Ёқубжон Хўжамбердиев. Булутли кунлар

I

Тун яримлаб бораётган эди. Қайлардадир шошқалоқ хўрозлар бу ҳақда қичқириб ҳам бўлишди. Соғуний домла нафл намозлари, тасбеҳ ва салавотларини адо этгач, жойнамоздан туриб ташқарига йўналди. Савр осмони тиниқ эди. Гарчи табиат ҳали-замон баҳор қучоғида бўлса-да, аммо ҳаво худди ёздагидек илиқ… Негадир йил қуруқ келди. “Бу ниманинг аломати экан, – ўйлади Соғуний домла. – Ишқилиб охири баҳайр бўлсин-да…”

У ана шундай ўйлар билан ертўлага тушди. Гугурт чақиб, бурчакда турган шамни ёқди. Сўнг уни кўтарганча ертўла ичкарисига юрди. Энг четдаги ун қутини нари суриб, унинг остидаги тупроқни қўли билан бир четга олди. Тупроқ остидан силлиқ тўрт бурчак ёғоч қопқоқ кўринди. Унинг атрофини тупроқдан обдон тозалаб, сўнг қопқоқни очди. Қопқоқ остидан эса тўрт тарафи заҳдан ёғоч билан иҳоталанган каттагина ковак кўринди. Бу жойда домланинг қўлёзмалари сақланади. У дафтарлар орасидан бирини кўздан кечириб олди-да, кейин ковак оғзини қайтадан ёпиб, устига тупроқ тортди, сўнг ун қутини жойига суриб қўйди. Шу ишларни бажариб бўлиб эди ҳамки, қути устига қўйилган шам “лип” этиб бирдан ўчди-қолди… Соғунийнинг юраги бир ҳаприқди. Чап қўлидаги дафтарни қоронғуда пайпаслаб қути устига қўйди-да, киссасидан гугурт олиб шамни қайта ёқди. Аммо гугуртни киссасига солиб улгурмай, шам яна ўчди. “Бизга нима бўляпти? – хаёлидан ўтказди Соғуний домла. – Аллоҳ, ўзингдан бошқа паноҳимиз йўқ. Йўқ қилгувчи ҳам, бор қилгувчи ҳам ўзингсан. Бандаларингдан раҳм-шафқатингни дариғ тутма…” Ногоҳ Соғуний кўз олдига Фрунзе[1] шаҳридаги акаси Олимхонтўра келди. Ўсмирлик пайтларида у билан бирга Саудия Арабистонида ўқиган кезларини эслади. Олимхонтўра узоқ йиллар давомида Қирғизистоннинг муфтийси вазифасида турди. “Бу шамнинг ўчиши нимадан экан?”, деб яна хаёлидан ўтказди. Акаси касал эди. Яқинда Абдулла дўхтир билан бориб, муолажа қилиб келишган.

Ўшанда акасининг бетоблиги ҳақидаги хабарни эшитиб, қалби ғамга тўлиб ўтирган пайти эшикдан шогирди Абдулла дўхтир кириб келди.

– Яхши келдингиз-да, бўтам, – деди Соғуний Абдулла дўхтирга қараб. – Акам Олимхонтўра бетоб ётгани ҳақида хабар  етказишди…

– Фарзандлардан бировини етаклаб, бориб келинг унда, устоз, – деди Абдулла дўхтир домланинг эзгин аҳволига қараб.

– Йўқ, сизни олиб кетаман, – деди дабдурустдан Соғуний Абдулла дўхтирга  қараб. – Бу ерда туриб беморнинг қандай аҳволда эканини билмаймиз. Унинг касали ҳам бизга номаълум. Қаерда бўлмайин, умримнинг бир қисми касалларни даволаш билан ўтмоқда. Менинг бу ишларим аввало, Аллоҳга таваккул, қолаверса, халқ табобати тажрибаларига асосланади. Айни пайтда мен айрим сўқир табиблар мисоли бугунги  табобатни инкор этмайман. Буларнинг ҳар иккаласининг ҳам мақсади битта – шифо ул-илал. Шундоқ экан, қани кўрайлик-чи, бу ишда сиз қанчалик маҳоратга эришдингиз экан.

– Мени синамоқчимисиз, устоз? – Абдулла дўхтирнинг овози қалтиради.

– Йўқ. Сизни синаб бўлганман. Олган илмингиздан одамлар баҳра олсин дейман, –  Соғуний Абдулла дўхтирга жиддий қаради…

 

* * *

– Кимдир айтмиш экан: “Сайр ҳам сайр, саргардон ҳам сайр” деб. Ахир ўзингиз ҳам бу ерларга келгунга қадар озмунча саргардонликни бошдан кечирдингизми, ўғлим, – деди Соғуний домла “Тошкент-Фрунзе” автобусига ўтиришгач, Абдулла дўхтирга. – Мана энди, ҳам савобат, ҳам саёҳат, дегандай яна йўл юришимизга тўғри келмоқда. Бу дунёда ошхўрга ош, нонхўрга нон доим муяссар бўлмаса-да, аммо йўлчига йўл доим муҳайё. Зеро, ота-бувангизни ҳам билар эдим. Бувангиз асли Марғилонлик бўлиб, исмларини Муҳаммадамин Афғон чойфуруш дейишарди. Ҳиндустону Кашмир йўллари у кишига ёд бўлиб кетган. Чой савдоси билан шуғулланган. Марғилонда ўнлаб чой дўконлари ўша бувангизга қарашли эди. Чор Русиясининг босқини барчани хар томонга тирқиратиб юборди. Отангиз Бойбува хожининг йўли эса бизга ўхшаб Ғулжага тушди…

Абдулла дўхтирга шуларни айтар экан,  Соғуний узоқ ўйга толди. Умрим  мана, саксон ёшдан ўтаяпти, ҳамон   йўлдаман.  Шу муддатнинг йўқ деганда олтмиш йили ота Туркистонда кечди. Қаерда бўлмайин, динсизликка, жаҳолатга қарши гоҳ қурол билан, гоҳ сўз билан курашиб келдим. Унинг  хаёлидан Николай иккинчининг 1916 йил ёзининг айни чилласида чиққан фармони ўтди. Мазкурга мувофиқ империядаги ғайрирус аҳолининг эркакларини ҳаракатдаги армия турган районларда мудофаа иншоотларини ва ҳарбий алоқа йўлларини қуриш ишларига, худди шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган  бошқа ҳар қандай ишларга сафарбар қилиш айтилганди. Туркистондан меҳнат армиясига 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган 250 минг ишчи олинадиган бўлди. Бу дегани ҳар бир ҳовлидан биттадан жон, демакдир. Ҳатто тул қолган хотинлардан ҳам якка-ю ягона фарзандини мардикорга жўнатиши талаб этилди. Мана шундай аҳоли ўз боқувчисидан айрилиб турган бир пайтда мустабидлар томонидан “Ҳар қандай маҳаллий киши бошқа одамни ёллаши ва ўзининг ўрнига жўнатиши мумкин” деган кўрсатма келди. Ана шу кўрсатма шундоқ ҳам паймонаси тўлиб турган халқнинг оёққа қалқишига сабабчи бўлди. Чунки бу кўрсатма билан бой-бадавлат кишилар ўз болалари ўрнига пул бериб, бева-бечораларнинг, ерни таталаб кун кўраётган деҳқонлар, чорикорлар фарзандларини мардикорликка жўнатишга рухсат берилди. Эндиликда юз минглаб оддий аҳолининг боқувчисиз қолиши тайин эди. Шу боис  фармонга келган қўшимча кўрсатма халқнинг тўлиб турган паймонасини тошириб юборди… Ўша пайтларда Қозон шаҳрида чоп этиладиган “Вақт” газетасида: “туркистонлик бойларнинг ўз болалари ўрнига 1000-1500 сўм тўлаб одам ёллаганлари” ҳам ёзилди. Рус мустабидларининг бундай тутумига қарши бутун Ўрта Осиё, жумладан, Еттисувда ҳам норозиликлар кучайди. Ўлкадаги қўзғолонлар фармон чиққандан ўн беш-йигирма кун ўтиб, уни амалга ошириш бошланган пайтда, дастлаб Ўш уездининг Хўжаобод қишлоғида, Андижон Жоме масжиди олдида жамоатнинг кўтарилиши билан бошланди, деб эшитдим. Узун-қулоқ гаплар кўпайиб турди. Ўша пайтлари отамиз Шокирхонтўра Тўқмоқда қурган масжидда имомлик қилиб турардим. Тирикчилигимни эса деҳқончилик ва табобатдан тушган даромад билан тебратар эдим. Оқпошшонинг юқорида айтганим фармони нега айнан мана шу жаҳон уруши кетаётган вақтда чиқарилгани сабаблари ҳақида кўп ўйладим. Урушнинг айрим жабҳаларида Русия қўли баланд келса-да,аммо Ғарбий фронтда унинг аҳволи оғир эди. Бу урушда, яъни, Биринчи жаҳон урушида эндигина озодликка эришган ёш Туркия ҳам ўзи истамаган ҳолда иштирок этарди. Мен ўйлардимки, Усмонли турклар билан Туркистон туркларининг келиб чиқиши, миллат-элатининг бирлиги Оқпошшога, унинг маъмурларига аён. Бир сўз билан айтганда, Туркистон туркларининг фронт сарҳадларида рус армиясининг мардикори бўлиб туриши ўз миллатдошларига қарши томонда туриб русларга кўмак бераётганини кўрсатишдан ташқари, умумтуркий халқлар устидан масхаралаш ҳам эди. Гўё, усмонлилар кўриб қўйинглар, Сизга ўзингизнинг уруғингиз ҳам қарши курашяпти, дейиш эди… Фармон замиридаги бундай киши билмас бешармликни ўша пайтда ким қандай тушунган билмадим, аммо мен бу фармон – Туркистон халқлари орасида қаҳатчиликни, уруш-жанжални, отилиш-сўқилиш каби ҳолатларни келтириб чиқарганликдан ташқари, ана шундай Усмонли турклар билан Туркистон турклари орасида кин, адоватни кучайтириш тадбири ҳам борлигини аниқ-тиниқ сезганимдан, масжидларда, турли-туман йиғинларда айтган ваъзларимда Оқпошшонинг мазкур фармонини бажармасликка даъват этдим… Бу борада яна бир муҳим ҳодисани ёдда тутиш лозим, деб биламан. Маълумки, руслар Туркистонни босиб олгач, бу ерларга кўплаб рус “мужик”ларини кўчириб келтира бошлади. Бу ҳодиса айниқса, Россияда ўтган асрнинг 90-йилларида юз берган қурғоқчилик ва очарчилик муносабати билан янада кенг қулоч ёйди. Кўчирилган одамларнинг аксарияти камбағалликдан хонавайрон бўлган деҳқонлар, бир неча марталаб қамалган ароқхўр пиёнисталар эди. Шаҳри атрофи, бу ёғи то Тўқмоқ ва бошқа кентларгача чўзилган жойлардаги ўрус қишлоқлари шу тариқа пайдо бўлган. Табиийки, бундай серсув, серҳосил, серўт жойларга кўплаб ўшандай “ҳаёт жонидан тўйғазган” одамларни кўчириш маҳаллий қирғиз, ўзбек, тунгон халқларини ўз ерларидан сиқиб чиқарди. Қирғизлар учун серўт яйловлар, ўтроқ халқ учун эса серҳосил далалар танқис бўлиб қолди. Бундан жунбушга келган қирғиз халқининг айрим тоифалари ерларини тортиб олган “мужик”лар устига тез-тез босқинлар уюштириб турар эдилар. Оқпошшонинг фармони эса маҳаллий аҳолини паймонасини бутунлай тўлдириб юборди. Юқоридаги каби босқинларга, тинч аҳолининг мардикорликка қарши исёнлари қўшилиб кетди. Шусиз ҳам қирғизлардан қандай ўч олишни билмай турган чор ҳукумати жазо отрядларини ишга солди. Натижада, Шимолий Қирғизистоннинг ўзида юз минглаб қирғизлар қирғин қилинди. Юз мингга яқин қирғиз эса Хитойга қочиб ўтди. Улар орасида мен ҳам бор эдим… Бу ҳодиса тарихда “Уркун” яъни “Қочқин”номи билан қолди. Қирғизистоннинг жанубида эса бу воқеа “қоч-қоч” деган ном олди.

– Отангиз Бойбува хожим билан биз Ғулжага ана шундай оғир кунларни бошимиздан кечириб бориб қолганмиз, – деди Соғуний Абдулла дўхтирга қараб ва яна бир қур тарихларни эслади.

 

* * *

ТАРИХ. Соғунийнинг олис 1914–1916 йиллардаги фаолияти хусусида унинг ўғли Қутлуғхонтўра Шокиров шундай дейди: “Отамиз Бухородаги амир Олимхон мадрасаси таҳсилини тугатиб қайтгач, она шаҳарлари Тўқмоқда кенг диний маърифатчилик фаолияти билан холисона шуғулланадилар..

Бу орада Биринчи жаҳон уруши бошланиб, чор маъмурияти маҳаллий аҳолини фронт ортида (ёки фронтнинг ўзида) ишлатиш учун мардикорликка сафарбар қила бошлайди. Отам чор ҳукуматининг мазкур сиёсатига қатъий равишда ва очиқдан-очиқ қарши чиқиб, аҳолини оммавий тарзда бўйсунмасликка, ўз фарзандларини мардикорликка бермасликка чақирадилар. Жумладан, Еттисувда кўтарилган халқ қўзғолонларининг йўлбошчиларидан бири сифатида мусулмонларнинг урушда иштирок этишларига қарши фатво[2] берадилар. Бу ҳақда адашмасам, Туркия Ислом энциклопедиясида битилган. Шу баҳона бўлиб, чор махфий полицияси тазйиқ чораларини кўриб, ортига одам қўйилади. Бироқ ҳукумат халқ оммаси ғазабидан чўчиб, отамизга зарар келтиролмади, ўшанда. Отам қирғизларнинг қуролли чиқишларида фаол қатнашдилар ва улар шафқатсизларча бостирилгач, Қошғарга сиёсий қочқин сифатида кетишга мажбур бўлдилар”[3].

