Мирзо Улуғбек (1394-1449)

http://n.ziyouz.com/images/mirzo_ulugbek.jpg

Улуғбек 1394 йилнинг март ойида Эроннинг ғарбидаги Султония шаҳрида, бобоси Темурнинг ҳарбий юриши пайтида туғилди. У Шоҳрух Мирзонинг тўнғич ўғли бўлиб, унга Муҳаммад Тарағай исми берилган, лекин болалигидаёқ у Улуғбек деб атала бошлаб, бу исм кейинчалик унинг асосий исми бўлиб қолди.

Улуғбекнинг болалик йиллари бобоси Темурнинг ҳарбий юришларида ўтди. 1405 йил Хитойга қилинаётган юриш бошида Темур вафот этгач, икки йил давомида унинг авлодлари ўртасида тахт учун кураш давом этди ва бу курашда Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрухнинг қўли баланд келди. Лекин Шоҳрух ўзига пойтахт қилиб Ҳиротни танлаб, Мовароуннаҳр пойтахти Самарқандни эса ўғли Улуғбекка топширди. Шундай бўлса ҳам Шоҳрух Эрон ва Туроннинг ягона хоқони деб ҳисобланарди.

Шоҳрух тўнғич ўғли Улуғбекни 1411 йили Моваруннаҳр ва Туркистоннинг ҳокими этиб тайинлайди. Улуғбек 17 ёшида ҳоким бўлиб, бобосидан фарқли ўлароқ ҳарбий юришлар билан қизиқмас, кўпроқ илм-фанга мойил эди. Афсуски, Улуғбекнинг бошланғич маълумоти ва мураббий ҳамда устозлари ҳақида аниқ маълумот сақланмаган. Улуғбек болалик йилларида бувиси Сароймулк хоним тарбиясида бўлган. Албатта биз бу аёл ўзининг севимли набирасига ўқув-ёзувни ўргатгани ҳамда тарихий мавзудаги ҳикоя ва эртакларни сўйлаб берганлигини тахмин қилишимиз мумкин. 1405—1411 йилларда амир Шоҳ Малик ёш мирзонинг отабеги бўлган. Лекин у Улуғбекка асосан ҳарбий ва сиёсий тарбия бера олиши мумкин эди.

Улуғбекнинг устозларидан бири мунажжим Мавлоно Аҳмад бўлганлигини тахмин қилиш мумкин, чунки бу киши Темурнинг саройидаги энг йирик олимлардан бўлиб, сайёраларнинг келажак икки юз йиллик тақвимлари жадвалларини туза олган. Лекин Улуғбекнинг ўзи кейинчалик асосий асари бўлмиш “Зиж”ида фақат Қозизода Румийни “устозим” деб атайди. Ҳақиқатан ҳам Қозизода 1360 йилларда туғилган бўлиб, 20—25 ёшларида, яъни Улуғбек туғилмасиданоқ Темурнинг сафига ўтади. Натижада Улуғбек умрининг илк давриданоқ Мавлоно Аҳмад ва Қозизода Румий каби астроном ва математиклар таъсирида улғаяди. Шу сабабли унинг ҳаётида аниқ фанлар муҳим аҳамият касб этади.

Улуғбек йигирма ёшларида ўз даврининг йирик олимларидан бўлиб, унинг ҳокимлиги давридаги муҳим янгиликлар бутун ўрта аср маданияти тарихида улкан аҳамият касб этди. Улуғбекнинг ходими бўлмиш Ғиёсиддин Жамшид Коший 1417 йили Самарқанддан Кошонга отасига ёзган мактубида Улуғбекнинг фаолияти ва билимдонлигини қуйидагича таърифлайди: “Аллоҳга ва унинг неъматларига шукроналар бўлсунким, етти иқлимнинг фармонбардори, Ислом подшоҳи (яъни Улуғбек — А. А.) донишманд кишидирлар. Мен бу нарсани одоб расми юзасидан айтаётганим йўқ. Ҳақиқат шуки, аввало у киши Қуръони Каримнинг аксарият қисмини ёддан биладилар. Тафсирларни ва муфассирларнинг ҳар бир оят ҳақидаги сўзларини ақлда сақлайдилар ва ёддан биладилар ва арабчада ғоят яхши ёзадилар. Шунингдек, у киши фиқҳдан анча хабардорлар, мантиқ маъноларининг баёни ва усулларидан ҳам хабардорлар.

