Буробия Ражабова. “Равзат ус­салотин”да Амир Темур ва темурийлар зикри

Маълумки, тарихий манбаларда Соҳибқирон Амир Темур ва темурийларнинг бадиий адабиётга, сўз санъати ҳамда бошқа санъат турларига қаратган эътиборлари, яратган мактаблари, ташкил қилган кутубхоналари, улар ҳомийлигида ёзилган асарлар ёки уларга атаб битилган китоблар ва уларнинг қалам аҳли учун ажратган маблағлари ҳамда шеър айтишга бўлган иқтидорлари, сеҳрли фикрлари алоҳида ҳурмат  билан битилган ва темурийлар Ренессанси деб эътироф қилинган. Уларнинг дунё тамаддуни тараққиётидаги бу каби олмос қирраларини ёритиб, кўрсатиб берувчи тарихий маълумот, шарҳ ва лавхаларни тазкира китобларида битиб қолдириш усули эса мумтоз адабиётимиз тарихида ўзгача усул бўлиб, бу усулни биринчилардан бўлиб Алишер Навоий бошлаб берган. Улуғ шоирнинг бу янгича усули унинг  “Мажолис ун-нафоис”  тазкирасида яққол кўринади.  У тазкирасининг мажмуа  характеридаги еттинчи мажлисини Амир Темур ҳамда йигирма бир нафар темурийларга, саккизинчи мажлисини эса мусоҳиби, дўсти Султон Ҳусайн Бойқаронинг бой адабий, илмий меросига бағишлаган. Еттинчи мажлисда у темурийларнинг ҳар бирини алоҳида фиқраларда тилга олар экан,  ижодларидан намуналар келтиргани, уларнинг бадиий маҳоратлари хусусида ўзининг адабий-танқидий фикрлари, тавсияларини ҳам билдиргани, намуна қилиб кўрсатиб ўтгани ёки баъзи бирларининг ижодига катта умид боғлагани билан боғлиқ тарихий, адабий ҳодисалар адабиётшунослик фанида маълум ва машҳурдир.

Темурийлар сулоласининг сўз санъати, шеърият билан ошнолигини кўрсатувчи яна бир ишончли манбалардан бири, бу  – Фахри Ҳиравийнинг 1551–1555 йилларда форс тилида ёзган “Равзат ус-салотин” (“Султонлар боғи”) номли тазкирасидир. У ушбу нодир асарини Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкираси таъсирида битган. Ўзбекистонда ушбу тазкиранинг форс тилидан ўзбек тилига илк марта тўлиқ таржимаси истеъдодли олим Жалолиддин Жўраев томонидан  амалга оширилган ва нашр қилинган (Тошкент: “Мумтоз сўз”, 2014). Фахрий Ҳиравийнинг ушбу нодир китоби фақат султонлар, подшоҳ хонадонининг ижодкор вакиллари ҳамда амир шоирлар ҳақидадир. Асарнинг бу хусусияти эса китобнинг номида ҳам сезилади. Тазкира жами етти мажлисдан иборат бўлиб, муаллиф унда юзга яқин султон ва амир шоирларни тилга олган. У устози Алишер Навоийни амир шоирлар зикрида тилга олиш билан бирга, яна унинг бир анъанасини давом эттириб, “Равзат ус-салотин” тазкирасининг  учинчи бобини Соҳибқирон Амир Темур ва темурий султонларга бағишлаган. Ўрганишимизга кўра, Фахрий Ҳиравий китобнинг учинчи бобига темурийлар сулоласининг 36 нафар вакилини киритган. У бу ижодий ишни бажаришда, бир томондан, манба сифатида Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкираси ва Бобурнинг  “Бобурнома” мемуаридан унумли фойдаланган. Масалан, тазкирада берилган Мирзо Улуғбек зикри Алишер Навоий тазкирасидан олинган, бу ҳақда Фахрий Ҳиравийнинг ўзи одоб билан “… Алишер Навоий “Тазкират уш-шуаро”(“Мажолис ун-нафоис” назарда тутилган  – Б.Р.) да унинг аҳволини мана бундай баён қилган” деб таъкидлаб ҳам ўтган. Иккинчи тарафдан эса унинг ўзи ҳам учинчи бобга шонли сулоланинг янги вакиллари номини зикр қилган, фикрлари исботи учун уларнинг ижодлари билан боғлиқ қизиқарли ҳаётий лавҳаларни ва ибратомуз ҳикоятларни тамсил қилиб келтирган. Демак, Фахрий Ҳиравий ушбу китобининг учинчи бобини “Шеърга майл кўрсатган ва шеър айтган Самарқонду Хуросоннинг Амир Темур Кўрагон авлодидан бўлган султонлари зикрида”[1] деб номлаган. Аммо шу ўринда боб номида тилга олинган Самарқанд сўзига озгина изоҳ бериб ўтишни лозим деб билдик, чунки боб номида муаллиф ишлатган Самарқанд топоними бутуннинг маъносини қисмда (бу ўринда маъно кўчишнинг снекдоха усули қўлланган – Б.Р.) ифодалаган ва фақат пойтахт шаҳар номинигина эмас, балки темурийлар давлатининг Мовароуннаҳр қисмини ҳам билдириб келган. Хуллас, учинчи бобда темурийлар давлати бошқарувида бўлган Мовароуннаҳр ва Хуросон давлатида ҳукумат сурган ёхуд вилоятлар бошқарган 36 нафар темурий султонни алоҳида фиқраларда ёдга олган ҳамда у бу фиқралари билан келажак авлод учун ниҳоятда бой тарихий, адабий меросни ёзиб қолдирган.