Тарихий манбаларда Соғуний келтирган воқеа – Уркун ҳақида шундай маълумотлар бор: “Уркун Қирғизистондаги 1916 йилги халқ кўтарилиши бўлиб, қирғиз туркларининг чор Русияси мустамлакачилик сиёсатига қарши миллий-озодлик ҳаракатидир. Айниқса, Биринчи жаҳон уруши йилларида аҳолининг турмуши ниҳоятда оғирлашди. Шундай бир вазиятда Еттисув областидан уруш кетаётган жойларга озиқ-овқат етказиш учун 55 млн сўм (рубл ҳисобида бу жуда катта рақамларни ташкил этади – Ё.Х.) йиғилди. Нарх-наво кўтарилиб, солиқлар миқдори ошиб кетди. Бунинг устига жон бошига 1 сўм 84 тийинлик ҳарбий солиқ ҳам жорий этилади. Подшоҳ амалдорлари урушни баҳона қилиб, маҳаллий аҳолининг от-улови, кийим-кечаги, кигиз ва бўз уйларини ҳам тортиб ола бошлайди. Энг даҳшатлиси уруш йилларида қирғизларнинг яйлов ва сувли ерларини тортиб олиш авжига чиқади. Масалан, Чуй воҳасида 1915 йилга келиб маҳаллий аҳолининг 700 минг гектардан ортиқ ери тортиб олинган. Қирғизистон жанубида эса деҳқонлардан 82 минг гектар ер тортиб олиниб, “мужик”лар ихтиёрига берилган. Норозиликнинг кучайишига рус тўралари, рус мужикларининг маҳаллий аҳоли маданияти, анъаналари, дини ва тилларини менсимаслик­лари ҳам туртки бўлган.

1916 йил июнига келиб пичоқ суякка етди, яъни подшоҳ Николай иккинчининг Туркистон аҳолисини ўрмонларни кесиш, йўл ва кўприклар қуриш, окоплар қазиш ишларига жалб қилиш ҳақидаги фармонидан сўнг қирғизлар оёққа турди, уларни яхши қуролланган рус аскарлари ҳам қўрқита олгани йўқ. Қўзғолонлар буткул Туркистонни қамраб олди. Бу исён 10 миллион аҳоли яшайдиган катта ҳудудда рўй берди. Июл ойида бошланиб августда қуролли қаршиликка айланган халқ ғалаёни октябрь ойининг охирига қадар давом этди. Халқ кўп жойларда, масалан Кемин, Иссиқкўл, Тангри тоғ ҳудудларида ўз хонларини ҳам кўтаришди. Жумладан, Кеминда қадимий урф-одатлар бўйича халққа бошчилик қилиш учун Шобдон ботирнинг ўғли Мокуш хон қилиб кўтарилгани тарихдан маълум. Еттисувнинг бутун ҳудуди талотўп бўлиб кетди. Исёнлар ва жазо отрядлари ўртасидаги сўнгги йирик тўқнашувлар 23 августда Қоракўл яқинида, 28 августда эса Тулда бўлиб ўтди. Бу жангларда маҳаллий аҳолидан 7 мингдан ортиқ одам қатнашди. Аммо яхши қуролланган рус казакларига бас келиш қийин эди, шунинг учун кузга бориб қўзғолончилар тоққа қараб чекинишга мажбур бўлишди. Сентябрь ойида улар мудофаа жангларини олиб боришди. Подшоҳ қўшинларининг шафқатсиз қисувларига бардош бера олмаслигини тушунган халқ ота юртни ташлаб Хитой ва бошқа жойларга кетишга мажбур бўлди.

Шундай қилиб, Уркун фожиаси 1916 йилнинг кеч кузида бошланиб, 39 та волостнинг аҳолиси ўз уйларини ташлаб чиқиб кетди. Хитойга қочганларнинг сони 160 минг кишидан ортиқ бўлиб, шундан 130 мингга яқини қирғизлар бўлган. Уркунга тушган халқнинг мол-мулки таланиб, қолгани ит-қушларга ем бўлган. Биргина Пржевальск уездида 2,5 млнга яқин талон-тарож ҳолатлари қайд этилган”[4].

Ҳозирги Қирғизистоннинг шимолида, ўша пайтдаги Еттисув ўлкасида юз берган “Уркун” – “Қочқин” фожиаси каби воқеа, ҳодисалар жанубда, яъни Фарғона водийсида ва жанубий Қозоғистонда ҳам кечганки, чор Русияси ва унинг “тахти”ни эгаллаган советларнинг Туркистон аҳолисига ўтказган жабр-ситамлари, қирғинлари кўп бўлганини тарихий маълумотлар тасдиқлайди.

ЯНА ТАРИХ. Андижонда ўша 9 июлда бошланган тўполонларда чор аскарлари томонидан  уч киши ўлдирилади. ўн икки киши жароҳат олади. Қўзғолончилар бор-йўғи тош-кесак, кетмон, паншаха, таёқ билан қуролланган эди. Уларга қарши Туркистон ҳарбий округининг казак отрядлари юборилади. Ўша кунлари Наманганда қўзғолончилардан ўн икки  киши казакларнинг ўқига учиб ўлади. Албатта, кучлар тенг эмасди. Чор ҳукумати қўзғолонларни бостириш мақсадида 1916 йил 17 июлдан эътиборан Туркистонда “ҳарбий ҳолат” эълон қилиб, маҳаллий маъмурларга халқни янада эзиш учун катта ҳуқуқлар беради. Орадан бир неча кун ўтиб эса (21 июлда) Санкт-Петербургдан шундай буйруқ келади: “Маҳаллий халқ (туземцы) барча идора маъмурлари ва офицерларга ҳурмат билан эгилиб салом берсин!”[5]. Ушбу  буйруққа  биноан ерли халқнинг тўпланишлари ман қилиб қўйилди. Поездга фақат уъезд бошлиғининг рухсати билан билет сотиладиган бўлди. Фарғона водийси, жумладан Жалолободга келган поездда одамларга озиқ-овқат эмас, балки қурол-яроқ, аскар, ўқ-дори олиб келиб, бу ердан пуд-пуд кўмир, пахта, мис, олтингугурт ташиб кетилди. Ҳатто темир йўллар яқинида деҳқончилик қилиш таъқиқлаб қўйилди.

Мана шундай талотўп бўлиб турган кунларда Россияда Феврал революцияси ғалаба қилиб, Оқпошшо тахтдан улоқтириб  ташланди ва Муваққат ҳукумат тузилди. Русияда 300 йил давом этган монархияга чек қўйилди. Мамлакатда икки ҳокимиятчилик вужудга келди. Бир томонда князь Львов бошчилигида буржуа-помешчиклар ҳукумати – Муваққат ҳукумат, иккинчи томондан эса, ишчи, деҳқон ва аскарлар депутатлари Советлари иш бошлади. Русиядан фарқли ўлароқ Туркистонда уч ҳокимиятчилик қарор топди:

Биринчиси. Русия Муваққат ҳукуматининг Туркистондаги вакили – Туркистон қўмитаси ва унинг жойлардаги идоралари.

Иккинчиси. Ишчи-деҳқон ва аскар депутатларнинг Туркистон ўлка Совети (Шўроси) ва жойлардаги бўлинмалари.

Учинчиси. Туркистон Мусулмонларининг Марказий Шўроси, унинг жойлардаги шўъбалари.

Кучларнинг бу хилдаги тақсимоти Туркистондаги инқилобий демократик ҳаракатнинг асосан икки йўналишда ривожланиб борганлигини кўрсатади. Биринчи йўналиш номиллий йўналиш бўлиб, икки хил кўринишда фаолият кўрсатганлигидан қатъий назар унинг асл ва бош мақсади бир эди: қандай усул ва шаклда бўлса-да, турли хилдаги ҳийла ва найрангларни ишга солиб, Туркистонни Русия мустамлакачилиги асоратида сақлаб қолиш, ўлкада улуғ рус миллатчилиги сиёсатини олиб боришдан иборат эди. Бу йўналиш Муваққат ҳукуматнинг Туркистон қўмитаси ва ишчи-деҳқон ва аскар депутатлари Туркистон ўлка Совети шаклида намоён бўлди.

 

Иккинчи йўналиш. Ўрта асрчилик тартибларига қарши, демократик, миллий мустақиллик ҳаракати кўринишида бўлди. Бу йўналишни Туркистон мусулмонлари Шўроси атрофида уюшган Туркистон ўлкасининг илғор ва прогрессив қарашдаги ватанпарвар, истиқлолчи зиёлилари ва ислом дини уламолари бошқарди. Куч ва қудрат ўлка мусулмонлари Марказий Шўроси томонида бўлиб, уни маҳаллий халқнинг кўпчилиги қўллаётган эди.[6]

Аҳолиси аксарият ўзбеклардан иборат Сузоқда февраль инқилобидан сўнг бир томонда Муваққат Ҳукуматнинг қуйи органи – жамоат хавфсизлик комитети ва унинг рақобатбардош “Шўрои Исломия” ташкилоти фаолият кўрсатди. Мана шу бир-бирига қарама-қарши турган икки кучнинг ҳокимият учун кураши ўз ниҳоясига етмай Андижонда, Жалолободда, жумладан Сузоқда большевиклар зўрлик билан  ҳокимиятини ўрнатдилар.

Сузоқда ўзбек аҳолиси орасида ташкил этилган ва самарали фаолият кўрсатаётган “Шўрои Исломия” ва фронт ортидаги мардикорларнинг 1917 йил февраль инқилобидан cўнг Сузоққа қайтиб келган ўзбек ишчилари ташаббуси билан тузилган мусулмон ишчи депутатлар Совети (Муссовет) ҳам 1917–1919 йилларда аҳолини ҳуррият сари етаклаш, уюштириш борасида салмоқли ишларни амалга оширдилар. Улар 1917 йил 26-29 ноябрда Қўқон шаҳрида ташкил этилган ўлкадаги биринчи миллий, демократик давлатни – Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватладилар. Бироқ, 1918 йил февраль охирларида бу қонуний ҳукумат большевиклар томонидан қуролли куч ёрдамида бешикдаги чоғидаёқ қонга беланди, тугатилди. Бутун Фарғона ўт ичида қолди. Большевиклар, дашноқлар, қизил гвардиячилар водий қишлоқларидан 180 тасига ўт қўйдилар, аҳолини қатлиом қилдилар. Сузоқ ҳам ана шундай фожеали кунларни ўз бошидан кечирди. Бу хунрезликлар, тажовузлар, қатлиомга қарши маҳаллий мусулмон аҳолисининг норозилиги, нафрат-ғазаби ортди. Қуролга қарши қурол билан жавоб бериб, юртни большевизм босқинидан озод этиш учун қуролли кураш, уруш бошланди. Бу норозиликни большевиклар “босмачилик ҳаракати”, миллий озодлик учун курашувчиларни эса “босмачилар”, “бандитлар”, “ғазовотчилар”, “халқ душманлари”, “бой унсурлар” деган турфа номлар билан атадилар. Сузоқ Советларга қарши истиқлолчилар олиб борган жанг майдонларидан бирига айланди.

Сўзимизга қайтайлик. Айни тирикчиликнинг устуни бўлиб турган 123 мингдан ортиқ эркакнинг Қора денгиздан Болтиқ бўйига қадар чўзилган фронт орқасидаги оғир ишлар учун мардикорликка олиб кетилгани, қўзғолон туфайли минглаб аҳолининг ҳалок этилиши ва қамоқларда сақланаётгани, чор ҳукумати томонидан минглаб гектар экинзорларга буғдой ўрнига фақат пахта экдирилиши, қурғоқчилик, Русия ва Қозоғистондан вақтида дон етказиб берилмагани оқибатида Туркистондаги 7 миллионлик (1917 йилда) аҳоли учун очлик, қаҳатчилик хавфини юзага келтирди. 1916 йилнинг декабр ойида Самарадан Фарғона вилоятига келтирилиши ваъда қилинган 373 вагон ун келмади. Водийда очарчилик аломатлари пайдо бўла бошлади. Халқнинг ғазабидан саросимага тушган маъмурлар Русия марказидаги раҳнамоларидан озиқ-овқат ўрнига ҳам қурол-яроқ, ўқ-дори, юз минглаб аскарлар жўнатишни талаб қилишарди.

Туркистон халқининг бошида кўп калтаклар сингани тарихдан маълум. Биринчи жаҳон уруши гарчи Русия, Европа ҳудудларида кечган, Феврал, Октябр инқилоблари Санкт-Петербургда юз берган бўлса-да, бу воқеаларнинг асл фожиалари рус империяси ҳудудлари, жумладан, Сузоқда ҳам оғир оқибатларни келтириб чиқарди. Айниқса, мардикорга олишга қарши қўзғолонлар, Туркистон мухториятининг қонга ботирилиши, 1917 йилги “қоч-қоч” маҳаллари халқка ўтказилган жабр-ситамлар, тўкилган қонлар ўзбек, қирғиз халқининг ҳеч бир ёдидан кўтарилмайди. У ҳақдаги фожиали воқеалар, гап-сўзлар қулоқма-қулоқ авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Албатта, ана шундай, “қоч-қоч”лар Туркистон ва Фарғона водийсининг бошқа жойларида ҳам бўлган. Юқорида айтганимиздек, Еттисувда бу фожеа “Уркун” номини олган. Аммо, жуда кўп жойларда бўлар эканмиз, “қоч-қоч” деган гапларни деярли эшитмаганмиз. Бироқ, “қоч-қоч” деган гапни Сузоқликнинг каттасидан кичигигача яхши билади.“Ҳў, ўша 1916-20 йиллардаги қоч-қоч-да!” дея тасдиқлаб ҳам қўйишади. Сузоқнинг пешқадам уламоси, марҳум Зуҳриддин махсум бува ўша даврларни эсларкан, чор амалдорлари Сузоқ ва сузоқликларни ўта ёмон кўрар эди, деган эдилар. Чунки Сузоқда дин кучли бўлган. Бойлар кўп эди. Одамлар тўқ яшаган.

