Лутфий (1366-1465)

Мавлоно Лутфий XIV — XV асрлардаги ўзбек мумтоз адабиётининг атоқли намояндаси бўлиб, ўзининг ўзбек ва форс-тожик тилларидаги асарлари билан Шарқда катта шуҳрат қозонган сўз санъаткоридир. Шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида замондошлари Давлатшоҳ Самарқандий, Шамсиддин Сомий, Хондамир, Абдулла Қобулий каби тазкиранависларнинг асарларида муҳим қайд ва мулоҳазалар учрайди. Хусусан, Лутфийни яқиндан билган, у билан устоз ва шогирдлик рутбаси билан боғланган Алишер Навоий асарларида келтирилган маълумотлар ғоят қимматлидир.

Шарқ адабиёти тарихида Лутфий тахаллуси билан асарлар яратган ижодкорлар кўпгина бўлиб, “Қомус ул-аълам” асарида улардан айримлари санаб ўтилган. Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий билан яқин мулоқотда бўлиб, ўзининг асарлари билан Хуросон ва Мовароуннаҳр адабий муҳитида чуқур из қолдирилган Мавлоно Лутфий “Малик ал-калом”, яъни “Сўз подшоси” (Алишер Навоий) унвони билан шуҳрат қозонди.

Лутфуллоҳ Лутфий Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида гувоҳлик беришича, 99 йил умр кўрган. Шоирнинг замонига оид манбалардаги маълумотлар асосида унинг таваллуд санаси 1366 йил деб кўрсатилган. Лутфий бошланғич таҳсилдан кейин мадрасаларда ўз даврининг дунёвий ва шариат билимларини чуқур ўрганади. Сўнгра эса тасаввуф бобида малака ҳосил қилишга киришади. Бу ҳақда Алишер Навоий қуйидагиларни қайд этади: “Мавлоно йигитлигида улуми зоҳирийни такмил қилғондин сўнгра Мавлоно Шаҳобиддин Хиёбоний қошида сўфия тариқатида ҳам сулук қилғондур”. Шаҳобиддин Хиёбоний ўз даврининг кўзга кўринган мутасаввуф шайхларидан бўлиб, унинг “Қуръони Карим”га ёзган шарҳлари ҳам мавжуд эди. Лутфий ана шу алломадан тасаввуф таълимини олиб, кенг ва чуқур билим соҳиби бўлиб етишди. Лутфий асарларидан шу нарса маълум бўладики, у Абу Али ибн Синонинг “Қонун” ва “Аш-Шифо” асарларини чуқур ўзлаштирилган.

Лутфийнинг ёшлик йиллариданоқ адабиётга бўлган катта қизиқиши алоҳида кўзга ташланиб турар эди. Бўлажак шоир ўзигача бўлган туркий тилдаги адабиёт билан бир қаторда форс ва араб адабиётларини ҳам қунт билан ўрганади. Унинг Ҳофиз, Камол Хўжандий ва Насимий меросларига рағбати айниқса катта эди. Амир Темур давридан бошлаб Хуросан ва Мовароуннаҳрда рўй берган сиёсий марказлашув самараси ўлароқ шаклланган адабий муҳит Лутфийни ҳам ўз майдонига тортди. Унинг ғазаллари оғизга тушиб, мушоира кечаларида ўқиладиган, адабий суҳбатларнинг эса мавзуига айланди. Оддийгина ҳаёт тарзига ўрганган, дарвишларга хос хокисорлик билан мўътабарлик касб этган бу шоирнинг шеърлари чуқур фикрларни содца сўзлар ёрдамида юқори бадиий бўёқларда ифодалай олиши билан ажралиб турар ва шеърлари шу жиҳати билан Навоий ва Жомий каби адабиёт ҳомийларининг диққат-эътиборини қозонган эди.