Учинчи бобнинг тузилиши ўзига хос  – бобда Соҳибқирон Амир Темур алоҳида фиқрада зикр қилинмаган, аммо ворислари зикрида Амир Темур Кўрагон, Соҳибқирон Амир Темур номлари билан ёдга олинган ва Онҳазрат шаклида хитоблар ҳам қўлланган, масалан, унинг вафотидан кейин Самарқанд тахтида ўтириб, Мовароуннаҳрни беш йил бошқарган темурийзода Халил Султон номи билан бошланган дастлабки фиқрада адолат ва қудрат тимсолининг қаламга қалам билан жавоб бериш ҳодисаси тасвирланган: “Султон Аҳмад Бағдодда мағрурлик мартабаси ва сипоҳлик кийимин  устига ташлаган вақтда Амир Темурга бир қитъа йўллайди… ва Онҳазрат қитъани эшитиб, ниҳоятда ғазабланади, афсусланиб дейди: “Агар менда назм қобилияти бўлганда, унга жавоб ёзган бўлардим”. Ва буюрди: “Менинг фарзандларимдан қай бири бунга жавоб йўллай олади”[2]. Невараси Халил Султон бу буйруққа кўра, бобосининг юрагидаги бор ғубор, оғриқ ва афсусни кўтарадиган жавоб қитъани ёзиб беради. Шеър Соҳибқиронга маъқул келади. Ушбу лавҳа Амир Темур тарихчиси Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”да битиб қолдирган “Подшоҳлар сўзи –  сўзлар подшоҳидир”[3] деган машҳур иборани ёдимизга солади. Бобда бошқа темурийлар тартиб билан тилга олинар экан, яна у шоҳ ва шоир Бобур ва унинг соҳибдевон шоир фарзандларини ҳам махсус фиқраларда эсга олган. Хуллас, мазкур боб Бобур Мирзонинг холаваччаси машҳур “Тарихий Рашидий” асарининг муаллифи Мирзо Хайдар зикри билан якунланган. Умуман, Фахрий Ҳиравийнинг ушбу бобда шоҳ ва шоир Бобурни ва унинг шоир, соҳибдевон фарзандларини ҳам фиқраларда тасвирлашини ҳам таҳсинга лойиқ  ижодий иш, деб баҳолаш ҳамда келажакда бу борада алоҳида тадқиқотни амалга ошириш мумкин.

Энди ушбу боб ҳақидаги таҳлил ва талқинларимизни темурийларнинг айрим вакиллари, хусусан, Абулқосим Бобур, Муҳаммад Мўмин Мирзо ижодлари мисолида давом эттирсак. Кузатишларимизга кўра, Фахрий Ҳиравий учинчи бобнинг Абулқосим Бобур ҳақидаги фиқрасини гўё зўр иштиёқ ва мароқ билан ёзгандек. Муаллиф уни отаси Бойсунғур Мирзо зикридан кейин тилга олар экан, фиқрага унинг битта тасаввуфий руҳдаги рубоийси, “аст” радифига қурилган беш байтли ғазали ва “нист” радифи асосидаги ғазалининг учта байтини киритган. Аммо биз бу талқинда диққатимизни унинг фиқрада берилган шеърларига эмас, балки унинг кучли фаросати ва закийлигини кўрсатувчи завқу мушоҳадага йўғрилган бир ибратли ҳикоятини келтиришни мақсад қилдик. Чунончи: “Айтишларича, бир куни унинг олдида шундай дейишибди: “Ҳотам “Ҳотамнома” биносини қурган бўлиб, унинг қирқта эшиги бор экан. Ва агар тиланчи ҳамма эшикдан тиланса ҳам, Ҳотам унга эҳсон билан мулойимлик кўрсатар экан”. Абулқосим Бобур деган эканлар: “Агар биринчи эшикда тиланчига керагича берганда эди, кейинги эшикка эҳтиёж бўлмас эди”[4]. Умуман, мумтоз адабиётимизда Ҳотам[5] ҳақида тасвирлар, ишоралар кўп, бироқ Абулқосим Бобурнинг Ҳотам фаолиятига билдирган муносабатида сеҳрли тафаккурининг кенглиги, натижаси ўз инъикосини топган. Манбаларда ҳам Абулқосим Бобур сахий ҳукмдор, ҳиммат ва муруввати билан афсонавий Ҳотами Тойи ва Бармаклардан устун бўлганлиги хусусида гаплар кўп, лекин унинг бу фазилатининг баланд баҳосини Алишер Навоий  “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида битиб қолдирган: “Бобур Мирзо – дарвешваш ва фонийсифат ва карим ул-ахлоқ киши эрди. Ҳиммати олида олтуннинг дағи кумушнинг тош ва туфроғча ҳисоби йўқ эрди”.[6]