Сузоқлик Собиржон Мазаитов гап орасида мардикор олишга тўхталиб, бир воқеани сўзлаб берди. Катта дадалари Исматилла ҳожининг Юнус ҳожи, Юсуф ҳожи деган ўғиллари бўлиб, Юсуф ҳожининг ҳатто писта (адир пистаси) тозалайдиган идораси ҳам бўлган экан. Яна бир амаки-дадаси Исоқ ҳожи эса пахта заводининг эгаси бўлган (тарихий маълумотларга кўра, 1913 йилда ҳозирги Ўш ва Жалолобод вилоятлари ҳудудида 5 та пахта тозалаш заводлари мавжуд бўлган. Мазкур заводларда сув, буғ ва нефть билан ишлайдиган моторлар қўлланилган). Мардикор олиш пайтида Исоқ ҳожининг оти рус амалдорларига ёқиб қолибди. Улар мардикорга тушган солиқ сифатида ана шу отни талаб қилишибди. Бир кун эрталаб Исоқ ҳожи жиянига олиб бориб топшир деб, отни етаклатиб юборибди. Жиян (Собиржоннинг дадаси) отни олиб бориб топширай, деб эгар-жабдуғини кўтариб қараса, отнинг белида бир карич яғири бор экан… Шу тариқа амалдорлар Исоқ ҳожини қаттиқ ғазабга олишибди, кейинги йилларга келиб ҳамма ака-укалар қулоқ қилинади. Шундай қилиб, Мазаид тартибнинг аждоди “қоч-қоч” даврларда (Собиржоннинг катта дадаси доим амиркон ковуш кияркан. Ёмғир ёғса мис тоғорани бошига кийиб оларкан. Шундан бу одамни Мазаид тартиб дейишаркан) отилиб-чопилаб, ўзига қолган мол-мулкни ҳам қизиллар тортиб олишиб, Эски Сузоқ маҳалласига кўчиб кетибди…

90 ёшга бориб вафот этган, иккинчи жаҳон уруши ногирони Абдулла ака Хўжамбердиев “қоч-қоч” маҳалларни шундай хотирлайди: “Отув бир ҳафта давом этди. Кўп одамлар Қорадарёга, сойтол, тўқайзорларга қочишди. Уйларига эса ўт қўйиб юборишди…”

– Гузар томондан шовқин-сурон кўтарилиб, милтиқ, тўпларнинг овози эшитилди, – дея ҳикоя қилган эди 1955 йилларда Мирзабой оқсоқол Олимқул ўғли Маҳкамбой акага.  – Қандайдир олов сочувчи қуроллардан ўт пуркашар, оломон “қоч-қоч”га тушиб қолди. Уларнинг қочаётганларини кўриб, биз ҳам бола-бақрани олганча, Кўгартсой бўйлаб сойтол томонга қочдик. Орқада эса дод-вой қилган овозлар, ўқларнинг қарсиллаши тинмасди. Ҳар ким боши оққан томонга қочди. Бу ўша 17-йилда Сузоқда бўлган энг фожиали кунлар эди. Кейин маълум бўлишича, давлат Сузоқни кулини кўкка совуриб, аҳолисини битта қўймай отиб ташлашга ҳукм қилган экан. Бунга ҳам қониқмай Оқбошда ин қурган “мужик”лар, ҳарбий казак отрядлари Сузоқни бир ҳафта давомида ғорат қилишди. Кейин одамлар аста-секин ўз уй-жойларига, маҳаллаларига қайта бошлашди. Шахсан ўзим ёниб-кул бўлган уй-жойларимизни кўриб, қайтганимга пушаймон бўлдим. Аммо, бир ўзим эмасман, бола-чақам, хотин-халаж бор. Уларга қараш керак. Ўша қочишда кўп одамлар сойтолда жон сақлашган. Бозорқўрғон томонларга қочганларни отлиқ “мужиклар”, казаклар адирлар ичида битта қўймай кириб ташлашганига гувоҳмиз. Уйларимиз тунука том эди. Тирик қолганимизга шукр қилиб қишгача тупроқ том қуриб, кириб олдик.

Мирзабой оқсоқолнинг “қишга ҳам кириб олдик” деганига кўра “қоч-қоч” маҳаллар 1917 йил баҳор ойларида юз берган бўлса керак, деб тахмин қиламиз. Ҳа, тахмин қиламиз холос! Чунки халқ хотирасида сақланиб қолган ўша фожиали кунлар ҳужжатларда сақланмаган. Сақланса ҳам биз буни билмаймиз. Ўша пайтлар Андижон шаҳрида қозилик қилган Мирза Олим Мирза Толиб ўғли Жавҳарийдан мерос қолган бир шеърда шуларни ўқиймиз:

Биз мусулмонлардан ўн олтинчи йилда ҳукм ила
Борди аскар хизматига неча юз минг мардикор.

Бермаган жой турктозу жавр ила ўлди хароб,
Қолди истибдод – зулм остида чўқ шаҳру диёр.

Куйди масжидлар, иморатлар, бузилди хоналар,
Қатл асру ғорат ўлди анда беҳадду шумор.

Ҳукмлар жорий ўлурди, дам-бадам бизларға ҳам,
Бош сунуб, лекин қабул айлар эдук чор-ночор.

Олинурди оқча чўнтакдан, пичоқ эл ёнидан,
От-анжомини ҳам гар ўтса йўлдан бир сувор[7].

Албатта, шеърда келтирилган жабру зулмлар Сузоқда ва Тўқмоқда  юз берган “қоч-қоч” фожиаларига ҳам бевосита алоқадор.

1917 йилги “қоч-қоч” фожиаларига яна бир мисолни Сузоқлик Камолиддин мисгарнинг 1960 йилларда биз ўша пайтдаги ёшларга айтиб берган ҳикояси ҳам тасдиклайди, дейди Маҳкамбой Мирзабоев. Камолиддин аканинг Нажмиддин исмли ўғли бор. У узоқ йиллар Сузоқдаги 2-мактабда физика фанидан дарс берди. Жуда дилкаш, самимий инсон эди. Хуллас, ўша Нажмиддин аканинг отаси Камолиддин мисгар бизга шуларни айтиб берган эди: “Ўша 17-йилги “қоч-қоч” кунлари теварак-атрофда тўс-тўполон бўлаётганини, казак ҳарбийларининг одамларни кўзини пирпиратмай отаётганини эшитсам-да, устахонамдан чиқмай ўтиравердим (устанинг дўкони Гузар бошида эди). Бунга сабаб “руслар темирчиларни ҳурмат қилишади” деган “миш-миш”лар қулоғимга чалинганди. Шу важдан устахонамда қимирламай ишимни давом эттиравердим. Қолаверса, Гузар бошидаги аҳолининг қочишга иложи қолмади. Отчопардан отилган замбараклар ўқи тўппа-тўғри келиб, шу ерда ёрилди. Бунинг устига казак аскарлари шундай Гузарбошининг тепасига келиб, жойлашиб олишди. Аскарлар “темирчи”ларни отмайди деб хато қилган эканман. Бир пайт ишлаб турганим устига бир ўрис аскари кирдию милтиғини менга тўғрилаб тепкисини босиб юборди. Аммо, милтиқ “чиқ” этди-ю, отилмади. Менга қараб, тепкини яна босди, яна отилмади. Мен эсам жойимдан қимирламасдан ишимни давом эттиравердим. Рус казаги эса, афтидан, маст шекилли, довдираганича ташқарига чиқиб кетди. У ҳатто милтиғининг ўқи тамом бўлганини ҳам сезмади. Мени эса Аллоҳнинг ўзи асради”.

Шу жойда Сузоқда юз берган “қоч-қоч” фожиалари қачон ва ким томонидан содир этилгани масаласига аниқлик киритиб ўтиш мавриди келди, чоғи. Баъзи тадқиқотчилар “қоч-қоч” воқеаларини мардикор олишга қарши қаратилган қўзғолонлар билан боғлиқ дейишса, ўқитувчи И. Абдураҳмонов “мужик”ларнинг Жалолобод ҳудудига кўчириб келтириш билан боғлиқ бўлган фикрларни айтади. Масалан, И.Абдураҳмонов ўзининг “Сузоғим– қайнар булоғим” мақоласида чор ҳукумати аскарлари ўша “Оқбош” қишлоғи орқали Отчопарга келадилар ва бу ерга тўпларни ўрнатиб, Сузоқни тўпга тутадилар. Маҳаллий аҳоли ўз бошпанасини ташлаб, турли томонларга қочади. Баъзилари ўша “қоч-қоч”да кетган бўйича Сузоқка қайтиб ҳам келмайдилар[8] деб ёзади. Айни пайтда ушбу муаллиф ўз мақоласида “Нурилла Махсум ва унинг 300 нафар отлиқ йигитлари 5-6 ойгача Сузоққа қизил аскарларни киритмаганини”[9] ҳам ёзади.

Сузоқдаги “қоч-қоч” воқеаларининг қачон ва ким томонидан содир этилганини журналист Тоҳиржон Хайруллаевнинг “Нурилла Махсум” ким бўлган: босмачими ё миллий қаҳрамон” тарихий очерки аниқ очиб бергани билан ҳам аҳамиятлидир. “Инқилоб (1917 йилги Октябр тўнтариши назарда тутилмоқда – Ё.Х.) ҳақида бирор нарса ўқиб, кўриб ёки эшитиб қолсам, дарров кўз олдимда раҳматли опам – онамнинг онаси Бадалбиби Мамарозиқ қизи гавдаланади. У зукко, оқила, ширинсухан ва энг муҳими хотираси ўткир аёл эди… Унинг суҳбатларидан мен собиқ Шўро тузуми ва давлатига нисбатан эътироз ва айрим норозилик аломатларини сезиб, бунга ҳайрон бўлаверар эдим. Айниқса, Сузоқнинг қизиллар томонидан уч кун отувга қўйилгани мени роса таажжубга солган…”[10]

“Сузоқ қирғинининг илдизлари ўша вақтларда содир этилган Қўқон фожеаларига бориб қадалмасмикан?” деб ёзади Т. Хайруллаев. Дарҳақиқат, тарихий маълумотларга кўра, қизил қонхўрлар ўзларининг шум ниятларини 1918 йилда Қўқонда дастлаб амалга оширадилар. Шўролар томонидан маҳаллийчилик ва миллатчилик тамғаси босилган “Қўқон мухторияти” деб ном олган “Туркистон мухторияти” қонга ботирилди. “Дашноқ цутюн” партияси аскарлари 1918 йил 5 февралда Қўқон шаҳрига хужум уюштириб, 180 та қишлоққа ўт қўйганлар. Қўқон уч кун олов ичида қолиб, мингдан ортиқ туркистонликлар ўлдирилган экан[11].

Нақадар ўхшашлик. Демак, Сузоқда икки марта қирғин амалга оширилган. Биттаси 1916 йилги мардикор олиш билан, иккинчиси эса сузоқликларнинг миллий-озодлик ҳаракатига қўшилиши оқибатида юз берган. Сузоқдаги яна бир “қоч-қоч” фожеалари аҳолининг Шўро ҳокимиятини қабул қилмагани ва унга қарши Нурилла Махсум раҳбарлигидаги миллий ватанпарварларнинг қизилларга қарши кураши билан боғлиқ. Қизилларни бундай ёвузликларга Шўро ҳокимиятининг бевосита ўзи бошлагани ва бунга “оқ фотиҳа” бергани ҳақида ҳам маълумотлар тарихда мавжуд. Жумладан, “1921 йилда “Қизил Армиянинг босмачиларни тугатишдаги роли” номли қўлланмада (бу қўлланма Туркистон фронти жангчилари учун ҳаракат дастури бўлган): “Биз босмачилардан фақат ерли аҳолини қириб ташлаш орқалигина қутуламиз” деб аниқ ва равшан ёзиб қўйилган. (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1992 йил, 8-сон).

Чор маъмурлари ўтказган сиёсат, улар жорий этган “ахлоқ принциплари” большевикларники олдида ҳолва бўлиб қолди. Чор маъмурлари отган эди, чопган эди, босиб олган эди. Аммо, урф-одатлар, диний маросимлар, тўй-туркин, умуман, мусулмоннинг яшаш тарзларига кўп ҳам аралашмаганди. Большевиклар эса Макиавеллининг “давлатларни босиб олиш ва уларни бошқаришдаги ҳар уч тавсиясини” тўла ва ошириб бажаришга киришдилар. Биринчидан, совет ҳокимияти маҳаллий аҳолини давлат ишларидан четлаштирди. Зўравонлик сиёсати авжга чиқди. Маҳаллий халқлар руҳониятига бутунлай қарама-қарши бўлган коммунистик (худосизлик деб ўқи – муаллиф) мафкурани асос қилиб олган совет тузуми элу юртнинг миллий қадриятларини, эътиқодларини таҳқирлаш, зиёратгоҳларни вайрон қилиш, масжиду мадрасаларни бузиб ташлаш ёки улардан бутунлай бошқа мақсадларда фойдаланиш ( қамоқхона, ошхона, ўғитхона, аскарлар учун ётоқхона в.ҳ.) одатий ҳол бўлиб қолди. Наинки, иқтисодий, ер ости қазилмалари, айни пайтда маданий-маънавий қадриятларимиз талон-тарож этилди. Юксак ахлоқ ва маданиятга эга халқнинг руҳониятига, турмуш тарзига тажовуз бошланди.

Албатта, бундай ғайриинсоний, ғайридиний тажовузлар ҳеч қачон изсиз кетмаган. Бу сафар ҳам шундай бўлди: Қадим Туркистон замини азаматлари совет зўравонлигига қарши қўлига қурол олдилар… Совет “солномачилари; таъбирига кўра” Босмачилик “ҳаракати”, аслида эса “Миллий ватанпарварлик ҳаракати” Фарғонадан бошланди. Вилоятнинг Қўқон, Андижон, Ўш, Наманган, Ўзган, Новқат, Сузоқ каби уьезд ва волостларида бошланган озодлик ҳаракати кейинроқ Тошкент, Сирдарё, Самарқанд ва Бухоро, Хоразм, Сурхондарё каби бошқа вилоятларда давом этди.

Мазкур ҳаракат тарихий нуқтаи назардан узоқ давом этмади. Аммо  ана шу қисқа муддатда Шўро зўравонларини саросимага тушириб қўйди. Уларнинг ўз ақлларини ростлаб олишга, маҳаллий халқларнинг ижтимоий, миллий, диний ва бошқа кундалик урф-одатлари, анъаналарини ҳамма вақт ҳисобга олишга мажбур эканликларини кўрсатиб улгурди. Шундан бўлса керак, Қизил армиянинг Туркистон фронти қўмондони М.Фрунзе бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдиргани бежиз эмас: “…Бу юртдаги Совет ҳокимияти илк тузилиш даврида рус ва ерли ишчи, деҳқон оммасини ўзига тортиш ўрнига меҳнаткаш халқни ўзидан узоқлаштириш учун қўлидан келганча ҳаракат қилди. Ишлаб чиқаришни национализация қилинишида фақат буржуазиянинг мол-мулки эмас, балки ўртаҳол деҳқонларники ҳам тортиб олинди… Бу ерда ҳаракат қилган қизил аскар қисмлари, инқилобни ҳимоя қилган баъзи раҳбарлар туб аҳолининг манфаатлари билан ҳисоблашмадилар, унинг арзу додига қулоқ солмадилар. Босмачилик ҳаракати шу асосда вужудга келди. Босмачилар оддий қароқчилар эмас. Шундай бўлганда уларни тезда йўқотиш мумкин бўларди”[12].

Дарҳақиқат, бу ватанпарварлик ҳаракати, биринчи навбатда халқ ғам-аламига ҳамдардликдан туғилди. 1918 йил баҳоридан Фарғонада Мадаминбек, Марғилон атрофларида Шермуҳаммадбек, Омон полвон, Наманганда Раҳмонқул, Андижонда Парпи Қўрбоши, Қўқон атрофида Эргашлар, Ўзганда Жонибек қози, Новқотда Муҳитдинбек, Сузоқда Нурилла махсум, Мамасидиқ қўрбошилар миллий озодлик ҳаракатининг йўлбошчилари бўлишди.

