Ҳабибулла Зайниддин. Ибн Баттута

Атлантика океани қирғоқларига ястанган, шимоли ғарб бурчагидан Африка қитъасига, бандаргоҳнинг ўнг томонидан Гибралтар бўғозига туташган, қадимда финикия ва карфагенлик жамоалар истиқомат этган Марокашга қарашли Танжир шаҳарлик тақводор Абдуллоҳ ал-Лаваттий хонадонида 1304 йил ўнинчи июлида ўғил дунёга келди.

Гўдак таваллуд топган куннинг еттинчи куни тонгдан бошлаб, ал-Лаватий хонадонида шодиёналик бошланиб, ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Барча қариндошлар, яқин ёр-дўстлар бу хонадонни самимий табриклаб, муборакбод этишди. Ўша куни анъанавий тантаналар анча вақтларга қадар давом этди. Карнай-сурнай ва ноғоралар овози янграб ҳамма дилхушлик-хурсандчилик қилдилар. Гўдакка Муҳаммад деб исм қўйилди. Бу исм айни бир вақтда кўп эзгу ишлардан дарак берадиган ҳол эди. Бу гўдак кейинчалик Ибн Баттута (арабча ўрдак ёки ўрдакча деган маънони англатар экан — Ҳ.З.) нисбаси билан аталди.

Бўлажак сайёҳ мактаб ёшига етганда бошланғич саводни маҳалла гузаридаги мактабда олгач, шаҳардаги мадрасага кириб, уни ҳам аъло даражада тамомлаган. Шундан сўнг, у дунёвий илмларни мукаммал эгаллаш мақсадида ота-онасидан оқ фотиҳа олиб, 1323 йили савдо карвонига ҳамроҳ бўлган ҳолда илк бор ўша вақтлардаги Шарқнинг донгдор билим ўчоқларидан ҳисобланган Макка ва Мадина шаҳарларига ҳам ҳаж қилиш, ҳам илм эгаллаш мақсадида йўл олади. Ана шу сафар сабаб, унинг саёҳатли фаолияти қарийб бошланган эди дейиш мумкин эди.

Ибн Баттута Макка шаҳридаги олий маҳадни тугаллаб ижоза (диплом) олиб, Мадинага келгач, бу ўлкада ҳам у обрў-эътибор топиб, иззат-ҳурматга сазовор бўлди. Бу шаҳарнинг кўпгина илм аҳлларининг баҳс-мунозаралари ва маърузаларида иштирок этиб, билим доирасини бойитишга эришади.

Ўз ватани Танжирга қайтган Ибн Баттута кўп турмайди.

У, Бағдод, Қуддуси Шариф, Сурия, Ливия, Тунис, Судан, Яман, Урдун, Мавритания, қатор хабаш ўлкалари каби араб ва араб бўлмаган ўлкаларни зиёрат этиб, сўнг ўша вақтлардаги мамлюклар мамлакати бўлмиш қадимий ўлка Мисрга боради.

Ибн Баттута Мисрнинг Искандария шаҳрига келган дастлабки кунларининг бирида ўша ерлик Ҳалиф исмли олим ва шайх билан учрашган. У билан қилган суҳбатда унга ўзининг сафар таассуротларини гапириб берган.

— Менинг билишимча сен саёҳат қилишни яхши кўрадиган одамга ўхшайсан, — дейди Ибн Баттутага шайх. — Сен олис Ҳиндистондаги менинг Фаридиддин Синддаги (ҳозирги Покистон) Рукниддин, Бурхониддин исмли акаларимни бориб кўрмоқлиғинг ва аларга шахсан менинг саломимни етказмоқлиғинг керак бўлади, — деган экан.

Бу ерда шуни тан олиб айтиш керак бўладики, Ибн Баттута то ўша юқорида исми қайд этилган киши билан учрашгунга қадар Ҳиндистон ҳақида ва у мамлакатга саёҳат қилишни мутлақо хаёлига ҳам келтирмаганлигини, аммо бу суҳбатдан кейин унда ўша афсонавий юртга сафар қилишга кучли иштиёқ туғилганини ёзади “Саёҳати Ибн Баттута” асарининг дебочасида.

