Александр Куприн. Тунги бинафша (ҳикоя)

Россиянинг ўрта минтақаларидаги нам ботқоқликларда фақат тунда очиладиган ажойиб гул бўлиб, кеч кирганда ёқимли, муаттар ҳид таратади. Агар уни узиб олиб сувга солиб қўйилса, эрталаб нохуш ва бадбўй ис чиқаради. У оддий бинафша турларидан эмас. Дидсиз далаҳовли эгалари ва зиёли меҳмонлар уни тунги бинафша деб атаганлар. Қишлоқ деҳқонлари ҳам унга турлича ном берганлар, лекин улар ёдимдан кўтарилгани сабаб мен ҳам уни тунги бинафша деб атайқоламан.
Ундан доривор ўсимлик сифатида фойдаланишмаган, ҳатто байрам ва тўйларда безак ўрнида ҳам ишлатилмаган. Уни ёқтиришмагани учун ҳар доим эътибордан четда қолиб келган. Бу хушбўй гулнинг от ўғриларию жодугар ва афсунгарларга алоқаси бор, дейдиганлар ҳам у ер-бу ерда учраб қолади. Лекин халқ табобати, расм-русумларини ўрганувчилар ҳали бундай ўй-фикрлардан узоқ эди.
Саратовлик ва царицинолик танобчи, ақл-ҳуши жойида бўлган қадрдон дўстим Максим Ильич Трапезников ана шу тунги бинафша ҳақида ақл бовар қилмайдиган бир ҳикояни айтиб берди.
Ўшанда биз Волгада юқорига қараб пароходда сузиб борар, йўл-йўлакай стерляд балиғи ва қисқичбақаларни роҳатланиб тановул қилардик. Бекорчи вақтимиз кўп эди. Тунги бинафша ҳақидаги суҳбатимизга етти-саккиз ёшлардаги қувноқ бир қизча сабабчи бўлди. У чаққонлик билан шу гулдан кичик-кичик гулдасталар ясаб сотарди.
–Сиз ҳақсиз,– деди у,– халқ бу гулни нима деб аташини ҳеч ким билмасаям керак ёки бунинг нима деб аталишини тез эсдан чиқариб юборишганмикин? Бинафша рангига келсак, бу рангни рус халқи унчалик билмайди, тилга ҳам олмайди. Нофармон ранги настаринни эслатгани учун билишади, ўшанда ҳам настарин ранги деб аташмайди, бахмал ранги дейишади. “Тунги бинафша” атамасини саводи ғовлаб кетганлар ўйлаб топган бўлсалар керак. Нима сабабдан бу атама руслар ичида кенг ёйилиб кетганини, ростини айтсам, англаб етмадим.
Эшитинг, ҳозир мен сизга бу гул ҳақида ажойиб бир ҳикоя айтиб бераман. Агар бирорта бегона одамдан эшитганимда ишонмасдим. “Ёлғон гапириб бошимни қотирма, оғайни”, деган бўлардим. Гап шундаки, бу воқеаларга мен ўзим бевосита гувоҳ ва иштирокчи бўлганман, аянчли жафо чекканман десам ҳам бўлаверади. Бир финжондан жигули пивоси етармикан иккимизга? Томоқни ҳўллашга? Бу ерларнинг пивоси ажойиб.
