“ҲАЛИ СОАТИМ БОР”
Танишларимдан бири ишга шошилаётиб, соатини уйда унутиб қолдиради. У Грановский кўчасидан кетар экан, йўлкада турган паст бўйли қарияга кўзи тушади. “Марҳамат қилиб, соат неча бўлганини айтиб беролмайсизми?” — сўрайди аёл. “Худога шукур, ҳали соатим бор”, — деб қария вақтни айтади. Ва бошини кўтариб қарайди. 1937 йилда отиб ташланган кекса большевикнинг қизи бўлган бу аёл қаршисидаги кишини таниб, ҳайратдан довдираб қолади. Қария 30-йилларда Совет ҳукуматини бошқарган ва 40-йилларнинг охирида ВКП (б) Сиёсий бюроси аъзоларининг номи саналган пайтда исми ҳар доим Сталиндан кейинги иккинчи ўринда турадиган Молотов эди.
СССР ёки КПСС тарихига бағишланган йирик тадқиқотларда Молотов номи сийрак бўлса-да, учраб туради. Ҳатто Катта Совет Қомусининг охирги нашрида унга бағишланган кичик мақола ҳам берилган. Аммо сўнгги йилларда мен суҳбатлашган кўпгина ёшлар лоақал унинг номини ҳам билмаслигини аниқладим. Шунинг учун ҳам чуқур мулоҳазали америкалик журналист Хедрик Смитнинг қуйидаги фикрларини ўқиганимда, гарчи бир қадар ҳайрон қолган бўлсам-да, унчалик ажабланмадим. У “Руслар” деб номланган китобида шундай ёзади:
«Совет Иттифоқида кечган тарихий воқеаларни рус ёшларига қараганда ғарбдаги одамлар яхшироқ билишини кўпинча унутиб қўямиз. Таниқли совет эстрада артисти Аркадий Райкин билаи боғлиқ кичик бир ҳодиса бунга яққол мисол бўла олади. Қиш кунларидан бирида юрак хуружи туфайли уни касалхонага ётқизишади. Бир куни актёрни кўргани ўн саккиз ёшли набираси келади. Кутилмаганда палата ёнидан Сталиннинг тирик қолган сафдошларидан бири, ўтмишда Министрлар Советининг Раиси ва ташқи ишлар министри бўлган Вячеслав Молотов ўтиб кетаётганини кўрган Райкин ҳайратдан лол қолиб, каравотдан сакраб туриб кетади.
— Бу — унинг ўзи! — хитоб қилади Райкин.
— Ким? — сўрайди набираси; йўлақдан ўтиб кетаётган кишини у мутлақо танимас эди…
— Молотов, — ғўнғиллайди Райкин.
— Молотов деганингиз ким? — сўрайди йигитча ажабланганини яшириб ўтирмасдан.
Ўрта ёшлардаги бир олимнинг эътироф этишича, бундай тарихий саводсизлик ёшлар орасида яқин кечмишда ўтган ёвузлар ёки қаҳрамонлар ўрнига ғарбдаги “рок-музика” юлдузларига сажда қилишни авж олдирди»?[1]
Албатта, кекса авлодга мансуб кишилар Молотовни яхши эслашади. Айни замонда, улар ҳам собиқ Бош вазирнинг кейинги йигирма-ўттиз йил ичида ҳаёти қандай кечганлигини, ҳаттоки тирик ёки марҳумга айланганини деярли билишмасди. Шунинг учун ҳам улар 1930—1941 йилларда Халқ Комиссарлар Советининг Раиси бўлиб ишлаган Молотов 97 ёшида вафот этгани ҳақида 1986 йилнинг охирида СССР Министрлар Совети эълон қилган қисқа хабарни катга ҳаяжон билан ўқидилар. Бу хабар Молотов вафотини билдиришдан ташқари, унинг номи сиёсат майдонига қайтганини ҳам англатар эди.
Молотов большевиклар партиясига 1906 йилда кирган ва чамаси, умрининг охирида энг кекса партия аъзоси бўлиб қолган эди. 70-йилларнинг охирида мамлакатда Фаро Ризель Кнунянц энг кекса партия аъзоси ҳисобланарди. Бу аёл социал-демократлар ҳаракатига 1903 йилда қўшилган эди. У 1980 йилда 97 ёшида вафот этди. 1983 йилда — 1904 йилдан КПСС аъзоси бўлган Тимофей Иванович Иванов 99 ёшда ҳаётдан кўз юмди. 1985 йилда ана шу ёшда Анна Николаевна Бичкова оламдан ўтди, у партияга 1906 йилда қабул қилинганди. Мана, энди Молотов ҳам вафот этди.
Молотов партиянинг энг кекса аъзоси сифатида оз яшаганига қарамай, кўп йиллар Ленин давридан бери МК аъзоси бўлган ягона сиёсий арбоб ҳисобланиб келди. Ана шу йилларда фаолият кўрсатган МК аъзоларининг жуда оз исмгина табиий ажали билан вафот этди. Кўпчилиги отилди ёки турма ва лагерларда ҳалок бўлди. Молотов эса ана шу кишиларнинг маҳв этилишига катта ҳисса қўшган эди.
ЛЕНИН ДАВРИДАГИ ФАОЛИЯТИ
Молотовнинг ҳақиқий фамилияси Скрябин. Большевик газеталарда босилган ҳар хил кичик хабар ва мақолалари турли тахаллуслар остида эълон қилинган. Фақат 1919 йилда ишчиларнинг хўжалик фаолиятида қатнашишига доир рисолага у “Молотов” тахаллусини қўяди. Шундан бошлаб бу ном фамилияга айланиб кетди.
Кўпчилик негадир, Молотов дворянлар оиласидан чиққан деб, ўйлайди. Аслида ундай эмас. У 1890 йилнинг 9 мартида Вятка губерниясидага Кукарка қишлоғида туғилган, келиб чиқиши Нолинск шаҳридан бўлган мешчан Михаил Скрябиннинг учинчи ўғли эди. Молотовнинг ўзига тўқ отаси ўғилларини яхши ўқитган. Вячеслав Қозондаги билим юртини битириб, ҳатто мусиқий маълумот ҳам олган эди. Бу даврда Россияда дастлабки инқилоб рўй берган, қозонлик ёшларнинг кўпчилиги кескин ўзгаришлар тарафдори эди. Молотов тўгараклардан бирига кириб, марксистик адабиётларни ўргана бошлайди. Бу ерда у бой савдогарнинг ўғли, йирик мулк меросхўри бўлишига қарамай, 1905 йилда Қозондаги большевиклар гуруҳига кирган Виктор Тихомирнов билан дўстлашади. Тихомирновнинг даъвати билан Молотов ҳам 1906 йилда ана шу гуруҳга қўшилади. 1909 йилда Молотов қамоққа олинади ва Вологдага сургун қилинади. Сургун муддати тугаганидан кейин у Петербургга келиб, Политехника институтига ўқишга киради. 1912 йилда пойтахтда биринчи очиқ большевик газета “Правда” нашр этила бошлайди. Унинг ташкилотчиларидан бири Тихомирнов бўлиб, у газета харажатлари учун катта маблағ ажратган эди. Тихомирнов газета ишига Молотовни ҳам тортади ва у матбуотда мақолалари билан қатнаша бошлайди. Кейинроқ, 30-йилларда Молотов дўстининг қизи — балет раққосаси И.Тихомирновага ҳар жиҳатдан ҳомийлик қилгани маълум.
Уруш арафасида партия етакчиларининг кўпчилиги қамалгани ёки хорижга кетиб қолгани туфайли Россиядаги жуда кўп большевик ташкилотлар раҳбарсиз қолган эди. 1915 йилнинг кузида Петроградда А.Шляпкиков бошчилигада МКнинг Рус бюроси қайта тузилади. Бир йилдан кейин унинг сафига йигирма олти ёшли Молотов ҳам аъзо бўлади. Февраль инқилоби даврида у кўзга кўринарли сиймо бўлиб қолган эди. У 1917 йилнинг мартида “Правда” таҳририяти ва Петроград Совети ижроия қўмитаси аъзолигига сайланади.
Аммо бу йилларда Молотов партия раҳбарлигида фақат иккинчи ўринларни эгаллаб келди. Унда нотиқлик истеъдоди ҳам, катта ирода ва инқилобий жўшқинлик ҳам йўқ эди. Шунинг учун у 1917 йилдаги қайноқ инқилобий ҳаракатларда ва фуқаролар уруши даврларида деярли кўзга кўринмади. Аммо Молотов итоатгўйлиги, сабр-бардоши, тиришқоқлиги билан доим ажралиб турарди. Бундан ташқари, у олий техника маълумотига эга эди. 1918 йилда Молотов Шимолий ҳудудларда Халқ Хўжалиги Кенгашини бошқарди. Ҳудуд таркибига собиқ Россиядаги 7 губерна ва Карелия Меҳнат коммунаси кирарди. 1919 йилда у Волга бўйидаги хўжалик ва совет ташкилотларини тиклаш ишларига раҳбарлик қилди. 1919 йилнинг ёзида Молотов “Қизил юлдуз” ташвиқот кемасида сафар қилиб, Н.К.Крупская билан танишади. Ленин билан эса 1917 йилнинг апрелида учрашган эди.
Орадан кўп ўтмай, Молотов билан маҳаллий раҳбарлар ўртасида кескин зиддиятлар пайдо бўлади. Шу туфайли уни Волга бўйидан чақириб олиб, Украинага жўнатишади. Бу ерда ҳам у узоқ ишламайди. 20-йилларда РКП(б)нинг марказий аппарати анчагина кенгайиб кетган эди. Зеро, бир партияли тизим шуни тақозо қиларди. Бунинг устига, 1919 йил мартда Я.М.Свердлов вафот этди. У партия аппаратининг ягона ва муросасиз раҳбари бўлиб келгани маълум. Шундан кейин МК Котибиятининг коллегиал асосда ишлайдиган марказини тузишга қарор қилинди ва 1920 йилда Н.Н.Крестинский, Е.А.Преображенский ва Л.П.Серебряковлардан иборат МК Котибияти сайланди. Уларнинг ҳаммаси Троцкийга тарафдор эдилар. “Касаба мунозараси”дан кейин Ленин Котибият таркибини бутунлай янгилашга қарор қилди. Аммо бу иш Троцкий гуруҳи РКП(б)нинг X съездида мағлубиятга учрагандан кейингина амалга оширилди. Янги Котибият ва МКга Молотов ҳам сайланди. Энди у фақат МК котибигина эмас, Сиёсий бюро аъзолигига номзод ҳам эди. Молотов котибиятда идора ишларининг моҳир устаси сифатида танилди, аммо унда ҳамон мустақиллик ва обрў етишмас эди. Ленин ундаги ўта расмиятчиликни мутлақо ёқтирмасди, бу иллат эса РКП(б) таркибига кейин қўшилган кўпгина ёрдамчи бўлимларда ишлаётган ходимлар фаолиятига хос умумий нуқсон ҳисобланарди. 1922 йилнинг кўкламида Котибиятни қайта тузиш, ҳуқуқ ва вазифаларини кенгайтириш ҳамда унга Сиёсий бюро аъзоларидан бирини бошлиқ қилиб тайинлашга қарор қилинди. Зиновьев ва Каменев Сталин номзодини илгари сурдилар. Ленин бу таклифга рози бўлди.
СТАЛИН БИЛАН ЁНМА-ЁН
МКнинг янги Котибияти XI съезддан кейин Сталин, Молотов, ва Куйбишевдан иборат қилиб белгиланди. Энди Бош котиб бўлиб қолган Сталин фақат садоқати учунгина Молотовга ён босмагани маълум. Сталин Молотовнинг ишчанлиги ва расмий интизомга қаттиқ амал қилишини қадрларди. У биринчи ўринларга интилмас эди, ишчи ва деҳқонлар орасида эса умуман кўринмасди. Аммо унда Сталин тоқат қилолмайдиган сон-саноқсиз идоравий юмушларни қойиллатиб бажариш лаёқати бор эди. Идора ишларини хуш кўрмайдиган биринчи авлодга мансуб большевиклар Молотовга, “орқаси тош” деган ҳақоратомуз лақаб беришган.
В.И.Ленинни дафн этиш маросимида Молотов Сиёсий бюро аъзолари ва аъзоликка номзодлар қаторида тобутни кўтариб борган. “Правда” мухбирлари 1924 йил 28 январда шундай ёзишганди: “Соат 4. Сталин, Зивовьев, Каменев, Молотов, Бухарин, Рудзутак, Томский ва Дзержинский ўртоқлар тобутни кўтаришди ва, Қизил Майдон бўйлаб юриб, Владимир Ильич жасадини мавзолейга олиб киришди. Олдинда байроқдорлар боришарди”.
20-йилларда биз Молотовни деярли ҳар доим Сталин ёнида кўрамиз. У дастлаб троцкийчиларга, сўнг зиновьевчилар ва “бирлашган” мухолифатчиларга қарши фаол курашди. Съездларда у, одатда, ташкилий масалалар бўйича доклад қилар, мақолалари билан “Правда” газетасида тез-тез қатнашар, кетма-кет “Партия амалиёти масалалари”, “Партия ва Ленин даъвати”, “Инқилоб даврида Ленин ва партия”, “Партиянинг қишлоқдаги сиёсати” сингари рисолалар чиқариб турарди. Молотов ҳеч қачон аграр масалалар билимдони бўлмаганига қарамай, 1924 йилдан бошлаб МКнинг қишлоқ ишлари Комиссиясига раҳбарлик қилди. 1928—1929 йилларда Сиёсий бюронинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида “ўнг оғмачилар”га қарши курашда ҳеч иккиланмасдан Сталинни қўллаб-қувватлади.
Москва партия ташкилотининг ўнг қанотига, айниқса, унинг етакчиси Н.А.Углановга қарши муросасиз курашда у катта жонбозлик кўрсатди. Партиянинг XV съездида Молотов деҳқонлардан ғаллани мажбурий равишда тортиб олишни расман қоралаган ҳамда бундай тадбир “Совет давлатининг бузилишига” олиб келади деб таъкидлаганига қарамай, бир ойдан кейин мутлақо бошқа йўлга ўтиб олди ва ғалла тайёрлашда фавқулодда чоралар кўришга қарши чиққан ВКП(б) Москва шаҳар қўмитаси пленуми қарорини кескин танқид қилди. Молотов бу ўринда ҳам “хўжайин” изидан борди. 1928 йилда у Марказий Комитетнинг котибларидан бири бўлиб қолгани ҳолда ВКП(б) Москва шаҳар қумитаси (МШҚ) биринчи котиблигига сайланганди. “Московская правда” газетасида унинг раҳбарлик фаолиятига доир қизиқарли далиллар келтирилган: Молотов ҳақиқатан ҳам Москва шаҳар қўмитасининг биринчи котиби сифатида иш бошлагандан кейин бир юз йигирма кун ичида Москва партия ташкилоти раҳбариятини деярли “ағдар-тўнтар” қилиб, пойтахт коммунистларини “доҳий” атрофида “бирлаштиришга” эришади. МШҚдаги олтита бўлим мудиридан тўрттаси ишдан бўшатилади, пойтахтдаги олтита райком котибидан фақат иккитасигина партиявий ишни давом эттиришга муваффақ бўлади. Аввалги сайлов билан қиёслаганда, МШҚ бюроси таркиби 60 фоиз янгиланади. Москва партия ташкилотига сайланган 157 аъзодан фақат 58 тасигина эски таркибдан қолган эди. МШҚ таркибидан Бухарин, Рютинлар чиқариб юборилди, уларнинг ўрнини Каганович сингари садоқатли сталинчилар эгалладилар. Пойтахт партия ташкилотидаги “қалтис тугун”ни узиб ташлаш ҳақида Сталин берган топшириқ муваффақиятли бажарилди[2].
Ишчанлигига қарамай, сўхтаси совуқ, ҳеч қандай ҳиссиётга берилмайдиган Молотов Сталиннинг барча топшириқ ва кўрсатмаларини сўзсиз адо этар эди. Сталин ҳам бу садоқатни қадрлаган. А.И.Риков истеъфосидан кейин бўшаб қолган Халқ Комиссарлар Совети Раиси лавозимига Сталин айнан Молотов номзодини таклиф қилди ва уни Совет ҳукумати бошлиғига айлантирди. ВКП(б) МК; ва МККнинг 1930 йил декабрдаги мажлисида Молотов нутқ сўзлаб, шундай деган эди:
“Ҳозир янги лавозимга тайинланишим муносабати билан ўзим ва ишларим ҳақида бир-икки оғиз сўзламасдан ўтолмайман… Коммунист сифатида Ленин бошлаган ишларни муносиб давом эттиришдан бошқа юксак мақсадим йўқ. Мен қисқа муддат Ленин билан бирга ишлашга муяссар бўлдим. Сўнгги йиллар ичида бевосита Лениннинг энг яхши шогирди ўртоқ Сталин раҳбарлигидаги большевиклар мақтабидан таълим олиб, ишлаб келмоқдаман. Мен бу билан фахрланаман. Шу пайтгача партия ходими сифатида ишлаган эдим. Сизларни ишонтириб айтаманки, ўртоқлар, Совнарком ишига ҳам партия ходими сифатида, партия ва унинг Марказий Комитети иродасини бажарувчи раҳбар сифатида ўтаман”.