Мазкур ватанпарварлар орасида тажрибали, юксак ҳарбий саркардалик истеъдодига эга бўлган Мадаминбек Аҳмадбек ўғли (1892-1920) орадан кўп вақт ўтмасданоқ водий курашчилари сардорига айланади. Водий ҳудудидаги жангчилар Мадаминбекнинг Яшил байроғи (жами 25 минг кишилик аскар) остига бирлашиб, 1919 йилнинг январ-апрел ойларида Марғилон, Скобелев, Чуст, Наманган ва Қўқон атрофларидаги жангларда ғолиб келади. Ўша кезларда унинг мухолифларидан бири: “Мадаминбек турли сиёсий оқимдаги кишиларни бирлаштира олди. Шунинг учун ҳам ҳеч қайси қўрбоши унингчалик куч-қудратга эга бўлмаган эди”, деб ёзган эди.

Советларнинг расмий ҳужжатларидан бирида таъкидланишича, “ўз олдига совет ҳокимиятини ағдариш ва Туркистон мухториятини тиклаш вазифасини қўйган” Мадаминбек тадбиркор сиёсатчи ва уддабурон ташкилотчилик фазилатларига эга эди. “У бизнинг раҳбарлик фаолиятимизда йўл қўйган хато ва камчиликларимиздан усталик билан фойдаланарди. Унинг ўз “бошқарув” аппарати, ўзининг “трибунали”, ўзининг “генштаби” бўлган. У қонунлар чиқарган”[13], деб эътироф қилади Мадаминбекка қарши курашган Граматович. Буни бошқа қизил қўшин бошлиқлари ҳам тан олганлар.

1989 йилда Тошкентдаги “Ўзбекистон” нашриётида иккинчи марта тўлдирилган ва тўғриланган ҳолда чоп этилган “Қўрбошилар, маузерни топширинг!” деб номланган тарихий-инкилобий романда шуларни ўқиймиз: “Минг тўққиз юз ўн саккизинчи йил октябри охирлаётган эди. Амир лашкарбоши Мадаминбек ўз қўрбошиларига Ҳазрати Айюб Пайғамбарнинг зиёратига бормоқчи эканини билдирди. Бу хабар йигитларни ҳам, атроф қишлоқларда юрак олдириб қўйган аҳолини ҳам – барча-барчани қувонтирди. Ниҳоят, жангчилар муқаддас динлари учун Марғилондан кетишса, одатдаги турмушни бошлаш мумкин бўлади; ҳар кунлик беш маҳал ибодатни бажариб, дала, савдо каби кундалик ишлар билан банд бўлиш мумкин…”, “…Мадаминнинг икки мингдан ортиқ бандаси Жалолободгача икки соатлик йўлда жойлашган Сузоқ қишлоғида тўхтади. Ушбу даҳшатли хабар атроф қишлоқларга узун-қулоқ бўлиб шамол тезлигида тарқалди…”

 

II

– Биласизми, Абдуллажон, ҳозир хаёлимга шундай фикр келиб қолди, – деб ҳамроҳига қаради Соғуний. – “Босмачи” деган сўз туркий лафздир. Бу сўзни мужоҳидларга нисбатан дастлаб қизиллар қўллашдими ёки ерлик халқми? Бунинг сирини ўша Андижонга қилган сафарим давомида англагандай бўлган эдим,  – деб яна ўз хаёлларига берилди у. – Шундайин, шаҳар ичига киргач, руҳи ўчган кишиларни, ҳар тарафи ўқлардан титилиб қора куяга айланган пахта тойлари, тош-кесакдан тикланган тўсиқларни оралаганча Хўтан ариқ бўйида  ота маҳалламиздан поччамиз Абдулла ҳожи уйига тушдик. У кеча ором олиб, эртасига Олимхонтўра акамиз билан кўришгандан кейин, бу ерда ҳафта-ўн кунлаб туришга тўғри келди. Шу муддат ичида кўпгина кишилар билан сўзлашган бўлсам ҳам, у кунларда душманлар томонидан қўлланилаётган сиёсат сеҳрига тувалик (тугал) тушунган бирорта кишини учратолмадим. Шундоқки, Масков сеҳрчилари “босмачи” номида чиққан қўзғалончиларни ҳеч кимга туйдирмай (сездирмай) ўзларининг энг яқин қуроллик аскарлари қаторига қўйиб, улардан фойдаланмоқда эдилар. Чунки, инсон насли ер устига тарқалгандан бери ҳеч даврда кўрилмаган бузуқ, жирканчли тузумини большевиклар ҳеч кимга қабул қилдиролмагач, инсоннинг ҳаётий емак-ичмак, озиқ-овқатларига осилиб, бирор киши уйида дон уруғидан ортиқча (айрим манбаларда ҳатто уруғлик донларгача – Ё.Х.) ҳеч нарса қолдирмай йиғиб олишди. Шу орқалик халқни очдан ўлдириш қўрқинчи билан ўзларига бўйсундирмоқчи бўлдилар. Лекин бу зулмларини шаҳар ичларида қамов-ҳайдов каби ҳар турлик ваҳшийликлар орқали тезда бажара олган бўлсалар ҳам, шаҳар атрофи қишлоқларда шароити тўғри келмагач, бу сиёсатни юргиза олмадилар. Чунки, бу каби боши туюқ (берк), қоронғу кўчага халқни киргизиш фақат иқтисодий, сиёсий мажбурлик орқалигина бўлиши мумкиндир. Шунинг учун большевиклар атрофидаги ўзларига қарши бош кўтаришган нодон душманларга остиртдан (яширинча) қурол етказиб туриш сиёсатини қўлладилар.  Ўлка бўйича ўн мингдан ошиқ тахминланган қўзғолончилар аскарларини бир мақсад, бир нуқтага келтириб, бир туғ остига тўплагудек ерликлар ичидан ишга ярамлик бирорта одам чиқмаганликдан (борлари эса жамият-жамиятга бўлиниб олиб, ўзаро ғоя, мансаб талашиб бир-бирларининг устларига мағзава оғдариш билан банд эдилар – Ё.Х.), бу қора ботирлар нима қилишларини билмагач, ўзларини таъминлаш учун халқ бойлигини талашга киришдилар. Натижада бутун халқ борлиқ бойлигидан ажраб, қанот-қуйруғи юлинган қарғадек оч-яланғоч, бир тишлам нонга зор бўлган ҳолда “гаҳ” деса қўлга қўнгудек бўлди. Замонга тушунмаган у қора ботирларга халқнинг нафрати ошди ва улар “босмачи” деган номни олди.

Буларнинг ичида бир оз бўлса ҳам замонасига тушунган, халқ олдида ҳурмати бор, ишончлиги ортган Мадаминбекни ўртадан кўтариш зарур бўлди. Қандайдирки, бу масалани қурол кучи билан эмас, балки макр-ҳийла орқали ҳал қилишга киришганликдан тубандаги моддаларни қабул қилган бўлиб, у билан битим тузмиш эдилар:

  1. Фарғона Мухториятини тасдиқлаш;
  2. Шароитга қараб ўн мингдан қирқ минггача Мадаминбек қўл остида миллий аскар сақлаш ва буларнинг қурол-яроқларини марказий ҳукумат томонидан таъминлаш;
  3. Ўқув-ўқитув ишлари ерлик ҳукумат ихтиёрида бўлиб, ўз она тилларида юргизиш;
  4. Мусулмонларнинг диний ва ўзаро даъво ички ишлари бутунлай ўз қўлларида бўлиш ва шариат буйруғига амал қилиш.

Мана шулар каби эшитишга анча фойдалик кўринган ишлар билан келишим тузилган сўнггида (1920 йил, 6 март – Ё.Х.) Мадаминбек Тошкентга чақирилади. Унинг келиш ҳурмати учун чет давлатдан келаётган ҳукмдорларга қилгандек, кўчалар безатилган ҳолда тантана билан қарши олиниб, катта маросим ўтказилмиш эди. Буни кўрган мусулмонларнинг руҳлари кўтарилиб, тарихий анъаналари қўзғалганликдан милллий озодлик умиди билан миллий ҳукуматларини эскармиш (эслаш) эдилар. Бундан фойдаланган Ватан босқинчилари ўзларининг олдиндан ўйлаб қўйган макр-хийлалик режаларини тезлик билан амалга ошириш сиёсатига киришди. Йўқ эса ҳар икки томон ризолигича тўхтам қилинган битим моддаларини халқаро қонун бўйича амалга оширишлари лозим эди.

Бунга қарамай бекка илтимос қилган бўлиб, Фарғонада қолган Кўршермат, Холхўжа каби  қўзғолончиларни ҳам Тошкентга келтиришни унга таклиф қилдилар. Бу ҳам “Улар менинг сўзимдан чиқмайди” деб, ишонганликдан эҳтиёт йўлини ўйламай тўғри булар олдига келмишдир. Ҳолбуки, маккорлар аллақачон ўз қўллари билан чуқурлар тайёрлаб қўймиш эдилар. Шундоқки, “Мана сизлар ишонган Мадаминбегинглар кофирга сотилиб, ўз фойдаси учун сизларни тутиб бермоқчи бўлди. Бу ишни бажариш вазифаси унга топширилмишдир. Яқин орада келиб қолса, шунга қараб чора кўриш керак” деган фитна сўзларни тарқатиб, у онгсиз қора ботирларни ишонтириб тургани устига, Мадаминбек ҳам келмишдир. Ҳақиқатдан ҳам кўкрак кериб от чопишдан бошқа ҳеч бир ишни билмаган, маслаксиз қора ботирлар кўзлари унга тушиши биланоқ гапиртирмасдан “Ҳой, сен бизларни кофир болшевиклар қўлига бермоқчимисан?” – деб уни ўлдирадилар.

Мадаминбекнинг қизиллар билан битим тузгани  сабабларини кўп ўйладим, деб фикрлашда давом этди Соғуний. Балки бундай ҳолат ўзимнинг ҳам бошимдан ўтганидан бўлса керак, кўнглимдан кўпгина иштибоҳлар кечди. Сал бўлмаса бутун Фарғона водийсини қўлга киритган Мадаминбек нега бирдан қизиллар билан битим тузишга келиб қолди?

ТАРИХ. Мадаминбекни ҳам хиёнатлар синдирди. Дастлаб ўзининг армиясидаги рус мужиклари, кейин қароргоҳидаги рус офицерлари ва, ниҳоят, маҳаллий қўрбошилар унга кўп панд беришди. Бу ҳақда ёзувчи Алишер Ибодинов ўзининг “Қўрбоши Мадаминбек” (Тошкент, “Ёзувчи” нашриёти, 1993 й.) қиссасида шундай ёзади: “Андижон қамалидан сўнг Мадаминбек ҳаётида худди Мирзо Бобур тақдиридаги бир воқега ўхшаш (Бобур Самарқандни етти ой қамал қилиб Бойсунғур Мирзодан тортиб олади. Уч ой подшоҳлик қилади. Бу орада кўпгина беклари ва лашкарлари Андижонга қайтади. Андижондан турли шум хабарлар кела бошлайди. Бу орада Бобур қаттиқ ҳасталанади. Бундан фойдаланган хиёнатчилар Андижонга “подшоҳнинг оғзига сув томизилмоқда” деган гапларни етказишади. Оқибат шундай бўладики, “Андижон қўлда бўлса, “Самарқанд ҳам бир куни қайта қўлга кирар” деган умид билан Бобур Самарқандни ташлаб Андижон сари йўлга тушади. Аммо Хўжандга етганда хабар келадики, хиёнатчилар Андижон дарвозаларини душманга очиб бермиш – муаллиф.) ҳодиса рўй беради. Мадаминбекнинг  қўшинлари Андижондан чекиниб, Ўшга келаётган пайтда шаҳар ҳокимлари сотқинлик йўлига ўтадилар. Шабаданинг қаёққа қараб эсаётганини дарҳол ҳис қилган генерал Алексеевнинг шотирлари иккиюзламачилик қилишди. Шу куни турмалардаги шўро раҳбарлари чиқарилди. Улар яна ўз жойларига қайтарилди. Ўш қалъасидаги деҳқонлар қалъани европалик қуролланган ишчиларга қолдириб, ўзлари қишлоқларига жўнаб кетишди. Мусулмонларнинг яккам-дуккам қаршилиги тез синдирилди. Кечагина Мадаминбекни олқишлаган Ўш бугун уни совуқ назар билан, ўқлар ёғдириб кутиб олди. Армия изидан эса Соколовнинг қозон полки, Кужелонинг отлиқ полки қувиб келарди. Икки ўт орасида қолган Мадаминбек Жалолободга чекинишга мажбур бўлади. Жалолобод йўлида деҳқонлар армиясининг катта қисми қочиб, тарқалиб кетди. 30 сентябрда қонли жанглардан сўнг қизил қисмлар Жалолободни эгаллашди. Мадаминбек қўшинлари учун Помир тоғларига чиқиб кетишдан ўзга илож қолмади. Пастда эса уруш туфайли вайронага айланган водий шаҳарлари тутаб ётарди.

Айни ўша кунлари Андижонга ташриф буюрган Алихон Тўра Соғуний (матнда шундай ёзилган – Ё.Х.) Андижон жангидан сўнгги шаҳар кўринишларини шундай хотирлаган эди: “Урганч қишлоғидан чиқиб, Андижонга яқинлашган сайин уруш аломатлари кўрина бошлади. Шундоқки, Андижон, Наманган поездлари бутунлай тўхтатилган, темир йўллар бузилиб, станциялар куйдирилган экан. Шу каби аломатлар ичида юриб ўлтирганимизча, омон-эсон Андижонга етдик. Шаҳар ичига киргач қарасак, бутун кўчаларда чувалиб-сочилиб ётган пахта тойлари ҳисобсиз эди. Сўрасак, биз келишдан уч-тўрт кун илгари Мадаминбек шаҳарга ҳужум қилиб кирганида ҳар икки томон аскарлари тойпахталарни ўзларига қалқон қилиб отишган эканлар. Сўнгра буларни шаҳардан чиқариш учун қалъага қамалган большевик аскарлари томонидан отилган тўп-замбараклар зарбаларидан шаҳар халқи, хонадон уйлари, бозор-раста дўконлари анчагина зарарланмишдир.