Искандария учрашуви ёш сайёҳнинг ҳаётидаги туб бурилишга, воқеаларга бой, тўла саргузаштли, аммо хатарли йўлини узил-кесил танлаши учун асосий туртки бўлган. Искандарияга қарашли Даманхур деган кичик шаҳарчадаги дарвешлар маҳалласида яшовчи шайх Муршидий деган зоти шариф билан учрашув эса бу танжирлик ўртаҳол зиёратчи ҳожининг қалб тугунларини ечиб юбориб, унинг то Магеланга қадар буюк тадқиқотчи, ҳақиқий сайёҳга айланажаклигини ҳам белгилаган эди.

Ибн Баттута Мисрдан Кичик Осиёга ўтади, ундан кейин ғарб ўлкалари — Англия, Франция, Испания, Италия, Австрия, Олмония, Болгария, Албания, Польша, Сербия, Чехословакия, Венгрия, Руминия, Молдовия, Болтиқ бўйидаги давлатларда бўлиб, сўнгра Қримга йўл олади. Сўнгра Кавказ ва Кавказ орти ўлкаларида бўлади. Озарбойжон, ундан кейин эса Илхонлар ҳукмронлигидаги Эронда бўлиб, бу ердан Олтин Ўрдага боради.

Олтин Ўрдада ўша замоннинг энг қудратли ҳукмдори саналган султон Муҳаммад Ўзбекхон (1312-1342) сайёҳни иззат-ҳурмат билан кутиб олган. Олтин Ўрдада Ибн Баттута тилмоч шайх Абдул Ҳамид ва бошқа бир қанча юқори мартабали уламолар ҳамроҳлигида Ўзбекхон қабулига таклиф этилган:

“Боргоҳнинг ички қисмлари ғоятда дид билан шоҳона зийнатланган бўлиб, унинг марказий томонида ярқираб кўзни қамаштирувчи олтин ва бошқа қимматбаҳо тошлар билан безатилган улкан тахт жойлашган эди. Тахтнинг тўрттала оёғи соф кумушдан ишланган эди. Тахтнинг ўртасида хоқони ҳозиқ султон Муҳаммад Ўзбекхон ўтирарди. Ҳукмдорнинг ўнг томонида унинг бош хотини малика Тутуғлибека ва Кабек хотун, султоннинг чап томонида Боёлун хотун ва Арачи хотунлар дабдаба ҳамда шукуҳ билан савлат тўкиб ўтиришарди.

Тахтнинг олди томонида қудратли ҳукмдор султон Ўзбекхоннинг фарзандлари жой олган эдилар. Подшоҳнинг ўнг томонида унинг суюкли тўнғич ўғли, валиаҳд Танибек, ўртада эса Ийд Гужук исмли қизи, унинг чап томонида эса юқорида исми зикр этилган шаҳар оқсоқоли шайх Ибн Абдул Ҳамиднинг тарбияланувчиси бўлмиш ўғли Жонибекхон ўтиришарди.

Тахтнинг ўнг ва сўл томонларига қўйилган курсиларда номдор нўёнлар ва иш бошқарувчилар жой олган эдилар. Боргоҳнинг қуйироқ қисмида ҳам эътиборли амиру амалдорларнинг фарзандлари, улар ортидан унвонлари пастроқ қўшин бошлиқлари жой олган эдилар”, — деб ёзади сайёҳ ўша қабул ҳақида.