Биринчи ва иккинчи беш йилликлар даврида совет саноатини яратишдаги асосий оғирлик халқ комиссарлари ва уларнинг етакчи ёрдамчилари зиммасига туштан бўлса-да, Молотов ҳам кўп ишларни бажарди. Аммо у ҳамма билан чиқишиб кетавермасди, айниқса, Оғир саноат комиссари Г.К.Оржоникидзе, халқ комиссари С.С.Лобов ва бошқалар билан тез-тез зиддиятларга бориб турарди. Аммо Сталин деярли ҳамма вақт Молотовга ён босарди. Молотовнинг интилиш ва садоқати билан бирга бўйи пастлиги ҳам Сталинга ёқар эди. Пакана ва чўтир бу диктатор йирик гавдали, ҳушқомат, кўркам одамларга тоқат қилолмасди. Шоир О.Мандельштамнинг Сталинга бағишланган ва кейинчалик ўз бошига еттан машҳур шеъридаги:
Теграси сертаъзим даҳочалардир,
Беаёв маҳв этар уларни бир-бир, —
мисраларида Мандельштамнинг беваси гувоҳлик беришича, Молотов назарда тутилган.
“Осип Молотовнинг ёқасидан чиқиб турган қилтириқ бўйни ва кичкина бошини нозик илғаб олган эди”, деб ёзади у хотираларида[3].
МОЛОТОВ ҚАМОҚ СИРТМОҒИДА
1930—1931 йилларда ўтказилган коллективлаштириш, бой ҳамда ўртаҳол деҳқонларни кўплаб сургун қилиш даврида Молотов чексиз ҳуқуқларга эга бўлган фавқулодда вакил сифатида мамлакатнинг турли ҳудудларига хизмат сафарига юборилди. Айниқса, унинг 1932 йилда Украинада бўлиб, жанубий вилоятларда ғалла тайёрлашга раҳбарлик қилиши мудҳиш оқибатларга олиб келди.
1931 йил декабри охирида Украинага келган Мологов УКП(б) МК Сиёсий бюроси мажлисида нутқ сўзлаб, ғалла тайёрлаш режасининг бажарилиши мутлақо қониқарсиз эканлигини, ҳатто у барбод бўлиши мумкинлигини таъкидлади. У “махсус чоралар” кўриш ва “синфий душманларга нисбатан большевикларча ҳушёрликни” кучайтиришни талаб қилди. Ҳар қандай шароитда режани бажариш талаби жазо чоралари қўллашни билдирарди. Ғалла тайёрлашни назорат қилиш мақсадида 1932 йил октябрда Молотов Украинага яна келди. Унинг бевосита иштирокида бир қанча зўравонлик тадбирлари амалга оширилди. Молотов иштирок этган Украина Сиёсий бюросининг навбатдаги мажлисида режа бажарилмаётгани учун маҳаллий партия ташкилотлари айбдор деб топилди. Айни замонда, ғаллани топширишдан бош торттан якка хўжаликларга нисбатан огоҳлантириш, жарима солиш ва судга тортиш каби маъмурий чорадар қўллашга қарор қилинди. Махсус кўрсатмага мувофиқ, ерларни тортиб олиш ва вилоят ҳудудидан ҳайдаб чиқариш тартиби белгиланди. Шундан кейин Молотов иштирок этган Украина Сиёсий бюросининг 17-18 ноябрдаги махсус мажлисида қарздор колхозларга нисбатан аёвсиз чоралар қўллаш тавсия этилди. Қатағон чораларини жорий этишда Каганович комиссияси Шимолий Кавказда ишлаб чиқкан “бой” тажрибалардан фойдаланилди. Қишлоқ коммунистлари орасида оммавий тозалаш ўтказиш мўлжалланди[4]. Молотов амалга оширган “аграр сиёсат” минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлиб, минглаб қалбларни жароҳатлади. Аммо ғалла тайёрлаш кампаниясининг оқибатлари жуда даҳшатли чиқди. Украина миллионлаб одамларни домига тортган мудҳиш очарчилик исканжасига тушиб қолди.
Қилмиш-қидирмиш деганларидек, 1936 йилда Сталин, Ежов, Ягодалар раҳбарлигида Зиновьев — Каменев гуруҳи устидан “очиқ” суд жараёнига тайёргарлик ишлари бораёттан кунларда Молотовнинг бошида ҳам қора булутлар айланиб қолди. У билан Сталин ўртасида мазкур масалада кандайдир келишмовчиликлар бор эди. Бу ҳақда бир вақтлар Испанияда ишлаган ва нақд ўлим кутаётганини сезиб, СССРга қайтишдан воз кечган йирик совет разведкачиси, НКВД нинг собиқ генерали Александр Орлов (Лев Фельдбин) 1953 йилда АҚШ да босилиб чиққан китобида ёзган эди[5]. У АҚШда ҳам америка ҳукуматидан яшириниб яшади ва Сталиндан кейин яна йигирма йил умр кўришга муяссар бўлди. А.Орлов шундай гувоҳлик беради:
“Троцкийчи—зиновьевчи марказ”нинг суд жараёнига доир расмий ҳисоботларида “марказ” ўлдиришни режалаштирган арбоблар қаторида бирон жойда ҳам Молотов фамилияси тилга олинмайди. Ҳолбуки, Молотов мамлакатда Сталиндан кейин биринчи ўринда турар ва совет ҳокимиятининг бошлиғи эди. Судланувчилар Сталин, Ворошилов, Каганович, Жданов, Оржоникидзе, Косиор ва Постишевларга қарши “террорчилик ҳужумлари тайёрлашганлигига” иқрор бўлишар, аммо Молотов ҳар гал бундай ёвуз ниятлардан четда қоларди. Бу ерда ҳеч қандай сирли нарса йўқ. Тергов бошлангандаёқ НКВД ходимларига қамоққа олинганлардан Сталин ҳамда бошқа барча Сиёсий бюро аъзоларига нисбатан террорчилик ҳужумлари тайёрланганини тасдиқлашга эришиш вазифаси топширилган эди. Ана шу кўрсатмага мувофиқ Миронов Рейнгольдни кекса большевикларга қарши гувоҳлик беришга кўндиради ва у… мухолифатнинг собиқ аъзолари Сталин, Молотов, Ворошилов, Каганович, Киров ва бошқа доҳийларни ўлдирмоқчи бўлганлигини тасдиқлайди. СССРда юқоридаги фамилиялар қатъий белгиланган тартибда саналиши лозим эди, бу эса ҳар бир “доҳий”нинг партия раҳбариятидаги мавқеини кўрсатарди; ана шу тартибга мувофиқ Рейнгольднинг кўрсатмаларида Молотов табиий равишда Сталиндан кейин тилга олинганди. Аммо бу маълумотнома тасдиқлаш учун Сталинга тақдим этилганда, у ўз қўли билан Молотовни ўчириб ташлайди. Шундан кейин терговчиларга Молотов номини бирон-бир маълумотномага киритмаслик ҳақида топшириқ берилади.
Бу ҳолат НКВД раҳбарлари орасида турли шов-шувларга сабаб бўлади. Мантиқан олиб қараганда, Молотовни ҳам фитна иштирокчиси сифатида қамоққа олиш ва судда Зиновьев, Каменевлар қаторига ўтказиш учун буйруқ бериш лозим эди. Терговчилар орасида Молотов уй қамоғига олинган деган гап тарқалади. НКВДда Ягодани ҳисобга олмаганда, деярли ҳеч ким Молотов не сабабдан Сталиннинг ғазабига дучор бўлганини билмас эди. Шу пайтларда кенг тарқалган овозаларга кўра Молотов кекса большевиклар устидан ўтказилаёттан бу шармандали суд жараёнини тўхтатишга даъват этган. Бу, албатта, Сталинга ёқмаган эди.
Тез орада Молотов дам олиш учун жанубга жўнаб кетади. Бу кутилмаган сафар ҳам НКВД раҳбарлари томонидан ёмон аломат ривожланиб бораётган драманинг охирги саҳнаси сифатида қабул қилинади. Сталин ўз одатига кўра Халқ комиссари ёки Сиёсий бюро аъзосини хизмат вазифасини бажариш пайтида қамоққа олдирмаслиги ҳаммага маълум эди. Ён-атрофидаги сафдошларидан биронтасини қамоққа олишдан олдин Сталин уларни дам олишга жўнатар ёки фалончи янги мансабга тайинлангани ҳақида газетада эълон чиқартирарди. Буни яхши билган НКВД раҳбарлари Молотовни қамоққа олиш ҳақидаги буйруқни кута бошладилар. “Орган”да уни таътилдан кейин Кремлга эмас, Лубянканинг ички турмасига жўнатилади деган қатъий ишонч устувор эди.
Сталин деярли олти ҳафта ҳаёт ва ўлим оралиғида ушлаб тургандан кейингина Молотовни “кечириш”га қарор қилади. Ҳарқалай, Молотов унга зарур эди. Сталин йиғиб олган малакасиз, билими паст Сиёсий бюро аъзолари орасида Молотов алоҳида ажралиб турарди. У фавқулодда даражада ишчан эди. Мамлакатни бошқаришдаги оғир идоравий ишлардан у Сталинни халос қила биларди. Бундан ташқари, Сиёсий бюро аъзолари орасида Сталиндан ташқари фақат Молотовгина ўзини том маънода эски большевик деб ҳисоблашга ҳақли эди, чунки у инқилобгача партия тарихида сезиларли из қолдирганди.
Молотов таътилдан кейин Халқ Комиссарлар Советининг Раиси сифатида хизмат вазифасини бажаришга киришди. НКВДнинг юқори мансабдорлари бу янгилиқдан ҳайратда қолдилар. Бу — Сталин билан Молотов вақтинча бўлса-да, ярашувга эришганлишни кўрсатарди”[6].
ОММАВИЙ ҚАТАҒОНЛАРНИНГ ФАОЛ ИШТИРОКЧИСИ
Юқоридаги қалтис вазиятдан кейин Молотов қатағон тадбирларига қарши эътироз билдирмади, аксинча, 1937—1938 йиллардаш оммавий қирғинларни ташкил этишда фаол иштирок этди.
1935 йилда СССР Халқ Комиссарлари Советига аъзо бўлган 25 комиссардан қатағон йилларида фақат Микоян, Ворошилов, Каганович, Литвинов ва Молотовгина омон қолган эди. 1938 йилнинг бошида Халқ Комиссарлари Совети аъзоси бўлган 28 раҳбардан йигирматаси қатағонга учради. Молотов бу даҳшатли хунрезликнинг оддий кузатувчисигина эмас эди. Қирғин ғилдирагини айлантиришда у Сталин, Ежов ва Берияга яқиндан ёрдам берди. Айнан Молотов МКнинг февраль-март пленумида (1937 йил) катга нутқ сўзлаб, бутун партияни “бузғунчилар” ва “жосус”ларга қарши муросасиз курашга даъват қилди, яъни “чўнтагида партия билетини солиб олиб, партия йўналиши ва манфаатларини ёқлаймиз деб айюҳаннос соладиган “бузғунчи”ларни фош этишга чорлади. Бу нутқ “Япон-немис троцкийчи айғоқчиларнинг бузғунчилик, диверсия ва жосуслик фаолиятини фош этиш сабоқлари” номи билан алоҳида китобча тарзида босилиб чиқди. Молотов Сталиндан кейин қамокқа олинганлар рўйхатига имзо чекар экан, баъзи фамилиялар қаршисига ҳақоратомуз сўзлар битиб қўйишдан тап тортмас эди. У СССР Халқ Комиссарлар Совети маҳкамасидаги кўплаб қамоққа олишларнинг ташаббускоридир. Унинг талаби билан Г.И.Ломов, К.В.Уханов, шунингдек, Урал ва Свердлов обкомининг биринчи котиби И.Д.Кабаков ҳамда кўплаб областъ ижроия қўмиталари раислари ҳибсга олинди.
Судлар, “тройка”лар авж олиб кетган оммавий қатағон ишларини кўриб улгура олмас эди. Бу “жараён”ни соддалаштириш ва тезлаштириш утун Молотов ҳар бир шахс ишини алоҳида кўриб ўтирмасдаи умумий рўйхат бўйича судлаш ва жазолаш ҳақида “ихтирочилик таклифи”ни илгари сурди.
Қамоққа ҳукм қилинганлар рўйхатини тасдиқлаш пайтида Молотов айрим фамилиялар қаршисига “ВМН” (“высшая мера наказания”) — “отишга ҳукм қилинсин” деб ёвуз белги қўйган ҳолатлар ҳам бор. Шу билан бирга, юқорида таъкидлаганимиздек, Молотов қўли билан бошқа кескин ёзувлар ҳам битилган. Масалан, Сталиннинг “Ломовга қандай чора қўллаймиз?” деган сўровига у ҳеч иккиланмай: “Аблаҳ Ломовни зудлик билан қамоққа олиш керак”, деб жавоб қайтарган.
Илгари “Спартак”нинг машҳур ўйинчиси бўлган Николай Старостин ўз хотираларида Молотов таржимаи ҳолида жуда кам учрайдиган бир ҳодисани келтиради: Берия ака-ука Старостинларга қарши спортчилар орасида террорчилик ташкилоти тузган деган сохта айб қўзғатади. Аммо кўз кўрмаган, қулоқ эшшмаган воқеа юз беради: Молотов уларни қамоққа олиш ҳақидаги баённомага имзо чекмайди. Камёб ҳодиса — Берия мўлжалини амалга оширолмайди[7].
Оммавий қатағон йилларида оддий коммунистлар ҳамда кўплаб машҳур фан ва маданият арбоблари қамоққа олинган ёки ноҳақ таъқиб этилаётган кишиларни ҳимоя қилишни сўраб фақат Сталинга эмас, Молотовга ҳам, Калининга ҳам кўплаб мурожаат қилишган. Айниқса П.Л.Капица таниқии совет олимларини ҳимоя қилиш учун кўп уринган. Унинг Молотовдан бошқаларга қилган аксари мурожаатлари яхши натижа берган. Аммо йирик совет математиги, академик Н.Н. Лузинга нисбатан матбуотда кенг авж олдирилган бемаъни ҳужумларни тўхтатишни сўраб Молотовга қилган мурожаати эса қуйидаги имзо билан Капицага қайтарилган: “Кераксизлиги учун фуқаро Капицага қайтарилсин. В.Молотов.”[8]
Молотов билан буюк рус олими И.П.Павловнинг ёзишмалари ҳам ниҳоятда ғалати. Ёзишмаларга С.М.Кировнинг ўлдирилиши ва оммавий қатағонлар кампаниясининг бошланиб кетиши сабаб бўлган. 1934 йил 21 декабрда ёзилган хатида И.П.Павлов ўзига хос дадиллик билан мамлакатда бўлаётган даҳшатли ҳодисаларни рўйирост очиб ташлайди: “Сизлар тажриба ўтказаяпсизлар… барча маданий қатламларни ва бутун маданий ҳаёт гўзаллигини йўқ қилиб ўтказилаётган бу тажриба жуда қимматга тушади (масаланинг бутун моҳияти шунда). Биз асло камаймаётган террор ва зўравонлик зуғуми остида яшадик ва яшаяпмиз.” Рус олимининг изчиллик ва муросасизлик руҳидаги ахлоқий эътиқоди Молотовнинг чалкаш ва ғайриилмий мавҳум сўзлар билан тўлиб- тошган мирқуруқ жавобига тўғри келади. У “муваффақият билан барпо этилаётган синфсиз социалистик жамият” ҳақида, “озод меҳнат” ва “янги дунё душманларига қарши курашдаги қийинчиликлар”га қарамасдан яратиладиган чинақам юксак маданият” ҳақида сафсата сотади[9]. Молотов ана шу руҳда давлат манфаатларини рўкач қилиб, Ленинградда амалга оширилаётган кўп сонли қатағонларни оқлайди. И.П.Павлов айнан ана шу ноҳақликларга қарши мунтазам норозилик билдириб келаётган эди.
Шуни ҳам айтиш керакки, кўплаб қамоққа олинган ва ноҳақ таъқибга учраганлар ёрдам сўраб Молотовга тинимсиз мурожаат қилишарди. Улар орасида ўзига қўйилган айбларни тан олмагани учун аёвсиз қийноқларга дучор бўлиб, умидсизликка тушган В.Э.Мейерхольднинг мактуби ҳам бор. Очиғини айтганда, бу хат ҳам бошқа минглаб мактублар каби эгасига етиб бормаган ёки жавобсиз қолдирилган эди.
