Умарали Норматов. Заҳматкаш олимнинг шарафли йўли

http://n.ziyouz.com/images/hamidulla_boltaboyev.jpg

1972 йилнинг сентябри. Миллий университет ўзбек филологияси факультети биринчи курсида ҳозирги адабий жараён фанидан машғулотлар бошлаганман. Ўн йилдан бери камина олиб борадиган бу курснинг бош вазифаси – филолог талабаларни жорий адабий жараён оламига олиб кириш, уларда сўз санъати ва адабиётшунослик, танқидчилик янгиликларини мунтазам кузатиб бориш, бинобарин, адабиёт олами ичида яшаш малакасини шакллантиришдан иборат. Одатга кўра, илк машғулотни талабаларнинг бу борадаги савия-даражасини аниқлашдан бошладим. Миллий, қолаверса, кейинги йилларда жаҳон адабиётида яратилиб, эл оғзига тушган, шов-шувларга асос бўлган асарлар бўйича саволлар чоғи ҳаммаси равшан бўлади-қолади. Бу гал ҳам айни шундай ҳол юз берди. Қўйилган саволларнинг деярли барчасига жавоб учун қўл кўтарган уч-тўрттагина талаба орасида кичик жуссали, кўзлари чақнаб турган йигитча эътиборимни жалб этди. А.Солженициннинг “Иван Денисовичнинг бир куни”, Ч.Айтматовнинг “Оқ кема”си, А.Мухтор, Шуҳрат, О.Ёқубов, П.Қодиров романлари, С.Аҳмад, Ў.Умарбеков, Ў.Ҳошимов, Ш.Холмирзаев ҳикоя, қиссалари, Э.Воҳидов, А.Орипов, Р.Парфи, М.Али шеърий тўпламлари, О.Шарафиддинов, М.Қўшжоновларнинг адабий-танқидий мақола, китоблари, “Литературная газета”, “Шарқ юлдузи”, “Ўзбекистон маданияти”, “Гулистон” саҳифаларида эълон этилаётган асарлар, баҳс-мунозаралар – барча-барчасидан хабардор бу талабага илк танишувдаёқ меҳрим тушиб қолди. Мен аудиторияда ўтирганларга уни ибрат қилиб кўрсатдим, филология бўйича олий таълим даргоҳига қадам қўйган талаба шундай бўлиши лозимлигини, филология бу – сўзга, сўз санъатига шайдолик – ошиқлик дегани, адабий асарларни мажбурият юзасидан эмас, чин дилдан севиб, қидириб топиб ўқийдиган, бу соҳани қисмат деб биладиган, унга ҳатто жонини, жаҳонини бахш этишга тайёр одамдангина ҳақиқий филолог – адабиётшунос, етук мураббий чиқишини бу гал ҳам бўлғуси филологларга уқтирдим. Суриштириб билдим: Ҳамидулла исмли бу йигит Андижон шаҳрида 1954 йил 20 августда маърифатли оилада дунёга келган, мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ китоб шайдоси бўлган, филолог бўлишни кўнглига туккан. Мактабни битирибоқ ТошДУнинг филология факультетига ариза топширган, аммо етарли балл тўплолмаган, бир йил мебель фабрикасида ишлаб, айни пайтда, астойдил тайёргарлик кўриб иккинчи йили университет талабаси бўлишга эришган экан…

Афсус, ҳар галгидек бу курсга қабул қилинган 60-80 чоғли филолог талабалар орасидан битта, нари борса, икки-учта ана шундай фидойи чин филологлар чиқади, холос… Ҳар хил йўллар билан бу даргоҳга кириб қолган, ҳатто кейинчалик бу соҳа бўйича илмий даража, унвонларга эришган “уддабурон”ларнинг эса қисмати нима билан тугаганини кўрдик, кўряпмиз… Илоҳий адолатни қарангки, фаннинг бошқа барча соҳаларида бўлгани каби филология жабҳасида ҳам унинг асл қиёфасини, келажагини, даража-миқёсини, аввало, Оллоҳ берган чин истеъдод, ўз соҳасига чексиз меҳр қўйган фидойи шахсларгина белгилайди. Миллий университетда кечган олтмиш йиллик фаолиятим давомида топган бармоқ билан санарли ана шундай ноёб хислат соҳибларидан бири – ўша илк машғулот чоғи эътиборимин тортган кичик жуссали, кўзлари чақнаган шогирд йигитча – бугунги кунда 60 ёшни қоралаб турган таниқли адабиётшунос олим, мураббий Ҳамидулла Болтабоев экани билан фахрланаман.