У киши риёзиёт фанининг барча тармоқларини мукаммал эгаллаган ва шундай жиддий маҳорат кўрсатганларки, кунлардан бир куни отда кетаётиб, 818 йил ражаб ойининг ўнинчи ва ўн бешинчи кунлари орасидаги (мелодий 1415 йил 15—20 сентябр) душанба куни йил мавсумининг қайси кунига муносиб келишини аниқлашни айтадилар. Шунга кўра отда кетаётиб, хаёлий ҳисоб билан Қуёшнинг тақвими ўша куни бир даража ва икки дақиқа эканлигини топтилар. Кейин отдан тушгач, ҳисоб тўғрилигини бу бандаи бечорадан (Кошийдан — А А) сўраб, аниқлаб олдилар.

Ҳақиқатан ҳам, хаёлий ҳисобда кўп миқдорларни ёдда тутмоқ ва бошқа миқдорларни буларга асосланиб топмоқ керак. Лекин инсоннинг ёдлаш қуввати заифдир ва у даража дақиқаларини у қадар аниқ тополмайди. Инсон бино бўлганидан бери шу кунгача ҳали ҳеч кимса бу қадар аниқ ҳисоблай олмаган эди.

Қисқа қилиб айтмоқчиманки, у киши бу фан соҳасида ғоят катта маҳоратга эришганлар, юлдузшуносликка тааллуқли амалларни яхши бажарадилар ва чуқур далиллар билан худди керагидек исботлайдилар. “Тазкира” ва “Туҳфа”дан шу қадар зўр дарс ўтадиларки, уларга ҳеч қандай қўшимча қилишнинг ҳожати қолмайди”.

Улуғбекнинг илмга қизиққанлиги ва мамлакатнинг равнақини кўзлаганлиги туфайли янги усуддаги билим юрти — мактаб ва мадрасалар барпо қилишга қарор қилиб, деярли бир вақтнинг ўзида Самарқанд, Бухоро ва Ғиждувонда учта мадраса барпо этади.

Самарқанддаги мадраса қурилиши 1417 йили бошланиб, уч йилда ниҳоясига етказилади. Тез орада Улуғбек мадрасага мударрис ва олимларни тўплай бошлайди ва шу тариқа унинг Самарқанддаги астрономик мактаби шаклланади. Бу мактабнинг асосий мударрислари илмий ишларига қулай шароит ва паноҳ излаб Темур давридаёқ Самарқандга келган Тафтазоний, Мавлоно Аҳмад ва Қозизода Румий каби олимлар эди. Қозизоданинг маслаҳати билан Улуғбек Хуросоннинг Кошон шаҳридан Ғиёсиддин Жамшид Кошийни чақиртиради. Самарқандга Мовароуннаҳрнинг турли шаҳарларидан ва Хуросондан тўпланган олимларнинг сони, 1417 йилга келиб 100 дан ортиб кетади. Улар орасида адиблар, муаррихлар, хаттотлар, рассомлар, меъморлар бор эди. Лекин астрономия ва математика соҳасидаги олимлар шарафлироқ ва обрўлироқ эди. Улар орасида Қозизода билан Коший энг салобатли ва нуфузли эдилар.

1420 йили Самарқанд мадрасасининг тантанали очилиши бўлади. Зайниддин Восифий “Бадоиъ ул-вақоиъ” китобида айтишича, биринчи мударрис этиб мавлоно Шамсуддин Муҳаммад Хавафий тайинланади. Мадрасада асосий маърузаларни Қозизода, Улуғбек, Коший ва кейинроқ Апи Қушчи ўқийдилар.

Улуғбек барпо этган Самарқанд мадрасаси ва илмий тўгараги Шарқ маданияти ва фани тарихида улкан аҳамият касб этди, мамлакат равнақига, шунингдек, кўп халқларнинг маданий ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Бу ерда кўплаб буюк сиймолар шаклланди. Жумладан, Хуросоннинг Жом шаҳрида 1414 йили туғилган бўлажак улкан шоир Жомий Улуғбекнинг Самарқанд мадрасасида таҳсил кўрди. Бу ерда у Қозизода, Улуғбек ва Али Қушчи каби улкан олимларнинг маърузаларини эшитди ва уларнинг тарбиясида бўлди.

