Наим Каримов. Буюк тилшунос олим

http://n.ziyouz.com/images/polivanov.jpg“У феноменал қобилиятли олим эди: жанубий хитойчадан шимолий хитойчага таржима қилар, барча Европа тилларини, Эрон тилини, ҳиндуни, барча туркий тилларни, фин тилларини биларди.

Биринчи жаҳон уруши йилларида Евгений Дмитриевич Ташқи ишлар нозирлигида хизмат қилиб, махфий ҳужжатлар сақланишига алоқадор бўлган.

Февраль инқилоби кунларида мен қўзғолончилар томонида бўлиб, бронемашиналарни шаҳарга олиб чиқдим ва Невский проспектининг Садовая кўчасига бурилиш жойида Поливанов билан учрашиб қолдим.

Евгений Дмитриевич бир қўли йўқ бўлишига қарамай, бир гуруҳ кишилар билан бирга баррикада қуриб, трамвай вагони билан обнимусни ағдариб ташлади.

Февраль инқилобидан сўнг Поливанов ҳаммани ҳайратга солиб, ленинчи-большевик бўлиб қолди, бу ўша даврда академияга яқин давралар томонидан ғаразгўйлик билан қарши олинди…”

Ушбу сўзлар машҳур рус ёзувчиси Виктор Шкловскийнинг 1963 йил февралида СССР прокуратурасига ёзган хатидан олинди. Ўйлаймизки, шу сўзларнинг ўзиданоқ қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз Е.Д.Поливанов мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтган, бошқа аксар замондошлари сингари, оловли йиллар романтикаси таъсирида большевиклар сафига келиб қўшилган, уларнинг бузғунчилик ва талончиликларни кўргандан кейин эса собиқ сафдошларидан юз ўгирган ўз даврининг фарзанди эканлиги ойдек равшан бўлади. Аммо бу чала ҳақиқат. Зеро, Е.Д.Поливанов ўз даврига сиғмаган, В. Шкловский таъбири билан айтсак, “гениал қобилиятлар соҳиби”, ХХ асрда яшаган буюк тилшунос ва шарқшунос олимдир. Поливановнинг айрим замондошлари эса уни ўз давридан илдамлаб кетган ноёб олим сифатида эътироф этадилар.

Е.Д. Поливанов 1891 йили Смоленск шаҳрида дворян оиласида дунёга келган. У атоқли рус математиги Н.И. Лобачевскийнинг олис қариндоши эди ва шу билан фахрланган. Е.Д. Поливанов 1908 йили Ригада гимназияни тугатиб, Шарқ ақадемиясига ва айни пайтда Петербург университетининг тарих-филология факультетига ўқишга кирган. 1911 йили Шарқ академиясини, 1912 йили эса университетни тугатиб, шу ўқув юртининг Тибет тиллари кафедрасида олиб қолинади. У айни пайтда Иозефовичнинг хусусий гимназияси ва Янги тиллар хотин-қизлар педагогика курсларида француз, рус ва лотин тиллари ҳамда умумий фонетикадан дарс беради. Хорижий тиллар бўйича таржимонларни тайёрловчи Шарқ академиясида япон тилини эгаллаганлиги туфайли 1915 йили Петербург университетида япон тили бўйича приват-доцент лавозимига тайинланади. 1914, 1915, 1916 йилларда Россия Фанлар академияси ва Петербург университети йўлланмаси билан илмий малакасини ошириш учун Японияга боради. Ёш олим кунчиқар мамлакатда бўлган чоғларида роҳиблар либосига ўралган ҳолда Будда ибодатхоналари дарвозалари олдида соатлаб ўтириб, япон шевалари ва тарихий фонетикаси бўйича билимини беҳад даражада бойитишга муваффақ бўлади. У мазкур соҳалар бўйича чуқур билими билан япон тилшунос олимларини лол қолдиради. Унинг “Япон шевалари бўйича психофонетик кузатишлар” мавзуидаги илмий иши эса уларни, айниқса, ҳайратга солади.