Аслини олганда, Ҳамидуллага мен ўзимни устоз дейишдан бироз ийманаман. Тўғри, талабалик йиллари унинг диплом ишига, сўнг сиртқи аспирантлик кезлари номзодлик диссертациясига расман илмий раҳбар бўлганман; диплом иши учун мавзу сифатида ўз даврида қизғин баҳсларга асос бўлган “Сўнгги бекат” романи (Ш.Холмирзаев асари), сўнг номзодлик диссертацияси учун эса “Ҳозирги ўзбек насрида услубий изланишлар (70-йиллар)” муаммоларини тавсия этганман. Диплом иши, номзодлик диссертацияси устидаги иш жараёнида, очиғи, раҳбар сифатида бу шогирдга йўл-йўриқ кўрсатишга зарурат бўлгани йўқ; тадқиқот мавзусига оид адабий манбалар, илмий адабиётлардан тортиб, иш режасию унда кўтариладиган муаммоларгача – барчасини ўзи мустақил ҳал этган, айрим масалалар бўйича орамизда баҳслар бўлиб ўтган, холос. Талабалик даври якунида “Сўнгги бекат” романи устидаги илк илмий қадами, аспирантлик йиллари маҳсули – 70-йиллар ўзбек насридаги услубий изланишларга оид тадқиқоти мавзуга оид қатор нозик кузатиш, ўзига хос таҳлил, талқинлари билан адабий-илмий жамоатчилик эътиборини қозонди. Қарангки, 1982 йили ҳимоя қилинган номзодлик диссертацияси орадан ўн йил ўтиб, 1992 йили “Наср ва услуб” номи остида китоб ҳолида чиқди. Мазкур тадқиқотда ўтган асрнинг 70-йиллари насримизда юз берган услубий тенденциялар, уч йўналишдаги (“изчил реалистик”, “лиро-романтик” ва “рамзий-мажозий”) изланишлар ҳақидаги кузатишлар ўзимиздагина эмас, хорижлик адабиётшунослар орасида ҳам қизиқиш уйғотгани эътиборга сазовордир.

Номзодлик диссертацияси устида ишлаган чоғлари Ҳамидулла собиқ иттифоқ, қолаверса, жаҳон адабий жараёни билан яқиндан танишди. О.Ёқубовдан тортиб, Эркин Аъзамгача бўлган истеъдодли ёзувчилар ижодий йўлини синчиклаб кузатди, бугина эмас, айниқса, ўзига замондош-тенгдош адабий авлод – Х.Султонов, Х.Даврон, М.Юсуф, Х.Дўстмуҳаммад, Ш.Раҳмон, М.Муҳаммад Дўст, Т.Муродлар билан яқиндан дўст тутинди, ана шулар муҳити ичида нафас олди. Мен бундан буён ҳам бу укамиз ўзим каби айни шу ижодий жараён устида янгидан-янги тадқиқотларни давом эттирса керак, деган умидда юрардим. Эҳтимол, камина сингари номзодликни ёқлаб, Миллий университетдаги устозим О.Шарафиддинов асос солган ўзбек адабий танқидчилиги мактаби муҳитида иш бошлаганлигим, 26 йил ҳозирги ўзбек адабиёти кафедрасига мудирлик қилганлигим, фақат бир масканда қўним иш олиб борганим туфайли бир йўлдан боргандирман…

