Иштирок этувчилар:
Бусигин
Сильва
Сарафанов
Васенька
Кудимов
Нина
Макарская
Иккита қиз
Қўшни
БИРИНЧИ ПАРДА
Биринчи кўриниш
Оқшом. Чоғроқ ҳовли. Дарвоза. Ғиштин уйнинг подъездларидан бири. Деразаси ҳовлига қараган, кираверишда соябони бор ёғоч уй. Қатор тераклар тагига ўриндиқ қўйилган. Кўчадан кулги ва ғала-ғовур эшитилади.
Саҳнага Бусигин, Сильва ва иккита қиз кириб келишади. Сильва ўйноқи ҳаракатлар билан гитара чалмоқда, Бусигин эса қизлардан бирини қўлтиқлаб олган. Тўрталасининг ҳам кечки салқиндан эти жунжикаётгани сезилиб турибди.
Сильва (куйлаб). “Чанада учмоқдамиз – етолмайсан,
Қуюндай учмоқдамиз – кўролмайсан…”
Биринчи қиз. Мана, болалар, биз уйимизга деярли етиб келдик.
Бусигин. “Деярли”си ҳисобмас!
Иккинчи қиз (Бусигинга). Марҳамат қилиб, қўлимни қўйиб юборсангиз. (Қўлини бўшатиб олиб.) Кузатиб қўйганингиз учун раҳмат, бу ёғига ўзимиз кетаверамиз.
Сильва (гитара чалишдан тўхтаб). Нима? Ўзимиз кетаверамиз, деганингиз нимаси?(Артистона.) Буни қандоқ тушунмоқ керак? Яъни, сиз – у ёққа, биз – бу ёққами?
Биринчи қиз. Тўғри тушунибсиз.
Сильва (Бусигинга). Қадрдон дўстим, бу гапга нима дейсан?
Бусигин (биринчи қизга). Демак, бизни қоп-қоронғи кўчага ташлаб кетасизлар?
Биринчи қиз. Нима деб ўйловдинглар?
Бусигин(бечорасифат). Ойда-йилда бир келиб қолибмиз – уйга таклиф қилиб, “жиз-биз” қиворсаларинг ҳам йўқ демасдик.
Биринчи қиз. “Жиз-биз”? Ярим кечада-я?
Бусигин. Нима бўпти?
Биринчи қиз. Кечирасизлар, умидларингни пучга чиқаришга мажбурман, бизнинг уйимизда тунгги меҳмонларга жой йўқ.
Сильва (Бусигинга). Бунга нима дейсиз, бўтам?
Бусигин. Тунингиз хайрли бўлсин, дейишдан ўзга чорамиз йўқ.
Қизлар (биргаликда). Яхши тушлар кўринглар!
Сильва (уларни тўхтатиб). Ие, шошманглар, ҳў, тўхтанглар! Бу қанақаси? Не умидлар билан шу ергача кузатиб келдик. Айтиб қўяй, ўзларингга қийин бўлади лекин! Ҳалиям кеч эмас…
Иккинчи қиз. Нимага кеч эмас?
Сильва. Меҳмондорчиликка-да!
Иккинчи қиз. Меҳмондорчиликка? Яна нима хоҳлайсиз? Бироз рақс тушдик, озгина вино ичдик – шу билан азиз меҳмонимиз бўп қолдиларингми? Вой, кўнглингизнинг кўчасидан!.. Чучварани хом санабсизлар!
Сильва. Аёлларнинг макри етти вагонга юк бўлишига энди ишондим! (Иккинчи қизнинг билагидан ушлаб.) Ҳеч қурса, хайрли тун тилаб ўпиб қўйишимга рухсат берарсиз?
Қизлар қочиб чиқиб кетишади.
Қизлар, қизлар, шошманглар! Ҳазиллашувдик биз!..
Йигитлар ҳам қизларнинг ортидан чиқиб кетишади.
Қўлида кларнет билан Сарафанов пайдо бўлади. Унга қарама-қарши томондан ёши бир жойга бориб қолган қўшни чиқиб қолади.
Қўшни. Салом, Андрей Григорьевич!
Сарафанов. Яхшимисиз, қўшни?
Қўшни. Ишданми?
Сарафанов. Нима?.. (Шошиб.) Ҳа-ҳа, ишдан-ишдан…
Қўшни (истеҳзоли). Ишдан, денг?.. (Танбеҳ оҳангида.) Эҳ, Андрей Григорьевич, менга янги иш жойингиз ёқмади-ёқмади-да.
Сарафанов (унинг гапига аҳамият бермай). Шундай бемаҳалда қаерга кетяпсиз, қўшни?
Қўшни. Қаерга бўларди? Ҳеч қаерга! Қон босимим ошиб кетяпти, шунга бироз очиқ ҳавода айланиб келмоқчиман.
Сарафанов. Ҳа, ҳа… Айланиш керак… Фойдаси бор, жуда фойдаси бор… Бўпти, яхши дам олинг. (Кетмоқчи бўлади.)
Қўшни. Шошманг…
Сарафанов тўхтайди.
(Кларнетни кўрсатиб.) Кимни қўйиб келдиларинг?
Сарафанов. Тушунмадим?
Қўшни. Ким ўлди, деяпман.
Сарафанов (қўрқиб кетиб). Тш-ш!.. Секин!..
Қўшни қўли билан оғзини бекитиб, “бўлди-бўлди” дегандай бош ирғайди.
Қўшни. Гулдур-гуп!.. (Шивирлаб.) Кимни кўмдиларинг?
Сарафанов (у ҳам шивирлаб). Одамни.
Қўшни. Ёшмиди, қаримиди?
Сарафанов. Ўрта ёшларда…
Қўшни анча пайт мотамсаро қиёфада бош чайқаб туради.
Кечирасиз, мен уйга кириб бироз чўзилмасам бўлмайди. Чарчабман, шекилли…
Қўшни. Барибир, Андрей Григорьевич, шу ишингизни мутлақо ҳазм қилолмайман.
Тарқалишади. Биттаси подъездга кириб кетади, иккинчиси кўчага чиқади.
Кўча томондан Васенька кириб, дарвоза олдида бир муддат тўхтаб қолади. Унинг хатти-ҳаракатида қандайдир бесаранжомлик ва қисиниб-қимтиниш бор эди. Қадам товушлари эшитилади. Васенька подъездга қочиб кириб кетади. Дарвозада Макарская пайдо бўлади. Васенька гўё тасодифан учрашиб қолгандай дарвоза ёққа юради.
Васенька. О, учрашганимизни қара-я!
Макарская. Ҳа, бу сенмидинг?
Васенька. Салом!
Макарская. Салом, кичкинтой, қалайсан? Бу ерда нима қилиб юрибсан? (Ёғоч уй томон юради.)
Васенька. Шунчаки, айланиб… Бирга айланмаймизми?
Макарская. Шу изғиринда айланишга бало борми! (Калит чиқаради.)
Васенька(эшик билан қизнинг ўртасида турганича). Қўйвормайман.
Макарская (парво қилмай). Уф-ф, тағин бошланди!
Васенька. Сен очиқ ҳавода кам бўласан.
Макарская. Васенька, уйингга бор.
Васенька. Шошма, бироз гаплашиб ўтирайлик. Бирон нима де.
Макарская. Хайрли тун.
Васенька. Эртага сен билан кинога тушамиз, де.
Макарская. Эртага бўлаверсин-чи. Энди бориб ухла. Қўйвор!
Васенька. Қўйвормайман.
Макарская. Уйдагиларингга айтиб бераман, кунингни кўрсатишади!
Васенька. Нега бақирасан?
Макарская. Э, Худо, сенга нима ёмонлик қилувдим-а?!
Васенька. Бақиравер. Эҳтимол, ёқаётгандир менга.
Макарская. Нима ёқаётгандир?
Васенька. Бақиришинг.
Макарская. Васенька, мени яхши кўрасанми?
Васенька. Менми?
Макарская. Яхши кўрасан. Лекин мен яхши кўришингга унчалик ишонмаяпман. Қара, шу изғиринда битта кофтада совуқ қотиб туришимга сен без бўлиб қараб турибсан. Яхши кўриш шунақа бўладими?
Васенька (таслим бўлиб). Совуқ едингми?..
Макарская (калит билан эшикни оча туриб). Ана… Баракалла. Яхши кўрсанг гапимга киришинг керак. (Остонада тўхтаб.) Менга қара, икки қулоғинг билан ҳам яхшилаб эшитиб ол, бундан буён мени кутма ҳам, кузатиб ҳам юрма, итнинг думидай менга эргашма ҳам! Негаки, бундан барибир ҳеч нарса чиқмайди… Энди уйингга бориб ухла. (Уйга кириб кетади.)
Васенька (эшикка яқинлашади, аммо у ёпилиб қолади). Оч, эшитяпсанми, эшикни оч! (Тақиллатиб.) Бир дақиқага очгин! Сенда гапим бор! Эшитяпсанми, оч деяпман!
Макарская (деразадан). Бақирма! Бутун шаҳарни уйғотворасан!
Васенька. Уйғонса уйғониб ўлмайдими?! (Эшик тагига ўтиради.) Менинг қанчалик аҳмоқлигимни билиб қўйишсин-да!
Макарская. Нега тушунмайсан, тентаквой, мен сендан ўн ёш каттаман! Бундан ташқари, биз бошқа-бошқа одамлармиз: орзуларимиз бошқа, мақсадларимиз бошқа, идеалларимиз бошқа! Буларнинг барини мактабда тушунтириши керак эди-ку. Бир-биримизга умуман тўғри келмаймиз! Сен ўз тенгингни топишинг керак. Ҳозир мактабда севги-муҳаббат мумкин, шекилли? Биз ўқиган пайтларда мумкин эмас эди…
Васенька. Қўйсанг-чи бўлмағур гапларни.
Макарская. Бўпти, одамга ўхшаб гапирсам тушунмайсан чоғи. Сен жонимга тегиб кетдинг! Чарчадим сендан! Турқингни кўришга тоқатим йўқ! Эртадан бошлаб қорангни кўрмай бу ерда!
Васенька (деразага яқинлашиб). Яхши. Энди мени кўрмайсан. (Мотамсаро.) Умуман кўрмайсан…
Макарская. Боланинг томи кетиб қопти!
Васенька. Эртага кўришайли-ик?.. Бир мартагина! Ярим соатга! Охирги марта! Майли деяқол, бир жойинг камайиб қоладими?
Макарская (кесатиб). Яна нима? Бир марта учрашувга рухсат берсанг, канадай ёпишиб оласан. Мен сени яхши биламан.
Васенька (тўсатдан). Ифлос! Ифлос!
Макарская. Ни-ма?! Нима дединг?! Вой, жўжахўроз-ей!.. Оғзидан она сути кетмаган-у, сапчишини қара! Йўқ, эрга тегмасам бўлмайди! Онам тўғри айтган экан: эр – қозоннинг қопқоғи, деб! Қозон очиқ бўлса ит ҳам, мушук ҳам бурнини тиқиб ўтади! Йўқол бу ердан!
Сукут.
Васенька. Кечир… Қизишиб кетдим…
Макарская. Қани, бир туёғингни шиқиллатиб қол-чи, мишиқи! (Деразани шарақлатиб ёпиб қўяди.)
Васенька подъезд томон юради. Бусигин билан Сильва пайдо бўлишади.
Сильва. Боплаб кетишди-ку, а?
Бусигин. Бироз дам олайлик.
Сильва. Лекин, анави оқишдан келгани чаккимас, а, нима дединг?
Бусигин. Бўйи пастроқ экан.
Сильва. Ахир, ўшанисини ёқтирувдинг-ку?
Бусигин. Энди ёқтирмай қолдим.
Сильва (соатига қараб ҳуштак чалиб қўяди). Соат неча бўлди экан?
Бусигин (у ҳам соатига қарайди). Ўн бир ярим.
Сильва. Неча?.. Табригимни қабул айланг, охирги электричкага кеч қолибмиз.
Бусигин. Ростданми?
Сильва. Тамом! Эрталаб соат олтигача омон бўл!
Бусигин ҳуштак чалиб юборади.
Сильва (совуқдан қалтираб). У-у… Баттар бўлинглар, жаноб тўнкалар! Кузатиб қўйиш ана шунақа бўлади…
Бусигин. Уйгача анчами?
Сильва. Камида ўн икки километр чиқади. Нима жин уриб ўшаларга илакишиб қолдик?
Бусигин. Қаерга келиб қолдик ўзи, нотаниш жойлар?
Сильва. Қишлоқнинг ҳам қишлоғи!
Бусигин. Бу ерда танишлардан йўқми?
Сильва. Қаёқда! На таниш бор, на мелиса!
Бусигин. Тушунарли. Ўткинчилар бордир?
Сильва. Қишлоқ деб қўйибди буни – қоронғи тушмасдан ётиб олишади. Ҳозир тушларининг еттинчи сериясини кўришаётгандир.
Бусигин. Унда нима қилдик?
Сильва. Отинг нимайди сенинг? Кечирасан, ҳали кафеда яхши эшитолмай қолдим.
Бусигин. Мен ҳам эшитолмай қолдим.
Сильва. Кел, бўлмасам, бошқатдан танишамиз.
Бусигин (қўл олишиб). Бусигин. Владимир.
Сильва. Севостьянов. Семён. Оддий қилиб Сильва десанг ҳам бўлаверади.
Бусигин. Нега Сильва?
Сильва. Ким билади дейсан. Кўча-жўралар шунақа деб лақаб қўйишга қўйишди-ю, лекин маъносини тушунтириб ўтиришмади.
Бусигин. Сени қаердадир кўрганман. Марказий кўчадами…
Сильва. Бўлмасам-чи! Мен ҳар куни кечқурун соат саккиздан ўн биргача ўша ерда бўламан-ку!
Бусигин. Бирон иш-пиш қиласанми?
Сильва. Албатта-да. Ҳозирча савдода. Агентман.
Бусигин. Бу қанақа иш бўлди?
Сильва. Ишдақа иш. Ҳисоб-китоб, назорат. Ўзинг-чи, нима иш қиласан?
Бусигин. Талабаман.
Сильва. Жуда яхши. Менга ёқиб қолдинг – дўст бўламиз. Мана кўрасан, мен садоқатли одамман.
Бусигин. Шошма, кимдир келяпти.
Сильва (совуқдан қалтираб). Совуқ еб кетдик, де.
Қўшни сайрдан қайтяпти.
Бусигин. Салом.
Қўшни. Салом.
Сильва. Бу ерда тунгги клуб борми, оқсоқол?
Бусигин (Сильвага). Шошмай тур. (Қўшнига.) Бу ерда автобус бекати борми?
Қўшни. Бекат?.. Ҳа, йўлнинг нариги томонида.
Бусигин. Охирги автобусга улгурамизми?
Қўшни. Улгурсаларинг керак. (Бир муддат ўйланиб туриб.) Энди улгуролмайсизлар, шекилли.
Бусигин. Менга қаранг, қаерда бир кеча тунасак бўлади. Меҳмонга келувдик, электричкага кеч қолиб кетдик.
Қўшни (уларга гумонсираб қараганча). Бўп туради…
Сильва. Биз бир амаллаб тонг оттириб олсак бўлди, кўрпа-тўшак ҳам шартмас…
Қўшни. Тушуниб турибман…
Сильва. Иссиқроқ бўлса бўлди, даҳлизми, печканинг орқасими…
Қўшни. Йўқ, йигитлар, йўқ! Иложим йўқ!..
Бусигин. Нега ахир?
Қўшни. Менга-ку, барибир-а, уйда бир ўзиммасман-да. Ўзларинг тушунасизлар-ку, хотин, қайнона, деганларидай…
Бусигин. Тушунарли.
Қўшни. Ўзимга қолса жон дердим.
Бусигин. Эҳ, отахон, отахон…
Сильва. Шимни ечиб, лозим кийиб олинг, оқсоқол!
Қўшни ҳадиксираганча индамай ғойиб бўлади.
Бу шамол қаёқдан пайдо бўлди? Ҳаво туппа-тузик эди, бирпасда айниди-қолди!
Бусигин. Ёмғир ёғса керак.
Сильва. Ҳа, шу етмай турувди!..
Бусигин. Қорга айланиши ҳам мумкин.
Сильва. Эҳ, хомкалла, иссиққина уйда ўтирсам бўлмасмиди! Зерикмайсан. Дадам ғирт масхарабоз – доим бирон ғавғони бошлаб юради. Мана, масалан, кеча. Бу қилиқларинг, дейдилар, менинг мана бу еримга келди, сенинг дастингдан кўчада бош кўтариб юролмай қолдим, дейдилар. Мана сенга охирги йигирма сўм, қовоқхонага бор-да, тўйгунингча ичиб тўполон қил. Шунақа тўполон қилки, сени бир-икки йилгача кўрмай, дейдилар!.. Қалай тарбия, а?
Бусигин. Ҳа, даданг ақлли одам экан.
Сильва. Сенда-чи?
Бусигин. Нима менда?
Сильва. Даданг билан келишмовчиликларингни айтяпман.
Бусигин. Бизда ҳеч қанақа келишмовчилик йўқ.
Сильва. Наҳотки? (Интервью олаётган мухбирга тақлид қилиб.) Айтинг-чи, сиз бундай муваффақиятга қандай қилиб эришдингиз?
Бусигин. Жуда оддий. Менинг отам йўқ.
Сильва (юзидаги табассум ўчиб).А-а, унда бошқа гап… Уйинг борми?
Бусигин. Йўқ, ётоқхонада тураман.
Сильва. Мединститутникими?
Бусигин. Топдинг… Чиндан ҳам бу ернинг об-ҳавоси расво экан.
Сильва. Шуям баҳор бўлди-ю!.. Устига-устак бир ойдан бери уйқунинг тайини йўқ.
Бусигин. Бўпти, сен манави подъездни қара, мен ҳовлиларни айланаман. Жой берадиган бирор раҳмдил топилиб қолар. (Макарскаянинг деразасига яқинлашади.)
Сильва подъездга кириб кетади.
(Деразани тақиллатиб.) Ҳў, ким бор?.. (Яна тақиллатади.) Ҳў, бирон тирик жон борми?
Макарская (деразани очиб). Ким у?..
Бусигин. Ассалому алайкум, яхши қиз. Сиздан бир илтимос, электричкадан қолиб кетдим, совуқда энамни кўраяпман.
Макарская. Хомтама бўлма, жой йўқ!
Бусигин. Шошманг, аввал “берди”сини эшитинг.
Макарская. “Олди”сини ҳам, “берди”сини ҳам эшитмайман! Уйда ёлғизман.
Бусигин. Яхши-ку.
Макарская. Нимаси яхши? Ёлғиз аёлман, деяпман!
Бусигин. Жуда яхши! Демак, жой мўл!
Макарская. Жинни-пиннимасмисан! Билмаган-танимаган одамни қандай уйимга қўяман?
Бусигин. Буни дарров тузатамиз! Марҳамат! Бусигин Владимир Петрович. Талаба.
Макарская. Нима бўпти шунга?
Бусигин. Ҳеч нима. Энди биз танишмиз.
Макарская. Шунинг ўзи етарли деб ўйлайсанми?
Бусигин. Яна нима?.. Ҳа-я… Олдиндан фол очмоқчи эмасман-у, лекин сиз менга ёқа бошлаяпсиз.
Макарская. Сурбет.
Бусигин. Шундай чиройли қизга бундай қўполлик сира ярашмас экан. Сиз, яхшиси, айтинг-чи, совуқ, кимсасиз қоронғи уйда ёлғиз ётгани қўрқмайсизми?
Макарская. Йўқ, қўрқмайман – итим бор!
Бусигин. Кечаси тўсатдан мазангиз қочиб қолса, сиз шўрликка бир пиёла сув берадиган одам ҳам йўқ. Бу ишни итингиз қилиб беролмайди.
Макарская. Қўрқманг, касал бўлмайман! Кўп гап – эшакка юк! Бошқа сафар гаплашармиз, хайр!
Бусигин. Бошқа сафар – қачон? Эртагами? Эртага хабар олайми?
Макарская. Уриниб кўринг-чи.
Бусигин. Эртагача етиб бормасам керак – совуқда тараша бўп қоламан.
Макарская. Сени жин ҳам урмайди.
Бусигин. Менимча, сиз, яхши қиз, бизни совуқдан қутқара оласиз.
Макарская. Бизни? Ҳали бир ўзингмасмисан?
Бусигин. Ҳамма гап шунда-да, шеригим ҳам бор…
Макарская. Ўзинг бир қоп ташвиш бўп турибсан, шеригинг билан икки қоп ташвиш бўларкансизлар-да! Хуш келибсизлар! (Деразани тарақлатиб ёпиб олади.)
Бусигин. Ана, гаплашиб ҳам олдик… (Ҳовлини кесиб ўтиб, кўчага чиқади. У ёқ-бу ёққа аланглайди.)
Сильва пайдо бўлади.
Қалай бўлди?
Сильва. Бекорга овора бўляпмизми, дейман-да. Учта хонадоннинг қўнғироғини босдим – ит ҳам акилламади. Қўрқишяпти, менимча…
Бусигин. Шайтон топмас жойлар экан… Бу ерларда ўлигимизни ҳам топишолмайди.
Сильва. Тўғри. Яна бир соат турсам, ҳайкал бўп қоламан. Кўнглим сезяпти.
Бусигин. Подъездда тунасак-чи?
Сильва. У ер ташқаридан баттар – елвизак. Подъездни иситадиган замонлар ўтиб кетган. Бу совуқда ажалимиздан беш кун бурун ўлиб кетиш ҳеч гапмас…
Бусигин. Ҳа-а, атрофда юзлаб иссиқ уйлар бўлатуриб, совуқдан ўлиб кетиш алам қилар экан.
Сильва. Э, уйлари бошидан қолсин! Атрофда қанча ичкилиг-у, қанча газаклар увол бўлиб ётибди! Устига-устак, қанчадан-қанча ёлғиз аёллар! Бунга қандоқ чидаб бўлади? Кетдик, ҳамма эшикларни бир чеккадан тақиллатиб чиқамиз!
Бусигин. Шошма, нима деймиз?
Сильва. Нима дердик, электричкадан кеч қолдик, деймиз.
Бусигин. Ишонишмайди.
Сильва. Совуқ еб кетдик, деймиз.
Бусигин. Нима бўпти? Ким бўпсанки, сен учун ҳамма куйиб-пишса? Ҳозир қаҳратон қишмас, эрталабгача ўлиб қолмайсан.
Сильва. Йўлтўсарлардан қочиб юрибмиз, бизни ўлдиришмоқчи, десак-чи?
Бусигин кулади.
Наҳотки шундаям қўйишмаса?
Бусигин. Одамларни яхши билмас экансан.
Сильва. Сен биласанми?