Е.Д.Поливанов 1916 йил октябрь ойида ватанига қайтиб, Петербург университетида хизмат қилишда давом этди. Аммо 1917 йил Февраль инқилоби олимнинг ҳаёт йўлини бутунлай бошқа ўзанга буриб юборди. Петербургдаги инқилобий воқеалар гирдобига тортилган олим дастлаб “Новая жизнь” газетасида ишлаб, Бутунроссия Деҳқон шўролари ҳузуридаги ҳарбий матбуот кабинети билан ҳамкорлик қилди. 1917 йил октябрининг сўнгги кунларида эса шу муассаса тавсияси билан Ташқи ишлар нозирлигида халқ комиссари ўринбосари лавозимида ишлай бошлади. У шу даврда нозирликнинг чор ҳокимияти давридаги махфий ёзишмалар шифрини ўз зеҳни билан топиб, И.Залкинд билан бирга Антантанинг яширин шартномаларини эълон қилиб юборди. Биринчи жаҳон уруши бошланишининг хунук сабаблари акс этган бу ҳужжатларнинг ошкор этилиши ўша даврнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ларзакор воқеа бўлди. Поливанов Ташқи ишлар нозирлигида Германия ва Шарқ масалалари билан машғул бўлди ва Германия билан Россияни яраштириш мақсадида тузилган шўро делегациясига раҳбарлик қилди. Аммо “машҳур” Брест сулҳини тайёрлаш жараёнида (сулҳнинг дастлабки нусхаси Поливанов томонидан тузилган) халқ комиссари Троцкий билан айтишиб қолиб, 1918 йил февралида нозирликдан кетади.

Поливанов шу йили Шимолий вилоят Ахборот бюросининг Шарқ бўлими мудири, кейин РКП(б) Петроград шаҳар бўлими ҳузуридаги Хитой коммунистик шўъбасининг ташкилотчиси вазифаларини бажаради ва айни пайтда Петроград университетида хизмат қилишда давом этади.

Дунёнинг олтидан бир қисмида ҳокимиятни ўз қўлларига олган большевиклар энди жаҳон инқилоби ғоясини олға суриб, бошқа мамлакатлардаги маслакдошларини шу ғоя атрофида уюштириш ва инқилобий ҳаракатларга жалб этиш мақсадида Коминтерн (Коммунистик Интернационал) ни ташкил этадилар. Поливанов 1921 йилда Москвага таклиф этилиб, Коминтерн Узоқ Шарқ бўлими бошлиғига ўринбосар ва Шарқ меҳнаткашлари коммунистик университетининг Шарқ шўъбасига мудир қилиб тайинланади. У ўша йилиёқ Коминтерннинг Синьцзян ва дунганлар бўйича тузилган махфий бўлимида ишлаш учун Тошкентга юборилади. У 1921 йил охирларида Тошкентда қолиб, Туркистон университети профессори ва Туркистон республикаси Давлат илмий кенгаши раиси лавозимларида хизмат қилади. Поливанов 1923 йилдан бошлаб Ўрта Осиё халқлари тиллари бўйича илмий ишлар олиб боради. У Ўзбекистон ва Қирғизистон бўйлаб илмий сафарлар уюштириб, Ўрта Осиё халқлари тиллари ва маҳаллий шеваларини қунт ва сабот билан ўрганади. Тинглаш ва эшитиш иқтидори фавқулодда кучли бўлган олим талаффуздаги ҳатто сезилар-сезилмас ўзгаришлар ва ўзига хосликларни илғаб олиб, қайд этиб боради. Илмий изланишлар билан бирга “Наука и просвещение» журналининг таҳририй ишларида иштирок этади. 1924-1925 йилларда эса Тошкентда Давлат сирларини муҳофаза қилиш муассасаси (Главлит) ни бошқаради. Аммо Москванинг япон, хитой, дунган, уйғур ва бошқа ўнлаб Шарқ тилларини билган Поливановни Тошкентга юборишдан мақсади унинг ёрдамида Хитой инқилобини тайёрлаш эди. 1914-1916 йилларда Японияда чор ҳокимияти фойдасига жосуслик ишларини олиб борган, бу соҳада етарли тажрибага эга бўлган Поливанов Шарқ мамлакатларида, хусусан, Хитойнинг Синьцзян-Уйғур вилоятида Хитой инқилобининг амалга ошишида муҳим роль ўйнаши мумкин эди.