Тақдир, нон-насиба экан, Ҳамидулланинг илм-фан, меҳнат йўлидаги кечмиши ўзгача, хийла мураккаб тарзда кечди. Укамиз 1977 йили университетни имтиёзли диплом билан тугатиб, ўз соҳаси эмас, Халқ хўжалиги институтининг тайёрлов бўлимида иш бошлади, орадан кўп ўтмай, Халқ хўжалиги институтининг Қўқон филиалига, сўнг Андижон филиалига ишга ўтди. Ўз соҳаси – ҳозирги ўзбек адабиётшунослиги қолиб, талабаларга ўзбек ва рус тилларидан дарс берди; сўнг уларнинг ёнига партия тарихи ва фалсафа қўшилди, боз устига, рус гуруҳларида рус тилида дарс беришга мажбур бўлди. Ниҳоят, олти йилдан сўнг сиртқи аспирантурани тугатиб, номзодлик илмий даражасига эришгач, Чўлпон номидаги Андижон Тиллар иститутида қўним топди, бу ерда ҳам замонавий ўзбек адабиётидан фан номзоди даражасини олган олим рус ва хорижий халқлар адабиёти кафедраси мудири сифатида рус фольклоридан тортиб, рус ва жаҳон адабиёти тарихи, назария бўйича рус тилида дарс олиб боришга мажбур бўлди. Мана шу 17 йиллик мураккаб муҳитда ҳам қувончли, ҳам чигал савдолар бошига тушди. Айрим ғаламисларнинг фитна, таҳдид, таъқибларига қарамай, 1996 йил 7 декабрда “ХХ аср бошлари ўзбек адабиётшунослиги ва Фитратнинг илмий мероси” мавзуси бўйича докторлик диссертациясини муваффақият билан ҳимоя қилишга эришди.

70-80-йиллари замонавий ўзбек насри муаммолари устида астойдил тадқиқот олиб борган, айни шу қайноқ адабий муҳит ичида юрган ёш олим нега бирдан ХХ аср бошлари, боз устига, энг мураккаб, қалтис сиймо Фитрат ижодий мероси тадқиқи соҳасига ўтди, деган ҳақли савол туғилади. Мустабид тузум қурбонлари бўлмиш буюк адабий сиймолардан Қодирийнинг омади юришиб, 50-йиллар охири, 60-йиллардаёқ ижодий мероси халққа қайтарила бошлайди; аммо унинг икки сафдоши – Чўлпон билан Фитрат расман оқланган бўлса-да, ижодий меросини рўёбга чиқариш, улар ҳақидаги бор ҳақиқатни айтиш ўта мушкул кечди, фақат 80-йиллар охирига келиб бу соҳага йўл очила бошлади. Мана шу хайрли ташаббусни бошловчиларидан бири – Ҳамидулла укамиз бўлиб чиқди.

Бу “писмиқ” инигинам ҳатто мендан ҳам бир ҳақиқатни сир сақлаб юраркан. Талабалик даврининг биринчи йилида унга ётоқхона тегмай, ижара уйи излаб юрганида, бахтли тасодифни қарангки, буюк аллома Фитратнинг синглиси Маҳбуба ая ихтиёридаги хонадондан вақтинча паноҳ топади, бир-икки ҳафта яшашга розилик берган опамизга укамиз ёқиб қолиб, у бир йил шу даргоҳда туриш шарафига муяссар бўлади. Ўша кезлари нафақада бўлган опамизга тиришқоқ, илмга чанқоқ, араб ёзувидаги манбаларни бемалол ўқий оладиган дастёр одам керак эди. Бу кезларда онахон жон-жаҳди билан акаси меросини йиғиш, юзага чиқариш хаёли билан банд эди. Ҳамидулла опамизнинг ўнг қўлига айланади, унинг ёнида ўтириб мунтазам ноёб манбалар мутолааси билан шуғулланади; бир йиллик ижара ҳаётидан кейин ҳам хонадон соҳибаси билан бу борадаги илмий-ижодий ҳамкорлигини давом эттиради; шу тариқа Ҳамидулланинг “пинҳона” фитратшунослиги шаклланади.

