Увайсий (1779-1845)

Ўзбек адабиёти тарихида мумтоз ўринга эга бўлган Жаҳон отин — Увайсий XVIII аср охири XIX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган машҳур ўзбек шоирасидир. У Марғилон шаҳрининг Чилдухтарон маҳалласида, тахминан 1779 йилларда дунёга келган. жаҳон отиннинг отаси тўқувчи, ҳам косиб бўлиб, ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ёзган, онаси Чиннибиби эса ўз даврининг донишманд аёлларидан бўлиб, мактабдорлик қилган. Жаҳонбиби оилада хат-саводини чиқариб, сўнг онасининг ёнида мактабдорлик қилган, акаси Охунжон ҳофиз ёрдамида куй-мусиқага ҳам рағбат пайдо қилган. Жаҳонбибининг ҳаёт йўлдоши Тожихон жуда эрта вафот этгач, у қизи Қуёш ва ўғли Муҳаммадхонларни ўзи тарбиялаб вояга етказган. Жаҳонбиби оила аъзоларининг таъсирида кўпроқ шахсий мутолаага берилиб, ўзбек, тожик ва озарбайжон алломаларининг асарларини муҳаббат билан ўқиб, Вайсий, Увайсий тахаллуси билан шеърлар ёза бошлайди ва тез орада шоира, отин сифатида танилади.

Увайсийнинг ҳаёти ўз даврида Марказий Осиёнинг катта илм-фан ва маданият марказларидан бўлган Марғилон ҳамда Қўқоннинг истеъдодли адиб ва шоирлари даврасида ўтди. У Моҳларойим — Нодира билан ижодий ҳамкорлиқда бўлган. Саройда шеърият илмидан дарс бериб, устозлик қилган. У Нодира билан Конибодом, Хўжанд, Ўратепа, Тошкент, Андижон каби шаҳарларда бўлиб, ижодий доиралар ва зиёлилар билан муносабат ўрнатган. 1842 йили Бухоро амири Насруллахон Қўқонни эгаллагач, Марғилонга қайтиб умрининг охиригача шу ерда яшаган.

Олтмиш йилдан кўпроқ умр кўрган Увайсийдан бизга каттагина адабий мерос етиб келган. Унинг қўлёзма девонлари Ўзбекистон Фанлар академияси Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Андижон Давлат Педагогика институти кутубхонасида сақланмоқда. Шоира девонининг қўлёзмаларини аниқлаш, оммалаштириш ва тадқиқ этишда академик А. Қаюмов, профессор Ҳ. Раззоқов ва Э. Иброҳимоваларнинг хизматлари каттадир[1].

Шоиранинг 4 та девон тузганлиги маълум. Увайсий ижодининг ғоявий-бадиий моҳиятидан ўзбек мумтоз адабиёти анъаналарини ижодий давом эттирганлиги кўриниб туради. Шоиранинг Навоий, Фузулий ғазалларига боғлаган кўплаб мухаммаслари ва назиралари, Бедил шеърларига издошлиги Увайсийнинг поэтик балоғатидан далолат беради. Шоира адабиётда тараққийпарвар намояндаларнинг қарашлари асосида майдонга келган инсон тақдири, шахс эрки ва маърифатпарварлик ғояларида латиф ва дилкаш асарлар яратади, асарларида инсонни эъзозлаш, одамнинг табиат ва ҳаёт ноз-неъматларидан баҳраманд бўлишга ундаш, дўстлик, вафо ва садоқат каби ўзининг улуғвор ниятларини Қуръон оятлари, ҳадислар ва тасаввуфий талқинлар билан асослаган ҳолда ижодий баркамолликка эришди. Унинг шеърларида тариқатнинг талаб ва қоидаларига тааллуқли бўлган талқинлар кўп учрайди. Шоира шундай ёзган эди:

Фано мардумларини сирридин ҳеч кимса йўқ огоҳ,
Қабиҳ гуфтор мардумдин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.

Шоиранинг бу каби орифона сатрлари Алишер Навоийнинг инсонни комиллик йўлидаги изланишларида тасвирлаган — юз куфрга кетганда ҳам бир тавба қилишни хаёлига келтирмайдиган, покни нопокдан ажрата билмайдиган дилозор кишиларни қаттиқ қоралаган сатрларига ҳамоҳангдир.

