Фурқат (1859-1909)

XIX аср иккинчи ярми ва XX аср бошларидаги ўзбек халқчил адабиётининг йирик намояндаси, маърифатпарвари, лирик шоири, оташин публицисти Зокиржон Фурқат Қўқон шаҳрида, Мулло Холмуҳаммад оиласида дунёга келган. Бўлажак шоирнинг отаси замонасининг илғор фикрли вакилларидан бири сифатида турли билимлардан яхшигина хабардор бўлган. Мулло Холмуҳаммад хусусан бадиий адабиёт мухлиси бўлиб, ўзи ҳам шеърий иқтидор соҳиби эди. Зокиржон маҳалласидаги мактабда таҳсил кўради, айни замонда отаси ёрдамида мустақил мутолаа орқали ўзбек ва форс адабиётининг буюк намояндалари меросини, айниқса, Алишер Навоий ижодини чуқур ўрганади, форсий тилни мукаммал ўзлаштиради. Ёш Зокиржон Навоий асарларини шу даражада берилиб мутолаа қиладики, ўзининг гувоҳлигига кўра, буюк шоир ҳатто унинг тушига ҳам киради ва суҳбат асносида шеъриятдан имтиҳон қилиб, ижодий иш учун “оқ фотиҳа” беради. Шу йўсин у Навоий дуосидан руҳланиб болалик йиллардаёқ қўлига қалам олади ва умрининг охиригача ижод билан шуғулланади. Зокиржон ўзи ёзган таржимаи ҳолида қайд этганидек, тўққиз ёшидаёқ қоғоз саҳифасига қуйидаги мисраларни битиб, муаллимининг олқишларига сазовор бўлган:

Менинг мактаб аро булдур муродим,
Хатимдек чиқса имлою саводим.

Хушнавис котиблар ва мударрислардан хаттотлик санъати ва араб тилидан сабоқлар олган Зокиржон 1873 йилда мадрасага киради. 1875—76 йилларда Қўқон хонлигида юз берган қонли, сиёсий воқеалар муносабати билан мадраса ёпилгач, яна мустақил мутолаа ва ижодий иш билан шуғулланади. Янги Марғилонда савдо ишларини йўлга қўйган тоғасининг қистовига кўра, у ерга бориб ёрдамлашади, кейинчалик ўзи ҳам “чой ва дигар ашёлар савдосиға дўкон” очади, самоварчилик, мирзолик қилади. Бундай ижтимоий фаолият оддий халқ вакиллари ҳаёти ва орзу-интилишлари билан бевосита танишиш, мустамлака тузуми иллатларини чуқурроқ хис этиш имкониятини беради.

Зокиржон Янги Марғилонда ижодкор сифатида тўла шаклланди, ўз ғазалларига “Фурқат” — “айрилиқ” тахаллусини қўйиб, шуҳрат қозона бошлади. Мустамлакачи чор маъмурияти жойлашган худди шу ерда у илк бор оврўпоча ҳаёт тарзи, замонавий фан-техника янгиликлари билан танишади.

Саксонинчи йиллар бошларида Қўқонга қайтиб, оила қуради ва асосан ижодий иш билан шуғулланади. Муқимий ва Муҳйи етакчи бўлган Завқий, Нодим, Нисбат, Муҳаййир каби ижодкорлар билан бевосита мулоқотга киришади, улар мунтазам равишда уюштирадиган адабий мажлисларнинг, шеърият кечаларининг фаол иштирокчиларидан бирига айланади. Бу йирик қалам соҳиблари ижодида кейинчалик камол топган ғоявий ва адабий бирлик, улар дунёқарашидаги умумийлик худди шу адабий анжуманларда шакллана борган.

Фурқатнинг Қўқондаги ижоди тур ва мавзу, мазмун ва шакл ранг-баранглиги жиҳатидан ҳам, сермаҳсуллиги жиҳатидан ҳам диққатга сазовор. У мумтоз шеъриятимиз анъаналари руҳида кўплаб ишқий ғазаллар, мухаммаслар, Навоий асарларига гўзал назира ва тақлидлар яратди, чуқур халқчиллик ва замонавийлик унинг шеърларида тобора кенг ўрин эгаллай бошлади. Унинг “Бўлди” радифли мухаммасида мавжуд мустамлака тузумининг иллатлари, тобора кенг қулоч отаётган капиталистик муносабатларнинг салбий оқибатлари бадиий ифодасини топган.

