Нурбой Жабборов. Нурли истиқбол умиди

Ўзбек миллий уйғониш адабиётини Зокиржон Фурқат ижодий меросидан айри тасаввур этиш маҳол. Бинобарин, ХIХ аср иккинчи ярмида миллий ўзликни англаш, истибдодга исён, эрк ва озодлик ғоялари дастлаб унинг асарларида бўй кўрсатди. Шоир юртнинг “куффор банди ичра сонсиз тугунда қолган”идан, “охиру-л-амр ҳукумат гулшани хазон бўлиб, булбуллар ўрнини зоғлар эгаллаган”идан изтироб чекди, бунинг боиси “сиёсати Рус” эканини баралла айтишга жасорат топди. Ватан ва миллат бошига келган бу оғир мусибатга муолажа излади. “Ҳамани эмди кўз тутгони бир Соҳибқирон бўлди”, дея умид ва нажотни истибдод гирдобидан олиб чиқишга қодир йўлбошчининг тарих саҳнасига чиқишида кўрди. Миллатнинг бошига давлат ҳумоси қайтажагига ишонди.
Фақат бугина эмас. Шоир ўзи мансуб халқнинг замона аҳволидан огоҳ бўлмоғини, жаҳолат уйқусидан уйғонмоғини, маърифатдан баҳра олмоғони орзулади. Русия гимназияси ҳақида шеър ёзар экан, миллат болаларининг шу сингари замонавий таълим масканларида ўқишини истади. Виставкани, театрни васф этар экан, шундай маданий ҳодисаларсиз тараққий этиш имконсиз эканини англади ва англатмоққа уринди. Русиянинг ўша даврдаги фан-техника соҳасидаги ютуқларини тарғиб этар экан, уларга “ўз нафъимиз учун мулоҳаза қилсоқ лозим”лигига урғу берди. Аниқроқ айтганда, ҳар бир ишда Ватан ва миллат манфаатини устувор билди.
Фурқат миллий уйғониш даври ўзбек адабиётида “кўп ва хўб” ижод қилгани билан алоҳида ажралиб турувчи сиймоларидан. Мумтоз шеъриятнинг деярли барча жанрларига мансуб қарийб ўн икки минг мисрали назмий мероси, “Аҳволот”, “Қавоиди Чин ва умуроти сиёсий” сингари салмоқли насрий асарлари, ижтимоий-сиёсий мавзудаги публицистик мақолалари бунинг далилидир. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий давлат архивида сақланаётган дастхатлари Фурқатнинг моҳир хаттот ҳам бўлганини кўрсатади. “Зубдату-л-ҳукамо” (“Ҳакимларнинг сараси”), дея шуҳрат қозонгани унинг фаолияти нечоғли серқирра эканини, табобатда ҳам камолга эришганини тасдиқлайди.
Фурқат ҳаёти ва ижодининг энг самарали ўн саккиз йили хорижда кечди. Унинг чет элларга сафари саналарини энг сўнгги илмий изланишлар асосида қуйидагича белгилаш мумкин: Туркия — Юнонистон сафари 1891 йил сентябрдан 1892 йил 24 февралгача, араб мамлакатларига сафари 1892 йил 24 февралидан шу йил августигача, Ҳиндистон — Тибет сафари 1892 йил августидан 1893 йил сентябрига қадар давом этган. 1893 йил сентябрида у Ёркентга боради ва умрининг охирига қадар бу шаҳарда турғун бўлиб қолади.
Шоирнинг хорижга кетиш ва юртга қайта олмаслик сабаблари шу пайтгача турлича талқин этилган. Бу ҳақда ҳеч қандай асоссиз, ҳужжат-далилсиз ҳар хил тахмину гумонлар ҳам билдирилган. Архив ҳужжатлари ва мавжуд манбалар тадқиқи Фурқатнинг чет элларга кетишининг икки сабаби бўлганини кўрсатади: 1) шоирнинг чор Россияси мустамлака сиёсатини очиқдан-очиқ қоралаб асарлар ёзгани; 2) Фурқат маърифатпарварлик фаолиятининг Ватан ва миллат манфаатларига асослангани.
Фурқат “Бегим” радифли ғазали, “Бўлди” радифли мухаммаси, “Муножоти мусаддас” ва бошқа асарларида Русия истибдодини очиқдан-очиқ қоралади. Унинг инсонийликка зид моҳиятини фош этди. “Бўлди” радифли мухаммасидан олинган қуйидаги иқтибос бунинг исботидир:

Юмуб кўзни, қадамни мардлар сори адам қўйди,
Вафосиз даҳр аларни жониға токи алам қўйди,
Ажал фарзанди одамни жаҳон мулкида кам қўйди,
Мингу уч юз биринчиға сана токим қадам қўйди,
Ҳамани эмди кўз тутгони бир соҳибқирон бўлди.

