Марказий Осиёда IХ-ХХ аср бошида маданият ривожи тарихидан

1. МАРКАЗИЙ ОСИЁДА IХ-ХII АСРЛАРДА МАДАНИЙ УЙҒОНИШ

Марказий Осиё халқлари узоқ тарихга эгадир. Эрамиздан аввалги 1 мингинчи йилларда бу ўлкада, юнон манбаларида кўрсатилишича, скиф (сак)лар деб номланган халқлар истиқомат қилган. Лекин аҳоли ўзи яшаган жойнинг номига қараб турлича аталгани ҳам адабиётларда келтирилади. Масалан, Амударёнинг қуйисида яшаганлар — хоразмликлар; Зарафшон водийсида яшаганлар — сўғдлар; Мурғоб дарёси водийсида яшаганлар — маргианлар; Фарғона водийсида яшаганлар — парканлар каби номлар билан маълум бўлган.

Марказий Осиёнинг шу водийларида бошланғич маданият марказлари вужудга келган. Эрамиздан аввалги V—VI асрларга келиб бу ўлкалар Эрон давлати томонидан босиб олинган ва шу даврларда энг йирик динлардан — Зардуштийлик шаклланган. Тахминан шу даврлардан бошлаб Марказий Осиёда шаҳарлар ва шаҳар маданияти ҳам ташкил топа борди. Эрамиздан аввалги IV асрларга келиб Марказий Осиё Александр Македонский (Искандар Зулқарнайн) томонидан босиб олингач, бу ерда юнон ва ерли халқларнинг қоришган давлатлари вужудга келди. Ерли маданиятга юнон маданияти, афсоналари маълум даражада таъсир кўрсатди ва аксинча, халқларимиз ҳаёти, афсоналари ҳақидаги маълумотлар қадимги юнон муаллифларининг асарларига кириб борди. Масалан, Климент Александрский, Ксенофонт, Страбон, Птоломей, Геродот асарларида қадимги халқларимиздаги турли маданий-маънавий қадриятлар, халқ қаҳрамонлари: Томарис, Спаретри, Зарина, Широқ ҳақидаги маълумот ва афсоналар келтирилади.

Бу даврда Марказий Осиёда кенг тарқала бошлаган Зардуштийлик фақат соф дингина бўлиб қолмасдан ўз даври маънавиятининг энг муҳим йўналишини ташкил қилди, ўша даврдаги халқларнинг маданияти, маънавияти, урф-одати, ахлоқи каби масалаларни ўзида акс эттирди ва уларга таъсир ҳам кўрсатди.

Зардуштийликнинг асосий қоидалари айрим муаллифларнинг таъкидлашича Хоразмда яратилган “Авесто”да ўз ифодасини топган. Зардуштийлик дастлаб меҳнаткаш халқнинг ахлоқий қоидаларини ўзида ифодалаган бўлса, кейинроқ руҳонийлар қўлида сиёсат юргизишнинг асосий қуролига айланиб қолди. Бу даврга келиб Хоразмдаги ерли халқларнинг давлатчилиги шакллана бошлаган.

Эрамиздан аввалги 1 мингинчи йиллар ҳамда эрамизнинг I—II асрларида Мони асослаган манихейлик ҳаракати ва таълимоти вужудга келди. Бу таълимот ҳукмрон руҳоний зодагонлар таълимотидан фарқли ўлароқ, муҳим маънавий қадриятлар — бошланғич адолат, эркинлик, меҳнатга интилиш кабиларни тарғиб қилди.

V—VI асрларга келиб ҳукмрон руҳонийларга, зардуштийликка қарши қаратилган Маздак бошлаб берган маздакизм таълимоти шаклланди. Бу таълимот деҳқонларни, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиб, тенглик, адолат ўрнатишга хизмат қилди. Маздакнинг ўзи эса, 529 йили жазоланди. VI—VII асрларда шимолда Турк ҳоқонлиги вужудга келиб, у Эрондаги сосонийлар билан узоқ кураш олиб борди ва Марказий Осиё халқларини ўзига қаратди. Бу ерда қадимги турк тили тарқала бошлади.

Қадимги давр маданияти, маънавияти, жумладан, ахлоқ, маърифат, таълим-тарбия ҳақидаги фикрлар халқ оғзаки адабиётида, фольклорда, турли халқ анъаналарида ҳам ўз аксини топиб келган. Гўрўғли, Алпомиш, Рустам ҳақидаги достонларда халқимизнинг қадимги урф-одатлари, руҳияти, хулқ-одобларининг ифодасини учратишимиз мумкин. Бундай маълумотлар қадимги суғд, манихей, хоразм, туркий ёзувлар намуналарида сақланиб қолган манбаларда ҳам учрайди.

VIII асрга келиб Марказий Осиёни араблар истило қилдилар ва улар ўзлари билан янги дин — Исломни олиб келдилар ва босиб олинган халкдар орасида турли йўллар билан бу динни тарқата бошладилар.

Бу даврда Марказий Осиё қадимги Суғд, Хоразм, Фарғона, Усрушана, Чағониён каби ўлкалардан иборат бўлиб, Ғарб билан Шарқ мамлакатларини боғловчи “Ипак йўли” марказида жойлашган ва маданий жиҳатдан анча ривожланган минтақани ташкил этар эди.

Босиб олинган ўлкаларни бошқариш учун халифалар тайин этила бошланди. Исломнинг вужудга келиши билан боғлиқ ҳолда янги шаклланган араб давлати — Халифат номини олди. VII—VIII асрларда Марказий Осиё ҳам араблар томонидан (Қутайба ибн Муслим бошчилигида) босиб олиниб, халифатга бўйсундирилди. VIII асрнинг охирларида Атлантика океанидан Тянь-Шангача, Кавказдан Ҳинд океанигача бўлган улкан ҳудудда, турли тилда гаплашувчи халқларни ўз ичига олган Араб империяси вужудга келди. Албатта, Марказий Осиёни араблар томонидан босиб олиниши осонлик билан бўлмади. Улар босқинчилик сиёсатини юритиш билан бирга қадимги маданият, динлар, ёзувлар, билимдонларга қарши ҳам кескин курашни авж олдирдилар. Ислом орқали бу ерларда араб тили ва араб ёзуви ҳам тарқалди. Қадимги ёзувлар: хоразм, сўғд, турк ёзувлари йўқотилиб, уларнинг ҳимоячилари жазоланди.

Араб босқинчиларига қарши Абу Муслим, Муқанна, Ҳамза ал-Хориж, Рафи ибн Лайслар бошчилигида қатор халқ қўзғолонлари бўлиб ўтди. Бу қўзғолонлар айрим ҳолларда диний тус олди, айниқса, Муқанна бошлиқ “Оқ кийимлилар” қўзғолони мустақиллик учун олиб борилган узоқ йиллик ҳаракат сифатида халқ онгида чуқур из қоддирди. VIII аср охирига келиб Осиёда араб халифалигининг ҳукмронлиги ва ислом дини узил-кесил ўрнатилиб, мустамлакага айлантирилди.

Ислом дини ўрнатилган Осиёнинг жуда катта ҳудуди кейинчалик мусулмон Шарқи номини олди. Халифалик кучсизданиб, фақат Яқин Шарқ доираси билан чегараланиб қолсада, исломнинг бошқа халқлар орасида тарқалиши давом этди.

VIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ислом ичида шиалар, суннийлар, мутазилийлар, мутакаллимлар, исмоилийлар каби турли оқимлар вужудга келди. XI асрларда ислом ва бошқа таълимотлар таъсирида тасаввуф шаклланди ва мусулмон Шарқига тарқалди. Араб тили мусулмон Шарқида, хусусан Марказий Осиёда форс ва туркий тилларни четлаб ўтиб, умумий дин ва илм-фан тилига айланиб, турли халклар маданиятининг ўзаро алоқасига катта таъсир кўрсатди. Араблар Амударё ва Сирдарё ўртасидаги бой водийни Мовароуннаҳр деб атай бошладилар.

VIII аср охири IX аср бошида халифаликнинг маркази Бағдодда илм-фан ривожланди, қадимги юнон олимлари Платон (Афлотун), Аристотель (Арасту), Сократ (Суқрот), Гиппократ (Буқрот), Гален (Жолинус), Евклид (Иклидус) кабиларнинг асарлари араб тилига таржима этилди. Христиан ва ислом олимлари ўртасида ҳамкорлик ишлари амалга оширилди. Халифа Хорун ар-Рашид ўлимидан (813 йил) сўнг, унинг ўғли ал-Маъмун халифа этиб тайинланди. У илм-фан, маданиятга қизиққан одам бўлиб, унга қадар халифаликнинг Марказий Осиё ва Хуросон бўйича вакили сифатида Марвда (харобалари ҳозирги Мари яқинида) ҳокимлик қилар эди. Отасининг ўлимидан сўнг халифа сифатида Бағдодга кўчгач (819 й), у ерда илмий Марказ ташкил этиб, унга барча мусулмон ўлкалари, жумладан, Мовароуннаҳрдан ҳам олиму фозилларни тўплади. Бу марказда Мовароуннаҳр, Хуросондан чиққан Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Марвазий, Марварудий, Жавҳарий каби олимлар фаолият кўрсатиб, Бағдод илму маданиятини, араб илмини оламга машҳур қилишда улкан ҳисса қўшдилар. Бу илмий марказ тариҳда “Байт ул-ҳикма” (Донишмандлар уйи) номи билан машҳурдир.

Марказий Осиёда араб халифалигининг таъсири сусайиб, ерли феодаллар, хусусан Тоҳирийлар ҳамда Сомонийларнинг нуфузи кучая борди. IX асрнинг охирига келиб Марказий Осиё мустақилликка эришди ва бу ерда араблар таъсиридан қутулган биринчи давлат

— Сомонийлар ҳукмронлиги шаклланди. Сўнг бу ҳудудда Хоразмшоҳлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Қорахонийлар давлатлари фаоллик кўрсатди. Бухоро, Самарқанд, Марв, Кўҳна Урганч, Хива каби шаҳарлар ўз даврининг маданият марказлари сифатида маълум бўлди. Бу ердарда савдо-сотиқ, ижтимоий-сиёсий ҳаёт билан бир қаторда маданий алоқалар, билим ўчоқлари ривож топди. Бундай иқтисодий-маданий марказлар улкан мусулмон Шарқининг турли ўлкаларини, Ғарб ва Шарқ, Шимол ва Жануб мамлакатларини боғлаб турувчи қадимги “Ипак йўли” анъаналарини давом эттирган ҳолда, алоқа ўчоқлари сифатида машҳур бўлди. Мовароуннаҳр феодал давлатлари бошқа мусулмон ўлкалар билан яқиндан алоқа ўрнатдилар, ерли олимлар ўзга мамлакатларга бориб илм олиш, ҳамкасблари билан яқиндан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Бу даврда Марказий Осиёдан Хоразмий ва Фарғоний, Исмоил ал-Бухорий ва Термизий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Исмоил Журжоний, Марғиноний, Замахшарий, Маҳмуд Қошғарий каби улкан олимлар етишиб чиқди. Улар ўз ижодлари, асарлари билан ўз халқларини дунёга машҳур қилдилар.

Адабиёт соҳасида ҳам Марказий Осиё дунё маданиятида ўчмас из қолдирган номлар билан машҳур бўлди. Рудакий, Дақиқий, Юсуф Хос Ҳожиб кабилар шулар жумласидандир. Бадиий адабиётда форс, турк ва араб тилларида ижод қилиниб, манбаларда жуда кўп шоирлар ҳақида маълумотлар сақлангандир. Бу даврда яшаб ижод этган Абу Мансур ас-Саолибий (961—1038) Бухоро ва Хоразмда яшаб, араб тилида ижод этган қатор шоирлар ҳақида маълумотлар келтиради. Марказий Осиёда илм-фан, маданият ривожида X аср охири — XI аср бошида фаолият кўрсатган Хоразмдаги шоҳ Маъмун бошчилигидаги илмий жамоа — академия муҳим ролъ ўйнади.

Ерли феодал давлатларининг ўзаро урушларига қарамай меъморчилик, қурилиш ишлари, ҳунармандчилик, ободончилик, маданий алоқалар ҳам тез суръатлар билан авж олди. Маданиятнинг турли соҳаларидаги бундай юксалиш авваламбор араб мустамлакачилигидан қутулиш, ерли мустақил феодал давлатларнинг вужудга келиши, бой маданий анъаналарнинг тикланишининг натижаси эди. Шу билан бирга Марказий Осиёнинг жуда катта минтакадаги мусулмон Шарқи давлатлари билан дин ва тил асосида маданий алоқаларининг кучайиши ҳам бу маданий юксалишда муҳим сабаб бўлиб хизмат қилди.

