Махтумқули (1733-1783)

Машҳур туркман шоири ва мутафаккири, туркман адабиёти, маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган талант соҳиби. У шоир Озодий Давлатмамат оиласида 1733 йилда туғилиб, бошланғич саводни овул мактабида олади. Сўнг ўз илмини ошириш мақсадида Хива, Бухоро ва Андижон мадрасаларида таҳсил олиб, ўзбек адабиётининг ўтмиш намояндалари асарлари билан яқиндан танишади.

Махтумқули бир қанча фанларни ўзлаштириш билан бирга, заргарлик ҳунарини ҳам эгаллайди. У Туркистондаги шаҳарлардан ташқари Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистонга ҳам саёҳат қилиб, ажнабий шаҳар ҳаёти, у ерлардаги халқлар турмуши билан ҳам танишади. Марказий Осиё, Озарбайжон, Эрон фольклори ва адабиётини чуқур ўрганади, Низомий, Фузулий, Алишер Навоий, Фирдавсий ижодидан баҳраманд бўлади. Махтумқули айниқса ўзбек маданияти тарихи билан яқиндан танишиб, бир қанча лиро-эпик достонлар, жуда кўп ғазаллар яратиб, ўз даври ҳаётини, ўз халқи урф-одатлари, ўтмиш тарихини куйлайди.

Махтумқули ижодининг туркман адабиёти тарихидаги ўрни, унинг ўзбек-туркман адабий алоқалар соҳасидаги аҳамияти Б. Қориев, Г. Чориев, М. Косеев, У. Абдуллаев, А. Қиличдурдиев каби таниқли туркман олимларининг илмий ишларида қаламга олинган.

Истеъдодли туркман шоирининг ўзбеклар ўртасидаги обрў-эътибори, унинг жўшқин шеърияти профессор Ж. Шарипов, Қ. Тоҳиров ва К. Курамбоев каби ўзбек олимларининг ишларида ҳам тадқиқ этила боргани мароқли бир ҳолдир. Махтумқули асарларининг мавзулари, жанрий хусусиятлари, шаклий ўзига хослиги, асарлари тилининг ниҳоятда халқчиллиги билан кўп асрлик туркман адабиётини янги бир босқичга кўтарди. Шоир асарларининг етакчи ғояси — бу туркман ерлари устига ёпирилиб турадиган чет эл босқинларига барҳам бериш, тарқоқ яшаётган, ўзаро нифоқ ва зиддиятлардан зада бўлган қабила ҳамда уруғларни бирлаштириш билан осойишталик ва иттифоқликка асосланган қудратли бир давлатни барпо этишдек миллий ватанпарварлик ҳис-туйғудан иборат. Ана шу миллат манфаатлари йўлида қайғуриш, маърифатпарварлик йўли билан бу ғояни самарали кучга айлантириш шоир ижодининг асосига айланди. Бу йўлдаги изланиш шеърият кучи билан юксак уфқларга талпиниш Махтумқулини ўз даврининг кўзга кўринган тараққийпарвар сиймоси даражасига кўтарди.

Туркман адабиёти тарихи тадқиқотчиларининг таъкидлашларича, Махтумқули ўз даврида эл ва юрт қадр-қимматини оёқ ости қилиб келаётган иллатларни ҳаммадан кўра кўпроқ англаб етди. Шоир асарларида замондошларини ўз даврида рўй бериб турган воқеаларнинг моҳиятини чуқур идрок қилиб иш тутишга чақирди.

Панд-насиҳат Махтумқули ижодининг муҳим бир йўналиши бўлиб, шоирнинг бизгача етиб келган поэтик мероси ўша давр адабий ҳаётининг ҳамма мавзуларини қамраб олади. Зотан, Махтумқули ижодининг халқчиллик касб этиб, равнақ топиб боришида Шарқ лирикаси анъаналари билан бир қаторда туркий қўшиқлар, фольклор мураббалари шаклидаги ижод намуналарининг ўрни катта бўлди.

Махтумқули ижодида Аҳмад Яссавий пандномалари услубининг излари яққол кўзга ташланиб турадики, одамнинг ҳаётда ўз мақомини идрок қилиши, ота-боболарнинг ҳамма яхши хислатларини ўзлаштира бориши ва аксинча такаббурлик, манманлик, дилозорлик, мол-давлатга ҳирс қўйиш, нафс куйига кириб кетиш каби иллатларни енгиш ғоялари, пандномаларнинг асосий мазмунини ташкил этади.

Махтумқули ўз шеърларининг бирида ўзбек халқининг мутафаккир шоири Алишер Навоийни устоз сифатида ҳурмат билан тилга олади. Унинг “Чордевон”и ҳақида тўлқинланиб гапиради. Шоирнинг бу талқинларида асос бор, албатта. Алишер Навоий туркман халқи тарихи, маданиятини яхши билган. Унинг бевосита Марв, Сарахс, Аливерд каби туркман манзилларида бўлганлиги ҳақида маълумотлар сақланган. Бугина эмас, Навоий ўз замонида Марвда “Хусравия” номи билан мадраса қурдириб, бу ерда толиби илмларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб турган. Шу ўринда Навоийнинг Оққуюнли туркманларнинг султонларидан Яқуббек билан яқин муносабатини ҳам эслаш керак бўлади.