– Ҳа, ўша боришда Мадаминбек бутун водийни қўлга олар эди,  – деб ўйга толди Соғуний Андижон сафарини қайта эсларкан. – Аммо хиёнат… Хиёнатчининг миллати бўлмаганидек, хиёнатнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Мадаминбекни Холхўжа қўрбоши ўлдирган, деб эшитганман. Айтишларича, Холхўжа бекка нисбатан тишини қайраб юрар экан. Мадаминбекнинг қизиллар номидан битимга қўшилишни таклиф этиб музокарага келгани бир баҳона бўлган, холос. Шундоқки, Мадаминбек ўзининг бир қисм йигитлари билан Жалолободдаги ҳазрати Аюб (а.с.) ҳазратлари зиёратига борган пайтда Монстровнинг деҳқон армияси билан ўртада тузилган сулҳга қарамай, Холхўжа Жалолобод қишлоқларини йигитларига талонга қўяди. Бундан қаттиқ жаҳли чиққан Мадаминбек Холхўжани яйдоқ отга миндириб ўша ўзи талончилик қилган қишлоқлар бўйлаб сазойи қилдирган. Шундан ҳам билса бўладики, Мадаминбек  адолатли қўмондан бўлиб, ўз қўрбошиларига талон-тарожлик, ўғирлик билан шуғулланишни таъқиқлаб қўйган. У бу ишни нафақат таъқиқлайди, айни пайтда бу ҳақдаги фармон жарчилар томонидан Фарғонанинг жанубий-шарқий қисмидаги Ислом қўшинлари қўмондони тасарруфидаги барча қишлоқларга тарқатилди. Холхўжа қўмондоннинг ана шундай буйруғига тупургани  учун ҳам юқорида айтганимиздек жазоланади. Энди эса у ғазабдан тишини ғижирлатиб, пайти келганда Мадаминбекдан  ўч олишга қасам ичди.

– Энди Мадаминбекнинг қизиллар билан битимга келишининг асосий сабаби шунда эдики,  – деди юмиб бораётган кўзларини очиб Соғуний. – У узоқни кўрган, мулоҳазали қўмондон эди. Андижон мағлубияти уни кўп нарсаларни қайта ўйлаб кўришга ундади. Шаҳар учун бўлган жангларда Мадаминбек қўшини катта талофат кўрди. Ботирлар-ку ё шаҳид, ё ғозий, деб жангга кирадилар. Аммо тинч аҳоли-чи? Унинг айби нимада? Андижон шаҳрининг, Қўқон шаҳрининг, юзлаб қишлоқларнинг хонавайрон уй-жойлари, масжид-мадрасалар, бозорлар, расталар, энг даҳшатлиси бегуноҳ одамларнинг тўкилган қонлари учун ким айбдор бўлади?! Буларнинг хунини ким тўлайди? Бу ёқда большевиклар ҳарбий куч ва қурол-яроқлари, тўп-замбаракларини вагон-вагонлаб келтириб турибди. Шундай шароитда мен уларни енга оламанми?

Мадаминбекнинг қизиллар билан сулҳга келиши унинг юқоридаги саволларига жавоби бўлди. Бу жавобда ҳамма нарса: мужодаланинг оқибатидан қўрқув ҳам, “балки…” деган  иккиланиш ва руҳоний бир ишонч ҳам мужассам эди. Албатта, Шарқий Туркистонда мен бошимдан кечирган воқеалар билан Мадаминбек шароити ўртасида фарқлар бор. Бизнинг шароитимизда советлар Иккинчи жаҳон урушини ютиб чиққан, қаршисидаги унча-бунча тўсиқларни бир чилпишда ҳал этадиган ҳолатда эди. Мадаминбек ҳаракат қилган большевикларнинг бошланғич даврида эса советлар бир жойда ютса, иккинчи жойда ютилиб турган холлари ҳам бўлган. Мана шундай аҳволда Мадаминбекнинг сулҳ воситасида Туркистон Мухториятини сақлаб қолишга бир ишончи бўлганини тушуниш мумкин. Зотан, ҳамма ишлар Аллоҳ иродаси билан ечилгусидир. Ўқиганим борки, Азроилдан қочган бир одамнинг аҳволи шундай кечибди:

Мен кўриб ногоҳ уни йўл устида,
Бир замон қолдим тараддуд остида.

Чунки ҳақ айтмишда: бир кун ўлуш бор,
Сенга Ҳиндистонда жон этгай нисор.

Ўйладим: олисда жон бергай ажаб,
Юз қаноти бўлса ҳам мушкул бу гап.

Бўйладир ушбу жаҳонда қилу қол,
Оч кўзингни, боқ жаҳонга ибрат ол.

Сен ўзингдан-ку қочолмассан аниқ,
Бас, нетиб ҳақдан қочарсан, эй рафиқ.

Яна бир мисолки, халқда шундай гап бор: айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам… Мадаминбекнинг ҳам… Менинг ҳам тақдиримиз ўшандай эди! Бу ерда фақат тақдири азалнинг қисмати кимга қачон битилганида фарқ қилади, холос…

 

III

– Акамни айтаман, Абдуллажон, – деди бир пайт Соғуний домла ҳамроҳига қайрилиб. – Унинг ҳам бошидан кўп савдолар кечди. Булар ҳақида ёзаётган “Туркистон қайғуси” китобимда қайд этиш ниятим бор.

Соғуний домла Абдулла дўхтирга ана шулар ҳақида сўзлар экан, хаёлидан тутқунликдан чиқиб, Андижонга борганда акаси билан учрашиб қилган суҳбатлари, Миллат мажлисининг тақдири сингари бир қур тарихларни эслади.

 

* * *

– Ниҳоят, зиндонбанд этилганимга ўн беш – йигирма кун деганда яна сўроққа чақиришди,  – хаёлидан ўтказди Соғуний.

– Жонингиз, уй-рўзғорингиз омон бўлишини истайсизми? – деди қовоғини уюб ўша “давлат ёзувида” тушунтириш ёзишни талаб қилган терговчи.

– Ҳар бир инсон дунёга келар экан, унинг келгусидаги бутун ҳаёти Лавҳул маҳфуздаёқ ёзиб қўйилган бўлади,  – деб терговчига қаради Соғуний. – Шундай экан, жоним сизларнинг қўлингиздами-йўқми, бу Худодан. Сизлардан омонлик сўрасам ёки сўрамасам ҳам ёзуғимда бўлса, Аллоҳнинг буюргани насиб этади…

– Сизнинг мурод-мақсадингиз нима ўзи?  – деди бироз сукутдан сўнг Соғунийга  тик қараб терговчи. – Бутун халқ янги замонни олқишлаб  турибди. Бироқ сиз олиб бораётган ташвиқотлар бизнинг бугунги сиёсатимизга асло тўғри келмайди. Биз бугун ишчи-деҳқонларнинг келажакда бахтли қиладиган бир давлат қуриш учун курашяпмиз. Хабарингиз бўлса, ҳар жой-ҳар жойда босмачилар бош кўтаришяпти. Бундан уч-тўрт йил олдин Хитойга кетганлар қайтиб келиб, яна ўз ер-сувларини қайтариб беришимизни талаб қилишмоқда. Уларнинг жойларида эса давлатимизнинг марказидан кўчириб келтирилган рус казаклари ўтиришибди. Бу тўполонларнинг олдини олмасак, яна исёнлар чиқиши, бу ерларда ҳам жанубдагига ўхшаш босмачилар пайдо бўлиши мумкин. Мана шундай тўполонларнинг йўлини қирқишимизда бизга ёрдам беришингиз керак!

– Мен шундоқ ҳам сизларга ёрдам беряпман,-деди маҳбус терговчининг  кўзига тикилиб. – Ахир Владимир Ильичнинг “Миллатларнинг ўз тақдирларини ўзлари белгилашларига биз қарши эмасмиз”, деган фикрларини эл орасида эскартиб, уларни тинч-тотувликда яшашга тарғиб этмоқдаман,  Шунинг  ўзи  етарли  эмасми? – қизишди  Соғуний. Лениннинг номи терговчини сергак торттирди.

– Бизда сизнинг мавжуд тузумга бўйсунмасликни тарғиб қилаётганингиз  ҳақида маълумотлар  бор…

– Ҳа, мен бўйсунмасликни тарғиб қилганман, лекин бу иш ҳозирда эмас, балки, иқтидорга совет ҳукумати келмасидан олдин, чор ҳукумати сиз билан менга ўхшаган туркистонликларни мардикорга олган пайтда бўлган…

– Нима бўлганда ҳам, Сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз бизга маълум… Эҳтиёт бўлинг. Бугун эса сизни озод қиламиз,  – деди терговчи қўлимга қамоқдан бўшаганим ҳақидаги ҳужжатни тутқазар экан.

…Айёрга айёр, шайтонга шайтон бўлишни, динимиз қайтармайди, деб хаёлга чўмди Соғуний “Туркистон қайғуси” асари устида ишлар экан орадан йиллар ўтиб. Мени ҳибсга олишдан асл мақсадлари эса ўзларига шерик қилиш эканлигини яхши билганимдан кейин саволларига берган кескин-кескин жавобларим уларни довдиратди чоғи, бу ҳақда гап қайта қўзғолмай, озодликка чиқиб кетдим. Қамоқда ётган кунларим терговчига ён бермаганим ва биринчи галда Аллоҳнинг қудрати сабаб омон қолганим сўнгида қамоқдан чиқиб яна ўз ишимга машғул бўлдим. Яна қамоққа олингунимча дин тарғиботи, деҳқончилик, касалларни даволаш билан овундим. Андижонга сафар қилдим. Бу сафардан мақсад, Қўқон шаҳрида тузилмиш Миллат мажлиси (Туркистон Мухторияти  – муаллиф) аъзоси бўлмиш акамиз Олимхонтўрадан хабар олиш эди. Мана бир қанча вақтки, бу мажлис икки ой яшаб-яшамай қонга ботирилган сўнгида акамдан хабар тополмадик. Шунда ўзим уни  изладим. Жигарчиликнинг иши қийин экан…

…Бир-биримиз билан  юз кўришган оқшом акамиз Олимхонтўра билан бошланган суҳбатимиз тонгга уланди. Шундайки, ўша пайтлари мусулмонларнинг энг аламли орзусини  рўёбга чиқарган Туркистон Мухторияти ҳақида гапириш бутунлай ман этилган эди. Бу ҳақда сўзлаган одамнинг боши кундага қўйилиши ҳеч гап эмасди. Бир пайт қарасам, акамнинг кўзлари жиққа ёшга тўлиб турибди:

– Алихон, укажоним, мана икки йилдан кўпроқ бўлдики, у эшикдан бу эшикка, у қариндошникидан бу қариндошникига қочиб юрибман. Баъзан ётар жойларим оғилхона, ўт-ҳашаклар орасида бўлди. Қўқондан Андижонга етгунимга қадар она сутим оғзимга келди… Эшитдимки, Мустафо оға Мухториятимиз ағдарилгандан сўнг қандай омон қолгани ҳақида “Улуғ Туркистон” газетасида ҳикоя қилибди. У кишим ҳозир чет ўлкага чиқиб кетмиш… Бу ерда сен билан бизга қийин. Қачонгача яшириниб юраман. Шуларни ўйласам, юрагим орқага тортади.

ТАРИХ. 1917 йил Феврал инқилоби романовлар тахтини улоқтириб ташлаганини айтмаса, Русияда бўлганидек, унинг чекка ўлкалари, хусусан Туркистонда тўй ўтиб, қулоқларда фақат карнай садоси қолгандек, гап бўлди холос. Бу инқилобдан руслар билан бир қаторда бошқа миллатлар ҳам жуда катта ўзгаришларни кутган эди. Сирасини айтганда, бу инқилоб ўз изидан дарё-дарё қонларни етаклаб келди. Албатта, ҳар қандай кўтарилиш қурбонларсиз бўлмайди. Ўша Германия, Францияда юз берган инқилобларда ҳам қон тўкилган. Аммо Русиядагидек эмас… Бошқалар ўз инқилоблари орқали  мамлакатларини фуқаровий давлатларга айлантириб олганларига бир аср ва ундан кўп вақт бўлгани баробарида Русия ва унинг собиқ мустамлакаларида ҳамон ур-йиқитлар давом этиб келяпти. Руслар “нуфузли жой бўш қолмайди” дейишади. Николай иккинчининг тахтини тез орада бош оёғигача қонга беланган большевиклар эгаллаб олишди. Бунга Вақтли ҳукуматнинг иродасизлиги ва мамлакатни бошқаришга қобилиятсизлиги сабаб бўлди. Тўғри, карнай-сурнай ва ноғораларнинг овози мудраб ўтирган одамни сескантириб юборганидек, Феврал инқилоби русларни билмадигу, аммо чор Русияси ва хон, амирлар зулми остида ғафлат босиб ётган туркистонликларни, хусусан, бу ўлкадаги оқ-қорани таниган зиёлилар қаторида бошқаларни ҳам асрий уйқудан уйғотди. Шунисига ҳам шукр. Аҳмад Закий Тўғон бир жойда шундай дейди: “Бу инқилоб ойларининг бир кунини ўтган даврларнинг йилларига тенглаштириш мумкин эди”. Аммо тўкилган қонлар-чи? Яшалмаган умрлар-чи? Шунча қурбонлар эвазига ўша беш-олти ойлик “саррин шабадалар”дан бошқа нимага эришилди? Балки, ҳокимиятга большевиклар келмаганида бу даражада кўп қон тўкилмасмиди? Балки… Аммо ўша Феврал инқилоби кунларида Қўқондаги ўқитувчилар уюшмаси раиси Л.Н. Некора деган жанобнинг сўзлари ҳам тарихда муҳрланиб қолган экан: “Инқилобни рус инқилобчилари, рус ишчилари, рус солдатлари амалга оширдилар. Шу боис Туркистонда бошқарув ва ҳокимият биз  –  русларга тегишлидир. Маҳаллий аҳоли эса биз уларга нимани берсак, ўшанга шукр қилишлари керак!” Феврал инқилобчиларининг ҳам октябр инқилобчиларининг ҳам йўли айнан мана шу сўзларда ифодаланди. Ростдан ҳам токи “СССР” деган мустабид тузум қуламугунга қадар бир пайтлар ялакат мамлакат бўлган Туркистонга ҳеч қандай ҳуқуқ, эркинлик берилмади. Амирнинг  олтинларидан тортиб Мирзачўлнинг пахтасигача Русия ичкарисига ташиб кетилди. Бу тузум қулаган кундан бошлаб эса ўша парчаланган Туркистон заминида миллатлараро, аслида бир миллат – мусулмон миллати ўртасида яна дарё-дарё қон оқа бошлади… Халқнинг хуррам кунлари ҳам бўлганми? деб савол беради кимдир ичимда. Зулм остида яшаган одамнинг хуррам куни туғилганда ва бу дунёни ташлаб кетганидагина бўлмасмиди?!