XI асрлардан бошлаб Марказий Осиёда ҳам тасаввуф кенг тарқала бошлади. Хусусан, Юсуф Ҳамадоний (1048—1140) Бухорода тасаввуф таълимотини ўргатиш ва тарғиб этишга киришди. Биринчилардан бўлиб унинг қўлида Хожа Аҳмад Яссавий (вафоти 1166 йил) таълим олди, тасаввуф сирларини ўрганди ва Туркистонга бориб, у ерда тасаввуфни тарғиб қилди. Унинг таълимоти Яссавия номини олди.

Ҳамадоний таълимоти асосида Абдухолиқ Ғиждувонийнинг “Хожагон” тариқати вужудга келади. Сўнг шу тариқат Баҳовудцин Нақшбанд даврида кенг ёйилиб, накшбандия йўналишини ташкил этади.

XII асрда Хоразмда ҳам тасаввуф илми кенг ёйила бориб, Нажмиддин Кубро (1146—1221) бошчилигида тасаввуфнинг кубровия оқими шаклланиб, Марказий Осиё ва бошқа Шарқ мамлакатларида кенг ёйилди.

Тасаввуф таълимотлари бошқа мусулмон мамлакатларида бўлганидек, Марказий Осиё халқлари маданияти ва маънавиятининг сўнгги ривожига катта таъсир кўрсатди.

Қадимги араб ва форс тилидаги манбаларда бу даврда яшаб ижод этган жуда кўп олиму фузалолар, қомусий билим эгалари, бадиий сўз усталари ҳақида маълумотлар келтирилган. Масиҳий, Ҳабаш ал-Ҳосиб, Байҳақий, Исҳоқ ал-Бухорий, Дақиқий, Ас-Сухайлий ал-Хоразмий, Абдулла Хоразмий Абу-л-Фадл, Ал-Хоразмий ал-Адолий, Аҳмад ал-Ахсикотий, Саолибий ал-Музаффар ал-Найсабурий, Рашидиддин ал-Ватвот, Закария ал-Форобий кабилар шулар жумласидандир. Бу алломаларнинг ҳаммаси ҳақида ҳикоя этиш имкони йўқ, нимагаки, уларнинг кўпчилигининг ҳаёти ва ижоди ҳали ўрганилмаган ва улар ҳақида кам маълумотга эгамиз.

Жуда кўп манбаларда VIII—XIII асрларда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, савдо йўллари, деҳқончилик, қурилиш ишларининг авж олганлиги, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Шош, Бискент, Ахси-кас, Фарғона, Қуба, Марғинон, Ўш, Ўзканд, Усрушона, Хавоканд, Хожанд, Женд, Урганч, Хива, Марв, Термиз каби қатор ривож топган шаҳарлар, улардаги меъморий ёдгорликлар, бозорлар, ободончилик ҳақида муҳим маълумотлар келтирилади. Марказий Осиёда араб, форс ва туркий тиллар кенг тарқалганлиги, аҳоли ўртасида, айниқса, туркий ва форсий тилдан кенг фойдаланилганлиги ҳақида ҳам ноёб маълумотлар серобдир.

Араб тили Марказий Осиёни ислом дини, араб дунёси, бу тилда яратилган маданий-маънавий бойликлар, қилинган таржималар ёрдамида қадимги ислом илмий-маданий бойликларидан баҳраманд бўлишга олиб келган бўлса, форс тили қадимги ва ўрта асрдаги Эрон маданиятини, шеъриятини чуқур ўрганиш, маданий алоқаларни ривожлантириш имконини берди.

Кенг тарқалган туркий тил Ўрта Шарқ ва шимодцаги, Кошғардаги барча туркий тилли қабилалар билан тарихий кенг алоқада бўлишга олиб келди. Кўп тиллилик бу давр ривожланган маданиятининг муҳим хусусияти ва муҳим сабабларидан бири ҳамдир.

IX—XII асрлар давомида Мовароуннаҳр бутун мусулмон оламида илмий-маданий жиҳатдан энг ривож топган ўлка сифатида машҳур бўлиб, бу ерда қадимий анъаналар билан араб, форс, қисман ҳинд ҳамда қадимги юнон илмий-маданий анъаналари қоришуви асосида исломий, фалсафий ва табиий илмлар — астраномия, математика, тиббиёт, кимё, доришунослик, жуғрофия кабилар ривож топди. Бу ерда машҳур ҳадисшунослик ва ислом фиқҳшунослик мактаблари шаклланиб, тарихшуносликда муҳим асарлар вужудга келди.

Бу давр маънавиятининг муҳим томонларидан бири шундаки, олим, донишманд, шоирларнинг кўпчилиги қомусий билимларга эга бўлиб, илмлар бир-биридан ажралмасдан, узвий боғлиқ ҳолда мавжудлиги характерли эди. Шунинг учун ҳам ал-Форобий, ибн Сино, ал-Беруний, аз-Замахшарий, Исмоил Журжонийлар жуда кўп соҳаларда ижод этиб, ўчмас из қолдирдилар. Шу билан бирга математика, астрономия, тиббиёт, мантиқ, тилшунослик, тарих каби илмлар, маданият, маънавиятнинг ривожида ниҳоятда муҳим аҳамият касб этган дин, ислом динининг назарий масалалари билан бирга ахлоқий томонлари ҳам кенг ривож топганини кўрамиз. Умуман, бу даврда ислом мусулмон Шарқида нафақат дин сифатида, балки яхлит маданият, маънавиятнинг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. У маданиятнинг бошка соҳалари: илм-фан, санъат, ахлоқ, сиёсат кабиларнинг ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Мусулмон Шарқи, шунингдек, Марказий Осиё Уйғониш даври маданияти юқорида кўрсатилган ўзига хос хусусиятларни ифодаладики, бу хусусиятлар бу ерда маданият, маънавиятнинг сўнгги ривожини белгилашда етакчи роль ўйнади.

IX—XII асрларда Марказий Осиёда тарқалган ва ривожланган тасаввуф таълимотлари ва оқимлари ҳам жамият маънавий ҳаётининг ривожи учун хизмат этиб, унинг ўзига хослигини белгилашда муҳим аҳамият касб этди.

Маълумки, Ғарб адабиётларида Оврўпо мамлакатларида кескин маданий юксалишга олиб келган XV— XVII асрларни Ренессанс — Уйғониш даври номи билан юритадилар. Бироқ кўпчилик муаллифлар Шарқда шундай жараён бўлганлигидан кўз юмадилар. Ҳолбуки, IX—XII асрларда Марказий Осиёда Оврўподан бир неча аср илгари маданий юксалиш юз берганлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. У Оврўподагидек янги сиёсий-иқтисодий жараён, яъни буржуа муносабатларининг вужудга келиши билан боғлиқ бўлмаган бўлса-да, маданият тарихида сўнмас из қоддирди ва Оврўпо Ренессансининг вужудга келишига катта таъсир кўрсатди.

Шунинг учун биз IX—XII асрлардаги Марказий Осиё маданий юксалишини Уйғониш даври, аниқроғи илк Уйғониш даври деб аташга ҳам тўла асосимиз бор. Бу илк Уйғониш даври маданияти сиёсий-иқтисодий жиҳатдан Оврўпо мамлакатларидан фарқли ўлароқ мустақилликка эришиш ва бу минтақада мустақил давлатларнинг вужудга келиш жараёни билан узвий боғлиқдир.

Бу даврда Марказий Осиёда араб, форс ва туркий тиллардаги дастлабки шеърий асарлар вужудга келди.

Бу давр маданий юксалиши ҳақида гап борар экан, маънавиятга, Уйғониш даври маданиятига хос қуйидаги характерли томонларни қайд этиб ўтиш мумкин:

— коинотнинг вужудга келиши, босқичлари, оламнинг тузилиши, модда ва руҳнинг хусусиятлари каби умумий илмий масалаларга қизиқиш;

— инсонни коинотни Яратгучининг энг олий маҳсули деб баҳолаш. Аввало илм, инсон аҳли тафаккурини улуғлаш, унга ишонч билдириш, тарғиб-ташвиқ этиш, уларни Яратгучининг энг улуғ ва юксак ижоди деб баҳолаш, маърифат тарқатиш, жамият, жамоани яхшиликка элтиш инсоннинг муҳим вазифаси деб билиш;

— ахлоқ, одоб, муомалани инсон тарбиясининг асосий мақсадларидан деб билиш. Инсоннинг адолат, юксалиш, маънавиятга интилишига йўл очиш, имконият яратиш. Ақлда, ахлоқда, маънавиятда етук бўлиш, комил инсонни яратиш, инсонпарварлик, ватанга, одамларга хизмат қилиш, инсонлар орасидаги дўстлик, ўзаро ёрдам, кўмаклашувга чақириш бу давр маданиятининг етакчи жиҳатларидандир;

— комил инсон ривожланган давлатчиликда шаклланади. Бундай давлатчилик эса ақл ва илмга ўзаро келишув, бирликка эга бўлиш натижасида амалга оширилади. Мустаҳкам давлатчилик турли илм-фан тармоқларининг ривожини таъминлайди;

— мустаҳкам давлатчилик фозил жамоани вужудга келтира олади — бу давлат, жамоага раҳбарлик, ҳокимлик қилаётган шахснинг маърифатли, илмли, ахлоқли бўлиш, жамоани келишиб бошқара олишига боғлиқдир. Маърифатли шоҳ, жамоа яратиш, давлатчиликни мустаҳкамлаш бу давр ижтимоий таълимотларининг муҳим хислатидир.

XIII асрнинг бошида Марказий Осиё халқлари Чингизхон бошлиқ мўғуллар босқинига учради. Бу босқин катта ҳудудни ўзига бўйсундирган Хоразмшоҳлар давлатига қарши шиддатли жанглар билан бошланди, деярли икки йил давомида Мовароуннаҳр ҳам босиб олинди, кўп шаҳарлар, маданий ёдгорликлар вайрон этилди. Олиму фозилар ўлдиридци, бошқа мамлакатларга қувғин бўлди, илм-фан, маданият кескин тушкунликка юз тутди. Лекин илк Уйғониш, IX—XII асрлардаги маданий юксалиш Марказий Осиёнинг сўнгги маънавий ривожида ўчмас из қолдирди.

XIII аср бошида Марказий Осиё яна ўз мустақиллигини йўқотди, у муғуллар томонидан босиб олинди. Шунинг учун илк Уйғониш даври дейишимизга сабаб бундай жараён — маданий юксалиш XIV—XV асрларда мўғул мустамлакачилигидан қутулиб, Амир Темур ва Темурийларнинг мустақил давлати барпо этилиши билан боғлиқ ҳолда яна бир бор юз берганини кўрамиз.

2. XIV АСР ОХИРИ – XV АСРЛАРДА МОВАРОУННАҲР ВА ХУРОСОНДА МАДАНИЙ ЮКСАЛИШ

(Темур ва Темурийлар даври)

Жаҳон маданиятини Мусо Хоразмий, Исмоил Бухорий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Замахшарий каби номлар билан безаган Марказий Осиёнинг IX—XII асрлардаги маданияти — Уйғониш даври кескин рўй берган тарихий воқеалар туфайли бирдан узилиб қолди.

XIII асрнинг бошида Хоразмшоҳлар давлати Чингизхон қўшинларининг даҳшатли ва аёвсиз ҳужумига учради. Бу ҳужум 1219 йилда Хоразмшоҳларнинг шимолий чегарасидаги Ўтрор қалъасини забт этишдан бошланди ва 1220—21 йилларда Хоразмшоҳлар маркази Кўҳна Урганч душман қўлига ўтди. Хоразмшоҳ қўшинлари яхши қуролланган бўлишига карамай, ички низолар ва келишмовчиликларнинг кучайганлиги, қўшиннинг шаҳарлар ҳимояси учун бўлиб юборилганлиги, бирликнинг йўқлиги Чингизхон ҳужумига бардош бераолмай тезда барбод бўлишига олиб келди. Шаҳарлар, маданий марказлар вайрон этилди, аҳоли қирғинга учради. Ўлка тўлиғича мўғуллар мустамлакасига айланди. Марказий Осиёни турли туманларга бўлиб юборган мўғул хонлари ўртасидаги ўзаро низолар ва курашлар ҳам авж олди — булар ҳаммаси мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатди, маданият ўчоқлари сўнди. Жуда кўп маданий бойликлар, илм масканлари, мадраса ва кутубхоналар йўқ қилинди, санъат ва илм-фан вакиллари: олимлар, шоир ва ёзувчилар, мунажжимлар, меъмор ва мусаввирлар ўлдирилди, тасодифан омон қолганлари эса Шимолий Ҳиндистон, Ғарбий Эрон ва Хуросоннинг турли вилоятларига қочиб, жон сақлаб қолдилар.

Шундай шароитда мўғуллар ва маҳаллий амалдорларнинг ўзбошимчалиги ва жабр-зулмнинг кучайиб бориши халқ оммасининг кўтарилишига олиб келди. Бу халқ қўзғолонларининг энг йириги — 1337 йилда Сабзавор шаҳрида бошланиб, қарийб 45 йил давом этган сарбадорлар чиқишидир.