Навоий “Мажолис ун-нафоис”, “Насойим ул-муҳаббат” каби асарларида туркман мавзеларидан бўлган ёки шу ерлардан Хуросонга келиб ижод қилаётган бир қатор туркман сўз усталарини қаламга олади, уларга ҳурмат билдиради. Жумладан, улардан Руҳий Ёзирийни “табъи хўб ва сулуки марғуб киши эрди” деб, таъриф этади.

Алишер Навоий асарлари ўзбек ва туркман адабий алоқаларининг тараққий этиб боришига катта ижобий таъсир кўрсатди. Туркман адабиёти тарихчилари Андалиб, Шайдоний, Ғойибий, Шукрий ва Озодий каби туркман шоирларининг Навоий анъаналарини ижодий давом этдиришда муваффақиятга эришганликларини ёзадилар.

Махтумқули Навоийнинг лирика соҳасидаги анъаналаридан кўп баҳраманд бўлди. Устознинг ғазал ва мухаммаслари услубида манзур асарлар яратди. Ўз асарларида гўзаллик тимсоли бўлган маҳбуба сиймосини чуқур муҳаббат билан чизади. Махтумқули гўзалга “Олтинмисан, кумушмисан, нимасан?”, “Ё ёқутми, ё маржонми, дурмисан?” деб савол билан мурожаат этади.

Шоир эл-юрт қисматига бепарво одамларни “нодон”, “номард” сифатлари билан атайди. Номард бирор ишга қўл ургудек бўлса дарҳол ҳориб қолади. Бирор киши билан гаплашганда қатъиятсизлигини дарҳол билдириб қўяди. Уйга келган меҳмонга ҳам заҳрини сочади. Мардлар кирган майдонга киролмайди. Бутун бир қабила ёки уруғнинг иззат-нафсини ерга уришдан қайтмайди. Агар шундай номард салтанат тахтига ўтириб қолса, у тақдирда ҳўлу қуруқ баравар ёнади. Махтумқули “Фаттоҳ” деб аталган ҳажвий асарида шундай шахсларнинг умумлашма образини яратган деб айтиш мумкин:

Сен туркманнинг элин гулин сўлдирдинг,
Қонлар тўкиб гўзал юртим тўлдирдинг,
Шаҳид бўлганларнинг бошин қолдирдинг,
Унутарсан тахти равонни сен Фаттоҳ.

Махтумқули ўз даврининг жароҳатларига ақл-заковатли, имон ва эътиқодни, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни, аждодлар удумига асосланган ҳамдардлик ва адолатли курашни қарши қўяди ва бу туйғуни поэтик сўз қудрати билан маънавий қурол даражасига кўтаради.

Махтумқули исломий билимларни чуқур ўзлаштирган ориф бир шахс эди[1]. Шунга кўра ҳам унинг панд-насиҳат руҳидаги шеърларида Қуръон оятлари, Муҳаммад пайғамбар ҳадисларига кўп мурожаат этилган… Улардаги пурмағз таълимий-ахлоқий дастурлардан даврдаги воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятини очиб беришда моҳирона истифода этган. Махтумқули асарларининг тил хусусиятларини кузатаётган олимлар ҳакли равишда унинг соддалиги, ширадорлиги, халқ жонли сўзлашувига яқин туришини таъкидлайдилар. Шоир ўз асарлари тилида халқ мақоллари ва образли ибораларини маҳорат билан қўллаш орқали ҳам тилнинг жонлилигига эришган… Шоирнинг шеърларида қўлланган бадиий воситалар ҳам ўз талқинлари билан халқона, айни пайтда маънолидир. Унинг айрим мисралари халқ ҳикматларига айланиб кетган. Махтумқули бир ўринда туркман ерларини “Хизр кезган чўллар” деб фахр қилади. Унинг биноларининг мангу қад қўтариб туришига умид боғлайди. Шундай бўлгач, унинг йигитлари ҳам чилладаги мастлик уйқусида, яъни ғафлат уйқусидан уйғониш, аҳил бўлиб бир дастурхон атрофига тўпланиши керак. Шоир бу ўринда ўз ватандошларини бирлаштиришга чақиради.

Махтумқули шеърлари мазмунлиги ва латиф бадиийлиги билан ўзига мангулик ҳайкалини қўйди. Асарларидан бирида ўзига хитоб қилиб: “Гўзал достонларингни элингга бахшида қил” деб ёзган эди. Шунга кўра шоирнинг мероси даврлар оша туркман халқи ардоғида яшаб келмоқда. Шоир туркманлар орасида машҳур донишманд адиб сифатида ном қозонган бўлса, ўзбекнинг ҳам энг севимли шоири сифатида маълум бўлиб кетгандир.

Туркманистон Фанлар Академиясининг қўлёзма фондида Махтумқули асарларининг юзга яқин нусхаси тўплангандир. Унинг “Танланган асарлари” таржимашунос Ж. Шарипов томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, 1958 йилда Тошкентда чоп этилган эди. 1976 йилда “Махтумқули шеъриятидан” номи билан янгидан нашр юзини кўрди. Ўзбекистонда шоир ижоди юзасидан бир қатор тадқиқотлар эълон қилинган. Ҳар субҳидам ҳаво тўлқинларида Лутфий ва Алишер Навоий қўшиқлари сирасида ўзбеклар учун севимли бўлиб қолган Махтумқули қўшиқларини ҳам эшитамиз.

ф.ф.д. С. Эркинов

_________________

[1] Г. Чориев. Махтумқули. Танланган асарлар. Сўз боши: Тошкент, 1958. 13-бет.