Ибн Баттута боргоҳда дин пешволарининг нечоғлик улкан ҳурмат ва обрўга сазовор эканлигини дастлабки қарашларидаёқ пайқаганлигини унинг ёзганларидан билишимиз мумкин. Боргоҳда уламою икром, муллою забардастларнинг барчасига энг муносиб ўринлар ажратилганлигига эътибор берган. Ҳатто бу дин пешволари ҳукмдор Ўзбекхоннинг сўровларига ўринларидан турмасдан жавоб беришларига ҳам тўла ҳақли ҳисобланганликларини алоҳида қайд этади. Бундан бошқа Ибн Баттута яна шу тантаналарга шахсан жавобгар бўлган “юртчи” деб аталмиш бошқарувчи, “бовурчи”, “шарбатчи” деб аталувчи хизматкорларни ҳам қаламга оларкан, бовурчилар зираворлар билан пишириб олтин ва кумуш баркашларда келтирилган от, мол гўштларини махсус пичоқлар билан меҳмонлар олдига маҳоратла сўнгакларини ажратмаган ҳолда тўғрашганини ёзар экан, мўғуллар гўштни сўнгаксиз асло емасликлари ва бундай ҳол уларнинг азалий одатлари эканлигини ҳам ёзади. Шарбатчилар эса меҳмонлар олдидаги қадаҳларга ўткир ичимликлар қуйиб чиқишларини келтиради.

Албатта бу борада сайёҳ яна уламолар қатори ўта художўй, тақводор бўлган Ўзбекхон ҳам Қуръоннинг ояти каримасида: “Жаннатдан ато этилган ковсар суви” деб таърифланган қимизни ҳаммадан афзал кўрганлигини ҳам баён этган. Қолаверса шу нарсани ҳам айтиб ўтишга тўғри келадики, Ибн Баттута Олтин Ўрдадаги бозорларда ва боргоҳда ҳам сўзсиз рус тўралари ҳамда тижоратчи боёнларини ҳам кўрган. Аммо нечундир у асарида ер юзида гўё “рус” деган миллатнинг ўзи умуман бўлмагандай, улар тўғрисида лом-мим ҳам демаган.

Ибн Баттута Олтин Ўрдада анча вақт туриб қолган. Унинг сафарни давом эттиришини Ўзбекхон пайсалга солган. Сайёҳнинг ёзишича, кунларнинг бирида сафарини давом эттириш учун қулай вазият юзага келган. Яъни, ҳукмдорнинг кенжа хотини — Византия императорининг қизи бўлган Боёлун хотун оғир-оёқлиги боис, ота-онаси ҳузурига бориб, ўша ерда кўзи ёриши учун эридан рухсат сўраган. Бундан хабар топган Ибн Баттута ҳукмдордан маликани Румга кузатиб боришга ижозат этишни истаган. Бунга жавобан: “Боёлун отаси, румлик василевлар ҳузурига кетаяпти. Подшоҳ қизини шоҳона қабул этадилар. Сенга эса табиийки, у ерда ғайридин ва душман сифатида қарайдилар. Ким билади яна, у ерда биронтаси ортингдан аҳмоқона ханжар уриб қўймасин, мен сени қадрлаганимдан эҳтиёт қиламан, сенинг беҳуда ҳалок бўлишингни истамайман. Албатта бориш-бормаслик бу сенинг ишинг, ва лекин менинг маслаҳатимга кўнсанг шу ерда қол. Йўқ десанг мен йўлингга нима лозим бўлса барча нарсани бераман”, — деган Ўзбекхон.

Охири Ибн Баттута Ўзбекхоннинг ишончли элчиси сифатида ёрлиқ билан Византияга маликани кузатиб боришга рухсат олган ва ҳукмдор хотини Боёлунни карвонга бириктирган ҳолда ўзи уч кунлик йўлгача кузатиб қўйган экан.

Сайёҳ Византияга етиб бориб у ерда ҳаммаси бўлиб, бир ойю 6 кун тургандан сўнг яна шундай муваффақиятли тарзда 1334 йилнинг бошларида Аштархон (Астрахан) орқали Олтин Ўрданинг пойтахти бўлмиш Сарой Беркага қайтиб келган. Орадан бироз вақт ўтиб, катта карвон билан Ўрта Осиёга қараб йўлга чиққан.