Хуллас, Москва геодезия институтини муваффақиятли битиргач, биринчи тоифали ер ўлчовчи-муҳандис деган қизил диплом ва зар-ҳал гербли фуражкага эга бўлдим. Тез орада ўзим туғилиб ўсган Царицинога, ота-онам олдига жўнадим. У ерда отамнинг умр бўйи ишлаб орттирган уч юз ботмонча ери бўлиб, ёғочдан ишланган бир ярим қаватли уй қурган, олди гулзор, атрофи мевали боғ, резаворлар етиштириладиган полиз. Бир жуфт овчи ит, кўппаклар боққан. Ҳозиргилари ўн иккинчи авлоди бўлса керак. Балиқ ови учун барча анжомлари бор. Агар қўлда тайёрланган мураббою шаробларни айтадиган бўлсак, бу жойларни жаннатнинг ўзи дейсиз, Эй, худо! Ўқиб улғайиб, савлатли, келажаги порлоқ яхши мутахассис бўлиб етишган ҳолда киндик қони тўкилган ота-она уйига қайтиб келиш қандай яхши, қанчалик қувонч! Отам у ерда умр бўйи ер ўлчовчи бўлиб ишлаган, яқиндагина губерняга кўтарилганди. Отам ўз хизматини анча йиллар муқаддам, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида, крепостной ҳуқуқ эндигина бекор бўлган даврларда бошлаган. Тилла суви югуртирилган, ялтироқ гербли фуражкам, яшил рангли формамни, Цейс* объективи ўрнатилган ва такомиллаштирилган теодолит ва астролябияни* кўриб отамнинг оғзи очилиб қолди. Қадимги ер ўлчовчи сифатида унга, айниқса, объектив ёқиб қолди: “Худойим, ҳозирги замон техникаси, қанчалик ривожланиб кетипти-я! Ахир бу оддийгина ер ўлчовчи асбоб эмас, балки осмон жисмларини кузатувчи телескоп-ку! Ноўрин берган саволим учун кечирасан, ўғлим, асбобсозликнинг бу бебаҳо намунаси неча пул тураркан?”.
– Теодолитнинг нархи қанча туришини билмайман, сотиб олмаганман, буни менга институтимиз директори яхши хулқим, ўқишда аълочи бўлганим учун совға қилди,– деб жавоб бердим.
Буни эшитган онам қувончдан меҳри товланиб кўз ёши қилди.
–Худонинг меҳрибонлигини қара-я,– деди онам,– энди отанг бемалол оёқ-қўлини узатиб уйида дам олса ҳам бўлади, отанг ишини ўз қўлингга оласан, давом эттирасан, ўз аравангни ўзинг тортасан. Биз эса ҳозирча сенга тагли-тугли, яхши, бой оиладан келин қидирамиз. Волга ортида бунақалар кўп: ақлли, чиройли, ишчан, сеплари ҳам яхши.
Шу пайт отам унинг шаштини қайтарди:
– Шошма, онаси. Шошган – йўлдан адашган. Ўғлимизни уйланишига ҳали вақт бор. Эндигина йигирмага кирди. Пойтахтнинг диққинафас иқлимидан кейин бу ердаги тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олсин, қуш, балиқ овласин, таниш-билиш орттирсин, кейин у ёғи бир гап бўлар. Ажойиб милтиғимни сенга эсдалик учун совға қиламан, ўғлим. Мен энди овга ярамай қолдим. Кўп гапирсам ҳам чакагим оғрийди.
Шуни айтишим керакки, шаҳар ҳаётидан сўнг бу ерларда ов қилишга берилиб кетдим. Кашандага ўхшаб шусиз туролмайдиган бўлиб қолдим. Кунларимни ов қилиб ўтказардим. Доимий ҳамроҳим, устозим десам ҳам бўлаверади, ветеринар Иванов (“и”ни чўзиб талаффуз қилди) эди. У овга жуда иштиёқманд, толмас, тажрибали бўлиб, ўқни милтиққа усталик билан жойларди. Илгари отамнинг овдаги ажралмас ҳамроҳи бўлган. Тез-тез у билан уч-тўрт кунга овга жўнардик. Хизматкоримиз Агата онамнинг ўнг қўли эди. Овга отланаётганимизда халталаримизга турли-туман егулик, ботқоқларда сов-қотмаслик учун ичкилик ҳам солиб қўярди. Тонг отмасдан жўнаб кетардик.
Қизиқ, Агатани ўн йилдан бери билардим (унинг асл исми Агафья бўлиб, ёқимли эшитилсин деб онам уни Агата деб атарди), кузда таътилга келганларимда доим кўриб юрардим, Москвага қайтгач унинг юзини, овозини, қадди-қоматини эслай олмасдим. У камсуқум, босиқ, саранжом-саришта, рангпар, кўзларида илғаб бўлмас ғайриоддий ифода акс этарди.