Маълумки, Н.С.Хрушчев 1938 йилда Украина Компартияси МКнинг Биринчи котиблигига сайланган даврда бу республикадаги барча партия ва давлат арбоблари бутунлай йўқ қилинганди. Молотов ва Кагановичлар Украинадаги бу қатағон кампаниясининг бош дирижёрлари ва раҳбари эдилар. 30-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб Молотов ҳеч шубҳасиз, давлатдаги иккинчи шахсга айланган ва ниҳоятда катта ҳокимият эгаси эди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳорижга кетиб қолган иқтидорли совет созандаси Юрий Елагин 1952 йилда “Санъатнинг бўйсундирилиши” номли китобини эълон қилади. Елагин Вахтангов театрига Молотовнинг ташрифини батафсил ҳикоя қилади:
“1938 йилнинг кузида, янги мавсум бошланган кунларнинг бирида, мен одатдагидек, кечки спектаклга йўл олдим. Бу пайтларда деярли бўш бўладиған Вахтангов кўчасида ҳарбий этик ва оддий пальто кийган кишилар оҳиста юриб, ўтган-кетганларни диққат билан кузатишаётганини сезиб қолдим. Яқинда қуриб битказилган ҳукумат ложасига кириладиган катта эшик олдида бир неча автомобил турарди.
…Одатда кулги, ҳазил-ҳузул аримайдиган ечиниш жойидаги сукунат ва жиддий вазиятдан ҳайрон қолдим. Мен ечиндим ва скрипкамни қўлга олиб, ичкарига кириладиган эшикка қараб юрдим.
— Ҳужжатлариншзни кўрсатинг, ўртоқ, — паст, аммо ниҳоятда қатъиятли товуш эшитилди. Шундагина эшик олдида турган кўк костюм ва ҳарбий галифедаги кишига кўзим тушди. У ичкари кираётганларни тўхтатиб, ҳужжатларини текшираётган эди. Норозилигимни ичимга ютиб, театр гувоҳномасини галифе кййган кишига узатдим. У ҳужжатга синчиклаб узоқ тикилди, фотосурат билан ташқи қиёфамни чоғиштириб кўрди ва секин:
— Ўтинг, — деб оркестр томонга, театрдаги етти йиллик хизматим давомида ҳар куни кечқурун бемалол келиб-кетадиган жойимга ўтишга рухсат берди. Бундай муомалага ўрганмаган баъзи артистлар очиқчасига норозилик билдиришди.
— Нега мен ўз театримда ҳужжат кўрсатишим керак? — деди артист Шухмин галифели кишига. — Мен шу ерда йигирма йилдан бери ишлайман. Бу ердаги ит ҳам мени танийди. Сизни эса танимайман, умримда биринчи марта кўриб туришим.
— Ҳужжатингизни кўрсатинг, — янада секин ва қатъий гапирди галифели киши. — Акс ҳолда слектаклда қатнашиш учун ичкарига қўйилмайсиз за прогулчи сифатида ишингиз судга оширилади.
… Мен ўз ўрнимга ўтаётганимда, девор ёнида турган нотаниш шахс йўлимни тўсди.
— Сизга бу ерда нима керак, ўртоқ? — Бу саволни мен эмас, у бераётганидан ғалати бўлиб кетдим.
— Мен оркестрда соз чаламаи, — жавоб бердим. — Скрипкани созлашим зарур.
— Ҳали эрта, ўртоқ, — деди нотаниш шахс. — Жойни бўшатиб қўйинг.
Спектакл бошлангандан кейин бу нотаниш аёл бурчакда, ҳар биримизнинг ҳаракатимизни синчиклаб кузатиб, контрабас ёнидаги стулда жим ўтирди. Мусиқали чиқишлар оралиғидаги танаффус пайтларида биз оркестр тўсиғига бориб саҳнани кузатишни яхши кўрардик. Кимдир яна шундай қилмоқчи бўлди. Аммо нотаниш аёл яшин тезлигида стулдан сакраб турди ва қизиқувчан дўстимизнинг йўлини тўсиб, қисқа, аммо кескин: — Жойингизга бориб ўтиринг, ўртоқ, — деб буюрди.
Шу куни спектаклимизни кўриш учун янги ҳукумат ложасига Молотов меҳмон бўлиб келган эди”[10].
Фақат Сталин эмас, Молотов ҳам 1937 йилда мамлакат бўйлаб кент миқёсда ўтказилаётган қатағондан яхши хабардор эди. Д.А.Волкогонов гувоҳлик беришича, СССР Олий суди раисининг ўринбосари В.Ульрих Вишинский билан бирга суд жараёнлари ва ҳукмлар ҳақида Сталинга (кўпинча Молотов ва Ежов иштирокида) мунтазам маълумот бериб турган. Ульрих 1937 йил давомида “жосуслик — террорчилик ва диверсиячилик фаолияти” учун жазога тортилганларнинг умумий сонига доир “ахборот”ни ҳар ойда тақдим этиб борган[11].
1937 йилда Москвада архитекторларнинг Биринчи Бутуниттифоқ съезди бўлиб ўтади. С.Е.Чернишевнинг гувоҳлик беришича (у Молотов ҳузурига борган съезд делегатлари таркибида бўлган), архитекторлардан бири СССР да хорижий мутахассис сифатида ишлаган немис меъмори Эрнст Май томонидан қурилган бинони танқид қила бошлайди.
— Чиқариб юборганимизга афсусланаман, — таъкидлайди Молотов. — Ўн йилга қамаш керак эди.
Хуллас, 30-йилларда Молотов мамлакатда катта ҳокимият эгаси эди. Унинг 50 ёшга тўлган куни — 1940 йил март ойида юксак ҳукумат мукофотлари ва қизғин табриклар билан кенг нишонланди. Мамлакатдаги йирик саноат шаҳри Пермь Молотов номи билан аталди. СССР харитасида учта Молотовск, икки Молотовобод, Молотов бурни ва Молотов чўққиси пайдо бўлди. Бунга яна “Молотов номидаги” минглаб колхозлар, муассасалар ва институтларни ҳам қўшиш лозим.
МОЛОТОВ – РИББЕНТРОП ПАКТИ
30-йилларда Молотов ҳам Сиёсий бюро аъзоси, ҳам Халқ Комиссарлар Советининг раиси сифатида ташқи сиёсатга боғлиқ турли масалалар билан фаол шуғулланди. У Ташқи ишлар комиссари М. М Литвиновнинг фикри ва таклифларига ҳамиша қўшилавермасди. Молотов билан Литвинов орасидаги муносабатлар ҳақида Ташқи ишлар халқ комиссарлигининг масъул ходими Е.А.Гнедин шундай гувоҳлик беради:
“Поупнинг Америкада босилган “Литвинов” китобида ҳақиқатга тўғри келмайдиган мулоҳазалар бор, гўё Литвинов ўзининг вориси сифатида “дўсти” Молотовни Халқ комиссарлиги лавозимига таклиф қилган эмиш. Литвинов бизга Молотов билан муносабатлари тўғрисида ҳеч қачон гапирмаган бўлса-да, улар ўртасида совуқлик борлигини билар эдик. Литвинов фитналар устаси ва террор ҳомийларидан бири бўлган Молотовни ҳурмат қилмас ва очиқчасига ёқтирмасди. Совнарком Раиси билан Ташқи ишлар комиссари ўртасидаги зиддият, индаллосини айтганда, марказий дипломатик маҳкамадаги аҳволга соя солиб турарди. Ёш мутахассислар Ташқи ишлар халқ комиссарлигидаги маош бошқаларникидан пастлигини айтиб, норози бўлиб юришарди”[12].
1939 йилнинг майида Литвинов Ташқи ишлар халқ комиссарлигидан олиниб, ўрнига Молотов тайинланди. У Совет ҳукуматининг бошлиғи лавозимида ҳам қолдирилди. Сталин атрофидагилар орасида фақат Молотов СССР билан Германиянинг яқинлашувига тарафдор эди. 1937 йилда СССРнинг Германиядаги савдо раиси Д.В.Канделаки Сталин ва Молотов номидан Гитлернинг маслаҳатчиси, министр Шахт билан СССР ва Германия ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий муносабатларни яхшилаш борасида музокара олиб борган. Бу музокараларда Ташқи ишлар вазирлиги четлаб ўтилган эди. Шунинг учун Молотовнинг Ташқи ишлар халқ комиссари этиб тайинланиши Германия билаи музокараларга таклиф ўрнида қабул қилинди. Ғарб демократияси учун Сталин томонидан Литвиновнинг алмаштирилиши мутлақо кутилмаган ҳодиса эди. Бу ҳақда АҚШнинг Москвадаги элчиси Ч.Болен кейинчалик шундай хотирлайди: “… Биз, элчихонадагилар, нима юз бераётганини яхши билмас эдик. Британия элчиси Вильям Сидс бизга Литвинов алмаштирилишидан бир неча соат олдин у билан гаплашганини ва бўлажак ўзгаришлар ҳақида лоақал бирон-бир имо-ишора сезмаганини айтди. Дипкорпуснинг бошқа ходимлари ҳам шундай фикрда эди.”[13]
Ташқи ишлар халқ комиссарлиги масъул ходими А.Рошчин Литвинов вазифасидан олингандан кейинги вазият ҳақида қуйидагиларни ёзади:
“В.М.Молотов Ташқи ишлар халқ комиссари этиб тайинланганлиги ҳақидаги хабар эълон қилинган куннинг ўзидаёқ менга кўнғироқ қилишиб, маҳкамага тез етиб келишни буюришди. Мен идорага келганимда қабулхонада бўлим мудири ва бошқарма бошлиқлари, партком аъзолари йиғилган экан. Ҳамма хавотирланган ҳолда кабинетга чақиришларини кутиб ўтирарди, ичкарида эса ишларни эски раҳбардан қабул қилиб, янгисига топшириши лозим бўлган ҳукумат комиссияси мажлис ўтказмоқда эди.
Халқ комиссари кабинетига иккинчи бўлиб мени чақиришди. Мажлислар столида Г.М.Маленков, В.М.Молотов, М.М.Литвинов, Л.П.Берия, В.Г.Деканозовлар ўтаришарди. Маленков ҳарбийларга хос энли камар тақилган яшил гимнастёрка кийган эди. Литвинов эса идорада ҳар доим кийиб юрадиган кўк кителида эди. Молотов билан Берия фуқаролар костюми кийган эдилар. Ҳозиргина Ташқи ишлар комиссари ўринбосарлигига тайинланган Деканозов давлат хавфсизлик хизмати офицери формасида эди. Литвинов мени комиссия аъзоларига таништирди.
Менга саволлар бера бошлашди. Айниқса, Берия фаоллик кўрсатди. Молотов билан Литвинов жим ўтиришарди. Маленков қўлини камар ичига тиқиб, кабинетда юриб турар ва онда-сонда савол бериб қўярди. Деканозов эса, мамлакатнинг бундай юксак мартабали раҳбарлари ҳузурида ўзини анча ноқулай ҳис қилиб ўтирарди. У киприги юмилмайдиган кўзларини тикиб, сукутга чўмганди.
Бериянинг саволларига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан қараш лозим эди.
Кейинчалик М.М.Литвиновнинг нега ишдан олингани маълум бўлди.
В.М.Молотов Ташқи ишлар комиссарлигининг 1939 йил июлида бўлган мажлисида бу ҳақда шундай гапириб ўтди: “Ўртоқ Литвинов партия йўналишини, ВКП(б) МК йўналишини мазкур идорада ўтказишни хоҳламади. Аввалига Ташқи ишлар комиссарлигини… большевиклар йўлидан бормади, десак хато бўлади, аммо кадрлар танлаш ва уларни тарбиялашда большевикларга зид иш юритилди, жумладан, ўртоқ Литвинов партия ҳамда Совет ҳукуматига мутлақо бегона ва душманлик руҳидаги одамларни ҳимоя қилиб келди, шу билан бирга бу идорага янги келган ходимларга партиявий муносабатда бўла олмади.”[14]
1937-1938 йиллардаги оммавий қатағон ва террор даврида кўп дипломатлар, элчихона хизматчилари, Ташқи ишлар комиссариати ходимлари йўқ қилинган эди. Бундай қама-қамалар 1939 йилнинг бошида камайди. Аммо Литвинов ишдан олиниб, ўрнига Молотов тайинланиши биланоқ, яна қатағон авжига чиқди. Литвиновнинг ишдан бўшатилгани 1939 йил 3 майда эълон қилинган эди, 4 майда эса бир гуруҳ унга яқин ходимлар, жумладан, Литвиновнинг котиби бўлиб ишлаган П.С.Назаров қамоққа олинди. 1939 йил июнда Ташқи ишлар комиссарлига партия мажлисида сўзлаган Молотов Назаровни итальян жосуси деб эълон қилди. Бу ходимларнинг ҳаммаси 50-йилларда тўлиқ оқланди[15]. Ҳибсга олинганлар орасида Ташқи ишлар комиссарлигининг матбуот бўлими мудири Е.А.Гнедин ҳам бор эди. У Лубянка турмасидан Молотов номига катта ариза жўнатади. Гнединнинг хорижда эълон қилинган[16] хотираларида қуйидагиларни ўқиш мумкин: “Эслашнинг ўзи ўринсиз, аммо мен шу пайтда ҳам ишончимни йўқотмаган эдим. Совнарком Раиси номига кескин шаклда ёзилган мурожаатномам терговнинг боришига ижобий таъсир кўрсатади деб умид қилгандим. Молотовнинг ўзи бу ишга аралашаётганидан хабарсиз эдим, турмадан чиқарилган ариза қаердадир рўйхатдан ўтади, ўқилади, деб ўйлагандим. Кейинчалик билдимки, бизнинг турма ва лагерлардан юборган ариза ва шикоятларимиз ҳеч қандай роль ўйнамас экан. Москвага қайтганимдан кейин Молотов котибиятининг собиқ ходими менга гапириб бердики, у айбсиз қамалган кишиларнинг шикоятларини ўқимаслигидан ташқари, уларни идорага келган хатлар рўйхатига киритмаслик ҳақида кўрсатма берган экан. Бизни бошидаёқ чиқитга чиқаришган, айбсизлигимиз ҳақидаги шикоятларимиз макулатурага жўнатилар экан.”[17]
Ташқи ишлар комиссарлиги мажлисининг 1939 йил 23 июлдаги қароридан: “Ўртоқ Молотов бошчилигидаги янги раҳбарият ишга келиши билан комиссариатда большевикларча тартиб йўлга қўйилди. Қисқа муддат ичида Ташқи ишлар халқ комиссарлигини яроқсиз, шубҳали ва душман унсурлардан тозалаш бўйича катта ишлар амалга оширилди.”[18]
Литвинов ишдан олинганини эшитган Германия жадал ишга киришиб кетди. Гитлер зудлик билан герман элчиси Шуленбургга Москвадагиларнинг кўнглига “қўл солиб кўриш” ҳақида кўрсатма берди. Кўп ўтмасдан немис томонининг ташаббусига кўра Вернер фон Шуленбург Молотов ва унинг ўринбосари В.Потёмкин билан учрашди. Германия элчиси Молотовга Гитлер Совет Иттифоқига нисбатан муносабатини ўзгартирмоқчи эканини билдирди ва Совет ҳукуматидан герман-совет музокараларининг янги турини бошлаш имкониятлари қандайлигини суриштирди. Молотов мужмал жавоб бериб, Берлин таклифларини ўрганиб чиқиш учун вақт зарурлигини таъкидлади. Щз навбатида у Шуленбург олдига бир қанча саволлар, жумладан, Германия Узоқ Шарққа даъвогарлик қилаётган янонларни қўллашдан воз кечиш талабини қуйди. Бу хусусда Гитлер билан Риббентроп бир тўхтамга келиши зарур эди. Табиийки, СССР билан Германия муносабатлари Москвадаги барча дипломатларнинг диққат марказига чиқди. АҚШнинг шу пайтдаги элчиси Болен кейинчалик “Тарих гувоҳи” китобида шундай ёзади:
“Москвадаги дипломатик корпус ари уясига айланиб қолди — ҳамма воқеалар қандай ривожланишини муҳокама қиларди. Совет-герман келишуви нақадар хавфли эканини биз кўриб турардик. Молотов очиқдан-очиқ инглизлар ва французларга босим ўтказиш йўли билан уларни совет ғарбий чегараларини муҳофаза этишга кўндирмоқчи деб қарайдиганлар ҳам бор эди. Бошқалар эса Сталиннинг асл нияти Германия билан яқинлашиш деган қатьий хулосага келган эдилар.”[19]
1939 йилдан бери Шуленбург ҳузурида садоқатли ва яқин айғоқчиси бўлган Ч.Болен ҳам шу фикрда эди.
1939 йилнинг июнида Москвада бирон-бир жиддий музокара ёки муҳим воқеа рўй бермади, аммо Москва билан Берлин ўртасидаги махфий тайёргарлик қизғин бормоқда эди.