“Мен Олтин Ўрдадан қавс ойининг 1 куни (10 декабр) карвон билан йўлга чиққандан буён Далв ойининг 10 куни (1335 йил 1 феврал) Хоразмга етиб келиб, унинг пойтахти Урганч шаҳрининг ташқарисида чошгоҳ маҳали тўхтадим. Ҳамроҳларимдан бири шаҳар қозиси Садр Абу Ҳафс албакрий деган кишининг ҳузурига йўл олди. У эса (шаҳар қозиси демоқчи — Ҳ.З.) менга ўз ноиби Нурил Ислом деган кишини юборди. Нурил Ислом келиб мен билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, ўз хўжасининг олдига қайтиб кетди. Шундан сўнг қозининг ўзи ўз одамлари ҳамроҳлигида келиб, мен билан кўришди. Қози ёш эрсада, хизматлари улуғ бўлган унинг икки ноиби бор эди. Булардан бири ҳозиргина эслатилган Нурил Ислом бўлиб, иккинчиси эса Оллоҳу таолога эътиқоди устивор ва фақиҳ, диний ва дунёвий илмларни сув қилиб симирган Нуриддин ал-Кермонийдир. Қози билан учрашув чоғимизда у менга шундай деди: “Шаҳримизда кундуз куни азбарои одамларнинг кўплиги ҳамда тирбандлигидан йўл топиб юришингиз амримаҳолдир. Шул боис ноибимиз Нурил Ислом бошчилигида фақатгина тонгга яқин шаҳарга кира олурсизлар”. Рози бўлмасликка иложимиз ҳам қолмади. Бироқ тан олиб айтишим керакки, қози ва унинг ноиблари менда жуда яхши таассурот қолдирган эди. Биз вақтинча анчадан бери бўш турган эски бир мадрасага қўндик. Эртаси куни бомдод намозидан кейин ҳузуримизга юқорида номи қайд этилган қози ва у билан шаҳарнинг кўзга кўринган бообрў, номдор мартабали кишилари ҳам ташриф буюрдилар. Улар орасида мавлоно Ҳумомиддин, мавлоно Зайниддин ал-Мақсадий, мавлоно Риойиддин ал-Ридовий, мавлоно Жалолиддин ал-Имодий ва Хоразм амирининг имоми бўлмиш Шамсиддин ас-Синжорийлар ҳам бўлиб, уларнинг ҳаммаси катта ҳурматга муносиб одамлар эди”, — дер экан, айни бир вақтда улуғ амир Қутлуғ Темур ҳақида ҳам қалам суриб қуйида шундай деб ёзади:

“Хоразм амири дарҳақиқатан ҳам олдинроқ унинг ҳақида эшитганимдай исми-жисмига монанд киши эди. У, султон Муҳаммад Ўзбекхоннинг она томонидан холасининг ўғли бўлиб, унинг улуғ амирларидан бири эди. Бу шахс бир пайтлар Ўзбекхоннинг Олтин Ўрда тахтига ўтиришида кўп саъйи ҳаракатлар ила куч чиқарган ҳам экан. Ҳозирда у шунингдек, Хуросоннинг валийси ҳамдир. Унинг ўғли Хорунбек султон Муҳаммад Ўзбекхоннинг қизига уйланган… Қози мен билан кўришгани келганда шундай деди: “Амир сени кўргани келмоқчи эди, бироқ тоби қочиб қолгани боис, ўзининг узурини айтиб юборди”. Кейин мен амирдан ҳол-аҳвол сўрагани ўшал қози ва унинг аъёнлари билан бирга унинг боргоҳига томон йўл олдим.