Қўқон хонлигининг узил-кесил тугатилиб, батамом мустамлакага айлантирилиши волқеаси билан боғлиқ “Дермиш хон бир куниким, давру давронлар қаён қолди?” мисраси билан бошланувчи мухаммаси ҳам Фурқатнинг шу давр ижодининг маҳсулидир. Тожу тахтдан, шаъну шавкат ва аъёнларидан маҳрум бўлган Худоёрхон номидан битилган бу асар ҳам шоир ижодида замонавий ижтимоий мавзунинг кенг ўрнини исботловчи далиллардандир.

Ўзининг гувоҳлик беришича, Фурқат худди шу йилларда “Ҳаммоми хаёл” рисоласини яратади, “Чор дарвеш” ҳикоятини форсчадан таржима қилади. “Нуҳ манзар” номли шеърий китоб яратади.

“Булардин бўлак ҳар хил ғазалиётим Фарғона музофотиға (яъни, ён-атроф қишлоқ-шаҳарларига) ва дигар мамлакатларга мунташир (машҳур) бўлди”, деб ёзади шоирнинг ўзи табиий ғурур билан. Худди шу йилларда шоир илк бор шеърларини тўплаб мажмуа ҳолига ҳам келтирган. Афсуски, шоирнинг ўзи қайд этган рисола, манзума ва таржималари каби бу мажмуа ҳам шу кунга қадар топилган эмас.

Фурқат тахминан 1886—87 йилларда Марғилонга бориб, асосан шеърият билан банд бўлди, шаҳарнинг зиёлилари Хўжажон Рожий, Муҳаммад Умар Умидий — Ҳавоий, Мулла Тошболту Ройиқ каби ижодкорлар билан танишиб, адабий суҳбатлар қурди. Шу ерда у илк бор газета билан танишиб, унинг “Тошкент шаҳрида босма бўлғон”лигини билади.

Фурқат 1889 йили аввалида ўлканинг бош шаҳри Тошкент сафарига чиқиб, Қўқон орқали Хўжандга келади. Бу қадимий маданий шаҳарда Тошхўжа Асирий бошлиқ маҳаллий ижодкорлар, адабиёт мухлислари билан қатор учрашувлар, мушоирлар уюштирган Фурқат, айни замонда шаҳар аҳолисининг яшаш шароити, кундалик ҳаёти, расм-русумлари билан яқиндан танишади.

1889 йилнинг июни ўрталарида (ҳижрий 1306 йил шаввол ойи) Фурқат Тошкентга келиб, Кўкалдош мадрасаси ҳужраларидан бирига жойлашади. Одатига кўра, бу ерда ҳам маҳаллий зиёлилар билан тез мулоқотга киришади, адабий ҳаётда кўринарли мавқега кўтарила боради.

Фурқат ғазал ва мухаммасларида ижтимоий оҳанглар ҳам кўринарли ўрин тутади. Мустамлака тузумининг иллатларини қоралаш, жорий адолатсизлик ва зўравонликдан, ҳуқуқсизлик ва ночор ҳаётдан, нодонларнинг замонада эътибор топиб, доноларнинг, ҳалол кишиларнинг хор-зор этилишидан норозилик бадиий буёқларда қатьий жаранглайди:

Чархи кажрафторнинг бир шевасидин доғмен,
Айшни нодон суруб, кулфатни доно тортадур.
Сариғ олтун касрати кўнгулни айлайдур қаро,
Чунки сафро бўлса ғолиб, ўзга савдо тортадур.

Машҳур “Сайдинг қўявер, сайёд” мусаддасида эса Фурқат чор босқинчилари мустамлакасига айланган ўлкадаги ҳукмрон зўравонликка қарши Инсон шарафи ва ғурурини улуғлайди. Бутун мусаддас мисралари заминида инсонпарвар ва эрксевар шоирнинг зулм ўтказувчиларга қарши қатьий норозилик овози жаранглаб туради.