Мана энди сўзлаб берадиган ҳикоямга яқинлашдик. Бир маҳал Иванов билан лойхўракларни овлаб юриб уйдан анча узоқлашиб кетибмиз. Тажрибали шеригим ҳам атрофга аланглаб ҳайрон бўлди. Шу пайт ғарб томонда узоқдан ёғоч қозиқларни кўриб қолдик.
– Назаримда бу ерларни билгандекман. Мана бу уйча тошқинда сув остида қолмаслиги учун қозиқлар устига ўрнатилган, ҳозир у эскириб кетган, кекса лўли хотин яшайди, дейишади. Хотинларнинг гапига қараганда у жодугар эмиш. Биз ўқимишли зиёлилардан бўлганимиз учун бу гапларга ишонмаймиз, лекин бориб кўрайлик-чи. Ўзимизнинг чойимиз бор, ҳеч бўлмаганда қайноқ сув берар. Ботқоқда роса ивидик, иссиқ чой зўр кетади, чарчоқни олади.
Уйча томон юрдик. Келдик. Ҳақиқатан ҳам хароб кулба экан. Қора-йиб кетган, қоқ суяги қолган бурундор кампир яшаркан, кўриниши худди лўли. Олов ёқиб мис тоғарачада сув қайнатди. Чой дамладик, ичдик, кампирни ҳам сийладик. Кампир менга қараб туриб:
–Тўрам, қўлингни бер, фол очиб қўяй,– деди.
–Ҳайда бу бадбахтни, жин урсин,– тўнғиллади Иванов.
Кампир қўлимни ушлаб олди-да, жаврай кетди:
–Эҳ, тўрам: ёшсан, гўзалсан, бахтли ва бой бўласан. Чап ёнингда қоп-қора бир одам турипти, сенга ёвузлик қилиш ниятида, лекин ундан қўрқма. Ёшгина, чиройликкина бир қиз сендан кўзини узмаяпти. Узоқ яшайсан, саксон ёшдан ҳам ўтасан…
У лўлиларга хос телба-тескари гапларни кўп гапирди. Мен унга ўн беш тийин бердим. У яна қўлимни ушлаб олиб: атаганингни бер, ёқимтой тўрам, ёшсан, илтифотлисан. Мен сенга ҳақиқий Миср фиръавнлари усулида фол очаман.– Ҳеч қўлимни қўймасдан хиралик қилиб туриб олди – мен унга ярим сўлкавой бердим. У ўз гапидан қолмас, лўлиларга хос гапларидан тинмасди. Жонимга тегди. Кетишга ҳозирланганимда ҳам гапларини такрорлашдан қолмасди. Телпагимни ки-йиб, милтиқни елкамга осдим – кампир қўлларимга ёпишиб олди.
– Тўрам, нури дийдам, қулоқ сол. Биламан, халтангда ароқ бор, бир стаканини қуйиб бер – мен сенга ҳеч ким билмайдиган сирли фол очиб, ҳақиқатни айтаман… Қўрқадиган жойинг йўқ. Нимадан ҳам хавфсирайсан? Умринг охиригача бўладиган ишларни тўғри ва хатосиз айтаман.
Нима ҳам қилардим! Кампирга бир стакан ароқ қуйиб бердим. Томоғи тақиллаб турган экан, иштаҳа билан, маза қилиб ичиб олди, газак ҳам қилмади.
–Энг муҳими, навқирон тўрам, от ва мушук кўзларидан эҳтиёт бўл, шунингдек, муаттар ҳидли тунги ўсимликлардан, айниқса, ой тўлган тундан. Энди сенга оқ йўл бўлсин. Агар мен айтган шу уч балодан хасталаниб қолсанг, кулбамга кел, сенга ўткир қайтариқ қилиб бераман.
Биз уйга қайтдик, ўша куни бошқа ов қилмадик, йўл-йўлакай лўлига фол очдирганим учун Иванов мени жеркиб келди:
–Ўйлаб топганини қара, бир стакан ароқ учун фиръавнлар зотини кавлаштириш керакмиди? Эҳ, пойтахт олимлари, ўргилдим сизлардан!
Эртасига эрталаб ёмғир бошланиб, узоқ муддатга чўзилиб кетди. Овни қолдиришга тўғри келди: кундузлари китоб ўқиш билан маш-ғул бўлдим, кечқурунлари ё клубга бориб, ё уйда қарта ўйнаб вақт ўтказдик.