Жомеъ масжиди. Ҳирот, Афғонистон

Мавлоно Лутфийдан бизгача салмоқлигина адабий мерос етиб келган бўлиб, унинг катта лирик асарлар ташкил қилади. Лутфийнинг лирикадаги серқирра ижоди ҳақида Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида қуйидагиларни ёзади: “Мавлоно Лутфий ўз замонасининг “Маликул-калом”и эрди. Туркий ва форсийда беназир эрди, аммо туркийда шуҳрати кўпроқ эрди ва туркча девони машҳур”. Шоирнинг форсий тилдаги асарларини тўплаб девон тузгани бизга маълум бўлмаса-да, унинг бу тилда ҳам катта маҳорат билан ижод қилинганлигини замондошлари муносиб баҳолаган эдилар.

Лутфийнинг адабий мероси орасида достонлар алоҳида ўрин эгаллайди. Шулардан бири 1411 йилга яратилган “Гул ва Наврўз” достонидир.

Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Лутфийнинг бизгача етиб келмаган “Зафарнома” деб номланган достони тўғрисида шоҳидлик беради ва ёзади: “Мавлононинг “Зафарнома” таржимасида ўн минг байтдан ортиқроқ маснавийси бор. Баёзға ёзмоғони учун шуҳрат тутмади”. Лутфий ижодининг тадқиқотчилари юқорида қаламга олинаётган “Зафарнома” таржимасининг манбаи Шарафиддин Али Яздийнинг форс тилида яратилган Амир Темур ҳаётига оид “Зафарнома” асари эканлигини қайд этадилар. Шундай экан, Лутфий ўз даврида авлодлар учун ғоят аҳамиятли бўлган бир мавзуга қўл урган ва Али Яздийнинг тарих ва хотира услубида ёзилган асарининг туркий тилдаги поэтик намунасини яратган. Профессор Е. Э. Бертельс, шоир бу маснавийни Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си услубидаги қаҳрамонлик асари сифатида режалаштирган бўлиши керак деб айтади. Лекин қандайдир сабабларга кўра шоир уни оққа кўчирмаган. Навоий ҳам уни “оққа кўчирмагани (“баёзға ёзмоғони учун”) учун шуҳрат тутмади” деб айтади.

Шарқ маданияти тарихига оид манбаларда Лутфийнинг ахлоқ-одоб мавзуида “Машқун ул-ҳақойиқ” номи билан ҳам асар яратганлигини эсланади. Хўтанлик Мулла Исматулланинг “Тарихи мусиқиюн” асарида Лутфийнинг мусиқа тарихи билан ҳам шуғулланганлиги, куйлар басталаганлиги қайд этилади. Қарийб юз йил умр кўрган даҳо шоирнинг ижод қамрови ҳам ранг-баранг бўлганлиги, хусусан, бадиий адабиёт соҳасида кўп ишларга улгурганлиги шубҳасиздир.

Лутфийнинг она тилидаги лирик асарларидан иборат девони ўз давридаёқ Хуросон ва Мовароуннаҳрдан ташқари туркий тилда сўзлашувчи кўпгина ўлкаларга ҳам кириб борган эди. Кейин бу ҳудуд янада кенгайиб борди. Шоир девонининг Республикамиздан ташқари кўпгина мамлакатлар кутубхона хазиналарида сақланаётган қўлёзмалари шундан далолат беради. Республикамизда Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, шунингдек, Қўлёзмалар институти фондларида Лутфий девонининг ўнлаб нодир нусхалари сақланади. Ушбу манбалар девоннинг Лондон ва Париж нусхалари билан қиёсий-танқидий ўрганилиб, шоирнинг қатор “Сайланма” нашрлари яратилди. 1987 йилда Ғ. Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган Лутфийнинг “Сенсан севарим” номли тўплами сўнгги ўн йиллиқда нашр этилган девонидир.

Девон Шарқ шеъриятининг етакчи жанрларидан бўлган ғазал, рубоий, туюқ, қитъа ва фардларни ўз ичига олади. У одатдагидек, ҳамд ва наът шеърлари билан бошланади. Девоннинг деярли кўп нусхаларида Шоҳрух Мирзо номига ёзилган қасидага кўзимиз тушади. Айрим нусхаларда эса Темурий шаҳзодалар: Бойсунғур Мирзо, Искандар Мирзо номига бағишланган қасидалар ҳам учрайди.