Халқ оммасининг ажнабий истилочилар ҳамда маҳаллий эзувчиларга қарши аёвсиз кураши, Марказий Осиёда мўғуллар ҳукмронлигини анча заифлаштирди ва уларга қарши кескин кураш кучайиши учун кулай замин яратиб берди. Шундай шароитда Амир Темур (1336—1405) майдонга чиқди ва ижтимоий жараёнда тезда кўзга ташланди ҳамда мамлакат ҳаётида жуда катта роль ўйнади.

Амир Темур тарқоқ ва узоқ урушлардан хонавайрон бўлган Мовароуннаҳр ва Хуросон ерларини мўғуллар мустамлакасидан озод этиб, ягона, мустақил ва мустаҳкам давлатга бирлаштирди. Унинг маркази этиб Самарқанд шаҳри танланди.

Амир Темур давлати ўз даврида Оврўпо ва Осиёдаги энг йирик, мустаҳкам ва ривожланган давлат сифатида танилди.

Темур вафотидан сўнг ҳам XVI аср бошига қадар унинг авлодлари мамлакатга ҳукмронлик қилдилар. Темурийлар даврида марказий давлат иккига — Мовароуннаҳр ва Хуросонга ажратилиб идора этилди. Самарқанд ва Ҳирот бу икки давлатнинг маркази бўлиб хизмат қилди. Айниқса, Темурийлардан узоқ вақт ҳукмронлик килган Шоҳрух, Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро даврларида маданият гуллаб-яшнади.

Мусулмон Шарқи, айниқса, Марказий Осиёнинг маданияти тарихида Темур ва Темурийлар ҳукмронлик даври — XIV асрнинг иккинчи ярмидан XVI асрнинг бошларигача бўлган давр сўнгги умумий тарихий ривожланишга жуда катта таъсир кўрсатган ёрқин, сермазмун, самарали давр ҳисобланади.

Бу даврда ўзбек тили адабий тил сифатида узил-кесил шаклланди ва Марказий Осиёнинг сўнгги маданий ривожига катта таъсир кўрсатди.

Бу юксалиш биринчи навбатда Амир Темур номи ва фаолияти билан узвий боғлиқ бўлса, унинг ўғиллари, набира ва бошқа авлодлари у бошлаб берган ижтимоий-маданий ҳаётдаги йўналишларни давом эттиришга, Темурийлар салтанатининг анъаналарини сақлаб қолишга харакат қилдилар.

Марказий Осиёдаги IX—XII асрлардаги илм-фан, маданиятнинг гуркираб яшнаши Марказий Осиё халкдари тарихида илк Уйғониш даврини ташкил этган бўлса, XIV аср охири ва XV аср мўғуллар мустамлакачилигидан қутулиб, мустақил давлатнинг шаклланиши ва ривожи асосида маданиятда яна кўтарилиш ва кескин ривож рўй берди. Бу даврни маданиятдаги кескин равишда бўлиниб қолган Уйғониш даврининг якуни — сўнгги Уйғониш даври деб аташ мумкин. Бу кўтарилиш аввалги маданий ютуқларга, уларни янада юксалтириш ва замона маънавий талаблари асосида янгилаш натижасида вужудга келди. Бу даврда араб тили қисман фан тили бўлиб қолса-да, асосан илм ва бадиий адабиёт, санъат тили сифатида туркий ва форсий тилларнинг мавқеи кучайиб, асосий ўринга чиқди. Давлат ишлари ҳам шу тилларда олиб борилди.

Темур ва Темурийлар давлати деярли бир ярим аср Осиё, айниқса, Марказий Осиё тарихида ниҳоятда кўп, серқирра, ранг-баранг маданий-маънавий бойликларни яратишга, халқ талантлари учун имконият яратаолганлиги, туркий халқлар маданияти тарихида тамоман янги, узоқ асрларга озуқа берган қатламлар, янги саҳифалар вужудга келтиргани билан машҳурдир.

Темур мамлакатнинг иктисодий қудратини оширишга ҳаракат қилди. У ишғол қилган хорижий мамлакатлардаги илм аҳлини ўз паноҳига олди. Мовароуннаҳр ва Хуросон шаҳарларини ободончилиги учун жон куйдирди. Рус олими А. Ю. Якубовский Темурнинг бу соҳадаги ишлари ҳақида ёзган эди: “У яхши ҳисоб-китоблик хўжайин эди. У Мовароуннаҳрга нафақат турли-туман бойликларни, балки ҳунарманд, мусаввир, меъмор ва олимларни ҳам олиб келди. Тўғри, Мовароуннаҳрнинг ўзи мутахассис ва олимларга бой эди. Лекин фан ва маданият арбоблари, ҳунармандлар қанча кўп бўлса, ҳунармандчилик, маданият ва илм-фан ҳам шунча тез ривожланади”.

XIV асрнинг охирига келиб Самарқанд Шарқнинг энг гўзал ва обод шаҳарларидан бирига айланди. Бу ерда улкан бинолар, кенг хиёбонлар қуришга катта эътибор берилди. XV аср бошида Мовароуннаҳрга келган испан сайёҳи Руи Ганзалес де Клавихонинг маълумотига қараганда, Самарқанднинг бойлиги фақат озиқ-овқатнинг мўллиги билан эмас, балки, шойи матолари, атласи, мўйнадан қилинган кийимлари, турли мамлакатлардан келтирилган сон-саноқсиз моллари, бозор ва майдонлари, кўчаларининг кенг ва кўркам-лиги билан кўзга ташланади.

Айниқса, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида мамлакатда ҳар хил қурилиш иншоотлари барпо қилиниб, ирригация шаҳобчалари тузатилиб, Муғон чўли ўзлаштирилди. Хуросонда ва бошқа жойларда каналлар ўтказилди, кўприклар қурилди, йўллар таъмирланди. Турли хил ҳунармандчилик — ип газлама, шойи ва жундан тўкилган матоларни ишлаб чиқариш, кийим-кечак тикиш кенг йўлга кўйилди. Олача, духоба, кимхоб ва бошқа матоларни тўқийдиган ва уларга безак берадиган махсус усталар пайдо бўлди. Бу даврда пахтадан тайёрланган матоларга, хусусан, дағал матолар ва полотноларга бўлган талаб кучли эди. Заргарлик, кулолчилик ҳунарлари кенг ривожланди.

XIV асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Мовароуннаҳр ва Хуросонда ички ва ташқи савдо равнақ топа бошлади. Самарқанд қадимдан Шарқнинг савдо маркази бўлиб, бу ердан бошқа мамлакатларни боғловчи “Ипак йўли” ўтар эди. Айниқса, Ҳиндистон, Хитой, Русия, араб мамлакатлари билан савдо алоқаларини ўрнатилиши Темур давлатининг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Амир Темур савдонинг ривожига, карвон йўлларини яхшилаш, уларни турли талон-тарожлардан ҳимоя қилиш, четдан келтириладиган молларга солинадиган солиқларни тартибга солиш, савдогарларга имкониятлар туғдириш ишларига катта эътибор берган эди. Буларнинг барчаси ишлаб чиқаришнинг ривожига катта таъсир кўрсатди ва моддий бойликларнинг кўпайиб боришига олиб келди. Бу ҳақда Темур “Тузуклар”да шундай деган эди: “…Агар касбу ҳунар ва маърифат аҳлларидан бўлса, бундайларга салтанат корхоналаридан юмуш берилсин. Булардан бошқа билагида кучи бор фақир мискинлар эса ўз аҳволи ва касбу корига қараб иш тутсинлар. …Сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарларга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиш учун хазинадан етарли миқдорда олтин берилсин. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва асбоб тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, унга ёрдам берилсин” (“Темур тузуклари”, Тошкент, 1991, 66—67-бетлар).

XIV асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб қурилиш ва ободончилик ишлари тез тараққий эта бошлади. Хусусан, Самарқандда бибихоним, Кўксарой масжиди, Шоҳизинда мақбараси, Кеш (Шаҳрисабз) шаҳрида Оқсарой, Самарқанд атрофида Боғи Шамол, Боғи Дилкушо, Боғи нав, Боғи Чинор каби боғлар, Амударё ва Сирдарёга кўприклар, карвон саройлари, работлар қурдирилди, кўплаб мадраса ва хонақоҳлар, ҳаммомлар барпо қилинди.

Улуғбек даврида Самарқандда 1417—1420 йилларда улкан мадраса, шу йилларда Бухорода, 1432—1433 йилларда Ғиждувонда мадрасалар барпо қилинди. Булардан ташқари, Улуғбек Темур даврида қурила бошлаган Бибихоним масжиди, Гўри Амир мақбарасини қуриб битказди. Лекин бу даврдаги энг нодир меъморчилик санъати намунаси — бу Улуғбекнинг фалакиёт расадхонасидир.

Шоҳрух ва Ҳусайн Бойқаро даврида Ҳиротда ва Хуросоннинг бошқа шаҳарларида ҳам катта қурилишлар рўй берди. Хусусан, Ҳиротда “Дорушшифо” шифохонаси, Қурбон Шайх, Ферузшоҳ, Чақмоқ Шоҳ, Алайҳ Кўкалдош мадрасалари, “Боғи байт ул-имом”, “Боғи хамса оройи” каби боғлар бунёд этилди. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича Ҳусайн Бойқаро даврида Хуросонда 40 га яқин иншоотлар вужудга келган.

Марказий Осиёда маданиятнинг ривожланишида қўшни мамлакатлар билан маданий алоқалар муҳим роль ўйнади. Айниқса, Марказий Осиё Эрон билан қадимдан мустаҳкам алоқа ўрнатган бўлиб, XIV—XV асрларда бу икки давлат ўртасида иқтисодий, маданий алоқалар ҳам кучая бошлади. Бу даврда Хитой билан ҳам алоқа кучайди. 1420 йили Шоҳрух машҳур рассом Ғиёсиддин Наққош бошчилигида Хитойга элчилар юборди. Улар Хитой халқининг урф-одати, турмуш тарзи, маданий ҳаёти, давлатни бошқариш услуби билан танишиб қайтдилар. Шунингдек, Шоҳрух даврида Ҳиндистон билан ҳам алоқа яхшиланиб, 1442 йилда у томонга элчилар юборилди.

Темурийлар даврида маданият янги босқичга кўтарилиб, Марказий Осиёда қадимги юнон ва ҳинд олимларининг фалакиёт, риёзиёт, тиббиёт, кимё ва бошқа фан соҳаларидаги тадқиқотлари кенг тарқалди. Илк ўрта асрларда юнон олимларининг рисолалари араб тилига таржима қилиниб, асарларига кўплаб шарҳлар битилди. Шунинг учун қадимги юнонларнинг араб тилига таржима қилинган асарлари, хусусан, Арасту, Афлотун, Птолемей ва бошқаларнинг табиий-илмий ва фалсафий асарлари XIV—XV асрларда ҳам Марказий Осиё олимлари учун янгилик эмас эди.

XIV—XV асрларда маънавий-маданий ривожланиш ислом диний қарашларининг мустаҳкамланиб бориши билан узвий боғлиқ бўлиб, ҳукмрон мафкура сифатида мадрасаю масжидларда кенг ўқитилиб, ўрганилиб, қонун-қоида, одат, анъаналар эса шариат асосида олиб борилар эди. “Темур тузуклари”да дин арбоблари, шайх, саййид, уламолар фаолиятига алоҳида ўрин ажратилиб, уларнинг давлат ишларидаги иштироки махсус ва бир неча бор қайд этилиб ўтилади. Лекин бу даврда шу билан бирга халқ орасида, айниқса, зиёлилар, ақлий меҳнат билан шуғулланувчи илм-фан, санъат, маданият ходимлари ўртасида ўз даврида ислом қоидаларини замона талаблари, ижтимоий юксалиш заруратлари асосида талқин этишга интилиш натижасида юзага келган тасаввуф таълимоти кенг тарқалади.

Марказий Осиёда XI асрдан бошлаб ёйила бошлаган тасаввуф таълимоти бу даврга келиб Мовароуннаҳр ва Хуросонда тасаввуфнинг яссавия, кубравия, қадирия ва айниқса, нақшбандия тариқати маънавий ҳаётда катта роль ўйнайди.

Нақшбандия тариқати Юсуф Ҳамадоний, Ғиждувоний ва XIV асрга келиб Баҳовуддин Нақшбанд номи билан узвий боғлиқ бўлиб, бу таълимот XV асрда назарий ва амалий жиҳатдан янада ривож топиб, у сарой аҳли, кўп ҳолларда темрийзодалар фаолиятига ҳам таъсир кўрсатди.