“Юмуб кўзни қадамни мардлар сори адам қўйди”. Адам — йўқлик, демакдир. Бу мисра орқали мардларнинг, яъни миллатпарвар зиёлиларнинг қатағон гирдобига ташлаганига ишора қилинмоқда. Оқибат шундай бўлдики, “Ажал фарзанди одамни жаҳон мулкида кам қўйди”. Яъни бу ҳол оммавий тус олди. Ўша даврга оид архив ҳужжатлари ҳам буни тасдиқлайди. “Тажриба шуни кўрсатадики, — деб ёзади Туркистон генерал-губернатори Россия ҳарбий вазирига йўллаган мактубида, — бу ўлкада (Туркистонда — Н.Ж.) ошкора қатл ижросигина маҳаллий аҳолига яхши таъсир кўрсата олади. Сиздан, Россия ҳудудида ўлим ҳукмини ошкора ижро этмаслик ҳақидаги қонунни Туркистон ўлкасига татбиқ этмаслик учун зоти Олийлари ижозатини олиб берсангиз, деб илтимос қиламан” (Ўзбекистоннинг янги тарихи. I китоб. Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида. Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2000, 333-бет).
Кейинги мисрада шоир бу фожиалар рўй берган санани ҳам очиқ ёзади: “Мингу уч юз биринчиға сана токим қадам қўйди”. Ҳижрий 1301 сана милодий 1883 — 1884 йилларга тўғри келади. Демак, ўрис босқинининг айни авжига минган даври ҳақида гап кетяпти. Бешинчи мисрада янада аҳамиятли фикр ифода этилган: “Ҳамани эмди кўз тутгони бир соҳибқирон бўлди”. Дарҳақиқат, миллат бу пайтда Соҳибқирон Амир Темурдек йўлбошчига муҳтож эди. Юртни мўғуллар зулмидан озод қилган Соҳибқирон — миллий озодлик тимсоли. Шунинг учун ҳам шоир миллатга унингдек бир раҳнамони орзу қилади.
Кўриниб турибдики, Фурқат шеъриятида озодликка, миллий истиқлолга интилиш туйғуси чуқур дард, бетакрор бадиият билан ифодаланган. Шоирнинг чор Россияси мустабид сиёсатининг инсонийликка зид моҳиятини аёвсиз фош этувчи, Ватан ва миллат дарди билан йўғрилган, унинг нурли истиқболи ҳақидаги орзу-интилишларини акс эттирувчи бундай асарларидан мустамлака маъмурлари бехабар бўлмагани аниқ.    Табиийки, бундай асарлар ёзган ижодкор мустамлака маъмурияти учун хавфли саналган. Бу эса, мазкур ҳукумат шоирдан қутулиш учун уни мамлакат ҳудудидан чиқариб юборишнинг барча чораларини кўрган, бир сўз билан айтганда, Фурқатнинг хорижга кетиши ва она-юртга қайтмаслиги масаласи генерал-губернаторлик томонидан режали асосда махсус уюштирилган, деб ҳисоблаш учун асос беради.
Фурқат ана шундай мураккаб ва зиддиятли даврда яшаб ижод қилди. Ўз асарлари орқали илмнинг, маърифатнинг беқиёс аҳамиятини алоҳида таъкидлади, илму маърифатга миллатни муқаррар таназзулдан қутқарувчи ягона восита, “кўнгулларни сурури, кўрар кўзларни нури”, деб қаради. Шоир чор истибдодининг фожеий оқибатларини фош этиш баробарида миллат фарзандларини ўша пайтда нисбатан илғор бўлган рус маданиятини ўрганишга, ундан ўз манфаатимиз йўлида фойдаланишга чақирди. Шоирнинг Ватан ва миллат манфаатига асосланган маърифатпарварлик фаолияти мустамлака маъмуриятига маъқул келмагани аниқ. Шоирнинг чет элларга кетиши уюштирилишининг иккинчи сабаби шу.
Зокиржон Фурқатнинг юртга қайта олмаганини ҳам, бизнингча, икки сабаб билан изоҳлаш мумкин: 1) шоирнинг чет элларда яратилган асарлари моҳият эътибори билан чор ҳукуматининг мустамлака сиёсатига зид экани; 2) Фурқатнинг шахс сифатидаги фазилатлари.
Юқорида шоирнинг чор истибдодини очиқдан-очиқ қоралаб асарлар ёзгани ҳақида фикр билдирилди. Таъкидлаш жоизки, бундай имконият унда ҳар доим ҳам бўлаверган эмас. Айниқса, Фурқат хориждалиги пайтида унинг ҳар бир қадами назоратда бўлган. Шунинг учун шоир энди бошқача йўл тутади. У, айниқса, “Туркистон вилоятининг газети” учун мўлжаллаган асарларида айтмоқчи бўлган асосий фикрларини билвосита, асарлари тагмазмуни орқали ифода этади. Фурқатнинг халқаро мавзудаги сиёсий публицистикаси бу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга.
Фурқат биринчи ўзбек журналистларидандир. “Газет муаллифиға керакким, инсофпеша ва ростандеша бўлғай, — деб ёзади у. — Нолойиқ ва номуносиб сўзларни газетга солмағай ва ёзғон каломидин газет ўқуғувчиларға нафъ ва фойда ҳосил бўлғай. Агар бир ҳикоят ёзса ҳам анинг заминида бир фойдалик мазмуни бўлғай. Хорижия ва дохилия аҳволотидин ёзса, адл ва инсоф юзидин ростлиқ бирла ёзғайким, эътибор ва истиҳсонға лойиқ бўлсун”.
Таъкидлаш жоизки, ўзбек матбуотчилиги эндигина шаклланаётган бир замонда айтилган бу сўзлар орадан бир аср ўтган бўлса-да, ўзининг аҳамиятини заррача бўлсин йўқотган эмас. Зотан, Фурқатнинг ўзи ушбу сўзларига ҳар доим амал қилди. Шу боис, унинг публицистик мақолалари бугунги кунда ҳам қимматини сақлаб келмоқда. Бинобарин, ўша оғир шароитда замонасининг илғор фикрли, дунёни англаган зиёлиси, салоҳиятли қалам соҳиби сифатида у инглиз-афғон муҳорабасига холис муносабат билдирди, рус-япон уруши моҳияти хусусида ҳаққоний мулоҳаза юритди. Афғонистондаги ёхуд Ҳиндистондаги инглиз мустамлакасини қоралар экан, бундан чор Россияси истибдоди жабрини тортаётган ўз юртдошлари ибратланишини кўзда тутди. Миллатнинг истибдод гирдобидан қутулмоғини, озодликка эришмоғини истади.
Шоирнинг хорижда ёзган шеърларининг, беистисно, барчасида унинг она-Ватанга бўлган чексиз муҳаббати акс этгани кузатилади.

