Хожа Муҳаммад Порсо (1348-1420)

Тасаввуф илмининг Нақшбандия мактаби ислом оламига мутасаввуф шайхлар билан бир қаторда етук олимларни ҳам етиштириб берган эди. Ана шундай зотлардан бири Хожа Муҳаммад Порсо ал-Бухорийдир. Унинг исми-шарифидаги “ал-Бухорий” қўшимчасига асосланиб айтиш мумкинки, Порсо Бухорода туғилган. У мадрасаларда ўқиб, Қуръон, ҳадис, калом каби турли диний илмларни чуқур ўрганиб, замонасининг забардаст кишиларидан бири бўлиб етишди ва Баҳовуддин Нақшбанддан сўнг Марказий Осиёда нақшбандия оқимининг энг йирик вакили ҳамда тарғиботчиси сифатида машҳур бўлди.

Абдураҳмон Жомий ўзининг “Нафоҳот ул-унс” номли асарида кўрсатишича, Муҳаммад Порсонинг тўлиқ исми Муҳаммад бин Маҳмуд ал-Ҳофиз ал-Бухорийдир. “Порсо” унинг лақаби бўлиб, бу лақабни унга Баҳовуддин Нақшбанд берган. “Рашаҳот” муаллифи бунинг тафсилотини қуйидагича баён қилади: “Муҳаммад Порсо кўчада мунтазир ҳолда турардилар. Ногоҳ ичкаридан Ҳазрати Хожа (Баҳовуддин)нинг канизаклари чиқиб қолди. Ҳазрати Хожа канизақдан: “Кўчада турган ким?”—деб сўрадилар. “Бир порсо (диндор) йигит турибди”, деди канизак. Ҳазрати Хожа ташқарига чиқиб, Хожа Муҳаммадни кўрдилар ва унга: “Сиз порсо экансиз”, дедилар. Шу кундан бошлаб эл орасида у “Порсо” лақаби билан машҳур бўлиб кетди. Хожа Муҳаммад Порсонинг Баҳовуддин Нақшбанд билан бўлган ўзаро муносабатлари шу даврда яшаган Муҳаммад Боқирнинг “Мақомоти Хожа Баҳовуддин Нақшбанд” номли асарида мукаммал баён қилинган.

Хожа Муҳаммад Порсо “Туҳфат уз-зоирин” китобида кўрсатилишича, Баҳовуддин Нақшбанднинг иккинчи халифаси эди. Баҳовуддин Нақшбанд ўзининг бу шогирдига катта умид билан қараган ва унинг тарбиясини ўз назоратига олган.

“Рашаҳот”да Хожа Муҳаммад Порсонинг қуйидаги ҳикояси келтирилади: “Ҳижоз йўлида Хожаи Бузруг (Баҳовуддин) касалга чалиндилар ва васиятлар қилдилар. Шу аснода дўстлар ҳузурида бу мажлисга юзланиб: “Хожагонлар хонадонининг халифаларидан бу заифга нимаики етган бўлса ва бу йўлда ниманики топган бўлса, бу омонатларнинг барини сенга топширдим. Бу омонатларнинг барини Ҳақ субҳонаҳу халқига етқиз”, дедилар. Ҳижоз сафаридан қайтганмизда эса дўстлар ҳузурида: “Бизда нимаики бўлса, сен ҳаммасини тўлиқ олдинг”, дедилар. Ҳаётларининг охирида эса: “Бизнинг вужудга келишимизнинг сабаби Муҳаммад (Порсо)нинг зуҳури эди”, дедилар”.