 

* * *

– Акам Олимхонтўранинг руҳи жуда ҳам тушкун эди,  – деб хаёлга толади Соғуний. – Бўлмаса акамиз жуда ориятли, мағрур киши бўлган. Наҳот, бўлиб ўтган воқеалар унинг иродасини синдирган? Олимхонтўра акамиз Туркистон Мухториятининг Миллат мажлиси аъзолигига Еттисувдан сайланган эдилар. Ўша пайтларда бу ўлкада халқ билан Муваққат ҳукумат ўртасида турли зиддиятлар ҳам чиққанки, Олимхонтўра бу воқеларнинг бевосита шоҳиди бўлиб ва халқ тарафида ҳаракат қилган. Шу боис ҳам Еттисув халқи ўзининг диний арбобини янги тузилажак ҳақиқий халқ ҳокимияти – Туркистон Мухториятига ўз номидан вакил этиб Қўқонга йўллаган. Шундайки, 1916 йилги “Уркун” воқеасида ўз ватанларини ташлаб тоғу тошларга, асосан Хитойнинг Шинжон ўлкасига кетган одамлар ўз жойларига қайтиб кела бошлайди. Жумладан, Хитойдан келаётган қирғизларни уларнинг уй-жой, ер-сувларини эгаллаб олган “мужик”лар ўз ерларига киритмайди. Оқибатда ўртада катта жанжаллар қўпиб, ур-йиқитлар бошланади. Тарихий маълумотларга кўра, бу масала Вақтли ҳукуматнинг Тошкентдаги Туркқўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, бу қочоқларнинг, яъни Уркунда ватандан чиқиб кетган қирғиз ва бошқа миллат вакилларини Пржевальский ҳамда Пишпек уездига киритмаслик ва уларни яйдоқ, тошлоқ ерларга жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилинади… Шуни айтиш керакки, Вақтли ҳукуматнинг бу қароридан нафақат маҳаллий халқ, шунингдек россиялик мусулмонлар ҳам ғазабланганлари ҳақида ўша пайтлари кўп ёзилган. Акамиз Олимхонтўра ана шундай қалтис пайтларда халқнинг томонида туриб, уни ҳимоя қилганини яқин-яқинларгача ҳам она юртимиз Тўқмоқда, унинг атроф шаҳар ва қишлоқларига борганимизда қариялар сўзлаб беришар эди, ўйлайди Соғуний. Ана шундай оғир дамларни бошдан кечирган одам мана бугун бошини хам қилиб ўтирибди… Бу совет жаллодларига ҳам жисмонан, ҳам руҳан бас келадиган шахс топилармикан, ўзи?! Эй Худо, уларнинг жазосини ўзинг бергайсан! Бу шайтонлар қанча-қанча ориятли, боши осмон қадар юксак одамларнинг холини забун қилмади дейсиз?! Қанча-қанча ман-ман деган сиёсатчилар, олимлар, уламолар уларнинг шаштига тоб беролмадилар. Ўзларининг йўлига солиб юборишди. Шайтоннинг йўлидан Ўзи асрасин!..

– Ака-ука ўртамиздаги сукут узоқ чўзилди,  – деб эслайди Соғуний. Бир пайт акам сўз айтишга турди.

– Сиз қочқинда эдингиз. Феврал инқилоби амалга ошгандан кўп ўтмаёқ Тошкентда ҳам, бошқа жойларда, хусусан бизнинг Чуй водийси, Еттисувда ҳам кишиларни битта масала, мамлакат бошқаруви масаласи қизиқтириб қолди. Марказий Вақтли ҳукумат дастлаб Туркқўмитани тузди. Макур қўмитага раис бўлганларнинг барчаси руслардан эди. То болшевикларнинг давлат тўнтариши юз берган октябр ойигача ўтган муддатда Туркистонга ва Русиянинг бошқа мустамлакаларига Мухторият бериш ҳақида кўп гапирилди. Аммо қуруқ сўздан нарига ўтилмади. Албатта мусулмонларнинг турли ташкилотлари, касаба иттифоқлари тузилди. Лекин булар ҳокимият эмас эди. Ҳатто “Шўрои Исломия” ҳам ҳукумат эмас эди. Ҳукумат аслида Феврал инқилобидан кейин ҳам чор маъмурларини алмаштирган янги русларнинг қўлида қолаверди. Бу воқеалар кўпроқ Тошкентга алоқадор. Еттисув, Чуй водийси каби чет вилоятларда эса халқни ҳамон ўша чор маъмурлари бошқариб келарди. Чунки, бу ерларга йиллар мобайнида Русиядан кўчириб келтирилган рус мужиклари ҳамма нарсага эгадорлик  қилшарди… Мусулмонларнинг масжидда намоз ўқишдан бошқа нарсага ҳақлари қолмаганди. Мана шундай шароитда, 1916 йилда юртни ташлаб Хитой ва бошқа жойларга кетганлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб қайта бошлашди. Уларнинг қаторига мардикорликдан қайтган, Сибир ва Русиянинг бошқа жойларига сургун қилинган одамлар қўшилди. Яна ур-тўполонлар бошланди. Туркқўмита томонидан воқеани ўрганишга борганлар ҳақиқат қилишмади. Вақтли ҳукумат юртга қайтганларни ўз ота-боболари яшаб келган заминга қўймасликка қарор қилди… Мусулмоннинг масжиддан бошқа арз қилиб борадиган жойи йўқ эди. Мен ўшанда Тўқмоқда имом эдим. Бу воқеларнинг ҳаммасига бевосита шоҳидман. Жонидан тўйган кишилар қирғиз отлиқларининг паноҳида Пишпекка юриш қилишди… Пишпек албатта хону монидан айрилган оломонни қучоқ очиб кутиб олгани йўқ… Яна қон тўкилди… Кишини ҳайрон қолдирадиган ҳолат шу эдики, большевиклар зўр бериб яратмоқчи бўлган ишчилар синфи Туркистонда йўқ эди. Бу ерда бойлар ва камбағал деҳқонлар, эшон ва мурид, ниҳоят уларнинг ҳаммаларини эзиб ётган чор маъмурлари бор эди, холос… Болшевиклар эса мана шундай шароитда бу ерга ўзларининг маслакларини тиқиштириб, зўрлик билан ишчи диктатурасини ўрнатишди. Бу маслак Туркистон халқининг табиатига зид маслак эди. Асрлар мобайнида Ислом дини ақидалари асосида тарбияланган кишилар авлодини аллақандай “Шўро демократияси” асосида яшашга мажбур қилиб  бўлмас  эди. Уларни  кўпроқ ва  биринчи  навбатда  чор  Русияси  зулмидан қандай  халос  бўлиш  масаласи  қизиқтирар эди. Сирасини  айтганда,  жабрдийда  Туркистон  50  йилдан  бери  чор  Русияси   ҳукумати  қўли  остида  яшаб  келмоқда. Бу  ҳукумат  ерли  аҳолининг  диний, миллий суд ишларига  дарров аралашмаса-да, аста-секин ўлка  ҳаётининг барча  жабҳаларига қўл чўзиб, чангалларига  олишди. Феврал инқилобидан сўнг Туркистон халқи энди озодликка эришдик, деб хурсанд бўлганди. Большевиклар ҳокимият тепасига келгандан сўнг, зудлик билан Мухторият эълон қилармиш, деб бизга уқтиришди. Майли, большевикларнинг ҳам Мухториятини кўрармиз, агар ўшангача омон бўлсак, лекин улар туркий мусулмонлар ўзларининг диний, миллий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун энди ўлимдан қўрқмасликларини унутмасинлар… Мен бу гапларимни 1917 йилнинг 26-29 ноябр кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи минбаридан туриб ҳам айтганман. Ўша қурултойда бир қатор диний арбоблар қаторида мен ҳам Туркистон Мухториятининг миллат мажлиси аъзолигига сайландим. Шуни айтиш керакки, Туркистон халқининг орзу-умидларини ифода этган ана шу ҳукуматнинг ичида ҳам бирлик йўқ эди. Ҳукуматнинг бир қанотида “Уламо” ўтирган бўлса, иккинчи қанотини болшевикларга қарши бўлган чор армиясининг зобитлари ва айрим зодагонлар эгаллаган эди.  Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мустафо Чўқаев, Муҳаммаджон Тинишбоев каби Мухториятнинг ҳақиқий жонкуярларининг эса оташин сўзлари ва фидойи жонларидан бошқа ҳеч нарсалари йўқ эди. Аслида Мухториятни ана шу кишилар олиб келишди. Халқ уларга ишониб Мухториятни қўллаб-қувватлади. У роппа-роса олтмиш кун яшади… Мухтор ҳокимиятнинг қанотларида ўзаро келишмовчиликлар кучайди. Албатта, Тошкентда ўтириб олган болшевиклар ҳокимияти ҳам тек ўтиргани йўқ. Зотан улар шайтоннинг  болалари эди… Кадетлар ва меншевиклар каби ўнг социалистлар амалга оширган Феврал инқилобини орадан тўққиз ой ўтиб-ўтмай четга суриб, тахтга ўзлари чиқиб олишди. Миллат мажлиси аъзоларининг ҳар бир йиғилишлари баҳс-мунозара билан ўтар, аммо хазинада пул эмас, балки хазинанинг ўзи йўқ эди. Чиқарилган заёмдан ва бошқа ионалардан тушган маблағ “Бирлик туғи” ва “Свободный Туркистон” газеталарининг ўзидан ортмасди. Бу ёқда икки мингга яқин Миллий армия аскарлари ҳам юқоридаги каби ионаларга кўз тикиб ўтирарди. Бу орада Қўқон ишчи, аскар ва деҳқонлар шўроси билан Мухториятчилар ўртасидаги тортишувлар кескинлашди. Январ ойи охирида айрим иғвогарлар томонидан шўролар ўтирган бинога хужум уюштирилди. Албатта, бундай иғвогарликларни болшевикларнинг ўзлари, уруш қилиш баҳонасида уюштирдилар. Аммо… Мухторият ичидаги уламо ва оқларнинг ҳам тек ўтирганига шубҳам бор. Тўғри, булар ҳақида батафсил гапиришнинг ҳозир мавруди эмас. Мен жуда чарчадим… Бир миллат ўртасидаги тушунмовчиликлардан, ихтилофлардан, илмсизлик, мансабпарастлик каби қусурларимиздан чарчадим. Биласизми, ука, Мухториятни болшевиклардан сақлаб қолиш мумкин эди. Уни ўзимиз, ўз ичимиздаги ихтилофлар, жоҳиллик синдирди. Ағдариб, ер билан яксон қилди… Мана, сиз айтяпсиз, қашқарликлар орасидаги жоҳиллик, билимсизликни кўриб руҳим эзилди, деб. Бу ерда жаҳолат Қашғардагидан ўн чандон баланд. Уламонинг ўзи халқни қўриқлашга даъват этиб, Қўқон милициясига бошлиқ этиб тайинлаган Эргаш ўзини “хон” деб эълон этди. Бу ишни ким қилди? Мухториятнинг ўнг қанотими ёки сўл қанотими? Ёки болшевикларми? Билмайман, билмайман…

– Акамнинг кўзларида ёш милтиради,  – деб эслайди Соғуний акаси билан бўлган  ўша  суҳбатни. Шу дақиқаларда унинг кўз олдидан “Улуғ Туркистон” газетасида Мустафо Чўқайнинг кечмишлари ҳақида ўқиганлари ўтди:

“Хўқондда бўлғон воқеанинг сиёсий сабабларининг бошдан-оёқ ёзувини ҳозирги замон кўтармайди, – деб бошлаган эди Мустафо оға ўз мақоласини. – Мен большевиклар қувғинидан қочиб, Ҳўқанд теграсидаги қишлоқларда сартия қардошларимиз орасида беш-ўн кун юрдим. Шу озгина муддатда чеккан жабру-жафоларимни, душман бўлсалар-да, Худои таоло болшевик­ларнинг ҳам бошига солмасин.

Эргаш сартлар тарафиндан Ҳўқанднинг эски шаҳрига сайлаб қўйилган қўрбоши эди. Бу одам авваллари ҳам ўғриларга бош бўлиб юрарди. Хуллас, шу кимса бош бўлиб, Ҳўқанд сартлари болшевиклар билан уруш бошлагач, “енгиламиз” деган сўзни эсларига келтирмадилар. Шунинг учун “Энди сарт замони келди! Эргашни хон этамиз! Фарғонада сартлардан бошқанинг жонини оламиз. Қозоқ билан болшевикларнинг фарқи йўқ. Нўғой бўлса, мусулмон эмас! Ҳўқандда битта нўғой муаллимнинг оёғини қиблага узатиб ухлаб ётганини кўрдик!” дейишиб, қишлоқ ёшлари сартлардан бошқа халқларнинг барини ўлдирмоқ ниятида қўлларига болта, пичоқ, чўт, кетмон, ўроқ, арқон, занжир олишиб тўдалашиб юрдилар. Болшевиклардан қочиб, мусулмон оға-инимиз деб ана шу халқ орасига кирдим…”. Шундай қилиб Мустафо Чўқай афанди Қўқон атрофидаги Говхона, Қумбосди, Илож қаби қишлоқлар оралаб борар экан, сал бўлмаса ўлиб кетишига оз қолгани ҳақида ёзиб, “…Дўст этиб хизмат этарга тутинган халқимдан душманлик кўрганим кўнглимга хафалик солди. Шундай бўлса-да, Қумбосдидан бошқа ерни, бошқа элни кўрмаган авомнинг қилган ёмонликларини сарт халқининг устига юклашни истамайман” деган эди ўз вақтида Туркистоннинг асл фарзанди Мустафо Чўқай. Аллоҳ уни раҳмат қилсин.