Биз қуббаси ўймакор нақшлар билан зийнатланган кичик уйга кирдик. Унинг деворларига ранго-ранг палаклар ёзилган, шипларига гўзал миллий ипак сўзаналар, шоҳи зардўзлар илиб қўйилган. Амир шоҳи кўрпачада оғриқ оёғини узун чўзиб ўтирарди, оёғининг боди қўзигани учун кўрпачага ўраб олган эди. Бу хасталик айниқса турклар орасида кенг тарқалган экан. Бориб амир билан кўришдим ва у мени мамнуният билан ўз ёнига ўтқазди. Шунингдек, қозилар ва фақиҳлар ҳам ўзларига тегишли жойларга ўтиришди. Амир фотиҳ султон Муҳаммад Ўзбекхон ҳақида сўраб-суриштирди. Боёлун хотун ва унинг отаси ҳамда Қустантания (Константинополь — ҳозирги Истанбул — Ҳ.З.) шаҳри ҳақида ҳам сўради. Мен унга билганимча ҳаммасини гапириб бердим. Кейин дастурхонларга таомлар тортила бошланди. Қовурилган товуқлар, турна ва кабутарлар, зира ва заъфар билан сурланган каклик гўштларининг димоғни қитиқловчи, ҳамда иштаҳани очиб юборувчи хушбўй ҳидлари анқиб турган димламалари, алоҳида махсус қизартириб пиширилган чўртан балиқлар, бўрсилдоқ нонлар, ҳолвалар, бўғирсоқлар, мойли кулчалар ва турли-туман қандолатлар ҳам келтирилди. Ундан сўнг баркашларда олтин ва кумуш тахсимчаларга солинган ҳўл мевалар ҳам узатилди. Давомида қовун-тарвузлар, пўстлоғи тозаланган ширин анорлар олдинма-кетин дастурхонларга тортилди. Уларнинг ёнида олтин ва ёғоч қошиқлар ҳам бор эди. Бир қанча ироқи чинни идишлардаги узум ва ажойиб тарвуз шарбатлари кишининг иштаҳасини яна-да, очиб юборарди…”

Шубҳасиз, Ибн Баттута келтирган бу жумлалар XIY асрнинг Ўзбекхон замонасида, ислом дини Олтин Ўрда жамияти юқори табақасининг ҳукмрон идеологияси бўлиб қолгандан кейин ҳам суд ишларининг бир қисми ҳамон ёрғучилар қўлида, яъни мўғулларнинг одатдаги ўзгармай келаётган қонуни бўлмиш Чингизхон ясоғи (низоми) асосида ҳукм қилувчи ҳакамлар қўлида бўлганлигини яққол кўрсатади.

Шунингдек, сайёҳ Хоразм амири Қутлуғ Темурни одил, фуқаропарвар, унинг назм ва насрларда мадҳ этилган, ақл-заковат, ҳусн-латофатда ягона, мамлакат ва халқ фаровонлиги йўлидаги улуғ мақсадларга қаратилган эзгуликларга тўла сифатлари билан ўша даврларда ҳали ҳаёт чоғидаёқ эл орасида ривоятли нақлларга сабаб ҳам бўлган тақводор, товфиқли машҳур завжаси, замонасининг Билқиси, даврон Зубайдасига айланган Тўрабекхонимга асарида алоҳида боб ажратиб, буларнинг саъй-ҳаракатлари билан Урганч ва Хоразмнинг бошқа талай жойларида олиб борилган юксак, оламшумул бунёдкорликлар, ободонлаштириш ишларининг адоғи кўринмаслигини, ўша даврларда то мўғуллар истилоси (1221 йил)га қадар Хоразмда аҳоли қандай зич яшаган бўлсалар амир Қутлуғ Темур даврида ҳам худди шундай зич яшаганлигини, ҳатто тонгдан то шомгача ҳам бозорлар, кўчаларда тирбанд ҳаракат қилганлиги туфайли шаҳар гўё чайқалиб турган денгизга ўхшашлигини ҳам алоҳида мароқ билан тўлқинланиб ҳикоя қиладики, бу тафсилотлар бизнинг кўз олдимизда маданияти ҳар томонлама тараққий этиб, камол топган, савдо ишлари ривожланган қудратли давлатни бевосита рўйи рост гавдалантиради.