Улуғбек атрофида тўпланган Самарқанд олимлари катта аҳамият берган энг муҳим илмий йўналишлардан бири астрономия фани эди. Исломдаги энг аввалги астрономик асарлар “Зиж” деб аталиб, улар асосан жадваллардан иборат бўлган. Улуғбекдан аввал ёзилган энг мукаммал “зиж”лар Берунийнинг “Қонуни Масъудий”си ва Насриддин Тусийнинг 1256 йили ёзиб, Хулашхонга тақдим этган “Зижи Элхоний” асари эди. XV аср бошларида ёзилиб, Шоҳрухга аталган Жамшид Кошийнинг “Зижи Хоқоний” асари асосан хитой ва мўғул анъаналарига асосланган бўлиб, ислом мамлакатлари учун деярли аҳамиятта эга эмас ва илмий жиҳатдан ҳам анча сайёз эди. Мовароуннаҳрда эса мўғул истилосидан кейин бирорта “зиж” ёзилмаган эди. Ана шу сабабларга кўра Улуғбек энг аввало астрономик изланишларни йўлга қўйиши, бунинг учун расадхона барпо этиши керак эди. Бу ҳақда Абу Тоҳирхўжа бундай хабар қилади: “Мадрасага асос солинганидан тўрт йил кейин Мирзо Улуғбек Қозизода Румий, Мавлоно Ғиёсиддин Жамшид ва Мавлоно Муиниддин Кошонийлар билан маслаҳатлашиб, Кўҳак тепалигида Оби Раҳмат ари-ғининг бўйида расадхона биносини қурдиради. Унинг атрофида эса баланд ҳужралар барпо этади”.

Расадхона қурилиши 1424 йилдан 1429 йилгача давом этади. Расадхона битиши билан астрономик кузатишлар бошланиб кетади. Расадхона билан мадрасанинг биргалиқдаги фаолияти Улуғбек илмий мактабида астрономия ва математикани ўрта асрлар даврида энг юқори поғонага кўтариш имконини берди.

Давлат ишлари билан боғлиқ бўлган юриш-кўчишлар, расадхонадаги кузатишлар ва мадрасадаги дарслар, ундан ташқари илмий ишларга умумий раҳбарлик қилиш хам Улуғбекнинг кўп вақтини оларди. Шунинг учун бўлса керак, бевосита Улуғбекнинг қаламига мансублиги маълум бўлган илмий асарлар сони жиҳатдан кўп эмас — улар тўртта.

Улуғбек илмий меросининг энг асосийси, маълум ва машҳури унинг “Зиж”и бўлиб, бу асар “Зижи Улуғбек”, “Зижи жадиди Гурагоний” деб ҳам аталади. “Зиж”дан ташқари унинг қаламига мансуб математик асари “Бир даража синусини аниқлаш ҳақида рисола”, астрономияга оид “Рисолайи Улуғбек” (ягона нусхаси Ҳиндистонда, Алигарҳ университети кутубхонасида сақланади) ва тарихга доир “Тарихи арбаъ улус” (“Тўрт улус тарихи”) асаридир.

Улуғбек “Зиж”и ўз таркибига кўра VIII—IX асрларда бошланган астрономик анъанани давом эттирса ҳам илмий даражаси уларга нисбатан беқиёс баланддир. Бу асар икки қисмдан: кенг муқаддима ва 1018 собита юлдузнинг ўрни ва ҳолати аниклаб берилган жадваллардан иборат бўлиб, муқаддиманинг ўзи мустақил тўрт қисмни ташкил қилади. Муқаддиманинг бошида Қуръондан юлдузлар ва сайёраларга тааллуқли оятлар келтирилади. Улуғбек бу билан астрономик кузатишларнинг зарурлигини ғоявий асосламоқчи бўлади. Муқаддиманинг кейинги қисмида Улуғбек ушбу сўзларни битган: “Сўнг, парвардигор бандаларининг фақиру ҳақири, улардан Аллоҳга энг интилувчиси Улуғбек ибни Шоҳрух ибни Темур Кўрагон бундай дейди…” Бу сўзлардан кўринадики, “Зиж”нинг муаллифи Улуғбекнинг ўзи бўлган. Бироқ бу ишда унга ёрдам берганларни Улуғбек қуйидаги сўзлар билан одилона тақдирлайди: “Ишнинг бошланиши олимлар алломаси, камолот ваҳикмат байроғини ўрнатган, таҳлил ва таҳқиқ маслакида бўлган Қозизода Румий деб шуҳрат қозонмиш жаноби ҳазрат Мавлоно Салоҳ ал-милла вад-дин Мусонинг, унга раҳмат ва ғафронлар бўлсун, ва ҳазрат Мавлонои Аъзам, оламдаги ҳукамоларнинг ифтихори, қадимга билимларда мукаммал, масалалар мушкилотларини ҳал этувчи Мавлоно Ғиёс ал-мил-ла вад-дин Жамшид, Аллоҳ таоло унинг қабрини салқин қилсун, иккисининг қўллаши ва ёрдамида бўлди…