Баҳовуддин Накшбанд вафоти олдидан Хожа Муҳаммад Порсони ўз ўрнига тайин қилганлигини унинг яқинларидан бўлган Хожа Али Домод қуйидагича тавсифлайди: “Ҳазрати Хожа Баҳовуддин охирги беморликлари пайтида ҳозирги муборак жасадлари ётган кабрни ковлашга буюрдилар. Қабрни ковлаб бўлиб, уларнинг ҳузурларига келдим. Ўзларидан сўнг иршод ишига кимни буюрар эканлар, деган фикр кўнглимдан ўтди. Улар тўсатдан менга ўгирилиб: “Ҳижоз йўлида айттан гапим гапдир, кимки бизни орзу қилса, Хожа Муҳаммад Порсога назар қилсин”, дедилар”.

Мазкур мисоллар Хожа Баҳовуддин Накшбанднинг шогирдига нисбатан ҳурмат ва эътиқодининг далилидир.

Хожа Муҳаммад Порсо ўз устози каби мусулмонларнинг аҳволи ҳақида қайғуриб, подшоҳлар ишига ҳам аралашиб турган. “Рашаҳот”да келтирилган бир ҳикоя аввалида Хожа Муҳаммад Порсодаги каромат қувватининг кучлилигида далолат қилинса, сўнг давр уламоларининг ҳамда подшоҳнинг илму фаннинг соф бўлиши борасида қайғурганликлари кўрсатилади.

“Рашаҳот” муаллифи Али Сафийнинг ёзишича, Хожа Муҳаммад Порсо кучли каромат соҳиби бўлса-да, бироқ буни иложи борича яширишга ҳаракат қилган. Аммо, қаттиқ зарурат туғилгандагина уни ошкор қилишга мажбур бўлган. Шундай воқеалардан бирининг тафсилоти қуйидагича:

“Ҳадисчи олимларнинг пешвоси шайх Шамсуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарий алайҳир раҳма Мирзо Улуғбек замонида Самарқандга келган эдилар. Баъзи ғаразгўй кишилар: “Ҳазрати Хожа Муҳаммад Порсо Бухорода кўп ҳадисларни нақл қиладилар, уларнинг аснодлари тўғри ёки нотўғрилиги ҳеч кимга маълум эмас. Ҳазрати Шайх буни текшириб кўрсалар ёмон бўлмас эди”, дедилар.

Ҳазрати Шайх бу ишнинг пайига тушдилар. Мирзо Улуғбекни ҳам бунга кўндириб, Бухорога одам юбордилар ва Ҳазрати Хожа (Муҳаммад Порсо)ни Самарқандга келишларини илтимос қилдилар. Шундай қилиб, Шайх Самарқанднинг шайхулисломи бўлган Хожа Исомиддин ҳамда уламоларнинг энг улуғлари билан бирга катта мажлис ташкил қилдилар. Хожа Муҳаммад ҳам мажлисга етиб келдилар. Шайх ундан илтимос қилиб, асноди билан биргаликда бир ҳадис айтишни сўрадилар. Хожа Муҳаммад айтгач, Шайх: “Бу ҳадиснинг тўғрилигига шубҳа йўқ, бироқ унинг асноди бизга маълум эмас”, дедилар. Бу сўздан ҳасадчилар хурсанд бўлиб, бир-бирига кўз қисдидар. Хожа Муҳаммад эса бу ҳадиснинг иккинчи аснодини ҳам айтиб бердилар. Шайх яна ўзининг юқоридаги сўзини такрорлади. Хожа Муҳаммад қанча аснод айтса ҳам сўзи бу ерда мақбул бўлмаслигини фаҳмладилар. Сўнг бир лаҳза муроқабага берилдилар, бироз сукутдан кейин Шайхга қараб: “Сиз фалон ҳадис китобини тан оласизми ва ундаги аснодларни мўътабар дер ҳисоблайсизми?”—дедилар. Шайх: “Ҳа, у китоблардаги аснодларнинг ҳаммаси эътиборли ва ишончга лойиқцир. Ҳадис фанини таҳқиқ этувчилардан ҳеч ким унга шубҳа қилмайди, агар сиз айтган аснодлар шу китобдан бўлса, у пайтда бизнинг ҳеч қандай эътирозимиз йўқ”, дедилар.