Ўзим ҳам эслолмайман: қачон Агатанинг кўзлари мени ниҳоят даражада ҳайратга солди? Назаримда стол атрофида ўтирганимизда. Тасодифан Агатага қараб, кўзларига тикилдим: кўз қорачиқлари ажо-йиб тарзда ёниб товланарди. У бошини қаёққа бурса қорачиқлари ўзгариб, гоҳ яшил, гоҳ қизил, гоҳ мовий, зангори, гоҳ бинафша рангига кирарди. Кўз рангининг бундай жилоланишини баъзан бино ичида, қоронғиликда от ва мушукларда кузатганман. Шу пайтдан Агатани, худди биринчи марта кўргандек бўлдим, гарчи уни бир неча йиллардан бери яхши билсам ҳам. Бирдан у менга бошқача кўриниб кетди: бўй-басти, келишган қадди-қомати, хатти-ҳаракатларидаги ишонч мени лол қолдирди. Ёшини аниқлай олмадим. Ўттизми? Ўттиз бешми? Қирқми? Остки лаби ўқтин-ўқтин учиб турарди. У ҳеч қачон кулмас, табассум қилмас, лекин хурсанд ва дилкаш пайтларида бирдан юзида жозибадор илиқлик пайдо бўларди.
Бир куни онамдан Агатанинг ўтмиши ҳақида сўраб қолдим, аммо бирор-бир қониқарли жавоб ололмадим.
–Агата ичкиликка ружу қўйган, камбағаллашган зодагоннинг хизматкоридан никоҳсиз туғилган: ғирт етим, биз унга мурувват кўрсатиб, боқиб олдик. Болалигидан хўжалик ишларига ўргатдик, дастлаб бошланғич, кейинчалик ўрта мактабда ўқитдик. Ёмон эмас, унга кўрсатилган мурувватдан миннатдор бўлиб, итоатли ва зийрак қиз бўлиб ўсди. Кейинчалик ўн бир ёшларида қаёққадир гумдон бўлди, изиниям кўрсатмади. Бир йилдан сўнг қайтиб келди. Маълум бўлишича, лўлилар билан дайдиб юрган экан. Тўлиб-тошиб, йиғлаб қайтиб келди. “Худо ҳаққи, мени кечиринглар, қабул қилинглар. Бундан буён дилингизни оғритмайман”, деб ёлворди. Нима ҳам қилардик? Қабул қилдик. Вақт ўтди. Агатага қараб кўзимиз тўймасди, мақтовга сўз йўқ, хонадонимизда бир хилқат улғаймоқда, ҳам чевар, ҳам пазанда, художўй, ювош, ақлли, тежамли ва қувноқ… Нима бўлди денг?.. Бир куни дастурхон атрофида ўтириб Агатани тушликка чақирдик. Худди сувга тушган мушукдек кириб келди: боши қуйи солинган, кўзи ерга қадалган. “Нима бўлди сенга?” Эшитилар-эшитилмас жавоб берди: “Менинг мурувватли халоскорим, ижозат берсанглар. Белогор черковида сочимни қирқтириб, роҳибаликка ўтсам”. “Эй, Худойим, ажойиб гап-ку? Бор кучимизни ишга солиб, бу йўлдан уни қайтармоқчи бўлдик: Бу нима деган гап, ахир эндигина ўн олти ёшга тўлдинг-ку, қанақанги оғир гуноҳ иш қилдинг?.. ва шунга ўхшаш гаплар айтилди. Йўқ, деб туриб олди, эрталаб кийим-кечакларини йиғиштириб рўмолга тугди-да ғойиб бўлди. Чин дилдан унга ачиндик, нима ҳам қилардик, миясини шу нарсалар чулғаб олган бўлса?