Аҳвол бошида ҳазрат Мавлоно марҳум Ғиёсиддин Жамшид: “Ажибу доъи Аллоҳ” чақириғини эшитиб, тоат билан ижобат этди ва бу жаҳон дорулғурурдан у жаҳон дорулсурурга рихлат этди. Иш асносида, ҳали бу муҳим асар бажарилиб тугатилмасидан, ҳазрат устоз Қозизода, Аллоҳ таоло уни раҳмат қилсин, парвардигор раҳматига пайваста бўлди.

Бироқ фарзанди аржуманд Али ибни Муҳаммад Қушчи болалик йилларидан фанлар соҳасида илғорлаб боради ва унинг тармоқлари билан машғул. Умид ва ишонч комилки, унинг шуҳрати иншооллоҳ, яқин замон ва тез онларда жаҳон атрофлари ва мамлакатларга тарқалади. Ва бу муҳим китоб тамомила ёзилиб бўлди. Юлдузларнинг сифатларидан кузатилган барча нарсалар имтиҳон қилиниб, бу китобга киритилиб собит этилди”.

Бу келтирилган катта парчадан кўринадики, Қозизода Улуғбекнинг устози бўлган ва “Зиж”нинг анча қисми унинг иштирокида ёзилган. Бундан яна шу нарса кўринадики, Улуғбек Самарқанддаги яна бир йирик олим Жамшид Кошийни устоз демайди, балки унинг ёши Румийдан катта бўлгани учун Мавлонойи Аъзам дейиш билан чекланади. Ҳақиқатан ҳам, у киши Самарқандга 1416 йили, яъни Улуғбек 22 яшар навқирон йигит ва олим сифатида танилганда келади ва у расадхонадаги кузатишлар бошланиши биланоқ вафот этади. Бироқ фан тарихидан шу нарса маълумки, Коший “Зиж”нинг назарий қиемини араб тилига таржима этган ва ҳозир бу таржиманинг нусхалари мавжуд. Демак, бундан кўринадики, Улуғбек аввал “Зиж”нинг назарий қисмини ёзган, сўнг жадвал қисми узоқ кузатишлар натижасида тузилган. Коший эса назарий қисм ёзилиши билан уни арабчага ағдарган ва жадваллар устида ишлар бошланишида вафот этган.

Яна бир диққатга сазовор нарса, бу Улуғбек Али Қушчини “фарзанди аржуманд” дейишидир. Аслида Али Қушчи унинг фарзанди эмас, шогирди бўлиб, илм соҳасида устозига Абдуллатиф ва Абдулазизлардан, яъни ўз фарзандларидан ҳам содиқ ва вафодор эди. Шунинг учун ҳам Улуғбек унга ўз ўғлидек қарар эди ва унинг ёрдами билан “Зиж”ни “фарзанди аржуманд Али ибн Муҳаммад Қушчи… иттифоқлигида” поёнига етказди.

Энди “Зиж”нинг мазмуни ҳақида тўхталайлик. Асарнинг биринчи — “Таърих, яъни хронологиянинг маърифати” деб номланган мақоласи (китоби) етти бобдан иборат бўлиб, у эралар ва календар масалаларига бағишланган. Бу бобларда исломда қўлланиладиган асосий эра — ҳижрий эраси, суръёний-юноний эраси, “жалолий” эраси, хитой ва уйғур эраси, форсий-қадимий эраси ва бу эраларда келтирилган саналарни биридан бирига мослаштириб кўчириш ҳамда бу эралардаги машҳур кунлар ҳақида баҳс юритилади. Бундан ташқари ушбу мақолада туркий мучал йиллари ҳақида ҳам муфассал баён этилади.