Ниҳоят, 80-йиллар охирига келиб, ошкоралик деб аталган бир вазиятда Ҳамидулла Фитрат оламига дадил қадам қўя бошлайди, 1987 йил октябрь-декабрь ойлари ­­М.В Ломоносов номидаги Москва Давлат университетида малака ошириш чоғи марказдаги улкан адабиётшунослар Г.Поспелов, Е.Хализев, Л.Климовичлар билан ҳамкорлик ўрнатиш асносида пойтахтдаги кутубхона, архивлардаги Фитрат ижодий меросига оид манбалар билан яқиндан танишиш, улардан нусха олиш шарафига муяссар бўлди. Шу тариқа Фитрат оламига шўнғиб кетади. Бирин-кетин “Абдурауф Фитрат” (1992), “Қатағон қилинган илм” (1996), “Абдурауф Фитрат – адабиётшунос” (1996), “Фитратнинг илмий мероси” (1996) китоблари нашр этила бошланди. Ниҳоят, 1996 йил 7 декабрда “ХХ аср бошларида ўзбек адабиётшунослиги ва Фитратнинг илмий мероси” мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга муваффақ бўлади. Қодирий, Чўлпон ҳақидаги ҳақиқатни юзага чиқариш бобида И.Султонов, М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов, Н.Каримовлар қанчалар жонбозлик кўрсатган бўлсалар, Ҳамидулла ҳам сафдошлари қатори фитратшуносликда катта жонбозлик кўрсатди; бу хайрли ташаббус, шижоат докторлик диссертацияси ҳимояси билан чекланиб қолгани йўқ, олимнинг бу борадаги кўламли фаолияти ҳамон изчил давом этаётир. “Фитрат ва жадидчилик” (2007) мақолалар тўплами Фитрат меросига янги аср адабиётшунослиги нуқтаи назаридан ёндашишнинг чиройли намунасидир. Бевосита Ҳ.Болтабоев муҳаррирлиги, таржимаси остида адибнинг “Мухтасар ислом тарихи” (1992), “Адабиёт қоидалари” (1995), “Аруз ҳақида” (1997), “Мунозара” (1998) сингари асарлари алоҳида китоб ҳолида чоп этилди; шунингдек, 2000-2010 йиллар оралиғида “Маънавият” нашриётида алломанинг беш жилдлик Танланган асарлари Ҳамидулланинг табдил, таржима, сўз боши ва изоҳлари билан нашр қилинди. Энг сўнгги муҳим ташаббус – Фитратнинг 1927 йили чоп этилган ноёб китоби “Энг эски турк адабиёти намуналари” (2008), 1928 йили чиққан “Ўзбек адабиёти намуналари” (2013), яна ўша укамиз Ҳамидулланинг сўз бошилари билан “Мумтоз сўз” нашриётида қайта чиқиши савоб иш бўлди.

Миллий университет раҳбарияти, ўзбек филологияси факультети илмий жамоаси таклифи билан Ҳамидулланинг 1998 йилда бу мўътабар ўқув даргоҳига профессор лавозимига ишга келиши олим ҳаётида, илмий-ижодий фаолиятида янги босқични ташкил этди. Орадан бир йил ўтиб, у ўзбек мумтоз адабиёти кафедраси мудири этиб тайинланди. Истеъдодли, серғайрат олим бу масъул лавозимда ғайрат-шижоат билан ишга киришиб, атоқли устоз Ғулом Каримов анъаналарини янги босқичда шижоат билан давом эттирди. Бу йиллари “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” қабул қилинган, унга кўра янги тизим – бакалавриат ва магистратура босқичининг Давлат стандартларини тайёрлаш, ўқув режалари ва дастурларини тузиш ҳаракати кетаётган, мумтоз адабиёт бўйича тубдан янгиланган ўқув дастури яратиш, магистратура босқичи учун янги мутахассислик фанларини тавсия этишдек долзарб вазифаларни ҳал этиш лозим эди. Ҳамидулланинг саъйи ҳаракати билан “Адабиётшунослик методологияси”, “Адабиётшунослик ва структуал методлар”, “Тасаввуф ва мумтоз поэтика асослари”, “Мумтоз тарихий поэтика”, “Назарий поэтика”, “Адабиётшунослик тарихи” ўқув курсларининг режа ва дастурлари ишлаб чиқилди; айни пайтда, ана шу ўқув курслар бўйича ўқув қўлланмалари яратишга киришилди. Қисқа фурсат ичида “Ислом тасаввуфи манбалари (Тасаввуф назарияси ва тарихи)” (2005), “Шарқ мумтоз поэтикаси” (2006, 2008) номи билан аталган салмоқдор ўқув китоблари чоп этилди. Профессор Ҳ.Болтабоев томонидан тайёрланган, академик Н.Иброҳимов, А.Рустамов, шунингдек, Н.Комилов, И.Ҳаққулов, Б.Назаров, С.Олимов, М.Комиловдек етук мутахассисларнинг нигоҳи, синчков таҳриридан ўтиб нашр этилган ҳар иккала китоб ҳам талабалар, қолаверса, хос китобхонлар учун муносиб тортиқ, ташна қалблар учун айни маънавий оби ҳаёт бўлди. “Ислом тасаввуфи манбалари” ва “Шарқ мумтоз поэтикаси” китобларининг 2007 йили Республика олий таълим мутахассислари орасида йилнинг “Энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи” танловида 1-ўринни эгаллаб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг махсус мукофоти билан тақдирлангани тасодифий эмас.