Бусигин. Биламан. Оз-моз. Бундан ташқари мен одам психологияси ҳақида маърузаларга бориб тураман. Физиология, психоанализ деган нарсаларга қизиқаман. Бунинг оқибатида одамлар ҳақида нималарни билганимни айтайми?
Сильва. Айт.
Бусигин. Одамзоднинг териси қалин бўлади, шунинг учун ҳам унча-мунча нарса таъсир қилавермайди. Рост гапинг – бир тийин, ёлғон гапга ишонишга мойил бўлади. Шунда ҳамманинг раҳмиям келади, жой ҳам беради.
Сильва. Ҳмм… Гапинг тўғри. Аввал уларни уйғотиш керак. (Баланд овозда қўшиқ айтади.) Тунги кўча чироқлар тебранганда,
Ёлғиз юрмаганингиз маъқул…
Бусигин. Қўйсанг-чи.
Сильва (парво қилмай). Қовоқхонадан келяпман,
Манзилимга етяпман.
Йиқилиб, гандираклаб,
Уйим сари келяпман.
1-қўшнининг овози (тепадаги балкондан). Э-эй, филармония! Бемаҳал қичқирган хўроз нима бўлишини биласизларми? Шўрва бўлади!
Сильва (бошини кўтариб). Шўрвангиз иссиқми ишқилиб?
2-қўшнининг овози (бошқа балкондан). Қани, туёқларингни шиқиллатиб қолинглар-чи! Ўзимизнинг безориларимиз ҳам етиб ортади!
Сильва. Етиб ортади? Биз етмай турибди деб, шаҳардан гастролга келувдик.
Яна бир қўшнининг овози. Аблаҳлар!
Деразанинг тарақлаб ёпилгани эшитилади.
Сильва. Танидингми? Ҳалиги отахон. Жа юмшоқ супурги эди-ю, энди ботир бўп қоптими?
Бусигин. Ҳа-а…
Сильва. Инсониятга нисбатан ишонч сўнди! (Совуқ еб.) Уфф…
Бусигин. Подъездга юр, шамол камроқ.
Улар подъезд томон юришмоқчи эди, шу пайт деразалардан бирида чироқ ёнади. Икковлон тўхтаб қолишади.
Сен ўша эшикнинг қўнғироғини босганмидинг?
Сильва. Йўқ. Қара, кимдир кийиняпти.
Бусигин. Икки киши экан.
Сильва. Бу ёққа келишяпти. Омадимизни бир синаб кўрайлик.
Бусигин ва Сильва бир чеккага чиқадилар. Подъезддан Сарафанов чиқиб келади. У ёқ-бу ёққа қараб олиб, Макарскаянинг уйи томон яқинлашади. Бусигин билан Сильва кузатиб туришибди.
Сарафанов (эшикни тақиллатиб). Наташа!.. Наташенька!.. Наташа, деяпман!
Макарская (деразани очиб). Қанақа оқшом бўлди-а? Сира тинчлик йўқ! Тағин ким бўлди?
Сарафанов. Наташенька! Минг бор узр! Бу мен, Сарафановман.
Макарская. Андрей Григорьевич? Сизни танимабман.
Бусигин (шивирлаб). Қизиқ бўлди-ю… Хонимча бизни танимас экан-да, анови чолни танир экан… Жуда қизиқ…
Сарафанов. Наташенька, азизим, бемаҳалда безовта қилганим учун кечиринг, лекин сиз менга ҳозир, шу топда керак бўлиб қолдингиз.
Макарская. Ҳозир очаман. (Ғойиб бўлади. Сарафанов ичкарига киради.)
Сильва. Бу нимаси?! Менимча, у йигирма бешдан ошмаган.
Бусигин. Чоли тушмагур камида олтмиш ёшни уриб қўйган бўлса керак.
Сильва. Вой, қариб қуйилмаган-ей!.
Бусигин. Хўш-хўш-хўш, бу ёғи янаям қизиқ бўляпти-ку… Чолнинг уйида, дейман, ҳеч ким қолганмикан? Афтидан, кампири бўлмаса керак.
Сильва. Унинг уйида битта бола кўрингандай бўлди.
Бусигин (ўйчан). Битта бола, дейсанми?
Сильва. Кўринишдан 14–15 ларда.
Бусигин. Демак, ўғли… Юр, танишиб келамиз.
Сильва. Ким билан?
Бусигин. Ўша йигитча билан.
Сильва. Қайси йигитча билан?
Бусигин. Андрей Григорьевичнинг ўғли билан.
Сильва. Нима дейсан?
Бусигин. Ҳеч қурса, исиниб оламиз. У ёғи бир гап бўлар. Юр.
Сильва. Ҳеч балога тушунмаяпман.
Бусигин. Э, юр дегандан кейин юради-да!
Сильва. Бу кечани милицияда ўтказамиз-ов. Кўнглим сезяпти.
Улар подъездда ғойиб бўлишади.
Иккинчи кўриниш
Сарафановларнинг одмигана уйи. Бир чеккада эски диван ва трюмо турибди. Учта эшик бор: кўча эшиги, ошхона эшиги, қўшни хонага кириладиган эшик. Ҳовлига қараган пардали дераза ҳам бор. Столда нарсалар солинган рюкзак. Васенька стулда ўтирганича хат ёзаяпти.
Васенька (ёзганларини овоз чиқариб ўқийди).“Сени ҳеч ким, ҳеч қачон менчалик севолмаган! Севолмайдиям! Буни вақти-соати келганда тушунасан. Охири ниятингга етдинг: сени кўргани кўзим, отгани ўқим йўқ! Алвидо. С. В.”
Нариги хонадан Нина чиқиб келади. Эгнида уй халати, оёғида шиппак. Васенька хатни шошиб чўнтагига бекитади.
Нина. Видолашув мактубингни битдингми?
Васенька. Ишинг бўлмасин!
Нина. Энди ёзганингни унга ўз қўлинг билан топшириб кел-да, ётиб ухла. Дадам кўринмайдилар.
Васенька. Мен қаёқдан билай!
Нина. Бемаҳалда қаёқда юрибдилар энди?.. (Рюкзакка кўзи тушиб.) Бу нима?
Васенька олмоқчи бўлади, Нина олиб қочади.
Васенька (енгилиб).Ухлаб ётганингда барибир опқўяман!
Нина (рюкзакдаги бор лаш-лушларни столга ағдариб). Бу нимаси? Қаерга кетмоқчи эдинг?
Васенька. Саёҳатга.
Нина. Паспортни нима қиласан?
Васенька. Ишинг бўлмасин!
Нина (ёнига ўтириб). Менга қара, Васька… Нега бунчалик ярамас боласан-а? Сени ўлдириб қўйсам ҳам ҳақим кетади.
Васенька. Мен билан ишинг бўлмасин.
Нина. Майли, мен сен учун бир тийинман, лекин дадамни ўйласанг бўларди.
Васенька. Нима, сен ўйлаяпсанми? Нега мен ташвишларини қилишим керак?
Нина. Эй, Худойим!.. (Туради.) Шунақа жонимга тегиб кетдики ҳаммаси! (Столда сочилиб ётган нарсаларни яна рюкзакка жойлайди, кейин хонасига олиб чиқиб кета туриб тўхтайди.) Дадамга айтиб қўй, эрталаб мени уйғотиб ўтирмасинлар, тўйиб ухламоқчиман. (Хонасига чиқиб кетади.)
Васенька чўнтагидан хатни олиб, конвертга жойлайди. Конверт устига нималарнидир ёзади. Шу пайт эшик тақиллайди.
Васенька (шоша-пиша). Кираверинг, эшик очиқ.
Бусигин билан Сильва киришади.
Бусигин. Хайрли кеч.
Сильва. Салом.
Бусигин. Бизга Сарафанов Андрей Григорьевич керак эдилар.
Васенька. Ҳозир уйда йўқ эдилар.
Бусигин. Қачон келадилар?
Васенька. Билмадим, яқиндагина чиқиб кетувдилар.
Сильва. Қаёққа кетувдилар, сир бўлмаса?
Васенька. Унисини билмадим.(Бесаронжамланиб.) Нима эди?
Бусигин. Ҳалиги… соғлиқлари яхшими?
Васенька. Дадамнингми?.. Ёмон эмас… Гипертония.
Бусигин. Гипертония? Буни қара-я… Анчадан берими?
Васенька. Анчадан бери.
Бусигин. Умуман, ўзлари қанақа?.. Ишлари?.. Кайфиятлари?..
Сильва. Ҳа-ҳа, умуман, аҳволлари дурустми?..
Васенька. Нима гап ўзи?
Бусигин. Танишиб қўяйлик. Владимир.
Васенька. Василий… (Дадилроқ.) Василий.
Сильва. Семён. Оддийроқ қилиб Сильва десанг ҳам бўлаверади.
Васенька (гумонсираб). Сильва?
Сильва. Сильва. Интернатда дўстларим шунақа деб чақиришарди. Нимага… ҳалигига… ҳаддан ташқари ружу қўйганимдан бўлса керак…
Бусигин. Музикага.
Сильва (севиниб кетиб).Ҳа, топдинг, музикага!
Васенька. Тушунарли. Хўш, дадам сизларга нимага керак бўп қолди?
Бусигин. Нимага, дейсанми? Нима десак бўлади?.. Хуллас, биз шунчаки кўришиб кетай, девдик…
Васенька. Кўришмаганларингга анча бўлдими?
Бусигин. Нима деб тушунтирсам экан… Энг афсусланарлиси шундаки, биз умуман кўришмаганмиз.
Васенька (ҳушёр тортиб). Тушунмадим…
Сильва. Фақат сен ўзингни бос.
Васенька. Мен хотиржамман. Дадамни қаердан биласизлар?
Бусигин. Бу энди сир.
Васенька. Сир? Қанақа сир?
Сильва. Даҳшатли сир. Ҳаяжонланма, дедим-ку.
Бусигин (бошқа оҳангда). Бўпти. (Васенькага.) Кўча совуқ – исиниб олиш учун кирдик. Агар рози бўлсанг, бирпас исиниб олсак.
Борган сари Васеньканинг хавотири оша боради.
Биз электричкадан қолиб кетдик. Дадангнинг исми шарифини эса почта қутисидан билиб олдик. (Сукутдан сўнг.) Ишонмайсанми?
Васенька (ташвишли). Нега энди?.. Ишонаман, лекин…
Бусигин. Нима – лекин?(Васенька томон бир-икки қадам қўяди. Сильва томон хавотирли боқади.) Қўрқаяпти.
Васенька. Мақсадларинг нима ўзи?
Бусигин. У бизга ишонмаяпти.
Васенька. Бир нима қилмоқчи бўлсаларинг бақираман.
Бусигин (Сильвага). Ана, айтмовдимми? (Исиниб олиш учун вақтни чўзаётган эди.) Доим шунақа: тунда эшик қоқсанг – ўғри деб ўйлашади, шеригинг ҳам бўлса – ғирт босқинчисан. (Васенькага) Яхши эмас. Одамлар бир-бирларига ишониши керак, деб ўргатишмаганми? Сенинг тарбиянг чатоқ экан…
Сильва (уҳ тортгандай). Ҳа-а…
Васенька. Нима керак сизларга ўзи?
Бусигин. Бизгами? Ишонч. Бор-йўғи шу. Одам одамга дўст деган шиорни эшитгандирсан? Ё бундан ҳам хабаринг йўқми? (Сильвага.) Буни қара, ўласанми, куясанми? Туғишган акаси оч-наҳор, бир кеча тунашга жойи йўқ, совуқдан ўлай деб титраб-қақшаб турса-ю, манави мишиқи лоақал ўтиришгаям таклиф қилмаса-я!
Сильва (бунга қадар Бусигиннингг гапларини лоқайдгина эшитиб турган эди, бирдан юзи ёришиб кетди). Шуни айт!
Васенька. Нимага келдиларинг, деяпман?!
Бусигин. Шундаям ҳеч балога тушунмадингми?
Васенька. Нимани тушунишим керак?
Сильва (ҳайратда). Наҳотки, етиб бормаган бўлса?!
Бусигин (Васенькага). Биласанми?..
Сильва (гапини бўлиб). Мен айтай! Қанчалик оғир бўлмасин, бу вазифани ўз бўйнимга оламан. (Тантанавор) Бу даҳшатли ҳақиқатни рўй-рост айтаман. Бу катта йигит бўп қолибди – тушунади. Барча сукут сақлаб, вужуди қулоққа айлансин! Бор ҳақиқат шуки, (Бусигинни кўрсатиб) манави инсон… сенинг туғишган аканг бўлади!..
Бусигин. Нима?
Васенька. Ни-ма?!
Сильва (масхаралаб). Ни-ма?
Сукут.
Ҳа, Василий. Андрей Григорьевич Сарафанов – унинг отаси. Наҳотки, сен буни шу пайтгача англамаган бўлсанг?
Бусигин билан Васеньканинг ҳайратдан оғзи очилиб қолади.
Бусигин (Сильвага). Менга қара…
Сильва (гап бермай, Васенькага). Кутмовдингми? Шунақа, бахт кутилмаганда келади. Бу қанчалик ғалати туюлмасин, сенинг даданг бунинг ҳам отаси.
Бусигин (шивирлаб). Нималар деб алжираяпсан?
Сильва. Қандай ноёб лаҳзалар! Ака-укалар учрашуви!
Васенька (довдираб). Мен чиндан ҳам… Нима дейишни билмай қолдим…
Сильва. Минг йилда бир рўй берадиган бундай табиат ҳодисасини нишонлаш керак, жигарларим!
Бусигин (Сильвага). Жиннимисан? (Васенькага) Бунинг гапларига парво қилма.
Сильва. Ҳечам-да! Менимча, айлантириб ўтирмай, гапнинг пўсткалласини айтган маъқул! Мана бу марднинг иши бўлади. (Васенькага) Нима дединг, ошна? Гапни аччиқ ичакдай чўзишнинг нима кераги бор, а? Нишонлагани бирор нарсанг борми?
Васенька (довдираб). Нишонлагани?.. Албатта… Ҳозир… (Бусигинга қараганича ошхонага чиқиб кетади.)
Бусигин. Эсингни едингми?
Сильва. Қарасам, гапингнинг нишаби шу ёққа қараб кетяпти, мен давом эттирдим, холос!
Бусигин. Бу фикр сен аҳмоқнинг калласига қаёқдан кела қолди?
Сильва. Менингмас, сенинг каллангга келди бу доҳиёна фикр! Авлиёсан, дўстим, авлиёсан!
Бусигин. Сен, молфаҳм, нима қилиб қўйганингни тушуняпсанми?
Сильва. “Дарбадар аканинг топилиши!” Қалай? Мен бунақасини икки дунёдаям ўйлаб тополмасдим!
Бусигин. Вой, хомкалла-а… Ҳозир анави зумрашанинг отаси келиб қолса нима бўлишини тасаввур қиляпсанми? Ўйла!
Сильва. Хўш… Ўйладим. (Эшик томон шошади, ярим йўлда тўхтайди ва қайтиб келади.) Йўқ, ичишга улгурамиз. Дадажонимиз, йўқ деганда, бир соатдан кейин келади. (Қўлларини бир-бирига ишқалаб.) Унгача сабр қилиб турамиз… Эҳ, дадажон, ёмонси-из!.. (Тақлид қилиб.) “Бу кеча висолингизга муштоқман, яхши қиз!..” Хўроз бўп кетинг-э, бобой!.. Уйдан етти қадам чиқдими, ҳаммаси хўроз! Сенинг дадажонинг ҳам шунақалардан бўлса керак, нима дединг?
Бусигин. Ишинг бўлмасин. (Эшик томон юради.)
Сильва. Шошма, нима учун у сувдан қуруқ чиқиб кетавериши керак экан? Шу қилиғи учун озгина жазолаб қўйсак, адолатдан бўлса керак.
Бусигин. Юр, кетдик.
Сильва (бўйсунмай). Э, йў-ўқ, қуппа-қуруқ кетадиган аҳмоқ йўқ! Ризқимизни олиб, кейин кетамиз. Мен сени тушунмай қолдим, ошна. Каллангга келган шундай ажойиб фикр учун наҳотки қиттай-қиттай отишга ҳақинг бўлмаса? Ана, ризқимиз келяпти. Яқинлашяпти… Ана-ана… (Шивирлаб.) Яқин жигарлардек бағрингга босиб, бошини сила.
Бусигин. Ҳе, жин урсин! Бошимга битган бало бўлдинг!
Қўлида бир шиша ароқ ва қадаҳлар билан Васенька киради. Қўлидагиларни столга қўяди. У ҳам хижолатда, ҳам ўзини йўқотиб, нима қилишини билмайди.
Сильва (қадаҳларга ичкилик қуйиб). Сен кўп сиқилаверма. Аслини олганда ҳаммамизнинг қариндош-уруғимиз биз ўйлаганимиздан кўпроқ бўлиб чиқади… (Қадаҳ кўтариб.) Бўпти, тарихий учрашув учун!
Ичишади. Васеньканинг томоғидан зўрға ўтади.
Ҳаёт деганлари, Вася, мисоли қоронғи ўрмон – олдингдан ит ҳам чиқиб қолиши мумкин, бўри ҳам. (Яна ичкилик қуйиб.) Поезддан тушиб, тўппа-тўғри шу ёққа келяпмиз. Кирсамми-кирмасамми дейвериб, мени ҳам жа қийнаворди, аммо. Мен айтдим, “кир” дедим! “Ҳозир кирмасанг, ҳеч қачон кира олмайсан”, дедим! Замонни кўриб турибсан – ит эгасини танимайди.
Бусигин (Васенькага). Неччига кирдинг?
Васенька. Менми? Ўн еттига.
Сильва. Ў-ў, катта йигит бўп қолибди. Салкам эркак!
Бусигин (Васенькага). Бўпти, сенинг соғлигинг учун! (Ичмоқчи бўлади.)
Сильва. Стоп! Ичиш шунақа бўладими? Маданиятсизларча ичаяпмиз! Нима, кўчада думалаб ётган алкашмидик? Газак қани?
Васенька. Газак?.. Албатта-албатта… Ошхонага ўтайлик!
Сильва (Васенькани тўхтатиб).Сен нима дейсан, балки ҳозирча унга дадасини кўрсатмай турармиз? Томдан тараша тушгандай, “Мен сизнинг ўғлингизман”, деса бўлмас? Балки бироз ўтириб, анави зормандадан озгина тортганимиздан кейин… айтармиз? Ёки бу танишувни эртага қолдирармиз?
Васенька (Бусигинга). Ростдан ҳам юрагинг бетламаяптими?
Бусигин. Нима деса бўлади… Бир ҳисобда унинг учун хавфли – асаби дош беролмаслиги мумкин. Ахир у бу дунёда менинг борлигимдан мутлақо бехабар!
Васенька. Нималар деяпсан? Ахир, сен борсан-ку! Мана, қаршимда турибсан! Бекитишнинг нима кераги бор?
Учаласи ошхонага чиқиб кетадилар. Остонада Сарафанов пайдо бўлади. Нариги хона эшигини қия очади, сўнг оҳиста ёпиб қўяди. Шу пайт ошхонадан Васенька чиқади ва у ҳам эшикни зич ёпиб қўяди. У озгина ширакайф ва тинмай жилмаяди.
Сарафанов (Васенькани кўриб). Уйдамидинг?.. Мен очиқ ҳавода айланиб келдим. Ёмғир ёға бошлади. Ёшлигим эсимга тушиб кетди…
Васенька (бетакаллуф). Қаранг-а, жуда вақтида эслабсиз!..
Сарафанов. Ёшлик – бебошлик деганларидай, мен ҳам ёшлигимда кўп номақбул ишлари қилганман, лекин сенга ўхшаб эс-ҳушимни йўқотадиган даражада жазавага тушмаганман.
Васенька. Дада…
Сарафанов (қулоқ солмай). Васенька, ожиз одамларгина шундай йўл тутишади. Ундан кейин, имтиҳонларингга атиги бир ой қолганини ҳам унутма. Дод дейсанми, вой дейсанми, мактабни тугатишга мажбурсан!
Васенька. Дада, сиз тоза ҳаво оламан деб юрган пайтингизда…
Сарафанов (гапини бўлиб). Икковинг бирданига кетишларинг соғ одамнинг ишимас. Ҳам сен, ҳам Нина. Йўқ-йўқ, ҳеч қаерга бормайсан. Рухсат бермайман!
Васенька. Дада, меҳмон бор. Аниқроғи, меҳмон ва яна битта одам…
Сарафанов. Васенька, “Меҳмон ва яна битта одам”, иккита меҳмон дегани бўлади. Ким келди, тушунтирибироқ гапир.
Васенька. Сизнинг ўғлингиз. Тўнғич ўғлингиз.
Сарафанов (бирпас сукутдан сўнг). Нима дединг?.. Кимнинг ўғли?..
Васенька. Сизники, деяпман-ку. Фақат сиз ҳаяжонланманг. Масалан, мен буни тўғри тушунаман, юзингизга ҳам солмайман, ҳайрон ҳам бўлмайман. Мен, умуман, ҳеч нимага ажабланмайдиган бўп қолганман…
Сарафанов (сукутдан сўнг). Нима, сизларда шунақа ҳазиллашиш расм бўлганми? Шуни тўғри деб ўйлайсанми?
Васенька. Қанақа ҳазил? Ишонмасангиз ўзингиз кириб қаранг, ошхонада овқатланиб ўтирибди.
Сарафанов (қулоқ тутиб ). Кимдир овқатланаётган бўлиши мумкин. Нима бўпти? Менга қара, бугун сен ғалатироқмисан? (Тикилиб.) Шошма, ғирт мастсан-ку!
Васенька. Ҳа, ичдим! Шундай кунда ичмай бўладими?
Сарафанов (қаҳр билан). Ёш нарса – ичишга ким рухсат берди!?
Васенька. Нималар деяпсиз, дада! Оламшумул воқеа! Акам борлиги етти ухлаб тушимгаям кирмаган эди… Мана, бирдан топилиб ўтирибди! Кириб қаранг, сизнинг ҳам ичмаганингизни кўраман!
Сарафанов. Сен, муттаҳам, устимдан кулаяпсанми?
Васенька. Йўқ, мен жиддий айтаяпман. Йўли шу ёқларга тушган экан, “Ке, бир дадамдан хабар олиб кетай”, деб келибди. Сизни жудаям кўргиси келган экан…
Сарафанов. Уни ким дединг?
Васенька. Сизнинг ўғлингиз.
Сарафанов. Унда сен кимсан?
Васенька (қўл силтаб). А!.. Чиқиб ўзингиз гаплашинг!
Сарафанов (ошхона ёққа юради, ичкаридан ғўнғир-ғўнғир гап-сўзларни эшитиб, яна Васеньканинг ёнига қайтиб келади). Неча киши?