Амир Темурнинг ўзи ҳам мутасаввуф олимларга катта ҳурмат билан муносабатда бўлиб, тасаввуфнинг нақшбандия сулуки тарғиботчиларидан Саййид Мир Кулолни (Шамсуддин Фохурий, вафоти 1371 йил) ўзига пир деб билган. Шунингдек, турли ўлкалардаги йирик мутасаввуфларга ҳам ҳурмат кўрсатган. Унинг ҳамадония тариқатига асос солган йирик мутасаввуф Саййид Ҳамадоний билан учрашиб суҳбатда бўлганлиги, 1398 йилда Туркистоннинг Ясси шаҳрида йирик мутасаввуф Аҳмад Яссавий қабрини зиёрат этганлиги, уни таъмирлатиб, устига олий бино қуришни буюргани тарихий манбаларда кўрсатиб ўтилган.

“Тузуклар”да: “…машойихлар, сўфийлар худони таниган орифлардир. Уларнинг хизматларида бўлиб, суҳбатлар қурдим ва охират фойдаларини оддим. Улардан тангри таолонинг сўзларини эшитиб кароматлар кўрдим”, — деб ёзади Амир Темур.

XIV—XV асрларда Марказий Осиёда кенг тарқалаётган тасаввуф таълимотининг Суфи, Порсо, Чархий, Маҳдуми Аъзам, Хожа Аҳрор каби йирик вакиллари нақшбандия тариқатига оид қатор рисолалар яратиш билан бирга, жамиятнинг маънавий покланиши ва ривожланиши йўлида фаол хизмат қилдилар, таниқли арбоблар билан мулоқотда бўлиб, уларга таъсир ўтказдилар. Бу жиҳатдан, айниқса, Хожа Аҳрор фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Навоий, Жомий, Қосимий, Лутфий, Бобур каби шоирлар тасаввуфни тарғиб қилдилар.

Бу даврда Самарқанд, Ҳирот ва бошқа шаҳарларда мусаввирлик, наққошлик санъатининг моҳир усталари пайдо бўлди. Хусусан, “Шарқ Рафаэли” деб танилган Камолиддин Беҳзод ўз ижоди билан бутун Шарқдагина эмас, балки Оврўпода ҳам машҳур бўлди. Хаттотлик ва муқовасозлик санъати ҳам тараққий этиб, бу соҳада янги услублар пайдо бўлди. Масалан, Мир Али Табризий хаттотликнинг настаълиқ услубини ихтиро қилди. Бу услуб кейинчалик бутун Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларига кенг ёйилди.

“Рафиқий” тахаллусини олган Мир Али Мажнун ибн Камолиддин Маҳмуд, самарқандлик хаттот Хожа Абдулқодир Руянда, “Хатотлар султони” номини олган Султон Али Машҳадий ва бошқа хаттотлар ижодини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Устод Шайх Фоний Найи, Мавлоно Қосим Раббоний, Ҳусайн Удий, Хожа Юсуф Андижоний, Шоҳқули Ғижжакий, Дарвиш Аҳмад Қонуний, Устод Шодий каби мусиқашунослар ҳам шу даврда яшаб ижод этганлар. Улуғбек, Навоий, Жомий, Биноий каби буюк мутафаккирлар ҳам музика соҳасида маълум ишларни амалга оширганлар.

XIV—XV асрларда фанларнинг кўп соҳалари: тиббиёт, риёзиёт, ҳандаса, жуғрофия, фалакиёт, тарих, мантиқ, адабиёт, фалсафа, ахлоқшунослик ва бошқа фанлар тараққий этди. Адабиёт ва адабиётшунослик юксалиб, шеърият, назм соҳасида ижод килувчи машҳур шоирлар етишиб чиқди. Йирик шоирлар Давлатшоҳ Самарқандий, Саккокий, Бисотий Самарқандий, Жавҳарий, Хожа Суғдий Самарқандий, Мирзабек, Восифий, Ниёзийлар Самарқандда, Исмоил Бухорий, Ҳофиз Хоразмий, Яқиний, Ҳилолий, Гадоий, Атоий, Сухайлий, Ҳусайн Али Туфайлий, Биноий, Сайфий Бухорий, Мулло кабилар Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг турли шаҳарларида яшаб, ижод этиб, бир қанча шеърий ва насрий асарлар яратдилар.

XV асрда ўзбек тили ва адабиёти, шеърияти, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий тимсолида ўзининг юқори чўққисига кўтарилди. Навоий ўзбек адабий тилининг фазилатларини ҳар томонлама очиб, асослаб берди. Жомий ва Навоийдан ташқари, тил муаммолари билан шуғулланган Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абу-л-Лайсий, Абул-л-Қосим ибн Абу Бакр Лайсий Самарқандий ҳамда Исомуддин Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Арабшоҳ Исфароиний каби йирик олимларнинг номларини келтириш мумкин.

ХV асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Марказий Осиёда фалакиёт ва риёзиёт фанлари ривож топди. Улуғбек асос солган фалакиёт мактаби бунга ёрқин мисол бўлиб, бу мактабдан жуда кўп иқтидорли олимлар етишиб чиқди. Улар Мансур Коший, Мирам Чалабий, Абдуали Биржандий, Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид ва бошқалардир.

Бу даврда тиббиёт илми ҳам ўзининг йирик намояндаларига эга эди. Самарқандга келиб ижод қилган табобат илмининг йирик вакилларидан Бурҳониддин Нафис ибн Эваз ҳаким ал-Кирмоний Султон Али табиб Хуросоний, табиб Ҳусайн Жарроҳ шулар жумласидандир.

XIV—XV асрларда Марказий Осиёда мантиқ ва фалсафа фанлари билан шуғулланган йирик олимлар пайдо бўлди. Бу фанларнинг ривожи, асосан икки йирик мутафаккир Саадиддин бин Умар Тафтазоний ва Мир Саййид Журжоний номлари билан боғлиқцир. Журжоний ва Тафтазонийлардан ташқари, Самарқандда ўша даврда Мавлоно Абдужаббор Хоразмий, Мавлоно Шамсиддин Мунший, Мавлоно Абдулла Лисон, Мавлоно Бадриддин Аҳмад, Мавлоно Нуғмониддин Хоразмий, Хожа Афзал, Жалол Ҳоқий ва бошқа олимлар яшаб ижод этганлар. Ўз даврининг илғор ижтимоий ва ахлоқий фикрлари бадиий адабиётда, тасаввуф шеъриятида, назм ва насрда, ғазал ва рубоийларда муфассал баён қилина бошланди. Навоий, Жомий, Лутфий, Биноий, Қосими Анвар ва бошқаларнинг бадиий асарлари бой фалсафий ва ахлоқий мазмунга эгадир.

Бу даврда ахлоқ ва таълим-тарбия муаммоларига бағишланган махсус рисолалар пайдо бўлдики, уларнинг орасида Ҳусайн Воиз Кошифий ва Жалолиддин Давонийларнинг мероси алоҳида ўрин эгаллайди.

Темур ва Темурий шаҳзодалар ўз даври тарихини ёзиб қолдириш, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг мўғуллар зулмидан озод этилиши тарихини ўрганиш ва ёритишга катта эътибор бердилар. Низомиддин Шомий, Али Яздий, Абдураззоқ Самарқандий, Ҳофизи Абру, Натанзе, Фосиҳ Хавофий, Муйиниддин Исфизорий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар Темурийлар даври тарихини ёзиб қолдирдиларки, улар ёзиб қолдирган асарлар ҳозирда биз учун ўша давр ҳодисаларини, маданий юксалишини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Мовароуннаҳр ва Хуросонда XIV асрнинг иккинчи ярми ва XV асрда рўй берган маданий юксалиш бутун мусулмон Шарқинигина эмас, Оврўпо мамлакатларини ҳайратга солди. Бу юксалиш Марказий Осиёнинг сўнгги маданий-маънавий ривожинигина белгилаб бермай, қўшни мамлакатлардаги маданий тараққиётга ҳам катта туртки берди. Темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонни 1425—26 йилларда ўзига қаратиб, “Мўғуллар империяси” деб ном олган давлатга асос солди ва бу давлатда XV асрдаги Марказий Осиё маданиятининг анъаналарини давом эттирди ва ривожлантирди.

Темур ва Темурийлар давридаги маданий юксалишнинг умумий омилларини аниқлаш шуни кўрсатадики, улар ўзаро узвий боғланган ва яхлит бир бутун ҳолдагина қисқа вақт ичидаги маданий-маънавий юксалишни юзага келтира олган.

Булардан биринчи навбатда сиёсий-ижтимоий омилни кўрсатиш мумкин. Мовароуннаҳр ва Хуросонда тарқоқ, ўзаро низо ва урушлар натижасида турли вилоят, амирликларга бўлиниб кетган ва келгинди ҳукмронлар — мўғуллар томонидан аёвсиз эзилган халқнинг мустамлакачиликдан қутилиши, мамлакатда ягона бирлашган давлатнинг барпо этилиши, ягона давлатчилик асосида бошқариш қоидаларининг жорий этилиши, зўравонликлар, ўзбилармончилик каби иллатларнинг тугатилиши ижтимоий юксалишни таъминлади.

Иккинчи — иқтисодий омил — Мовароуннаҳр ва Хуросонда ягона идора тизимининг жорий этилиши иқтисодий осойишталик ишлаб чиқаришнинг сўнгги ривожланишига олиб келди. Давлат томонидан деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқнинг ривожига эътибор берилиши ва бу соҳада қатор тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатнинг маънавий-маданий тараққиёти учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этди.

Учинчи — маънавий омил — аввалги маданий мерос, маънавий қадриятлар, бойликлардан кенг фойдаланиш, улар асосида ривожланишни амалга оширишдан иборат бўлди. Марказий Осиёда аввалги асрларда, хусусан IX—XIII асрларда яратилган маънавий-маданий бойликлардан, Хоразмий, Форобий, Ибн Сино, Беруний, Чағминийлар меросидан; араб, форс ва туркий тилларда яратилган Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Румий, Тусий, Аттор каби алломалар меросидан; мусулмон Шарқи маънавий меросида кенг аҳамият касб этган қадимги юнон илмий-маънавий бойликларидан кенг фойдаланилди.

Бу даврда Амир Темур давлатининг таъсирида бўлган ва бўлмаган бошқа мамлакатлар ўртасида маданий алоқалар тез ривожландики, бундай алоқалар маънавий бойликларни ўзаро алмашишга кенг йўл очиб берди. Эрон, араб мамлакатлари, Ҳиндистон, Хитой каби мамлакатлар билан бўлган алоқаларда маданий бойликлар алмашинуви ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Тўртинчи — ғоявий омил — бу омил маънавий омилнинг узвий давоми бўлса-да, унинг муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги ва ўз даври маънавий ҳаётида катта роль ўйнаганлиги учун алоҳида ажратиб кўрсатиш мақсадга мувофиқдир. Бу XV асрга келиб Мовароуннаҳр ва Хуросонда кенг тарқалган тасаввуф — хусусан нақшбандия таълимотидир. Марказий Осиёда Юсуф Ҳамадоний, Абдухолиқ Ғиждувоний таълимотларини ривожлантириш асосида шаклланган нақшбандия таълимоти ва унинг йирик вакиллари XIV—XV асрлардаги сиёсий-ижтимоий ҳамда маданий ҳаётда ниҳоятда муҳим роль ўйнади, маънавий ўзгаришлар маълум эркинлик учун ғоявий асос, омил бўлиб хизмат қилди. Темур ва темурий шаҳзодалар, кўп олим-фозиллар, ҳунармандлар нақшбандия таълимотидан озуқа олдилар, ўз фаолиятлари, ижодлари билан уни ҳар томонлама бойитдилар.

XV асрда яшаб ижод этган нақшбандия таълимотининг йирик вакили Хўжа Аҳрор Вали фақат маданий ҳаётдагина эмас, сиёсий-иқтисодий тинчлик ва ривожланиш ишида муҳим ижобий роль ўйнади.

Бу каби омиллар Темур ва Темурийлар даври маданияти ва маънавиятининг тез ва юксак даражада кўтарилишига олиб келдики, унинг ютуқлари сўнгги узоқ асрлар давомида маданий ривожланиш учун озуқа бўлди.

* * *

XIV асрнинг охири XV аср Марказий Осиё, аниқроғи Мовароуннаҳр ва Хуросон тарихида — ўрта аср учун олий даражадаги маданий-маънавий юксалиш даври бўлди. Бу юксалишни Марказий Осиё заминида IX—X асрда рўй берган ва сунъий равишда узилиб қолган маданий-маънавий юксалиш — Уйғониш даврининг тикланиши ва олий даражаси деб аташ мумкин. Бу юксалишлар бир жараённинг икки хил бир-бирига боғлиқ бўлган даврининг бошланиши ва якунидир. Чунки улар иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий жиҳатдан ниҳоятда ўхшаш, айрим ҳолларда бир хил асосларга эгадир.