Ниҳоят, 1939 йилда ёзнинг авж палласида Москвада ўтказиш мўлжалланаётган мудофаа пактини муҳокама қилиш мақсадида британ ва француз делегацияси денгиз орқали Ленинградга етиб келди. Бу инглиз-француз делегациясига француз генерали ва кекса инглиз адмирали раҳбарлик қилар, аммо уларга катта ваколатлар берилмаган эди. Сталин улар билан музокара ўгказишни Мудофаа халқ комиссари К.Е.Ворошиловга топширди. Ҳатто Ч.Болен бу делегациянинг таркиби ва СССРга келиши учун шунча узоқ йўлни босиб ўтгани ҳам Англия билан Франция бу музокараларга жиддий қарамаганини кўрсатади, деб очиқчасига тан олади. Айни замонда худди шу июль ойида Молотов билан Шуленбург ўртасидаги музокаралар жонланиб кетади, улар ўзаро тил топилса, йиғилиб қолган баъзи бир муаммоларни музокаралар чоғида ечиш мумкин деган хулосага келадилар. Августнинг бошларида Ч.Болен айғоқчисининг маълумотларига таяниб, СССР ва Германия ўзаро шартномани имзолаш арафасида тургани ҳақида ўз ҳукуматини огоҳлантиради. Америка ҳукумати бу ҳақда Англия ва Франция ҳукуматини хабардор қилади, аммо бу янгилик мазкур давлатларнинг сиёсий позициясига ҳам, Москвадаги делегацияга берилган кўрсатмаларга ҳам заррача таъсир кўрсатмайди. Музокаралар ҳали икки-уч ой давом этади, деб тахмин қилган Болен янглишган эди, албатта. Сталин билан Гитлер ўртасидаги шубҳа-гумонларга 19 августда нуқта қўййлади ва 23 августда Риббентроп Москвага келади деб эълон қилинади. Болен гувоҳлик беради:
“Олти йил давомида Гитлер ва нацизмга душманлик руҳида олиб борилган катта тарғиботлардан кейин воқеаларнинг бундай кескин бурилиб кетиши кўпчиликка зилзила рўй бергандек таъсир кўрсатди. Шошмашошарлик ҳолати ҳатто Риббентропни Москвада кутиб олиш маросимида ҳам сезилди. Русларда нацистларнинг байроғи йўқ эди. Ниҳоят, свастика белгиси туширилган байроқ фашизмга қарши фильмни суратга олаётган “Мосфильм” студиясидан топилди. Совет оркестри нацистлар гимни куйини жадал ўзлаштирди. Риббентроп аэропортга қўнгандан кейин бу гимн “Интернационал” билан бирга чалинди. Қисқа тантанадан кейин Риббентропни Кремлга олиб кетишди ва дарҳол музокаралар бошланди. Тунги соат иккида ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисидаги Совет-герман пакти имзоланди[20].
Музокараларни Сиёсий бюро аъзолари билан маслаҳатлашиб ўтирмасдан шахсан Сталин билан Молотовнинг ўзи олиб борди. Ҳатто англо-француз делегацияси билан ҳамон музокараларни давом эттираётган Ворошилов ҳам бу ҳақда огоҳлантирилмади.
Шартноманинг Совет Итгифоқи номидан Молотов имзолагани маълум. Шунинг учун ҳам у норасмий равишда “ Молотов-Риббентроп пакти” деб номланади. Мазкур шартномага доир махфий қарорларга ҳам Молотов ва Риббентроп имзо чекдилар. Шулардан бирига мувофиқ Литва ҳудуди СССР таъсир доирасига киритилди. Ўта шошмашошарлик билан яна Шарқий Европа ва Болтиқ бўйидаги “таъсир доиралари” хусусида бир неча махфий қарорлар имзоланди. Бу қарорларнинг асл нусхалари совет дипломатия архивларида сақланмаган. Улар, эҳтимол уруш бошлангандан кейин йўқотиб юборилган бўлиши мумкин. 1939-1941 йилнинг бошларида рўй берган воқеалар ана шу расман тасдиқланган қарорларга таянганига шубҳа йўқ. Боннда ҳам уларнинг асл нусхалари топилган эмас. Аммо у ерда ғарб тарихчилари томонидан ҳақиқий деб тан олинган асл нусха копиялари мавжуд. 1989 йилнинг май-июнь ойларида Москвада бўлиб ўтган СССР халқ депутатларининг биринчи съездида М.С.Горбачев герман канцлери Г.Коль бу нусхаларни Совет ҳукуматига тақдим этганини маълум қилди. Шунга мувофиқ, Халқ депутатлари съездида 1939—1940 йиллардаги совет-герман муносабатларига боғлиқ барча масалалар мажмуини ўрганиш учун махсус комиссия тузилди.
СССР халқ депутатларининг иккинчи съездида комиссия докладига мувофиқ “Бир-бирига ҳужум қилмаслик ҳақида 1939 йилда тузилган совет-герман шартномасининг сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатларига баҳо бериш” тўғрисида қарор қабул қилинди. Унда мазкур қарор халқаро вазият қалтис ҳолатда турган бир пайтда СССРни яқинлашиб келаётган уруш хавфидан асраб қолиш мақсадида тузилгани қайд этилди. 1939-41- йилларда Германия билан тузилган махфий қарорларни эса съезд совет ташқи сиёсатига хос инсонпарварлик тамойилларидан чекиниш деб баҳолади. Бу қарорлар совет халқидан, бутун партия ва ВКП(б) МК дан яширин ҳолда Сталин ва Молотов томонидан ўзбошимчалик билан тузилгани алоҳида таъкидланди[21].
1939 йил 31 августда чақирилган СССР Олий Советининг навбатдан ташқари сессиясида Молотов ҳаммани ҳайратда қолдириб, мазкур шартнома ҳақида доклад қилди. Сессия бу шартномани бир овоздан маъқуллади, кейинги куни — 1 сентябрда эса Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Германия Польшага бостириб кирди, бир кундан кейин эса Англия билан Франция Германияга қарши уруш эълон қилди.
1939 йил 17 сентябрда совет халқи яна Молотовнинг нутқи орқали Қизил Армия Ғарбий Украина ва Ғарбий Белоруссия тупроғига кирганидан хабар топди. Ана шу нутқда Молотов тўғридан-тўғри “Польша давлатининг лаёқатсизлиги ва яроқсизлиги” ҳақида гапирди.
1939 йилнинг 28 сентябрида Молотов Германия билан тузилган яна бир “СССР билан Германия ўртасидаги дўстлик ва чегаралар ҳақида герман-совет шартномаси”га ҳам қўл қуйди.
Янги шартномани ратификация қилиш учун Москвада яна СССР Олий Советининг сессиясини чақириш лозим топилди. 31 октябрда Молотов мазкур сеесияда нутқ сўзлади. Нутқдаги икки жиҳатни алоҳида қайд этиш зарур. Нацистлар ва фашистлар идеологияси ҳақида гапирар экан, Молотов шундай дейди: “Барча мафкуравий тизимлар каби гитлеризм мафкурасини ҳам қабул қилиш ёки рад этиш сиёсий қарашларга боғлиқ. Аммо ҳар қандай киши яхши биладики, мафкурани куч билан йўқотиб бўлмайди, уни уруш билан маҳв этиш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам “гитлеризмни йўқотиш” қабилида уруш олиб бориш бемаъниликдан ташқари жиноят ҳамдир.”[22]
Ана шу тарзда Молотов “гитлеризмни йўқотиш” учун уруш очган Англия ва Францияни мазах қилади. Албатта, икки йил ўтгач, бу сўзлар бутунлай унутилади, чунки Совет Иттифоқи фақат Ватан учун эмас, айнан гитлеризм ва фашизмни ҳам йўқотиш учун урушга киради — бу асосий мақсад Сталин томонидан очиқжан-очиқ эълон қилинади.
Нутқнинг бошқа бир ўрнида Молотов яна шундай дейди:
“Польшадаги ҳукмрон доиралар ўз давлатининг “мустаҳкамлиги” ва ўз армиясининг “қудрати” ҳақида кўп мақтанган эдилар. Ҳолбуки, Версал шартномасининг мажруҳ боласи бўлган ва поляклардан бошқа миллатларни эзиш ҳисобига яшаб келаётган Польша учун дастлаб герман армияси томонидан, сўнг Қизил армия томонидан берилган қисқа зарбанинг ўзи етарли бўлди.”
Молотовнинг бу мулоҳазалари 1939 йилнинг сентябрида қаҳрамонларча курашган ва бугун Иккинчи жаҳон уруши йилларида гитлерчилар ҳужуми ва оккупация режимига қарши мардона тура олган поляк халқининг ор ва номусини ҳақорат қилади. Бу сўзлар яқин кунларгача Польша билан муносабатларга совуқлик солиб келди…
1939 йилнинг 9 сентябрида немис қўшинлари Польша пойтахти Варшавага кириши муносабати билан Молотов СССРдаги герман элчиси Шуленбург орқали немис давлатига ўз табригини йўллади. 1940 йил апрелда немис аскарлари Норвегия ва Данияга бостириб киргани ҳақидаги хабар Москвага етиб келганда Молотов Шуленбургга муваффақият тилаб, яна мактуб жўнатди. 1940 йилнинг майида немис қўшинлари Бельгия, Голландия ва Люксембургга бостириб кирганда ҳам немис элчихонаси юқоридаги мазмунда табрик мактуби олди. Айнан Молотов 1939 йилнинг кузида Карелия ва Карель бўйнидаги айрим ерларни ва Ленинград атрофидаги ерларини алмаштириш борасида фин ҳукумати билан музокаралар олиб борди. Музокаралардан натижа чиқмагач, Молотовнинг тоқати тоқ бўлди. У фин делегациясига таҳдид оҳангида: “Биз, фуқаро одамлар, келишувга эриша олмадик. Энди сўз аскарларга берилади”, — деб пўписа қилади.
Фашистлар Германияси СССР билан тузилган шартнома ва битимларнинг барча моддаларини бажаришга жудаям эътибор беравермас эци. Немис қўшинлари Финландия ва Руминияда пайдо бўлди. Бу ҳол СССР да нотинчлик уйғотди ва Сталин 1940 йилнинг кузида музокаралар учун Молотовни Берлинга юборди. У рейхсканцелярда Гитлернинг қўлини сиқишга эришган ягона совет сиёсий лидери бўлса керак. Аммо Берлиндаги музокаралар натижасиз тугади. Совет раҳбариятини ташвишлантираётган муаммолар хусусида Гитлер музокара олиб боришни хоҳламади. Бунинг ўрнига у СССРни “антикоминтерн пакти”га қўшилиш ва Британия империясини бўлиб олиш юзасидан музокаралар олиб боришга даъват этди. Молотов қуруқ кўл билан Москвага қайтиб келди. Айни замонда Берлиндаги совет элчиси Молотов жўнаб кетгандан кейин юз берган воқеалар ва шов-шувлар ҳақида махсус доклад тайёрлаб Кремлга юборди. Унда жумладан, қуйидаги хушомадона гаплар бор эди: “Ўртоқ Молотов Гитлерга жуда ёқди”.
Дипломатик каналлар орқали ҳам Молотов Германия СССРга қарши урушга тайёргарлик кўраётгани ҳақида муҳим маълумотлар олган. Аммо янги хвдқ комиссари Сталиннинг ғазабига дучор бўлмаслик учун бу маълумотларни оқибатсиз қолдирди. Германия ҳужум бошлагандан кейин Кремлга Молотов ҳузурига чақирилган элчи Шуленбург уруш очилганини расман эълон кдлганда, Молотов аянчли аҳволда биргина жумлани айта олди: “Биз нима ёмонлик қилган эдик?”
МОЛОТОВ УРУШ ЙИЛЛАРИДА
Айнан Молотов 1941 йилнинг 22 июн куни соат 12 да радио орқали қисқача нутқ сўзлаб, мамлакат аҳолисини Германия СССРга қарши ҳужум қилгани ва уруш бошланганидан хабар берди. Молотовнинг нутқи: “Бизнинг ишимиз ҳақ. Душман мажақлаб ташланади. Ғалаба биз томонда”, — деган сўзлар билан тамомланарди. Шу даврга бағишланган барча хотираларда Молотов нутқини эшитгандан кейинги ҳолат тасвири батафсил ёритилган. Кўпчилик нега Сталин эмас, Молотов сўзлади, деб ҳайратга тутпган. Аммо бош қотиришга фурсат қолмаган: уруш бошланганди.
1941 йилнинг 6 майидан бошлаб Сталин СССР Халқ Комиссарлар Совети Раислигини ўз қўлига олган ва Молотов унга ўринбосар бўлиб қолганди. У илк бор тузилган ва уруш бошлангани туфайли мамлакатдаги барча ҳокимиятни ўзида мужассамлаштирган Даатат Мудофаа Қўмитасида (ДМҚ) ҳам Сталинга ўринбосар бўлиб ўтганди. ДМҚда Молотов зиммасига асосан дипломатик вазифалар — Буюк Британия, АҚШ ва бошқа давлагларнинг сиёсий раҳбарлари билан музокаралар олиб бориш юклатилган эди. Ҳали ДМҚ тузилмасдан аввал — уруш бошлангандан бир неча кун ўтгандан кейин, Молотов Буюк Британия ҳукуматининг элчиси Криппсни Кремлга чорлаган ва суҳбат чоғида уруш кетаётган ҳозирги оғир шароитда “маълум сиёсий асосларга таянган шартномалар тузишни” кутиб ўтирмасдан ўзаро ёрдам беришга киришиш лозим деган фикрни таъкидлаган эди. 1942 йилда Молотов англо-совет ҳарбий шартномасини расмийлаштириш учун Лондонга борди. Ана шу мақсадда у Вашингтонда ҳам бўлиб, Рузвельт ҳамда ҳарбий ва дипломатик вакиллар билан учрашди.
Молотов фақат бир мартагина ДМҚ аъзоси сифатида бевосита ҳарбий иш билан шуғулланган. 1941 йил октябрда немис қўшини мудофаани ёриб ўтиб, Вязьма яқинида совет армиясининг йирик қисмларини қуршаб олгандан кейин ДМҚ топшириғига мувофиқ Гжатск ва Можайск районларига Молотов ва Ворошилов юборилади. Сталин ваҳимага тушиб қолган, бунинг устига ҳали ҳам ҳарбийларга тўла ишонмас эди. Сталиннинг топшириғига кўра Молотов билан Ворошилов мавжуд аҳвол ҳақида аниқ маълумот тўплаши ва Москвага бевосита хавф солиб турган немис қўшинларини тўхтатиш чораларини ишлаб чиқиши лозим эди. Бу сафар чоғида Молотовдан фойда кам бўлди. Аниқ таклифлар А.М.Василевский раҳбарлигидаги Генштаб офицерлари гуруҳидан чиқди.
Уруш йилларида пайдо бўлган янги қурол турларининг фақат расмий эмас, баъзан норасмий номлари ҳам бор эди. Жумладан, совет реактив тизимлари аскарлар орасида “Катюша” деган ном олганди. Урушнинг дастлабки ҳафталаридаёқ танкларга қарши суюқ ёқилғи солинган бутилкалар ишлатила бошлади. Уларни кимёвий хизмат полклари ва дивизиялари бензинга турли моддалар аралаштириб тайёрлар эди. Кейин уни мамлакат ичкарисидан ўқ-дори захираси сифатида юбора бошладилар. У турли артелларда, ҳатто лимонад цехларида ишлаб чиқарилар эди. Немислар бу бутилкаларга “Молотов коктейли” деб ном беришди. Совет Армиясида бу ном ишлатилган эмас, аммо у Ғарбда ҳалигача яшаб келмоқда. Ғарб матбуотида намойишлар ва полиция билан тўқнашувлар чоғида намойишчилар ва қўзғолончилар аскарлар ёки полициячилар устига “Молотов коктейли” солинган бутилкаларни улоқтиришгани ҳақидаги хабарлар тез-тез кўриниб туради. Аскарларни бундай қурол билан таъминлаш ҳақидаги таклиф Молотовдан чиққан эмас. Аммо танкка қарши ишлатиладиган бундай бутилкаларни кўплаб ишлаб чиқиш ҳақидага қарорга ДМҚ ўринбосари Молотов имзо чеккан. Унинг норасмий номи ана шундан келиб чиққан бўлса керак. Ғарбда нашр этилган Вильям Стивенсоннинг уруш йилларидаги ғарб разведкачилари ҳақида ёзилган “Қўрқувни билмайдиган одам” номли китобида таъкидланишича, 1943 йилда Молотов бир томонлама сулҳ тузиш мақсадида немис қўмондонлиги билан музокара ўтказиш учун фронт чизиғидан ўтиб, 300 километр ичкарига кириб боради. Бундай факт бизга номаълум.