Васенька. Икки киши дедим-ку.
Сарафанов. Иккинчиси-чи? Уям ўғил қилиб олишимни хоҳлаяптими?
Васенька. Дада, улар кап-катта одамлар. Ўзингиз ўйлаб кўринг, кап-катта одамларга ота-онанинг нима кераги бор? Насиҳатлар, тергашлар, умуман, турган-битгани ташвиш!
Сарафанов. Сенингча, улғайганда ота-онанинг кераги йўқми?
Васенька. Кап-катта одамга бировнинг ота-онаси керак эмас, демоқчи эдим.
Сукут.
Сарафанов (қулоқ тутиб). Қизиқ… Ўзингнинг болаларинг кетяпти, бегона болалар келяпти. Ёши нечаларда бор?
Васенька. Йигирмаларда.
Сарафанов. Йигирмаларда, дейсанми?.. (Беихтиёр хотираларга берилиб.) Йигирма йил… Йигирма йил олдин… (Стулга ўтириб қолади.) Йигирма йил муқаддам… Йигирма йил бурун… нима бўлган эди?..
Васенька. Хафа бўлманг, дада. Ҳаёт деганлари бир қоронғи ўрмон – қаршингиздан ит чиқадими, бўри чиқадими – ёлғиз Яратганга маълум.
Бусигин билан Сильва ошхона эшигини очиб энди чиқмоқчи бўлганида Сарафановга кўзи тушиб, орқага қайтишади. Қия очиқ эшикдан бу ерда нималар бўлаётганини кузатиб турадилар.
Сарафанов. Йигирма йил… Армиядан қайтаётувдимми?.. Йигирма йил олдин… Йигирма тўрт ёшда эдим… (Ўрнидан туради.)
Бусигин эшикни секин ёпади.
Васенька. Тушунаман, дада…
Сарафанов (тўсатдан асабийлашиб). Шуниям эслаб ўтираманми?!. Хизматни тугатиб озод қуш мисол эркинликка чиқдим. Ахир, мен аскар эдим, бунақа нарсаларни гуноҳ деб биладиган руҳониймас!(Хона бўйлаб юра бошлайди.)
Васенька. Сизни жуда яхши тушуниб турибман, дада.
Сарафанов. Нима?.. Менга қара, кейинги пайтларда сен жуда кўп нарсани тушунадиган бўп қолибсанми? Шуниям ҳисобга олиб қўй, унда биз онанг билан таниш ҳам эмасдик!
Васенька. Мен бир нима деяпманми? Дада, сиз хижолат бўлманг, аслини олганда…
Сарафанов (гапини бўлиб). Йўқ-йўқ, мени юпатма! Қанақасига қарама, барибир нодонлик! Учига чиққан аҳмоқлик десаям бўлади…
Сарафанов ошхона билан кўча эшигининг ўртасида туради. Шу сабабдан Бусигин билан Сильва кўчага қочиб чиқиб кетолмасди.
Васенька. Нима, алдаяпти деб ўйлайсизми? Алдашнинг нима кераги бор уларга?
Сарафанов. Алдаяпти, деяётганим йўқ, у ниманидир чалкаштиряпти. Мана кўрасан, адашибман деб, узр сўрайди. Тавба, тавба қилдим-ей!.. Менинг зурриёдим бўлса, менга ўхшаган бўлиши керак-ку! Бу биринчидан.
Васенька. У сизга ўхшаб кетади.
Сарафанов. Нима?.. Бўлмаган гап! Бу қандай бемаънилик? Сенга шундай туюлгандир… Йўқ-йўқ, бунинг бари уйдирма! Мана кўрасан, унинг ёшини сўрашим билан ҳаммаси кундай равшан бўлади-қолади! Бу бозордаги пистачи хотинларнинг гапидай нарса… Дейлик, шундай бўлган тақдирда ҳам унинг ёши… ёши…
Бусигин эшикдан мўралайди.
Йигирмада… йўқ, йигирма бирда бўлиши керак! Ҳа, йигирма бирда! Кўрдингми? Йигирма бирда, йигирма ёки йигирма иккида эмас! (Эшик томон ўгирилади.)
Бусигиннинг боши ғойиб бўлади.
Васенька. Агар у йигирма бирда бўлса-чи?
Сарафанов. Бўлиши мумкин эмас!
Васенька. Дейлик, мабодо-да?
Сарафанов. Тасодифан, демоқчисан-да, а? Нима қилибди, шундай тасодиф бўлиши мумкин… (Ўйланиб.) Ундай бўлса… Ундай бўлса… Онаси билиши керак-ку. Онасини чақиришга тўғри келади…
Бусигин мўралайди.
Сарафанов (Кўзи ярқ этиб очилиб.) Галина!
Бусигин ғойиб бўлади.
Сарафанов. Бўлди-бўлди, Галина дедим-ку! Татьянаям эмас, Тамараям эмас, Галина! (Керилиб.) Бунга нима дейсан?
Васенька. Фамилияси, отасининг исм-чи?
Бусигин мўралайди.
Сарафанов. Отасининг исми… (Иккиланиб.) Менимча, Александровна эди-ёв…
Бусигин ғойиб бўлади.
Васенька. Яхши. Фамилияси-чи?
Сарафанов. Фамилияси… Фамилияси… Фамилиянинг нима кераги бор, исмининг ўзи етарли!
Васенька. Бўлиши мумкин. Ахир, орадан шунча вақт ўтиб кетди-ю…
Сарафанов. Шуни айт. Ўзиям шу пайтгача қаёқда юрган экан? Юриб-юриб, энди ота керак бўлиб қолибдими? Ўз-ўзидан “Нега?” деган савол туғилади. Шу саволга жавоб топиб кўрсин-чи! Йўқ, чучварани хом санабди! Мана кўрасан, мен у лўттивозни фош қиламан!.. Исмини нима дединг?
Васенька. Володя. Бўш келманг, дада. У сизни яхши кўраркан.
Сарафанов. Яхши кўраркан?.. Нима учун?..
Васенька. Ким билади, қон бўлса керак-да.
Сарафанов. Қон?.. Йўқ-йўқ, бўлмаган гап… (Ўтиради.) Поездда келишди, дедингми?.. Уларга овқат-повқат бердингми?
Васенька. Ҳа, бердим. Овқат ҳам, ичкилик ҳам, газак ҳам бердим.
Бусигин билан Сильва билдирмай чиқиб кетмоқчи эди, аммо шу пайт Сарафанов ўтирган жойида ўгирилиб қарайди ва улар илгариги жойларига қайтадилар.
Сарафанов (ўрнидан туриб). Нима дейсан, менам озгина ичиб олсаммикан, а?
Васенька. Бўш келманг, дада.
Бусигин ва Сильвалар яна пайдо бўлишади.
Сарафанов. Шошма, тугмамни қадаб олай… (Тескари бурилади ва Бусигин билан Сильвани кўриб қолади.)
Ноилож қолган йигитлар ўзларини ҳозиргина чиқиб қолгандек тутишади. Узоқ сукут.
Бусигин. Яхшимисиз?
Сарафанов. Хайрли оқшом.
Сукут.
Васенька. Ана, шунақа қилиб, танишиб ҳам олдиларинг… (Бусигинга.) Мен унга ҳаммасини тушунтирдим… (Сарафановга.) Ҳаяжонланманг, дада…
Сарафанов. Қани бўлмасам, ўтиринглар… Шунча йўл босиб келгансизлар… (Йигитларнинг гоҳ унисига, гоҳ бунисига тикилади.)
Бусигин ва Сильва ўтирадилар.
Сизлар… поезддан тушганларингга кўп бўлдими?..
Бусигин. Ҳа, кўп бўлди… Уч соатча бўп қолди…
Сукут.
Сарафанов. Ҳалиги… Бир кириб ўтай, дебсизлар-да?
Бусигин. Ҳа, спорт мусобақасидан қайтаётувдим… Шунга… бир кўриб кетай, дедим…
Сарафанов (бутун эътиборини Бусигинга қаратиб). О! Демак, спортчисиз? Яхши… Айниқса, сизнинг ёшингизда спорт билан шуғулланиб туриш керак… Энди қаёқлардан сўраймиз? Яна мусобақагами? (Ўтиради.)
Бусигин. Йўқ. Институтга боришим керак.
Сарафанов. О! Талабаман, денг?
Бусигин. Ҳа, мединститутда ўқиймиз. Бўлажак шифокорлармиз.
Сарафанов. Мана бу ишларинг дуруст. Спорт – ўз йўлига, фан – ўз йўлига! Яхши қилибсизлар… Мени маъзур тутасизлар, мана шу ерда ўтирсам… (Бусигинга яқинроқ ўтиради.) Йигирма ёш – ажойиб ёш, вақтинг кўп бўлади, ҳамма нарсага улгурасиз, спортга ҳам, ўқишга ҳам… (Ниҳоят, жазм қилиб.) Менимча, сиз йигирма ёшда бўлсангиз керак?
Бусигин (маъюс, билинар-билинмас ўпкалаш билан). Йўқ, эсингиздан чиқиб кетибди. Мен йигирма бирга кирдим.
Сарафанов. Нима?.. Айтдим-ку, йигирма бир деб! Мен нима дедим? Йигирма, дедимми? Йўқ, аниқ биламан – йигирма бир!
Сильва. Сиз хафа бўлманг. Мундоқ ўйлаб қаралса, бундай бўлиб чиққанига севиниш керак! Менимча, шундай.
Васенька. Бўлмасам-чи, дада!
Сарафанов. Менми? Жудаям хурсандман… Ҳаммамиз хурсандмиз, тўғрими?
Бусигин. Албатта-да… Ҳаммадан ҳам менинг хурсанд бўлганимни айтмайсизми?!
Сарафанов (маъқуллагандай). Васенька, ичгани бирон нима борми? Тортиб қолди…
Васенька. Ҳозир ташкиллаштирамиз-да! (Ошхонага чиқиб кетади.)
Сукут. Бусигин билан Сарафанов ҳаяжондан бир-бири билан баб-баравар гапириб кетишади. Сўнг гапдан тўхтаб, суҳбатдошидан узр сўрайдилар.
Бусигин. Кечирасиз, гапиринг…
Сарафанов. Йўқ-йўқ, сиз гапиринг…
Васенька чиқиб, егулик ва ичкиликларни столга қўяди-да, ўзи ҳам ўтиради. Сарафанов шоша-пиша қадаҳларни тўлдиради.
Бусигин. Мен шуни айтмоқчи эдимки… Ниҳоят, биз орзиқиб кутган вақеа содир бўлди…
Нина кириб келади.
Нина (жаҳл билан).Ухлагани қўясизларми-йўқми? Нима бу?.. Бу ерда нималар бўляпти ўзи?
Васенька (аранг бошини кўтариб). Сен фақат ҳаяжонланма, ўзингни бос… (Бошини столга қўяди.)
Нинанинг пайдо бўлиши Бусигин ва Сильва учун кутилмаган ҳол бўлади.
Нина. Бу ерда нима томоша бўляпти? (Сарафановга.) Одатда сиз тунлари ёлғиз ўзингиз ичардингиз. Нима бало бўлди?
Сарафанов (иккиланиб). Нина, бугун уйимизда хурсандчилик!.. Ниҳоят сенинг аканг топилди!
Нина. Нима?
Сарафанов. Танишиб қўй. Аканг!
Нина. Нималар бўляпти?.. Ким топилди?.. Қанақа акам?..
Сильва (Бусигинни қиз томон итариб). Мана у. Акадақа ака-да .
Нина (Бусигинга). Сен акаммисан?
Бусигин. Ҳа… Нима эди?
Сильва. Нимасига ҳайрон бўласан?
Васенька (бошини кўтармай). Тўғри-да, нимасига ҳайрон бўласан?..
Сарафанов (Нинага). У ҳақда сенга айтмовдим… Бундан афсусланаман… (Бусигинга.) Сенгаям индамадим… Очиғини айтганда, унутворгансан деб қўрқдим…
Васенька. Ана. Қўрққан, дедим-ку…
Бусигин. Нималар деяпсиз, қанақасига унутишим мумкин?..
Сарафанов. Мени кечир, мен ноҳақ эдим.
Нина. Шошманглар, ҳаммасини бир бошдан тушунтиринглар. Демак, сиз отасисиз, бу сизнинг ўғлингиз, шунақами?
Сарафанов. Ҳа…
Нина (сукутдан сўнг). Нима бўпти, бўлиши мумкин.
Васенька. Албатта мумкин!
Нина (Бусигинга). Қизиқ, шу пайтгача қай гўрда эдинг?
Васенька. Тўғри, шу пайтгача қай гўрда эдинг?..
Нина (унинг бошига бир уриб). Сен аралашма!
Сарафанов. Нина! Нега тушунгинг келмайди, ахир, сенинг аканг топилди!
Нина. Йўқ, мен тушуниб турибман, фақат қизиқяпман-да, илгари қаерда эди?
Васенька (бошини кўтариб). Сен ҳаяжонланма ҳам, қўрқма ҳам, бу гап дадамиз онамиз билан учрашганидан анча олдин бўлган… Тўғрими, дада?
Сарафанов. Жим бўласанми-йўқми?!
Нина. Ҳа-а, узоқ кутилган учрашув. Бу ўғлингиз эканига ишончингиз комилми? (Бусигинга.) Нечага кирдинг?
Васенька аввал мудраб, сўнг уйқуга кетади.
Сильва (Бусигин билан Сарафановга ишора қилиб). Уларга яхшилаб бир қаранг: икки томчи сувдай ўхшаб турибди! Наҳотки, кўрмаётган бўлсангиз?
Нина (бироз таққослаб туриб). Йўқ, ўхшамаяпти.
Сильва (Бусигинга, хафа бўлиб). Назаримда, бу ерда бизни нимададир гумон қилишяпти.
Нина (Сарафановга Сильвани кўрсатиб). Бу тағин ким бўлди? Буям қариндошимизми?
Бусигин. Бу менинг ошнам. Исми Сильва.
Нина. Шундай қилиб, ёшим нечада дединг, яхши эшитмай қолдим?
Бусигин. Йигирма бирда.
Нина (Сарафановга). Сиз нима дейсиз?
Сарафанов. Нина! Мен ўзим ҳам ёшини суриштирдим, ҳаммаси аниқ бўлган. Яхши эмас, ахир…
Нина. Бўпти. (Бусигинга.) Унда онангнинг кўриниши қанақа эди, исми нима, дадам билан қаерда учрашган, нима учун алимент талаб қилмаган, бизни қанақа қилиб топдинг, шу пайтгача нимага дом-дараксиз кетдинг – ҳаммасини бир бошдан гапириб бер-чи.
Сильва (хавотир аралаш). Терговчига ўхшаркан.
Нина. Сизлар нима деб ўйловдиларинг? Менимча, сизлар қип-қизил фирибгарсизлар.
Сарафанов. Нина!
Бусигин. Нима, ўхшарканмизми?
Нина (сукутдан сўнг). Ўхшайсизлар. (Бусигинга.) Қани, бошла эртагингни, биз жон қулоғимиз билан эшитамиз.
Сильва (Бусигинга, қўрқоқларча). Мен сенинг ўрнингда бўлганимда, бунақа гапдан кейин дилим оғриб, шу заҳоти чиқиб кетган бўлардим.
Бусигин. Отам ҳақида мен яқиндагина билиб қолдим…
Нина. Кимдан?
Бусигин. Онамдан. Онамнинг исм-шарифлари Галина Александровна, отамиз билан бундан роппа-роса 22 йил муқаддам учрашган эканлар.
Сарафанов (ҳаяжонда). Ўғлим!..
Бусигин. Отажон!..
Улар қучоқлашиб кетишади.
Сильва (Нинага). Қон-да, қон! Тортади…
Сарафанов. Нина! Энди ишондим, мутлақо шубҳам қолмади! Бу сенинг аканг! Нега анқайиб турибсан, кўришмайсанми?! Аканг, ахир!..
Бусигин. Сингилжоним, топилганингдан хурсандман!.. (Бориб Нинани лоқайдгина қучади.) Жудаям хурсандман.
Сильва (ҳаваси келиб). Секин айтасанми?..
Сарафанов (довдираб). Эй, Худойим!.. Сира ишонгим келмаяпти!..
Нина (ҳалиям қучиб турган Бусигинга). Қўйвориш ниятинг йўқми, ака? (Қучоғидан озод бўлади. Ниҳоятда хижолатда.)
Сарафанов. Бунақаси етти ухлаб тушимгаям кирмаган! Севинчдан ҳушимдан кетиб қолай деяпман…
Бусигин. Мен ҳам.
Нина. Ҳа… Мен ҳам ҳайратдан ҳушимни йўқотай деяпман…
Сильва. Ура-а! Буни нишонлашни таклиф қиламан!
Сарафанов (Бусигинга). Эшитдингми? Нима дейсан, ўғлим?
Бусигин. Нима дердим? Бундай таклифни икки қўллаб тасдиқлайман!
Нина. Ичиш масаласида ўхшаркансизлар…
Кулишади.
Сильва (қадаҳни яримлатиб, Нина билан Бусигинга). Қани, яқин туринглар-чи. Энди қўл ушлашинглар… Ана шундай… (Сарафановга.) Кўряпсизми?
Нина қўлини бўшатиб олади. У хавотир аралаш хижолатда.
Ўхшашлигини қаранг! Кўряпсизми?..
Сарафанов. Ҳа… албатта ўхшайди…
Сильва. Кўнглим тўлиб йиғлаворай деяпман… Ичамиз, ўртоқлар!
Сарафанов. Мен… мен шунақа бахтлиманки!..
Сильва (Сарафановга, қадаҳ кўтариб). Сиз учун ва сизнинг аҳил оилангиз учун!
Бусигин. Сизнинг соғлигингиз учун, дада.
Сарафанов (ҳаяжонда). Раҳмат, ўғлим…
Чироқ ўчади. Қувноқ мусиқа эшитилади. Мусиқа тўхтаб, чироқ ёнади. Ўша жой. Деразадан тонг отаётгани кўриниб турибди. Сарафанов ва Бусигин стол атрофида ўтиришибди. Шишалар бўшатилган. Сильва диванда ухлаб ётибди.
Сарафанов. Мени капитан унвони билан армияда олиб қолишди. Бир амаллаб истеъфога чиқиб олдим. Артиллерия қўшинларида хизмат қилганман, эртадан кечгача – “гум-пақ”, “гум-қарс” – мусиқачининг эшитиш қобилияти пасайиб кетар экан. Замбарак билан кларнет, хоҳлайсанми-йўқми, бошқа-бошқа нарса-да. Аввал рақс майдончаларида, кейин ресторанда, ундан ҳам кейин истироҳат боғи ва кинотеатрларда чаладиган бўлиб кўтарилиб кетдим. Бахтимга шаҳримизда симфоник оркестр ташкил бўп қолди-ю, менинг яхши эшитмаслигимга қарамай, қабул қилишди… Эшитяпсанми?
Бусигин. Эшитяпман, дада.
Сарафанов. Шунақа қилиб, умр ҳам ўтиб кетди… Ҳаммаси эмас, албатта, лекин асосий қисми ўтиб бўлди. Сен агар дадам ёшликдаги идеалларидан буткул воз кечган деб ўйласанг, қаттиқ янглишасан. Дийдаси қотиб, турмуш икир-чикирлари билан ўралашиб қолган, деган ўйга борган бўлсанг ундан баттар адашасан. (Бусигин томонга энгашиб.) Мен ижод қиляпман!.. (Қаддини тўғрилаб.) Ҳамма одам ўз касби бўйича ижодкор бўлиб дунёга келади. Баҳоли қудрат, қўлидан келгунча-да. Ўзидан кейин бир нима қолдириш учун ҳам ижод қилади, бир нима яратади. Шунинг учун мен ҳам яратяпман.
Бусигин (ажабланиб). Нима яратяпсиз?
Сарафанов. “Нима яратяпсиз”, деганинг нимаси? Мусиқадан бошқа нимаям яратишим мумкин?
Бусигин. А… Тушунарли.
Сарафанов. Нима – тушунарли?
Бусигин. Ҳалиги… мусиқа яратишингиз-да.
Сарафанов (шубҳаланиб, араз оҳангида). Сен… сен бунга қандай қарайсан?
Бусигин. Менми? Нимаям дердим, яхши ҳунар.
Сарафанов (шошиб, қизиққонлик билан). Катта кетяпти деманглар-у, мен бир нарсани тугатишим керак, би-иттагина нарсани! Энг асосий нарсани тўкиб солишим керак, энг асосий нарсани! Буни фақат ва фақат ўзим қилишим керак, бошқа ҳеч ким эмас! Бу бўйнимдаги қиёматли қарз ва фарз!.. Ўзимдан бошқа ҳеч ким эплаёлмайди, тушуняпсанми, қўлидан келмайди!
Бусигин. Тушуняпман, тушуняпман… Минг бор узр-у, дада, сиздан бир нарса сўрамоқчиман…
Сарафанов (ҳушёр тортиб). Сўра, етса молим, етмаса жоним!
Бусигин. Нина билан Васеньканинг онаси кўринмайди?
Сарафанов. Э, сўрама… Бундан ўн тўрт йил муқаддам у билан ажрашганмиз. Унингча, мен кечаси билан кларнет чалишдан бошқасига ярамасмишман. Бу орада туни билан кларнет чалмайдигани чиқиб қолди. Инженер. Жиддий одам. Шундай қилиб, йўлларимиз айри кетди… Йўқ, сенинг онанг билан муносабатимиз бошқача эди! Онанг бошқача аёл эди… Э, Худойим! У даврларни унутиб бўларканми?! Чернигов… Десна… Каштанлар… Сен муюлишдаги устахонани билармидинг? Тикувчилик устахонасини-чи?
Бусигин. Бўлмасам-чи!
Сарафанов. Онанг худди ўша ерда ишларди!..
Бусигин. Кичкина устахона ҳозир каттакон фабрика бўп кетган. Онам ўша фабриканинг директори.
Сарафанов. Тасаввур қилаяпман… Онанг ўша-ўша бир гапириб, ўн куладиган, бир қоп ёнғоқдир-а?
Бусигин. Кўпчилик ҳечам ўзгармаган дейишади.
Сарафанов. Ростдан-а? Яшавор!.. Ўзиям ёш, қирқ бешдан ҳам ошмаган!
Бусигин. Қирқ тўртдалар.
Сарафанов. Атиги-я?.. Ҳалиги… бошқа турмушга чиқмадими?
Бусигин. Йўқ. Ёлғиз икковимиз яшаймиз.
Сарафанов. Шунақа де?.. Ваҳоланки, онанг ҳар қандай бахтга лойиқ аёл.