Биринчи давр араблар истилосидан сўнг мустақилликка эришув ва ерли давлатларнинг вужудга келиши заминида шаклланди. Шунингдек, сўнгги XIV—XV аср маънавий-маданий ривожланиш даври мўғуллар истилосидан қутулиб, мустақил давлатнинг вужудга келиши заминида юзага келди. Ҳар икки ҳолда ҳам ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик, Шарққа хос бўлган институтларнинг ривожи ва мустаҳкамланишини ва улар маданий юксалишга катта таъсир кўрсатганлигини кўрамиз. Ҳар икки ҳолда ҳам ислом дини ва унинг қоидалари маънавий ҳаётда устунлик ва белгиловчи аҳамият касб этди. Лекин шу билан бирга даврнинг ижтимоий-сиёсий омиллари, маънавий мазмунида тафовутлар ҳам кўзга ташланади.

IX—XII асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудларида араб мустамлакачилигидан қутулиш ва мустақил давлатни барпо этишга интилиш жараёни ерли давлатларнинг пайдо бўлиб, сўнг йўқола бориши, улар ўртасидаги ўзаро курашларнинг узлуксиз давоми билан характерланади. Уч аср давомида Тоҳирийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар давлатларининг вужудга келиб, кейин тарих саҳнасидан сурилиб кетгани бунинг ёрқин мисолидир.

XIV—XV асрда мўғуллар мустамлакачилигига қарши курашда Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳудудида яхлит, йирик ва мустаҳкам давлат қад кўтарди. Бу — юксак давлат арбоби ва саркарда соҳибқирон Амир Темур номи ва фаолияти билан боғлиқдир. Маданиятнинг юксалиши ҳам Амир Темур ва Темурийлар фаолияти, ҳаракати, сиёсатининг натижасидир.

IX—XII асрлар Мовароуннаҳр ва Хуросонда ислом тарқалганига эндигина II—III аср бўлган, у маънавий ҳаётнинг турли соҳаларига сингиб бормоқда эди. XIV—XV асрларга келиб ислом, шариат мустаҳкамланиши билан тасаввуф ва айниқса, унинг халқ ҳаётига жуда яқин кўриниши — Нақшбандия тариқатининг устун бўлиши билан кўзга ташланади. Бу давр маънавий ҳаётида араб тилига нисбатан туркий ва форсий тилнинг роли кучайди. Ҳозирги ҳақиқий ўзбек тили ва адабиёти шу даврдан бошланди. Бу масалалар махсус ўрганиш, тадқиқотни талаб этади.

Лекин мазмун жиҳатдан ҳар икки давр маънавиятида, яъни умуман Уйғониш даври маънавий-маданий ҳаётида инсоний қадриятларнинг юксак хислатлари — илмга интилиш, билимни кучайтириш, ақлни улуғлаш, инсонийлик, руҳий покланиш, ахлоқий камолотга эришув, адолат, ижтимоий юксалиш, барча учун бахт-саодат, дўстлик-биродарлик, комил жамоа ва комил инсонни яратиш каби масалалар олға сурилди. Улар муҳим илмий тадқиқотлар, адабиёт, санъат, диний асарларнинг мазмунини ташкил этди. Бу даврдаги олим, мутафаккир, донишманд, санъаткорларнинг кўпчилиги шу мақсад йўлида ижод қилдилар.

Бу давр маданиятининг ютуқлари халқимизнинг кейинги маданий ривожланишида катта замин яратди.

3. ХVI-ХIХ АСР БИРИНЧИ ЯРМИДАГИ ТУРКИСТОН МАДАНИЯТИ ҲАҚИДА

XVI аср бошларига келиб Мовароуннаҳр ва Хуросонда ички низоларнинг авж олиши бу ерларга ташқи ҳужумларнинг кучайишига имкон туғдирди. Айниқса шимолда Дашти Қипчоқ томондан Мовароуннаҳр шаҳарларини босиб олишга бўлган ҳаракат борган сари ортиб борди.

1500—1510 йиллар орасида Мовароуннаҳр ва Хуросон ерлари Шайбонийхон бошчилигидаги қўшинлар ҳужуми туфайли унинг тасарруфига ўтди. У ўзининг сўнгги юришида кескин қаршиликка дуч келди ва 1510 йил Марв учун бўлган урушда қурбон бўлди. У Мовароуннаҳр мадрасаларида таҳсил кўрган, темурийлар билан учрашган, олим ва адиблар билан мулоқатда бўлган, маданият тарихидан яхши хабардор, темурийларга ўхшаб ижод аҳлига раҳнамолик қилган, ўзи ҳам шеърлар ёзган давлат бошлиғидир.

Унинг ўлимидан сўнг авлодлари 1601 йилга қадар ҳукмронлик қилдилар. Сўнгги йилларда унинг авлодлари ўртасидаги курашлар натижасида давлат парчаланиб, Хуросон Сафавийлар қўлига ўтди. Шайбонийлар эса фақат Мовароуннаҳрга ҳумрон бўлиб қолдилар. Ҳокимият аста-секин унинг авлодлари ўртасидаги низолар туфайли парчаланиб кетди, Бухоро хонлиги, сўнг ғарбда Хива хонлиги вужудга келди. Ҳукмронлик учун олиб борилган узоқ курашлардан сўнг Абдуллахон II (1557—1598) даврида Бухоро хонлигининг мавқеи анча-мунча ортди.

Абдуллахон II даврида Бухоро хонлигида иқтисодий-маданий ҳаёт бир мунча жонланди. Хусусан, даҳқончилик тез ривожланди, қатор сув иншоотлари, каналлар барпо этилди, йирик шаҳарларда ҳунармандчилик равнақ топди. Самарқанд қозикалонининг XVI асрдаги ҳужжатларидан маълум бўлишича, ҳунарнинг 61 тури мавжуд бўлган, турли-туман темир буюмлар, ип ва ипак матолар, юқори навли қогозлар ишлаб чиқарилган. Бухоро шаҳри кенгайтирилиб, девор ва ҳарбий истеҳкомлари қайтадан қурилган, шаҳарда кўп мадрасалар, хонақоҳлар, карвонсарой ва бозорлар барпо этилган. Бу даврда ички ва ташқи савдо, хусусан, Эрон, Туркия, Ҳиндистон, Русия каби мамлакатлар билан алоқалар кенгайди.

Унинг вафотидан сўнг яна ўзаро низолар авж олди. 1601 йилдан бошлаб Бухоро хонлиги янги Аштархонийлар сулоласи ҳукмронлигига ўтди.

Аштархонийлар сулоласи бир ярим аср (1601—1753) Бухоро тахтида ҳокимлик килди, улар даврида хонлиқда ўзаро низолар ҳамда қорақалпоқлар, мустақил бўлган Хива хонлиги, Эрон кабилар билан узлуксиз урушлар давом этди, мамлакат иқтисодий-сиёсий ҳаётида парокандалик авж одци, хонлик тахти учун талашувда ака-ука, ота-ўғил, қариндошлар ўртасида курашлар кучайди. Хонликдаги зулмнинг ортиши, солиқларнинг ошиб бориши натижасида тез-тез халқ қўзғолонлари рўй бериб турарди. Бухоро тахтида узоқ хонлик қилган Имомқулихон (1611—1642) даврида ҳокимиятнинг нисбатан мустахкамланганлигини назарга олмаганда, бошқа Аштархонийлар даврида хонликка ҳар томондан ҳужумлар, турли шаҳарлар, ўлкаларнинг хонликдан ажраб кетишга интилиши кучайди. Бу интилиш айниқса Убайдуллахон даврида авжига чиқди. Бундан фойдаланган Нодиршоҳ Бухоро хонлигига қарашли кўп ерларни Эронга қўшиб одци. Сўнгги йилларда Аштархонийлар сулоласининг нуфузи сусайиб, манғит қабиласидан бўлган Муҳаммад Ҳаким оталиқнинг таьсири кучая борди ва у 1753 йили ўзини амир деб эълон қилди. Бу даврда Туркистонда Бухоро хонлигидан ташқари Амударёнинг қуйи оқимида Хива хонлиги мустақил ривожланаётган эди. XVIII асрнинг охирига келиб Фарғона водийсида Қўқон хонлиги ҳам ўзини мустақил хонлик сифатида кўрсата бошлади.

Туркистондаги XVII—XVIII аср маданияти мавжуд иқтисодий-сиёсий, ижтимоий аҳвол таъсирида турли тебранишлар, йўқотишларни бошидан кечирди.

XVI асрда Ҳиндистонда Бобурийлар давлатининг вужудга келиши билан Темурийлар даврида шаклланган маданиятнинг қисман Ҳиндистон томон оқиб ўтганини кузатамиз. Бобурий подшолар Мовароуннаҳр ва Хуросон маданий қадриятларидан кенг фойдаланишга интиладилар, уларни Ҳиндистон ерида кенг тарғиб этдилар. XVI асрларда кўпгина Марказий осиёлик донишманд, аллома, санъат-корларнинг ўзлари ёки Бобурийлар таклифи билан Ҳиндистон шаҳарларига кетиб қолдилар. Бобурийлар саройида туркий ва айниқса форсий тилдаги адабиёт, санъат, илм-фан ривож топди. Бу Марказий Осиё, хусусан, Туркистон ва Ҳиндистондаги Бобурийлар давлати ўртасидаги маданий алоқаларнинг кучайишига, уларнинг ўзаро таъсири орта боришига олиб келди. Бобурийлар ўзларини Темурийлар даври маданиятининг меросхўри, давомчиларидан деб биддилар. Айниқса, Бобурийлардан Акбаршоҳ, Шоҳжаҳон, Аврангзеб даврида Ҳиндистонда Марказий Осиё маънавий қадриятларига асосланган мусулмон маданияти кенг ривож топди ва муҳим ютуқларни қўлга киритди.

Темурийлар даврида ривож топган маданий бойликлар таъсирида янги маънавий-маданий қадриятлар вужудга келди, айниқса, адабиёт, санъат, қисман илм-фан, хусусан тарих фани маълум ютуқларни қўлга киритди. Тасаввуф бу даврнинг дунёқараши, тасаввури ва маънавиятида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўзбек ва форс тилида қатор тарихий, адабий, шеърий асарлар яратилди. Ўз даврининг етук адиби, давлат арбоби ва шайхулисломи Пошшохожа (1480—1547) оиласида туғилиб, тарбия топган Ҳасанхожа Бухорий Нисорийнинг “Музаккир ал-аҳбоб” ҳамда шоир Мутрибийнинг “Тазкират уш-шуаро” тазкираларида XVI асрда яшаб ижод этган жуда кўп адиб, шоирлар, уларнинг ижоди ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган. Масалан: Нисорий Бухоро мадрасаларида ўқиб, ўз даврининг илмларидан хабардор бўлган, аруз сирларини эгаллаган, сўнг мадрасаларда дарс берган, давлат арбоби сифатида ҳам хизмат қилган, унинг шоир сифатидаги довруғи кўп ўлкаларга таралган. “Малик уш-шуаро” унвонига сазовор бўлган. У ўз давридаги турли шоир, адибларнинг асарларини ўрганиб “Музаккир ал-аҳбоб” тазкирасини яратган. У асосан Темурийлар, Шайбонийлар ҳамда Бобурийлардан етишиб чиққан, шунингдек, марказий осиёлик, хуросонлик, шарқий туркистонлик, ҳиндистонлик, озарбайжонлик шоирлар ҳақида қимматли маълумотлар келтирган. Унда Пошшохожа, Муҳаммад Солиҳ, Мутрибий, Фитратий, Шўхий каби шоирлар ҳақида муҳим маълумотларни учратиш мумкин. Нисорий 1597 йили вафот этган ва Баҳовуддин Нақшбанд мақбараси ёнига дафн этилган.

Бу даврда ўзининг ўзбек тилидаги шеърлари билан машҳур бўлган шоир, тарихчи, давлат арбобларидан бири Муҳаммад Солиҳдир (1455—1535). У Хоразмда туғилиб, бошланғич маълумотни ўша ерда олган. Сўнг Ҳирот шаҳрида ўз илмини давом этдирган, шоир уламолар билан илмий-ижодий баҳс этиб турган. Хуросонда, сўнг самарқанд, Бухорода Темурийлар хизматида бўлган.

1507—1510 йилларда Муҳаммад Солиҳ Ҳиротда яшаб маданий ҳаёт ичида бўлган, ўз ижоди билан адабий муҳитга кенг танилган. Унинг ижодига Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Лутфий, Нисорий каби шоирлар яхши баҳо берганлар.

XVI асрнинг иккинчи ярмидаги энг йирик шоирлардан Мушфиқийни кўрсатиб ўтиш зарур. Шоир Абдуллахон II даврида сарой шоири сифатида маълум бўлса-да, халқ орасида унинг ҳажвий, ҳурриятпарвар шеърлари кенг тарқалган.

XVI—XVIII асрларда ўзбек ва тожик тилларида шеърий асарлар битган Туркистоннинг турли шаҳарларидан чиққан шоир, адибларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Сайидо Насафий, Турди Фароғий, Машраб, Сўфий Оллоёр шулар жумласидан бўлиб, уларнинг ижоди турли йўналишда эканлиги ўз даврининг тушкунликлари, зиддиятлари, қийинчиликларини ўзида ифодалаши билан кўзга ташланади. Бу даврда Ҳиндистонда яшаб ижод этган, ўз асарларини форсийда ёзган Мирзо Абдулқодир Бедилнинг (1644—1720) чуқур ижтимоий-фалсафий мазмундаги шеърлари Туркистон зиёлилари орасида эътибор қозонди.