– Кўриниб турибдики,  – фикрлашда давом этди Соғуний. – Туркистон Мухториятини гарчи, болшевикларнинг тазйиқи кучайиб, Мухтор ҳукумат ҳар томондан қисувга олинган бўлса-да, уни ўзининг одамлари – уламо йиқитган. Йиқилганни тепиш эса марднинг иши эмас эди… Шундай воқеа юз берадики, ўнг қанот ва сўл қанотга кирмаган, Мухториятдан халқнинг озодлиги, эркидан бошқа манфаати бўлмаган ҳақиқий мухториятчилар болшевиклардан қочиб Эргашни хон кўтарган  мутаассиб оломон ғазабига дучор бўладилар…

ТАРИХ. “Мустафо билан мен 1913 йилда Фарғонага қилган илмий сафарим чоғида танишган эдим,  – деб ёзади Аҳмад Заки Валидий Тўғон ўз хотираларида. – Ўша вақтда у Тошкентдаги рус лицейида таҳсил олар эди.  Кейинчалик Петербург университетида ўқиб юрган даврларида ҳам учрашиб турдик. Отаси Сирдарё қипчоқ уруғи қозоқларидан бўлиб, Қўқон хони хизматида додхоҳ (Қозихоналарни назорат қилувчи амалдор) рутбасида бўлган. Ўтган аср ўртасида чор Русияси бу ерларни босиб олгач, генерал Перовскийнинг хизматига кирган, рус тилини ўрганган ва кейинчалик таржимонлик қилган бир киши эди. Унинг оиласи Қўқон хонлиги даврида ўзбекларнинг улуғларига, кейин рус даврида эса дворянларга яқин бўлган… 1916 йилда мен Думанинг мусулмон фракциясига Уфадан, Мустафо эса Сирдарё вилоятидан аъзо этиб сайлангандик. У кадет партияси аъзоси бўлишига қарамасдан доим мен билан ҳамфикр эди. 1917 йил инқилобидан сўнг Қўқон Мухторияти ҳаракатига қўшилди. 1918 йил бошида Қўқон шўро тарафидан ишғол этилгач, Мустафо қочиб Тошкентга келди. Тошкентда кадет партиясидан бир рус зобитининг уйида бўлиб, хотини билан Тўғай йўли орқали бизнинг Юрматидаги уйимизга келди, кейин Оренбургга кетди. Мана энди Парижда бизни меҳмон қилмоқда. Унинг Мария Яковлевна исмли аёли билан бизнинг Тимасдаги учрашувимиздан буён орамиз яхши эди. Улар аввал бизникига келиб, кейин Афғонистонга ўтишни маъқул кўришди.

Мустафо билан уч кун (Парижда) суҳбатлашдик. Мустафо камбағал эди. Милюков ва Керенскийнинг газеталарига ёзган мақолалари ҳисобидан тирикчилик ўтказарди”.

 

* * *

– Полшалик юрист Оғаевни айтмайсизми ука,  – деди бир пайт Олимхонтўра Соғунийга қараб. – Ўзингиз биласиз, чор ҳукумати йиқилган сўнгида Польша ва бошқа Болтиқбўйи миллатлари тез бирлашдилар. Қаранг, ўша Оғаев нима деганди: “Шундайки, ўзим насронийлар ичида ўсган мусулмонман. – Юртимда сезмаган эдим, аммо бу ерга келиб билдимки, мусулмонлар ўртасида бирдамлик йўқ экан…”

Акасининг ана шу айтганларини “Туркистон қайғуси” устида эслар экан, Соғунийнинг хаёлидан Аҳмад калла[14] ўтди. У мана бундай деган эди: “Ҳасадгўйлик, кўролмаслик, иттифоқсизлик, такаббурлик каби бузуқ, ярамас ишлар бошқаларга қараганда мусулмонлар ичида кўпроқдир. Кофир аҳлларининг иттифоқлари уларнинг бир-бирларига қилган ёрдамлари, шунга ўхшаш бир қанча яхшилик ишлари борки, уларнинг ўндан бирини ҳам мусулмон номини олганлар қила олмайдилар. Масалан, улардан биронталари касб қилишдан ожиз бўлиб, муҳтожликда қолса унинг гадолик қилишига йўл қўймай, дарҳол ўша одамга етарли даражада моддий ёрдам қиладилар ва ҳоказо. Агар тижоратидан зиён кўрса камчиликларини тўлдириб, сармоя ва касб асбобларини тайёрлаб, муфлисликка (қашшоқликка) тушишидан уни қутқарадилар. Агар сафар йўлдоши йўл устида касалланиб қолар экан, тузалгунча ёки уйига етиб олгунча у билан бирга борадилар. Ана энди мусулмон деган кишиларга қаранг! Мусулмонларда шундай одамлар борки, сафарда йўлдошининг жони бўғзига келганда ҳам унинг томоғига бир қатра сув томизғиси келмайди; касбдан ожиз қолганларга ёрдам қилиб, гадоликдан қутқаришни эса хаёлларига ҳам келтирмайди. Агарда биров тижорат ишларида синар экан, ажаб бўпти, дейди ва “ўзи шундай бўлиши керак эди” деб маломат ҳам қилади. Шунингдек, ҳоким ва амалдорларнинг жабр-зулмлари, ўлим-етимнинг кўплиги, касб ва тижоратнинг зиёнга учраши, бир-бирларига дўстлик ва иттифоқликнинг йўқлиги, мана шунга ўхшаш ва офат– балолар бошқаларга қараганда мусулмонларда кўпроқдур”.

– Акам Олимхонтўра ўша ўлка мусулмонларининг қурултойида “Майли, болшевикларнинг ҳам Мухториятини кўрармиз, агар ўшангача омон бўлсак, лекин улар туркий мусулмонлар  ўзларининг диний, миллий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун энди ўлимдан қўрқмасликларини унутмасинлар…” деганида бир нарсани, уларнинг Оғаев айтган интифоқсизлигини, Аҳмад калла огоҳлантирган тарқоқлигини, ҳасадгўйлигини ва энг ­фожиали томони такаббурлигини ҳисобга олмаган эди, – деб фикрлашда давом этади Соғуний – Мухториятни қўллаб-қувватлашга даъват этилган “Шўрои исломия”, шу ташкилот томонидан Қўқон милициясига бошлиқ этиб тайинланган Эргаш қўрбоши ана шу юқорида айтганимиз биргина польяк мусулмони Оғаевдан ўрнак олсалар эди… Бу одам бизим Туркистонга не учун келган эди? Сайру-саёҳат билан келмаган эди-ку! Ўзининг юртида бўлганидек, мусулмон ўлкаларда ҳам Ҳуррият бўлишини истади. Бунга тушуниб ҳақ талаб қилувчи ва ҳам бу ишни бошқарувчи бизнинг Туркистонимизда кишилар камлигини билган чет эллардаги мусулмон зиёлиларининг диний ҳислари қўзғалиб, Туркистонда қардошларининг биринчи мартаба янгидан қурилаётган ёш давлатларига ёрдам етказиш учун у кишини юбормиш эдилар. Ўзи юрист бўлиб, чор ҳукуматига қарши мусулмон полякларининг миллий инқилобчиларидан эди. Ҳўқандга келиши биланоқ оз-кўп тушунган кишилар буни тақдирлаб, янги қурилаётган миллий Мухторият ҳукумати раисининг ўринбосари этиб сайламиш эдилар. Оғаев Туркистонга ана шундай улуғ мақсад билан келган эди. Бу киши бутун ишларни тартибга солиб эндигина ишга киришаётган чоғида дастлаб мутаассиб уламоларнинг фатвоси билан давлат тўнтариши ясаган Эргаш қўрбоши, бир кун ўтиб эса болшевикларнинг қатағонига учради. Эргаш бир кунгина хон бўлди, холос. Ана шу бир кунлик “хон” юз йиллар мобайнида хон ва амирлар, кейин эса чор ҳукумати зулмидан бағри қон бўлган авлодларнинг орзу-истакларини чиппакка чиқарди. Мутаассиб оломонни ва энг даҳшатлиси бир бурда нон ташвишида ойларни йилларга, эртани кечга улаётган тинч аҳолини болшевиклар, армани дашноқлар, рус казакларининг қирғинига дучор этди. Мухториятнинг қочишга улгурган аъзолари қочди, улгуролмаганлари қўлга тушди. Ана шу бахтсизларга ёрдам бериш учун оиласи, Ватани, балки бутун бахти-тахтидан воз кечиб келган Оғаев қардошимиз ерлик бахтсизлар қаторида қафасга солиниб, бизнинг озодлигимиз йўлида қурбон бўлди…

– Маслак йўлида қурбон бўлганларнинг ўлик-тириги бўлмайди,  – деб ўйлашда давом этди Соғуний. – Вақтеки, ўлганлари  тирикларидан шарафли бўлғай. Оллоҳ таоло ва таборак ўзининг каломи билан шундай дейди: “…Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса) демак гўё барча одамларга ҳаёт ато этибди…” Мазкур оят Қуръонда келган Қобил ва Ҳобил қиссасига алоқадор бўлиб, Исломнинг инсонпарварлиги назарда тутилади.

Қизил болшевиклар эса битта одамни эмас, минглаб, юз минглаб гуноҳсиз кишиларни ўлдирдилар. Акамнинг сўзига қараганда, болшевик­ларнинг ваҳшийлик маслагидан Оғаевнинг хабари йўқ бўлиши керак.

Бутун дунё бўйлаб ҳар ердаги инсонлар ўз ҳуқуқларига эришаётган ХХ аср даврида ўтган ваҳшийларча отиш-чопиш билангина иш олиб бормасалар керак, булар билан кўришиб сўзлашайликчи, мақсадлари нимадур? Уни билайлик”, деб юристлик қилиб, ҳуқуқшунослик йўли билан бу йиртқичларга сўз ўтказмоқчи бўлиб, қўлга тушмишдир. Йўқ эса, бошқа жон қутқазган “ботир”лар каби фурсатдан фойдаланса, қочиб қутилиши мумкин эди.

Бу қаҳрамон қўлга олингандан сўнгра шундайин хорлик, зулм остида туришдан ўлимни ортиқ кўриб, очлик билдирмишки, бу каби энг сўнгги даҳшатлик чорадан инсоният оламида фойда бериши кутилур эди. Булар олдида эътиборсиз бўлганликдан ўн беш кунлаб оч қолдирилмишдур. Ақли озиб, ўлар ҳолга келганда бошқа ёққа олиб кетганлар. Ундан кейинги тақдири номаълумдир…

Туркистон тарихида бу большевик деганларнинг, Ленин ва Сталин деганларнинг сийратига, сўз алдовига лаққа тушган чет эллик диндошларимиздан Оғаевдан ташқари Анвар пошо, Аҳмад Заки Валидий Тўғон ва бошқа минглаб қалблари Қуръонда келган Ҳобилникидек пок инсонлар бор эдики, ҳаммалари большевиклар қўлидан ўлим топдилар ёки қочиб қутулдилар. Туркистоннинг мангулик орзуси – мустақиллигини елкасида кўтаришга чоғланган Ҳўқанд эса вайронага айлантирилди. Хом лойдан ясалган тандирдан чиққан Ҳўқанднинг янги хони Эргаш болшевикларнинг бир ҳамласига ҳам дош беролмади… Хонликни даъво қилиб шаҳарга ўзи томонидан чорлаб келтирган қипчоқ жангариларидан аввалроқ қочиб қолди. Шундай бўлдики, болшевиклар мусулмонларнинг энг кекчил душманлари саналган арманилардан тўпланган аскарларни тўлиқ қуроллантириб, халқ устига келтирдилар. Буларнинг бошчи қўмондонлари эса турк қонига чанқаган, қоничгич Дашноқ фирқасининг аъзолари бўлганликдан Ҳўқанд шаҳри устида кўрсатган ваҳшийликлари ўрта аср йиртқичларидан Чингиз даҳшатларини унуттирмиш эди. Онгсиз халқ буни унутган бўлсалар ҳам, душман суққан найзаларнинг зарбаларидан юраклари парчаланмиш, кўз қонлари билан кўнгил саҳифаларига даҳшатли зулм хатларини ёзмиш тарихчилар бу каби фожиаларни ҳеч қачон унутмайдилар. Гарчи, кимки ёзув ва китобат йўлини танларкан тазйиқ ҳамда ёмон отлиққа чиқарилсаларда, биз ҳам болшевикларнинг бундай ваҳшийликларини ёзмасдан тура олмадик. Халқ кўзини қўрқитиб, уларга даҳшат солиш учун, бир томондан отиш-чопиш бошланган бўлса, иккинчи  ёқдан замбараклардан тўп отиб, ўт қўйиб, бутун шаҳарни куйдирмиш эдилар. Бу воқеадан беш-олти йил кейин Ҳўқандга борганимизда бузилиб, вайрон-талқони чиққан кўп иморатларни, куйдирилган бозор расталари ўрнида тўдаланиб ётган ҳисобсиз култепаларни кўзимиз кўрди.

Ана шу тариқа, бир аллома айтганидек, “инсонлиги, яшаш ҳуқуқи паймол этилган халқ ноилож қўзғолди. Халқ ўз ҳолича қўзғолди. Агар Эргаш хонлик даъвосида, атрофига ўзига ўхшаган азалдан қароқчилик қилиб келган кишилар билан болшевикларга қарши жанг қилган бўлса, энди халқни ҳеч ким бошқармади. Ўз орасидан ўзига бошлиқ сайлади. Аммо бошлиқлар ҳам авом эди. Улар қаён боришни ҳам, кимга қўшилишни ҳам билмасдилар. Юртни ташлаб муҳожирликка кетишни эса хаёлларига келтирмасдилар. Чунки улар ўз тоғларидан, қишлоқларидан бошқа жойларда яшаш мумкинлигини тасаввурларига сиғдиролмасдилар”. Ўз динини ва шу асосда тили, маданияти ва инсонийлик шаънини сақлаш учун  ҳижрат ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан қолган суннат эканини гўё унутган эдилар.

Соғуний хаёллар оғушида экан, акаси айтган Исҳоқхўжа Саидхўжа исмли халқ қўрбошисининг ўз оғасига ёзган мактубини эслади:

“Зоти олийлари! – деб бошланади ўша мактуб. – Биз охирги марта суҳбатлашганимиздан бери ҳам кўп вақт ўтгани йўқ. Лекин биз бу орада учинчи, тўртинчи, бешинчи бўлинмаларга қарши жанг қилдик. Худога шукр, биз бу жангларда туриб бердик. Ислом албатта ғолиб бўлажак! Иқрор бўлиш лозимки, жанг ниҳоятда қизғин бўлди. Ажабки, биз душманлар сафида миллий ҳукуматимизнинг бир нечта аъзосини кўрдик (Гап Бухоро миллий ҳукумати ҳақида кетяпти – Ё.Х.). Улар душман тарафида туриб бизга қарши жанг қилди. Душман бизни бутунлай маҳв этмоқ ниятида эди. Лекин биз бардош бердик, улар бизни маҳв этолмадилар. Тўғри, биз ҳолдан тойдик, сафимизда парокандалик ҳам бўлди. Аммо ҳаммасига чидадик.

Шу йил зулқаъда ойининг ўн бешинчи кунидан эътиборан душман Эскиж, Кухун, Даҳона, Хўжачихил, Дашт қишлоқларини талон-тарож қилишга киришди. Улар мол-қўйларни ҳайдаб, қўлига илинган нарсани олиб кетишяпти.