Молотов иттифоқчилар 1943 йилда Техронда, 1945 йилда Ялта ва Потсдамда ўтказган барча конференцияларда иштирок этди. Уларда ҳарбий ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва урушдан кейин Германия, Польша, Болқон ярим оролини тиклаш каби масалалар муҳокама этилди. Уруш тамом бўлишидан олдин АҚШ, СССР, Буюк Британия ва Хитой урушдан кейин барқарор тинчликни сақлаш учун давлатлар ташкилотини тузиш ҳақида қарор қабул қилдилар. Бу борадаги музокаралар 1944—1945 йилларда ҳам давом этди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Уставини ишлаб чиқиш билан якунланди…
УРУШДАН КЕЙИНГИ ДАСТЛАБКИ ЙИЛЛАР
Урушдан кейинги дастлабки йилларда СССРнинг ташқи сиёсатини ҳимоя қилиш Молотовнинг асосий фаолиятига айланди. Аслини олганда, шахсий фазилатларга кўра у дипломатик фаолиятга унчалик лойиқ одам эмас эди. Молотов БМТ ишларида қатнашиш учун Нью-Йоркка бир неча марта сафар қилди. Унинг Бош Ассамблеядаги нутқлари ҳам айнан ўзига, ўз фазилатлари ва одатларига ўхшаган — пухта, аммо қуруқ, зерикарли бўларди. У даврларда БМТда АҚШ ва унинг тарафдорлари кўп овозга эга бўлгани учун Молотов аксари ҳолларда “вето” ҳуқуқидан фойдаланишга мажбур бўларди. Шу муносабат билан у БМТ доираларвда “Жаноб, Йўқ” деган лақаб орттирганди. “Йўқ” сўзини Молотов кўп марта ишлатган эди. Унинг хизмат вазифасига НКВД (МГБ) билан разведка масалаларида алоқа ўрнатиш ҳам кирарди.
Табиийки, Сиёсий Бюро аъзоси сифатида Молотов урушдан кейинги барча қатағонлар: “Ленинград иши”, Яҳудий антифашист комитети аъзоларининг қамоққа олиниши, ундан сал олдин — СССРдага кўплаб халқларнинг ўз миллий ўлкаларидан ҳайдаб чиқарилиши каби ваҳшийликлар учун жавобгарлардан бири эди. Унинг хотини Полина Семёновна Жемчужина ҳам ана шу қатағонлар қурбонига айланганди.
Полина Жемчужина ҳали ёш қизалоқлигидаёқ — 1918 йилда партия сафига кирганди. Бир неча йилдан кейин у Украина партия обкомларидан бирида хотин-қизлар бўлимини бошқара бошлади. 20-йилларнинт бошларида Москвада бўлиб ўтган хотин-қизлар съездида Жемчужина ҳам қатнашади, Аммо бу ерда у оғир касалланиб, шифохонага ушиб қолади. Съездни ўтказишга мутасадди бўлган Молотов бемор делегатни кўргани боради. Кейин ҳам у бир неча марта бемор ҳузурига келади, Жемчужина эса соғайиб чиққандан кейин Украинага қайтмасдан Москвада қолади ва МК котиби Молотовнинг уй бекасига айланади. Тез орада уларнинг қизи Светлана туғилади.
Кремлда Полина Жемчужина Сталиннинг хотини Надежда Аллилуева билан қалин дугона эди. Ёш аёллар тез-тез учрашиб туришар ва бир-бирларидан сирларини яширмас эдилар. Шунинг учун ҳам Сталин билан хотини орасидаги муносабатлар ёмонлашиб бораётгани Жемчужинага маълум эди. 1932 йилдаги машъум ноябр кунида — Ворошилов уйидаги кечки зиёфат пайтида Сталин Надежда Аллилуевани қаттиқ ҳақорат қилади, хафа бўлган аёл Ворошилов квартирасидан чиқиб кетади. Изма-из чикқан Полина Жемчужина дили оғриган Надеждани тинчлантириш учун кўп ҳаракат қилади. Эрта тонгда Надежданинг жонсиз жасадини ётоғидан топишади. У қўлидаги тўппонча билан ўз миясига ўқ узган эди. Ҳаммадан олдин чақирилган Оржоникидзе ва хотини Зинаида ҳамда Молотов Полина билан етиб келади. Шундан кейингина Сталинни уйғотиб, Надежда Сергеевна ўз жонига қасд қилганини билдирадилар.
Кекчи ва шубҳаланувчи Сталин учун Полина Жемчужина шу пайтдаёқ non grata шахсга айланганди. Аммо Сталин сабр қилиш ва ўз туйғуларини яширишга уста эди. 30-йиллардаги “тозалаш”лардан Жемчужина омон чиқди. Боз устига, у 30-йилларда Халқ Комиссарлари Совети маҳкамасида масъул лавозимларни эгаллади. Бир қанча муддат Озиқ-овқат саноати комиссари ўринбосари, Балиқ саноати халқ комиссари, Косметика саноати бошқармаси бошлиғи каби вазифаларда ишлади. У ВКП (б)нинг XVIII съездида МК аъзолигига номзод этиб сайланди.
Жемчужина яҳудий миллатига мансуб эди. Ватан уруши даврида мамлакатимизда Яхудий антифашист комитети тузилди, Молотовнинг хотини унинг раҳбарларидан бирига айланди.
1948 йилда БМТ қарори ҳамда СССРнинг фаол қўллаб-қувватлаши билан Яқин Шарқ Исроил давлати тузилди. Совет Иттифоқи у билан дипломатик алоқа ўрнатган биринчи мамлакат эди. Кўп ўтмай, Москвага Исроил давлати элчиси Голда Меир келди. Ўз-ўзидан аёнки, Москвада Исроил элчихонаси ўтказган турли хил қабул маросимларда Яҳудий антифашист комитетининг аъзолари қатнашиши лозим эди. Голда Меир билан Полина Жемчужина кўп марта учрашиб, суҳбатлашишганди.
Яна шуни қўшимча қилиш керакки, Полина Жемчужинанинг туғишган синглиси фуқаролар уруши йилларида Россиядан кетиб қолганди. Полина 1939 йилгача у билан хат ёзишиб турарди. Молотов бирон заруратга кўра анкета тўлдирадиган бўлса, “хориждаги қариндошлари” деган жойга албатта Исроилда яшаётган хотинининг синглиси ва жиянларини ёзишга мажбур эди. Исроил билан Совет Иттифоқи ўртасидаги яхши муносабатлар, афсуски, узоқ давом этмади. 1948—1949 йилларда “ватансиз космополитлар”га қарши уюштирилган машъум кампания анжига чиқди. Яҳудий зиёлиларига қарши оммавий қатағонлар бошланди ва деярли барча яҳудий жамоатчилик ҳамда миллий ташкилотлари тутатилди. Ана шунда Сталин учун бир пайтлар хотинининг қалин дугонаси бўлган Полина Жемчужинадан ўч олиш имконияти туғилди. Сталиннинг тахминича, у жуда кўп нарсалардан хабардор эди. Албатта, унга биринчи ўринга бошқа айблар қўйилди.
П.С.Жемчужина “Ватанга хиёнат қилиш”, “халқаро сионизм билан алоқа” ва ҳоказоларда айбланди. Уни қамоққа олиш масаласи Сиёсий бюрода муҳокама қилинди. Берия ўз идораси қўлга туширган маълумотдарни баён қилгандан кейин Сиёсий бюронинг барча аъзолари Жемчужина қамалиши учун овоз беришди. Молотов бетараф қолди, аммо норозилиқ билдириб сўзга чиқмади.
Уйига қайтан Молотов хотинига Сиёсий бюронинг қарорини билдириб, яқин кунларда у қамоққа олинишини айтди.
— Сен ҳам шу туҳматга ишондингми? — ғазабланиб бақирди Полина Семёновна.
— У ерда ниҳоятда ишонарли ҳужжатлар кўрсатилди, — жавоб берди эзилган ва довдираб қолган Молотов…
Эртаси куни Жемчужина қамоққа олинади. Исроил Компартияси МК Бош котиби С.Мккунис ўз хотираларида Молотов билан бир учрашувни шундай эслайди:
“… 1955 йилда мен Молотов билан ғалати ҳолатда учрашган эдим… Шамоллаб, Кунцеводага Кремль касалхонасида даволанаётгандим… Касалхона биноларидан бирида тасодифан Молотовни кўриб қолдим. Шу пайтгача уни бир марта Парижда тинчлик тарафдорлари съездида сўзлаганда кўрган эдим… Эндиликда, Кунцевода, Молотов ҳам худди мен каби беморлар пижамасини кийган бўлса-да, аммо димоғдорлиги йўқолмаган, юз ифодаси совуқ ва жиддий эди. Уни кўргач, ёнига бориб дангал сўрадим: “Нега сиз Сиёсий бюро аъзоси бўлатуриб ўз хотинингизни қамалишига йўл қуйдингиз?” У менга совуқ назар солиб, ким эканлигимни сўради. “Мен Исроил Коммунистик партиясининг Бош котиби бўламан. Шунинг учун фақат сиздан эмас, сиз орқали Марказий Комитетдан сўраяпман: Нима учун хотинингиз Полина Жемчужинанинг қамалишига қаршилик қилмадингиз?” — дедим. Унинг юзидаги биронта мускул ҳам қилт этмади, пўлатдек совуқ нигоҳини ўзгартирмасдан қуруққина жавоб берди: “Сабаби, мен Сиёсий бюро аъзосиман, партия ингизомига бўйсунаман… Мен хотинимни қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарган Сиёсий бюрога бўйсундим…”[23]
МОЛОТОВ ТАЪҚИБ ОСТИДА
1949 йилда Сталин тез-тез касалликка чалинадиган бўлиб қолди, юзага келган зарур муаммоларни унинг ўринбосари Молотов Сиёсий бюродаги бошқа аъзолардан сўраб ҳам ўтирмасдан ўзича ҳал қилаверар эди. 1949 йил декабрда Сталиннинг 70 йиллик юбилейи нишонланадиган бўлди. Шу муносабат билан Сиёсий бюро аъзоларининг ҳаммаси “буюк доҳий ва мураббий”ни улуғловчи рисолалар эълон қилиши лозим эди. Молотов бу имкониятдан биринчи бўлиб фойдаланди. Бир неча ойдан кейин Молотовнинг ҳам 60 ёшлик тўйи нишонланди. Уни тўртинчи Ленин ордени билан тақдирладилар (бунгача у 1943 йилда Социадистик Меҳнаг Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган ва 1946 йилда СССР Фанлар Академиясининг фахрий аъзолигига сайланганди). Мамлакат харитасида яна Молотов номи билан аталган бир қанча шаҳар ва қишлоқлар пайдо бўлди. Эндилиқда Молотовск шаҳрига айланган собиқ Нолинскда — Скрябинлар яшаган уйда Молотовнинг уй-музейи очилди.
Ғарб кузатувчилари ҳамон Молотовни совет партия ва давлат поғонасида Сталиндан кейинги иккинчи шахс ҳисобласалар-да, айнан ана шу кезларда у доҳийнинг ғазабига дучор бўлган эди. Хотинининг қамоққа олиниши Сталин унга ишонмай қўйганини билдирарди. Кутилмаганда Молотов Ташқи ишлар вазири лавозимидан бўшатилади. Бу мансабга демагогик нутқлар устаси сифатида донг таратган А.Я.Вишинский тайинланади. У 30-йилларда “халқ душманлари” устидан “намунали” ва “очиқ” тарзда ўтказилтан сохта суд спектаклларида СССР прокурори сифатида қатнашиб, нотиқлик машқини обдон эгаллаган эди. Энди Вишинский нутқлари БМТнинг Бош Ассамблеяси минбаридан янграй бошлади. Албатта, Молотов Сиёсий бюро аъзоси ва Министрлар Советида Сталиннинг ўринбосари сифатида қолаверди. Аммо Сталин борган сари унга масъул топшириқларни бермай қўйди. Бора-бора Сталин ўз дала ҳовлисида ўтказиладиган ва одатда, тун ярмигача давом этиб, муҳим давлат масалалари муҳокама этиладиган тушлик ва кечки зиёфатларга Молотовни чақирмай қўйди.
Хрушчевнинг эслашича, Сиёсий бюро аъзолари Молотовни қўярда-қўймай бирга олиб боришар, бундан эса Сталин норози бўларди. Ниҳоят, Сталин Молотовни умуман ўз ҳузурига йўлатмасликни буюрди. Бир куни Сталин Хрушчев олдида Молотов ҳориж сафарлари даврида “америка империализми жосусига айланган” деган гумонини очиқ билдирган. Ҳатто у Вишинский орқали Молотов Америкага борган пайтда ўзини қандай тутгани билан қизиққан ва гўё муҳим далил бўладигандек, унга махсус вагон ажратилганми-йўқми, деб сўраган. Қамоққа олинган одамларнинг кўпчилигини Молотовга, шунингдек, Каганович, Ворошилов ва Микоянга нисбатан сохта кўрсатмалар беришга мажбур қила бошлаганлар. Шунга қарамай, Молотов XIX партия съездида Сталиннинг хоҳишига кўра, кенгайтирилган (36 аъзо ва номзодлар) МК аъзолигига сайланган, ҳатто у қисқача нутқ сўзлаб, съездни очиб берган. Партия ишларига доимий раҳбарлик қилиш учун Сталин Президиум бюросини сайлашни таклиф этган ва унга тўққиз кишининг фамилиясини киритган. Бу фамилиялар орасида Молотов тилга олинмаган. Юқори доираларда Молотовга тамом бўлган одам сифатида қарай бошлаганлар. Сталин XIX съезддан кейин партиянинг юқори бўғинларида яна террорчилиқдан иборат “тозалаш” ўтказмоқчи бўлгани ва Молотовни кўплаб кадрларни қатағон этиш йўлида “курбонликка” мўлжаллагани очиқ сезилиб турарди. 1952 йил октябрда бўлиб ўтган Пленум ҳақида К.Симонов ўз хотираларида ёзади: “Сталин нутқидаги муҳим нуқта шундан иборат эдики, у айрим раҳбарлардаги жасорат ва қўрқоқлик, қатъият ва таслимчилик майллари ҳақида гапирди. Бу борадаги барча мулоҳазаларини у мана шу залда ўтирган икки Сиёсий бюро аъзосини назарда тутган ҳолда очиқчасига баён этди.
Дастлаб у қатьиятсизлик, субутсизлик, таслимчилик ҳақидаги барча шубҳа ва гумонларини Молотов устига ёғдирди. Бу шунчалик кутилмаган тарзда рўй бердики, дастлаб мен ўз қулоқларимга ишонмай қолдим… У Молотов ҳақида шафақатсизлик билан узоқ гапирди… Уига шу қадар кўп айблар қўйилдики, агар Сталин тез орада вафот этмаганда Молотовнинг партия сафида қолиши асло мумкин эмас эди.”[24]
Кейинчалик 70-йилларда Ю.Идашкиннинг “Сизни қамоққа олиб, йўқ қилиб юборишлари мумкин эдими?” — деган саволига Молотов: “Ҳа, мен ҳамма нарсага тайёр эдим!” — деб жавоб қайтаради. Аммо шу ўринда ҳам у Сталинни айбламайди, аксинча фикрини ўта расмий тарзда ифодалайди: “Инқилоблар қурбонсиз бўлмайди!”[25]
СТАЛИН ВАФОТИДАН КЕЙИН
Сталин жисмонан ҳолдан тойиб борар ва буни яқин сафдошлари яхши билиб туришарди. Шунга қарамай, унинг вафоти бутун мамлакатнигина эмас, олий партия раҳбариятини ҳам ларзага солди. Сал кам худо даражасида кўрила бошлаган бу одамнинг мия томирлари торайиши ёки юрак фаолиятидаги нуқсонлар туфайли ўлиши мумкинлигига ишониш қийин эди. “Доҳий”нинг зарурлигига ўрганиб қолган халқ ва партия олдида Сталин вафот этиши биланоқ “Энди ким бошқаради?” деган савол кўндаланг бўлиб турарди. Бошқаларга қараганда Молотовнинг номи кўпроқ тилга олина бошлади ва бу табиий ҳам эди. Н.С.Хрушчев кейинчалик ёзилган хотираларида урушдан илгари раҳбарликка келган одамлар орасида Сталиндан кейин фақат Молотовгина доҳий бўла олади деган фикр кенг тарқалганлигини ёзади. Хрушчев буни Молотовнинг партиядаги юксак мавқеидан ташқари, у Сталиндан кейин энг машҳур партия ва давлат арбоби эканлиги билан изоҳлайди.