XVII асрда Субҳонқулихон даврида Муҳаммад Бедил тазкира тузиб, унда ўз замонасининг 200 та шоир, адиб, адабиётшунослари ҳақида маълумотлар беради. Умуман XVI—XVIII асрлар маънавий ҳаётида Туркистонда тасаввуф таълимотлари, хусусан, Нақшбандия, Яссавия, Кубравия таълимотларининг кенг тарқалгани, уларнинг адабиёт, санъат, ижтимоий билимларга катта таъсир кўрсатганини кўрамиз. Санъаткорлар тасаввуфдан замона қийинчиликларини енгиш, зулм-адолатсизликка қарши кураш, ҳақиқий инсоний муносабатларни тарғиб қилиш йўлида фойдаланишга интилдилар.

XVI—XVIII асрлар давомида адабиёт, шеърият билан бир қаторда тарихшунослик, фиқҳ, фалсафа, хаттотлик илми каби соҳаларда ҳам ижобий ютуқлар қўлга киритилди.

Бу даврда айрим тарихий асарлар форс тилидан ўзбек тилига таржима этилди. Мирзо Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий”, Абдулла ибн Муҳаммаднинг “Зубдат ул-асрор” (“Асрлар қаймоғи”), Фазлуллоҳ ибн Рузбеҳхон Исфахонийнинг “Меҳмонномайи Бухоро” (“Бухоро меҳмони ҳақида китоб”), Ҳофиз Таниш Бухорийнинг Абдуллахон II даврининг тарихига бағишланган улкан асари “Шарафномайи шоҳий” (“Шоҳ шарафи ҳақида китоб”) ёки “Абдулланома” каби тарихий асарлар шулар жумласидандир. Бу асарларда ўша даврнинг мураккаб жараёнлари ўз ифодасини топган.

Шоир.ва тарихчи Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” асари назм аралаш қофиялаштирилган насрда, форс тилида ёзилган бўлиб, асосан Шайбонийларнинг ўз давлатларини мустаҳкам-лаш учун олиб борган курашлар тарихини, сиёсий-ижтимоий масалаларни ўз ичига қамраб олган катта асардир.

Тарихий асарлар далилий ашёларга бой бўлиш билан бирга айримларида тарихий ҳодисаларни умумлаштириш, улардан хулосалар чиқариш кўзга ташланади. Бундай интилишлар сўнгги асрларда вужудга келган “Тарихи Муқимхоний” (“Муқимхон тарихи”), Маҳмуд ибн Валининг “Баҳр ул-асрор” (“Сирлар денгизи”), Мирмуҳаммад Амин ал-Бухорийнинг “Убайдулланома” (“Убайдуллахон ҳақида китоб”), Муҳаммад Амин ибн Муҳаммад Замони Бухорийнинг “Муҳит ут-таворих”, Абдураҳмон Толенинг “Тарихи Абулфайзхон” каби асарларида ҳам учрайди.

Тарихшунослик илмининг маълум даражада ривожи албатта бошқа ижтимоий фанларга ҳам ижобий таъсир кўрсатди.

XVI—XVIII асрлар давомида ижтимоий-фалсафий фикр, фиқҳшунослик соҳасида ҳам янгиликлар вужудга келди, ўз даврининг етук мутафаккирлари етишиб чиқди. Уз юрти Эронни ташлаб кетишга мажбур бўлган ва Бухорода хоннинг эътиборига сазовор бўлган Мирзажон Шерозийнинг асосий илмий-маърифий фаолияти Мовароуннаҳрда ўтди. У турли мадрасаларда фалсафа, мантиқ, фиқҳ илмларидан маърузалар ўқиш билан бирга ўтмиш мутафаккирлари Ибн Сино, Фахриддин Розий, Насридцин Тусий, Мир Саййид Журжоний, Давоний кабиларнинг турли рисолаларига шарҳ ва ҳошиялар ёзди. Мирзажон Жалолиддин Давонийнинг бевосита шогирди бўлиб, ўзининг асосий илмий қизиқишларини фалсафий муаммоларни ҳал этишга қаратди. Унинг ҳошиялари билан бирга “Фи таърифил илм” (“Илмлар таърифи”), “Анмузаджул фунун” (“Санъатлар намуналари”), “Фи аксил мустафа” (“Акс эттириш ҳакида”) каби қатор рисолалари ҳам бизгача етиб келган, улар ЎзР ФА Беруний номли Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланади.

Мирзажоннинг шогирди бўлмиш, асли озарбайжонлик Юсуф Қорабоғий ҳам XVII асрда Мовароуннаҳрнинг энг йирик файласуф ва мантиқшунос олимларидан бўлиб танилди. Бухоро хони Имомқулихон эътиборида бўлди. У Самарқанд, Бухоро мадрасаларида мударрислик қилди, фалсафа, араб грамматикаси, фиқҳ, мантиқ соҳасида қатор асарлар ёзиб қолдирди. Қорабоғий фалсафа, араб тили бўйича шогирдлар етиштириб берди.

ЎзР ФА Шарқшунослик институти фондида 20 дан ортиқ асари сақланаётган Муҳаммад Шариф Бухорийнинг ижоди ҳам диққатга сазовордир.

XVI—XVIII асрларда табиий-илмий фанлар ўзларининг аввалги анъаналарини йўқота бошлади, уларнинг ривожи борган сари сусайиб борди. 1593 йилда Амир Аҳмад Розийнинг “Ҳафт иқлим” номли географик-биографик луғати, деярли шу йилларда Мутрибийнинг “Тазкират уш-шуаро”сига илова этилган дунё харитаси вужудга келди. Айрим тарихий маълумотларда айтилишича бу даврларда тиббиёт соҳасида қатор амалий ишлар, турли табиблар, кўз дўхтирлари, синган суякларни тузатувчилар фаол иш олиб борган (Султон Али деган табиб “Табобат бўйича қўлланма” ёзиб қолдирган), йирик шаҳарларда касалхоналар мавжуд бўлган. Лекин XVIII асрларга келиб табиий фанларга эътибор сусайиб, умумий ижтимоий, сиёсий тарқоқлик биринчи навбатда шу илмларга салбий таъсир кўрсатиб, диний дунёқарашнинг таъсири кучайган. Адабиёт, шеърият билан боғлиқ ҳолда мусиқашунослик, мусиқа илми ривожига ҳам эътибор берилган. Бухорода Мавлавий Кавкабий мусиқа илми, мақомлар бўйича рисола ёзган.

Китоб ёзиш, тўплаш, безаш соҳасидаги анъаналар XVI—XVIII асрларда ҳам давом этгани, айрим хонлар махсус кутубхоналар яратгани ва унда кўплаб қўлёзмалар тўпланганлиги ҳақида маълумотлар сақлангандир. Масалан, шайбонийлардан Абдуллахон II, Абдулазизхонлар, аштархонийлардан Субҳонқулихон ўз саройларида — Бухорода катта кутубхоналар ташкил этганлар. Умуман китоб санъати, ҳуснихат — хаттотлик, миниатюра соҳасида муҳим ютуқлар қўлга киритилди. Бухоро мактаби фаол равишда ўзини танитди.

XIV асрдан бошлаб шаклланиб келган Бухородаги ҳуснихат ва миниатюра XVII—XVIII асрларга қадар Шарқда ўз етакчи мавқеини сақлаб келди ва бошқа мусулмон Шарқидаги бу санъат ривожига катта таъсир кўрсатди. XVI—XVII асрларда ижод этган машҳур ҳуснихат ва миниатюра ижодкорларидан Султон Али Машҳадий, Мир Али Хевравий, Маҳмуд ибн Исҳоқ аш-Шиҳобий, Абдулла, Муҳаммад Мурод Самарқандий, Дўст Муҳаммад Бухорий кабиларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Дўст Муҳаммад Бухорий ҳуснихат назарияси бўйича махсус рисола ҳам ёзган. Хусусан, шу даврларда “Тарихи Абдулхайрхон” (“Абулхайрхон тарихи”), “Таворихи гузидаий нусратнома” (“Ғалаба ҳақида танланган тарихлар”), Алишер Навоий асарлари рўйхати кабиларнинг чиройли кўчирмалари ва уларга ишланган миниатюралар ўз даври санъатининг олий намуналари ҳисобланади.

Мовароуннаҳр санъати, илм-фан, маданияти бу асрларда ҳам бошқа мусулмон Шарқи, Эрон, Туркия, Кошғар, Ҳиндистон каби мамлакатлар билан яқин алоқада бўлди, ўзаро таъсирда ривож топди. Бошқа ўлкалардан Мовароуннаҳрга турли зиёли, маданият арбоблари келиб ўз фаолиятини давом эттирганидек, Бухоро, Самарқанд каби турли шаҳарлардан чиққан олим, донишманд, санъат арбоблари бошқа мамлакатлардаги маданий оқимда иштирок этдилар.

Масалан, Туркияда миниатюра санъатининг ривожида Марказий осиёлик санъаткорлар пешқадамлик қилдилар. Академик В. В. Бартольд бу ҳақда шундай дейди: “Туркистоннинг Олд Осиёга бўлган таъсири қанчалик узоқ давом этгани шу фактдан маълум: “Султон Боязид II даври (1481—1512) да рассомлик санъатини дастлаб Туркияга келтирган киши ўзбек санъаткори Бобонаққош эди”. Бобонаққош турк миниатюрачиларининг устози бўлиб танилган эди. Шайбонийхон томонидан наққош Ғулом Шоди Қозон хони Муҳаммад Амин саройига унинг илтимосига биноан юборилади. Шунингдек, XVI асрнинг иккинчи ярмида буюк бобурий шоҳлардан Акбар саройига Самарқанд усталари Муҳаммад Мурод ва Муҳаммад Нодирлар сафарбар этилган эди. Эрондан қатор олим-фозиллар, санъаткорлар диний шароитнинг ноқулайлигидан қочиб ёки ўз ихтиёрлари билан Мовароуннаҳр шаҳарларига келиб жойлашиб қолдилар. Шоирлар Файзуллоҳ ибн Рузбеҳхон, Зайниддин Восифий, машҳур хаттотлар Хўжа Маҳмуд, Саид Аҳмад Машҳадий, юқорида қайд этилган Мирзажон Шерозий, Қорабоғий кабилар шулар жумласидандир.

Мовароуннаҳрда сўнгги асрлардаги тахт учун курашлар, парокандалик аста-секин ягона давлат таркибидан турли шаҳарларнинг ажраб кетиши, мустақил Хива ва Кўқон хонликларининг ташкил топиши, улар ўртасидаги уруш-зиддиятнинг авж олиши ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ёмон оқибатларга олиб келиш билан бир-га, маданий-маънавий ҳаётга ҳам салбий таъсир кўрсатди, унинг ривожига ғов бўлди, орқага кетувига олиб келди.

XVIII асрнинг иккинчи ярми Туркистон тарихида иқгисодий-сиёсий жиҳатдан ўзаро низолар, урушлар, бошбошдоқлик, парокандалик аҳолининг ниҳоятда қашшоқлашган, маданий-маънавий жиҳатдан тушкунликка учраган даври эди. Ўзаро ички низоларнинг кучайиб кетганлигидан фойдаланган Эрон шоҳи Нодиршоҳ 1740 йиллар Бухорони ва Хивани босиб олиб ўзига қарам қилди. Бухоро тахтига ўз одами Муҳаммад Ҳаким оталиқни ўтказиб қайтди. Лекин Нодиршоҳ вафотидан сўнг (1747) Ҳакимхоннинг ўғли Муҳаммад Раҳим аштархонийлар сулоласини умуман четлатиб, 1753 йили ўзини амир деб эълон қилди. Шундай қилиб, Бухорода манғит қабиласидан чиққан сулола ҳукмронлиги бошланди.