Лутфий девонидан ўрин олган лирик асарларнинг етакчи темаси — ишқдир. Шу ишқ инсоннинг зоҳирий ва ботиний оламини ойна бўлиб акс эттиради. Биз бу асарларда ишқнинг дунёвий талқинларини ҳам юксак санъат билан акс эттирилганлигини кузатамиз. Навоий ўзининг “Маноқиби Паҳлавон Муҳаммад” асарида Лутфийни “зоҳир аҳли шуароси”, яъни дунёвий мавзулар талқинида маҳорат кўрсатган шоир сифатида алоҳида характерлайди. Шоир лирикасида анча кенг ўрин тутган дунёвий мавзулар, айни пайтда, диний-тасаввуфий мавзулар билан уйғунлашиб, бири-бирини тўлдириб келади. Шу тарзда улар мажоз ва ҳақиқат бирлигини ташкил қилади.

Аллоҳ ўзи яратган мавжудот ва махлуқотлар орасида инсонни энг мўътабар поғонага кўтарди. Унга ўз нурини берди. Инсон шунинг учун ҳам азиздир. У ҳусн бобида ҳам “мазҳари сунъи илоҳдир”. Лутфийнинг қуйидаги байтида шу мазмунга ишора қилувчи теран бир фикр ўзининг гўзал бадиий ифодасини топган:

Улки ҳусн этти баҳона элни шайдо қилғали,
Кўзгудек қилди сени ўзини пайдо қилғали.

Шоир асарлари унинг ўша даврда кенг тарқалган тасаввуф ғоялари таъсирида бўлганлигидан далолат беради. Аллоҳ дунёни мукаммал гўзаллик тимсоли сифатида яратган, шу гўзаллик оғушидаги одамнинг борлиқни идрок этиш туйғуси, муҳаббат ҳисларининг устиворлиги, атрофни ўраб турган жамоат ва наботот олами билан алоқасини энг гўзал фазилатлари сифатида кашф этган. Лекин ҳаётда ҳамма нарса муваққат, у узлуксиз ҳаракатда. Табиат фасллари каби одам умрининг фасллари бир-бири билан алмашиниб туради. Шунга кўра ҳам Лутфийнинг ғазаллари марказида турган қаҳрамон ҳаётининг Аллоҳ инъом этган барча гўзалликларию, неъматларидан баҳрамандлик тайғуси билан яшайди. “Бари айш бирла кечса керак ушбу умри фони”, деб хитоб қилади. Шоир лирик қаҳрамонини навбаҳор келиши билан чаманларнинг гуркираб кетиши, гул фаслининг таровати мафтун этади. У шу чаманда “сарвиқад гули хандони”ни излайди.

Ёз бўлди, керак ул бути айёр топилса,
Барча топилур, бизга керак ёр топилса.
Мен кезгучи қулнунг турурин сиз не сўрарсиз!
Истанг мени ул ердаки, дилдор топилса.

Шоир лирикасида ҳаёт завқлари, табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиш, шодлик ва тарона оҳанглари билан бир қаторда инсон қадрияти ва унинг орзу-умидларини оёқ ости қилувчи “кажрафтор чарх”, “сергина фалак”, “жаҳолатпеша одамлар”дан озурдаҳоллик кайфиятлари ҳам юз кўрсатади. Бундай тасвирларда шоир ўзини ўраб турган ҳаётга ҳар жиҳатдан яқинлашиб боради.

Лутфийнинг ҳамиша яхшиликка умидвор бўлган ошиқ нидоларини ўз ичига олган шоҳ байтларидан бирида қуйидаги талқинга кўзимиз тушади.

Йўқ турур ёлғуз бу Лутфий жонига жаври рақиб,
Қайда бир доно дурур ул жаври нодон тортадур.

Лутфийнинг ўзига хос катта маҳорати ҳам дастлаб, бир томондан қаламга олинаётган барча мавзуларни қулай очиб берадиган поэтик образлар воситасида тасвирлаш билан китобхонлар қалбига йўл топишидадир. Услуб соддалиги, ифодаларнинг халқоналиги, шеър вазнининг халқ қўшиқларига яқинлиги Лутфий лирикасининг муваффақиятини таъмин этган иккинчи муҳим омилдир.