Шундан сўнг неча йил ўтгани онамнинг ёдида йўқ: етти йилми, саккиз йилми, хўш нима деб ўйладингиз, яна Агата уйимизда пайдо бўлди. Тиз чўкиб кечирим сўради: “Мен бадбахт, адашган бандани охирги марта кечиринглар. Фариштадек чексиз мурувватингиз ҳаққи, илтижо қиламан. Худо ва муқаддас Инжил олдида қасам ичаман, бу охиргиси. Шу бугундан бошлаб сизга ҳам, хонадонингизга ҳам, авлодларингизга ҳам содиқ қул бўлай….”– шунга ўхшаш гапларни айтди.
Шу пайтдан бошлаб тинчгина, итоатгўйлик ва одоб билан, худди роҳибалардек, хонадонимизда яшаб келади. Ундан, худди черковдагидек шам ва хушбўй мой ҳиди анқиб, осойишталик уфуриб туради.
Тез орада гўё хонадонимиздаги эски бир буюм каби Агатага эътибор бермай қўйдим. Узун-узун киприклари остидан гоҳо чарақлаб турган кўзлари ҳам мени қизиқтирмас ва безовта қилмасди. Ўша пайтларда ота-онамнинг қистови билан уйланиш тараддудига тушиб қолгандим ва муносиб келин қидирардик. Таомилимизга кўра орзу қилса арзийдиган куёв эдим: ёш, соғлом, қадди-қоматим жойида, ўқимишли – мухандислик даражасида, уч тур усулда вальс, мазурка ва педеспан рақсига тушардим, французча кадриль мусиқасига яхшигина дирижёрлик ҳам қилардим. Қолаверса, отамнинг мол-мулки ҳам кўзга кўринарли эди. Чиройли ва бой-бадавлат қизлардан кўз остига олиб қўйганларим ҳам бор эди. Мана шу ерда бошимга иблис бахтсизлик ёғдирди…
Қайси йили содир бўлгани ҳозир ёдимда йўқ, лекин июнь ойининг охирги жума куни бўлгани эсимда. Ўша куни бизнинг Волга ортида камдан-кам учрайдиган, чидаб бўлмас даражада жазирама иссиқ бўлди, фақат ярим кечага яқинлашганда бемалол нафас олса бўларди. Чўмилиб олиб овқатландим ва анчагина қаровсиз бўлиб қолган, бироз салқин боғимизга чиқдим ва кўйлак ёқаларини ечиб ўриндиққа ўтирдим. Оҳ, кундузги диққинафас жазирамадан сўнг хушбўй ва салқин ҳаводан нафас олиш нақадар роҳат! Қоронғилик қуюқлашиб борарди. Кумушдек нурларини таратиб дум-думалоқ тўлин ой ҳам чиқди. Боғ сеҳрли нурга чулғанди. Кимнидир енгил оёқ товуши эшитилди. Бошдан-оёқ оч-яшил нур таратиб Агата келарди.
– Ёнингизга ўтиришга ижозат беринг, Максим Ильич,– дея титроқ овозда мурожаат қилди у.
Мен сурилдим.
– Марҳамат, ўтиринг. Қаранг, қанчалар ажойиб тун.
– Ҳа, жуда ажойиб, латофатли кеча,– деди у.– Гулдаста териб келдим. Сизга, олинг, хушбўй.
Гулдастани оларканман лаззатлантирувчи, тўлқинлантирувчи, интиқ муаттар ҳид билан бирга тиззамда унинг қайноқ кафтлари ҳароратини сездим. Аъзои-баданимни – оёғим учидан сочимнинг толасигача аллақандай енгиб бўлмас жўшқин бир истак қамраб олди – бундай ҳиссиётни илгари ҳеч қачон бошдан кечирмагандим. Бутун вужудим титрар, у бўлса оташ нафасларини юзимга уфуриб, секин гапирарди.
– Агар билсангиз эди, Максим Ильич, оилангизга қанчалик боғланиб қолганимни! Барчангизни яхши кўраман! Отангизни ҳам, онангизни ҳам, сизни ҳам. Ҳа, севаман! Севаман! Севаман. Оҳ, Максим Ильич, умрбод сизнинг қулингиз, итингиз, оёғингиз остида поёндозингиз бўлишни истардим! Ҳаддан ташқари сизни севаман! Сиз учун жонимни ҳам беришга тайёрман! Сизнинг соғлигингиз ёки ҳузур-ҳаловатингиз учун ҳеч нарсани аямайман, жонимни ҳам, борлиғимни ҳам! Жоним сизга садаға!