Бироқ олим 1924 йили, маълум сабабларга кўра, яна Москвага таклиф этилиб, бир неча ой Ҳарбий академияда тингловчиларга япон тилидан дарс беради. 1926 йили эса Узоқ Шарққа “ташланиб”, Владивосток университетида япон тили профессори лавозимида хизмат қилади. Коминтерн йўли билан дунёнинг бир тупкасига юборилган олим яна Япония билан Хитойда сафарда бўлади.

Шарқ мамлакатларига қилган сафарлари чоғида нашавандликка ўрганган Поливанов турли нохуш ҳолатларга тушади ва шу боис 1926 йилда партия сафидан ўчирилиб, махфий ишлардан четлаштирилади. Ўша йилнинг кузида у Москвага қайтиб, ҳаётини севимли соҳаси – илмий фаолиятга бағишлашга аҳд қилади. Тез ва унумли ишлаш малакасини эгаллаган олим янги-янги илмий тадқиқотлари билан қисқа вақт мобайнида шўро тилшунослик мактабининг энг йирик намояндаларидан бири сифатида шуҳрат қозонади.

Ўша йилларда академик Н.Я. Маррнинг халқаро тилшунослик фанидаги обрўси мислсиз даражада баланд эди. Унинг, айниқса, қадимги арман ва қадимги грузин тилларига бағишланган тадқиқотлари жаҳон тилшунослик фанига қўшилган улкан ҳисса сифатида баҳоланган. Аммо Н.Я. Марр кутилмаганда аввалги барча илмий ютуқлари устига чизиқ тортиб, ажабланарли ишга қўл уради. У, лўнда қилиб айтганда, жаҳондаги барча тиллар қўл, сув, ҳаво, аёл маъноларини англатувчи тўртта сўз, унинг ифодаси билан айтсак, унсурдан ташкил топган, деган ғояни илгари сура бошлади. Унинг янги “таълимоти”га кўра, инсоният сўзлай бошлагунга қадар ўз фикрини қўл ҳаракатлари ёрдамида ифодалаган. Барча тиллар ўз тараққиётини шу тарзда бир хил бошлаган ва бир хил тараққиёт йўлини босиб ўтган. Н.Я. Маррнинг бу фикри Энгельснинг қарашлари билан уйғун бўлганлиги учун у марксча тилшуносликнинг отаси сифатида шуҳрат чамбарлари билан ўралади. Шўро тилшунослари унинг “кашфиёт”ини ҳамду сано билан кутиб олган бир вақтда Поливанов Коммунистик академияда 1929 йил 4 ва 18 февраль кунлари москвалик ва ленинградлик олимлар даврасида «Марксистик тилшунослик ва яфет назарияси» деган мавзуда катта маъруза, 25 февралда эса чиқиш қилиб, машҳур олимнинг пўстагини қоқади. Бу ҳол унинг бошига бало тошлари ёғилишига сабаб бўлади. Хуллас, марксчи тилшуносга қарши чиққан олим Москва, Ленинград ва Владивосток университетларида маъруза ўқиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Ҳаётининг қора кунлари бошланган Поливанов 1929 йили Ўзбекистоннинг ўша кезлардаги пойтахти Самарқандга кўчиб келиб, Маданий қурилиш илмий-текшириш институтида хизмат қила бошлади. 1931 йили мазкур институт Тошкентга кўчиб келади.

Шу ерда фалакнинг гардиши билан Туркистонга келиб қолиб, 1922 йилдан бошлаб Тошкент ва Нукусдаги даврий нашрларда ишлаган М.С.Кардашевнинг тилшунос олим ҳақидаги хотирасидан бир лавҳани келтиришни истардим.

“Йигирманчи йиллардаги Тошкент. Шарқ институти. Биринчи курс аудиторияси. Фонетика бўйича маъруза. Ундош, унли… ва яна қандайдир кишини чўчитадиган аффрикатлар. Товуш ҳақидаги фаннинг дастлабки боблари – тилшуносликнинг энг зерикарли қисми. Бунда нимани тинглаш мумкин? Товуш ўзгаришлари таснифи ва қонунларини доска ёки дарсликдан кўчиргин-у, ёдла, ёдла. Худди кўпайтириш жадвалини ёдлагандек…

Зал нима учундир гавжум. Янги келган баъзи талабаларнинг чеҳраларида лоқайдлик, ҳатто ошкора нафрат белгилари.

– Бир тийин кўрса, ўзини томдан ташлайди, дейишаяпти. Совет Плюшкини.