Ҳисор туманидаги бир қишлоқдан нуфузли оилалардан тўрт-бештадан аскар олишяпти. Бир қисми ихтиёрий равишда олинди, бир қисми мажбур қилинди. Душманнинг бундан кўзлаган мақсади – ўша маҳаллий йигитлар ёрдамида бизнинг қаерда турганимизни аниқлаб олишдир. Дастлаб, ўша йигитларнинг ҳаммаси тергов қилинди, улардан бизнинг қаердалигимизни сўрашди. Сўнг бизни қидириб топишга жўнатдилар. Зоти олийлари! Биз сиздан илтимос қиламизки, душманнинг бундай ҳаракатларига қарши нима қилишимиз тўғрисида маслаҳат берсангиз, буйруқларингизга мунтазирмиз! Биз ўз бурчимизни тўғри адо этаётганимизга ишонч ҳосил қилишимиз учун ҳам сизнинг кўрсатмаларингизга муҳтожмиз!”

Бу мактуб Мирзо Саидхон Ғозий номига юборилган. Маълум бўлмоқдаки, юртни большевиклардан ҳимоя қилиш учун етарлича куч бор эди. Бу куч – халқ бўлган. Аммо уни бошқарадиган бошвоқ йўқ. Бор бошвоқларнинг эса бирининг гапи иккинчисига тўғри келмай қирпичоқ бўлишди. Юртнинг бир қанотида даҳрийлик, иккинчи қанотида эса мутаассиблик ин қуриб, охир оқибат уни большевиклар қопқонига туширишди…

 

* * *

Соғуний хаёли яна ўша Андижон сафари, акаси билан бўлган суҳбатлар, Туркистон мухторияти қонга ботирилгач халқнинг оёққа қалқиши ҳақидаги воқеаларга дўнди.

– Акам Олимхонтўрада ёшликдан олимлик сиёғи бор эди. Ўша Макка шаҳрида ўқиб юрганлари пайтидаёқ Қуръон ва Ҳадисни ўқиб-ўрганишда араб грамматикасини чуқур билиш лозимлигини англаб, бу илмни маромига етказиб ўргандилар. Бухорода ўқиб юрганларида эса “Иншооллоҳ бир кун келиб араб тилидан дарслик тузиб, талабаларга ўқитаман”, деган ниятни юракларига тугиб қўйди. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, ўша пайтлари араб тили грамматикаси бўйича дарсликлар кам бўлишидан ташқари улар жуда мураккаб эди. Шу жиҳатдан талабалар дарсларни ўзлаштиришда кўп азият чекишарди. Балки қадимчиларнинг “Мадрасанинг йигирма йил тупроғини ялаб шу биргина сарф ва наҳвни ўргандик холос”, деганларида араб грамматикасининг мураккаблигини назарда тутишар. Ҳақиқатда шундай эди. Акамнинг ўзи ҳам бундан қийналгани боис сарф ва наҳвни ўрганиш бўйича соддалаштирилган китоб тузишни мақсад қилиб ўша чор ҳукумати пайтидаёқ, яъни 1915 йилда “Мифтаҳун наҳв” яъни “Наҳв калити” номли китоб ёзиб, уни адашмасам Тошкентдаги бир ўруснинг босмахонасида чоп эттирди. Бу китоб ўша алғов-далғов йиллардан омон-эсон ўтиб шу бугунгача ҳам мадраса ва ҳужраларда ўқитилмоқда. Иншооллоҳ китобнинг умри боқий бўлғай.

… Ўша тундаги суҳбатларимиздан англадимки, Туркистон мухторияти хоинлар ва болшевик жаллодлари томонидан қонга ботирилгач, акамнинг ҳукумат ишларидан кўнгли қолган эди. Ўзи аслида у киши ҳам, мен ҳам динни маҳкам ушлаган оддий бир фуқаро эдик. Аммо биз Аллоҳнинг бу муқаддас динини атрофимиздаги одамларсиз, уларнинг ҳаётисиз, бу ҳаётнинг оғир-енгилликларисиз, жамиятнинг, мавжуд ҳокимиятнинг ўша одамларга, уларнинг ҳаётларига муносабатисиз тасаввур этолмасдик. Зотан, бу ҳар бир мусулмоннинг, ҳар бир одамнинг оддий ҳаёти эди. Бу дунё-ю ҳаётда ўзингни қайдан келиб қаён бораётганингни, қўшнингни, қўшнингнинг қўшнисини, маҳалла-кўй, уруғ-аймоқ, қўйингки, бутун жамиятнинг турмуши қандай кечяпти, бизлар ўзи қандай одаммиз, бизларни йўлбошчиларимиз кимлар деган саволларга ҳар бир одам қизиқиши ва унга жавоб топиши лозим бўлади. Биз ака-укалар ана шу саволларга ўзимизча жавоб қидирар эдик. Албатта, топган бу жавобларимиз ҳар-хил бўлиши табиий. Бу ҳам рўзи азалнинг иши…

Акам бир неча йил Андижон ва бошқа жойларда яшириниб юргандан кейин Тўқмоққа қайтди. Бу воқеа менинг қамоққа олинишимдан сал олдинроқ бўлди. Тўқмоқ халқи акамни катта қувонч билан қарши олишди. Уларнинг кўплари акамнинг мухлислари, орқасида туриб намоз ўқиган қавм эди. Исломда шундай одат бор. Имомликка илмлик ва ёши улуғ одам, агар ёши улуғларнинг илми бундайроқ бўлса ёш бўлса, ҳам илми мукаммал одам ўтади. Ана шу таомилга кўра, акам отамиз қурдирган масжидда яна имом бўлиб қолди. Халқимиз азалдан оғзида илми бор кишини ўзига жуда яқин олган. Агар бу одам ана шу атрофдаги одамларнинг иссиқ-совуғидан, турмуш тарзидан хабардор бўлиб, ўзини улардан узоқ тортмаса унга бўлган меҳр-оқибат ўн чандон ортган. Акамиз Олимхонтўра эса ўшандай уламолардан эди. Туркистон Мухториятининг қонга ботирилиши, ўзининг сафидаги уламоларнинг мутаассиблиги Олимхонтўранинг кейинги ҳаётига қаттиқ таъсир қилган, деб ўйлайман. Унда илгариги шижоат, илгариги мардонаворлик сўнгандай эди. Дастлаб Эргаш қўрбошидан, кейин эса болшевиклардан қочиб қишлоқма-қишлоқ юриш, икки-уч йиллик сарсон-саргардонликлар уни чарчатиб қўйганди.Ҳар ҳолда мен унинг гап сўзларидан, ҳаракатларидан шуни тушундим.

– Болшевиклар бутун расм-русумларимизга ҳам ўзгартиришлар киритмоқчи, – деди у бир нуқтага қараб ўтирар экан. – Маҳалла оқсоқолларидан тортиб жоме масжидларининг имомларигача ўзлари тайинлашмоқчи… Аммо уларнинг бу ҳаракатлари ўзимиздаги мавжуд ясоқ ва юсунлардан авло эмас. Фақат устидаги тўни билан остидаги отини алмаштирадилар, холос.

– Дарҳақиқат шундай,  – деди Соғуний акасининг сўзларини маъқуллаб, – аслида Туркистон ва Мовароуннаҳр султонларининг ўз пайтларида тутган аскарий ва халқ устидаги ясоқ ва юсунлари Чингизхоннинг ясоқ ва юсунларидан олингандир. Чингизхон халқ кўзида ўз салтанатини ҳайбатли кўрсатиш учун шундай ясовни қурган эди. Чунки у ҳаддан оша золимлиги устига, бир қанча катта давлатларни мағлуб этиб, уларни ўзига қаратган эди. Дунёнинг ҳар томонидан унинг ўрдасига подишоҳлар, элчилар узилмай келиб турарди. Ҳар жойда ғалаба қозонган киши бошқаларнинг ундан ғолиб бўлишидан қўрқади. Шу сабабли Чингизхон ўрдадаги соқчилар ва тўқсовуллар бошлиғи қилиб эшик оғаси қўйишга мажбур бўлган. Токи халқ ўз ихтиёрича унинг олдига кира бермасин; ёки жондан кечган бир киши унга ёмонлик қасд қилмасин. Яна йўлда кетаётганларида пўшт-пўштчилар, сафар бошлиғи қилиб салом оғасини тайинлайдилар. Буларнинг вазифалари подшоҳга пиёдаларни яқин келтирмаслик, уларни узоқроққа суриб, отлиқларни отлардан тушириш эди. Шундай қилиб, бу юсунлар (одатлар, вазифалар) Туркистоннинг кейинги хонларига (бизнинг кунларимизгача  – муаллиф) мерос бўлиб қолди. Бу юсунлар шу даражага етдики, бир ўлканинг кичик хонлигига эга бўлганлар ҳам бу қоидани ташламадилар…

Соғуний хаёлидан отаси Шокирхонтўра ва муҳтарама оналари Норбуви ўтди. Ҳар иккалалари ҳам болажон, оқ-қорани таниган мўътабар инсонлар бўлишган. Акамнинг оила даврасига қайтгани, менинг ҳам ўзининг бағрида эканлигим онамизни жуда қувонтирган эди, отам…

ТАРИХ. Соғунийнинг ўғли Қутлуғхонтўра бир суҳбатда шундай деган эди:

– Тўқмоқ шаҳрида Наврўз куни ўзбек оиласида иккинчи ўғил – менинг отам Алихонтўра таваллуд топдилар. Оналарининг номи Норбуви, афсуски улар ҳақида билганларим ҳозирча жуда оз. Оталари Шокирхонтўра асли андижонлик, Нақшбандия сулукига мансуб диний олим бўлиб, Шокирхўжа эшон номи билан ҳам машҳур эдилар. Катта бувамиз Муҳаммадхўжа уларнинг оталари Мирниёзхўжа ва шу йўсинда йигирма нечанчи бувамиз Қилич Бурхон эканлар, буларнинг мақбаралари ҳозир ҳам Ўзган шаҳрида қад кўтариб турибди. Отамизнинг улуғ бир исломий бўғинга мансуб эканликларини тўқмоқлик қариялар айтиб берган ривоятлар ҳам исботлайди. Айтишларича, Қурбон Ҳайит байрами кунлари экан. Бир тўп болалар қувонишиб, шовқин-сурон солишиб масжид ёнидан ўтиб борардилар. Масжид дарвозасига етганда гуруҳдан биргина бола ажраб таққа тўхтаб қолади. Ичкаридан “Ҳув Оллоҳ, ҳув” мақомида айтилаётган ҳақ таоло зикри унинг борлиғини чулғаб олган, бутун вужуди билан титрарди, кўзларидан дув-дув  ёш оқарди. Шу аҳволда бола зикр давраси томон яқинлашди. Дарвешларнинг кексаси буни кўриб турган эди, болани ердан азот кўтариб, давра ўртасига олиб қўйди. Шундагина у аста-секин ўзига келиб, норасида ингичка овози билан зикр оқимига қўшилди.

Болаликдан ўчмас хотира бўлиб қолган бошқа бир воқеа ҳам диққатга моликдир. Шундоқки, отамиз 10-11 ёшларида бувамиздан бир чиройли қулун ҳадя олган эканлар. Уни меҳр билан парваришлаб боқиб, ювиб-тараб, ўстириб, той бўлиб қолган кезларда, бир кун маҳалла болалари югуриб келиб дейдиларки! – “Алихон! Ўткинчи қозоқ ўрислари (казаклар  – муаллиф) тойингни олиб кетяптилар”. Бу ўринда шуни эслатиб кетиш керакки, оқ пошшонинг эркалари ҳисобланган казаклар ўша вақтларда маҳаллий халқнинг хоҳлаган уйига кириб, истаган нарсасини тортиб олаверарди, мол-чорваси-ю, йилқисини ҳам ҳайдаб кетаверарди. Уларнинг қиличи ва ўқидан, калтагидан омон қолган жабрдийда эса дардини кимга айтса айтаверсин, барибир бефойда эди.

Бува-бувиларимизнинг “ҳай-ҳай”лаганига қарамай, бундай зулмга чидаёлмаган отамиз, бошқа отга мина солиб казакларни қувиб етадилар ва жон ҳалпида тойчоқнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб оладилар. Бош-кўзлари мўматалоқ бўлиб, қамчи зарбидан қон шар-шар оқаётган бўлса-да, казаклар уни тойчоқдан ажрата олмайдилар. Охири, халойиқ тўпланаётганини кўриб, казаклар қўл силтаганча ўлжадан воз кечиб, сўкина-сўкина жўнаб қоладилар. Отам раҳматлидан бошқа яна кўп ғаройиб кечмишларни эшитгандим. Бироқ, мазкур икки воқеа менинг таҳлили ожизимга кўра, бир мантиқий бутунликка эга. Яъни,  юрт бошига булутли кунлар тушганда, она Туркистонимиз бағрида Аллоҳга қаттиқ боғланган, душманга эгилмас фарзандларидан бири ёруғ дунёга келди…

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 9-сон

__________________

[1] Ҳозирги Бишкек шаҳрининг аввалги номи.

[2] Тарихда чор ҳукумати олиб борган сиёсатга қарши мусулмон уламолари, жумладан Алихонтўра Соғуний имзо чеккан фатво кам учрайдиган ҳодиса. Рус патриархи Тихон ҳам 1922 йили  черковлардаги қимматбаҳо безаклар Совет ҳукумати томонидан зўрлик билан тарон-тарож қилинаётганига қарши фатво берган эди – Ё.Х.

[3] “Шарқ юлдузи” журнали, 7-сон, 1992 йил.

[4] Б.Ғозиев, “Жалолобод тонги” газетаси,2015 йил, 7 декабрь.

[5] История Узбекской ССР, T.1, книга вторая, изд. АН УзССР. Ташкент – 1956 г.,  С.393.

[6] Шамсутдинов Рустамбек, Каримов Шоди, “Ватан тарихи”, 3-китоб, Тошкент, “Шарқ” –2010й., 10-13 бб.

[7] Шеърий парча “Миллий уйғониш” китобидан олинди.

[8] И.Абдураҳмонов, “Сузоғим – қайнар булоғим”, “Дийдор” газетаси, 2009 йил, октябрь сони.

[9] Шу газета.

[10] Т.Хайруллаев “Нурилла Махсум ким бўлган: босмачими ё миллий  қаҳрамон”, “Жалолобод тонги” газетаси, 1992 йил, 7 апрель сони.

[11] “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1992 йил,8-сон.

[12] Q.Usmanov, М. Sodirov “O’zbekiston tarixi” (1917–1991 уу.) “Sharq” Toshkent – 2009,47-bet.

[13] Ўша асар, 46-бет.

[14] Аҳмад Дониш (калла), ХIХ аср мусулмон маърифатчиси, “Наводирул Вақое” асарининг муаллифи. Бу китобни Алихонтўра Соғуний ўзбек тилига таржима қилган (1964й.).