Ўзбек хони Элбарсхон 1512 йили Хива хонлигани барпо этиб, унга Хоразмнинг қатор шаҳар, қишлоқлари, туркман ерлари ва Хуросоннинг шимолий қисмини қўшиб олган эди. Лекин бу хонлиқда узлуксиз ўзаро курашлар, хонликнинг туркманлар, қорақалпоқлар, Бухоро хонлиги, Эрон билан урушлари давом зтганлиги иқтисодий-сиёсий аҳвол, маданий ҳаётнинг қашшоқланишига олиб келди. Абдуллахон II даврида Хоразм, Бухоро хонлиги томонидан босиб олинди. Абдуллахон II вафотидан сўнг Хива хонлиги яна мустақиллигини тиклаб олди. Шунингдек, 1598 йили Субхонқулихон яна Хоразмни Бухоро хонлигига қарам қилади. Узоқ вақт ўтмай Хива яна мустақил хонликка айланди. XVII асрда Хива хонлиги маданияти тарихида энг йирик арбоб сифатида иш кўрган хон Абулғозихонни кўрсатиб ўтиш мумкин. У фақат йирик давлат арбобигина бўлиб қолмай, машҳур тарихчи ва табиб ҳам эди. Абулғозихон Бухоро, Тошкент, Эрон шаҳарларида қувғинда, бир неча бор қамоқда бўлган, ниҳоят 1643 йили Орол ўзбеклари уни хон қилиб кўтарадилар ва 1645 йили Хива тахтига чиқади. У деярли йигирма йиллик (1645—1663) хонлик даврида марказлашган давлат тузишга, мамлакат ривожини таъминлашга интилди, маданиятга эътибор берди. 1663 йили тахтни ўғли Анушахонга топширди. Абулғозихон фан тарихида машҳур олим, Хоразм тарихнавислигининг асосчиси сифатида ном қолдирди. Унинг қаламига мансуб “Шажарайи тарокима” (“Туркманлар тарихи”) ва “Шажарайи турк” (“Турклар шажараси”) каби асарлар Марказий Осиё тарихига оид муҳим манба ҳисобланади. Бу асарлар немис, француз, рус тилларига таржима этилган ва шарқшунос олимлар орасида маълумдир. XVIII асрнинг охирларига келиб Фарғона бутунлай Бухородан мустақил бўлиб ажраб чиқди ва Қўқон хонлиги вужудга келди. Бу хонликнинг асосчиси минг қабиласидан чиққан Шоҳрухбий бўлиб, у XVIII аср бошларида Фарғонада мустақил давлат барпо этади. Бу давлат аста-секин атрофдаги қишлоқ ва шаҳарларни босиб олиш ҳисобига кенгая боради.

Норбўтабий (1769—1800) йилларда Қўқон хонлигидаги зиддиятларни тинчитиб, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлади. Бу хонлик XIX асрнинг биринчи ярмида анча ривож топди. У Тошкент ва унинг атрофидаги шаҳарларни, жанубий Қозоғистонни босиб олди, шунингдек, Фарғона шаркидаги вилоятлар ҳам унга қарам бўлди, ҳатто Кошғар чегараларига бориб етди, Олимхон, Умархон, Муҳаммад Али, Шералихон, Худоёрхонлар даврида Қўқон хонлигида ўзаро кескин курашлар давом этиб турди. Шу билан бирга Қўқон хонлигининг Кошғар, Хитой, Россия, Бухоро билан савдо-маданий алоқалари ривожланди. Шундай қилиб, ўзаро урушлар вақти-вақти билан кўтарилиб турсада, XVIII асрнинг охири XIX асрнинг бошига келиб Туркистонда уч мустақил давлат: Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари вужудга келди. Мазкур уч давлатда маданият, адабиёт, илм-фан, санъат ўзига хос равишда ривожланди.

Қўқон хонлигида XIX аср бошларида меъморчилик ривож топди, жуда кўп қурилиш ишлари олиб борилди, хусусан Қўқон, Марғилон, Наманган, Андижон каби йирик шаҳарларда турли бинолар: мадраса, масжид, хонақо, бозор, ҳаммом кабилар барпо этилди, каналлар ўтказилди, биноларни безаш ишларидан кенг фойдаланилди, ҳунармандчилик равнақ топди. Масалан: шу даврда мадрасаи Муҳаммад Ясовул, мадрасаи Ризқулбек, мадрасаи Офтоб ойим, мадрасаи Мингойим, мадрасаи Ҳакимхон тўра, мадрасаи Хўжа додхоҳ, мадрасаи Ҳаққули мингбоши каби мадрасаларнинг ўзидан бир нечтаси қурилди. Қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Қўқон қоюзи бутун Марказий Осиё шаҳарларида ўзининг сифати билан ном қозонди. Китоб ёзиш ва безаш ишлари, хаттотликка алоҳида эътибор берилди, ўтмиш машҳур шоирларнинг асарлари кўчирилиб, махсус ранг ва чизмалар билан безатилди. Лутфий, Навоий, Умархонларнинг девонларидан иборат “Муҳаббатнома” деган бир мажмуа махсус, чиройли қоғозга безаклар билан, гўзал хатда кўчирилиб хон томонидан Туркияга совға қилиб жўнатилган.

Қўқон хонлигининг сиёсий мавқеининг ошиши, иқтисодий-ижтимоий ривожи маданий ҳаётда ижобий ўзгаришларга олиб келди.

Адабиёт, санъат, тарихшунослик ва бошқа муҳим ижтимоий фанларда жонланиш юз берди. Бу жиҳатдан айниқса, Амир Умархон ҳокимияти (1809—1822) даврида анча ишлар амалга оширилди. У хонликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, ташқи мамлакатлар билан иқтисодий ва дипломатик алоқаларни ривожлантириш билан бирга адабиёт, санъат равнақига катта эътибор берди, саройга шоирларни, адабиётчиларни тўплаб мушоиралар, учрашувлар ўтказиб турди. Ўзи ҳам “Амирий” тахаллуси билан ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ёзди, рафиқаси машҳур шоира Нодирабегим эса аёл шоира-адабиётчиларга раҳнамолик кўрсатди. Умархон топшириғи билан Фазлий Намангоний, адабиётчи шоирларнинг “Мажмуат уш-шуаро” (“Шоирлар тўплами”) тўпламини тартиб этиб, унга ўша даврда ижод этган жуда кўп шоираларнинг асарларидан намуналар киритди. Бу даврда Нодира, Увайсий, Адо, Ғозий, Маҳзуна, Махмур, Маъдан, Дилшод, Баҳринисо, Мунтазир, Туробий, Нусрат, Гулханий каби адиблар етишиб чиқдилар. Уларнинг асарларида хонлар саройи ҳаётидан тортиб, оддий халқнинг кундалик турмуши, қийинчиликлари, халқ орасида вужудга келган норозиликлар, ахлоқ, инсонпарварлик, халқпарварлик масалалари ўз аксини топган. Бу адибларнинг кўплари Фазлийнинг “Мажмуат уш-шуаро”идан жой олгандир. Улар асосан ўзбек тилида, кўпинча икки тидда, ўзбек ва тожик тилларида ижод этганлар. Фазлийнинг ўзи ҳам ўзбек ва тожик тилларида ёзилган қатор шеърий асарларнинг муаллифидир. XIX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган, ўзининг ҳажвий халқчил руҳдаги шеърлари билан ном қозонган талантли шоирлардан бири Махмурдир. Бу давр адибларидан Гулханий шеърлар билан бирга насрда “Зарбулмасал” деб номланувчи асар ёзган бўлиб, унда машҳур ҳинд асари “Калила ва Димна”нинг таъсири яққол кўринади. Асарда қушлар ҳаёти орқали ўз давридага олий табақага мансуб бўлганларнинг кирдикорлари фош этилган. Асар ўзбек адабиётидаги масал жанрини бойитишга муҳим ҳисса қўшди. Бу даврда Қўқон хонлигида тарих илми соҳасида ҳам қатор асарлар яратилди. Улар ХГХ аср Туркистон тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир. Хўжа Муҳаммад Ҳакимхонтўранинг “Мунтахаб ат-таворих” (“Тарихлардан сайланма”), Ашур Муҳаммад Ҳўқандийнинг “Тарихи Шоҳрухий” (“Шоҳрух тарихи”), Жунайд Мулла Аваз Муҳаммаднинг “Тарихи жаҳонномоий” (“Жаҳонни кўрсатувчи тарих”), Эшон хўжа Қори Тошкандийнинг “Хулосат ул-аҳвол” (“Аҳволлар хулосаси”), шунингдек, Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг “Тарихи жадиди Тошканд” (“Тошкентнинг янги тарихи”), Мулла Олим Маҳдумнинг “Тарихи Туркистон” (“Туркистон тарихи”) каби китоблари шулар жумласидандир. Уларда ўша даврда хонликлар ўртасидаги курашлар, Қўқон хонлигини кенгайтириш соҳасида олиб борилган урушлар, унинг ерларини аста-секин рус аскарлари томонидан босиб олиниши ҳақидаги маълумотлар билан бирга маданият ссҳасида олиб борилган ишлар ҳақида ҳам турли факт ва ахборотлар келтирилгандир. Маълумки, Қўқон хонлиги шимолдан босиб келган рус аскарларининг биринчи ҳужумига учради ва унга бир неча йил давомида қаршилик кўрсатиб келди. Бу воқеалар ҳам шу тарихий асарларда қисман ўз ифодасини топгандир.

Хўжа Муҳаммад Ҳакимхонтўранинг “Мунтахаб ат-таворих” асарида Фарғона ва Бухоро тарихи аксини топган. Ҳакимхонтўра хонга якин кишилардан бўлган, 1822 йили Мадалихон тахтга чиққандан сўнг ўзи бирга ўсиб улғайган Ҳакимхонтўрани аввал сийлаб, сўнг Қўқондан чиқариб юборади ва у Сибирга йўл олади. У Семипалатинск, Омск, Оренбург, Астрахон шаҳарларида бўлади, рус тилини ҳам ўрганади, рус амалдорлари, зобитлари билан бир неча бор учрашади. Ҳакимхонтўра ҳақида ахборот рус подшосига бориб етади ва Александр I уни Петербургга таклиф этади, у бормайди. Бунинг сабабини тушунтириб: “Узимнинг хешу ақраболаримдан бўлган подшохлардан нима кўрдиму, бегона мамлакат подшоҳидан нима кўрардим”, деб ёзади Ҳакимхонтўра ўз китобида. Александр I Оренбургга келганда Ҳакимхонтўранинг шу шаҳардалигини эшитиб, уни ўз ҳузурига чақириб, узоқ суҳбат қуради. Ҳакимхон рус подшосида яхши таассурот қолдиради. Ҳакимхон сўнг Астрахон орқали Кавказга, ундан Туркия ва Мисрга боради. Сўнг Қизил денгизда параходга ўтириб бир қанча шаҳарларда бўлади, Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, Арабистон саҳролари орқали Мисрга қайтади. Ҳакимхонтўра сўнг Ироқ орқали Эронга ўтиб, унинг қатор шаҳарларини кўради, кўп қийинчиликлардан сўнг Бухорога келади. У сафарда Туркия султони ва Эрон шоҳи ҳузурида суҳбатда бўлади. Бухорога қайтгандан сўнг шайхулислом ҳузурига таклиф этилишига қарамай, Шаҳрисабзга қайтиб келади ва қолган умрини ўша ерда ўтказади. У ўзининг бошидан кечирганларини “Мунтахаб ат-таворих” деган асарида батафсил баён этган. Китобда ўша даврдаги Туркистон маданий ҳаёти, Қўқон, Бухоро хонликларидаги воқеалар ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган, уларга муаллифнинг муносабати биддирилган. Бир сўз билан айтганда, Ҳакимхонтўра ўз даврининг етук давлат арбоби, адиби, тарихчиси, сайёҳидир. Унинг асари эса хотиранома адабиётига, тарих ва жуғрофия илмига қўшилган мухим хиссадир.

Ҳакимхонтўра ўз даврининг билимдони, маданиятли зиёлиси, маърифатпарвар, қатор тилларни яхши билган ҳар томонлама маълумотли арбоб сифатида тариҳда ном қоддирди. “Мунтахаб ат-таворих”нинг ўзбекча ва тожикча нусхалари бор.

Муҳаммад Солиҳхўжа Тошкандий ўзининг “Тарихи жадиди Тошканд” асарида Қўқон хонлиганинг ХГХ аср ўрталаридаги шимолий чегаралари аҳволи, русларнинг ҳужумлари, аёвсиз урушлари, ерли ҳалқларнинг қаҳрамонона қаршилиги, Тошкент қамали, Самарқанд, Андижон, Марғилоннинг босиб олиниши, Қўқон хонлигининг Россияга бўйсундирилиши каби воқеаларни иштирокчи сифатида баён этади.