Фурқат ҳаётининг Тошкент даври унинг дунёқараши такомилида катта аҳамият касб этди. Чор мустамлакачилик маъмуриятининг марказига айлантирилган Тошкентда шоир кундан-кунга кириб келаётган оврўпоча ҳаёт тарзи билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлди. Янги тарихий шароитда моддий-маданий ҳаёт ва ижтимоий онгда юз берган сезиларли ўзгаришларни мушоҳада этиш, яқин феодал ўтмиш билан таққослаш натижасида Фурқат дунёқарашида жиддий сифат ўзгариши юз берди. Энг муҳими шундаки, бу ҳол унинг ижодида ўз бадиий ифодасини топди — маърифатпарварлик, оврўпоча илм-маданият, фан-техникага хайрихоҳлик шоир асарларининг ғоявий моҳиятига айлана борди. Бу эса Фурқатнинг кўп асрлик адабиётимизга янги мавзулар, янги ғоявий оҳанглар олиб киришига, чин маънода новатор ижодкор сифатида қалам тебратишига замин бўлди. Эндиликда Фурқат замонавий маориф ва маданиятнинг янгича қараш, фикрлаш ва янгича ҳаёт кечиришнинг жонкуяр тарғиботчисига айланди. Шу тариқа ижодий, илмий ва ижтимоий фаолиятининг энг қизғин, жанговар ва энг мазмундор босқичи бошланди. Шоир ниҳоят фаоллашди, илғор ғояларнинг тарғиботида газетадан унумли фойдаланиш мумкинлигини яхши тушунди ва тез орада “Туркистон вилоятининг газети” ҳайъатига расман ишга жойлашди.

1890 йилнинг май, июль ва сентябрь ойларвда “Илм хосияти”, “Акт мажлиси хусусида”, “Тошкент шаҳрида бўлғон нағма базми хусусида”, шунингдек, уч қисмдан иборат “Виставка хусусида” каби давр адабиётидаги маърифатпарварлик йўналишининг етук намуналари даражасида бўлган асарлари шу газета саҳифаларида дунё юзини кўрди.

Бу туркум асарларида Фурқат янгилик ва тараққиётнинг, илм-фан ва оврўпоча маориф-маданиятнинг оташин жарчиси сифатвда намоён бўлади, ўз ватандошларини замонавий билимларни пухта эгаллашга ва илғор халқлар қаторидан ўрин олишга даъват этади. Шоир битган мисралар ниҳоятда жўшқин ва таъсирчан, улардаги хитоб ва ҳайқириқ ҳар бир ўқувчи дилига кўчиб, уни бефарқ қолдирмайди:

Жаҳон басту кушоди — илм бирла!
Надур дилни муроди — илм бирла!
Кўнгулларни сурури — илмдандур!
Кўрар кўзларни нури — илмдандур!
Керак ҳар илмдан бўлмак хабардор!
Бўлур ҳар қайси ўз вақтида даркор!

Фурқат худди шу йилларда яратилган “Шоир аҳволи ва шеър муболағаси хусусида” деб номланган асарида ижодкор ва бадиий адабиёт муаммоларини қаламга олади.

Зокиржон Фурқат ҳақли равишда ўзбек публицистикасининг асосчиларидан бири ҳисобланади. Унинг оташин публицист сифатидаги фаолияти 1890 йилдан бошланади. “Туркистон вилоятининг газети” ходими сифатида у бир йилдан кўпроқ вақт давомвда Сатторхон каби илғор маърифатпарварлар билан ҳамкорлиқда газетани тайёрлашда бевосита қатнашиб, газета саҳифаларида ўз мақолларини эълон қилади. Жумладан, 1891 йилнинг январ-июн сонларида “Ҳўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти. Ўзи ёзғони” номли каттагина насрий асари нашр этила бошлади. Шоир дунёқараши ва ижтимоий-ижодий фаолиятини белгилашда фавқулодда аҳамиятга эга бўлган бу асар, айни замонда, эндигина шаклланаётган ўзбек публицистикасининг ёрқин намунаси сифатида ҳам катта қимматга эгадир.

Фурқатнинг Тошкентдаги фаолияти узоққа чўзилмади. У 1891 йил майида Самарқандга жўнайди, шаҳар фозилларидан Мирзо Бухорий ҳовлисида яшаб, қадимий обидалар билан танишади, газетага хабарлар йўллайди. Сўнгра Бухорога ўтади. Июл ойи охирларида эса чет эл саёҳатига чиқиб, Марв-Ашхобод-Боку-Ботуми орқали ноябр ойида Истамбулга боради. Шу тариқа шоир ҳаёти, дунёқараши ва ижодида чуқур из қолдирган ватанжудолик бошланади. Истамбулдан Тошкентга йўллаган машҳур “Сабоға хитоб” шеърий мактуби Ватан иштиёқи, соғинчи, айрилиқ азоблари ва ёлғизлик оҳанглари шоир ижодида эндиликда олд ўринга кўтарилганини кўрсатади. Фурқат Истамбулдан Булғория ва Юнонистонга қисқа муддатли саёҳат уюштириб, Болқон ярим оролининг қатор шаҳарларида бўлади. Шу кезларда яратилган “Румолик қиз ҳикояти” (“Юнон мулкида бир афсона”)да ватанни қўмсаш, унга талпиниш мавзуи романтик-саргузашт бўёқларда жуда таъсирчан ифодаланган.

