Альваро Юнке. Муаллима учун атиргул (ҳикоя)

Гюго Гомернинг отаси — шоир. Гюго Гомер яқинда тўққизга киради. У ҳам, албатта, шоир бўлади. Ҳар ҳолда отаси ўғлининг қиёфасида ўз болалигини кўргани, тўғрироғи, боланинг бетакрор феъл-атворига қараб, у ҳам шоир бўлади, дейди. Гюго Гомер — ғалатироқ бола. Унинг ўқитувчилари, тенгқурлари, қариндошлари, ҳамма шундай дейишади. Отаси эса, аксинча, уни эсли-ҳушли, ақли расо, зўр бола деб ғурурланади.
— Жаноб Алварес Хунко, — тўсатдан иддао билан чақириб қолди баланд бўйли, қотма, баджаҳл, зайтун рангли юзининг ёноқлари бўртиб чиққан, кўзларига ичига тортган, қошлари керилган Бруно Андон. Бу одам Алварес Хунконинг қўшниси, илгари молия вазирлигида ишлаган, ҳозир нафақа олади. Унинг турли-туман атиргулларга бурканган гўзал боғи бор.
— Жаноб Алверес Хунко, — йўталиб олди Бруно Андон, — бу гапни айтиш мен учун нақадар ўнғайсиз бўлса ҳам сизга билдириб қўйишга мажбурман… Ўғлингиз Гюго Гомер — ўғри…
Айбланувчининг отаси арз этувчига оғир-босиқлик билан савол беради:
— Қўшни, марҳамат қилиб тушунтириб берсангиз, бу гапингизни нима билан исботлайсиз?
— Албатта, ҳозир ҳаммасини тушунтириб бераман, жаноб Алварес Хунко! Кейинги пайтларда кимдир боғимдан атиргулларни узаётганини сезиб қолдим. Пойлаб юрдим. Айни пайтда нафақада бўлганим туфайли боғни бемалол кузатишга вақтим етарли. Даставвал ўғри ўз ишини — агарда бировнинг мулкига кўз олайтиришни иш дейиш мумкин бўлса — хўш, ўғри ўз ишини тунда бажаради, деган фикрга келдим. Бироқ бир неча оқшом ухламай пойлаб чиққанимдан сўнг бундай эмаслигига амин бўлдим. Ўғри, ўз кўзим билан кўриб гувоҳ бўлдимки, ўғирликни кундузи содир этаркан. Ҳатто бу ҳодисанинг вақтини ҳам аниқлашга муваффақ бўлдим: соат эрталабки саккизларда. Шундан сўнг пистирма қўйдим. Менинг сабр-тоқатим, ҳар қалай, сабрнинг таги сариқ олтин деганларидек, ўз самарасини берди. Мана, еттидан роппа-роса қирқ етти дақиқа ўтганда сизнинг Гюго Гомер исмли эркатой ўғлингизни деворнинг ёнида ўсган гул бутасидан оқ атиргулни узаётганида “ушладим”. Мен унга: “Атиргулни нима учун узаяпсан?”, деб бақирдим. Ўғлингиз бўлса, кечирасиз-у жаноб Алваро Хунко, сизни хафа қилишни ҳечам истамайманку-я, ҳали она сути оғзидан кетмасдан ўғирликни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳадисини шундай эгаллаган эканки, ҳатто кипригини ҳам қоқмадия! Устига-устак менга жилмайиб боқиб нимадир деди, — нима деганини эшитмадим, чунки қулоғим оғирлашиб қолган — менга ҳурмат кўрсатаётгандай бош кийимини ўнг қўли билан бир кўтариб қўйди-да, ўз йўлида равона бўлди. Оқ атиргулимни олиб кетди!
— Адашмаяпсизми, аниқ кўрдингизми… У ҳақиқатан ҳам Гюго Гомер эдими?