Иккинчи — “Вақтлар ва унга тааллуқлик нимарсалар” деб ном-ланган мақола 22 бобдан иборат. У асосан математика ва сферик астрономия масалаларига бағишланган. Иккинчи ва учинчи бобларда ўрта асрлар учун энг аниқ бўлган синуслар ва тангенслар жадваллари келтирилади. Мақоланинг тўртинчи бобида Улуғбек эклиптиканинг (фалак ул-бурж) осмон экваторига (муъаддал ун-наҳор) оғиш бурчагининг миқцорини келтиради. Бу ҳақда у бундай дейди: “Бизнинг кузатишимизча, энг катта оғиш (яъни эклиптиканинг осмон экваторига оғиши) бурчагини йигирма уч даража ўттиз дақиқа ўн етти сония топдик”. Улуғбек топган бу миқдор ўрта асрлар даври учун анча аниқ эди. Шуни ҳам айтиш керакки, бу бурчакнинг миқцори барча давр астрономлари учун катта аҳамиятга эга эди, чунки ёритгичлар ва яшаш жойларининг аниқ координатларини топиш шу бурчак миқдорига боғлиқ эди.

“Зиж”нинг учинчи мақоласи 13 бобдан иборат бўлиб, фақат астрономия масалаларига бағишланган. Бунда Қуёш, Ой ва беш сайёранинг ҳаракатлари ҳақида баҳс юритилади. Асарда келтирилган жадвалларнинг аксарияти шу мақолага тааллуқлидир. Бу жадваллар орасида энг аҳамиятга эга бўлгани 13-бобда келтирилган ва “Турғун юлдузларнинг узунлама ва кенглама бўйича ҳолатларини аниқлаш” деб аталган юдцузлар жадвалидир. Улуғбек “Зиж”ининг бошқа “зиж”лардан фарқини кўрсатиш учун шу ерда мазкур жадвал бошидаги унинг сўзларини келтирамиз. У айтади: “Птолемейгача бўлган астрономлар бир минг йигирма икки юддузнинг ҳолатини аниқладилар. Птолемей эса уларни олтита катталик бўйича тартиб-лаб, ўз “Алмажистий”сида келтирди. Уларнинг энг каттаси — биринчи катталикда, энг кичиги эса олтинчи катталикдадир. Ҳар бир катталикни у уч қисмга ажратди. Уларни бир-биридан фарқ қилиш учун қирқ саккиз юлдуз туркумига жойлаштирди. Уларнинг йигирма биттаси фалак ул-бурждан (эклиптика) шимолда, ўн иккитаси фалак ул-буржда ва ўн бештаси фалак ул-бурждан жанубда жойлашади. Бу юлдузлардан айримлари шу юлдуз туркумларининг ўзида, айримлари эса туркумдан ташқарида жойлашади. Бу кейингиларни юлдуз туркумларининг ташқи юлдузлари деб ҳисобланади.

Абдураҳмон Сўфий турғун юлдузларни аниқлаш тўғрисида махсус китоб ёзган, барча кишилар унга мурожаат қиладилар ва уни қабул этадилар.

Биз эса юлдузларнинг осмон куррасидаги ҳолатини кузатишимизга қадар улар ҳақида Абдураҳмоннинг китобидагига асосланардик. Бироқ ўзимизда кузатганимиздан кейин баъзи юлдузларнинг ҳолати унинг китобидагига мос келмаслигини кўрдик. Аллоҳ бизнинг кузатишларимизга таовун берганидан сўнг, бу юлдузлар ва бошқа юддузларнинг ҳолатлари Абдураҳмоннинг айтганига зид эканлигининг шоҳиди бўлдик. Биз бу юлдузларни ўз кузатишимизга мос келган ҳолда куррага жойлаштирганимизда эса кузатганимизга ҳеч зид келмаганлигини кўрдик. Биз бунга имонмиз. Биз барча юлдуз туркумларидаги юлдузларни кузатдик. Лекин бундан йигирма етти юлдуз мустасно, чунки уларнинг жанубий масофаларининг катталиги туфайли улар Самарқандда кўринмасди. Бу Самарқандда кўринмайдиган юлдузлардан еттитаси Мижмара (“Курбонгоҳ”) юлдуз туркумидан, саккизтаси Сафина (“Кема”) туркумидан — булар 36 нчи юлдуздан 41 нчигача ва 44, 45-юлдузлар; ўн биттаси Кентаврус (“Кентавр”) туркумидан — булар 27 нчидан охиригача ва яна битта Сабъ (“Ҳайвон”) юлдуз туркумидан — бу 10 нчи юлдуз.