Албатта, у пайтда ҳеч ким Сталин билан Молотовни таққослашни ўйлаган эмас. Эсимда, Уралдаги ишчи посёлкаларидан бирида ўқитувчилик қилиб юрганимда, Сталин вафотидан бир кун кейин маҳаллий ўқитувчилар йиғилган эдик. Улар уруш ва фронт ичкарисида заҳмат чеккан кишилар эди. Касбдошлардан бири анчагина ичиб олгандан кейин: “Энди ким учун жангга кирамиз? Сталин учун ўлишга тайёр эдик. Энди-чи? Молотов учунми? Йўқ, Молотов учун ўлишни хоҳламайман”, — деб йиғлаган эди. Собиқ аскарлар ва офицерлар орасида Молотов номи у даражада машҳур эмас эди. Тез орада шу пайтларда асосий ўрин ҳисобланган СССР Министрлар Совети Раиси лавозимини Г.М.Маленков эгаллагани, Молотов, Берия, Булганин ва Каганович унга ўринбосар этиб тайинлангани эълон қилинди. Маленков, Молотов ва Берия Сталинни дафн этиш маросимида нутқ сўзладилар. Барча расмий ахборот воситаларида “доҳий”ларнинг фамилиялари қуйидагича: Маленков, Берия, Молотов, Ворошилов, Хрушчев, Булганин, Каганович, Микоян тартибида саналди. Мотам митингида Молотов шундай деди: “Биз сўнгги ўттиз йил ичида ўртоқ Сталин раҳбарлиги остида яшадик ва ишладик деб ҳақли равишда айта оламиз. Биз Ленин билан Сталиннинг шогирдларимиз. Сталин сўнгги нафасига қадар бизга берган таълимни ҳеч қачон унутмаймиз…
Куёш нуридек порлоқ буюк коммунизм таълимотидан илҳомланиб, халқ бахт-саодати учун курашган ўртоқ Сталиннинг ҳаёт йўли ҳаммамиз учун жонли ва ҳаётбахш намуна бўлиб қолади.”[26]
Молотов янги сайланган тор доирадаги КПСС МК Президиумининг таркибига киритилди ва яна СССР Ташқи ишлар министри этиб тайинланди.
Сталин вафот этиши биланоқ, айрим кишиларни оқлаш ва қамоқдан чиқариш иши бошланиб кетди. Чамаси, биринчилардан бўлиб киносценариячи, Сталиннинг қизи Светлана Алилуева билан муносабатлари учун уруш йилларида қамоққа олинган А.Я.Каплер озодликка чиқарилди. Сталин бу никоҳга қарши эди. У 1953 йил 6 мартда қамоқдан бўшатилди. Яна бир неча кундан кейин Молотовнинг хотини Полина Жемчужина ҳам озод этилди. Сталин дафн этилган 9 март Молотовнинг туғилган кунига тўғри келган эди. Мавзолей минбаридан тушиб келаётган Хрушчев билан Маленков уни туғилган куни билан оҳиста табриклар экан, “Қандай совға олишни хоҳлайсиз?” деб сўрашди. “Полинани қайтаринглар”, — деди Молотов совуқ оҳангда ва уларнинг ёнидан ўтиб кетди. Илтимос шу заҳотиёқ Берияга етказилди. Бериянинг ўзи ҳам Молотовнинг хотинини қамоқда ушлашдан наф йўқлигини тушунар эди. Жемчужина айни шу қунларда Москвага келтирилганди. 1949 йилда уни бир неча йиллик сургунга жўнатишганди. Аммо 1953 йил январда уни бир гуруҳ яҳудий врачлари ва аллақачон оламдан ўтиб кетган Михоэлс қаторида “фитначи сионистлар” рўйхатига қўшиб қўйишганди. У қийноқлар остида сўроқ қилинган. 9 ёки 10 мартда уни Бериянинг кабинетига чақиришади. У ҳали Сталин вафот этганини билмас ва янада оғир кунларни кутмоқда эди. Берия дабдурустдан ўрнидан туриб, ўз меҳмонини қучоқлайди ва “Полина! Сен ҳақиқий коммунист аёл экансан!” деб хитоб қилади. Жемчужина ҳушидан кетиб, полга йиқилади. Уни тез ҳушига келтиришади, бир оз дам олгандан кейин кийинтириб, туғилган кунга энг муносиб совға сифатида Молотовнинг дала ҳовлисига олиб боришади.
Берияни қамоққа олиш масаласида Молотов Хрушчев билан Маленковни қўллаб-қувватлайди. Улар барча эҳтиёт чораларига амал қилган ҳолда бошқа ишончли раҳбарлар билан махфий равишда маслаҳатлашадилар. Кейинги йилда МК Пленумларидан бирида Маленковга қарши ҳужум уюштирилиб, уни қишлоқ хўжалигига ёмон раҳбарлик қилишда айблашган пайтда Молотов Хрушчев ва Булганин томонида турди. Сталин ҳаётининг сўнгги йилларида айнан Маленков Сиёсий бюрода қишлоқ хўжалиги ишларини назорат қилар эди. Шунингдек, Молотов Маленковни оғир индустрияни ривожлантиришга эътибор бермаганликда ҳам айблайди. Натижада Маленков СССР Министрлар Совети Раислигидан бўшатилади, бу лавозимга Н.А.Булганин тайинланади. Аммо Молотов билан Хрушчев ўртасидаги ҳамкорлик узоққа бормайди. Улар қарашлари ва иш услуби жиҳатидан тамомила бошқа-бошқа одамлар эди.
ХРУШЧЕВГА ҚАРШИ КУРАШ
1954 йил охирлаб қолганда мамлакат ва партияни бошқараётган янги раҳбарият орасида Хрушчевнинг мавқеи кучайиб кетган эди. Фақат раҳбарият услуби эмас, унинг мазмуни ҳам бутунлай ўзгариб кетди; КПСС МК Президиумида янги ташаббус ва таклифлар қизғин муҳокама қилинадиган бўлди. Хрушчевнинг раҳбарлик роли фақат ички масалалардагина эмас, ташқи сиёсатда ҳам етакчилик қила бошлади. Бу эса ҳамон КПСС МК Президиуми аъзоси, ташқи ишлар министри бўлиб келаётган Молотовни ниҳоятда ғазаблантирар эди. Қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш масаласи муҳокама қилинган пайтдаёқ Молотов билан Ворошилов бу тадбирга қарши чиқдилар. Улар қишлоқ хўжалигини режалаштиришга доир янги лойиҳани ҳам қаттиқ танқид қилган эдилар. Молотов Иосиф Броз Титони бутунлай “оқлаш”га ҳам қарши турди, бу таниқли раҳбарни у ҳар нечук “фашист” санамаса-да, “ревизионист” ҳисоблар эди. Шунинг учун ҳам Югославия билан муносабатларни яхшилаш борасидаги музокаралар ташқи ишлар вазирлиги иштирокисиз ўтди. Молотов Хрушчев билан Булганиннинг Югославияга қилган сафарида қатнашмади. Молотов Япония ва айниқса Австрия билан муносабатларни яхшилаш ҳамда бу давлатлараро шартномалар тузилишига ҳам кўп жиҳатдан халақит берди. Ҳолбуки, Австрияни мустақил давлат деб эълон қилиш ва дахлсизлигини таъминлаш масаласида буюк давлатлар ўзаро битимга эришган эдилар. Шунга қарамай, Австриянинг маълум бир қисмида, жумладан, Венада совет аскарлари жойлашган эди, Молотов эса СССР Австриядан чиқиб кетса “империалист”ларга катта ён босган бўлади, деб ҳисобларди.
Австрия социал-демократларининг етакчиси, бўлажак канцлер Бруно Крайский ўз хотираларида ёзишича, мунозаралардан бирида Молотов австрия лидерларига қуйидагиларни такрор-такрор таъкидлайди: “Шартнома юзасидан яна ўйлаб кўринглар. Сизларга мамлакатдаги барча ҳокимиятни топширамиз, совет қўшинларини олиб чиқиб кетамиз ва советлар қўлидаги барча бошқарув тизимларини тугатамиз. Сиз тўла озод ва мустақил бўласизлар, аммо биз мамлакатнинг маълум бир қисмини ушлаб турамиз.”[27]
1954 йилда Австрияда 46 минг кишидан иборат совет қўшини бор эди. Молотов мамлакатдан 41 минг аскарни олиб чиқиб кетиб, 5 мингини қолдиришни мўлжаллаганди. Бундан бошқа муаммолар ҳам бор эди. Агар Молотовнинг сўзи ўтганда, эҳтимол, ҳозиргача Австрияда совет аскарлари турган бўларди. Хрушчев билан Булганин ён берди ва Молотов чекинишга мажбур бўлди. У Хрушчев билан Булганиннинг 1955 йилда Ҳиндистон ва Бирмага қилган сафарида ҳам иштирок этмади. Молотовнинг ташқи сиёсат борасида тутган эскича йўли 1955 йилда МК Пленумида танқид қилинди.
Унинг назария соҳасидаги фаолияти ҳам шубҳа остига олинди. СССР Олий Совети сессияларидан бирида Молотов мамлакатимизда “социалистик жамият асослари” қурилди деб фикр билдирган эди. Бу мулоҳаза МКнинг бошқа аъзолари эътирозига учради. Улар “социализм асослари” СССР да 30-йиллардаёқ ўрнатилган, 50-йилларнинг бошида эса социалистик жамиятнинг ўзи қурилиб бўлди, деб даъво қилдилар. Бу фойдасиз қуруқ баҳсда, аслини олганда, Молотов ҳақ бўлса ҳам, у мухолифларидан енгилди ва ўз хатоларини тан олиб матбуот орқали узр сўрашга мажбур бўлди. “Коммунист” журналида унинг таҳририятга йўллаган мактуби эълон қилинди.
“…СССР Олий Советининг 1955 йил 8 февралдаги сессиясида СССР да социалистик жамият қурилиши масаласида илгари сурилган ва Совет Иттифоқида фақат социализм асосларигина барпо этилгаи деган хулоса келиб чиқадиган мулоҳазамни назарий жиҳатдан хато ва сиёсий жиҳатдан зарарли деб ҳисоблайман”[28]
…Хрушчевнинг КПСС XX съездида “Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари тўғрисида” сўзлаган нутқидан кейин Бош котиб ва Молотов ўртасидаги келишмовчиликлар янада чуқурлашиб кетди. Бу сафар уни Маленков, Каганович ва Ворошиловлар қўллади. “Правда” газетасида Бош муҳаррир бўлиб ишлаган Д.Т.Шепилов XX съездцан кейин ўз кабинетига қилинган бир қўнғироқни яхши эслаб қолган:
— Ўртоқ Шепиловми?
— Ҳа, бу мен.
Сўзлаётган кшни бир оз дудуқланар, ғазабини зўрға босиб тургани очиқ сезиларди.
— “Правда”да Сталинни сўкишни бас қилинг.
Дарров танидим: бу В.М.Молотов эди.
— Мен Сталинни сўкаётганим йўқ. XX съезд қарорларини бажаряпмаи.
— Сиздан яна сўрайман: Сталинни сўкишни бас қилинг.
— Ўртоқ Молотов, — эътироз билдирдим. — Яна такрорлашим мумкин: мен XX съезд қарорларини бажаряпман. Сиз норозимисиз? Унда масалани МК Президиуми олдига қўйинг”.[29]
КПСС МК Президиумида бўлаётган келишмовчиликлардан мамлакатдаги оддий коммунистлар, айниқса, оддий фуқаролар деярли хабарсиз эди. Аммо бу ҳол масъул ходимлар учун сир бўлмай қолганди, кўплаб ғарб дипломатлари ҳам буни билар ва турли хил тахминларни ўйлаб топардилар. Бундай зиддиятлар Сталиннинг Грузиядаги мухлисларига ҳам маълум эди. 1956 йил мартда XX съезд қарорлари ва шахсан Хрушчев билан Булганинга қарши очиқ намойишлар бўлиб ўтди. Норозилик иштирокчилари “Йўқолсин Хрушчев!” ёки “Йўқолсин Булганин!” деган ёзувлар билан бирга “Молотов СССР премьер-министрлигига сайлансин!”, “Молотов — КПСС етакчисидир!” каби шиорларни ҳам кўтариб олган эдилар. Маълумки, бундай намойишлар ҳарбийлар кучи билан бостирилган. Съезддан кейин Молотов ўз хизмат вазифаларини амалда бажармай қўйган эди…
1956 йил апрелда Англияга сафар қилган совет ҳукумати делегацияси таркибига Молотов киритилмади. Бундан олдин у Хрушчевнинг Хитойга қилган сафарида ҳам қатнашмаган эди. 1956 йил ўртасида Югославия президенти Иосиф Броз Титонинг СССРга қиладиган ташрифига бор-йўғи бир кун қолганда Молотов ташқи ишлар министри лавозимидан бўшатилди. Буни Югославия учун улкан “совға” деб ҳисоблаган хорижий кузатувчилар катта шов-шув кўтардилар. Аммо Молотов СССР Министрлари Советининг Раиси ўринбосарлигида қолган ва Тито шарафига ўтказилган барча тантанали маросимларда қатнашган, ҳатто нутқ ҳам сўзлаган эди. У КПСС МК Президиуми аъзоси сифатида ҳам ўз жойида қолган эди.
1956 йил октябрда Польшада рўй берган сиёсий танглик ва Венгриядаги драматик воқеалар Молотовнинг фикрлари тўғрилигини қўрсатгандек бўлди. Тито сўзлаган катта нутқда Совет Иттифоқининг ташқи сиёсати ва шахсан Хрушчевга нисбатан билдирилган танқидий фикрлар Хрушчевни жуда ноқулай аҳволга солиб қўйди. Тито барча совет раҳбарларини сталинчилар ва СССРда сталинизмни сақлаб қолишга уринувчилар деб атади. Бу ҳол аппаратдаги баъзи ходимлар ўртасида Молотовнинг мавқеи кучайишига таъсир кўрсатди. 1957 йил январда Хрушчевнинг истеъфога чиқиши ва Молотовнинг кўтарилиши ҳақида миш-мишлар юриб қолди. Тўғри, Молотовнинг истеъфоси ҳақида ҳам кўп тахминлар бор эди.
1956 йилда СССРда ғалла ҳосили мўл бўлди. Хрушчев бундан қишлоқ хўжалигида тўғри сиёсат юргизганини исботлаш мақсадида фойдаланди. Меҳнатда ўрнак кўрсатган колхоз ва совхозларни орден билан мукофотлашга қарор қилинди. Катта рўйхатда Сталин номидаги колхоз ва совхозлар биринчи ўринда турар эди. Молотов номидаги хўжаликлар иккинчи ўринда. Хрушчев номидаги хўжаликлар учинчи ўринда. Ленин номидагилар эса тўртинчи ўринда турар эди. Ленин номидаги хўжаликлар Сталин номига қараганда икки баравар кам эди.
Халқаро ишлардан четлаштирилган Молотовнинг партиядаги мавқеи ҳамон баланд эди. Аста-секин унинг атрофига норозилик кайфиятида юрган МК аъзолари йиғила бошлади, уларнинг аксарияти КПСС М.К Президиуми таркибига киритилган кишилар эди. Хрушчев ўзининг маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш учун саноат министрлиги ўрнига область ва минтақавий саноат бошқармаларини ташкил қила бошлагандан кейин норозилар сони кўпайиб кетди. Бундай қайта қуриш кўп министрлар ва министрликлардаги масъул ходимларга хуш келмади, чунки уларнинг кўпчилиги маҳаллий халқ хўжалиги кенгашлари ва бошқармаларига раҳбарлик қилиш учун Москвани тарк этишлари зарур эди. Кўпчилик обком котиблари ҳам СССР да уч-тўрт йил ичида гўшт ишлаб чиқаришни уч баравар кўпайтириш ҳақида Хрушчев илгари сурган шиордан норози эдилар. Молотов ва унинг гуруҳи буларнинг ҳаммасидан фойдаланди. Бу ҳақда Москвадаги баъзи дипломатлар ўз ҳукуматларини огоҳлантирган ҳам эди.
1957 йил 22 апрелда Ленин туғилган кун муносабати билан “Правда” Молотовнинг “Ленин ҳақида” номли катта мақоласини босиб чиқарди. Уни ўқиган ҳар қандай киши МК Президиумининг аъзоси бўлган Молотов 1917 йилда Ленин билан танишган ва бевосита у билан бирга ишлаган ягона коммунист эканини осонликча англаб олиши ва хулоса чиқариши мумкин эди. Мақолада Сталиннинг жиноятлари “хатолар” тарзида талқин қилинганди. У ёзади: “Катта ва мураккаб тарихий вазифаларни бажариш пайтида айрим камчиликлар, баъзан оғир хатолар бўлиши бизга маълум…”
Молотовнинг таъкидлашича, партия “Ленин байроғи остида” ҳамиша тўғри сиёсат олиб борган.
Айни замонда Хрушчевга қарши мухолифатчиларнинг мутлақо махфий равишда ўтказилган учрашув ва суҳбатлари давом этган. МК котиблигига Молотовни сайлаш кўзда тутилган. Хрушчев партия етакчилиги ваколатини ўз ихтиёри билан топширса, қишлоқ хўжалиги министри ёки бошқа қандайдир бир ўринга ўтказишни мўлжаллашган. Агар Хрушчев Президиумдаги кўпчиликка бўйсунмаса, уни қамоққа олиш ҳам назарда тутилган эди. Аммо воқеалар мутлақо бошқача тус олиб кетди.