Ибн Баттута Хоразмда қисқа вақт тургандан кейин ўша даврлардаги Ғарбий Чиғатой улуси бўлмиш Мовароуннаҳр томон сафарини давом эттиради. Умуман, у қаерда бўлмасин, ҳамиша ҳамма ерларда ҳам бирдай катта ҳурмат, иззат-икром билан кутиб олинганлигини мамнуният билан баён қилади. У дастлаб азалдан оламга машҳур шаҳарлардан бири бўлиб келган Бухорога бораётиб, унинг туманларидан бири Вобкентда тўхтаганлигини ёзиб шундай таърифлайди:

“Бу туман Бухоро шаҳрига бир кунлик манзилда жойлашган, ҳовузлари, дилкушо боғ-роғларига эга файз-тароватли, ўзига хос гўзал шаҳарчадир. Бу ернинг аҳолиси асосан узум етиштириб, уни йил давомида сақлайдилар. Уларда яна айниқса, бир нав мева бўлиб, уни ал-аллу (олхўри) деб атайдилар. Унинг етилиб пишган меваларини сувга чайиб ичадилар. Улар янги пишган вақтда ширин — қуритилганда эса нордонроқ бўлар экан. Қуритилган бу мевани одамлар Ҳиндистон ва Хитойга элтадилар. Бу мева кўп юмшоқки, бундайини мен Андалузияда (Испания) ҳам, Сурияда ҳам кўрмаганман”.

Шундан кейин у, сафарини давом эттириб, кун бўйи буткул боғлар, ҳовузлар, дарахтзорлару кўм-кўк экинзорлар оралаб Бухорога етиб борган. Шаҳарни зиёрат қилар экан, сайёҳ бу ўлкада унча кўп бўлмаган ва омон қолган баъзи бир айрим иншоотлардан бошқа мўғуллар босқинчилиги даврида вайрон этилган ҳамда кўпгина аҳоли зич яшайдиган турар жойлар, муассасалар, масжид, мадраса ва усти ёпиқ комполли бозорлар ҳанузгача хароба ҳолида ётганлигини қаттиқ ачиниш билан гапиради. Ундан сўнг Бухородан унча узоқ бўлмаган Фатҳобод деган мавзега ташриф буюради.

Ибн Баттута Бухорога қилган ташрифини тугатиб, Муҳаммад Тормаширин ҳукмронлигидаги янги мўғулистон — ғарбий Чиғатой улусининг маркази бўлмиш Қарши (аввалги номи Насаф бўлган — Ҳ.З.) томон йўналган. У Қаршига етиб боргач, Ўрдадан унча олис бўлмаган жойда ўз чодирини тиктирган. У ерда ҳам сайёҳ шундай юксак ҳурматда кутиб олинган. У кўп ўтмай Тормашириннинг қабулида бўлган. Мўғул ҳукмдори билан қилган диққатга сазовор ҳамда қизиқарли мулоқотлари ва бу ҳукмдорнинг эшитишига кўра, яна аввалги тахтдошларининг сифатлари, ҳамма-ҳаммаси ҳақида муҳим тарихий маълумотларни ҳам келтиради…

Сайёҳ Қашқадарёдан кейин яна бир донгдор ўлка — Самарқандга борган. Бу маълум ва машҳур азим шаҳарда сайёҳ илгари эшитганларидан ҳам кўпроқ нарсаларни билди, кўп нарсаларни эса ўз кўзи билан кўрди. Бу қадимий ўлка ҳақида нафақат араб жуғрофий олимлари ўзларининг оташин шеърий мисраю, насрларини қоғозга туширганлар, балки, бутун дунё мусулмонлар олами ана шу талай асрлар билан бўйлашадиган, тарихий шахс Афросиёб (Алп Эр Тунга) ватани шаҳри Самарқанд ҳақида: “Мағрибдан Машриққача бўлган бутун сарзаминни кезсанг-да, ундан гўзалроқ ўлкани тополмайсизлар”, — деб ёзганларини қайд этади.

Сайёҳ Самарқанднинг барча ерларини бориб кўрган, шу жумладан, Ҳартанг мавзеига ҳам бориб, у ерда буюк муҳаддис, ислом оламининг ёрқин юлдузи бўлмиш Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмойил ал-Бухорий (810-870) қабрини зиёрат этган экан.