Шу йигирма етти юлдузни биз китобимизга Абдураҳмон Сўфий санаси билан келтирамиз. Қолган саккиз юлдуз ҳақида Абдураҳмон Сўфий ўз китобида уларни Птолемей кўрган ерда ҳеч қандай юлдуз топмаганлигини айтган. Биз ҳам ҳар қанча ҳаракат қилсак-да, ўша жойларда ҳеч қандай юлдузни топмадик. Шунинг учун биз ҳам у саккиз юлдузни бу китобимизда келтирмаймиз. Бу юлдузлар Мумоик ал-аинна (“Жилов ушловчи”)нинг 14-нчи, Субънинг 11-нчи юлдузи ва Ҳутдан ташқарида, жанубдаги олтита юлдуздир”.

Келтирилган парчадан кўринадики, Улуғбекнинг юлдузлар жадвали ўрта асрлар давридаги энг нодир ва мукаммал жадвал бўлган. Бу парча Улуғбек расадхонасида юлдузлар глобуси ясалган, деган хулосага ҳам олиб келади.

“Зиж”нинг охирги — “Юлдузларнинг доимий ҳаракати” деб номланган тўртинчи мақоласи икки бобдан иборат ва у асосан илми нужумга бағишланган.

Улуғбек “Зиж”и ўрта асрлардаги энг мукаммал астрономик асар бўлиб, тезда замондошларининг диққатини ўзига жалб этди. Энг аввал бу асар Самарқандда Улуғбек атрофида тўпланган олимлар ижодига таъсир кўрсатди. “Зиж”ни ўрганиш шуни кўрсатадики, у асосан амалий қўлланишга мўлжалланган бўлиб, назарий масалаларни баён этишни Улуғбек олдига мақсад қилиб қўймаган. Шунинг учун бўлса керак, “Зиж”ни биринчи бўлиб Самарқанд олимларининг ўзи, хусусан Али Қушчи шарҳлайди. Ундан кейинги шарҳларни Мирам Чалабий ва Ҳусайн Биржандийлар ёзади.

1449 йили Улуғбекнинг фожиали ҳалокатидан сўнг Самарқанд олимлари аста-секин Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари бўйлаб тарқалиб кетадилар. Улар ўзлари борган ерларга Самарқанд олимларининг ютуқларини ва “Зиж”нинг нусхаларини ҳам етказадилар. Хусусан Али Қушчи 1473 йили Истамбулга бориб, у ерда расадхона қуради. Шу тариқа Улуғбек “Зиж”и Туркияда тарқалади ва Туркия орқали Оврўпо мамлакатларига ҳам етиб боради.

Ҳозирги кундаги маълумотларга кўра “Зиж”нинг юзга яқин форсий нусхаси ва 15 дан ортиқ арабий нусхаси мавжуд. Ўрта асрларда ёзилган ҳеч бир астрономик ёки математик асар бунчалик оммавий ва кенг маълум бўлмаган. “Зиж” мусулмон мамлакатларининг деярли барчасида ўрганилган ва шарҳланган. Уни шарҳлаган олимлардан қуйидагиларнинг номларини эслатиш мумкин: Шамсиддин Муҳаммад ибни Абул Фатҳ ас-Сўфий ал-Мисрий (ваф. тах. 1495), Абулқодир ибни Рўёний Лаҳижий (ваф. 1519), Мирам Чалабий (ваф. 1525), Абдулали Биржандий (ваф. 1525), Ғиёсиддин Шерозий (ваф. 1542).