– Плюшкин бўлса кошкийди. Нашаванд. Қандай қилиб бундайларни ушлаб туришади-я.

Шу пайт бир оз шовқин кўтарилиб, қарсаклар чалинди…

Кафедра олдида ғалати бир одам пайдо бўлди. Ўрта бўйли, катта бошли, қўнғир сочли, озғин, ҳатто нимжон, катта-катта оч ҳаворанг кўзли одам. Оёғида йиртиқ туфли. Бошидаги шўраланган дўппи сочларини босиб турипти. Елкасида ўзбекона кир чопон. Олди очиқ. Шу ҳам профессор бўлдими?!

Шу пайт баланд дўриллаган овозда маърузани бошлади. Бир неча дақиқадан сўнг бу овоз аудиторияни узил-кесил забт этди.

Буни қаранг! Фонетикани ҳам шундай ўқиса бўлар экан-а! Бундай кишининг ҳамма нарсасини кечириш мумкин.

Чиндан ҳам, қуруқ, ҳатто зерикарли мавзу бирдан жонланиб, фаввора ўлароқ отилиб, учқун сочиб кетди. Кутилмаган, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, ҳаддан зиёд аниқ, товланма қиёслар фаввораси. Муаллифлари, боблари, саҳифалари кўрсатилган кўп сатрли иқтибослар шундоққина мияга ўтираяпти.

– Текшириб кўрсак бўлармиди? – луқма ташлади кимдир.

– Олдиндан қўлингни кўтаравер, – деб маслаҳат беришди пичиллаганга. – Қанча-қанча талабалар уриниб кўришган. Бирорта вергулида ҳам хато йўқ… Фақат рус тилидаги иқтибослардагина эмас. У, акаси ўргилсин, бошқа тиллардан ҳам шунақа аниқлик билан ёддан иқтибослар келтирадики, кўзинг косасидан чиқиб кетмаса ҳисобмас…

– Евгений Дмитриевич Поливанов, чиндан ҳам, шунча тиллардаги китобларни ўқийди, гапиради ёки ёзадики, у билган тилларнинг ҳисобига ўзи ҳам етган эмас.

–Наҳотки кўп бўлса? – деган эди у бир замон.

– Бор-йўғи қирқ олти тилни биламан, холос. Кардинал Меццофанти эса етмиш иккита тилни билган. Мана, буни полиглот деса бўлади!

Бу камтарин зот энг муҳим нарсани айтмаган эди. Меццофантининг бисотида шундан бошқа нарса бўлмаган. Эндигина ўттизни қоралаган Поливанов эса йирик шўро тилшуноси, қатор асарлар муаллифи, энди билсак, ўз давридан илғорлаб кетган зот. “Япон-Малайя кенгликлари”да япон тилининг келиб чиқиш фарази билан машҳур бўлган киши. Японшунос, хитойшунос, туркийшунос… кенг қамровли лингвист. Бу ҳали кам. У гўзал шаклга эга бўлган шеърлар ёзади. Бир замон кичик сценарий танлови ҳақидаги эълонни ўқиб қолиб, Евгений Дмитриевич шу заҳоти бир неча саҳифани қоралаб ташлаган. Юборган эди – биринчи мукофотни беришди!

Унинг сўл қўли мажруҳланган, билаги йўқ. (Поливанов поезддан сакраган пайтида йиқилиб, билаги поезд ғилдираклари тагида қолган – Н.К.) Аммо у роялда шундай чаладики, ҳатто малакали мусиқачилар ҳам ҳайратга тушиб, оғизларини очганча қоладилар.

– Ақл бовар қилмайди! У тўмтоқ қўлини бас пардаларига шунчаки теккизиб қўйиши билан шундай овозлар таралиб кетадики… унча-мунча машҳур пианиночилар ҳам бундай экспрессияни чиқариша олмайди! Талант! Талант ҳам гапми – феномен!

У ҳайратланарли даражада кўп ва фантастик даражада тез ишларди. Менинг кўз олдимда бор-йўғи ўн дақиқа ичида “Мефистофель қўшиғи”ни немисча аслиятдан ўзбек тилига ўгирди. Шундай тасаввур уйғондики, кимдир унга айтиб турар ва у тўхтовсиз стенография қилар эди. Аммо бу – ёзиб бориш эмас, бу аслиятдаги вазн ҳам, қофия ҳам тўла сақланган юксак савиядаги таржима эди!..”

