Альгирдас Поцюс. Меҳмон (ҳикоя)

Эшик очилиб, хонага кўк камзулли бола кириб келди. У ғоят биққилигидан юриб эмас, думалаб киргандай туюлди.
– Менинг исмим Римас. Сеникига меҳмонга келдим.
Гитис хурсанд бўлганидан сакраб, чапак чалиб юборди.
– Кел, ўйнаймиз. Менинг иккита пойгачи мошинчам бор, – дея меҳмонга мулозамат қилди Гитис.
Римас эса ўйинчоқларга қиё ҳам боқмай, хонага бамайлихотир кўз югуртирди.
– Гиламларинг қани? – деб сўраб қолди у.
Гитис бошини тебратиб, жавоб берди:
– Биз гиламни ёқтирмаймиз. Улар чанг тўплайди.
Римас ишонқирамай кулимсиради.
– Йўқ, гилам чанг тўпламайди, балки хонани безайди, – деди у.
Гитис тортишиб ўтирмади. У меҳмоннинг кетидан юриб хонани айланар, ўйнаш учун пайт пойларди. Римас бўлса, бирор нарса ахтаринган кишидай жавонни очиб унга кўз югуртирди.
– Бизнинг жавонда олтита биллур қадаҳ бор.
– Бизнинг ёғоч қошиқларимиз бор. Қўлда ясалган. Ярмаркадан олганмиз.
Меҳмон буни яхши ё ёмонлигининг фарқига боролмагани учун индамади.
– Бизникига меҳмонлар келганда, уларга зиёфат қиламиз, – деб қолди Римас.
– Биз ҳам, – бошни қимирлатди Гитис.
– Нега унда мени меҳмон қилмаяпсан?
– Сен катта меҳмон эмассан-да. Фақат катталаргина меҳмон қилинади.
– Ҳеч-да! Кичикларни ҳам ҳар хил ширинликлар билан меҳмон қиладилар, улар ҳам меҳмон-да, – дея Римас столга яқин борди.
– Майли! – деганча ошхона томонга чопқиллади Гитис. Ҳеч қанча вақт ўтмай, қулупнай тўла тақсимча билан қайтди. Қулупнайлар саралаб олингандай тўқ қизил, катта-катта эди.
– Ярми бизга, ярми ойимга, – дея огоҳлантирди Гитис.
Болалар бир-бирига қарама-қарши ўтириб олдилар. Ўртадаги қулупнайлар чўғдай, кўзни қамаштирарди. Иккисининг ҳам қўллари худди мусобақалашаётгандай, идишдан оғизга, оғиздан идишга бориб кела бошлади. Бирпасда идишнинг таги кўриниб қолди.
Гитис ейишдан тўхтаб, нафас ростлади – хўрсинди. Римас эса ўзини стул суянчиғига ташлади-да, лабларини ялаб:
– Биз қулупнай устига меҳмон учун шакар сепамиз! – деди.
– Ҳа-я, сепсак, сепибмиз-да! – рози бўлди Гитис.
У ошхонага чопиб бориб, шакардонни келтирди. Чўғдай қулупнайлар устини оппоқ қордай шакар қоплади.
– Бўлди! – дея сахий мезбонни тўхтатди Римас. – Шакарнинг ози яхши.
Меҳмондорчилик яна давом этди.
– Мана бу бошқа гап! – Гитисга миннатдорлик изҳор қилди меҳмон.
Идишда бармоқ билан санарли қулупнай қолганда, Римас тумшайиб олди: унга Гитис қулупнайларни танлаб-танлаб катта-катталарини еяётгандай туюлди.
– Бунчалик катталарини ема – ёриласан!
– Ўзинг-чи?
– Мен?… мен ўрганиб қолганман, – деди Римас оғзини қулупнайга тўлдириб.
– Мен ҳам ўрганиб қолганман, – деди оғринганини яширмай Гитис.
Узатган қўли тақсимча тагига теккач, Гитис қулупнайларнинг ярмини ойисига қолдирмоқчи бўлганини эслади. Тўғри, у меҳмон келиб қолишини билмаганди. Меҳмонга эса зиёфат қилиш керак.
Бўм-бўш идишдан қулупнайнинг хуштаъм ҳиди анқир, болалар эса жимгина ўтиришарди.
Жимликни Римас бузиб:
– Биз меҳмонларимиз олдига пишириқлар ва чой қўямиз, – деди.
– Пишириқлар билан меҳмон қиласизларми? – деди анграйиб Гитис.
У стулдан ўрмалаб тушди-да, йўлни яна ошхона томонга солди. Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ҳам истаган нарсасини топа олмади. Қайтиб чиққанида эса қўлида бир банка асал ва иккита қошиқча бор эди.
Меҳмондорчилик яна давом этди.
Энди қўллар билан қошиқлар ҳам аввалги йўсинда ҳаракат қила бошлади. Асал қиёмига етган эканми, банка яримлаганда меҳмонга ўткирлик қилиб қолди.
– Мен энди кетай, – қўзғалди меҳмон.
Гитис ўйинчоқларини кўз-кўз қилгиси келса-да, уларда меҳмонга ўйинчоқ совға қилиш одати бўлмасин, деган ўйга бориб, Римасни индамайгина эшиккача кузатиб қўйди.
Остонага етгач, Римас мезбонга жиддий тикилди ва:
– Биз меҳмонни кузатаётганимизда, уларга эсдалик учун бирор нарса совға қиламиз, – деди.
– Айтмовдимми! – капалаги учиб кетди Гитиснинг. Наҳотки Римас унинг машиначасини ёки самокатини олиб кетиб қолса? У бошини хам қилганча, индамай тураверди. Шу пайт бирдан кўрдики, Римаснинг ботинкаси лой, ҳамма ёқ оёқ изи эди. Бундан Гитиснинг жаҳли чиқди.
– Бизникига келган меҳмонлар оёқ кийимини алмаштирадилар. Кимки хоҳламаса, биз унга латта берамиз, марҳамат қилиб оёқ изларини артиб чиқсин, – деди қичқиргудай бўлиб.
Кўк камзул кийган бу семизгина бола шундагина ўзининг лойга булғанган ботинкасига қараб қўйди. Аммо елкасини қисиб, қўлини эшик тутқичига узатди.
– Мезбонлик қилишни билмас экансан. Сеникига бошқа келмайман! – деб эшикка равона бўлди.
– Керак ҳам эмас! Келмасанг келма! – остонадан қичқириб қолди Гитис. – Келмади, деб йиғламайман ҳам!
Римас аввалига оҳиста қадам ташлаб борди, кейин тезлашди, сўнг югура бошлади. У югураётганда тўпга, ҳақиқий тўпга ўхшарди.

Русчадан Чори Аваз таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 6-сон