Увайсий ўз асарларида инсонга хос бўлган илоҳий муҳаббат туйғуларини эъзоз билан куйлайди. Табиатнинг ҳисобсиз гўзалликлари мавжида ишқ ҳиссиёти ҳам шалоладек туғён уради. Бу ишқ-севги ҳаётни қадрлашга, унинг лаззатларидан баҳраманд бўлишга чақиради. Шоира муҳаббат туйғулари завқига берилиб, бора-бора унинг нозик каърига назар ташлайди:

Забонингни кетургил, эй шакарлаб тўти гуфтора,
Нечукким марҳамат ўлсун неча мендек дил афгора.

Нигоҳинг ташлағил, лутф айлабон, эй шўхи бепарво,
Йўлингда интизор ўлғон мени бул ошиқи зора.

Увайсий дастлаб юксак одамийликни, шу одамийликни қалб тўрида авайловчи вафодор ёрни улуғлар экан, уни қуёш билан қиёс қилади. Қуёш ҳар тонг уфқдан бош кўтариб ўзининг оташин нури билан оламга, одамларга ўз меҳр ва шафқатини сочади. Шоира ёр ва офтоб ташбеҳларини қаршилантириш санъати орқали катта маҳорат билан энг гўзал туйғулар силсиласини гулдаста қилади. Унинг лирик қаҳрамони мушоҳадакор донишманд, вафоли ошиқ. Шунинг учун ҳам шоира:

Вайсий, бошинг узра қўй, хуршед талъат ёрни,
Билмадингму зарралар бошинда дастор офтоб, —

деб вафоли ёрни энг зариф сатрлар билан улуғлайди. Унинг учун ёр билан суҳбат, дўст билан мубоҳаса, дилкаш мутриб тароналари юксак бир шарафдир.

Маълум бўлишича, Увайсий узоқ вақт мактабдорлик ҳам қилган. У ўз даврининг ёш толибларига Аллоҳ каломи бўлган Қуръон ва ҳаёт гўзалликларидан сабоқ берган. У талабалар учун тез фикрлаш, чиройли сўзлаш ва бошқа таълим-тарбия воситалари билан боғлиқ бўлган чистон-топишмоқлар яратган. Унинг анор ҳақидаги машҳур чистони ўзининг муҳим мазмуни ва юксак бадиийлиги билан шоира ижодининг ёрқин бир саҳифаси сифатида кўзга ташланади:

Бу на гумбаздур, эшига, туйнугидин йўқ нишон,
Неча гулгун пок қизлар манзил айлабдур макон?
Туйнугин очиб аларнинг ҳолидан олсам хабар,
Юзларида парда тортуғлиқ турурлар бағри қон.

Увайсийнинг лирик шеърларидан ташқари “Шаҳзода Ҳасан”, “Шаҳзода Ҳусан” каби лиро-эпик асари ва “Воқеоти Муҳаммад Алихон” каби тарихий достонлари мавжуд. Шоиранинг лиро-эпик достонлари ислом тарихи билан боғлиқ воқеалар асосида яратилган бўлиб, бу Увайсийнинг ўз даврини билимдон отини — муаллимаси ва динимиз тарихидан чуқур хабардорлигидан далолат беради.

Увайсий ҳаётийлик давридаёқ нафис лирикаси билан машҳур бўлди ва замондошларининг эътиборини қозонди. Унинг замондоши ва издоши шоира Дилшод — Барно ўзининг Нодирабегимга бағишланган “Тонг маҳал чиқди ҳарамдин турфа моҳ” деб бошланган ғазалида Нодира билан бир қаторда Увайсийни ҳам жуда катта эъзоз билан хотирлайди:

Ким? — дедим, Нодира — дедилар ани,
Ёнида Вайсий турур олампаноҳ.
Ҳар бири минг шоира ўрнидадур,
Иккови бирла тулур ҳар боргоҳ.

Увайсий асарлари ўзининг латиф мазмуни ва дилкаш бадиийлиги билан даврлар оша мухлислар қалбига битмас-тутанмас эстетик завқ бағишлаб келмоқда. Улар халқ оммаси орасида кенг ёйилган, ҳофизлар, хонандалар томонидан мақом ва халқ оҳанглари билан ҳозиргача куйланиб келади.

ф.ф.д. М. Қодирова

____________

[1] Увайсий. Девон. Тошкент, “Фан”, 1958 йил. Увайсий. Девон, Тошкент, Ғ. Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1963, Э. Иброҳимова. Увайсий. Т., “Фан”, 1963.