Соҳибқирон Амир Темур ва унинг суюкли набираси Муҳаммад Тарағай Улуғбек даврида бошқа фанлар қатори табобатнинг ривожига ҳам катта аҳамият берилган. Сабаби муттасил бўлиб турган жангларда ярадорларни даволаш учун юзлаб табиблар зарур эди. Соҳибқирон қўл остидаги барча шаҳарларда ҳеч бўлмаганда битта масжид, битта мадраса, битта карвонсарой ва албатта, битта касалхона очишга буйруқ бергани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Манбаларда Амир Темурнинг хос табиби Файзуллоҳ Табризий ҳақидаги маълумотлар ҳам сақланиб қолган.
Бу даврда шунингдек, Садидуддин ал-Козаруний ас-Садидий, Жалолиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Оқсароий, Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Чақминий, Ишоқ ибн Мурод каби замонасининг беназир табиблари ва тиб соҳасининг билимдонлари яшаб ўтганлар. Мирзо Улуғбек даврида мазкур соҳада изланишлар олиб борган етук қомусий олимлардан бири шубҳасиз 1404 йилда Самарқандда туғилган Али Қушчи эди. Унинг астрономияга оид асарлари билан бир қаторда табобатга доир “Ал-Мўъжаз фи-т-тибб” (“Табобат ҳақида қисқача китоб”) номли асар ёзиб қолдиргани ҳам маълум.
Улуғбекнинг таклифига мувофиқ Кирмондан Самарқандга келган Бурҳонуддин Нафис ибн Иваз ал-Кирмоний ҳам замонасининг машҳур ҳакимларидан эди. У мўғуллар Ҳиротга ҳужум қилганда ҳалок бўлган Нажибуддин ас-Самарқандийнинг “Китоб ул-асбоб ва-л-аломот” (“Касаллик сабаблари ва белгилари”) номли асарига шарҳ ёзади ва уни “Шарҳ ул-асбоб ва-л-аломот” (“Сабаблар ва белгилар китобига шарҳ”) деб атайди. Муаллиф 1424 йили бу шарҳни ёзиб тугатиб, Мирзо Улуғбекка тақдим қилади. Олим китобининг муқаддимасида ўзи асли Кирмон шаҳридан эканини, Мирзо Улуғбек томонидан чақириб олинганини баён қилган. Бурҳонуддин Нафис ибн Иваз ал-Кирмоний Улуғбекни “ас-султон ибн ас-султон ибн ас-султон”, “амирзода муқис уд-дин Улуғбек Кўрагон” деб шарафлайди. Шунингдек, адолат ёювчи, тинчлик ўрнатувчи, раҳмоний иноятлар ва раббоний илтифотлар соҳиби сифатида мадҳ этади. “Шарҳ ал-асбоб ва-л-аломот”нинг ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган 2872-нусхасининг мундарижасида 458 та касалликлар ва бир қанча дорилар номи қайд этилган. Шарҳдаги Нажибуддин ас-Самарқандий матнлари устига қизил сиёҳ чизилган бўлиб, улар алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Ҳукмдорнинг ишончига сазовор бўлган Нафис ибн Иваз Самарқандда ўзининг иккинчи тиббий асарини ёзади ва уни “Шарҳ ал-Мўъжаз ал-қонун” (“Қонуннинг қисқартмасига ёзилган шарҳ”) деб атайди. Ўша даврда яшаб ижод этган тарихчи олим Ҳожи Халифанинг “Кашф уз-зунун” асарида баён этилишича, “Мўъжаз ал-қонун”га ёзилган шарҳлар ичида Нафис ибн Ивазнинг шарҳи энг яхши шарҳ ҳисобланади. Бу шарҳ 1438 йили тугатилиб, Улуғбекка тақдим қилинган. Манбашунос олим Ҳ.Ҳикматуллаев таъкидлашича, бу олим ижодини чуқур тадқиқ этиш Улуғбекнинг Шарқ мамлакатлари билан олиб борган маданий алоқаларини ўрганишда ҳам жуда муҳим ўрин тутади.
15 аср бошларида яшаган табобат илми билимдонларидан яна бири Мансур ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф ибн Фақиҳ Илёс эди. У форс тилида одам анатомияси ҳақида “Рисола дар ташриҳи бадани инсон” (“Инсон баданининг анатомияси ҳақида рисола”) номли асар ёзиб, уни Амир Темурнинг суюкли набираси ва валиаҳди Пир Муҳаммад Баҳодурга бағишлайди. Мазкур асар “Ташриҳ би-т-тасвир” (“Сувратли анатомия”) ёки “Ташриҳи Мансурий” (“Мансурга аталган анатомия”) номлар билан ҳам юритилади. Аммо инглиз олими К.Eлгуд бу асарни номсиз дейди ва кейинги асрдаги кишилар уни “ат-Ташриҳ би-т-тавсир” деб атаганлари ҳақида ёзади. Нима бўлганда ҳам у йиллар давомида тиббиётга оид муҳим қўлланма сифатида фойдаланиб келинган. Асарга Субҳонқулихон (1680-1702) буйруғига билан Абдуғафур исмли рассом томонидан олтита расм ишлангани ҳам фикримизнинг тасдиғидир.
14 асрнинг иккинчи ярми ва 15 аср бошларида юқоридаги табиблардан ташқари, ҳожи Зайн ул-Аттор, Муҳаммад Сабзаворий, Ал-Жоний Муҳаммад ал-Ғиждувоний каби бир қатор машҳур ҳакимлар ҳам яшаб ўтган. Бу инсонларнинг асарларида бугун энг давоси қийин хасталикларни осон ва зарарсиз даволаш усуллари ҳақида фикр юритилганки, улар қанча кўп ўрганилса, тадқиқ қилинса, фойдадан холи бўлмасди.
Маҳмуд Ҳасаний,
тарих фанлари доктори
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).