Йўқ! Бу тунни сўз билан ифодалаб бўлмайди! Севишганлар ҳамроҳи, ойпарастлар ва мурдалар йўлдоши бўлмиш тўлин ой, тунги бинафшанинг маст қилувчи ҳушбўй ҳиди, ташналикдан телба бўлган вужуд, гоҳ яшил, гоҳ қизил рангларда товланиб турган кўз қорачиқлари… Титроқ вужудини яланғоч кўкрагимга босганча давом этди Агата:
–Кўп йиллардан бери амалга ошмай юрган ягона орзуим бор – лабларингиздан бўса олиш – кейин ўлсам ҳам розиман.
Биз ўпишдик. Оҳ, қандай бўса эди бу! Оёғим остидаги ер чархпалак бўлиб айланиб кетди, ўзим эса жинни бўлаёздим. У бўлса завқ-шавққа тўлиб шивирларди:
–Яна, яна, яна…
Хонамга тонг отарда қайтдим. Оёқларим чалишар, бошим ғувиллар, мушакларим зирқираб, қўлларим титрар, юзим эса лов-лов ёнарди.
Онам кириб келиб сўради:
–Сенга нима бўлди, Максим, жуда бошқачасан?
–Бу иссиқдан, кундузи роса жазирама бўлди,– дедим.
–Йўқ, офтоб урган эмас. Тўлин ой таъсири бу, бор кўрпангга кир. Ухлаб турсанг ўтиб кетади,– деди онам.
Мен ётдим. Тунда олдимга Агата кирди, тонгга яқин яширинча унинг олдига, болохонага чиқдим. Шу тариқа доимо ҳар куни, ҳар тунда, ҳар соатда кўнгилхушлик қилардик. Биз бир-биримизга чан-қоқ, интиқ эдик, тўймаслик. Билмадим, ёввойи овлоқда туғилиб ўсган бу аёл севги бобида шунчалар даражада ўйноқилик, ҳаёсиз усулларни назокат билан қўллашни қаердан ўрганган? Шу ҳақда ўйласам ҳозиргача уятдан ерга киргудек бўламан. Лекин ўша пайтларда дўзахий ҳузур-ҳаловатда ва лаззатда эдим, гўё кўзга кўринмас ришталар мени бу шайтоний фароғатга ўраб-чирмаб ташлаганди. Ҳар иккимиз телбаларча шод-хуррам эдик, севгимиздан бошқа нарса тўғрисида ўйламасдик. Биз бир-биримизни узоқдан ҳам топиб олардик – овозимиздан, юришимиздан, ҳидларимиздан танирдик – жиловлаб бўлмас телбалардек қутурган эҳтирос билан лаззатланиш учун бир-биримизнинг бағримизга отилардик, лекин ташналигимиз қониқмасди. Атрофимиздаги барча бутазорлар, омборхоналар, отхонаю ертўлалар, қурилаётган хоначалар – севгимиз учун бошпана бўларди.
Агата очилгандан очилиб яшнар, мен эса тинимсиз ҳалокат сари қадам ташлардим. Тинка-мадорим қуриб қоқ суяк бўлиб қолдим, юрганда оёқларим қалтирайдиган бўлди. Иштаҳам йўқолди, хотирам шу даражада сусайиб кетдики, нафақат ўқиб-ўрганганларим, ўқитувчи ва ўртоқларимнигина эмас, балки ота-онамнинг исмларини ҳам унута бошладим. Мен фақат севгини, севгилим сиймосинигина ёдда сақлардим.