XIX асрнинг бошида, айниқса, Муҳаммад Раҳимхон даврида Хива хонлиги мустаҳкамланди, сўнг унинг ерлари кенгайди. Савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, бошқа мамлакатлар билан иқтисодий-маданий алоқалар қучайди. Хивада, Хазорасп каби шаҳарларда мадраса, масжидлар қурилди, меъморчилик санъати, маданиятнинг бошқа соҳаларига нисбатан тараққийси учун имкон вужудга келди. Бу даврда меъморлик юксак даражада ривож топди. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ёнидаги мажмуа, Куня аркидаги бинолар, Муҳаммад Аминхон мадрасаси, Жума масжиди, Оллоқулихон саройи, Ичан қалъа мажмуаси каби қатор бинолар шу даврда вужудга келди. Ҳозирги Хива шаҳри, ундаги бой ва ранг-баранг бинолар, миноралар асосан XVIII—XIX асрнинг биринчи ярмида бунёд этилган. Бу даврда Хивада илм-фан, адабиёт, санъат аста-секин ривож топа бошлади. Мунис Хоразмий, Комил Хоразмий, Огаҳий, Аваз Ўтар каби етук қалам эгалари, шоир ва адабиётчи, тарихчилар етишиб чиқиб, миллий адабиётни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшдилар. Бу даврда қатор тарихий асарлар, жумладан, Шарқнинг машҳур тарихчилари Маъсудий ва Ибн Асрнинг асарлари арабчадан, Мирхонд, Хондамирларнинг асарлари форсчадан ўзбек тилига таржима этилди. Абулғозий Баҳодирхондан бошланган Хоразм тарихнавислик мактаби XIX асрга келиб янги босқичга кўтарилди. Мунис, Огаҳий, Баёнийлар “Фирдавс ул-иқбол” (“Бахт жаннати”), “Зубдат ут-таворих” (“Тарихлар қаймоғи”), “Риёз уд-давла” (“Давлат боғлари”), “Шоҳиди иқбол” (“Иқбол шоҳиди”), “Шажараи Хоразмшоҳий” (“Хоразмшоҳлар шажараси”) каби тарихий асарлар ёзиб қолдирдилар ва Хоразм, умуман Туркистон тарихига оид муҳим давр воқеаларини ёритиб бердилар.

Бухоро амирлигида (1753—1920) узоқ давом этган ўзаро курашлар, парокандалик, мамлакат иқтисоди ва маданияти ривожига катта зарар етказди. Амир ҳокимиятни мустаҳкамлаш, марказлаштириш ва кенгайтириш соҳасида тўхтовсиз кураш олиб борди. Айниқса, Мирза Ҳайдар замонида беклар ўртасидаги курашлар, турли халқ қўзғолонлари кучайди. Унинг вориси амир Насрулло (1826—1860) замонида зиддиятлар тинчитилиб, бир мунча юмшаб, у ўз давлатини жанубга томон анча кенгайтирди.

Бухоро амирлигида ўзаро низолар, бошқа хонлик билан курашлар тўхтовсиз давом этиб туришига қарамай қурилиш, маданият соҳасида айрим ишлар амалга оширилганини кўрамиз. Бу даврда табиий илм, фаннинг кўп соҳалари ўзининг оддинги мавқеини йўқотган, диний илмларнингтаъсири кучайган бўлсада, Бухоро Марказий Осиёда ўзининг маърифат маркази мавқеини сақлаб қолди. Бу ерда кўплаб мадрасаларда ўз даври талабаларига биноан ўқитиш ишлари давом этди. Кўп бўлмасада бинолар барпо этилди. Бухородаги аввалдан ҳукм суриб келган тарихнавислик соҳасида айрим асарлар вужудга келди.

XVIII аср охирлари ва XIX асрнинг биринчи ярмида Муҳаммад Вафоий Карминагийнинг “Туҳфаи хоний”, (“Хон туҳфаси”), Муҳаммад Шарифнинг “Тож ут-таворих” (“Тарихлар тожи”), Мир Олим Бухорийнинг “Фатҳномаи султоний” (“Султоннинг ғалаба китоби”) асарлари яратилди. Уларда ўша даврдаги Бухоронинг ички ва та-шқи сиёсати, давлат тузилиши, халқ ҳаракатлари, маданий ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумотлар баён этилгандир.

Бу даврда ўзбеклар билан қардош бўлган бошқа қўшни халқлар маданий ҳаётида халқларни бирлашувга чақирувчи, дўстлик, биродарликни тарғиб этувчи етук ва машҳур арбоблар, адиб-шоирлар етишиб чиқдилар. Улар ўзаро урушларни, низоларни олдини олишга чақирувчи асарлар ёзиб, халқ манфаатларини ҳимоя этдилар. Қорақалпоқ Бердақ, туркман Махтумқули, қозоқ Чўқон Валихонов, Абайлар шулар жумласидандир.

4. XIX АСРНИНГ ИККИНЧИ ЯРМИ XX АСР БОШЛАРИДА ТУРКИСТОНДА МАДАНИЙ ХАЁТ

(Рус мустамлакаси даври)

XIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистоннинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий-маънавий ҳаётида катта тарихий ўзгаришлар рўй берди. Россия кўпдан бери Туркистоннинг табиий бойликларига эга бўлиш, мустамлакасини янада кенгайтиришга интилиб келарди.

XIX асрнинг 60—70-йилларига келиб Россия шу қабиҳ ниятини амалга оширишга киришди. У Туркистон хонликлари ерларини босиб ола бошлади. Қўқон хонлиги қўшини биринчи бўлиб рус босқинчиларига Сирдарё соҳилларида қаҳрамонона қаршилик кўрсатди. Рус қўшинлари барча воситаларни ишга солиб: қамал, қирғин, босқинчилик, аҳолини ҳайдаш, алдаш-авраш каби турли йўллар билан XIX асрнинг 60-йиллари давомида Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигининг кўп ерларини ўзларига тобеъ этдилар. Босиб олинган ерларда 1867 йили Туркистон генерал-губернаторлиги ўрнатилди. Бухоро билан сулҳ тузилиб, у Рус чоризмининг вассалига айлантирилди.

Хивага уч томондан рус қўшинларининг бостириб келиши, вайроналик, талон-тарож, қувғинлар 1873 йилдаги сулҳ билан якунланди ва Хива хонлиги ҳам Россиянинг вассалига айланди. Рус зобитлари, улар билан бирга келган амалдорлар томонидан талон-тарожлар туфайли қўлга киритилган жуда кўп маданий-маънавий бойликлар, безаклар, матолар, ёдгорликлар, ноёб қўлёзма китоблар, миниатюралар Петербургга олиб кетилди.

Туркистоннинг қисқа вақт ичида Россия томонидан босиб оли-ниши, шафқатсиз урушлар, аҳолини талон-тарож этиш, қирғинлар уюштириш, қуролсиз халқни хонавайрон этиш, алдаш, хуллас, босқинчиликка хос бўлган барча воситалардан фойдаланиш ёрдамида амалга оширилди. Ўша даврда бу воқеаларнинг гувоҳи бўлган тарихий китобларда рус аскарлари, генералларининг қирғинлари, ерли аҳолининг қаттиқ қаршилиги, ўз шаҳарлари учун жон олиб, жон бериб жанг қилганлари ҳақкрний равишда тасвирланган. Масалан, хоразмлик машҳур тарихчи — бундай урушларнинг бевосита гувоҳи Баёнийнинг “Шажараи Хоразмшоҳий”, юқорида айтиб ўтилган Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг “Тарихи жадиди Тошканд” каби асарларида Хоразмда рус аскарлари қирғинларидан жон сақлаб қочган аёл ва болаларни қувиб етиб, қиличдан ўтказиб, найза билан санчиб ташлагани ёки рус босқинчиларига қаршилик кўрсатган Тошкент аҳолисини 42 кун сувсиз қолдириб, қамал қилгани каби даҳшатли воқеалар баён этилган.

Россия кўпдан бери Туркистонга кўз олайтириб келар эди, уни босиб олишдан асосий мақсад бу ернинг табиий, жуғрофий бойликларини қўлга киритиш — олтин, пахта, пилла каби дунё бозоридаги қимматли молларга хўжайинлик килиш ҳамда ривожланиб келаётган рус капитализми учун янги бозорга эга бўлиш эди. Бундан ташқари Туркистонни босиб олиш Россиянинг Марказий Осиё, умуман, Шарқдаги мавқеини мустаҳкамлар эди.

Чор ҳукумати босиб олган ўлка, жумладан, Туркистон халқини ҳам иқтисодий, сиёсий қолоқликда, қарамлик ва нодонликда сақлаб туришдан жуда манфаатдор эди. Россия бу ерда халқни тўлиқ мустамлакада сақлаш, бойликлардан фойдаланиш сиёсатини амалга оширишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий тизимни ўрнатиб, барча идора этиш йўллари, усул ва воситаларини кенг амалга оширди. Лекин Туркистоннинг босиб олиниши билан ривожланиб келаётган рус капитализмининг ва у орқали Оврўпонинг турли иқтисодий, маданий ютуқлари беихтиёр равишда бу ерда ҳам кенг тарқала боришини тезлаштирди, шаҳарларда янги маданият ташкилотлари ривожлана бошлади, янги савдо, банк, тиббиёт корхоналари, темир йўл, телеграф, электр, телефон кабилар вужудга келди, газеталар, китоб босиш йўлга қўйидци ва ҳ. к. Бу борада дунё миқёсида, Яқин ва Ўрта Шарқ, Осиё мамлакатларида ҳам ўзгаришлар рўй берди. Капитализмнинг кўп жойда узил-кесил ғалабаси Шарқ ўлкаларида ҳам феодал қолоқликка қарши миллий ҳаракатларни кучайтирди, маърифат ва маданий тараққиётни тезлаштирди.

Туркистонда феодал тартибларни ўзгартириш, маданий юксалишга бўлган интилиш рус капиталистик муносабатларининг кириб келиш даврига тўғри келди. Туркистондаги маърифатпарварлик ҳаракати феодал тартибларга янги маданий ютуқларни қарши қўйиш, сўнг унинг устунлигини тарғиб қилишдан бошланиб аста-секин сиёсий тус ола борди ва Туркистонда Россиядан фарқ қилувчи, ерли халқнинг маънавияти хусусиятларини назарга олувчи тар-тиблар ўрнатиш талаб даражасига кўтарила борди.

Туркистонда маърифатпарварлик ҳаракати икки босқичда кечди. Биринчи даврда феодал тузум ва тартибларини танқид қилиш, маданий янгиликларни эгаллаш, Оврўпонинг турли тилларини ўрганишни тарғиб қилиш, янгича илм-фаннинг аҳамиятини кўтариш каби масалалар олға сурилди. Аҳмад Дониш, Аваз Ўтар, Фурқат, Муқимий, Завқий сингари маърифатпарварлар етишиб чиқдилар.

Иккинчи босқичда маърифатчиликдан жадидизм ўсиб чиқдики, у эндиликда янгича таълим-тарбия, янги усул мактабларини йўлга қўйиш, дунёвий илмларни ҳар томонлама эгаллаш, маориф-маданиятда янги тартибларни ўрнатиш, янги ижтимоий-сиёсий масалаларни қўйиш даражасига кўтарилди. Жадидчилик ҳаракати туркий миллатларнинг маънавий-маданий кўтарилишига туртки бўлди. Туркистонда янги усул мактаблари очилиб, маърифатпарвар, илғор педагоглар бу мактаблар учун турли дарсликлар, ўқиш китоблари, қўлланмалар ярата бошладилар. Беҳбудий, Мунаввар Қори, Фитрат, Абдулла Авлоний, Ибрат, Ҳамза кабилар бу соҳада жонбозлик кўрсатдилар ва бу ишда фаол иштирок этдилар. Жадидлар бошқа ўлкалардаги маърифатпарварлик ҳаракатлари билан ҳам алоқаўрната бошладилар. Бу даврда Туркистонда маърифатпарварлик ва жадид-чиликнинг турли, янги таълим-тарбия, ўқув-ўқитув масалаларини ўзида акс эттирувчи жуда кўп журналлар нашр этилди. “Тараққиёт”, “Ойна”, “Тужжор”, “Садойи Туркистон”, “Самарқанд” каби журналлар шулар жумласидандир.

Маърифатчилик ҳаракати айниқса ўзининг ривож топган босқичида Туркистонда ўзга юртлардаги ижобий ютуқлардан фойдаланган ҳолда мустақил маънавий тараққиёт йўлини қидириш ва тарғиб этиш масалаларини олға сурди. Бу ҳаракат рус подшо ҳокимиятининг мустамлакачилик сиёсатига зарар келтиришидан чўчиган чоризм амалдорлари уни чегаралаш ва бўғиб қўйиш чора-тадбирларини кўра бошладилар.

XIX асрнинг охири XX аср бошларида Туркистонда жуда мураккаб ижтимоий-сиёсий ҳодисалар билан биргаунинг маданий ҳаётида ҳам тез ва шиддатли ўзгаришлар рўй берди. Маданият, адабиёт, таълим-тарбия, дин, мафкура соҳасида турли оқимлар пайдо бўлди, улар орасидаги муносабатлар мураккаб тус олди. Ёш бухороликлар, ёш хивалиқлар ҳаракати вужудга келди.

1917 йилдаги бутун Россияда юз берган феврал ва октябр инқилоблари унинг мустамлакаси бўлмиш Туркистонда ҳам тўнтаришларга олиб келди.

1918 йилда Туркистон Автоном Социалистик Республикаси ташкил этидци, лекин унинг умри узоққа чўзилмади. 1920 йилларга келиб Бухоро ва Хива хонликлари ҳам узил-кесил тугатилди. 1924 йилда Туркистонда большевиклар, РКП(б) ва унинг Ўрта Осиё бюроси томонидан ишлаб чиқилган ягона Совет давлати доирасидаги миллий-давлат чегараланиши амалга оширилди.

академик М. М. Хайруллаев