— Ўз кўзларим билан кўрдим, жаноб, ўз кўзларим билан. Худога шукр, етмишга кираётган бўлсам ҳам ҳамон кўзларим ўткир. Ўз кўзларим билан кўрдим!
— Ўзингизни босинг, қўшни, ўзингизни босинг. Аввал ўғлимдан сўрай. Нима бўлганда ҳам, ҳали унинг адабини бериб қўяман. Тўғрисини айтганда, бу воқеа мени хавотирга солиб қўйди.
— Секин айтасизми, жаноб! Эсизгина, шундай ёш бола бўлатуриб-а…
— Ундай деманг! — Гюго Гомернинг отаси унинг сўзини бўлди. — Фурсат беринг, болани айбдор қилишдан аввал унинг ўзини ҳам бир эшитиб кўрай. Бу ҳодиса мени ўйлантириб қўйди.
— Сизнинг ўрнингизда бўлганимда болани бу йўлдан қайтарган бўлардим…
— Ҳақиқатан ҳам ажабланиб қолдим… — бамайлихотир сўзлашда давом этди Гюго Гомернинг отаси, — менинг ўғлим-а?! Шундай эсли-ҳушли, мўмин-қобил, шундай фаросатли, шундай таъсирчан болая…
— Дарров адабини бериб қўйинг, жаноб Алварес Хунко! — кучаниб буйруқ оҳангида вишиллади Бруно Андон.
— Албатта шундай қиламан, қўшни.
Жаноб Алварес қўшни хонадан ўғлини чақирди:
— Гюго Гомер!
Гюго Гомер отасининг ҳузурига келди. Унинг кўзлари чақноқ, табассуми нурли.
— Лаббай, отажон! Ассалому алайкум! — деб Бруно Андонга салом берди.
У болакайнинг саломига алик олмади. Ота ўғлига қўшнининг айблови ҳақида гапириб берди ва:
— Сен бунга нима дейсан, ўғлим? — деб сўради.
— Гапингиз тўғри, отажон.
— Сен қўшнимизнинг боғидан гул ўғирладингми?
— Мен ўғирладим демадим-ку, ота, жаноб Андоннинг боғидан гул уздим, дедим.
Дарғазаб бўлган қўшни орага гап қўшди:
— Ахир, шунинг ўзи ўғирлик эмасми?
— Йўқ, жаноб. Атиргул боғнинг деворидан ташқарига осилиб турган эди, демак, у энди сизники эмасди. Гул кўчага чиқиб тургани сабабли сизга эмас, кўчадан ўтганларга тегишли бўлади. Мен ҳеч қачон девордан ошиб, боққа тушиб атиргул олмаганман. Мен узган атиргуллар боғнинг деворидан ошиб, кўчага чиқиб турган эди.
— Айбсизлигингни оқлашнинг жуда қулай йўлини топдинг-а! — жаҳли чиққанидан томоғи бўғилиб чийиллади боғнинг эгаси.
— Бекор айтибсиз, қўшни! Ўғлим ҳечам ўзини оқлашга уринаётгани йўқ, — деди Гюго Гомернинг отаси.
— Нима-а? — ўзини идора қила олмай бақириб юборди Бруно Андон ва шу заҳоти нима дейишини билмай каловланиб қолди. Унинг юзлари бўзарди, манглайидаги томири ўқловдай бўртиб чиқди.
— Атиргулларни нима учун узган эдинг? — сўради ўғлидан ота.
— Мен гулларни илгариги мураббиям, иккинчи синф муаллимаси Мора хонимга совға қилиш учун узган эдим. У жудаям чиройли! Овозлари бирам майин. Юзлари новвотдек, кўзлари юлдуздек! Айтмоқчиманки… У менга жуда кўп меҳрибонлик қилган. Бизга иккинчи синфда дарс берган пайтларида менга қизиқарли китоблар совға қилган! Энди мен тўртинчи синфда ўқиётганимда нима учун уни унутишим керак?