Поливановнинг ҳаёти ва фожиали тақдири ҳақидаги бошқа манбалардан фарқли ўлароқ, М.С.Кардашевнинг бир лавҳаси келтирилган хотираномасида буюк олим кўз ўнгимизда ёрқин гавдаланади: биз унинг нафақат ташқи қиёфаси ва ички олами билан, балки истеъдодининг бошқа манбаларда тилга олинмаган қирралари билан ҳам танишиб, унинг улкан ва бетакрор шахс бўлганига яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.

М.С.Кардашев хотираларида айтилишича, Поливанов Тошкентга келганида, унга Марказком ётоқхонасидан замонавий жиҳозланган шинамгина хона ажратишган экан. Аммо олим хотини Бригитта Альфредовнани Москвага кузатиб қўйиши билан хона калитини қоровулга топшириб, ярмаркадаги чойхонага чиқиб кетган. Ярмарка эса ҳозирги Тўқимачилик комбинати ўрнида бўлиб, Поливанов шу ердаги бозорнинг гавжум чойхонасини ўзига ҳам ётоқхона, ҳам ошхона қилиб танлаган эди. Олимни яхши билмаган кишилар уни зиқна бўлгани учун шу ерга кўчиб олди, деб ғийбат қилишган. Аммо у, одатига кўра, ўзбек тили ва унинг турли лаҳжаларини шу чойхонада яшаб, мукаммал ўрганган. У ўзининг илмий мақсадига эришиш йўлида кир ва тер ҳиди анқиб турган кўрпа-тўшакда ётаётганига, пашша талаб турган таомларни истеъмол қилаётганига эътибор бермаган. Олимнинг ўзбек тили ва шеваларини мукаммал эгаллаши ва илмий ўрганишида бозор ва чойхона ҳаёт дорилфунуни бўлиб хизмат қилган.

Поливанов шундай фидойилик, топқирлик, иккинчи-учинчи даражадаги масалаларга беписандлик билан қараб, ўнлаб тиллар ва шеваларни пухта ўзлаштирди. Шунинг натижасида у нафақат рус, инглиз, француз ва немис тилларини, япон, хитой, ўзбек ва бошқа тилларнинг ҳам фонетик таркибини ўрганди ҳамда, кези келганда, ўзбек тилининг Тошкент шевасидаги сўзларнинг фонетик хусусиятларини текшириб, уларни япон тилининг Токио шевасидаги сўзлар билан қиёслади ва бундан ҳар икки тилнинг фонетикасига хос қонуниятларни очиш имкониятига эга бўлди.

Поливановнинг дастлабки илмий асарларидан бири 1916 йили Петроградда нашр этилган бўлиб, “1915-1916 ўқув йилида приват-доцент Е.Д.Поливанов томонидан Янги Тиллар Хотин-қизлар Педагогика Курсларида ўқилган УМУМИЙ ФОНЕТИКА ВА ТИЛШУНОСЛИККА КИРИШ БЎЙИЧА МАЪРУЗАЛАР КОНСПЕКТИ” деб номланади. Бу илмий асар билан танишган киши олимнинг 20-йилларда Туркистон университети ёки Тошкентдаги Шарқ институтида ўқиган маърузалари конспектининг ўз вақтида эълон қилинмаганига афсусланиши мумкин. Кардашевнинг хотираларига қараганда, бу, чиндан ҳам, армон қилишга арзирли ҳол. Поливановнинг Ўзбекистонда кечган қисқа ҳаёти давомида яратган “Ўзбек тилини ўрганишга кириш”, “Ўзбек тилининг мухтасар грамматикаси”, “Русча-ўзбекча мухтасар луғат”, “Ўзбек диалектологияси ва ўзбек адабий тили”, “Ўзбекларнинг этнографик характеристикаси”, “Тошкент шевасининг товуш таркиби” сингари илмий ишларни ёзгани маълум. У эълон қилган 140 га яқин китоб, рисола ва илмий мақолалар орасида “Туркий ёзувларда лотин алифбоси муаммоси” (Москва, 1923), “Рус грамматикасининг ўзбек тили билан қиёсланиши” (Тошкент, 1933), “Рус тилини ўзбекларга ўқитишнинг хусусий методикаси тажрибаси” (Тошкент, 1935) каби китоблар бор. Афсуски, унинг “Ўзбек тилининг диалектологик луғати”, “Ўзбек тилининг тадрижий тарихи”, “Хоразмдаги ўзбек шеваларининг мухтасар очерки”, “Ўзбек тили грамматикаси бўйича материаллар”, “Ўзбек диалектологияси бўйича материаллар”, “Русча-ўзбекча мухтасар луғат”, “Эронлашган ўзбек шевалари генезиси”, шунингдек, ўзбек тили грамматикаси китобининг тугалланмаган қўлёзмаси бизгача етиб келмаган. Улар Поливановнинг ўзбек тили грамматикаси ва диалектологиясини илмий ўрганиш ишига тамал тошини қўйган забардаст олим сифатида ҳурмат қилишимиз ва эъзозлашимизга тўла асос беради.