Молотов билан Хрушчев ўртасидаги ҳал қилувчи тўқнашув 1957 йил июнда КПСС МК Президиумининг мажлисида бўлиб ўтди. Молотов гуруҳи аъзолари кўпчилик эди, уларга Каганович, Маленков ва Ворошиловдан ташқари Н.А.Булганин, М.Г.Первухин, М.З.Сабуров, Д.Т.Шепиловлар ҳам қўшилганди. Молотов барибир панд еди. Хрушчевни ёқловчилар талаби билан чақирилган МК пленумида унинг тарафдорлари кўп эмас эди. У И.А.Серов раҳбарлик қилаётган ДХҚ сидан ҳам, Г.К.Жуков қўмондонлигидаги армия қучларидан ҳам фойдаланмади. КПСС МК нинг кўпгина аъзолари Молотов ҳокимиятга келгандан кейин партия ва давлат аппарати орасида яна қатағонлар бошланиб кетади деб чўчиган эди. КПСС МК июнь Пленумида Молотов гуруҳи тўла мағлуб бўлди, ҳатто кўп тарафдорлари ҳам унинг фаолиятини қораловчи қарорни ёқлаб овоз бердилар. Овоз бериш пайтида фақат Молотовнинг ўзи бетараф қолди. Пленум Молотов, Каганович, Маленков ва Шепиловларни Президиум таркибидан ва КПСС МК аъзолигидан чиқарди. Бу партия тарихида МК ўз Президиуми (Сиёсий бюроси) қарорига бўйсунмаган ва уни бекор қилган ягона ҳодиса ҳисобланади. Молотовнинг сиёсий йўли амалда тамом бўлган эди.
УЧИНЧИ ДАРАЖАЛИ ИШЛАРДА
Июнь пленумидан кейин Молотов ва унинг яқин сафдошларини қамоққа олиш хавфи туғилди. Аммо Хрушчев бунга журъат этолмади, ҳатто у “фракционер”ларни партия сафидан чиқармасликни талаб қилди. Молотов — нисбатан кам масьулиятли лавозимга — СССР нинг Мўғулистондаги элчилигига тайинланди. Бу иш Молотовдан жуда катта меҳнат талаб этмасди. Аввалги йилларда у сиёсатдан ташқари марксизм-ленинизм назариётчилигига ҳам даъвогар эди. Энди назарий масалалар устида бемалол бош қотириш имконияти туғилди. У Москвадаги барча воқеаларни зийраклик билан кузатиб борар ва уларни Улан-Батордаги совет элчихонасига ҳар замонда ташриф буюрадиган хорижий ходимларга шарҳлаб беришдан тортиниб ўтирмасди. Жумладан, у СССРнинг ташқи сиёсатини маъқуллаган ҳолда, МТСларни шошма-шошарлик билан тугатилиши ва МТСлар ихтиёридаги барча техникани колхозларга сотиб юбориш нотўғри бўлганини таъкидлайди. Бу масалада у деярли ҳақ эди, МТСларни бу қадар шошма-шошарлик билан тугатилиши мамлакатдаги колхозларга зарар етказгани маълум.
1958 йилда Мўғулистон ҳукмрон халқ-революцион партиясининг навбатдаги съезди бўлиб ўтди. Улан-Баторга Президиум аъзоси, КПСС МК котиби Н.Г.Игнатов раҳбарлигидаги совет делегацияси ташриф буюрди. Совет делегацияни Молотовни ўз таркибига киритмади. Игнатов умумэътироф этилган қоидаларга зид ўлароқ, Мўғулистондаги янги совет элчиси Молотов билан учрашмади ҳамда уни Мўғулистон раҳбарлари ва МХДП етакчилари билан ўтказилган учрашувга таклиф этмади. Бошқа социалистик давлатлардан Улан-Баторга келган делегациялар ҳам совет элчихонасини эътиборсиз қолдирдилар. Фақат Югославиянинг Москвадаги элчиси, Мўғулистонда ҳам Югославня Коммунистлар иттифоқи ваколатларини бажаришга вакил қилиб юборилган Вхшько Мичунович Молотов ҳузурига ташриф буюрди. Улар бир неча соат Москвадаги умумий дўстлари ҳамда халқаро аҳвол хусусида гаплашиб ўиирдилар. Молотов Улан-Батор ҳавосига ўрганиб қолганини, аммо хотини бу ерда ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтди.
Молотов съезднинг илк мажлисларида қатнашди, аммо Игнатовга сўз берилган пайтда залдан чиқиб кетди. У эса КПСС ва Совет Иттифоқи эришган ютуқлар ҳақида гапирар экан, Молотов бошчилигидаги партияга қарши гуруҳнинг тор-мор этилганини таъкидлаб ўтди ва Молотов ҳақида кескин танқидий фикрлар билдирди. Бу ҳол Молотовни СССР элчиси сифатида ҳурмат қиладиган мўғул раҳбарларини ранжитди, улар КПСС ичидаги низолар етакчи мўғул партиясининг йиғилишида муҳокама этилишини хоҳламас эдилар. Игнатовнинг нутқи бошқа коммунистик партиялар делегацияларига ҳам маъқул бўлмади. Совет делегациясини Улан-Батордан жўнаб кетаётган пайтда кузатувчилар орасида, табиийки, Молотов ҳам бор эди. Аммо Игнатов унинг ёнидан намойишкорона индамай ўтиб кетди ва бошқалар бидан ҳам қўл бериб хайрлашмади.
Мўғулистонга келган турли хитой делегациялари эса Молотовга бутунлай бошқача муносабатда бўлдилар. Хитойликлар Улан-Баторда улкан элчихона биносини қурган эдилар, унинг олдида советларники кичик уйчага ўхшаб кўринарди. Хитой арбоблари имконият туғилди дегунча Сталиннинг шогирди ва сафдоши сифатида Молотовга ҳурмат-эҳтиром кўрсатар эдилар.
Баъзан Молотов Москва билан келишиб ўтирмасдан дипломатик ташаббус кўрсатадиган ҳолатлар ҳам бўлиб турарди. Хрушчев ҳам яқингинада ўзига хавфли рақиб бўлган “сургун”даги бу раҳбар билан ҳадеб ўчакишишни хоҳламас эди. 1958 йилда Хрушчев билан Титонинг ораси бузилиб қолганда ҳам шундай бўлганди. Югославия тўла мустақиллигини сақлаб қолиш учун социалистик лагер таркибига кирмади, оқибатда, СССР билан Югославия муносабатларига яна совуқлик тушди, Югославия коммунистлари Иттифоқининг дастури лойиҳаси совет матбуотида кескин танқид қилинди. Шартномага мувофиқ Югославияга қарзга берилаётган асбоб-ускуналар, жиҳозлар тўхтатилди. Ана шу мунозаралар жараёни қизғин кетаётган бир пайтда Югославиянинг Москвадага элчиси Улан-Батордан оддий почта орқали юборилган ва Молотов томонидан имзоланган самимий табрик телеграммаси олади: Сизга (элчи назарда тутилмоқда — Р.М.) ва Сиз бош бўлган жамоанинг барча аъзоларига, — дейилади телеграммада, — тинчлик ва социализм учун курашаётган халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш йўлида соғлиқ ва улкан муваффақиятлар тилайман”.
Бу Биринчи май байрами муносабати билан Югославия элчихонасига юборилган ягона телеграмма эди. Бошқа совет дипломатлари ва мамлакатдаги оддий фуқаролардан элчихонага қутловлар келмади. Югославия элчиси В Мичунович ҳам Молотовга дипломатик йўл билан эмас, оддий Москва телеграфи орқали қисқа жавоб телеграммаси юборди[30].
1960 йил апрелда В.ИЛенин туғилган куннинг 90 йиллигига тайёргарлик кетаётган пайтда Молотов “Коммунист” журнали таҳририятига “Владимир Ильич Ленин ҳақида” номли катта мақола юборди. Бу мақола журналда босилмади.
Ниҳоят, Хрушчев Молотовни Хитой чегараларидан узоқроқ жойга жўнатишга қарор қилди. Айни шу кунларда СССР ФА мухбир аъзоси В.С.Емельянов бошқа ишлари ва вазифалари кўпайиб кетгани учун БМТ ҳузуридаги Халқаро атом агентлиги совет ҳамраислиги лавозимидан бўшатишларини сўраб мурожаат қилган эди. Бу агентликнинг штаб квартираси Венада жойлашганди. СССР Министрлар Советининг қарорига мувофиқ Молотов ана шу агентликдаги Совет ваколатхонасига бошлиқ этиб тайинланди. Айни замонда, умумий раҳбарлик Емельянов зиммасида қолдирилди. Молотовнинг Мўғулистондан Австрияга боришига тўғри келди.
Хрушчев Американинг янги президента Жон Кеннеди билан Венада учрашган чоғида таклиф этилганлар орасида олтин дастали пенсне таққан, оҳиста ҳаракат қиладиган қарияни ҳам учратиш мумкин эди. Бу Молотов бўлиб, у Хрушчев бйлан совуқ қиёфада саломлашди. Хрушчев ҳам унга илтифотсиз жавоб берди ва ёнидан индамай ўтиб кетди.
1961 йилнинг ёзида СССР да КПСС нинг навбатдан ташқари XXI съездига тайёргарлик авж олдирилди. Халқ орасида кенг муҳокама этиш мақсадида КПССнинг янги Дастури эълон қилинди. Матбуотда, одатдагидек, Дастур лойиҳасини тўла маъқулловчи ёки унга жузъий қўпшмча ва ўзгартиришлар киритиш таклиф этилган мақолаларгина босилар эди. Молотов хдм бу мунозараларда қатнашишга қарор қилди. Съезд бошланишидан олдин у КПСС МКга Дастур лойиҳасини батафсил таҳлил қилинган танқидий малоҳазаларини жўнатади. Молотов уни хато ва “ревизионистик” ҳужжат деб атайди. Унинг танқидий фикрлари босиб чиқарилмайди. Молотов мактубидаги айрим мулоҳазаларни П.А.Сатюков ва П.Н.Поспеловларнинг съезддаги нутқларидан билиб олса бўлади. Аммо улар бу фикрларни ўзгартириб талқин этган бўлиши мумкин. Молотовнинг КПСС Дастурига қарши фикр билдирганидан Хрушчев қаттиқ дарғазаб бўлди. Ана шу туфайли у ўзининг ҳисобот докладига Молотов, Маленков, Каганович ва бошқа “фракционерлар”нинг “партияга қарши” гуруҳини танқид қилишга қаратилган махсус бўлим киритган эди. Бошқа делегатларнинг нутқида ҳам Молотов кескин танқид қилинди. Бу гал Сталин, Молотов ва доҳийнинг бошқа яқин сафдошлари қилган жиноятлар ҳақида ёпиқ мажлисда эмас, тўғридан-тўғри очиқ съезд минбаридан туриб гапирилди. Кўпчилик съезд делегатлари Молотов ва унинг сиёсий маслакдошлари партиядан чиқарилишини талаб қилдилар. Улар бошланғич партия ташкилотлари томонидан партия аъзолигидан чиқарилдилар.
1962 йил февралда Москвадаги Свердловск район партия қўмитаси Молотовни антипартиявий фракционерлик фаолияти ва оммавий қирғинлардаги фаол иштироки учун КПСС сафидан чиқарди. Молотов КПССнинг МШҚга партия аъзолигида қолдиришни сўраб ариза жўнатди. Шаҳар қўмитаси бюроси йиғилишида шу даврдаги МШҚ биринчи котиби П.Н.Демичев унга шундай савол берди: “Сиздан инсон сифатида сўраймиз: нима учун сиз айбсиз одамлар рўйхатига қўл қўйиб, уларни отишга жўнатгансиз?” Молотов: “Бу иш хато бўлган деб ҳисоблайман”, — деб жавоб қайтарди[31].
Собиқ совет раҳбарлари нафақага жўнатилди. Молотов номи билан аталувчи шаҳар ва қишлоқлар 1957 йилдаёқ асл ҳолатига қайтарилган эди. Мамлакатда “Молотов” номи билан аталадиган биронта ташкилот ёки муассаса қолмади.
А.И.Ажубейнинг хотирлашича, XXII съезддан кейин Полина Семеновна Жемчужина Хрушчевнинг кабулига киришга муваффақ бўлади. “Эрини партия аъзолигига тиклаш ҳақидаги илтимосига жавоб сифатида Никита Сергеевич унга Косиор, Постишев ва Украинадаги бошқа масъул раҳбарларнинг хотинларини отиш ҳақида Молотов имзо чеккан ҳужжатни кўрсатиб, ундан Молотовни партияга тиклаш лозимми ёки судга тортиш керакми, деб сўрайди.”[32]
МОЛОТОВ НАФАҚАДА
1961 йилда Молотов Москвага қайтиб келди. Партиядан ҳайдалганидан кейин у кўп имтиёзларидан маҳрум бўлганди. Аммо уларнинг бир қисми хотини учун сақлаб қолинди. Молотов хотини ва оз сонли бошқа оила аъзолари билан Грановский кўчасидаги хонадонида, ёзда эса имтиёзли кишилар учун Жуковкада қурилган дала ҳовлисида яшай бошлади. Унинг олдига қариндошларидан бошқа одам деярли келмас эди.
Бир куни Сталиннинг қизи Светлана Аллилуева уларни йўқлаб келди. Бу ҳақда Аллилуева “Фақат бир йил” китобида хотирлайди:
“Мен қариб, ранги кетиб қолган Молотовни кичик хонадонида — Хрушчев ўрнини Косигин эгаллаган пайтда учратдим. Молотов одатига кўра кам гапириб, бош силкитиб ўтирди. Илгарилари у отамнинг оддида шундай ўтирганини кўп кўрганман. Энди эса у хотинининг гапларини маъқуллаб бош силкитарди. Бу аёл ҳамон бақувват, руҳан тетик эди. У партия сафида қолган, эндиликда ёшлик йилларидаги каби кондитер фабрикасидаги партия мажлисларида қатнашарди. Бутун оила стол атрофида йиғилди. Полина менга шундай деди: “Отанг чинакам даҳо эди. У мамлакатимизда бешинчи колоннани йўқотди, уруш бошланганида партия билан халқ бир сафда турди. Энди инқилобий қатъият йўқ, ҳамма жойда оппортунизм. Итальян коммунистлари нима қилаётганига қара! Шармандалик! Ҳаммани уруш билан кўрқитиб қўйишди. Фақат Хитойдан умид бор. Фақат у ерда инқилобий руҳ тирик!” Молотов маъқуллаб, бошини тебратарди. Қизи билан куёви тақсимчадан кўз узмай жим ўтиришди. Янги авлодга мансуб бу ёшлар қаттиқ хижолатда эдилар. Ота-оналари, уларнинг назарида, музликлар орасидан чиқиб қолган динозаврларга ўхшарди.”[33]
Бу суҳбат Хитойда “маданий инқююб” авжига чиққан йилларда бўлиб ўтган. 1963—1967 йилларда улар бир-бирига оҳиста суянган ҳолда Арбат тор кўчаларида қизғин суҳбатлашиб сайр этишни хуш кўришарди. Бир неча йилдан кейин П.С.Жемчужина вафот этди. Дафн маросимини у партия ҳисобида турадиган кондитер фабрикаси уюштирди. Маросимда райком партия вакиллари ҳам қатнашди. Мотам митингида Молотов сўзга чиқди. Бу унинг нафақага жўнатилгандан кейинги биринчи ва охирги нутқи эди. У марҳума босиб ўтган йўл ҳақида гапирар экан, партия ва Совет ҳукумати 30-40-йилларда амалга оширган улкан ишларга урғу бериб ўтди. Аммо Молотов хотинининг қамоққа олиниб, сургунга жўнатилгани ҳамда шу йиллардаги жиноятларни тилга олмади.
60-йиллариинг ўрталарида Молотов хотиралар ёзишга киришди. У уйида ишлар, айни замонда мунтазам равишда Давлат кутубхонасидаги профессорлар залига қатнар эди. Албатта, Молотов “фахрли” академиклар рўйхатидан аллақачонлар чиқариб ташланган бўлса ҳам, профессорлар ва академиклар залига кириш ҳуқуқи сақланиб қолганди. Бу залда, одатда, хорижликлар ҳам ўз илмий-тадқиқотлари ёки китоблари устида ишлар эдилар. 1968 йилда Молотовнинг ёнига бир франциялик талаба қиз ўтириб қолади. Ёш аёл қизиқсиниб тез-тез қараётганини сезган қария унинг ёнидан ўтиб кетаётиб, кичкина қоғоз парчасини қолдиради. Унга: “Молотов — Сталиннинг ўнг қўли”, деб ёзилган эди.