Ибн Баттута Ўрта Осиёга қилган саёҳатини шу ўлкада якунлаб, Афғонистон ва Ҳиндикуш орқали 1335 йил 12 сентябрда кўпдан буён орзу қилган яна бир афсонавий мамлакат — Ҳиндистонга борган ва у ерда турли сабабларга кўра, қарийб саккиз йилга яқин туриб қолган. Сўнгра яна бир орзу этган ва эндиликда дунё бўйлаб қилган сўнгги сафари Хитойга боришга ҳам мушарраф бўлган. У бутун Хитой бўйлаб сафарини давом эттирар экан, бу заминда кўрган, билган, эшитган ҳар бир диққатга сазовор масалаларни синчиклаб ўрганган ҳолда кундалигига қайд этиб борган. Масалан, унинг Хитойда илғаганларидан бири узунлиги бир қаричга яқин бўлган, эни кафтдек пуллар муомилада бўлганлиги, бу қоғоз пуллар гарчи ўз давлатларида олтин қимматига тенглаштирилган ва қадрли ҳисобланса-да, у фақат Хитойнинг ўзидагина ишлатилган холос. Хорижда бу пуллар мутлақо тан олинмаганини ҳам ёзади. Шунга қарамай хорижга чиққан хитойлик тижоратчи савдогарлар мол айрибош қилишар, ўз молларини ўша ерликларнинг олтин танга — динорлари, дирҳамларига ҳам сотишар, бу тангаларга яна ўз юртларида зарур ҳисобланган молларни сотиб олиш билан тижорат этишларини ва бошқалар ҳақида Ибн Баттутадан бир асрдан зиёдроқ олдин ўтган ва Хитойда бўлган венециялик сайёҳ Марко Поло маълумотларига қараганда бирмунча тўлиқ билиш имкониятига эга бўламиз.

Ибн Баттута Хитой бўйлаб саёҳатини давом эттирар экан, у ерларда анчагина гўзал нарсалар бўлишига қарамай, бу мамлакат унга ёқмаганлигини ҳам қайд этади. “Мен у ерда ўзимда то бунгача ҳеч қачон пайдо бўлмаган кучли умидсизликдан ғамнок эдим. У ерда бирорта диндошларимдан учратсам худди ўз оила аъзоларимдан бирини ёки қариндошимни учратгандай қувониб кетардим”, — деб бунгача туймаган мусофирчиликни энди қалбан ҳис этганини алоҳида ёзади Ибн Баттута.

Сайёҳ, албатта, Хитойда мусулмонларни ҳам учратганини ёзади. Бироқ бу мусулмонларнинг тили хитойча бўлиб, у бу тилларни билмасди. Бу ҳол ҳам унинг умидини пучга чиқарган.

Тарихий манбаларга қараганда, Ибн Баттута қаламга олган мазкур мусулмонлар VII асрнинг биринчи чоракларида Муҳаммад пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳали ҳаёт вақтларида 628 йили ўзининг яқин сафдоши ва амакиси Воҳоб ибн Абу Қабшоҳ бошчилигида беш ярим минг кишидан иборат яхши уюштирилган сафар гуруҳини Хитойга йўналтирган. Бошқа баъзи ривоятларга қарайдиган бўлсак, пайғамбарнинг амакиси ўша даврдаги Хитой пойтахти Чанъанга етиб борган. Лекин, Хитой императорлиги мусулмонларнинг Хитойга шахсан ташриф буюришларининг сабабини сўраб-суриштирмай, уларни душман ҳисоблаб куч ишлатишга қарор қилганлар. Аммо, Оллоҳнинг марҳамат қилиб: “Мен мўминларга нусрат ато этдим” деган ояти каримасига биноан икки ўртада бўлиб ўтган қисқа ва шиддатли жангда мусулмонларга нисбатан ўн баробар кўп бўлган Хитой қўшинларининг сараланган отлиқ ва пиёда авангарди тамомила тор-мор келтирилгач, Хитой императорлиги томонидан олиб борилган музокарадаги келишувга кўра, хитойликлар мусулмонларнинг талабларига ён босишга мажбур бўлганлар ва Гуанчжоу деган шаҳарда масжид, ислом мактаби, мадраса, карвонсарой ҳамда яна бир қанча муассаса иншоотларининг қурилишига розилик берилган экан. Шундай қилиб биринчи масжид ва ислом дини ақидаларига мос ва хос бўлган қатор иншоотлар ўша даврлардаёқ вужудга келган эмиш. У ерда ислом динини қабул қилган бир қисм хитойликлар ўзларини “Тунган” ёки “Дунғонлар” деб аташган. Бу сўз хитойчада “Оллоҳнинг мўминлари” деган маънони англатар эмиш.