Ҳазрати Хожа (Муҳаммад Порсо) Хожа Исомиддинга қараб: “Сизнинг кутубхонангизда фалон токчада, фалон китобнинг тагида, фалон рангли ва фалон жилдли китоб бор, унда биз айтган аснод фалон варақдан сўнг, фалон саҳифада батафсил келтирилган, илтифот қилиб, ходимларингиздан бир кишини юборсангиз, уни тезда олиб келса”, дедилар.

Хожа Исомиддин, бу аснод ўша ерда борми-йўқми, деб иккиланиб турарди Мажлисдагилар эса ҳангу-манг бўлиб ўйга толган эдилар. Ҳазрати Хожанинг бу шахсий кутубхонада бўлмаганликлари ҳаммага маълум эди. Шундай қилиб, Хожа Исомиддин ўз яқинларидан бирини зудлик билан уйига юбориб, агар айтилган нарсалар у ерда бўлса, олиб келишни буюрди. У киши айтилган белгилар бўйича китоб ва аснодни топиб, мажлисга келтирди. Айтилган ҳадис ўша аснодлар билан ўша саҳифада ҳеч бир тафовутсиз мавжуд эди. Буни эшитган мажлис аҳлидан ҳайрат овозлари баланд кўтарилди. Шайх ва бошқа уламолар таажжуб ичида қолдилар. Айниқса, Хожа Исомиддиннинг ҳайрати бошқаларникидан зиёда эди, чунки у бу аснодли китобнинг ўз уйида борлигидан бехабар эди. Бу қиссани эшитган Мирзо Улуғбек Ҳазрати Хожани чақиртирганидан хижолат бўлди. Ҳазрати Хожадан юз берган бу каромат одамлар орасида уларга нисбатан ақидаларини мустаҳкамлади”.

“Рашаҳот”да Хожа Муҳаммад Порсонинг ўша даврдаги сиёсий воқеаларга ҳам алоқадор бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Унинг фаолиятидан Амир Темурнинг фарзанди Муҳаммад Жаҳонгирнинг ўғли Халил Мирзо, шунингдек, Хуросон шоҳи Шоҳрух яхши хабардор бўлганлар. Порсо Шоҳрух билан турли масалалар бўиича ёзишмалар ҳам олиб борганлиги манбаларда қайд этилган.

Хожа Муҳаммад Порсо нафақат валиюллоҳ, балки ўз даврининг йирик олимларидан эдики, унинг Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида қуйидаги асарлари сақланмоқда:

  1. “Рисолаи қудсия” (“Хожа Баҳовуддиннинг қудсий калималари ҳақидаги рисола”).
  2. “Аз анфози қудсияи машойихи тариқат” (“Тариқат машойихларининг қудсий калималаридан”).
  3. “Эътиқодот” (“Эътиқод ҳақида рисола”).
  4. “Таҳқиқот” (“Тасаввуф истилоҳлари ҳақида рисола”).
  5. “Тафсири Қуръон” (“Қуръон тафсири”).
  6. “Ал-ҳадис ул-арбаъуна” (“Қирқ ҳадис”).
  7. “Рисола дар одоби мурид” (“Мурид одоблари ҳақида рисола”).
  8. “Рисолаи кашфия” (“Кароматлар ҳақида рисола”).
  9. “Рисолаи маҳбубия” (“Дўстлик ҳақида рисола”).
  10. “Шарҳи “Фиқҳи Кайдоний” (“Фиқҳи Кайдоний” асарининг шарҳи”).
  11. “Фасл ул-хитоб бивусули-аҳбоб” (“Дўстлар висолига етишишда оқ ила қорани ажратувчи китоб”).
  12. “Мухтасари таърихи Макка” (“Макка шаҳрининг қисқача тарихи”).
  13. “Фусули ситта” (“Олти фасл”).
  14. “Мактуби Хожа Муҳаммад Порсо ва Мавлоно Зайнуддин” (“Хожа Муҳаммад Порсонинг Мавлоно Зайнуддинга мактуби”).
  15. “Мақомоти Хожа Алоуддин Аттор” (“Алоудцин Аттор мақомоти”).
  16. “Мақомоти Хожа Баҳовуддин Нақшбанд” (“Хожа Баҳовуддин Нақшбанд мақомоти”).
  17. “Муқаддима ли-жомиъ ул-калим” (“Жомиъ ул-калим” китобига муқаддима”).
  18. “Ҳафтоду ду фирқа” (“Етмиш икки фирқа”).