Фурқат 1892 йил мартида Истамбулдан Ўрта ер денгизи орақали Арабистонга ўтиб, Маккада ҳаж зиёратини бажо айлаб, Жидда, Мадина шаҳарларида бўлди. Худди шу зиёрат муносабати билан унинг “Ҳажнома” асари майдонга келади. Макка зиёратини тугатгач, Фурқат Бомбейга келиб, Ҳиндистоннинг қатор қишлоқ-шаҳарларига саёҳатлар уюштиради. Шоирнинг бу даврда яратган барча асарларида насрий ва назмий макубларида она юрт соғинчи ва ватанпарварлик ғоялари етакчилик килди. Бу жиҳатдан, айниқса, “Адашганман” радифли лирик шеърлар туркуми алоҳида ажралиб туради. Ҳатто, шу йилларда битилган “Кашмирда”, “Булбул” деб юритилувчи “соф” лирик ғазалларида ҳам Ватанни қўмсаш мавзуи кўзга аниқ-равшан ташланади. Фурқат 1893 йили мартида Кашмир-Тибет орқали уйғур ўлкасига келади. Ёркентда турғун бўлиб қолади.

Фурқат доимо Ватанга қайтиш умиди билан яшадики, бу интилиш унинг катор бадиий асарларида, хат-хабарларида ҳам у ёки бу даражада ўз ифодасини топган. “Ватаннинг иштиёқини тортарам ғурбат ғами бирлан”, деб ёзган шоир умрининг сўнгги кунларига қадар ўз юртига қайтиш илинжида яшади, шу боис унинг фуқаролигидан чиқмади.

Фурқат Ёркентда доривор ўсимликлар билан савдо қилувчи кичик дўкон очади. Асосан эса ижодий иш ва хаттотлик билан шуғулланади. Шоирнинг ўз маълумотларига кўра, чет эл саёҳатига чиққани ҳамоноқ ёзишга киришган “Саёҳатнома” асари устида кўп ишлаган. Аммо ҳажман каттагина деб тахмин этилувчи бу асар ҳанузгача топилмаган. Фурқат Ёркентда кўплаб лирик ғазал ва мухаммаслар қаторида ижтимоий-сиёсий мавзуларда ҳам қатор маснавийлар яратди. “Масарратнома”, “Қасида” асарлари, шунингдек, рус-япон уруши муносабати билан ёзган маснавийси худди шу туркум жумласига киради.

Шоир она юрти билан, Фарғона ва Тошкентдаги ёру дўстлари билан мунтазам алоқани канда қилмади. Завқий, Тошболту каби ижодкор дўстларига шеърий мактублар, “Туркистон вилоятининг газети”га хат ва мақола-хабарлар юбориб турди. У худди шу йилларда миллий адабиётимизда памфлет ва фельетон каби жанговар турларнинг илк намуналарини яратиб, газета саҳифаларида эълон этди. Фурқатнинг адабиётимиз тарихида икки тиллик ижодкор сифатида ҳам ўз ўрни бор. Унинг форсий тилда битилган ишқий ва ижтимоий мазмундаги кўплаб ғазаллари ўзининг юксак бадиийлиги билан ўқувчилар дилидан мустаҳкам ўрин олган.

Мазмунан ҳаётий ва бадиий баркамол лирикаси, маърифатпарварлик йўналишидаги етук асарлари билан, жозибали насри ва жанговар публицистикаси билан XIX аср охири ва XX аср бошларидаги миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган Зокиржон Фурқат 1909 йилда оғир касаллиқдан сўнг вафот этди. Унинг жасади Ёркентнинг Донгдор маҳалласидаги қабристонга қўйилган.

Абдурашид Абдуғафуров

Мақолалар

Фурқат. Шеърларидан намуналар
Бегали Қосимов, Нурбой Жабборов. Фурқат (1859-1909)
Ўзбек зиёлилари: Фурқат (1859-1909)
Нурбой Абдулҳаким. Фурқат истилочини мақтаганмиди?
Ғафур Ғулом. Шоир айблайди (1949)
Нурбой Жабборов. Нурли истиқбол умиди
Шариф Юсупов. “Забоним қуши ул хирмандин доначин ўлди” (2009)
Фуркат (на русском языке)
Furkat (in English)

Фурқат китоблари

Фурқат. Муҳаббат йўлида
Фурқат. Танланган асарлар

Фурқат ҳақида китоблар

Фурқат ижодиёти (масъул муҳаррир А.Қаюмов)
Б.Валиев. Зокиржон Фурқат (1858-1909)