Бусигин. Онам жуда мағрур аёл, унча-мунчага нолийвермайди.
Сарафанов. Ҳа, нимасини айтасан… Ўшанда қисмимизни Гомелга кўчиришди, у Черниговда қолди… Ҳалиям кўз олдимда… Чанг кўчада қўл силкиб қолаверди… Ёппа-ёлғиз…
Бусигин. Кўриб турганингиздек, унчалик ҳам ёлғиз эмас экан…
Сарафанов. Ҳа-ҳа, албатта… Шошма-шошма… Ҳа, эсладим! Мени кечирасан-у, унинг фарзанд кўриш нияти йўқ эди!
Бусигин. Тасодифан бўйида бўп қолиши мумкин-ку.
Сарафанов. Лекин нега шунча пайтдан бери сен ҳақингда лом-мим демади? Йигирма йилдан бери бекитиб юриш осонмас-ку!
Бусигин. Йигирма бир йил…
Сарафанов. Ҳа, йигирма бир йилдан бери. Сабр-тоқатига қойил-э!
Бусигин. Айтдим-ку, онам жуда мағрур аёллар, деб.
Сарафанов. Шунақа бўлганиям маъқул… Мен ниҳоятда хурсандман.
Бусигин. Тилим чиқиши билан, “Отам қани?” деявериб онамнинг қулоқ-миясини еворган эканман.
Сарафанов. Чиндан ҳам мени шунчалик кўргинг келдими?
Бусигин. Сизни излаб топишга аҳд қилганимда ҳали пионер эдим.
Сарафанов (кўнгли бўшаб). Шўрлик болагинам!.. Аслида, мени ёмон кўришинг керак эди-ку…
Бусигин. Нималар деяпсиз, дада, одам ўз падарини ҳам ёмон кўриши мумкинми?
Сарафанов. Мард, азамат йигит бўлибсан. Укангга ўхшаб йиғлоқи бўлсанг нима қилардим? Унинг ҳаддан ташқари кўнгли бўш – салга кўзига ёш келади. Қатъиятлироқ бўлиши керакмикан, дейман.
Бусигин. Ҳа, тўғри, бўш-баёв бўлиш доим ҳам яхши бўлавермайди.
Сарафанов. Тўппа-тўғри! Шунинг учун ҳам севги-муҳаббат бобида сира иши юришмаяпти. Ўша қиз билан битта ҳовлида қўшни бўлиб тинчгина яшаб юрувди, бирданига қарс этди-ю, ўрталарида қисқа туташув бўлиб, десанг… Қип-қизил жинни бўлди-қолди! Уйдан бош олиб кетаман дейдими-ей…
Бусигин. У қиз ким?
Сарафанов. Судда котибалик қилади. Ҳамма бало шундаки, ёши катта – ўттизларга бориб қолган, уканг бўлса энди мактабни битиряпти. Гап шундаки, ўша қиз билан гаплашиб қўяй, деб уйига бордим…
Бусигин. Нега?
Сарафанов. Кеча кечқурун уйга келиб, “Бош олиб кетаман”, деб қолди. Қизникига борган бўлса, уйидан ҳайдаб солгани шундоққина кўриниб турарди. Мен нима қилишим керак эди? Балки қизни ёшидаги фарқдан хижолат бўлар ёки балоғатга етмаган болани йўлдан ургани учун жавобгарликка тортилишидан қўрқар, деб ўйладим. Бу масалада менинг тиш-тирноғим билан қарши эканлигим уни ҳовуридан туширар, деган мақсадда қизнинг уйига борувдим… Менга қара, сен гаплашиб кўрмайсанми, а? Ҳар қалай акасисан. Балки сенинг йўриғингга юрар?
Бусигин. Майли, уриниб кўраман.
Сарафанов. Очиғини айтсам, сенинг топилганингдан жуда-жуда хурсанд бўп кетяпман! Шодлигим ичимга сиғмай кетяпти!
Бусигин. Меникиям… сиғмай кетяпти.
Сарафанов. Ростданми, ўғлим?
Бусигин. Бўлмасам-чи.
Сарафанов. Ке, бир ўпай… (Оталарча меҳр билан пешонасидан ўпиб қўяди. Чуқур уҳ тортиб.) Кечирасан-да энди… жуда зиқ бўп кетганман.
Бусигин. Нима бўлди?
Сарафанов. Сўрайсан-а!.. Биттаси бахтсиз муҳаббат туфайли уйдан кетмоқчи, иккинчиси бахтли муҳаббат туфайли… кетмоқчи.
Бусигин. Яна ким кетяпти?
Сарафанов. Нина. Турмушга чиқяпти.
Бусигин. Турмушга, денг?
Сарафанов. Шунақа деяпти. Эрта-индин Сахалинга кетмоқчи бўп турибди. Анави мишиқи бўлса тайгага бош олиб кетаман, дейди. Қурилишда ишламоқчимиш! Энди тушунаяпсанми, сен эшик қоқиб келганингда бу ерда не савдолар рўй берганини?
Бусигин. Тушуняпман…не савдолар…
Сарафанов (эшитмай). Мўъжизанинг ўзи! Бундан ортиқ мўъжиза бўладими? Яна мен омадсиз одаммишман!
Бусигин. Демак, Нина турмушга чиқяпти… Кимга экан, сир бўлмаса?
Сарафанов. Бўлажак куёвимиз учувчи, жиддий одам! Эрта-индин билим юртини тугатади. Йўлланмаси Сахалинга экан. Нина бугун бизни таништириб қўймоқчи бўляпти.
Бусигин. Хўш… Нина нечига кирди?
Сарафанов. Ўн тўққизга.
Бусигин. Ростданми?
Сарафанов. Нима бўпти – ёшдақа ёш! Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Аммо-лекин у ниҳоятда жиддий қиз. Ҳаддан ташқари жиддий! Баъзан, бунчалик жиддий бўлиш керак эмасмикан, деган ўйгаям бораман. Кўп қийналди бечора. Осонми, бутун рўзғорнинг ташвиши унинг бўйнида. Супур-сидир, пишир-куйдир, тик-яма… Ҳа, айтгандай, у тикувчи – топиши яхши. Бунинг устига институтга кириш учун тайёрланяпти. Йўқ, қойил қолмай илож йўқ.
Бусигин. Шунақа денг… Ундай бўлса, нега сизни бирга олиб кетмаяпти?
Сарафанов. Йўқ-йўқ, мен боролмайман, шу ерда туғилдим, шу ерда яшадим… умуман, бу шаҳарча менинг ҳамма нарсам – хотиралар ва ҳоказо… Йўқ-йўқ, у ёқда мен уларга ортиқча ташвиш бўлиб нима қилдим? Тасаввур қиляпсанми, Нина бўлажак турмуш ўртоғи билан учрашиб юрганига уч ой бўлди, эрта-индин жўнаб кетишади-ю, ҳали мен унинг турқиниям кўрганим йўқ! Кўча-кўйда учрашиб қолсак танимайман ҳам! Менга нима бўлди – нолиганим нолиган! Бўпти, тонг ёришиб қолди, бирпас ётиб дамингни ол, ўғлим. Жойингни дўстинг билан ёнма-ён солсам майлими?
Бусигин. Майли.
Сарафанов. Майли, яхши ётиб тур. (Унинг пешонасидан ўпиб қўяди.) Мендан хафа бўлма, болам, ҳаяжондан ўзимни босолмаяпман… Ухла.
У бошқа хонага чиқиб кетади. Бусигин Сильвани бир амаллаб олиб келади.
Бусигин. Сильва, тур! Турсанг-чи, касофат!..
Сильва (уйғониб). Қаердамиз?..
Бусигин. Очиқ мозорда! Тур!
Сильва. Бир ойдан бери уйқуда тайин йўқ. Якшанбада бир кунгина тўйиб ухлаб олай десам, Худойим буниям кўп кўрди. Менга қара, сингилжонинг чакки эмас, а? Бир кечага жон дердим!..
Бусигин. Бўлди-бўлди, кўп лақиллама! Қимирла тезроқ! (Унга кўйлагини отади.) Бўл!..
Сильва хоҳламайгина ўрнидан туради.
Сен ўликдай қотиб ухладинг, биз бўлсак эрталабгача дардлашиб ўтирдик!
Сильва. Нима?.. Сезиб қолишдими? Фош бўлдикми? (Тез кийинади.) Шунақа дейсан-у, бу жиноий иш – “фирибгарлик”! Уч йилдан саккиз йилгача! (Ботинкасини чала кийиб.) Қуён!
Бусигин ўйланганича туриб қолади.
Нега симёғоч бўп турибсан? Қимирламайсанми?
Бусигин (ўйланиб). Лекин қария фаришта одам экан…
Сильва. Ўзиям сен уни зўр туширдинг. Қотириб ташладинг – гап йўқ!
Бусигин. Лекин оғзингдан чиққан ҳар бир сўзга болаларча ишонадиган одамнинг кўзига бақрайиб туриб ёлғон гапириш осон эмас экан…Майли, кетдик.
Улар энди эшик томон юрмоқчи бўлиб турган ҳам эдиларки, ён эшикдан қўлида ёстиқ билан Сарафанов чиқиб келиб қолади.
Сарафанов. Ўғлим!
Бусигин турган жойида қотиб қолади. Сильва эса эшик дастасини тутганича тош қотади.
Йўл бўлсин, болам?
Бусигин (секин у томон ўгирилиб). Мен, ҳалиги, биз…нинг кетадиган вақтимиз бўлди…
Сильва. Ҳа, ҳа, кетмасак… сира иложи йўқ!.. Эрта-индин сессия – имтиҳонлар бошланади.
Бусигин. Афсуски, шундай…
Сарафанов. Нима, шаҳарга кетмоқчимисан? Бугун, ҳозир, шу топдами?
Бусигин. Ҳа, дада. У-бу бўлиб шундоғам кўп дарсларни қолдириб юбордик…
Сарафановнинг қўлидаги ёстиқ тушиб кетади.
(Уни ердан олиб.) Сиз нотўғри ўйга бориб юрманг, имтиҳонлар тугаши билан бу ёққа қараб ғизиллайман!
Сарафанов. Йўқ-йўқ, мен тушунаман… Албатта-да… Бундан ортиқ ниманиям кутиш мумкин, ахир?.. Шунисигаям шукур, учрашдик, гаплашиб олдик…
Бусигин. Мен келаман… Июннинг охирларида албатта келаман…
Сарафанов сукутда.
Нима, менга ишонмаяпсизми?
Сарафанов. Нега энди, ишонаман, лекин мен билан хайрлашмай жўнаб қолмоқчи бўлганингга сал ғалати бўп турибман.
Бусигин. Мен, ҳалиги… ухлаб ётган бўлсангиз керак, деб ўйлаб… Очиғини айтадиган бўлсам, сиз билан хайрлашиш мен учун ниҳоятда оғир. Кўнглим бўлмади…
Сарафанов. Чинданми?.. (Ўрнидан туриб.) Начора, юрадиганга йўл яхши! Бўлмаса, июннинг охиригача хайрлашамиз?
Бусигин. Ҳа…
Сарафанов. Июнгача ҳеч нарса қолмабди – бор-йўғи бир ярим ой… Лекин… Ҳозир кетишларинг шартми? Шу топда-я?
Сильва. Ҳа, поездимиз соат ўнларда жўнайди.
Сарафанов (ўйланиб туриб). Бўпти, нимаям қилардик… (Сильвага қўл узатиб.) Майли, яхши боринглар. Сиз билан танишганимдан жуда хурсандман. Июнда бирга келинглар.
Сильва. Албатта келамиз.
Сарафанов. Нимаям дердим, институт – жиддий масала! Қўйворгим йўғ-у, лекин начора. Энг муҳими, топишдик, танишдик, мириқиб суҳбат қурдик. (Тўсатдан.) Шошма. Сенга бир нарса совға қилмоқчиман. Қутлуғ уйдан қуруқ кетма, деган гаплар бор…
Бусигин. Қўйсангиз-чи, дада, нима кераги бор…
Сарафанов. Ия, жудаям керак-да! Ўзи арзимаган нарса-ю, лекин олмасанг бўлмайди. Ҳозир! (Бошқа хона томон юради, остонага етганида чақиради.) Васенька! (Чиқиб кетади.)
Бироз жимлик.
Сильва. Ҳа? Энди нимани кутяпсан?
Бусигин. Сен кетавер, орқангдан етиб оламан.
Сильва. Менга қара, бечора чолнинг шунчалик бошини айлантирганинг етар – энди кетдик!
Бусигин. Кетсанг кетавер, ҳеч ким сени ушлаб тургани йўқ.
Сильва. Нима қилмоқчисан ўзинг, айт, менам бахтимни синаб кўрай?
Бусигин. Йўқ, яхшиси сен кетавер.
Сильва. Тўғрисини айтавер, у-бу нарса ўмармоқчимисан – унда мен пас! Бунақа ишларга тарбиям йўл қўймайди.
Бусигин. Тўнка. Жуфтакни ростлаб қолсак, чол нима ўйга боради? (Бошига бармоғи билан нуқиб.) Манави ошқовоқни ишлатмайсанми?!.
Сильва. Хўп, ишладиям дейлик, нима бўпти?
Бусигин. Мен қоламан, сен ўзинг биласан. Ҳозирча қоламан.
Сильва. Нимага?
Бусигин индамайди.
Эҳтиёт бўл, оғайничалиш, тағин ўғрини қароқчи уриб кетмасин. Дўстона маслаҳатим, эсинг борида этагингни ёп.
Ён томондаги хонадан Нина чиқиб келади. У халатда бўлиб, елкасига сочиқ ташлаб олган.
Нина (Сильвага). Салом. (Бусигинга.) Салом бердик, акагинам…
Бусигин билан Сильва бош ирғаб алик олишади.
Яхши ётиб турдиларингми?
Сильва. Яхши, раҳмат.
Нина. Нимага остонада турибсизлар?
Сильва. Ким?.. Бизми?.. Хона жа дим бўп кетди, очиқ ҳавода…
Нина. Шамоллаб қоламан демасаларинг, деразани очиб ётишларинг ҳам мумкин. (Чиқиб кетади.)
Сильва. Кўрдингми? А? Бу кўзлар, бу сочлар!.. Оёқларини айтмайсанми, оёқларини! Мени ушла, жинни бўп қоламан!
Бусигин. Жинни бўп қоласанми, тентак бўласанми – у барибир сенга насиб қилмайди!
Сильва. Балки сен ўша жанонни деб қолмоқчидирсан? Нима, бошини айлантирмоқчимисан? Қара, сен унинг акаси бўласан. Сенга мумкинмас. Менга бўлса бошқа гап.
Шу пайт қўлида тамакидон билан Сарафанов кириб келади.
Сарафанов. Мана, ўғлим! Ўзи арзимас нарса – кумуш тамакидон. Лекин бу оиламиз учун жуда қимматли буюм. Мана бир неча авлоддан буён бу доим тўнғич ўғилники бўлиб келган. Бобомнинг отаси бобомга ҳадя қилган, бобом – отамга, мен – сенга! Ана шунақа…
Сукут.
Бусигин (бирпас довдираб қолади, тамакидонни олиб столга қўяди). Раҳмат, дада… Биласизми, бироз муддат қолишга қарор қилдим. Эртага самолётда кетарман.
Сарафанов. Бунинг иложи борми?
Бусигин. Ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг иложи бор!
Сарафанов. Ажойиб фикр! Икковимиз кун бўйи бирга бўламиз… Бугун якшанбами?.. Э, жин урсин! Соат еттида филармонияда бўлишим керак-ку! Лекин ишим тез битади, бир соат, кўпи билан бир ярим соат. Ҳа, айтгандай, ким самолётни ўйлаб топган бўлсаям отасига минг раҳмат! (Сильвага.) Сиз-чи, Семён? Сизам қоласизми?
Сильва. Мендан сўраяпсизми?.. Мен, ҳалиги…
Шу пайт Нина чиқиб, бошқа хонага ўтиб кетади. Сильва уни нигоҳи билан кузатиб қолади. Бусигин бир Сильвага, бир қизга қараб қўяди.
Мен ҳам қоламан! У қаерда бўлса, менам шу ердаман-да! Ахир, у билан киндигимиз битта-ку! (Кулади.)
Сарафанов. Жуда соз! Сизлар ҳақиқий дўст экансизлар.
Қўшни хонадан Васенька чиқади. Шашти паст, тушкун кайфиятда. Диванга келиб, бошини чангаллаганича ўтириб олади.
Кичкина Сарафановнинг кайфияти дабдала-ю!.. Сув ичиб ол.
Сильва. Бунга сут ҳам бўлаверади.
Бусигин. Иссиқ-иссиқ чой ичса ўзига келади.
Сарафанов. Яхшиям бугун мактаб йўқ.
Васенька. Ким айтди сизга мени ўқишга боради, деб? Иккинчи қадамимни босмайман!
Сарафанов. Яна шу гап!
Васенька. Ҳа, яна шу гап! Кетаман дедимми, кетаман!
Бусигин. Мен сенинг ўрнингда бўлсам, аввал ўқишни бир ёқлик қилардим. Сўнг кераклича билим билан қуролланиб янги ҳаётга кириб борардим. “Тайга” деган мактабга ҳали улгурасан, у ўқишга йил – ўн икки ой қабул қилаверишади.
Сарафанов. Билишимча, у ерга дарахт кесувчилару дурадгорлар керак бўларкан.
Васенька. Нима бўпти? Ўрганаман, шогирд тушаман.
Нина киради.
Умуман, лўнда қилиб айтганда, ҳамма олим бўлса подани ким боқади. Кимдир қора ишларни ҳам қилиши керак-ку.
Нина. Бу “қора ишчи” яна қаерга кетмоқчи экан?
Васенька. Сенинг ишинг бўлмасин!
Сарафанов. Эй-эй, ўз туғишган опасига ҳам шунақа дейдими одам! Ҳар қалай сендан беш-олти кўйлак ортиқ йиртган.
Васенька. Дада, мен фарзандларингизнинг ичида энг ақли ноқис, энг тўнкасиман! Бу исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Мана, қизингиз бор, у ҳар жиҳатдан ақли расо, беш-олтита кўйлак ва бошқа нарсаларни мендан ортиқ йиртган. Бундан ташқари, яна битта ўғлингиз пайдо бўлди, уям бир балоларни мендан ортиқ йиртган. Худо хайрларингни берсин, мени тинч қўйинглар! Ақли ноқис ва тўнкалигимча қолишга имкон беринглар!
Сарафанов. Йўқ, бу бола билан гаплашиб бўлмайди!
Нина (Бусигинга). Жиннихонага хуш келибсиз, акагинам!
Бусигин (Васенькага). Мен сенинг ўрнингда бўлсам, дадам ва опамга қулоқ солган бўлардим.
Васенька. Сиз жа вақтида топилдингиз, ака, энди ўзингиз тўйганингизча қулоқ солаверасиз!
Бусигин. Афсуски, мен кетаман.
Нина. Кетасиз?.. Қачон?
Бусигин. Эртага.
Сильва. Институтга боришимиз керак, бахтга қарши.
Нина. Чинданми?.. Мен энди кетмайсиз, деб ўйловдим.
Васенька. Ҳа, дадамга қараб турадиган текин хизматкор топилди, деб ўйловди!
Сарафанов. Васенька, кўп ҳаддингдан ошма! Билсанг, Володя ёзда мени кўргани тағин келади.
Нина. Бундан чиқди, сен бу ерга шунчаки… йўл-йўлакай кирибсан-да?
Бусигин. Бундан чиқди, ўзинг ҳам йўлга отланаётган экансан-да?
Васенька. Калламга бир фикр келди.
Сарафанов. Ана, кенжатойимизнинг мияси ғимирлаб қолди!
Васенька. Дадам уйланишлари керак!
Сарафанов. Нима?.. Нима дединг?
Васенька. Уйланишингиз керак, дейман.
Нина кулади.
Сарафанов (Нинага). Кулма. Ҳазиллашяпти, бунинг ҳеч куладиган жойи йўқ.
Нина. Кимга, Васенька, сир бўлмаса?
Васенька. Кимга бўларди, Володянинг онасига-да.
Сарафанов. Сен, бола, умуман қулоқсиз бўп кетяпсан!
Нина (масхараомуз). Ўйлаб кўришга арзийдиган фикр лекин, а, дада? (Бусигинга.) Бунга акажонимиз нима деркинлар?
Бусигин. Менми?.. Бир нима дейишгаям ҳайрон бўп қолдим.
Сарафанов. Сен, ўғлим, парво қилма, булар шунақа тарбиясиз бўп кетишган.
Васенька. Сиз бекорга мендан хафа бўляпсиз, дада. Хўш, таклифим-нинг нимаси ёмон? Кейин менга раҳмат дейсиз.
Сарафанов. Жим бўл. Сен, масхарабозга гапни ким қўйибди? (Сильвага, кесатиб.) Семён, бизнинг масхарабозлар оиламиз ҳақида нима дейсиз?
Сильва. Зўр оила, бошқа бунақаси йўқ! (Бусигин томонга ияк қоқиб.) Бунинг омади бор экан.
Сарафанов. Нина, аканг эртага кетадиган, мен ишда бироз ушланиб қоламан. (Бусигинга.) Бугун биз мураккаб нарсаларни чаламиз – Глинка, Берлиоз. (Нинага.) Шунинг учун сен эртароқ келишга ҳаракат қил.
Нина. Хўп.
Сарафанов. Энди… Соат неча бўлди? О-о, вақт бўп қопти-ю…
Нонушта қилиб олсак бўлармиди?
Нина (деразани очиб). Аввал бу ерни бироз тартибга солиб олиш керак экан. Ҳамма нариги хонага чиқиб турсин! (Деразадан қараб.) Васенька, бу ёққа келгин, Наташанг чиқибди, хиром айлаб!
Сильва, Бусигин, Сарафанов деразадан қарайдилар.
Сарафанов (Бусигинга). Бу ўша.
Бусигин. Нима қипти, ёқимтойгина экан.
Сильва. Ким ўзи у?
Сарафанов. Қўшнимиз.
Нина. Қишлоғимизнинг маликаси. (Васенькага.) Қани, югуриб бориб бўйнига осилмайсанми? Бор, видолаш у билан. Бугун хайрлашмадинг-ку.
Васенька. Қоч-э!
Нина. Ё хат орқали видолашдингми?
Васенька. Бўлди, дедим! Мендан нима истайсан ўзи?
Нина. Битта холанг тенги жувонни деб ақлдан озмаслигингни истайман, ҳеч бўлмаганда, ақлдан озишдан олдин манави қовоқ ўлгурни сал-пал ишлатишингни хоҳлайман!
Бусигин. Менимча, аксинча бўлиши керак.
Нина. Шунақа эканми?
Бусигин. Менимча, шундай.