Ватаннинг иштиёқин тортарам ғурбат ғами бирла,
Турубдурман қутулмай ғуссаю ранжу инолардин.

Шоирнинг ғурбатда — жондан севган она-юртидан узоқда дўсти Тошболту Роиққа ёзган шеърий мактубидан олинган ушбу байт Ватанга муҳаббати беҳад баланд, лекин унга қайтиш йўлида ғуссаю ранжу инолардин қутула олмаётган комил инсоннинг қалб изтироблари таъсирчан ифодаланган.
Дўсти Тошболтудан хат олган шоирнинг қуйидаги мисраларида бетакрор бадиият билан ифодаланган ададсиз изтироб, сўнгсиз соғинч дарди, шиддатли ҳиссиётлар тўлқини ўқувчи қалбини ларзага солади:

Ўқуб ул дам они бўлди оқарғон кўзларим равшан,
Сиёҳиға эзиб эрдинг магарким тўтиёлардин.

Қуйидаги мисра ҳам шоирнинг қанчалик хоҳламасин, она-юртга қайтиш имкони бўлмаётгани хусусида:

Борурман гар қутулсам бу тилисми ҳайратафзодин,
Етиб имдод ҳолимға жамиъи муддаолардин.

Хўш, шоир қутула олмаётган бу тилисми ҳайратафзо нима? Унинг йўлига тўсиқ бўлаётган ғуссаю ранжу инолар-чи? Маълумки, бу каби саволлар ўз даврида бошқа адабиётшуносларни ҳам ўйлантирган. Бу мустамлакачилар томонидан ҳийла-найранг тузоғининг узоқни мўлжаллаб, режали асосда қўйилгани билан изоҳланади, назаримизда. Ватанга бўлган чексиз муҳаббат ва унга қайтишнинг иложсизлиги! Ана шу зиддият шоирнинг ғурбатдаги шеърияти асосини ташкил этади дейилса, муболаға бўлмас. Мана бу байтда ҳам шунга ишора қилинган:

Пару болим тўкулди, масканим охир қафас бўлди,
Муҳаббат йўлида, Фурқат, Ватандин айрилиб қолдим.