Ўз хотираларининг 1905—1917 йиллардаги инқилобий ҳаракатларга бағишланган дастлабки қисмини ёзиб тугатган Молотов “Юность” журналининг бош муҳаррири, ёзувчи Борис Полевойга қўнғироқ қилади. Айнан мана шу журналда 1967 йилда А.И.Микоян хотираларининг инқилобга бағишланган биринчи қисми босилган эди. Борис Полевой Молотов хотираларини қабул қилишга шошилмайди. У бир неча кундан кейин қўнғироқ қилинг деб пайсалга солади. Молотов иккинчи марта Полевойга қўнғироқ қилганда, у журнал бу хотираларни босиб чиқаролмаслигини айтади ва уларни марксизм-ленинизм институтига юборишга даъват этади. Молотов бу таклифни қабул қилган-қилмаганлиги номаълум. Аммо уни билган кишиларнинг ҳаммаси у ўз хотираларида асло тавба-тазарру қилмагани ва қарашларини заррача ўзгартирмаганига, аксинча, ўз ўтмишини оқлаш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланганига шубҳа билдирмайдилар.
Молотов ўз квартирасида касби тарихчи бўлган қизи Светлана билан бирга туради. Унга қўриқчи ажратилмаганди. Москвада ва мамлакатда хоҳлаган жойига эмин-эркин бориб-келиши мумкин эди. У кутубхонадан ташқари турли кўргазмалар ва концертларга тушиб турарди. Айниқса, Молотов театрга тез-тез борарди. Айрим асарларни жуда ёқтирарди. Масалан, у Вахтангов театрида қўйилган Корнейчукнинг “Фронт” пьесасини бир неча марта кўрганди. Асар қаҳраманларидан бири: “Мен Молотовга хат ёздим” дер эди.
Молотов Таганка театрида Жон Рид асари асосида саҳналаштирилган “Дунёни титратган тўққиз кун” спектаклини кўриш учун бир неча марта борган. Унинг бир кўринишида айни шу кезларда КПСС МК томонидан ишдан олиниб, нафақага чиқарилган Хрушчевга қарши имо-ишоралар бор эди. Молотов Жуковкадаги имтиёзли чорбоғчилар учун қурилган кичкина кинотеатрга ҳам жуда кўп тушиб турарди. У ерда оммавий экранларга чиқарилмайдиган ҳар хил хоршшй фильмлар ҳам намойиш қилинарди. Томошабинлар орасида Молотовни яхши биладиган “собиқ” ходимлар ҳам кўп бўларди. Аммо улар унга эътибор беришмасди.
Молотов жамоат арбоблари ва журналистларнинг биронтаси билан учрашмасди…
Ўзига хайрихоҳ одамлар қаторига у албан диктатори Анвар Хўжани қўшар эди. Хўжа Тиранада босилиб чиққан хотираларида совет арбоблари билан учрашувларини ҳикоя қилар экан, фақат Молотовнинг номини эҳтиром билан тилга олади. Тўғри, у Молотовни шахс ва сиёсий арбоб сифатида кучсиз сиймо деб атаса ҳам, Сталиндан кейинги раҳбарлар орасида фақат у ҳурматга сазовор деб ҳисоблайди.
Табиийки, Молотов ҳаётида кутилмаган учрашувлар ҳам бўлиб турган. Таниқли спорт шарҳловчиси Николай Озеров бир куни ўз машинасида кетаётган эди. Ногаҳон у йўл четида турган таниш қиёфали қарияни кўриб қолади. Яқин келгач, бу киши Молотов эканини билади ва уйига элтиб қўймоқчи бўлади. Собиқ вазир уйи олдида машинадан тушар экан: “Мени Николай Озеровнинг ўзи машинасида олиб келди десам, невараларим ишонмайди”, — деб миннатдорчилик билдиради…
Кўп москваликлар унинг ёнидан лоқайд ўтиб кетишарди. Кичик ёшдагилар газета ва журналлардаги суратини кўрмагани учун уни деярли танимас эдилар. Катталар эса танишларига гапириб қолишарди: “Биласизми, бугун Молотовни кўрдим. Жуда қариб қолсаям, ҳали тетик. Уни ҳеч ким қўриқламас экан.” Аммо бошқа ҳодисалар ҳам учраб турарди. Бир куни Пушкин майдонида Молотовнинг ёнига қари бир кампир келиб, баланд овозда уки жаллод ва қотил деб ҳақорат қила бошлайди. Молотов ҳеч қандай жавоб бермасдан, елкасини сиқиб жўнаб қолади. Бошқа сафар Жуковкадаги магазинда одамлар помидор учун навбатда туришарди. Молотов ҳам уларга қўшилади. Аёллардан бири шу заҳоти навбатдан чиқиб, “жаллод билан бир сафда туришни хоҳламайман” деб эълон қилади. Молотов индамай магазиндан чиқиб кетади. Солженининнинг биринчи хотини Н.Решетовская ҳам уни шу ерда кўрган эди. Солженицин шу кунларда Жуковкада Ростроповичнинг дала ҳовлисида яшаб турарди. У хотинига танбеҳ беради: “Нега унга ҳеч нарса демадинг? Мен бўлганимда, олдига бориб: “Сиз Молотовмисиз? Мен Солженицин бўламан. Қон оқиб турган мана шу қўлларингиз билан дунёда қандай яшаб юрибсиз?” деб айтган бўлардим.”
Хорижда вафот этган ёзувчи А.Якобсон 60-йилларда Молотов билан Жемчужинани Арбатда учратиб қолади. Ширакайфроқ бўлган Анатолий кўчада ҳамма эшитадиган қилиб: “Дўстинг Риббентроп қандай яшаяпти?!” — деб қичқиради. Юзи тошдек қотган Молотов шарпадек ўтиб кетади.
МҲАТда қўйилган “Пўлат қутовчилар” спектакли премьерасида Молотовни кўрган томошабинлар дастхат ёзиб беришини сўраб театр дастурини узата бошлайдилар. Молотов жонланиб кетади. Аммо кутилмаганда фойеда турган ёшгина аёл: “Нима қклаяпсизлар ўзи? Бу одам жаллод-ку! Минглаб одамларни қирган!” деб қичқиради. Молотовнинг атрофидаги одамлар бир зумда тумандек тарқалиб кетади. У эса бошини эгиб, театр эшигига қараб юради. Яна бир куни — қиш пайтида уйга машинада келган Молотов сирғаниб кетмаслик учун оҳиста юриб, ўз подъездига яқинлашади. Икки баланд бўйли киши ногоҳ қаршисидан чиқиб қолади. Улардан бири — йигирма йилга яқин қамоқда бўлган истеъдодли курувчи-муҳандис Георгий Иванович Меньшиков Молотовни таниб қолиб тўхтайди ва: “Ҳалиям судралиб юрибсанми, қонхўр?” — деб хитоб қилади.
Тўқсон тўрт ёшга кирган Молотов учун бундай ҳақоратларга чидаш оғир эди. Аммо тарих яна бир марта ҳамманинг устидан кулиб, догматизм ва сталинизм ғоялари мамлакатда нақадар кучли эканини намойиш этди.
Марказий Комитетнинг октябрь Пленуми бўлиб ўтган 1964 йилдаёқ Молотов Косигин билан Брежнев номига ариза йўллаб, партия сафига тиклашни сўраган эди. Хрушчев даврида “жабр кўрган” минглаб одамлардан шундай аризалар тушганди. Уларнинг ҳаммаси, жумладан, Молотовнинг мурожаати рад этилди. Бир неча йилдан кейин Молотов ўз илтимосини такрорлайди. Бу пайтда — 60-йилларнинг охирида Сталинни оқлаш учун тайёргарлик кетаётган бўлиб, Сталин номи, баъзан Молотов номи ҳам қўшилган ҳолда газета ва журналларда тез-тез кўриниб турарди. Аммо Сталин оқланмай қолди ва Молотовнинг аризаси инобатга олинмади. Бу борада у кўп марталаб мурожаат қилгани аниқ. 1984 йилда МК Бош котиблигига К.У.Черненко сайланган пайтда Молотов партияга тиклашларини сўраб яна Сиёсий бюрога мурожаат қилади. Бу пайтда Сиёсий бюрода мавқеи баланд бўлган А.А.Громико унинг аризасини қўллаб-қувватлайди. Ортиқча мунозара бўлишини хохламаган Сиёсий бюронинг бошқа аъзолари ён босадилар: Молотов партияга тикланади. Мазкур ҳолат Ташқи ишлар вазирлиги хорижий журналистлар учун ўтказган матбуот конференциясида расман тан олинганига қарамай, партия матбуотида бу ҳақда ҳеч қандай хабар берилмайди. 1984—1986 йилларда энди партия аъзоси бўлган Молотовнинг номи аввалгига қараганда тез-тез матбуотда тилга олина бопшайди. Унинг сиймоси экранларда пайдо бўлади. Жумладан, 1985 йилда экранларга чиққан ва асосий қаҳрамонлари Сталин билан Брежнев бўлган ҳашамдор “Ғалаба” кинофильмида Молотов образи ҳам бор.
1986 йил июлда “Московские новости” газетасида (таҳририят аъзолари ҳамон аввалгидек эди) тўқсон олти ёшли Молотов билан суҳбат эълон қилинади. Молотовнинг Жуковкадаги дала ҳовлисига борган журналист Клара Абрамия ёзади:
“Бизни таклиф этишган кабинетнинг ҳамма деворлари китоб токчаларига тўла. Иш столида “Анти-Дюринг” ва “Тинч Дон” турибди, “Анти-Дюринг”нинг очиқ саҳифасида қалам излари кўринади. Фиқрларимни аввалдан сезгандек, ўз кун тартиби ҳақида ҳикоя қила бошлади… Эрталаб 6.30 да ўриндан туриш, 20 дақиқа очиқ ҳавода бадантарбия. Нонуштадан кейин бир соатча ўрмонда сайр этиш, сўнг газета ўқиш. Икки соатлик ҳордиқ ва яна иш столида машғулот. Китоблар, китоблар. Ўқиш учун олти соат вақт ажратилади.
— Ҳамма воқеалардан хабардорман, — дейди Вячеслав Михайлович. — Ҳаётимизда содир бўлаётган ўзгаришлардан хурсандман. Афсуски, ёшим ва соғлиғим бу ишларда фаол иштирок этишга йўл қўймайди. Ёш улғайган сари жамиятга кўпроқ фойда етказишни хоҳлаб қолар экансан… Мен бахтли кексаликка эришдим. Юз йил яшашни орзу қиламан…”[34]
Молотов юз ёшга ета олмади. Юқоридаги суҳбатдан кейин бир неча ой ўтгач, у вафот этади. Ғарб газета ва журналларида шу муносабат билан кўплаб мақолалар эълон қилинди. Совет матбуотида эса фақат кичик бир хабар босилди: “СССР Министрлар Совети чуқур қайғу билан билдирадики, 1986 йил 8 ноябрда узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг иттифоқ миқёсидаги шахсий пенсионер, 1906 йилдан бери КПСС аъзоси, 1930 йилдан 1941 йилгача СССР Халқ Комиссарлар Советининг Раиси, 1941 йилдан 1957 йилгача СССР Министрлар Совети Раисининг бйринчи ўринбосари бўлиб ишлаган В.М.Молотов 97 ёшида вафот этди.”[35]
Молотов Новодевичево қабристонига дафн этилди. Мотам маросимида қариндош-уруғлари ва айрим дўстлари, мухлислари иштирок этдилар. Улар орасида биронта ҳам мухбир йўқ эди.
1984 йилда немис журнали “Дер Шпигель” Вячеслав Молотов билан Рудольф Гесс тақдиридаги ўхшашликлар ҳақида кичик бир мақола эълон қилди. Гесс ҳам тўқсон ёшдан ортиқ умр кўрган эди. У ҳам нацистлар партиясида Гитлердан кейинги иккинчи шахс ҳисобланган, антифашистларга қарши террорнинг асосий ташкилотчиларидан бири бўлган. Гёсс Молотов — Риббентроп пактини тайёрлашда ҳамда 1940 йилда Молотов билан Гитлер олиб борган музокараларда фаол иштирок этган. Журналда Молотов билан Риббентропнинг кулимсираб қўл ушлашиб турган сурати ҳам босилган эди. Гесс ҳам юз ёшга етишни орзу қилгани маълум, аммо у 93 ёшда вафот этди. Бу одамларнинг тақдирида жиддий фарқлар ҳам мавжуд. Гесс 1941 йилда қамоққа олинган, дастлаб инглиз қамоқхоналарида, 1946 йилдан кейин эса ҳарбий жиноятчи сифатида Берлиндаги Шпандау турмасининг бир кишилик ҳужрасида сақланди. Очиғини айтганда, уни қўриқлаш учун кетган харажатлар Жуковкадаги жиҳозланган дала ҳовлида яшаган Молотовни “таъминлаш”га қараганда ўн маротаба ортиқ эди. Афсусланадиган жойи шундаки, аксари яхши одамларга узоқ умр кўриш насиб этмайди, кўпгина ёмон одамлар эса, аксинча, ўта яшовчан бўлади.
Русчадан Ортиқбой Абдуллаев таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2006 йил 4-сон
_______________________
[1] Смит X. Руслар. Нью-Йорк, 1976. 195-196-б.
[2] Қаранг: Буков К, Самородов А. Ўнг қўл. “Московская правда”, 1989, 6 апрел. Молотов В. Социализм учун кураш. М., 1935, 76-б.
[3] Мандельштам Н.Я. Хотиралар. Париж, 1970, 167-б.
[4] Бу ҳақда қаранг: Зеленин Е.И. Янги коллективлаштириш даври якунидаги баъзи “оқ доғлар” ҳақида. История СССР, 1989, №2, 12-13-б.
[5] Бу китобнинг айрим боблари “Огонёк” журналида (1989, №46-52) босилкб чиққан.
[6] Орлов А. Сталин жиноятларининг махфий тарихи. Нью-Йорк — Қуддус — Париж, 1983, 154-159-б.
[7] Қаранг: Вайнштейн А. Ака-ука Старостинлар иши. Московские новости. 1989, 29 январ.
[8] “Кераксизлиги учун фуқаро Капицага қайтарилсин.” Шахсий архивдан олинган уч мактуб. Советская культура. 1989, 14 январ.
[9] “Тийиқсиз ўзбошимчаликка қарши норозилик билдираман.” Академик И.П.Павлов билан В.М.Молотов ёзишмалари. Советская культура, 1989, 14 январ.
[10] Елагин Ю. Санъатнинг бўйсундирилиши. Нью-Йорк, 1952, 101-б.
[11] Қаранг: Волкогонов Д. Юксалиш ва фожиа. Октябр, 1988. №12. 117-б.
[12] Гнедин Е. СССР билан фашистлар Германияси ўртасидаги муносабатлар тарихидан. Нью-Йорк, 1977, 34-35-б.
[13] Bohlen C. Witness to History. NY. 1973. P. 64.
[14] Рошчин А. Ташқи ишлар комиссарлиги уруш арафасида. Международная жизнь, 1988. №4, 124-12-б.
[15] Қаранг: Назаров З. “Международная жизнь” журнали таҳририятига мактуб. Международная жизнь. 1988. №1, 116-б.
[16] Е.А.Гнедин хотираларидан айрим парчалар “Новый мир” журналида (1988, №7. 17.3- 209-б.) босилган.
[17] Гнедин Е. Фалокат ва қайта туғилиш. Амстердам, 1977. 291-б.
[18] Рошчин А. Кўрсатилган асар. 126-б.
[19] Bohlen C. Witness to History. NY. 1973. P. 74.
[20] Bohlen C. Witness to History. NY. 1973. P. 82.
[21] “Правда”, 1989, 28 декабр.
[22] СССР Олий Советининг 1939 йил 31 октябр — 2 ноябрдага навбатдан ташқари сессияси. Стенографик ҳисобот. Москва, 1939. 9-б.
[23] Кўчирма “Замон ва биз” нашридан олинди (Қуддус — Париж — Нью-Йорк). 1979, №48, 161-162-б.
[24] Симонов К. Авлодим кўзи билан. М., 1989, 241-242-б.
[25] Идашкин Ю. Бизга таниш сиймо. В.М.Молотов билан суҳбат. “Литературная Россия”, 1988, 22 июнь.
[26] “Правда”, 1953, 10 март.
[27] Кўчирма “Der Spiegel”дан олинди. 1986, №36. 5. 149-150 б.
[28] “Коммунист”, 1955, №14. 127-128-б.
[29] Тарих ва замонавийлик масалалари. “Давра баҳси”, Вопросы истории КПСС 1989, №2. 50-б.
[30] Мичунович В. Москвада ишлаган йилларим. 446-447-б.
[31] Буков К., Самородов Л. Ўнг қўл. “Московская правда”. 1989, 6 апрел.
[32] Ажубей А. Ўша ўн йил. Знамя, 1988, № 6, 96-б.
[33] Алилуева С. Фақат бир йил. Нью-Йорк, 1970, 353-б.
[34] Абрамия К. Молотов ҳузурида меҳмонда. “Московские новости”. 1986, 6 июл.
[35] “Известия”, 1986. 11 ноябр.