Нина. Аҳмоқона фикр.
Сарафанов. Менимча, Володя ҳақ. Ўйлаш, фикр қилиш яхши нарса, албатта, лекин…
Нина. Қани, қани, оқланглар уни, ҳимоя қилинглар! Токи бутунлай тарбияси дабдала бўлгунча!
Васенька (ўрнидан туриб, Нинага). Сен истаганингча ўйла, фикр қил, мен эсам ўйлаб бўлдим! Ақлдан озгим келяпти, тушундингми?! Ақлдан озмоқ ва ҳеч нарса ҳақида ўйламаслик – мана, менинг шиорим! Мени тинч қўй! (Бошқа хонага чиқиб кетади.)
Бусигин (Нинага). Бекор қилдинг.
Сарафанов. Жуда тўғри. Нима қилардинг оловга керосин сепиб, Нина?
Нина. Ўзини кўрмайсизми?! Қанақадир бир жувоннинг олдида ўзини хор қиляпти!
Сарафанов. Гапинг нотўғри, Нина, у ёмон қиз эмас.
Бусигин. Васенькани тушунса бўлади, у кўзга яқин қиз экан.
Нина. Шунақа эканми?
Бусигин. Ҳа, нима? Кўринишдан чакки эмас, мен сенга айтсам.
Нина. Ундай бўлса, сизнинг дидингизни қарға чўқиб кетибди. Нега деразага ёпишиб олдиларинг, қочинглар, мен бу ерни йиғиштиришим керак! Катта холасининг уйидай ялпайиб ўтириб олишганини-чи…
Сильва. Менимча, ҳеч нима ҳақида ўйламаслик, шу билан бирга ақлдан ҳам озмаслик керак. Энг маъқул йўли шу.
Нина. Қулоқ борми, мен бу ерни йиғиштиришим керак, деяпман!
Сарафанов. Яхши, яхши. Кетдик, Володя.
Бусигин. Сиз бораверинг, мен ҳозир чиқаман.
Сарафанов. Яхши. (Чиқиб кетади.)
Сильва (деразадан узоқлашмай). Биласизми, Нина, мен сизнинг фикрингизга тўла қўшиламан. Бу Наталия деганларининг ҳеч қарайдиган жойи йўқ.
Нина. Бўпти-бупти, қани, нариги хонага – марш! (Ошхонага чиқиб кетади.)
Сильва (завқ ва ҳаяжонини бекитолмай). Сингилчанг олов-ку!.. Бир унга ёрдамлашворай.
Бусигин. Йўқ, мен у билан гаплашиб олишим керак.
Сильва. Менга қара, ахир сен акасисан, ака-сингил ўртасида қандай гап бўлиши мумкин?
Бусигин. Оилавий, оилавий гап. (Сильвани эшик томон итаради.)
Сильва (ўжарлик билан). Мен уни яхши кўриб қолган бўлсам-чи?
Бусигин. Бор-бор, бобойни бирпас ушлаб тур.
Сильва. Кимни?
Бусигин. Хўп, майли, дадамни. Бор-бор, тезроқ чиқ… (Уни итариб чиқариб юборади ва орқасидан эшикни ёпиб қўяди.)
Қўлида супурги ва латта билан Нина қайтиб киради.
Сенга ёрдамлашворсам, қаршимасмисан?
Нина. Майли… Супуришни биласизми?
Тағин Сильва пайдо бўлади.
Сильва. Мен сизга қарашвораман.
Нина. Йўқ, раҳмат, икковимиз эплаймиз.
Сильва. Мен оғир ишларни айтаяпман: мебель-пебелни у ёқ-бу ёққа суриш, дегандай…
Бусигин. Ўзинг бу ердан сурсанг яхши бўларди, ҳалақит берасан, холос.
Сильва (пафос билан, артистона). Болаларим! Қўзичоқларим! Қаранглар! (Бусигин билан Нинани кўзгу олдига итариб бориб.) Икки томчи сувдай ўхшашларингга қараб туриб, йиғлаворай деяпман! Одам ҳам бир-бирига шунақа ўхшайдими? Оҳ!..
Бусигин. Жўна-жўна. Нариги хонада йиғлагин. (Сильвани эшик томонга итариб.) Синглим билан икки оғиз гаплашиб олишга ҳақим борми-йўқми? (Уни чиқариб, орқасидан эшикни ёпиб қўяди.)
Нина (кўзгуга қараб). Менимча, ҳечам ўхшашлик жойимиз йўқ…
Бусигин. Бўлиши мумкин…
Нина. Қизиқ, дадамдан ҳар нарсани кутсам ҳам бунақасини кутмовдим. Бу дунёда акам борлиги етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган эди!
Бусигин. Мени айтгин! Бу дунёда шунақа ёқимтой синглим борлиги хаёлимга ҳам келмаганди!
Нина. Ёқимтой, дедингизми?
Бусигин. Ҳам ёқимтой, ҳам чиройли!
Нина. Тушунмадим, чиройлиманми ё ёқимтойманми?
Бусигин. Иккаласиям… Хуллас, сен билан гаплашиб олишим керак.
Нина. Эшитаман?
Бусигин. Демак, кетяпсан?
Нина. Ҳа. Нима, дадам айтмадими?
Бусигин. Бутунлай кетяпсанми?
Нина. Тўғри, лекин бу сизни нега қизиқтириб қолди?
Бусигин. Меними? Мен сенга айтсам, дадамизнинг ёши ҳам бир жойга бориб қолди, соғлигиям унчаликмас, феъл-атвориям жа шакармас. Ота, нима бўлгандаям – ота. Васенька ҳам кетиб қолса… унда нима бўлади?
Нина. Нима-нима бўлади?
Бусигин. Унда ёлғиз қолиб кетади-ку!
Нина. Кейин-чи?
Бусигин. Ахир, сен…
Нина. Ахир, сен билан кетиши мумкин-ку, демоқчимисиз?
Бусигин. Ҳа. Ёки шу ерда қолиб, иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб бўлиб туришинг ҳам мумкин.
Нина. Шунақа эканми? Боядан бери ўйлайман, бунақа ғамхўримиз қаердан пайдо бўлиб қолди, деб.
Бусигин. Биз ғамхўрлик қилмасак, ким қилади? Ахир, у бегонамас, даданг-ку!
Нина. Бугун маълум бўлдики, сиз ҳам бегона эмас экансиз. Шунчалик экан, меҳрибон ва ғамхўр ўғил сифатида сиз ҳам уйингизга олиб кетишингиз мумкин!
Бусигин. Менми?
Нина. Нега ҳайрон бўласиз? Сиз – тўнғич ўғилсиз, бурчингиз. Ё нотўғрими?
Бусигин. Тўғрику-я… Лекин мен кечагина пайдо бўлдим… Тўсатдан… Энг асосийси сен ойимни унутиб қўйяпсан, улар нима деркинлар?
Нина. Сиз эса менинг қайлиғимни унутиб қўйяпсиз, у нима деркин? (Хона йиғиштира туриб.) Ғамхўрлик қилиш айтишгагина осон. Уни ҳеч ким ташлаб кетаётгани йўқ, тез орада бўладиган тўйимизда меҳмон бўлади, қўлимиздан келганча ёрдам бериб турамиз, хат-хабарлашамиз, яхшилаб ўрнашиб олганимиздан кейин, олиб кетамиз. Бир йил, узоғи билан бир ярим йил ўзини-ўзи эплаб турар. Бугун сизларни таништириб қўяман – ажойиб йигит!
Бусигин. Тасаввуримда у полвонкелбат ва меҳрибон. Йирик одамлар, одатда, меҳрли ва кўнгли бўш бўлади.
Нина. Ҳа, топдингиз.
Бусигин. Унча чиройли бўлмасаям истариси иссиққина?
Нина. Худди ўзи!
Бусигин. Қувноқ, эътиборли, одамлар билан тезда чиқишиб кетадиган?
Нина. Ҳаммаси тўғри! Иродали, тиришқоқ. Бунинг нимаси ёмон? Унинг мақсади аниқ. Адашиб-тентираб юрмайди. Бирсўзли. Айтдими – албатта гапининг устидан чиқади. Баъзиларга ўхшаб бекорга лақилламайди.
Бусигин. Балки ҳеч қачон ёлғон гапирмайдиган фариштадир?
Нина. Чиндан ҳам ёлғон гапирмайди.
Бусигин. Шундайми? Ўшанингни бир кўрсам девдим.
Нина. Кўрасиз. Фақат кечқурун.
Бусигин. Кечқурун? Кундузи иложи йўқми? Ўша ростгўй авлиёнгни қуёш ёруғида кўрмоқчи эдим. Кечқурун қоронғида у ер-бу ерини кўрмай қолишим мумкин-да!
Нина. Менга қаранг! Сизга нима бўлди – пичинг қиласиз, кесатасиз! Нима қилибди? Содда, қишлоқи йигит. Осмондаги ойни ваъда қилгани йўғ-у, лекин ишончли. Менга шуниси маъқул. Ҳозир нима кўп – гап десанг қоп-қоп, иш десанг Самарадан топлар кўпайиб кетган!
Бусигин. А-а, шунақа демайсанми?! Унда тушунарли.
Нина. Нима – тушунарли?
Бусигин. Ўзингга бундан мосини тополмайсан, дейман.
Нина. Шошманг-шошманг! Сиз уни мутлақо билмайсиз-ку? Қаердан биласиз, мосми-мос эмасми?
Бусигин. Нима бўпти? Уни билмасам, сени биламан.
Нина. Мени-я? Қачон улгура қолдингиз?
Бусигин. Мана, ҳозиргина билдим.
Нина. Фолбин бўп кетинг-э, беш дақиқа гаплашиб, миримдан сиримгача биладиган!
Бусигин. Йўқ, ҳаммасини эмас, мирингни била олдим-у, сирингни била олганим йўқ.
Нина. Хўш, нима экан, ўша “мирим”?
Бусигин. Сенга нима кераклигини билдим.
Нина. Хўш, нимани хоҳларканман?
Бусигин. Эрга тегишни. Ўзинг шундай дединг.
Нина (оғриниб). Сиз ким бўлибсизки, менга бунақа нарсаларни гапирасиз?!
Бусигин. Қанақа нарсаларни?
Нина. Ахир, сиз уни умрингизда кўрмагансиз-ку! Бунча осилиб қолдингиз? У сиздан кўра дурустроқ одам бўлса керак?
Бусигин. Ким ёмон одам деяпти?
Нина. Ҳар қалай у баъзиларга ўхшаб ичиқоралик қилмайди!
Бусигин. Гап йўқ! Албатта, ичи оқ. Қордай оппоқ!
Нина. Гапнинг пўсткалласини айтадиган бўлсам, у сиздан елкадор ва новчароқ. Бир калла баланд!
Бусигин. Балки, икки калладир?
Нина. Сурбет! Сурбет ва қаллобсиз!
Бусигин. Йўғ-э?
Нина. Савдойи бўлиб қолибсиз? Сизга қўшилиб дадам ҳам савдойи бўлиб қолган!
Бусигин. Раҳмат!
Нина. Арзийди!
Нина жаҳл билан хонани супура бошлайди, Бусигин бўлса мебель артишга киришади. Улар стол олдида тасодифан тўқнашиб кетадилар ва бирпас ишдан тўхтаб қолишади.
Хафа бўлдингизми?
Бусигин. Йўқ, бўлиб туради…
Нина. Асабийлашиб кетдим… Сиз ҳам бўш келмадингиз…
Бусигин. Мендан ҳам ўтди, йигитингга нисбатан ҳар хил бўлмағур гапларни гапириб…
Нина. Демак, яраш-ярашми? (Қўл узатиб.) Қизишиб кетдим… Хафа бўлмадингизми?
Бусигин. (бирдан қизни ўзига қаратиб). Йўқ дедим-ку, йўқ!..
Улар юзма-юз туриб қоладилар. Лаблар бир-бирига интилган ҳам эдики, бирпас тўхтаб қолишади. Кейин кескин узоқлашишади.
Бусигин (Нотабиий йўталиб). Дадамиз ҳақида бир нима дегандай бўлдингми?
Нина (ҳозиргина бўлиб ўтган ҳолатни назарда тутиб). Ғалати экансиз…
Бусигин. Менга қара, сингилжоним. Бу ёғига бир нима қилиш керак.
Нина. Жуда ғалати…
Бусигин. Дадамизни айтаман, уйланиш масаласини, бир нима қилиш керак. Нега ғалати? Шунчаки тун бўйи ухламадим, довдирашим шундан…
Сарафанов ва Сильва пайда бўлади. Сильванинг қўлида гитара, куйлаб киради.
ИККИНЧИ ПАРДА
Биринчи кўриниш
Ҳовли. Макарскаянинг уйи, тераклар тагида ёғоч скамейка, лекин кўча кўринмайди. У скамейкада ўтирганича дарвозага қараб турибди.
Васенька пайдо бўлади. Довдираганча тўхтаб қолади, сўнг ясама тетиклик билан дарвоза томон юради.
Макарская (уни кўриб қолиб). Васенька!
Васенька қотиб қолади.
Бу ёққа кел. Кечаги қилиғинг учун жазойингни бераман.
Васенька (у томонга қарамай). Овора бўласиз!
Макарская. Қўрқма, келавер.
Васенька. Дилхушлик қилгингиз келиб қолдими? Мен билан мушук-сичқон ўйнамоқчимисиз? Бундан буён сичқон ролини ўйнамоқчи эмасман.
Макарская. Бу ёққа кел, дедим, жиннивой.
Васенька (сабри чидамай ўгирилиб қарайди ва яқинлашади). Мана, келдим. Хўш? Мени тушликда ейсанми ё нонуштага олиб қўясанми?
Макарская. Бирам кулгилисанки… Мен билан кинога борасанми?
Васенька (бирпасдан сўнг). Ростданми?.. Қачон?..
Макарская. Дурустроқ кино бор эканми?
Васенька. Бор! Итальянларники! Клубда кетяпти.
Макарская. Нима ҳақда экан?
Васенька. “Итальянча ажрим”, деган кино экан.
Макарская. Эр-хотиннинг қўйди-чиқдиси ҳақидами: Бормайман. Ишхонадаям қўйди-чиқди, жонга тегиб кетди. Кўриладиган ҳар учта ишдан иккитаси ажралишлар ҳақида. Нима, Италияда ҳам шу аҳвол эканми?
Васенька. Йўқ-йўқ, бу кино умуман бошқа нарса ҳақида!
Макарская. Сенга бу қўйди-чиқдилар (томоғини кўрсатиб) мана бу еримга келган, деяпман! Шунақа жонимга тегиб кетганки, турмушгаям чиққим келмай қолди!
Васенька. Яна бошқаси бор-у, уям ажралиш ҳақида-да… “Бахтли кун” деб аталади.
Макарская. Унда нимаси бахтли кун экан?
Васенька. Битта аёл золим эрдан яхши эрга кетиб қолади.
Макарская. Ўша аёл шундай деб ўйлайди, лекин эрнинг яхшиси бўлмайди. Тағин қанақа кино кетаётган экан ё бўлдими?
Васенька. Бўлди. Бу ер шаҳар эмас-ку, бор-йўғи битта клуб бор…
Макарская. Итальянларникини кўра қолайлик, ҳар қалай бизнинг қўйди-чиқдилардан фарқи бордир?
Васенька. Бўлмаса, мен билетга югурдим?
Макарская. Майли, кичкинтой, югура қол.
Васенька. Неччилигига олай?
Макарская. Барибир.
Васенька. Унда кетма-кет ҳаммасига оламан! Кун бўйи кино кўрамиз! Югуриб чиқиб кетади.
Макарская. Бечора боланинг томи кетиб қолибди.
Сильва пайдо бўлади.
Сильва. Салом, Наташа.
Макарская. Яхшимисиз?
Сильва. Халақит бермадимми?
Макарская. Менимча, йўқ.
Сильва. Менинг исмим Семён.
Макарская. Жуда яхши. Исмимни қаёқдан биласиз?
Сильва. Мен анчадан буён сизни кузатиб юрибман.
Макарская. Нечук? Шундай қилиб, мени қаерда кўргансиз?
Сильва. Кечирасиз, буни айтолмайман.
Макарская. Сир, денг? Ундай бўлса ўзим айтаман.
Сильва. Қанақасига? Биз илгари учрашганмизми?
Макарская. Сиз қаерда ажрашгансизлар?
Сильва. Нима-нима?
Макарская. Хотинингиз билан қачон ва қаердаги судда ажрашгансизлар, дейман.
Сильва. Бу нима деганингиз?! Ҳечам-да! Мен ўзимнинг шахсий ишларимга давлатни аралаштирмайман. Унинг мендан бошқаям муаммолари бошидан ошиб ётибди!
Макарская. Мен судда котиба бўлиб ишлайман. Биз ўша ерда учрашмаганмизми, мабодо?
Сильва. Йўқ! У ерда эмас, мабодо!
Макарская. Менга дунёдаги ҳамма эркаклар бизнинг судда ажрашган бўлиб туюлаверади. Қизиғ-а?
Сильва. Йўқ, бошқа нарса қизиқ. Шундай кетворган қиз шунақа кир ишда ишлаб юриши… Сизнинг уйингизми?
Макарская. Ҳа.
Сильва. Менимча, ёлғиз яшайсиз? Ҳаётимга аралашяпти деманг-у, билсак бўладими – сабаб?
Макарская. Ёлғиз яшашимнинг сабабими? Сабаби йўқ. Ёқади – тамом! Ё, сиз қаршимисиз?
Сильва. Э, йўғ-э, Худо сақласин! Қайтанга яхши-ку, романтика!.. Жудаям-жудаям меҳмонингиз бўлгим келяпти.
Макарская. Нима сабабга кўра?
Сильва. Нима, мен сизга ёқмаяпманми?
Макарская. Сизми? (Бош-оёқ кузатиб.) Ёмонмас. Келишгангина сурбет экансиз.
Сильва. Бу гапингизга қўшиламан. Лекин сурбетлар ҳам меҳрга муҳтож.
Макарская. Дунёнинг қоқ ярми куёвлардан, тенг ярми сурбетлардан иборат. Куёвлар билан зерикиб ўласан, сурбетлар билан йиғлаб ўтасан – ўзинг танла!
Сильва. Кечқурун бўшмисиз?
Макарская. Кинога тушмоқчи эдим.
Уйи томон юради.
Сильва (орқасидан эргашиб). Кино яхши нарса, албатта. Шуни бошқа кунга қолдиришнинг иложи йўқми?
Макарская (остонада тўхтаб). Сабаб?
Сильва (ичкарига мўралаб). Қанақа яшаётганингиз билан танишишга рухсат этинг.
Макарская. Марҳамат. Афтидан, рухсат бермасам ҳам кириб оладиганга ўхшайсиз. Безбетларча.
Сильва. Тўппа-тўғри!
Унинг кетидан уйга кириб олади. Нина билан Бусигин подъезддан чиқадилар. Нина плаш кийиб олган, қўлида сумкача.
Бусигин. Йўқ-йўқ, ўзинг кетавер. Яхшиси, мен дадам билан ишхонасига бораман. Глинка, Берлиозларни эшитиб келаман.
Нина. Сенга маслаҳат бермасдим.
Бусигин. Нега?
Нина. Ҳеч қанақанги Берлиоз-мерлиоз йўқ.
Бусигин. Нега ахир, дадам айтувдилар-ку?
Нина. Дадажонингиз айтаверадилар. Ҳеч қанақанги филармония-пилармония ҳам йўқ, бўшаганларига ярим йил бўлди.
Бусигин. Ростданми?
Нина. Ҳа. Буни ҳисобга олиб қўйсангиз зарар қилмайди.
Бусигин. Ҳозир қаерда ишлаяптилар?
Нина. Кинотеатрда ишлар эдилар. Энди темир йўлчилар клубига ўтганлар. Рақс майдончасида мусиқа чаладилар.
Бусигин. Шунақами?
Нина. Лекин, бундан сизнинг хабардорлигингизни дадам билмаслиги керак.
Бусигин. Тушунарли.
Нина. Бу, албатта, ҳаммага маълум нарса, фақат биз, Васенька иккаламиз, билмаганга оламиз. Гўё ҳалиям симфоник оркестрда ишлаётгандай… Бу бизнинг оилавий сиримиз.
Бусигин. Нимаям дердим, агар дадамга шуниси маъқул бўлса…
Нина. Мен онамни эслолмайман. Яқинда онамнинг дадамга ёзган хатларини ўқиб қолдим, у дадам билан ўтказган дамларини “хушбахт онлар” дебдилар. Дадам ҳақида “ёруғ инсон” деб ёзибдилар. “Ўзингизни эҳтиёт қилинг, ёруғлигим” ёки “нурлигинам” деб мурожаат қилган эканлар. Биласизми, онам ҳақ эканлар… Ишларида, десангиз, турли кўнгилсизликлар рўй беради. Ўзлари яхшигина созанда, лекин ана шу истеъдодини ҳимоя қила билмайдилар. Шунданми, ким билсин, кўп ичадиган бўлиб қолдилар. Шундай қилиб, яқинда штат қисқартишга тушиб, десангиз…
Бусигин. Шошма, ўзим куй басталайман, дегандай бўлувдилар?
Нина (истеҳзо билан). Ҳа, басталайдилар!
Бусигин. Қанақа мусиқа?
Нина. Зўр, қиёмат мусиқа! Кантатами-ей, ораториями-ей, ишқилиб, иккаласининг ўртасидаги бир нарса-да! Номиям зўр: “Одам одамга дўст!” Эсимни таниганимдан буён шу, битта ораторияни ёзганлари-ёзган!
Бусигин. Хўш, тугай деб қолгандир?
Нина. Ҳа, энди бир варақни тугатдилар!
Бусигин. Бир варақ?
Нина. Йўқ, бултурмиди, бир марта иккинчи вараққаям ўтувдилар! Аммо, яна биринчи варақни қайта ёзаяптилар!
Бусигин. Ҳа, дадам бир ишни қилса, виждонан қиладилар.
Нина. Ҳа, нимасини айтасиз!
Бусигин. Балки мусиқа деганлари шунақа яратилса керак? Айниқса, оратория, а?
Нина. Дадамга ўхшаб фикр қиляпсиз… Барибир, афсусланяпман.
Бусигин. Нимага?
Нина. Сизларни ташлаб кетиш афсусланарли. Ҳеч нарсани тушунмай қолдим: бу кунни шунча вақт кутдим, энди жўнашимга бир неча кун қолганда афсусланиб ўтирибман… Васенька билан хайрлашиш, сиз билан хайрлашиш… Куни кеча сизнинг бу дунёда борлигингизни ҳам билмасдим… Менга қаранг, акажон, шунча вақтдан бери қаёқларда юрувдингиз? Эртароқ келсангиз бўлмасмиди?