Маълумки, Шарқ мумтоз поэтикаси кенг қамровли тушунча, у араб, форс ва турк тилларидаги манбалар билан чекланмай, ҳинд, хитой, япон, корейс каби ўнлаб халқлар адабий-назарий тафаккури тажрибаларини ҳам ўз ичига олади. Мазкур қўлланмаларнинг биринчи китобида ислом тасаввуфи, аниқроғи, ислом тафаккури таъсирида шаклланиб ривож топган, араб ва форс тилларидаги манбаларнинг ўзбекча таржималари берилган. Иккинчи китобда эса ҳинд, хитой, япон, корейс тилидаги манбаларнинг эълон этилиши режалаштирилган. Кейинги минг йиллик давомида ўзбек мумтоз адабиёти ривожи биринчи галда айни шу араб, форс ва турк адабиёти, бадиий, фалсафий тафаккури билан узвий алоқада, ҳамкорликда кечганлиги кундай равшан. Демак, мазкур ўқув қўлланманинг айни шу тарзда ташкил топиши теран мантиқий-илмий асосга эга.

Фаробийдан тортиб, то Фитратга қадар минг йилликда яратилган ғоят бой илмий-адабий манбаларни беришда мақбул йўл танланган – ҳам мумтоз поэтика табиатини, ҳам замонавий поэтика назарияси тажрибаларини назарда тутган ҳолда улар “Бадиий сўз табиати, шоирлик таърифи”, “Сурат (шакл) ва маъно бирлиги”, “Адабий турлар, шеър навлари”, “Шеър тузилиши ва аруз илми”, “Бадиий санъатлар”, “Қофия илми”, “Тил одоби, бадиий нутқ ва услуб” каби тизимларга солинган. Мазкур манба ва талқинлар китоби камтарона тарзда “ўқув қўлланмаси”, “мажмуа” деб аталса-да, айни пайтда, жиддий илмий тадқиқотлар маҳсули, ҳосиласидир. Ундаги муқаддима, боблар олдида берилган муаллифлар ҳақидаги мухтасар маълумот, мавзуга оид кенг талқин ва шарҳлар, китоб охиридаги батафсил изоҳлар, шунингдек, исмлар, истилоҳлар кўрсаткичи юксак илмий савияда адо этилган. Ушбу китобдаги манба ва талқинлар ҳам мумтоз поэтика масалаларини, ҳам замонавий адабиёт назарияси муаммоларини теран тушунувчи назариётчи олим заҳматининг натижасидир. Тасаввур қилиб кўринг-а, олим “Ислом тасаввуфи манбалари” китобида фойдаланган “Асарлар кўрсаткичи”да 200 дан ортиқ, “Шарқ мумтоз поэтикаси”да эса 150 га яқин манбалар рўйхатини келтиради. Ўз-ўзидан равшанки, муаллиф келтирилган манбаларнинг барчасини синчиклаб ўрганган.