— Муҳтарам! — қичқирди Бруно Андон. У болага “сиз” деб мурожаат қилди. — Сиз ўша меҳрибон ва гўзал қизни, собиқ ўқитувчингизни унутмаганингиз учун таҳсинга сазоворсиз. Бироқ сиз нима учун унга менинг ҳисобимдан меҳрибонлик изҳор этаяпсиз? Нега унга менинг гулларимни совға қиляпсиз?
— Мен сизга айтдим-ку, ахир, жаноб, ўша гуллар девордан ташқарига чиқиб турган эди.
— Шунинг учун сен, — ўшқирди у болани яна сенсираб, — уларни менга тегишли эмас, деб ҳисоблайсанми?
— Ҳа, жаноб.
— Судялар ўзгача ҳукм чиқаришган бўлур эди, шумтака, ўғри!
— Жаноб Бруно Андон, — дея ўртага тушди боланинг отаси, — Худо ҳаққи, боланинг руҳиятини жароҳатламанг. Кўриб турибсиз-ку, унинг юзлари оқариб кетди. Лаблари титраб, кўзлари ёшланди, у ҳозир йиғлаб юборади.
— Бироқ сизни, жаноб Алварес Хунко, — сиздек муҳтарам ёзувчини манави тўққиз ёшли мишиқининг ўзини оқлаш учун ўйлаб топган баҳонаси ғазаблантирмайдими?
— Йўқ! Сиз адашаяпсиз қўшни, менинг ўғлим ўзини оқлаш учун ҳеч қанақа баҳона ўйлаб топаётгани йўқ. У ўзини оқламаяпти. Бола мутлақо самимий, ўзининг беғубор юраги ила атиргулларингиз девордан ташқарига осилиб кўчага чиқиб тургани учун сизга тегишли эмас, деб ўйламоқда. Бундан ташқари, у гулларни сотиш учун узмаган. Агар у гулларингизни пуллаганида эди, ҳақиқатан ҳам ўғри бўларди. Ахир у гулларни совға қилган-ку. Бордию у гулларни ҳозирги ўқитувчисига ҳадя этиб, бунинг эвазига унинг ҳурматини қозонишни кўзлаганида эди, сиз айтганингиздек, менинг ўғлим ўғирлик содир этган бўларди. Ахир, у атиргулларни гўзал, меҳрибон, соҳибжамол, латофатли, жозибадор ва сахий иккинчи синф ўқитувчисига совға қилган ва эвазига ундан ҳеч нарса талаб қилмаган. Ва ҳеч нарса талаб қилишни истамаган ҳам. Сизнинг атиргулларингиз эзгуликка сарф этилган, ахир. Таъбир жоиз бўлса, улар устоз ва шогирд ўртасидаги гўзал хотираларни жонлантиришга хизмат қилган. Бу туйғулар шеъриятга ва эҳтимолки, муҳаббатга йўғрилгандир…
— Сизнинг бу гапингизга қараганда, — дея минғирлади Бруно Андон, — яъни, сиз демоқчисизки, ўғлингиз менинг атиргулларимни узиб, гўзал, меҳрибон, латофатли ва яна худо қандайдир фазилатлар билан сийлаган ўқитувчига элтиб бергани учун унга раҳмат айтишим керакми ҳали? Шуни билиб қўйинг, жаноб Алварес Хунко, бордию ўғлингиз атиргулларимни мен учун табаррук бўлган картизианларнинг Муқаддас Бруно ордени асосчисининг меҳробига олиб бориб қўйган тақдирда ҳам мен уни барибир ўғри деб ҳисоблардим. Бироқ сиз менинг фикримга қўшилмайсиз, шундайми?
— Йўқ.