Бусигин. Лекин, мен…
Нина. Эртароқ келганингизда мени киноларга олиб тушардингиз, ҳимоя қилиб, керакли пайтда йўл-йўриқлар кўрсатар эдингиз. Сиз бўлсангиз, атайлаб қилгандек, бугун келиб ўтирибсиз. Кетадиган кунимда. Бу хиёнатдай гап, мен сизга айтсам…
Бусигин. Нимаям қилардик… Хоҳласанг, қолишинг мумкин. (Дарров гапини тузатиб.) Бир кунга қолишинг мумкин, демоқчийдим…
Нина. Нима учун?
Бусигин. Ўзинг айтдинг-ку, кино-пинога тушиб, йўл-йўриқ кўрсатардим…
Нина. Сиз эртага кетасиз-ку.
Бусигин. Мен… ҳалиги… қайтиб келаман.
Нина. Йўқ, энди кеч. Ҳаммаси ҳал бўлган.
Бусигин. У билан қаерда учрашасизлар?
Нина. Одатдагидай, марказда. Кинога тушамиз. Бу ерга соат саккизларда қайтамиз. Истасингиз бирга боришингиз мумкин.
Бусигин. Мен нима қиламан у ерда, маставага қатиқ бўлиб? Ўша учувчинг билан, яхшиси, кечқурун уйда танишаман.
Нина. Ўйлайманки, у билан бирпасда чиқишиб кетасизлар. У яхши одам… Шунча одамнинг ичидан бекорга уни танламаганман-да.
Бусигин. Нега? Бошқалардан яхши бўлгани учунми?
Нина. У мени севади… Орқамда бир ишончли одам бўлишини истайман. Суянса бўладиган, мустаҳкам. Ҳозир унақасини топиш қийин. Айтадилар-ку, ишқ бошқа, ҳавас бошқа, деб.
Бусигин. Тушунарли…
Уй томондан Макарскаянинг кулган овози эшитилади.
Бахтиёр аёлми, дейман?
Нина. Нимасин айтасиз, икки марта бахтиёр деяверинг! Битта-яримтасини илаштириб олса шунақа бахтиёр бўп кетади.
Бусигин. Бекорга у ҳақда ёмон ўйга боряпсан. У бамаъни аёл.
Нина. Сиз унинг бамаънилигини қаёқдан биласиз?
Бусигин. Биз танишмиз.
Нина. Дарров-а?
Бусигин. Кеча сизларнинг уйингизни қидиратуриб гаплашиб қолувдик.
Нина. Қаранг-а!
Бусигин. У менга маъқул бўлди.
Нина. Маъқул бўлди?
Бусигин. Ҳа. Нима бўпти?
Нина. У-я?
Бусигин. Нима қилибди, ёқимтойгина экан.
Нина. Ёқимтой кампир!
Бусигин. Маллагина экан. Малла соч қизларни ёқтираман.
Нина. Сочи бўялган, афти бўялган!
Тағин Макарскаянинг кулгиси эшитилади.
Бусигин. Қувноққина экан. Қувноқ қизлар ёқади менга.
Нина. Кўргани кўзим йўқ уни!
Бусигин. Ёлғиз экан шўрлик. Ёлғизларга раҳмим келади.
Нина. Нафратланаман ундан!
Бусигин (атайлаб, унинг асабига тегиш учун). Чала қолган суҳбатимизни тугатиб қўя қолай…
Макарскаянинг уйига кирмоқчи бўлади.
Нина. Йўқ! Кира кўрманг!
Бусигин. Менга қара, нима, рашк қиляпсанми?
Нина (ҳайрат билан). Нима?..
Бусигин. Рашк қилаётганга ўхшайсан.
Нина (қўрқиб кетиб). Рашк?.. (Довдираб.) Ҳалиги… Бўлмасам-чи, албатта рашк қиламан. Нима, сингил акасини рашк қилмайдими?
Бусигин (беихтиёр). Э, қанақа ака-сингил?.. (Гапини ўнглаб.) Ҳа-я, ака-сингилмиз-а? Албатта, сингил акасини қизғанади. Агар у… Агар у ўз жигаридай яхши кўрса.
Нина (иккиланиб). Бўлмасам-чи…
Бусигин. Бу жиддий масала. Баъзи мусулмон мамлакатларида, ҳатто пичоқвозлик билан ҳам тугаши мумкин… Сен бора қол, кечикиб юрма…
Нина (ўзига келиб). Ҳа-я, боришим керак… Кетдим… (Кетади ва қайтиб келади.) Менга қаранг, ўша баъзи мамлакатларда сингил ўз акасини севиб қолиши мумкинми?
Бусигин. Йўқ, мумкин эмас.
Нина. Йўғ-э?.. (Асабий кулиб.) Мен аҳмоқ ўйловдимки…
Бусигин (унинг кулгисига қўшилиб). Ўйлашимча, мумкин эмас.
Нина (кулишда давом этиб). Мумкин эмасми?
Бусигин. Менимча, тақиқланган.
Нина (кулиб). Афсус… (Кулишдан тўхтаб.) Ҳазилга ҳам уста экансиз.
Бусигин (керилиб). Нимасини айтасан.
Нина. Бўпти, мен кетдим. Соат иккиларда дадамни уйғотиб қўярсиз. Овқат музлаткичда, иситиб ерсизлар. Васенькага кўз-қулоқ бўлиб турарсиз, қочиб кетиши мумкин.
Бусигин. Қочмайди, у билан келишганмиз.
Нина. Эсингизда бўлсин, дадамнинг ишонгани, суянган тоғи сизсиз. Майли… (Унга жуда яқин келиб.) Ановидан (Макарскаяни назарда тутиб) узоқроқ юрганингиз маъқул. Келишдикми?
Бусигин. Келишдик. Бўпти, яхши бор.
Нина. Майли, яхши қолинг, акагинам. (Кетади.)
Бусигин (қўл силкиб, жудаям секин). Омадингни берсин, сингилгинам.
Остонада Сильва ва Макарская пайдо бўлишади. Макарская кулади. Бусигин уларга кўринмайдиган жойда туради.
Сильва. Шундай қилиб, қуёш нурлари дарахт учларида жилваланган бир пайтда…
Макарская ( остонада кулганича). Яхши, жуда яхши… Хайр…
Сильва (ишчанлик билан). Демак, соат ўнда…
Макарская. Бўпти, бўпти… (Ичкаридан эшикни ёпиб қўяди.)
Сильва эшик соябонидан тушар экан, кўзи Бусигинга тушади.
Сильва. Ҳа, мсье Сарафанов! (Яқин келиб.) Ҳаёт булоқ каби қайнамоқда! (Макарскаянинг уйи томон ияк қоқиб.) Эшитдингми?
Бусигин. Эшитдим.
Сильва. Сенинг нега пешонанг тиришиб қопти? Нима бўлди? Чолнинг ўғлимисан ё ўгай қариндошимисан?
Бусигин. Сенга бу ердаги меҳмондорчилик чўзилиб кетгандай туюлмаяптими?
Сильва. Йўғ-а, ҳаммаси жойида. Менга бу ер ёқиб қолди. Билишимча, сенинг ҳам ишларинг ёмон кетмаяпти.
Бусигин. Қанақа ишларим?
Сильва. Кўнгил ишлари, деяпман.
Бусигин. Ҳеч қанақанги кўнгил ишлари йўқ!
Сильва. Алдама, кўзим кўр эмас-ку. Икковингнинг кўзларингда қандайдир ёввойи аланга кўрдим. Сизларга қараб туриб, одамнинг йиғлагиси келади.
Бусигин. Қўйсанг-чи, у турмушга чиқаяпти.
Сильва. Эшитдим, лекин…
Бусигин (гапини бўлиб). Эрта-индин жўнаб кетяпти. Ана сенга аланга. Бу ерда яхшигина меҳмон бўлдик, энди иззатимизни билайлик. Нарсаларни йиғиштир, дўконни бекитамиз!
Сильва. Қаёққа?
Бусигин. Қаёққа бўларди, уйга-да.
Сильва. Шошма… Ие, соат ўнда учрашувим бор-ку.
Бусигин. Ҳеч қанақанги учрашув-пучрашув бўлмайди! Кераксиз жойга бурнингни тиқма! Бу аёлни деб Васенька жинни бўлиб юрганини кўрмаяпсанми?
Сильва. Бунга менинг нима алоқам бор?
Бусигин. Жинни бўлма! Учрашувни каллангдан чиқариб ташла – тамом. Уйга кетамиз.
Сильва. Бекор айтибсан. Мен кўришамиз деб лафз қилиб қўйганман, аёл кишига номардлик қилмоқчи эмасман.
Бусигин. Номардлик қиласан! Ҳозир бориб хайрлашиб кел. Бориб айт, “қуёш нурлар дарахт учларида жилваланган бир пайтда” сен бу ердан узоқларда бўласан.
Сильва. Менга қара, сен яна нималарни режа қиляпсан?.. Ҳозир кетиб, тунда яна қайтиб келамизми?
Бутигин. Нимага?
Сильва. Шунақами? Унда ўзинг кетавер, мен эсам…
Бусигин. Бирга кетамиз!
Сильва. Менга қара, сен бир балони режалаштиряпсан, буни тушунаман. Лекин ўша “бир бало” нима? Бу мен учун қоронғи. Яхшими шу? Дўст дегани бунақа бўлмайди.
Бусигин. Яхши. Ваҳоланки биз дўст эканмиз, дўстона таклифим: юр, кетамиз.
Сильва. Тўғри, дўстликка дўстмиз. Лекин менинг устимга ҳаддан ошиқ юк ортаяпсан-да. Синглинг билан гаплашиш мумкин эмас, бегона билан танишиш мумкинмас. Бу қанақаси бўлди? Нафас олиш мумкинми?
Бусигин. Қисқаси, агар манави эшикни (Макарскаянинг эшиги томон ишора қилиб) яна бир марта тақиллатсанг, мендан кўрадиганингни кўрасан. Оқибати жуда ёмон бўлади. Тушундингми? Эндиям қоламан, дейсанми?
Сильва. Бўпти-бўпти, битта аёлни деб икковимиз жиққамушт бўлиб ўтирсак уят бўлар. Майли, кетамиз. Билиб қўй, бу ишни сендан қўрққанимдан қилаётганим йўқ, шунчаки дўстлигимиз ҳурмати қиляпман.
Бусигин. Майли-майли…
Сильва. Бирпас шошмай тур, ичкарида гитарам қолиб кетибди.
Бусигин. Мен ҳам кираман.
Сильва. Йўқ, сен шу ерда кутиб турганинг яхши. Чол уйғониб қолса, гап сотиб, яна икки соат қолиб кетамиз.
Бусигин. У ухлаб ётибди. Хат қолдирамиз унга.
Кутилмаганда Васенька пайдо бўлади.
Сильва. Ана, бўрини йўқласанг, қулоғи кўринаркан!
Васенька. Ана, овчини йўқласанг, қўндоғи кўринаркан!
Бусигин. Йўл пўстак, оғайничалиш?
Васенька. Ишларинг бўлмасин, пўстакбошлар!
Сильва.Ўҳ-ҳў, зўр-ку!
Васенька. Дадам уйдамилар?
Бусигин. Ҳа, ухлаб ётибдилар.
Васенька. Бу ерда нимага ивирсиб юрибсизлар?
Сильва. Нега бўларди. Сенинг акагинангнинг меҳрибонлиги тутиб қолди, мениям судраяпти… Томоқни ҳўллаб олишга бирон нима бўлсайди.
Васенька. Унда уйга боринглар. Ошхонага кириб, иситгич батареянинг орқасида бир нима бўлиши керак. Дадамнинг “қора кун”га асраб қўйган заҳираси.
Сильва. Э-э, биз унақа нарсалардан узоқ юрамиз.
Васенька. Ҳали “қора кун” билан “қора дори”нинг фарқига бормайдиган галварслар ош-қатиқ бўлиб юрибманми?!
Бусигин (Васенькага). Бўпти-бўпти, кўп ўзингдан кетаверма! (Сильвага) Сен боравер, мен ҳозир…
Сильва подъездга кириб кетади.
Хўш, нима қилдик энди?
Васенька. Ўша гап – гап. Ҳеч қаерга кетмайман.
Бусигин. Тўғри қиласан. Мен – бошқа гап, бормасам бўлмайди. Ўзинг тушунасан – имтиҳонлар… Мени уялтириб қўймайсанми?
Васенька. Қоламан, дедим-ку. Чин эркаклик сўзим!
Бусигин. Зўр йигитсан-да, лекин. Баракалла!
Васенька. Қўйсангиз-чи. Сиз бемалол кетаверинг.
Бусигин. Хўп бўлади, акасининг укаси!
Подъездга кириб кетади. У бориб Макарскаянинг эшигини қоқади.
Аёл чиқиб келади.
Макарская. Билет олдингми?
Васенька. Бўлмасам-чи! Қиёмат ур-йиқит бўп ётибди. Аранг олдим.
Макарская (бошдан-оёқ разм солиб). Кўриниб турибди. Тугмаларинг қани?
Васенька (чўнтагидан тугма чиқариб). Биттаси мана, иккинчиси ўша ерда қолган бўлса керак.
Макарская. Бўпти, шу биттасини бўлсаям қадаб қўяман. Мен ҳозир… (Ичкарига кириб кетади. Васенька чўнтагидан хат чиқариб, ёқиб юборади. Чиқиб келиб) Нима қиляпсан?
Васенька (қувноқлик билан). Ҳеч нима. Битта хатни ёқиб ташладим.
Макарская. Костюмингни бер.
(Улар бир муддат ёнма-ён ўтиришади. Қиз тугма қадашга тутинди. Васенька кутилмаганда қизнинг елкасига бошини қўяди.)
Бу нима қилганинг?
Васенька. Билмадим…
Макарская. Бўлди, бўлди… (Оналарча ғамхўрлик билан унинг бошини силаб қўяди.) Шўрликкина… Қийналиб кетдингми?
Васенька. Мени кечир… Ҳозир ўтиб кетади.
Макарская (тугмани тикиб бўлиб, костюмни қайтариб беради). Ма. Шу қадаган тугмам узилиб тушса, икковимиз ўртамиздаги ришта ҳам узилиб тушади. Шунақа ирим бор… Шошма, билетни соат неччига олдинг?
Васенька. Соат ўндагисига, охирги сеансга. Нимайди?
Макарская. Ўндагисига?! Жинни бўлдингми?
Васенька. “Неччидагисига олай” десам, ўзинг “менга барибир” дединг-ку.
Макарская. Васенька! Соат ўнда боролмайман, сираям иложим йўқ!
Васенька. Нега, ахир, нега?
Макарская. Боролмайман, тамом – вассалом! Сен билан кинога тушушимни истасанг, оёғингни қўлингга олиб югур. Билетни бошқа вақтга алмаштириб кел.
Васенька. Сабабини айтмасанг, турган жойимдан бир қадам ҳам жилмайман. Негалигини билишим керак.
Макарская. Билишинг керак? Нимани билишинг керак? Сен ўзи ким бўпсанки, менинг ҳаётимга бурнингни тиқасан? Менга унақа ўқрайиб қарама.
Васенька. Нима, битта-яримтаси билан учрашмоқчимисан?
Макарская. Топдинг – учрашувим бор, нима дейсан?
Васенька. Нега бундай қиляпсан?
Макарская. Нимани нима қиляпман? Ҳа-я, сен билетга кетганингда бу ерда баъзи нарсалар ўзгариб қолди.
Васенька. Нима ўзгарди?
Макарская. Мени сўроқ қилишни йиғиштирасанми-йўқми?
Васенька. Мен савол бердим.
Макарская. Бир йигитни ёқтириб қолдим, гапинг борми?
Васенька. У сўлоқмон шунча пайтдан бери қаёқларда юрган экан?
Макарская. Эй, Худойим! Шунақа жонимга тегиб кетдингки!..
Васенька. Шунақа экан, нимага мени билетга жўнатдинг, қонхўр?
Макарская. Раҳмим келди. Сенга ҳам, дадангга ҳам.
Васенька. Дадамга? Дадамнинг нима алоқаси бор бунга?
Макарская. Алоқаси шундаки, даданг кеча кечқурун бизникига сендан совчи бўлиб келди.
Васенька. Ёлғон! Бундай бўлиши мумкин эмас!
Макарская. Отаси нима, боласи нима – ҳаммаси бир гўр! Манави сўтакдан совчи бўлиб келибди!
Васенька (қизнинг қўлидан қаттиқ тутиб). Дадамга тил теккизма! Йўқса, ўлдираман сени!..
Макарская. Ким, сенми? Жа қўрқиб кетдим! Товуқниям сўя олмайди-ю, одам ўлдирармиш! (Бир силтаб қўлини озод қилади.) Тамом, концерт тугади! Калтак емасингдан бир жўнаб қол-чи, жўжахўроз! (Ичкарига кириб, унинг нақ бурни олдида эшикни қарсиллатиб ёпади.)
Подъезддан Бусигин ва қўлида гитараси билан Сильва чиқади. Васенька уларнинг кўз ўнгида Макарская қадаб берган тугмани узиб олиб, ерга улоқтиради.
Бусигин. Васенька, нима бўлди?
Васенька жаҳлдан гезариб турарди.
Бусигин. Ким хафа қилди? (Макарскаянинг уйи томон ишора қилиб) Уми?
Сильва (Васенькага). Бир маслаҳат-да, қария. Мен сенинг ўрнингда бўлсам, айтайми нима қилардим? Қўлимни ювиб, қўлтиққа урардим! Вақтинча, албатта. Ўзинг ўйла, сен жонингни жабборга бериб уни севасан, кечалари ухламайсан, у бўлса шунчаки бошингни айлантириб юрибди. Бир-икки ой севмай қўй, кўрамиз унинг ҳолини!
Бусигин. Бас қил, нималар деб алжираяпсан.
(Васенька кутилмаганда подъездга югуриб кириб кетади.)
Нима қилиб қўйдинг, аҳмоқ?
Сильва. Сенга нима бўлди, иситманг йўқми? Менга қара, у сенга ким бўлади ўзи? Чиндан ҳам укангми? Етти ёт бегонасан-ку, ахир!
Бусигин. Эҳ, жин урсин! Нима қилиш керак?..
Сильва. Бу ердан иложи борича тезроқ жуфтакни ростлаш керак!
Сарафанов пайдо бўлади.
(Секин.) Ана, уйғонибди… Ивирсишнинг оқибати бу!..
Сарафанов. Володя.
Бусигин. Лаббай, дада.
Сарафанов (ёлворгандай). У нарсаларини йиғиштиряпти!..
Подъездга кириб кетади.
Сильва. Юр, вақт ғаниматда қуён бўлайлик.
Бусигин (чорасиз). Йўқ, мен қоламан.
Сильва. Ассалому алайкум. (Гитарасини чалиб қўяди.)
Бусигин (тушкун кайфиятда). Ваалайкум…
Иккинчи кўриниш
Сарафановнинг уйи. Кечқурунги соат ўн. Бусигин нариги хонага кириладиган эшик ёнида турибди. Сильва диванда чўзилганича гитара чалиб, аллақандай қўшиқни хиргойи қиляпти.
Бусигин. Йиғиштир!
Сильва. Менимча, у тушининг еттинчи сериясини кўряпти-ёв.
Бусигин. Йўқ, ухламаяпти. Шунчаки шифтга қараб ётибди. (Соатга қараб қўйиб.) Соат ҳам олти бўляпти.
Сильва. Балки ўлиб қолгандир?
Бусигин (эшикдан мўралаб). Кўзинг ғилайми, нима бало? (Эшикни оҳиста ёпиб қўйиб.)
Сильва. Менга қара, сенга синглинг ёқади, а?
Бусигин. Хўш?
Сильва. Бир нарсани тушунмаяпман, синглингни севсанг, унда Васенькага сен ким бўласан? Поччами?
Бусигин (ўйланиб). Демак, шунақа бўлиб чиқади…
Сильва. Бу сенга ғалати туюлмаяптими? Мен сенинг ўрнингда бўлсам, синглим билан яхшилаб гаплашиб, муносабатларга аниқлик киритиб олардим.
Бусигин. Ишинг бўлмасин. (Ғижимлаб ташланган кино билетини олиб.) Балки кинога борармиз? Мана, тайёр билет. Васенька ташлаб юборибди.
Сильва (билетни олиб). Яхши, ўйлаб кўраман… Бу уйда нималар йўқ дейсан. (Трюмонинг устидаги суратлар солинган альбомни варақлаб.) Қара, бир пайтлар даданг ҳам ёш бўлган экан. (Альбомни варақлашда давом этиб.) Мана, сингилжонингнинг ёшлиги. Қарасанг-чи!
Бусигин. Кўрдим.
Сильва (кўрсатиб). Буниси-чи? Мактабни битириш кечаси… Кўчада сайр… (Варақлаб.) О-о, соҳил бўйи!.. Мана, энг қизиғи – чўмилиш кийимида! Кўрдингми?
Бусигин. Афсуски, кўрдим…
Сильва. Бир куни пляжда юрсам, битта офатижон чўкаётганини кўриб қолдим. Дарров ўзимни сувга ташлаб, чиқариб олдим.
Бусигин (паришонхотирлик билан). Кейин-чи?..
Сильва. Сувдан чиқариб қарасам, ҳеч қанақанги офатижон эмас экан! Оддийгина қиз. Менга (суратга бармоғини нуқтаб) манавинақаси бўлсайди, қўшилиб чўкиб кетишга ҳам рози эдим!
Бусигин. Менга қара, сен ўша кинойингга борсанг-чи, а? Турқингни кўрмас эдим. (Шу пайт эшик тақиллаб қолади.) Кираверинг, эшик очиқ!
Қўлида гулдаста ва икки шиша шампан виноси билан авиация билим юртининг курсанти Кудимов кириб келади.
Кудимов. Салом.
Бусигин. Салом.
Кудимов. Бу Сарафановнинг хонадоними?
Бусигин. Ҳа.
Кудимов. Ҳали Нина келмадими?
Бусигин. Йўқ…
Кудимов (столга яқинлашиб). Ҳа, жин урсин! Шошаётган эдим-ку!.. (Шишаларни столга қўяди.) Гастрономда бир-биримизни йўқотиб қўйдик. (Сервантдан қадаҳларни олади.)
Бусигин (хушмуомилалик билан). Бу ерга биринчи келишингизми?
Кудимов (гулларни вазага қўйиб). Топдингиз, биринчи марта.
Бусигин. Бу ерга… биринчи марта келганга ўхшамайсиз.
Кудимов. Албатта-да! Таниш жойлар… (Табассум қилиб. Юзида табассум қотиб қолгандай доим жилмайиб юради.) Шундай қилиб, болалар, танишамизми?