Улуғбек “Зиж”и айниқса Ҳиндистон олимларига кучли таъсир кўрсатди. Самарқанд олимларининг илмий анъаналарини Ҳиндистонга Бобурнинг ўзи етказган деган маълумот бор. Бобурнинг ворислари ўтмишдаги шоҳларга ўхшаб атрофларига олимларни тўплайдилар ва уларнинг илмий изланишларига шароит яратадилар. Ҳинд олимлари кўп тарафдан Самарқанд олимларига тақлид қиладилар. Масалан, Шоҳ Жаҳон аввал замонида Лаҳор ва Деҳлида ишлаган Фаридиддин Масъуд ал-Деҳлавий (ваф. 1629) “Зижи Шоҳ Жаҳоний” номли асар ёзади: ундаги мақола ва бобларнинг сони худди Улуғбек “Зиж”идагидек ва жадвалларнинг ҳам кўп қисми Улуғбекдан олинган. Йирик ҳинд олими Савой Жай Синг (1686—1743) ҳам ўзининг “Зижи Муҳаммадшоҳий” асарини Улуғбек “Зиж”ининг катта таъсири остида ёзган.

“Зиж”нинг Ғарбий Оврўпо фанига ҳам таъсири катта бўлди. Умуман олганда Ғарбий Оврўпо Темур ва унинг фарзандларини, айниқса Улуғбекни XV асрданоқ биларди. Али Қушчининг Истамбулдаги фаолияти туфайли Улуғбекнинг олимлиги ҳақидаги хабар ҳам Оврўпога тарқалади.

1638 йили Истамбулга инглиз олими ва шарқшуноси, Оксфорд университетининг профессори Жон Гривс (1602—1652) келади. Қайтишида у ўзи билан Улуғбек “Зиж”ининг бир нусхасини Англияга олиб кетади. 1648 йили аввал “Зиж”даги 98 юддузнинг жадвалини чоп этади. Ўша йилнинг ўзида Гривс “Зиж”даги географик жадвални ҳам нашр этади. 1650 йили эса у “Зиж”нинг биринчи мақоласининг лотинча таржимасини нашр этади. Гривс 1652 йили мазкур охирги икки ишни қайта нашр этади.

Яна бир инглиз олими ва шарқшуноси Томас Ҳайд (1636—1703) “Зиж”даги турғун юлдузлар жадвалини 1665 йили форсча ва лотинчада нашр этади. Шуниси диққатга скзоворки, Ҳайд Гривснинг ишларидан бутунлай бехабар эди. Демак, “Зиж”нинг нусхалари қандайдир йўллар билан унга ҳам етиб келган.

Ҳайднинг нашридан 15 йил кейин поляк олими Ян Гевелий (1611—1687) Данцигда “Зиж”нинг айрим жадвалларини нашр этади. Бундан кейин XVIII ва XIX асрларда қатор Оврўпо олимлари “Зиж”нинг айрим қисмларини нашр этадилар. Француз шарқшуноси Л. А. Седийо (1808—1876) “Зиж”нинг тўрттала мақоласи олдидаги сўзбошилари ва муқаддимасининг французча таржимасини 1847—1853 йилларда) нашр, этади. Ва ниҳоят, XX аср бошларида америкалик олим Э. Б. Нобл “Зиж”нинг Англия кутубхоналарида сақланадиган 28 қўлёзмаси асосида юлдузлар жадвалининг инглизча таржимасини нашр этади (Вашингтон, 1917).

Шундай бўлишига қарамай Улуғбек “Зиж”и умуман олганда тўлиқ равишда ўрганилмаган ва бирор замонавий тилга тўла таржима этилмаган.

1994 йили Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан “Зижи жадиди Гурагоний”нинг биринчи бор тўлиғича рус тилига таржимаси босиб чиқарилди[1]. Шу йили яна Улуғбекнинг “Тарихи арбаъ улус” асари хам ўзбек тилида Тошкентда нашр этилди[2].

т.ф.д. А. Аҳмедов

[1] Мирзо Улуғбек Мухаммед Тарагай. Зиджи джадиди Гурагони. Новые Гурагановы астрономические таблицы. Вступителная статья, перевод комментарии и указатели Б. Ахмедова. Т.Изд. “Фан”. Академии Наук Республики Узб. 1994.

[2] Мирзо Улуғбек. “Тўрт улус тарихи”. Б. Аҳмедовнинг кириш сўзи, изоҳлари ва таҳрири остида, форсчадан Б.Аҳмедов, Н.Норқулов, М.Ҳасановлар таржимаси.