Гулханий (XVIII-XIX аср)

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаларидан бири Муҳаммад Шариф Гулханийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида тафсилий маълумотларга эга эмасмиз. XVIII асрнинг сўнгги чораги ва XIX асрнинг биринчи ярми Қўқон адабий муҳитида қалам тебратиб, ўзбек бадиий насри тараққиётига жиддий ҳисса қўшган Гулханий номи бир қатор тазкира ва тарихий асарларда зикр этилган.

Гулханий ҳақида айрим маълумотлар Фазлий Намангонийнинг “Мажмуат уш-шуаро” тазкирасида учрайди. Манбалардаги маълумотларга таяниб айтиш мумкинки, бўлажак ижодкор асли тоғли Қоратегиндан Қўқонга келиб оила қурган, тахминан 1770—80-йиллар атрофида дунёга келган, оғир иқтисодий қийинчиликларда кун кечирган. Баъзи манбалар унинг Наманган мадрасаларининг бирида маълум муддат таҳсил олганлигидан дарак беради.

Муҳаммад Шариф бир неча йил ҳаммомда ўт ёқувчи — гўлохлик вазифасида ишлаган ва шунга ишора тарзида Гулханий тахаллусини кабул этган. Маълум вақт сипоҳийлик (навкарлик) ҳам қилган. Шоир вафоти санаси ҳам маълум эмас — XIX асрнинг 30—40-йилларида дунёдан ўтган, деб тахмин қилинади.

Гулханий XIX асрнинг бошларида шоир сифатида давр адабий ҳаётининг фаол иштирокчиларидан бирига айланган эди. Амир Умархон Қўқон хонлиги тахтига ўтиргач (1811 й.) ўз саройи атрофига истеъдодли қалам аҳлини жалб этганида, улар орасида Муҳаммад Шариф ҳам бор эди. Ўзи ҳам қобилиятли шоир бўлган хоннинг тошпириғига кўра Фазлий Намангоний тузган “Мажмуат уш-шуаро” тазкирасида Гулханий асарларига бир неча ўрин ажратилган. Шоирнинг ўзбекча ғазаллари, шунингдек,” Аз чашмаи ман”, “Эй тўти”, “Бирун” радифли форсий ғазаллари ғоявий-бадиий жиҳатдан ниҳоятда пишиқдир. Уларни ишқий лириканинг етук намуналари каторига киритиш мумкин.

Фазлий тазкирасида Гулханийнинг кейинчалик Журъат тахаллусини қабул қилиб, шу тахаллус билан ҳам қалам тебратганлигини ёзади. Бизга Журъат тахаллуси билан битилган “Ангуштам” радифли форсий ғазал етиб келган.

Гулханий истеъдодли шоир бўлган. Аммо миллий адабиётимиз тарихидан моҳир наср устаси, машҳур “Зарбулмасал”нинг муаллифи сифатида фахрли ўрин олган. “Зарбулмасал”нинг муқаддимасида қайд этилишича, Гулханий бу асарни ёзишга Амир Умархоннинг тавсиясига кўра киришган. “Зарбулмасал” жиддий ижтимоий мазмунни мажоз йўли билан бадиий ифодаловчи ахлоқий-дидактик ва танқидий-ҳажвий йўналишдаги асардир. Унда ижтимоий ҳаёт муаммолари, жамиятда турли табақа-гуруҳлар ўртасидаги мураккаб муносабатлар, инсонларнинг ўзаро муомалалари, урф-одатлар, халқ маросимлари ҳақида мажозий услубда сўз боради.