Лутфий ғазаллари арузнинг ранг-баранг тармоқларида ёзилган ва улар аксар ҳолларда ҳажм жиҳатидан жуда ихчамдир. У ўз ғазалларида арузнинг халқ қўшиқларига яқин турган оҳангдор, ўйноқи ўлчовларини танлайди. Лутфий шеърларида халқ урф-одатлари, маросим лавҳаларини тез-тез учратиш мумкин. Лутфий ўз лирикасида халқнинг жонли сўзлашув тилидаги эркалаш, юпатиш, қарғиш, истеҳзо, қочириқ ибораларидан маҳорат билан фойдаланилади. Маъшуқнинг жабру ситамларидан кўнгли озурда бўлган ошиқ ич-ичидан зорланиб айтади:

Лутфийни ким қарғади: “Ё раб, балоға учра!” деб
Ким, сенингтек тош бағирлиқ дилрабоға учради.

Лутфийнинг назмиятда халқ мақолларидан истифода этиш бобидаги санъаткорлиги айниқса юксақдир. Унинг рубоий, қитъа, туюқ ва фардларида киши руҳий оламининг ранг-баранг лаҳзалари, ахлоқ-одоб мавзуларининг талқинлари асосий ўрин тутади.

Шоирнинг тўртликлари ҳақида сўз борар экан, унинг туюқлари алоҳида диққатга сазовор. Кўпроқ туркий тилдаги шеъриятга тааллуқли тажнисли (зулмаънайн) сўзлар воситасида туюқ яратиш санъати Лутфий шеъриятида ёрқин ифодаланган деб айтиш мумкин. Унинг девонидан ўрин олган кўплаб туюқлардаги нафис маъно товланишлари китобхонни она тилининг бой имкониятлари қатламларига олиб киради, уни хаёлга тортиб, эстетик завқ беради.

Мен сенинг илкингдин, эй дил, бандамен,
Ваҳ, қачон еткайман ул дилбанда мен,
Бевафоларға мени қилдинг асир,
Сен манга султонсан, эй дил, бандамен.

Ушбу туюқда уч марта гоҳ қўшилиб, гоҳ алоҳида ёзилгани ҳолда такрорланиб келаётган “дилбандамен” сўзи мисралардаги ўринларига кўра уч маънони келтириб чиқармоқда: 1) Эй, дил (кўнгил), мен сенинг дастингдан қўл-оёғи боғланмаган (бандамен); 2) Фарёдим шуки, у маъшуқа (дилбанд)га қачон етар эканмен; 3) Эй, кўнгил (дил), сен мени вафосизларга асир қилиб қўйдинг. Бунга менинг бўйсуниб юришдан бошқа иложим йўқ. Чунки сен менга подшоҳсан, мен эса, сенга банда — (қарам)дирман.

Алишер Навоий ўзининг “Мажолис ун-нафоис” асарида Лутфийнинг туркий тилдаги шеъриятда бўлгани каби форсий ижодца ҳам “беназир эрди” деб ёзади. Лутфий, хусусан, форсий қасиданависликда ўз замонаси ижодкорларининг эътиборини қозонган эди. Навоий ёзади: “Мавлоно Лутфий форсийда қасидагўй устодлардин кўпининг мушкул шеърларига жавоб айтибдур ва яхши айтибдур”. Навоий томонидан “Мажолис ун-нафоис”да қайд этилган бир неча парчаларнинг ўзи Лутфийнинг бу соҳадаги салоҳиятини кўрсатиб беради. Навоийнинг қайд этишича, умри охирлаб бораётган Лутфийнинг:

Эй зи зулфи шаб мисолат сояпарвар офтоб,
Шоми зулфатро ба жои моҳ дарбар офтоб.

(Сенинг тун каби сочингдан қуёш сояда парвариш топадиган бўлди. Сочингдан таралган шом қоралигини ой ўрнига қуёш кўтармоқда) матлали ғазалига замондош ижодкорлар кўплаб жавоб ёзганлар. Лекин уларнинг ҳеч бири Лутфий даражасида шеър айтолмаганлар.