Фурқатнинг Ватанга қайтиш йўлларининг ёпиб қўйилиши сабабларидан яна бири унинг собит иймон-эътиқод эгаси бўлгани, деб ҳисоблаш мумкин. Ўзбекистон Марказий Давлат архивидаги Н.Остроумов фондида сақланаётган ҳужжатлардан бирида Фурқат машҳур “Гимназия” шеърини ёзган пайтда Тошкент Эрлар гимназиясида таълим олган Степанов деган кимсанинг Ёркентга бориб, шоир ҳақида мана бундай маълумотларни юборгани қайд этилган: “Муҳтарам Николай Петрович, — деб ёзади Степанов, — мен сизга ушбу хат билан Ёркентда кўришганим Зокиржоннинг шеърларини ҳам юборяпман. Очиғини айтганда, Зокиржоннинг шеърлари менга ёқмади. Мен Фурқатнинг самимийлигига мутлақо шубҳа билан қарайман. Тан олиш керакки, у жуда ақлли, истеъдодли ва бениҳоя ёқимли инсон. У табобат билан шуғулланади, ерда ишлашни ёқтиради. Менинг ўйлашимча, у Россияни мутлақо севмайди (Таъкид бизники — Н.Ж.). Эътиқодда бениҳоя собит. Мен унга шеър ёзишдан ташқари, бизнинг сартларимизни қизиқтириши мумкин бўлган маҳаллий мавзулар: бу ернинг аҳолиси, урф-одатлари, саноати ҳақида ёзишни тавсия қилдим. Бу ердаги ақлга сиғмайдиган жаҳолат, шунингдек, рус зулмидан доимий равишда норози бўлган бизнинг Туркистон туземлилари фойдаланаётган қулайликларга алоҳида урғу беришни сўрадим” (Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви, фонд № 1009, 1-рўйхат, 135-иш, 42 — 43- бетлар).
Степанов тўғри таъкидлаганидек, Фурқат мустамлакачиларни мутлақо севган эмас. Лекин бу ерда масаланинг эътибор бериш зарур бўлган бошқа бир жиҳати бор. Мазкур ҳужжатнинг ўзиёқ кўрсатиб турибдики, Фурқат чор ҳукуматининг доимий назоратида бўлган. Унга ҳатто нималар ҳақида ёзиш ҳам тавсия этиб турилган. Степанов Туркистондаги чор маъмуриятига шоирдаги ўзи ёқтирмаган яна уч хусусият тўғрисида ёзиб юборади: 1) унинг Россияга нисбатан самимийлигига шубҳа билан қараши; 2) Фурқатнинг шеърлари унга маъқул келмагани; 3) шоирнинг мустаҳкам эътиқодли шахс экани.
Бу сингари фактлар Фурқат ҳақида мунтазам равишда ана шундай маълумотларни тўплаб борган чор ҳукумати миллатпарвар шоирнинг она-юртга келишини мақсадга мувофиқ эмас, деб топгани ва унинг Ватанга қайтиш йўлларини тақа-тақ ёпиб қўйгани ҳақидаги хулосага олиб келади.
Ҳаётининг қарийб учдан бир қисми жонидан ҳам ортиқ севгани она заминдан йироқда ўтган, Ватан ва миллатнинг юксак даражада тараққий этмоғини орзулаган, изтироб исканжасида ҳам нурли истиқболдан умид узмаган шоир Фурқат “Бегим” радифли ғазалида Худоёрхоннинг кенжа фарзанди Фансуруллобекка, аслида эса, унинг тимсолида миллатга хитобан:

Сояи Тангри насиб этгай санинг бошингга ҳам,
Зоил ўлмас бобақо давлат ҳумосидин, бегим, —

дея мурожаат қилган эди. Шукрки, бугун шоир кутган замонлар келди. Миллат истибдод исканжасидан озод бўлди. Миллий давлатчилик тараққийга юз бурди. Унинг давлат рамзи — гербида бахту саодат тимсоли бўлган, юксак парвозларга шайланган ҳумо қуши акс этган. Ажаб эмаски, шу кунларга эришмоқ илинжида не-не изтиробу аламларни тортган, бутун фаолиятини миллатни уйғотмоққа бахшида қилган мутафаккир аждодларимиз, жумладан, Фурқат бобомизнинг руҳлари ҳам шод бўлса.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 25-сонидан олинди.