Умуман, Ибн Баттута дунёнинг энг чекка сарҳади бўлмиш Хитойда ҳам бўлгач, бориб кўрадиган бошқа шаҳарлари жуда оз қолган эди. Унинг ўз она ватани Танжирга қайтиш иштиёқи кўпроқ туғён ура бошлаган эди…

У пойқадами етган ҳар бир ўлкаларнинг, биз саҳифамиз давомида қисман кўриб ўтганимиздай ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаёти, тарихи, жуғрофий шароити, маданияти, халқларнинг урф-одатлари, барчасига диққатини жалб этади. Кўрган-кечирганларидан ташқари, зарур деб топган-эшитганлари, афсона, ривоятларини ҳам табиий назар-эътиборидан қочирмаган ҳолда оқизмай-томизмай ўз кундалигида қайд этиб борганлигини мисолларда қисқача кўриб ўтдик.

Ибн Баттута ўзининг узлуксиз ва давомли саёҳатларида шахсан ўзининг ёзганларига кўра, Оллоҳнинг ўзи мулк эгаси бўлиб, уни истаган кишисига берганидек, беҳисоб бойликларга эга бўлган. Унинг биринчи босқичдаги бу бойлигини Хитойга сафари даврида қароқчиларга бор-будини олдириб, якка ўзи яширинишга ва шу билан муқаррар ўлимдан унга кўмакка етиб келган яхши одамлар томонидан омон қолишга муяссар бўлган. Иккинчи марта ҳам шундай бойликка эга бўлган, уларни ҳам юқоридагидай ҳолда олдириб қўйган. Учинчи бор бойликка эга бўлгандагина эсон-омон ўз ватанига қайтиб келган. У ўзининг қадрдон юртига кириб келганда фалакнинг кажрафторлигини қарангки, падари бузрукворининг рихлат этганига бир ой, волидаи муҳтарамасининг ўғли билан кўришолмай армон билан оламдан кўз юмганига ўн беш кун бўлган экан. Сайёҳ бу шум хабарларни, ҳар қанча оғир бўлмасин, мардона туриб қарши олишга мажбур бўлган.

Саёҳатга отланганда Ибн Баттута ўн тўққиз-йигирма ёшлардаги навқирон йигит бўлган бўлса, 1354 йил ўрталарида эллик ёшларга бориб қолган салобатли, салоҳиятли, ғоятда билимдон, маълум-машҳур бир ҳақиқий олим сифатида юртига — қариндошлари бағрига қайтиб келган ва қолган умрини ўз ватанида илмий-ижодий ишларга бахшида этиб яшаган. Унинг буюк сайёҳ ва олим эканлиги нафақат бизнинг давримиздагина эмас, балки сайёҳнинг ҳали ўзи ҳаётлик чоғларида ва ундан кейинги қатор даврларда ҳам эътироф этилиб келинганлиги манбаларда қайд этилади. У 1377 йили 73 ёшида оламдан кўз юмган.

Мана неча асрлар ўтса-да, ҳануз унинг дунё миқёсидаги “Саёҳати Ибн Баттута” номли нодир асари ўзининг ҳеч бир қийматини заррача йўқотмаган ҳолда доимо инсонларни, илм-фан аҳлларини баҳраманд этиб келмоқда.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 8-сон