Ўзбекистонда Поливанов томонидан амалга оширилаётган ишлар кўламини кўрган қирғизистонлик олимлар унинг 1934 йилда қирғиз юртига кўчиб боришига муваффақ бўлдилар. У Фрунзе (ҳозирги Бишкек) даги Қирғиз тили ва ёзуви ҳамда педагогика институтларида профессор лавозимида хизмат қилиш билан бирга “Манас” эпосини рус тилига таржима қилиш масалалари билан шуғуллана бошлади. Аали Тўқомбоев шеърларини рус тилига ағдарди. Лекин орадан кўп ўтмай, 1937 йил 1 августда Поливанов ҳибсга олиниб, махсус конвой билан Москвага жўнатилди ва Бутирка қамоқхонасига ташланди.

Маҳбус 22 августда бўлиб ўтган тергов пайтида терговчининг “Сиз 1917 йил Октябрь инқилобигача нима билан шуғулландингиз? Ва “1917 йил Октябрь инқилобидан кейин нима билан шуғулландингиз?” деган саволларига қаерда ва қандай вазифаларда хизмат қилгани ҳақида мухтасар маълумот берди. Терговчи учун унинг Японияга бир неча маротаба боргани “истиқболли” масала бўлиб кўринди. У Поливановни Япония фойдасига жосуслик қилганликда айблаш ва шу масалада ашёвий далилларни олиш учун унга нисбатан ноқонуний жазо усулларини қўллади. Маҳбуснинг шу ҳақда ариза билан норозилик билдиришига қарамай, қийноқ давом этди ва маҳбус 1916 йилда гўё Яманаси, Умеда сингари япон разведкачилари томонидан ёлланганини “тан олиш”га мажбур бўлди. Терговчи маҳбус устидан қозонган бу ғалабадан илҳомланиб, ундан янги-янги “маълумотлар”ни олишга ҳаракат қилди.

“…С а в о л. Сиз Москвага қачон келдингиз ва Умеда билан қандай келишиб олдингиз?

Ж а в об. Мен Москвага 1930 йили келдим. Мен бу сафарги келишимда Умедадан менинг асосий вазифам Ўрта Осиёга япон таъсири кириб бориши мумкин бўлган йўлларни ўрганиш экани ҳақида кўрсатма олдим.

Мен Умедага яқин орада Тошкентга бориб, ўша ерда яшаб ишлашимни айтдим. Шунда, Умеданинг айтишича, мендан ахборот олиш учун Ким Николай Иванович фамилияли корейс келиши ва мени топгач, япон тилида Умеда (номи) дан келганини айтиши лозим эди. Ким, Умеда билан шартлашганимиз бўйича, мени Наркомпрос муассасаларидан топиши лозим эди…

…С а в о л. Сиз Ким орқали японларга жосуслик характеридаги қандай материалларни бердингиз?

Ж а в о б. Мен япон таъсирининг Ўрта Осиёга кириб бориши мумкин бўлган йўлларни ўрганиш бўйича Умеда берган асосий топшириқни бажардим. Мен бу масалани ўрганиб, унга мазкур таъсирнинг Ўрта Осиёга кириб боришида маҳаллий майда буржуазияга мансуб унсурлар ўртасидаги, шунингдек, “Ўз маданияти ва ҳарбий кучини яратган ва Оврупо босқинидан халос бўлган Японияга эргашиш керак”, деган шиор билан яшаётган жадид зиёлилари ўртасидаги японпарастлик кайфияти асосий замин бўлажаги ҳақидаги мулоҳазаларимни айтдим. Бу шиор Октябрь инқилобининг дастлабки йилларида маориф (ишлари) асир турк зобитлари қўлида бўлгани учун, айниқса, Ўзбекистонда, ёш маориф ходимлари ўртасида тарқалган эди.