Гулханий ижтимоий ҳаётдаги воқеа ва ҳодисаларни, инсонлар табиати ва амалий фаолиятидаги олижаноблик ва пасткашлик, адолат ва зўравонлик, саховат ва хасислик, камтарлик ва манманлик, қаноат ва очкўзлик, хушмуомалалик ва қўполлик, ҳалимлик ва дағаллик каби фазилат ва салбий белгиларни бадиий маҳорат билан қушлар ва ҳайвонлар тили ва ҳаракатларига, интилиш ва қилмишларига кўчиради ва улар иштирокидаги ҳаётий лавҳаларда ўз муносабатини билдиради. Албатта, асар билан танишган ҳар бир ўқувчи унда гап қушлар ва ҳайвонлар фаолиятлари ва ўзаро можаролари ҳақида эмас, балки, аслида кишилик жамиятидаги турли табақа-гуруҳлар вакиллари ҳақида бораётганини дарҳол англаб олади. Асар иштирокчиларининг нутқлари халқ мақоллари, матал, ҳикмат ва қолипланган бирикма-ибораларидан кенг фойдаланиш асосига қурилган. Асар воқеаси қадимги “Фарғона иқлимида” жойлашган “эски бир шаҳристонда” юз беради. У ерда истиқомат қилаётган Япалоққуш ўз ўғли Кулангирсултонни уйлантириш тараддудига тушади, шу манзилда яшайдиган Бойўғли ва Бойқушлар қизи Кунушбонуга совчи қилиб Кўрқушни юборади. Баҳс ва тортишувлардан сўнг қиз тарафга бериладиган қалин миқдори минг чордевор деб белгиланади, никоҳ маросимлари ўтказилади. Воқеалар давомида бўлажак қудалар ва уларнинг манфаатларини ифодаловчи иштирокчиларнинг табиатлари, фалсафаси, ички дунёси ва интилишлари босқичма-босқич очила боради.

“Зарбулмасал”да етакчи мазмун билан мантиқан узвий боғланиб кетган ўндан ортиқ насрий ва назмий масала, қисса ва ҳикоятлар мавжуд. Бу мўъжаз бадиий асарлар, асосан, ахлоқий-таълимий йўналишда бўлиб, ҳалоллик, тўғрилик, олижаноблик, меҳр-муҳаббат, вафо ва садоқат ғояларини олға суради, хасислик, манманлик, бефаросатлик, жоҳиллик, сотқинлик каби салбий белгиларни қора-лайди. Хусусан, “Маймун билан Нажжор” ва “Тошбақа билан Чаён” каби масаллар юксак бадиий маҳорат билан ёзилган.

Зикр этилган масалларнинг бирида ҳаётий лавҳа орқали “билмаган, ўрганмаган ва ақлинг етмайдиган ишга ҳовлиқиб уринма, аввал ҳунарни яхшилаб эгалла, шунда панд емайсан!” деб ўгит берилса, иккинчисида ҳаётда дўст танлашда ниҳоятда эҳтиёт бўлишликка, ёмонга асло яқинлашмасликка даъват этилади. “Зарбулмасал”даги бу каби ахлоқий-таълимий йўналишдаги масаллардан фарқли ўлароқ “Туя билан Бўталоқ” масалида соф ижтимоий мавзу бадиий интиҳосига етказилган. Унда эрксиз Туянинг оч ва сувсиз қолган Бўталоғининг ёлвориб қилган фиғону ноласига берган ғамгин жавоби аниқ эшитилади:

Айди онаси боласига боқиб,
Кўзларининг ёшлари сувдек оқиб:

“Кўрки, — бурундуқ кишини қўлида,
Ул кишининг кўзлари ўз йўлида!

Менда агар зарра каби ихтиёр
Бўлса эди — бўлмас эдим зори бор!”

“Зарбулмасал” ўзбек бадиий насрининг энг етук намуналари қаторида фахрли ўрин олган. Ранг-баранг тасвирий воситалардан, жумладан, мураккаб саждан кенг фойдаланиб ёзилган бу асарнинг тили ниҳоятда ширадор, жозибали бўлиб, асарнинг чин маънода халқчил руҳ эгаллашида жуда катта хизмат қилган.

ф.ф.д. А. Абдуғафуров