукланганлигига имон келтираман.
“Мен келган куним биз боғ айлангани чиқдик. Атрофига оловранг ҳамда нафис оқ тусли атиргуллар экилган хиёбондан ўтиб бораётганимизда, у бирдан жим бўлиб, тўхтаб қолди. Нима гап бўлдийкан, деб мен ҳам тўхтадим. Бироздан сўнг у яна йўлга тушди, мен ҳам унга эргашдим. Кўп ҳам ўтмай, у яна тўхтади, лекин бу сафар болаларга ўхшаб раста овозда: “Мабодо хиёл куттириб қўйсам, хафа бўлмайсизми? Мен мана бу атиргулларни яна бирпас томоша қилмоқчийдим…” – деди. Мен нарироққа бориб турдим. Йўлак қайрилган ерда тўхтаб, унга ўгирилиб қарадим. Марсель ортига қайтиб, ҳозиргина ўтиб келганимиз атиргулларга яқинлашди. Мен қўрғон теграсини айланиб ўтдим-да, узоқдан унга разм солдим, у ҳалиям ўша ерда гулларни синчиклаб кўздан кечирарди. Чеҳраси жиддий, нигоҳи хаёлчан – берилиб бир нимани ўйлаётган одамнинг қиёфаси; чап қўлининг бармоқлари билан дам-бадам қоп-қора мўйловини силаб қўярди. Мен ёнига яқинлашаётганимни сезаётгани, кўз қири билан кўраётганини билиб турардим, бироқ у мен томонга қарашни ҳам, менга гап қотишни ҳам истамасди. Бироздан сўнг Марсель мени чақирди. Ёнимга келиб узр сўради. Унинг хаёлини тўзитиб, кўнглини бузиши мумкин бўлган саволлар бермадим, бунинг ортиқча эканини элас-элас англадим… Бунақа ҳолатларга тушганини кейинчалик ҳам кўп кўрдим. Неча-неча маротаба унинг бундай сирли, ўз хаёлларига тутқун бўлган ҳолатларига шоҳидман. У бамисли кўнглида уйғонаётган хаёлий хотираларнинг манбаини излар, зеро, унга кўринаётган нарсаларни ўзидан бошқа ҳеч ким кўролмаслигига ишончи комил, устига-устак, ҳеч ким тоабад ҳеч қачон кўрмаслиги аниқ бир сирни кашф этаётганга ўхшарди”.
Ижодкорнинг бунақа марҳаматга ноил бўлган дамлардаги муқаддар онлари илоҳий эътиқодни саодат деб билган инсонларгагина насиб этадиган ажр-мукофотдир.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 2-сон