Мазкур китобларда жамланган ислом тасаввуфи, мумтоз адабиётимиз поэтик тафаккури манбалари билан танишиб чиққанда, табиий равишда китобхон кўнглида миллий ифтихор туйғуси жўш уради: ота-боболаримиз минг йиллар муқаддам жаҳон илғор тафаккури билан таниш бўлганлар, айни пайтда, жаҳон адабий-эстетик бисоти хазинасига муносиб улуш қўшганлар. Шуниси характерлики, ХХI асрда Овропа ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларида яратилган ва яратилаётган замонавий руҳдаги энг янги адабиёт, санъат назариясига оид китоблардан ҳам айни Шарқ мумтоз поэтикасига оид махсус боблар муносиб ўрин олмоқда. Қисқаси, Ҳ.Болтабоевнинг мазкур ўқув қўлланмаларида илгари сурилган бош концепция Ғарб ва Шарқ мумтоз поэтикаси моҳият эътибори билан яхлит поэтик адабий тафаккур жараёни эканлигини тасдиқлашга қаратилган.

Ниҳоят, олимнинг кўп йиллик машаққатли илмий изланишлари натижаси ўлароқ уч жилддан иборат фундаментал “Адабий-эстетик тафаккур тарихи” майдонга келди. Мазкур тадқиқотнинг Маҳкам Маҳмудов билан ҳамкорликда яратилган 1-жилди “Қадимги давр” 2013 йили “Мумтоз сўз” нашриётида чоп этилди. Иккинчи, учинчи жилдлари ҳам, асосан, ёзиб тугатилган, ҳозирда нашр ишлари кетмоқда. Мазкур тадқиқот жаҳон адабиётшунослиги ва эстетик тафаккурининг ибтидосидан тортиб, ҳозирги кунга қадар бир неча минг йиллик тарихини ўзида мужассам этади; аниқроғи, унда жаҳон адабий тафаккури сифатида тан олинган эстетик қарашлар тадқиқи ўрганилган. Муайян давр, миллат ёки алоҳида буюк шахслар томонидан яратилган илмий-назарий ҳодисалар яхлит умумбашарий тафаккур ҳодисаси сифатида тақдим этилган. Шарқ, Ғарб адабий-эстетик тафаккуридаги муштарак ва фарқли жиҳатлар, унинг сабаб ва оқибатлари моҳияти очиб берилган. Мазкур ишда ўтган аср поёнида рус тилида яратилган 9 жилдлик “Умумжаҳон адабиёти тарихи” тажрибалари ҳам назарда тутилган, айни пайтда, муаллифлар назарий муаммоларга ўзига хос тарзда ёндашганлар; жаҳон адабиётшунослиги ва санъатшунослигининг бой тажрибаларига, энг сўнгги таҳлил ва талқин йўлларига таянганлар. Қисқаси, мазкур тадқиқотда жаҳон эстетик тафаккури тарихини янги аср талаблари ва даражаси нуқтаи назаридан қайта идрок этиш назарда тутилган. Тадқиқотнинг бош мақсад ва вазифалари қуйидагилардан, яъни:

– жаҳон адабий-эстетик тафаккури тарихини глобал кўламда тадқиқ этиш;

– адабий-назарий тафаккурдаги даврий босқичлар моҳиятини аниқлаш;

– Шарқ ва Ғарб тафаккуридаги муштарак ва фарқли жиҳатларга типологик ёндашиш;

– илмий муаммога муносабатда шўро адабиётшунослиги ва жаҳон адабий-назарий тафаккури нисбатидаги концептуал хусусиятларни кузатиш; охир-оқибат, илғор жаҳон тафаккури йўлининг устувор эканлигини эътироф этишдан иборат.

Аминманки, жами 65-70 босма табоқдан иборат мазкур салмоқдор тадқиқотнинг ҳар уч жилди тўла нашрдан чиққач, унга тўла-тўкис баҳо бериш имкони туғилади; ҳозирданоқ баралла айтиш мумкинки, ана шундай умумжаҳон миқёсидаги кўламли яхлит илмий адабий-эстетик тафаккур тарихини она тилимизда яратишга интилишнинг ўзиёқ таҳсинга сазовор илмий жасоратдир.

Ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасига мудирлик қилган кезлари Ҳ.Болтабоев янги ўқув дарсликлари, дастурлари, қўлланмалари устида ишлаш, фундаментал тадқиқотлар олиб бориш билан баробар Республика ва жаҳон миқёсидаги илмий анжуманлар, жамоат ишларида фаол иштирок этди, чунончи, 1999-2000 йиллари Токио Давлат университетида Туркистон тадқиқотлари маркази гранти аъзоси; 2009 йил майдан – Корея Республикаси Марказий Осиё тадқиқотлари маркази ва “Revi of Central Asian Studies” журнал таҳририяти аъзоси; 2009 йил 3 майда Туркия Жумҳурияти 18 март университети (Чаноққалъа) фахрий доктори; 2012 йил апрелдан Халқаро Эстетика ва эркин санъат ижтимоий академияси (Россия ФА, Москва) аъзоси; 2013 йил ноябрдан Чингиз Айтматов номидаги Иссиқкўл форуми аъзоси; 2000-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар марказида филология фанлари бўйича Экспертлар кенгаши раиси, 2001-2006 йиллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Филология фанлари бўйича Экспертлар кенгаши аъзоси; 2007-2011 йиллари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти, Тошкент Давлат Шарқшунослик институти қошидаги ихтисослашган илмий кенгаш аъзоси; 2008-2011 йиллари Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети қошидаги ихтисослашган кенгаш аъзоси; 2011-2013 йиллари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Танқид ва адабиётшунослик Кенгаши раиси вазифаларини адо этиб келди.

Халқаро ва мамлакат миқёсидаги илмий анжуманларда у 50 дан ортиқ маърузалар билан чиқишлар қилган, хорижий нашрларда 10 дан ортиқ илмий мақолалари эълон этилган; матншунослик, ноширлик, масъул муҳаррирлик, диссертацияларга илмий раҳбарлик ва расмий оппонентлик каби ишларининг сон-саноғига етиш қийин; у 2008 йил 15 июндан Ўзбекистон Ахборот ва матбуот агентлиги “MUMTOZ SO`Z” МЧЖ нашриёти таъсисчиси ва директори сифатида фаолият кўрсатаётир; ўтган қисқа фурсат ичида мазкур нашриётда мумтоз ва замонавий адабиётимизга оид ўнлаб ноёб адабий манбалар, етук адабий сиймолар ҳаёти ва ижодига оид теран тадқиқот, адабий-танқидий мақола, суҳбат, хотиралар тўпламлари чоп этилди. Улар аллақачон кенг адабий-илмий жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди.

Бу тиниб-тинчимас, серғайрат, серқирра, синчков олим – ижодкор, мураббий укамиз билан қирқ йилдан ортиқ ҳамкору ҳамнафас, ҳамжиҳат бўлиш бахти насиб этганидан бир умрга шукроналар айтаман; шу йиллар давомида битилган, ўзим учун азиз туюлган барча асарларим қўлёзмаларини унинг нигоҳидан ўтказиб, сўнг нашрга тақдим этганман, қатор китобларим унинг муҳаррирлиги ва сўзбошиси билан чоп этилган; бир қатор ҳамкасб, шогирдлар қатори Ҳамидулла билан икки бор адабий-илмий суҳбат ўтказганмиз, “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур” журналларида чиққан, сўнг китобларимга кирган “Янги назарий тамойиллар ва янгиланаётган адабий жараён”, “Бугунги адабиётда эстетик идеал ва қаҳрамон муаммоси” устида кечган жўшқин илмий-ижодий мулоқотлар жараёнини ҳаётимдаги энг қизғин, ҳам машаққатли, ҳам завқли онларимдан, деб биламан.

Илм-фан, таълим-тарбия йўлида қирқ йиллик бой тажриба соҳиби – заҳматкаш укамиз, дўстимизни олтмиш ёшлик тўйи билан қутлар эканмиз, ҳозирги шашти ҳеч қачон сўнмаслигини, унга ҳаётда ҳамиша омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 5-сон