Бусигин. Танишамиз.
Улар қўл бериб танишадилар.
Кудимов. Михаил.
Бусигин. Владимир.
Кудимов. Э-ҳа, бу сенмидинг? Эшитганман, эшитганман… Хурсандман.
Бусигин. Мен ҳам хурсандман.
Кудимов (Сильвага). Михаил.
Сильва (расмийроқ). Севостянов Семён Парамонович.
Кудимов. Парамонович? Кулгили экан.
Сильва. Нимаси кулгили? Фамилиядақа фамилия.
Кудимов. Ўзингиз ҳам қизиқчи экансиз! (Унинг елкасига қоқиб қўяди.)
Сильва (совуқ).Сиз эса қип-қизил расмиятчи экансиз!
Кудимов. Э, қўйсанг-чи!.. (Билагидаги соатга қараб қўяди.) Жин урсин, мен соат ўн яримда казармада бўлишим керак-ку. Хўш, йигитлар, танишганимизни нишонлайверамизми ё Нинани кутамизми?
Сильва. Менимча, бошлайверганимиз дуруст.
Кудимов. Дадамиз қаердалар?
Бусигин. “Дадамиз” деганда сен кимни назарда тутяпсан?
Кудимов. “Кимни” деганинг нимаси? Албатта, Нина билан сенинг дадангни-да.
Бусигин. Нотаниш одамни тўсатдан “дада” деганинг мени бироз ҳай-рон қолдиряпти. Майли… Дарвоқе, (таъкидлаб) дадамиз ишда эдилар!
Сильва. Сиз ўтириб олсангиз бўларди.
Кудимов. Жин урсин, сен мени нега ҳадеб “сиз”лайсан?
Сильва. Жин урсин, сиз бизни нега ҳадеб “сен”лайсиз? Бу дўстимиз икковимизга ёқмаяпти.
Кудимов (қувноқлик билан). Йигитлар, яхшиси, расмиятчиликни йиғиштирайлик. Бу нарса армияда (бармоғини бўғзига олиб бориб) мана бу еримга келган. Оддий бўлганга нима етсин. Келинглар, шунинг учун ичамиз!
Кудимов билан Сильва ичишади.
Сильва (Бусигинга). Аскар аскар-да – ўзгартириб бўлмайди. (Диванга ўтиради, Кудимовни ҳам ўтиришга таклиф қилади.) Марҳамат қилинг.
Кудимов. Янами?! Менга қара, бу ер парламент эмас!
Сильва. Нега энди, жудаям парламент-да! (Гитарани олиб қандайдир куйни хиргойи қилади.) Қизиқ-да, сизнинг уйланишингизга қўмондонлик қанақа қарар экан?
Бусигин (Сильвага). Қўйсанг-чи.
Кудимов. Қандай қарарди, мен шу йил ўқишни тугатаман. Кейин ихтиёрим ўз қўлимда бўлади.
Сильва. Жуда қизиқ…
Бусигин. Жим бўл, дедим!
Кудимов. Қўявер, менга масхарабозлар ёқади.
Нина киради.
Нина (Кудимовга). Э-ҳа, шу ердамидинг? (Қолганларга) Салом. Танишиб олдиларингми?
Кудимов. Яхши йигитлар экан, бирпасда чиқишиб кетдик. Хўш, ичамизми? (Соатига қараб олиб.) Вақтдан унумли фойдаланиб қолиш керак.
Сильва. Манави бошқа гап.
Нина. Шошманглар, дадамни кутмаймизми?
Кудимов. Кутамиз-у, лекин менинг фақат ярим соатгина вақтим бор.
Сильва. Шуям ҳаёт бўлди-ю!.. Ҳаммаси ўлчаб қўйилган. Сал четга чиқсанг, тамом – губах, трибунал! Турган-битгани азобдир?
Кудимов. Мен ўрганиб кетганман.
Бусигин. Сизларда кечикканларга қандай жазо берилади?
Кудимов. Билмадим. Кечикиб кўрганим йўқ.
Бусигин. Ўзим ҳам шунақа бўлса керак, деб ўйловдим.
Нина. Бугун бир мартагина кечиксанг ҳеч нима қилмас?
Кудимов. Кечикиб нима қиламан? Бирон эҳтиёж борми?
Бусигин. Тўғри, кечикишига сабаб ҳам, эҳтиёж ҳам йўқ.
Нина (Кудимовга). Бугун сен озгина ушланиб қоласан. Ҳарбий билим юртингдагилар ушланиб қолиш билан кечикишнинг фарқига боришар?
Кудимов. Йўқ, барибир бормасам бўлмайди.
Нина. Сал кечроқ борсанг, охир замон бўп кетмас?
Кудимов. Жиддийроқ сабаб бўлса – бошқа гап, лекин бекордан-бекор кечикишда мен бирон маъно кўрмаяпман.
Бусигин. Тўғри қиласан, курсант, ҳар хил провокацияларга учма! Армияда интизом мустаҳкам бўлмаса, у армия эмас!
Кудимов. Гап ундамас. Мен ўзимга ҳеч қачон кечикмайман, деб сўз берганман.
Нина. Бугун ваъдангни бузасан – мен шуни хоҳлайман!
Бусигин. Унинг гапига парво қилма, курсант. Муҳими – интизом!
Сарафанов пайдо бўлади. У чарчаган бўлса ҳам руҳи тетик.
Сарафанов. Салом, шоввозлар! (Кудимовни пайқаб) Кечирасиз…
Нина. Дада, танишинг…
Кудимов (қўл бериб). Кудимов Михаил.
Сарафанов (виқор билан, артистона). Сарафанов. Хўш деганингиздан билсак… жуда хурсандман… Ва, ниҳоят, сизни кўриш шарафига муяссар бўлдик… Марҳамат, ўтиринг. (Бусигинга) Васенька уйдами?
Бусигин. Ҳа, лекин шашти пастроқ.
Сарафанов шляпасини столга ташлайди. Плашини ечмасдан стулга ўтиради. Нина унинг шляпасини даҳлизга олиб чиқиб кетади.
Сарафанов (Кудимовга). Менинг тўнғичим. Танишгандирсизлар?
Кудимов. Ҳа. Танишиб олдик.
Нина қайтиб келади.
Сарафанов (Нина ва Кудимовга). Энди ёшларга нима деймиз?.. Сизлар ҳаммасини яхшилаб ўйлаб, бир қарорга келгансизлар, деб умид қиламиз. Ваҳоланки, аҳдларинг қатъий экан, биз розилик бермай иложимиз йўқ.
Кудимов (ҳаммага шампанский қуйиб). Рухсатингиз билан, сиз учун ва танишганимиз учун ичсак.
Барча ўрнидан туради.
Сарафанов. Мен хурсандман. Йўғ-э, биз хурсандмиз!.. Нима дединг, Володя?
Нина.(Бусигинга). Тўғрисини айтинг, ростдан ҳам хурсандмисиз?
Бусигин. Сизнинг соғлигингиз учун, дада.
Кудимов. Сизнинг соғлигингиз учун.
Сильва. Соғлигингиз учун.
Сарафанов. Раҳмат, азизларим, раҳмат… Лекин мен бошқа нарса ҳақида гапирмоқчиман. Кечирасизлар, ўтириб гапира қоламан… Бугун чарчадим. Жудаям чарчадим, худди бир вагон юк туширгандай ҳоридим… Билсанглар, Глинка кларнетни ёқтирган ва ўз асарларининг жуда кўп жойларида ундан унумли фойдаланган.
Сарафанов гапираётган вақтда Кудимов унинг юзига диққат билан тикилади.
Хў-ўш… Шундай қилиб, бугун мен уйга қайтаётиб шундай мулоҳаза қилдим. Ким нима деса десин-у, лекин ҳаёт ҳаммамиздан кўра донороқ, ақллироқ. Ҳа-ҳа, ҳаёт биз ўйлаганимиздан кўра адолатли ва эзгуликка бойдир. Биз қаҳрамон деб ўйлаган шахс чиндан-да қаҳрамонми? Нима учун қаҳрамон? Балки камтарона меҳнат қилиб, бола-чақасига ҳалолдан едирган одам қаҳрамондир? Ҳалолликда фазилат кўп, болаларим. Бугун мен болаларим учун, уларнинг ҳалол одамлар бўлиб етишиши учун ичмоқчиман. (Кудимовнинг ўзига диққат билан тикилиб турганидан хижолат бўлиб.) Менга қаранг, кечирасиз-у, сиз нимага бундай тикилиб қолдингиз менга?
Кудимов. Кечирасиз-у, сизни аллақаерда кўргандайман. Юзингиз жуда-жуда таниш. Аммо қаерда, қачон кўрганимни эслолмаяпман.
Сарафанов (қандайдир хавотирда). Бўлиши мумкин… Шундай қилиб, мен болаларим учун қадаҳ кўтармоқчиман, сен учун, Володя… (Нинага.) Сен ва Васенька учун ҳам… (Кудимовга) Васенька – менинг кенжатойим, у ҳозир дам оляпти. Болаларим, сизларнинг бахтларингни кўриш бизга ҳам насиб этсин!
Бусигиндан бошқа ҳамма қадаҳларини бўшатишади.
Бусигин. Сизнинг соғлигингиз учун, дада! (Ичади.)
Кудимов (Сарафановнинг юзига синчковлик билан қараб). Сизни қаердадир кўрганман-да. Аниқ кўрганман.
Нина. Кўрган бўлсанг кўргандирсан, нима бўпти шунга?
Кудимов. Лекин, қаерда, а?
Нина. Қаерда кўрган бўлсанг ҳам барибир эмасми?
Кудимов. Қаерда кўрганимни эслагунимча шунақа қийналиб юраман. Эсласам, кейин тинчланаман. Болалигимдан шунақа одатим бор. Қаерда кўрган бўлишим мумкин, қаерда?..
Сарафанов (хавотирда). Мен артистман. Эстрада саҳнасида кўрган бўлишинг мумкин.
Нина. Дадам мусиқачилар, сен буни билишинг керак эди.
Сарафанов (умидвор). Филармонияда кўргандирсиз?
Кудимов. Йўқ-йўқ…
Сарафанов (шошиб). Демак, театрда кўргансиз.
Кудимов. Йўқ, театрда ҳам эмас…
Нина. Эй, Худойим-эй, нима фарқи бор қаерда кўрганингни – тоғдами, боғдами!
Кудимов. Ҳозир, ҳозир, бир дақиқа…
Бусигин (Кудимовга). Сен кечга қолмайсанми? Ўн саккиз дақиқа қолди.
Кудимов. Раҳмат, эслатганинг учун… Қаерда эди-я?..
Нина. Э, бўлди қилгин! Бунақада умрингнинг охиригача ҳам эслолмайсиз!
Кудимов. Умрнинг охири… Ўлим… Эсладим!
Сильва. Ҳайрият-эй.
Кудимов. Кўчада кўрган эканман!
Нина. Э, Худога шукр-э, энди тинчлангандирсан?
Кудимов. Албатта-да! Сен “умрингизнинг охиргача” дединг, умрнинг охири нима? Ўлим.(Сарафановга.) Сизни дафн маросимида кўрувдим.
Ноқулай сукут.
Нина. Қанақа дафн маросими?
Кудимов. Жин урсин, қандай қилиб унутдим экан-а?! Ўтган ҳафтада, қўлингизда анави кларнет ҳам бор эди!
Нина. Бошқа бировга ўхшатгандирсан.
Кудимов. Йўқ, аниқ кўрдим. Битта ҳайдовчининг дафн маросими экан. Коминтерн кўчаси, кундуз соат тўртларда…
Нина. Бировга ўхшатгансан, деяпман!
Кудимов. Йўқ, Нина, бир зумгина кўзим тушган бўлса ҳам яхши эслаб қолдим. Болалигимдан хотирам яхши.
Бусигин. Бу сафар хотиранг панд берибди. Ким биландир адаштириб ўтирибсан.
Кудимов. Ҳечам-да! (Сарафановга) Ахир, сиз манави плашда, ҳалиги шляпада эдингиз-ку!..
Сарафанов. Нима десам бўлади…
Бусигин. Кўзингга кўринган – ўзингни ўқитвор!
Кудимов. Э, аниқ кўрдим, деяпман! (Сарафановга) Буларга ўзингиз айтинг.
Бусигин. Айтманг, дада. (Кудимовга) Сен бир нарсани тушунгин, оғайни, кўзингга кўринган, деяпман! Тушунмаяпсанми ё тушунгинг келмаяптими?
Кудимов. Қасам ичайми?
Бусигин. Яхшиси, шампан ич! Ўша куни ҳам ичиб олгандирсан. Билсанг, ичган одамнинг кўзига гоҳида у-бу нарса кўриниб туради!
Кудимов. Ичганим йўғ-э!
Бусигин. Ким биландир адаштирганингни ўзинг ҳам билиб турибсан. Лекин тан олгинг келмаяпти. Демак, ёлғон гапиряпсан. Демак, ёлғончи-фирибгарсан!
Кудимов (сакраб туриб). Оғзингга қараб гапир! Бу гапинг учун башарангга яхшилаб тушириб қолишим мумкин!
Сильва (Кудимовнинг камаридан киши билмас тортиб, ўтқазиб қўяди). Ўтиринг, бўталоғим!..
Бусигин (ўрнидан туриб). Бунинг устига, казармангга боришинг керак, кеч қоляпсан. Ўн уч дақиқа вақтинг қолди.
Нина. Бас қилинглар! Ҳозироқ бас қилинглар!
Сарафанов. Тўғри, йигитлар. Жанжалнинг нима кераги бор…
Кудимов. Мен жанжал қилаётганим йўқ, мабодо гапим (Бусигин томонга қараб) баъзиларга ёқмаётган экан, бу ердан қорасини ўчириши мумкин, қаршилик йўқ!
Сарафанов. “Баъзилар” деганингиз нимаси? Бу менинг ўғлим ва Нинанинг акаси бўлади. Шунинг учун оғзингизга қараброқ гапирсангиз бўларди!
Кудимов. Сиз-чи? Сиз нега дафн маросимларида машшоқлик қилишингизни бекитиб юрибсиз? Нега мардларча тан олиб қўя қолмайсиз?
Сарафанов. Тўғри, тан олишим керакки… Михаил ҳақ, болаларим… Мен дафн маросимларида ҳамда рақс майдончаларида чаламан.
Кудимов. Э, хайрият-э! Бошиданоқ тан олганингизда шунча гап-сўз, жанжал йўқ эди!
Сарафанов (Бусигин ва Нинага). Сизларни тўғри тушунаман… Раҳмат сизларга… Лекин мен дафн маросимларида мусиқа чалиш унчалик ҳам катта жиноят деб ўйламайман.
Кудимов. Ким шунақа деб ўйлаяпти?
Сарафанов. Меҳнатнинг айби йўқ.
Кудимов. Йўқ, мен бу гапни касбингизни ёқтирмаганим сабаб айтганим йўқ. Сизнинг қаерда хизмат қилишингиз мен учун мутлақо аҳамиятсиз.
Бусигин. Сен учун аҳамиятсиз.
Сарафанов. Раҳмат, ўғлим… Сизларнинг олдингизда тан олиб айтишим керакки, филармонияда ишдан кетганимга олти ой бўлди…
Нина. Қўйинг, дада…
Кудимов (Нина ва Бусигинга). Нима, сизлар буни билмасмидинглар?
Сарафанов. Билишмасди. Яширгандим… Энди билсам, бекор қилган эканман… Мендан даҳо мусиқачи чиқмади, тақдирга тан бермоқдан бошқа иложим йўқ…
Кудимов. Хўп, майли, аччиқ бўлса ҳам ҳақиқат яхши, дейишган.
Бусигин (Кудимовга соатини кўрсатиб). Ўн дақиқа қолди, ошна. (Сарафановга) Парво қилманг, дада. Одамларга ёмон кунларда ҳам, яхши кунларда ҳам мусиқа керак. Чинакам мусиқачи дафн маросими ва рақс майдончасида чалмай қаерда чалсин? Сиз ниҳоятда керакли иш қиляпсиз, дада.
Сарафанов. Барака топ, болам… (Кудимовга, фахр билан) Кўрдингизми? Қани, айтинг-чи, бунақа фарзандлари бор одам қандай қилиб омадсиз бўлиши мумкин?
Шу пайт қўшни хонадан елкасида лаш-лушлари солинган сафархалта билан Васенька чиқиб келади.
Васенька. Эҳ-ҳе, жамоат жам – фақат биз кам! Нимага жим бўлиб қолдиларинг? Оилавий пленумни давом қилаверинглар.
Сарафанов. Васенька, сен бироз бемаврид чиқиб қолдинг…
Васенька. Йўқ, дадажоним, бу сафар мени тўхтатиб қололмайсиз!
Бусигин (сафархалтасини олмоқчи бўлиб унга яқинлашади). Менга қара, укагинам, шошмаганинг маъқулми, деб ўйлаяпман.
Нина (Васеньканинг олдига келиб). Ечин! (Унинг плашини ечмоқчи бўлади.)
Васенька (Нинага). Тегма менга! (Ундан қутулмоқчи бўлиб.) Нима керак ўзи сенга? Нима етишмаяпти? Дадамга ишонавер, у яхши мусиқачигина эмас, қулинг ўргулсин совчи ҳам экан! Эрсиз қолмайсан!..
Сарафанов. Васенька!
Васенька. Кеча кечаси ким уникига борсин деди?! Биров сиздан илтимос қилдими?
Сарафанов. Васенька, мен сенга яхши бўлсин, девдим.
Васенька. Жиннимисиз, дада! Унинг олдида обрўйимни бир тийин қилдингиз-ку!
Нина (бақириб). Жим бўлинглар!
Сильва (соатига қараб қўйиб). Энди турсам ҳам бўлар… Иззатим битганга ўхшайди… Тоза ҳавода айланиб келай… Кинога билет олиб қўйувдим, қаршилар йўқдир? (Чиқиб кетади.)
Нина. Ҳа, концерт тугадими? Ё, бошидан бошлаймизми?
Васенька. Хайр! (Эшик томон йўналади).
Сарафанов. Тўхта! (Бусигин Васенькани тўхтаб туради.) Шошма. Мен сендан кечирим сўрашга тайёрман, лекин кетишингга изн бермайман.
Бусигин (Васенькага). Ахир, сен билан келишувдик-ку, оғайни?
Васенька (Бусигиннинг чангалидан чиқишга уриниб). Қўйвор! Агар истасанг даданг билан сен қолишинг мумкин! Ҳамманг жонимга тегиб кетдиларинг! (Бусигинга) Сен ҳам! Қўйвор, деяпман! Сизларни кўргани кўзим йўқ!
Сарафанов (жаҳл билан). Майли, қўйвор уни! Кетмоқчими, оқ йўл! Уни ҳеч ким куч билан ушлаб турмоқчи эмас! (Бусигин Васенькани қўйиб юборади. У шу заҳоти чиқиб кетади.) Ҳечқиси йўқ. Бир ёлғизлик азобини татиб кўрсин, мулла минган эшакдай мулойим тортиб қолади.
Нина (Сарафановга). Сиз ҳам яхшисиз! Оиламизни тор-мор қилишингиз етмай турувди!
Сарафанов (у ёқдан-бу ёққа юриб). Ана, сен бошла энди! Эрга навбат – шерга навбат! Булар отасини шунақа ҳурмат қилишади! Ота – бир тийин, ака – бир тийин!
Нина. Бошланди! (Кудимовга.) Ҳозир оркестр билан кларнет учун концерт эшитасан!
Кудимов. Ҳечқиси йўқ, мен эътибор қилмайман…
Сарафанов. Тўппа-тўғри! Эътибор қилмайсиз! Тупурасиз!.. (Югуриб ётоқхонага кириб кетади.)
Бусигин (Кудимовга, шивирлаб). Курсант, жуфтакни ростлаш пайти бўлди…
Нина (Бусигинга, бақириб). Бас қил! Нега керак-керак эмас жойга бурнингизни тиқаверасиз?
Кудимов. Йўқ, тўғриси ҳам, мен кетишим керак.
Нина. Йўқ, кетмайсан! Бу ерда ҳеч қурса биттагина соғлом фикр қиладиган одам бўлиши керак-ку!
Сарафановнинг овози (бақириб). Мен бу уйда ортиқчаман! Керагим йўқ менинг!
Нина. Дада, жим бўлинг.
Кудимов. Минг афсусдаман, лекин мен бормасам бўлмайди.
Нина. Йўқ, кетмайсан!
Кудимов. Мени тўғри тушун. Сенинг инжиқлигинг деб мен аҳдимни бузолмайман! Ахир, ўзимга-ўзим сўз берганман.
Нина (кутилмаганда қуруқ оҳангда). Майли. Бора қол. Аҳдинг бузилиб қолмасин…
Кудимов. Яхши. Эртага кўришамиз.
Чиқиб кетади.Нина унинг кетидан кузатиб чиқади.
Сарафанов (чиқиб). Қаёққа кетишди, қилар ишни қилиб қўйиб? Мен бу уйда ортиқчаман! Мен эски челакман – ташлаб юборса ҳам бўлаверади! Буларни ҳозиргина мақтаб ўтирувдим. Ишонган тоғда кийик ётмас! Устозим айтувди-я, кўнгли бўшлигинг бир куни бошингга етади, деб…
(Нина қайтиб келиб, остонада туриб қолади.)
Ҳа, мен туз ичиб тузлиғига тупирадиган худбинларни тарбиялаган эканман! Бағритош ва худбин!
Бусигин. Тинчланинг, дада. Менимча, сиз ноҳақсиз.
Сарафанов. Йўқ-йўқ, сен уларнинг ёнини олма. Болаларимни боқдим, ўстирдим, (аламли) энди маълум бўлдики, керак эмас эканман… Энди озод қушман! Қариганимда – тўрт томоним қибла!
Бусигин. Сиз ёлғиз эмассиз, дада. Агар розилик берсангиз, сиз билан яшайман.
Сукут. Нина бошини кўтаради.
Сарафанов. Сен… қоламан, дейсанми?..
Бусигин. Ҳа. Мабодо, ёлғиз қоладиган бўлсангиз, кўчиб келаман. Бу шаҳарда ҳам мединститут бордир.
Сарафанов (таъсирланиб). Ўғлим… Бормисан, болам, жа вақтида топилдинг-да!.. Бахтимдан ўргилай!.. Сен бўлмаганингда нима қилардим-а?
Бусигин. Дада, озгина дам олинг, бугун ҳаддан ортиқ асабийлашдингиз. Юринг, пича ётиб олинг, ҳаммаси ўтиб кетади. (Сарафановни ётоқхонага олиб кириб кетади. Бироздан сўнг қайтиб чиқади.)
Нина. Сен чиндан ҳам шу ерда қолмоқчимисан?