Лутфийнинг Абдураҳмон Жомийга ихлоси катта эди. У Жомийга “Сухан” радифли қасида ҳам бағишлаган. Умри охирида бошланғич байтинигина ёзишга улгурган “Афтад” радифли ғазалини тугаллаб, ўз девонига киритишини Абдураҳмон Жомийга васият қилган. Жомий кекса шоирнинг бу васиятини адо этган, бугунгача Жомий девонида яшаб келаётган “Афтад” радифли ғазал икки буюк сўз санъаторининг ижодий ҳамкорлигидан ёдгорлик сифатида қадрлидир.

Лутфийнинг форсий назмиятидаги мислсиз санъаткорлигини кейинги асрларда яшаган тазкиранавислар ҳам қайд этадилар. Акбаршоҳ замонида яшаган Абдулла Кобулий ўзининг “Тазкират ут-таворих” асарида Лутфий мероси ҳақида сўз очиб, “дар форси шеъри зебо ва қасидаи ғарро дорад” (“форсийда гўзал шеърлари ва порлоқ қасидалари бор”) деб айтади.

Лутфий ўз даври адабий ҳаётида устоз сифатида катта мавқега эга эди. Кексайиб бораётган шоирнинг уйи кўпинча шогирдлар билан гавжум бўларди. Унинг яқин шогирдларидан бири Алишер Навоий эди. Навоий ўз устози ҳақида гапирганда икки ўртадаги яқин инсоний муносабатларни ички бир ифтихор билан тилга олади. Навоий Лутфийдан назмиятнинг сирру синоатлари бобида кўп нарса ўрганди. Устоз шеъриятига бўлган катта эътиқод билан унинг “Лайлатул меърожнинг шарҳи сочи тобиндадур”, “Кўкдадур ҳар дам фиғоним кўргали сен моҳни”, “Эй сочинг шайдо кўнгулларнинг саводи аъзами” мисралари билан бошланувчи ғазалларига мухаммаслар боғлади. Унинг устозни “Эй жамолинг лаҳзолу бебадал ҳуснунг жамил”, “Эй қадинг тўбийи жаннат ҳадди гулгун устина” муқаддимасига эга ғазалларига мусаддаслари ҳам мавжуд. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Навоий ўзигача ва ўзига замондош бўлиб яшаган туркийгўй шоирлардан факат Лутфий ғазалларигагина мухаммас ва мусаддаслар боғлаган.

Лутфий 1465 йилда ўз манзилгоҳи бўлган Деҳиканорда вафот этган. Навоийнинг хабар беришича, Мавлононинг қабри ҳам ўша ердадир.

Кейинги асрларда Лутфий маҳоратининг таъсир доираси тобора кенгайиб борди. Фузулийнинг Лутфий ғазалларига кўплаб назиралари, қатор мухаммаслари маълум. Машраб Лутфийнинг “хоҳ инон, хоҳ инонма” радифли ғазалининг матлаидан тазмин йўли билан фойдаланиб, бутун бошли янги бир ғазал яратган.

Лутфий ғазалларига мухаммаслар боғлаш Мунис, Огаҳий, Равнақ ва Амирий ижодларида ҳам учрайди. Шу йўналишда бизга замондош бўлиб яшаган Чархийнинг ҳам манзур мухаммаслари бор. Шоир ғазаллари мақом ва халқ куйлари билан ижро этилади. Уларга муосир бастакорларимиз ҳам куйлар ёзганлар. Лутфий девони ва ундан сайланмалар ўзимизда бир неча бор, сўнг Туркия ва Шарқий Туркистонда ҳам чоп этилган. Шоир ғазалларининг рус ва бошқа тилларга таржима қилингани маълум. Лутфийнинг бой бадиий мероси адабиётшунос олимларимиз томонидан кенг ўрганилиб келинмоқда, у ҳақда қатор тадқиқотлар яратилди. Бу ўринда дастлаб Заки Валидий, Е. Э. Бертельс, Ҳоди Зариф, А. Ҳайитметов, Э. Рустамов, шунингдек, Ё. Исҳоқов, Ҳ. Расулов ва Э. Аҳмадхўжаев каби олимларнинг тадқиқотларини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Республикамизда шоир номи билан аталган кўча, мактаб ва кутубхоналар унинг хотирасига абадийлик бахш этиб келмоқда.

фил. ф.д. С. Эркинов