Алишер Навоий тазкирасига нима сабабдандир киритилмаган, бироқ Фахрий Ҳиравий тазкирасида зикр қилинган Муҳаммад Мўмин Мирзо ҳақидаги фиқрага диққат қилсак. Муаллиф у тўғрисида ёзган тарихий маълумотларида, биринчидан, унинг бевақт ўлими ва ўлими сабабли Султон Ҳусайн Бойқаронинг давлат бошқарувида, хонадонида юзага келган зиддиятли вазият, ўзаро душманчилик кайфияти, иккинчидан, бу мухолифлик, нохушликлар тўғрисида шоир Мавлоно Гулханий битган машҳур қитъа матни, учинчидан эса унинг ўзи томонидан тақдир қўлламагани туфайли учраган ўта оғриқли мағлубиятига бағишлаб юрак қўри билан ёзган матласи, бетакрор қитъаси ва Абдураҳмон Жомий ғазалига боғлаган гўзал мухаммасининг тўлиқ матни баён қилинган. Чунончи: “Муҳаммад Мўмин Мирзо – Бадиуззамон Мирзонинг ўғли эди. Ва Султон Ҳусайн Мирзо авлодларининг отаси билан бу барча мухолифликлари унинг ноҳақ хуни воситаси сабабли бўлди… Ва Муҳаммад Мўмин Мирзо ҳусну жамолда Юусуфи Соний эди. Ва латиф табьи бор эди ва назми бағоят яхши эди…”[7] Демак, муаллиф битган лавҳадан биз учун зарури, унинг ижоди борасидаги “латиф таъби бор эди ва назми бағоят яхши эди,” деб кўрсатган муҳим   баҳосидир. Фахрий Ҳиравийнинг бу юксак баҳоси ҳурмати учун унинг табибга мурожаат шаклида ёзган бир қитаъсини эсга олсак: “Ва унинг мана бу қитъиси машҳурдир. Матлаъ:

Зтоб бисўхт, табибо, тани балокаши ман,
Бирав, бирав, ки насўзи ту ҳам бар оташи ман”[8],  –

яъни:

Эй табиб, менинг балокаш таним истимадан куйди,
Кет,кетгинки, менинг оташимда сен ҳам куймагин.

Маълумки, Шарқ адабиётида табибга мурожаат қилиб битилган шеърлар, байтлар кўп учрайди, лекин уларда лирик қаҳрамоннинг ўз аҳволидан табибга нолиши, ёрдам сўраши ёки тушкунлик каби мотивлар етакчи бўлса, Муҳаммад Мўмин Мирзонинг бу қитъасида бутунлай ўзгача тасвир ва кўтаринки кайфиятни  кўрамиз. У ўз шеърида инсонларни саботли бўлишига даъват қилар экан, саботли одам Оллоҳдан бошқа ҳамма сабабларни ўзидан узиб, ўзини излаб ва ўзи тушган ҳолатидан, маломатидан ўзи чиқиши керак, деган кучли ўзлик рамзини, ғоясини бадиий талқин қилган ва олдига қўйган мақсадини содда қилиб очиб берган.

Хулоса шуки, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийларнинг сўз санъати ва бошқа санъат турлари ривожига қўшган ҳиссалари, фаолиятлари дунё тамаддунида юксак даражада эътироф қилинади. Бу юксак эътирофларнинг исботи сифатида Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” ва Фахрий Ҳиравийнинг “Равзат уc-салотин” каби тазкираларида битилган мажлисларни билишимиз ва ўқиб-ўрганишда давом қилишимиз керак.

_______________________

[1] Ф а х р и й Ҳ и р а в и й. Равзат уc-салотин. (Форс тилидан Ж. Жўраев таржимаси). –  Тошкент: Мумтоз сўз, 2014, 42-бет.

[2] Ўша тазкира, 43-бет.

[3] Н и з о м и д д и н  Ш о м и й. Зафарнома.(Форс тилидан Ю. Ҳакимжонов таржимаси.) -Тошкент: Ўзбекистон, 1996. 369-бет.

[4] Ўша тазкира, 47–48-бетлар.

[5] Ҳотами Тойи – сахийлик тимсоли, арабларнинг Тойи қабиласидан ва шу қабила ҳукмдори бўлган, сахийлиги билан машҳур, халқ оғзаки ижодида “Ҳотамнома” номли китоб ҳам яратилган У  профессор Акбар Матғозиев томонидан 1988 йилда нашр қилинган.  –  Б.Р.

[6] А л и ш е р  Н а в о и й. Мажолис ун-нафоис  \\ Мукаммал асарлар тўплами. – Тошкент: Фан, 1997, 166-бет.

[7] Ўша тазкира, 65–67-бетлар.

[8] Ўша тазкира, 66-бет.