Бусигин. Бошқа иложим йўқ. Дадамни ёлғизлатиб қўя олмайман-ку. (Нинага яқинлашиб.) Ўша курсантни деб кайфиятинг бузилди, а?
Нина. Кераксиз жойга бурнингни тиқма деб, ҳали айтувдим.
Бусигин. Мен нима қилдим?
Нина. Уни дадамнинг олдида бир тийин қилдинг!
Бусигин. Ўшанинг менга бошидан ёқмади.
Нина. Ёқмадимиш! Унга эрга тегадидан сенми ё менми? Сенга нима керак ўзи? (Бироз сукут сақлаб.) Ҳа, сенга ўхшаган ақлли эмас, анови дўстингга ўхшаган чиройли эмас. Нима бўпти?
Бусигин. Йўқ, жа унчалик ёмон йигитмас…
Нина. Унда гап нимада?
Бусигин. Уни ёқтирмаганимга сабаб сени ёқтиришим.
Нина. Нима?! Шунинг учун жанжал чиқардингми?
Бусигин. Бўлиши мумкин.
Нина. Жинни бўп қопсан! Шу пайтгача дадамнинг ўғли эканингга шубҳа қилиб турувдим, энди юз фоиз ишондим – бу уйда ҳамма жинни! Бир тукинг каммас!
Бусигин. Тинчлан. (Унинг ёнига ўтириб, елкасига қўлини ташлаб овутади.) Курсантинг яхши йигит, ўзингни бос.
Нина. Агар мен уни севсам, усиз яшолмасам-чи? Унда нима қиласан?
Бусигин. Унда ҳаммаси жойида, у сени келишилган жойда кутади. Унга турмушга чиқасан ва Сахалинга кетасизлар.
Нина (кутилмаган хотиржамлик билан). Ҳеч қаерга кетмайман.
Бусигин. Нега?
Нина. Шундай. Тўғри айтасан, дадамни ёлғиз қолдириб бўлмайди. Буни мен энди тушуниб етдим. Яна шу нарсани тушундимки, мен дадамга ўхшар эканман. Мени дадам туққан бўлсалар керак. Феъл-атворимиз бир хил. Сахалинда бало борми?
Бусигин. Бунга курсантинг нима дер экан?
Нина. Билмайман… Ҳеч нима билмайман… Балки мени тушунар, ё бир ўзи жўнаб кетар. Кўришганимизда ҳаммаси ҳал бўлади. Ҳозир эса менга бу муҳиммасдай туюляпти.
Бусигин. Хафа бўлма. Сендай қиз дарахтни бир силкитса йигит ёғилади.
Нина (хўрсиниб қўйиб). Ҳечқиси йўқ… Мана, сен ёрдам қиласан.
Бусигин. Э, йўқ, энди мен йиғиштираман… Сен қолсанг, кўнглим хотиржам бўлиб, мен кетаман.
Нина. Ассалому алайкум! Қаёққа кетасан, нимага кетасан? Шошма, нимани йиғиштирасан?
Бусигин. Нимани?.. Нега десанг… Нега десанг, мен аҳмоқ, ўзим пиширган ошни қандай қилиб ичишнинг йўлини тополмаяпман.
Нина. Қанақа йўл, қанақа ош? Илгари ҳам шунақамидинг ё бу ердаги жинниларга қўшилиб сен ҳам жинни бўп қолдингми?
Бусигин (жилмайиб). Шунақа, шекилли…
Нина. Нима бўлди? Мундоқ тушунтириброқ гапир!
Бусигин (ийманиб). Севиб қолдим, шекилли…
Нина. Кимни?
Бусигин. Нима деб тушутирсам бўлади… (Чайналиб) Унга бошқаси эга чиқмоқчи.
Нина. Сен тортиб ол. Бу қўлингдан келади.
Бусигин. Айтишга осон.
Нина. Сенга нима халақит беряпти? А? Нега индамайсан? Мен севгилингни билмайман-у, лекин унга ҳавасим келяпти. Ҳатто, тўғрисини айтсам, ака-сингил эканимиздан афсусланиб ҳам кетяпман…
Бусигин. Биз ака-сингил эмасмиз…
Нина. Нима?..
Бусигин (чуқур хўрсиниб). Мен аканг эмасман… Ҳеч қачон аканг бўлмаган ҳам.
Нина (секин ўрнидан туриб). Ёлғон…
Бусигин (секин ўрнидан туриб). Чин сўзим. Ҳеч қачон менинг синглим бўлмаган.
Нина. Ёлғон… (Ундан узоқлашиб.) Ишонмайман.
Бусигин. Факт – ўжар нарса. Дадангни мен танимасдим, онам эса Челябинскда яшайди, даданг у ерда умуман бўлмаган. Мен сизларни алдаган эдим.
Нина. Нега?
Бусигин. Бу тасодифан бўлиб қолди…
Нина. Шу пайтгача нега айтмадинг?
Бусигин. Даданг мени ўғлим деб ишонди. Унинг ҳафсаласини пир қилгим келмади. Шундан кейин бошланди: аввал даданг, кейин сен… Хуллас, ҳаммаси чалкашиб кетди.
Нина. Сен… Сен жинни бўп қолибсан…
Бусигин. Бўлиши мумкин, лекин энди мен сенинг аканг бўлишни истамайман.
Нина. Сен учига чиққан лўттивоз экансан! Сени милицияга топширган савобга қолади!
Бусигин. Савобга қола қол. Сенга шунақа ака бўлгандан кўра қамоқда ўтирган минг марта афзал.
Нина. Сенга ўхшаган одамни уйдан ҳайдаб солиш керак! Йўқ, олдин ўласи қилиб калтаклаб, кейин ҳайдаш керак!
Бусигин. Йўғ-э? Аканг бўлиб юрганимда бунақа ўйламасдинг.
Нина. Жим бўл! Уятсиз!.. Умримда сенга ўхшаган тентакни кўрганим йўқ!
Сарафанов чиқиб келади.
Сарафанов. Володя! Мен ҳаммасини энди тушундим! Бу ердан кетиш керак экан! Кеч бўлмасдан, иложи борича тезроқ кетиш керак! (Кўтаринкилик билан.) Ўғлим! Мен ҳаммасини ўйлаб қўйдим! Черниговга кетамиз!
Бусигин тамомила лол бўлиб қолади.
Нина (устидан кулиб). Уйланмоқчисиз, шекилли?
Сарафанов (бақириб). Ҳамма нарса бўлиши мумкин! Бекорга куляпсан. (Бусигинга.) Мен келганингдан бери ўйлаяпман… Агар онанг рози бўлса, албатта… Қисқаси, мен у билан кўришиб, гаплашиб олишим керак!
Нина заҳархандалик билан кулади.
Бас қил тиржайишни! (Бусигинга.) Синглингнинг аҳволига бир қара! Отасининг ҳаёти ҳал бўляпти-ю, бунинг парвойи палак! Айтдим-ку, бу уйда менинг бир чақалик қадрим йўқ, деб! Кўриб турибсан, бош олиб кетишдан бошқа иложим йўқ! Нарсаларимни йиғиштираман – бўлди! Шу топда! Ҳозироқ! (Ичкарига кира туриб, Нинага.) Хотиринг жам бўлсин, мен фақат кларнет ва ноталаримни оламан. Поезд қачон жўнаркан?
Бусигин. Би… Би… Билмадим…
Сарафанов. Бунинг аҳамияти йўқ! Мен нарсаларимни йиғиштираман! Шу топдаёқ! (Ичкарига кириб кетади.)
Сукут.
Нина. Ҳа, энди нима қилмоқчисан?
Бусигин (бутунлай ўзини йўқотиб). Билмадим…
Нина. Энди нима қилиб қўйганингни тушуняпсанми? Ё, ҳалиям тушунмаяпсанми? Дадам Васенькани ҳам, мени ҳам ўз фарзанди ўрнида кўрмаяптилар! Ишонган тоғи фақат сен бўлиб қолдинг! Кўзига сендан бошқа ҳеч ким кўринмаяпти! Ҳақиқат ошкор бўлса дадамнинг ҳоли нима кечишини тасаввур қиляпсанми!?
Бусигин (у ёқдан, бу ёққа юриб). Нима қилиш керак?.. Индамай қўя қолсаммикан?
Сукут. Бир-бирига тикилиб қоладилар.
Йўқ, бунақаси кетмайди! Энг асосийси, биз бир-биримизга мутлақо бегона эканлигимизни унга айтиш, тушунтириш… Лекин, қандай айтаман?.. (Ғўлдираб) Ота… Ўғил… Ота… Ўғил… (Бир қарорга келгандай.) Хуллас, мундай, (овозини пастлатиб) агар сен кетсанг, бу ерга мен кўчиб келаман. У мени тушунса, албатта. Лекин, унга қанақа тушунтиришни билмай бошим қотяпти…
Нина. Мен ҳам билмадим… Дадам жинни, сен жинни – ўзларинг келишиб оларсизлар.
Бир қўлида кичикроқ чамадон, иккинчисида кларнет тутган Сарафанов чиқиб келади.
Сарафанов. Володя, мен тайёрман!
Бусигин билан Нина унга жимгина тикилиб тураверишади.
Нина. Ҳамма нарсаларингизни йиғиштириб бўлдингизми? Ҳеч нарсангиз қолиб кетмадими? (Кулади.)
Сарафанов. Манавини қара, кўрдингми, қизиммиш тағин?! Отаси кетяпти, дўконга ёки ишгамас, узоқ-узоқларга кетяпти, бу қиз йўлига бўлса ҳам хафа бўлса-чи, а? Парвойи палак! (Нинага.) Ҳечқиси йўқ, ҳали мени кўп эслайсанлар! Мени Худо бир сақлади, бўлмаса шулар билан қолардим! Буларга менга ўхшаган иши юришмайдиган, маиший ҳаётга мутлақо мослашмаган омадсиз одам эмас, қўлини қаёққа чўзса етадиган, топармон-тутармон одам керак! Биламан ҳаммасини! Мени қандай бўлсам шундайлигимча қабул қиладиган якка-ю ягона одам йигирма йил олдин Черниговда қолиб кетган! Эй, Худойим, шунчалик ҳам аҳмоқ бўламанми?! Энди – тамом, ҳаммаси бошқача бўлади!.. (Бусигинга.) Мана кўрасан, ҳаётимни қайта бошлайман! Нолдан бошлайман! Мени айтди дейсан ҳали, сенинг онангни бахтли қиламан! (Бироз паст тушиб.) Албатта, у мени кечира олса… Бахтли яшаймиз! Сен шунга ишонасанми?
Бусигин. Мен-ку, ишонаман-а… Лекин, шошилишнинг нима кераги бор?..
Сарафанов. Йўқ-йўқ, бўладиган ишнинг бўлгани яхши, ўладиган касалнинг ўлгани яхши! Қолган ишга қор ёғар! Чўзишнинг нима кераги бор? Темирни қизиғида босиш керак! Вокзалга кетдик!.. Сенга нима бўлди, ўғлим? Юрмайсанми?
Нина (кутилмаганда, мулойим). Тинчланинг, дада, ўзингизни босиб олинг… Сизга ортиқча ҳаяжонланиш мулақо мумкин эмас… Мундоқ келинг-чи… Ўтириб олинг… Ана шундоқ…
Сукут.
Сарафанов (ҳайрон бўлиб). Нима бўлди?.. Володя?.. Сен мендан ниманидир бекитяпсанми?
Нина. Дада, мен ҳеч қаерга кетмайман. Мен қоламан. (Остонада Васенька пайдо бўлади. Барча у томон ўгирилади. Сукут.) Тағин нима бўлди?
Сукут.
Васенька. Тамом. Мен уларни ёқиб юбордим.
Бусигин. Ёқиб юбординг? Кимни?
Васенька. Уни, ўйнашига қўшиб.
Васенькадан бошқа ҳамма дераза томон шошадилар. Эшикда афт-башараси қоракуя, уст-бошининг у ер-бу ери куйган Сильва пайдо бўлади. Шими ҳали ҳам тутаб турарди.
Сильва. Аҳвол чатоқ. Менга битта шим керак.
Макарская кириб келади.
Сарафанов (Макарскаяга). Нима бўлди? Ўзинг тинчмисан?
Макарская. Кўрмаяпсизми? Сени ўлдираман, деган эди – аҳамият бермовдим. Мана, аҳвол!
Нина. Наҳотки, шу ўзимизнинг Васенька бўлса? Ўлдириб қўяман деб, балиқ овламас эди.
Сарафанов. Ростанми? Бўлиши мумкинмас.
Макарская. Мен ҳам бўлиши мумкинмас, деб ўтирувдим. Ғафлатда қолдим. Қутуриб кетди!
Сарафанов. Сен?.. Қандай қилиб?..
Макарская. Қандай қилиб бўларди? Жуда оддий. Дераза очиқ эди. Олдин пардаларни ёқиб юборди! Кейин ердаги гиламга ўтди! Сўнг даҳлизга, ундан кейин хона бўйлаб ёйилиб кетди!.. У мени ўлдирмоқчи бўлди!
Сильва. (Сарафановга). Битта шимингиз йўқми? Қарзга ё ижарага бериб турсангиз, девдим.
Сарафанов. Шимми?.. Ҳозир-ҳозир… (Қўшни хонага чиқиб кетади.)
Бусигин (Сильвага яқинлашиб). Хўш, қалайсан энди, ҳурматли ўйнаш жаноблари!
Сильва. Қанақа ўйнаш? Мен олов билан ўйнашиб ётувдим! Э, Худо кўтарсин бунақа ўйнашни!..
Макарская. Нима?.. Ие, ҳали бошқача сайраятувдинг-ку?
Сильва. Сен нима деб ўйловдинг! Сен билан қўшилиб ёниб кетгим йўқ, ўзинг ёнавер керак бўлса!
Бусигин. Афсус, фақат иштонинг ёнибди!
Сильва. Нималар деяпсан ўзинг?
Бусигин. Сени огоҳлантирувдим, кейинги сафар фақат иштонингмас, ўзинг ҳам ёниб кетасан.
Сильва. Шунақами?.. Чолга ўғил, манави ҳурлиқога ака бўлиш жонингга тегмадими?!
Бусигин. Башарангни бежаб қўймасимдан қани, сур-чи бу ердан!
Сальва (яланғоч оёқларини кўрсатиб). Шу аҳволдами? Эсинг жойидами?
Макарская (Васенькага). Сен чиндан ҳам мени ёқвормоқчи бўлдингми?
Васенька (хотиржамлик билан). Бўлмасам-чи? Лекин, ўхшамади.
Макарская (ҳайрат ва қандайдир, ҳурмат билан). Бандит. Туппа-тузук бола, бир кунда жиноятчига айланди-қолди.
Сильва. Билмас экансизлар, катта каллакесар бу ёқда. (Бусигинга.) Мени шим билан таъминласанг бўларди. Йўқса, жиноий иш очилишига ёрдам қилворишим мумкин. Ҳар қалай, қотиллик юз беришига сал қолди. (Макарская томон ишора қилиб.) Гувоҳим бор.
Макарская (Сильвага). Хомтама бўлма, мен гувоҳ бўлмайман!
Сильва. Ие, шунақами? Балки унга раҳмат ҳам дерсан, сени бутунлай ёқвормагани учун?
Макарская. Эҳтимол… (Васенькага) Раҳмат-ку демасман-а, лекин ундан бундай жасоратни кутмаганимни айтиб қўйишим керак. Сени эса турқингни кўришга тоқатим йўқ!
Сильва. Менинг ҳам кўзим учиб тургани йўқ. (Гитарасини олади.) Начора, бу ерда иззатимиз битган кўринади. Лекин шимсиз қаёққа кетаман? Ҳеч бўлмаса қарзга бериб туринглар. Эртагача.
Бусигин. Шимнинг нима кераги бор сенга? Шу аҳволинг дуруст, қара, қандоқ ярашиб турибди… Хуллас, ўзинг кетасанми ё кузатиб қўяйми?
Қўлида шим билан Сарафанов чиқиб келади.
Сильва (кетатуриб, Бусигинга). Минг раҳмат, оғайни, ҳаммаси учун. Сен чинакам дўст экансан. Мен кетаман. Лекин ундан олдин жамоатчиликнинг кўзини очиб кетишим керак. Бўлмаса гап мундоқ. Уйни Васенька эмас, (Бусигинни кўрсатиб) манави ёқиб юборди! Бу ерда сувни лойқалатиб юрган ҳам шу. Айтиб қўяй, бу милиция қидириб юрган ашаддий жиноятчи – рецидивист! (Нинага.) У аканг бўлса, мен Рим папасиман! Бу ҳаммаларингни лақиллатиб юрибди! (Сарафановга.) Сизни ҳам! У ўғлингиз эмас, кўзингизни очсангиз-чи, отахон, учига чиққан лўттивоз, қаллоб! Яна шуни ҳам айтиб қўяйки…
Сарафанов (бақириб). Йўқол кўзимдан, ифлос!.. Даф бўл!..
(Сильва қочиб чиқиб кетади.) Ярамас…
Сукут.
Бусигин. (секин). У тўғри айтди…
Сарафанов. Ким тўғри айтди?..
Бусигин. Мен сизнинг ўғлингиз эмасман.
Сарафанов. Нима дединг? Ўйлаб гапиряпсанми, сен бола?
Бусигин. Мен сизга еттиёт – бегонаман. Ҳаммаси ёлғон эди.
Сарафанов. Нималар деяпсан, Володя?..
Бусигин. Мен бунақа чуқурлашиб кетади, деб ўйламаган эдим…
Тасодифан, совуқдан қочиб (Макарская томон ишора қилиб) манави қизнинг эшигини тақиллатдик. Ундан исми-шарифингиз ва сиз ҳақингизда бошқа маълумотларни олиб, уйингизга кириб олдик. Кейин ишлар бунақасига айланиб кетди… Биз атиги бирпас исиниб олмоқчи эдик.
Макарская. Шошма. Бир кечага бошпана қидириб юрган сизлармидиларинг?
Бусигин. Ҳа. Тасодифан бўп қолди… Эрталаб кетмоқчи эдик…
Сарафанов. Бўлиши мумкин эмас!.. Ишонмайман! Бунақа бўлиши ақлга сиғмайди…
Бусигин. Мени… бизни кечирасиз деган умиддаман… Бир ҳисобда айнан сизнинг эшигингизни тақиллатганимиз яхши бўлди.
Сарафанов. Бундан чиқди, мен сенга… Сен ҳам менга… Бу қанақаси бўлди? Йўқ, йўқ, бунга ишониб бўлмайди! Ҳазиллашдим де, Володя! Сен менинг ўғлимсан-а? Айт! Ўғлиммисан? Ўғлимсан, тўғрими?..
Бусигин. Йўқ…
Сарафанов. Унда кимсан, ким?!
Нина. Ким бўларди, лўттивоз-да! Учига чиққан лўттивоз. Шунақа устамонки, унинг олдида ҳеч қайсимиз ип эшолмаймиз.
Васенька. Ана холо-ос…
Макарская. Бировга айтсанг ишонмайди…
Сарафанов. Мен ҳам ишонмайман, ишонишниям истамайман!
Бусигин. Очиғини айтадиган бўлсам, сизнинг ўғлингиз эмаслигимга менинг ҳам ишонгим келмаяпти. (Нинага қараб олиб.) Лекин факт ўжар нарса бўлади.
Сарафанов. Ишонмайман! Тушунмайман, тушунишни ҳам истамайман! Сен Сарафановсан – тамом-вассалом! Сен менинг ўғлимсан! Энг суюкли ўғлимсан!
Нина (Бусигинга). Мен сенга нима девдим… (Сарафановга) Мен-чи? Васенька-чи? Бизни ҳам фарзанд ўрнида кўрасизми?
Сарафанов. Нина! Ҳаммаларинг менинг боламсизлар! Лекин… (Бусигинни қучиб) лекин бу тўнғичим-да…
Барча енгил тортади. Ҳамма мамнун.
Макарская (жилмайиб). Ҳаммаларинг ажойибсизлар.
Нина (кулиб). Ҳа, шунақа ажойибки, уйимизни ёқворишига сал қолди!
Макарская “Э, уй нима бўпти”, дегандай қўл силтаб қўяди.
Сарафанов. Нима бўлганда ҳам ҳаммаси ўз ўрнида қолади. Володя, бери кел…
Бусигин яқин боради. У, Нина, Васенька, Сарафанов бир қатор бўлиб сафланадилар. Фақат Макарская бир четда туриб қолади.
Ким нима деса десин, ким қандай ҳисоблашидан қатъи назар сен менинг ўғлимсан. (Бусигин, Нина ва Васенькага.) Ҳаммаларинг менинг кўзимнинг оқу қорасисизлар, чунки мен сизларни севаман. Яхши отаманми, ёмон отаманми, ишқилиб, сизларни жонимдан ҳам ортиқ кўраман. Энг муҳими ҳам шу!
Макарская. Мени кечирасизлар… (Бусигинга.) Сендан бир нарсани сўрамоқчиман. Ота-онанг борми?
Бусигин. Ҳа, онам борлар… Челябинскда.
Нина. Ёлғизмилар? (Табассум билан.) Дада, мабодо дейман-да, сиз бу масалага сал қизиқиб кўрмайсизми?
Бусигин. Онам акам билан турадилар.
Нина. Сен-чи? Сен нима қилиб юрибсан бу ёқларда?
Бусигин. Шу ерда ўқийман мен.
Сарафанов. Қаерда турасан?
Бусигин. Ётоқхонада.
Сарафанов. Ётоқхонада, дегин… Ётоқхона узоқ… Буям етмагандай, ноқулайлигини айтмайсанми. Ёшлигимдан ётоқхоналарни ёқтирмайман… Шунинг учун, агар рози бўлсанг… хўп десанг… бизникида яшашинг мумкин!
Бусигин. Нималар деяпсиз, қўйсангиз-чи…
Сарафанов. Чин дилдан таклиф қиляпман… Нина! Нега индамайсан? Сенам таклиф қил, кўндир.
Нина. (кесатиб). Ассалому алайкум. Ҳозир кўндираман. Бизникида пишириб қўйибдими? Мен қаршиман.
Бусигин. Мен сиздан хабар олиб тураман… Ҳар куни келаман… Келавериб жонларингга ҳам тегиб кетаман…
Сарафанов. Володя! Бизникида туришингни истайман – гап тамом-вассалом!
Бусигин. Мен эртагаёқ келаман.
Нина. Қачон?
Бусигин. Соат еттида… Йўқ, олтида. Айтгандай, ҳозир соат неча бўлди?
Нина. Ўн бир ярим.
Бусигин. Табриклашларинг мумкин – мен яна поезддан кеч қолдим.
ТАМОМ
Рус тилидан Шароф Бошбеков таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 3-сон