Мен японпарастлик қарашлари Ўзбекистон миллатчилари ва қозоқ миллатчилари ўртасида кенг тарқалганини асослаб бердим…

Яна ўзбек қишлоқларида ер ислоҳоти ўтказилганига қарамай, қариндош-уруғлар орасидан хизматкорлари бўлган қулоқлар (бойлар) нинг ҳамон яшаётганларини айтдим.

Мен ўз хулосаларимда Ўрта Осиёга япон таъсирининг кириб боришида даставвал Ўзбекистонда сўнгги йилларда пинакка кирган, аммо энг кўп сонли ва жипслашган жадид кадрлар асқотиши мумкинлигини кўрсатиб бердим”.

Бу “эътироф сўзлари”нинг маҳбусдан қийноқ орқасида олинганига ишониш қийин. Бизнингча, бу сўзлар терговчи “ижоди”нинг маҳсули бўлиб, у ҳам юқоридан туширилган топшириқни бажарган ва маҳбусни ўзи тузган сўроқномага қўл қўйишга мажбур этган, холос.

Агар 1937-1938 йилларда Ўзбекистонда биринчи навбатда собиқ жадидлар ва уларга яқин кишиларнинг япон жосуслари сифатида айбланиб, қатағон қилинганини эсласак, бу сиёсий кампаниянинг Москвада НКВД ходимлари томонидан махсус ишлаб чиқилгани маълум бўлади.

СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси сайёр сессиясининг 1938 йил 25 январда бўлиб ўтган ёпиқ суд йиғилиши Е.Д. Поливановга олий жазо бериш ва шахсан унга тегишли мол-мулкни мусодара этиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Мазкур ҳукмда қайд қилинишича, Е.Д. Поливанов 1930-1937 йилларда Япония фойдасига жосуслик қилиш ва япон разведкасининг Москвадаги вакилларига СССРнинг давлат сири бўлган Ўрта Осиё ҳақидаги маълумотларни беришда айбланган.

Ҳукм шу туниёқ ижро этилган.

В.Шкловский Е.Д. Поливановни оқлаш масаласида СССР прокуратурасига ёзган хатини бундай якунлаган эди:

“Унинг илмий асарлари деярли нашр этилмаган.

У жаҳон лингвистикасининг бошида турган ва унинг умумий қонунларини умумлаштирган (олим) ҳисобланарди.

Орадан ўнлаб йиллар ўтди. Эҳтимол, кўп сирлар бошқалар томонидан очилгандир, аммо, ўйлайманки, шўро фанининг шон-шуҳрати учун, марксча тилшунослик тарихи учун, Шарқ адабиётлари ижтимоий масалаларининг тадқиқ этилиши учун Евгений Дмитриевичнинг ишлари асқотиши мумкин.

Поливановнинг кенжа дўсти – ёзувчи Венямин Каверин Поливановни ўзининг роман ва қиссаларига Драгоманов номи билан бир неча бор олиб чиққан”.

“Биз нур сочиб, куямиз”, деб ёзган эди Поливанов ўзини шамга қиёс қилиб.

Терговчи маҳбусдан қанча тилни билиш ҳақида савол берганида, у ўзи билган тиллардан атиги 18 тасини санаган эди. Булар: француз, немис, инглиз, лотин, грек (юнон), испан, серб, поляк, хитой, япон, татар, ўзбек, туркман, қозоқ, қирғиз, эстон ва рус тиллари. Шунча тилни билган ва улар асосида жаҳон тиллари тараққиёти қонуниятларини ўрганишга интилган, умумий тилшунослик, японшунослик, хитойшунослик, туркийшунослик фанларининг юзага келишига муҳим ҳисса қўшган, лингопоэтика масалаларини биринчилардан бўлиб ўрганган Е.Д. Поливанов том маънода жаҳон тилшунослик фанининг йирик намояндаларидан бири эди.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 1-сон.