— Демак, сиз тўққиз яшар ўғилчангизнинг бўлмағур, ақлга сиғмайдиган, бемаъни, ғайриқонуний хатти-ҳаракатини маъқуллайсиз? Нима ҳам дердим, унинг қилмишини қандай изоҳлашни билмайман… Ростдан ҳам, бу қилиқни нима деб аташ мумкин!? Устига устак болангизнинг ёнини олаётганингизни, жаноб Алварес Хунко, мен асло иккиланиб ўтирмай, жиноят қилаяпсиз, деб баҳолайман. Бола бечорани жудаям яхши тарбиялаётган экансиз! Яхши қолинг, жаноб!
Бруно Андон оғзидан тупук сачраб шляпасини ғижимлаганча хонадан чиқиб кетди, аммо шу заҳотиёқ эшик қайта очилиб, унинг жаҳлдан қизариб кетган башараси кўринди.
— Илтимос, жаноб, бундан сўнг мен билан саломлашаман, деб овора бўлманг. Барибир алик олмайман.
— Хўп бўлади, қўшни.
— Билиб қўйинг, сизни огоҳлантираман: агар ўғлингиз яна бир бор менинг атиргулимни узса, сиздек тутуруқсиз отанинг ўрнига уни ўз қўлларим билан жазолайман.
— Таҳдид қиляпсизми?
— Ҳа, бироқ, эҳтимол бундан ҳам яхшироқ йўл тутарман: шу бугуноқ деворнинг ёнида ўсган гул буталарини томири билан суғуриб ташлайман, токи кўчадан ўтган ҳар хил ўғриларнинг қўли атиргулга етмасин!
— Йўқ, йўқ! — қичқириб юборди бола. — Ўша гулбута шунчалар чиройлики! Уни суғурманг, илтимос! Бундан буён атиргулларга умуман тегмайман, сўз бераман…
— Мен уни суғуриб ташлайман, суғуриб ташлайман! — телбаларча бақирди Бруно Андон ва эшикни тарақлатиб ёпиб чиқиб кетди.
— Ота, қип-қизил жинни экан-ку бу одам! — дея ҳайрон бўлди Гюго Гомер.
— У, албатта, ўзини ақллиман, деб ўйлайди, — таъкидлайди отаси. — У ва унга ўхшаган ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўювчи худбинлар бизни телба, деб ўйлашади. Ҳар эҳтимолга қарши, бундай жанжалларнинг олдини олиш учун бундан кейин бировнинг боғидан гул узмагин, хўпми?
— Мабодо атиргуллар девордан осилиб ташқарига чиқиб турган бўлса ҳамми? — деди яна соддадиллик билан бола.
— Ҳа, ўғлим, гуллар кўчада турган бўлса ҳам узмагин. Мен эса ҳар ҳафтада сенга севимли ўқитувчингга совға қилиш учун гул сотиб олишга қанча пул керак бўлса, бериб тураман, хўпми?
— Хўп бўлади, отажон! Ота, биласизми… — дея жим бўлиб қолди бола.
— Хўш-хўш, нима демоқчисан, ўғлим?
— Биласизми, мен унга атиргул совға қилган пайтда у менинг бўйимга етгунча эгилади-да юзимдан ўпади. Унинг юзлари бахмалдек, ҳақиқий бахмалдек майин, иссиққина, хушбўйгина. — Яна уялибгина жим бўлиб қолади бола.
— Кўнглингдаги гапни айтавер, ўғлим. Эшитаман, болам, нима демоқчи эдинг.
— Ота, мен йигирмага кирганимда ана шу ўқитувчимга уйлансам бўладими?
— Ўҳ-ҳў, яна ўн бир йил кутишинг зарур. Хўш, у ҳозир неча ёшда экан?
— Йигирмада. Ўзидан сўраб билиб олдим.
— Демак, сен йигирмага кирганингда у ўттиз бирга тўлади. Мисол учун, агар сен ўшанда унинг қизига уйлансанг, яхши бўларди. Нима дейсан?
— Унинг қизи ҳам ўзига ўхшаган чиройли бўладими?
— Албатта.
— Яхши, отажон, унда мен, майли, унинг қизига уйланаман.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 39-сонидан олинди.