Қизиқ, сурбетларча эҳтиросли, умидсиз, лекин оромбахш севгимизни уйдагилардан ҳеч ким билмасди. Балки оташин севишганларни қўриқловчи фариштаси бордур? Лекин, иблиснинг тузоғига илинганимни онам аллақачон сезган экан. Ҳаво алмаштириб, сайр-томоша қилиб Москвага бориб келишим учун онам отамни кўндирди. Ўша пайтда Москвада катта кўргазма очилганди. Ота-онамнинг ғамхўрлигини рад қила олмадим, шаштини қайтаргим келмади. Мос-квага жўнаб кетдим. Аммо Нижний Новгородга етганда Агатага бўлган интиқлигим, қаттиқ соғинч мени қамраб олди. Оёғимни қўлимга олиб дуч келган биринчи поезддаёқ уйга қайтдим. Ота-онамга ёлғон гапирдим – тутуриқсиз, телба-тескари баҳоналар қилдим. Ўз уйимда яккамохов бўлиб қолдим. Ор-номус ва виждон азоби ич-этимни кемирарди. Бир неча марта ўз жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлдим, аммо ота-онамга раҳмим келди. Ҳаммасидан кўра Агатага кўнглим суст кетганлиги мени ҳаётга қайтарди. Ана шунда фидойи онам мени шармандаларча боғлаб ташлаган сеҳр-жодуни ечишга бел боғлади. Дастлаб мен билан доимо овга чиққан молдўхтир Ивановни тергай бошлади. У астойдил ёрдам беришга киришди. Лўли кампирнинг ҳузурига кирганимиз, у келажагим ҳақида фол очгани, нимадан эҳтиёт бўлишим, қўрқишим кераклиги ҳақида айтганларини ва шу балоларга дуч келганимда қайтариқ қилиб бериши ҳақида оқизмай-томизмай сўзлаб берди. Шундан сўнг онам лўли кампирга бориб узоқ суҳбатлашди. Кетаётиб чоракта юзталикни берган экан, у олмапти. “Мен худо йўлида ёрдам бераман, пул олмайман”, депти. Охири онам катта черковдапги муқаддас руҳоний отахон Гавриилга борипти. У йўл-йўриқ кўрсатиб, оқ фотиҳа берипти. Жаброил алайҳиссалом куни етиб келди. Онам уйда худойи ўтказди. Оила аъзолари, шу жумладан Агата ҳам залда тўпландик. Онам менга нима қилишим ва нима де-йишимни ўргатди. Маросим лозим даражада ўтди. Руҳонийлар чиқиб кетишди. Шундан сўнг онам Агатага қарата мулойимлик ва босиқлик билан жиддий тарзда деди:
–Азизам Агата, мана неча йиллардан бери оиламизнинг энг яқин дўстисан, доимо ёрдамчим бўлиб келдинг, меҳнатингни аямадинг, сабр-қаноат билан яшадинг. Ўйлаб кўрсам, хонадонимизга ёрдамчи бўлиб яшаб келганинг етар, энди бу ёғига ўзинг мустақил бўлиб ўз уйингда ўз хўжалигингни юритиб яшаш вақти етди, деган хулосага келдик. Мана сенга, катта бўлмаса ҳам, етарли даражадаги бир парча ерга эгалик қилиш васиқаси солинган ҳамён – бу эримдан, мендан эса йигирма бош товуқ, ғоз, ўрдак, курка. Ўғлим Максимдан зарур уй жиҳозлари ва эсдалик учун Мозер тайёрлаган тилла соат оласан. Ўғлим, уларни Агатага топшир.
Соатни бердим ва сўнги марта Агатага нигоҳ ташлаб ҳайрлашдим, унинг ранги ўчиб кетди. Шундан сўнг онам дам солинган муқаддас чилла сувини шу ерда ҳозир бўлганларга сепиб чиқди ва айни дақиқаларда Тангрига бағишлаб таъсирли ҳамду-санолар ўқиди: “Эй, Худойим, гуноҳларимизни ўзинг ярлақагин, қалбларимиздаги қаҳр-ғазабдан фориғ эт, мусибатларимизга малҳам бер…”
Ҳаммаси тамом бўлди. Агата совға қилинган пул ва буюмлардан бирортасини ҳам олмасдан, ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан, шу туннинг ўзида уйдан ғойиб бўлди.
У абадий изсиз йўқолди. Онам уни ёдга олиб, гуноҳкор банда Агафияни азоб-уқубат ва дардларидан халос қилишни сўраб ўз ибодатларида худога доимо илтижо қилади.

Русчадан Абдунаби Абдулқодир таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 4-сон.
_________________
* Немис оптик-механиги.
 * Геодезия асбоблари.