Институтда Хожа Муҳаммад Порсонинг қўли теккан ва ўз муҳрини босган бошқа бир муаллифнинг асари ҳам сақланмоқдаки, буларнинг барчаси унинг етук олим бўлиши билан бирга, ўзининг шахсий кутубхонасига ҳам эга эканлигини кўрсатади.

Хожа Муҳаммад Порсо икки марта ҳаж сафарини адо этган. Дастлаб Баҳовуддин Нақшбанд билан, кейин 1419 йили Бухородан Термиз, Балх ва Ҳирот орқали Нишопурга, ундан эса Мадинага кириб боради. Ҳаж зиёратини амалга оширгач, касалга чалиниб, 72 ёшида вафот этади. Амир ул-мўъминин Аббос мақбараси ёнига дафн этилади. Шайх Зайнуддин ал-Хавофий Мисрдан тарошланган оқ тош келтириб, унинг қабрига қўяди.

Муҳаммад Порсонинг “Рисолаи қудсия” асари Хожа Баҳовуддин Нақшбанднинг қудсий калималарини шарҳлашга бағишланган. Бу калималар Баҳовуддин Нақшбанднинг ўз оғзидан эшитилган бўлиб, Муҳаммад Порсо уларни жамлаб юрган. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: “Бу сўзлар (уларнинг) муборак оғизларидан чиққан сўзлардан бир томчисигина бўлиб, бу заиф банда… бу қудсий калималардан баъзиларини садоқат ва иродат юзасидан табаррукона ва иршод сифатида қаламга олиб юрарди”. Муҳаммад Порсо ўзининг бу асарида улуғвор устозининг қудсий калималарини келтирибгина қолмай, уларни шарҳлаб ҳам беради. Асар Баҳовуддин Нақшбанд ҳаёти, унинг хизматлари ва маънавий оламини очиб бериш ҳамда Нақшбандия сулукининг асослари ҳақида чуқур маълумотларни ўз ичига олиши билан ниҳоятда қимматлидир.

Порсонинг шариат ва тариқат масалаларига бағишланган ва унга катта шуҳрат келтирган асари “Фасл ул-хитоб бивусули-л-аҳбоб” (“Дўстлар висолига етишда оқ ила қорани ажратувчи китоб”) номли асаридир. Катта ҳажмга эга бўлган бу китоб ислом уламолари орасида қўлланма сифатида фойдаланилган. Асар бир неча марта чопэтилган.

Ўтмишда шариат, тариқат ва фирқалар тўғрисида қандайдир баҳс туғилиб қолса, албатта “Фасл ул-хитоб”га мурожаат қилиб, Порсонинг фикрини ҳужжат сифатида кўрганлар ва унга суянганлар. Мазкур асарнинг мундарижаси билан танишиб чизишнинг ўзи асарда муҳим масалалар кенг ёритилганлигадан гувоҳ беради. Асар 494 та масалага бағишланган бўлиб, бу масалаларнинг ҳаммаси исломда баҳсли ҳисобланган ва Порсо бу масалаларни турли асарларга суянган ҳолда ечиб берган.

Умуман олганда, Хожа Муҳаммад Порсо Марказий Осиё халқлари маънавиятида, ислом ва тасаввуф тарихида чуқур из қолдирган алломадир.

т.ф.н. О. Бўриев, М. Ҳасанов